Uyatsizlikning chegarasi bormi?

011
Агарки, шу “бўтқа”нинг “кимёвий таркиби”ни аниқлаб, бутун филмни таҳлил қилиб бераман дея бел боғлаган одам топилса, камида ўз инсонлик аъмолини ҳурмат қилмайдиган ёки, янада аниқроғи, сира тушунмайдиган бир кимса бўлади холос. Бинобарин, камина бундай маломатни зиммамга олмоқчи эмасман, асло. Фақат руслар “за державу обидна” деганидек, минг-минглаб юртдошларимни ўзим каби бу ҳар қандай мантиқдан йироқ “маънавий ўлат”ни боихтиёр ёки беихтиёр томоша қилиб, асаб торлари ўйнашидан, юраги сиқилиб “нима қиляпти булар ўзи?”, “ким бу бетамизликка жавоб беради?” деган саволлар исканжасида азобланишидан хавотирдаман…

011
Шуҳрат Ризаев
ЮРАККА ДАРД ЕТМАЙ ЁКИ УЯТСИЗЛИКНИНГ ЧЕГАРАСИ БОРМИ?
«Оғриқларим» туркумидан
044

Шу йил 6-феврал жума куни саҳар Бухоро сафаридан қайтдим. Ёзувчилар Уюшмаси даъвати билан сафарга чиқиб, бир неча қаламкаш Зулфия опанинг 100 йиллик таваллуд санаси муносабати билан қадим Бухоронинг шаҳар, қишлоқларида адабий-маърифий кечаларда қатнашиб келдик…

Хуллас, шундай кайфиятда Тошкентга қайтдик. Оқшом камина бобосининг зиёратига жужуқ набиралар чиқишди. “Ўзингиз сафар қилиб келдингиз, бизниям бирор кўнгилочар жойга олиб боринг” дея туриб олишди. Театрларга телефон қилдим – яна “Антиқа совчилар”, “Андишали келин”… Йўқ, кичкинтойларга бу репертуар бўлмайди, деган андишада кинога – Алишер Навоий номидаги киносаройга бора қолдик. Ҳар қалай бирмас, иккимас, 12 та томоша зали бор. Бирортасида болаларбоп филм бордир, ахир.

Қарангки, ҳеч кутмаганда премерага бориб қолибмиз. Кинорежиссор ва актёр Жавлон Шодмоновнинг “Қора танли божалар” филми илк тақдими экан. Киносарой фоесида бир қатор мутасадди ва филм ижодкорлари меҳмонларни кутиб олишяпти. Каминани ҳам ёш кинорежиссёр Жавлон ва акаси – продюссер ҳамда ссенарийнинг режиссор ука билан биргаликдаги ҳаммуаллифи Жасур Шодмонов билан таништиришди. Очиғи, Жавлонни бир-икки филмларда кўриб юрган бўлсам ҳам, режиссорлигини билмас эканман.

Ҳойнаҳой бу режиссорлик дебюти бўлса керак деган хаёлга бордим. Қолаверса, филм номи ҳам дабдурустдан ғалати истеҳзо пайдо қилди одамда – Қора танли божалар. Ўзи эстрададаги “Божалар”дан кўнгил озиб юрарди, энди кинодагиси нима экан, дея ажабландим ва Жавлонга савол бердим: “Нечта филм суратга олдинг?” Жавоб: “Бу ё 16-си ёки 17-филмим”. “Ия, зўрсан-ку, ёшинг нечага борди ўзи?”. Жавоб: “31 га кирдим”…

Ё тавба!..

