Umid Bekmuhammad. Yirtilgan sahifalar sadosi.

0876
“Тарих саҳифалари йиртилган китобга ўхшайди”, дея ёзганди япон файласуф адиби Рюноскэ Акутагава.Акутагаванинг ушбу фикрлари айнан бизнинг тарихимиз ҳақида ёзилгандек гўё.Айнан ана шундай йиртилган саҳифалардан бири эса Хоразмнинг 20 аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлган Бобоохун Салимовнинг ҳаёти ва фаолиятидир. Хива хонлигининг қозикалони, “Ёш хиваликлар” ҳаракатининг фаолларидан, 1920 йилда хонлик тугатилгач эса барпо этилган Хоразм Халқ Республикасининг адлия нозири вазифаларида ишлаган, ХХР делегациясига бош бўлиб 1920 йил июн-сентябр ойларида большевиклар раҳбарияти билан Москвада тенгҳуқуқлик тўғрисидаги шартномани имзолатиш даражасига етган бу шахсга афсуски 1929 йилда суиқасд уюштирилади ва у она халқи эрки йўлида қурбон бўлади.

088
Умид Бекмуҳаммад
ЙИРТИЛГАН САҲИФАЛАР САДОСИ
Ушбу мақола ва Бобоохун Салимов хотиралари  «Хуршид Даврон кутубхонаси» учун махсус   тайёрланди.
022

023   “Тарих саҳифалари йиртилган китобга ўхшайди”, дея ёзганди япон файласуф адиби Рюноскэ Акутагава. Акутагаванинг ушбу фикрлари айнан бизнинг тарихимиз ҳақида ёзилгандек гўё. Айнан ана шундай йиртилган саҳифалардан бири эса Хоразмнинг 20 аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлган Бобоохун Салимовнинг ҳаёти ва фаолиятидир. Хива хонлигининг қозикалони, “Ёш хиваликлар” ҳаракатининг фаолларидан, 1920 йилда хонлик тугатилгач эса барпо этилган Хоразм Халқ Республикасининг адлия нозири вазифаларида ишлаган, ХХР делегациясига бош бўлиб 1920 йил июн-сентябр ойларида большевиклар раҳбарияти билан Москвада тенгҳуқуқлик тўғрисидаги шартномани имзолатиш даражасига етган бу шахсга афсуски 1929 йилда суиқасд уюштирилади ва у она халқи эрки йўлида қурбон бўлади.

Афсуски, собиқ шўролар даврида Бобоохун Салимовнинг серқирра фаолияти тўла тадқиқ қилинмади. Тарихчи Жумабой Раҳимов 1988 ва 1990 йилларда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган китобини у шахсга бағишлаган бўлса-да, асосий эътибор ўша даврдаги мафкурадан келиб чиқиб большевиклар раҳбарияти билан учрашувига қаратилганди. Бироқ тарихчи илк бор ўша рисоласи орқали Бобоохун Салимов номинигина кенг оммага қайтадан танитаолди.

Шундан кейинги йиллар давомида эса Бобоохун Салимов ҳаёти истиқлол имкониятларидан фойдаланган ҳолда, холис ва ҳаққоний равишда ўрганилмай келинмоқда эди.Эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу битигимизда ана шу борадаги тарихий узилишни тўлдириш маъносида илк бора Бобоохун Салимовнинг серқирра ҳаёти ва фаолиятини ёритишга интилдик.Бу борада бизга Бобоохун Салимов тўғрисидаги маълумотларни тўплашга ёрдам берган ул кишининг Хоразм вилояти Гурлан туманида яшовчи қариндош-уруғларидан Файзираҳмон Иноятохун ўғли ва Қодирберган Низомаддин ўғлига миннатдорчилик билдириб қоламиз.

ЙИРТИЛГАН САҲИФАЛАР
022

023   ХХ аср бошларидан то 1929 йилдаги вафотигача бўлган даврда Хоразм тарихида ўзига хос мавқега эга бўлган Бобоохун Салимов Хива хони қозикалони Салимохуннинг энг катта фарзанди бўлиб, 1874 йилда Гурлан беклигида туғилади. Салимохун умр йўлдоши Солияхонга фарзандининг исмини аждодларидан бирининг номи билан Муҳаммад Карим деб атамоқчи эканлигини айтади. Шунда Солияхон «Мен ўғлимни чақирганда ёки койишга тўғри келганда қандай қилиб бобомнинг исмини айтиб чақираман» дея қозикалонга айтади. Бироқ Салимохун ўғлининг исмини Муҳаммад Карим деб қўйишни маъқул кўради. Аммо, оила даврасида онаси ўғлини «бувамнинг исми билан чақирмай» дея Буваохун, Бобохун деб атай бошлайди. Бора бора нафақат оиладагилар, балки қўшнилару қариндошлар, тенгқурлариям Муҳаммад Каримни Бобоохун деб чақиришади.

Натижада ХХ аср бошларида воҳада юзага келган ислоҳотчилик ташаббускорлари бўлган “Ёш хиваликлар” ҳаракатининг фаолларидан, хонлик даврида қозикалон,Хоразм Халқ Республикаси даврида эса адлия нозири бўлиб ишлаган, бир қанча дарслик, шеърлар муаллифи тарихда Бобоохун Салимов номи билан довруқ қозонди.

Шу ўринда Бобоохун Салимовнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида тўхталишдан олдин, Хоразм тарихида муҳим ўрин тутган, аммо тарихшунослигимизда шу пайтгача ўрганилмай келинган ушбу сулола тўғрисида қисқача тўхталиш жоиздир.Негаки, айнан Бобохун Салимов отаси Салимохундан сўнг хонликда қозикалон бўлиб фаолият кўрсатган.

Япон адиби Р. Агутагава «Тарих саҳифалари йиртилган китобга ўхшайди» деб ёзганди. Чиндан ҳам тарихимизнинг шўро даврида атайин йиртилган, ёки бефарқлик билан қараб келинган кўплаб саҳифаларини тиклаш жараёни кетаётган бўлсада, аммо баъзи масалаларда бироз чалкашлик бор.Хусусан,Салимохун ва Бобоохун Салимовлар фаолияти тўғрисида ҳам.

Йиртилган саҳифаларни тиклаш йўлидаги баъзи уринишлар эса афсуски мукаммал эмас. Ҳатто кўплаб китобларда Салимохунни гоҳ қозикалон, гоҳ шайхулислом тарзида ёзишади. Жумладан тарихчи олим Ж. Раҳимов Бобоохун Салимов ҳақидаги «У Ленин билан учрашган эди» (Т. 1990)номли китобида ҳам Салимохун ҳақида ёзиб, 9-саҳифадан бошлаб шайхулислом деб ёзади. 18 саҳифада эса Салимохунни 1873 йилда Қозикалон амалида тасвирлайди.

Хоразмлик ёзувчи ва журналист Н.Солаев ҳам “Шайхулислом” деган тугалланмаган чала қиссасида ( “Хива “ журнали 1994 йил 2 сон) Салимоохун ва Бобоохунни шайхулислом тарзида нотўғри тасвирлайди.

Хўш аслида Салимохун қозикалон бўлганми ёки шайхулислом? Ёхуд қозикалон ва шайхулислом мансаби бир бўлганми? Ёки қозикалон Салимохун кейинроқ шайхулислом бўлганмикин? Ва Салимохун қайси даврда Хива хонлигида Қозикалон бўлган?

Аввало, Қозикалон ва шайхулислом ҳақида тўхталсак. Е. Кливейннинг «Отрывок из путешествия в Хиву и некоторие подробности о хан в время правления Саид Муҳаммадхана 1856-1860 г.» китобида ёзилишича (РГО. 1861. 95-бет) «Қозикалон ва Шайхулислом бутун диний ишларни идора қилади».

Академик М. Йўлдошев эса «Дин масалаларида хоннинг ўнг қўли ҳисобланган Шайхулислом руҳоний табақаларнинг қозилик ва ободончилик соҳасидаги фаолиятига бошчилик қилади», дея ёзади.
Шайхулислом хонликдаги энг юқори мартабали руҳоний бўлиб, у диний маросимларнинг аниқ бажарилиши устидан назорат қилган. Унинг навкари ҳам бўлиб, хоннинг чап томонида ўтирган.

Академик М. Йўлдошев Хива хонлари архивини ўрганиб аниқлашича, XIX асрда қуйидаги шайхулисломлар бўлган. Қутбиддинхўжа Бобо девон шайхулисломнинг ўғли, Авазхўжа шайхулислом, Исломхўжа шайхулислом, Фозилхўжа шайхулислом, Муҳаммад Латиф шайхулислом, Муҳаммад Панохўжа шайхулислом.
Ушбу шайхулисломлар хоннинг чап томонида биринчи бўлиб ўтириб, 20-50 тилладан маош олган. Шунингдек 3-16 навкар уларга хизмат қилган.

Қозикалон эса, М. Йўлдошевнинг ёзишича, «Хонликдаги фуқароларнинг даъволари, жанжаллари билан шуғулланарди. Олий жазо талаб қиладиган жиноий ишлар унинг вазифасидан хориж эди,» («Хива хонлигида ер эгалиги ва давлат тузилиши» Т. 1959, 276 бет).
Қозикалоннинг ҳам 3-11 навкари бўлиб, 30-40 тилладан маош олган. Қозикалон расмий қабул маросимларида хоннинг ўнг ёнида биринчи бўлиб ўтирган. Қозикалондан бошқа яна Қози Урду ва Қози Аскар мансаблари ҳам бўлиб, улар ҳарбий хизматдагиларнинг судьяси бўлган, баъзи ҳолларда эса ҳарбий бўлмаган кишиларнинг ҳам ишларини кўриш учун қабул қилинган. Улар қозикалоннинг ёрдамчилари ҳисобланган. Хон сафарга чиққанида қози аскар унга ҳамроҳ бўлган ва ўз вазифаси доирасида хориждаги ишлар тўғрисида хонга шахсан маълумот берарди.

ХIХ асрда эса хонликда қуйидаги қозикалонлар бўлган— Қози Исмоил эшон, Қози Вайс эшон, Қози Гадой хўжа эшон, Абдусамад қози, Хўжа Муҳаммад Содиқ эшон қози калон, Қози Муҳаммад Карим, Раҳмонберди Қози Аскар, Хўжа Шамсиддин қози аскар, Қози Юсуф эшон, Қози аскар Абдуллахўжа, Эшниёз қози калон, Муҳаммад Қосим махсум қози калон.

Кўриниб турибдики, шайхулислом ва қозикалон мансаблари айрим-айрим бўлиб, фаолияти ҳам турлича бўлган. Салимохун эса академик М. Йўлдошев аниқлаган ХIX асрдаги шайхулислом ва қозикалонлар рўйхатида учрамайди. Мадраса Қозикалон деб номланганидан ҳам билса бўладики, Салимохун шайхулислом эмас, балки қозикалон бўлган. Агар Салимохун шайхулислом бўлганида эди, у солдирган мадраса ҳам Шайхулислом деб аталарди. Қолаверса Баёний «Шажараи Хоразмшохий» асарида, 1910 йил август ойида Феруз вафот қилганида, жанозани қозикалон Салимохун ўқигани ҳақида ёзилади. Демак, ушбу фикрлардан кўриниб турибдики, Салимохун Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) хонлиги даврида Қозикалон бўлган.

Энди Қозикалоннинг исмидаги охун қўшимчасига келсак, мадрасада талабаларга мударрис ва охунлар илм беришган. Улар ўзлари таълим берган мадрасанинг вақфидан маош олиб турганлар, мадраса уларга ҳужра ҳам берган.
Мадрасани тугатган талабалар имтиҳондан ўтишганида, хон томонидан тузилган, хоннинг ўзи, қозикалон ва уломалардан иборат ҳайъат уларнинг билимига қараб муфти, аълам, охун унвонларини беришган.
Демак, Қозикалон ҳам мадрасани тугаллаганида, имтиҳондан муваффақиятли ўтиб охун унвонига эга бўлган. Эҳтимол, Салимохун Хивадаги қайсидир мадрасада охунлик ҳам қилгандир.

Афсуски, асли Гурланлик Салимохун қаерда, қачон мадрасани тугаллаган ва қайси мадрасада охунлик қилгани ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган. «Ичан-қалъа» музей қўриқхонасининг собиқ директори, тарих фанлари номзоди Абдулла Абдурасулов ва музей қўриқхона бўлим мудири Комилжон Худайбергановлар билан суҳбатлашганимда улар ҳам фақатгина Қозикалон мадрасасининг 1905 йилда қурилганидан бошқа маълумот йўқ дейишди. Ҳатто, мадрасанинг вақф ери қаерда бўлганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ҳам сақланмаган.
Салимохун 1905 йилда барпо қилдирган Ичан-Қалъадаги мадраса бир қаватли бўлиб, 16 хужрадан иборат. Мадраса ўртасида қудуқ бор. Шарқ меъморчилиги услубида қурилган ушбу қозикалон мадрасаси ҳозирда мусиқа музейига айлантирилган.

Мадрасанинг бош фасади шаҳарга қараган мўъжазгина бу иншоот ғарбий ва шарқий дарвозаларни, Ичанқалъанинг кўндаланг ўқини бир-бирини бирлаштириб туради. Ўлчамлари: 36,5 Х 23, 5м, ҳовлиси 16,6 Х 9,8м.
Одатда мадраса қуришни ният қилган киши усталарни тўплаб лойиҳа бўйича танлов ўтказган. Энг мақбул чизма танлаб олиниб, ишга киришилган. Мадраса қурдирмоқчи бўлган киши аввалига барчани йиғиб тўй берган, соҳибқирон (қурилиш бошлиғи) ҳисоб-китоб юритувчи девонбеги тайинланган.
Анъанага айланган ушбу ҳолатни табиийки, Қозикалон Салимохун ҳам четлаб ўтмаган. Мадрасадаги ҳар бир ҳужрада 2-3 талаба яшаган. Барча ҳужра эшиклари ҳовлига қараб солинган ва ҳар бир ҳужрада ўчоқ ўрнатилган.

Мадрасада ўқиш муддати чегараланмаган бўлиб, айрим талабалар бир курсда уч-тўрт йил, айримлари эса 8-10 йиллаб ўқишган. Ўқиш эса уч курсда: «Адно»-бошланғич, «Авсат»-ўрта ва «Аъло»-охирги курс. Бошланғич курсда араб грамматикаси, мантиқ, шариат қоидалари, диний урф-одатлар, араб ва форс тилидаги адабиётлар ўргатилган. Қолган икки курс давомида талабалар «Таҳсиб» (мантиқ), илоҳиёт, ҳуқуқшунослик ва бошқа фанларни қунт билан ўрганишган.

Мадраса имом (яъни ҳокими) муаззин, ўқитувчилар, фарроши, сартароши ва мешкобчидан иборат бўлган. Мутаввалининг вазифаси буюмлар ва вақф ерларидан фойдаланиш, охун ва муаллимларга маошни тўлашдан иборат бўлиб, улар ўқув ишларига аралашмаганлар. Мадрасанинг катта ёки кичиклигига қараб, улардаги охун, мударрис ва хизматчилар сони турлича бўлган.

Мадраса битказилгандан кейин хон томонидан махсус вақф ерлари ажратилиб, молу-мулк Шайхулислом томонидан муҳрланиб қонунийлаштирилган. Талабаларга вақф ердан олинган ғалла ҳисобидан ботмон ҳажмида нафақа тўланган.
Афсуски, Салимохун қурдирган мадрасанинг вақф ерларига оид ҳужжатлар йўқолган. Комилжон Худайберганов суҳбатимизда айтганидек «Эҳтимол изланишлар натижасида Салимохунга доир ҳам, мадраса, вақф ерларга оид ҳужжатлар ҳам топилиб қолар. Ахир ҳали ўрганилмаган қанча ҳужжатлар бор».
Ҳа, изланишлар давом қилаверса, Акутагава айтган «тарихнинг йиртилган саҳифалари»ни тиклашимиз аниқ.

ҚОЗИКАЛОН
022

023   Гарчи Салимохуннинг авлодлари қозикалон аждоди ҳақида тўлақонли маълумот беришмасада уларнинг ҳикоялари адолатни, тарихий ҳақиқатни тиклашда суянчиқ вазифасини ўтайди.
Салимохуннинг невараси,Гурлан туманидаги Вазир қишлоғида яшовчи Файзираҳмон Иноятжон ўғли «Асли бизларнинг келиб чиқишимиз Қўнғиротдан» дея сўзлайди.

Қозикалоннинг яна бир невараси, Гурлан шаҳарчасида яшовчи Қодирберган Низомаддинохун ўғли эса Файзираҳмон отанинг сўзларини ойдинлаштириб шундай дейди: «Биз қўнғиротлик найман уруғиданмиз. Муҳаммад Салим махзум ибн Муҳаммад Саъид маҳзум ибн Абдулқодир махзум ибн Мусулмон-Сулаймон Оролли деган бобомиз Гурланга Қўнғиротдан келиб қолган.Момомиз оталарининг Адҳам махзум ибн Омон қули Охунд ибн Дўстмуҳаммад махзум ўзлари Қўнғиротдан келган эканликларини айтарди.. Шундан кейинги Бобожон, Абдулқодирмахсум, Маткарим махсум деган боболаримиз Гурланда яшаб ҳаёт кечирганлар».

Салимохун вафот қилганида баъзилар 87 ёшда дейишса, баъзилар 91 ёшда эди дейишади.
Агар Салимохун 1912 йилда вафот қилганини назарда тутсак, у ё 1821 йилда ёхуд 1825 йилда туғилган бўлади. Уларнинг уйлари Гурланнинг Хизрэлиёп бўйида бўлган. У дастлаб саводини Гурландаги Полвонмушрук қавмидаги масжидда чиқарган. Кейин Қодирберган аканинг айтишича тахминан Хивадаги Оллоқулихон мадрасасида таҳсил олган. Мадрасадаги таҳсил муддатини тугаллаб уйига келганида ота-онаси вафот қилганди.

Гурланда фақат узоқроқ қариндоши ва аммаси қолганди. Бир дўсти унга Бухорони зиёрат қилиб келишни таклиф қилади. Салиммахсум таклифга рози бўлиб дўсти билан Бухорога кетади. Афсуски пули йўқлиги боисидан Бухородан қайтиб келолмай у ерда қолишга мажбур бўлишади. Дўсти мардикорчилик қилади. Салиммахсум эса мадрасани тугаллаб саводли бўлгани боис, ҳаттотлик қилади. Кўкалдош мадрасасининг қорихонасида бир қишни ўтказади. Бир йил ўтиб Кўкалдошнинг ёнидан уй сотиб олади. Бойларнинг болаларини уйларида ўқитиб юради.

033 Бир куни Хива хони Феруз Бухоро амириникига борганида, амир билан суҳбатда бир вазир Ферузга Хоразмдан бир йигит келиб Кўкалдош мадрасасида ишлаб юрганини айтади. Бу ҳол эртасига вазирнинг зиёфатида ҳам такрорланади. Унда ҳам Салиммахсумнинг билимли, донишмандлиги ҳақида сўзлаб беришади. Бироқ, Феруз зиёфатларда индамай қўяверади. Фақат, зиёфатдан сўнг дам олиш хонасига келганидагина ёнидагиларга Салиммахсумни топиб келтиришни буюради. Салиммахсум келгач иккови гаплашадилар. Ферузга Салиммахсумнинг феълу атвори, билими, фикрлаши ёқиб қолади. Унга Хивага олиб кетмоқчи эканлигини айтиб, 7 кун мухлат беради. Салиммахсум ўқитган болаларим, билим берган домлаларим бор деб 10-15 кун муҳлат сўрайди. Феруз бироқ 7 кун муҳлат беради. Хон унга навкарбоши билан 12 навкар қолдириб ўзи Хивага қайтади. Салиммахсум ҳам болалар ва домлалар билан хайрлашиб навкарлар билан Хивага кетади. Бу вақтда Салиммахсумнинг Хоразмдан Бухорога чиқиб кетганига 20 йилча бўлганди.

Хивага борганидан кейин Феруз Салиммахсумга 2 кун муҳлат бериб Гурландаги қариндошларини кўриб келишни топширади. Қариндошлари Салиммахсумни кўриб ҳайрон қолишади. Негаки Салиммахсумнинг Бухорога кетганига 20 йилча бўлган бўлса, одамлар у ҳақда ҳар хил гап тарқатишган, ҳатто ўлдига чиқаришганди. Икки кун қариндошлари билан дийдорлашган Салиммахсум уларнинг даврасидан чиқиб яна Хивага кетади. Хон уни Хива шаҳрига Раис қилиб сайлайди.

Раис шариат қонун қоидалари, расм-русумлари ижросини назорат қилиб борган. Раислар яна болаларнинг ўз вақтида мактабга қатнаши ва бозорда савдогарларнинг харидорларни алдамаслиги учун тош-тарозини текшириб борган. Салиммахсум ушбу масъулиятли вазифада бир йил ишлагандан сўнг хон томонидан дам олишга рухсат олиб Гурланга келади. Гурланда 2-3 кун юргач, Юмуртов (Жумуртов, Юмритоғ) даги Жуманиёз Эшон деган уламоникига боради. Эшонёп бўйидаги эшоннинг уйида бир оқшом бўлиб, ҳазрати эшонни зиёрат қилади. Эртасига кетмоқчи бўлиб рухсат сўраганида — Жавобни мен бераман-дея Эшон Салиммахсумни олиб қолади. Саккиз кундан кейин уйига кетишга рухсат беради. Салиммахсум Гурланга келганида унинг изидан етиб келган иккита отлиқ унинг ўзидан Салиммахсумнинг уйини сўрайди. Отлиқлар Салиммахсумнинг уйига келиб, аммаси, узоқроқ қариндоши билан гаплашиб «Эшонбува қизимни Салиммахсумга бераман деганди»-деб айтишади. Салиммахсум рози бўлгач, эртасига совчи юборишади. Ниҳоят бир ҳафтадан сўнг, уч хонали, отасидан қолган жойида Салиммахсумнинг тўйи бўлади. Келиннинг исми Солияхон эди.
Тўй ўтиб, урф-одатларнинг бариси қилиниб бўлгач, Салиммахсум хотини билан яна Хивага йўл олади. Муҳаммад Раҳимхон II уни яхши кутиб олади. Узоқ суҳбатлашишади. «Энди бир жонмас икки бўлибсиз»-дея Хиванинг қибла тарафига уй солишни буюради. Негаки, Салиммахсум ўтган бир йил ичида Хивада гарчи раис бўлсада, бир ўзи яшаётгани учун ижарада турганди. Энди эса хоннинг айтган ерида уй солишга киришади. Қолаверса хон уни энди Хива хонлиги қозикалони қилиб тайинлаганди. Шундан кейин уни Салиммахсум эмас, Муҳаммад Салимохун қозикалон деб аташа бошлашди. Шу тахлит қозикалон Салимохун кўп йиллар фуқароларнинг арз даъволарини тинглаб адолатли қозикалон сифатида довруқ қозонади.

БОБООХУННИНГ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ФАОЛИЯТИ
022

023  Хива хони қозикалони Салимохуннинг энг катта фарзанди бўлган Муҳаммад Карим- Бобоохун Хоразм чоризм томонидан истило қилингандан бир йил ўтиб-1874 йилда туғилган.
Аввал отаси, кейин мактаб тарбиясини олган Бобоохун Хивадаги Оллоқулихон мадрасасини ҳам ўқиб тугатди. Унинг ёшлиги ижтимоий сиёсий ҳаракатлар авж ола бошлаган ХХ асрнинг бошларига тўғри келганлиги боис, азалдан шижоатли ва журъатлилик умр сафардошига айланган бу инсон отаси вафот қилган 1912 йилдан қозикалон бўлиб ишлайди.

Ўзида нафақат лавозимига хос юксак исломий эътиқод, балки оддий инсоний ғурур кучли бўлган Бобоохун фуқароларнинг арз-додини тинглаш, турли жанжал ва шикоятларни адолатона йўл билан ечишга уринди. Бироқ, феодал-монорхияга асосланган, бунинг устига мустамлака давлатда ижтимоий адолат борасида сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Қолаверса, баъзи руҳонийларнинг муттасиблиги, бир қатор шарқ тилларини билган, ўз даврининг маърифатпарвар илғор зиёлилари билан яқин алоқада бўлиш Бобоохунни жамиятда илғор тараққийпарвар кучлар билан бирлашиб, ислоҳатлар ўтказишга ундади. Шунингдек, у жамиятда рўй бераётган салбий муносабатларни йўқотиш учун мудроқ ғурурни уйғотиш лозимлигини англаб етганди. Шу боис ушбу шеърини бекорга қоғозга туширмаганди:

Хазон фаслида булбулдек,
Дилафгор ўлғон ўхшайдур.
Жаҳолат дардига барча
Гирифтор ўлғон ўхшайдур,
Сукут айлаб демас бу кун
Рост сўзни шайхулисломлар.
Халойиқ ичра бидъатлар,
Баддийдор ўлғон ўхшайдур…

Бошқа бир шеърида эса қуйидаги жумлалар бор:

Ожизо, шаҳри ичра ҳеч,
Ҳеч ким менга ғамхўр эмас,
Бош олиб саҳрога юргил
Бир мозори изладим.
Яъни узлат гулшанидан
Гул узори изладим…

Ёки бошқа бир шеърида эса қуйидагича ёзган:

Ожизо, зор кўнгиллар,
Бўлди хандон оқибат.
Бизларга зулм этганлар,
Бўлди яксон оқибат…

asfandiyar Қодирберган Низомиддинохун ўғлининг отаси хотираларга таяниб айтишича «Бобоохун икки йилча қозикалон бўлиб ишлаб Асфандиёрхон билан келишмагани учун истеъфога чиқади ва Гурланга келиб деҳқончилик билан шуғулланади.Бобоохуннинг айнан сарой амалдорлари олдида Асфандиёрхонга қозикалонлик муҳрини ташлаб истеъфога чиқиб кетишини, мутассиб диндорлар ва сароф амалдорлари “хонга қарши чиқиш” дея тушунтиришга уринишади ва уни жазолашни Асфандиёрхондан илтимос қилишади.Натижада кунлардан бирида Асфандиёрнинг навкарлари Гурлан беклигига келиб уни отмоқчи бўлганида қочишга муваффақ бўлади. Яна бир сафар навкарлар уни ушлаб Хивага олиб боришаётганда Қўшкўпирдан қочиб Гурланга келади. Учинчи маротаба яна хон навкарлари уни ушлаб то Хивагача олиб борадилар. Бобоохун энди Ичанқалъадан қочиб Амударё соҳилига яқин Хивадан анча олис-туркманлар ва қорақалпоқларга яқин мавзе- Жумуртоғдаги Эшонёп қишлоғига боради ва у ерда тирикчилигини қилиб юради. Дўстлари ёрдамида оиласини, укаларини ҳам Эшонёпга олиб боради».

Бу вақтда Бобоохуннинг укаларидан Низомиддинохун Гурландаги уйларини ёвмудлар талаганини эшитиб Жунаидхон олдига боради. Низомиддинохунга одамлар «уйларингни Жунаидхоннинг навкарлари талади» деб айтишганди.
088 Жунаидхон бу вақтда Тахта ҳудудида қароргоҳ қурганди. Гурландан отда Тахтагача бориш Низомиддинохунга осон бўлмайди. Йўлда Жунаидхоннинг пистирмалари бўлиб, у Жунаидхон олдига кетаётганини айтиб, текширувлардан ўтгач, Тахтага етиб боради.
Чодирда ўтирган Жунаидхон Салимохуннинг ўғли келганини унга айтишгандаёқ тезда Низомиддинохунни қабул қилади. Ҳол-аҳвол сўрашади. Воқеани эшитиб «Исфандиёр Ушоқбекка талатган. Дунёхўр дунёхўрни топади» деган. Негаки, Ушоқбек ҳам туркман сардорларидан бўлиб, Асфандиёрхон билан ҳамкорлик қиларди. У Жунаидхон билан мухолифатда эди.

«Отамнинг айтишича,-дейди Қодирберган Низомиддинохун ўғли — Жунаидхоннинг маҳсиси ялтироқ бўлиб, узун чакмон кийган, елкаси кенг, бақувват одам бўлган».
Шу тариқа Бобоохун беш йилча-то 1917 йилда “Ёш хиваликлар” Асфандиёрхонга нисбатан Хивада намойиш ўтказгунча Эшонёп қишлоғида деҳқончилик қилиб яшаёди.Ўша йили у Хивадаги давлат ва жамиятда ислоҳотлар ўтказиш орқали ўзгариш ясашга интилган Полёзҳожи Юсупов,Ҳусанибек Матмуродовлар сафига келиб қўшилади.Бу пайтга келиб 1917 йилдаги чоризм пойтахтидаги феврал инқилобидан сўнг Асфандиёрхоннинг мустабидона сиёсати таъсири пасайганди.
Давлат мукофоти лауреати, наққош уста Абдулла Болтаев ўз эсдаликларида ёзишича эса, «Бобоохун Салимов 1917 йил 5 апрелдаги Кўҳна Арк олдидаги намойишда Полёзҳожи Юсупов, Назир Шоликоров, Ҳусаинбек Матмуродов, Жуманиёз Султонмуродовлар билан бирга иштирок қилади».

1917 йил феврал ойида империя марказида юз берган буржуа инқилобининг таъсири ўлароқ Хивада юз берган бу ҳодисада «ёш хиваликлар» Асфандиёрхонга ўзларининг қарашлари акс этган манифестни топширадилар. Манифестдан феодал монархияга асосланган хонликни «идораи маршрутия» орқали бошқариш каби демократик ислоҳатлар ўрин эгаллаганди.
Манифест эълон қилинган 5 апрел куни Ҳ. Матмуродовнинг уйида «ёш хиваликлар»нинг мажлиси —давлатни бошқаришнинг янги усули-идораи маршрутия тузилди. Нозирлар совети бошлиғи қилиб Ҳусаинбек Матмуродов, Кенгаш раиси қилиб эса Бобоохун Салимов сайланади. Биринчи даврада “Идораи Маршрутия”- вакиллар Кенгашидаги аъзолар сони 17 та эди. Кейинчалик аъзолар сони 23 кишига етди. Бобоохун Салимовнинг маслаҳати билан туркман, қорақалпоқ ва қозоқларнинг вакиллари киритилиши натижасида аъзолар 49 кишини ташкил этди.

Полёзҳожи Юсуповнинг “Хотиралари”га кўра, аперл ойидаги ҳурриятпарварлик ҳаракатида Бобоохуннинг роли катта бўлган.У “Ёш хиваликлар”дан иборат “Идораи маршрутия” ишини ташкил қилиш, фуқаролар эркинлигига оид ислоҳотлар ўтказиш ташаббуслари билан чиқади.Хивадаги чор армияси командирлари, муттассиб диндорлар билан музокара, мунозараларда уларни мантиқли, диний ва дунёвий асосдаги савол-жавоблар билан енгиб чиқади.

Бироқ, демократияга асосланган «Идораи-маршрутия»нинг фаолияти афсуски узоқ давом этмади. Муваққат ҳукуматнинг Хивадаги вакили генерал Мирбадалов ва муттасиб руҳонийларнинг талаби билан 1917 йил 23 майда «Идораи маршрутия» фаолияти тўхтатилади. Кўпчилик эса Чоржўй, Мари, Тошкент ва Тўрткўлга ўтиб кетишга мажбур бўлди.
Қодирберган Низомаддинохун ўғлининг айтишича, «Бобоохун Хивадан қочиб Тўрткўлга, ундан эса Жумуртоғдаги Эшонёп қишлоғига боради. У ерда тирикчилигини қилиб юради».

Бу орада, аниқроғи, 1919 йилнинг декабр ойида Туркистон шўро қўшинларининг жанубий отряди И. Урядов қўмондонлигида, шимолий отряд эса, Н. Шайдаков бошчилигида Амударёнинг чап соҳилига ўтиб, Хива хонлигига бостириб кирадилар. Кўрсатилган қаршиликларга қарамасдан большевиклар, 1920 йилнинг январ ойи охирида Хива хони Саид Абдуллахонни тахтдан туширадилар. Жунаидхон эса кучлар нисбати тенг бўлмаганлиги сабабли чекинишга мажбур бўлади.

Шу тариқа 1920 йил 1 февралда Хива хонлиги ағдарилгач муваққат инқилобий қўмита тузилади. Муваққат ҳукумат аъзолари муҳожирликдаги «ёш хиваликлар»дан иборат эди.Мулла Жуманиёз Султонмуродов муваққат ҳукумат раислигига тайинлангач, Бобохун Салимовни ҳам ҳукумат аъзоси ва нозирликка таклиф қилади.Бироқ Бобохун Салимов ўзининг маслакдош дўсти Полёзҳожи Юсуаов бу пайтда Тошкентда бўлгани бўлгани боис, у билан маслаҳатлашмагани учун бундай юқори лавозимни рад қилади.Ўшанда Полёзҳожи Тошкентдан туриб Хивага-Бобоохунга мактуб йўллаб, ҳукумат аъзоси бўлса халқ учун фойдали ишлар қилиш лозимлигини айтгани, бу “Ёш хиваликлар” учун ҳам айни муддао эканлигини айтгач, Б.Салимов таклифга рози бўлади. Орадан икки ой ўтиб 9 апрел куни муваққат инқилобий ҳукумат ишини яхшилаш мақсадида унинг таркибида нозирликлар ташкил этилади. Бобоохун Салимов ҳукуматнинг адлия нозири қилиб тайинланади.

“Кундалик масалаларни ҳал қилишда ташкил қилинган президиум 3 кишидан иборат бўлиб Мулла Жуманиёз Султонмуродов Раис, Полёзҳожи Юсупов ва Бобоохун Салимовлар унинг муовинлари эдилар».( ЎзМАРДАВ архив, Р-71-фонд, 1-рўйхат, 1-дело, 4-11 варақлар).
Шунингдек, адлия нозирлиги қошида халқ суди ташкил қилиниб унинг раиси Олимжон Ақчурин эди, Кўчмамадхон Сапаев ва Бобоохун Салимовлар суднинг аъзолари бўлишган. Халқ судига катта ваколат-олий жазога ҳукм қилиш ҳам берилганди. Шунингдек, халқ суди фуқароларининг арз-додларини тинглаш каби қозикалоннинг ишларини давом эттирарди. Бобоохун Салимовга эса табиийки бу лавозим бегона эмасди.
Муваққат инқилобий ҳукумат шу тарзда хонлик давридаги кўпчилик ҳаёт тарзига айланиб қолган қонун ва қоидаларни ислоҳ қилган тарзда 1920 йил 30 апрелдаги I-Бутун Хоразм қурултойигача фаолият кўрсатди. Полёҳожи Юсупов бошчилигида нозирлар шўроси тузилди.
Бобоохун Салимов эса аввалги лавозимида адлия нозири вазифасида қолдирилди.

0011
I-Бутун Хоразм қурултойи

ДЕЛЕГАЦИЯ  (ҲАЙЯТ)  РАҲБАРИ
022

023  1920 йилнинг июнь-сентябр ойларида Хоразм Халқ Республикасининг Бобоохун Салимов бошчилигидаги делегация (ҳайят) Кремлга дипломатик музокара учун боришганди.Музокара тўрт ойга чўзилганлигига масофанинг узоқлиги эмас, болшевиклар раҳбариятининг ҳийла найранг билан иш тутиши, баъзи масалаларда юзага келган келишмовчиликлар,аммо Бобоохуннинг қаътияти сабабли амалга оширилган шартномани имзолаш эди.

Маълумки, 1920 йил 30 апрелдаги I-Бутун Хоразм қурултойида, Полёҳожи Юсупов бошчилигида нозирлар ХХР номидан РСФСРга бориб, Ленин бошлиқ большевиклар раҳбарияти билан музокара олиб бориш учун давлат делегациясини ташкил этишни энг асосий масала қилиб қўйишади.

Делегацияга раҳбар этиб эса Бобоохун Салимов сайланади.Жуманиёз Оллқулиев, Мулла Нурмуҳаммад, Мулла Ўроз, Матёқуб охун, Мулла Иброҳим, Мадримбой, Ших Муҳаммад, Мулла Ўроз Абдулла, Мулла Жуманиёзлардан иборат делегация 3 июнь куни Хивадан йўлга чиқади.

Делегация вакиллари Амударёдан пароход орқали Чоржўйга, ундан Бухоро, Самарқанд орқали Тошкентга етиб боришади.Бобоохун Салимов Тошкентдалик пайтида у уердаги Ҳиндистонлик Мавловий Баракатилло, Истамбуллик Козимбей, Қошғарлик Иброҳим Афанди сингари шарқ давлатларининг консуллари билан учрашиб, шарқдаги сиёсат, Россиянинг таъсиру тазйиқи бўйича суҳбатлашадилар.

Эътиборлиси шундаки, Турккомиссиянинг В.Куйбишев, М.Фрунзе, Крижаницкий каби раҳбарлари Бобоохун Салимов билан Тошкентда ўтказган музокараларда, Хоразм Халқ Республикаси томонидан тасдиқланган делегация аъзоларини ўзгартиришни талаб қилишади. Бобоохуннинг хотираларида ёзилишича, “Жуманиёз Оллоқулиевни баъзи важлардин мандат бермай, бизларга йўлдош қилмоқдин олиб қолдилар”.Бунинг устига Ж.Оллоқулиев ХХР делегацияси аъзоси бўлса-да, Турккомиссия томонидан Тошкентда ҳибсга олиниб, то делегация Москвага кетгунча бесўроқ турмада сақланади. Мақсад, ғоятда сиёсатдон, миллий кайфиятдаги арбобни Кремльга юбормаслик, делегация аъзолари орасида тушкунликни юзага келтириш эди.

Шунингдек, делегацияга Турккомиссия томонидан яна 4 рус аскар ва таржимон Иброҳим Бурнашев қўшиб қўйилади.Хуллас, ХХР делегацияси катта қийинчиликлар билан 18 июль куни Москвага етиб келишади.
Гарчи делегация Москвада РСФСР ташқи ишлар вазири Г.Чичерин, ўринбосари Л.Карахан, шарқшунос олим ва жамоат арбоби А.Самойлович, Хоразмда бироз ишлаб кетган Г.Бройдо каби арбоблар билан баҳамжиҳат ҳар иккала давлат ўртасидаги шартномаларни ишлаб чиқишга киришсаларда, иш олға силжийвермайди.

044 Хоразмда бўлиб ҳақиқий вазиятни кузатган, Бобоохун Салимовнинг дўсти Бройдо Кремлдагиларнинг ХХР делегациясига нисбатан шовинистик муносабатда бўлаётганини айтади. Бобоохуннинг хотирлашича, Бройдо бу борада шундай деган: “ Сизларнинг ишингиз шу кунгача тагйир бўлгани ( юришмаганининг) , шартноманинг имзо қилинмаётганининг сабаби, баъзи кишилар онга рози бўлмай монеъ ( қарши) бўлиб турганлар. Хусусан товариш Измайлов Хоразмдин келгандин сўнг мазкур шартномаларингизни кўруб, дебдурким, бу шартномадаги сўзлар асло Хива халқи ва ҳукуматининг ёду-хаёлларида йўқ турур.Оларга бу тариқа кўп уқуқ бермак лозим эрмас”, деган.Яъни делегацияни Ленин қабул қилишни ортга суриб, ташқи ишлар вазири Чичерин учрашувидан кейиноқ асосий мақсад бўлган ХХР суверинетити тўғрисидаги шартномани имзолашдан ўзини олиб қочади.

ХХР суверенитетини тан олишдан, делегация раҳбари Бобоохун Салимовнинг Кремль раҳбарияти билан музокара олиб боришини талаб қилганидан Ленин, Троцкий каби большевик арбоблар , июль, август ойларида хоразмликларни қабул қилишмайди.Ҳар кун Кремль теварагида сарсон бўлсалар-да, делегация ортга қайтишни ўйламай, Ленин билан учраштиришни талаб қилишади.Бу борада делегацияга Бобоохуннинг дўсти Г,И.Бройдо ёрдаб бериб Ленин билан учраштиришга ҳаракат қилади.У 1920 йил апрель-июль ойларида РСФСРнинг ХХР даги мухтор элчиси бўлиб ишлаган, воҳадаги кўплаб зиёлилар, хусусан Бобоохун билан дўстлашган, ҳатто унинг Гурландаги уйида меҳмон ҳам бўлганди.

Бироқ ХХРнинг иқтисодий, сиёсий, миллий хусусиятларини яхши билган Бройдо республика раҳбарларига ён босган дея айбланиб, шахсан Лениннинг кўрсатмасига кўра ишдан четлаштирилиб Москвага чақириб олинганди.
Хоразм делегациясининг Москвадалик пайтида шаҳардаги кўплаб сайилгоҳ, театр, концертларга бориши большевиклар томонидан атайин ташкиллаштирилади.Мақсад овлоқ бир жойдан келганларга гўё ўзларининг меъморчилигу маданиятини намойиш этиб, қудратини кўрсатиш ва уларни қойил қолдириш эди. Аммо делегация аъзолари учун биринчи галдаги мақсад сайру томоша эмас, Хоразм билан Россия ўртасида шартнома имзолаш бўлган.Шу боис улар Ленин билан учрашиш имкони бўлмаётган пайтларда, Москвадаги шарқ мамлакатларидан келган элчи, консул, ҳарбийлар билан суҳбатлашадилар.

Хусусан, Измирлик Назмий Содиқбей ва доктор Фуводбей, Бухоролик Мирза Маъди Хўжа додҳо,Татаристон жумҳурраиси Саидалиев, Туркия ҳукумати хорижия нозири Жамол пошшо,Эронлик Мирсолиҳ Музаффарзодалар билан учрашиб суҳбат қурадилар.
Хоразм делегацияси Ленин билан учрашиб музокара олиб бориш чўзилаверган ўша кезларда, Петроградда , Бокуда бўлиб ўтган халқаро шарқ халқларининг конгрессида ҳам иштирок қилиб келадилар.Шарқ халқларининг ҳаёти ва ўша пайтдаги сиёсат муҳокама қилинган ҳар иккала конгрессда Бобоохун Салимов шарқ давлатларидан келган вакиллар билан фикрлашиб олади.

033   Бу орада Бройдонинг ҳатти ҳаракатлари билан Ленин ниҳоят хоразмликларни қисқа фурсатга қабул қиладиган бўлади.Ниҳоят 1920 йил 10 август жума куни Ленин Бобоохун Салимов, Мулла Ўроз ва Мулла Нурмуҳаммадни Кремльда қабул қилади.Кремль ходими Бурнашев ва Кельбер кузатувида Ленин хонасига кирган хоразмликлар ҳол аҳвол сўрашиб, воҳадаги вазият ҳақида сўзлаб берадилар. Бобоохун Ленинга қарата “келганимизга анча бўлди, то шу вақтгача бизлар сизга йўлиқа билмадук” дейди. Шунда Ленин ҳозир уруш кетиб турганини баҳона қилиб, “ мундин сўнгра ҳар вақт сизларга бировдин зулм ситам етишса дарҳол манинг хусусий ўзимга бир хат ёзиб билдиргайсизки, они дарҳол даф қилурман”, дея жавоб беради. Шу вақт хонадаги телефон жиринглаб, ким биландир гаплашгач, “ мани бир ишга чақирадурлар, афу қилингларким, яна ҳар вақт сўзлашмак кўнгилларингизга тушса албатта яна йўлуқурмиз” дейди.

Гўёки, хоразмлик вакиллар билан шунчаки ўтирган, бу иш эмасдек. Шу боис Бобоохун сиполик билан Ленинга ” Ишларимиз битса тезроқ кетмоқчимиз” дея ҳар иккала давлат ўртасида шартномани имзолашни унга эслатиб қўяди.
Ленин эса, Бобоохуннинг хотираларида ёзилишича, “ Ман ушбу кун сизларининг ишларингизни комиссияга айтурман. Албатта тез биткарурлар”, дея жавоб беради. Шу тарзда музокара бошланганига энди 20 дақиқа бўлганида Ленин ваъдани қуюқ қилиб, “ иш” баҳона Бобоохунни ўзидан узоқлаштиришга ҳаракат қилади.

Лениннинг ваъдасига ишонган хоразмликлар бир ҳафтача яна сарсон бўлиб, РСФСР ташқи ишлар вазирлигига қатнайдилар.Имзоланажак шартномани муҳокама қилиб тайёр ҳолга келтиришади.15 моддадан иборат иқтисодий алоқалар, 8 моддадан иборат ҳарбий ва сиёсий соҳалар бўйича шартнома тайёрланади.Шартномаларда ҳар иккала давлатнинг тенг ҳуқуқлилиги ва манфаатлари ифодаланганди.

012   РСФСР ташқи ишлар вазири ўринбосари Лев Карахан Бобоохунга шартномаларнинг русча матни билан танишиб чиққанини, яна бир ҳафтадан кейин шартномани имзолаш мумкинлигини айтади. Лениннинг “тез” деган ваъдаси хуллас икки ҳафтагача чўзилади.Аммо яна ҳафта ўтадики, шартномани имзолаш бўйича аниқ фикр РСФСР ташқи ишлар маҳкамасида йўқ эди.

Бунинг устига Ленин томонидан уларга Москвадалик пайтида ҳамроҳ қилиб қўйилган кузатувчилар Хоразм делегациясини мазах қилиб устидан куладиган одат чиқаради. Бобоохун хотираларида бу ҳақда шундай ёзади: “Кельбер бирлан таржимонимиз Иброҳим Бурнашев кам-кам бизларни содда ва бечора кўруб беадобона сўзлари ва хоинона ҳаракатлари ҳаддин ошган жиҳатдин, оларнинг аҳволитидин товариш Бройдо бирлан товариш Янсонни огоҳ қилиб хизматларидин бекор этиб,Кельбернинг ўрнига Крашилов, Бурнашев ўринга Бакиевни тайин қилдурдик”.

Бу орада Лениннинг тобшириғига кўра, А.Измайлов тайёр ҳолга келган,РСФСР ташқи ишлар маҳкамасида Г.Бройдо, Чичерин, Караханлар томонидан Бобоохун ҳамкорлигида тайёрланган шартномага илова қўшишни талаб қилади. Измайлов Бобоохунга РСФСР ташқи ишлар ишлар маҳкамаси комиссиясининг илова масаласида мажлисини ўтказишни айтади.

Хоразм делегацияси ўзларининг манфатларига зид, Россия фойдаси учун тайёрланаётган илова ҳақидаги мажлисга бормай байкот эълон қиладилар. Бобоохунга маслакдош дўсти Бройдо шундай дейди: “Сизларнинг фойдангиз учун биринчи даражали муҳим ва даркор моддаларга илова қўшиб, Хоразм ҳақида фойдасиз, балки зарарли бўлгудек иш олиб бормоқчи улар.Нечук бўлса ҳам ғайратли бўлинг, ман ҳам қўлдин келган ёрдамни дариғ қилмасман”.

Гарчи Бройдо ёрдам беришга интилсада, А.Самойлович, Л.Карахан каби РСФСР ташқи ишлар маҳкамаси ходимлари Бобоохун олдига Ленин тобшириғига кўра тайёрлатилган иловани бериб уни имзолашни таклиф қиладилар.
Иловада, Бобоохуннинг хотираларида ёзилишича, “Хоразмдаги бутун почта ва телеграфлар Русия ҳукуматининг ихтиёрига қоладур.Хоразмнинг ҳозирда экилмай турган ерларидин русларнинг истифода (фойдаланмоқ) этмоқ ҳақи борлигини Хоразм ҳукумати тасдиқ қилади.Амударё аёқи, Орол денгизида балиқ овламоқ русларга махсусдир.Ариқларни қазмоқ ва тозодин ариқ ёрмоқ русларнинг тадбирлари ва ҳоҳлаганларга мувофиқ бўлур.Ва доғи Хоразм ҳукумати ўз еридин оташ араба йўли берур ва йўлнинг ҳар тарафидин бир чақиримлик ер ҳам берур” дейилганди.

Бобоохун фикрига кўра, “ бу илова Хоразм ҳақинда генерал Кауфман ва Галкинлар ясаган шартномалардин минг мартаба ёмонроқ турур.Шу боис илованинг охирроқларини қулоқ эшитса ҳам, кўнгул фаҳм этмай, курсига суяниб, молу-ҳайрон бўлибманки, иловалар ўқилиб тамом бўлгандин сўнг, ҳаммалари мани ёнимдин чиқиб кетганларини ҳам онгламай қолубман”.

Шундан кейин Бобоохун Ленин томонидан буюртма бўйича А.Самойлович тайёрлаган иловани имзоламаслигини айтади.Шунда Самойлович, “ ман ёлғиз таржимон турурман, бошқа иш қўлимдан келмас, аммо не чора қилурман” дея ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишни айтади.
Сўнгра Бобоохун Чичерин,Карахан каби рус дипломатлари билан музокара олиб бориб,Хоразм делегацияси иловани имзоламаслигини билдиради.Делегация раҳбари сифатида Бобоохун, “ бизларнинг ишларимиз бул тариқа чувалашаверса, бизларга шартнома даркор эрмас”, дея Ленин билан учраштиришни талаб қилади.

Чичерин илова бўйича Караханга учрашиш кераклигини айтади. Карахан эса бетоблигини айтиб узр сўрайди.Шунда бюрократик тўсиқлар жонига теккан Бобоохун Чичериннинг ёрдамчиси Крашиловга, “товариш Ленин билан товариш Чичеринга телефон қилинг, ўзим ёнингизда турурман, то оларни кўрмагунча бизларни ишларимиз битгудек ўхшамайдур” дейди.Крашилов эса телефон бузуқ дея баҳона топади.Икки ойдан бери тайёр шартномани имзолатолмай сарсон бўлаётган делегация охири РСФСР халқ комиссарлари кенгаши бош назоратчиси Бакиев олдига шундай шарт қўяди.Бобоохун унга шундай дегани унинг хотираларида қуйидагича келтирлади: “Ўзим югурмагунча, кишига инониб иш битмайдур.Крашилов бизга айтадурким: “Ман Ленин бирлан Чичерин иккисига ҳам телефон бердим.Жавобида иккиси ҳам дедиларким, Хива вакиллари сўзларини Караханга айтсунлар.Карахан бизларга айтур деб Крашиловнинг бу сўзи Карахан бирлан маслаҳат айтилган сўздир.Ман бунга ишонмасман.Улуғлар ҳаргиз вакиллар сўзларини бизларга бевосита айтмасун демаслар, бу ёлғон турур.Бизнинг жойдаги телефонларни бузуқ дегани ҳам ёлғон турар.Бизларни товариш Ленинга йўлиқмоғимиз зиёда зарур ва лозим эрканини, то шул кунгача ҳеч бир ишларимизни битмай турганини айтуб қўйдик.Жавобида дедиким: ушбу сўзларингизни Ленинга билдирурман.Нима жавоб айтса яна сизларга айтурман деди”.

Аммо на Ленин, на Чичерин ҳар иккала давлат ўртасида имзоланажак шартнома ёнидан, Хоразм манфаатлари учун зид, Россия манфаати устун иловани олиб ташлашни истамасди.

Шундан сўнг Бобоохун Салимов Чичерин ва Караханга, агарда иловани имзолаган тақдирда, большевикларнинг шарқдаги сиёсати, хусусан Лениннинг Чор Россияси зулми остидаги Ўрта Осиё халқлари мустақилдир деган ғоясига путур етажаги, шундан кейин большевиклар сиёсатига ҳеч ким ишонмаслигини батафсил тушунтиради.
Ана шундан сўнггина Ленин, Чичерин ва Карахан Хоразм манфаати учун зид бўлган иловани олиб ташлаб, шартномани имзолашга рози бўладилар.

0267
1920 йил 13 сентябрда Кремльда РСФСР ва ХХР ўртасида шартнома имзоланиши пайтида Бобоохун Салимов нутқ сўзламоқда. Фотография илк марта эълон қилинмоқда.

Шу тариқа “ 1920 йил 13 сентябрда Кремльда РСФСР ва ХХР ўртасида шартнома имзоланади.Шартномани РСФСР томонидан ташқи ишлар вазири Г.В.Чичерин, ХХР номидан адлия вазири Бобоохун Салимов имзоладилар” (ЎЗМАРДАВАРХИВ, Р-71-фонд, 1 рўйхат, 6-дело, 128-129 варақлар).
Ушбу шартномага кўра, РСФСР ҳукумати ХХР мустақиллигини ва дахлсизлигини тан олди.Россия империяси даврида рус капиталистлари томонидан Хива хонлиги ҳудудида бунёд қилинган барча банклар, заводлар, фабрикалар, савдо корхоналари ва бошқа иншоаатлар ХХР мулки деб тан олинади. Давлат чегараси деб, 1920 йил 13 сентябрдаги чегара тан олинди ва чегара белгилаб қўйиладиган бўлди.РСФСРда яшайдиган ХХРнинг фуқаролари ,ХХРда яшайдиган РСФСР фуқароларининг ҳуқуқ ва бурчлари белгилаб олинади.

“Имзоланган шартнома 1920 йил 29 сентябрда РСФСР МИК сессиясида ва 1920 йил 26 октябрда ХХР нозирлар кенгашида тасдиқланади” ( ЎЗМАРДАВАРХИВ, Р-71 фонд, 1-рўйхат, 6дело, 128-129 варақлар).

Ана шу тариқа икки ой давомида Бобоохун Салимов бошчилигидаги делегация Ленинни ўзларининг тайёрлаган ХХР мустақиллиги тўғрисидаги шартномани тан олдиришга мажбур қилади.
15 сентябр куни Бобоохун Салимов Анварпошшо билан учрашиб қўлга киритилган дипломатик ғалаба, бундан кейинги ХХРнинг сиёсати масласида суҳбатлашадилар.
17 сентябр куни эса Хоразм делегацияси раҳбари Бобоохун Салимов ўз элдошлари билан ўзларининг ХХР мустақиллиги ҳақидаги шартномани РСФСР томонига имзолатгани шарафига тантанали зиёфат берадилар.Ушбу тадбирда Туркия вакиллари Анварпошшо, Самийбек, Афғонистоннинг мухтор вакили Муҳаммад Муҳаммад Валихон,Доғистонлик Шамил афанди, Москвадаги мусулмонлар кенгаши раиси Султон Алиев ва бошқалар иштирок қилишади.

anvarposho Ушбу тантанада Анварпошшо шундай нутқ сўзлайди: “ биродар Бобоохун бу Осиё иқлимининг, хусусан Ислом мамлакатлари хароб ва беъэтибор бўлиб, аксари ерлари мусулмонларининг қўлидан кетуб турган бир вақтда сиз руслар бирлан бул тариқа мусулмонларга манфаатли аҳдномани Хоразм учун ясаганигиз бир улуғ қаҳрамонлик ва фавқулодда бўлибдурким, бул тариқа бошдан аёқ мусулмон фойдасига бўлган аҳдномани неча юз йиллардин буён ҳеч ислом мамлакати қила билган эрмасдур.Оллоҳ таоло бу ишингизни доимо муборак қилғай.Неча юз минг аскар кучи бирлан қилиб бўлмаган ишни, ёлғиз тил ва қалам кучи бирлан битказибсиз”.
Хуллас, тантанали тадбирдан кейин шунча кунлик машаққатли сафар якун топади ва Бобоохун Салимов бошчилигидаги делегация ХХР мустақиллигини тан олган шартномани олиб, Москва, Самара, Оренбург орқали октябр ойида Хоразмга етиб келадилар.

ИНТИҲО
022

023 ХХР мустақиллигини тан олдирган «ёш хивалик»ларнинг амалга ошираётган ишлари РСФСРнинг мухтор вакили М. Сафонов, Хоразмдаги Қизил Армия қўшинларининг Хоразм иштирокион партияси раҳбарларига ёқмас, улар қоғозда тан олинган мустақилликни амалга оширишга тўсқинлик қилишарди. Ҳатто 1921 йилнинг бошида бир гуруҳ коммунистлар ва қизил армия сиёсий ходимлари Полёзҳожи Юсуповни бадном қилиб ишдан олмоқчи бўлдилар. Улар ўз ниятларига эришадилар ҳам.

Натижада Полёзҳожи Юсупов, Бобоохун Салимов, Назар Шоликоровлар қочиб яширинишга мажбур бўлдилар. Ҳукумат нозирлари ҳам янгидан тайинланди. Уларнинг кўпчилиги коммунистик партиянинг аъзолари эди. РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили М. Сафанов, Пурхив бошлиғи-Х. Мусаев, Ш. Ҳасанов, Х. Ваисов каби қизил армиячилар Хоразмда худди ўзларини Чор Россияси амалдорларидек тутишар, шунинг учун ҳам «ёш хиваликлар» ишларига доим аралашиб турардилар.

Улар Бобоохун Салимов ва Г. В. Чичеринлар имзолаган РСФСР ва Хоразм ўртасидаги шартномани бузиб келишарди. 1921 йил 6 мартдаги машъум воқеа ҳам ана шундай ҳодисалардан бири эди. Уларнинг ўзларини чор амалдорларидек тутганлигини ХХР раҳбарларини «ўз вазифасини бажармаган» деган баҳона билан ҳатто 2 ойдан ўзгартириб турганлигидан ҳам билиш мумкин.
1921 йилнинг 6 мартидан сентябр ойигача бўлган қисқа муддат ичида Ж. Қўчқоров, М. Оллаберганов, М. Ибняминов ва яна М. Оллабергановлар ХХР ҳукуматини бошқардилар. Бундан ташқари кўплаб нозирлар бир неча бор алмаштириб турган.

1921 йилнинг сентябрида ХХР МИК раиси қилиб Отамахзумохун Муҳаммадраҳимовнинг қўйилиши ХХР фаолиятида ўзгариш ясади. У ҳукумат бошлиғи бўлгач, амалга оширган ишлар ҳатто большевиклар «доҳий»сини ҳам чўчитиб қўйди. О. Муҳаммадраҳимов Москва топшириғига кўра ХХР фавқулодда комиссияси раиси бўлиб келган А. А. Иоффени ХХР ички ишларига аралашгани учун МИК раиси сифатида 24 соат ичида Хоразмдан чиқиб кетишни талаб қилиб ультиматум топширди.

Отамахсумохун Муҳаммадраҳимов шунингдек, 1921 йил 6 мартда номи бадном қилинган, яшириниб юрган инсонларни ХХР бошлиғи сифатида ишга таклиф этди. Жумладан Бобоохун Салимовни ҳам.Тўрткўл, Юмритоғ ва туркманлар орасида яшириниб юрган Бобоохун Салимов шундан сўнггина Хивага бориб яна сиёсий фаолиятга киришади.

ХХР МИК президиумининг қарори билан у Афғонистонга элчи қилиб тайинланди. Бироқ 1922 йил 5 февралдан ХХР ташқи сиёсатини РСФСР ҳукумати орқали олиб борилиши муносабати билан қўшни давлатлардаги элчилар қатори Бобоохун Салимов ҳам чақириб олинди. Энди Хоразмда маориф ва маданият нозирлигида мактаблар учун янги ўқув қўлланмалари яратиш комиссиясининг раиси бўлиб ишлай бошлади.

Бобоохун Салимов бу вазифада ишлаб туриб ўзи ҳам мактаблар учун «Алифбе» ва «Ўқиш» китобини яратди. Мулла Бекчон Раҳмонов билан ҳамкорликда ўқув қўлланмалари ёзди. Унинг «Мактаб» сарлавҳали шеъри халқ маорифи учун сидқидилдан ишлаган жонкуярнинг аниқ қиёфасини кўрсатади:

Хушдур не бало ҳавойи мактаб,
Жон ўлса раво фидойи мактаб.

Мактаб демаки мадори илмдир,
То илм иладур бақойи мактаб.

Рашк ўтига ўртамиш Эрамни,
Гулзори фараҳ фазойи мактаб.

Анвойи илм маъданидир,
Ҳар гўшайи бир саройи мактаб.

Тан ўлғуси булбули баҳорда,
Тифлони ғазал саройи мактаб.

Ҳар кимда бор эрса жаҳл дарди,
Даф айлагуси давойи мактаб.

Гўдаклар адибу олим ўлмас,
То чекмагунча жафо мактаб.

Топмоқ тиласанг икки жаҳонни,
Зинҳор бўл ошнойи мактаб.

Хоразм эллин айлагай мунаввар,
Нури қамари саймойи мактаб.

Мингдан бирини тугатмас Ожиз,
Юз йил деса ҳам санойи мактаб.

«Хоразм элин айлагай мунаввар мактаб» деб билган Бобоохун Салимов 1923 йил бутун Хоразм аҳлининг IV қурултойида ХХР адлия нозирининг муовини, 1924 йил 26 мартдан ХХР адлия нозири вазифаларида ишлаб бошлади. 1924 йил 17 апрелдаги руҳонийларнинг I-қурултойи чақирилиши ва ўтишига раҳбарлик қилди.

1924 йил 22 ноябрдаги миллий давлат чегараланишидан кейин Бобоохун Салимов сиёсий фаолиятини тўхтатиб аввал Гурланда, кейин Юмуртоғ этагидаги, Эшонёп бўйидаги қишлоқда деҳқончилик билан шуғулланди.
Бу вақтда жамиятдаги онгли, фикрлаш тарзига эга бўлган инсонларни «халқ душмани» деб атай бошлаган давр бошланганди. Бобоохун Салимовнинг кўпгина таниш билишлари ҳам шу тарзда «Халқ душмани»га чиқарилиб, қамоқхонага ташланади. У бир танишини ҳақлиги ва ҳеч қандай «халқ душмани» эмаслигини исботлаб Қипчоқдаги қамоқхонадан чиқаради.

Бироқ мустамлакачилар учун тирик юриш «хавфли» деб топилган ва қора рўйхатга киритилган одамлар орасида Бобоохун Салимов ҳам бор эди. Ниҳоят 1929 йил 10 майининг кунчиқар маҳали махсус Бобоохунни йўқ қилиш учун тузилган гуруҳ Юмуртоғдаги қишлоққа боради. Қодирберган Низомаддинохуннинг хотирлашича, “Бемаҳалдаги отлар дупури ва ниҳоят эшикнинг қаттиқ тақиллаши Бобоохун ва унинг умр йўлдоши Шукуржон аяни безовта қилади. Долонда турган Бобоохун уларни кузатиб «ахир бу таниш йигитлар-ку» дея ҳайрон бўлади. Бироқ уларнинг важоҳатини кўриб қочмоқчи бўлади. Афсуски, уни тутиб отиб ўлдиришади. Ўғли Соатаддин қочиб бораётганида унга ҳам икки ўқ узишади. Шукурки, ўқ тегмайди. Бироқ, 30-йиллар сургунидан қочиб қутулолмай «Халқ душмани» деб қамалади.”

Бобоохун Салимовни эса Жумуртоғдаги Саломат бува қабристонига дафн қилишади. Ундан Ёқутжон, Ҳадияхон, Соатаддин, Абдулла, Ҳамид, Шукурилла исмли фарзандлар ва энг асосийси яхши ном қолди.
Умр интиҳоси фожиали тугаган Бобоохун Салимовнинг ҳаёти тарихчи Жумабой Раҳимов ёзгандай «Чақмоқ каби чақнаб ўтди. У ғоят мушкул бир пайтда ҳақ ва ҳақиқат учун кураш йўлига кирди»…
Унинг номи шунинг учун ҳам Ватан тарихида ўчмас из қолдирди.

БРОЙДО ВА БОБООХУН САЛИМОВ
022

023   Хоразмда шўролар ҳокимияти,хусусан унинг илк даврлари ҳақида гап кетганда большевикларнинг юртимизда шовинистик сиёсат олиб борганлари,чунончи маҳаллий арбобларга нисбатан назар-писандсиз иш тутгани ҳақида сўз юритилади.Бу тўғри бўлиб,Хоразмда мустамлакачилик сиёсати юргизган Шайдаков, Шербаков, А.Иоффе,Элиава,Скалов, Сафонов каби большевикларга тегишлидир.Аммо ўзга миллат вакили бўла туриб,Хоразмдаги маҳаллий арбобларга ҳокимиятни тўла топширишни ёқлаган инсонлар ҳам бўлган.Шулардан бири Г.И.Бройдодир.У 1883 йили Вильно шаҳрида туғилган. Юрист,1909 йилдан бошлаб Тошкентда адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлайди.1912 йилдан инқилобий ҳаракатларда иштирок этади.1918 йили Туркистон АССР МИКнинг Москвадаги мухтор вакили, Шарқий Фронтдаги I-IV армияларнинг сиёсий комиссари, 1920 йил августигача эса Турккомиссиясида хизмат қилади.

080 Бройдо 1920 йил Хива хонлигига келиб вазиятни ўрганади. У хонликнинг турли жойларида бўлиш жараёнида Гурланда ҳам бўлади. Бу ҳақда «Ёш хиваликлар» ҳаракати йўлбошчиси Полёзҳожи Юсупов шундай ёзади: «Товариш Бройдо Гурлан устидан юрмакчи бўлганидан Бобо Охун эшон жавоб олиб бу улуғ меҳмонларга хизмат қилмоқ учун бурунроқ Гурланга кетди. (Яъни Хивадан Гурланга боради — У. Б.) Бориб халойиқни жам қилиб меҳмонларни шўролар ҳукумати тарафидин келганини, мақсудларини ҳаммага тушунтируб ҳамма асбобларини омода қилиб турди. Товариш Бройдо Гурланга бориб Бобо Охун Эшоннинг уйида бир оқшом бўлиб, жами Гурлан халқини жамлаб кўп яхши сўзлар ва насиҳатлар айтуб, бечора эзилган Гурлан халқини кўп хушвақт ва миннатдор қилиб Гурланда тозо бир мактаб очмоқ учун қарор қилиб Охун Эшонга топшириб ўтур кетди».

Гарчи Бройдо Гурланда фақат бир кеча кундуз бўлишига қарамай, халқ билан учрашиб мавжуд вазиятни уларга тушунтиришга уринди. Ҳатто илму-маърифатга гурланликларни янги босқичда давом қилдириш ниятида мактаб ташкил қилиш ташаббускори ҳам бўлди.

Бройдо Хоразмдалиги пайтида гурланлик Бобохун Салимов билан дўстлашади. Унга «қурултой ўтгандин сўнг хоҳ-ноҳақ Московга боринг, Худо хохласа сизнинг бирлан кўришуб Хоразм учун кўп фойдали ишлар қилурмиз», дея Хоразмдаги қисқа фаолиятини тугатиб Тошкентга кетади. Хоразмда мухтор вакил сифатида қисқа муддат Бройдо бу ердаги вазият ҳақида ҳаққоний хулосалар чиқаради. Мана улардан қисқача сатрлар: «Туркистон мусулмонлари орқали Хива қўшинини ташкил этишга кўмак бериб, қисмларимизни иложи борича тезроқ олиб чиқиб кетиш керак». «Рус ходимларини четлаштириб, ўрнини маҳаллий мусулмонларга бериш лозим…»
Бройдога Хоразмда ҳамроҳлик қилган унинг маслакдоши И. Р. Фонштейн эса шундай ёзади: «Биз бу ерда кўрган нарсалар шунчалик даҳшатлики бунақасини ҳеч қаерда кўрмаганмиз. Ошкора ҳарбий талон-тарожликлар уюштирилган, қўлга тушган нарсалардан штаб раҳбарлари ўзларига кўпроқ улуш олиб қолиб, қолганини тақсимлашган. Хотинларни олиб кетишган, уларни асира сифатида сақлаб бозорларда ким ошди савдосида сотишган. Хива саройлари яксон этилган. Скалов буларнинг бошида туради ва у жинояткорона лоқайдлиги учун айбдордир…».

Бройдо асира сифатида бозорларда сотилган қизларни озод қилдириб, уларни оилаларига қайтаришга эришади.Шунингдек, шу ва бошқа хотин-қизлардан иборат тикувчилик цехи ташкил этиб, уларга алоҳида жой ажраттириб беради.

Бройдо бундан ташқари 1920 йил февралида хонлик ағдарилгач ташкил этилган муваққат ҳукумат бирон иш қила билмаганини ҳам таъкидлаб ўтган.У шўро Россияси хонлик тузумини ағдаришда қандай роль ўйнаган бўлса, янги тузумни ўрнатишда ҳам шундай ёрдамини аямаслигини қайд қилади.Ҳамда маданият, маориф, ҳарбий, халқ хўжалиги, молия, олий муфаттиш, адлия, хорижия нозирликларини тузиш, уларнинг вазифаларини тушунтиришга ҳаракат қилади.Умуман олганда Г.И.Бройдо 1-Бутунхоразм қурултойини ўтказиш, республиканинг давлат тузилиши ва бошқарув лавозимларилари қандай бўлиши ҳақидаги маслаҳатлари билан ёш давлатнинг шаклланиши ва қад тиклашига катта ёрдам беради.Айнан унинг таклифи билан Полёзҳожи Юсупов,Бобоохун Салимов,Бекжон Раҳмонов сингари ҳурриятпарвар ислоҳотчи “Ёш хиваликлар” Хоразм республикасининг ҳукумат раҳбарлиги ва нозирлигига тайинланишади.

Бройдо шулар билан бирга Хоразмда ўзбошимчалик билан ўзларини чор генералларидек тутган мустамлакачилик кайфиятидаги қизил командирларни тартибга чақирди, айримларини жазолади ҳам.Хусусн унинг талаби билан Н.ШайдаковВ.Урядов сингари Хива хонлиги ҳудудига бостириб кирган,Хоразм республикаси шаклланишига халақит бераётган қизил командир, бошқа партия ва шўро ходимлари қамоққа олинади.Урядов 10 йилга,Шайдаков 2 йилга қамалади.Взвод командири Родионов эса Хоразмда талончилик қилгани учун 25 апрелда Бройдо талаби билан отиб ўлдирилади.

Бройдонинг таклифи ва ёрдами билан қисқа вақт ичида 8 та биринчи босқич мактаби, ўқитувчилар курси, сиёсий мактаб, маориф уйи, болалар боғчаси, киноматография, типография, қариялар,болалар уйи ташкил этилади.Халқ банки ташкил этилиб, РСФСР томонидан 40 млн рубл кредит берилади.Миллий пул чиқарила бошланади.4 та кўприк қурилиши ва каналларни тозалаш ишлари бошлаб юборилади.чоржўй-Хива телеграф алоқаси ишга туширилади.Хивада маҳаллий командирлар ташкил этиш учун Москвадан эмас,Тошкентдан 18 та мусулмон командирлар таклиф этилади.Шунингдек воҳада илк бора Бройдо таклифи билан Мулла Бекжон Раҳмоновдек Туркияда таълим олган Хивалик жадид муҳарририлигида “Инқилоб қуёши ”газетаси 1920 йил март ойидан чоп этила бошланади.

Шу каби Бройдо 1920 йил 27-30 апрел кунлари ўтказилган 1-Бутунхоразм қурултойининг миллий руҳда ўтказилишига, давлат ,ёш республиканинг мустақил давлатчилиги учун курашадиган раҳбарлар ҳукумат таркибига киришига ҳаракат қилади.Айнан Бройдонинг таклифи билан Хоразм республикасининг концтитуцияси қабул қилиниб, унда кенг имкониятлар берилганди.Умуман олганда Г.И.Бройдо Хоразм Республикаси қад тиклашида катта хизматлар қилган давлат арбоби эди.
Афсуски,Бройдонинг Хоразмда бўлиб вазиятни тўғри баҳолагани Москвадаги шовинистларга ёқмайди ва уни мухтор вакилчиликдан четлаштириб, ўрнига Хоразмда жинояткорона шовинистик сиёсат юргизаётган Скаловни қўйишади.

Бройдо кейинчалик Москвага ишга кетиб фақат назарий ишлар билангина шуғулланади. Гурланлик Бобоохун Салимов Хоразм делегацияси раҳбари сифатида РСФСР ҳукумати билан 1920 йил ёз ва куз фаслларида шартнома тузиш мақсадида Москвага борганида Бройдони топиб унга учрашади. Қадрдон дўстини ҳурмат қиладиган Бройдо Бобоохун ва унинг делегацияси аъзоларини Москва, Петербургнинг диққатга сазовор жойлари билан таништиради. Бройдо Бобоохундан Хоразмдаги вазият, у ердаги дўстлари, Гурланда бўлганидаги халқ билан учрашувини эслаб дийдорлашадилар. Бобоохун Салимов ва делегация аъзолари қийин вазиятларга тушиб қолганларида уларга ёрдам беради.

Хулоса шуки, Бройдодек сиёсатчи ва ҳарбий раҳбар бошқа рус шовинстлари сингари Хоразмлик маҳаллий арбобларга бошқарувни ўзлари тўла эгаллашларига ишонди, уларга кўмак беришга уринди, ўз тақдирини ўзлари белгилаш назариясига ижобий ёндашди. Ҳатто гурланлик Бобоохун Салимов ва унинг ҳамроҳларига Москвадалик пайтида ҳам қўлидан келган ёрдамини аямади. Бройдо ва Хоразм, хоразмликлар мавзуси эса тарихда ўрганса арзийдиган мавзуга айланиб қолди.

ОХУНЛАР ТАҚДИРИ
022

023   Салимохуннинг Муҳаммад Карим (Бобоохун)дан кичик Имомаддин, Низомаддин, Иноятжон исмли ўғиллари ва Уллижон, Саодатжон деган иккита қизи бўлган.
Қозикалоннинг барча ўғиллари Хивадаги мадрасаларда ўқиб охун унвонига эга бўлишган, Мадаминхон, Қозикалон мадрасаларида мударрис, охун бўлиб ишлаган. Афсуски, 1924 йилдан кейин дин ва диндорларни, умуман фикрлай оладиган саводли одамларни таъқиб қилиш бошланади. Нафақат мадрасаларнинг вақф ерлари, балки, бой-ўзига тўқ хонадонларнинг молу-мулк ерлари ҳам тортиб олинади. Хусусан, ХХ аср бошларида, Гурлан беклигида 30693 таноб ерлар Қушларбеги, Элтузар иноқ. Амир тўра, Худайназарбой, Бобожонбой сингари Қозикалон Салимохун ва унинг авлодларига ҳам қарашли эди.

1924 йилдан кейин эса Салимохун авлодларининг Хива, Қўшкўпир ва Гурландаги ерлари ҳам тортиб олинади. Фақатгина тирикчилик учун озгина ер қолдирилади. Негаки, 1926 йилда колхозлар тузила бошлангунча кўпчилик хонадонларда ерлар хусусий мулк сифатида сақланиб қолганди. Бироқ 1927 йилда Қозикалон авлодлари ерларини яшириб ҳисобга киритмай келди дея Имомаддинохун, Низомаддинохун, Иноятохун устидан суд ташкил қилинади. Уларга «ерларни ҳисобга киритмай яшириб келди» деган айб қўйилиб мавжуд 60 таноб ерлари тортиб олинади ва 3000 сўм жарима солинади.

Бу даврда фақат Гурланда Салимохун авлодларининг ерларидан бошқа яна кўплаб бой хонадонларнинг мол-мулклари ҳам тортиб олинади. 1929 йил 1 январгача бой хонадонлардан 1000 таноб ерлар, 55 от, 67 ҳўкиз, 14 туя, 58 чиғир, 39 арава, 21 хўроз, 13 жувоз, 40 омоч, 4771 пуд жўхори олиб қўйилади.
Ана шу воқеалар содир бўлган 1929 йилда Бобоохун ўлдирилгач, унинг инилари бошида ҳам қора кунлар бошланди.

Имомаддин, Низомаддин, Иноятохунлар оғасининг йил ошига Жумуртоғ этагидаги Эшонёп қишлоғига боришади. Йил ошини ўтирган кунлари Авазхўжа уламо деган зиёфат беради. Низомаддин Имомаддин оғасига «зиёфат мавриди эмас» деб Авазхўжанинг зиёфатига бормасликни ўтиниб сўрайди. Бироқ оғаси зиёфатга кетади. Ана шундай пайтда, намозшомдан сўнгроқ 10 отлиқ қишлоқга кириб келишади. Улар қишлоқдаги барча аҳолини бир жойга тўплаб, улар орасида эркаклар озлигини кўриб, эркаклар қаерга кетганини сўрашади.

Низомаддин оғасини огоҳлантириш учун отлиқларга сездирмай қишлоқдан қочиб Дарёлиқдаги кўлдан Авазхўжаникига боради. Оғасига большевиклар келиб эркакларни тўплаётганини айтиб, қочишни таклиф қилади.
Бироқ Имомаддин «қазоси етган ўлади» дея зиёфатда қолишни маъқул кўради. Низомаддин эса энди Авазхўжанинг уйидан чиқмай турибоқ, отлиқлар келиб уйни ўраб олишади. Низомаддин уйнинг деразасидан (орқа тарафдан) қочиб кетади. Зиёфатдаги барча эркаклар сингари Имомаддинни ҳам большевиклар Тўрткўлга ҳайдаб кетишади. Шу-шу Имомаддин уйига қайтиб келмайди. Ундан Садраддин, Отамахсум, Зоҳид, Азизпошша каби фарзандлар қолади.

Низомаддин эса гарчи хонлик даврида Мадаминхон, Қозикалон мадрасаларида мударрис, охун бўлиб ишлаган маърифатли уламо бўлсада, шўро даврида Қозикалоннинг фарзанди бўлгани учун умрбўйи таъқиблар остида яшайди. Гурланда, Хивадаги мактабларда муаллим бўлиб ишласада, гоҳ Гурланда, гоҳ Хивада тазйиққа олинган. Урганч, Хива турмаларида қамоққа ташлаб қўйилган. Аммо аниқ далиллар билан «халқ душмани» деб исботлаб берилмагач 3 кундан кўп ушлаб туролмай қўйиб юборишади. Бироқ 1938, 1942, 1948 йилларда ҳам маълум муддат яна асоссиз, ёлғон даъво айблар билан халқ душмани дея қамоқда сақлашади.

Ҳатто 1942 йили уни Тошкентга ҳам олиб кетмоқчи бўлишади. Бироқ, аниқ бир исботсиз айблар билан суткалаб ушлаб тургач қамоқдан бўшатиб юборишга мажбур бўлади. Негаки, Низомаддин ўзининг айбдор эмаслигини исботлаб беради. Уни «воҳада яшаманг» деб чиқариб юборишади. Шундан сўнг у то 1957 йилгача Жумуртоғдаги Эшонёп қишлоғида яшайди. Шу йили юртга кўчиб келади.

Афсуски, бу ерда яна уни тинч қўйишмайди. 1962 йилда уни «келиб чиқиши диндор» деган айблар билан яна таъқиб қилишади. У кўп йиллар қочиб яшриниб юрганида Мулла Карим, Рамат сўфи, Жумамурод боғбон, Исмоил, Юсуф, Яхшимурод ака сингари Низомаддиннинг дўстлари унга ёрдам беришган.
Низомаддинохун 1970 йил 81 ёшида вафот этади. Унинг Саодатжон онадан Қодирберган, Хуршидпошшо, Зайнаб, Хадича сингари фарзандлари қолган.

Салимохуннинг тўртинчи фарзанди Иноятохун бўлиб, у ҳам мадрасада таҳсилини олган. Хива, Гурлан мактабларида ўқитувчилик қилади. Иккинчи жаҳон урушидан олдин уни ҳам «халқ душмани» деган сохта айб билан қамашган. Икки йил Тошкент турмасида ётган. Кейин Мурманскдаги ГУЛАГда маҳбусликни ўтайди. Уни Низомаддинохун ўзини ҳеч кимга Иноятнинг оғаси эканини билдирмай, гўё дўсти сифатида кўриб келади. Қамоқ муддатини ўтаб келган Иноятохун касаллангани учун уруш даврида Гурланда вафот этади. Низомаддинохун ва Иноятохун ҳам Юмуртоғдаги «Саломатбува» қабристонига дафн қилинган. Иноятохуннинг Адилпошша аядан, Сирожиддин, Файзираҳмон деган ўғиллари қолган.

Қозикалоннинг Уллижон исмли қизи эса Ферузнинг ўғли Ибодулла тўрага турмушга чиққан. Аммо туғиш пайтида вафот этади. Саодатжон исмли қизи эса турмушга чиқмай оға инилари фарзанди тарбияси билан шуғулланиб, 1951 йилда вафот этади.
Хива хонининг қозикалони Салимохун ва унинг охун авлодларининг долғали алғов-далғов йиллардаги, сурон ва қирон давридаги тақдири шундан иборат.

03
БОБООХУН САЛИМОВ
“КУНДАЛИКЛАР” ЁХУД КРЕМЛДАГИ МУЗОКАРАЛАР.
022

023   1338 тарих ҳижрийда Хоразм халқ қурултойи иттифоқлари бирлан Русия шўролар ҳукуматининг маркази Масквоа шаҳрига қурултой тарафидин вакил бўлиб, шўролар ҳукуматини табрик қилиб, баъзи илтимослар қилмоқ учун биз фақирвакил Бобоохун ҳайъат раиси, Жуманиёз Оллоқулиев, Мулла Нурмуҳаммад, Мулла Ўрозлар ҳайъат аъзолдикка сайланиб, Муҳаммад Ёқуб охун, Мулла Иброҳим ва Мадрибойлар раис хизматчиси, Ших Муҳаммад ва Мулла Ўрознинг одами Абдулла, Жуманиёзнинег одами ва товариш Луткевич, товариш Измайлов тарафидин йўлбошчи қилиб мазкур тарихда моҳи шариф рамазоннинг 17-сида пайшанба куни йўлга чиқиб,Хонқага келиб, Оллаберганбой Гавдон ва хонқа шўроси раиси матёқуб хўжа истиқбол қилиб дарё лабига келтириб, ҳаммаларимизни қайиққа миндируб узотиб қолдилар.Қайиқларимиз Шоҳобод ёпи ичидан дарёга чиққан вақтда кеч бўлиб, қоронғи тушган сабабли кемачиларимиз юра билмай ноилож бир қайирда ётиб жума куни эрта бирлан дарёдин ўтиб Беклибой Боякнинг жойига бориб роҳатланиб таом еб, пешин вақтдин сўнг чиқиб шаҳарда Жуманиёз Оллоқулиев уйига бориб асойиш қилиб таомдин сўнг дарё бўйига бориб пароходда первий клласда жойлашдук.Пароход шанба куни йўлга равона бўлди.Ўн киши ҳам багажларимиз учун 12,5 минг манотга билет олдик.Баъзи нимарсалар учун бўлса керак пароход намозшомдан сўнг юриб Туямўйинга қўниб, якшанба куни эрта билан юриб кетди.Кумуш тепада Оннахон дарё лабинда кўриниб, Мулла Нурмуҳаммад бизларнинг йўлдошимиз деган важидин қайиқ юбортириб пароходга олдурдик.Келиб қўлингдаги шаҳодатнома хатни кўрсатди.Мазмуни Хоразм халқ шўролар ҳукумати Оннахонни Ғуломали тарафидин Масквага ҳайъат бирла ҳамроҳ бўлиб бормоққа Бобо Охуннинг ихтиёрига топширдук, дебтур.Биз ҳам қабул қилиб яхши келибсиз дедук.Кечқурун пароходда соз чалиниб бир неча рус йигит-қизлари ўйнамоққа машғул бўлди.Бизлар ҳам томошада ўлтуриб икки кунги сайёҳатларимиз хушлик билан ўтди.Аммо Хивадин Тошкантга ўқимоққа чиққан талабалардин Муҳаммад Назар деган бириси келиб ўзларини ноиб раислари Худойберганбойдин шикоят қилди.Бизлар ҳаммаларни чақириб койиш ва насиҳат қилиб юбордук.Душанба куни пароход Даррон тўқойига бориб етиб, сешанба куни Даррон ёпи соқасида қўниб, чоршанба куни Даёхотундин ўтиб, Хива бирлан Бухоро ҳудудидаги Эшакробот деган ерга қўнди.Шул куни юқоридин баржа келиб пароходга нефт ёғи бериб, тўрткўл тарафга ўтуб кетди.пайшанба куни юриб Тошохирдин ўтуб, жума куни Илжиққа келиб ётди.

БОБООХУН САЛИМОВ «КУНДАЛИКЛАР»ИНИНГ ДАВОМИНИ  ЯНГИ САҲИФАДА ЎҚИНГ

 

054   Муаллиф ҳақида

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 дан ортиқ китоби, «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

Мақолани кўчириб  босишда ва эшиттиришу кўрсатувларда фойдаланганда  муаллиф ҳақида маълумот бериш ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан олингани кўрсатилиши шарт.

хдк

(Tashriflar: umumiy 276, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring