Usmon Qo’chqor. To’rtliklar.

04
Истеъдодли шоир Усмон Қўчқорнинг кўпчилик шеърлари ёшликнинг беғубор, содда, одамий қалб туйғуларидан ташкил топганлиги билан китобхонни ўзига жалб этади. Бугун сизга шоир ижодининг яна бир қиррасини намоён этган тўртликларини тақдим этмоқдамиз.

002
УСМОН ҚЎЧҚОР
ТЎРТЛИКЛАР
04

Дунёни ўйнатган дастларни кўрдим,
Чинорларни кўрдим, хасларни кўрдим.
Осмонга устунман дебон, оқибат
Тупроқ ичра ётган касларни кўрдим.

* * *

Қўлимда шукрона тўла бир соғар,
Толе ҳам гоҳ у ён, гоҳ бу ён оғар.
Дардингни дастурхон қилма оламга,
Дўл ёққан бошларга раҳмат ҳам ёғар.

* * *

Олиб турибсанми дунёда нафас,
Қилса бўлар шунинг ўзига ҳавас.
Олган нафасимиз бизники эрур,
Чиққан нафасимиз бизники эмас.

* * *

Яхшилик қилганни ёдда тутсанг бас,
Кўчасидан ўтсанг, эслаб ўтсанг бас.
Минг йиллик бу боғнинг боғбонин сўрма,
Эккану тикканни дуо этсанг бас.

* * *

Бир дарё кўрдимки, ўзани йўқдир,
Бир саҳро – илону кузани йўқдир.
Умрим либосини тиккан чеварнинг
Ангишвонаси йўқ, сўзани йўқдир.

* * *

Шукронага келдик, раҳматга келдик,
Роҳатга келмадик, хазматга келдик.
Ким ошарга келган бу тўй дунёга
Биз қўл қовуштириб хизматга келдик.

* * *

Гулга бўронлигинг намоён этма,
Кўнглингни ҳар касга ҳам аён этма.
Хилватда ёш тўкиб ёнгил, майлига,
Шуълангни шамолга, шам, аён этма.

* * *

Хокисорлик ичра мезон бўлдик биз,
Ишқни куйламакка сўзон бўлдик биз.
Қайдан ҳам ул ёрнинг кўйига тушдик,
Оқибат гард бўлдик, тўзон бўлдик биз.

* * *

Кимдир бу дунёни ўпириб келар,
Кимдир кўкрак кериб, гупуриб келар.
Ерга қулоқ тутиб ётган синчиман,
Минг йил наридан от дупури келар.

* * *

Қишда бир уй берди, мўркони йўқдир,
Ўлжаси мўл дунё, қопқони йўқдир.
Осмонга осилмак истадик, аммо
Арғамчиси йўқдир, арқони йўқдир.

* * *

Дунё молин келиб-кетарлари бор,
Ўксинма, сенга ҳам атарлари бор.
Нафс аталмиш қутқу бир бало ўт-ку,
Унинг кул этгувчи хатарлари бор.

* * *

Майлига, гар «алиф», гар «ё» бўлурмиз,
Томчилаб-томчилаб дарё бўлурмиз.
Бор эдик, кетармиз бир кун йўқликка,
Йўқ эдик, бир куни пайдо бўлурмиз.

* * *

Чўққиларнинг қори эриб туганмас,
Уммонларнинг суви қуриб туганмас.
Оллоҳ олса, олиб қололмас ҳеч ким,
Оллоҳ берса агар бериб туганмас.

* * *

Қўшқулоқ кўчатни ундириб кимдир,
Атиргул қилади, райҳон қилади.
Ҳатто боғбонни ҳам кўндириб кимдир,
Гулзорни туядек пайҳон қилади.

04

08Усмон Қўчқор 1953 йил 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1975). «Ҳаяжонга кўмилган дунё» (1982), «Акссиз садолар» (1986), «Уйқудаги минора» (1987), «Оғир карвон» (1991), «Чамангул» (1996), «Ширқ» каби шеърий китоблари нашр этилган. «Қувғун» достони ва «Имом Бухорий» шеърий драмасининг муаллифи. Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» ва «Шайх Санъон» драмаларини, Юсуф Самадўғлининг «Қатл куни», Анорнинг «Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати», Собир Рустамхонлининг «Кўк тангри» романлари, турк ва азарбайжон шоирлари шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.Ҳозир эса «Adib» нашриётида бош муҳаррир лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Usmon Qo’chqor 1953 yil 15 iyulida Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tamomlagan (1975). «Hayajonga ko’milgan dunyo» (1982), «Akssiz sadolar» (1986), «Uyqudagi minora» (1987), «Og’ir karvon» (1991), «Chamangul» (1996), «Shirq» kabi she’riy kitoblari nashr etilgan. «Quvg’un» dostoni va «Imom Buxoriy» she’riy dramasining muallifi. Husayn Jovidning «Amir Temur» va «Shayx San’on» dramalarini, Yusuf Samado’g’lining «Qatl kuni», Anorning «Besh qavatli uyning oltinchi qavati», Sobir Rustamxonlining «Ko’k tangri» romanlari, turk va azarbayjon shoirlari she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.Hozir esa «Adib» nashriyotida bosh muharrir lavozimida faoliyat olib bormoqda.

002
USMON QO’CHQOR
TO’RTLIKLAR
04

Dunyoni o’ynatgan dastlarni ko’rdim,
Chinorlarni ko’rdim, xaslarni ko’rdim.
Osmonga ustunman debon, oqibat
Tuproq ichra yotgan kaslarni ko’rdim.

* * *

Qo’limda shukrona to’la bir sog’ar,
Tole ham goh u yon, goh bu yon og’ar.
Dardingni dasturxon qilma olamga,
Do’l yoqqan boshlarga rahmat ham yog’ar.

* * *

Olib turibsanmi dunyoda nafas,
Qilsa bo’lar shuning o’ziga havas.
Olgan nafasimiz bizniki erur,
Chiqqan nafasimiz bizniki emas.

* * *

Yaxshilik qilganni yodda tutsang bas,
Ko’chasidan o’tsang, eslab o’tsang bas.
Ming yillik bu bog’ning bog’bonin so’rma,
Ekkanu tikkanni duo etsang bas.

* * *

Bir daryo ko’rdimki, o’zani yo’qdir,
Bir sahro – ilonu kuzani yo’qdir.
Umrim libosini tikkan chevarning
Angishvonasi yo’q, so’zani yo’qdir.

* * *

Shukronaga keldik, rahmatga keldik,
Rohatga kelmadik, xazmatga keldik.
Kim osharga kelgan bu to’y dunyoga
Biz qo’l qovushtirib xizmatga keldik.

* * *

Gulga bo’ronliging namoyon etma,
Ko’nglingni har kasga ham ayon etma.
Xilvatda yosh to’kib yongil, mayliga,
Shu’langni shamolga, sham, ayon etma.

* * *

Xokisorlik ichra mezon bo’ldik biz,
Ishqni kuylamakka so’zon bo’ldik biz.
Qaydan ham ul yorning ko’yiga tushdik,
Oqibat gard bo’ldik, to’zon bo’ldik biz.

* * *

Kimdir bu dunyoni o’pirib kelar,
Kimdir ko’krak kerib, gupurib kelar.
Yerga quloq tutib yotgan sinchiman,
Ming yil naridan ot dupuri kelar.

* * *

Qishda bir uy berdi, mo’rkoni yo’qdir,
O’ljasi mo’l dunyo, qopqoni yo’qdir.
Osmonga osilmak istadik, ammo
Arg’amchisi yo’qdir, arqoni yo’qdir.

* * *

Dunyo molin kelib-ketarlari bor,
O’ksinma, senga ham atarlari bor.
Nafs atalmish qutqu bir balo o’t-ku,
Uning kul etguvchi xatarlari bor.

* * *

Mayliga, gar «alif», gar «yo» bo’lurmiz,
Tomchilab-tomchilab daryo bo’lurmiz.
Bor edik, ketarmiz bir kun yo’qlikka,
Yo’q edik, bir kuni paydo bo’lurmiz.

* * *

Cho’qqilarning qori erib tuganmas,
Ummonlarning suvi qurib tuganmas.
Olloh olsa, olib qololmas hech kim,
Olloh bersa agar berib tuganmas.

* * *

Qo’shquloq ko’chatni undirib kimdir,
Atirgul qiladi, rayhon qiladi.
Hatto bog’bonni ham ko’ndirib kimdir,
Gulzorni tuyadek payhon qiladi.

91

(Tashriflar: umumiy 96, bugungi 1)

1 izoh

  1. Дунё одамлари, ўпкангиз босинг!
    Дунё меники деб солмоқдасиз жар.
    Безди одамзоддан борлиқ, табиат,
    Бўлдик биз одаммас, бир бошли аждар.

    Кучлилар жанг қилиб кучсиз уйида,
    Тағин халоскорлик қилади даъво.
    Наҳотки элларга истайди кулфат,
    Меҳрибон кўринган инсондек Даҳо.

    Тўлқинлар соҳилга етказгай шикаст,
    Қўшнинг йиғисидан ғашланар дилинг.
    Огоҳ бўл, кулмагин унинг ҳолига,
    Ундан-да баттарроқ йиғлашинг мумкин.

    Жаҳон манзараси – ҳийлаю найранг,
    Фириб малагининг сирли сурати.
    Унинг тузоғида эллар, элатлар,
    Кўмирдек куймоқда умри, фурсати.

    Кимлардир орага солади нифоқ,
    Мағрибни Машриққа гиж-гижлайди ким.
    Айланиб турса гар бошларда учоқ,
    Айт-чи, ўз уйида тинч ухлайди ким?

    Оламга сиғмаган Одам боласи,
    Ҳатто табиатга кўрсатар кучин.
    Дарёлар тошмоқда, силкинар замин,
    Борлиқ олов бўлиб олмоқда ўчин.

    Бир-биримиз қирсак ёвсиз, беомон,
    Бўлса гар шунчалар хунхораликлар.
    Қарсак чалиб шодон кулмасми айтинг,
    Ҳолимизга ўзга сайёраликлар?

    Эсланг, Ибтидода Одам бўлиб биз,
    Не эзгу тилаклар истаб эдик биз.
    Мен – ўзбек фарзанди, сен – инглиз, япон,
    Барчамиз бир инсон – Она Ерликмиз.

    Бас шундай, асрайлик Она заминни,
    Барча юрт яшайлик ёқа-енг бўлиб.
    Ирқу миллат, ҳатто эътиқод қадар,
    Башар аҳли иноқ ҳамда тенг бўлиб.

    Заминдошим, сенга тиларман умр,
    Оқмисан, хабашми ёки буғдой ранг.
    Ўзбекистонга кел, меҳмон бўлиб тур,
    Баҳодир Обидман, исмим сўрасанг!

Izoh qoldiring