Usmon Qo’chqor. Seni shu zaminda uchratib qoldim & Mashhura Sheraliyeva. Quvonchbaxsh g’ussa

033    Ҳар бир яхши ижодкорни унинг янги асари орқали янгидан танигандек, уни ўзим учун қайтадан кашф қилгандек бўлавераман. Усмон Қўчқорнинг янги туркум шеърларини ўқиётганимда ҳам шундай бўлди. Гўё мен яшаётган оламдаги ҳамма нарса бирдан тўхтаб қолди, бир зум тўхтаб турдию яна жонланиб кетди. Бу мендаги ҳайрат туфайли эди. Шоирнинг менга тушунарли бўлган, мен гаплашадиган тилда ёзилган шеърларини “таржима” қилиб бериш ниятим йўқ. Бироқ мени ҳайратга солган нарса нелигини билгим, англагим келаверади.

Машҳура ШЕРАЛИЕВА
ҚУВОНЧБАХШ  ҒУССА
034

Тангрим, сўраб қўяй ҳозироқ сендан,
Бир куни қолмайин миннатларингга.
Куйган юрак билан, куйик қалб билан
Мени қўярсанми жаннатларингга?

Тўғрисини айтганда, кўпдан бери шеър ўқимай қўйганимни ҳеч нарса билан оқлаёлмайман. Йўқ, шеъриятнинг даражаси пасайиб кетгани (алҳазар, бундай десам кибрга кетиб қоламан!) учун эмас, ўнтадан битта яхши шеърни танлаб, ажратиб олишга шунчаки ҳафсала қилмаганим учун ўқимай қўйган бўлсам керак. Яқиндан бери бу баҳона ҳам ўтмай қолди. Энди бу борада тайёр, беминнат “гид” топиб олганман — шоир Хуршид Давроннинг сайти.

Ҳар бир яхши ижодкорни унинг янги асари орқали янгидан танигандек, уни ўзим учун қайтадан кашф қилгандек бўлавераман. Усмон Қўчқорнинг янги туркум шеърларини ўқиётганимда ҳам шундай бўлди. Гўё мен яшаётган оламдаги ҳамма нарса бирдан тўхтаб қолди, бир зум тўхтаб турдию яна жонланиб кетди. Бу мендаги ҳайрат туфайли эди. Шоирнинг менга тушунарли бўлган, мен гаплашадиган тилда ёзилган шеърларини “таржима” қилиб бериш ниятим йўқ. Бироқ мени ҳайратга солган нарса нелигини билгим, англагим келаверади.

Беш-олти йилнинг берисида менда ёмон бир одат пайдо бўлган: айрим шеърлар муаллифнинг ўзини оқkаб олиши учунгина ёзилганини ҳис қилиб тураман. Бунақа шеърларнинг муаллифлари ўзининг нақадар бечора ва шу боис жудаям яхши одам эканини иддао қилаётгандек туюлаверади. Улардан фарқ қилароқ, Усмон Қўчқорнинг лирик қаҳрамони ҳеч кимдан эътироф ҳам, эътироз ҳам кутаётгани йўқ (балки, марғуб томони ҳам шудир!), унга ўз ҳолини расмана англаш ва ифодалаш муҳимроқ. Эътиборимни тортган яна бир жиҳат шуки, Усмон Қўчқорнинг мазкур туркумдаги шеърларида “мен” ва “сен”нинг “биз”га айланганини кўрмадим (“Йўл узоқ” шеъридаги “биз”ни маслак нуқтаи назаридан тушундим). “Тангрим сўраб қўяй ҳозироқ сендан”, деб бошланган шеърда эса умуман “сен” йўқ, ёр ҳақида ҳатто “у” деб ҳам эсланмаган. Нега?

“Кутиш” шеърида “сен” келгунича (“Сен доим қайгадир шошиб яшайсан, / Қалбингда бир дунё орзу ва умид”…), “мен” аллақачон дарахтга айланиб бўлади.

Атрофга жовдираб боқурсан ҳайрон,
Ҳайрон суянасан ёлғиз дарахтга.
Билмассан —
Бу дарахт нега жим қотган,
Билмассан — Бу қайғу қайданлигини.
Билмассан —
Сени кута-кута илдизлар отган
Бу дарахт — дарахтмас, одамлигини…

Бу мисраларда иддао йўқ, таъна йўқ, ўз ҳолидан шикоят ҳам йўқ. Дарахтга суяниб, атрофга ҳайрон боқаётган қиз билан бирга менинг руҳим ҳам сокинлашиб, хаёл ичида қолиб кетди…

Олисда бир шамол гувлаб эсмоқда,
Ўтмоқда бу боғнинг энди ёзлари.
Кунма-кун чирмовуқ каби ўсмоқда
Юракда ғуссанинг имтиёзлари….

Шеър менга аҳволимни англатди гўё — кўзгуга қарагандек бўлдим. Нега бунча сокинлашиб бормоқдаман-а?.. Ахир баҳоригина эмас, ёзи ҳам ўтиб бораётганини ич-ичидан сезиб, сўнгсиз ғусса ичра йўқолиб бораётган мен эмасмидим?.. Аммо нима учун юракда одамни дилгир қиладиган афсус-надомат йўқ? Негаки баҳоридан кейин ёзи ҳам ўтиб бораётган инсон қалбидаги туйғуларнинг бари — қувончи ҳам, ғам-ғуссаси ҳам бирдек қадрли. Йўқса ғам-ғуссанинг ифодаси бу қадар — Усмон Қўчқор шеърларидаги каби гўзал бўлмасди.

Барибир, шеър ҳақида ҳеч нарса айтмадим ҳисоб. Шоирнинг шеърлари ўзи ҳақида мендан кўра кўпроқ сўзлайди. Фақат, шеъриятни тушуниш, ҳис қилиш қобилиятини йўқотиб қўйяпман (кузатишимча, бундай психологик комплекс биргина менга хос эмас, яна билмадим), деб ўзимни камситишдан халос этгани учун шоирдан миннатдор бўлмоғим лозим.

Манба: «Тафаккур» журнали, 4/2015

Усмон ҚЎЧҚОР
СЕНИ ШУ ЗАМИНДА УЧРАТИБ ҚОЛДИМ
04

004Усмон Қўчқор 1953 йил 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1975). «Ҳаяжонга кўмилган дунё» (1982), «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), «Чамангул» (1996), «Ширқ» каби шеърий китоблари нашр этилган. «Қувғун» достони ва «Имом Бухорий» шеърий драмасининг муаллифи. Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» ва «Шайх Санъон» драмаларини, Юсуф Самадўғлининг «Қатл куни», Анорнинг «Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати» романларини ўзбек тилига таржима қилган.

034

КУТИШ

Сен доим қайгадир шошиб яшайсан,
Қалбингда бир дунё орзу ва умид.
Баҳор дарёсидай тошиб яшайсан,
Мен эса дарахтдай сақлайман сукут.

Зўрға улгурасан “хайр” демоққа,
Автобуслар сени олиб кетади.
Сен елиб борасан билгисиз ёққа,
Бекатда бир кимса қолиб кетади.

Сенга қанот берар ёшликнинг сеҳри,
Ниятлар етаклар, тилаклар чорлар.
Тушингга киради ўзга юрт меҳри,
Хаёлинг ўғирлар олис диёрлар.

Парвозлар шиддати ёғар юзингдан,
Тайёралар олиб учади сени.
Бегона шамоллар ўпар кўзингдан,
Бегона муҳитлар қучади сени.

Ўлжа олиб учган бургутдай тамкин –
Тайёра кўзлардан бўларкан ғойиб,
Бир кимса заминда қолади ғамгин,
Бир кимса фалакка боқар мунғайиб…

Баҳорлар яшнайди сенинг отингдан,
Толе гулдасталар этаркан тортиқ,
Хонгулим, бу кунлар чиқар ёдингдан,
Хотиралар сени қийнамас ортиқ.

Жажжи юрагингда бир дунё тоқат,
Бахт-ку сени ташлаб кетмайди.
Бу гўзал, бу нажиб умрингга фақат
Барибир нимадир етмайди.

Охир толиқтирар шафқатсиз ҳаёт,
Бир куни парвозлар тегар жонингга.
Сўнгги бор куч йиғиб,
Чиқариб қанот,
Сен учиб келасан ўз маконингга.

Ҳазин қўшиқ куйлаб, пою пиёда
Томоша қиларсан шаҳарнинг кўркин.
Сирлар озми, ахир, қайтар дунёда,
Ҳув ўша бекатга…
Келарсан бир кун.

Замин – ўша-ўша,
Ўшадир Осмон,
Етдингми сен ўзинг ахтарган бахтга?
Атрофга жовдираб боқурсан ҳайрон,
Ҳайрон суянасан ёлғиз дарахтга.

Билмассан –
Бу дарахт нега жим қотган,
Билмассан –
Бу қайғу қайданлигини.
Билмассан –
Сени кута-кута илдизлар отган
Бу дарахт – дарахтмас, одамлигини…

ЙЎЛ УЗОҚ

Биз шунчаки сайрга келдик,
Майлимизни тортди
Замин бекати.
Бир дуойи хайрга келдик,
Савоби ҳаммага тегади.

Офтобларда бўлдик жизғансак,
Сиз фароғат топинг кўлкада.
Наҳот бир оғочни қизғансак
Сиздан шу бепоён ўлкада?..

Тўзғиб кетган бўлса, айб этманг
Фақирнинг жўн бошмоқларини.
Фақат сўзлаб – бизни чалғитманг –
Ернинг ёлғон-яшмоқларини.

Тиланмаймиз ниёз аттордан,
Сўрмаймиз ҳаловат буржини.
Чўчимаймиз риёзатлардан,
Елкада – маломат хуржуни.

Кел, бу айшни кўрайлик баҳам,
Дея қўйманг бизга қил тузоқ.
Ҳали бошқа дунёларга ҳам
Боришимиз керак…
Йўл узоқ…

МИЛЁН ЙИЛ МЕН СЕНДАН…

Дунёнинг сувида, олов, чангида
Минг йилким, мен сендан қочиблар толдим.
Бироқ йигирманчи аср сўнгида
Сени шу Заминда учратиб қолдим.

Тангри шу муҳлатни қилмишдир насиб,
Киприкларинг таниш, қошларинг таниш.
Ўша боқишларинг – гинали, жозиб,
Қаро кўзлардаги ёшларинг таниш.

Ёлғиз юрагимда минг яра, ҳузн,
Танҳо бу кўнглимда минг битта шикан.
Сен ҳамон ораста, сен ҳамон мавзун,
Демак, вақтнинг сенга дахли йўқ экан.

Фақат қаҳринг қаттиқ, азобинг чексиз,
Оламга қайғулар солиб келасан.
Пойингга тиз чўкар бу дунё, шаксиз,
Ҳамиша бир ўзинг ғолиб келасан.

Ишқ деган маъбудсан, тирноқларига
Юракнинг қонидан хинолар ёққан.
Ларзалар солибон арш тоқларига,
Сокин самоларда чақмоқлар чаққан.

Кел, дейсан, кафтимда ёнмоқда толе,
Аслида кулфатни тутиб турасан.
Ўлжасин пойлаган йўлбарс мисоли
Сапчимоқ фурсатин кутиб турасан.

Минг йилким,
Дунёда йўқдир фароғат,
Сендандир бу қайғу силсилалари.
Сендан – кўнгилларда битмас жароҳат,
Юракнинг туганмас зилзилалари.

Тошқинлар сенингдир гувиллаб оққан,
Хароб бўлган қасру кошона сендан.
Ёнғинлар сенингдир фалакни ёққан,
Куйиб кул бўлган дил –
Вайрона сендан.

Сенга дуч келганлар тушин ўнгидан
Ажрата олмайди – девона, абгор…
Эвоҳ, йигирманчи аср сўнгида
Сенга шу Заминда дуч келдим такрор.

Қочдим самоларга ёниб, ёлбориб,
Ёдимда ажалдек доим сен бўлдинг.
Милён йил мен сендан қочдим телбариб,
Қоча-қоча келган жойим…
Сен бўлдинг…

* * *

Олисдан бир шамол гувлаб эсмоқда,
Ўтмоқда бу боғнинг эмди ёзлари.
Кунма-кун чирмовуқ каби ўсмоқда
Юракда ғуссанинг имтиёзлари.

Меваси сочилиб ётган боғларга
Хазон диёридан келур дараклар.
Бундай андуҳларга, бундай доғларга
Қандайин кўниксин вазмин дарахтлар.

Дунёнинг вужуди борар қувраниб,
Сувин тортаётир жилға, сойлиқлар…
Жулдур камзулига ғамгин ўраниб
Фалакда ой йиғлар…
Кўкда ой йиғлар…

* * *

Орзу қилмагандик бу хор жасадни,
Руҳ ила кўкларга боғланган эдик.
Тангри англамабди бизнинг мақсадни,
Ўзга оламларга чоғланган эдик.

Оҳ шўрлик ерликлар… ғами аримас,
Тушига сут, пишлоқ, ҳурлар киради.
Бизнинг тушларга-чи, қора ер эмас,
Шуълалар киради, нурлар киради…

* * *
Қашқадарё сафарида,
Самарқандда ёзилган шеър

Мен бир йўловчидек келдим дунёга,
Йўлимда мингта ғов, минг хаёл бошда…
Вужуд кетаётир Қашқадарёга,
Хаёлим Шошдадир, хаёлим Шошда.

Ёдимда сен азоб фариштасидек
Осмон фавворида қолиб кетдинг жим.
Масофа чўзилар жон риштасидек,
Бу ришта узилиб кетмасин, Тангрим.

Тангрим, унинг мендек девонаси йўқ,
Ерда ҳам, кўкда ҳам ўзинг шоҳидсан.
Мен – ваҳдат ёйидан узилган бир ўқ,
Гулим, сен бу ўқни отган воҳидсан.

Тенгсиз воҳидасан, танҳосан, тоқсан,
Еттинчи фалакдан тушган жонимсан.
Самарқанддан Шошга Амирдек боқсам,
Нурланиб кўринган Бибихонимсан.

Пайкон ортга қайтмас дейдилар. Ёлғон!
Сенсиз бу шаҳарда мен ўксинаман.
Эртага қайтурман тағин сен томон,
Эртага пойингга тушиб синаман…

* * *

Сим қоқасан бир гўзал пайтким,
Хаёлимдан чекинар ўлим.
Ерда ҳозир сукунат. Айтгил,
Самоларда нима гап, гулим?

Ерни ҳеч ким келмас сўроқлаб,
Бу зулматга кўникди кўзим.
Турибдими ҳамон чарақлаб
Самодаги бир жуфт юлдузим?

Ерда ўша жимжитлик ҳамон,
Қоронғуда кўнгил синиқди.
Асрадингми кўзлардан омон,
Ойларимнинг ранги тиниқми?

Ернинг иши фақат қайғурмоқ,
Ўшанга ҳам етмайди ҳоли.
Ерга насиб қилурми кўрмоқ
Пайғамбарнинг икки ҳилолин.

Ерда умид овози тинган,
Изғиб юрар шубҳалар – соқчи.
Тушмадими кўкда ортингдан
Бирин-кетин Етти қароқчи?

Ерда ҳамон ўша тор-танглиғ,
Ўша-ўша – ер кўнгли ярим.
Элас-элас хотирот янглиғ
Кўкка қачон чиқар Ҳулкарим?

Ерда ўша талотўп ҳамон,
Ернинг ҳоли ўша – зер-забар.
Кўкка қачон чиқади Чўлпон,
Тонг узоқми, хабар бер, хабар…

* * *

Тангрим, сўраб қўяй ҳозироқ сендан,
Бир куни қолмайин миннатларингга:
Куйган юрак билан, куйик қалб билан
Мени қўярсанми жаннатларингга?

Сабр этгил, ёнмагил, дединг, зиёда,
Ўгитингни буздим…
Қандоқ боқасан?
Куйиб тамом бўлсам мен бу дунёда,
Қайси дўзахингда ёқасан?

Ё Раббилоламин,
Сўзинг синмаган,
Лекин кулмоқдадир мендан халойиқ.
Ишқдан бошқасига бўйин  сунмаган
Гуноҳкор банданг не жазога лойиқ?

Ишқдан бошқа бирор калом билмаган,
Билмаган – роҳатнинг маъноси надир,
Севган, севгисидан тавба қилмаган
Осий бу қулингнинг жазоси надир?…

Манба: «Китоб дунёси» газетаси, 2014, июнь

092

Mashhura SHERALIEVA
QUVONCHBAXSH G’USSA
034

Tangrim, so’rab qo’yay hoziroq sendan,
Bir kuni qolmayin minnatlaringga.
Kuygan yurak bilan, kuyik qalb bilan
Meni qo’yarsanmi jannatlaringga?

To’g’risini aytganda, ko’pdan beri she’r o’qimay qo’yganimni hech narsa bilan oqlayolmayman. Yo’q, she’riyatning darajasi pasayib ketgani (alhazar, bunday desam kibrga ketib qolaman!) uchun emas, o’ntadan bitta yaxshi she’rni tanlab, ajratib olishga shunchaki hafsala qilmaganim uchun o’qimay qo’ygan bo’lsam kerak. Yaqindan beri bu bahona ham o’tmay qoldi. Endi bu borada tayyor, beminnat “gid” topib olganman — shoir Xurshid Davronning sayti.

Har bir yaxshi ijodkorni uning yangi asari orqali yangidan tanigandek, uni o’zim uchun qaytadan kashf qilgandek bo’laveraman. Usmon Qo’chqorning yangi turkum she’rlarini o’qiyotganimda ham shunday bo’ldi. Go’yo men yashayotgan olamdagi hamma narsa birdan to’xtab qoldi, bir zum to’xtab turdiyu yana jonlanib ketdi. Bu mendagi hayrat tufayli edi. Shoirning menga tushunarli bo’lgan, men gaplashadigan tilda yozilgan she’rlarini “tarjima” qilib berish niyatim yo’q. Biroq meni hayratga solgan narsa neligini bilgim, anglagim kelaveradi.

Besh-olti yilning berisida menda yomon bir odat paydo bo’lgan: ayrim she’rlar muallifning o’zini oqkab olishi uchungina yozilganini his qilib turaman. Bunaqa she’rlarning mualliflari o’zining naqadar bechora va shu bois judayam yaxshi odam ekanini iddao qilayotgandek tuyulaveradi. Ulardan farq qilaroq, Usmon Qo’chqorning lirik qahramoni hech kimdan e’tirof ham, e’tiroz ham kutayotgani yo’q (balki, marg’ub tomoni ham shudir!), unga o’z holini rasmana anglash va ifodalash muhimroq. E’tiborimni tortgan yana bir jihat shuki, Usmon Qo’chqorning mazkur turkumdagi she’rlarida “men” va “sen”ning “biz”ga aylanganini ko’rmadim (“Yo’l uzoq” she’ridagi “biz”ni maslak nuqtai nazaridan tushundim). “Tangrim so’rab qo’yay hoziroq sendan”, deb boshlangan she’rda esa umuman “sen” yo’q, yor haqida hatto “u” deb ham eslanmagan. Nega?

“Kutish” she’rida “sen” kelgunicha (“Sen doim qaygadir shoshib yashaysan, / Qalbingda bir dunyo orzu va umid”…), “men” allaqachon daraxtga aylanib bo’ladi.

Atrofga jovdirab boqursan hayron,
Hayron suyanasan yolg’iz daraxtga.
Bilmassan —
Bu daraxt nega jim qotgan,
Bilmassan — Bu qayg’u qaydanligini.
Bilmassan —
Seni kuta-kuta ildizlar otgan
Bu daraxt — daraxtmas, odamligini…

Bu misralarda iddao yo’q, ta’na yo’q, o’z holidan shikoyat ham yo’q. Daraxtga suyanib, atrofga hayron boqayotgan qiz bilan birga mening ruhim ham sokinlashib, xayol ichida qolib ketdi…

Olisda bir shamol guvlab esmoqda,
O’tmoqda bu bog’ning endi yozlari.
Kunma-kun chirmovuq kabi o’smoqda
Yurakda g’ussaning imtiyozlari….

She’r menga ahvolimni anglatdi go’yo — ko’zguga qaragandek bo’ldim. Nega buncha sokinlashib bormoqdaman-a?.. Axir bahorigina emas, yozi ham o’tib borayotganini ich-ichidan sezib, so’ngsiz g’ussa ichra yo’qolib borayotgan men emasmidim?.. Ammo nima uchun yurakda odamni dilgir qiladigan afsus-nadomat yo’q? Negaki bahoridan keyin yozi ham o’tib borayotgan inson qalbidagi tuyg’ularning bari — quvonchi ham, g’am-g’ussasi ham birdek qadrli. Yo’qsa g’am-g’ussaning ifodasi bu qadar — Usmon Qo’chqor she’rlaridagi kabi go’zal bo’lmasdi.

Baribir, she’r haqida hech narsa aytmadim hisob. Shoirning she’rlari o’zi haqida mendan ko’ra ko’proq so’zlaydi. Faqat, she’riyatni tushunish, his qilish qobiliyatini yo’qotib qo’yyapman (kuzatishimcha, bunday psixologik kompleks birgina menga xos emas, yana bilmadim), deb o’zimni kamsitishdan xalos etgani uchun shoirdan minnatdor bo’lmog’im lozim.

Manba: «Tafakkur» jurnali, 4/2015

Usmon Qo’chqor
SENI SHU ZAMINDA UCHRATIB QOLDIM
04

Usmon Qo’chqor 1953 yil 15 iyulida Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tamomlagan (1975). «Hayajonga ko’milgan dunyo» (1982), «Akssiz sadolar» (1986), «Uyqudagi minora» (1987), «Og’ir karvon» (1991), «Chamangul» (1996), «Shirq» kabi she’riy kitoblari nashr etilgan. «Quvg’un» dostoni va «Imom Buxoriy» she’riy dramasining muallifi. Husayn Jovidning «Amir Temur» va «Shayx San’on» dramalarini, Yusuf Samado’g’lining «Qatl kuni», Anorning «Besh qavatli uyning oltinchi qavati» romanlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

034

KUTISH

08

Sen doim qaygadir shoshib yashaysan,
Qalbingda bir dunyo orzu va umid.
Bahor daryosiday toshib yashaysan,
Men esa daraxtday saqlayman sukut.

Zo’rg’a ulgurasan “xayr” demoqqa,
Avtobuslar seni olib ketadi.
Sen yelib borasan bilgisiz yoqqa,
Bekatda bir kimsa qolib ketadi.

Senga qanot berar yoshlikning sehri,
Niyatlar yetaklar, tilaklar chorlar.
Tushingga kiradi o’zga yurt mehri,
Xayoling o’g’irlar olis diyorlar.

Parvozlar shiddati yog’ar yuzingdan,
Tayyoralar olib uchadi seni.
Begona shamollar o’par ko’zingdan,
Begona muhitlar quchadi seni.

O’lja olib uchgan burgutday tamkin –
Tayyora ko’zlardan bo’larkan g’oyib,
Bir kimsa zaminda qoladi g’amgin,
Bir kimsa falakka boqar mung’ayib…

Bahorlar yashnaydi sening otingdan,
Tole guldastalar etarkan tortiq,
Xongulim, bu kunlar chiqar yodingdan,
Xotiralar seni qiynamas ortiq.

Jajji yuragingda bir dunyo toqat,
Baxt-ku seni tashlab ketmaydi.
Bu go’zal, bu najib umringga faqat
Baribir nimadir yetmaydi.

Oxir toliqtirar shafqatsiz hayot,
Bir kuni parvozlar tegar joningga.
So’nggi bor kuch yig’ib,
Chiqarib qanot,
Sen uchib kelasan o’z makoningga.

Hazin qo’shiq kuylab, poyu piyoda
Tomosha qilarsan shaharning ko’rkin.
Sirlar ozmi, axir, qaytar dunyoda,
Huv o’sha bekatga…
Kelarsan bir kun.

Zamin – o’sha-o’sha,
O’shadir Osmon,
Yetdingmi sen o’zing axtargan baxtga?
Atrofga jovdirab boqursan hayron,
Hayron suyanasan yolg’iz daraxtga.

Bilmassan –
Bu daraxt nega jim qotgan,
Bilmassan –
Bu qayg’u qaydanligini.
Bilmassan –
Seni kuta-kuta ildizlar otgan
Bu daraxt – daraxtmas, odamligini…

YO’L UZOQ

Biz shunchaki sayrga keldik,
Maylimizni tortdi
Zamin bekati.
Bir duoyi xayrga keldik,
Savobi hammaga tegadi.

Oftoblarda bo’ldik jizg’ansak,
Siz farog’at toping ko’lkada.
Nahot bir og’ochni qizg’ansak
Sizdan shu bepoyon o’lkada?..

To’zg’ib ketgan bo’lsa, ayb etmang
Faqirning jo’n boshmoqlarini.
Faqat so’zlab – bizni chalg’itmang –
Yerning yolg’on-yashmoqlarini.

Tilanmaymiz niyoz attordan,
So’rmaymiz halovat burjini.
Cho’chimaymiz riyozatlardan,
Yelkada – malomat xurjuni.

Kel, bu ayshni ko’raylik baham,
Deya qo’ymang bizga qil tuzoq.
Hali boshqa dunyolarga ham
Borishimiz kerak…
Yo’l uzoq…

MILYON YIL MEN SENDAN…

Dunyoning suvida, olov, changida
Ming yilkim, men sendan qochiblar toldim.
Biroq yigirmanchi asr so’ngida
Seni shu Zaminda uchratib qoldim.

Tangri shu muhlatni qilmishdir nasib,
Kipriklaring tanish, qoshlaring tanish.
O’sha boqishlaring – ginali, jozib,
Qaro ko’zlardagi yoshlaring tanish.

Yolg’iz yuragimda ming yara, huzn,
Tanho bu ko’nglimda ming bitta shikan.
Sen hamon orasta, sen hamon mavzun,
Demak, vaqtning senga daxli yo’q ekan.

Faqat qahring qattiq, azobing cheksiz,
Olamga qayg’ular solib kelasan.
Poyingga tiz cho’kar bu dunyo, shaksiz,
Hamisha bir o’zing g’olib kelasan.

Ishq degan ma’budsan, tirnoqlariga
Yurakning qonidan xinolar yoqqan.
Larzalar solibon arsh toqlariga,
Sokin samolarda chaqmoqlar chaqqan.

Kel, deysan, kaftimda yonmoqda tole,
Aslida kulfatni tutib turasan.
O’ljasin poylagan yo’lbars misoli
Sapchimoq fursatin kutib turasan.

Ming yilkim,
Dunyoda yo’qdir farog’at,
Sendandir bu qayg’u silsilalari.
Sendan – ko’ngillarda bitmas jarohat,
Yurakning tuganmas zilzilalari.

Toshqinlar seningdir guvillab oqqan,
Xarob bo’lgan qasru koshona sendan.
Yong’inlar seningdir falakni yoqqan,
Kuyib kul bo’lgan dil –
Vayrona sendan.

Senga duch kelganlar tushin o’ngidan
Ajrata olmaydi – devona, abgor…
Evoh, yigirmanchi asr so’ngida
Senga shu Zaminda duch keldim takror.

Qochdim samolarga yonib, yolborib,
Yodimda ajaldek doim sen bo’lding.
Milyon yil men sendan qochdim telbarib,
Qocha-qocha kelgan joyim…
Sen bo’lding…

* * *

Olisdan bir shamol guvlab esmoqda,
O’tmoqda bu bog’ning emdi yozlari.
Kunma-kun chirmovuq kabi o’smoqda
Yurakda g’ussaning imtiyozlari.

Mevasi sochilib yotgan bog’larga
Xazon diyoridan kelur daraklar.
Bunday anduhlarga, bunday dog’larga
Qandayin ko’niksin vazmin daraxtlar.

Dunyoning vujudi borar quvranib,
Suvin tortayotir jilg’a, soyliqlar…
Juldur kamzuliga g’amgin o’ranib
Falakda oy yig’lar…
Ko’kda oy yig’lar…

* * *

Orzu qilmagandik bu xor jasadni,
Ruh ila ko’klarga bog’langan edik.
Tangri anglamabdi bizning maqsadni,
O’zga olamlarga chog’langan edik.

Oh sho’rlik yerliklar… g’ami arimas,
Tushiga sut, pishloq, hurlar kiradi.
Bizning tushlarga-chi, qora yer emas,
Shu’lalar kiradi, nurlar kiradi…

* * *

Qashqadaryo safarida, Samarqandda yozilgan she’r

Men bir yo’lovchidek keldim dunyoga,
Yo’limda mingta g’ov, ming xayol boshda…
Vujud ketayotir Qashqadaryoga,
Xayolim Shoshdadir, xayolim Shoshda.

Yodimda sen azob farishtasidek
Osmon favvorida qolib ketding jim.
Masofa cho’zilar jon rishtasidek,
Bu rishta uzilib ketmasin, Tangrim.

Tangrim, uning mendek devonasi yo’q,
Yerda ham, ko’kda ham o’zing shohidsan.
Men – vahdat yoyidan uzilgan bir o’q,
Gulim, sen bu o’qni otgan vohidsan.

Tengsiz vohidasan, tanhosan, toqsan,
Yettinchi falakdan tushgan jonimsan.
Samarqanddan Shoshga Amirdek boqsam,
Nurlanib ko’ringan Bibixonimsan.

Paykon ortga qaytmas deydilar. Yolg’on!
Sensiz bu shaharda men o’ksinaman.
Ertaga qayturman tag’in sen tomon,
Ertaga poyingga tushib sinaman…

* * *

Sim qoqasan bir go’zal paytkim,
Xayolimdan chekinar o’lim.
Yerda hozir sukunat. Aytgil,
Samolarda nima gap, gulim?

Yerni hech kim kelmas so’roqlab,
Bu zulmatga ko’nikdi ko’zim.
Turibdimi hamon charaqlab
Samodagi bir juft yulduzim?

Yerda o’sha jimjitlik hamon,
Qorong’uda ko’ngil siniqdi.
Asradingmi ko’zlardan omon,
Oylarimning rangi tiniqmi?

Yerning ishi faqat qayg’urmoq,
O’shanga ham yetmaydi holi.
Yerga nasib qilurmi ko’rmoq
Payg’ambarning ikki hilolin.

Yerda umid ovozi tingan,
Izg’ib yurar shubhalar – soqchi.
Tushmadimi ko’kda ortingdan
Birin-ketin Yetti qaroqchi?

Yerda hamon o’sha tor-tanglig’,
O’sha-o’sha – yer ko’ngli yarim.
Elas-elas xotirot yanglig’
Ko’kka qachon chiqar Hulkarim?

Yerda o’sha taloto’p hamon,
Yerning holi o’sha – zer-zabar.
Ko’kka qachon chiqadi Cho’lpon,
Tong uzoqmi, xabar ber, xabar…

* * *

Tangrim, so’rab qo’yay hoziroq sendan,
Bir kuni qolmayin minnatlaringga:
Kuygan yurak bilan, kuyik qalb bilan
Meni qo’yarsanmi jannatlaringga?

Sabr etgil, yonmagil, deding, ziyoda,
O’gitingni buzdim…
Qandoq boqasan?
Kuyib tamom bo’lsam men bu dunyoda,
Qaysi do’zaxingda yoqasan?

YO Rabbilolamin,
So’zing sinmagan,
Lekin kulmoqdadir mendan xaloyiq.
Ishqdan boshqasiga bo’yinsunmagan
Gunohkor bandang ne jazoga loyiq?

Ishqdan boshqa biror kalom bilmagan,
Bilmagan – rohatning ma’nosi nadir,
Sevgan, sevgisidan tavba qilmagan
Osiy bu qulingning jazosi nadir?…


Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi, 2014, iyun

хдк

(Tashriflar: umumiy 188, bugungi 1)

Izoh qoldiring