Umidlar dunyosida yashayotgan inson.

наим ака
   Қадимдан ўзбекларда ҳам, бошқа халқларда ҳам жамиятнинг илғор кишилари ўша халқнинг зиёлилари бўлишган. Навоий даврида ҳам ундан олдин ҳам ибрат олинадиган одамлар халқнинг зиёлилари эди. Айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида янги қатлам зиёлилари кўрина бошлаган. Уларнинг дастлабки вакиллари Беҳбудийлар, Чўлпонлар бўлган. Уларни ажратиб турадиган биринчи жиҳат – ташқи кўриниши бўлган. Улар кўпроқ билим олиб, ўзларидан билим нурини таратган. Нима учун зиё деб аташади? Уларда бошқача руҳ, суҳбатдошларига зиё улашгани учун. 

78

УМИДЛАР ДУНЁСИДА ЯШАЁТГАН ИНСОН…
Атоқли ўзбек адабиётшунос олими Наим Каримов билан Раъно Муллахўжаеванинг суҳбати.

Раъно Муллахўжаева: – Ҳар бир одамнинг ўзи суйган, соғиниб эслайдиган болалик хотиралари бўлади. Сиз болаликни қандай хотирлайсиз?

Наим Каримов: – Шаҳарда ўсганим учунми, вилоятда, қишлоқда яшаган, кенг адирлар, лолазор қирларда болалиги ўтган ўртоқларнинг хотираларини эшитсам, жуда яйраб кетаман. Болаликнинг хотиралари бўлакча. Менинг ҳам болалик хотираларимда эсласа арзигулик воқеалар бор. Болалигим уруш даврига тўғри келган. Отамиз – Фотиҳ Каримий Тошкент мактабларида физикадан дарс берардилар. Уруш. Қишлоқ мактабларида ўқитувчилар қолмаган. Шундай кунларнинг бирида отамнинг танишларидан бири уйимизга келиб, Ўнқўрғон қишлоғидаги ўзи директорлик қилган мактабга таклиф этган. Қишлоқ мактаблари оғир аҳволда бўлгани учун отам рози бўлганлар. Биз дастлаб мактабнинг ўқитувчилар хонасида яшаганмиз. Мактабда асосан 3-4та ўқитувчи бўлган. Директор Фотиҳ Ориповдан ташқари, дадам, шоир Ғайратий ва яна бир муаллим. Мен отам билан дастлаб мактабдаги хоналардан бирида яшаганман. Кейин давлат бизга узумзор ер берган. Оиламиз кўчиб чиққач, шу бир парча ерга нималарнидир экканмиз. Бир қўй ҳам сотиб олганмиз. Дарсдан кейин қўшни болалар билан қўй боқиб, қўй ҳайдаб, ям-яшил қирларда югуриб-елганмиз. Қишлоқ – кенглик дегани. Тоза ҳаво дегани. Мева-чевалар кони, дегани. Кимнинг болалиги қишлоқда ўтса, у бу ғаройиб тароватни умр бўйи унутмайди.
Кўп ўтмай, отамни Маориф халқ комиссарлигининг мактаблар бошқармасига ишга чақиришди. Биз ота-боболаримиз яшаган Кесакқўрғон маҳалласига қайтиб келдик. Маҳалламизда Тошкентнинг машҳур мадрасаларидан бири бўлган. Шу ерда Сидқий Хондайлиқий сингари жадидлар таълим олишган. Биз, болалар, мадраса ва масжиднинг топ-тоза хонақосига кирганимизда қандайдир улуғворлик, салобат ҳукм сургандек бўларди. Қишлоқдан қайтганимизда, ҳамма нарса ўзгарган. Эвакуацияга келганлар мадраса ҳужраларини эгаллаб олишган, масжид ва мадраса шаҳар трамвай трести ходимларининг ётоқхонасига айланган эди. Хонақо ўртасидан оқиб турувчи мусаффо ариққа қараб бўлмас эди. Қадимий мухташам Шарқ маданияти мадраса билан бирга ўтмиш бағрига кириб бораётган эди.
Уйимиз яқинидаги 10 йиллик мактаб госпиталга айлантирилган эди. Шунинг учун ҳам Лангардаги 7 йиллик мактабда ўқишни давом эттирдим. Уруш тугади. Ярадорлар ҳам, врачлар ҳам мактабни бўшатиб беришди. Ўқиш изга тушди… Кунларнинг бирида педагогика институтининг бир гуруҳ талабалари мактабимизга амалиёт ўташга келдилар. Уларнинг орасида Муршида Икромова деган ёш бир қиз бор экан. Шу қиз амалиёт тугагандан кейин бизга адабиёт ўқитувчиси бўлиб қолди. Кейин билсак, у Акмал Икромовнинг жияни экан. Унга эндигина Тошкент шаҳрида яшаш имкони берилган экан. Адабиёт дарсини дил-дилдан севгани, овози ёқимли, ҳаракатлари нафис бўлгани учунми бутун синфнинг меҳрини қозонганди. Дарсдан кейин ҳаммамиз уйигача кузатиб қўярдик. Аммо орадан кўп ўтмасдан, унинг “халқ душмани”га жиянлиги кимнингдир ёдига тушиб, мактабдан ҳам шаҳардан ҳам чиқариб юборишди. Унинг ўрнига Наби Нурмуҳамедов деган ниҳоятда мулойим, юмшоқкўнгил, истиҳолали ажойиб йигит ўқитувчи бўлиб келди. Менда адабиётга меҳр ана шундай бошланди.

Р.М.: – Сиз кейинги саволга ҳам қисман жавоб бердингиз… Сўрамоқчи бўлганим Сизни адабиётга, адабиётшуносликка йўналтирган асосий омил…

Н.К.: – Менинг шаклланишимга меҳнати сингган кишилар оз эмас. Отам физика ўқитувчиси бўлсалар ҳам, 30-йиллардаги бошқа зиёлилардек, адабиёт ва санъатни севардилар. Уйимизда бўлган зиёфатларда Карим Зокировга ўхшаган машҳур хонандалар хониш қилишар, ўша йилларда патефон, айниқса, урф бўлгани учун улар овозлари лаппакка ёзилган хонандаларни тинглаб, ғоят роҳатланишар эди. Токча-жавонлардан бирида физика ва математикага оид китоблар бўлса, бошқа деворни эгаллаган узун жавонда ўзбек ёзувчиларининг 20–50-йилларда нашр қилинган асарлари савлат тўкиб турарди. Отам менда адабиёт ва санъатга ихлос уйғотиш учун бўлса керак, театрларга олиб борардилар. Мен отам билан Аброр Ҳидоятов ижро этган “Алишер Навоий” спектаклини кўрганман. “Навоий” театрида “Париж алангаси” (“Пламя Парижа”) балетини, “Горький” театрида уруш тўғрисидаги қайси бир спектаклни кўрганим эсимда.

