Umid Bekmuhammad. Tavalloning iztiroblari.

034     Тавалло тахаллуси билан ижод қилган Тўлаган Хўжамеёров 1883 йили Тошкентнинг Кўкча даҳасида туғилган.Унинг ҳаёти оқ ва қизил мустамлакачилик ҳукм сурган даврга тўғри келгани боис, озоб-уқубатлар билан ўтди.Тавалло ўзига тўқ, мулкдор отаси Хўжамеёр Жиянбоевнинг ер-сувидан фойдаланиб, савдо ташвишлари билан ҳаётини ўтказиши ҳам мумкин эди.Шу тарзда умри бойваччаларникидек ўтмаса-да, ўртаҳол замондошлариники каби бир маромда кечган бўларди.Аммо Яратган Эгам унга туғма ижодий қобилият туҳфа қилган эди. Ижодга ошнолик, халқ ҳаётига яқинлик эса ижтимоий турмушга фаол аралашишга ундади.Қорасоч, қўйкўз, бўйи атиги бир ярим метр бўлган бу инсон фидойи бўлмаганида, балки умри кузатув остида ўтмас, 1938 йилда отилиб кетмасди…

034
Умид Бекмуҳаммад
ТАВАЛЛОНИНГ ИЗТИРОБЛАРИ
04

Унинг жисми ва ҳаётини ичкилик эмас, балки миллат ғам-ташвиши абгор қилганди.Чунки миллат тараққиётдан орақада қолган, бор ташвиши кун кўришдангина иборат бўлган авом бошида мустамлакачилик қиличи ўйнамоқда эди.Шундай таҳликали вазиятда ҳам миллати дардига дармон бўлишни истаб, ҳаётини хавф-хатарда ўтказган инсон шоир Тавалло эди…

Тавалло тахаллуси билан ижод қилган Тўлаган Хўжамеёров 1883 йили Тошкентнинг Кўкча даҳасида туғилган.Унинг ҳаёти оқ ва қизил мустамлакачилик ҳукм сурган даврга тўғри келгани боис, озоб-уқубатлар билан ўтди.Тавалло ўзига тўқ, мулкдор отаси Хўжамеёр Жиянбоевнинг ер-сувидан фойдаланиб, савдо ташвишлари билан ҳаётини ўтказиши ҳам мумкин эди.Шу тарзда умри бойваччаларникидек ўтмаса-да, ўртаҳол замондошлариники каби бир маромда кечган бўларди.Аммо Яратган Эгам унга туғма ижодий қобилият туҳфа қилган эди. Ижодга ошнолик, халқ ҳаётига яқинлик эса ижтимоий турмушга фаол аралашишга ундади.Қорасоч, қўйкўз, бўйи атиги бир ярим метр бўлган бу инсон фидойи бўлмаганида, балки умри кузатув остида ўтмас, 1938 йилда отилиб кетмасди.

Тўлаган Хўжамеёров дастлаб эски мактабда, кейин “Бекларбеги” мадрасасида, рус-тузем мактабида таҳсил олди.Олдинига Тошкентдаги бир фабрикантнинг қўлида, 1900 йилдан эса отасининг маслаҳати билан Пржевальскга бориб бир тадбиркор танишининг қўлида ишлайди.Рус тилини мукаммал ўрганади, тижорат ва ҳаёт сабоқларини олади.1909 йилда отаси вафот этгани сабабли Тошкентга қайтиб келади.Бу пайтлар 20 аср бошида чор мустамлакачилиги асоратидаги ўлкаларда миллий уйғониш кучаётган давр эди.Ақл-идрокли ҳаммаслаклари бўлган Мунаввар қори,Ҳусанхўжа Дадахўжаев,Саидабдулло Саидазимбоев,Комилбек Норбеков Юсуф Сарёмий,Авлонийлар билан Тўлаган ҳам империя чангалидан озод бўлишга имконият юзага келаётганини сезиб, турли нашриёт, газета, жамиятлар тузиш орқали авомни “уйқудан уйғотиш” га интилди.

Бу орада 1917 йил октябридаги давлат тўнтариши бўлиб, мустамлакачилик большевиклар тусидаги қитзил рангга ўзгарди холос.Шундай бўлсада Тавалло ёшларнинг маърифатли бўлишини истаб, 1918 йилда Тошкентда янги мактаб ташкил этишга бош бўлади.Шунингдек, ўз маҳалласида камбағалхона ташкил қилиб, давр сабаб оч наҳор, етим есир бўлиб қолганларга озиқ овқат, кийим бош тарқатишгаям ҳаракат қилди.Бу пайтда Тавалло большевикларнинг мустамлакачилиги авжига чиқаётганлигидан доим зорланарди.Бу ҳолатни “авом халқ ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зор, қизилларга тутқун бўлди.Бироқ бир куни сабр косаси тўлади” дея баҳоларди. Тавалло яратган шеърларда унинг ўша вақтдаги кайфияти яққол сезилади:

Шунча Туркистон элинда нодон аҳли кўб вале,
Носиҳ ўлмас эрсалар, ақли расолардин насуд?!

Шоирни айниқса, миллатнинг эртаси ўйлантириб, шу фикрлар асносида мухаммаслар битди.

Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим, очилма, агар шеъринг ёзиб, хамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг…

Бошқа бир шеърида эса киноя билан қолоқликни аччиқ ҳажв қилиб ўтади:

Ёврупо аҳли, сиз қулоқ солингиз,
Биз ҳунарлар ёзиб тонуштирамиз.
Келтуринг запнбурак, қурол неча хил,
Бизни сопқон ила отуштирамиз.
Афтомоби, аробангиз қайда,
Ҳўқанд арба билан чопуштирамиз.
Биз билурмиз, сиз тўғри сўзни қули,
Лек биз ялғонлар қотуштирамиз.
Дўстни душман эдуб, солиб иғво,
Гап тошуб ўртага чоқуштирамиз.
Қўлда бидъат маромномаси бор,
Ким яқин келса, биз ёпуштирамиз…

Бу албатта қадимчилардек жадид тараақийпарварларга тўсиқ бўлган тоифага киноя тарзида битилган.
Шу сингари Тавалло ижодида яна бошқа киноявий, ҳажв йўсинидаги бошқа шеърлар ҳам мавжуд:

Тескари, деманг, замон, бизнинг юришлар тескари,
Элдин ибрат олмайин бизда турушлар тескари.
Қўйса гар миллат қадам, роҳи тараққий изласа,
Дар маҳал доне ўлуб йўлдин урушлар тескари…
Йўқ , деманг, бизда муҳаррир, шоир, эй аҳбоблар,
“Ой юзингдан, вой, кўзингдан”, деб ёзишлар тескари…
Ёки яна бир шеърида шундай сатрлар бор:
Фалак, бизга хабар бер, нечун беэътибор этдинг,
Жаҳонда барча эллар ичра бизни шармисор этдинг.
Жаҳолат риштасига банд этиб, раҳм эимадинг ҳаргиз,
Фалокат ҳандақи узра бугун бизни дучор этдинг.
Шарорат ёмғурини ёғдуриб миллатни бошиға,
Адоват отиға отландуруб бизни сувор этдинг…

Миллат дарди билан яшаган шоир бошқа халқлар билан ҳам дўстона муносабатлар тарафдори эди.Хусусан, руслар орасида ҳам дўстлари кўп бўлиб, ўзбек ва рус тиллари уйғунлигида ғазал ҳам ёзган эди.
Маълумки, рус тили фонетик хусусиятига кўра, аруз қонунларига бўйсунмайди.Бироқ Тавалло буни ҳам уддалаб, “Вот шеър” сарлавҳаси билан “Муштум” журналининг 1928 йил 3-сонида чоп эттиради:

“Муштум” чироғим, сўйла-чи: как ты поживаеш?
Ҳар кимни сўкиб, сам себе душман наживаешь.
Текканга тегиб, тегмаса шутишь, почему так?
Хуллас, жим ўтир, мунча всегда задеваешь
Если попадет сенга биров мулла қилурсан,
Ҳар қандай асов бўлса-да, узда надеваешь.
Бир кун чиқасан чёрный кийиб, эртага бошқа,
Откуда чопон ҳафтада надеваешь?
Ҳеч бир сожалеть этма, ёзиб тур нима кўрсанг.
Иначе бугун вақти ғаниматни теряешь.
Майли, хорошо, разный қилиқларни ёзиб тур,
Бизлар биламиз, везде бываешь.
Вот энди бугун ман ёзаман, сан смотри,
Сен дема мени “мағзава” тезда забивеашь.

“Муштум”га мурожаат шаклида ёзилган ушбу ғазал ўша вақтда катта шов-шувларга сабаб бўлган.Айрим кўролмаслар эса, Тўлаган ичкиликка берилганидан шундай шеърлар ёза бошлади, дея гап тарқатишади.Унинг ичкиликка берилиши аслида 1931 йилда ўғли Маҳмуднинг вафотидан сўнг бўлганди.Мақсуд, Санобар ва Раҳбар исмли фарзандлари эса отасининг дардини англашарди.Аммо табиатан интилувчан, ғайратли Тавалло хатарли вазиятларда ҳам миллат ҳақида қайғурарди.Ана шу қайғу-аламлар Таваллони 1937 йилнинг сентябрида қатағон домига тортди.Натижада унга “халқ душмани” дея сохта, тўқима айблов қўйилиб, ўша йилнинг 10 ноябрида НКВД учлиги Тавалони отиб ўлдирди.

Таваллодан турли жанрларда ёзилган юзга яқин шеър, жадид адиби деган ном мерос бўлиб қолган.

… Хоразмнинг Гурлан туманилик шоир Турсунбой Каримов 1980 йилларда туман кино идораси раҳбари сифатида Тошкентга борганида, у ерда Таваллони таниган-билган қариялардан ёзиб олган шеърларни ўқиб, жадид адабиёти намоёндасининг ҳажв йўсинида ашъорлар битганига амин бўласиз.Ушбу шеърлар ҳали ҳеч бир нашрда ёритилмаган бўлиб, Таваллонинг ҳажв йўли билан тараққиётдан ортда қолмасликка, маърифатли, шижоатли бўлишга замондошларини ундаганини англаймиз:

Тошкентда кўп истироҳат боғимиз,
Ҳеч келишмас анга бориб бизнинг сайр этмоғимиз,
Ёз фасли оқ баданлар оқ кийимлар кийсалар,
Пахталикни ташламай, елкага чиққан ёғимиз.
Уч қават камзулнинг устидан яна бир
Каттакон боғлабон маҳкам қилиб саккиз қулоч белбоғимиз.
Скамейка узра ўлтирса нечалар роҳат қилиб,
Кавфшимиз лойи билан биз устида ётмоғимиз.

Ўқиганингиздек, Тавалло жадид шоирлари каби жамиятда маънавият ва маърифатни юксалтиришга, даврдошларини ўз қобиғига ўралиб, замондан орқада қолмасликка ундаб, камчилик ва нуқсонлар, муаммолардан кўз юммай, уларни ҳажв қилиб шеърлар битган:

Руслар отиб бир замбарак,
Борларни қилди бедарак.
Биз боғда чалиб тар-тарак,
Сопқон отолмаймиз ҳануз.
Руслар учса осмон,
Машинаси аэроплан.
Нечун бизлар трамвайдан
Ерга тушолмаймиз ҳануз?!
Бизлар катта нарвон қўйиб,
Томдан тушолмаймиз ҳануз.

Юқоридаги ҳажвий шеърлар, эҳтимол,Таваллони таниган-билганлардан инсонлардан кейин умуман унитилиб кетгандир? Балки шу боисданми,Таваллонинг ўша шеърлари ҳанузгача тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб кетмоқда.
Умуман, Таваллонинг ижодий меросини ўрганиш жадид адабиёти хазинасини тўлдиришга, қолаверса, мустамлакачилик даври қурбонларининг руҳини шод қилишга сабаб бўларди.

09

034
Umid Bekmuhammad
TAVALLONING IZTIROBLARI
04

Uning jismi va hayotini ichkilik emas, balki millat g’am-tashvishi abgor qilgandi.Chunki millat taraqqiyotdan oraqada qolgan, bor tashvishi kun ko’rishdangina iborat bo’lgan avom boshida mustamlakachilik qilichi o’ynamoqda edi.Shunday tahlikali vaziyatda ham millati dardiga darmon bo’lishni istab, hayotini xavf-xatarda o’tkazgan inson shoir Tavallo edi…

Tavallo taxallusi bilan ijod qilgan To’lagan Xo’jameyorov 1883 yili Toshkentning Ko’kcha dahasida tug’ilgan.Uning hayoti oq va qizil mustamlakachilik hukm surgan davrga to’g’ri kelgani bois, ozob-uqubatlar bilan o’tdi.Tavallo o’ziga to’q, mulkdor otasi Xo’jameyor Jiyanboevning yer-suvidan foydalanib, savdo tashvishlari bilan hayotini o’tkazishi ham mumkin edi.Shu tarzda umri boyvachchalarnikidek o’tmasa-da, o’rtahol zamondoshlariniki kabi bir maromda kechgan bo’lardi.Ammo Yaratgan Egam unga tug’ma ijodiy qobiliyat tuhfa qilgan edi. Ijodga oshnolik, xalq hayotiga yaqinlik esa ijtimoiy turmushga faol aralashishga undadi.Qorasoch, qo’yko’z, bo’yi atigi bir yarim metr bo’lgan bu inson fidoyi bo’lmaganida, balki umri kuzatuv ostida o’tmas, 1938 yilda otilib ketmasdi.

To’lagan Xo’jameyorov dastlab eski maktabda, keyin “Beklarbegi” madrasasida, rus-tuzem maktabida tahsil oldi.Oldiniga Toshkentdagi bir fabrikantning qo’lida, 1900 yildan esa otasining maslahati bilan Prjeval`skga borib bir tadbirkor tanishining qo’lida ishlaydi.Rus tilini mukammal o’rganadi, tijorat va hayot saboqlarini oladi.1909 yilda otasi vafot etgani sababli Toshkentga qaytib keladi.Bu paytlar 20 asr boshida chor mustamlakachiligi asoratidagi o’lkalarda milliy uyg’onish kuchayotgan davr edi.Aql-idrokli hammaslaklari bo’lgan Munavvar qori,Husanxo’ja Dadaxo’jaev,Saidabdullo Saidazimboev,Komilbek Norbekov Yusuf Saryomiy,Avloniylar bilan To’lagan ham imperiya changalidan ozod bo’lishga imkoniyat yuzaga kelayotganini sezib, turli nashriyot, gazeta, jamiyatlar tuzish orqali avomni “uyqudan uyg’otish” ga intildi.

Bu orada 1917 yil oktyabridagi davlat to’ntarishi bo’lib, mustamlakachilik bol`sheviklar tusidagi qitzil rangga o’zgardi xolos.Shunday bo’lsada Tavallo yoshlarning ma’rifatli bo’lishini istab, 1918 yilda Toshkentda yangi maktab tashkil etishga bosh bo’ladi.Shuningdek, o’z mahallasida kambag’alxona tashkil qilib, davr sabab och nahor, yetim yesir bo’lib qolganlarga oziq ovqat, kiyim bosh tarqatishgayam harakat qildi.Bu paytda Tavallo bol`sheviklarning mustamlakachiligi avjiga chiqayotganligidan doim zorlanardi.Bu holatni “avom xalq o’zaro nifoq va qo’rqoqlik orqasidan xor-zor, qizillarga tutqun bo’ldi.Biroq bir kuni sabr kosasi to’ladi” deya baholardi. Tavallo yaratgan she’rlarda uning o’sha vaqtdagi kayfiyati yaqqol seziladi:

Shuncha Turkiston elinda nodon ahli ko’b vale,
Nosih o’lmas ersalar, aqli rasolardin nasud?!

Shoirni ayniqsa, millatning ertasi o’ylantirib, shu fikrlar asnosida muxammaslar bitdi.

Ey qo’lum, pul tutma hech, millatga yordamlashmasang,
Bo’lma xushnud, ey dilim, millat g’amin g’amlashmasang,
Ravshan o’lma, ey ko’zum, yoshing to’kub namlashmasang,
Fikrim, ochilma, agar she’ring yozib, xamlashmasang,
Chiq ichimdan, jonim, ey, san manga hamdamlashmasang…

Boshqa bir she’rida esa kinoya bilan qoloqlikni achchiq hajv qilib o’tadi:

Yovrupo ahli, siz quloq solingiz,
Biz hunarlar yozib tonushtiramiz.
Kelturing zapnburak, qurol necha xil,
Bizni sopqon ila otushtiramiz.
Aftomobi, arobangiz qayda,
Ho’qand arba bilan chopushtiramiz.
Biz bilurmiz, siz to’g’ri so’zni quli,
Lek biz yalg’onlar qotushtiramiz.
Do’stni dushman edub, solib ig’vo,
Gap toshub o’rtaga choqushtiramiz.
Qo’lda bid’at maromnomasi bor,
Kim yaqin kelsa, biz yopushtiramiz…

Bu albatta qadimchilardek jadid taraaqiyparvarlarga to’siq bo’lgan toifaga kinoya tarzida bitilgan.
Shu singari Tavallo ijodida yana boshqa kinoyaviy, hajv yo’sinidagi boshqa she’rlar ham mavjud:

Teskari, demang, zamon, bizning yurishlar teskari,
Eldin ibrat olmayin bizda turushlar teskari.
Qo’ysa gar millat qadam, rohi taraqqiy izlasa,
Dar mahal done o’lub yo’ldin urushlar teskari…
Yo’q , demang, bizda muharrir, shoir, ey ahboblar,
“Oy yuzingdan, voy, ko’zingdan”, deb yozishlar teskari…
Yoki yana bir she’rida shunday satrlar bor:
Falak, bizga xabar ber, nechun bee’tibor etding,
Jahonda barcha ellar ichra bizni sharmisor etding.
Jaholat rishtasiga band etib, rahm eimading hargiz,
Falokat handaqi uzra bugun bizni duchor etding.
Sharorat yomg’urini yog’durib millatni boshig’a,
Adovat otig’a otlandurub bizni suvor etding…

Millat dardi bilan yashagan shoir boshqa xalqlar bilan ham do’stona munosabatlar tarafdori edi.Xususan, ruslar orasida ham do’stlari ko’p bo’lib, o’zbek va rus tillari uyg’unligida g’azal ham yozgan edi. Ma’lumki, rus tili fonetik xususiyatiga ko’ra, aruz qonunlariga bo’ysunmaydi.Biroq Tavallo buni ham uddalab, “Vot she’r” sarlavhasi bilan “Mushtum” jurnalining 1928 yil 3-sonida chop ettiradi:

“Mushtum” chirog’im, so’yla-chi: kak ti pojivaesh?
Har kimni so’kib, sam sebe dushman najivaesh`.
Tekkanga tegib, tegmasa shutish`, pochemu tak?
Xullas, jim o’tir, muncha vsegda zadevaesh`
Yesli popadet senga birov mulla qilursan,
Har qanday asov bo’lsa-da, uzda nadevaesh`.
Bir kun chiqasan chyorniy kiyib, ertaga boshqa,
Otkuda chopon haftada nadevaesh`?
Hech bir sojalet` etma, yozib tur nima ko’rsang.
Inache bugun vaqti g’animatni teryaesh`.
Mayli, xorosho, razniy qiliqlarni yozib tur,
Bizlar bilamiz, vezde bivaesh`.
Vot endi bugun man yozaman, san smotri,
Sen dema meni “mag’zava” tezda zabiveash`.

“Mushtum”ga murojaat shaklida yozilgan ushbu g’azal o’sha vaqtda katta shov-shuvlarga sabab bo’lgan.Ayrim ko’rolmaslar esa, To’lagan ichkilikka berilganidan shunday she’rlar yoza boshladi, deya gap tarqatishadi.Uning ichkilikka berilishi aslida 1931 yilda o’g’li Mahmudning vafotidan so’ng bo’lgandi.Maqsud, Sanobar va Rahbar ismli farzandlari esa otasining dardini anglashardi.Ammo tabiatan intiluvchan, g’ayratli Tavallo xatarli vaziyatlarda ham millat haqida qayg’urardi.Ana shu qayg’u-alamlar Tavalloni 1937 yilning sentyabrida qatag’on domiga tortdi.Natijada unga “xalq dushmani” deya soxta, to’qima ayblov qo’yilib, o’sha yilning 10 noyabrida NKVD uchligi Tavaloni otib o’ldirdi.

Tavallodan turli janrlarda yozilgan yuzga yaqin she’r, jadid adibi degan nom meros bo’lib qolgan.

… Xorazmning Gurlan tumanilik shoir Tursunboy Karimov 1980 yillarda tuman kino idorasi rahbari sifatida Toshkentga borganida, u yerda Tavalloni tanigan-bilgan qariyalardan yozib olgan she’rlarni o’qib, jadid adabiyoti namoyondasining hajv yo’sinida ash’orlar bitganiga amin bo’lasiz.Ushbu she’rlar hali hech bir nashrda yoritilmagan bo’lib, Tavalloning hajv yo’li bilan taraqqiyotdan ortda qolmaslikka, ma’rifatli, shijoatli bo’lishga zamondoshlarini undaganini anglaymiz:

Toshkentda ko’p istirohat bog’imiz,
Hech kelishmas anga borib bizning sayr etmog’imiz,
Yoz fasli oq badanlar oq kiyimlar kiysalar,
Paxtalikni tashlamay, yelkaga chiqqan yog’imiz.
Uch qavat kamzulning ustidan yana bir
Kattakon bog’labon mahkam qilib sakkiz quloch belbog’imiz.
Skameyka uzra o’ltirsa nechalar rohat qilib,
Kavfshimiz loyi bilan biz ustida yotmog’imiz.

O’qiganingizdek, Tavallo jadid shoirlari kabi jamiyatda ma’naviyat va ma’rifatni yuksaltirishga, davrdoshlarini o’z qobig’iga o’ralib, zamondan orqada qolmaslikka undab, kamchilik va nuqsonlar, muammolardan ko’z yummay, ularni hajv qilib she’rlar bitgan:

Ruslar otib bir zambarak,
Borlarni qildi bedarak.
Biz bog’da chalib tar-tarak,
Sopqon otolmaymiz hanuz.
Ruslar uchsa osmon,
Mashinasi aeroplan.
Nechun bizlar tramvaydan
Yerga tusholmaymiz hanuz?!
Bizlar katta narvon qo’yib,
Tomdan tusholmaymiz hanuz.

Yuqoridagi hajviy she’rlar, ehtimol,Tavalloni tanigan-bilganlardan insonlardan keyin umuman unitilib ketgandir? Balki shu boisdanmi,Tavalloning o’sha she’rlari hanuzgacha tadqiqotchilar e’tiboridan chetda qolib ketmoqda.  Umuman, Tavalloning ijodiy merosini o’rganish jadid adabiyoti xazinasini to’ldirishga, qolaversa, mustamlakachilik davri qurbonlarining ruhini shod qilishga sabab bo’lardi.

xdk

(Tashriflar: umumiy 1 197, bugungi 1)

Izoh qoldiring