Umid Bekmuhammad. Fitratning qamoqdagi xotini.

90
     Орадан йиллар ўтди. Сталиннинг ўлимидан сўнг, яъни 1956 йилда Ҳикматой опа эрининг тақдирига ойдинлик киритиш ниятида олий судга мурожаат қилди. Олий суд ҳарбий коллегияси, раиснинг ўринбосари, адлия полковниги В. Борисоглебский Фитрат хусусида икки нусхада маълумот тайёрлаб, бирини Ўзбекистон ИИВ бошқармасига, иккинчисини 1 махссус бўлим бошлиғига юборди. Бироқ эрининг тақдирини билмоқчи бўлган Ҳикматойга маълумот юборилмади.

90

Умид Бекмуҳаммад
ФИТРАТНИНГ ҚАМОҚДАГИ ХОТИНИ

    “Уйланиш ва уйланмаслик хусусида”, “ Нечта хотинга уйланиш мумкин?…”, “Уйланмоқ зарур бўлганда қандай хотинни танлаш лозим?..”, “ Бўлажак эр-хотин биринчи навбатда нималарга аҳамият берсин?…”. Ушбу иқтибослар Фитратнинг 1915 йилда чоп этилган “ Оила “ номли китобидан олинди…
Жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири бўлган Абдурауф Фитрат ўз асарида оиланинг жамиятда тутган ўрни масаласига тўхталиб, юқоридаги ва шу каби бошқа саволларга жавоб берган, мавзуни кенг изоҳлаб ўтган эди.
Савол туғилади: хўш, Фитратнинг ўзи кимга уйланган?
1937 йил 22 июлда тўлдирилган “ маҳбуслик анкетаси” да Фитратнинг 1886 йилда Бухорода туғилгани, қамоққа олингунча Тошкент шаҳри, Гулистон кўчаси 116 уйда яшагани қайд этилган. Оила таркибида 25 ёшли хотини Ҳикматой Фитратова, 70 ёшли онаси, етти ёшли қизи Севара Фитратовалар борлиги ёзилган.
Абдурауф Фитрат чор истибдоди асосида ушлаб турилган, ҳар томонлама қолоқ Бухоро амирлигида, ғоят нуфузли савдогар Абдураҳимбой оиласида таваллуд топган эди. Савдо-сотиқ ишлари билан Қашқар, Эрон, Туркияга қатнайдиган бойнинг Абдурауфдан бошқа яна Абдураҳмон ва Маҳбуба исмли фарзандлари ҳам бўлган. Улар орасида тўнғич ўғли Абдурауф ўзига Фитрат тахаллусини танлаб, ўзбек илм-фани, адабиётидаги етук сиймолардан бирига айланди. Шунингдек, кенжа фарзанд Маҳбубанинг ҳам ижодкор бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган.
Миллат истиқболини ўйлаган, халқини зулматдан олиб чиқишга бел боғлаган Фитрат 1909-1913 йилларда Истанбул университетида таҳсил олди. У Бухоро жадидларининг тараққийпарвар сардорларидан, Бухоро халқ республикасининг нозири, ўзбеклардан чиққан илк профессори эди. Фитрат 1937 йили халқ душмани сифатида қамоққа олинади. Бир умр эл-юртини ўйлаган зот шўро сиёсатининг найранглари туфайли душманга айланди.
Фитрат 1937 йил 24 апрел куни ҳибсга олинган. Орадан беш ой ўтиб, 22 сентябр куни Ҳикматой Фитратовани ҳам ҳибсга олишди. Ваҳоланки, улар 1936 йилнинг 29 сентябрида расман ажрашган эдилар. Бироқ шўро ҳукумати учун қачонлардир “ халқ душмани”нинг хотини бўлган аёлни ҳам қамоққа олиш зарур эди. Чунки, у ўз эри ҳақида, таниш-билишлари тўғрисида кўп маълумотларни билиши мумкин эди.
Ҳикматойнинг қизлик фамилияси Қандова бўлиб, 1912 йили Бухорода савдогар оиласида туғилган.Биринчи эри Нуруллохўжа ҳам бадавлат тужжорлардан эди. Ҳикматой 1932 йили Абдурауф Фитрат билан турмуш қурган ва Тошкентдаги Чакар мавзесида 1936 йилгача бирга яшаган.Ўша йили 29 сентябрда эса бизга номаълум бўлган сабабларга кўра ажрашишган. Бу ҳақдаги ФҲДЁ қайди Фитратнинг паспортига ҳам ёзилган эди. Хуллас, Фитрат билан уч йил бирга яшагани учун Ҳикматой қамоқхонада азоб-уқубат тортишга, терговчиларнинг саволига жавоб беришга мажбур бўлди.