Отам мактаблар бўйича инспектор бўлганлари сабабли, вилоятларга тез-тез бориб турардилар. 6-синфни тугатганимда, отам мени Наманган вилоятига олиб бордилар. Бир-икки кун шаҳарда бўлганимиздан кейин, мезбонлар бизни Пошша отага олиб боришди. Табиатнинг жаннат монанд манзилларидан бири экан, бу жой. Уч томони тоғ, ўртада шарқираб муздек сой оқади. Сойнинг теварак-атрофи яшил гилам билан қопланган. Тоғ этакларидан кўтарилишингиз билан арчазор бошланади. Шу ерда кечган бир ҳафта ҳали шаҳардан четга чиқмаган йигитча учун Ниагара бўйларида бўлишдек бир гап эди… Тошкентга қайтганимиздек кейин, отам Пошша ота сафари ҳақида, нима учундир, менинг номимдан мақолача ёзиб, “Ленин учқуни” газетасига олиб бор. Муҳаррири Санжар Тилла. Менинг шогирдим бўлади. Айтсанг, босиб чиқаради”, дедилар. Отам ёзган нарсани ўз номимдан олиб боришни хуш кўрмадим. Лекин отамнинг қистовлари билан газетага олиб бордим. Уларга маъқул бўлди ва “тез-тез ёзиб тур”, дейишди. Ҳам газетада “менинг” очерким чиққани, ҳам муҳаррирнинг самимий муносабати менга куч ато қилди. Шундан кейин ўзим мақола ва шеърлар ёзиб, газеталарда чиқара бошладим… Пионерлар саройи, адабиёт, мусиқа, хор тўгараклари. Танловлар, ёрлиқ ва мукофотлар.

Филология фанлари доктори Маҳмудали Юнусов аммамнинг ўғли бўлган. Деворнинг нариги томони – уларнинг уйи. Маҳмудали аканинг уйига Солиҳ Қосимов, Ҳамидулла Убайдуллаев, Неъмат Тошпўлат сингари дўстлари тез-тез келиб, адабий баҳслар қурар, бир-бирларининг ёзган асарларини муҳокама қилиб, фикр билдиришарди. Маҳмудали ака ҳам, укаси Аҳмадали ака ҳам мени яхши кўришарди. Шунинг учун уларнинг уйидаги янгиликлар менсиз ўтмасди.
Яна амаким Обид қори Каримов. Ўзи Бокуда ўқиган, математик, шоир Ғайратийнинг яқин дўсти. Лекин адабиётни, айниқса, озарбайжон классикларини яхши кўрарди. Ҳусайн Жовид оқланганидан кейин менга унинг танланган асарларини берган.
Менга меҳр-оқибат кўрсатган кишилар талайгина. Улар мендан рози бўлишсин.

Р.М.: – Сиз Беҳбудий, Фатрат, Чўлпон, Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир ва бошқа адиблар ҳақида кўп ёзгансиз. Лекин, билишимча, Сизнинг илмий изланишларингиз марказида Ойбек домла туради. Ойбек домла Сиз учун ниҳоятда қадрли шахс, ҳурматингиз бўлак. Умуман, инсонлардаги руҳий яқинликни нималарда кўрасиз?

Н.К.: – Афсуски, Сиз тилга олган адибларнинг кўпини кўрмаганман. Бу адибларга бўлган ҳурматим қанчалик чексиз бўлмасин, уларни тирик инсон сифатида тасаввур эта олмайман. Аммо Ойбек домлани кўп кўрганман. Бошқа қатор замондош ёзувчиларни ҳам яқиндан биламан. Лекин Ойбек домла ҳатто хаста пайтида ҳам бутунлай бошқа инсон бўлган. Фалакнинг гардиши билан Ойбек домланинг вафотидан кейин унинг 20 жилдлик Мукаммал асарлар тўпламини нашр этиш билан шуғулланишга тўғри келди. Бу жараёнда қарийб 10 йил адиб архивида ишладим. У 17 йил давом этган хасталик йилларида на фалакдан, на уни йиқитган кимсалардан шикоят қилмай, тинимсиз ижод қилди. Ручка ушлай олмайдиган қўли билан эмас, гапира олмайдиган, тўғрироғи, Зарифа опа тушунадиган тили билан айтиб, бир неча роман, қисса, бир талай шеър ва мақолалар ёзди. Адибнинг бу ва бошқа асарларидан ўз халқини ғоят севган, унинг эркин ва озод, бахтиёр ва фаровон яшашини орзу қилган одамнинг қалб нурлари таралиб туради. Мен аслида шу нарсаларни билиш учун боргандим. Лекин бундан илгари биз тенги авлод шаклланаётган пайтда Ойбек ўзбек адабиётида биринчи ўринга чиққанди (тўлқинланиб кетади).

1939 йилдаги Ўзбекистон ёзувчиларининг 2-съезди қатнашчиларининг виньеткаси бор. Бу расмларни кўрсам, ҳозир адабиётда номини ҳеч ким эсламайдиган аксарият ёзувчиларнинг суратлари бор. Лекин Ойбекнинг расми йўқ. Ўша пайтда Ойбек “соя”да юрган. Ойбек ҳали саҳнага чиқишга улгурмаган. У ҳаётини кўпроқ ижодга бағишлаган одам бўлгани учун турли ортиқча, деб билган тадбирларига бормаган. Ҳаттоки бир куни Абдулла Ориповни чақиртирганда, Абдулла нима учун чақирганини билмайди. Ойбек хаста, шунда Зарифа опа, Ойбек адабиётда қолаётган шоирлардан ташвишланганлигини айтганди. Кимлар қолади, қандай одамлар қолади… Бизларни даражамиздаги шоирлар бўладими-йўқми, бизлар қила олмаган ишларни улар қила оладими… Абдулла Орипов билан танишиб, унга оқ йўл тилайди. Айтмоқчи бўлганим – ўша пайтда Ғафур Ғулом ҳам бор эди. У кўпроқ календарь шоир сифатида озгина эътибордан четда қолганди. Ойбек домлани одатда, ҳамма газеталарда кутарди, шеърларими, романларидан парчалар чиқадиган бўлса, мухлислари (улар орасида бошқа касб эгалари ҳам талай эди) кутарди.

