Vasiliy Shukshin. Chappa

034   Хотини уни “Чаппа” деб чақирарди. Баъзида эркалаб шундай дерди. Чаппанинг бир ғаройиб хусусияти бор эди; у билан ҳамиша қандайдир ҳодиса рўй берарди. У буни хоҳламаса-да, албатта, аммо негадир доимо қанақадир ҳодисаларга аралашиб қолаверарди. Ҳар хил майда-чуйда бўлмағур ҳодисаларга. Мана, сафарда рўй берган ана шундай воқеалардан бири.

Василий Шукшин
ЧАППА
Ўроз Ҳайдар таржимаси
001

033ШУКШИН Василий Макарович (1929.25.7, Олтой ўлкаси Бийск тумани Сростки қишлоғи — 1974.2.10, Волгоград вилояти Клетск қишлоғида вафот этган; Москвада дафн қилинган) — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).. Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Василий Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган. Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971),«Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби кинокартиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган. Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган.
Василий Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган. Шукшин С. Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

001

Хотини уни “Чаппа” деб чақирарди. Баъзида эркалаб шундай дерди. Чаппанинг бир ғаройиб хусусияти бор эди; у билан ҳамиша қандайдир ҳодиса рўй берарди. У буни хоҳламаса-да, албатта, аммо негадир доимо қанақадир ҳодисаларга аралашиб қолаверарди. Ҳар хил майда-чуйда бўлмағур ҳодисаларга. Мана, сафарда рўй берган ана шундай воқеалардан бири.

Таътил олгач Уралга, акасиникига бориб келмоқчи бўлди; ўзиям у билан ўн икки йилдан бери кўришмаган эди.

–Қаерга йўқолди, анақа… ялтироқ “битюра”га ўхшаш?! – қичқирди Чаппа қазноқдан туриб.
–Мен қаердан биламан.

–Мана, мана шу ерда ётганди! – Чаппа қаҳрли қарашга ҳаракат қилиб, мовий думалоқ кўзларини чақчайтирди. –Ҳамма нарса турибди, у эса йўқ.

–“Битюр”га ўхшашми?

–Йўқ, чўртанга.

–Мен уни адашиб қовуриб юборган бўлсам керак.

Чаппа бир мунча вақт жим бўлиб қолди.

–Хуш, қандай экан?

–Нима?

–Ширин эканми? Ҳа-ҳа-ҳа! – У қочириқ қилишни умуман эплолмасди-ю, аммо жуда хоҳларди. – тишларинг бутунми ишқилиб? У ахир дуралюминдан эди-ку.

… Анча вақт тараддуд кўришди, деярли ярим тунгача.

Эрта тонгда Чаппа жамадон билан қишлоқ кўчасида кетиб борарди.

–Уралга! Уралга! – жавоб қайтарарди у қаерга кетаяпсан, деб сўраганларга. – Бир шамоллаб келай.

Унинг гўштдор думалоқ юзи ва соққадек кўзлари бунақанги узоқ сафарлар унга писанд эмаслигини, олис йўлдан қўрқмаслигини ифода этишга ҳаракат қиларди.

“Уралга!”

Аммо ҳали Уралгача узоқ эди. Ҳозирча у эсон-омон туман марказига етиб келган, энди эса чиптани қўлига киритиб ва поездга чиқиб олиши керак эди. Вақт ҳозирча кўп эди. Чаппа бундан фойдаланиб жиянларига атаб совға-салом, қанд-қурслар олмоқчи бўлди… Озиқ-овқат дўконига кириб навбатда турди. Ундан олдинда шляпа кийган эркак, ундан олдинда эса семиз, лаблари қалин бўялган бир хотин турарди. Аёл паст овозда шляпа кийган эркакка тез ва жўшқин сўзларди.

–Тасаввур қиласизми, қанчалик қўпол ва одобсиз инилар бўлиши мумкин.

У паришонхотир, яхшиямки у етти йил олдин паришонхотирликка чалинди, лекин ҳеч ким унга нафақага чиқишни айтмаган. У бўлса, раҳбар бўлганига бир йили кам бир ҳафта бўлибдики, “Александр Семенович, балки яхшиси сиз нафақага чиқарсиз”, дер эмиш. Юзсиз!
Шляпали қувватланди.

–Ҳа-ҳа… Уларнинг ҳаммаси шунақа. Қаранг, паришонхотир эмиш. Хўш Сумбатов-чи? У ҳам кейинги пайтлар қоғозни ушлаб кўрмаган. Ана у-чи, оти нима эди.

Чаппа шаҳарликларни ҳурмат қиларди. Албатта, ҳаммаларини эмас, безорилар, савдогарларни зиғирча ёқтирмасди, чўчирди. Унинг навбати етиб келди. У қанд, ширин кулча ва учта тахта шоколод олди. Четга ўтиб, уларни жомадонга жойлаштира бошлади. Одамлар навбатда турган тўсиқ олдида, оёқ остида нимадир ётарди, қараса, эллик сўмлик қоғоз пул. Шунақанги яшил тентаквой офати жон одамлар оёғи остида ётса-ю, бошқалар уни кўрмаса. Чаппа ҳатто ҳаяжондан кўзлари чақнаб қалтираб кетди. Шошилганча, бошқалар ундан олдинроқ билиб келишидан чўчиб қувноқроқ, ўткирроқ ҳазил билан одамларга қоғоз пул ҳақида маълум қилишни ўйлай бошлади.

–Ажойиб ҳаёт кечираётибсизлар, одамлар! – деди у қувноқлик билан баланд овозда.

Ҳамма унга қаради.

–Масалан, бизда мана бунақанги қоғоз оёқ остида ётмайди.

Худди шу дамда атрофдагиларни сал ҳаяжон чулғади.

–Ахир бу уч сўмлик эмас, беш сўмлик ҳам эмас, эллик сўмликка ярим ой ишлаш керак бунинг учун. Пулнинг эса эгаси йўқ.

“Бояги шляпалиники бўлса керак” ўйлади Чаппа. Пулни пештахта устига – кўринадиган жойга қўйишга келишишди.

–Ҳозир кимдир югуриб келса керак, –деди сотувчи аёл.

Чаппа дўкондан кўнгли ажиб бир хурсандчилик билан чиқди. Хаёлида эса қандай қилиб боплаб, қойиллатиб гапиргани айланаверди. “Бизда, масалан, бунақанги қоғоз оёқ остида ётмайди?!” Бирдан унинг иссиғи чиқиб кетди; эслади, худди шундай пулни ва яна битта йигирма беш сўмлик червонни унга “воли”да жамғарма кассасидан беришганди. Йигирма беш сўмликни у ҳозиргина майдалатди, эллик червон чўнтагида бўлиши керак… Қўлини тиқди – йўқ. У ёғи, бу ёғини титкилади – йўқ.

–Пул ўзимники экан-ку! – бақириб юборди Чаппа. – Вой, онангни сани!.. Менинг пулим-а.
Аламдан кўкраги жаранглаб кетгандай бўлди. Хаёлига келган илк нарса дўконга қайтиб: “Оғайнилар, бу пул меники экан. Мен уни жамғарма кассадан олган эдим, бири йигирма бешталик, иккинчиси элликталик. Йигирма бешталикни ҳозиргина майдалатдим, униси эса йўқ” дегиси келди. Лекин у ўзича тасаввур қилди; бу гапларни уларга қандай қилиб айта олади. Кўпчилик одамлар нима деб ўйлайди. “Албатта, эгаси йўқ экан деб, чўнтагига урмоқчи” демайдими? Йўқ, у ўзини мажбурлай олмайди, лаънати червонга қўлини чўза олмайди. Балки бермасликлариям мумкин.

–Нима учун мен бунақа гўл ва овсар эканман-а? – аччиқ алам билан овозини баландлатиб гапирди ўзига-ўзи Чаппа. – Энди ним қилдим?.. Энди уйга қайтиш керак.

Дўкон ёнига келди, узоқдан бўлса ҳам пулини кўрмоқчи бўлди, эшик ёнида туриб қолди…

Ичкарига кирмади. Баттар абгор бўлади. Юраги чидайолмайди.

Автобусда кетатуриб, ўзича секин сўкиниб борарди, кўнглини тинчлантирди: ҳали хотинига нимадир деб ҳисоб бериши керак.

….Жамғармадан яна эллик сўм олдилар. Ўзининг бир чақалик эканлигидан кўнгли озор чеккан Чаппа (буни унга хотини яхшилаб тушунтирган, бошига бир икки марта капгир билан туширган ҳам эди) поездда кетиб борарди. Аммо алами аста -секин босилди. Деразадан ўрмонлар дарахтзор ва қишлоқлар лип-лип этиб кўринарди…. Ҳар-хил одамлар чиқиб-тушишар, ҳар хил воқеаларни сўзлашар, Чаппа ҳам шунақа воқеалардан бирини пўримроқ бир кишига тамбурда чекишиб турганларида гапириб берди.

–Бизда ҳам, қўшни қишлоқда битта аҳмоқ… қопқоқни олиб онасини қувиб қолибди. Маст. Она ундан қочармишу бақирармиш “Қўлингни,қўлингни куйдириб олма, ўғлим”!-деб. Ўғлининг ғамини ермиш. У бўлса маст чўчқа, югурармиш онасига қараб. Тасаввур қилинг, қанчалик аҳмоқ ва аҳлоқсиз эканлигини…

–Ўзингиз ўйлаб топдингизми? – жиддий сўради пўрим кўзойнагининг тепасидан унга қараб.
–Нега? –тушунмади у. –Бизда дарёнинг нариги томонида Ремонское қишлоғида…

Пўрим ойнага қараб бурилиб олди ва бошқа гаплашмади.

Поездан кейин Чаппа яна бир ярим соатча маҳаллий самолётда учиши керак эди. У аввал бир марта учиб кўрган эди. Анча илгари. У самолётга қўрқа писа ўтирди “Наҳотки бир ярим соат ичида ундаги бирорта мурват бузилиб қолмаса, ишдан чиқмаса”!-деб ўйлади. Кейин ўзини босиб олди журъати етди. Ҳатто ёнидаги киши билан суҳбатлашишга уриниб кўрди, аммо у газета ўқир, худди газетада ёнидаги тирик одамдан ҳам кўра қизиқроқ нарса бордай, у билан гаплашишни ҳохламасди.

Чаппа бир нарсани жуда ҳам билгиси келаётган эди; самолётда овқат беришадими йўқми?- Негадир олиб келишмаётганди. Унинг самолётда жудаям овқат егиси келаётган, оч қолганидан эмас, қизиққани учун. Чунки у самолётда овқат беришади деб эшитган эди-да.

“Қурумсоқлик” қилишди, деб ўйлади. Пастга қарай бошлади, булут, тоғлар кўринарди. Чаппа негадир буларнинг ҳаммаси чиройли, кўринаяптими йўқми, аниқ айта олмасди?

Атрофидагилар эса “Қаранг, қандай гўзал!” дер эди. Унда негадир бир бемаъни истак– мана шу пахтадек момиқ булутлар устига қулаш истаги пайдо бўлди. Яна у ўйларди: нимага мен ҳайратга тушаяпман, пастга беш километр масофа бор-ку. Хаёлан ергача бўлган ўша беш километрни тасаввур қилди, уни миясида айлантириб, ҳайратга тушмоқчи бўлди, хайратланмади.

–Одамзотнинг ўйлаб топганини қаранг! –деди у хамроҳига. У Чаппага бир қараб қўйди-да, ҳеч нарса демади, яна газетасини шитирлатаверди.

–Камарни тақиб олинг ! –деди кўҳликгина аёл. – Ерга қўнаяпмиз.

Чаппа бўйсунганча камарни тақди. Қўшниси эса парво ҳам қилмади. Чаппа уни секингина туртди:

–Камарларни тақиб олинг дейишаяпти.

–Ҳеч қиси йўқ, –деди қўшниси.

Газетани қўйди-да, ўтирғичга чалқайди ва худди бир нима эсига тушиб қолгандай деди:
– Болалар–ҳаётнинг гуллари, уларни бошчаси билан ерга экиш керак.

–Қанақасига ? –тушунмади Чаппа. Рўзномахўр қаттиқ кулиб юборди-да, бошқа ҳеч нарса демади.

Самолёт тез пастлаша бошлади. Мана ер ҳам кўринди… орқага ўқдай учиб бораетган заминга қўл ўзатсанг етади. Ерга эса ғилдираклар теккани йўқ. Кейин биладиганларнинг айтишларича учувчи “эплолмабди”. Ниҳоят ерга ғилдираклар урилди. Ҳамма уёқдан бу ёққа қалқиб кетди. Ҳатто тишларнинг так-такиллаши, ғижирлаши эшитила бошлади. Бояги рўзномахўр эса жойидан учиб кетди, кал боши билан Чаппага келиб урилди, сўнгра ойнага қапишиб қолди, кейин попнинг устига қулади. Шу вақт ичида ундан бирор марта ун чиқмади. Атрофдаги бошқалар ҳам овоз чиқармасдилар, бу эса Чаппани ҳайратга солганди. У ҳам жим эди. Ҳамма тура бошлади. Ким олдин ўзига келган бўлса ойнадан қарашга турди. Ва самолёт картошка экилган далага қўнганини билишди. Учувчилар хонасидан қовоғидан қор ёғилиб учувчи чиқиб келди ва эшик томон юрди. Кимдир астагина ундан сўради:
–Назаримда, биз картошкага қўндикми?

–Нима, ўзингиз кўрмаяпсизми? – жавоб қилди учувчи.

Ваҳима тугади ва баъзи бир шўхроқлар журъатсизгина ҳазиллашишга уриниб кўрдилар. Тепакал рўзномахўр ўзининг сунъий тиш қопламасини қидирарди. Чаппа камарни ечди-да, у ҳам излаша бошлади.

–Мана буми?! – қувноқлик билан сўради ва узатди.