Ҳикматой ҳибсга олинганида, унга тегишли олтмиш саккизта уй буюми, 187 номдан иборат жиҳоз ва буюм, тилла зирак, узуклар ҳам мусодара қилинди. Гарчи Фитрат ва Ҳикматой 1936 йилда ажрашишган ва бу ҳақдаги ФҲДЁ нинг расмий қайди адиб паспортида кўрсатилган бўлса-да, улар Фитрат қамалган вақт, яъни 1937 йил апрелигача бирга, бир уйда яшаб келишган.Хўш, нега?
Ҳикматой Фитратнинг 1937 йил 15 октябрда терговчи саволларига берган жавобига кўра, профессор Фитратнинг энг яқин дўсти Файзулла Хўжаев, Мўминжон Аминовлар , улар ажрашишмоқчи бўлганларида орага тушишган.Иккала дўст акасининг уйида яшаётган Ҳикматойни Фитрат билан яраштиришган ва улар яна бирга яшай бошлашган.
Ҳикматой қамоқда ўтириб, терговчининг саволларига жавоб бераркан, Фитратнинг аксилинқилобий фаолияти тўғрисида бирорта ҳам фактни айтмаган. Тўғриси, у уйларига келадиган Чўлпон, Файзулла Хўжаевлар, Олим Юнусов, Мўминжон Аминовларни шунчаки дўстлар зиёрати, деб тушунганини билдирди.
Хуллас, 1937 йил 22 сентябрда ҳибсга олинганидан 1938 йилнинг 30 декабригача у қамоқ азобини тортди. 1939 йил киришига бир кун қолганида Ҳикматой Тошкентдан четга чиқмаслик шарти билан қамоқдан озод этилди. Бу пайтда қайнонаси, яъни Фитратнинг онаси Ўзбекистондан ташқаридаги ижтимоий таъминот тизими уйларидан бирига бадарға қилинган эди. Қизлари Севара эса болалар уйига жўнатилганди.
Ҳикматой қайтиб келгач, Севарани олиб, Гулистон кўчасидаги уйига борди. Аммо хонадон аллақчон кимгадир сотиб юборилган экан.Шу боис улар уй-жойсиз дарбадар ҳаёт кечира бошлашди. Фитрат эса 1938 йилнинг октябрида отиб ташланган эди. Хотини ва қизи унинг тақдиридан бехабар, ижарама-ижара зўрға кун кўра бошлашди…
Орадан йиллар ўтди. Сталиннинг ўлимидан сўнг, яъни 1956 йилда Ҳикматой опа эрининг тақдирига ойдинлик киритиш ниятида олий судга мурожаат қилди. Олий суд ҳарбий коллегияси, раиснинг ўринбосари, адлия полковниги В. Борисоглебский Фитрат хусусида икки нусхада маълумот тайёрлаб, бирини Ўзбекистон ИИВ бошқармасига, иккинчисини 1 махссус бўлим бошлиғига юборди. Бироқ эрининг тақдирини билмоқчи бўлган Ҳикматойга маълумот юборилмади. Бундан ўкинган, умр йўлдошини сўнгги бор 1937 йилда кўрган Ҳикматой яна тегишли идораларга мурожаат қилди. Ниҳоят, олий суд ҳарбий коллегияси 1957 йилнинг биринчи августида мажлис ўтказиб, Фитрат иши юзасидан бош прокурор хулосасини кўриб чиқди ҳамда 4 Н-07109157 рақамли ажрим чиқарди.Ажримда Фитратнинг “ ҳеч қандай жиноят қилмаганлиги аниқланиб” , унга нисбатан 1938 йил 5 октябрда чиқарилган ҳукм “ бекор қилинади” ва “ иш тўхтатилади” дейилган.
Ваҳоланки, аёл эрининг машъум тақдиридан 1957 йил 10 ноябрдагина хабардор бўлди.Бу пайтда Ҳикматой ая тошкент шаҳри, Собир Раҳимов кўчаси, 2-берк кўча, 6-уйда истиқомат қиларди.
Мозийнинг машъум қора кунларида Фитрат ва унинг хотини Ҳикматойнинг тақдири ана шундай кечган эди.

054   Муаллиф ҳақида

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 дан ортиқ китоби, «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

Мақолани кўчириб босишда муаллиф ҳақида маълумот бериш ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан олингани кўрсатилиши шарт.

(Tashriflar: umumiy 95, bugungi 1)

Izoh qoldiring