31 ёшда 16 ё 17 та кино олиш ва ҳатто кўплигидан сонини ҳам аниқ айтолмаслиги истеҳзога кўмилган ҳайронлигимни чандон ошириб, невараларни етаклаганча томоша залидан тезроқ жой эгаллашга ошиқдим. Зал тўла. Қарийб 2000 томошабин, асосан ёш-яланг. Соат 1800 дан бироз ўтиб, консерт бошланди. Ҳа, ҳайрон бўлманг, ҳозир шунақа – премералар олдидан “кино ва эстрада юлдузлари”дан бир чимдим қўшиқ тингланади. Бетиним қарсак сўраб, “Сизларни кўришдан бахтиёрликдан хурсандмиз” дея ёшгина нотаниш бошловчи йигит “естрадамизнинг ёрқин юлдузи, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Зиёдани саҳнага таклиф этди. Барака топгур Зиёдахон пошнаси бир ярим қаричлик “шпилка”да гўё баланд планкадан сакрашга чоғланаётган спортчилардек нотабиий таманно билан саҳнага чиқиб келдилар. Очиғи, шу қизчани мақтаб, бир-икки жойда гапирганим бор. “Eй муҳаббат”, “Сайдинг қўябер сайёд” каби неча авлод ўзбек шинавандалари қалбидан жой олган қўшиқларни ўз замонавий интерпритатсиясида чиройли ижро қилиб, “е, бор экан-ку тингловчиларининг фақат қулоғидан эмас, қалбидан жой олишни истаётган ёшлар” дея алқаб, қизалоққа ҳурматимни ғойибона изҳор этиб юргандим. Ҳеч кутмаганда киносаройи саҳнасида оламни бузадиган “фанера”да алмойи-алжойи сўзлар, ғалат бир оҳанг ва таманноли қилиқлар билан залга ирғитила бошланди: “Шум бола, шум бола, бом-бом, ўйна, куйла…” тушуниб-тушунмай англаганим шу сўзлар бўлди бошқасини тушунолмадим. Бирор ўн марталар шу нақорат такрорлангач, давомига “машҳури замон” – “Божалар” гуруҳи ва бу кўплик маъносини англатувчи тушунчанинг якка-ю ягона вакили одатдагидек масхарабозлигини авжи аълосида намойиш этиб, саҳнага чиқиб келди. Ва табиийки, “қани қарсаклар”дан сўз бошлади. Бу иборани бутун “қўшиқ” давоми 5-6 марта такрорлаган ҳолда, қайта-қайта “Жамшид, Жамшид” дея зорланаверди. Билмадим, ўта қирриқ бўлиб кетган чапани қиморбозлар “Ё, Жамшид!” дея ошиқ ташларди. Бу бола шуни айтяптими десам, қўшиқ тингач обект маълум бўлди. Бу томоша зали охиридан биринчи ўринда ўтирган бир йигит – ё қўшиқчининг ўртоғи, ё ўғли, ё продюсери, ё шубҳали “аллакими”, хуллас, қандайдир бир… “кимса”си экан. Яна залдан қарсак тиланчилигида бу йигитча ҳам саҳнадан тушиб кетар, десак, йўқ, микрофонни биров олиб қўйса, бор “санъати” чиппакка чиқиб, расвойи жаҳон бўлишидан чўчигандек, икки қўллаб мустаҳкам тутиб, филм ижодкорларини кутиб олди ва улар қаторида асосий роллардан бирининг ижрочиси сифатида “ғоз туриб” берди.

Алқисса, энди сўзни…

Келинг, яхшиси сўзни яна чўзмай, бори “киноижодкорлари” таништирилгач, филм намойиши бошланганидан бошлайлик.
Бир аёл кўчада, бир уй олдида икки боласини етаклаб, эрининг “тўхта, ҳой”лашига қарамай, “кетаман”лаб турган манзара. Бир-икки дақиқадан сўнг камера кейинги кадрга кўчади.

Бу ерда ҳам бир дарвоза олдида ёшгина келинчак жажжи болачасини қўлидан тутиб, “кетаман”лаб турибди. Жиккаккина чилтон эр бир турлик жесту мимикалар билан унга “қол” дея илтижолар қилмоқда. Келинчакнинг “бирор марта гул совға қилмагансиз” деган таъналарига жавобан, меровсираб, тўйдан олдин учрашувга чиққанда совға қилганини эслатиб турганида, иттифоқо қўшниси э йўқ, бе йўқ, ўзи ҳам тушунмаётган сабаб билан гул кўтариб келаётган жойида ночор турган эр югуриб бориб қўшнидан гулни тортиб олади-ю, хотинига келтириб тутади.

Қарангки, қўшнидан тортиб олаётганда гулдастаси боғланган поясидан чўрт синиб кетиб, тўғрилаб-текислаб келинчакка тутганида яна пастга осилиб тушади. Нимадир шаҳвоний ҳолатга бетамизларча ишора бериб гўёки, залда аҳмоқона қийқириқ уйғотиш илинжида суратга олинган шу лавҳаданоқ бу филмнинг номланишидан бошлаб то охиригача фақат ва фақат бемантиқ, бачкана, нораво қилиқлар билан томошабинни қитиқлаб, терисини ҳамда чўнтагини шилар даражага етказиш мақсади кўзланганини ҳар қандай томошабин англаб етади.

Шу илк лавҳадан кейинги воқеалар, вазиятлар, ҳолатлар, ижрочи актёр ва актрисалар – бари-барчаси, ҳеч бир истисносиз, бачканалик, бетамиз қилиқлар, нораво хатти-ҳаракатларнинг яхлит йиғиндиси. Хотинлари кетиб қолган икки божа болаларини уйга қайтариш учун юзларига қора мой суртиб олиб, “ҳабаш”га айланиб гўё, хаёлига келган не бемаънилик бўлса, бирортасидан қайтмайдилар. Ўн олтинчи ё ўн эттинчи филмини суратга олаётган ва айни филмда кичик божа ролини ҳам ўйнаётган шўрлик режиссор айни вазиятда ким ё нима эканини тушунавермай, катта божа ролидаги Муҳаммадисо Абулхайировнинг хаёл кўчасига келган барча номаъқулчиликларнинг шунчаки кузатувчиси, томошабини, суратга олувчиси ва, албатта, моддий таъминотчисими ўзи деган шубҳа уйғонади, кишида.

М.Абулхайировнинг ўзбек киносидаги “салб” юришларининг гувоҳи сифатида ишонч билан айтаманки, бу росмана ҳашар филм. Нафақат Муҳаммадисо, филмда “мириқиб образ яратган” Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова, “Божалар” гуруҳи ягонаси Жаҳонгир Фозилжонов, хуллас, ҳаммадан бир шингил-бир шингилдан нимадир топилиб, тўқилиб, қўшилиб, бир қозонда қайнаган бўтқа.

Агарки, шу “бўтқа”нинг “кимёвий таркиби”ни аниқлаб, бутун филмни таҳлил қилиб бераман дея бел боғлаган одам топилса, камида ўз инсонлик аъмолини ҳурмат қилмайдиган ёки, янада аниқроғи, сира тушунмайдиган бир кимса бўлади холос. Бинобарин, камина бундай маломатни зиммамга олмоқчи эмасман, асло. Фақат руслар “за державу обидна” деганидек, минг-минглаб юртдошларимни ўзим каби бу ҳар қандай мантиқдан йироқ “маънавий ўлат”ни боихтиёр ёки беихтиёр томоша қилиб, асаб торлари ўйнашидан, юраги сиқилиб “нима қиляпти булар ўзи?”, “ким бу бетамизликка жавоб беради?” деган саволлар исканжасида азобланишидан хавотирдаман…

Ҳай, бунисига ҳам бир амаллаб чидаса бўлар. Аммо мен билан келган жужуқ-набиралар, бу филмни тасодифми ё бошқа сабаб кўриши мумкин бўлган яна минг-минглаб болачалар аҳволи не кечади? Мен-ку “Дода, шуям киноми?” дея қийноқ саволларга тутган набираларимга “Йўқ, бу кино эмас, кино қандай бўлмаслиги кераклиги ҳақида бир амалий мисол” деб, обдон яхши кино ва, умуман, санъат, кино санъати, нафс балоси инсонни не кўйларга солиши мумкинлиги, маънавий ўлатдан эмланиш учун қандай санъатга ошино бўлмоқ лозимлигидан сўйлаб, сара филмлардан намуналар кўрсатиб, иккиланиб қолган нигоҳ-у тасаввурларни тўғри йўналтириш чораларини изларман-а.

Бироқ бунга фурсати, имкони йўқ ота-оналар, бува-бувилар нима қилади? Улар телевидениеда тинимсиз кетаётган жимжимадор реклама таъсирида билиб-билмай ўспирин ўғил-қиз, набиралар қўлига керак маблағни тутқазиб, вақтингни мазмунли ўтказгин, деб йўлга солиб юборишса, охир-оқибат ўзлари, оила, жамият келажаги учун эзгу-оқибат, қутлуғ амаллар кўрсатиш ўрнига, руҳий фалаж авлод-давомчилар тайёрлаб қўяётганларидан огоҳ бўла билармиканлар? Ёки шундай “кино”ларда “тарбияланган” зурриёдларни вақти етиб қачон, қаерда бу ҳолга тушиб қолганларини тушунолмай лол-у ҳайрон қолишармикан?!

Яна бори дард-хавотирларимни қўшиб минг таассуф билан жуда узоқ ёзишим мумкин. Чунки эркинлик, демократия деган неъматнинг қанчалар танқис бўлганини, қанчалар интиқ кутилганини мана шу Истиқлол даврида беташвиш, бемалол “чаппар ураётган” “режиссор” йигитчадан беш-ўн кўйлакни ортиқ йиртганлар жуда яхши билишади, қалбидан ўтказишади. Ўзи шундоқ ҳам юртимиз камолини эмас, заволини истаб турган ғайрикучлар, ҳасадгўйлар чекка-чеккада пайт пойлаб турганда нега бунчалар содда, бунчалар гўл бўлмасак?!

Халқни жипслаштириб, тунини бедор тонгга улаётган мамлакатимиз раҳнамосининг қанотида юксак маънавият намойиш этиб, унинг енгилмас кучга айланиши ниятида довон ошиб бораётган миллат, халқмиз-ку ахир! Маънавиятдаги бирор кемтиклик ҳеч қачон изсиз кетмайди. Бирда бўлса майлидир-а, мингга, туманга ёйилса, яъни у кино ва телеекранлардан реклама қилиниб, кўрсатиб, тарғиб этиб турилса, бу кемтиклик энди касалликка, эпидемияга айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Алҳазар… Худо асрасин! Вақтида этакни ёпмоқ керак, деган ота аждод ўгитларини ҳамиша ёдда тутмоқ, амалда жорий қилмоқ лозим…

Мана, не ўйларга етаклаб кетди биргина томоша. Кимгадир қаттиқ тегса, маъзур тутар укалар, акалар, дўст-у ёрлар. Аммо сафро ғолиб келса, чидаш мушкул экан. Зеро, Қодирий бобомиз ёзганларидек
Фунуни тибда мажнундир кишининг куйса сафроси.
Яратганнинг ўзи асрасин, бунчалар аҳволга тушмоқдан. Фақат ёлғиз ўтинч бори санъат аҳлигаки

Жафосин чекмаса бўлмас муяссар сенга жононинг,
Юракка дард етмай таъсир этмас оҳу афғонинг.
Кўнгул, сабр айлагил, бетоқат ўлма ҳажр шомига,
Зулумот ичра кирмай топмағайсан оби ҳайвонинг!

Ҳа, айтмоқчи, тасодифан қўлга илинган қоғоз парчасининг орқа бетидаги кўчирма Жаҳонотин Увайсий момомизнинг мазкур байтлари экан…

“Ҳуррият” газетасининг 2015-йил 4-март сонидан олинди.

011

011
Shuhrat Rizaev
YURAKKA DARD YETMAY YOKI UYATSIZLIKNING CHEGARASI BORMI?
«Og’riqlarim» turkumidan
044

Unda-bunda azbaroyi mutaassirlikdan yozib-chizib qo‘yadigan taassurotlar daftarim bor. Goh-gohi shu daftarni varaqlab, bitiklarni qayta o‘qib turaman. Bular nafaqat hissiyotlarim, munosabatlarim, ayni chog‘da faktlar, ma’lumotlar, qiziqroq ko‘chirmalar, hikmatbob she’rlar – g‘azallar…

O‘tgan 2014-yil “Jahon adabiyoti” jurnalining aprel sonini Gruziya adabiyoti va san’atiga bag‘ishlagan ekanmiz. Ana shu sonning “Unutilmas siymolar” ruknidagi “Sergo Zakariadze”, “Tengiz Abuladze” degan maqolalardan quyidagi faktlarni daftarimga ko‘chirib qo‘ygan ekanman: “Sergo Zakariadze teatrda 14 ta, kinoda 16 ta rol – obraz yaratgan. Teatrda “Shoh Edip”ni 5 yil o‘ynagan. So‘ng qaytib sahnaga chiqmagan. 1909-yil tug‘ilgan. 62 yoshida vafot etgan. Gruziyada “Soldat otasi” filmi qahramoniga haykal qo‘yilgan”. Yoki “Tengiz Abuladze bor-yo‘g‘i 7 ta film suratga olgan. Rezo Chxeidze bilan birga ishlagan “Magdana…” qisqa metrajli filmi 1956-yili Kannda “eng yaxshi qisqa metrajli film” nominasiyasida g‘olib bo‘lgan. Filmlari “Begona farzandlar” (1958), “Men, buvim, Iliko va Illorion” (1963), “Iltijo” (1967), “Sevgilim uchun marjon” (1973), “Orzu daraxti” (1977), “Tazarru” (1984). 1987 yili “Tazarru” filmi uchun Kann festivali Gran-prisiga sazovor bo‘lgan. 1924-yili Kutaisida tug‘ilgan. 72 yoshda vafot etgan”.

Mana kamina qayd etib qo‘ygan faktlar. Ha, bu yozuvlar davomida yana bir parcha qog‘oz tirkab qo‘ygan ekanman. Ikki tomonida yozuvlar… “Buyuk Abdulla Qodiriy ta’biri bilan aytganda, “o‘zbek bolasi ko‘prikning narigi tomoniga o‘ta bilmas ekan”, ya’ni maishiy biqiqlikdan tafakkur yolqinlangan yuksaklikka ko‘tarilishga intilmas ekan, bizning odam bo‘lishimizga ahli tamizning ko‘zi yetmasligi aniq”. Parcha qog‘ozning ikkinchi tomonida esa…

Shu yil 6-fevral juma kuni sahar Buxoro safaridan qaytdim. Yozuvchilar Uyushmasi da’vati bilan safarga chiqib, bir necha qalamkash Zulfiya opaning 100 yillik tavallud sanasi munosabati bilan qadim Buxoroning shahar, qishloqlarida adabiy-ma’rifiy kechalarda qatnashib keldik. Qiziq, xuddi Zulfiya shoiraning sevgisi fasli bahor o‘laroq tabiat shu kunlar bahor nafasini hukmron etdi bori O‘zbekistonga, inchunun Buxoroga ham. Salkam 1000 kishilik Buxoro teatri zali. Yurtboshimiz tashabbusi bilan 2010-yil bunyod etilgan va jihozlangan eng zamonaviy san’at koshonasi. 5-fevral soat 1100da bu teatr tomosha zalidagi manzarani bir ko‘rsangiz edi. Bori tomosha zali bitta ulkan o‘zbek iroqi do‘ppisi bilan qoplangandek ajib bir ko‘rinishda. Aslida bu sochlarini jamalak qilib o‘rib olib, boshlariga bir xil do‘ppi kiyib olgan buxorolik kollej-litseylarning bir necha yuz o‘quvchi qizlarining qaldirg‘ochlar misol tizilib o‘tirganlaridan hosil bo‘lgan manzara – ulkan va go‘zal izdihom. Ana shu manzaraga muvofiq chiroyli tadbir – adabiy-musiqiy kecha bo‘lib o‘tdi. Barcha hayajonda, Zulfiya opa aytmoqchi, “Ko‘ksingni tog‘ etgan samimiy muloqot – harorat”da. Qarang-a, millatning ulug‘lari vafotidan so‘ng ham xalqini birlashtirib, buyuk amallarga ruhlantirib turadi… O‘zbekiston uchun, o‘zing shu diyor-u millatga mansub ekaningdan faxr tuyasan… Xullas, shunday kayfiyatda Toshkentga qaytdik. Oqshom kamina bobosining ziyoratiga jujuq nabiralar chiqishdi. “O‘zingiz safar qilib keldingiz, bizniyam biror ko‘ngilochar joyga olib boring” deya turib olishdi. Teatrlarga telefon qildim – yana “Antiqa sovchilar”, “Andishali kelin”… Yo‘q, kichkintoylarga bu repertuar bo‘lmaydi, degan andishada kinoga – Alisher Navoiy nomidagi kinosaroyga bora qoldik. Har qalay birmas, ikkimas, 12 ta tomosha zali bor. Birortasida bolalarbop film bordir, axir. Qarangki, hech kutmaganda premyeraga borib qolibmiz. Kinorejissor va aktyor Javlon Shodmonovning «Qora tanli bojalar» filmi ilk taqdimi ekan. Kinosaroy foyesida bir qator mutasaddi va film ijodkorlari mehmonlarni kutib olishyapti. Kaminani ham yosh kinorejissyor Javlon va akasi – prodyusser hamda ssenariyning rejissor uka bilan birgalikdagi hammuallifi Jasur Shodmonov bilan tanishtirishdi. Ochig‘i, Javlonni bir-ikki filmlarda ko‘rib yurgan bo‘lsam ham, rejissorligini bilmas ekanman. Hoynahoy bu rejissorlik debyuti bo‘lsa kerak degan xayolga bordim. Qolaversa, film nomi ham dabdurustdan g‘alati istehzo paydo qildi odamda – Qora tanli bojalar. O‘zi estradadagi “Bojalar”dan ko‘ngil ozib yurardi, endi kinodagisi nima ekan, deya ajablandim va Javlonga savol berdim: “Nechta film suratga olding?” Javob: “Bu yo 16-si yoki 17-filmim”. “Iya, zo‘rsan-ku, yoshing nechaga bordi o‘zi?”. Javob: “31 ga kirdim”…

Yo tavba!..

