Usmon Azim. Kuzgi bog’

044

  Ёмғир — Усмон Азимнинг севимли образларидан, ёмғирли кун ёки тун эса унинг қалбини жунбишга келтирувчи табиат мўъжизаларидан бири. Агар ёмғир ёш йигит ва қизларнинг муҳаббат туйғуларига жўровозлик қилса, умр баҳорини ортда қолдирган кишиларда дафъатан армон туйғусини уйғотиб юборади, ўтаётган умрнинг учқурлигини ёдларига солиб, уларни ҳазин ва мунгли кайфият оғушига олади. Биз мазкур шеърда айнан шу руҳий ҳолатнинг тасвирини кўрамиз. Лирик қаҳрамон ўзи севган ёмғирли кечада қанот боғлаб учгандек бўлади. Ёмғирдан ивиган шабада (!) унинг юзига урилиб ёпишади. Бу Қаройиб манзарани кўрган юлдузлар наздида ёмғир навосини эшитиб ухлаш нашъали. Улар ана шу бахтдан баҳраманд бўлиши мумкин бўлган лирик қаҳрамонга ҳавас билан боқиб, уни кумуш нурлар чангига кўмиб юборадилар. Бу улар томонидан лирик қаҳрамонга кўрсатилган меҳр-муҳаббатнинг белгиси. Аммо лирик қаҳрамон ҳатто кумуш нурлар чангида кўмилишни ҳам хоҳламай, тангрига: “Заминга бермагин измим”, деб ёлворади… Шеър якунида лирик қаҳрамоннинг тангрига муножотидан бошқа муаттар бўй эсиб-таралиб туради: бу бўй ҳаётсеварлик бўйидир! (Наим Каримовнинг «Некбин руҳ, ҳаётсевар ғоя» мақоласидан)

021
Усмон Азим
КУЗ ШЕЪРЛАРИ
066

КУЗГИ БОҒ I

1
022
Қуёш кулар. Аммо тун зиёсида
Олис соялардай солланди армон.
Бу тунда — беҳудуд вақт дарёсида
Нохос йиқилдию чўкди саратон.
Бул ишни, билмайман, қай куч ҳал этди?
Тақдирнинг ўзбекка ёлғиз соврини
Қўл ҳам силкитмасдан, видосиз кетди,
Бўғзида қолдириб оташ ҳоврини.
Дунё сахийликка этмагай парво,
Ижро этолмагай видо расмини.
Узлатга топширди яна бир бор, о,
Оташида ёнган ўгай фаслини.
Саратон! Ёнганлар топмагай қадр,
Саратон! Хор эрур кўкси гулханлар…
Сен кетиб борасан юртдан қайгадир,
Оташдан вужуду руҳинг ўртанган.
Кетасан. Осмоннинг кунгурасида
На парча булуту, на бир тутам дуд —
Кечир! Ўчган ўтлар хотирасига
Йиғлашни унутган бу бечора юрт.
Менинг улуғ дўстим! Қуёшлим! Бир боқ!
Сендан олов олган умримнинг шашти
Ғамгин боғлар ичра қолмоқда чарчоқ,
Ҳувиллаб бормоқда кўнглимнинг дашти.
Қўнғироқ қоқаман сенга бу оқшом:
— Учрашайлик, дейман, саратон, қайтгил!
Менинг бу жунжиккан кўнглимга бу он
Ўтлиғ сўзлар билан тасалли айтгил!
Келасан. Қаршингга шошади юрак.
Гарчи ҳануз-ҳануз қадамингда гул,
Сўздан адашаман:— Келдингми, кузак?
Жиддий қўл чўзасан:— Омонмисан, кул?
Бир тола оқ қўнар менинг бошимга,
Шамолда учади севдан бир япроқ…
Биз шундай турамиз дунё қошида —
Кул билан хазоннинг суҳбати узоқ.

2

Дунёнгда мен қирқ йил яшадим тикка,
Ҳар шарпанг танимни тиғлаб ўтдилар.
Худойим! Бу тун ҳам қоронғуликда
Турналар қайгадир йиғлаб ўтдилар.
Ёлвордим ухламай — тонгни сўрадим,
«Тезроқ кетган», дедим суст қадам тунга.
Фалакка. тонгдаёқ шошиб қарадим —
Худойим!— битта ҳам турна йўқ унда.
Турналар йўлини кўрсатгил, борай,
Дардимни уларга айтайин ошкор.
«Ана йўл»— осмонга этдинг ишора…
Худойим! Бу йўлинг нега бунча тор?

3

Мана, қирқ йил дардингга тўлдим,
Зерикмадим суҳбатларингдан —
Дунё, ойдай девона бўлдим,
Сенинг чексиз зулматларингда.
Юлдузларни қайнатди осмон
(Бири куйди, бири соврилди) —
Тунларингда қоришдим пинҳон,
Оловингда мен ҳам қоврилдим.
Олиб келдинг яна боғимга,
Тўкдинг кузак ҳасратин нега?
Наҳот, баргнинг митти доғига
Мендан бўлак топилмас эга?
Кузги шаҳар дарахтларига
Қарғаларнинг галаси қўнди,
Ғам етди дил хилватларига.
Ёлғонларнинг шуъласи сўнди.
Анҳор — тоғдан адашиб келган,
Ҳорғинликда чўзилган сайёҳ,
Тиниқлашди бу ғамда бирдан —
У не сирни англади, дунё?
Куз қўйнида сочилиб ётар
Замин — ерда тўзғиган шолча
Унга қонли учқунлар отар
Баргларидан қон томган олча.
Қиров қўнган хору хашакка,
Ариқларнинг тўнглаган лаби…
Куз тўлиқиб кирди юракка
Ҳушдан айри фаришта каби.
О, ҳушимдан айрилдим мен ҳам!—
Вақт вужудни ўтмоқда тешиб…
Наҳот, умр — қирққа кирган ғам,
Наҳот, умр — тобуту бешик?
Дунё, энди тилсимингни оч —
Олиб кетар нени елларинг.
Ваҳ, қандай ҳайф анов яланғоч
Теракларнинг хипча беллари!
Чинорлар жим хаёл суради —
Танларида зилдай «уҳ»лари.
Хазон кечиб боққа киради
Шаҳидларнинг ҳорғин руҳлари.
Хазонрезга дил бўларкан банд,
Вужуд энди телба воладир.
Бу йиғиким, тобора баланд,
Фарғонадан кўчган ноладир.
Ғофилликни юборар ёзиб,
Ғойибданми келган сас:— Уйғон!
Хазонларга кўксини босиб,
Шу бир сўзни битмоқда Чўлпон.
Ким ўкирди, бу кимнинг «оҳ»и,
Қай телбаваш кечди сабридан?
Балки Усмон Носир арвоҳи
Суягини излар қабридан.
Беғамликни куз этди мағлуб,
Икки дунё бу он жонсарак.
Бизга фақат тазарру матлуб,
Бошимизга йиҳилма, фалак!
Руҳни бугун тиндирмас бир дам,
Боққа ҳайдар тақдирнинг қўли.
Кузда бир бор хазонлик топсанг,
Қисқаради ўзликнинг йўли.
Ярашмагай бежуръат итоб,
Занжирларни айлагил унут.
Нега ғуссанг бунча бешитоб,
Эй, етмиш йил хазон терган юрт?
Ғамлар ичра ол эркин нафас,
Фақат ўзлик озод соҳилдир.
Эрк — азобдан кўчган ғазабмас,
Эрк — ғуссадан учган аҳлдир.
Юрагимни тўлдириб тургил,
Куз берган ҳис, бўлмагил талон
Мен дилимни кузакда ҳурдим,
Забт этолмас уни оломон.
Урилади дилга ҳар гардинг,
Дунё, ноланг жонимда тўкин…
Мен оломон топтаган баргнинг,
Ҳасратида ўлишим мумкин.
Қўй, елкамга, туман, суянма,
Намхуш тортди шундоқ ҳам бетим.
Менинг очиқ қолган миямга
Совуқ ёмғир ёғмоқда бетин.
Вужудимда елар юзма-юз
Ҳаёт билан Мамот шамоли.—
Бир ёнимда камолим ҳануз,
Бир ёнимда эса заволим…
Дўстлар, илиқ ёлғон комидан
Ҳайданг — кузга чиқсин қалбингиз.
Ичинг зариф ғусса жомидан,
Титранаркан ногоҳ лабингиз.
Гул деб меҳр қўйдингиз хорга,
Яшадингиз хорликда яшнаб.
Билмадингаз, хушбахт баҳррда
Юрак кетар вужудни ташлаб.
Қувончнинг кўп зулмлари бор —
Дилни сургун айлагай ғафлат.
Ғамни ичинг!
Кетсин ихтиёр,
Танингиздан арисин нафрат.
Вақт оҳанги терану тиғиз —
Инсонни ют, эй, қуюқ баёт!
Хазонликдан қанча қўрқсангиз,
Сиздан шунча жирканар ҳаёт.
Ҳаққа етдим кузнинг ғамида,
Кўзларимдан чекинди рўё.
Бир «оҳ» урсам, «оҳ»им дамига
Йиқилади қон жиға дунё.
Қайрилади ғаюркор тиғлар,
Бузилади ғаним матлаби…

Куз кўксимга юракни михлар —
Юрак — Исо пайғамбар каби.

4

Биламан, бу куздан бўлмайди ўтиб —
Унинг қайғулари — тентаклик қадар,
Унинг ҳасратлари — юксаклик қадар.
Қалбингга мен қандай бораман етиб,
Ахир, ўртамизда бир фасл кадар.

Ким ёзда қолдию ким қишда ҳолди —
Гапирма. Ўзгармас ҳисмат тартиби.
Ҳаҳ шуким, ўртада тўқсон кун ёнди,
Хазонда ўртанди уч ой таркиби.

Нафасим қайтмоҳда — уфқларни оч,
Паришон дунёни кузак этсин тарк.
Қимтинган лабларга боқиб беилож,
Ёнғин ва муз аро бўлмасимдан ғарқ.

