Umid Bekmuhammad. Xorazm tarixidan lavhalar.

011
* СУДХЎРНИНГ СИРТМОҒИ   * ФРАНЦИЯДА ЎҚИГАН МИРОБ   * ГЕРМАНИЯДА ЎҚИГАН ҲАМШИРА  * ҚОН ОЛИНГАН ҲАММОМ    * “ ХОРАЗМДА ТОВУҚ 5 ТИЙИН”    * ОШМЕҲТАРНИНГ ОЧИЛ ДАСТУРХОНИ    * ТОР ХОРАЗМДА ЯРАТИЛГАНДИ

002
Умид Бекмуҳаммад
ХОРАЗМ ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР
011

СУДХЎРНИНГ СИРТМОҒИ

“Пул бўлса, чангалда шўрва”, дейишади.Ҳа, шундайроқ бўлган ва бу ҳақиқат ўхшайди.Бироқ уни топишнинг имкони бўлмаса-чи?! Тарихда шундай ҳолатлар кўп кузатилган. Бундай вазиятда бечораҳол банда ўзига тўқ, бой-бадавлат инсондан қарзга пул олиб турарди. Афсуски, қарзни қайтаролмаганлар ҳам кўп бўлган. Худди 1894 йилда Тўрткўлда бўлгани каби…

Тўрткўл қуйи Амударё бўйида жойлашган бўлиб, 1873 йилдаги чоризм истилосидан сўнг Петро-Александровск шаҳри деб атала бошлади. Бу шаҳарда Хива хонлиги даврида Вафо Мақсум исмли анчайин бадавлат савдогар яшарди. Унинг дарёнинг ҳар иккала соҳилида беҳисоб ерлари, савдо расталари бор эди.

Каттагина бойликка эга Вафо Мақсум замон оғир бўлгани, фақирлар кўпаяётгани учун дастлаб элдошларига қарз берди. Аммо қарз олган кимса Вафо Мақсумдек “ пулни пул топади” ақидасига амал қилолмас, эҳтиёжгаига ишлатгани учун олганларини қайтара олмасди. Шундай вазиятда Вафо Мақсумдек бойвачча элдошларига ачиниб, қарздан кечиб юборгандир, дерсиз?! Йўқ, асло! Қайтанга пулини ундиришни сўраб, ўша вақтда ўлка ҳукмдори бўлган Туркистон генерал-губернаторлигининг Амударё бўлимига мурожаат этади.

Натижада бўлим бошлиғи қарздор бўлиб қолган деҳқонларни чақиртириб, сўроқ қилади. 1894 йилда қарзга ботган Полвонниёз исмли деҳқон қарзга ботиб, бу юзадан шундай кўрсатма бергани қайд этилган:
“Дон қиммат вақтида мен Вафо Мақсумга 100 тилло қарздор бўлиб қолдим. Бу пулни ўз оиламни боқмоқ учун олишга мажбур бўлдим, чунки ҳосил кам бўлиши натижасида жуда муҳтож эдим. Менга Вафо Мақсум тилло берганида, ҳар йили 20 ботмон пахта тўлаб туришни таклиф қилди, акс ҳолда , қарз беришга рози эмас эди. Меним беш таноб ерим бор. Қарз олмагунимча пахта экмас эдим. Қарз олганимдан кейин пахта эка бошладим, аммо кам ҳосил олдим ва қарзимни тўламоқ учун ҳар йили ботмони икки тиллодан ўн ботмон пахта харид қилар эдим”.

Яна бир қарздор Абдулла Жумашев эса шундай дейди: “ Мен Вафо Мақсумга 1891 йилда 20 тилло қарздор бўлдим. Шу вақтда дон жуда қиммат эди. Меним еримда ҳосил ёмон бўлди.Мақсумга ҳар йили беш ботмон пахта бериш шарти билан қарз кўтардим.Бу шарт Вафо Мақсум томонидан қўйилди. Мен, гарчи, фоизни камайтиришни илтимос қилсам ҳам, охирида кўнишга мажбур бўлдим.Биринчи йил беш ботмон пахта топширдим. Ўзим пахта экмай, бутун пахтани сотиб олардим. Пахта хариди учун ҳўкизимни ўн икки тиллога, отимни ўн уч тиллога сотдим ҳамда пулга ботмонига йигирма танга бериб, пахта сотиб олдим.Иккинчи йили пахта эксам ҳам пахта бўлмади, чунки ерим ёмон эди. Қарз фоизини тўламоқ учун сигиримни ўн бир тиллога, иккита икки яшар бузоғимни беш тиллодан ўн тиллога сотдим. Шу пулларга ботмони йигирма бир тангадан пахта сотиб олдим”.
Шу тахлит Вафо Мақсум кам ерли деҳқонларга қарз бериб, фоизига пахта беришни талаб қилган. Аммо аксига олиб, камбағалнинг ерида пахта унмасди. Фоизни бериш учун оти, молини сотганлар ҳам бор эди.

Баъзида эса пул олганлар орасида қарзни фоиз пул билан узишга келишган фақирлар ҳам бўлган. Ўша даврга оид бир ҳужжатда Вафо Мақсум билан қарздор орасидаги келишув ҳолати акс этган. Бу ҳақдаги васиқада шундай дейилади:
“ 1891 йил, 30 ноябрь куни элликбоши Нўъмон мачитининг қавми Серқуб оқсоқоллигида яшовчи арақачи уруғидан Яхши Келдиев—буғдойранг, қора соқол, қоши туташган, ўзининг айтишича, олтмиш яшар, эс-ҳуши жойида Бобожон Мақсум Вафо Мақсумовга 54 сўм қарздор бўлгани ва бу суммани унга бир йилдан сўнг тўлашни устига олганига иқрор бўлди. Унга ўғли Сафарбой кафил бўлиб, шу пулни отаси тўламагани тақдирда ўзи тўлайдиган бўлди. Сафарбой, ўзининг айтишича, ўн олти ёшда, ҳали соқоли чиқмаган, буғдойранг. Шунинг тўғрилигига мен Холмурод ва мен Сафарбой қўл қўйдик ва тамғамизни босдик”.
Ҳужжат Шайх аббослик халқ судьясининг муҳри билан тасдиқ этилганди.

Афсуски, бечора қарздор бир йилдан сўнг пулни қайтара олмаган. Шундан сўнг Вафо Мақсум унинг болалари билан янгидан битим тузади. Бироқ бу гал ҳам болалари битим тузишди-ю, яна пулни қайтаролмай, Вафо Мақсумнинг ерида икки йил бепул ишлашга мажбур бўлдилар. Аммо бу ғурурли йигитлар Вафо Мақсумнинг ерида икки йил ишлаб ҳам қарзни узолмагач, бепул ишлашдан воз кечиб кетишди.Судхўр Вафо эса қозига мурожаат қилди.
—Биз Вафо Мақсумда икки йил хизмат қилдик.Агар икки йиллик хизматимизнинг ҳақи 91 сўмдан кам бўлса, етмаганига пул берамиз, —дейишди йигитлар ва ишлашдан бош тортишди.
Қози эса, ишлаган икки йилингизнинг ҳақи 91 сўмга етмаган , дея ажрим чиқариб берган.
Шу тахлит ишлаган икки йили 91 сўмга етмагани боис, яна кимдандир қарз олиб, Вафо Мақсум учун бепул ишлашдан қутулишди.Бироқ яна қайсидир судхўрдан қарздор бўлиб қолдилар…

Хуллас, бой ҳам , қози ҳам бойга боқадиган замонлар эди ўшанда.Камбағални туянинг устида ҳам қарз деган ит қопадиган, сиртмоқдек бўйиндан тортадиган замонлар эди….

024

ФРАНЦИЯДА ЎҚИГАН МИРОБ

1897 йил.Хоразм. Муҳаммадни нафақат қариндош уруғлари, балки Хонқа аҳли ҳам шоду хуррамлик билан кутиб олишди.Чунки, у олис Францияда ўқиш билан бирга, исломнинг бешинчи шарти бўлган ҳаж ибодатини ҳам ўтаб(таътил пайти Арабистонга бориб) қайтаётганди.Орадан қирқ йил ўтди—1937 йил. Энди Муҳаммад Аминаддиновни яқинлари қайғу ва йиғи -сиғи билан…қамоқхонага ноилож юборишди.
Хўш, қирқ йиллик давр мобайнида Муҳаммад ҳожи қандай фаолият кўрсатдики, уни қамашга асос бўлса?

У 1873 йили Шўрахон ҳокими Аминаддин Ёқубнинг оиласида туғилиб вояга етди.Дастлаб Хивадаги Арабхон мадрасасида таҳсил олади.Кейин эса Петро –Александровск(Тўрткўл)да чор маъмурлари ташкил этган рус-тузем мактабидаям ўқийди.Мактабни тугатган пайти—1892 йил 5 августда Франция ва Россия ҳукуматлари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб,унинг бир бандига кўра, иккала давлат ёшларининг нуфузли ўқув юртларида таҳсил олиши таъкидлаб ўтилганди.

Шунга кўра,Истамбулдаги махсус курсни тугатгач, 1893-1897 йиллари Муҳаммад Аминаддинов Франциянинг Тулуза ирригация коллежида таҳсил олади. Ушбу замонавий ўқув юртида ғарб ва шарқнинг сув тизими, ерлар таркиби,қурғоқчилик-у, сув тошқини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси таҳлил қилиб ўтиларди.

Шу тариқа ўзбек, форс, араб, рус ,турк тилларини мукаммал билган Муҳаммад фаранг тилида коллежда таҳсил ола бошлайди.Таътилда вақт топиб эса Макка ва Мадина шаҳарларига бориб ҳаж ибодатини бажаради.

1897 йилда Ўрта Осиёдан биринчи бўлиб ирригатор деган европа дипломини олиб ватанига қайтгач, уни Амударёда ташкил қилинган флотилиянинг ўқув курсига бошлиқ этиб тайинлашади.Бу кезлари унинг ихтиёрида 220 катта-кичик кема бор эди.Ушбу кемалар дарё бўйлаб транспорт вазифасини ўтаган ва одамлар, уларнинг юклари ташилган.Флотилия курсига М.Аминаддинов раҳбар бўлгач, тез орада кемалар сони 315 тага етади.

1900 йилда отаси—Хонқа ҳокими Аминаддин вафот этгач,Хива хони Феруз уни ушбу ҳудудга ҳоким қилиб тайинлайди.

Муҳаммад Хонқага ҳокимлик қилган йигирма йил ичида қишлоқ хўжалиги етиштирадиган бекликда пахта тозалаш, ёғ ва ун заводлари ишга туширилади.25 минг киши яшайдиган Хонқада ариқ зовурлар тозаланиши яхши йўлга қўйилгач,деҳқончилик тараққий қилган ўлкага айланади.1905 йили хонликка келган рус олими А.Самойлович,ҳамда Амударё бўлимининг бошлиғи Н.С.Ликошин ўз хотираларида, Муҳаммад ҳокимни Россия ва хориж газеталарини ўқиб турадиган зиёли, ўз уйини европача жиҳозлаган тараққийпарвар киши деб таърифлагандилар.

Ҳа, у ўз юртдошларини ҳам тараққиётга интилишини истар, шу боис ўлкада ташкил қилинган жадид мактабларини маблағ билан таъминлаб турарди.Шунингдек, ўзи обуна бўлган «Таржимон», «Вақт», «Петербургские ведомости», «Туркистон вилоятининг газети» нашрларини ҳам ихлосмандларга ўқиш учун бериб турар, мақолалар мазмунини тушунтириб , илғор ғояларни тарғиб қиларди.Айтиш мумкинки,Муҳаммад Хива хонлигининг йигирмата ҳокими ичида энг тараққийпарвари, энг ёши ва ҳажга борган ягона инсон бўлиб, унинг орзулари ушалишига мустабид чор ҳукумати ва золимона бошқарув шаклидаги хонлик тузуми тўғаноқ эди.

1916 йилда хонликда Исфандиёрхон ва чор истибдодига қарши қўзғолон бўлиб, қўзғолон бостирилгач, Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан исён пайтида Россия ва Хива фуқаролари кўрган зарарларни аниқлаш бўйича комиссия тузилиб, унга Муҳаммад Аминаддинов ҳам аъзо бўлади.Гарчи, комиссияда мустамлакачилар манфаати акс этсада, Аминаддинов маҳаллий халқнинг тарафини олишга интилди. Бу борада қўзғолонни бостириш пайтида фуқароларнинг молу-мулкларини мусодара қилиш, Галкиннинг жазо қўшини штабга 20 майда 123.600 рубл, 21 майда 223.469 рубл, 22 майда 434.904 рубл, 23 майда 257.938 рубл пул тўплаганини аниқлайди.Туркманлардан эса 18 минг дона тилла танга ва 25 фунт тилла ёмбиси мусодара қилингани , яна қанчадан қанча гиламлар аҳоли қўлидан тортиб олингани аниқланади.Табиийки, булар ўзи шундоғам ночор аҳволда яшаётган халқ учун жабр эди.Аминаддинов халқ ичида юриб ана шуларни кўради.

Айни пайтда эса у Исфандиёрхон атрофини мустамлакачилар ишончини қозонган ва уларга хизмат қилиб бойишни мақсад қилган Баққоловлар эгаллаганини ҳам очиқ гапиради.У Туркистон генерал губернаторлигининг охранкасига 1916 йил октябрида берган кўрсатмасида : “Матвафо Баққолов гоҳо туркманларни ҳимоя қилса, гоҳо уларга қарши иш қилади.Масалан, 1915 йили, у ҳали бош вазирлик лавозимида эканлигида, Россия уруш билан банд, унинг қўли эндиликда Хивага етмайди, шундай пайтда туркманлар хон ҳукуматига қарши ҳар нима қилса бўлавериши мумкинлигидан уларни огоҳлантиради” (Ўзмардавархив, 461-фонд, 1-рўйхат, 1899-иш, 255-260 варақ) дея ахборот беради.Яъни, исён айнан Матвафонинг туркманларни гиж-гижлашидан келиб чиққанлиги, кейин эса бутун хонликка тарқалиб, халқ жабр кўрганлигини айтади.

Орадан бир оз вақт ўтиб, 1917 йил феврал ва октябр ойларида Россияда давлат тўнтаришлари бўлди.Бироқ Хива хонлиги то 1920 йилгача сақланиб қолаверди. Ўша йил 2 февралда большевиклар мададига таяниб,»Ёш хиваликлар» хонликни тугатишди ва Хорзам Халқ республикасига асос солишди.Полёзҳожи Юсупов ва Бобохун Салимов сингари ХХР раҳбарлари, Муҳаммад Аминаддиновдек зиёли ва элбошининг тажрибасидан фойдаланиб,уни ирригация ва деҳқончилик нозири қилиб сайлашди.Кейин эса ХХРнинг ирригация бошқармасига бошлиқ қилиб тайинлашди.Сунъий суғоришга асосланган воҳада қазув ва дарё дамбаларини кўтариш, ички ариқ, зовурларни тозалаш ишлари айнан Муҳаммад ташаббуси билан бошланди.Биргина 1922 йилда Ҳазораспдан Хўжайлигача бўлган 220 километрлик масофада қайтадан тўғонлар қурилди, қазув ва тозалаш ишлари олиб борилди.

«Новий Восток» журналининг 1923 йил 3-сонидаги мақолада ёзилишига кўра, » Хоразм Халқ Республикасининг Ҳожибой Аминаддинов етакчилик қилаётган деҳқончилик нозирлигида қуйидаги бўлимлар бор: умумий бўлим, хўжалик бўлими, ер тузилиши, сув хўжалиги, тўқай ва кўллар, вақф ерлар ва озиқ овқатлар тайёрлаш бўлими».
М.Аминаддинов ана шу бўлимлардан ташкил топган нозирликка раҳбарлик қилиб, журналнинг ўша сонида ёзилишича, Хоразмнинг 93,6 фоизлик деҳқончилик қиладиган аҳолисига шароит ва имкониятлар яратиб беришга ҳаракат қилган.Ўзлаштирилмаган жойлардан янгидан 40 минг таноб(7,6 минг гектар ) ер қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритилган. Натижада Хоразмлик деҳқонлар олган ҳосилдан Нижний Новгороддаги ярмаркага маҳсулотлар олиб боришади.М.Аминаддинов бошчилик қилган ХХР вакиллари 1923 йилдаги ушбу кўргазмада 130 миллион сўмлик деҳқончилик маҳсулотлари сотишади.
1924 йилда Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ўтказилиб,ХХР тугатилгач Хоразм округида сув масалалари билан шуғулланувчи УПРАДИС ташкилоти тузилади ва М.Аминаддинов унга бош инженер қилиб тайинланади.Шу тариқа қадимдан келаётган қазувдек анъанани маҳаллий ҳокимият қонуний изга кўчиради ва барча сув ҳавзаларини умумҳашар йўли билан қазишни тартибга солади.Бу ишлар билан , шунингдек Аму сувини воҳа бўйлаб тақсимлашга айнан УПРАДИС шуғулланарди.

1930 йилга келиб советларнинг коллективлаштириш ва қулоқлаштириш сиёсати авж олиб, ва халқ орасидан ички душманларни излаш сиёсати юритилгач, М.Аминаддинов ишдан бўшатилади.Энди у Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги «Дегишстрой» ташкилотида,Қорхонбой колхози ва Шаббоз туманидаги «Истамас» колхозларида оддий мироблик қилади.

Шу тариқа хорижда таълим олган биринчи ўзбек ирригатори, бошқарув соҳасидаям тажрибали бўлган Муҳаммад ҳожи синфий душман сифатида четга суриб қўйилади…
1934 йил.Шу санада жўшқин Амударё тошиб Ҳазораспдан Гурлангача бўлган ҳудуд сув тошқинидан катта зарар кўради.Ҳаттоки,Гурландаги Чўболончи қишлоғи аҳолисини,ҳаттоки қабристонларни сув босиш таҳликаси пайдо бўлади.
Ана шундай таҳлика пайтидагина Хоразм раҳбарлари бунга чора кўрадиган инсон сифатида Муҳаммад ҳожини эслаб қолишади.Шу тарзда ҳожи Тўрткўлдан келиб сув офатини ўз тажрибасига асосланиб даф этаолади.

1937 йилнинг 19 октябри, ярим тун.Тўрткўлда яшовчи Муҳаммад Аминаддиновдек эл оқсоқоли бўлган, юрт фидоийси «халқ душмани» сифатида қамоққа олинади.1937 йил 3 ноябрьда Аминатдинов Ҳожибой Ҳоким (Муҳаммад Аминаддинов) аҳоли орасида аксилинқилобий, мағлубиятчилик тарғиботи олиб борганликда айбланди.Тергов ишида қайд этилиши бўйича,1873 йилда туғилган маҳбус Хонқа ҳокими бўлган, қулоққа тортилган, ҳибсга олинган пайтда аниқ машғулоти бўлмаган.У 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилиб, жазо муддати 1937 йил 18 октябрдан ҳисобланган.Бироқ,унга терговчилар қамоқхонада турли азоблар бериши натижасида 64 ёшдан ўтган нуроний, қатағон зулмига чидайолмай қамоқда вафот этади.

ГЕРМАНИЯДА ЎҚИГАН ҲАМШИРА

Бугун кўпчилик тиббиёт ходимлари Марям Султонмуродова номини умуман эшитмаган бўлишлари мумкин.Чунки, у қатағон даври жабридийдаларидан бири.Аммо Марям Султонмуродова Германияда ўқиган, европа дипломини Ўзбекистонга олиб келган биринчи ҳамшира эди.Хўш, биринчи ҳамширанинг ҳаёти қандай кечди?

Марямхон 1905 йил Урганчдаги Чандирқиёт қишлоғида туғилганди.Отаси Жуманиёз Султонмуродов қишлоқдан шаҳарга иш излаб Урганч шаҳридаги Черников деган заводчи бойнинг пахта тозалаш заводига боради ва шу ерда то 1916 йилгача фаолият кўрсатади.
Жуманиёз Султонмуродов шу йили чор мустамлакачилигига қарши бўлиб ўтган халқ қўзғолонида фаол қатнашиб, феврал март ойларида генерал Галкиннинг Тошкентдан келган 6000 кишилик қўшини қўзғолонни аёвсиз бостиргач, қочишга мажбур бўлади.Қорақалпоқлар орасида ва Тошкентда муҳожирликда юрган Жуманиёз Султонмуродов 1916-20 йилларда Хива хони ва мустамлакачиларга қарши бўлган «Ёш хиваликлар» ҳаракатининг фаолларидан Полёзҳожи Юсупов,Бобохун Салимовлар билан танишиб, улар билан бирга истибдодга қарши курашади.

Ниҳоят 1920 йил февралида большевиклар мададига таяниб «Ёш хиваликлар» Хива хонлигини тугатиб, Хоразм Халқ Республикасини ташкил этишади.Янги ташкил топган ХХРнинг муваққат ҳукумат раиси этиб эса ташкилотчи ва жасур инсон Жуманиёз Султонмуродов тайинланади.

Ана шундай фидоий инсоннинг қизи бўлган Марям бу пайтда вояга етиб отаси таъсирида тараққиётга интилади.Отаси муҳожирликда пайти Тўрткўл ва Тошкент мактабларида ўқиган Марямжон 1920-21 йилларда Оренбургга бориб педагогика институтида таҳсил олади.1922 йилда эса Туркистонлик бошқа ёшлар каби Германияда ўқиш имконияти пайдо бўлганиданоқ у ерга илму фан сирларини ўрганиш учун кетади.

Энг аввало, Бухоро ва Тошкентлик ёшлар билан фақат Марям Султонмуродованинг ўзи Хоразмдан ёлғиз Германияга ўқишга кетганми деган савол туғилади.Негаки, «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1922 йил 31 августдаги Сирожий чоп қилдирган мақолада. «Ҳозирда Германияга ўқишга борадиган ўқувчилар ҳисоби Хивадан 5 киши» дейилган.
Қолаверса,»Туркистон» газетасининг 1923 йил 29 июл сонидаги яна бир мақолага кўра, Марям Жуманиёз қизи Султонмуродова ўз таъминоти ҳисобидан Германияда таҳсил олган.Яъни, ўша вақтдаги ХХР республикаси унинг учун пул ажратмаган.Балки, қолган 4 та ўқувчи ҳам олдин Германияга бориш истагини билдирган, аммо ўз таъминоти ҳисобидан кетишларини эшитиб, фикридан қайтган ҳам бўлишлари мумкин.

Марямхонга эса 6 йил давомида хорижда ўқиш осон кечмаган.Эртой тахаллусли шахснинг «Туркистон» газетасининг 1924 йил 2 сентябрдаги мақоласида бу тўғрида шундай ёзилади: «Орамизда Марямхон, Хайринисо, Саидахон отлиқ ўқиш учун мамлакатимиздаги тўсиқларга қарши Оврўпаға отланган фидойи қизларимизх ҳам бор.Уларнинг ўқишлари яхши.Бироқ Хивалик Марямхон моддий томондан яхши таъмин қилинмагани учун йўлларида кўп чатоқликлар кўрадир.Чиндан ҳаёт хотини бўлмоқ ва Туркистонда қолғон опа сингилларимизнинг истиқболи учун ҳеч ким кўрсатмас қаҳрамонлик қилиб келган қимматлик қизимизга Хоразм жумҳуриятимизнинг шундай совуққонлик билан қарашиға Туркистон ёшлари таассуф этаолмай тураолмайдурлар».

Бироқ ана шундай қийин шароитда ҳам у 1922-26 йилларда Берлин ва Дармштат шаҳарларидаги ўқувчилар семинарийсида ўқиб билим олади.1926-27 йилларда бўлса Берлин мактабларида амалий машғулотларни ўтайди.1927 -28 йилларда эса Берлиндаги профессор Финкельштейн номидаги касалхона қошида тиббий ҳамширалар тайёрлаш курсларида ўқийди.

1928 йилда ватанига қайтган Марям Султонмуродова Тошкентдаги кечки коммунистик университетда бўлим мудири,»Ёрқин турмуш» («Саодат») журналида адабий ходим бўлиб ишлайди.Унинг айниқса матбуотда ишлаган даврида фаоллиги ошиб, қатор ҳикоя ва очерклар ёзади, рус ва немис адабиётидан таржималар қилади.

Бироқ хорижда ўқиб ватанида илму фан истиқболига хизмат қилишни истаган Марямхоннинг қувонч ва орзу умидлари узоққа бормади.1937 йил 13 сентябрда у аксилинқилобий фаолиятда айбланиб Тошкент шаҳрида ҳибсга олинади.Унга Германияда таҳсил олган даврида «Озод Туркистон» деган жосуслик ташкилотига аъзо бўлганлик айби қўйилади.

Маълумки бу пайтда Германияда таҳсил олган Саттор Жаббор,Солиҳ Муҳаммад,Абдувоҳид Муродий,Хайринисо Мажидхонова ва бошқа кўплаб хорижда илму фан ўрганиб қайтган ёшлар ҳам ҳибсга олинган, айримлари отиб ҳам ташланганди.
Марям Султонмуродова бу вақтда 32 ёшда бўлиб етти ёшли Пўлат ва Анор исмли эмизикли чақалоғи бўлган.

1938 йил 9 октябрь куни Тошкент шаҳрида Олий суднинг ҳарбий ҳайъати сайёр сессияси ёпиқ суд мажлисида, уни жиноят процессуал мажмуасининг 14-54 ва 67 моддаси билан айблаш бўйича иш кўрилиб, мазкур мажмуанинг 128 ва 131 моддаларига биноан М.Султонмуродова 10 йил қамоқ жазосига, 5 йил муддатга эса сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилади.

У шу тариқа эмизикли боласини қайнонасига ташлаб, то 1947 йил 13 сентябрига қадар Қозон,Суздаль қамоқхоналарида, кейин НКВДнинг Колимадаги Дальстрой лагерида жазони ўтайди.

Ниҳоят 1947 йил муддатни ўтаб Хоразмга қайтган Марямхон ўз қишлоғида эндигина ишга киришганда, 1949 йил 29 мартда яна ҳибсга олинади.М.Султонмуродовани ҳибсга олиш ҳақидаги қарорда бундай дейилади: «М.Султонмуродова 1922-28 йилларда Германияда ўқишда бўлганида таниқли миллатчи муҳожирлар йўлбошчиси Мустафо Чўқай ва Олимжон Идрисийлар томонидан тузилган ва раҳнамолик қилинган миллатчи жосуслар ташкилоти бўлган «Озод Туркистон» ташкилоти аъзоси бўлган. 1927 йил Султонмуродова кейинчалик советларга қарши миллатчилик фаолияти учун ҳукм қилинган ва отиб ташланган Хайринисо Мажидхонова билан бирга ,Берлиндан Парижга борган ва у ерда ашаддий миллатчилар М.Чўқаев ва Аҳмад Нойимлар билан учрашувда бўлган.Баён этилганларга асосланиб Урганч райони Янгибозор қишлоқ шўросида ишлаб ва яшаб турган Марям Султонмуродова ҳибсга олинсин ва уйи тинтув қилинсин»

Хуллас, 1949 йилда ҳам унга яна эски айблар: «миллатчилар билан учрашганлик ва жосуслик айби қўйилиб 29 март куни қайтадан жиноий иш қўзғатилади.Натижада 5 йилга озодликдан маҳрум этилиб Красноярскдаги қамоқхонага жўнатилади.

Юрак хасталигига, пневмосклерозга йўлиққан Марямжон шу тариқа яна беш йил ватани ва болалари дийдорига тўймай маҳкумлик азобини тортади.

У 1957 йилнинг 10 майида бош прокурорга йўллаган хатида ўзига қўйилган айбларни асоссиз дея ҳисоблаб рад қилади:
«Мени айблашларича, гўё мен Берлинда бўлган вақтимда «Озод Туркистон» аксилинқилобий жосуслик ташкилоти аъзоси бўлиб, шу ташкилотнинг топшириғи билан германия фойдасига жосуслик ишлари олиб борган эмишман.

Мен ҳеч қачон бирорта аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси бўлган эмасман.»Озод Tуркистон» деган ташкилотнинг борлигини мен биринчи бор тергов вақтидагина эшитдим.
Менинг билишимча, 1922 йил Бухоро ва Туркистон Жумҳуриятларидан 60 га яқин киши Германияга ўқишга юборилган эди.Ўша йилнинг кузида Хоразм раҳбарлари қарори билан мен ҳам шу сафга қўшилдим.Менга энди бизнинг олдимизда Eвропа фан- техникасини қувиб етиш ва ўзиб кетиш вазифаси турганлигини айтишганларидан кейин мен у ерда ўқишга розилик берган эдим.

1922 йилдан то 1924 йил бошларигача Берлинда бўлдим, кейин Дармштатга ўқишга кетдим.Шунинг учун мен ўзимнинг талабаларимиз билан кам муносабатда бўлдим ва кўплари билан шахсан таниш ҳам эмас эдим.Менга ўша вақтларда мазкур талабаларни «Туркистон талабалари жамияти» номли ҳамюртлар жамияти бирлаштириб туришини билардим.Бу юртдошлик мазмунидаги очиқ ташкилот бўлиб, унинг фаолияти давлатимизнинг воситачилиги билан боғланган эди.Кейинчалик бу уюшмани Германиядаги бутун Советлар Иттифоқи талабалари уюшмаси билан бирлаштирдилар.Бундан бошқа яна қандай талабалари уюшмаси бўлганлиги менга сира маълум эмас.

Мени Тошкентга келган вақтимда аллақандай Энгланц номли профессор орқали жосуслик ишларини олиб борганликда айблашдилар.Бу туҳмат. Мен ҳеч қачон бундай одам билан таниш бўлмаганман. Шундай одамнинг борлигини ҳам биринчи бор тегровчидан эшитдим..
Мен душманга қандай маълумот бердим ва у қандай амалга оширилди? Бундай айбнинг тасдиғи учун бирорта фактик далил ва гувоҳлар кўрсатилмади.Менга нисбатан сохта гувоҳлик берган одам билан эса юзма-юз қилишни рад этишди.Шунинг ўзи менга қўйилган айбнинг ёлғон ва сохталигини кўрсатиб турибди…»

Ҳа,гарчи, у 1954 йил муддатни ўтаб қайтган бўлсада айби йўқлиги учун «халқ душмани» тамғасининг олиб ташланишини истарди.
Ниҳоят, унинг иши олий суд ҳарбий ҳайъатида полковник Лихачев томонидан кўриб чиқилиб, 1957 йил 2 августда унга қўйилган барча айблар бекор қилинади.Элига хорижда илм олиб қайтган, юртга фойдам тегсин, ўлкам истиқболига хизмат қилайин деган аёлнинг умри 15 йил турмаларда азобда ўтади.Энди Маряхон қишлоғида ҳамширалик қила бошлайди.

Бундай қараганда у қишлоғига қайтиб тинчгина ҳамширалик қилгандек.Аммо М.Султонмуродова қамоқхонадан озод этилган бўлсада, таъқиблардан бутунлай эркин юраолмасди.

У журналист ҳам бўлиб ишлагани учун ўша ситамли йилларда кечирган дардларини фақатгина қоғозгагина тўкиб солганди:
«Жоним азобда қолди.Юрагимни очиб сўзлайдиган кимсам йўқ.. Қалбимни қоғозга тўкиб солмоқчиман.Шу ниятда қўлимга қалам олдим. Меним виждоним пок эди.Мен берилиб, виждон билан меҳнат қилардим.Аммо, ҳеч қачон жиноят қилмаган эсамда, мени яна қамоқхонага ташладилар.О, қанчалар азобда қолганимни билсалар эди…

1954 йилда яна юртимга қайтиб келдим ва Урганчнинг Қорамон қишлоғида ишлай бошладим.Бу ерда ҳам атрофимни ўшандай жоҳил одамлар қуршади ва менга аввалгидай азоб бериб, мазах қилабошлашди.Уларнинг баъзилари менинг тақдирим уларнинг қўлида эканини англатиб қўйишга уринса, бошқалари мен билан яқинлашишга, дўстлашишга ҳаракат қилишарди.Ўзларини яқин кўрсатиш учун ҳар хил гаплар қилишарди.
Масалан, бир киши, сиёсат билан қизиқиш, қизиқмаслигим, газета ўқиш-ўқимаслигимни суриштирганларини сўзлади.

Суриштирса суриштираверишсин, менинг ҳеч қандай ёмон одамлар билан ошначилигим йўқ..Ҳокимиятга қарши бирор ёмонлик қилиш хаёлимга ҳам келмайди.Мен билан қизиқишса—қизиқаверишсин.Бу уларнинг иши.
Аммо, барибир, алам қиларкан кишига.Одамлардан уяларкансан.Бу алпозда яшамоқ қанчалар оғир!

Менга болаликдан, виждонли инсон халқи ва давлати дардига малҳам бўлмоғи керак, деб ўргатишарди.У ўз ватанининг ижтимоий ҳаёти билан қизиқмоғи, ҳукуматнинг мақсади ва вазифалари нимадан иборатлигини билмоғи керак, дейишарди.Акс ҳолда, у юртининг ҳақиқий фуқароси бўлолмайди.

Матбуот –ижтимоий ҳаёт мактабидир!
Матбуот—кишиларни олға ундовчи байроқ!
Шундай экан, менинг нега газета ўқишим мумкин эмаслигини тушунаолмайман.Она юртида нима бўлаётганидан бехабар киши унга қандай хизмат қила олади, ўз халқига қандай фойда келтира олади?

Лекин шундай деб суриштираётган бўлишса, демак, ҳақиқатдан газета ўқимаслигим керакдур, дедим-да, уч йил мобайнида қўлимга газета ва журнал ушламадим.Лекин бундан сўнг ҳам менга ўша-ўша муносабатда бўлишгач, хато қилаётганимни, мени барибир, ўз ҳолимга қўймасликларини англадим, бўлганича бўлар, деб қўл силтадим.Келаси 1960 йили учун кўпгина газета ва журналларга обуна бўлдим.
1957 йили мени оқлашган.Мендан бахтли одам йўқ эди.Ахийри орзуим ушалди! О, менинг хурсанд бўлганларим..

Лекин афсус, кўп ўтмай ихлосим қайтди.Мен ҳамон назорат остида эканлигимни, шармисорлик тамғасининг юки ҳамон босиб ётганлигини англадим.Ўзлигингни пастга уришларини ҳис этишдан ортиқ алам йўқ оламда.О, бу қанчалар оғир!
Агарда менга юқоридан, масхаромуз қараётган мана шу кимсалар мендан яхшироқ ва мендан покроқ бўлишганда-ку, балки бу ҳолга чидардим.Лекин асло ундай эмас эди.Аксинча, уларнинг бири чайқовчилик, ичкилибозлик, бузуқлик қиларди.Иккинчиси, бировнинг эрини тортиб олган, фарзандини отасиз қолдирган эди.Ўз юрти қонунларини ҳурмат қилмаган кимсани виждонли киши деб бўладими, унга ишониб бўладими? Виждон қонунини писанд қилмаган, бошқаларнинг кўз ёшларини оқизган кимсани инсон деб бўладими?

Ҳақиқий инсон ҳамма ерда: ҳаётда ҳам, ишда ҳам соф виждонли бўлмоғи даркор.
Ўзлари аслида чиркин табиатли, пасткаш одамлар мени қўрқитишар, осуда ҳаётимни заҳарлашга уринишарди.Бир куни ўша аёл гўё менга ачинган бўлиб, ўғлимни ишончлироқ жойга жойлаштиришни маслаҳат берди, «Kим билади, ҳали бошингизга не савдолар тушади»,—деди.Мен унга ўғлим ҳали ёш бола, менга бирор кори ҳол бўлишига ақлим бовар қилмайди, дедим-да, хотиржам ишлай бошладим.Шунда у менга: истеҳзоли тиржайиб: «Жуда иродангиз кучли экан»-деди.

Ҳеч бўлмаса мана шу кимсалар мени тинч қўйишса эди, кўнглимга ғулу солишмаса эди.Йўқ, улар менга сира тинчлик беришмас, оловга мой қуйишарди.Менга ўзларини яқин кўрсатиб, ҳар нималарни очиқ гапирган бўлиб қандай мақсадни кўзлашаяпти экан?
Мендан, бирга ишлаганлар ҳақида суриштирганида бир аёлнинг номини тилга олгандим.Орадан бир мунча вақт ўтгач у менга:
—Афсус.Улар сизни тинч қўймайдиган кўринади,—деди.

Яқинда эса, орамиз бузилиб қолганда:
—Шуни билиб қўйингки, тақдирингиз менга жудаям боғлиқ!—деди у зада билан.
Ҳар кимса кайфиятига қараб мен билан ҳоҳлаганича гаплашиши мумкин экану мен тилимни тийиб индамаслигим керак…

Ҳамма вақт шундай.Ҳатто ҳамширалик мактабида ҳам бир киши бўлгувчи эди.Қаерга борсам рўпарамдан чиқарверарди.Наҳотки мен шунчалар хавфли жиноятчи бўлсам, наинки мени назорат қилиш учун бутун бошли штат белгиланса? Наҳотки шундай қилишга улар ҳақли бўлсалар?Давлат манфаати мени назорат остида тутишни талаб қилди дейлик, нега улар буни намойиш қиладилар? Нега энди мен буни билиб туришим керак? Ёки мени қўрқитишмоқчими? Нега?Агар менинг поклигимга заррача бўлсада ишончсизлик бўлса, мени оқламасликлари мумкин эди-ку?!

Мана шундай хаёллар мени қийнайди—жоним азобда қолди.
Мен бутун умр виждон билан яшадим ва меҳнат қилдим.Ҳаётимда бир бор беихтиёр қоқилган бўлсам, наҳотки қайта-қайта йиқитиш, қайтиб қад ростлайолмайдиган қилиб ташлаш керак? Наҳотки менга қўл чўзиб тўғри йўлга бошлаш мумкин эмас? Наҳотки мени ҳам халқимизга хизмат қилиш учун барча қатори тўғри йўлга бошлаш мумкин эмас?Нега энди меним дилдираган қалбимни илиқ сўз билан, дўстона эътибор билан иситиш мумкин эмас?..»

Ҳа,Марям Султонмуродованинг умри ана шундай таъқиблар, тазйиқлар билан ўтди советлар давридаги мустамлакачилик йиллари.Бироқ шунга қарамай ўз қишлоғида қийналиб бўлсада ҳамширалик қилган Марям Султонмуродова журналист сифатида фаолият кўрсатгани учун мақола ва очерклар ёзди.» Меҳр кўзда», «Кутилмаган бахт», «Қалбим нидоси», «Раҳмат десинлар», «Мажнунтол», «Карвонлар келганда», «Бетамиз йигит» сарлавҳали ҳикоя, лавҳа, очерклари муаллифнинг иқтидоридан дарак беради.Агарда Марям Султонмуродова 15 йил ноҳақдан қатағон даври жабрини тортмаганида бунданда кўплаб яна юксак савияли асарлар битган бўларди.

Аммо шундай бўлсада Марям Султонмуродова(1905-1971) Хоразмнинг илму маърифат фидоийси, бардошли журналист, меҳрли ҳамшира сифатида танилди.

ҚОН ОЛИНГАН ҲАММОМ

Ушбу жойга ғайриддинлар, болалар ва аёллар, ғассоллар, айни пайтда эса тери касалликлари билан оғриганларнинг кириши қаътиян таъқиқланганди…

Қаътий тартиб асосида иш юритадиган мазкур масканга пайшанба кунлари хон ва амалдорлар, жума куни уламолар, дин арбоблари, бошқа кунлари эса шаҳар аҳолиси, меҳмонлар ва қишлоқлардан келган кишилар ташриф буюрарди.Ана шундай режа асосида иш юритиладиган бу маскан маълум ва машҳур Анушахоннинг ҳаммоми эди.

Анушахон машҳур тарихчи ва Хоразм ҳукмдори Абулғози Баҳодирхоннинг ўғли бўлиб, 1663-1689 йилларда тахтда ўтирган.У жасур ва қаътиятли инсон сифатида довруқ қозонганди.Бир гал, 1657 йилда отаси Бухородан зафар қучиб қайтаётганида, Кармана қишлоғида унга бир гуруҳ кишилар суиқасд уюштиришди.Абулғози озчилик навкарлари ва шахсан ўғли Анушанинг жанговарлиги билан уларни енгди.Жангда мардлик кўрсатиб, сергаклик билан ҳаётини сақлаб қолган Ануша шарафига эса Хивада ҳаммом барпо қилдирди.

Ҳаммомга шимолий томондаги махсус эшикдан кирилиб, йўлак орқали ечиниш ва ювиниш хонасига ўтилган.Ювиниш хонасининг ўзи тўрт ҳужрадан иборат эди.Бу жойда баданга совун суриш учун махсус хона ҳам бўлиб, хоналар тўртбурчак шаклдаги қозонхона атрофида жойлашганди.Совуқ сув солинадиган қозон эса нарироқда бўлиб, унга сув новлардан келтирилиб, ходимлар махсус токчалар орқали “совуқхона” ларга иссиқ сув узатишарди.Сув эса ҳаммом учун махсус қазилган қудуқдан олинган.

Ҳаммомда иккита ҳамомчи, гўлах ва иккита сув ташувчи мешкобчи хизмат қилар, ичкарида сартарошхонаям бор эди.Гўлахлар ўтхонага ўт ёқиб, ундан қозон ҳам, тутун юришига мўлжалланган мўрилар орқали деворлар ҳам қиздириларди.Ифлосланган сувлар эса “гулбадан”лар, яъни новлар орқали шаҳар ташқарисидаги захкашга оқизиб турилган.
Ҳаммомдаги ҳар бир хона нафақат ювиниб покланиш, балки тиббиёт маскани вазифасини ҳам ўтар эди.Иссиқ буғнинг бод, бўғим касалликларига фойдалилиги ҳам ҳаммомда исботини топар, шунингдек, касаллар уқалаш орқали асаб, қон-томир оғриқларигаям шифо топарди.Шу боис, Анушахоннинг ҳаммомида уқалаш учун алоҳида хона бўлиб, мартабасидан қаътий назар, бу ерда барчага бир хил хизмат кўрсатиларди.

Шунингдек, ушбу ҳаммомдаги хоналардан бирида тиш олдириш ҳам мумкин бўлган.Қон босими дардига мубтало бўлганлардан эса ҳаммомда қон ҳам олинарди.

Бу ерга келган киши ювиниш билан бирга, махсус хонада ўтириб, чой ичишиям мумкин бўлган.Табиийки, бу ерда одатдан ташқари турли гиёҳ, илдиз, барг ва гулдан дамланган чой ичилиб, гурунг қизир, агарда антиқа дамламали чой ёқиб қолса, шу ернинг ўзидан рецепти ёзилган чойни харид қилишнинг ҳам иложи бор эди.

Пайшанба кунида хон ҳазратлари ювиниб бўлгач, эртасига уламои киромлар, фақат ана шу икки кундан бошқа пайтларда эса оддий халқ келиб, ювиниб, покланарди.Эътиборлиси шундаки, шаҳар аҳолиси танини поклаш, соғлиғини тиклашга хизмат қилган хон ҳаммомини қиздириш учун шаҳар ичкарисидаги, ҳовлилардаги турли чиқиндилар, от ва эшак тезакларини ишлатишарди.Шу йўсинда шаҳар ичидаги чиқиндилар ҳам тозаланиб, ҳаво мусаффо сақланарди.

Шу тариқа шарқона услубда қурилган, ташқи кўринишидан меъморий обида ҳисобланадиган ҳаммом 1657 йилдан халққа хизмат қилиб келган.алқ учун, хон ювинган ҳаммомга бориш эса одатий ҳол бўлган.орижликларнинг бу ерга кириши таъқиқланар, ғайридинлар учун бу мўъжиза бўлиб туюларди.

001

“ ХОРАЗМДА ТОВУҚ 5 ТИЙИН”

Олтин, кумуш, мисдан тайёрланган ва ҳар бир тахтда ўтирган хон ўз номини қайд қилдирадиган пуллар энди ибтидоий усулда босилмайдиган бўлди.Негаки, Муҳаммад Рахимхон 1 Кўҳна Аркда 1827 йил пул босадиган махсус зарбхона қурдирганди.

Хива хонлигида давлат мустақиллигининг бирламчи шарти бўлган пул муомилада бўлиб, икки хил шаклга эга ва оғирлик миқдорида бўлган.

Биринчиси—«кичик тилло» деб аталар, иккинчиси-«катта тилло» дея номланганди.Ушбу олтин тиллоларнинг бир томонида хон исми, иккинчи томонида зарб қилинган жой ёзиб қўйиларди.Тиллонинг оғирлиги бир мисқол, яъни 4,26 граммдан иборат бўлган.Олтин пул жуда тоза бўлиб, зарбхонада ҳеч бир сохтагарчиликсиз зарб этиларди.Зарбхонада ҳар бир қадоқ ( 409,5 грамм) олтиндан 168 дона пул ясаларди.

Хонликда муомилада бўлган иккинчи пулни « танга» деб номлашар, у кумушдан ишланган бўлиб, Х1Х аср охирида кумуш асосан Нижний Новгороддан ҳар бир қадоғи 24-26 рублдан харид қилинган.Ҳар бир қадоқ (409,5 грамм) кумушдан 163-165 танга зарб этилган.
Муомилада ишлатилган учинчи пул мисдан ишланарди.У пулга ва тийинга бўлинарди.Кумушдан ишланган «танга»-оқ танга деб, мисдан ишланган пул «қора танга» деб ҳам юритилган.

Шунингдек, хонликда «шойи», «аббас шойи», «ярим шойи» деб аталадиган пул бирликлариям бўлиб, уларнинг қиймати 10 тийиндан 40 тийингача ўзгариб турган.
1873 йили Чор ҳукумати хонликни забт қилгач, рус савдогарлари ва сиёсатдону иқтисодчилари ўз қоғоз пулларини хонлик ҳудудига олиб киришга уриндилар.Ҳатто, чор ҳукумати Хива хони Ферузга пул бирлигини бирлаштиришниям таклиф қилади.Аммо хон бунга рози бўлмайди.Шундан сўнг руслар, турли найранглар билан хонлик иқтисодиётига таъсир кўрсатишга уринди.

1873 йил 12 августдаги Гандимиён шартномасига кўра, хонлик вассал сифатида ҳар йили Россияга товон тўлаши керак эди.Ана шу товонни чор ҳукумати кумуш билан ҳисоблашиш тўғрисида фармон чиқарди.Натижада кумуш тангалар муомилада пасайиб кетди.Шу билан бирга, 1893 йили чор ҳукумати Хива хони Ферузга мактуб йўллаб, кумуш пуллар зарб қилишни тўхтатишни талаб қилган.Гарчи, 1894 йил хон зарбхонасида кумуш танга зарб қилинмайдиган бўлсада, рус қоғоз пуллари кутилганидек,Хоразм бозорларига кириб келаолмади.

Натижада, 1897 йил апрелида Петербургда молия вазирлиги,Давлат банки, ҳарбий ва ташқи ишлар иштирокида махсус кенгаш ўтказиб, қандай қилиб бўлсада,Хоразм иқтисодиётидаги олтин кумуш пулларни муомиладан сиқиб чиқариш ва ўрнига рус қоғоз пулларини киритишни муҳокама қилади.Кенгаш шундан келиб чиқиб қуйидагича қарорга келади:
1. Хива тангасини Петро Александровск банки орқали қабул қилиш ва ҳар бир тангани 14 тийиндан баҳолаш;
2. Хонга тавсия этилсинким, рус пул бирлиги хонликда танга билан тенг муомилада бўлиб, хон солиқлар тўлашда қабул қилиниб, уни 14 тийин ҳисобидан йиғиб олинсин» ( ЦГИАЛ, Ф 560, ОП 26, д 87, 28 варақ).

Ана шундан сўнг, солиқ ва тўловларни тангада тўлаганлардан кумушни олиб, Россияга олиб кетишадиган бўлишди.Бу билан Хива тангаларини камайтириш ва муомиладан тезда чиқаришни кўзлашганди.Аммо ҳамон Хива пуллари ўрнини рус қоғоз ва тийин пуллари босаолмасди.Шунинг учун 1900 йил 16 апрелда чор ҳукумати хонликда пул зарб қилишни бутунлай таъқиқлаб қўйди.Фақат истисно тариқасида мис пулнигина зарб қилишга рухсат берилди.

1908 йил 11 июлда Феруз,Туркистон генерал губернаторидан «халқ талаби ва эҳтиёжи ҳамда шариат қонунлари, қадимий урф одат ва анъаналарга кўра, ҳеч бўлмаса 3 миллион сўм миқдорида қайтадан пул босишга » рухсат сўрайди.Бироқ илтимос рад этилади.
Шунда Феруз,Хоразм иқтисодиётига рус қоғоз ва тийин пуллари кириб келиши олдини олиш учун, яширинча бўлсада, зарбхонани ишлатиб, чекка беклик ва қишлоқларда тилло ва тангаларни муомилада юритади.

Аммо, 1913 йилга келиб, хонликда пул зарб қилишнинг тўхтатилгани ўз таъсирини кўрсатиб, муомилада юрган Русия пуллари хонлик пулларидан ошиб кетди.Бозорларда рус пуллари хоннинг тилло ва тангаларини мажбурий сиқиб чиқариб, муомилада ишлатила бошланди.Бироқ, хонликда беҳисоб дехқончилик маҳсулотлари етиштирилардики, муомилада рус пули юргани билан бозорларда арзончилик эди.

« Мен Хоразмда товуқ учун 5 тийиндан ортиқ ҳеч нарса тўламадим.Ҳатто 5 тийинга иккита товуқ сотиб олиш ҳам мумкин эди» деганди 1905 йил ўлкага келган рус савдогари А.Никольский.

« 1909 йилда Шўрахонда 1 пуд (16 кг) буғдой уни 1,45 руб, гуруч 3,30 руб, мол гўшти 5,28, қанд 7,60, керосин 2,50, буғдой 1,50, жўхори 1, арпа 0,70 рубльга баҳоланрди» (В.Лобачевский, «Хивинский район» Т, 1912 йил 71 бет).

Ҳа, хонликнинг пуллари, осмон қадар қадрли, аммо тўкин сочинлигу арзончиликдан нархлар арзон эди.Гарчи рус қоғоз ва тийин пуллари кириб келсада, бозорларда арзончилик бўлган.

ОШМЕҲТАРНИНГ ОЧИЛ ДАСТУРХОНИ

Гарчи қўл остида ҳоким, иноқ ва ясовулбоши сингари кўплаб кишилар хизмат қилмаса-да, у саройда энг обрўли инсонлардан саналарди.Ҳатто, қозикалон, мингбоши, ҳокимлар ҳам ҳукмдор билан фақат чақиртирган пайтдагина учрашарди.У эса хон ҳазратлари билан бир кунда тўрт маротаба суҳбат қурган.Бироқ одоб доирасидан чиқмай, ўз ишини бажарарди.Ана шу хизматлари учун хазинадан катта маош олган.Унинг мансаби ош меҳтар деб аталарди…

19 асрдан 1920 йилгача Хива хонлигида маош олиб ишлайдиган қирқ иккита сарой амалдори бўлиб, улар орасида ош меҳтар ҳам бўлган.Унинг вазифаси хон ҳазратлари учун кунига тўрт маҳал дастурхонга тортиладиган пишириқларни тайёрлашдан иборат эди.Хон учун овқат пишириладиган пайтда ош меҳтарнинг шахсан ўзи ошпазлар устидан назорат қилиб турган.Бу назорат овқатга қанча масаллиқ солиш меъёрини ўлчаш учун эмасди.Зеро, ошпазлар ўз касбининг устаси бўлиб, ғоят мазали таом пиширишарди.Ош меҳтарнинг назорати эса сарой ўйинлари туфайли тез-тез юз бериб турадиган фитналарнинг олдини олиш, яъни ҳукмдор овқатига заҳар ёки маргимуш солмасликларига кўз-қулоқ бўлиб туришдан иборат эди.Шу боис тайёр бўлган таомдан аввало ош меҳтар татиб кўрган.

Ош меҳтар бошчилигидаги ошпазлар таом тайёрлашар, дастурхончи хон олдига ёзган дастурхон атрофига сарой амалдорлари ёки ҳукмдорнинг оила аъзолари келиб ўтиргач, ош меҳтарнинг биргина имоси билан товоқчи таомни ўртага тортарди.Табиийки, чой ҳам қуйилар, гоҳида шарбатдор тайёрлаган шарбат келтириларди.Овқат еб бўлингач, фотиҳа ўқиларди. Кейин офтобачи хон қўлини ювдирар, сўнг рўмолчи ҳазратнинг қўлини рўмоли билан артиб қўярди.Ҳар куни бажарадиган ана шу хизматлари учун ҳукмдор уларга яхшигина маош тўларди.

19 ва 20 аср бошларига оид Хива хонлари архиви орқали, саройда Муҳаммад Назар ош меҳтар, Жабборқули ошпаз, Ниёз Муҳаммад ва Тожи ошпаз, Қувоқ сари ош меҳтар,Жрниёз товоқчи,Тангриберди товоқчи, Оллоберган товоқчи ва Ашур Муҳаммад товоқчи каби хон дастурхони учун маъсул ходимлар рўйхатини келтириш мумкин. Юқорида айтганимиздек, улар хазинадан оилавий эҳтиёжи учун етарли миқдорда маош олиб турган. Масалан, Муҳаммад Назар ош меҳтар беш-олти тиллодан ўн беш тиллогача маош билан сийланган.
Архив маълумотларига кўра, 1848 йилда Эрниёз товоқчи, 1850 йилда Тангриберди товоқчи беш тиллодан маош олган.Бундан ташқари, уларга турли хил маҳсулотлар ҳам бериларди. Мисол учун, 1850 йилда Тангриберди товоқчи беш тилло ойлик олган.Ўша йили унга йигирма ботмон жўхори, 1866 йили эса баҳоси бар ярим тиллолик гулли дастурхон тақдим этилгани ҳақида хонлик архивида маълумотлар мавжуд.
Ана шундай катта миқдорда маош олган ходимлар бор маҳоратини ишга солиб, турли таомлар пиширишарди.Хон дастурхонига Хоразмда етиштирилган энг сара мева-сабзавотлардан

Турли пишириқ ва салатлар тайёрлаб тортардилар. Ошга Гурлан гурунчи, Хива пиёзи, Янги Урганч сабзисини ишлатишарди. Хориждан келтирилган ноз-неъматлардан ҳам унумли фойдаланишган.Хусусан, Маридан махсус келтирилган қўй-қўзилар, Русиядан олиб келинган мураббо ва шакар, қанд, Волгабўйи ёнғоғи, Бухоронинг қандолат маҳсулотлари, Эрон ва Кавказ,Ҳиндистондан олиб келинган мева-чевалар аъло ҳазратлари дастурхонида ҳамиша муҳайё эди. Бу ишларга бош-қош дастурхончи ош меҳтардан кейинги амалдор бўлиб, ошхонадан келтирилган таомларни дастурхонга тортиш билан машғул бўларди.

1863 йилда Хивада бўлган Ҳерман Вамбери “Очерки Средней Азии” китобида шундай ёзганди: “саройни идора қилиш ишида дастурхончи бош бўлиб туради.Унинг вазифаси хон дастурхонини кузатиш ва овқат маҳалида ҳозир бўлиб, ҳамма хизматкорлар устидан қараб туришдир.” Дастурхончи амалининг белгиси кумуш дастали қилич эди. Ушбу амалдор, шунингдек, хонни жума кунлари масжиди жомеъга намозга олиб брар, бошқа тантанали маросимларда ҳам унга ҳамроҳ бўларди.Архив маълумотларига кўра, иккинчиси ўн беш тилло маош олган. 19 асрда Хива хонлигида Норбўта, Юсуф ва Бобожон исмли кишилар узоқ йиллар давомида дастурхончи вазифасида ишлаган.

Умуман олганда, Хива хонларининг таомлари олий даражада бўлиб, уларни тайёрлаш ва дастурхонга тортиш билан анчагина одам банд бўларди.Бундай меҳнат эвазига тортиладиган таомлардан иборат дастурхонни эса эрт аклардагидек ҳамма ноз-неъмат муҳайё очил дастурхон, дейиш мумкин эди.

021

ТОР ХОРАЗМДА ЯРАТИЛГАНДИ

Хон ҳузурида кавказлик санъаткорлар чалган мусиқа кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.Хоразмликлар танбур ва дутор ноласига ўрганиб қолгандилар.Шу боис уларга озарбайжонлик машшоқнинг тор деб аталадиган мусиқа асбобида чалган мусиқаси ғоят ғайритабиий туюлди…

Маърифатпарвар Хива хони Феруз сарой созандаси Қаландар Дўнмасга буюрди:
-Дўнмас, тор деган асбобни яхшилаб кўриб ол.Кейин шунга ўхшаш, бироқ озарбайжонларникидан фарқ қиладиган тор яса!

ХХ аср бошидаги ана шу воқеадан сўнг хивалик Қаландар Дўнмас ҳажм жиҳатидан кичикроқ, аммо ўта жарангдор мусиқа асбобини яратди.

Маълумки, нафақат Хоразмда, балки бутун Ўрта Осиёда танбур, дутор, ғижжак каби мусиқа асбоблари созандалар томонидан моҳирона чалинган.Тор эса 1900 йилларгача озарбайжонликларнинг чолғу асбоби сифатида машҳур эди.Ферузнинг мусиқага ихлоси туфайли Хоразмда Озарбайжон торидан кичик, аммо ғоят жарангдор тор яратилади.
1900-1910йилларда ўтган мусиқали базмларида Ферузхон энди асосан тор жўрлигида ижро этиладиган куйларни тинглайдиган бўлди.Қаландар Дўнмас яратган ушбу мусиқа асбоби 1910 йилдан кейин ўта абгор аҳволга тушди.Чунки Феруз вафот этгач, тахтга ўтирган ўғли Асфандиёр саройдаги машшоқлар гуруҳини тарқаьтиб юборди.Шу тариқа бир пайтлар ғоят эъзозланган санъаткорлар фақир кимсаларга айланишди.Табиийки, уларнинг чолғу асбоблари ҳам яроқсиз ҳолга келган эди.

Торнинг шундан кейинги қайтадан шуҳрат қозониши Мадраҳим Ёқубов-Шерозий билан боғлиқ.У мусиқага болалигидан ихлос қўйган эди.Мадраҳим торни анча олдин-Мари шаҳридаги амакисиникига борганида кўрган эди.Ўшанда кавказлик бир йигит торни шундай нафис оҳангда чалгандики, бу овоз бола қалбига мустаҳкам ўрнашиб қолди.
Орадан йиллар ўтиб, у Хивада санъаткор сифатида донг таратди.Аммо хон амалдорларидан бири тазйиқ ўтказгани боис, Шерозий Гурландаги қариндошлариникига бориб яшайди.Ўша пайтда Гурлан беги Худойберганбек маърифатли мулкдор бўлиб, мудом маърифат аҳли билан мулоқотда бўларди.У Шерозийни ўз паноҳига олади.Тошкентдан олиб келган граммофонни кўрсатиб, мусиқа мавзусида суҳбатлар қуришди.Бу орада Шерозий Хивадаги уйига борганида қўшниси Девон бува хизматкорига ғижжакни келтиришини буюради.Табиийки, фақат уй ишлари билан овора хизматкор мусиқа асбобининг фарқига бормай, ғижжак ўрнига торни олиб келади.

Ушбу тор ўша пайтларда Қаландар Дўнмаснинг Ферузхон буюртмасига кўра ясаган чолғу асбоби эди.Кексайиб қолган Дўнмас ҳам бу пайтда улар ёнида бўлиб, қаровсиз абгор ҳолга келиб қолган торни олиб чиққани учун хизматкорпни жеркиб ташламоқчи бўлади.
Чунки тор косаси ичига ўргимчаклар ин қурган,териси йиртилиб кетган эди.Кекса Дўнмас таъмирлай деса, пули йўқ, олдингидек хон эъзозида эмас.Ўзаро суҳбатдан сўнг Шерозий Дўнмаснинг розилиги билан торни Гурланга олиб келади. Худойберганбек торни кўриб ҳам севинди, ҳам ачинди.Ачингани торнинг абгор ҳолидан, севингани Хивада эъзозланмаган асбобга ўзи қайта ҳаёт бағишламоқчи эди.

Шу тариқа Худойберганбек кавказлик савдогарлардан тешилиб кетган коса устига молнинг юрак пардасини қоплаш, тушиб қолган пардалар ўрнига ичакдан тайёрланган ип боғлаш кераклиги борасида маслаҳат олди.Шерозийга молнинг юрак пардаси Гурландан топилди.Бироқ ичакдан бўлган ипни топишнинг иложи бўлмади.Шу сабабли Шерозийнинг ўзини ип келтириш учун қайтадан Хивага йўллади.

Ҳаммаси тахт бўлгач, кавказлик савдогарлар ва Шерозий Худойберганбекнинг Бековул маҳалласидаги гужумли ҳовлисида ўтириб, торга қайтадан ҳаёт бағишлашди.Бу тарихий воқеа 1912 йилнинг ёзида Гурланда содир бўлган.Шундан кейин Мадраҳим Шерозий мусиқий базмлар, тўй-тантаналарда тор чалиб, қўшиқ куйлади.Гарчи у кейин гармон билан унутилмас куй-қўшиқлар яратган бўлса-да, Гурланда қайтадан яратилган торини авайлаб сақлади.Торнинг шундан кейинги шуҳрати эса Комилжон Отаниёзов билан боғлиқ.Айнан ул ҳофиз туфайли тор ўзбекнинг миллий чолғу асбоби даражасига кўтарилди.

033

(Tashriflar: umumiy 336, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ажойиб тарихий хикоялар учун катта рахмат Сизга!

Izoh qoldiring