Umid Bekmuhammad. Saroyga sig’magan shoir.

024    Ўзимизнинг хонларимиз замонида ҳам «Сарой шоирлари» деб аталмиш ижодкорлар ҳар жиҳатдан ҳурмату рағбатда бўлганлар. Саройга… сал-пал ғайрлик ила қараганлар эса бадарға қилинганлар ёки ўзлари саройни ташлаб кетганлар. Ва саройдан йироқларда – ғурбатда, йўқсилликда вафот этганлар. Оддий бир мисол: Турди Фароғий даврининг энг эътиборли шоирларидан бири бўлган.
Хон бир фармон чиқаради. Унга кўра етти йилик «барот» солиғини бир йилда тўлаш талаб этилади. Фароғий бунга қаршилик қилади – бефойда! У хон саройини тарк этади ва, тасаввур этинг, йигирма йил мобайнида хонга қарши курашувчилар сафида бўлади (Шукур Холмирзаевнинг «Адабиёт ўладими?» мақоласидан).

Умид Бекмуҳаммад
САРОЙГА СИҒМАГАН ШОИР
011

004Турди Фароғий номи тилга олиниши билан, унинг “тор кўнгуллик беклар” ҳақидаги шеъри ёдга тушади.Афсуски, ўз даври жабрини чекиб яшаган исёнкор шоирнинг ҳаёти тўғрисида маълумотлар тўлиқ эмас.Унинг сақланиб қолган асарларидан, ундаги ҳукмдорлар, ҳокимлар тўғрисида битилган ижод намуналаридан келиб чиқиб, у аштархонийлардан Абдулазизхон (1645-1680) ва Суҳонқулихон (1680-1702) ҳукмронлик қилган йилларда яшаб ижод этган дейиш мумкин.

Маълумки, бу давр уруғ-аймоқчилик ижтимоий мувозанатни бузиб, сиёсий бўҳрон кучайган, вилоят, шаҳар ҳокимлари лавозими кўпкарига айланган, беклар ўртасида муросадан кўра, мухолифлик авж олган 17-асрнинг охири, 18-асрнинг бошлари эди.Хонликдаги бу вазиятдан ташвишга тушган Турдибек низоларни олампаноҳ ва аъёнларига уқтириб ҳал қилолмагач, саройдан кетишни афзал билади…

Мирзо Бадиъ Девоннинг » Мажмаъ ал-аркам» асаридаги маълумотга кўра, Бухоро амирлигидаги қабул маросимлари, расмий тантаналарда ҳар бир уруғ вакиллари ҳукмдорнинг ўнг ва чап тарафидан жой олган.

Аштархонийлар сулоласининг олтинчи вакили бўлган Субҳонқулихон (1681-1702) даврида юз уруғининг саройдаги бошлиқларидан бири Турдибек эди.У ҳам худди Субҳонқулихон каби шоир бўлиб, Турди Фароғий тахаллуси билан ашъорлар битар, ёзганлари ўша вақтда одат тусини олган маиший, муҳаббат мавзусидан кўра, ижтимоий аҳамият касб этарди.

Зеро, Турди саройда фаолият кўрсатган давр хонликларда ички низолар авж олган, ҳукмдорларнинг маиший бузуқлик ва бир-бирларига ёвлашиб, босқинчиликлари юқори даражага чиққан суронли йиллар эди. Айниқса, 92 ўзбек уруғининг ҳар бири аймоқларга бўлинганидек, уруғ бошлиқлари, саройдаги вакилларининг мансаб талашиши, ҳокимлик учун курашлари ҳам давлатнинг парчаланишига олиб келаётган, бунинг устига,гоҳ Қўқон, баъзан Хива хонлари, айрим пайтларда эса Бухоро амирлари уларга қарши тез-тез ҳужум қилиб турар, буларнинг бари Ўрта Осиё тараққиётига салбий таъсир кўрсатарди.

Энг фожиалиси, уруғ бошлиқлари мансабга интилиб, ҳатто, қизлариниям ҳарамга бошлаб келар, бекларнинг бу қилиқлари, маиший тийиқсизлиги,ор-номусини йўқотганлиги ўша уруғнинг обрўсини тўкар, иззат-нафсига тегарди.

Гарчи Субҳонқулихон шоир ва табиб бўлиб, Бухорода илмий-маданий марказни юксалтириб, ижодкорларга, хусусан,Турдига ёрдам беришга интилса-да,Турдибек ўз шахсияти, ижоди қадрланишидан ҳам кўра, уруғлар ўртасидаги низоларга, аймоқчиликка барҳам беришни истарди.
Турди саройда ортиқча қололмаслигини сезиб,

Хон эшикинда бир киши қолмади бир соҳиби фан,
Бори бир неча сукум қайди маҳзи кардан,
Келмас қўлларидин иш, ҳамма ошхўр,гарзан..

дея шеър битиб, ўз уруғи орасига кетди.
Шунингдек,Турди Фароғий уруғ бошлиқлари—бекларга ҳам мурожаат қилиб, уларни миллат истиқболи, Ватан тараққиёти йўлида ҳамжиҳатликка чақирди:

Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг
Тўқсон икки бори ўзбак юртидир, тенглик қилинг.

Бирни қипчоқу хитою, бирни юз,найман деманг,
Қирқу юз минг сон бўлуб, бир хон ойинлик қилинг.

Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлик, бир тиризлик, бир яқо, енглик қилинг.

Ким қўюбдур, уҳдаи ўз мулкунгиздин чиқмайин,
Икки, уч, тўрт даъвосин этмакни, кўтаҳлик қилинг.

Мардлар майдон чекиб, рангин кўториб захмлар,
Сизга йўқ ул жавҳаре, юзга упо-энглик қилинг.

Турди шунингдек ўз давридаги маънавий бузуқлик, порахўрлик, очкўзлик иллатларини ҳам қаламга олади:

Едингиз барчангиз итдек фуқаронинг этини,
Ғасб ила молни олиб, қўймадингизлар битини,
Қамчилар доғи солиб бўйин, қанотиб бетини
Бўлмади кам бу раият бошидин ҳеч таёқ…

Ёхуд:

Барчаси порайу ришваға ўлуб бад омуз,
Халқ қўлиға тамаъ бирла тикиб доим кўз…

Ёки:

Аждаҳодек пораға турмиш очиб оғзини,
Юртдин йўқ хабари, барчасининг фикри томоқ…

Саройни тарк этган Турди ўша даврда бошқа бекларга нисбатан кенг феълли, адолатлироқ бўлган Муҳаммад Раҳимбий ҳузурига боришни афзал кўрди.Юз уруғидан бўлган, Ўратепа ва Хўжанд ҳокими бўлмиш Раҳимбий шоир Турдини яхши кутиб олади.

Ўша даврда хон қўшинидан ташқари ҳар бир бекнинг ҳам навкарлари бўлиб, Раҳимбий Хива хонлиги билан 1686 йилда бўлган урушда навкарлари ёрдамида қаҳрамонлик кўрсатиб, Бухоро амирлигининг қўли баланд келишига сабабчи бўлган эди.Ваҳоланки, 1686-90 йилларда қатағон уруғи бекларидан Ўз Темурбий, ёбу уруғи бекларидан Тоғма, юз уруғи бекларидан Фозилбий турли сабаблар билан Бухоро хони Субҳонқулига қарши исён кўтариб, ички парокандаликни келтириб чиқардилар.Хива хонидан мадад олиб, Субҳонқулини тахтдан туширишга интилдилар.Учала исёнчи беклар ҳатто, Раҳимбийни ҳам Субҳонқулига гиж-гижлаб, ўзларига қўшилишга даъват қилдилар.Бироқ Раҳимбий исёнга қўшилиш таклифини рад этди.

Шундай вазиятда, олдинига Турди ҳам бекларнинг бирлашиб, Бухорога юришини маъқул кўради.Ҳатто, Раҳимбийни бунга ундаб, шеър ҳам ёзади.Шоир бекларнинг бирлашиши Субҳонқулихон ( Турди Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия ҳам ёзган—У.Б.) саройидаги амалдорлар зулмига чек қўйиб, уларнинг танобини тортиб қўйиши мумкин, деб ўйлаган эди.Бироқ Турди уруш ва ички низолар парокандаликка, таназзулга сабабчи бўлишини тушуниб етди ва амалдорларнинг исён қилгани ёхуд хукмдор алмашгани билан аҳвол яхшиланмаслигини англади.

Шундан кейин у сиёсатга аралашмай, Раҳимбий ёнида, кейин Оқбўтабий ҳузурида тинчгина хўжалик ишлари, ижод билан шуғулланиб,18-асрнинг бошларида вафот этди.Агар Турди ҳам бек бўлгани учун сиёсий » кўпкари»га қўшилиб, бирор лавозимни эгаллаганида , бошқа бекларга ўхшаб номи тарихда қолмасди.Айнан «кўпкари»га қўшилмагани учун ҳам Турди Фароғий номи неча асрларки барҳаёт.Унинг 434 мисрадан иборат 18 шеър, 5 мухаммас, 12 ғазал ва 1 фардни ўз ичига олган адабий мероси эса унинг номини асрлардан асрларга олиб ўтғусидир.

Турди тўғрисида адабиёт илмида илк маротаба маълумот берган Абдулҳамид Мажидий (1902-1938) эди.У 1924 йилда “Зарафшон” газетасининг 27 ноябрдаги сонида “Тарихий адабий парчалар”, 1925 йили эса “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 9-10 сонларида “ўзбек шоири Турди” номли мақолаларини чоп этдирган эди.Шундан кейингина Турди номи , унинг шеърияти адабиёт ихлосмандлари эътиборини тортди.

1928 йилда бўлса профессор Фитрат “маориф ва ўқитувчи” журналининг 1-сонида “Ўзбек шоири Турди” сарлаваҳали мақоласини чоп этдириб, исёнкор шоир шеъриятини, унинг ҳаётини кенгроқ ёритишга ҳаракат қилди.Мақолада Фитрат Мажидийнинг Турди ҳаёти ва ижоди ҳақида мақола чоп этдириб катта иш қилганлигини таъкидлаш баробарида, айрим эътирозли ўринларга ўз фикриниям билдириб ўтади.Фитрат мақоласида Турди шеърларида тилга олинган даврдаги вазиятга, хонларнинг бедодликларига, тахт талашувларига, халқ аҳволининг эса ёмонлашувига тўхталиб ўтади.Фитрат айниқса, уруғлар ўртасидаги низоларнинг миллат фожиасига, давлат таназзулига олиб келганлигини таҳлил қилишга эътибор қаратади.Турди шеърларида ана шу давр ўз ифодасини топганлиги Фитрат мақоласида таъкидлаб ўтилади.

“Бу даврнинг маълум шоирлари бўлған Машраб,Ҳувайдо,Сўфи Оллоҳёр ва Турдиларни текширганда тилда соддалиқ, назмда оҳангсизлик, санъатда заифлик каби ҳолларни оз-кўб ҳаммаларида кўриш мумкин.Лекин Турдининг уларнинг ҳаммасидан яхшироқ ёзғанини эътироф қилишимиз лозим келадир.Турди ёлғиз сўзларни эмас, ўхшатишларни, мажозларни ҳам соддалаштиради.Унинг шеърларида “давлат баҳридан узоқ гардан шикаста мунди”, “ювған қозон остида қолған ювинди” каби сарой доиралариға кира олмайтурғон, лекин омма томонидан яхши қабул қилишға истеъдодли бўлған ўхшатмалар, маъжозлар кўбдир”, дея Турди шеърияти тўғрисида фикр юритади Фитрат.

Хуллас,Мажидий, Фитратлар жонбозлиги натижасидагина Турди Фароғийдек исёнкор шоир ижоди адабиёт ихлосмандлари эътиборини тортди.Аммо шу билангина унинг ҳаёти ва ижоди тўлиқ ўрганилди, дейиш қийин.Турди Фароғий шеърияти ўзининг кенг фундаментал тадқиқотчиларини кутиб турибди дейиш мумкин.

хдк

Umid Bekmuhammad
SAROYGA SIG’MAGAN SHOIR
011

  009 Turdi Farog’iy nomi tilga olinishi bilan, uning “tor ko’ngullik beklar” haqidagi she’ri yodga tushadi.Afsuski, o’z davri jabrini chekib yashagan isyonkor shoirning hayoti to’g’risida ma’lumotlar to’liq emas.Uning saqlanib qolgan asarlaridan, undagi hukmdorlar, hokimlar to’g’risida bitilgan ijod namunalaridan kelib chiqib, u ashtarxoniylardan Abdulazizxon (1645-1680) va Suhonqulixon (1680-1702) hukmronlik qilgan yillarda yashab ijod etgan deyish mumkin.

Ma’lumki, bu davr urug’-aymoqchilik ijtimoiy muvozanatni buzib, siyosiy bo’hron kuchaygan, viloyat, shahar hokimlari lavozimi ko’pkariga aylangan, beklar o’rtasida murosadan ko’ra, muxoliflik avj olgan 17-asrning oxiri, 18-asrning boshlari edi.Xonlikdagi bu vaziyatdan tashvishga tushgan Turdibek nizolarni olampanoh va a’yonlariga uqtirib hal qilolmagach, saroydan ketishni afzal biladi…

Mirzo Badi’ Devonning » Majma’ al-arkam» asaridagi ma’lumotga ko’ra, Buxoro amirligidagi qabul marosimlari, rasmiy tantanalarda har bir urug’ vakillari hukmdorning o’ng va chap tarafidan joy olgan.

Ashtarxoniylar sulolasining oltinchi vakili bo’lgan Subhonqulixon (1681-1702) davrida yuz urug’ining saroydagi boshliqlaridan biri Turdibek edi.U ham xuddi Subhonqulixon kabi shoir bo’lib, Turdi Farog’iy taxallusi bilan ash’orlar bitar, yozganlari o’sha vaqtda odat tusini olgan maishiy, muhabbat mavzusidan ko’ra, ijtimoiy ahamiyat kasb etardi.

Zero, Turdi saroyda faoliyat ko’rsatgan davr xonliklarda ichki nizolar avj olgan, hukmdorlarning maishiy buzuqlik va bir-birlariga yovlashib, bosqinchiliklari yuqori darajaga chiqqan suronli yillar edi. Ayniqsa, 92 o’zbek urug’ining har biri aymoqlarga bo’linganidek, urug’ boshliqlari, saroydagi vakillarining mansab talashishi, hokimlik uchun kurashlari ham davlatning parchalanishiga olib kelayotgan, buning ustiga,goh Qo’qon, ba’zan Xiva xonlari, ayrim paytlarda esa Buxoro amirlari ularga qarshi tez-tez hujum qilib turar, bularning bari O’rta Osiyo taraqqiyotiga salbiy ta’sir ko’rsatardi.

Eng fojialisi, urug’ boshliqlari mansabga intilib, hatto, qizlariniyam haramga boshlab kelar, beklarning bu qiliqlari, maishiy tiyiqsizligi,or-nomusini yo’qotganligi o’sha urug’ning obro’sini to’kar, izzat-nafsiga tegardi.

Garchi Subhonqulixon shoir va tabib bo’lib, Buxoroda ilmiy-madaniy markazni yuksaltirib, ijodkorlarga, xususan,Turdiga yordam berishga intilsa-da,Turdibek o’z shaxsiyati, ijodi qadrlanishidan ham ko’ra, urug’lar o’rtasidagi nizolarga, aymoqchilikka barham berishni istardi.
Turdi saroyda ortiqcha qololmasligini sezib,

Xon eshikinda bir kishi qolmadi bir sohibi fan,
Bori bir necha sukum qaydi mahzi kardan,
Kelmas qo’llaridin ish, hamma oshxo’r,garzan..

deya she’r bitib, o’z urug’i orasiga ketdi.
Shuningdek,Turdi Farog’iy urug’ boshliqlari—beklarga ham murojaat qilib, ularni millat istiqboli, Vatan taraqqiyoti yo’lida hamjihatlikka chaqirdi:

Tor ko’ngullik beklar, man-man demang, kenglik qiling
To’qson ikki bori o’zbak yurtidir, tenglik qiling.

Birni qipchoqu xitoyu, birni yuz,nayman demang,
Qirqu yuz ming son bo’lub, bir xon oyinlik qiling.

Bir yaqodin bosh chiqorib, barcha bir to’ng’a kirib,
Bir o’ngurlik, bir tirizlik, bir yaqo, yenglik qiling.

Kim qo’yubdur, uhdai o’z mulkungizdin chiqmayin,
Ikki, uch, to’rt da’vosin etmakni, ko’tahlik qiling.

Mardlar maydon chekib, rangin ko’torib zaxmlar,
Sizga yo’q ul javhare, yuzga upo-englik qiling.

Turdi shuningdek o’z davridagi ma’naviy buzuqlik, poraxo’rlik, ochko’zlik illatlarini ham qalamga oladi:

Yedingiz barchangiz itdek fuqaroning etini,
G’asb ila molni olib, qo’ymadingizlar bitini,
Qamchilar dog’i solib bo’yin, qanotib betini
Bo’lmadi kam bu raiyat boshidin hech tayoq…

Yoxud:

Barchasi porayu rishvag’a o’lub bad omuz,
Xalq qo’lig’a tama’ birla tikib doim ko’z…

Yoki:

Ajdahodek porag’a turmish ochib og’zini,
Yurtdin yo’q xabari, barchasining fikri tomoq…

Saroyni tark etgan Turdi o’sha davrda boshqa beklarga nisbatan keng fe’lli, adolatliroq bo’lgan Muhammad Rahimbiy huzuriga borishni afzal ko’rdi.Yuz urug’idan bo’lgan, O’ratepa va Xo’jand hokimi bo’lmish Rahimbiy shoir Turdini yaxshi kutib oladi.

O’sha davrda xon qo’shinidan tashqari har bir bekning ham navkarlari bo’lib, Rahimbiy Xiva xonligi bilan 1686 yilda bo’lgan urushda navkarlari yordamida qahramonlik ko’rsatib, Buxoro amirligining qo’li baland kelishiga sababchi bo’lgan edi.Vaholanki, 1686-90 yillarda qatag’on urug’i beklaridan O’z Temurbiy, yobu urug’i beklaridan Tog’ma, yuz urug’i beklaridan Fozilbiy turli sabablar bilan Buxoro xoni Subhonquliga qarshi isyon ko’tarib, ichki parokandalikni keltirib chiqardilar.Xiva xonidan madad olib, Subhonqulini taxtdan tushirishga intildilar.Uchala isyonchi beklar hatto, Rahimbiyni ham Subhonquliga gij-gijlab, o’zlariga qo’shilishga da’vat qildilar.Biroq Rahimbiy isyonga qo’shilish taklifini rad etdi.

Shunday vaziyatda, oldiniga Turdi ham beklarning birlashib, Buxoroga yurishini ma’qul ko’radi.Hatto, Rahimbiyni bunga undab, she’r ham yozadi.Shoir beklarning birlashishi Subhonqulixon ( Turdi Subhonqulixon to’g’risida hajviya ham yozgan—U.B.) saroyidagi amaldorlar zulmiga chek qo’yib, ularning tanobini tortib qo’yishi mumkin, deb o’ylagan edi.Biroq Turdi urush va ichki nizolar parokandalikka, tanazzulga sababchi bo’lishini tushunib yetdi va amaldorlarning isyon qilgani yoxud xukmdor almashgani bilan ahvol yaxshilanmasligini angladi.

Shundan keyin u siyosatga aralashmay, Rahimbiy yonida, keyin Oqbo’tabiy huzurida tinchgina xo’jalik ishlari, ijod bilan shug’ullanib,18-asrning boshlarida vafot etdi.Agar Turdi ham bek bo’lgani uchun siyosiy » ko’pkari»ga qo’shilib, biror lavozimni egallaganida , boshqa beklarga o’xshab nomi tarixda qolmasdi.Aynan «ko’pkari»ga qo’shilmagani uchun ham Turdi Farog’iy nomi necha asrlarki barhayot.Uning 434 misradan iborat 18 she’r, 5 muxammas, 12 g’azal va 1 fardni o’z ichiga olgan adabiy merosi esa uning nomini asrlardan asrlarga olib o’tg’usidir.

Turdi to’g’risida adabiyot ilmida ilk marotaba ma’lumot bergan Abdulhamid Majidiy (1902-1938) edi.U 1924 yilda “Zarafshon” gazetasining 27 noyabrdagi sonida “Tarixiy adabiy  parchalar”, 1925 yili esa “Maorif va o’qituvchi” jurnalining 9-10 sonlarida “o’zbek shoiri Turdi” nomli maqolalarini chop etdirgan edi.Shundan keyingina Turdi nomi , uning she’riyati adabiyot ixlosmandlari e’tiborini tortdi.

1928 yilda bo’lsa professor Fitrat “maorif va o’qituvchi” jurnalining 1-sonida “O’zbek shoiri Turdi” sarlavahali maqolasini chop etdirib, isyonkor shoir she’riyatini, uning hayotini kengroq yoritishga harakat qildi.Maqolada Fitrat Majidiyning Turdi hayoti va ijodi haqida maqola chop etdirib katta ish qilganligini ta’kidlash barobarida, ayrim e’tirozli o’rinlarga o’z fikriniyam bildirib o’tadi.Fitrat maqolasida Turdi she’rlarida tilga olingan davrdagi vaziyatga, xonlarning bedodliklariga, taxt talashuvlariga, xalq ahvolining esa yomonlashuviga to’xtalib o’tadi.Fitrat ayniqsa, urug’lar o’rtasidagi nizolarning millat fojiasiga, davlat tanazzuliga olib kelganligini tahlil qilishga e’tibor qaratadi.Turdi she’rlarida ana shu davr o’z ifodasini topganligi Fitrat maqolasida ta’kidlab o’tiladi.

“Bu davrning ma’lum shoirlari bo’lg’an Mashrab,Huvaydo,So’fi Ollohyor va Turdilarni tekshirganda tilda soddaliq, nazmda ohangsizlik, san’atda zaiflik kabi hollarni oz-ko’b hammalarida ko’rish mumkin.Lekin Turdining ularning hammasidan yaxshiroq yozg’anini e’tirof qilishimiz lozim keladir.Turdi yolg’iz so’zlarni emas, o’xshatishlarni, majozlarni ham soddalashtiradi.Uning she’rlarida “davlat bahridan uzoq gardan shikasta mundi”, “yuvg’an qozon ostida qolg’an yuvindi” kabi saroy doiralarig’a kira olmayturg’on, lekin omma tomonidan yaxshi qabul qilishg’a iste’dodli bo’lg’an o’xshatmalar, ma’jozlar ko’bdir”, deya Turdi she’riyati to’g’risida fikr yuritadi Fitrat.

Xullas,Majidiy, Fitratlar jonbozligi natijasidagina Turdi Farog’iydek isyonkor shoir ijodi adabiyot ixlosmandlari e’tiborini tortdi.Ammo shu bilangina uning hayoti va ijodi to’liq o’rganildi, deyish qiyin.Turdi Farog’iy she’riyati o’zining keng fundamental tadqiqotchilarini kutib turibdi deyish mumkin.

033

(Tashriflar: umumiy 197, bugungi 1)

Izoh qoldiring