Умримиз ўтмоқда саҳнада каби,
Азоблар — энг қизиқ томошага тенг.
Сендирсан бу кузни яратган наби,
Кузга абадийлик муҳрин босган мен.

Биламан, бу куздан бўлмайди ўтиб —
Унинг ҳасратлари юксаклик қадар,
Унинг қайғулари — тентаклик қадар,
Бизни юборди-ку юксаклик ютиб…
Во ажаб, юксаклик нақадар хатар!

Юр, кетдик. Хазонрез дилни ҳоритди,
Бизни сиғдирмади бу юксак танглик.
Юрагим пастликка етмасдан қотди…
Эвоҳ, бу — пастликмас.
Эвоҳ, теранлик…

5

Куз келди — ҳар баргаи қонталош этди,
Боғлар боғлар билан қон талош этди.

Қон ўлди олчалар, ўриклар қон ўлди,
Ҳатто шафтолилар хун қарош этди.

Хунрезлик касбида мумтоздир кузак,
Шохидан баргларни тез тарош этди.

Маргнинг шамолида учди япроқлар,
Вақт даҳшат бир сирни бизга фош этди.

Йиғлама, азизим, тоғларга қара —
Замон кўз ёшлардан шундоқ тош этди.

Қон сочди, зар сочди, етди муродга —
Хазоним сўнгида қиш маош этди.

6

Қўшиқ айтар бўлсам юрагим тўлди,
Йиғлашдан кўр бўлди ойдин кўзларим.
Эски дўстларимнинг ҳаммаси ўлди,
Ҳали туғилган йўқ янги дўстларим.
Кўйлагим ҳилпирар Вақт шамолида,
Икки ёнбошимда тубсизлик — ёвуз.
Чиқаман ёлғизлик истиқболига
Бошларим — ловуллаб, юрагим — совиб.
Увлайман самога бошимни буриб,
Овозим етмагай аммо тангрига.
Кўзи кўр дунёдай довдираб юриб,
Кираман ўзимнинг муздай қаъримга.
Мени аста-аста хазон айлар дард —
Мени юта бошлар торлик, танқислик..
«Йўлим қани?», дейман — кўринади қалб,
«Манзил қайда», дейман — келар ёлғизлик.

КУЗГИ БОҒ II

1

Қодир эгам бандаларига
Этмоқ бўлди ғуссани тасвир:
Кечди ёзнинг хандаларидан —
Кузни бу тонг айлади асир.
Ғира-шира тонг қучоғида
Ҳайрон боққа ҳайдади кузни.
Жим созида, мунгли созида
Бир айрилиқ дунёсин тузди.
О, айрилиқ! Бепоён ҳижрон!
Ўзинг менда салтанат ўрнат!—
Юрагимдан, қара, бепаймон
Ғамлар борар руҳимга ўрлаб
Тугаб барча саволу сўроқ,
Чарх тангрига соме бу чоғда:
Панжарасиз қолди юрак, боғ—
Тақдир кирди юрагу боққа…

2

Саратон — очиқ юз,
Бахтисрим кетди.
Қолмади мен билан
Бсқарорим кетди.

Эй, барг, сенинг каби
Мен ҳам сарғайдим,
Вақтнинг қўлларида
Эътиборим кетди.

Гул қани? Ёз бўйи
Мени кутганди —
Оҳ, қайси хазонда
Интизорим кетди?

Ёзу баҳорини
Бериб ҳижронга,
Хазонларни босиб
Ёру зорим кетди.

Руҳим зарду баргу
Дардга қоришди —
Мезон каби учиб
Танда борим кетди.

Гул, ксчир! Ёр, кечир!
Кузга асирман —
Ихтиёрим кетди,
Ихтиёрим кетди…

3

Бир барг ҳаёт жимгина битди,
Мангу кетди бир мўъжаз наво.
Оллоҳ, мени бунча титратди,
Барг учганда уйғонган ҳаво?

Забт айлади мени хаёлинг,
Ўртамизда қолмади фироқ.
Юрагимда, Оллоҳ, жамолинг —
Барг учганда уйғонган титроқ…

4

Боғларни ихтиёр этмоқда юрак —
Хазонрез тартибин бузмай, бесадо,
Шовшаган япроққа қўнсайди титраб —
Шабнамдай, ё томчи ёшдай бенаво.
Боғларга қайтгиси келмоқда юрак…
Тақдир — темир дунё синиб кетсайди —
Юрак пинҳон ёшдай оқиб жонсарак,
Кузнинг елкасига сингиб кетсайди.

5

Меҳрга элтмади ёздаги йўлим:
Шодлик — ўйинқароқ, ғусса — тамизли…
Куз — менинг сен томон узатган қўлим,
Боққа чўз қўлингни… Ярашамизми?
Осмонга қарагин, кенгайиб кетди,
Қанча ғусса бўлса сиғар оламга.
Келгин, ярашайлик… Дард ёмон стди —
Дарднинг зарраси ҳам улкан одамга.
Вужудни тўлдирди бир огриқ — майин,
Ёқамни чок этиб йиғласам ўзим…
О, сени йўқотиб борганим сайин,
Юракка айланиб боряпти сўзим.
Чидаб яшайверсанг, айрилиқ — кўним,
Бир журъат топмасанг ҳижрон толмайди.
Куз менинг сен томон узатган қўлим,
Боққа қўл чўзмасанг, куз ҳам қолмайди.

6

Кузда яқин келар заминга Оллоҳ…
Кузнинг раҳматидан нечун жудосан?
Сен — менинг юрагим яратган гуноҳ,
Гуноҳим яратган — танҳо худосан.
Оятлар ўқийди кузнинг ҳар рўзи,
Ҳар япроқ бир ҳадис — терсам, майлими?
Ўрикнинг қонталаш баргидан ўзим
Баргдасталар тузиб берсам, майлими?
Кузакнинг рўйига боқиб бу оқшом,
Бир ҳол топмоқ керак яшамоққа мос.
Тобора олисда ҳаётдан ҳижрон,
Тобора кўришмоқ жон бермоққа хос.
Мен туҳмат қилмайман бахту иқболга,
Нимаики кўрдим сен ёлғиз гувоҳ.
Хоҳласанг — қарагин, хоҳласанг — олқа…
Ерга кузда яқин — эшитгай Оллоҳ!

7

Замин билан осмон — сену менман,
Саҳар билан оқшом — сену менман.
Еру осмон аро бир ишқ бордир —
Ишқдан бунёд ҳижрон — сену менман.

Куздаги икки япроқ — сену менман,
Баргдаги митти фироқ — сену менман.
Жоним, фироқ аро бир севги бор,
Фироқда қолган чироқ — сену менман.

Машриқ билан Мағриб — сену менман,
Мағлуб, яна мағлуб— сену менман.
Жоним, мағлубликда бир умид бор —
Йўлларда сарсон мактуб сену менман.

Олов билан олов — сену менман,
Олов ичида биров — сену менман.
Жоним, олов ичра шаҳидлик бор —
Ёниб қолган ялов — сену менман.

Қуёш билан қуёш — сену менман,
Кўз ёшга томган кўз ёш — сену менман
Ҳар томчи ёшимизда додимиз бор —
Доддан бунёд икки тош — сену менман.

8

Қаҳратон ўткинчи — тўнмоқ ўткинчи,
Баҳор ўткинчидир — унмоқ ўткинчи.
Ёз ҳам ўткинчидир — тўлмоқ ўткинчи —
Фақат кузак чексиз — сўлмоқ чексиздир.

Қаҳратон ўлдирса — музлик лаҳзадир,
Баҳор телба этса — гуллик лаҳзадир,
Ёз фақат баҳорга қуллик лаҳзадир —
О, сенинг ишқингда ўлмоқ чексиздир.

Мен сенга ҳамиша омонлиғ бердим,
Қийинини олдим — осонлиғ бердим,
Ҳар куни жонимдан қурбоғошғ бердим —
Кўйингда қурбонлиғ бермоқ чексиздир.

Муҳаббат ўтида қалбимиз куйди,
Қўлларимиз куйди, лабимиз куйди,
Икков бир саф эдик — сафимиз куйди,
Олов — бир дақиқа, сўнмоқ — чексиздир.

Кузги боғлар ичра юрагим яйдоқ,
Келгин, боқ! Ҳолимга, келгин, ёрим, боқ…
Ногаҳон новдадан учди бир япроқ —
Бу баргга тупроққа қўнмоқ чексиздир

ДЕРАЗА ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Кузакнинг бесоҳиб кечаларида
Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар…
Дунёнинг ҳўлзулмат кўчаларида,
Тентираб кезинар ёлғиз дераза.

Ойнасида ўйнар чироқнинг акси,
Қайиқ сурати бор пардаларида.
Тентирар дераза — хазонлар босиб,
Бепарво кузакнинг зардаларига.

Саккиз ойнаси бор — саккизта туман,
Ғуссадан саккизга бўлинган сийна —
Боради чарчаган кўчалар билан
Саккизга ажралган жонини қийнаб.

Автолар ёнида ўтар зувиллаб,
Халқоблар пойида қолар сочилиб,
Боради жунжикиб, борар ҳувиллаб,
Йиғлар — мен билмадим кимга ачиниб.

Кеча мавжланади — ҳудудсиз денгиз…
(Изғиринлар елар, ёмғирлар эзар…)
Тунга чўкиб кетган тўрт тараф тубсиз…
Ночор кема каби сузар дераза.

Кўп қават бинолар чарақлаб турар,
Сассиз ҳайқиришар: «Бизлар — бахтиёр!..»
Бахтдан гангиб қолган бу чўнг девларга,
Ёлғиз деразанинг дарди не даркор?

Дераза чарчабми ерга чўкади,
Тани чиппа ботар кузак лойига.
Устидан дарахтлар хазон тўкади…
Ҳамма деразалар жойи-жойида!

Дераза қайтади пою-пиёда,
Ўтган йўлларини танимас кўзи…
Совуқ бир девор бор, ахир, дунёда,
Ўша муздай девор — қисматнинг ўзи!

Синган қанот каби — судралиб борар
Иккита пардаси — шундоқ жиққа ҳўл.
Ахир, бу дудёда бир девор бор-а,
Бедорлиги камдир, уйқулари мўл.

Ана, хуррак отиб ухлар беармон…
Дераза термулар деворга ғамгин:
— Бир кун қайтмас бўлиб кетаман, ишон!
Уйғонгин, деворжон! Уйғон! Уйғонгин!..

Дераза деворга келиб ўрнашар,
Даҳшатда қотади саккизта кўзи:
Қуриб улгурмаган дарпардалардан
Қайиқлар қайгадир кетишар сузиб…

Муслимбек Мусалламовнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди

021
Usmon Azim
KUZ SHE’RLARI
066

KUZGI BOG’ I

1
022
Quyosh kular. Ammo tun ziyosida
Olis soyalarday sollandi armon.
Bu tunda — behudud vaqt daryosida
Noxos yiqildiyu cho’kdi saraton.
Bul ishni, bilmayman, qay kuch hal etdi?
Taqdirning o’zbekka yolg’iz sovrini
Qo’l ham silkitmasdan, vidosiz ketdi,
Bo’g’zida qoldirib otash hovrini.
Dunyo saxiylikka etmagay parvo,
Ijro etolmagay vido rasmini.
Uzlatga topshirdi yana bir bor, o,
Otashida yongan o’gay faslini.
Saraton! Yonganlar topmagay qadr,
Saraton! Xor erur ko’ksi gulxanlar…
Sen ketib borasan yurtdan qaygadir,
Otashdan vujudu ruhing o’rtangan.
Ketasan. Osmonning kungurasida
Na parcha bulutu, na bir tutam dud —
Kechir! O’chgan o’tlar xotirasiga
Yig’lashni unutgan bu bechora yurt.
Mening ulug’ do’stim! Quyoshlim! Bir boq!
Sendan olov olgan umrimning shashti
G’amgin bog’lar ichra qolmoqda charchoq,
Huvillab bormoqda ko’nglimning dashti.
Qo’ng’iroq qoqaman senga bu oqshom:
— Uchrashaylik, deyman, saraton, qaytgil!
Mening bu junjikkan ko’nglimga bu on
O’tlig’ so’zlar bilan tasalli aytgil!
Kelasan. Qarshingga shoshadi yurak.
Garchi hanuz-hanuz qadamingda gul,
So’zdan adashaman:— Keldingmi, kuzak?
Jiddiy qo’l cho’zasan:— Omonmisan, kul?
Bir tola oq qo’nar mening boshimga,
Shamolda uchadi sevdan bir yaproq…
Biz shunday turamiz dunyo qoshida —
Kul bilan xazonning suhbati uzoq.

2

Dunyongda men qirq yil yashadim tikka,
Har sharpang tanimni tig’lab o’tdilar.
Xudoyim! Bu tun ham qorong’ulikda
Turnalar qaygadir yig’lab o’tdilar.
Yolvordim uxlamay — tongni so’radim,
«Tezroq ketgan», dedim sust qadam tunga.
Falakka. tongdayoq shoshib qaradim —
Xudoyim!— bitta ham turna yo’q unda.
Turnalar yo’lini ko’rsatgil, boray,
Dardimni ularga aytayin oshkor.
«Ana yo’l»— osmonga etding ishora…
Xudoyim! Bu yo’ling nega buncha tor?

3

Mana, qirq yil dardingga to’ldim,
Zerikmadim suhbatlaringdan —
Dunyo, oyday devona bo’ldim,
Sening cheksiz zulmatlaringda.
Yulduzlarni qaynatdi osmon
(Biri kuydi, biri sovrildi) —
Tunlaringda qorishdim pinhon,
Olovingda men ham qovrildim.
Olib kelding yana bog’imga,
To’kding kuzak hasratin nega?
Nahot, bargning mitti dog’iga
Mendan bo’lak topilmas ega?
Kuzgi shahar daraxtlariga
Qarg’alarning galasi qo’ndi,
G’am yetdi dil xilvatlariga.
Yolg’onlarning shu’lasi so’ndi.
Anhor — tog’dan adashib kelgan,
Horg’inlikda cho’zilgan sayyoh,
Tiniqlashdi bu g’amda birdan —
U ne sirni angladi, dunyo?
Kuz qo’ynida sochilib yotar
Zamin — yerda to’zg’igan sholcha
Unga qonli uchqunlar otar
Barglaridan qon tomgan olcha.
Qirov qo’ngan xoru xashakka,
Ariqlarning to’nglagan labi…
Kuz to’liqib kirdi yurakka
Hushdan ayri farishta kabi.
O, hushimdan ayrildim men ham!—
Vaqt vujudni o’tmoqda teshib…
Nahot, umr — qirqqa kirgan g’am,
Nahot, umr — tobutu beshik?
Dunyo, endi tilsimingni och —
Olib ketar neni yellaring.
Vah, qanday hayf anov yalang’och
Teraklarning xipcha bellari!
Chinorlar jim xayol suradi —
Tanlarida zilday «uh»lari.
Xazon kechib boqqa kiradi
Shahidlarning horg’in ruhlari.
Xazonrezga dil bo’larkan band,
Vujud endi telba voladir.
Bu yig’ikim, tobora baland,
Farg’onadan ko’chgan noladir.
G’ofillikni yuborar yozib,
G’oyibdanmi kelgan sas:— Uyg’on!
Xazonlarga ko’ksini bosib,
Shu bir so’zni bitmoqda Cho’lpon.
Kim o’kirdi, bu kimning «oh»i,
Qay telbavash kechdi sabridan?
Balki Usmon Nosir arvohi
Suyagini izlar qabridan.
Beg’amlikni kuz etdi mag’lub,
Ikki dunyo bu on jonsarak.
Bizga faqat tazarru matlub,
Boshimizga yihilma, falak!
Ruhni bugun tindirmas bir dam,
Boqqa haydar taqdirning qo’li.
Kuzda bir bor xazonlik topsang,
Qisqaradi o’zlikning yo’li.
Yarashmagay bejur’at itob,
Zanjirlarni aylagil unut.
Nega g’ussang buncha beshitob,
Ey, yetmish yil xazon tergan yurt?
G’amlar ichra ol erkin nafas,
Faqat o’zlik ozod sohildir.
Erk — azobdan ko’chgan g’azabmas,
Erk — g’ussadan uchgan ahldir.
Yuragimni to’ldirib turgil,
Kuz bergan his, bo’lmagil talon
Men dilimni kuzakda hurdim,
Zabt etolmas uni olomon.
Uriladi dilga har garding,
Dunyo, nolang jonimda to’kin…
Men olomon toptagan bargning,
Hasratida o’lishim mumkin.
Qo’y, yelkamga, tuman, suyanma,
Namxush tortdi shundoq ham betim.
Mening ochiq qolgan miyamga
Sovuq yomg’ir yog’moqda betin.
Vujudimda yelar yuzma-yuz
Hayot bilan Mamot shamoli.—
Bir yonimda kamolim hanuz,
Bir yonimda esa zavolim…
Do’stlar, iliq yolg’on komidan
Haydang — kuzga chiqsin qalbingiz.
Iching zarif g’ussa jomidan,
Titranarkan nogoh labingiz.
Gul deb mehr qo’ydingiz xorga,
Yashadingiz xorlikda yashnab.
Bilmadingaz, xushbaxt bahrrda
Yurak ketar vujudni tashlab.
Quvonchning ko’p zulmlari bor —
Dilni surgun aylagay g’aflat.
G’amni iching!
Ketsin ixtiyor,
Taningizdan arisin nafrat.
Vaqt ohangi teranu tig’iz —
Insonni yut, ey, quyuq bayot!
Xazonlikdan qancha qo’rqsangiz,
Sizdan shuncha jirkanar hayot.
Haqqa yetdim kuzning g’amida,
Ko’zlarimdan chekindi ro’yo.
Bir «oh» ursam, «oh»im damiga
Yiqiladi qon jig’a dunyo.
Qayriladi g’ayurkor tig’lar,
Buziladi g’anim matlabi…

Kuz ko’ksimga yurakni mixlar —
Yurak — Iso payg’ambar kabi.

4

Bilaman, bu kuzdan bo’lmaydi o’tib —
Uning qayg’ulari — tentaklik qadar,
Uning hasratlari — yuksaklik qadar.
Qalbingga men qanday boraman yetib,
Axir, o’rtamizda bir fasl kadar.

Kim yozda qoldiyu kim qishda holdi —
Gapirma. O’zgarmas hismat tartibi.
Hah shukim, o’rtada to’qson kun yondi,
Xazonda o’rtandi uch oy tarkibi.

Nafasim qaytmohda — ufqlarni och,
Parishon dunyoni kuzak etsin tark.
Qimtingan lablarga boqib beiloj,
Yong’in va muz aro bo’lmasimdan g’arq.

Umrimiz o’tmoqda sahnada kabi,
Azoblar — eng qiziq tomoshaga teng.
Sendirsan bu kuzni yaratgan nabi,
Kuzga abadiylik muhrin bosgan men.

Bilaman, bu kuzdan bo’lmaydi o’tib —
Uning hasratlari yuksaklik qadar,
Uning qayg’ulari — tentaklik qadar,
Bizni yubordi-ku yuksaklik yutib…
Vo ajab, yuksaklik naqadar xatar!

Yur, ketdik. Xazonrez dilni horitdi,
Bizni sig’dirmadi bu yuksak tanglik.
Yuragim pastlikka yetmasdan qotdi…
Evoh, bu — pastlikmas.
Evoh, teranlik…

5

Kuz keldi — har bargai qontalosh etdi,
Bog’lar bog’lar bilan qon talosh etdi.

Qon o’ldi olchalar, o’riklar qon o’ldi,
Hatto shaftolilar xun qarosh etdi.

Xunrezlik kasbida mumtozdir kuzak,
Shoxidan barglarni tez tarosh etdi.

Margning shamolida uchdi yaproqlar,
Vaqt dahshat bir sirni bizga fosh etdi.

Yig’lama, azizim, tog’larga qara —
Zamon ko’z yoshlardan shundoq tosh etdi.

Qon sochdi, zar sochdi, yetdi murodga —
Xazonim so’ngida qish maosh etdi.

6

Qo’shiq aytar bo’lsam yuragim to’ldi,
Yig’lashdan ko’r bo’ldi oydin ko’zlarim.
Eski do’stlarimning hammasi o’ldi,
Hali tug’ilgan yo’q yangi do’stlarim.
Ko’ylagim hilpirar Vaqt shamolida,
Ikki yonboshimda tubsizlik — yovuz.
Chiqaman yolg’izlik istiqboliga
Boshlarim — lovullab, yuragim — sovib.
Uvlayman samoga boshimni burib,
Ovozim yetmagay ammo tangriga.
Ko’zi ko’r dunyoday dovdirab yurib,
Kiraman o’zimning muzday qa’rimga.
Meni asta-asta xazon aylar dard —
Meni yuta boshlar torlik, tanqislik..
«Yo’lim qani?», deyman — ko’rinadi qalb,
«Manzil qayda», deyman — kelar yolg’izlik.

KUZGI BOG’ II

1

Qodir egam bandalariga
Etmoq bo’ldi g’ussani tasvir:
Kechdi yozning xandalaridan —
Kuzni bu tong ayladi asir.
G’ira-shira tong quchog’ida
Hayron boqqa haydadi kuzni.
Jim sozida, mungli sozida
Bir ayriliq dunyosin tuzdi.
O, ayriliq! Bepoyon hijron!
O’zing menda saltanat o’rnat!—
Yuragimdan, qara, bepaymon
G’amlar borar ruhimga o’rlab
Tugab barcha savolu so’roq,
Charx tangriga some bu chog’da:
Panjarasiz qoldi yurak, bog’—
Taqdir kirdi yuragu boqqa…

2

Saraton — ochiq yuz,
Baxtisrim ketdi.
Qolmadi men bilan
Bsqarorim ketdi.

Ey, barg, sening kabi
Men ham sarg’aydim,
Vaqtning qo’llarida
E’tiborim ketdi.

Gul qani? Yoz bo’yi
Meni kutgandi —
Oh, qaysi xazonda
Intizorim ketdi?

Yozu bahorini
Berib hijronga,
Xazonlarni bosib
Yoru zorim ketdi.

Ruhim zardu bargu
Dardga qorishdi —
Mezon kabi uchib
Tanda borim ketdi.

Gul, kschir! Yor, kechir!
Kuzga asirman —
Ixtiyorim ketdi,
Ixtiyorim ketdi…

3

Bir barg hayot jimgina bitdi,
Mangu ketdi bir mo»jaz navo.
Olloh, meni buncha titratdi,
Barg uchganda uyg’ongan havo?

Zabt ayladi meni xayoling,
O’rtamizda qolmadi firoq.
Yuragimda, Olloh, jamoling —
Barg uchganda uyg’ongan titroq…

4

Bog’larni ixtiyor etmoqda yurak —
Xazonrez tartibin buzmay, besado,
Shovshagan yaproqqa qo’nsaydi titrab —
Shabnamday, yo tomchi yoshday benavo.
Bog’larga qaytgisi kelmoqda yurak…
Taqdir — temir dunyo sinib ketsaydi —
Yurak pinhon yoshday oqib jonsarak,
Kuzning yelkasiga singib ketsaydi.

5

Mehrga eltmadi yozdagi yo’lim:
Shodlik — o’yinqaroq, g’ussa — tamizli…
Kuz — mening sen tomon uzatgan qo’lim,
Boqqa cho’z qo’lingni… Yarashamizmi?
Osmonga qaragin, kengayib ketdi,
Qancha g’ussa bo’lsa sig’ar olamga.
Kelgin, yarashaylik… Dard yomon stdi —
Dardning zarrasi ham ulkan odamga.
Vujudni to’ldirdi bir ogriq — mayin,
Yoqamni chok etib yig’lasam o’zim…
O, seni yo’qotib borganim sayin,
Yurakka aylanib boryapti so’zim.
Chidab yashayversang, ayriliq — ko’nim,
Bir jur’at topmasang hijron tolmaydi.
Kuz mening sen tomon uzatgan qo’lim,
Boqqa qo’l cho’zmasang, kuz ham qolmaydi.

6

Kuzda yaqin kelar zaminga Olloh…
Kuzning rahmatidan nechun judosan?
Sen — mening yuragim yaratgan gunoh,
Gunohim yaratgan — tanho xudosan.
Oyatlar o’qiydi kuzning har ro’zi,
Har yaproq bir hadis — tersam, maylimi?
O’rikning qontalash bargidan o’zim
Bargdastalar tuzib bersam, maylimi?
Kuzakning ro’yiga boqib bu oqshom,
Bir hol topmoq kerak yashamoqqa mos.
Tobora olisda hayotdan hijron,
Tobora ko’rishmoq jon bermoqqa xos.
Men tuhmat qilmayman baxtu iqbolga,
Nimaiki ko’rdim sen yolg’iz guvoh.
Xohlasang — qaragin, xohlasang — olqa…
Yerga kuzda yaqin — eshitgay Olloh!

7

Zamin bilan osmon — senu menman,
Sahar bilan oqshom — senu menman.
Yeru osmon aro bir ishq bordir —
Ishqdan bunyod hijron — senu menman.

Kuzdagi ikki yaproq — senu menman,
Bargdagi mitti firoq — senu menman.
Jonim, firoq aro bir sevgi bor,
Firoqda qolgan chiroq — senu menman.

Mashriq bilan Mag’rib — senu menman,
Mag’lub, yana mag’lub— senu menman.
Jonim, mag’lublikda bir umid bor —
Yo’llarda sarson maktub senu menman.

Olov bilan olov — senu menman,
Olov ichida birov — senu menman.
Jonim, olov ichra shahidlik bor —
Yonib qolgan yalov — senu menman.

Quyosh bilan quyosh — senu menman,
Ko’z yoshga tomgan ko’z yosh — senu menman
Har tomchi yoshimizda dodimiz bor —
Doddan bunyod ikki tosh — senu menman.

8

Qahraton o’tkinchi — to’nmoq o’tkinchi,
Bahor o’tkinchidir — unmoq o’tkinchi.
Yoz ham o’tkinchidir — to’lmoq o’tkinchi —
Faqat kuzak cheksiz — so’lmoq cheksizdir.

Qahraton o’ldirsa — muzlik lahzadir,
Bahor telba etsa — gullik lahzadir,
Yoz faqat bahorga qullik lahzadir —
O, sening ishqingda o’lmoq cheksizdir.

Men senga hamisha omonlig’ berdim,
Qiyinini oldim — osonlig’ berdim,
Har kuni jonimdan qurbog’oshg’ berdim —
Ko’yingda qurbonlig’ bermoq cheksizdir.

Muhabbat o’tida qalbimiz kuydi,
Qo’llarimiz kuydi, labimiz kuydi,
Ikkov bir saf edik — safimiz kuydi,
Olov — bir daqiqa, so’nmoq — cheksizdir.

Kuzgi bog’lar ichra yuragim yaydoq,
Kelgin, boq! Holimga, kelgin, yorim, boq…
Nogahon novdadan uchdi bir yaproq —
Bu bargga tuproqqa qo’nmoq cheksizdir

DERAZA HAQIDA BALLADA

Kuzakning besohib kechalarida
Izg’irinlar yelar, yomg’irlar ezar…
Dunyoning ho’lzulmat ko’chalarida,
Tentirab kezinar yolg’iz deraza.

Oynasida o’ynar chiroqning aksi,
Qayiq surati bor pardalarida.
Tentirar deraza — xazonlar bosib,
Beparvo kuzakning zardalariga.

Sakkiz oynasi bor — sakkizta tuman,
G’ussadan sakkizga bo’lingan siyna —
Boradi charchagan ko’chalar bilan
Sakkizga ajralgan jonini qiynab.

Avtolar yonida o’tar zuvillab,
Xalqoblar poyida qolar sochilib,
Boradi junjikib, borar huvillab,
Yig’lar — men bilmadim kimga achinib.

Kecha mavjlanadi — hududsiz dengiz…
(Izg’irinlar yelar, yomg’irlar ezar…)
Tunga cho’kib ketgan to’rt taraf tubsiz…
Nochor kema kabi suzar deraza.

Ko’p qavat binolar charaqlab turar,
Sassiz hayqirishar: «Bizlar — baxtiyor!..»
Baxtdan gangib qolgan bu cho’ng devlarga,
Yolg’iz derazaning dardi ne darkor?

Deraza charchabmi yerga cho’kadi,
Tani chippa botar kuzak loyiga.
Ustidan daraxtlar xazon to’kadi…
Hamma derazalar joyi-joyida!

Deraza qaytadi poyu-piyoda,
O’tgan yo’llarini tanimas ko’zi…
Sovuq bir devor bor, axir, dunyoda,
O’sha muzday devor — qismatning o’zi!

Singan qanot kabi — sudralib borar
Ikkita pardasi — shundoq jiqqa ho’l.
Axir, bu dudyoda bir devor bor-a,
Bedorligi kamdir, uyqulari mo’l.

Ana, xurrak otib uxlar bearmon…
Deraza termular devorga g’amgin:
— Bir kun qaytmas bo’lib ketaman, ishon!
Uyg’ongin, devorjon! Uyg’on! Uyg’ongin!..

Deraza devorga kelib o’rnashar,
Dahshatda qotadi sakkizta ko’zi:
Qurib ulgurmagan darpardalardan
Qayiqlar qaygadir ketishar suzib…

Muslimbek Musallamovning feysbukdagi sahifasidan olindi

033

(Tashriflar: umumiy 292, bugungi 1)

Izoh qoldiring