Рўзномахўр ялтироқ боши қизариб кетганча:

–Нима энди, албатта, қўл билан ушлаш керак эканми? – қичқирди у вишиллаб.

–Унда нима билан?..

–Мен энди уни қаерда қайнатиб оламан?! Қаерда?

–Юринг мен билан, – таклиф қилди у. –Бу ерда менинг акам яшайди. Сиз мени микроб юқтирди, деб ўйлаяпсизми? Менда улар йўқ. Рўзномахўр унга ҳайрон бўлгандай тикилиб қараб қолди ва қичқиришдан тўхтади.

Аэропортда Чаппа хотинига телеграмма юборди: “ Ерга қўндик. Кўксимга настарин шохи узилиб тушди. Оппоғим, унутма мени, Васкагинанг”.

Қоқсуяк жиддий телеграфчи аёл телеграммани ўқиб, таклиф қилди.

–Бошқатдан ёзинг. Сиз кап-катта одамсиз, болалар боғчасидаги гўдак эмас.

–Нима учун? – сўради Чаппа. – Мен унга доим хатларимда шунақа ёзардим. У менинг хотиним-ку. Сиз ўйлайсизки…

–Хатингизда нима деб ёзсангиз ёзаверинг, телеграмма эса алоқа тури. Бу очиқ матн.
Чаппа қайтадан ёзди. “Ерга қўндик. Ҳаммаси жойида” Васкагинанг”. Телеграфчи аёлнинг ўзи яна иккита сўзни тўғрилади. “Ерга қўндик” ва “Васятка қолди”, “Етиб келдим” ва “Василий”.
– “Ерга қўндик” эмиш, нима, сиз фазогирмидингиз?

– Ҳа, майли, – деди Чаппа. –Шундай бўла қолсин.

… Чаппа билардики, унинг Дмитрий деган акаси ва учта жияни бор. Бундан ташқари яна янгаси бўлиши мумкинлиги унинг хаёлига ҳеч келмаганди. Ана ўша янга ҳаммасини расво қилди. Нимагадир у Чаппани дарров ёқтирмай қолди.

Кечқурун акаси иккаласи ичишди ва Чаппа ҳирқироқ овоз билан қўшиқ айта бошлади.
Теракла-а-а-ар…

Софья Ивановна, нариги хонадан мўралаб , ғазаб билан сўради:

–Қичқирмасликнинг иложи борми? Сиз вокзалда эмассиз-ку, тўғрими? –деди-да эшикни қаттиқ ёпиб олди. Акаси Дмитрий ноқулай аҳволда қолди.

–Ҳалиги…У ерда болалар ухлаётган эди. Умуман у унчалик ёмон эмас.
Яна ичишди. Болалик чоғларини, ота-оналарини эслашди…

–Эсингдами? –қувонч билан сўради акаси Дмитрий, – айтганча, сен қаердан ҳам эслардинг. У пайтлари кичкина гўдак эдинг-ку. Мени сен билан қолдиришарди, мен эса сени қучоқлаб ўпаверардим, ўпаверардим. Бир марта ҳатто кўкариб кетгансан. Бунинг учун роса таъзиримни беришган. Кейин сен билан мени қолдирмайдиган бўлишган. Мен эса бари-бир, уларнинг кўзини шамғалат қилиб сенинг ёнингга борардиму, яна ўпаверардим. Жин урсин, нимага бунақа қилганман. Ўзимни эса ҳали бурним оқиб юрарди…ўша ўпишлар эса… билмадим бу…
–Айтганча эсингдами?! –Чаппа ҳам эслашга тушди. – Сен қандай қилиб мени…

–Сизлар бақиришни бас қиласизларми, йўқми? –яна сўради ғазаб билан Софъя Ивановна асаби бузилиб. –Кимга керак сизларнинг ўша бурун оқишларингу ўпишишларинг ҳақида эшитиш. Ҳасратлашадиган жойни топибсизлар.

–Юр, кўчага чиқамиз, –деди Чаппа.

Кўчага чиқишди, ўтирғичга ўтиришди.

–Эсингдами? –давом этди Чаппа

Лекин шу ерда акаси Дмитрий билан нимадир содир бўлди; у йиғлаб юборди ва муштлари билан тиззасига ура бошлади.

–Мана, менинг ҳаётим! Кўрдингми? Одам ҳам шунчалик ғазабнок бўладими?! Қанчалик ғазаб!
Чаппа акасини овута бошлади.

–Эй қўй, хафа бўлма. Керак эмас. Ҳеч қанақанги ғазабнок эмас, улар –жинни. Менда ҳам шунақа биттаси бор.

–Хўш, айт-чи, нима учун у сени ёқтирмади?!! Нима учун? Ахир, сени ёқтирмади-ку! Айт, нима учун?

Фақат шундагина Чаппа тушунди: ростдан ҳам янгаси уни ёқтирмади. Нега? Сабаби не?

–Биласанми, мана, нима учун, сен ҳеч қандай масъул раҳбар эмассан. Мен у аҳмоқни биламан.

Эси оғиб қолган ўша “масъул одам”и билан. Унинг ўзи ким! Буфетчи бўлиб ишлайди, бошқармада. Ким бўлибдики унинг ўзи, ҳеч ким эмас. У ердагиларни кўриб дийдиёсини бошлайди… Унинг мени ҳам кўргани кўзи йўқ– “масъул киши” эмаслигим учун, қишлоқи эканим учун.

–Қайси бошқармада?

–Ҳалиги… тоғ… Ҳозир тилим келишмайди. Нимага тегди бўлмаса? Нима у мени билмасмиди?
Худди шу ерда Чаппанинг ҳам жаҳли чиқиб кетди.

–Умуман олганда гап ўзи нимада? –бақириб сўради у акасидан эмас, яна бошқа кимдандир сўрагандай. – Агар билсанг, ҳамма машхур кишилар қишлоқдан чиқишган. Расми қора чизиққа олиниб, таъзиянома берадиганларнинг ҳаммаси қишлоқдан чиққан. Газета ўқиб туриш керак! Мансабдор дегани борки, иш фаолиятини қишлоқдан бошлаган.

–Мен унга неча бор исбот қилганман , қишлоқ одамлари яхшироқ, мустақил кишилар, деб.
–Степан Воробевни эслайсанми? Сен уни билардинг-ку…
–Ҳа албатта, билардим.

–Ўша ҳам қишлоқдан! Мана марҳамат –Совет Иттифоқ Қаҳрамони!Тўққизта танкни мажақлаган. Танкка юзма-юз борган. Энди унинг онасига бир умрлик нафақа тайинланган–олтмиш сўм беришади. Яқинда аниқлашди, шунгача бедарак йўқолган деб ҳисобланарди…
–Илья Максимовични айтсанг-чи!… Биз фронтга бирга жўнаган эдик. Марҳамат– “Шуҳрат” орденнинг тўлиқ кавалери. Аммо сен унга Степан ҳақида айтма… Керак эмас.
–Майли. Ҳа, ҳалиги-чи!…

Ака-укалар яна анча вақт қизишиб, шовқин солиб гаплашишди. Чаппа ҳатто остона атрофида қўлларини силкитиб айланарди.
–Қишлоқи эмиш, қаранг!…

–Ҳатто унинг тоза ҳавоси қандай бебаҳо! Эрталаб шундоқ деразани очсанг, юзинг ювилгандай бўлади. Хоҳласанг, уни ичишинг мумкин, шунчалик софки, ҳар хил гулларнинг ифорини айтгин.

Кейин улар чарчаб қолишди.

–Томни ёпдингми? – сўради акаси.

–Ёпдим. –деди Чаппа секингина. -Айвон қурдим, кўрсанг, маза қиласан. Шундоқ кечқурун айвонга чиқасан… хаёл сура бошлайсан. Агар ота-онамиз тирик бўлса , сен болаларинг билан келсанг, ҳаммамиз ўтириб малинали чой ичи-иб ўтирсак. Малина бу йил жуда ҳосилдор бўлди. Дима, у билан жанжал қилма, бўлмаса, баттар ёмон кўради. Мен ҳам мулойимроқ бўлишга ҳаракат қиламан, қарабсанки, ҳаммаси жойига тушади.
–Унинг ўзи ҳам ахир қишлоқдан-ку! – қандайдир ғамгин оҳангда ажабланди Дмитрий. – Болаларни ҳам қийнаб қўйди аҳмоқ, бирини пионина деб қийнайди, яна биттасини фигурали учишга ёздириб келди. Юракни қон қилиб юборди, бир нарса десанг, жанжал бошланади дарров.
–Ҳм-м! –яна қизишди Чаппа. – Ҳеч тушунмайман бу газеталарни, мана масалан биттаси дўконда сотувчи–қўпол. Эҳ сизларни! Уйга келгач эса анавунақа. Мана, қаерда азоб! Мен эса тушунмайман! –Чаппа ҳам муштлари билан тиззасига урди. – Тушунмайман, нимага уларнинг бари қутургандай.

Чаппа эрталаб уйғонса, уйда ҳеч ким йўқ; акаси Дмитрий ишга кетган, янгаси ҳам. Болаларнинг катталари ҳовлида ўйнаб юришар, кичкинани эса боғчага олиб кетишганди.
Чаппа ўрин- тўшакни йиғиб ювинди ва ўйлай бошлади: нима қилса экан янгасига маъқул келадиган? Шу пайт унинг кўзи болалар аравачасига тушди. “Аҳа! – ўйлади Чаппа, – ҳозир унга шундай расм соламанки”. У уйида печкасига шундай расм чизганида ҳамма қойил қолганди. Болалар бўёғини, чўткасини топди-да ишга киришди. Бир соатдан кейин ҳаммаси тамом бўлди; аравачани таниб бўлмасди. Аравачанинг юқорисига арғамчи бўлиб учаётган турналарни, пастки қисмига гуллар, ўсимликлар, чумоли ва бир жуфт хўрозу жўжаларни чизди… Аравачани ҳар томондан айланиб томоша қилди, ажойиб. Аравача эмас –ўйинчоқ. Тасаввур қилди: янгаси ишдан келиб кўради-да қандай ҳайратга тушади, жилмайиб қўяди.
–Сен эса қишлоқи, дейсан Чаппавой. – У янгаси билан келишиб олмоқчи эди. Бола ҳам худди саватчага ётгандай сезарди ўзини, гўё.

Чаппа кун бўйи шаҳар айланиб юрди, дўконларга кирди. Жиянига қайиқча сотиб олди, ажойиб қайиқча, оппоқ, чироқлари ҳам бор. “Мен унга ҳам расм соламан”, ўйлади Чаппа. Соат олтиларга яқин Чаппа акасиникига кириб келди. Бўсағага яқинлашди ва ичкарида акаси Димитрий янгаси билан жанжал қилаётганини эшитди. Умуман олганда, жанжални янгаси қилаётган, акаси Дмитрий эса фақат:

–Э қўйсангчи, нима қилибди! Хўп, майли энди… Сонья…қўйсангчи энди,- деб минғирларди.
–Эртагача бу аҳмоғингнинг қораси ўчсин бу ердан! –қичқирарди Сонъя Ивановна. –Эртагаёқ кетсин , тушундингми!

–Хўп, қўйсангчи энди!… Сонь…

–Майли эмас! Майли эмас! Кутиб ўтирмасин, ҳозир жомадонини улоқтираман, жин урсин, тамом-вассалом!

Чаппа шошилиб бўсағадан узоқлашди Кейин эса нима қиларини билмай қолди. Унинг яна қалби оғриди. Уни ёмон кўриб қолишганларида доим қалби озор чекарди. Даҳшатга тушарди. Ҳаммаси тамом бўлгандай, яшагиси келмай қолгандай туюларди. Қаёққадир, одамлардан узоққа қочиб кетгиси, уни ёмон кўраётганлардан олисроқда бўлгиси келар ёки унинг устидан кулганларини эшитишни хоҳламасди.

–Нимага энди мен мунақаман-а? –деб аччиқ афсусланарди у бостирма остида ўтирганича шивирлаб. – Ахир ақлим етиши керак эди-ку, унинг халқ ижодини тушунмаслигига.
У қоронғи тушгунча бостирма остида ўтирди. Юраги ҳамон оғрирди. Кейин акаси Дмитрий келди. Худди укаси Василий бу ерда анчадан бери ўтирганини билгандай, ҳайрон бўлмади.
–Қара.. –деди у. –Анави яна шовқин кўтарди. Аравачани… унақа қилмаслигинг керакмиди.
–Мен унга маъқул бўлади деб ўйлагандим. Мен кетаман, акажон.

Акаси хўрсинди, ҳеч нарса демади.

Чаппа уйига, ёмғир шивалаб ёғаётган пайт етиб келди. Автобусдан тушди-да, оёқ кийимини ечди ва илиқ нам ердан, бир қўлида туфлисини, бир қўлида жомадон кўтарганча югуриб кетди. Сакраб, сакраб қўшиқ айтарди.

Теракла..а..р… Теракла..а..р…

Осмон бир чеккасидан очилиб келар, мовийлашиб борар ва қуёш ҳам қаердадир яқингинада эди. Ёмғир ҳам сийракланиб, йирик томчилар кўлмакларни савалар, пуфакчалар хосил бўлар ва ёрилиб-ёрилиб кетарди. Бир жойда Чаппа тойғаниб кетиб йиқилишига озгина қолди.
Уни Василий Егорьевич Князев деб аташар, ўттиз тўққиз ёшга кирганди. У қишлоқда киномеханик бўлиб ишларди. Изқуварлар ва итларни жудаям яхши кўрарди. Болалигида шпион бўлишни орзу қиларди.

022

Vasiliy Shukshin
CHAPPA
O’roz Haydar tarjimasi
001

033SHUKSHIN Vasiliy Makarovich (1929.25.7, Oltoy o’lkasi Biysk tumani Srostki qishlog’i — 1974.2.10, Volgograd viloyati Kletsk qishlog’ida vafot etgan; Moskvada dafn qilingan) — rus yozuvchisi, kinorejissyor, stsenarist. Rossiyada xizmat ko’rsatgan san’at arbobi (1969).. Dastlabki hikoyalar to’plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Vasiliy Shukshin stsenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» fil`mi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo’lib o’tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo’lgan. Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) fil`mida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971),«Xarakterlar», «Sizning o’g’lingiz va akangiz» (1966), «G’aroyib kishilar» kabi kinokartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan. Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan.
Vasiliy Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan. Shukshin S. Gerasimovning «Ko’l bo’yida» fil`midagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» fil`mini suratga olish chog’ida to’satdan vafot etgan.Asarlari o’zbek tiliga tarjima qilingan.

001

Xotini uni “Chappa” deb chaqirardi. Ba’zida erkalab shunday derdi. Chappaning bir g’aroyib xususiyati bor edi; u bilan hamisha qandaydir hodisa ro’y berardi. U buni xohlamasa-da, albatta, ammo negadir doimo qanaqadir hodisalarga aralashib qolaverardi. Har xil mayda-chuyda bo’lmag’ur hodisalarga. Mana, safarda ro’y bergan ana shunday voqealardan biri.

Ta’til olgach Uralga, akasinikiga borib kelmoqchi bo’ldi; o’ziyam u bilan o’n ikki yildan beri ko’rishmagan edi.

–Qaerga yo’qoldi, anaqa… yaltiroq “bityura”ga o’xshash?! – qichqirdi Chappa qaznoqdan turib.
–Men qaerdan bilaman.

–Mana, mana shu yerda yotgandi! – Chappa qahrli qarashga harakat qilib, moviy dumaloq ko’zlarini chaqchaytirdi. –Hamma narsa turibdi, u esa yo’q.

–“Bityur”ga o’xshashmi?

–Yo’q, cho’rtanga.

–Men uni adashib qovurib yuborgan bo’lsam kerak.

Chappa bir muncha vaqt jim bo’lib qoldi.

–Xush, qanday ekan?

–Nima?

–Shirin ekanmi? Ha-ha-ha! – U qochiriq qilishni umuman eplolmasdi-yu, ammo juda xohlardi. – tishlaring butunmi ishqilib? U axir duralyumindan edi-ku.

… Ancha vaqt taraddud ko’rishdi, deyarli yarim tungacha.

Erta tongda Chappa jamadon bilan qishloq ko’chasida ketib borardi.

–Uralga! Uralga! – javob qaytarardi u qaerga ketayapsan, deb so’raganlarga. – Bir shamollab kelay.

Uning go’shtdor dumaloq yuzi va soqqadek ko’zlari bunaqangi uzoq safarlar unga pisand emasligini, olis yo’ldan qo’rqmasligini ifoda etishga harakat qilardi.

“Uralga!”

Ammo hali Uralgacha uzoq edi. Hozircha u eson-omon tuman markaziga yetib kelgan, endi esa chiptani qo’liga kiritib va poezdga chiqib olishi kerak edi. Vaqt hozircha ko’p edi. Chappa bundan foydalanib jiyanlariga atab sovg’a-salom, qand-qurslar olmoqchi bo’ldi… Oziq-ovqat do’koniga kirib navbatda turdi. Undan oldinda shlyapa kiygan erkak, undan oldinda esa semiz, lablari qalin bo’yalgan bir xotin turardi. Ayol past ovozda shlyapa kiygan erkakka tez va jo’shqin so’zlardi.

–Tasavvur qilasizmi, qanchalik qo’pol va odobsiz inilar bo’lishi mumkin.

U parishonxotir, yaxshiyamki u yetti yil oldin parishonxotirlikka chalindi, lekin hech kim unga nafaqaga chiqishni aytmagan. U bo’lsa, rahbar bo’lganiga bir yili kam bir hafta bo’libdiki, “Aleksandr Semenovich, balki yaxshisi siz nafaqaga chiqarsiz”, der emish. Yuzsiz!
Shlyapali quvvatlandi.

–Ha-ha… Ularning hammasi shunaqa. Qarang, parishonxotir emish. Xo’sh Sumbatov-chi? U ham keyingi paytlar qog’ozni ushlab ko’rmagan. Ana u-chi, oti nima edi.

Chappa shaharliklarni hurmat qilardi. Albatta, hammalarini emas, bezorilar, savdogarlarni zig’ircha yoqtirmasdi, cho’chirdi. Uning navbati yetib keldi. U qand, shirin kulcha va uchta taxta shokolod oldi. Chetga o’tib, ularni jomadonga joylashtira boshladi. Odamlar navbatda turgan to’siq oldida, oyoq ostida nimadir yotardi, qarasa, ellik so’mlik qog’oz pul. Shunaqangi yashil tentakvoy ofati jon odamlar oyog’i ostida yotsa-yu, boshqalar uni ko’rmasa. Chappa hatto hayajondan ko’zlari chaqnab qaltirab ketdi. Shoshilgancha, boshqalar undan oldinroq bilib kelishidan cho’chib quvnoqroq, o’tkirroq hazil bilan odamlarga qog’oz pul haqida ma’lum qilishni o’ylay boshladi.

–Ajoyib hayot kechirayotibsizlar, odamlar! – dedi u quvnoqlik bilan baland ovozda.

Hamma unga qaradi.

–Masalan, bizda mana bunaqangi qog’oz oyoq ostida yotmaydi.

Xuddi shu damda atrofdagilarni sal hayajon chulg’adi.

–Axir bu uch so’mlik emas, besh so’mlik ham emas, ellik so’mlikka yarim oy ishlash kerak buning uchun. Pulning esa egasi yo’q.

“Boyagi shlyapaliniki bo’lsa kerak” o’yladi Chappa. Pulni peshtaxta ustiga – ko’rinadigan joyga qo’yishga kelishishdi.

–Hozir kimdir yugurib kelsa kerak, –dedi sotuvchi ayol.

Chappa do’kondan ko’ngli ajib bir xursandchilik bilan chiqdi. Xayolida esa qanday qilib boplab, qoyillatib gapirgani aylanaverdi. “Bizda, masalan, bunaqangi qog’oz oyoq ostida yotmaydi?!” Birdan uning issig’i chiqib ketdi; esladi, xuddi shunday pulni va yana bitta yigirma besh so’mlik chervonni unga “voli”da jamg’arma kassasidan berishgandi. Yigirma besh so’mlikni u hozirgina maydalatdi, ellik chervon cho’ntagida bo’lishi kerak… Qo’lini tiqdi – yo’q. U yog’i, bu yog’ini titkiladi – yo’q.

–Pul o’zimniki ekan-ku! – baqirib yubordi Chappa. – Voy, onangni sani!.. Mening pulim-a.
Alamdan ko’kragi jaranglab ketganday bo’ldi. Xayoliga kelgan ilk narsa do’konga qaytib: “Og’aynilar, bu pul meniki ekan. Men uni jamg’arma kassadan olgan edim, biri yigirma beshtalik, ikkinchisi elliktalik. Yigirma beshtalikni hozirgina maydalatdim, unisi esa yo’q” degisi keldi. Lekin u o’zicha tasavvur qildi; bu gaplarni ularga qanday qilib ayta oladi. Ko’pchilik odamlar nima deb o’ylaydi. “Albatta, egasi yo’q ekan deb, cho’ntagiga urmoqchi” demaydimi? Yo’q, u o’zini majburlay olmaydi, la’nati chervonga qo’lini cho’za olmaydi. Balki bermasliklariyam mumkin.

–Nima uchun men bunaqa go’l va ovsar ekanman-a? – achchiq alam bilan ovozini balandlatib gapirdi o’ziga-o’zi Chappa. – Endi nim qildim?.. Endi uyga qaytish kerak.

Do’kon yoniga keldi, uzoqdan bo’lsa ham pulini ko’rmoqchi bo’ldi, eshik yonida turib qoldi…

Ichkariga kirmadi. Battar abgor bo’ladi. Yuragi chidayolmaydi.

Avtobusda ketaturib, o’zicha sekin so’kinib borardi, ko’nglini tinchlantirdi: hali xotiniga nimadir deb hisob berishi kerak.

….Jamg’armadan yana ellik so’m oldilar. O’zining bir chaqalik ekanligidan ko’ngli ozor chekkan Chappa (buni unga xotini yaxshilab tushuntirgan, boshiga bir ikki marta kapgir bilan tushirgan ham edi) poezdda ketib borardi. Ammo alami asta -sekin bosildi. Derazadan o’rmonlar daraxtzor va qishloqlar lip-lip etib ko’rinardi…. Har-xil odamlar chiqib-tushishar, har xil voqealarni so’zlashar, Chappa ham shunaqa voqealardan birini po’rimroq bir kishiga tamburda chekishib turganlarida gapirib berdi.

–Bizda ham, qo’shni qishloqda bitta ahmoq… qopqoqni olib onasini quvib qolibdi. Mast. Ona undan qocharmishu baqirarmish “Qo’lingni,qo’lingni kuydirib olma, o’g’lim”!-deb. O’g’lining g’amini yermish. U bo’lsa mast cho’chqa, yugurarmish onasiga qarab. Tasavvur qiling, qanchalik ahmoq va ahloqsiz ekanligini…

–O’zingiz o’ylab topdingizmi? – jiddiy so’radi po’rim ko’zoynagining tepasidan unga qarab.
–Nega? –tushunmadi u. –Bizda daryoning narigi tomonida Remonskoe qishlog’ida…

Po’rim oynaga qarab burilib oldi va boshqa gaplashmadi.

Poezdan keyin Chappa yana bir yarim soatcha mahalliy samolyotda uchishi kerak edi. U avval bir marta uchib ko’rgan edi. Ancha ilgari. U samolyotga qo’rqa pisa o’tirdi “Nahotki bir yarim soat ichida undagi birorta murvat buzilib qolmasa, ishdan chiqmasa”!-deb o’yladi. Keyin o’zini bosib oldi jur’ati yetdi. Hatto yonidagi kishi bilan suhbatlashishga urinib ko’rdi, ammo u gazeta o’qir, xuddi gazetada yonidagi tirik odamdan ham ko’ra qiziqroq narsa borday, u bilan gaplashishni hoxlamasdi.

Chappa bir narsani juda ham bilgisi kelayotgan edi; samolyotda ovqat berishadimi yo’qmi?- Negadir olib kelishmayotgandi. Uning samolyotda judayam ovqat yegisi kelayotgan, och qolganidan emas, qiziqqani uchun. Chunki u samolyotda ovqat berishadi deb eshitgan edi-da.

“Qurumsoqlik” qilishdi, deb o’yladi. Pastga qaray boshladi, bulut, tog’lar ko’rinardi. Chappa negadir bularning hammasi chiroyli, ko’rinayaptimi yo’qmi, aniq ayta olmasdi?

Atrofidagilar esa “Qarang, qanday go’zal!” der edi. Unda negadir bir bema’ni istak– mana shu paxtadek momiq bulutlar ustiga qulash istagi paydo bo’ldi. Yana u o’ylardi: nimaga men hayratga tushayapman, pastga besh kilometr masofa bor-ku. Xayolan yergacha bo’lgan o’sha besh kilometrni tasavvur qildi, uni miyasida aylantirib, hayratga tushmoqchi bo’ldi, xayratlanmadi.

–Odamzotning o’ylab topganini qarang! –dedi u xamrohiga. U Chappaga bir qarab qo’ydi-da, hech narsa demadi, yana gazetasini shitirlataverdi.

–Kamarni taqib oling ! –dedi ko’hlikgina ayol. – Yerga qo’nayapmiz.

Chappa bo’ysungancha kamarni taqdi. Qo’shnisi esa parvo ham qilmadi. Chappa uni sekingina turtdi:

–Kamarlarni taqib oling deyishayapti.

–Hech qisi yo’q, –dedi qo’shnisi.

Gazetani qo’ydi-da, o’tirg’ichga chalqaydi va xuddi bir nima esiga tushib qolganday dedi:
– Bolalar–hayotning gullari, ularni boshchasi bilan yerga ekish kerak.

–Qanaqasiga ? –tushunmadi Chappa. Ro’znomaxo’r qattiq kulib yubordi-da, boshqa hech narsa demadi.

Samolyot tez pastlasha boshladi. Mana yer ham ko’rindi… orqaga o’qday uchib boraetgan zaminga qo’l o’zatsang yetadi. Yerga esa g’ildiraklar tekkani yo’q. Keyin biladiganlarning aytishlaricha uchuvchi “eplolmabdi”. Nihoyat yerga g’ildiraklar urildi. Hamma uyoqdan bu yoqqa qalqib ketdi. Hatto tishlarning tak-takillashi, g’ijirlashi eshitila boshladi. Boyagi ro’znomaxo’r esa joyidan uchib ketdi, kal boshi bilan Chappaga kelib urildi, so’ngra oynaga qapishib qoldi, keyin popning ustiga quladi. Shu vaqt ichida undan biror marta un chiqmadi. Atrofdagi boshqalar ham ovoz chiqarmasdilar, bu esa Chappani hayratga solgandi. U ham jim edi. Hamma tura boshladi. Kim oldin o’ziga kelgan
bo’lsa oynadan qarashga turdi. Va samolyot kartoshka ekilgan dalaga qo’nganini bilishdi. Uchuvchilar xonasidan qovog’idan qor yog’ilib uchuvchi chiqib keldi va eshik tomon yurdi. Kimdir astagina undan so’radi:

–Nazarimda, biz kartoshkaga qo’ndikmi?

–Nima, o’zingiz ko’rmayapsizmi? – javob qildi uchuvchi.

Vahima tugadi va ba’zi bir sho’xroqlar jur’atsizgina hazillashishga urinib ko’rdilar. Tepakal ro’znomaxo’r o’zining sun’iy tish qoplamasini qidirardi. Chappa kamarni yechdi-da, u ham izlasha boshladi.

–Mana bumi?! – quvnoqlik bilan so’radi va uzatdi.

Ro’znomaxo’r yaltiroq boshi qizarib ketgancha:

–Nima endi, albatta, qo’l bilan ushlash kerak ekanmi? – qichqirdi u vishillab.

–Unda nima bilan?..

–Men endi uni qaerda qaynatib olaman?! Qaerda?

–Yuring men bilan, – taklif qildi u. –Bu yerda mening akam yashaydi. Siz meni mikrob yuqtirdi, deb o’ylayapsizmi? Menda ular yo’q. Ro’znomaxo’r unga hayron bo’lganday tikilib qarab qoldi va qichqirishdan to’xtadi.

Aeroportda Chappa xotiniga telegramma yubordi: “ Yerga qo’ndik. Ko’ksimga nastarin shoxi uzilib tushdi. Oppog’im, unutma meni, Vaskaginang”.

Qoqsuyak jiddiy telegrafchi ayol telegrammani o’qib, taklif qildi.

–Boshqatdan yozing. Siz kap-katta odamsiz, bolalar bog’chasidagi go’dak emas.

–Nima uchun? – so’radi Chappa. – Men unga doim xatlarimda shunaqa yozardim. U mening xotinim-ku. Siz o’ylaysizki…

–Xatingizda nima deb yozsangiz yozavering, telegramma esa aloqa turi. Bu ochiq matn.
Chappa qaytadan yozdi. “Erga qo’ndik. Hammasi joyida” Vaskaginang”. Telegrafchi ayolning o’zi yana ikkita so’zni to’g’riladi. “Erga qo’ndik” va “Vasyatka qoldi”, “Etib keldim” va “Vasiliy”.
– “Erga qo’ndik” emish, nima, siz fazogirmidingiz?

– Ha, mayli, – dedi Chappa. –Shunday bo’la qolsin.

… Chappa bilardiki, uning Dmitriy degan akasi va uchta jiyani bor. Bundan tashqari yana yangasi bo’lishi mumkinligi uning xayoliga hech kelmagandi. Ana o’sha yanga hammasini rasvo qildi. Nimagadir u Chappani darrov yoqtirmay qoldi.

Kechqurun akasi ikkalasi ichishdi va Chappa hirqiroq ovoz bilan qo’shiq ayta boshladi.
Terakla-a-a-ar…

Sof`ya Ivanovna, narigi xonadan mo’ralab , g’azab bilan so’radi:

–Qichqirmaslikning iloji bormi? Siz vokzalda emassiz-ku, to’g’rimi? –dedi-da eshikni qattiq yopib oldi. Akasi Dmitriy noqulay ahvolda qoldi.

–Haligi…U yerda bolalar uxlayotgan edi. Umuman u unchalik yomon emas.
Yana ichishdi. Bolalik chog’larini, ota-onalarini eslashdi…

–Esingdami? –quvonch bilan so’radi akasi Dmitriy, – aytgancha, sen qaerdan ham eslarding. U paytlari kichkina go’dak eding-ku. Meni sen bilan qoldirishardi, men esa seni quchoqlab o’paverardim, o’paverardim. Bir marta hatto ko’karib ketgansan. Buning uchun rosa ta’zirimni berishgan. Keyin sen bilan meni qoldirmaydigan bo’lishgan. Men esa bari-bir, ularning ko’zini shamg’alat qilib sening yoningga borardimu, yana o’paverardim. Jin ursin, nimaga bunaqa qilganman. O’zimni esa hali burnim oqib yurardi…o’sha o’pishlar esa… bilmadim bu…
–Aytgancha esingdami?! –Chappa ham eslashga tushdi. – Sen qanday qilib meni…

–Sizlar baqirishni bas qilasizlarmi, yo’qmi? –yana so’radi g’azab bilan Sof’ya Ivanovna asabi buzilib. –Kimga kerak sizlarning o’sha burun oqishlaringu o’pishishlaring haqida eshitish. Hasratlashadigan joyni topibsizlar.

–Yur, ko’chaga chiqamiz, –dedi Chappa.

Ko’chaga chiqishdi, o’tirg’ichga o’tirishdi.

–Esingdami? –davom etdi Chappa

Lekin shu yerda akasi Dmitriy bilan nimadir sodir bo’ldi; u yig’lab yubordi va mushtlari bilan tizzasiga ura boshladi.

–Mana, mening hayotim! Ko’rdingmi? Odam ham shunchalik g’azabnok bo’ladimi?! Qanchalik g’azab!
Chappa akasini ovuta boshladi.

–Ey qo’y, xafa bo’lma. Kerak emas. Hech qanaqangi g’azabnok emas, ular –jinni. Menda ham shunaqa bittasi bor.

–Xo’sh, ayt-chi, nima uchun u seni yoqtirmadi?!! Nima uchun? Axir, seni yoqtirmadi-ku! Ayt, nima uchun?

Faqat shundagina Chappa tushundi: rostdan ham yangasi uni yoqtirmadi. Nega? Sababi ne?

–Bilasanmi, mana, nima uchun, sen hech qanday mas’ul rahbar emassan. Men u ahmoqni bilaman.

Esi og’ib qolgan o’sha “mas’ul odam”i bilan. Uning o’zi kim! Bufetchi bo’lib ishlaydi, boshqarmada. Kim bo’libdiki uning o’zi, hech kim emas. U yerdagilarni ko’rib diydiyosini boshlaydi… Uning meni ham ko’rgani ko’zi yo’q– “mas’ul kishi” emasligim uchun, qishloqi ekanim uchun.

–Qaysi boshqarmada?

–Haligi… tog’… Hozir tilim kelishmaydi. Nimaga tegdi bo’lmasa? Nima u meni bilmasmidi?
Xuddi shu yerda Chappaning ham jahli chiqib ketdi.

–Umuman olganda gap o’zi nimada? –baqirib so’radi u akasidan emas, yana boshqa kimdandir so’raganday. – Agar bilsang, hamma mashxur kishilar qishloqdan chiqishgan. Rasmi qora chiziqqa olinib, ta’ziyanoma beradiganlarning hammasi qishloqdan chiqqan. Gazeta o’qib turish kerak! Mansabdor degani borki, ish faoliyatini qishloqdan boshlagan.

–Men unga necha bor isbot qilganman , qishloq odamlari yaxshiroq, mustaqil kishilar, deb.
–Stepan Vorobevni eslaysanmi? Sen uni bilarding-ku…
–Ha albatta, bilardim.

–O’sha ham qishloqdan! Mana marhamat –Sovet Ittifoq Qahramoni!To’qqizta tankni majaqlagan. Tankka yuzma-yuz borgan. Endi uning onasiga bir umrlik nafaqa tayinlangan–oltmish so’m berishadi. Yaqinda aniqlashdi, shungacha bedarak yo’qolgan deb hisoblanardi…
–Il`ya Maksimovichni aytsang-chi!… Biz frontga birga jo’nagan edik. Marhamat– “Shuhrat” ordenning to’liq kavaleri. Ammo sen unga Stepan haqida aytma… Kerak emas.
–Mayli. Ha, haligi-chi!…

Aka-ukalar yana ancha vaqt qizishib, shovqin solib gaplashishdi. Chappa hatto ostona atrofida qo’llarini silkitib aylanardi.
–Qishloqi emish, qarang!…

–Hatto uning toza havosi qanday bebaho! Ertalab shundoq derazani ochsang, yuzing yuvilganday bo’ladi. Xohlasang, uni ichishing mumkin, shunchalik sofki, har xil gullarning iforini aytgin.

Keyin ular charchab qolishdi.

–Tomni yopdingmi? – so’radi akasi.

–Yopdim. –dedi Chappa sekingina. -Ayvon qurdim, ko’rsang, maza qilasan. Shundoq kechqurun ayvonga chiqasan… xayol sura boshlaysan. Agar ota-onamiz tirik bo’lsa , sen bolalaring bilan kelsang, hammamiz o’tirib malinali choy ichi-ib o’tirsak. Malina bu yil juda hosildor bo’ldi. Dima, u bilan janjal qilma, bo’lmasa, battar yomon ko’radi. Men ham muloyimroq bo’lishga harakat qilaman, qarabsanki, hammasi joyiga tushadi.
–Uning o’zi ham axir qishloqdan-ku! – qandaydir g’amgin ohangda ajablandi Dmitriy. – Bolalarni ham qiynab qo’ydi ahmoq, birini pionina deb qiynaydi, yana bittasini figurali uchishga yozdirib keldi. Yurakni qon qilib yubordi, bir narsa desang, janjal boshlanadi darrov.
–Hm-m! –yana qizishdi Chappa. – Hech tushunmayman bu gazetalarni, mana masalan bittasi do’konda sotuvchi–qo’pol. Eh sizlarni! Uyga kelgach esa anavunaqa. Mana, qaerda azob! Men esa tushunmayman! –Chappa ham mushtlari
bilan tizzasiga urdi. – Tushunmayman, nimaga ularning bari quturganday.

Chappa ertalab uyg’onsa, uyda hech kim yo’q; akasi Dmitriy ishga ketgan, yangasi ham. Bolalarning kattalari hovlida o’ynab yurishar, kichkinani esa bog’chaga olib ketishgandi.
Chappa o’rin- to’shakni yig’ib yuvindi va o’ylay boshladi: nima qilsa ekan yangasiga ma’qul keladigan? Shu payt uning ko’zi bolalar aravachasiga tushdi. “Aha! – o’yladi Chappa, – hozir unga shunday rasm solamanki”. U uyida pechkasiga shunday rasm chizganida hamma qoyil qolgandi. Bolalar bo’yog’ini, cho’tkasini topdi-da ishga kirishdi. Bir soatdan keyin hammasi tamom bo’ldi; aravachani tanib bo’lmasdi. Aravachaning yuqorisiga arg’amchi bo’lib uchayotgan turnalarni, pastki qismiga gullar, o’simliklar, chumoli va bir juft xo’rozu jo’jalarni chizdi… Aravachani har tomondan aylanib tomosha qildi, ajoyib. Aravacha emas –o’yinchoq. Tasavvur qildi: yangasi ishdan kelib ko’radi-da qanday hayratga tushadi, jilmayib qo’yadi.
–Sen esa qishloqi, deysan Chappavoy. – U yangasi bilan kelishib olmoqchi edi. Bola ham xuddi savatchaga yotganday sezardi o’zini, go’yo.

Chappa kun bo’yi shahar aylanib yurdi, do’konlarga kirdi. Jiyaniga qayiqcha sotib oldi, ajoyib qayiqcha, oppoq, chiroqlari ham bor. “Men unga ham rasm solaman”, o’yladi Chappa. Soat oltilarga yaqin Chappa akasinikiga kirib keldi. Bo’sag’aga yaqinlashdi va ichkarida akasi Dimitriy yangasi bilan janjal qilayotganini eshitdi. Umuman olganda, janjalni yangasi qilayotgan, akasi Dmitriy esa faqat:

–E qo’ysangchi, nima qilibdi! Xo’p, mayli endi… Son`ya…qo’ysangchi endi,- deb ming’irlardi.
–Ertagacha bu ahmog’ingning qorasi o’chsin bu yerdan! –qichqirardi Son’ya Ivanovna. –Ertagayoq ketsin , tushundingmi!

–Xo’p, qo’ysangchi endi!… Son`…

–Mayli emas! Mayli emas! Kutib o’tirmasin, hozir jomadonini uloqtiraman, jin ursin, tamom-vassalom!

Chappa shoshilib bo’sag’adan uzoqlashdi Keyin esa nima qilarini bilmay qoldi. Uning yana qalbi og’ridi. Uni yomon ko’rib qolishganlarida doim qalbi ozor chekardi. Dahshatga tushardi. Hammasi tamom bo’lganday, yashagisi kelmay qolganday tuyulardi. Qayoqqadir, odamlardan uzoqqa qochib ketgisi, uni yomon ko’rayotganlardan olisroqda bo’lgisi kelar yoki uning ustidan kulganlarini eshitishni xohlamasdi.

–Nimaga endi men munaqaman-a? –deb achchiq afsuslanardi u bostirma ostida o’tirganicha shivirlab. – Axir aqlim yetishi kerak edi-ku, uning xalq ijodini tushunmasligiga.
U qorong’i tushguncha bostirma ostida o’tirdi. Yuragi hamon og’rirdi. Keyin akasi Dmitriy keldi. Xuddi ukasi Vasiliy bu yerda anchadan beri o’tirganini bilganday, hayron bo’lmadi.
–Qara.. –dedi u. –Anavi yana shovqin ko’tardi. Aravachani… unaqa qilmasliging kerakmidi.
–Men unga ma’qul bo’ladi deb o’ylagandim. Men ketaman, akajon.

Akasi xo’rsindi, hech narsa demadi.

Chappa uyiga, yomg’ir shivalab yog’ayotgan payt yetib keldi. Avtobusdan tushdi-da, oyoq kiyimini yechdi va iliq nam yerdan, bir qo’lida tuflisini, bir qo’lida jomadon ko’targancha yugurib ketdi. Sakrab, sakrab qo’shiq aytardi.

Terakla..a..r… Terakla..a..r…

Osmon bir chekkasidan ochilib kelar, moviylashib borar va quyosh ham qaerdadir yaqinginada edi. Yomg’ir ham siyraklanib, yirik tomchilar ko’lmaklarni savalar, pufakchalar xosil bo’lar va yorilib-yorilib ketardi. Bir joyda Chappa toyg’anib ketib yiqilishiga ozgina qoldi.
Uni Vasiliy Yegor`evich Knyazev deb atashar, o’ttiz to’qqiz yoshga kirgandi. U qishloqda kinomexanik bo’lib ishlardi. Izquvarlar va itlarni judayam yaxshi ko’rardi. Bolaligida shpion bo’lishni orzu qilardi.

022

(Tashriflar: umumiy 494, bugungi 1)

Izoh qoldiring