Институтни битираётганимда диплом ёзиш баҳонасида Ойбек домланинг уйига боришим керак бўлди, борганимда, Зарифа опа хизматда экан. Ойбек домла ўтирган хонага кириб, суҳбатлашдим. Мени ижод психологияси қизиқтирарди. “Ойбек ака, Бальзак Горио отанинг ўлимини тасвир этаётганида, клиник ўлим ҳолатига тушган экан. Сизнинг “Қутлуғ қон” романингиз ҳам, “Навоий” ҳам севимли қаҳрамонларнинг ўлими билан тугайди. Сиз, масалан, Йўлчининг ўлимини тасвирлаш чоғида ўзингизни қандай ҳис этгансиз?” деб сўрадим. Ойбек домла Йўлчининг ўлими эпизодини йиғлаб-йиғлаб ёзганини, тасвир тугагандан кейин унга бутун олам бўшаб-ҳувиллаб қолгандек бўлганини айтди. У ҳар бир қаҳрамонини қалбидан ўтказувчи, унинг қувончидан қувонувчи, дарди ва изтироблари тасвиридан эса руҳий жароҳат олувчи ёзувчилардан эди.

Дўрмонда «Ажойиб кишилар ҳаёти» туркумида Ойбек ака тўғрисида китоб ёзаётган пайтимда Азиз Пўлатович, нима ёзяпсиз, деб сўраганда, шу туркумда Ойбек домла ҳақида ёзяпман, десам, жуда тўғри, яхши бўлибди, Ойбекнинг улуғ ёзувчи, ҳам улуғ инсон эканлигини ёзинг, деди. Бу хил икки сифатли инсонлар дунёга кам келади, деганди.

Ойбекнинг “Навоий” романининг яратилганининг 50 йиллигини нишонлаш мақсадида радио кеча ташкил қилмоқчи бўлди. Шунда бир ёш ёзувчи: “Ҳозир “Навоий” романини ўқиб бўладими?” деганда, менинг юрагим шув этиб кетди. Саид Аҳмаднинг асарларини қайта-қайта ўқишади, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сини ўқиш мумкин. Наҳотки Ойбекнинг “Навоий” романини мактабда ўқиганидан кейин қайта мурожаат қилиш мумкин эмас… Мана шундай баъзи камситишга ўхшаган қарашлар ҳозир йўқ эмас. Ваҳоланки, “Навоий” романини қайта ўқийдиган бўлсак, бутунлай бошқа дунё… Мен ўзимнинг адабиётга, адабиётшуносликка қўйган мезонимни бадиий маҳорат даражасини ўлчайдиган асарларни солиштирганда, ким яқинлашолган, ким яқинлаша олмаган, қайси маънода яқинлаша олган, деган саволларни қўйиб қарайман. Зарифа опа айтардики, Ойбек зўр шоир бўларди, лекин адабиётда унинг рақиблари бор эди. Ўша рақиблари кечаси тинч ухласин деб Ойбек прозага ўта бошлади. Агар Ойбек шеъриятни давом эттирадиган бўлганида, у биринчи ўзбек шоир бўларди.

Р.М.: – Ҳозирги адабиётшуносликда ҳужжатлилик устувор аҳамият касб этиб бормоқда…

Н.К.: – Европа адабиётида биографик роман деган жанр бор. Андре Моруа шу жанрнинг “пир”ларидан бири. Унинг Гюго, Бальзак, Стендаль, Роллан сингари француз адиблари ҳақидаги асарларини ўқисангиз, адибнинг тарих ҳақиқатига хиёнат қилмаган ҳолда улар ҳаётини шундай тасвирлаганки, худди бадиий асарни ўқигандек катта эстетик завқ оласиз. Сўнгги йилларда ўзбек адабиётшунослигида шу жанрнинг куртаклари кўрина бошлади. Камина ҳам биринчилардан бўлиб шу жанрга қўл урдим. Лекин айрим танқидчилар менинг ёзганларимни биографик романдан узоқ, демоқдалар. Балки улар ҳақдир.

Лекин тақдир менга ноёб бир имконият яратди. Дастлаб Жамоатчилик комиссиясига, кейин “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси” ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ҳам раҳбар этиб тайинланганим учун, “Ёпиқ сандиқлар” мамлакатида бир неча йил ишлаш имкониятига эга бўлдим. Бу, менинг адабиётшунос сифатидаги йўналишимни бошқа ўзанга буриб юборди. Лекин бу вақт ичида шундай маълумотларни қўлга киритдимки, энди қатағон қилинган ёзувчилар ҳақида ҳам, бошқалари ҳақида тахминий баландпарвоз гапларни ёзиш вақти ўтганини сездим.

Қатағон қиличи фанимиз, адабиётимиз ва санъатимиз ўрмонини шундай каллаклаб ташлаганки, натижада биз қашшоқланибгина эмас, қўрқоқлашиб ҳам қолганмиз. Агар бояги мамлакат посбонлари бизга ёзувчилар, журналистлар ва жадид маърифатпарварлари ҳақидаги материаллар билан танишиш имкониятини яна беришганида, ёшларни мустақил Ватан садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш ишига хизмат қиладиган адабиёт ва санъат асарлари яратилган, ўша мудҳиш даврларнинг тўлақонли тарихи яратилган бўларди.

Р.М.: – Архив материалларини ўрганиш, ноҳақ қатағон қилинган номларни тиклаш Сиз учун миллат олдидаги бурчми ёхуд олимлик масъулияти ёки…

Н.К.: – Бунда қанақадир тасодифийлик ҳам бор. Қайта қуриш йилларида бирдан “темир сандиқ”лар очилиб кетди. Озгина ишлаш имконияти пайдо бўлди. Мен биринчи куни Усмон Носирнинг делосини кўрадиган бўлдим. Худди эртага ёпилиб қоладигандай тушликка ҳам чиқмасдан маълумотларни ўрганишга ҳаракат қилдим. Эртасига келсам, турибди тағин. Мен ёпилиб қолса керак деб ўйлагандим. Жуда чанқоқлик билан ишлай бошладим.

Усмон Носирга унинг жияни Нодира Рашидова ҳам қизиқиб қолди. Ёзувчилар уюшмасидагилар ҳам хайрихоҳ эди. Ўша пайтда Кемерова вилоятида Усмон Носирнинг архивдаги ҳужжатлари билан танишиш имкони туғилди. Москвадан рухсат бўлгач, биринчи бўлиб Кемеровада шоирнинг делосини кўрдим. Кемерова вилоятининг мафкура бўйича бир котибаси бор экан. У, иложи бўлса, делони кўрманглар, агар кўрадиган бўлсангизлар, сизларнинг Усмон Носирга бўлган муҳаббатинглар ўзгариб қолади, делода бошқача гаплар ёзилган, деди. Шунга қарамасдан танишиб чиқдим. Мен кўрган делосида 10 мингдан ортиқ саҳифа бўлганлиги жилд юзига ёзилган экан. Лекин қўлимга олган пайтда бу ҳужжат анча қисқартирилган экан. Чунки бизнинг Тошкентдан бориб, Усмон Носирни ўрганишимизни билиб, чекистлар қисқартирган экан. Шунга қарамай шоирнинг Тошкентдан кетгандан кейинги ҳаёти ҳақида анчагина маълумотлар олдик. Натижада Усмон Носир тўғрисидаги кичкинагина китобни нашр қилдик. “Ёш ленинчи” газетада бир нечта сонларида “Аждаҳо комида” сарлавҳаси билан мақолалар эълон бўлди. Усмон Носир ҳам қатағон қурбонлари қаторига қўшилди.

Шаҳидлар хотираси хайрия жамғармасидан олдин 1999 йил 12 майда мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш комиссияси ташкил этилди. Мен раис этиб тайинландим. Ҳокимиятнинг эски биносидан битта хона ажратилган экан. Шу ерда ишлай бошладик. Одамлар оқиб келади. Ҳар тоифа одамлар бор экан. Кимдир отасининг нима қилганини билмайди, бизга келиб қатағон бўлганлигини айтади. Биз нима қилишимиз керак, деб сўрасак, шу бирор жойга битта ҳайкал қўйиб қўйсангиз, дейди, (куламиз). Шунга ўхшаган кўчани номини беринг, мактабни номини беринг каби илтимослар. Иш давомида анчагина архив ҳужжатлари йиғилди. Қатағон даврини ўрганишга кенг имкониятлар берилди. Бу даврларда архив материаллари билан ишлаш ўта оғир. Бу жуда даҳшатли. Мен чидам билан иш бошладим. Ҳар хил комиссия бўларди. Руҳоний қатағон қурбонларини ўрганиш комиссияси гуруҳига Хуршид Дўстмуҳаммад раис эди. У ярим соатлар чамаси ўтирди-да, кейин ўрнидан туриб, кўз ёшларини ҳам тўхтата олмай, Наим ака, мен бу ерда ишлай олмайман, узр, деб чиқиб кетди (Наим ака ҳам буни эслаб йиғлаб юборди).

Ўша пайтда маълум бир одамлар ҳеч қандай гуноҳсиз айбланганлар. Айбни бўйнига қўйиб, сен айбдорсан, дейишган. Агар керакли ҳужжатга имзо қўймаса, бинонинг ертўласига олиб тушиб қийнаб уришган. Агар унга ҳам бардош берса, 42-камераси бўлар экан. Бу ерда “айбланувчи”ни ит азобида қийнаган. Олиб кетилаётган одам ичкаридан келаётган бақириқлардан ўзини йўқотган. У ердаги қийноқларга чидаганлар эса ногирон бўлиб қолган. Мана шунақаларнинг ҳаммасини бу ерда кўрдик. Буларнинг номини оқлашга ҳаракат қилмасак, халққа ким етказади, деган бир кайфиятга тушиб қолганмиз. Бизнинг халқ олдидаги бурчимиз, асосий ишимиз шу бўлиб қолди-да! Ушбу масъулият сабабли жуда кўп мақолалар ёзиб, эълон қилдик…

Кечагина компьютеримдаги айрим мақолаларимни қайта кўриб чиқдим. Зарифа опанинг отаси Саидносир Миржалилов деган одам бўлган. Доим ёқаси крахмалланган кўйлак кийган. Бизнинг отамизга ҳам ойимиз кўйлаги ювилгандан кейин ёқасини крахмаллаб берардилар. Албатта бўйнида галстук, бошида шляпа, пенсней(буринга сиқиб қўйиларди) тақиларди, қўлида ҳасса ҳам бўларди, гўё олифтагарчиликка. Ўша давр одамларининг кийиниш услуби шунақа бўлган экан. Бир куни Саидносирбой Қозонга боради. У ерда нашриёт директори Зариф Баширийнинг олдига кириб иши борлигини айтади. Зариф Баширий худди руслар ва бошқа оврупаликларга ўхшаб ўзбекларга беписандлик билан қараган. Саидносирбой, Олимжон Иброҳимовнинг “Қадим ислом маданияти” деган китоби бор. Ўша китобнинг Ўзбекистонда харидорлари кўп бўляпти, шуни нашр эттириб берсангиз, дейди. Кейин Зариф Баширий эътибор берса, Саидносир Миржалилов ўзидан кўра анчагина зиёли, маданиятли одам эканлиги маълум бўлади. Бизнинг ўша пайтдаги одамларимиздан Беҳбудий ҳам шундай зиёли бўлган. Бир куни Беҳбудий тўғрисидаги фильмни кўрдик. Фильмда Беҳбудий ошхонага кириб французча меню бўйича овқат буюрганини кўриб, режиссёрга, оширворибсиз-ку! десам, йўқ, мен буни маълумотлардан олганман, деди. Қаранг, уларнинг ҳар томонлама илғор одамлар бўлишганини…

Қатағон машинаси миллатларнинг гулини териб айбдор қилган. Қамоқхонада маҳбуслар олий математикадан дарс олган. Мендаги маълумотларда яна бир лагердаги маҳбуслар инглиз тилини ўрганган ва шу тилда ёзганлар. Мана шунақа зўр одамлар бўлишган. Улар қатағон қилинганлиги учун, сен ҳам ўшанга ўхшасанг, қатағон қилинасан, қамалиб, отилиб кетасан деб, одамлар болаларини уларга ўхшаган қилиб ўстиришни хоҳлашмаган. Айтмоқчи бўлган гапим, ҳамма нарсани ўрганиш бу бир восита, кейин жамиятга озгина хушёр кўз билан, ватанда, дунёда бўлаётган воқеаларга, ўзимизнинг тарихимизга, ўзимизнинг миллатимизга, халқимиз ҳаётида кечаётган ҳодисаларга теран кўз билан қарашга ўргатади. Шўролар албатта, буни хоҳлашмаган.

Р.М.: – Ҳаётингизнинг кўп қисмини қатағон қурбонига айланган юртдошларимизнинг биографиясини ўрганишга сарфлаб келмоқдасиз. Архивларда кўриб чиққан, топган маълумотларингиз инсоннинг кучли ва ожиз томонларини янада аниқроқ идрок этишга имкон беради. Матонатли инсон ва хоинлик (қўрқоқ) хусусида нималар дея оласизми?

Н.К.: – Одамзоддаги ҳасад, қўрқоқлик деган иллатлар туфайли қанчадан-қанча кишилар жабр кўради. Маълум бир одамлар сабабли 1952 йили Шайхзода қамалган. 1937 йиллар қатағони қурбонларининг ҳаётига ҳам шу иллатлар дастак бўлган.
Дунёда ҳасадга, қўрқоқликка қарши курашишнинг йўли йўқ. Фақат адабиётгина нафрат уйғотиши мумкин. Шундай асарлар ёзилиши керакки, ҳар бир ўқиган одам мана шу қўрқоқлик, ҳасад менинг ҳам юрагимда туради-ку, деган фикрга келсин. Ёзилган шеърнинг, асарнинг ўзига қаратилганини билиши керак. Шеър – катта куч.

Р.М.: – Инсоннинг бахти ва фожеасини, даврлар билан тақдирини қиёсий ўрганиб, қандай қонуниятларни кузатдингиз?

Н.К.: – Инсоннинг бахти ниҳоятда кенг тушунча. Унинг фалсафий, маиший жиҳатлари бор. Одамзод ҳар хил ёшда бахтни турлича тасаввур қилади. Ёшлик, йигит учун яхши бир келин учраса, оилавий ҳаёти бир тинч ўзанда кечадиган бўлса, бу унинг бахти ҳисобланади. Айни пайтда қизлар учун ҳам яхши куёвга тақдир учраштирадиган бўлса, яхши фарзандлар кўрадиган бўлса, бу унинг учун бахт. Кейин ота-оналикнинг ҳам бахти бор. Агар фарзандлар катта бўлиб, ота-она орзу қилганидек, оилада фарзандлик бурчини бажариб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб, фойдали инсонлар бўлса, бу ота-онанинг бахтидир. Кексаликдаги бахтнинг ҳам ўрни бўлади. Соғ-саломат юриш, бировга дардисар, муҳтож бўлмаслик, фарзандларнинг ардоғида бўлишлик кексаликнинг бахти деб ўйлайман. Яна битта бахт бор. Бу инсоннинг керак бўлиш бахти. Оиласига, ишлаб турган корхонасига, жамиятга керак бўлиш бахти.
Бахтсизлик айтганларимнинг тескариси.

Р.М.: – Умр ўтгани сари кишининг дунёқараши ҳам ўзгариб борадими? Шу жиҳатдан кузатсак, унинг диди, қизиқиши, ҳатто фаолияти, яшаш тарзида ҳам кўпинча маълум ўзгаришлар кузатлади, дейишади. Ҳаммада ҳар хилку, лекин аксарият ҳолатларда шундай. Ушбу ҳолатлар қандай кечяпти (кўпроқ ижодда)?

Н.К.: – Дунёқараш фалсафий категория. Дунёқарашда биринчи навбатда дунёда бўлаётган воқеаларга бўлган муносабат кўзда тутилади. Албатта, сизнинг саволингизнинг тагида менинг шахсий ҳаётим билан боғлиқ ҳодисаларни назарда тутгансиз деб ўйлайман.

Р.М.: – Шундай….

Н.К.: – Эҳтимол адабиётшунос бўлганлигим учун қайсидир маънода, қизиқиш доирам балки чегаралангандир. Фақат адабиётшунослик масалалари билан шуғулланиш кишининг анчагина камбағаллаштириб қўяди. Мен адабиётга яқин санъат соҳалари билан қизиқиб келаман. Театр, кино, тасвирий санъатга, кейин телевизорда санъатга, илм-фанга оид кўрсатувлар бор. Журналист Николай Свонедзенинг “Тарихий хроника” деган кўрсатуви бор. Бизлар тарихни мутлақо билмаймиз. Ўзбекистон тарихи, Жаҳон тарихини мактабдаги ўқиганимиз. Тарихнинг ҳам ўша пайтдаги яратилган таснифлари ҳақиқий тарихда бўлмаган. Эндиликда “Турклар”, “Буюк императорлар”, “Хуннлар” кўрсатувларини кўрдим-да, бизларнинг тарихий қарашларимиз ниҳоятда торайиб қолган. Биз ўзимизнинг ватанимизда фақат Маҳмуд Торобий, Муқаннага ўхшаган қўзғолончиларни биламиз. Ундан нарига ўта олмаймиз. Масалаларга чуқур ва кенг қарашни ўрганишимиз лозим. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Бундан ташқари биз бўлаётган воқеалар талқини ижобий қувват уйғонишига хизмат қилиши керак. Ижобий эмоция – қувватни санъат билан қўшиб олиб бориш керак. Масалан, илгари симфоник концертларнинг пластинкалари бўларди. Лекин бугунга келиб булардан фойдаланиш имконияти бўлмаяпти. Ҳозир бу каби жиддий концертларни телевизордан кўраман. Анна Герман ҳақида бир неча серияли фильмлар беришди. Италияга бориб, белканта санъатини ўрганган (Белкантон– итальянча гўзал овоз). Муслим Магамаев ҳам бу ижрони эгалланган. Бу хил ижрода сўз мусиқага мусиқа бўлиб уйғунлашади. Шундай хонандаларни тинглайман. Баъзан тасвирий санъат музейига бораман. Санъатда кечаётган руҳий қарашларини кузатаман.

Р.М.: – Эшитишимга қараганда, пьеса ёзган эмишсиз? Москвалик бир қатор олимлар ва артистлар яхши рассом ҳам эканликларини биламан. Шеърият билан-ку, Москва артист ва олимлари орасида шуғулланмайдиган одам қолмаган. Сизнинг бадиий ижодга бўлган майлингиз қандай?

Н.К. – Мен кирмаган кўча қолмаган, десам, муболаға бўлмас… Уйчи кўчасида бир ўртоғим яшарди. Унинг уйига кетаверишда эски мозор бўлиб, ундан ҳар хил суяклар чиқиб ётарди. Бахтимга, улар орасидан бошчаноқ топилмаган. Лекин лойданми, ганчданми ҳайкалчалар ишлаб, ўчоқда пишитганман. Мактабдаги расм тўгарагига қатнаб, рангли қалам ва акварель бўёқларда анча-мунча расмлар чизганман. Пионерлар саройида ёзган шеъримга кимдир мусиқа басталаб, ёшлар газеталаридан бирида нотаси билан эълон қилган. Лекин булар – дарахтнинг мева беришдан аввал чиқарган барглари.

Р.М.: – Пьесага келганда…

Н.К.: – Пьесага келганда… Тақдир мени бир неча йил атоқли театр режиссёри Баҳодир Йўлдошев билан бирга ҳамнафас бўлиш бахтини берди. Ўша йилларда Баҳордир Йўлдошев раҳбарлик қилган театр Тошкентдаги биз тенги ижодий зиёлиларнинг Каъбаси бўлган. Баҳодирнинг энг яхши спектакллари бизнинг кўз олдимизда туғилган. Француз артисти Франсуа Шато Навоий ролини “Искандар” спектаклида француз тилида ижро этган. Француз драматурги Фотима Галер асарининг премьерасида иштирок этган. Барзу Абдураззоқов машҳур “Отелло” спектаклини саҳналаштирган… Лекин театрда рўй берган ҳар бир улуғ янгилик Баҳодир дилида туғилган. Биз фақат томошабин эмас, балки Баҳодир кўнглидаги ижодий ғояларнинг рўёбга чиқишида иштирокчи бўлишга уринганмиз. Мен Баҳодирнинг таклифи билан бир неча пьесаларни таржима қилиб бердим ва улар саҳна юзини кўрди. Миср драматурги асари асосида яратилган “Ғаройиб оқшом” баъзан-баъзан телевидениеда намойиш этилиб туради. Биз билан ўша қозонда қайнаган Шуҳрат Ризаев, мана, ҳам драматург, ҳам театршунос бўлиб танилди.
Менинг пьесамга келганда, воқеий ҳикояларим ҳам, бу пьеса ҳам ёзувчилар ҳаётидан, ижод оламида бўлган воқеалардан нақл қилади.

Р.М.: – “Тафаккур” журналида бундан анча йиллар муқаддам Сиз билан Баҳодир Йўлдошевнинг ажойиб суҳбати чиққан экан. Суҳбат жуда самимий, жонли бўлган экан.

Н.К.: – Театрга, санъатга яқинлашишим, жараёнларнинг ичида бўлиш адабиётшуносга катта руҳий озуқа беради, тасаввурларини янада кенгайтиради. Шомирза Турдимовнинг доимо янгиланиб туришига сабаб – у санъатга яқин. Ўзи рассом. Санъатга қизиқади. Жаббор Эшонқулов ҳам кино санъатиги қизиқади. Жараёндан бохабар.

Р.М.: – Адабиётшунос Ш.Ризаев “Ойбекка ўхшайдиган олим” мақоласида: “Ўзбекнинг тирик зиёлиси ким деса, мен ҳеч иккиланмай Наим Каримов деб айтар эдим. Бу кеча ёки бугун пайдо бўлган фикр эмас ва фақат менгина айтадиган фикр эмас. Наим акага олим, адабиётшунос, фан доктори, Беруний мукофоти лауреати деган унвонлардан кўра, катта ҳарфлар билан ЗИЁЛИ деган сифат кўпроқ ярашади. Зиёли тор тушунчамиздаги олий маълумотли киши эмас. Зиёли бу миллат тажассуми, миллат қиёфаси…”, деб ёзган. Сизнингча зиёли ким? Зиёлилик мезонларини нималарда кўрасиз? Бугунги зиёлилар хусусида…

Н.К.: – Қадимдан ўзбекларда ҳам, бошқа халқларда ҳам жамиятнинг илғор кишилари ўша халқнинг зиёлилари бўлишган. Навоий даврида ҳам ундан олдин ҳам ибрат олинадиган одамлар халқнинг зиёлилари эди. Айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида янги қатлам зиёлилари кўрина бошлаган. Уларнинг дастлабки вакиллари Беҳбудийлар, Чўлпонлар бўлган. Уларни ажратиб турадиган биринчи жиҳат – ташқи кўриниши бўлган. Улар кўпроқ билим олиб, ўзларидан билим нурини таратган. Нима учун зиё деб аташади? Уларда бошқача руҳ, суҳбатдошларига зиё улашгани учун. Зиёлилар сабаб уларнинг замондошлари шифокорми, инженерми ёки қурувчими адабиётни нондай, сувдай керак деб ҳисоблашган. Янги адабиётни қидириб топиб, зиёлилар билан бир қаторда бўлишга интилганлар. Улар ҳам худди зиёлилар каби суҳбатлашганда ўзини билимини, маданиятини кўрсатиш имконига эга бўлганлар. Вақти етиб совет давлатининг қиличи биринчи бўлиб зиёлиларга қаратилди. Бунинг сабаби халқ зиёлиларга эргашган, улар нима қилса, халқ ҳам шуни қилган. Шунинг учун ҳам совет давлати ўзининг тузумини сақлаш учун танани бошдан ажратган. Бошсиз тана фикрсиз, зиёсиз қолишини, бундай халқни бошқариш осон кечишини яхши билган. Шўролар халқнинг онгидан эмас, меҳнат кучидан фойдаланганлар. Назаримда энг охирги зиёлилар Туроб Тўла, Шукруллолар зиёлилар бўлган бўлса керак. Ахлоқ-одоб тўғрисидаги бир қанча китобларда “ҳилм” сўзи бор. Ниҳоятда майин, ҳалимга ўхшаган одам бўлиши керак зиёли. Оғзидан чиқаётган сўз ҳам худди ипакка ўхшаган, майинлашиб чиққан. Балки ҳозир мени ҳам сўнгги зиёлилардан деб айтишса керак. Лекин менинг ҳам жуда кўп нарсадан жаҳлим чиқади. Бундай пайтда ўзимни тутишим қийин бўляпти.

Р.М.: – Бундан ўн бир йил аввал “Жаҳон адабиёти” журнали (2001 йил, 1-сон)да: “…Пешонамга адабиётшунос бўлиш ёзилган экан, шу соҳада озми-кўпми меҳнат қилиб келмоқдаман. Агар шу меҳнат фаолиятимни янгидан бошлаш имкони берилса, яна ўша сиймолар – Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Шайхзода, Миртемир, У. Носир ва бошқалар тўғрисида ёзган бўларди. Энг яхши асарларимни худо хоҳласа, энди ёзаман”, деган экансиз. Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Бугун бу орзуингиз амалга ошдими?

Н.К.: – Шундай бўлдики, мен бир хазинага тушиб қолган одамдай бўлиб қолдим. Ҳам ўша хазинанинг сандиғи тез ёпилиши, сандиқдаги жуда кўп нарсалар ўғирланиши мумкинлигини ўйлаб, мен бу ерда жуда шошиб ёзяпман. Чўлпон, Усмон Носир тўғрисидаги китобга мумкин қадар билганим, архивларда кўрган-эшитганларимни ёзишга ҳаракат қилдим. Ҳали булар бадиий жиҳатдан мукаммал ҳолга келган эмас. Ҳужжатли асар бўлса ҳам нималарнидир олиб ташлаш, қайсидир ифодаларни гўзаллаштириш керак. Шу маънода, мен шошиб ёзяпман. Маҳкамада ёзган пайтимдагиларда ҳам шошилиб ёзганман, ҳозир ҳам. Ҳужжатлар дахлсиз бўлиши керак. Ҳужжатларга ортиқча нарсалар аралашиши керак эмас. Шундай жараёнда бизлар шошиб ишлашимиз керак, биздан кейин келадиган ўнинчи-ўн бешинчи авлодлар ишларимизни мукаммаллаштиришади.

Р.М.: – ХХ аср ўзбек адабиётини ўргандингиз, тадқиқ этдингиз, бу адабиёт манзаралари кўз ўнгингизда борлиғи билан тўкис намоён бўлиб турибди. Агарда шу аср адабиётига хос етакчи хусусиятлар нималарда, деб сўрашса, қайси жиҳатларни алоҳида кўрсатган бўлардингиз?

Н.К.: – Биринчидан, ХХ аср Мумтоз адабиётдан бутунлай фарқ қилади. Мумтоз адабиёт анъанавий адабиёт эди. Мумтоз адабиётда Шарқнинг анъанавий жанрлари ривожланган эди. ХХ аср адабиёти майдонига келган ёзувчилар Европа адабиёти жанрларини, реалистик методни ўзбек адабиётига олиб киришди. Адабиётдаги метод бутунлай ўзгарди. Адабиёт келажаги бошқа бир сайёралардаги ҳаётга бағишланган асарларда ҳам маълум бир реалистик методга асосланиб акс этди. Ҳ.Шайхов ҳам илмий фанлар билан, илмий билимлар билан танишган ҳолда бошқа сайёрадаги одамларнинг қиёфаларини маълум даражада реалистикроқ тасаввур қилишга ҳаракат қилган. Хуллас, ХХ асрда адабиётнинг тили ўзгариб кетди. Фитрат, Чўлпоннинг 20-йилларнинг ўрталаригача ёзган асарларини, Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўқисак, бунга амин бўламиз. ХХ асрда майдонга келган ёзувчилар адабиётдан янги адабиёт яратдилар. Бундан ташқари кейинги адабий тилни ҳам белгилаб беришди. Адабиёт фақат Ўзбекистон миқёси билан чегараланиб қолмасдан, Европа, Лотин Америкасида ва бошқа жойларда адабиёт инсонни қандай ютуқларга олиб келяпти, аниқроғини, сингдиришга, ўшандан баҳраманд бўлган ҳолда янги адабиётни ўқиб боришга, бадиийликни кенгайтиришга, янги изланишлар майдонини пайдо бўлди.

Р.М.: – Ўзингизга нисбатан талабчансиз. Буни эришганларингиздан ҳам билиш мумкин. Буларга эришиш учун албатта, кишининг иш тартиби (иш интизоми) бўлади. Сизда қандай?

Н.К.: – Ҳар бир инсон вақтидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиши табиий. Мен ҳам дақиқаларимдан руҳан бойиш учун фойдаланаман. Ишхонамга келгач, фақат ишлашга ҳаракат қиламан.

Р.М.: – Такрор-такрор мутолаа қилиб завқланадиган китобларингиз ҳақида гапирсангиз…

Н.К.: – Севиб ўқийдиганим шеърият. Ойбек, Чўлпон, Пушкиннинг шеърларини, Миртемирнинг ҳам гўзал шеърияти бор. Баъзан жаҳон адабиётидан яхши асарлар чиқиб қолади. Бир вақтлар “Тафаккур” журнали менга жаҳон классиклари асарлардан таржима қилиб беришимни сўраган эди. Бальзакнинг “Йўқолган дурдона” ҳикоясини ўқиганимда, ниҳоятда ларзага тушганман. Бунинг биринчи сабаби бу жуда гўзал ҳикоя эди. Бальзакнинг услубида анча кенг, бемалол хотиржамлик билан ёзилган эди. Катта бир драма. Яққол образлар бор. Битта кичик ҳикояда романда бўлиши мумкин бўлган образларни ярата билган. Тасвирий санъатни ниҳоятда мукаммал билган. Бальзак бутун ҳаётини асар ёзишга бағишлаганини яхши биламиз. Кечалари ҳам қаҳва ичиб ишлаган. У асарларидаги қаҳрамонларни адаштириб юбормаслик учун ҳар бир қаҳрамонга қўғирчоқ ишлаган. Қаҳрамон ўлганидан кейин уни ташлаб юборган. Шунга қарамай, тасвирий санъат, мусиқани, рассом, композитор қандай яхши билган бўлса, шундай билган. Бальзак, Стендал, Тургенев асарларини қайта ўқияпман.
Талъат Солиҳовнинг лекцияларидан баҳраманд бўляпман. Талъат Т.Манннинг асари билан Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини қиёслаганини эшитгандим. У Т.Манни Ойбек билан худди бир замонда яшаган одамлардай қилиб кўрсата олган. Шундан кейин менда бу асарларни қайтадан қиёслаб ўқиш фикри пайдо бўлди. Одам фақат ёзиш билан чегараланиб қолмасдан, ёши улғайишига қарамасдан мунтазам ўқиши ҳам керак. Уйдаги китобларимни кўриб қанчалаб китобларни қайта ўқишим кераклигини биламан.

Р.М.: – Сизнинг адабиётшунос бўлиб етишишингиз, санъатга муҳаббатингизга, аввало, ота-онангиз, оилавий муҳит, атрофдагиларнинг таъсири бўлган… Фарзандларингизнинг каттаси – тиббиёт соҳасини, кичиги эса, бошқа бир касбни эгалладилар. Набираларингиз орасида адабиётга, умуман, санъатга лаёқатлилари борми? Айтмоқчи бўлганим – етакчи фактор оиладаги тарбия, муҳитдами ёки шахснинг ички табиатидан келиб чиқадиган эҳтиёждами?

Н.К.: – Афсус, улардан ҳам адабиётшунос чиқмаса керак. Менда нодир луғат, энциклопедиялар, ноёб китоблар бор. Келиним ҳам, ўғлим ҳам фойдаланишади. Аммо уларнинг йўриғи бўлак.

Р.М.: – Шундай-ку, лекин инсон кўпроқ оилада шаклланади, дейишади-ку…

Н.К.: – Шундайликка шундай. Бироқ менинг кутубхонамдан фойдаланадиган, йўлимдан кетадиганлари фарзандларим орасида ҳам, набираларим орасида ҳам йўқ.

Р.М.: – Ёшлар, ёш ижодкорлар етишиб чиқяпти. Уларга Сизнинг муносабатингиз… Улардан кўнглингиз тўляптими? Уларда биринчи навбатда қандай фазилатларни кўришни истардингиз?

Н.К: – Ҳозир кетма-кет шеърий китоблари, романлари чоп этилаётган ёшлар бор. Бу романларнинг ҳаммасидан ҳам “Қутлуғ қон” ёки “Улуғбек хазинаси”га ўхшаганлар чиқмайди. Балким улар ўзини қаддини тиклаш учун шошиб ёзаётгандир. Лекин уларнинг базасида ҳали катта санъаткор бўлиш имконияти бор, деб ўйламайман. Бугун ўнлаб китоблар чиқарса бўлади. Аммо ёзувчи бўлиш учун, биринчи навбатда, адабиёт тўғрисидаги билим доираси кенг бўлиши керак. Толстой, Т.Манн каби, умуман, жаҳон адабиётини, ўзбек адабиётни билиши керак.

Ижодни кўнгил меваси. У кўнгилни яйратиши керак. Кўнгил яйраши учун яйрайдиган тил билан ёзиш санъатини эгаллаши керак. Мана шундай тил кўпчилик ёзувчиларда кўринмайди, менимча. Ҳозир чоп этилаётган асарларни олиб бирор абзац ўқийсиз, қолгани ўқувчини тортмайди. Шунингдек, ҳар бир одам ўзи ҳаётида маълум бир воқеаларга гувоҳ бўлган ҳаёт тажрибаси бўлиши керак биография бўлиши керак. Бундан ташқари тарихни ўрганиши, адабий доираси кенг, маданиятни эгаллаган, мустаҳкам заҳираси бўлиши керак. Шу хислатларни ёш ижодкорларда бўлишини истайман.

Р.М.: – Бугун на қатағон даврини, на уруш даврини кўрмаган авлодлар туғилиб улғаймоқда. Сиз ўрганган даврда ҳам Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Навоийдек ибрат олиши мумкин бўлган машъал сиймолар борми?

Н.К.: – Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш бўйича буюк ишлар қилинди. Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди, Ал-Фарғоний ва ал-Беруний сингари улуғ аждодларимиз, улар олиб борган ишлар кенг тарғиб қилинмоқда. Лекин, наҳотки, улардан кейин бутун бир халқдан уларга ўхшаш буюк сиймолар етишиб чиқмаган бўлса?!

Биз ҳали ўзимизнинг шу маънодаги бойлигимизни чўтга солмаганмиз. Геолог Ҳабиб Абдуллаев, математик Қори Ниёзий, артист Шукур Бурҳон, ёзувчилар: Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек… Эҳ-ҳей!.. Нега Беҳбудий тўғрисида бирор саҳна асари йўқ? Нега Чўлпон ёки Ойбек ҳақида кинофильм яратиш мумкин эмас. Умуман, нега “Ўзбеккино” турли ўткинчи мавзуларга фаол муносабат билдиради-ю, тарихий-биографик жанрда асарлар яратмайди? Ахир шундай асарлар ёрдамида ватанпарвар, халқпарвар ва фидойи кишилар авлоди шаклланиб келган-ку…

Р.М.: – Келажак режаларингиз ҳақида юқорида айтингиз, яна қўшимчалар қиласизми?

Н.К.: – Орзулар ниҳоятда кўп. Адабиётшунос сифатидаги орзуим рус адабиётшунослиги, жаҳон адабиётшунослигида бўлаётган илмий ишлардан баҳраманд бўлиш.

БЛИЦ САВОЛЛАР

1. Биринчи жиддий мақолангиз қачон чоп этилган?
К.Листовскийнинг “Боботоғ устида қуёш” романига тақриз. 1953–54 йилларда “Звезда Востока” журналида босилган

2. Ҳаётда қадрлайдиган кишингиз…
– Ҳалол, камтар ва меҳнатсевар киши…

3. Ҳаётдаги шиорингиз…
– Алишер Навоийнинг “Одами эрсанг демагил одами…”

4. Ҳаёт нима?
– Чексиз сабоқ

5. Умр-чи?
– Тоғу тошлар оша ўтадиган Йўл

6. Армон нима?
– Келажак туйғуси

7. Кечириш ҳақида
– Кечириш – зиёлиликнинг биринчи белгиси
8. Афсусланганмисиз?
– Албатта…

9. Нималардан ранжийсиз?
– Қўполлик, маънавиятсизлик ва жаҳолатдан

10. Нимадан ўкинасиз?
– Китобларимнинг эгасиз қолишидан
11. Инсон учун энг муҳими нима?
– Қадр…

12. Машҳурликка қандай қарайсиз?
– Машҳурлар жавоб берсин…

13. Ҳаётингизнинг энг гўзал палласи…
– Ҳозирги унумли кунларим

14. Омад нима?
– Ўткинчи бахт

15. Ёқтирган рассом, хонанда ва режиссёр…
– Рассомлар – Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков, Акмал Нур
– Хонандалар – Анна Герман, Муслим Магомаев, Зулайҳо Бойхонова.
– Режиссёрлар – Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов, Наби Абдураҳмонов

16. Санъатга таъриф беринг…
– Инсон руҳий оламининг визуал ифодаси
– Адабиёт – етти иқлим кўзгуси
– Шеър – кўнгил оҳи

17. Тақдир нима? Унга ишонасизми?
– Программалаштирилган ҳаёт. Бунга ишонаман.

18. Мўъжиза нима?
– Сеҳрлар олами: Ниагара шалоласи, Тож Маҳал, тоғ этагидаги оромгоҳ

19. Садоқат…
– Унутилаётган фазилат

20. Наим Каримов ким?
– Умидлар дунёсида яшаётган инсон…

Манба: http://uforum.uz/

 

(Tashriflar: umumiy 34, bugungi 1)

Izoh qoldiring