Xorazmning ikki shoiridan she’rlar

09   Қадим вақтлардан бошлаб Хоразм шоирлар ватани бўлиб келган. Ўтган йиллар давомида биз сайтимизда воҳада яшаб ижод қилаётган шоирлар, хусусан ёш ижодкорлар билан таништириб  келмоқдамиз. Бугун сизга хоразмлик икки шоир: марҳум Жумабой Матёқубов ва ёш шоира Солияжон Авазова  шеърларини тақдим этмоқдамиз.

011
Умид Бекмуҳаммад
ҲАҚИҚАТГЎЙ  ШОИР
002

—  Хоразмда бу шоирнинг ёзган ҳажвий руҳдаги, юмор, сатирага йўғрилган шеърлари матбуотда босилмай туриб овоза бўлар, табиийки, одатга кўра газеталарда бу ашъорлар “қирқилиб” чоп этилар,баъзан нашр ҳам қилинмасди. Шундай бўлсада Жумабой Матёқубов бундан ўкинмас, таниш-билиш турли соҳа вакиллари, гапига қулоқ тутиб суҳбатидан баҳраманд бўлишни истайдиган ижодкорларга шу руҳдаги шеърларини ёддан ўқиб берарди. Раҳбарлар , ҳаттоки ижодий ташкилот ёшуллилариям уни турли тадбирларга таклиф этишмас, бироқ уни ўзига билдирмасдилар. Чунки норозилигини билдирса шоир илҳоми жўш уриб турганда навбатдаги ҳажвиянинг қаҳрамонига айланиб қолишини билишарди. Мен Жумабойнинг феълини билганим, ижодини қадрлаганим учун “сен Хоразмнинг Машрабисан”, деярдим,- деб хотираларини ўртоқлашади ўлкашунос Комил Нуржонов.

Ҳа, раҳматлик Жумабой Матёқубов (1948-2005)нинг Хоразм адабий муҳитида ўзига яраша ўрни бор эди. Унинг қўлларини чўзиб, маяковскийча шеър ўқиш усули кўпчилик адабиёт мухлисларининг ёдида.

1996 йил вилоятдаги “Манзара” газетасининг 50-сонида Жумабой аканинг “Уч шоир” номли шеъри чоп этилиб, воҳада анча шов-шувга сабаб бўлганди.

Бу пайтга келиб вилоят газетасида Рўзимбой Ҳасан, Пирмат Шермуҳаммедов, Озод Ҳусаинов, Сайёра Самандарова, Ошиқ Эркин, Олмахон Ҳайитова,Матназар Абдулҳаким, Шуҳрат Маткарим ва бошқаларга очиқ хат ва эътирозларим чоп этилган, ўқиган, мени таниган борки “зўр” деб қўярди. Жумабой ака ҳам бир гал кўришганимда  “меним кўнглимдаги ёзибсиз” дея табриклаганди.

Орадан қисқа вақт ўтиб Жумабой ака хасталаниб қолди. Қайсидир йили “Матбуот уйи”да учратганимда бўйнини боғлаб олган, гаплашганида овози зўрға чиққанди.Кўп ўтмай, дардли, дарвешфеълли шоир вафот этди.

 Хоразм адабий муҳитида Жумабой аканинг ўз ўрни бор эди. Афсуски, шоир яратган шеърларини ҳаётлигида кичкинагина “Зиёратгоҳда ёзилган достон”, “Илоҳий юпанч” тўпламларида чоп этдира олганди холос. Аслида Жумабой аканинг мероси — ҳажвия, сатиралари, лирик шеърлари, достонлари ўнлаб катта-катта китоблар тарзида нашр этишга арзийди.Балки шоирнинг 2018 йилдаги 70 йиллигига атаб сайланмалари чоп қилинса, бу ташаббусни шоир туғилиб ўсган Қўшкўпир тумани, вилоят ҳокимлиги , саховатпеша ҳомийлар қўллаб-қувватласа Жумабой ака руҳи шод бўлган, адабиёт мухлислари учун ҳам катта маънавий туҳфа қилинган бўларди.

01
ЖУМАБОЙ МАТЁҚУБОВ ИЖОДИДАН
Умид Бекмуҳаммад нашрга тайёрлаган
002

УЧ ШОИР

Хоразмда бор-йўғи уч шоир,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар,
Учови ҳам бир-биридан ғўч шоир,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Дошқин бобо ёнин қилиб қароргоҳ,
Шеър ёзишар,Зарифий ҳам борар гоҳ,
Бўлиб кетар оҳда-оҳу, воҳда-воҳ,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Анжирдан бошлайди бири сўзини,
Феруз каби тутар бири ўзини,
Шеър ўқиса бири юмар кўзини,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

“Қўймадингиз” дея олиб эҳсонлар,
Қутлуғ бўлсин кийган зарбоп чопонлар,
Бирён четда қолиб кетди Омонлар,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Меҳмон энса уюшмадан Тошкентдан,
Қайси бири қуруқ келиб, бўш кетган,
Аэрофлотга чиқиб хайру-хўш этган,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Чингизнинг қиринда Рустамда не ҳол,
Дарёнинг бўйинда Маҳмуддан аҳвол,
Сўраш йўқ, исташ йўқ, бу на ола-ол,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

ОСИҒЛИК ҚОВУНЛАР

Эҳ-ҳей, қачонлардир яшириб палак,
Кўп замон кўзлардан асралган пинҳон.
Буюк тўрт фаслни кашф этган фалак,
Яна илк кашфига топгунча имкон
Қоришиқ фасллар силсиласида,
Дилларга, кўзларга чўғдек босилиб,
Тенгсиз безак мисол уйнинг тўрида
Қовунлар турибди осилиб!

Мен-ку безак дедим, тенгсиз ва нодир,
Минглаб Матвафолар меҳри яратган.
Лекин аълам билан эсланса Бобур,
Кўз ёш бу киприкка илиниб қотган.
Хуш ҳидида баҳор, ёз, куз руҳи бор
Ҳис қилиб турибман минг талвос қилиб.
Қишнинг ёқасида соғинч устивор
Қовунлар турибди осилиб!

Тафтин уфурарди оловранг бархан,
Чайлада қайноқ чой ҳўпларди бир чол.
Бир ёнда вақирлаб тунча қайнаркан,
Бир ёнда яшнарди салинлар хушҳол,
Қачонлардан буён шу манзаранинг
Қалбимда турибди муҳри босилиб.
Тонг чоғи палакка қўнган чиғ, сани
Унутсам кетайин осилиб!

МЕҲР ЧЎҒЛАРИ

Қаҳратон қиш эди.Сўнгги гугурт чўп,
Ҳўл ўтинни ёқа олмасдан ўчди.
Ўчоққа мук тушиб бир гала бола
Пуфладик чўғларнинг куллари кўчди.

Қўшни уй ўтидан шунда,
Онам олиб келган чўғлар ёдимда.
Куни кечагидек бу гаплар гўё,
Бўлиб ўтса ҳамки қадим-қадимда!

Меҳру оқибатдур одам зийнати,
Бор гап шу-қалбингга кўчир, кўчирма.
Бир кун эшигингни қоқиб борарман.
Меҳринг чўғларини, қўшним, ўчирма!

ГУЖУМ

Ногоҳ қўпордилар асрий гужумни,
Томоғим бўғилди ғамдан, аламдан.
Кашфиёти бўлди бу қайси шумнинг,
Қай ғаним ўч олди, табиат, сендан?!
Ўша кун йиқилди қадим қаъладек,
Юз йиллик орзулар, юз йиллик ўйлар.
Ёшлигим хотирин кимлар талади,
Ким энди умримнинг баҳорин сўйлар?!
Гужум мотамидан кўк мижжасида
Ёндилар юлдузлар-чақноқ кўз ёшлар.
Бепаноҳ қушларнинг гирён сасидан
Қолмади, қолмади дилда бардошлар!
Соқов кечаларда жим ташлаб қадам,
Кезаман…гужумга кетар хаёлим.
Умри салкам қирқ ёш гужумман мен ҳам,
Лекин тегмаяпти сизга малолим.
Кашфиёти ҳадни билмаган шумлар?!

БОҚИЙ МУҲАББАТ

Япроқлар ёпларга тўкиб рангини
Ўйноқи сувларнинг лойқасин ичди.
Мавжлар ичга ютиб шўх оҳангини
Дарахтнинг оёғин мажолсиз қучди.

Еллар шивирларкан ишқ қўшиғини,
Қуёш осиларкан шабнам бўйнидан
Барглар ҳам унутиб бору йўғини,
Оҳиста узалар ёплар қўйнида!…

Демак, муҳаббат бор, демак вафо бор,
Ҳали ошиқларга қовушмоқ насиб.
Сўнгги қатра қадар ёпларда ётар
Барглар севгилисин бағрига босиб!…

***

Қанча баҳорларнинг хуш бўйларини
Ёзлар ола кетди, қарадим қолдим.
Оғироёқ ёзнинг оқ ўйларини
Кузлар ола кетди, қарадим қолдим.

Залворли илдизлар тупроқда қолиб
Сомон томга чиқса-гўёки ғолиб,
Қишнинг шамоллари қўйнига солиб
Музлар ола кетди, қарадим қолдим.

Серёғин кунларда оёқ тойса-да,
Яланглик ҳар ёнга қулоч ёйса-да,
Баҳор ижод этган яшил майсада
Кўзлар қола кетди, қарадим қолдим…

***

Оппоқ бино.Олдида тандир,
Тандир ёқда тош қудуқ ва тол.
Тафтда ёниб нон ёпар кампир,
Мол суғорар қудуқдан бир чол.
Хонатласдан эгнида кўйлак,
Кўрпачага букиб тиззасин,
Нон ясайди ёш бир келинчак,
Чиқармай дер чакичнинг сасин…
Оппоқ бино.Олдида тандир.
Тандир ёқда тош қудуқ ва тол,
Тафтда ёниб нон ёпар кампир,
Мол суғорар қудуқдан бир чол.

КЕЛИН ТУШГАНДА...

Бизнинг Хоразмда қадимдан қадим
Келин туширганда шудир қоида:
Келин аравасин ўтдан ўтказиб,
Пўстин ёзишади унинг пойига.

Бизнинг Хоразмда қадимдан қадим,
Келин туширганда шудир қоида:
Ҳамиша покиза боссин деб одим,
Келинчак йўлига оқлик ёйишар.

Бизнинг Хоразмда қадимдан қадим
Хонаи хуршидга тушганда келин
Қудалар тарафдан келган бўлса ким
Суртиб чиқишади манлайига ун!…

ОҚ ТУТ

Ҳовлимиз олдида оқ тут бор, ёлғиз,
Ғадир танасига қулоч етмайди.
Илк баҳордан тортиб, келгунча кеч куз,
Қувсанг ҳам бағридан қушлар кетмайди.
Эгри-бугри шохлар гўё беланчак,
Хиёл тебранади ўнгу сўлида.
Гўёки бир муддат қотган гулдирак
Булутлар дарз кетар чайир қўлида.
Аёзли оқшомлар собит туради
Шохлари қолса ҳам яланғоч, тақир.
Наздимда умиднинг шудир суврати,
Илдизи заминга қадалган тақдир!
Самони қучгудай етса қулочи,
Шу қадим оқ тутга келар ҳавасим.
Сенсиз яшамоқнинг йўқдир иложи,
Эй, менинг оқ тутим, Хоразм!

КАЛТА МИНОР ҚИССАСИ

Хон амри янгради: Қуринг бир минор,
Қуринг-ки , устидан кўринсин Эрон!
Фармони олийдан не бир устивор,
Ишга киришилди, ғанимат ҳар он…

Обида ўсарди, унинг пастида
Ҳар хил миш-мишлар ҳам чўзар эди қад.
Армон яшагандай орзу қасдида
Оқ ва қора кучлар талашар сарҳад…

-Бухоро амири ўта қув, шайтон,
Хуфя қўлга олмиш…қаранг, меъморни!
Бу минор минорми, содда бизнинг хон
Амир қурдиради ҳали минорни?!

-Несини айтасиз, бу балогардон,
Салтанат учун ҳам ёзуғ, таҳлика!
Гап шунда қолсин-у, олишармиш дон
Букри меъмор билан малика!

..Меъмор бир сесканди ва тортди ҳушёр
Ғиштда кўриб қолиб шундайин ёзув:
“Устоз! Огоҳ бўлинг, битганда минор
Умрингиз ҳам битар — хон нияти шу!”

Ногоҳ тўхтаб қолди шу кун қурилиш
Мен кўрдим демади ҳеч ким меъморни.
Хуллас, нишонига тегдию миш-миш,
Ғийбат чала қўйди Калта минорни!…

Эҳтимол, у битса наинки Эрон,
Кўрмоқ мумкин эди жумла-жаҳонни!
Лекин кўролмади, кўролмасди хон
Қалбида не борин оддий инсоннинг.

Шундоқ қолиб кетди сўнгра обида,
Ким битмади деди, ким деди битди.
Дунё китобининг битта бобида
Хива кўк минори бизгача етди.

Ҳамон ўша-ўша турар пурвиқор
Қанча шеър, достонга мавзу у ҳали.
Менинг англашимча, бу бошсиз минор
Туҳматга учгувчи хонлар ҳайкали!…

ОРЗУ ВА АРМОН

Орзу керак инсон қалбига,
Орзусиз қалб ўзи нимадир?
Бир манзилни қўймай олдига,
Тўфонларда қолган кемадир.

Қалбга, дўстлар, армон ҳам керак,
Токи тошдек турсин осилиб.
Шунча баланд учмасди варрак
Осиб қўйишмаса узун ип!..

ХАЁЛ

Тун хўрсинар нақ ярим оқшом,
Деразамнинг шундоқ ортида.
Ва хаёлим олади тамом
Амазонка ёки Арктика.
“Улар қайда, Хоразминг қайда…”
Минғирлайди томдаги сомон.
…Қаёқдадир ит бўлиб пайдо
Карвонларга бермайди омон…
Бориб келар соат кафтгири,
Ҳар тарафи битта минтақа.
Хаёл-дарё борми охири,
У кўзларим юмгунча оқар…
Тун хўрсинар нақ ярим оқшом
Деразамнинг шундоқ остида…

***

Отам чўгирмаси-гужумлар,
Онамнинг рўмоли-ўрик гуллари.
Уларнинг пойида оқувчи бўтана-
Менинг болалигим!
Тўлин ой кечаси-илк, висол,
Уфқларни уй этган чироқлар…
Сукунатнинг сой сатҳида шивири…
Сенинг болалигинг!
Айқаш-уйқаш “йўқ”лар, айтилмаган “хўп”…
Эшигида қопоғон итли
Қўшнининг боғига учиб тушган тўп…
Бизнинг севгимиз!…

ЭРК ҚУШИ

У вужудим кўтарсин кўкка,
Пастда қолсин пасткаш хотирлар.
Ёлбораман тушганча чўкка
Қани, кўмак беринг, ботирлар!…
Қайси гулдир у интилган ёр,
Қайси гиёҳ, қайси боғ, қирлар…
Аччиқ ҳижрон бўлолмасин кор.
Қани, кўмак беринг, ботирлар!
Ит олдида чўкка тушмас нор,
Қаҳ-қаҳ урмас юраги кирлар.
Қани ғурур, қани номус-ор,
Айтинг, айтинг, ахир ботирлар!
Жалолиддин турсин, уйғонсин,
Сандиқлардан чиқсин Тоҳирлар.
Ошиқлар ёр васлига қонсин.
Мадад бўлинг, ахир, ботирлар!

МУҲОЖИРНИНГ ҚАЙТИШИ

Ёлғиз терак тагидаги қудуқ ёнида
Кафтларни соя қилиб боқади биров.
Томоғимни бўғар бир ҳис қайнаб қонимда,
Баридан ҳам даҳшатли “Сен ким?” деган йўқлов.

Ёлғиз терак тагидаги қудуқ ёнида
Биров менга чуқур ботган кўзларин қадар.
Сезаяпман бир интиқиш, титроқ жонида,
Юрагида соғинч дарди тоғ бўлиб ётар.

Тоза ёққан қор қўнгандек сочлари оппоқ,
Манглайига ажин солган йиллардами айб?.
Ғурбатларда арзандасин этиб ёқачок
Кимсан, дея сўраттирган йўллардами айб!

Кимлигимни сўрадилар ёт элларда ҳам,
Бир ҳаприқдим, айтолмадим лек кимлигимни.
Шунда билдим бу дунёда бемақсад, беном,
Соя каби яшамоқнинг мушкуллигини.

Йиллар ўтар…Сўрасинлар кимлигим шунда,
Мени Ватан сари элтган йўллар айтсинлар!
Терларимдан гуллар унсин она заминда,
Йўқса, майли ажриқ каби юлиб отсинлар!…

011
Рўзимбой ҲАСАН
Умид БЕКМУҲАММАД
СОЛИЯЖОННИНГ НАЗМИЙ САДОЛАРИ
002

08 Хоразмнинг Хазорасп туманига қарашли Питнак қирларида туғилиб ўсган Солияжон Авазова ҳали ўттизига кирмаган. Шеъриятга ошноликни мактабда ўқиб юрган чоғларида бошлаган бўлса-да, бу машқларни ҳатто маҳаллий матбуотга ҳам олиб бормаган.Урганч шаҳридан қарийиб 80 км узоқликдаги Питнакдан вилоят марказига шеър дафтарини қўлтиқлаб бориш учун қуёш чиқмасдан йўлга отланмоқ керак.Қайтишнинг ўзи яна бир азоб.Шу боисми ёки бошқа сабаб шеърларини чоп этдиришни маъқул топмаган. Питнак қишлоғидаги Огаҳий номи билан аталувчи 9-сон ўрта мактабига 1996 йил ўқишга борган қизча кейинчалик мактабни тугатиб…турмуш қуради. Энди фарзанд тарбияси ўртага чиқади. Бирор олийгоҳга кириб ўқиш орзулари армонга айланади.

Питнак қишлоғи Хоразм воҳасининг энг чеккасида. Бир томондан поёнсиз Қорақум ўраб олган, бир томони Амударё-ю Питнак шаҳрига туташ. Қадимшунослар эътирофича “Питнак” атамасининг маъноси “питтаккина ер”, “кичик манзил” маъноларини таширкан.

Солияжоннинг яхши хислати шуки, у Сўзга хиёнат қилмайди. У Сўзнинг содиқ хизматкори, Каломнинг содиқ қулидир. Бу эса мактаб ёшида ва кейинроқ қоғозга туширган машқлари – шеърларини эндигина – орадан ўн йил ўтгач ўқувчиларга ийманибгина тутинаётганида кўринади. Бу шеърлар кўп бора қайта ишланган, ҳар бир сўз ўрнида ишлатилишига алоҳида ёндашилган. Сўздан яралган асар ғиштдан тикланган иморатга ўхшайди. Ундан бир ғиштни олиб ташласангиз иморатга зиён етиши, қулаб тушиши мумкин. Шеър ҳам шундай.
Сўнгги йилларда қайсидир танлов, мукофотлар илинжида “шеърият” майдонида ўзига хос пойга бошлангани, давом этаётгани сир эмас.Шундай тоифалар тоғаси-ю, оғаси, аммаси-ю, холасини турли ташкилотларга аралаштириб,мукофот илинжида югуришади.Уларнинг нияти фақати битта-мукофотни олиб гердайиб юриш, ўқишга имтиёз асосида кириш.Бир раисбуванинг арзанда невараси лотинчада зўрға иншо ёзардию, ашъор битган бўлиб мукофотни қўлга киритиш ниятида,бобоси-ю, момосини киритмаган эшиги қолмаганди.Афсуски, бу тоифа анчани ташкил қилади… Шундан ҳали мактабда ўқиётган ёшгина қизчалар аллақачон илк тўпламларини чиқаришган, коллежларда таҳсил олаётганлари эса икки-учта тўплам “муаллифи” ҳисобланадилар. Энг ачинарлиси, мазкур “тўпламфуруш”лар танлов ёшидан ўтгач, шеъриятдан узоқлашадилар. Ўн йилча муқаддам икки йил ичида уч шеърий тўплам чоп қилдирган ва қайсидир танловда ғолиб чиқиб, олийгоҳга кириб ўқиган шундай “шоира”ни биламан. У мактабда ёшларга таҳсил бераяпти. Танловдан сўнг тўплами у ёқда турсин бирорта шеъри газета-журналда босилмади….

Солияжон ўн йил деганда сизга илк бор назмий садоларини туҳфа қиляпти.

01
Солияжон Авазова
ШЕЪРЛАР
002

В А Т А Н

Ватан!
Шу қадар азизки.
Ёдингга келмайди гиналар.
Пойингда сомеъман…токи
…Тиззамга қадалган игналар.

Ватан!
Шу қадар сеҳрли.
Тилингни тилсимот боғлаган.
Онангдир – кўнгилчан, меҳрли,
Сен ҳақда бир умр ўйлаган.

ЧИНГИЗТЕПА – ЁЛҒИЗТЕПА

Асрий Питнак қирларида бир тепалик бор. Афсоналарда айтилишича, мўғул саркардалари Хоразмга босқин қилаётиб, шу ерда қўшинлари сон-саноғини аниқлаш учун навкарларга бир қисимдан тупроқ ташлашни буюришган – шундан улкан тепалик ҳосил бўлган. Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганчни фатҳ этиш мўғулларга осон бўлмаган. Муҳорабадан қайтишда йўқотилган қўшин саноғини билиш учун Чингизхон шу яқинда яна бир тупроқ уюми кўтартирган. Бу олдингисининг ярмисича келарди. Шўро замонларида шу иккинчи тепалик текислаб юборилди…

Давр ёмон, мўғул ёмон,
Бош кўтарган ўғил ёмон.
Култепалар ётар ҳамон…
Лак-лак қўшин сурон солди,
…Ёлғизгина тепа қолди.

Ёмон – жангу-жадал ёмон,
Тиғдан келган ажал ёмон.
Қирғин ёмон, амал ёмон,
Олам ёнди, олам ёнди,
Ёлғизгина тепа қолди.

Савр ёмон, ҳамал ёмон,
Олти ойлик қамал ёмон.
Маҳал ёмон, бемаҳал ёмон,
Сон-саноқсиз жон йўқолди,
Ёлғизгина тепа қолди.

Хўжанд ёмон, Нисо ёмон
Исо ёмон, Мусо ёмон.
Кубро тутган ҳасо ёмон.
Ғаним бағрига қадалди…
Ёлғизгина тепа қолди.

Тож ёмондир, тахт ёмон,
Тахтдан кутган бахт ёмон.
Аскар ичган аҳд ёмон.
Тақдирга не кунни солди,
Ёлғизгина тепа қолди.

Чингиз ёмон, Жўжи ёмон,
Қасоскорнинг ўчи ёмон.
Жалолиддин ғўчи ёмон.
Ўлигиям қасос олди.
Ёлғизгина тепа қолди.

Эрк ёмондир, ҳурлик ёмон,
Ҳур бўлмасанг хўрлик ёмон.
Ўтди-кетди – зўрлик ёмон
Фақат Чингизтепа қолди,
Ёлғиз Ёлғизтепа қолди.

ҲАЁТ СЎҚМОҚЛАРИ

Ҳаёт йўлларида гоҳо адашдим,
Гоҳида йиғладим, гоҳида кулдим.
Дунёнинг паст-у баландин ошдим,
Манзили йўқ маскандир…келдим.

Чархи фалак айланар тинмай,
Югурамиз бахтнинг ортидан.
Югурайин дейман қоқилмай
Борики ғам-ғусса устидан.

Ўзинг бахтсан, ўзинг иқболсан,
Шакарлар бер, заҳарлар берма.
Ўзинг дийдор, ўзинг висолсан,
Шу иқболни менга кўп кўрма!

Б Е М О Р

Осмон қора, юлдузлар қора,
Паға-паға қора қор ёғар.
…Етти йилки тўшак – ватани,
Етти йилки секин шундай “соғаяр”.

ЎҒЛИМ, СЕНИНГ УЧУН ЯШАШИМ КЕРАК

Ўғлим Анварбекка
Ўзим ётган бешигимга беладим,
Келган дардни киприк ила силадим.
Яратгандан сенга умр тиладим.
Боримдурсан – бошим узра бир фалак.
Ўғлим, сенинг учун яшашим керак!

Ширин-ширин кулганларинг ёдимда,
Тетапоя юрганларинг ёдимда.
Билмаган-у билганларинг ёдимда.
Ҳар олган нафасим – илтижо, тилак,
Ўғлим, сенинг учун яшашим керак!

Ёлғизлик чекинар – ёнимда борсан,
Сенга садқа бўлган жонимда борсан.
Токи сўнгги томчи қонимда борсан.
Сени деб уради ҳар сония юрак,
Ўғлим, сенинг учун яшашим керак!

Айрилиқ – тоғ мисол – қаршимда чўкар,
Булутлар ҳамдардим ашкини тўкар.
Аллоҳим бизгаям бахт нурин пуркар.
Бизгаям сув тутар – бу чархипалак,
Ўғлим, сенинг учун яшашим керак!

БЕШ НИҲОЛ
Қодирийни ўқиб

Қиш оёғи — қор кетмай,
Беш туп ниҳол экканман.
Парвариш унутмай.
“Унсин!” деб кўз тикканман.

Баҳор боши- майсалар,
Кўз ёрганда тупроқдан.
Ниҳолларим яшнади,
Куртаклардан, япроқдан.

Бўй чўздилар бариси
Баҳсигами қасдига.
Келди юртнинг ариси,
Гул эккандим остига…

Ниҳолларим бўй тортар,
Тан олмай тун-кунларни.
…Ҳаёлимга келтирар,
Узоқ “Ўтган кунлар”ни.

Айни ёз – саратонда,
Ҳали қайда – узоқ куз.
Довул солиб осмонда,
Бошланди-ей хазонрез.

Бузилиб кетди қатор,
Келди машъум фожеа.
Барисидан, пурвиқор,
Барисидан сермева.

Дарахт аввал эгилди,
Синмади-ю қулади.
Қатордошлари кулди,
Унга шуни тилади.

Мевасида йўқ тайин,
Тахир, аччиқ, бемаза.
Йиллар ўтгани сайин,
Қадри ошар…даҳмаза.

Шундай бўлсам савлатдор,
Минбар минган аёнлар.
Меҳроб нима бехабар,
Ниши ўткир чаёнлар.

Бири ўзин ой атар,
Гарчи тилсиз – ярим жон.
Касби ғуломдан баттар,
Унвон деса берар жон…

Улар ҳамон сафларда,
Ғар илдизсиз, чириган.
“Мева”лари кафтларда,
Кўнгил бузар –ириган.

Дунёи дун айланиб,
Яна ниҳол бўй тортар.
…Ўтираман ўйланиб,
Юрагимни ўй тортар.

Хотирга ўй қуради,
Беш ниҳол-у беш тақдир.
Забардасти қулади,
Нимжон, ожиз, тошбағир.

Тўртови-чи тўртови,
Яшнаб, яйраб кетдилар.
Келиб омад, ҳам “ов”и,
Бахтли бўлиб ўтдилар.

Қишку ўтди-қор кетган,
Баҳор кезар элимда.
Кунлар келди биз кутган,
Яна ниҳол қўлимда…

СОҒИНДИМ

Изладим – изларим гулзорда,
Атиргуллар хомуш тикилди.
Япроқлари шивирлаб зорли,
“Кечикдинг” деди.

Ҳаёл осмон — майсалар тошми,
Лабларимни тирнайди бутоқ.
Новдалари темиртан сочми,
Шабадалар бўронли титроқ.

Тонглар сира оқармай кетди,
Зулумотдан дорлар осилди.
Гулми дея баҳорни кутдим,
Изларимга қорлар босилди…

СЕНИ ЎЙЛАЙВЕРАМАН

Тунларим тунд, юлдузлар мудроқ,
Ой дегани – синиқ бир чаноқ.
Мухаббатим, мен мангу уйғоқ
Сени ўйлайвераман.

Юрак урар сониядан тез,
Армонларим санайди шаксиз.
Осмон – ёлғиз, мен ундан ёлғиз
Сени ўйлайвераман.

Айрилиқ дарёдир, уммондир,
Сувлари рашкдир, гумондир.
Бир томчи –охирги эҳсондир
Сени ўйлайвераман.

Тўхтадими? Каззоб вақт ўтмас,
Қайда қуёш? Қайда эси паст.
Сира-сира тонгларим отмас
Сени ўйлайвераман.

Тунларим тунд –зулумотдир,
Балки висол бизга ётдир.
Токим жисмим барҳаётдир
Сени ўйлайвераман.

СОҒИНАМАН

Ҳар кун отар мунис тонг,
Очар кўр кўзимизни.
Илк нурларга ҳамоҳанг
Соғинаман мен сизни.

Унут бўлар гоҳ бомдод,
Ишқ қуршар кўнглимизни.
Келар юртга солгинг дод
Соғинаман мен сизни.

Қуёш бунча югирак,
Билмайди ҳеч ҳоришни.
Қуёшдек ёнар юрак
Соғинаман мен сизни.

АРМОН

Деразамнинг тагидан,
Оқиб ётар бир ариқ.
Лойқа либос эгнида,
Мотамсародир ариқ.

Сувга боқиб тун-у кун,
Бирга оқмоқ ҳавасим.
Ариқ жўшқин, мен-маҳзун,
Ариқ- шодон, мен-масъум.

Оқиб-оқиб толмаган,
Сув қайларга кетар-ов?
Кимлар баҳра олмаган…
Менга заққум тутар-ов.

Деразамни ёпаман,
Сувда қолар зоҳирим.
Сени қайдан топаман?
Қайлардасан Тоҳирим?

***

Меҳрла термулар кўзларинг сени,
Кўксимни илитар сўзларинг сени,
Тавоф айлай босган изларинг сени
Азизам!

Ишқнинг кошонаси даргоҳинг бўлгай!
Аллоҳ суянганинг – паноҳинг бўлгай!
Севгинг…танҳо гуноҳинг бўлгай!
Азизам!

****

Паға-паға қор ёғар,
Кўнглимга ғубор ёғар.
Бошим узра дор ёғар
Сени кўрмаган куним.

Осмон бунча паст- тубан,
Булутми шу ё туман.
Тик оёқда…юзтубан
Сени кўрмаган куним.

Бошимга ғам тиздинг-ов,
Қиш қаҳрингни чўздинг-ов,
Бор дунёмни буздинг-ов
Сени кўрмаган куним.

Кетди ёшлик – оҳорим,
Қуёш кўрмас наҳорим,
Татимагай баҳорим…
Сени кўрмаган куним.

****

Ташқарида ёғар оппоқ қор,
Қишнинг ҳусни ўзига тортар.
Шўх-шодон болалар кулгуси
Болалагим эслатар.

Деразамни очиб боқаман,
Эриб борар қордек кўзда нам.
Оппоқ қорда ёшлигим кўрдим,
Ўсмирлигим ҳам.

Атроф сокин –гўёки жим-жит.
Қор сеҳрлаб қўйган барчани.
Осмон нега сақлайди сукут
Юрагидан узиб парчани…

Инсон умри бунчалар сирли.
Ўтиб борар лаҳзада ҳаёт.
Қиш манзаранг бунча сеҳрли?
Қисқагина, аммо қаҳрли.

Ташқарида ёғар оппоқ қор,
Лаҳзаларда боради эриб.
Умр – тезоб, вақт — беқарор
Кетгим келар қорла югуриб.

Б А Ҳ О Р

Атроф сокин, ифорлар тотли,
Шабадалар тортар ўзига.
Гўзалликлар сеҳр-ҳайратли
Тушиб кетгим келар изига

Гулзорларни уйғотар ари.
“Куртак ёзгин! Гуллар очақол!”
Ўт-ўланлар сергакдир бари
Этак силтаб, кетмоқлик маҳол.

Турфа либос кияр табиат,
Чучмомалар анҳор бўйида.
Бунда қолгинг келади фақат
Бағрида, кўксида, қўйнида….

Юлдузларга бўйлагим келар,
Далалар кенг. Уфқ бепоён.
Сувлар бунча шошқин-югурар
Бўлмайдими тин олса бир он?

Ҳар сония, ҳар они азиз,
Кўзларимни ювар булоқлар,
…Узоқ кутдик, кетаяпсан тез
Баҳоройим қайдан сўроқлай?

05

(Tashriflar: umumiy 320, bugungi 1)

Izoh qoldiring