Umid Ya’qub. Erkakning or qo’shig’i.

01
Асл ёзувчи одамлар бахтли бўлмагунча саодат нималигини билмайди: на дунёни, на ўзини тўкис ҳисоблайди. Чин изтироб саҳна машқидан эмас, кўнгил оғриқларидан томган қонёмғирдан тўйинади. Бу изтироб тўйиндилари янги бир асарга ҳам ҳомила бўлади, ҳам доялик қилади. Зотан, асар – адибнинг ибодати, ўзи яратган дунёнинг ҳади ва қонун-қоидалари кесимидаги ҳаёт формуласидир.

07
Умид Яъқуб
ЭРКАКНИНГ ОР ҚЎШИҒИ
(Эркин Аъзам асарларини ўқиб…)
011

…У савдолар ўтганда, бу дунёлар ёш эди,
От минган йигитларга орият йўлдош эди…*

   Асл ёзувчи одамлар бахтли бўлмагунча саодат нималигини билмайди: на дунёни, на ўзини тўкис ҳисоблайди. Чин изтироб саҳна машқидан эмас, кўнгил оғриқларидан томган қонёмғирдан тўйинади. Бу изтироб тўйиндилари янги бир асарга ҳам ҳомила бўлади, ҳам доялик қилади. Зотан, асар – адибнинг ибодати, ўзи яратган дунёнинг ҳади ва қонун-қоидалари кесимидаги ҳаёт формуласидир.

Пайкон ўзинг, қалқон ўзинг…

Инсоният мукаммал жамият тузмоқ учун неча-неча асрлардан буён курашади. Аммо барча “изм”ларда ҳам бир муаммо-савол очиқ қолмоқда: хотин-қизларнинг ўрни қандай (қай жойда, қай ҳолда) бўлмоғи керак?..

Бу борада бир-бирига уйғуну зид назариялар яратилган, ҳаётга татбиқ ҳам этилган ва… ҳамиша таъсир – акс таъсир бўлган. Бироқ бу борадаги ислоҳот танаффус билгани йўқ.
Аёл ҳукмрону муте мавқеда, ҳатто тенг ҳуқуқли бўлган пайтда ҳам мусбат ва манфий қутблар олишуви тўхтам нима билмайди. Баъзан бу кураш ўз тутуму турумини алмашади, мақсаду муддаосини йўқотади, сабабу мақсадини бой беради. Оқибатини эса англаш қийин эмас – пароканда оила, муқаддас туйғулар ютқизиғи, қибласизлик…

Бунда олам чиндан ҳам Аралашқўрғонга ўхшайди, йўқ, тус ўзи бўлиб қолади: масжид магазинга айлангач, ўз исмидан узоқлашган мўминлар (таъқиқланган шанба куни балиқ тутганлар каби) қадрсиз маймунларга дўнади – аввал кўлга қараб чоптиради, сўнг ўша кўлдан ҳовучлаб-ҳовучлаб сув ичади; тақдир хатосини тузатмоқчи бўлган Забаржаднинг кўнгил нидосини қоронғу тунларнинг момақалдироқ садолари ўзига қўшиб олади; қора кўланка қуваётган оппоқ нур Ўз Бошпаноҳини тополмайди; кўнглининг қўтирини қондиролмаган Пакана меҳр-муҳаббатни ёнидаги Арофат қолиб кўчадан излайди; бетайин ўғри-ю фоҳишалар авлоди ялтироққа ўраган каззобдарадан жаннат қидирган янгамуллолар кўчада қолади; Коттаконнинг кучуги қопган Мусофирнинг қизини ғалчароқ қариндошига енг ичида узатишади; эртилни хотинлаҳжага мослаган олифтанинг бўғзидаги “каламакатор-э” мангу тиқиндан нари ўтолмайди…

Барча кадрларни бирлаштирган қизил ип – ор-номус тимсоли бўлган аёлнинг номуносибу номувофиқ ўрин танлашида. Аслида ҳам қай кўринишда бўлмасин, аёлнинг хўрланиши эркак (б)орининг бой беришини англатади.

Истаймизми-истамаймизми, ҳамиша ҳам бўрон қаршисида иложсиз тебранаётган ожиз дарахтни пана қиладиган Эркакдан кўра, унинг баргларини юлмоққа иштиёқманд Бозор каллару «гули-гули»лар кўпроқ учрайди. Ходимасини орқа хонасига опкириб, алланимабалони компьютерда кўчириб беришини сўрайдиганлар ҳам кам эмас. Балки бунга боғидаги Олмачаси-ю Мусаллам кокилдорини эплаб асролмаган Эгам бечора-ю Амал тайтувга ўхшаган даюслар ҳам айбдордир, ким билсин.

Ҳарҳолда бу – инсон онгли яшай бошлагандан буён барча замон ва маконда энг ўткир ижтимоий-маънавий муаммолардан. Айниқса, бугун.
«Энди иштаҳа қўзғайдиган бирор узум донасини кўргудек бўлсам, ўша гап хаёлимга келади: қайси итнинг оғзидан тушиб қолди экан бу? Мана, оёқ остида ётибди – яна қайси ит бурилиб кетарди энди!».

Ёзувчининг ҳам «ишҳаси қўзғалгани» яхши ё ямонми, табиий ё ҳайратланарлими билмадигу, бироқ итларнинг узумзорга оралашига бепарво бўлиш – муқаррар фожиа. Мулкнинг тутаб-тутаб соб бўлиши ёнғинда қолганидан ҳам ёмонроқдир.

Болта Мардоннинг қамчиси («Ўт бу ёққа жувонмарг! Нима, бошқалар ердан чиққанми?!») бу муаммога ечим бўлолмайди. Боз устига ўша қамчини тутган қўллар тобора толиб, шу қўллар отган палахмон тоши хато кетиб, бир кун келиб, пешанани кўкартираётган бўлса…

Ёки Забаржаднинг оқлови («Уриб-уришадиган эринг, уяладиган боланг бўлмаганидан кейин одам бора-бора мана шундай беҳаёга айланар экан, дўстим!.. Қиз бола отасиз ўсмаслиги керак. Отасиз ўсган биттасини, мана, кўриб ўтирибсиз!») бепадар улғайган солиҳа аёлларни камситгандай бўлади.
Одамнинг руҳини (мавлуддаёқ) қўналға қилган жин бирор домланинг ўткир нафасидан балки чиқиб кетар, бироқ инсоннинг ўзидаги иблисни фақат ва фақат унинг ЎЗи бўйинсундира олади. Тўғри, эркаклик масъулияти ўта оғир, бироқ шуниси ҳам аниқки, ўзини енгиб яшаш инсу жинс танламайди.

Одамзот ҳеч қачон мукаммал бўлолмайди, деган эди кимдир. Чунки унинг яралиш усулининг ўзи шаҳвоний ўйин билан боғлиқ. Инсон руҳи юксакликка интилиши билан шаҳвоний ҳирс шалтоғи унинг оёғига занжир бўлиб ёпишади. Аслида… одамни яратишнинг бошқача йўлини жорий қилиш керак эди…

Энди, бу – Яратганнинг иши. Унга аралашишга ҳаққимиз ҳам, имконимиз ҳам йўқ. Ҳатто кимгадир ақл ўргатмоқчи ҳам эмасмиз.

Лекин… ҳирс хуружи қалбларни барча томондан чирмовуқдай чирмаб олаётган, бир пайтлар покланишга хизмат қилган санъат бугун қайсидир жиҳатдан руҳий онанизм ифодаси ва манбаига айланаётган, унинг васваса-ю талвасаси ақлларни кўр, дилларни гунг қилиб қўяётган ва… курашсиз таслим бўлаётганлар сону саноғининг адоғи кўринмаётган бир пайтда шуларнинг барчаси Улка-а-н Сўроққа айланади: нажот нимада, йўл қайда?!.

Жавобни ҳам саволнинг ўзаги айтади: барчаси инсоннинг ЎЗида. Англанмаган ўзлик – Ўз Вақти келгунча унутилишга маҳкум.

Парваришсиз гул – қовжирашга маҳкум

«Агар мен бирон кимсанинг бошқа бир кимсага сажда қилишини буюрмоқчи бўлсайдим, эрнинг хотинда ҳақи кўплиги туфайли, хотин эрига сажда қилсин, деб буюрардим».

Расулоллоҳнинг бу марҳаматлари гендер фалсафасини кўр-кўрона тарғиб этаётганлар ва албатта аксарият аёлларга ёқмаслиги табиий. Бироқ хоҳлаймизми-йўқми, энг мураккаб, таҳлиқали вазиятларда ҳар қандай иродали аёл ҳам ўзини ҳимоя қилишга қодир Мустаҳкам Елкага суянишни истайди. Табиат ва жамиятнинг қоидаси шундай – аёл ўз номи билан заифа, эркакка нисбатан жисмоний-руҳий жиҳатдан ожизроқ. Бироқ буни улар кўп ҳам тан олгиси келмайди. Шуни тан олиш учун умр бўйи курашади ҳам. Жуда ғалати.

Икки киши умрини яшашни бўйнига олган Забаржад отасини тирилтиришни, шу билан Қизилсойдаги хатосини тузатишни истайди: ўзини ЎЗи олдида оқламоқчи бўлади. Шу йўлда ҳатто мусулмон аёл учун иснод саналган ишга ҳам қўл уради – отасига ўхшаш кишидан беникоҳ бола орттиради. Борлиғида эса ягона сатрлар инидан адашган қушдай чарх уради: «Тушимда кўрса-ам эди-и-и…».

Газеталарда ёзишгани каби онги ва қалбидаги ғоялар курашидан гангиб қолган, бошқаларга ўхшаб эътиқодини ўзгартиролмаган домулло ўзи билан ўзи овора бўлгач, хотини оёқ чиқаради: аввал «мозорбосди калготки-ю лозимча» билан рўзғорига барака киритмоқчи бўлади, сўнг эрининг эпсиз эътирозига қарамай, ўша мозордан нари томонлардан жаннат излайди, бор инон-ихтиёрини тайёрада (ҳавода) топган укахони Раҳматуллога топширади, оқибатда боши очиқ қолади, фарзандларини бошпанасиз аҳволга солади.
Иймонини еган домлабойлардан бири талаба қизга ножўя қилиқ қилганида (гарчи ул палид кейинроқ «ушбуни кўрсатувчининг аёлларга тоби йўқроқ мазмунидаги қоғози» (М.Дўст) борлигини пеш қилса-да), Барно қош-кўзи сурма суртилгандек қоп-қора отасидан эмас, тоғаси Баҳромдан паноҳ тилайди. Суяниш мумкинлигига ишонгани, “тоғаси – балогардони” бўлгани учун.

Шундай суянчиқ тополмагани учун ҳам Паризот («Энди мен бу тошдек бошни қайга урай?..»), Сафсар («Учиб кетаётган қушга ўхшатиб чизинг…») азиз жонига қасд қилади. Дилбар «Диля-Дубай»га («Қўлингдан бирор иш келганида мен бундай сарсон бўлиб юрармидим») айланади. Гарчи ора-чира Дилбарлигига қайтгиси («Мен ҳам бировни яхши кўргим келяпти. Сенга ўхшаб. Чин юракдан!») қистаб турса-да, энди уни ўнта денгизда чўмилтирганда ҳам борлиғидаги гарду ғубори ювилмайди. Шуни ҳатто унинг ўзи ҳам билади.

Бу масалага эса Забаржад нуқта қўяди: «Буларнинг бари – бир гулу гиёҳ, укагинам! Меҳр қўймасанг, парвариш қилмасанг – ҳамма-ҳаммасиям қуриб, қовжираб, хашаки бир ўтга айланиб қолади. Кейин бир куни оёқости ҳам бўлиб кетиши мумкин!».

Сув сийратидаги сир

…Инсон руҳи мудом эврилишларга маҳкум. Қачонлардир денгиздан (олий идрокдан) ажралиб чиққан томчи (инсон қалби) самодан (мангу асосдан) ёмғир (гўдак) бўлиб, заминга (жамиятга) қайтади. Ер юзидаги кўплаб илдизларга ҳаёт (эзгу амаллар) бахш этади, кези келганда зулматдор ўпқонларга (эгри йўлларга) ҳам сингийди. Томчи қандай кўринишга эврилмасин, барибир, ирмоқлар – анҳорлар – дарёлар оша яна денгизга бориб қўшилади: азалий ва абадий икки соҳил (эзгулик ва ёвузлик, таназзул ва тараққий) ўртасидаги тўлқинларга дўниб чайқалар экан, ҳар гал қирғоққа келганида кирланиб-тозариб, узоқлашиб-яқинлашиб ўзини янгилаб бораверади. Томчини янгиламасдан туриб, денгизни ва соҳилларни ўзгартириб бўлмайди.

Бу – танганинг бир томони.

Дунё мифологияси ва фольклоридаги Анаҳита, Нун, Апсу, Тиамат каби образлардаги муштарак жиҳат ҳам сувга борлиқнинг яралиши, яшаши ва ўлиши (шакл ўзгартириши) ва қайта тирилишидаги муҳим культ, тақдирлар (хотиралар)дан сўзловчи ёзуқ-аломат (баъзан манба) сифатида қаралганида.

Мавзумиз учун қизиғи – дунё фольклорида сувнинг “ўлик” ва “тирик” тарзида тасаввур этилиши. “Тирик” сув – ёмғир/само элчиси, “ўлик” сув – булоқ/ерости вакили. Биринчиси мусбат, иккинчиси манфий. Бошқача айтганда, ер – мувозанат мили, аёл-сув ерости дунёсига дахлдор (заминдан паст), эркак-сув эса само салтанатига ноил (заминдан юксак). Ерости сувлари – мудроқ уйқуда. Самодан инган томчилар замин қаърига сингиб, уларга ҳаёт бахш этади – булоқлар кўз очади. Яъни, ёмғир суви – осмон дунёси, булоқ суви – ер ости, анҳор/дарё/денгиз – ер юзи олами қуввати рамзи. Инсон руҳи ҳам мана шу уч ўлчамли дунёга дахлдор. Ва шу босқичларни босиб ўтмай туриб, ўзини англолмайди, янгилай олмайди.
Қайси ракурсдан қараганда ҳам сув аввало тириклик манбаи. Бироқ у одамзотнинг адашган ақли, ёвуз худбинлиги ва ўзини устун қўйишга кўр-кўрона интилиши туфайли ҳокимият белгиси, зўравонлик қуролига ҳам айланиши мумкин. Оби ҳаёт табиий меъёридан ошганда эса селу тошқин, тўфону цунами қиёфасида қанчадан-қанча инсонлар учун балои офат, ажал элчисига дўнади…

Алал-оқибат Муқаддас Китобдаги калит-сўз эсга тушади: «…ақл эгалари учун аломатлар бор…».
Табиату инсон ички оламида ҳам қақрашу қовжираш – таназзул даври, тириклик ўлими. Шу боис ҳам халқ қаҳрамонлари ҳамиша сув келтириш учун машаққату ёвузликлар қаршисига чиқишади. Аждодларимиз мифологик персонажларидан бири – «Авесто»даги сув, мўл ҳосил ва барака ҳомийси Ҳубби (Анаҳита)нинг эркак сифатида гавдалангани, ҳазрат Навоийнинг Фарҳоди эл-юртга сув келтириш учун тоғ йўнгани бунга далил.

Шу ўринда Болта Мардон ва Ўрмон калта тасаввуримиз тарозисининг икки посангисида гавдаланади. Бири тушини айтишга сув тополмагач, Қувраган Боғига ҳаёт бахш этиш учун сув ёқалайди. Иккинчиси эса Кремлга, Жийдали аҳлининг яқин дўсти ўртоқ Никита Сер…га хат ёзиб, арзи ҳол қилишдан («…қон душманимиз бўлмиш қўшдарёликлар бизнинг тоғлардан оқиб келадиган зилол сувларимизни тортиб олиб, булғаб ётгани етмагандек…») нари ўтмайди.

Болта Мардон сув ёқаларкан, башарасини ҳар хил чандиқу тиртиқ безаган, оёқ-қўлу баданида соғ жойи қолмаган (ватанга муҳаббатдан тортиб беҳисоб ишқ жафоларигача турли йўсинда ифодаланган) Ўрин Жага қулоқбошини расмона қароргоҳга айлантирган бўлади. Элнинг куни шунга қолган эди.

Собиқ раис ёқалаган сувни ариқ бўйидагилар бемалол бойлаб олади (дарвоқе, уларнинг ҳар бири жамиятнинг турли ракурсдаги кўринишлари бўлса-да, аксарият ҳолатда жилов қўлдан чиққан оиланинг бошвоқи бўшаган аёллари (манфий қутб/ерости сувлари) биринчи планга чиқади: Валентина ўрнига туғилиб қолган Ҳасан-Ҳусаннинг хотинлари; бўлмаган жойдан ғавғо кўтарган бадрашк аёл; эри Россияга ишлагани кетган, ўзи эса ҳирс (Қодир) қаршисида япроқдек бемажол тебранаётган жувон…).

Боғ ва қулоқбошини бирлаштирган ариқ – Болта Мардоннинг умри (у ўша куни ҳаётини яна бир бор яшаб кўради: чувалганларни ажрим этаркан, қайсидир жойда раисона ҳукм айтади («Манови ариқни тўс! Бир қатраям ўтмасин! Сув бериб бўпман мен бу хумсага!»), баъзан улус кўрсатган ўриндан норози ҳам бўлади («халқ қийналсин, халққа ёмон бўлсин, кейин бир куни бизни лаънатласин деганмиз шекилли-да»), ўз ҳақиқатига тик қараб, иқрор тўнини кияди («лекин… кўнгил қурғур ҳе-еч… билмадим, нимага…»).

Сув ёқалаш – эрк ва догма кураши. Бу бир умр эрлик масъулияти ва эл-юрт олдидаги жавобгарликни кўнгил истакларидан устун қўйган одамнинг кураши. Кўнглига қарамай, биринчи қадамни адашиб ё бепарво босгани учун бир умр мардларча тўлаган товони.

Раиснинг дилидагини эса ёлғиз Ҳамро бобо топиб айтади: «Баҳри уммонга қуйилганда ҳам аралашмайдиган жаннат сувини айтаман-да. Орада ҳарирдек бир нимарса бўлармиш – қўшилмоққа, айнимоққа қўймасмиш шу. Агар аралашса, билингки, рўзи қиёмат яқин!».

Сувлар аралашиб кетгани учун ҳам ариқда олов оқади (сув келтирадиган кўҳна ариқни ўт олди, энди янги анҳор – йўл қазилиши керак). Асл айнимагани учун не азоб билан боғланган сув Қувраган Боққа етиб келмаса-да, ЎЗига боғловчи илоҳий ришта ўзини эслатади – саратонда шаррос ёмғир қуяди, тут (барака) танасини қучоқлаб ҳаёт-ўйиннинг янги босқичига ўтган Болта Мардоннинг совуётган вужуди остидан тириклик сувида (изҳор этилмаган муҳаббат ва фарзандлар туфайли топилган ютқизиқлар) ва дўппи (ўталмаган бурч ва ор-номус) оқиб ўтади.

Забаржад отасини сув тортиб олгани боис уни ёмон кўради, бироқ мулкидан бир булоқ кўз очади: кетгани қайтади, йўқотгани топилади. У бир умрлик тавқи-лаънатни бошига оларкан, жомдаги сув қип-қизил қонга айланганини кўради, диққат билан тикилсаки, «оддийгина сув, андак хира тортгандек, холос». Бироқ… оққантдаги доғдек кўринган шугина хирани кетказишнинг иложи йўқ. Бир умрлик доғ бу.
Сув доғ ҳам қилади, гардни ҳам кетказади.

«Сўроқ зўрми ё ундов?»

Сутчи хотин кенжасининг ёзувчига берган бу саволи хийла залворли. Унга жавоб айтиш ғоят мушкул. Чиндан ҳам қўлига қалам олган киши борки, ўз ҳаёт йўлини (ўқувчилар унинг ўрнини) тиниш белгиларга қараб белгилайди, бошқача айтганда, тиниш белгилар ёзувчининг кимлигини кўрсатади. Биров бир умр вергулнинг ортидан қувиб, нуқтага етолмайди. Кимдир сўроқни тўғрилайман деб, беланги бўлади. Кўпчилик эса тинчгина ундовни пана қилиб кун кўради.

Танлаш имконияти – охирги лаҳзагача мавжуд. Сўроқлар бир-бирини кўриб (сўрагувчининг табиати (фитрати-ю тийнати (бору йўғи)га қараб), чумак ураверади: “кимдир бахтли бўлмоғи учун – кимдир бахтсиз бўлиши керак”. Топилдиқу ютқизиқлар эса ЎЗ Моҳиятига яқинлашган сари қийматини ҳам бой бериб бораверади.

Ундовга қорилган сўроқлар робинзонча (“Шунча йил нонини еб, яхшими-ёмонми, шу туфайли ном таратиб, энди замон сал юз бурганда муқаддас аҳдга хиёнат қилиш номардлик эмасми?!.), кимўзарми ўзўзар (“Элим? Бир-бирининг этини еб ётибди элим! “Мен сендан камми? Сен мендан зўр бўлдингми ҳали?” деб”), илдизсиз (“Бобонгнинг суяги неча пул? Момонгнинг суяги неча пул?”), сўққабош (“Узумнинг яхшиси итнинг насибаси экан-да, а?”), кўпни кўрган (“Ё инсоф дегани фақат бечораҳол йўқсилга тегишли матоҳми?..”), шаффоф зангли (“Пулини олмаяпсан – обкелмайсан-да, а, бала?”), қисматлаган (“Бошқатдан, бошқача бўлиб туғилмоқнинг иложи бўлмагандан кейин – начора?”) бўлмасин, уларнинг бари тилни куйдириши, ҳамма замон ва маконда ҳар қандай миллат ё дин вакили бўлган одамни безовта қилиши табиий.

Бу, айниқса, бирор уйдан жой, бирор дилдан меҳр-шафқат, бирор нигоҳдан эзгулик тополмаган Паризотнинг даҳшатли рақси (изҳори дил, шарҳи қисмат, мунгли муножоти)да теран ифодаланган: “Ё фалак, мени нега яратдинг? Яратган экансан, қуллуқ, аммо нега хилват бир тоғу тошда бино қилдинг мени? Тоғу тошда бино қилибсан, нега биратўла тошга, санги заминга айлантириб қўяқолмадинг? Нега қўнгил адо этдинг менга, нега ҳусну малоҳат? Нега шунга муносиб бир тақдир бермадинг, дариғ тутдинг? Энди мен бу тошдек бошни қайси тошга урай?..”.

Саволлар айланиб яна бошдан бошимизни оғритаётган сўроққа тўхтайди: хотин-қизларнинг ўрни қандай (қай жойда, қай ҳолда) бўлмоғи керак?!.

Жавобчалиш жумлалар хотира кунжагини ёритгандай бўлади: аёлнинг аёлдай бўлиши эркакнинг эркакдай бўлишига боғлиқ; қанийди, аёл – ор-номус, эркак – суянгулик елка вазифасини билса, бажарса, улар бир-бири учун мангу ойна эканини ҳис қилиб, ҳаётларини жаннату жаҳаннам этиш ҳам ўз қўлларида эканини англаб яшаса. Зеро, ўзини тупроқ билган хотин ҳамиша эрини осмон ўрнида кўради. Ҳаётда ҳам ғурур ва ор-номус нималигини англаган, буни амалда намойиш этган ҳар қандай эркакнинг ортида улуғ бир Аёл туради, ҳар қандай пок, ибо-ҳаёли аёл эса ўзини ҳамиша ҳимоя қила ол(аёт)ган Мард Эркакка эга бўлади.
Нуқтага яқинлашаётиб, Ёзувчининг бир суҳбатимизда айтган сўзлари ёдимга келди: “Аёлларнинг энг ёмони учун ҳам биз эркаклар айбдормиз, оғам. Менинг дунёдаги энг бахтиёр аёлга ҳам, негадир, раҳмим келади. Бу туйғу ҳам аёл зотидан юққанига шубҳам йўқ…”.

Шунда… қачонлардир айтилган ва бугун эсдан чиқарилаётган Ор Қўшиғининг узуқ-юлуқ сатрлари жуда ҳам олис-олислардан акс-садо бергандай бўлади: “Қирқ йилда бир йигит келар дунёга – сен унинг бошини эгмагин, фалак…”.

*«Алпомиш»нинг Қодир бахши вариантидан

————————————————-

Мақола муаллифи ҳақида маълумот:
Умид Яъқуб (Ёқубов) 1986 йил 24 майда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган. 2007 йил ЎзМУнинг журналистика факультетини битирган.Асарлари матбуотда ва турли тўплам ва альманахларда чоп этилган.

022

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring