Umid Bekmuhammad. O’zbek fotokinosining asoschisi.

045

  Худойберганнинг бахтига ўша вақтда Хоразм ҳукмдори созанда, бастакор ва шоир Ферузхон эди.Агарки, унинг ўрнида тарих ва тақдир ҳукми билан худди ўтмишда кўп бўлганидек, маишатпараст ёхуд жаҳолатгўй кимса хон бўлганида Худойберганнинг ишлари умуман олдга силжимаган, кўпгина тараққийпарварлар сингари ҳатто ўлимга маҳкум ҳам этилган, шу тариқа 19 аср охири ва 20 аср бошларида ўзбек фотокиночилигига Хивада асос солинмаган бўларди.

001
Умид Бекмуҳаммад
ЎЗБЕК ФОТОКИНОСИНИНГ АСОСЧИСИ
009

044 Хон билан бирга Петербург ва Москвага бориб қайтаётган сарой аъёнларидан бири онасига ўрис рўмол, яна кимдир тўртинчи кенжатой хотинига фаранг узуги, бошқа бири эса европача костюм олиб қайтарди.Ферузхон Худойберганнинг олган буюмларини кўриб, унга тасанно айтди! Негаки, унинг Хивага олиб келаётган учта буюми ўз даврининг мўъжизаси эди: Худойберган Девонов 1907 йили Хоразмга граммафон, фотоаппарат ва “Патэ” русумли киноаппаратни олиб келган эди…

Худойберган Девонов — 1879 йили Хивада, Қадам Ясовулбошининг мирзаси бўлиб хизмат қилувчи Нурмуҳаммад девон ва Рўзика ая хонадонида таваллуд топганди.Отасининг Хива яқинидаги Бадирхон қишлоғида 6 гектар ери, 4 та ҳўкизи ва 2 та оти бор эди. Отаси, кейинчалик Худойберганнинг ўзи ҳам саройдаги ишлар билан банд бўлганлиги сабабли, ерини яримчиларга бериб, келадиган фойда эвазига яшашган.Шу туфайли ҳам унда Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғидаги меннонит немислардан ( Меннонит немислари христиан динининг аннабатизм мазҳабидан ажралиб чиққан оқим бўлиб, улар диний эътиқодига кўра, қўлига қурол ушлаб урушларда қатнашиш, умуман одам ўлдириш, ҳаётига тажовуз қилишни гуноҳ ҳисоблаганлар. Шу боисдан ҳам уларнинг тақдирига ватанлари—Гурмания ( Пруссия) нинг Марионбург ўлкасини ташлаб, Россияга келишлари ёзилган экан. Чунки, Пруссия ҳукумати 19 аср бошларида урушга тайёрланар экан, меннонитларни ҳам фронтга жалб этишга қарор қилганди. Бу эса меннонитлар эътиқодига зид бўлгани учун, Марионбурглик муҳожирлар Россияга келиб яшай бошлашади.

056 Азалдан чор империяси амалдорлари сиёсат юргизишда немисларга таянгани учун, меннонит миллатдошларига бу ерда яхши шароит яратиб берилади.Аммо Россиядаги барча эркакларни ҳарбий хизматга жалб этиш тўғрисидаги император фармонидан кейин, меннонитлар у ерни ҳам эътиқодларига кўра ташлаб кетмоқчи бўладилар. Шунда асли келиб чиқиши немис зодагонларига мансуб империянинг Кауфман, Дреш сингари генерали немис-рус оқсуяклари меннонитларга Ўрта Осиёга боришни таклиф қилишади.Шу тариқа 1883 йилда улар Хива хонлигига келиб ўрнашишади.Хон Феруз меннонитларга биргина шарт-воҳада чўчқа боқмасликнигина ўтиниб сўрайди ва уларни Хива яқинидаги Оқмасчит қишлоғига жойлаштиради.Ана шундан кейин Оқмасчит немислари деган атама ва хонликдаги этник жамоа пайдо бўлади), хусусан фотосуратчи Вильгелм Пеннердан суратга туширишни ўрганишга имконият бўлган.(Суратда: Отаси Нурмуҳаммад девон тиклаган ва Худойберган Девонов туғилган хонадон)

Агарда бўлажак фотокиночи оддий деҳқон ёки этикдўзнинг фарзанди бўлганида, 19 аср охиридаги тирикчилик ташвишидан умри ерга ишлов бериш, оёқ кийим ямаш билан ўтиб кетарди.

Сарой мирзосининг оиласида туғилган, ўзига тўқ Худойберган аксарият воҳаликлар каби деҳқончиликка эмас, илму фанга, техникага қизиқди. Мактабда таҳсил олди. Шу билан бирга Хивада кийим-кечак билан шуғулланувчи дўкон очиб, савдо билан машғул бўлди. Техникага қизиқиш устунлик қилгач эса, савдогарчиликни йиғиштириб, соатсозлик билан шуғулландики, бу ўша 19 асрда ҳам катта янгилик бўлиб, фақат хон, унинг баъзи амалдорлари ҳамда Хива хонлигидаги Чор Русияси акскарларидагина соат бор эдики, Девонов уларга соат сотиш, бузилганларни таъмирлаш билан шуғулланди.

038 Вильгелм Пеннердан 1890 йилдан бошлаб фото, 1907 йилдан эса кино сирларини ўрганган Худойберган, оддий авом кишилар ва мутассиб руҳонийларнинг “Шайто суратчи”, “Афсунгар киночи” дея қарашларига қарамай, тараққиёт маҳсули бўлган мўъжизавий оламга қадам қўйди.Бу борада уни маърифатпарвар Хива хони Феруз қўллаб-қувватлаганини таъкидламоқ лозим. (Суратда: Вильгелм Пеннер)

Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқ лозимки, Худойберганнинг бахтига ўша вақтда Хоразм ҳукмдори созанда, бастакор ва шоир Ферузхон эди.Агарки, унинг ўрнида тарих ва тақдир ҳукми билан худди ўтмишда кўп бўлганидек, маишатпараст ёхуд жаҳолатгўй кимса хон бўлганида Худойберганнинг ишлари умуман олдга силжимаган, кўпгина тараққийпарварлар сингари ҳатто ўлимга маҳкум ҳам этилган, шу тариқа 19 аср охири ва 20 аср бошларида ўзбек фотокиночилигига Хивада асос солинмаган бўларди. Шукрки, унинг ва халқимиз бахтига ва тақдир тақозосига кўра Хива хони Ферузхон эди.Шу боисдан ҳам Худойберганни Феруз саройга ишга олди, ўзи билан бирга Россияга ҳам олиб кетганди.

феруз Мутаассиблик авж олган бир пайтда хоннинг тараққийпарвар маслакдошини қўллаганини ҳам миннатдорчилик билан айтмоқ лозимки, у баъзи шайхулислом ва жаҳолатгўй бандалар Худойберганга фото билан, киночилик билан шуғулланиш гуноҳ дея зуғум ўтказишган пайтларда, ўзи ибрат бўлиб суратга тушди.Бироқ Ферузхоннинг 1910 йилдаги ўлимидан сўнг вориси ва ўғли Асфандиёрнинг атрофини жаҳолатгўйлар қамраб олгани, Исломхўжадек тараққийпарвар бош вазирнинг 1913 йилдаги ўлимидан сўнг, Девоновнинг фотокино борасидаги ишларини қўллаб қувватлайдиган инсонлар қамрови камайди. (Суратда: Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз)

Аммо Девонов ҳам тараққийпарвар зиёли бўлгани учун 20 аср бошларидаги жадидчиликдек миллий уйғониш ҳаракатига қўшилади.Хоразмлик жадидлар-“Ёш хиваликлар” ҳаракатидаги Полёзҳожи Юсупов, Мулла Бекчон Раҳмонов ва Бобоохун Салимов каби зиёлилар билан маслакдошликда иш олиб борди.

Шу билан бирга хонлик саройида ишини давом этдириб,Хоразм пулларини босадиган зарбхонага мудирлик қилди, Асфандиёрхон, Саид Абдуллахон ҳамда уларнинг оила аъзоларининг, баъзи сарой амалдорларининг ҳам суратларини ишлади, уларга сураткашликни ўргатди.Чунончи, Асфандиёрхон ҳали шаҳзодалик пайтида Фаррух тахаллуси билан ижод қилган шоир географияга ҳам қизиқиб Россия гоеграфия жамиятининг аъзолигига сайланган иқтидорли инсон бўлгани сабаб, Худойберган Девоновдан фотография сирларини ҳам ўрганганди.

1915 йилларга келиб, Хоразмда унинг яратган янгилиги-фото ва киночиликка гарчи мутассиблар қаршилик кўрсатсада, одамлар кўникиб бошлашган эдилар.Шу боисдан у фото ва кинолавҳалар яратиб, Абулғози,Огоҳий ва Баёнийнинг тарихнавислигини давом этдирган ҳолда, ўз давроида рўй берган воқеа-ҳодисаларни фотокинотасмаларга муҳрлаб, тарихчилик вазифасини ҳам бажарган.

Эътиборлиси шундаки, Девонов суратга туширган лавҳалар чиройли композициялар, озода кийинган, кинога тушишга шайланиб турган кишилар эмас, ҳаётнинг тасмадаги аксидир.Энг ҳайратланарлиси, бирорта яратилган лавҳада кишиларнинг объективни сезгани, нигоҳини, юриш-туришини ўзгартиргани, яъни сунъий ҳаракат этгани сезилмайди.

Айниқса, мутаассиблар таъсирида авом одамлар суратга тушмоқликка ҳаракат қилган, қўрққан онларда, уларни бунга кўндириш қийин эди.Уларнинг муҳитига кириб, бу аппаратлар тараққиёт натижаси эканлигини тушунтиргани, одамларни фотокиноаппаратлар олдида эркин ҳаракат қилишга одатлантира олгани Девоновнинг нафақат оператор ёки сураткаш, балки билимдон режиссёр бўлганиниям кўрсатади.Шу билан бирга у одамларни тўплаб, ўзи олган кинолавҳаларни намойиш этиб, киносеанс ҳам ўтказиб турганки, бу кинони 20 аср бошларида кенг омммага тарғиб этган тараққийпарварлик ҳам бўлган.

1917 йил апрелида Хивада жадидлар — “Ёш хиваликлар” Асфандиёрхонга давлатни Идораи Маршрутия — яъни парламент орқали бошқаришни талаб қилиб чиқишади.Халқ ҳам жадидларни қўллаб қувватлгач,Асфандиёр олдинига Кенгаш-парламент тузишга рози бўлади.Бироқ сўнгра мутассиблар таъсирида ва чор армияси генерали Мирбадалов ёрдамида “Ёш хиваликлар”ни таъқиб қилиб, ҳатто уларни ўлдиришга ҳаракат қилади.

Шундан сўнг “Ёш хиваликлар” дан Полёзҳожи Юсупов , Худойберган Девонов ва бошқалар Тошкентга кетиб муҳожирликда яшашга мажбур бўлишади.Девонов Тошкентдалик пайтида фотография билан шуғулланиб кўплаб суратлар ишлайди.

1920 йилда хонлик тугатилиб ХХР ташкил этилгач, Худойберган Девонов жадид дўстлари билан ёш республиканинг ҳукумат таркибига киради.Молия нозири, тафтиш комиссияси раиси каби лавозимларда ишлади, Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Хоразм қоғоз фабрикасини қуришга интилди.

 Молия нозири сифатида ХХРнинг мато ва қоғоз пуллари билан бирга, чақа-танга пуллар зарб этишни ҳам йўлга қўйди.Шу билан бирга у фото ва киночилар ҳаракатини кенг қамровда давом этдиришга интилиб, республиканинг турли жойларида фототўгараклар очди, мактаб, интернат ва билим юртларида ўқув курслари ташкил этди.Фотокино тарихи, босиб ўтилган жараён, тажрибалари ҳақида мақолалар ёзди.

Айни пайтда эса ўзи шогирдлари билан Хоразмнинг турли жойларидан лавҳалар ишлади, ташкил этилган газеталарга суратлар бериб бордим.Кинотеатр очишга ҳам ҳаракат қилди.
ХХР ҳукумат аъзоси сифатида Х.Девонов сиёсий фаолият ҳам олиб бориб, 1923 йилнинг август-декабр ойларида Москвада халқ хўжпалиги кўргазмасини ташкил этишда қатнашди.Кўргазмага нафақат сиёсий арбоб, балки етук кино устаси сифатида ташриф буюриб, “Хива ва хиваликлар”, “Ўрта Осиёнинг меъморий ёдгорликлари” номли кинолавҳалар ишлаб, уларни россияликларга намойиш этди.

049 1924 йилда ХХР тугатилгач, у сиёсий фаолиятдан четлашиб, умрини санъатга бағишлади.Шогирдлари билан фотокинолавҳаларни суратга олди. Кейин эса “Узбекистанская правда” газетасининг Хоразмдаги, Москвадаги “Совкино” нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири бўлиб, суратлар олди, кино ишлаш билан машғул бўлди.

Аммо 1928 йилдан шўроларнинг мажбурий равишда авж олдириб юборган коллективлаштириш сиёсати Худойберган Девонов ҳаётига ҳам таъсир қилди.Яъни у бор ери, молу мулкини ташкил қилинган Хивадаги колхозга топширишга мажбур бўлади.Бу ҳол сабабини у кейинчалик шундай дея тушунтириб ўтган экан: “Агар 1926-27 йилларда 15 ярим таноб келадиган ер сувимни давлатга топширмаганимда, мени ўша вақтдаёқ, албатта қулоқ қилган ва бутун хўжалигимни тортиб олган бўлардилар.Мен шу ҳолни эътиборга олган ҳолда шундай қилишга мажбур бўлдим”.

Девоновни молу мулкини колхозга топширига мажбур қилган ҳолат, 1926 йилда ЎЗССР МИК Жиноят кодексининг 80 моддасига қўшимча киритган, унда “ ер майдонини яширган ёки қишлоқ хўжалик асбоблари сони ҳақида нотўғри маълумот берганлик учун 3 йилгача муддат билан озодликдан маҳрум этилиб, молу мулки мусодара қилиниши назарда тутилган эди” (“Қизил Ўзбекистон” газетаси, 1926 йил 25 декабрь).

Бундан ташқари ЎЗССР халқ комиссарлари советининг “Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодекси тадбиқ этилиши лозим бўлган қулоқ хўжаликларининг белгилари ва шундай хўжаликларни ҳисобга олиш тартиби тўғрисида” 1930 йил 6 апрелда 52-сонли қарори чиққанди.

Мазкур қарорнинг турли бандларида, “Қишлоқ хўжалик ишларида, касб ҳунармандчиликда, корхоналарда мунтазам равишда ёлланма меҳнатдан фойдаланувчи деҳқон хўжаликлари, оиласида меҳнатга яроқли эркаклар ва ўз ерига ишлов бериш учун хўжалик имкониятлари бўла туриб, ўзининг ерини ижарага берувчи ёки унга чорикорлар орқали ишлов берувчи хўжаликлар” қулоқ сифатида жазога тортилиши, ўз юртларидан бадарға этилиши белгилаб қўйилганди.

Девоновлар оиласи эса Хивадаги Бадирхон қишлоғидаги ери ва 4 ҳўкизи, 2 та отини мудом ижарачиларга бериб келганди.Юқорида чиққан қарорлардан сўнг, Девоновлар оиласи бор молу мулкини колхозга топширишга мажбур бўлди.

Ана шу воқеалардан сўнг Девоновнинг ҳаёти оғирлашиб, моддий томондан аҳволи қийин бўлиб қолади.Чунки нафақат у, балки отаси ҳам ер, молу мулкини ижарага бериб, шундан келган фойда ҳисобига яхши яшашган, Девонвнинг ҳам ижод қилиб, фотокиночилик билан машғул бўлишига имкон бўлганди.Коллективлаштиришдан кейин эса…

Хуллас, у аҳволи оғирлашганидан бошқа танишларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлади.Чунончи, у 1928 йилда Тошкентга бориб, ер ишлари халқ комиссарлигида ишлаётган Карим Болтаев ёнига боради.Девоновнинг Тошкентга келишига сабаб, у янги фотоаппарат олиш учун у ерга борганди.Бироқ, пули етмагани боис, Карим Болтаевдек ҳамюртидан ёрдам сўрайди.Девонов ҳамюртидан шу билан бирга, ўзининг Фарғона водийсига бориб, бораётган жараённи суратга олмоқчи эканлигини айтади. Хуллас, Болтаевнинг берган ёрдамидан сўнг у водийга бориб суратлар ишлайди.Натижада, 1928 йилда “Узбекистанская правда” газетаси саҳифаларида Девоновнинг водийдан суратга олган фотолавҳалари чоп этилади.

Ўша таҳликали , айни пайтда Девоновга ўхшаш зиёлилар хўрланиб қолган пайтда биринчи фотокинооператорга Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев каби республиканинг раҳбарлари аҳволни тушуниб ёрдам беришган.

Хусусан, 1935 йилнинг сентябрида Акмал Икромов Урганчга келганида,Девонов олий мартабали меҳмон ва яқин таниши бўлган давлат арбобини суратга тушириш учун олдига боради.Ана шунда ,А.Икромов Хоразмлик раҳбарларга қарата, “Буни қаранглар-а”,Девон ота ҳам кесайиб қолипти.Унга нафақа тайинлашни сўраб, округ ижроия комитети номидан хат тайёрланг ва тезроқ Тошкентга юборинг” дейди.

Шу сабаб, Девонов тегишли ҳужжатларни тайёрлаб,Тошкентга боради.Бироқ,Акмал Икромов йўқлиги туфайли у ҳамюрти,Ўзкомпартияда ишлаётган ижодкор Қурбон Берегин билан учрашади.
Хуллас, шу саъйи ҳаракатлар сабаб,Файзулла Хўжаев имзоси билан Девоновга нафақа тайинлаш тўғрисидаги халқ нозирлари кенгашининг қарори чиқади ва у ойига 300 сўм нафақа оладиган бўлади.

У нафақат Хоразмдан, балки Тошкент ва Фарғона водийсидан ҳам лавҳалар яратиб, 1937 йил августигача давр солномачиси сифатида фаолият кўрсатган.Ўша йилнинг 17 августида унинг олийжаноб фаолиятига чек қўйилди—хонлик даврида зарбхона мудири, сарой амалдори бўлгани, хонларни суратга туширгани, жадидларга қўшилгани,ХХР пайтида нозир бўлиб ишлагани, қисқаси миллий кайфиятдаги зиёли бўлгани учун ноҳақдан “ халқ душмани” тамғаси билан ҳибсга олинади.

Мудҳиш 17 августда Девоновлар оиласи Урганчда истиқомат қилар, қариндоши Гавҳар Юсупова кинооператорни энг сўнгги кўрган инсонлардан бўлиб, бу ҳақда у шундай ҳикоя қилганди: “Кечқурун соат 11 лар чамаси эди.Эшик зулфи қаттиқ шарақлаб ундан қайнотам Ҳасанбой ота, унинг изидан, олдинда бир мелиса, кейнинда яна бир мелиса Девон бува( яъни Худойберган Девонов) кириб келдилар.Девон бува “Буви, суратлар турган жомадонни олиб чиқ” деб синглиси Бибижонга терс айвонда турганича нохушгина буюрди.Бу пайтда бир мелиса ҳужжатларни титкилаш, суратларни излаш билан овора эди. Девон буванинг кўзларидан ёш оқар, йиғламсираб Биби сув бер дея синглиси олиб келган сувдан ичарди. Девон бувани охирги кўрганимиз шу бўлди”.

Девоновнинг Урганч ва Хива шаҳарларидаги уйини тинтув қилиш пайтида Худойберганга тегишли қўшотар милтиқ, 300 га яқин фотосурат, 120 варақдан иборат ёзишма, 17 та турли туман ҳужжатлар олиб кетилади.

Девоновнинг маҳбуслик анкетасида, унинг тергов давомида айтган гап-сўзлари келтирилганки, булар орқали ўша даврдаги вазиятни билиб олиш мумкин.

Маълумки, Девонов Хоразм Халқ Республикасининг молия нозири бўлиб ҳам ишлаган.Жадид дўстлари мустамлакачилик бошқача кўринишда давом этмаслиги ва фожиаларнинг олдини олиш учун Худойберганни Москвага ёш республиканинг мухтор вакили қилиб тайинлашади.Бироқ, Москванинг ХХРдаги вакили Бик Девоновнинг Москвага боришига рухсат бермайди ва Худойберган молиячи сифатида Хивада ишини давом этдираверади.

ХХРнинг биринчи раҳбари бўлган Полёзҳожи Юсупов ўз хотираларида ,Бик Девоновни Москвага юборишга норози бўлганини айтиб, “Худойберган Девоновдин бошқа кимни олиб кетсангиз сизга ихтиёр” деган. Ҳа, мустамлакачилар Девоновдан шунчалик чўчирдилар.

Аммо Девоновнинг моҳир дипломатик қобилияти борлигини яхши билган “Ёш хиваликлар” дек жадид маслакдошлари уни 1923 йили Москвада очилажак кўргазмани ташкил этиш комиссияси таркибига киритиб, Россияга юборишади.У комиссия билан 12 августда Москвага бориб, декабрнинг сўнгги кунларида ишларни яхши йўлга қўйиб воҳага қайтиб келади.

Уларнинг юртга қайтиши мудҳиш кунларга тўғри келади.Девонов ва ХХРнинг зиорат нозири Муҳаммад Аминатдинов биргаликда Хонқага етиб келишганида Хива Жунаидхон томонидан қуршаб олинган, шу боис Москвадан келаётган комиссия бир қанча муддат у ерга бормай Тўрткўлга боришга мажбур бўлади.

Орадан бир неча кун ўтиб, Жунаидхон шўролар томонидан қаттиқ зарбага учрагач Хива қамалдан озод этилади.Шундан сўнг у Хивага кириб келади, аммо тезда ҳибсга олинади.Унга Жунаидхон билан тил бириктириб Хивани қамал қилганларида ёрдам берганлик, унинг фотографи бўлганлик, Жунаидхон талаби билан айрим саҳналарни суратга олганлик,Москвага борганда мустамлакачилар рухсатисиз Мадраҳим Девонов Германияга пахта сотганида уни тўхтатиб қолмаганликда айблашади.Ваҳоланки, Жунаидхон Хивани қамал қилган пайтда Девонов эндигина Москвадан Хоразмга келаётган,ҳатто Хивага ҳам кираолмаганди.Шундай тўқима айблар қўйилган вазиятда яна уни жадид дўстлари айби йўқлигини исботлаб озод этишади.

1937йилда унга қўйилган айблардан яна бири Хивага келган туркий халқлар озодлик ҳаракати йўлбошчиларидан бири Закий Валидий воҳага келганда, у билан маслакдошлик қилганлиги эди.ХХР даврида Хивани қўриқлаш гуруҳи, яъни милиция раҳбари бўлиб ишлаган Назар Шоликоров ўз хизмат бурчига кўра, Хивага келган ҳар қандай кишини кузатиб юришга , шу туфайли бўлиб ўтган воқеаларни 1937 йилда ҳибсга олингач айтиб беришга мажбур бўлганди.

Шунга кўра, Девонов ва Валидий ҳақида бундай дейди: “Мен уч кунгача (Хоразмга) кимнинг келганини билолмай юрдим. Юсупов ( ХХР ҳукумати бошлиғи бўлган Полёзҳожи Юсупов) бошлиқ барча халқ комиссарлари уйларига ҳам келмай қаердадир йиғилиш ўтказаётган эдилар.Бу ҳол менда шубҳа уйғотди. Хоразм билан Бухоронинг бирлашган ҳолда кураш олиб бориши учун Хоразмга бухоролик вакиллар келишган эди.Мен музокара олиб бориш учун вакил этиб тайинландим.Романов мен билан бирга эди. Меним ёнимда ўтирган Мулла Бекчон орадан бир неча соат ўтмай кенгашни эртага қолдиришимни сўради ва ўзининг бу илтимосини уйида меҳмони борлиги, кетиши зарурлиги билан изоҳлади.Мен рози бўлдим ва биз иккимиз бир отга миниб у билан бирга кетдик. Девоновнинг уйига яқин қолганимизда у отдан тушиб қолди.Мен уйга келганимдан сўнг тоғам Олланазарни халқ комисарларининг уйдами йўқлиги эканикларини текшириш учун юбордим.У милиция билан юриб кечаси соат учда Юсуповни тутиб келтирди, аммо мен уни қўйиб юбордим.

Эрталаб Юсуповнинг олдига бориб, ўтган кеча қаерда бўлганини суриштирдим.У Раҳмонов Бекчоннинг, Жуманиёз ҳожи Полвонниёзовнинг сўнгги кечада Худойберган Девоновнинг уйида бўлганини айтди.У ерда Закий Валидий билан бирга Айдаров ҳам бўлган.Юсуповнинг сўзларига қараганда уларга кийим бош ва пул бериб Бухорога кузатиб қўйишган экан”

Демак, Шоликоров маълумотига кўра, Закий Валидий Хивадан Бухорога кетиш куни Худойберган Девонов уйида бўлган.
Хуллас, 1920-24 йиллардаги ХХР даврида бундай зиддиятли воқеалар кўп бўлиб турарди.Девоновнинг моҳир дипломат эканлигини шу нарсадан ҳам билса бўладики, хонлик даврида туркман уруғлари билан давом қилиб келаётган можароларни у ХХР даврида оқилона тинч йўлга қўяолди.

Девонов ана шундай мураккаб вазиятда ҳам фото ва кино билан машғул бўлишни унутмади. Шогирдлар тарбиялаб бор билимини ёшларга ўргатди.Умуман олганда, ўша даврдаги қийин вазиятга қарамай, Девоновнинг кино ва фотосанъатга қўшган ҳиссасини билиш учун, бир манбага мурожаат қилайлик.”Инқилоб қуёши” газетасининг 1928 йил 27 июлдаги сонида ёзилишича, “Хивада 16 июнь куни Девонов иш фаолиятининг 25 йиллик юбилейи ўтказилади.Юбилейда қатнашган Девонов тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб қайтариб йиғилганларга иш бошлаган илк даврлари ҳақида сўзлаб берди”.

Ана шу фактлардан маълум бўлаяптики, у фаолиятини кино соҳасида 1903 йилдан бошлаган.

044Шу ўринда Девонов ҳали ҳаётлик пайтида 1926 йили “Ер юзи” журналининг 11 сони, 13 саҳифасида нашр қилинган А.Ёқубовнинг “ Ўзбек фотогофчиси” мақоласини келтириб мавзуни давом қилдирсак.

“ Худойберган Девон ўғли Хоразм ўзбекларидан. 13 ёшида суратга (фотографга) ҳаваскор бўлиб, шу иш билан шуғулланди.Ҳозир Девоновнинг қўлида Хоразмнинг турмуш, кун кўриш ва тарихига оид 500хилдан ортиқроқ расм бор. Агарда инқилоб вақтида олинган расмларни ҳисоблаганда 1500 га етарди.Ҳатто шундай расмлар борки, бу расмлар хон даврида , бундан 40-50 йил илгари олинган бўлиб, Девоновнинг қўлида сақланган.

Девоновнинг сураткашликка ишқибозлиги натижасида кино ишларига ҳам қизиқиш туғдиради.Шунга кўра, Девонов 1903 йилдан бошлаб кино ишларига ҳавасланадур ва шунга киришадур.Ҳозир Девоновнинг сурат ва кинолар учун хусусий лабораторияси бўлиб, 4 та фото, 1 та кино аппарати бор. Девоновнинг қўлида Хоразм кўринишлари ва тарихий воқеаларга оид 300 метрдан иборат ҳар хил кинохабарлари борким, буни Девоновнинг ўзи ва ўғли ишлагандир. Девонов сурат олиш, кино олиш билан шуғулланмай балки халққа картина кўрсатиш вазифаларини ҳам бажарадур. Ўзининг картина кўрсатадурғон аппаратлари бўлиб, ички Россиядан ва бошқа ерлардан лента олиб халққа кўрсатадур.Девонов ёш ҳаваскорлар етиштиришда ҳам катта хизматлар қилди.Бир хивалик йигитни шогирд қилиб олиб, уни яхши фотографчи қилиб тайёрлади.Шу қаторда яна бир йигитни 3 йилдан бери ўргатиб келадир.Бу йигит ҳам ҳозир ғайратли фотограф бўлди. Девонов хусусий кишиларни етиштириш билан қаноатланмай, мендан Хива учун эсдалик қолсин деб 1924 йилда Хивадаги таълим тарбия фото шўъбаси очди.Бунда ўз аппарати, ўз ғайрати билан 13 болани текинга фотограф ишига тайёрлади.

Девоновнинг мана шу хизматларини Хоразм вилоят ижроия қўмитаси ва Хоразм ишчи деҳқони тақдир этди.Вилоят ижроқўми Девоновнинг ҳурматини тақдир этиб, ишчи деҳқонлар номидан бир олтин соат тақдим этди.

Ўзбек фотографчиси Девоновдан Ўзбекистон тарихий бойлиги билан танилган Хоразм ўлкасида фойдаланишни ўзбек давлат киносининг эсига тушириш орзусида эди. Сўнгги олинган маълумотларга кўра, ўзбек давлат киноси Девоновни Тошкентга чақиртириб бир мунча вазифалар топширибдур”.

 Шу ўринда бир мулоҳазаки, Девонов ҳали ҳаётлик пайтида ёзилган юқоридаги мақолаларда Худойберган дастлаб 1903 йили кино соҳасига қўл урганлиги ёзилаяпди. Маълумки, у 1907 йили Петербургга борганидан сўнг “Патэ” аппаратини Хивага олиб келган.Демак, у 1903 йилда балки чор мустамлакачиларининг хонликка келган қайсидир вакилининг киноаппаратларидан, ёхуд меннонит немисларидаям киноаппарат бўлган бўлиб, Девонов ундан фойдалангандир, деган савол туғилади.Ҳар ҳолда Девонов замондошлари хато қилмагандирларки, кинога туширишни 1903 йилдан бошлади деб! Қолаверса, ўша мақолалар ёзилган пайтда Девонов ҳаёт эди.

Ҳа, Девонов кино ва фотосанъатга кўпроқ ҳисса қўшиш ниятида эди ва шунга интиларди. Аммо… аммо 1937 йилдаги қатағон “ машинаси” уни ўз домига тортди.

0381938 йил 5 октябр куни эрталаб соат 10 дан 35 дақиқа ўтганда бошланган машъум суд 20 дақиқа давом этиб, унда Девонов тақдири ҳал этилади-биринчи ўзбек фото ва кино оператори, режиссёри, ана шу санъатларнинг тарғиботчиси Худойберган Девонов отишга ҳукм этилади.Ҳукм ўша даврдаги одатий тарзга кўра шошилинч ижро ҳам этилган….

Хуллас, 58 ёшида шўро мустамлакачилик тузуми тараққийпарвар инсон, ажойиб кинооператор, фотограф ҳаётига фожиали тарзда чек қўйди.Аммо унинг серқирра ҳаёти ва ижодий фаолияти ўзи тасмаларга муҳрлаган тарихнинг ёрқин саҳифаси бўлиб қолди.

009

066   Суратда:  Худойберган Девонов меросини асраб-авайлашда катта хизматлар қилган илк ўзбек фотографи авлодларидан бўлмиш, узоқ йиллар телеоператор ва журналист сифатида фаолият юритган Абдулла Юсупов.
Таниқли журналист Абдулла Юсупов 1941 йилнинг 5 февралида Худойберган Девоновнинг жияни ва шогирди Юсуф Ҳасановнинг оиласида туғилган. Тошкент алоқа техникумини битиргач, узоқ йиллар алоқа ва телевидение соҳасида ишлаган. Кейинчалик вилоят давлат педагогика институтининг рус филологияси факультетини тамомлаган. Бутун ижодий фаолиятини Худойберган Девонов меросини ўрганиш ва уни асраб-авайлашга бағишлаган Абдулла Юсуповнинг фаолияти таҳсинга сазовор.

09

ХУДОЙБЕРГАН ДЕВОНОВ ФОТОЛАРИДАН НАМУНАЛАР
Катталаштириш учун фотони сичқонча билан босинг

009

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

Image

xdk

(Tashriflar: umumiy 337, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring