Umid Bekmuhammad. Islohotchi Islomxo’ja va uning sirli o’limi

08    Исломхўжа Хоразмда энг нуфузли бўлган Саид Отойи хўжалардан Саид Муҳаммадхўжа мутаваллининг набираси бўлиб, 1872 йилда туғилганди. Отаси Иброҳимхўжа Ферузхоннинг тоғаси бўлиб, Хонқа ҳокими бўлган, кейинчалик бош вазир лавозимини эгаллаганди. Мактаб ва мадраса таҳсилини олган Исломхўжа олдинига хон саройида закотчи сифатида ишлайди.1889 йилда эса 17 ёшли Исломхўжани Феруз Хивадан кейин иккинчи ўринда турувчи Ҳазораспдек муҳим стратегик, савдо шаҳрига ҳоким қилиб юборади. Орадан вақт ўтиб, тажрибага эга бўлган Исломхўжа 26 ёшида Ферузхоннинг бош вазири сифатида яна Хивада иш бошлайди.

03
Умид БЕКМУҲАММАД
ИСЛОҲАТЧИ ИСЛОМХЎЖА ВА УНИНГ СИРЛИ ЎЛИМИ
05

Қабристондан чавақланган кишининг жасади топилди.Унинг ҳашамдор кийимлари, орден, медал, тилла буюмлари Хива хонининг бош вазири Исломхўжа эканлигини кўрсатиб турарди.Ўша қотиллик рўй берган 1913 йил 9 август куниёқ Амударё бўлими бошлиғи Туркистон генерал губернаторига 791-сонли телеграмма юборди.Унда «вазири Акбар Исломхўжанинг фожиавий ўлими сарой ва халқ ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлди» дейилганди.Қотиллик юз бергандан то шу кунларгача Исломхўжани ўз куёви, Хива хони Исфандиёрхон ўлдиртирган, деган тахмин қаътий хулоса сифатида таъкидланиб келинмоқда.Аммо, кейинги даврда топилган манбалар бош вазирнинг ўлими излари Хива хони саройига эмас, бошқа бир ҳашаматли саройга бориб тақалишини кўрсатмоқда.

ИСЛОҲОТГА МУҲТОЖ ЎЛКА ВАЗИРИ

Исломхўжа Хоразмда энг нуфузли бўлган Саид Отойи хўжалардан Саид Муҳаммадхўжа мутаваллининг набираси бўлиб, 1872 йилда туғилганди. Отаси Иброҳимхўжа Ферузхоннинг тоғаси бўлиб, Хонқа ҳокими бўлган, кейинчалик бош вазир лавозимини эгаллаганди. Мактаб ва мадраса таҳсилини олган Исломхўжа олдинига хон саройида закотчи сифатида ишлайди.1889 йилда эса 17 ёшли Исломхўжани Феруз Хивадан кейин иккинчи ўринда турувчи Ҳазораспдек муҳим стратегик, савдо шаҳрига ҳоким қилиб юборади. Орадан вақт ўтиб, тажрибага эга бўлган Исломхўжа 26 ёшида Ферузхоннинг бош вазири сифатида яна Хивада иш бошлайди.

Феруз ўзи сингари тараққийпарвар ва маърифатпарвар Исломхўжани бош вазир қилиб янглишмаганди. Гарчи, у хоннинг яқин маслакдоши бўлсада, Чор Русияси мустамлакаси бўлган хонликда ўз ислоҳотларини Ферузхон вафотидан кейин амалга оширди. 1910 йилда Ферузхон вафот этгач, тахтга унинг ўғли Исфандиёрхон чиқди.Исфандиёрхон бош вазир Исломхўжанинг куёви эди.Аввало, шуни айтиш керакки, Исломхўжа бош вазир бўлгани учун ўз куёвини тахтга ўтқазмаган.Негаки, 1891 йил 4 сентябрьда Ферузнинг Россия императорига Исфандиёрни валиаҳд этиб тайинлаш ҳақида йўллаган илтимоси , айнан хоннинг бошқа ўғиллари қолиб, уни хон қилиб кўтаришга асос бўлганди.

Хуллас, Исломхўжа ўз куёви Исфандиёрхон билан мустамлака даврида ислоҳотлар ўтказишга киришди.У ёш хоннинг отаси сингари салтанатни одилона бошқаришига ишонарди, негаки, куёви отаси каби шоир, соатсоз ва қиличбоз уста, эл кезган савдогар, рус тузем мактабида яхши ўқиган зиёли эди.Жуғрофияни яхши билгани, кўплаб илмий семинарларда яхши қатнашгани учун Исфандиёрхон Руссия жуғрофия жамиятининг аъзоси этиб сайланганди.

Унинг айнан 1910 йил рамазон ойининг биринчи кунида чиқарган фармонида «бозорлар тартибга солинсин, кўприклар қурилсин, йўллар обод қилинсин, вақф ерлар қайта ҳисоблансин, фуқароларимизнинг бундан кейинги осойишта ва фаравон турмуш кечириши билан боғлиқ масалалар ўрганилиб, тез фурсатда ҳал қилинсин.Биз томонимиздан амалга оширилиши лозим бўлган бу ишларга ҳеч ким тўсқинлик қилмаслиги шарт.Ушбу ишларни амалга оширишни ҳурматлик Исломхўжа Иброҳимхўжа ўғлига тобширдик», дейилади. Исфандиёрхон фармони кучга кириб, солиқлар бирмунча камайтирилган, ободончилик ишлари олиб борилган.

Бош вазир шунингдек,хонга қуйидаги учта йўналишда ислоҳот ўтказишни тавсия қилади:
1.Хазинадаги даромаднинг бир қисмини мамлакатнинг умум фойдали ишларига—ер тузиш, йўл қурилиши, почта алоқаси, тиббий ва агрономия хизматига харжлаш;
2.Маҳбусларни ўрта аср услубида жазолашни бекор қилиш;
3.Хонликка қарашли ерларни турли тоифадаги одамларга тақсимлаш, тарқатиш, уларни ер солиғидан озод қилиш, ирригация ишларига эътиборни кучайтириш ҳамда натурал мажбуриятларни бекор қилиниши керак «( ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф 1, оп 17, д 231, 133-134 бетлар).

Ўша йилнинг ўзида Исломхўжа хонликда амалга ошириш зарур бўлган ислоҳот режасини ишлаб чиқади.Ислоҳот дастури 10 банддан иборат бўлиб, ўша вақт учун тараққийпарварлик мезонларига асосланганди.Исфандиёрхон дастурни кўздан кечириб, 10 бандни ҳам тасдиқлайди:
1. Хонликдаги барча мансабдор шахслар давлат томонидан маош билан таъминланадилар.Олдинги қоида бўйича, солиқлардан тушган даромаднинг бир қисмини маош тариқасида харажат қилиш бекор қилинсин.
2. Деҳқонлардан олинадиган ер солиғи, қазув пули, йилига бегор қазувда давлат ҳисобига 12 кун текин ишлаб бериш бекор қилинади.Солиқ тўловчиларнинг тоифаси қаътий белгилаб қўйилади.
3. Закот, бож ва хирож солиқлари қайта кўриб чиқилади, савдо сотиқ солиқлари мувофиқлаштирилади.
4. Сувдан фойдаланиш тартибга солинади.Сувдан фойдаланиш мироблар ёрдамида ҳукумат назорати остига олинади.
5. Бозор тўловлари тартибга солинади.
6. Йўл қурилиши ва ариқлардаги кўприкларни яхшилашга киришилади.
7. Барча шаҳар ва ноибликларда беморларни даволаш учун замонавий касалхоналар қурилади, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш яхшиланади.
8. Барча турдаги вақф ерлар қайта ҳисоб-китоб қилинади ва улардан тушган даромадлар маданият ва маорифни ривожлантиришга сарфланади.
9. Барча мактабларда ўқитиш дастурига, шунингдек, янги усул мактабларида рус тили, жуғрофия, тарих дарслик сифатида киритилади.
10. Хон хазинасида ҳисоб китоб қаттиқ назорат қилиниб, алоҳида кирим-чиқим дафтарлари юритилади.

Ушбу ислоҳотларнинг ўтказилиши хонликда қаттиқ тартиб-интизом ўрнатиш, давлат мулкини талон-тарож қилмаслик, солиқ тўловчиларнинг уни ўзлаштириши, олдинлари солиқ туфайли келиб чиқадиган исёнларнинг олдини олишга сабаб бўларди.Шу каби ислоҳотлар Хоразмга жадидлар орзу қилган тараққий этган давлатларнинг илму-фан техника ютуқларини олиб киришга хизмат қиларди.

Ислоҳот хон томонидан тасдиқлангач, ҳаётга жорий қилина бошланди.Олдинлари солиқ ундирувчиларининг халқдан йиғиб олган солиқнинг маълум бир фоизини ўзига олиб қолиши каби талон-тарожликка чек қўйилди.Солиқ тўлашнинг қаттиқ назорат остига олиниши , туркман ва қоракалпоқларнинг доимий равишда бўлиб турадиган исёнларининг олдини олди.Давлат ер эгалиги, мулк ер эгалиги, вақф ер эгалигиниг аниқ хисоб-китобини қилишга киришилди. Россиядан қурувчи- муҳандислар олиб келиниб, бу ишга жалб қилинди.Улар билан биргаликда хонликдаги каналларга темир кўприк ўрнатиш лойиҳаси тузилди, мавжуд барча майдонларни ўлчаб чиқишга киришилди.Хива шаҳрининг янги лойиҳаси тузилиб, унга кўра шаҳар энига уч баробар кенгайиши керак эди.1910-1913 йиллар оралиғида Хиванинг ўзида ислоҳот дастурига кўра почта-телеграф биноси, Нуриллабойда қишки сарой, замонавий касалхона, жадид мактаби барпо этилади.

Бош вазир Россияга қилган сафарларида, Москва шаҳри губернатори Н.И.Гучков билан учрашиб, унинг ёрдамида бир қатор қурилиш лойиҳаларини ишлатиб олган, шу тарзда, почта, телеграф, шифохонанинг лойиҳаларини Исломхўжа ўзи Москвалик меъморларга чиздириб келган, шу бўйича барпо эттирганди. Шунингдек, 1910-1913 йиллар оралиғида Исломхўжанинг ташаббуси ва маблағи ҳисобига Хивадан ташқари Янги Урганч, Шовот, Гурлан, Қўнғирот, Қўшкўпир ва Мўйноқ шаҳарларидаям жадид мактаблари ташкил этилади. Хивадаги мактаб эса тамомила замонавий кўринишда бунёд этилганди.1913 йилда пишиқ ғиштдан Европа услубида қурилган икки қаватли бино рус тузем мактаби деб аталарди.Янги Урганчда эса Исломхўжа ўғил ва қиз болалар учун алоҳида жадид макталари очиб, уларга 60 дан ортиқ ўғил-қизлар қабул этилади.

Барпо этилган ана шу мактабларда ўқувчиларга таълим бериш учун Оренбург, Қозон,Тошкент, Астрахан сингари шаҳарлардан муаллимлари таклиф қилинади.Бу борадаги вазиятни ўрганган Амударё бўлими бошлиғи Туркистон генерал-губернаторига йўллаган маълумотида, » Хива хонлигидаги жадид мактаблари муаллимларининг қарийиб ярмини татарлар ташкил этади.Улар хонликда ўқитувчилик фаолияти билан бир қаторда сиёсий ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқдалар» деб ёзганди .( «Туркестанские курьер», 1913 йил 21 август).

Рус тузем ва жадид мактабларида эски мактабдан фарқли равишда парта, доска каби жиҳозлар бўлиб, рус тили,чизмачилик, тарих, жуғрофия, математика, адабиёт ва бошқа фанлар ўқитиларди.  Ушбу мактабларда Агаев, Абдурашидов, Ҳ. Қўшаев, Ф.Қўшаева, К.Батиров, А.Сазонов, С.Сўфижонов, Ю.Аҳмедов каби ўз даврининг илғор педагоглари ишлашган. Улар қўлида яхши таълим олган ёшлар Исломхўжанинг қўллаб қувватлаши билан Оренбург, Тошкент, Петербург шаҳарларига, ҳаттоки Бекчон Раҳмонов Туркияга, Муҳаммад Аминаддинов эса Францияга ўқишга юборилади.

Исломхўжанинг ўзи ҳам шу замоннинг энг олд зиёлиси бўлиб, 1908 йили Хивага келган рус шарқшуноси А.Н.Самойлович ёзганидек, » Бош вазир Исломхўжа рус тилини яхши билади, рус ва мусулмон тилларида нашр қилинган газеталарни олиб, уларни мутоала қилиб боради»

1909 йилнинг сентябрь –октябрь ойларида Хивада бўлган Россия ташқи ишлар вазирлигининг вакили Минорский ҳам ўз ҳисоботида, «Исломхўжа рус тилида бемалол сўзлашади.У мусулмон мамлакатларида чиқадиган адабиётларни синчковлик билан кузатиб боради » дейилади.

Дарҳақиқат, Исломхўжа «Тараққий», » Нажот», «Туркестанкий курьер», «Туркестанская ведомости», «Туркистон вилоятининг газети» (Тошкент), «Вақт» (Оренбург), «Таржимон», «Маълумот», (Қрим), «Иқтисод ва тараққиёт», «Ихдам» (Туркия), «Хабл ул-Матин» (Хиндистон) каби нашрларни ўқиб борар, уларни жадид мактабларидаям ўқитишни муаллимларга тавсия этарди.
Ҳаттоки, Ўрта Осиёга биринчи бўлиб, фото ва кинонинг кириб келиши, бу борада шу соҳанинг кашшофи бўлган Худойберган Девоновни қўллаб қувватлаган Исломхўжа эди.У Девоновни ўзи билан 1907 йили Петербурга олиб кетади ва «Патэ» русумли киноаппаратини Хоразмга олиб келишга ёрдам беради.

Бундан ташқари,»Исломхўжанинг ислоҳот дастурида Хоразмни марказий шаҳарлар билан боғлайдиган темир йўл қурилишига алоҳида аҳамият берилганди.Ислоҳотчининг лойиҳасига кўра, 1912-1913 йиллари хонлик ҳудудига темир йўл келтириш билан алоқадор тадқиқот ишлари ўтказилади.Унга кўра, темир йўл тармоғи Чоржўйдан хонликнинг шимолидаги Қўнғирот шаҳригача тортилиши ва кейинчалик у давом қилиниб Ўрол-Тўрғай губернияси орқали Александров-Гай билан боғланиши керак эди.Темир йўлнинг узунлиги 700 верстга етади.Унинг қурилишини рус саноатчиларидан А.О. Брикельмейкер ва К.Е.Николаевлар шерикликда ўз зиммасига олган эдилар.» ( «Туркестанские курьер» 1913 йил 14 апрель,).

Шунингдек, 1910-1912 йилларда бош вазирнинг топшириғига кўра, тажрибали мироблардан иборат комиссия ташкил этилиб, хонликдаги барча канал ва ички ариқларни назоратдан ўтказишади. Комиссия лойқалардан тозаланадиган, таъмирланадиган ва янгидан чиқариладиган ариқларнинг аниқ режасини ишлаб чиқади ва Полвон, Ғозовот, Қилич Ниёзбой,Шовот каналларига мустаҳкам темир кўприклар қуришнинг лойиҳасини чизишади.Ички оралиқ йўллар ҳамда ички ариқ-ёпларга қуриладиган иншоаатлар ва кўприклар маҳаллий ҳоким ва оқсоқоллар зиммасига юкланади.

1911 йилнинг баҳор ва кузида Хоразмдаги барча канал ҳамда дарё қирғоғидаги ихота дамбаларда тупроқ ишлари, тозалаш ва таъмирлаш ўтказилади, тўғонлар ва кўприклар қуришга киришилади.
1911 йили Россиядан Полвон, Ғозовот , Қилич Ниёзбой ва Шовот каналларига қуриш учун 4 та кўприкка етадиган темир конструкциялар олиб келинади.Ушбу темир кўприклардан иккитаси Полвонёп ва Ғазавот каналларига қурилган.

Шу тарзда ислоҳот дастурининг бажарилиши аста-секин бўлсада, амалга оша бошлайди.Ислоҳотлар ҳаттоки, Оренбургдаги жадидларнинг «Вақт», Туркиядаги «Ёш туркларнинг» » Танин» газеталарида эътироф этилиб, тараққийпарварлик намунаси сифатида кўрсатилади.

«Туркестанские курьер» газетаси бўлса 1911 йил 17 апрель сонида Хоразмда амалга оширилаётган ислоҳотларни энг замонавий реформалар дея баҳолаб, Исломхўжани буюк реформатор дея атаганди.  Ана шу газетанинг 1913 йил августидаги сонида Исломхўжа мухбирга интерьвю бериб,» Эндиликда хонлик бутун кучини мамлакат ички тараққиётига қаратмоғи лозим.Биринчи навбатда маърифатга, сўнгра савдо- саноатга.Хивани Осиёнинг қолоқ давлатлари қаторидан чиқариш вақти келди. Халқ эркин нафас олмоғи керак» деганди.  Бироқ, Исломхўжанинг фожиали ўлими ана шу ислоҳотларнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлди.

ФОЖИАЛИ КУН

Исломхўжа бош вазир сифатида тансоқчига эга эди.Тансоқчиси Бобожон қатағон файтун отда юрганича доимо Исломхўжага ҳамроҳлик қиларди.Бироқ ўша куни—1913 йил 9 августда у хон саройи Нуриллабойдан уйига тансоқчисиз қайтади.»Чунки, Абдукарим маҳрам Исломхўжа уйига кетмоқчи бўлганида, тансоқчисини ифторликка сўраб олиб қолади.Қандайдир баҳона билан извошчи ҳам ўша фожиали куни ўзгартирилганди.Бош вазир кечқурун соат 9 ларда фойтун аравада Рофаник боғи кун чиқар томонидан «Ўғлон азиз бобо» қабристони яқинидан ўтиб борарди.Извошчининг кейинчалик эслашига кўра, мозористондан икки киши отилиб чиқиб, уларга ҳужум қилишади.Дастлаб улар кўзга ташланиб қолмаслик учун фойтундаги фонус-чироқларни ўчиришади.Исломхўжа ёнидаги тўппончасини олишгаям улгурмай қолади.Ниқоб кийган қотиллар қўлларидаги чўқмор таёқ билан отнинг манглайига уриб, унга ҳам шикаст етказишади.Извошчи яқин атрофда ҳужум қилган икки кишидан бошқа яна ўнтача киши турганлигини эслайди.Тўсатдан юз берган даҳшатдан ва танасига урилган қилич зарбидан извошчи ҳушидан кетади.»(Абдулла Болтаев, «Исломхўжанинг фожиали ўлими ҳақида», қўлёзма).

Суидқасдчилар бош вазир Исломхўжани чавақлаб кетишганди.Қотиллар, табийки, кўздан ғойиб бўлишди. Миршаблар келиб кўришсаки, қотиллик ваҳшийларча амалга оширилиб, Исломхўжанинг бўғзига тортилган кескир тиғ зарбидан унинг боши танасидан деярли ажралиб, боши бўйин терисига зўрға илиниб қолган эди; танасини қўзгатиш билан у ҳам узилиб кетади.Бош вазирнинг ёнидан 750 рубллик кредит билети, 10 рубллик 3 та тилласи ва бошқа майда пуллари, баҳоси 10 минг рубл турадиган бриллиант қадалган тилла портсигари, баҳоси 2500 рубллик қаҳрабодан қилинган бриллиант кўзли мунштуги ва баҳоси 900 рубллик тилла соати топилади.

Қотиллар қимматбаҳо буюм ва пулларга тегмасдан фақатгина бош вазирнинг олий навли барра терисидан тикилган чўгирмасини олиб кетгандилар.Бу ирим учун қилинган бўлиб, ўша вақт хиваликларда агар қатл қилинган кишининг чўгирмасидан бир парча куйдирилса, жиноятчининг ўзи келиб қотиллигини тан олади, деган ирим мавжуд бўлган.
Табийки, пул ва қимматбаҳо буюмларга тегилмагани, қотилликни ўғирлик учун қилинган деган фаразни ўз-ўзидан йўққа чиқарарди.Бош вазирнинг сирли равишда ўлдирилиши сиёсий мақсадларни кўзлаб амалга оширилган фитна эканлиги ўша пайтдаёқ аён бўлганди.

ҚОТИЛ ҚЎЛГА ОЛИНДИ, БИРОҚ…

Қотиллик рўй берган 9 август куни бош вазирни уйига хоннинг таржимони Корнилов кузатиб бориши керак эди.Аммо негадир у ўша куни қандайдир ҳужжатни ахтариб, саройда ушланиб қолади.Корнилов девонхона бошлиғи Абдуллажон билан бирга маълум бир вақтдан кейингина саройдан йўлга чиқиб, Исломхўжа изидан боришади.»Ўғлон азиз бобо» қабристонига етганларида эса бош вазирнинг қонга беланиб ётганлиги устидан чиқадилар.Корнилов шу ерда қолиб, девонхона бошлиғи Абдуллажон воқеа ҳақида хабар бериш учун хон саройига кетади..

Фожианинг эртасига ўзига келган ягона гувоҳ—извошчи Шайхназарбой ясовулбошининг хизматчиларидан учтасини қотиллик содир қилинган жойда кўрганлигини айтади.Улар дарҳол ҳибсга олинадилар.Терговда Исломхўжани Шайхназарбой ясовулбошининг навкарлари, тошҳовузлик Қурбонбой бўзчи бўғизлагани аниқланиб, эртаси куни ҳибсга олингач, у айбини тан олади.Унга бу махфий буйруқни Абдураҳим маҳрам берганлиги, бош вазирни ўлдириш Матвафо Баққолов,Ашур ва Рўзмат маҳрамлар томонидан пинҳоний кенгашда режалаштиргани маълум бўлади.Гарчи, қотил ва буюртмачилар аниқ бўлса-да, фақатгина Исломхўжани ўлдирган Қурбонбой ҳибсда сақланиб, қолганлар қўйиб юборилади.

Халқ ўртасида қотил Қурбонбойни жазолаш Кўҳна Аркда ўтказилади.Кўҳна арк олдига кўп оломон тўпланди. Қурбонбой бўзчини зиндондан қўлларини боғлаб майдонга олиб чиқишади.Ясовулбоши Қурбонбойга қарата: «Хўжамизнинг ўлган воқеасини айтиб бер, танингга таёқ тегмасдан бурун айт» дейди.Бўзчи ясовулбошига қараб, «Оға, ман бу воқеани ҳеч билмайман», дея жавоб қилади.Шунда ясовулбоши «Агар айтмасанг урамиз, ўзингдан кўр» деб миршабларга уришни буюради.Миршаблар қотилнинг яланғоч елкасига бор куч-қуввати билан қамчи туширадиларки, оғир зарбадан яланғоч бадандан қон сачраб чиқади.Яна шундай зарбалардан сўнг, қотил, » агар мани шундай азоблаб ўлдирмоқчи бўлсангиз, ман ишни бузаман» деб бақириб юборади.Қурбонбой бўзчининг бу қичқиригидан сўнг, Абдукарим маҳрам, Матвафо карвонбошилар, унга ичи ачинган бўлиб, аслида эса сир очилиб қолишидан қўрққан ҳолда қотилни аркка олиб кетишади ва алоҳида хонада сақлашади.

Қотилга ўлим жазоси берилмагани ва қотиллик ташкилотчилари Абдукарим маҳрам Ясовулбоши,Матвафо Баққолов бош вазир,Ашур маҳрам бош маҳрам лавозимини эгаллаши,халқ орасида миш-мишни келтириб чиқаради.Яъни,бу ҳолат Исломхўжанинг ўлимида ўз куёви Исфандиёрхоннинг қўли бўлиши керак, деган шов-шувга сабаб бўлади.

ХОННИНГ ҚОТИЛЛИККА АЛОҚАСИ БОРМИДИ?

09Исломхўжанинг ўлимида Исфандиёрхоннинг қўли борлиги ҳақида хонлик тарихига доир баъзи китоб ва мақолаларда ҳам айтиб ўтилади.Жумладан, Д.Рахим ва Ш.Матрасул Феруз ҳақидаги «Шоҳ ва шоир қисмати» номли китобида » Исфандиёрхон Исломхўжани хазинадаги пулларни беҳуда қурилиш ишларига сарфлади ва рус императори билан келишган ҳолда мени бир кунмас-бир кун тахтдан четлатади, деб ўйлаган» ,( Т, 1991 йил 55 бет) дея ёзишади.

Марҳум профессор О.Собиров ҳам 1993 йил «Хива» журналининг 2-3 сонидаги мақоласида «Исломхўжанинг юксалиб бораётган обрўси Исфандиёрхонни ташвишлантириб қўйди» , деб қайд этганди. Шунингдек, Р.Ҳасан,А.Абдурасулов ва Н.Эгамбердиеваларнинг 1994 йил «Ватан» газетасининг 32-сонидаги, Отамурод Кушжоновнинг «Маърифат ёгдуси» журналининг 2001 йил 1-4 сонларидаги мақолаларида ҳам айнан хазинани Исломхўжа қурилиш ишларига сарфлаб бўшатгани, Исломхўжанинг халқ ўртасида обруси ошгани,Петербургда император ва амалдорлар билан яхши танишлиги боис, хон ўз тахти қўлдан кетишидан хавфсираб бош вазирни йўқ қилгани таъкидланади.

Шунингдек, ўша даврда яшаган «Ёш хиваликлар» нинг йўлбошчиларидан Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг, ҳамда наққош, тарихчи Абдулла Болтаевнинг қўлёзма асаридаям Исфандиёрхон ўз қайнотаси Исломхўжани ўлдиртиргани қайта-қайта таъкидлаб ўтилади.Полёзҳожи Исфандиёрхонга мухолиф бўлгани учун, у ҳақда салбий фикрда бўлган.Абдулла Болтаев эса ўша пайтлари ёш бола эдики, унинг кўрган, эшитганлари мурғак қалбда Исфандиёрхон золим хон бўлган деган халқнинг фикридан келиб чиққан.Дарҳақиқат,Исфандиёрхоннинг маишатпарастлиги, айнан 1916 йилда «қиз солиғи » туфайли халқ қўзғолони келиб чиққани тарихдан маълум.Шу каби унинг атрофини, лаганбардор, манфаатпараст , фитначи каззоблар ўраб олганиям ҳақиқат.Аммо бу бошқа масала.Қайнотасининг ўлими эса умуман бошқа .

Аввало, шуни айтиш керакки, Исфандиёрхоннинг бош вазир мени тахтдан туширади, дея ўйлаши учун ҳеч қандай асос йўқ эди.Зеро, у отаси Ферузнинг 1891 йил 4 сентябрьда императорга қилган илтимосидан сўнг валиаҳд қилиб тайинланган, 1910 йил августда отаси ўлимидан сўнг тахтга чиққанди.Қолаверса, ўша даврда Хоразмда ҳам тожу тахт ворислиги авлоддан-авлодга ўтган.Гарчи Исломхўжа саидлардан бўлса-да, ўзини хон деб эълон қилолмасди.Негаки, валиаҳд император томонидан тасдиқланганди.Империя қонунларини бузиш эса, у ким бўлишидан қаътий назар, ўлим билан баробар эди.

Чор ҳукумати империя қонунларига ёт бўлган бундай ҳаракатни аёвсиз бостириши аниқ эди.Буни халқ ҳам, Исломхўжа ҳам яхши биларди.Зотан, Хива хонлиги чоризмнинг вассали эди.Қолаверса, бош вазирнинг ислоҳот дастурини хоннинг ўзи тасдиқлаган, ҳаётда қўлланилаётган тараққийпарварликни Исфандиёрнинг ўзи қўллаб турган.

Хон чор ҳукумати ва халқ ўртасида Исломхўжанинг обрўси ошди, дея ўз қайнотасига ғараз кўзи билан қараши мумкин эмасди.Шу боис бош вазир ўлимида унинг қўли борлиги шубҳалидир.  Хазинани беҳуда қурилишларга сарфлаб бўшатди, деган даъво ҳам асоссиз.Зеро, Хивада бунёд бўлган почта-телеграф биноси, мактаб, сарой, шифохона ва бошқа иншоаатлар хоннинг ўзи тасдиқлаган ислоҳот дастурига кўра хазинадаги пуллар ҳисобига қурилганди.

ҚЎҒИРЧОҚ ХОН ВА ФИТНАЧИ АМАЛДОРЛАР

Лаффасий ва Баёний каби муррихларнинг ёзишига кўра, Исфандиёр ёшлигидан ювош табиатли, ғоят иқтидорли киши бўлиб, «Фаррух» тахаллуси билан шеърлар битган.Касб ҳунарга қизиққанидан соатсоз ва қилич ясовчи уста сифатидаям машҳур бўлган.Тижоратчи сифатида Россия ва Шарқ давлатларини ҳам кезиб чиққан эди.Ҳатто рус тили, дунё жуғрофиясини мукаммал билгани боис, олдинги саҳифаларда таъкидлаганимиздек,Россия жуғрофия жамиятининг аъзоси ҳам эди.

Аввало, шуни эсдан чиқармаслик керакки, Исфандиёрхон Исломхўжанинг ислоҳот дастурини қўллаб турсада, у Чор империясининг вассали эди.Қолаверса, хон саройида Исломхўжага мухолифатда бўлган фитнакор амалдорлар гуруҳи ҳам мавжуд бўлган.Шундай гуруҳлардан бири оға-ини подполковник Ҳусайинбек, ясовулбоши Шайхназарбой ва Омонгелди Матмуродовлар эди.Ҳар бир оға-ини хонликда ҳисобсиз ер, каттагина молу-мулкка эга эдилар.Мабодо Исломхўжанинг ерларни ўлчаш, солиқларни тартибга солиш, давлат амалдорларига маош тўлашдек ислоҳотлари тўла амалга ошса, улар кўп нарсадан ажралиб қолардилар.Шу боис, оға-ини Матмуродовлар имкони борича Исломхўжанинг шахсияти ва ислоҳотини бадном этишга ҳаракат қилишган.Исфандиёрхон ювош ва кўнгилчан бўлганлиги боис чор империяси билан уруш даврида қаҳрамонлик кўрсатиб халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган Матмурод девонбегининг ўғилларини саройдан тўла четлаштиролмасди.

Тўғри, у дастлаб 1911 йилда Исломхўжани қувватлаб, Матмуродовларнинг молу-мулкини мусодара қилади ва уларни саройдан четлаштиради.Аммо оға-ини Матмуродовлар чор амалдорлари билан яхши алоқа ўрнатгани боис, 1913 йилда рус маъмурлари таъсирида яна саройга ишга тикланиб, мол-мулкини қайтариб олишади.Бироқ, шундан кейин ҳам оға-ини Матмуродовлар рус маъмурларига Исломхўжани иғво қилишда давом этишади. Жумладан, Ҳусайинбек 1913 йил январида Амударё бўлими бошлиғи Ликошин ҳузурида бўлиб, унга берган ахборотида ўзининг 1911 йил хон ғазабига учраб, оғир кулфатларга дучор бўлиши ва 1913 йил январида ёвмудларнинг чоризмга қарши кўтарган исёни сабабчиси Исломхўжа эканлигини таъкидлайди.Шунингдек, у мусодара қилинган, қиймати бир миллион рублдан ортиқ бўлган мол-мулкининг атиги 150 минг рублини қайтариб берилганиниям айтиб, унинг қолган қисмини Исломхўжа ўзлаштирган, дея даъво қилади.Қолаверса, оға-ини Матмуродовлар Исломхўжанинг ислоҳотларидан норози бўлиб, бу ҳақда хонга ариза ҳам ёзгандилар.

Чор ҳукумати, айниқса, Амударё бўлими хонга таъсир ўтказиб, Хиванинг ички ишларига мунтазам аралашиб келар, зеро, улар учун Исфандиёрхон қўғирчок ҳукмдор эди. Матвафо,Абдураҳмон ва Шариф Баққоловлар Исломхўжага мухолифатда бўлган иккинчи гуруҳ вакиллари эди.Тоға-жиян Баққоловлар ҳам кўплаб ер, мол-мулк соҳиби бўлиб, улар ҳам ўтказилаётган ер, солиқ ислоҳоти боис анчагина мол-мулкидан ажралиб қолишдан қўрқар, шунинг учун бош вазирга нисбатан доимо адоватда бўлиб келишар эди.

1899 йилдан хон саройида таржимонлик қилган В.Н.Корнилов у ҳақда «Матвафо ниҳоятда юлғич бўлиб, оғир солиқлар билан хиваликларга зулмини ўтказди.Хиваликлар уни жуда ёмон кўришади.У туркманларга яширинча иғво қилиб, уларни талончиликка гиж-гижларди.Матвафо жудаям уддабурон бўлиб, ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам хон саройида биринчи лавозимни эгаллаш учун ҳаракат қилди» , деб ёзганди.  Бундан ташқари, Амударё бўлимининг бошлиғи Ликошин Туркистон генерал губернаторига ёзган ахборотида, » Хонликда барча ишлар Баққолов ва унинг оға-иниларининг савдо тижорат манфаатлари юзасидан олиб борилмоқда.Жамики давлат тадбирлари ушбу савдогарларнинг шахсий бойлигини оширишга қарата ҳал этилмоқда» ( ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф.и 2, оп 2, д 476, 53 бет).

Н.С. Ликошин шунингдек, Исломхўжа вафотидан сўнг, 1913 йил декабрида генерал-губернаторга ёзган ахборотида, «Марҳум Исломхўжа савдогар эмасди.Шунинг учун у савдогарларга бошқачароқ қарарди.Савдо ишларидан холилиги туфайли, хонликдаги ислоҳотларни ҳатто ўзининг шахсий манфаатидан устун қўярди.Хонликнинг ҳозирги мулкдор амалдорлари бўлса, ўзларининг савдо тижорат даромадини ошириш билан машғул бўлмоқдалар»(юқоридаги архив, ф,и 2, оп 1, д 475, 54 бет). Ҳаттоки, хонликдаги энг айёр ва бой савдогар Матвафонинг иниси Абдураҳмонбой Янги Урганч ҳокими қилиб тайинланиб, Матвафо сафарга кетганида бош вазирлик лавозимини ҳам эгаллаб турадиган даражага етади.

Исломхўжа 1911 йилда Янги Урганч, Ҳазорасп, Питнак, Моноқ ва Дарғонотадаги ерларни хон тасдиқлаган ислоҳот дастурига кўра қайтадан ўлчатиб чиққанди. Шунда ушбу бекликларда оға-ини Матмуродовлар ҳамда тоға-жиян Баққоловларнинг беҳисоб ерлари борлиги, улар давлат ҳисобига киритилмай, хонлик хазинасига солиқ тўламаётганлари аниқланганди.Шу боис оға-ини Матмуродовлар ҳамда тоға-жиян Баққоловлар саройдан четлатилиб, аниқланган хуфия мол –мулки хон фармонига кўра мусодара қилинади.Ўшанда ҳар иккала гуруҳ чоризмнинг Амударё бўлими бошлиғига шикоят қилиб, Исломхўжа фаолиятига чек қўйишда кўмак сўраган эдилар.

Исломхўжа эса ислоҳотлари ва унга тўғанок бўлаётган амалдорлар ҳақида 1911 йилнинг 3 декабрида, полковник Гулушановскийга шундай мактуб йўллаб, вазиятни тушунтириб ўтганди: «Биз амалга ошираётган ислоҳотлар хон атрофидаги амалдорлар манфаатига, албатта маъқул тушмади.Улар аввалги хон даврида ҳам катта ерларни эгаллаб, беҳисоб фойда олиб келганлар.Шу боисдан норози бўлган амалдорлар томонидан бир қанча махфий мажлислар ўтказилиб, унда халқни ислоҳотларга қарши қўзғатишга қарор қилинган.Мазкур амалдорлар халқ номидан норозилик мактублари уюштириб, уларни ўз муҳрлари билан тасдиқлаб, ислоҳотдан норози эканликларини билдирмоқдалар.Мактубларда ҳатто ҳақоратли бўҳтонлар ҳам ишлатилмоқда» (ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф 2, оп 1, д 289, 207 бет).

Айнан 1911 йилдаги воқеалардан сўнг ҳар иккала гуруҳ рус маъмурлари билан яқинлашиб, Исломхўжага нисбатан очиқчасига душманлик йўлига ўтдилар.Зеро, халқ ўртасида Исфандиёрхоннинг эмас, балки оға-ини Матмуродовлар ва тоға-жиян Баққоловларнинг обрўси тағин-да тушиб кетди.Негаки, улар солиқлар баҳона халқни беаёв талаш, беҳисоб ерга эгалик қилиб, хазинага сариқ чақаям тўламаслик эвазига бойирдилар.Исломхўжа эса 1911 йилда уларнинг кирдикорини чеклаб, янада обрў орттиради.У фитнакор амалдорлар молу мулкини Исфандиёрхон розилиги билан тортиб олганди.Шу боис ҳар иккала гуруҳ Исфандиёрхоннинг ишратга ўчлигидан фойдаланиб, Исломхўжа билан унинг орасини бузишга интилди.Негаки, хоннинг катта хотини Азизапошшабика Исломхўжанинг қизи эди.Фитнакор амалдорлар ишратга ўч хонга турли бекликлардан ёш ва чиройли қизларни келтириб берардилар.Ҳатто, Баққолов ва Ашур маҳрам ташаббуси билан Нуриллабой саройининг орқа томонида 70 минг тилла сарфлаб, маишатбозлик учун мўлжалланган махсус кўшк ҳам қурилади.Табийки, бу ишлар хоннинг қайнотаси бўлмиш Исломхўжага маъқул келмас, у куёви Исфандиёрга бу ахлоқсизликни йиғиштириш ҳақида бир неча бор насиҳат қилганди.
Чор маъмурлари эса ҳар иккала гуруҳбозларни қўллаб, Исломхўжа фаолиятини кузатув остига олгандилар.Негаки, у чор ҳукумати учун ғоявий душман бўлган жадидларни қўллаётган, Хоразмда мактаблар барпо қилаётган, ҳатто «ёш хиваликлар» ҳаракатини қўллаб қувватлаётган, чоризмга қарши тинимсиз исён кўтараётган туркман ёвмудлари билан яқин алоқада эди.Ҳатто, у 1913 йил бошида туркманларга қарши юриш қилиш ташаббусига қарши чиққанди.Ёвмудлар исёни умумхалқ қўзғолонига айланиб, чоризмнинг мустамлакачилигига чек қўйиши мумкинлигини чор ҳукумати яхши билар, шу боис Исломхўжа нафақат гуруҳбозларнинг, балки мустамлакачи чор ҳукуматининг-да душманига айланганди.

045

ҚОТИЛЛИКДА ЧОР ҲУКУМАТИНИНГ ҚЎЛИ БОРМИ?

Исломхўжа 1896-1913 йилларда беш маротаба Россиянинг Петербург ва бошқа шаҳарларига борган.Император Николай 11 Романов билан ҳам кўп бор мулоқотда бўлган ва табийки, у билан рус тилида бемалол дунё сиёсати ҳақида суҳбатлашганди. Шу суҳбатлардан кейин Исломхўжа оқпошшани ғоят қизиқтириб қўйганди.Айниқса, унинг хонликда амалга ошираётган ишларидан бохабар бўлган император,Петербургда кимлар Исломхўжа билан учрашишигача жандармериядан суриштиради.Қолаверса, Амударё бўлими ва жандармерия Исломхўжанинг чор ҳукумати душманлари бўлмиш жадидлар ва исёнкор ёвмудлар билан алоқаси яхшилигини хабардор қилганлиги табиий.

Негаки, 1913 йил 4 январда Туркистон генерал-губернатори ҳарбий министр Сухамлиновга махфий хат йўллаб, «Хонликда 1910 йилгача ҳукм сурган осойишталикни сақлаб туриш, халқ ғалаёнларининг олдини олиш учун Исломхўжа фаолиятини жиловлаш чора-тадбирларини кўриш лозимга ўхшайди» деганди(Россия Марказий Давлат Архиви, 400-фонд, 62-дело, 155-саҳифа).  Шу билан бирга, генерал Самсонов Петербурга йўллаган махфий хатида Исломхўжани чет элга жўнатиш, сургун қилиш ҳақида буйруқ бериш лозимлигиниям айтиб ўтганди.Аммо ташқи ишлар министрлиги бу таклифни маъқулламаган.

«Россия Марказий Давлат Архивининг 400-фонд, 178-дело, 50-54 саҳифаларидаги манбага кўра, Исломхўжа Петербургдаги » Мусулмонлар хайрия жамғармаси» га бориб, у ерда Эрон ва Туркия элчилари Тархон пошшо, Исҳоқхонлар билан учрашган.Кечқурун Маринин театрида уларни меҳмон қилиб, суҳбатлашган.Табиийки, мусулмон мамлакатлари элчилари билан Хива хони бош вазирининг тил топишгани чор ҳукуматига ёқмасди.  Етилиб келаётган жаҳон уруши арафасида чор ҳукуматига рақиб бўлган Туркия ҳукумати элчиси билан мустамлака хонлик бош вазирининг суҳбатлашиши, чор ҳукумати учун, айниқса, чидаб бўлмас ҳол эди.

Исломхўжа дунё сиёсатидан бохабар бўлиб, Туркия-Эрон, Эрон-Италия, Туркия-Германия, Россия-Туркия иқтисодий ва ҳарбий муносабатлари моҳиятини тўла англаб етган, мустамлакачиликнинг ҳам паймонаси тўлаётганини сезиб турарди.Бу эса чор ҳукумати учун қўрқинчли бир ҳол эди.Шу боис чор жандармерияси Петербургда бўлган Исломхўжанинг ҳар бир қадамини кузатиб, ким билан нима ҳақида суҳбатлашганигача шахсан император Николай Романовга ахборот бериб борган.Исломхўжа Хивага қайтгач ҳам кузатув остида бўлганди.Негаки, Петербургда босган қадамини кўздан қочирмаган Николай 11 унинг Хивада нималар қилаётганини ҳам билишни истарди.

Амударё бўлими бошлиғи генерал губернаторликка йўллаган маълумотида ўз кузатувларини қуйидагича изоҳлаганди: » Саройнинг энг нуфузли одами, хоннинг биринчи амалдори Исломхўжанинг уйини ўзига хос кичик сарой деса бўлади.Бу ерга саройнинг катта ва кичик аъёнлари ҳам «салом»га келиб турадилар.Улар йиғилишиб энг муҳим масалаларни муҳокама қиладилар» ( ЎЗМАРДАВАРХИВ, ф 2, оп 1, д 289, 17 бет).

Шу билан бирга, бўлим томонидан 1912 йил 12 августда Тошкентга йўлланган ахборотда бош вазирнинг уйидаги ҳолат ҳақидаям маълумотлар берилганди: «Вазири Акбар Исломхўжа жадид мактабининг ва уйидаги фарзандларининг ўқитувчиси ёш татар муаллими Абдурашидовнинг фаолияти алоҳида эътиборга эга.Афсуски, Абдурашидов ўқитувчилик ишларидан ташқари Хива хонлигини ички сиёсатида ҳам фаол қатнашмоқда.У Исломхўжанинг уйида яшаб, яширин кенгаш ўтказиб туради.Бу кенгашга Абдурашидов маслаҳатчи ва раҳбарлик қилади.Исломхўжа иштирокидаги кенгаш мажлисларида асосан Хива—Россия муносабатлари муҳокама қилинади. Абдурашидов йиғилган Хиваликлар онгига Хива хонлигини Россия қарамоғидан озод қилиш ва хонликни тараққий этдириш ғояларини сингдирмоқда»

Табийки, бундай чор мустамлакачилиги учун зарарли бўлган хуфия ахборотларни олгач, генерал губернаторлик Абдурашидовни воҳадан йўқотиш чораларини кўради.Натижада «Амударё бўлими 1913 йил ёзида Абдурашидов ва бошқа жадидларни Хивадан ўз юртларига жўнатиб юборади» ( «Туркестанский курьер, 1913 йил 21 август).

Абдурашидовни уйида сақлаган бош вазир уни воҳада олиб қолишга интилмасин ,чор маъмурлари бунга йўл қўймайдилар. Сарой эса бу пайтда фитна уясига айланиб бўлган, Исломхўжага мухолиф саналган ҳар иккала гуруҳни Амударё бўлими қўллаб турганди.

Қолаверса, фитнакор Ҳусайнбекка подполковник, укаси Омонгалдига эса биринчи даражали Муқаддас Анна ордени бекорга берилмаганди. Оға-ини Матмуродовлар чор ҳукуматининг энг ишончли одамлари эдики, уларни шу боис тақдирлашганди.Ҳатто, ҳар иккала гуруҳнинг 1911 йилда тортиб олинган молу-мулкининг қайтариб берилишидаям чор ҳукуматининг қўли бор эди.Амударё бўлими бошлиғи полковник Колосовский уларга ёрдам бериб, қўллаб турганди.У 1914 йил 31 декабрда Туркистон генерал-губернаторига юборган ахборотида » Бизнинг Хива хонлиги саройидаги фитналарга аралашувимиз ва хон саройида Матмуродовлар гуруҳини тиклашимиз бош вазир Исломхўжанинг қатлига омил бўлган сабаблардандир» , дея ёзганди.

Ҳатто, Исфандиёрхон полковник Колосовскийнинг Матвафо Баққоловни бош вазирликка тайинлаш ҳақидаги таклифига эътироз билдирганида, у » Матвафо сенга керак бўлмаса менга керак», деб маҳаллий ҳукмдорни –Хива хонини жеркиб ташлаганди.Кўриниб турибдики, хонни ҳам назарига илмайдиган полковник Колосовскийга Матвафо Баққоловдек фитнакор малайлар керак эди..

Хон саройида таржимонлик қилган В.Н.Корнилов эса » Матвафо Исломхўжа қатлининг айбдоридир.Бу фақат менинг эмас, балки хонликдаги инсонлар фикридир», дея ёзганди.Шу боисдан ҳам унинг Исломхўжага суиқасд қилинган пайтда Туркистон генерал-губернаторлигининг Петербург полиция департаменти вице-директорига юборган маълумотида, бош штабнинг Осиё бўлими бошлиғи генерал Цейлнинг бош вазир қатли бўйича ишни босди-босди қилгани,бу иш учун 200 минг рубл пора олгани,Цейл бу пулдан 20 минг сўмини ҳарбий министр Сухамлиновга бергани қайд қилинган.

Николай 11 Исломхўжа ўлимидан хабардор этилган бўлсада, у суиқасд тафсилотини суриштириб ўтирмади.Негаки, ким ҳам ўз этагини ўзи кўтарарди.Зеро, мустамлака ўлкаларда силлиққина сиёсат юритиш учун доимо у ерда фитна ва иғво чиқариб туриш, ўз юрти равнақини ўйлайдиган ислоҳатчиларни йўқ килиш синалган усуллардан эди.Шунинг учун чор ҳукумати, жандармерия,Амударё бўлимига бошлиқ бўлган Гулушановский, Ликошин, Колосовскийлар Хива хонлигидаги фитнакор гуруҳларни рағбатлантириб, уларни Исломхўжага қарши гиж-гижлаб туришди.Хиванинг халқпарвар, маърифатпарвар бош вазири Исломхўжа ана шундай қаттол сиёсат, фитна қурбонига айланганди.

Бироқ, шундай бўлсада, Исломхўжа жаҳон халқлари тараққиётидан бир неча аср ортда қолган, баъзи соҳаларда ўрта асрча мустабидлик ҳукм сураётган Хива хонлигида ўзгариш ясашга уринди ва дастлабки натижаларга эришдики, булар тарих саҳифаларидан ёрқин жой олди.

06Хивадаги Исломхўжа минораси

03
Umid BEKMUHAMMAD
ISLOHATCHI ISLOMXO’JA VA UNING SIRLI O’LIMI
05

Qabristondan chavaqlangan kishining jasadi topildi.Uning hashamdor kiyimlari, orden, medal, tilla buyumlari Xiva xonining bosh vaziri Islomxo’ja ekanligini ko’rsatib turardi.O’sha qotillik ro’y bergan 1913 yil 9 avgust kuniyoq Amudaryo bo’limi boshlig’i Turkiston general gubernatoriga 791-sonli telegramma yubordi.Unda «vaziri Akbar Islomxo’janing fojiaviy o’limi saroy va xalq o’rtasida katta shov-shuvga sabab bo’ldi» deyilgandi.Qotillik yuz bergandan to shu kunlargacha Islomxo’jani o’z kuyovi, Xiva xoni Isfandiyorxon o’ldirtirgan, degan taxmin qa’tiy xulosa sifatida ta’kidlanib kelinmoqda.Ammo, keyingi davrda topilgan manbalar bosh vazirning o’limi izlari Xiva xoni saroyiga emas, boshqa bir hashamatli saroyga borib taqalishini ko’rsatmoqda.

ISLOHOTGA MUHTOJ O’LKA VAZIRI

056Islomxo’ja Xorazmda eng nufuzli bo’lgan Said Otoyi xo’jalardan Said Muhammadxo’ja mutavallining nabirasi bo’lib, 1872 yilda tug’ilgandi. Otasi Ibrohimxo’ja Feruzxonning tog’asi bo’lib, Xonqa hokimi bo’lgan, keyinchalik bosh vazir lavozimini egallagandi. Maktab va madrasa tahsilini olgan Islomxo’ja oldiniga xon saroyida zakotchi sifatida ishlaydi.1889 yilda esa 17 yoshli Islomxo’jani Feruz Xivadan keyin ikkinchi o’rinda turuvchi Hazoraspdek muhim strategik, savdo shahriga hokim qilib yuboradi. Oradan vaqt o’tib, tajribaga ega bo’lgan Islomxo’ja 26 yoshida Feruzxonning bosh vaziri sifatida yana Xivada ish boshlaydi.

Feruz o’zi singari taraqqiyparvar va ma’rifatparvar Islomxo’jani bosh vazir qilib yanglishmagandi. Garchi, u xonning yaqin maslakdoshi bo’lsada, Chor Rusiyasi mustamlakasi bo’lgan xonlikda o’z islohotlarini Feruzxon vafotidan keyin amalga oshirdi. 1910 yilda Feruzxon vafot etgach, taxtga uning o’g’li Isfandiyorxon chiqdi.Isfandiyorxon bosh vazir Islomxo’janing kuyovi edi.Avvalo, shuni aytish kerakki, Islomxo’ja bosh vazir bo’lgani uchun o’z kuyovini taxtga o’tqazmagan.Negaki, 1891 yil 4 sentyabr`da Feruzning Rossiya imperatoriga Isfandiyorni valiahd etib tayinlash haqida yo’llagan iltimosi , aynan xonning boshqa o’g’illari qolib, uni xon qilib ko’tarishga asos bo’lgandi.

Xullas, Islomxo’ja o’z kuyovi Isfandiyorxon bilan mustamlaka davrida islohotlar o’tkazishga kirishdi.U yosh xonning otasi singari saltanatni odilona boshqarishiga ishonardi, negaki, kuyovi otasi kabi shoir, soatsoz va qilichboz usta, el kezgan savdogar, rus tuzem maktabida yaxshi o’qigan ziyoli edi.Jug’rofiyani yaxshi bilgani, ko’plab ilmiy seminarlarda yaxshi qatnashgani uchun Isfandiyorxon Russiya jug’rofiya jamiyatining a’zosi etib saylangandi.

Uning aynan 1910 yil ramazon oyining birinchi kunida chiqargan farmonida «bozorlar tartibga solinsin, ko’priklar qurilsin, yo’llar obod qilinsin, vaqf yerlar qayta hisoblansin, fuqarolarimizning bundan keyingi osoyishta va faravon turmush kechirishi bilan bog’liq masalalar o’rganilib, tez fursatda hal qilinsin.Biz tomonimizdan amalga oshirilishi lozim bo’lgan bu ishlarga hech kim to’sqinlik qilmasligi shart.Ushbu ishlarni amalga oshirishni hurmatlik Islomxo’ja Ibrohimxo’ja o’g’liga tobshirdik», deyiladi. Isfandiyorxon farmoni kuchga kirib, soliqlar birmuncha kamaytirilgan, obodonchilik ishlari olib borilgan.

Bosh vazir shuningdek,xonga quyidagi uchta yo’nalishda islohot o’tkazishni tavsiya qiladi:
1.Xazinadagi daromadning bir qismini mamlakatning umum foydali ishlariga—er tuzish, yo’l qurilishi, pochta aloqasi, tibbiy va agronomiya xizmatiga xarjlash;
2.Mahbuslarni o’rta asr uslubida jazolashni bekor qilish;
3.Xonlikka qarashli yerlarni turli toifadagi odamlarga taqsimlash, tarqatish, ularni yer solig’idan ozod qilish, irrigatsiya ishlariga e’tiborni kuchaytirish hamda natural majburiyatlarni bekor qilinishi kerak «( O’ZMARDAVARXIV, f 1, op 17, d 231, 133-134 betlar).

O’sha yilning o’zida Islomxo’ja xonlikda amalga oshirish zarur bo’lgan islohot rejasini ishlab chiqadi.Islohot dasturi 10 banddan iborat bo’lib, o’sha vaqt uchun taraqqiyparvarlik mezonlariga asoslangandi.Isfandiyorxon dasturni ko’zdan kechirib, 10 bandni ham tasdiqlaydi:
1. Xonlikdagi barcha mansabdor shaxslar davlat tomonidan maosh bilan ta’minlanadilar.Oldingi qoida bo’yicha, soliqlardan tushgan daromadning bir qismini maosh tariqasida xarajat qilish bekor qilinsin.
2. Dehqonlardan olinadigan yer solig’i, qazuv puli, yiliga begor qazuvda davlat hisobiga 12 kun tekin ishlab berish bekor qilinadi.Soliq to’lovchilarning toifasi qa’tiy belgilab qo’yiladi.
3. Zakot, boj va xiroj soliqlari qayta ko’rib chiqiladi, savdo sotiq soliqlari muvofiqlashtiriladi.
4. Suvdan foydalanish tartibga solinadi.Suvdan foydalanish miroblar yordamida hukumat nazorati ostiga olinadi.
5. Bozor to’lovlari tartibga solinadi.
6. Yo’l qurilishi va ariqlardagi ko’priklarni yaxshilashga kirishiladi.
7. Barcha shahar va noibliklarda bemorlarni davolash uchun zamonaviy kasalxonalar quriladi, aholiga tibbiy xizmat ko’rsatish yaxshilanadi.
8. Barcha turdagi vaqf yerlar qayta hisob-kitob qilinadi va ulardan tushgan daromadlar madaniyat va maorifni rivojlantirishga sarflanadi.
9. Barcha maktablarda o’qitish dasturiga, shuningdek, yangi usul maktablarida rus tili, jug’rofiya, tarix darslik sifatida kiritiladi.
10. Xon xazinasida hisob kitob qattiq nazorat qilinib, alohida kirim-chiqim daftarlari yuritiladi.

Ushbu islohotlarning o’tkazilishi xonlikda qattiq tartib-intizom o’rnatish, davlat mulkini talon-taroj qilmaslik, soliq to’lovchilarning uni o’zlashtirishi, oldinlari soliq tufayli kelib chiqadigan isyonlarning oldini olishga sabab bo’lardi.Shu kabi islohotlar Xorazmga jadidlar orzu qilgan taraqqiy etgan davlatlarning ilmu-fan texnika yutuqlarini olib kirishga xizmat qilardi.

Islohot xon tomonidan tasdiqlangach, hayotga joriy qilina boshlandi.Oldinlari soliq undiruvchilarining xalqdan yig’ib olgan soliqning ma’lum bir foizini o’ziga olib qolishi kabi talon-tarojlikka chek qo’yildi.Soliq to’lashning qattiq nazorat ostiga olinishi , turkman va qorakalpoqlarning doimiy ravishda bo’lib turadigan isyonlarining oldini oldi.Davlat yer egaligi, mulk yer egaligi, vaqf yer egaliginig aniq xisob-kitobini qilishga kirishildi. Rossiyadan quruvchi- muhandislar olib kelinib, bu ishga jalb qilindi.Ular bilan birgalikda xonlikdagi kanallarga temir ko’prik o’rnatish loyihasi tuzildi, mavjud barcha maydonlarni o’lchab chiqishga kirishildi.Xiva shahrining yangi loyihasi tuzilib, unga ko’ra shahar eniga uch barobar kengayishi kerak edi.1910-1913 yillar oralig’ida Xivaning o’zida islohot dasturiga ko’ra pochta-telegraf binosi, Nurillaboyda qishki saroy, zamonaviy kasalxona, jadid maktabi barpo etiladi.

Bosh vazir Rossiyaga qilgan safarlarida, Moskva shahri gubernatori N.I.Guchkov bilan uchrashib, uning yordamida bir qator qurilish loyihalarini ishlatib olgan, shu tarzda, pochta, telegraf, shifoxonaning loyihalarini Islomxo’ja o’zi Moskvalik me’morlarga chizdirib kelgan, shu bo’yicha barpo ettirgandi. Shuningdek, 1910-1913 yillar oralig’ida Islomxo’janing tashabbusi va mablag’i hisobiga Xivadan tashqari Yangi Urganch, Shovot, Gurlan, Qo’ng’irot, Qo’shko’pir va Mo’ynoq shaharlaridayam jadid maktablari tashkil etiladi. Xivadagi maktab esa tamomila zamonaviy ko’rinishda bunyod etilgandi.1913 yilda pishiq g’ishtdan Yevropa uslubida qurilgan ikki qavatli bino rus tuzem maktabi deb atalardi.Yangi Urganchda esa Islomxo’ja o’g’il va qiz bolalar uchun alohida jadid maktalari ochib, ularga 60 dan ortiq o’g’il-qizlar qabul etiladi.

Barpo etilgan ana shu maktablarda o’quvchilarga ta’lim berish uchun Orenburg, Qozon,Toshkent, Astraxan singari shaharlardan muallimlari taklif qilinadi.Bu boradagi vaziyatni o’rgangan Amudaryo bo’limi boshlig’i Turkiston general-gubernatoriga yo’llagan ma’lumotida, » Xiva xonligidagi jadid maktablari muallimlarining qariyib yarmini tatarlar tashkil etadi.Ular xonlikda o’qituvchilik faoliyati bilan bir qatorda siyosiy tashviqot ishlarini ham olib bormoqdalar» deb yozgandi .( «Turkestanskie kur`er», 1913 yil 21 avgust).

Rus tuzem va jadid maktablarida eski maktabdan farqli ravishda parta, doska kabi jihozlar bo’lib, rus tili,chizmachilik, tarix, jug’rofiya, matematika, adabiyot va boshqa fanlar o’qitilardi. Ushbu maktablarda Agaev, Abdurashidov, H. Qo’shaev, F.Qo’shaeva, K.Batirov, A.Sazonov, S.So’fijonov, YU.Ahmedov kabi o’z davrining ilg’or pedagoglari ishlashgan. Ular qo’lida yaxshi ta’lim olgan yoshlar Islomxo’janing qo’llab quvvatlashi bilan Orenburg, Toshkent, Peterburg shaharlariga, hattoki Bekchon Rahmonov Turkiyaga, Muhammad Aminaddinov esa Frantsiyaga o’qishga yuboriladi.

Islomxo’janing o’zi ham shu zamonning eng old ziyolisi bo’lib, 1908 yili Xivaga kelgan rus sharqshunosi A.N.Samoylovich yozganidek, » Bosh vazir Islomxo’ja rus tilini yaxshi biladi, rus va musulmon tillarida nashr qilingan gazetalarni olib, ularni mutoala qilib boradi»

1909 yilning sentyabr` –oktyabr` oylarida Xivada bo’lgan Rossiya tashqi ishlar vazirligining vakili Minorskiy ham o’z hisobotida, «Islomxo’ja rus tilida bemalol so’zlashadi.U musulmon mamlakatlarida chiqadigan adabiyotlarni sinchkovlik bilan kuzatib boradi » deyiladi.

Darhaqiqat, Islomxo’ja «Taraqqiy», » Najot», «Turkestankiy kur`er», «Turkestanskaya vedomosti», «Turkiston viloyatining gazeti» (Toshkent), «Vaqt» (Orenburg), «Tarjimon», «Ma’lumot», (Qrim), «Iqtisod va taraqqiyot», «Ixdam» (Turkiya), «Xabl ul-Matin» (Xindiston) kabi nashrlarni o’qib borar, ularni jadid maktablaridayam o’qitishni muallimlarga tavsiya etardi.
Hattoki, O’rta Osiyoga birinchi bo’lib, foto va kinoning kirib kelishi, bu borada shu sohaning kashshofi bo’lgan Xudoybergan Devonovni qo’llab quvvatlagan Islomxo’ja edi.U Devonovni o’zi bilan 1907 yili Peterburga olib ketadi va «Pate» rusumli kinoapparatini Xorazmga olib kelishga yordam beradi.

Bundan tashqari,»Islomxo’janing islohot dasturida Xorazmni markaziy shaharlar bilan bog’laydigan temir yo’l qurilishiga alohida ahamiyat berilgandi.Islohotchining loyihasiga ko’ra, 1912-1913 yillari xonlik hududiga temir yo’l keltirish bilan aloqador tadqiqot ishlari o’tkaziladi.Unga ko’ra, temir yo’l tarmog’i Chorjo’ydan xonlikning shimolidagi Qo’ng’irot shahrigacha tortilishi va keyinchalik u davom qilinib O’rol-To’rg’ay guberniyasi orqali Aleksandrov-Gay bilan bog’lanishi kerak edi.Temir yo’lning uzunligi 700 verstga yetadi.Uning qurilishini rus sanoatchilaridan A.O. Brikel`meyker va K.YE.Nikolaevlar sheriklikda o’z zimmasiga olgan edilar.» ( «Turkestanskie kuryer» 1913 yil 14 aprel`,).

Shuningdek, 1910-1912 yillarda bosh vazirning topshirig’iga ko’ra, tajribali miroblardan iborat komissiya tashkil etilib, xonlikdagi barcha kanal va ichki ariqlarni nazoratdan o’tkazishadi. Komissiya loyqalardan tozalanadigan, ta’mirlanadigan va yangidan chiqariladigan ariqlarning aniq rejasini ishlab chiqadi va Polvon, G’ozovot, Qilich Niyozboy,Shovot kanallariga mustahkam temir ko’priklar qurishning loyihasini chizishadi.Ichki oraliq yo’llar hamda ichki ariq-yoplarga quriladigan inshoaatlar va ko’priklar mahalliy hokim va oqsoqollar zimmasiga yuklanadi.

1911 yilning bahor va kuzida Xorazmdagi barcha kanal hamda daryo qirg’og’idagi ixota dambalarda tuproq ishlari, tozalash va ta’mirlash o’tkaziladi, to’g’onlar va ko’priklar qurishga kirishiladi.
1911 yili Rossiyadan Polvon, G’ozovot , Qilich Niyozboy va Shovot kanallariga qurish uchun 4 ta ko’prikka yetadigan temir konstruktsiyalar olib kelinadi.Ushbu temir ko’priklardan ikkitasi Polvonyop va G’azavot kanallariga qurilgan.

Shu tarzda islohot dasturining bajarilishi asta-sekin bo’lsada, amalga osha boshlaydi.Islohotlar hattoki, Orenburgdagi jadidlarning «Vaqt», Turkiyadagi «Yosh turklarning» » Tanin» gazetalarida e’tirof etilib, taraqqiyparvarlik namunasi sifatida ko’rsatiladi.

«Turkestanskie kur`er» gazetasi bo’lsa 1911 yil 17 aprel` sonida Xorazmda amalga oshirilayotgan islohotlarni eng zamonaviy reformalar deya baholab, Islomxo’jani buyuk reformator deya atagandi. Ana shu gazetaning 1913 yil avgustidagi sonida Islomxo’ja muxbirga inter`vyu berib,» Endilikda xonlik butun kuchini mamlakat ichki taraqqiyotiga qaratmog’i lozim.Birinchi navbatda ma’rifatga, so’ngra savdo- sanoatga.Xivani Osiyoning qoloq davlatlari qatoridan chiqarish vaqti keldi. Xalq erkin nafas olmog’i kerak» degandi. Biroq, Islomxo’janing fojiali o’limi ana shu islohotlarning to’xtab qolishiga sabab bo’ldi.

FOJIALI KUN

Islomxo’ja bosh vazir sifatida tansoqchiga ega edi.Tansoqchisi Bobojon qatag’on faytun otda yurganicha doimo Islomxo’jaga hamrohlik qilardi.Biroq o’sha kuni—1913 yil 9 avgustda u xon saroyi Nurillaboydan uyiga tansoqchisiz qaytadi.»Chunki, Abdukarim mahram Islomxo’ja uyiga ketmoqchi bo’lganida, tansoqchisini iftorlikka so’rab olib qoladi.Qandaydir bahona bilan izvoshchi ham o’sha fojiali kuni o’zgartirilgandi.Bosh vazir kechqurun soat 9 larda foytun aravada Rofanik bog’i kun chiqar tomonidan «O’g’lon aziz bobo» qabristoni yaqinidan o’tib borardi.Izvoshchining keyinchalik eslashiga ko’ra, mozoristondan ikki kishi otilib chiqib, ularga hujum qilishadi.Dastlab ular ko’zga tashlanib qolmaslik uchun foytundagi fonus-chiroqlarni o’chirishadi.Islomxo’ja yonidagi to’pponchasini olishgayam ulgurmay qoladi.Niqob kiygan qotillar qo’llaridagi cho’qmor tayoq bilan otning manglayiga urib, unga ham shikast yetkazishadi.Izvoshchi yaqin atrofda hujum qilgan ikki kishidan boshqa yana o’ntacha kishi turganligini eslaydi.To’satdan yuz bergan dahshatdan va tanasiga urilgan qilich zarbidan izvoshchi hushidan ketadi.»(Abdulla Boltaev, «Islomxo’janing fojiali o’limi haqida», qo’lyozma).

Suidqasdchilar bosh vazir Islomxo’jani chavaqlab ketishgandi.Qotillar, tabiyki, ko’zdan g’oyib bo’lishdi. Mirshablar kelib ko’rishsaki, qotillik vahshiylarcha amalga oshirilib, Islomxo’janing bo’g’ziga tortilgan keskir tig’ zarbidan uning boshi tanasidan deyarli ajralib, boshi bo’yin terisiga zo’rg’a ilinib qolgan edi; tanasini qo’zgatish bilan u ham uzilib ketadi.Bosh vazirning yonidan 750 rubllik kredit bileti, 10 rubllik 3 ta tillasi va boshqa mayda pullari, bahosi 10 ming rubl turadigan brilliant qadalgan tilla portsigari, bahosi 2500 rubllik qahrabodan qilingan brilliant ko’zli munshtugi va bahosi 900 rubllik tilla soati topiladi.

Qotillar qimmatbaho buyum va pullarga tegmasdan faqatgina bosh vazirning oliy navli barra terisidan tikilgan cho’girmasini olib ketgandilar.Bu irim uchun qilingan bo’lib, o’sha vaqt xivaliklarda agar qatl qilingan kishining cho’girmasidan bir parcha kuydirilsa, jinoyatchining o’zi kelib qotilligini tan oladi, degan irim mavjud bo’lgan.
Tabiyki, pul va qimmatbaho buyumlarga tegilmagani, qotillikni o’g’irlik uchun qilingan degan farazni o’z-o’zidan yo’qqa chiqarardi.Bosh vazirning sirli ravishda o’ldirilishi siyosiy maqsadlarni ko’zlab amalga oshirilgan fitna ekanligi o’sha paytdayoq ayon bo’lgandi.

QOTIL QO’LGA OLINDI, BIROQ…

Qotillik ro’y bergan 9 avgust kuni bosh vazirni uyiga xonning tarjimoni Kornilov kuzatib borishi kerak edi.Ammo negadir u o’sha kuni qandaydir hujjatni axtarib, saroyda ushlanib qoladi.Kornilov devonxona boshlig’i Abdullajon bilan birga ma’lum bir vaqtdan keyingina saroydan yo’lga chiqib, Islomxo’ja izidan borishadi.»O’g’lon aziz bobo» qabristoniga yetganlarida esa bosh vazirning qonga belanib yotganligi ustidan chiqadilar.Kornilov shu yerda qolib, devonxona boshlig’i Abdullajon voqea haqida xabar berish uchun xon saroyiga ketadi..

Fojianing ertasiga o’ziga kelgan yagona guvoh—izvoshchi Shayxnazarboy yasovulboshining xizmatchilaridan uchtasini qotillik sodir qilingan joyda ko’rganligini aytadi.Ular darhol hibsga olinadilar.Tergovda Islomxo’jani Shayxnazarboy yasovulboshining navkarlari, toshhovuzlik Qurbonboy bo’zchi bo’g’izlagani aniqlanib, ertasi kuni hibsga olingach, u aybini tan oladi.Unga bu maxfiy buyruqni Abdurahim mahram berganligi, bosh vazirni o’ldirish Matvafo Baqqolov,Ashur va Ro’zmat mahramlar tomonidan pinhoniy kengashda rejalashtirgani ma’lum bo’ladi.Garchi, qotil va buyurtmachilar aniq bo’lsa-da, faqatgina Islomxo’jani o’ldirgan Qurbonboy hibsda saqlanib, qolganlar qo’yib yuboriladi.

Xalq o’rtasida qotil Qurbonboyni jazolash Ko’hna Arkda o’tkaziladi.Ko’hna ark oldiga ko’p olomon to’plandi. Qurbonboy bo’zchini zindondan qo’llarini bog’lab maydonga olib chiqishadi.Yasovulboshi Qurbonboyga qarata: «Xo’jamizning o’lgan voqeasini aytib ber, taningga tayoq tegmasdan burun ayt» deydi.Bo’zchi yasovulboshiga qarab, «Og’a, man bu voqeani hech bilmayman», deya javob qiladi.Shunda yasovulboshi «Agar aytmasang uramiz, o’zingdan ko’r» deb mirshablarga urishni buyuradi.Mirshablar qotilning yalang’och yelkasiga bor kuch-quvvati bilan qamchi tushiradilarki, og’ir zarbadan yalang’och badandan qon sachrab chiqadi.Yana shunday zarbalardan so’ng, qotil, » agar mani shunday azoblab o’ldirmoqchi bo’lsangiz, man ishni buzaman» deb baqirib yuboradi.Qurbonboy bo’zchining bu qichqirigidan so’ng, Abdukarim mahram, Matvafo karvonboshilar, unga ichi achingan bo’lib, aslida esa sir ochilib qolishidan qo’rqqan holda qotilni arkka olib ketishadi va alohida xonada saqlashadi.

Qotilga o’lim jazosi berilmagani va qotillik tashkilotchilari Abdukarim mahram Yasovulboshi,Matvafo Baqqolov bosh vazir,Ashur mahram bosh mahram lavozimini egallashi,xalq orasida mish-mishni keltirib chiqaradi.Ya’ni,bu holat Islomxo’janing o’limida o’z kuyovi Isfandiyorxonning qo’li bo’lishi kerak, degan shov-shuvga sabab bo’ladi.

XONNING QOTILLIKKA ALOQASI BORMIDI?

04Islomxo’janing o’limida Isfandiyorxonning qo’li borligi haqida xonlik tarixiga doir ba’zi kitob va maqolalarda ham aytib o’tiladi.Jumladan, D.Raxim va SH.Matrasul Feruz haqidagi «Shoh va shoir qismati» nomli kitobida » Isfandiyorxon Islomxo’jani xazinadagi pullarni behuda qurilish ishlariga sarfladi va rus imperatori bilan kelishgan holda meni bir kunmas-bir kun taxtdan chetlatadi, deb o’ylagan» ,( T, 1991 yil 55 bet) deya yozishadi.

Marhum professor O.Sobirov ham 1993 yil «Xiva» jurnalining 2-3 sonidagi maqolasida «Islomxo’janing yuksalib borayotgan obro’si Isfandiyorxonni tashvishlantirib qo’ydi» , deb qayd etgandi. Shuningdek, R.Hasan,A.Abdurasulov va N.Egamberdievalarning 1994 yil «Vatan» gazetasining 32-sonidagi, Otamurod Kushjonovning «Ma’rifat yogdusi» jurnalining 2001 yil 1-4 sonlaridagi maqolalarida ham aynan xazinani Islomxo’ja qurilish ishlariga sarflab bo’shatgani, Islomxo’janing xalq o’rtasida obrusi oshgani,Peterburgda imperator va amaldorlar bilan yaxshi tanishligi bois, xon o’z taxti qo’ldan ketishidan xavfsirab bosh vazirni yo’q qilgani ta’kidlanadi.

Shuningdek, o’sha davrda yashagan «Yosh xivaliklar» ning yo’lboshchilaridan Polvonniyoz hoji Yusupovning, hamda naqqosh, tarixchi Abdulla Boltaevning qo’lyozma asaridayam Isfandiyorxon o’z qaynotasi Islomxo’jani o’ldirtirgani qayta-qayta ta’kidlab o’tiladi.Polyozhoji Isfandiyorxonga muxolif bo’lgani uchun, u haqda salbiy fikrda bo’lgan.Abdulla Boltaev esa o’sha paytlari yosh bola ediki, uning ko’rgan, eshitganlari murg’ak qalbda Isfandiyorxon zolim xon bo’lgan degan xalqning fikridan kelib chiqqan.Darhaqiqat,Isfandiyorxonning maishatparastligi, aynan 1916 yilda «qiz solig’i » tufayli xalq qo’zg’oloni kelib chiqqani tarixdan ma’lum.Shu kabi uning atrofini, laganbardor, manfaatparast , fitnachi kazzoblar o’rab olganiyam haqiqat.Ammo bu boshqa masala.Qaynotasining o’limi esa umuman boshqa .

Avvalo, shuni aytish kerakki, Isfandiyorxonning bosh vazir meni taxtdan tushiradi, deya o’ylashi uchun hech qanday asos yo’q edi.Zero, u otasi Feruzning 1891 yil 4 sentyabr`da imperatorga qilgan iltimosidan so’ng valiahd qilib tayinlangan, 1910 yil avgustda otasi o’limidan so’ng taxtga chiqqandi.Qolaversa, o’sha davrda Xorazmda ham toju taxt vorisligi avloddan-avlodga o’tgan.Garchi Islomxo’ja saidlardan bo’lsa-da, o’zini xon deb e’lon qilolmasdi.Negaki, valiahd imperator tomonidan tasdiqlangandi.Imperiya qonunlarini buzish esa, u kim bo’lishidan qa’tiy nazar, o’lim bilan barobar edi.

Chor hukumati imperiya qonunlariga yot bo’lgan bunday harakatni ayovsiz bostirishi aniq edi.Buni xalq ham, Islomxo’ja ham yaxshi bilardi.Zotan, Xiva xonligi chorizmning vassali edi.Qolaversa, bosh vazirning islohot dasturini xonning o’zi tasdiqlagan, hayotda qo’llanilayotgan taraqqiyparvarlikni Isfandiyorning o’zi qo’llab turgan.

Xon chor hukumati va xalq o’rtasida Islomxo’janing obro’si oshdi, deya o’z qaynotasiga g’araz ko’zi bilan qarashi mumkin emasdi.Shu bois bosh vazir o’limida uning qo’li borligi shubhalidir.
Xazinani behuda qurilishlarga sarflab bo’shatdi, degan da’vo ham asossiz.Zero, Xivada bunyod bo’lgan pochta-telegraf binosi, maktab, saroy, shifoxona va boshqa inshoaatlar xonning o’zi tasdiqlagan islohot dasturiga ko’ra xazinadagi pullar hisobiga qurilgandi.

QO’G’IRCHOQ XON VA FITNACHI AMALDORLAR

Laffasiy va Bayoniy kabi murrixlarning yozishiga ko’ra, Isfandiyor yoshligidan yuvosh tabiatli, g’oyat iqtidorli kishi bo’lib, «Farrux» taxallusi bilan she’rlar bitgan.Kasb hunarga qiziqqanidan soatsoz va qilich yasovchi usta sifatidayam mashhur bo’lgan.Tijoratchi sifatida Rossiya va Sharq davlatlarini ham kezib chiqqan edi.Hatto rus tili, dunyo jug’rofiyasini mukammal bilgani bois, oldingi sahifalarda ta’kidlaganimizdek,Rossiya jug’rofiya jamiyatining a’zosi ham edi.

Avvalo, shuni esdan chiqarmaslik kerakki, Isfandiyorxon Islomxo’janing islohot dasturini qo’llab tursada, u Chor imperiyasining vassali edi.Qolaversa, xon saroyida Islomxo’jaga muxolifatda bo’lgan fitnakor amaldorlar guruhi ham mavjud bo’lgan.Shunday guruhlardan biri og’a-ini podpolkovnik Husayinbek, yasovulboshi Shayxnazarboy va Omongeldi Matmurodovlar edi.Har bir og’a-ini xonlikda hisobsiz yer, kattagina molu-mulkka ega edilar.Mabodo Islomxo’janing yerlarni o’lchash, soliqlarni tartibga solish, davlat amaldorlariga maosh to’lashdek islohotlari to’la amalga oshsa, ular ko’p narsadan ajralib qolardilar.Shu bois, og’a-ini Matmurodovlar imkoni boricha Islomxo’janing shaxsiyati va islohotini badnom etishga harakat qilishgan.Isfandiyorxon yuvosh va ko’ngilchan bo’lganligi bois chor imperiyasi bilan urush davrida qahramonlik ko’rsatib xalq o’rtasida katta shuhrat qozongan Matmurod devonbegining o’g’illarini saroydan to’la chetlashtirolmasdi.

To’g’ri, u dastlab 1911 yilda Islomxo’jani quvvatlab, Matmurodovlarning molu-mulkini musodara qiladi va ularni saroydan chetlashtiradi.Ammo og’a-ini Matmurodovlar chor amaldorlari bilan yaxshi aloqa o’rnatgani bois, 1913 yilda rus ma’murlari ta’sirida yana saroyga ishga tiklanib, mol-mulkini qaytarib olishadi.Biroq, shundan keyin ham og’a-ini Matmurodovlar rus ma’murlariga Islomxo’jani ig’vo qilishda davom etishadi. Jumladan, Husayinbek 1913 yil yanvarida Amudaryo bo’limi boshlig’i Likoshin huzurida bo’lib, unga bergan axborotida o’zining 1911 yil xon g’azabiga uchrab, og’ir kulfatlarga duchor bo’lishi va 1913 yil yanvarida yovmudlarning chorizmga qarshi ko’targan isyoni sababchisi Islomxo’ja ekanligini ta’kidlaydi.Shuningdek, u musodara qilingan, qiymati bir million rubldan ortiq bo’lgan mol-mulkining atigi 150 ming rublini qaytarib berilganiniyam aytib, uning qolgan qismini Islomxo’ja o’zlashtirgan, deya da’vo qiladi.Qolaversa, og’a-ini Matmurodovlar Islomxo’janing islohotlaridan norozi bo’lib, bu haqda xonga ariza ham yozgandilar.

Chor hukumati, ayniqsa, Amudaryo bo’limi xonga ta’sir o’tkazib, Xivaning ichki ishlariga muntazam aralashib kelar, zero, ular uchun Isfandiyorxon qo’g’irchok hukmdor edi. Matvafo,Abdurahmon va Sharif Baqqolovlar Islomxo’jaga muxolifatda bo’lgan ikkinchi guruh vakillari edi.Tog’a-jiyan Baqqolovlar ham ko’plab yer, mol-mulk sohibi bo’lib, ular ham o’tkazilayotgan yer, soliq islohoti bois anchagina mol-mulkidan ajralib qolishdan qo’rqar, shuning uchun bosh vazirga nisbatan doimo adovatda bo’lib kelishar edi.

1899 yildan xon saroyida tarjimonlik qilgan V.N.Kornilov u haqda «Matvafo nihoyatda yulg’ich bo’lib, og’ir soliqlar bilan xivaliklarga zulmini o’tkazdi.Xivaliklar uni juda yomon ko’rishadi.U turkmanlarga yashirincha ig’vo qilib, ularni talonchilikka gij-gijlardi.Matvafo judayam uddaburon bo’lib, har qanday yo’llar bilan bo’lsa ham xon saroyida birinchi lavozimni egallash uchun harakat qildi» , deb yozgandi. Bundan tashqari, Amudaryo bo’limining boshlig’i Likoshin Turkiston general gubernatoriga yozgan axborotida, » Xonlikda barcha ishlar Baqqolov va uning og’a-inilarining savdo tijorat manfaatlari yuzasidan olib borilmoqda.Jamiki davlat tadbirlari ushbu savdogarlarning shaxsiy boyligini oshirishga qarata hal etilmoqda» ( O’ZMARDAVARXIV, f.i 2, op 2, d 476, 53 bet).

N.S. Likoshin shuningdek, Islomxo’ja vafotidan so’ng, 1913 yil dekabrida general-gubernatorga yozgan axborotida, «Marhum Islomxo’ja savdogar emasdi.Shuning uchun u savdogarlarga boshqacharoq qarardi.Savdo ishlaridan xoliligi tufayli, xonlikdagi islohotlarni hatto o’zining shaxsiy manfaatidan ustun qo’yardi.Xonlikning hozirgi mulkdor amaldorlari bo’lsa, o’zlarining savdo tijorat daromadini oshirish bilan mashg’ul bo’lmoqdalar»(yuqoridagi arxiv, f,i 2, op 1, d 475, 54 bet). Hattoki, xonlikdagi eng ayyor va boy savdogar Matvafoning inisi Abdurahmonboy Yangi Urganch hokimi qilib tayinlanib, Matvafo safarga ketganida bosh vazirlik lavozimini ham egallab turadigan darajaga yetadi.

Islomxo’ja 1911 yilda Yangi Urganch, Hazorasp, Pitnak, Monoq va Darg’onotadagi yerlarni xon tasdiqlagan islohot dasturiga ko’ra qaytadan o’lchatib chiqqandi. Shunda ushbu bekliklarda og’a-ini Matmurodovlar hamda tog’a-jiyan Baqqolovlarning behisob yerlari borligi, ular davlat hisobiga kiritilmay, xonlik xazinasiga soliq to’lamayotganlari aniqlangandi.Shu bois og’a-ini Matmurodovlar hamda tog’a-jiyan Baqqolovlar saroydan chetlatilib, aniqlangan xufiya mol –mulki xon farmoniga ko’ra musodara qilinadi.O’shanda har ikkala guruh chorizmning Amudaryo bo’limi boshlig’iga shikoyat qilib, Islomxo’ja faoliyatiga chek qo’yishda ko’mak so’ragan edilar.

Islomxo’ja esa islohotlari va unga to’g’anok bo’layotgan amaldorlar haqida 1911 yilning 3 dekabrida, polkovnik Gulushanovskiyga shunday maktub yo’llab, vaziyatni tushuntirib o’tgandi: «Biz amalga oshirayotgan islohotlar xon atrofidagi amaldorlar manfaatiga, albatta ma’qul tushmadi.Ular avvalgi xon davrida ham katta yerlarni egallab, behisob foyda olib kelganlar.Shu boisdan norozi bo’lgan amaldorlar tomonidan bir qancha maxfiy majlislar o’tkazilib, unda xalqni islohotlarga qarshi qo’zg’atishga qaror qilingan.Mazkur amaldorlar xalq nomidan norozilik maktublari uyushtirib, ularni o’z muhrlari bilan tasdiqlab, islohotdan norozi ekanliklarini bildirmoqdalar.Maktublarda hatto haqoratli bo’htonlar ham ishlatilmoqda» (O’ZMARDAVARXIV, f 2, op 1, d 289, 207 bet).

Aynan 1911 yildagi voqealardan so’ng har ikkala guruh rus ma’murlari bilan yaqinlashib, Islomxo’jaga nisbatan ochiqchasiga dushmanlik yo’liga o’tdilar.Zero, xalq o’rtasida Isfandiyorxonning emas, balki og’a-ini Matmurodovlar va tog’a-jiyan Baqqolovlarning obro’si tag’in-da tushib ketdi.Negaki, ular soliqlar bahona xalqni beayov talash, behisob yerga egalik qilib, xazinaga sariq chaqayam to’lamaslik evaziga boyirdilar.Islomxo’ja esa 1911 yilda ularning kirdikorini cheklab, yanada obro’ orttiradi.U fitnakor amaldorlar molu mulkini Isfandiyorxon roziligi bilan tortib olgandi.Shu bois har ikkala guruh Isfandiyorxonning ishratga o’chligidan foydalanib, Islomxo’ja bilan uning orasini buzishga intildi.Negaki, xonning katta xotini Azizaposhshabika Islomxo’janing qizi edi.Fitnakor amaldorlar ishratga o’ch xonga turli bekliklardan yosh va chiroyli qizlarni keltirib berardilar.Hatto, Baqqolov va Ashur mahram tashabbusi bilan Nurillaboy saroyining orqa tomonida 70 ming tilla sarflab, maishatbozlik uchun mo’ljallangan maxsus ko’shk ham quriladi.Tabiyki, bu ishlar xonning qaynotasi bo’lmish Islomxo’jaga ma’qul kelmas, u kuyovi Isfandiyorga bu axloqsizlikni yig’ishtirish haqida bir necha bor nasihat qilgandi.
Chor ma’murlari esa har ikkala guruhbozlarni qo’llab, Islomxo’ja faoliyatini kuzatuv ostiga olgandilar.Negaki, u chor hukumati uchun g’oyaviy dushman bo’lgan jadidlarni qo’llayotgan, Xorazmda maktablar barpo qilayotgan, hatto «yosh xivaliklar» harakatini qo’llab quvvatlayotgan, chorizmga qarshi tinimsiz isyon ko’tarayotgan turkman yovmudlari bilan yaqin aloqada edi.Hatto, u 1913 yil boshida turkmanlarga qarshi yurish qilish tashabbusiga qarshi chiqqandi.Yovmudlar isyoni umumxalq qo’zg’oloniga aylanib, chorizmning mustamlakachiligiga chek qo’yishi mumkinligini chor hukumati yaxshi bilar, shu bois Islomxo’ja nafaqat guruhbozlarning, balki mustamlakachi chor hukumatining-da dushmaniga aylangandi.

045

QOTILLIKDA CHOR HUKUMATINING QO’LI BORMI?

Islomxo’ja 1896-1913 yillarda besh marotaba Rossiyaning Peterburg va boshqa shaharlariga borgan.Imperator Nikolay 11 Romanov bilan ham ko’p bor muloqotda bo’lgan va tabiyki, u bilan rus tilida bemalol dunyo siyosati haqida suhbatlashgandi. Shu suhbatlardan keyin Islomxo’ja oqposhshani g’oyat qiziqtirib qo’ygandi.Ayniqsa, uning xonlikda amalga oshirayotgan ishlaridan boxabar bo’lgan imperator,Peterburgda kimlar Islomxo’ja bilan uchrashishigacha jandarmeriyadan surishtiradi.Qolaversa, Amudaryo bo’limi va jandarmeriya Islomxo’janing chor hukumati dushmanlari bo’lmish jadidlar va isyonkor yovmudlar bilan aloqasi yaxshiligini xabardor qilganligi tabiiy.

Negaki, 1913 yil 4 yanvarda Turkiston general-gubernatori harbiy ministr Suxamlinovga maxfiy xat yo’llab, «Xonlikda 1910 yilgacha hukm surgan osoyishtalikni saqlab turish, xalq g’alayonlarining oldini olish uchun Islomxo’ja faoliyatini jilovlash chora-tadbirlarini ko’rish lozimga o’xshaydi» degandi(Rossiya Markaziy Davlat Arxivi, 400-fond, 62-delo, 155-sahifa). Shu bilan birga, general Samsonov Peterburga yo’llagan maxfiy xatida Islomxo’jani chet elga jo’natish, surgun qilish haqida buyruq berish lozimliginiyam aytib o’tgandi.Ammo tashqi ishlar ministrligi bu taklifni ma’qullamagan.

«Rossiya Markaziy Davlat Arxivining 400-fond, 178-delo, 50-54 sahifalaridagi manbaga ko’ra, Islomxo’ja Peterburgdagi » Musulmonlar xayriya jamg’armasi» ga borib, u yerda Eron va Turkiya elchilari Tarxon poshsho, Is’hoqxonlar bilan uchrashgan.Kechqurun Marinin teatrida ularni mehmon qilib, suhbatlashgan.Tabiiyki, musulmon mamlakatlari elchilari bilan Xiva xoni bosh vazirining til topishgani chor hukumatiga yoqmasdi. Yetilib kelayotgan jahon urushi arafasida chor hukumatiga raqib bo’lgan Turkiya hukumati elchisi bilan mustamlaka xonlik bosh vazirining suhbatlashishi, chor hukumati uchun, ayniqsa, chidab bo’lmas hol edi.

Islomxo’ja dunyo siyosatidan boxabar bo’lib, Turkiya-Eron, Eron-Italiya, Turkiya-Germaniya, Rossiya-Turkiya iqtisodiy va harbiy munosabatlari mohiyatini to’la anglab yetgan, mustamlakachilikning ham paymonasi to’layotganini sezib turardi.Bu esa chor hukumati uchun qo’rqinchli bir hol edi.Shu bois chor jandarmeriyasi Peterburgda bo’lgan Islomxo’janing har bir qadamini kuzatib, kim bilan nima haqida suhbatlashganigacha shaxsan imperator Nikolay Romanovga axborot berib borgan.Islomxo’ja Xivaga qaytgach ham kuzatuv ostida bo’lgandi.Negaki, Peterburgda bosgan qadamini ko’zdan qochirmagan Nikolay 11 uning Xivada nimalar qilayotganini ham bilishni istardi.

Amudaryo bo’limi boshlig’i general gubernatorlikka yo’llagan ma’lumotida o’z kuzatuvlarini quyidagicha izohlagandi: » Saroyning eng nufuzli odami, xonning birinchi amaldori Islomxo’janing uyini o’ziga xos kichik saroy desa bo’ladi.Bu yerga saroyning katta va kichik a’yonlari ham «salom»ga kelib turadilar.Ular yig’ilishib eng muhim masalalarni muhokama qiladilar» ( O’ZMARDAVARXIV, f 2, op 1, d 289, 17 bet).

Shu bilan birga, bo’lim tomonidan 1912 yil 12 avgustda Toshkentga yo’llangan axborotda bosh vazirning uyidagi holat haqidayam ma’lumotlar berilgandi: «Vaziri Akbar Islomxo’ja jadid maktabining va uyidagi farzandlarining o’qituvchisi yosh tatar muallimi Abdurashidovning faoliyati alohida e’tiborga ega.Afsuski, Abdurashidov o’qituvchilik ishlaridan tashqari Xiva xonligini ichki siyosatida ham faol qatnashmoqda.U Islomxo’janing uyida yashab, yashirin kengash o’tkazib turadi.Bu kengashga Abdurashidov maslahatchi va rahbarlik qiladi.Islomxo’ja ishtirokidagi kengash majlislarida asosan Xiva—Rossiya munosabatlari muhokama qilinadi. Abdurashidov yig’ilgan Xivaliklar ongiga Xiva xonligini Rossiya qaramog’idan ozod qilish va xonlikni taraqqiy etdirish g’oyalarini singdirmoqda»

Tabiyki, bunday chor mustamlakachiligi uchun zararli bo’lgan xufiya axborotlarni olgach, general gubernatorlik Abdurashidovni vohadan yo’qotish choralarini ko’radi.Natijada «Amudaryo bo’limi 1913 yil yozida Abdurashidov va boshqa jadidlarni Xivadan o’z yurtlariga jo’natib yuboradi» ( «Turkestanskiy kur`er, 1913 yil 21 avgust).

Abdurashidovni uyida saqlagan bosh vazir uni vohada olib qolishga intilmasin ,chor ma’murlari bunga yo’l qo’ymaydilar. Saroy esa bu paytda fitna uyasiga aylanib bo’lgan, Islomxo’jaga muxolif sanalgan har ikkala guruhni Amudaryo bo’limi qo’llab turgandi.

Qolaversa, fitnakor Husaynbekka podpolkovnik, ukasi Omongaldiga esa birinchi darajali Muqaddas Anna ordeni bekorga berilmagandi. Og’a-ini Matmurodovlar chor hukumatining eng ishonchli odamlari ediki, ularni shu bois taqdirlashgandi.Hatto, har ikkala guruhning 1911 yilda tortib olingan molu-mulkining qaytarib berilishidayam chor hukumatining qo’li bor edi.Amudaryo bo’limi boshlig’i polkovnik Kolosovskiy ularga yordam berib, qo’llab turgandi.U 1914 yil 31 dekabrda Turkiston general-gubernatoriga yuborgan axborotida » Bizning Xiva xonligi saroyidagi fitnalarga aralashuvimiz va xon saroyida Matmurodovlar guruhini tiklashimiz bosh vazir Islomxo’janing qatliga omil bo’lgan sabablardandir» , deya yozgandi.

Hatto, Isfandiyorxon polkovnik Kolosovskiyning Matvafo Baqqolovni bosh vazirlikka tayinlash haqidagi taklifiga e’tiroz bildirganida, u » Matvafo senga kerak bo’lmasa menga kerak», deb mahalliy hukmdorni –Xiva xonini jerkib tashlagandi.Ko’rinib turibdiki, xonni ham nazariga ilmaydigan polkovnik Kolosovskiyga Matvafo Baqqolovdek fitnakor malaylar kerak edi..

Xon saroyida tarjimonlik qilgan V.N.Kornilov esa » Matvafo Islomxo’ja qatlining aybdoridir.Bu faqat mening emas, balki xonlikdagi insonlar fikridir», deya yozgandi.Shu boisdan ham uning Islomxo’jaga suiqasd qilingan paytda Turkiston general-gubernatorligining Peterburg politsiya departamenti vitse-direktoriga yuborgan ma’lumotida, bosh shtabning Osiyo bo’limi boshlig’i general Seylning bosh vazir qatli bo’yicha ishni bosdi-bosdi qilgani,bu ish uchun 200 ming rubl pora olgani,Seyl bu puldan 20 ming so’mini harbiy ministr Suxamlinovga bergani qayd qilingan.

Nikolay 11 Islomxo’ja o’limidan xabardor etilgan bo’lsada, u suiqasd tafsilotini surishtirib o’tirmadi.Negaki, kim ham o’z etagini o’zi ko’tarardi.Zero, mustamlaka o’lkalarda silliqqina siyosat yuritish uchun doimo u yerda fitna va ig’vo chiqarib turish, o’z yurti ravnaqini o’ylaydigan islohatchilarni yo’q kilish sinalgan usullardan edi.Shuning uchun chor hukumati, jandarmeriya,Amudaryo bo’limiga boshliq bo’lgan Gulushanovskiy, Likoshin, Kolosovskiylar Xiva xonligidagi fitnakor guruhlarni rag’batlantirib, ularni Islomxo’jaga qarshi gij-gijlab turishdi.Xivaning xalqparvar, ma’rifatparvar bosh vaziri Islomxo’ja ana shunday qattol siyosat, fitna qurboniga aylangandi.

Biroq, shunday bo’lsada, Islomxo’ja jahon xalqlari taraqqiyotidan bir necha asr ortda qolgan, ba’zi sohalarda o’rta asrcha mustabidlik hukm surayotgan Xiva xonligida o’zgarish yasashga urindi va dastlabki natijalarga erishdiki, bular tarix sahifalaridan yorqin joy oldi.

09

(Tashriflar: umumiy 8 156, bugungi 1)

5 izoh

  1. Ushbu maqolani yozishda qaysi adabiyotlardan foydalanganingizni qoshib qo’ysangiz yaxshi bo’lar edi.

Izoh qoldiring