Vaqtga mag’lub bo’lmaylik (Adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul bilan suhbat).

077
Файласуфларнинг умумий эътирофи бўйича олам уч нарсанинг бирлигидан иборат. Булар: борлиқ, тушунча ва ҳаракат. Борлиқни билишнинг бош йўли ва яккаю ягона асоси – ҳаракат. Бироқ, ҳаракатни фикр, хусусан, тушунча бошқармаса, ундан бир натижа кутиш хатодир. Шунинг учун фикр одами ҳаракатсизликка кўнолмаганидек, том маънодаги ҳаракат кишиси ҳам фикрсизликка таслим бўлмайди. Аслини олганда, тушунчанинг ўзи ҳам бир ҳаракат. Назаримда, бугунги ўзбек зиёлисида бу ҳаракат негадир сусайиб кетди.
Агар тафаккур ва тушунча инсонни маънан янгилаш ва ўзгартиришга йўл очса, руҳий ҳаракат уни ўз “мен”ининг тор қобиғидан қутқазиб, чексизликка олиб чиқади. Ижодкор ўз моҳиятини ана шу чексизлик ва сўнгсизликда идрок айлаш даражасига юксалса, ҳаётдаги энг қийин ва энг зарур муаммони ҳал қилишга эришган бўлади. Ана шундай мақомга кўтарилган қалам соҳибигина омма савиясининг ўзгаришига таъсир кўрсатувчи фикрни айтиши мумкин.

022

ВАҚТГА МАҒЛУБ БЎЛМАЙЛИК
Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат
Суҳбатдош: Беҳзод Фазлиддин

“Ҳанузгача нима иш қиладиган бўлсам, ёшлик ва ёшларнинг фикр ҳаёти билан боғлашга уринаман”, деган эдингиз. Адашмасам, бугун ёшлар ҳақидаги баҳс мунозаралардан анча четда тургандексиз. Эҳтимол, бу сукут “танқиддан тубан” қабилидаги муносабатдир. Бироқ ёш авлод учун сиз каби устозларнинг холис фикри жуда муҳим…

Ёшлик ва ёшлар ҳар бир миллат, ҳар қайси мамлакатнинг ҳамиша яшнаб, янгиланиб борадиган баҳоридир. Ёшлик завқ шавқи ва куч қувватини тасаввурдан четлаштиринг – ҳаёт, ҳаракатлари суст, сўлғин бир нарсага айланиб қолади.
Инсон ўспиринликда оламга бошқача нигоҳ билан қарайди, дунё ишларига ўзгача бир ғайрат билан ҳисса қўшишга интилади. Эл-юрт ўз келажагини ёшларга ишониши бежиз эмас. Биз кўпинча ёш авлоднинг катталар олдидаги бурчи ва масъулияти ҳақида сўзлаймиз. Аслида, ёшларнинг посбони ва раҳнамоси ўлароқ, катталар нималарга жиддий эътибор бериб, қандай вазифаларни амалга оширишлари зарур – аввало, ана шуни бехато ҳал қилиш лозим. Токи ёшлик ҳис туйғулари бемаҳал пажмурда бўлмасин; токи ҳаётга энди энди дадил одим ташлай бошлаган наслнинг имон эътиқоди, ишончу умидларига сунъийлик, сохтакорлик аралашмасин. Ёшларнинг ўзини англаши ва ўзлигини танишига кўмаклашиш ҳаммасидан муҳимдир. Ана шунда турмушдаги у ёки бу турғунлик, қолоқлик ёки якрангликни бартараф этиш осонроқ кечади. Фикри эркин, миллий шуури теран, илм ва савияси юксак йигит қизлар қанча кўпайса, халқ ва ватан истиқболи янада ёрқинлашади. Умуман олганда, ҳозирги ёшларнинг улғайиши, эл юрт тақдирига қараши, муваффақият томон қадам ташлашлари олдингига қараганда бошқача. Шу ўринда улардан айримларининг фикр ҳаёти шахсан мени қаноатлантирмаслигини ҳам айтай. Ёши, ҳаётий тажрибасига номувофиқ бир тарзда сўзлайдиган ёшларга дуч келсам, очиғи, хафа бўлиб кетаман. “Ҳар дийдаеки ибрат нагирад, кўр аст” – “Ҳар кўзки ибрат олмаса, кўрдир”, – дейди Мирзо Бедил. Кимдан нимани ўрганиш, ибрат олишни ёшларнинг ўзига қўйиб бериш керак. Фақат маслаҳат ёхуд насиҳат билан бир нимага эришиш душвор.

Ўтган асрнинг 80-йилларида адабиётимизга ўзига хос янгиликлар олиб кирган авлод – қурдошларингиз ёрқин истеъдодига уйғун равишда анча билимдон, интеллектуал салоҳияти ўрнак бўларли даражада эди. Яна, уларнинг ўз тенгдошлари орасида адабий танқидчилари – сиз каби мунаққидлар бўлган. Энг муҳими, икки томон ҳам бир бирининг соясида қолиб кетмаган, аксинча, ўзаро боғлиқлик билан бири иккинчисини тўлдириб, адабиётимизни бойитишга ҳисса қўшишган. Бугунги ёшлар орасида ўз тенгдошлари асарларини холис ва синчковлик билан таҳлил қиладиган навниҳол адабиётшуносларни кўрмаётирман. Сиз нима дейсиз?

Адабиётдаги тенгдошлик, энг аввало, маслакдошлик демак. Умумий мақсад ва фикр қарашда яқинлик бўлмаса, биров иккинчи бировнинг ижодий иши билан қизиқмайди. Ва ундан шахсий ҳис туйғулари ифодасини ҳам топмайди.
Бундан ташқари, биз мансуб авлодда адабиёт пешволаридан аксарияти назарга илмаган, айримларни эса очиқчасига чўчитган улкан бир ғоя бор эди. Шеър, наср, адабий танқид ҳам миллий заминга янгидан илдиз ёзаётган шу ғоя, яъни эътиқодий курашга ўзини сафарбар сезганди. Бизнинг тенгдошлар мустақилликка бош эгиши керак. Истиқлол ғалаба қилмаганида, шўро давлати улар билан бошқача ҳисоб китоб қилар, золим тузум давридаги аҳвол руҳиясини буткул унутиб, истиқлол байроқдори сифатида кўринишга уринаётган ижодкорлар эса мустабид салтанатни шарафлаб, унинг унвону мукофотларини қўлга киритиш илинжида умр ўткаришарди.

Яқинда атоқли шоирларимиздан бирининг китобларини яна бир қур кўриб чиқишга тўғри келди. Жилд-жилд “Танланган асар”ларда, нари борса, бармоқ билан санарли шеърлар, ўшаларнинг ҳам бағрида алвон йилларнинг қип-қизил доғлари бор. Очиғи, жуда ғалати ҳолга тушдим. Қисмат экан, шундай ноёб истеъдодлар ўзлари истаб истамаган ҳолда шу тариқа яшашга мажбур бўлишди. Бугуннинг кўзлари билан қараганда, уларни айблаш осон…
Ҳозир-чи? Атрофимиздаги ҳали шоир бўлиб бўлмай сўниб бораётган ёшларни кузатиб чўчиб кетасан киши. Мана шундай пайтлари устозларнинг тескари сабоқларини ўташ керакмикан, деб ўйлаб қоламан. Ўзингиз айтинг, устозлардан яна нималарни ўрганмаслик керак?

Устозлардан нимани ўрганиб, нималарни ўрганмаслик ва бунда чалғимаслик учун, биринчидан, улардан ҳар бирининг шахси ва ижодини пухта билиш лозим. Адабиёт ишига манфаат, мартаба, шон шуҳрат ғарази аралашдими, билингки, оқибат чатоқ. Талант нима? Талант – адабиёт учун туғилиб, адабиёт учун яшаб, адабиёт манфаатидан ўзга бир манфаатга қараб ўзни урмаслик. Ёзувчи ва шоирнинг адабиётга содиқлиги – унинг юрти ва миллатига садоқатининг энг олий нишонаси. Шунинг учун талантга хиёнат қилиб адабиётни сотганларнинг самимиятига ҳам, ҳақгўйлигига ҳам ишонмаслик жоиз, деб ўйлайман. Бадиий ижод маълум бир томондан фавқулодда муросасизлик ва қатъиятни талаб қилади. Ёшлар биринчи галда нафсу ҳаво домига тушмасликни ўйлашлари зарур. Чунки мутеълик, маддоҳлик, риёкорлик, юзсизлик каби нафсоний иллат ва офатларнинг сарбони тама ҳисобланади. Ижодкорни булардан нима асрайди? Битта сўз билан айтилса – Изтироб. Агар ўзига, сўзига содиқ Шахсни бир чироқ деб тасаввур этсак, изтироб олови унинг нури – ёлқини. Изтироб чекмагунча ҳеч бир қалам соҳиби ўзини таний олмайди…

Машҳур адибимизнинг “Адабиёт атомдан кучли…” деган иборасини бот-бот ёдга оламиз. Аммо бугун адабиётнинг ўтин ёришга етадиган кучи ҳам қолмади-ёв, деганга ўхшаш ажаб бир хаёлларга бораман гоҳо. Йўқ, бу ҳалитдан пессимистик руҳга берилиш эмас. Реал ҳолат шу хулосага олиб келади кишини. Ё шаккоклик қилаётирманми?

Раҳматли адиб оғамиз Шукур Холмирзаев билан ҳаёт, адабиёт, ижод аҳли тўғрисида кўп гурунглашганмиз. Ўлимидан сал олдинроқ бир кун Шукур ака менга: “Адабиёт ўлмайди, деган мазмунда мақола ёзганимдан хабардорсиз. Энди билсам, адабиёт ўлиши ҳам мумкин экан…”, – деди. Шу гапдан буён ҳам анча вақт ўтди. Адабиётнинг умумий аҳволи ва эртаси хусусида ҳар турли фикр мулоҳазалар ўртага ташланди. Аммо, назаримда, адабиёт тақдирига масъуллик янада кучайтирилиши, адабиётнинг нуфузи ва таъсирини ерга қориштираётганларга қарши туриш лозим. Бунга бош бўлиш, аслида, адабий танқиднинг вазифаси. Лекин бу ишни уддалаш бугун унинг қўлидан келмайди…

Яқин-яқингача ҳам шоиру ёзувчилар, умуман, зиёлилар жамиятнинг энг олдинги қатламларида бўлиб, омма уларни идеал сифатида кўрарди. Асосийси, зиё аҳли кўпчиликнинг ишончини қозонган йўлчи юлдузлар эди. Бугун эса бу мақомни шовқинга ўч эстрадачилар тортиб олишди – ҳозирча улоқ “данғир-дунғурчи”ларда. Бунинг турли омиллари бор, албатта. Аммо бу йўлнинг охири нима билан тугаши аниқ. Аслида, ҳар қандай ҳақиқий санъат асари, ҳеч бўлмаганда, омма савиясини бир қадар кўтаришга хизмат қилиши кераклигини биламиз. Ахир, уларнинг ўзларини оммадан ажратиб бўлмай қолди-ку! Бу шунчаки шахсий мулоҳазалар бўлса, қанийди… Сўрамоқчи бўлганим: миллат маънавиятига дахлдор шундай синовли пайтда зиёлилар нега жим?

Биласизми, файласуфларнинг умумий эътирофи бўйича олам уч нарсанинг бирлигидан иборат. Булар: борлиқ, тушунча ва ҳаракат. Борлиқни билишнинг бош йўли ва яккаю ягона асоси – ҳаракат. Бироқ, ҳаракатни фикр, хусусан, тушунча бошқармаса, ундан бир натижа кутиш хатодир. Шунинг учун фикр одами ҳаракатсизликка кўнолмаганидек, том маънодаги ҳаракат кишиси ҳам фикрсизликка таслим бўлмайди. Аслини олганда, тушунчанинг ўзи ҳам бир ҳаракат. Назаримда, бугунги ўзбек зиёлисида бу ҳаракат негадир сусайиб кетди.
Агар тафаккур ва тушунча инсонни маънан янгилаш ва ўзгартиришга йўл очса, руҳий ҳаракат уни ўз “мен”ининг тор қобиғидан қутқазиб, чексизликка олиб чиқади. Ижодкор ўз моҳиятини ана шу чексизлик ва сўнгсизликда идрок айлаш даражасига юксалса, ҳаётдаги энг қийин ва энг зарур муаммони ҳал қилишга эришган бўлади. Ана шундай мақомга кўтарилган қалам соҳибигина омма савиясининг ўзгаришига таъсир кўрсатувчи фикрни айтиши мумкин.

Мавриди келганда сўрай: оммавийлик тушунчасига қандай қарайсиз? Сизнингча, ижодкор қай даражада оммалашиши керак?

Ҳақиқий санъат ва санъаткорлик оммавийликдан анча баланд туради. Омма санъат асаридан ўзига мақбул, яъни тиши ўтадиган нарсани юлиб юлқиб олар экан, қўполлик билан уни бузганлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Диди паст, савияси чўлтоқ ижодкоргина асарларининг оммалашиб кетганидан бемалол мақтанади. “Халқчиллик”да ўзини намуна ҳисоблайдиган шоир ва ёзувчиларнинг аҳволига фақат ачиниш керак…

Адабий мақола ва суҳбатларингизда Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор сингари сўз санъаткорлари, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон каби шоирлар ижоди, шахсияти ҳақида айрича меҳр билан сўз юритасиз. Янги ўзбек адабиётининг ёрқин вакиллари бўлган бундай ноёб истеъдод эгалари ижоди ҳақидаги “ёш” тадқиқотлар сизни қониқтирадими? Бугун устоз ижодкорлар анъаналари қай даражада давом этмоқда? Адабий мактаблар йўқолиб кетмаяптими?

Сиз тилга олган адиблар шахсияти ва ижодига бағишланган ёшларнинг тадқиқотларига, албатта, бефарқ қарамайман. Аммо илмбозликка берилмасдан табиий ва самимий ёзилганларини ўқиб хурсанд бўламан.
Анъаналар-ку, ҳар ҳолда, давом этаётир. Бироқ янги адабий мактаб яратишга ишонч ҳосил қила оладиган навқирон шоир ё ёзувчи борлигини шахсан мен билмайман. Нима деб мақтанмайлик, адабиётдаги изланиш, юксалиш руҳи қаноатланарли эмас.

Улуғ ижодкорларнинг энг катта ютуғи ўз вақтини тўғри тақсимлай олганида ҳам бўлса керак. Шиддатли замонда вақт ҳақидаги тушунчалар ҳам ўзгариб кетгандек. Аксига олиб, муштдайгина бошимизга вақтимиз йўқ: шошганимиз шошган. Ваҳоланки, барибир, ҳеч нарсага улгуриб бўлмаяпти. Ҳаётий ва ижодий тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда вақтни тўғри тақсимлаш борасида қандай тавсияларингиз бор?

“Вақт – кескир қилич…” дейди сўфийлар. Бу “қилич”дан ўзни муҳофаза қилишнинг илк шарти: илҳом билан яшаш ва меҳнат қилиш.
Вақтни тўғри тақсимлаш – фикр ҳаётида бир интизомни жорий этиш, кимлар билан ўтириб туришни билиш ва дунёнинг ўткинчи орзу ҳавасларига қўл силтай олиш дегани. Шу жиҳатдан Навоийнинг “Мажолис ун нафоис”даги мана бу сўзлари эътиборга молик: “Мавлоно Савсаний – озодваш кишидир… Бефойда эл била мусоҳиблиқ қилмас, невчунким, бежиҳат машаққатларни ўзига раво кўрмас. Умид буким, бу давлат барчаға насиб бўлғай”.
Шарқ мутасаввифларининг ишончига кўра, вақт мағлуби бўлиб қолмаслик учун инсон маъно оламига мансуб бўлмоғи керак. Демак, маънисизликдан қутулиш – вақт “тузоғи”дан халос бўлишдир. Аслини олганда, ҳаётнинг энг тўғри ва нурли йўли ҳам маъно ва моҳиятдир.

М: “Китоб дунёси”, 2013 йил 12 июнь

(Tashriflar: umumiy 118, bugungi 1)

Izoh qoldiring