31 yoshda 16 yo 17 ta kino olish va hatto ko‘pligidan sonini ham aniq aytolmasligi istehzoga ko‘milgan hayronligimni chandon oshirib, nevaralarni yetaklagancha tomosha zalidan tezroq joy egallashga oshiqdim. Zal to‘la. Qariyb 2000 tomoshabin, asosan yosh-yalang. Soat 1800 dan biroz o‘tib, konsert boshlandi. Ha, hayron bo‘lmang, hozir shunaqa – premyeralar oldidan “kino va estrada yulduzlari”dan bir chimdim qo‘shiq tinglanadi. Betinim qarsak so‘rab, “Sizlarni ko‘rishdan baxtiyorlikdan xursandmiz” deya yoshgina notanish boshlovchi yigit “estradamizning yorqin yulduzi, “Nihol” davlat mukofoti sovrindori Ziyodani sahnaga taklif etdi. Baraka topgur Ziyodaxon poshnasi bir yarim qarichlik “shpilka”da go‘yo baland plankadan sakrashga chog‘lanayotgan sportchilardek notabiiy tamanno bilan sahnaga chiqib keldilar. Ochig‘i, shu qizchani maqtab, bir-ikki joyda gapirganim bor. “Ey muhabbat”, “Sayding qo‘yaber sayyod” kabi necha avlod o‘zbek shinavandalari qalbidan joy olgan qo‘shiqlarni o‘z zamonaviy interpritatsiyasida chiroyli ijro qilib, “e, bor ekan-ku tinglovchilarining faqat qulog‘idan emas, qalbidan joy olishni istayotgan yoshlar” deya alqab, qizaloqqa hurmatimni g‘oyibona izhor etib yurgandim. Hech kutmaganda kinosaroyi sahnasida olamni buzadigan “fanera”da almoyi-aljoyi so‘zlar, g‘alat bir ohang va tamannoli qiliqlar bilan zalga irg‘itila boshlandi: “Shum bola, shum bola, bom-bom, o‘yna, kuyla…” tushunib-tushunmay anglaganim shu so‘zlar bo‘ldi boshqasini tushunolmadim. Biror o‘n martalar shu naqorat takrorlangach, davomiga “mashhuri zamon” – “Bojalar” guruhi va bu ko‘plik ma’nosini anglatuvchi tushunchaning yakka-yu yagona vakili odatdagidek masxarabozligini avji a’losida namoyish etib, sahnaga chiqib keldi. Va tabiiyki, “qani qarsaklar”dan so‘z boshladi. Bu iborani butun “qo‘shiq” davomi 5-6 marta takrorlagan holda, qayta-qayta “Jamshid, Jamshid” deya zorlanaverdi. Bilmadim, o‘ta qirriq bo‘lib ketgan chapani qimorbozlar “Yo, Jamshid!” deya oshiq tashlardi. Bu bola shuni aytyaptimi desam, qo‘shiq tingach obyekt ma’lum bo‘ldi. Bu tomosha zali oxiridan birinchi o‘rinda o‘tirgan bir yigit – yo qo‘shiqchining o‘rtog‘i, yo o‘g‘li, yo prodyuseri, yo shubhali “allakimi”, xullas, qandaydir bir… “kimsa”si ekan. Yana zaldan qarsak tilanchiligida bu yigitcha ham sahnadan tushib ketar, desak, yo‘q, mikrofonni birov olib qo‘ysa, bor “san’ati” chippakka chiqib, rasvoyi jahon bo‘lishidan cho‘chigandek, ikki qo‘llab mustahkam tutib, film ijodkorlarini kutib oldi va ular qatorida asosiy rollardan birining ijrochisi sifatida “g‘oz turib” berdi.

Alqissa, endi so‘zni…

Keling, yaxshisi so‘zni yana cho‘zmay, bori “kinoijodkorlari” tanishtirilgach, film namoyishi boshlanganidan boshlaylik.

Bir ayol ko‘chada, bir uy oldida ikki bolasini yetaklab, erining “to‘xta, hoy”lashiga qaramay, “ketaman”lab turgan manzara. Bir-ikki daqiqadan so‘ng kamera keyingi kadrga ko‘chadi. Bu yerda ham bir darvoza oldida yoshgina kelinchak jajji bolachasini qo‘lidan tutib, “ketaman”lab turibdi. Jikkakkina chilton er bir turlik jestu mimikalar bilan unga “qol” deya iltijolar qilmoqda. Kelinchakning “biror marta gul sovg‘a qilmagansiz” degan ta’nalariga javoban, merovsirab, to‘ydan oldin uchrashuvga chiqqanda sovg‘a qilganini eslatib turganida, ittifoqo qo‘shnisi e yo‘q, be yo‘q, o‘zi ham tushunmayotgan sabab bilan gul ko‘tarib kelayotgan joyida nochor turgan er yugurib borib qo‘shnidan gulni tortib oladi-yu, xotiniga keltirib tutadi. Qarangki, qo‘shnidan tortib olayotganda guldastasi bog‘langan poyasidan cho‘rt sinib ketib, to‘g‘rilab-tekislab kelinchakka tutganida yana pastga osilib tushadi. Nimadir shahvoniy holatga betamizlarcha ishora berib go‘yoki, zalda ahmoqona qiyqiriq uyg‘otish ilinjida suratga olingan shu lavhadanoq bu filmning nomlanishidan boshlab to oxirigacha faqat va faqat bemantiq, bachkana, noravo qiliqlar bilan tomoshabinni qitiqlab, terisini hamda cho‘ntagini shilar darajaga yetkazish maqsadi ko‘zlanganini har qanday tomoshabin anglab yetadi. Shu ilk lavhadan keyingi voqealar, vaziyatlar, holatlar, ijrochi aktyor va aktrisalar – bari-barchasi, hech bir istisnosiz, bachkanalik, betamiz qiliqlar, noravo xatti-harakatlarning yaxlit yig‘indisi. Xotinlari ketib qolgan ikki boja bolalarini uyga qaytarish uchun yuzlariga qora moy surtib olib, “habash”ga aylanib go‘yo, xayoliga kelgan ne bema’nilik bo‘lsa, birortasidan qaytmaydilar. O‘n oltinchi yo o‘n ettinchi filmini suratga olayotgan va ayni filmda kichik boja rolini ham o‘ynayotgan sho‘rlik rejissor ayni vaziyatda kim yo nima ekanini tushunavermay, katta boja rolidagi Muhammadiso Abulxayirovning xayol ko‘chasiga kelgan barcha noma’qulchiliklarning shunchaki kuzatuvchisi, tomoshabini, suratga oluvchisi va, albatta, moddiy ta’minotchisimi o‘zi degan shubha uyg‘onadi, kishida. M.Abulxayirovning o‘zbek kinosidagi “salb” yurishlarining guvohi sifatida ishonch bilan aytamanki, bu rosmana hashar film. Nafaqat Muhammadiso, filmda “miriqib obraz yaratgan” O‘zbekiston xalq artisti Murod Rajabov, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist Saida Rametova, “Bojalar” guruhi yagonasi Jahongir Foziljonov, xullas, hammadan bir shingil-bir shingildan nimadir topilib, to‘qilib, qo‘shilib, bir qozonda qaynagan bo‘tqa. Agarki, shu “bo‘tqa”ning “kimyoviy tarkibi”ni aniqlab, butun filmni tahlil qilib beraman deya bel bog‘lagan odam topilsa, kamida o‘z insonlik a’molini hurmat qilmaydigan yoki, yanada aniqrog‘i, sira tushunmaydigan bir kimsa bo‘ladi xolos. Binobarin, kamina bunday malomatni zimmamga olmoqchi emasman, aslo. Faqat ruslar “za derjavu obidna” deganidek, ming-minglab yurtdoshlarimni o‘zim kabi bu har qanday mantiqdan yiroq “ma’naviy o‘lat”ni boixtiyor yoki beixtiyor tomosha qilib, asab torlari o‘ynashidan, yuragi siqilib “nima qilyapti bular o‘zi?”, “kim bu betamizlikka javob beradi?” degan savollar iskanjasida azoblanishidan xavotirdaman…

Hay, bunisiga ham bir amallab chidasa bo‘lar. Ammo men bilan kelgan jujuq-nabiralar, bu filmni tasodifmi yo boshqa sabab ko‘rishi mumkin bo‘lgan yana ming-minglab bolachalar ahvoli ne kechadi? Men-ku “Doda, shuyam kinomi?” deya qiynoq savollarga tutgan nabiralarimga “Yo‘q, bu kino emas, kino qanday bo‘lmasligi kerakligi haqida bir amaliy misol” deb, obdon yaxshi kino va, umuman, san’at, kino san’ati, nafs balosi insonni ne ko‘ylarga solishi mumkinligi, ma’naviy o‘latdan emlanish uchun qanday san’atga oshino bo‘lmoq lozimligidan so‘ylab, sara filmlardan namunalar ko‘rsatib, ikkilanib qolgan nigoh-u tasavvurlarni to‘g‘ri yo‘naltirish choralarini izlarman-a. Biroq bunga fursati, imkoni yo‘q ota-onalar, buva-buvilar nima qiladi? Ular televideniyeda tinimsiz ketayotgan jimjimador reklama ta’sirida bilib-bilmay o‘spirin o‘g‘il-qiz, nabiralar qo‘liga kerak mablag‘ni tutqazib, vaqtingni mazmunli o‘tkazgin, deb yo‘lga solib yuborishsa, oxir-oqibat o‘zlari, oila, jamiyat kelajagi uchun ezgu-oqibat, qutlug‘ amallar ko‘rsatish o‘rniga, ruhiy falaj avlod-davomchilar tayyorlab qo‘yayotganlaridan ogoh bo‘la bilarmikanlar? Yoki shunday “kino”larda “tarbiyalangan” zurriyodlarni vaqti yetib qachon, qayerda bu holga tushib qolganlarini tushunolmay lol-u hayron qolisharmikan?!

Yana bori dard-xavotirlarimni qo‘shib ming taassuf bilan juda uzoq yozishim mumkin. Chunki erkinlik, demokratiya degan ne’matning qanchalar tanqis bo‘lganini, qanchalar intiq kutilganini mana shu Istiqlol davrida betashvish, bemalol “chappar urayotgan” “rejissor” yigitchadan besh-o‘n ko‘ylakni ortiq yirtganlar juda yaxshi bilishadi, qalbidan o‘tkazishadi. O‘zi shundoq ham yurtimiz kamolini emas, zavolini istab turgan g‘ayrikuchlar, hasadgo‘ylar chekka-chekkada payt poylab turganda nega bunchalar sodda, bunchalar go‘l bo‘lmasak?! Xalqni jipslashtirib, tunini bedor tongga ulayotgan mamlakatimiz rahnamosining qanotida yuksak ma’naviyat namoyish etib, uning yengilmas kuchga aylanishi niyatida dovon oshib borayotgan millat, xalqmiz-ku axir! Ma’naviyatdagi biror kemtiklik hech qachon izsiz ketmaydi. Birda bo‘lsa maylidir-a, mingga, tumanga yoyilsa, ya’ni u kino va teleekranlardan reklama qilinib, ko‘rsatib, targ‘ib etib turilsa, bu kemtiklik endi kasallikka, epidemiyaga aylanib ketishi hech gap emas. Alhazar… Xudo asrasin! Vaqtida etakni yopmoq kerak, degan ota ajdod o‘gitlarini hamisha yodda tutmoq, amalda joriy qilmoq lozim…

Mana, ne o‘ylarga yetaklab ketdi birgina tomosha. Kimgadir qattiq tegsa, ma’zur tutar ukalar, akalar, do‘st-u yorlar. Ammo safro g‘olib kelsa, chidash mushkul ekan. Zero, Qodiriy bobomiz yozganlaridek

Fununi tibda majnundir kishining kuysa safrosi.

Yaratganning o‘zi asrasin, bunchalar ahvolga tushmoqdan. Faqat yolg‘iz o‘tinch bori san’at ahligaki

Jafosin chekmasa bo‘lmas muyassar senga jononing,
Yurakka dard yetmay ta’sir etmas ohu afg‘oning.
Ko‘ngul, sabr aylagil, betoqat o‘lma hajr shomiga,
Zulumot ichra kirmay topmag‘aysan obi hayvoning!

Ha, aytmoqchi, tasodifan qo‘lga ilingan qog‘oz parchasining orqa betidagi ko‘chirma Jahonotin Uvaysiy momomizning mazkur baytlari ekan…

«Hurriyat» gazetasining 2015-yil 4-mart sonidan olindi.

002

(Tashriflar: umumiy 878, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring