Xayriddin Sultonov. Uch hikoya.

044
18 январ — Адиб Хайриддин Султонов таваллуд топган кун

    Хайриддин Султонов 1956 йил Тошкент вилояти Қибрай тумани, Тузил қишлоғида дунёга келган. Паркент қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, ТошДУ нинг журналистика факултетида ўқиган. Хайриддин Султонов аввал «Гулистон», «Ёшлик» каби ойномаларда ишлаган, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида хизмат қилган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида хизмат қилмоқда.
«Саодат соҳили», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори», «Ажойиб кунларнинг бирида» каби қиссалари, «Қуёш барчага баробар» (1980), «Бир оқшом эртаги» (1981), «Онамнинг юрти» (1987), «Умр эса ўтмоқда» (1988), «Бобурнинг тушлари» (1992), «Бобурийнома», «Кўнгил озодадир», «Ғуломгардиш» ва бошқ. асарлари чоп этилган.  Адиб «Чангак», «Мозийдан бир саҳифа» каби видеофилмлар ҳамда «Тушларимда кўриб йиғлайман» каби бадиий филмнинг сценарий муаллифи ҳамдир. Хайриддин Султонов моҳир таржимон бўлиб, А. Сент-Экзюпери, Ю Нагибин, С. Алексеев, В Шукшин кабиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган
.

099

Хайриддин Султонов
УЧ ҲИКОЯ

ДУНЁНИНГ СИРИ

— Шунақа… Ер юзида тўрт миллиард одамга етган ҳаво минга етмайди…
Бу гапни у ҳазиллашиб айтди. Аммо Қундуз унинг сўз оҳангидаги пинҳоний надоматни илғади…
Зах ва бўёқ ҳиди анқиб турган каталакдек қироатхона совуқ эди. Йигит юпунгина плашга ўраниб креслога чўккан, беҳафсала журнал варақлайди. Бир ҳафтадан буён кутубхона очилган заҳоти кириб келади, кун бўйи ўқийди, кечқурун Қундуз уйга отлангандан кейин раҳмат айтиб чиқиб кетади.

Куз — «ўлик мавсум». Санаторийда одам кам. Кутубхона деярли кимсасиз. Диққинафас хонада Қундуз ёлғиз ўзи китобларга термилавериб зерикади. Иш тугасаю тезроқ кетса… Бироқ «Индамасхўжа» кечгача миқ этмайди. Қундуз курорт дафтарчасидан унинг студент эканини, исми Музаффарлигини билар, аммо йигитнинг беписанд муносабатига энсаси қотар эди. Аслида ўраниб-чирманиб юрадиган бу касалманд кимсанинг эътиборига зор эмас: у бир ой аввал турмушга чиққан — ўзи учун батамом янга, сирли ҳаёт оғушида маст. Ҳар куни эрталаб келинлик либосларига бурканганча гул-гул яшнаб ишга келади, лекин қуёш нуридан бебаҳра, рутубатли тор ҳужрада малоҳатидан ҳайратга тушадиган тирик жон йўқлиги туфайли андак афсус чекади. Бир оздан сўнг эшикдан «аммасининг бузоғи» — Музаффар кириб, нари-бери саломлашгач, китобларга кўмилади.
Уч кун бурун у йигитни гапга солмоқчи бўлди. Ҳийла вақт рўпарасида алланималарни атай ёзиб-чизиб ўтирди. Музаффар бир пайт кафтини оғзига тутиб узоқ эснади. Ўз гўзаллиги қудратига бениҳоя ишонган ҳар қандай аёл каби Қундуз ҳам қаттиқ ранжиди. «Кеккайган студент» ҳақида «Одамови!» деган ҳукм чиқариб, минбаъд сўз очмасликка аҳд қилди.

Бироқ бугун эрталаб беихтиёр: «Нима касалсиз?» — деб юбордию тилини тишлади.
Музаффар жилмайишга уринди, озғин, қонсиз юзларига маҳзун бир паришонлик қалқиди.
— Шунақа… Ер юзида тўрт миллиард одамга етган ҳаво менга етмайди.
Қундуз унга ажабланиб қаради.
— Мен астмаман-да, — деди йигит хўрсиниб. Унинг сохта хушҳоллигини кўриб, Қундузнинг раҳми келди.
— Тузалиб қолдингизми, ахир? — деб сўради атай тетик оҳангда.
— Врачнинг гапига кўра, тузалишим керак. Лекин… доим докторларнинг айтгани бўлаверса, оламда аллақачон касаллик қолмасди.
У тасалли беришга шошилди:
— Э, ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз!
Йигит бош чайқади:
— Қайдам…
— Ҳадеб ўйлаб сиқилаверманг-да! Бу ерда қанча одам даволанган! Тоғ ҳавоси…
— Кейин «саломатлик посбонларига «Мен сиздан шифо топдим» деган музикали салом» йўллайман, шундайми? — Музаффар кулимсиради. — Худди докторга ўхшайсиз-а… Менга қаранг, тағин врач бўлманг?
— Йўқ, — Қундуз ҳам маъюсланиб кулди. — Фармацевт бўлмоқчийдим.
— Киролмадингизми?
— Химиядан йиқилдим.
— Э-э… — Йигит қўзғалиб қўйди-да: — Бирор сиртқи бўлимига киринг, — деб маслаҳат берди.
— Ўқиш энди… — дея келинчак хандон отиб кулди. — Отасиз ўсганмиз. Шунинг учун амакимнинг деганлари-деган.
— Ҳа-а, — деди бош ирғаб Музаффар.

Қундуз газета-журналларни тахлашга киришди.
— Бу дард ўлгур сизга қаёқдан ёпишди? Жуда ёшсиз-ку? — деб сўради, ишдан бош кўтармай.
— Биласизми… — Йигит сўз қидириб каловланди. — Ҳалиги, дадам шийпонга қоровул эди. Кўп касал бўларди. Ўшанда ўрнида турардим. Дефолиация вақтида… Тоғда пахта экилмайди, дефолиацияни билармикансиз?
— Қизиқсиз-а, нега билмайман?
— Ана шу пайтда далада ҳеч ким қолмаслиги керак. Мен ётаверардим — шийпонни қаровсиз ташлаб кетолмасдим… — У гуноҳкорона илжайди.
— Сизни қарангу! — деди кутубхоначи. — Шийпонни бўри ермиди?!
— Ёш-бебош бўлганман-да! — деб аччиқ кулди йигит.
— Ўқишингиз-чи?
— Бир йил йўқотаман, начора? — Музаффар қўлидаги журнални варақлай бошлади. — Бу йил айниқса, кўп қийналдим.
— Соғайиб кетасиз, — деди ишонч билан Қундуз. — Айтгандек, институтни битириб ким бўласиз?
— Одам, — деб кулди у.

* * *

— Тоғдан тушиб келяпман, — деди у эртаси куни Қундузни кўрган заҳоти. Эгнида қалин свитер, эшик кесакисига суянган кўйи ҳансираб турарди.
— Қалай?
— Тоғлар ўксик, менинг кўнглимдек… — Йигит қуёш нуридан кўзлари қамашиб гапирарди. — Сўз йўқ! Баландроққа чиқа олмадим-да, нафас қисиб қолди.
— Нега… ўксик? — деб сўради кутубхоначи дераза пардаларини сураркан.
— Чиқсангиз кўрасиз.
— Мен ҳали чиқмаганман.
— Қўйинг-э?!
— Ишонмайсиз-а? Бир марта, тўққизинчи синфда ҳув ёнбағиргача борганмиз, лола тергани. Кейин қўл тегмади.
— Ёпирай!
— Бўзчи белбоққа ёлчимайди. — Қундуз хижолатомуз кулимсиради. — Кўкламда чиқмоқчимиз насиб қилса. Чиройли жойлар…
Музаффарни йўтал тутди. Муштини оғзига тугиб йўталаркан, юзлари қизариб-бўзариб, елкалари силкинарди.
— Лаънати-ей… — деди хуруж босилгач, ёшланган кўзларини артиб. — Саҳардан бошлаяпти-я! Ҳа-а, чиройли жойлар, киройи жойлар… — Жавондан қора муқовали қалин китобни олаётиб, афсуслангандек: — Чиройли жойла-р-р, — деди у яна ва ўқишга тутинди.

Ташқарида, қуёшнинг ҳароратсиз ёғдусига чулғанган дов-дарахтлар тагида заъфарон кўйлаги этакларини судраганча куз дилдираб кезади. Ҳаккалар учиб-қўниб хазон титкилайди. Олисдаги қорли чўққилар дўппи гулларидек хаёлий товланади. Кўкиш туман ичра элас-элас кўзга чалинаётган ёввойи бодом, тоғолча, дўлана буталари қоплаган ўнгарлар хонага дилгар сукунат бахш этади.
Кундуз зерикди. Нари-бери паришон юра бошлади. Ғашликка ўхшаш бир туйғудан юраги сиқилиб, хўрсинди. Дафъатан ўзини кимсасиз, ғариб сезди. «Бош олиб кетсанг, би-ир ёқларга… — Зум ўтмай ҳушига келиб кулимсиради: — Жиннига ўхшаб…»

Музаффар билан суҳбатлашиш алланечук мароқли. Аммо йигит берилиб ўқир, гўё оламда унинг борлигини унутган эди. Қундуз қатьият билан қимтилган қалин лабларга, ғамгин қўйкўзларга, қиз боланики сингари узун, ингичка бармоқларга бир-бир тикилди.
— Нима ўкияпсиз? — деб сўради ниҳоят журъат килиб. Йигит бош кўтарди.
— Гегель.
Қундуз Гегелнинг кимлигини сўрашга ийманди, тушунган каби бош силкиб қўйди.
— Қизиқми?
— Нима десам экан? Ҳар нарса ҳам қизиқсангиз — қизиқ. Файласуф у.
— Кеча телевизорда ҳам бир файласуф чиқди.
— Ким?
— Шариповми, Шароповми, шунақа фан кандидати бор экан-ку?
— Қайдам, бўлса бордир, — деди йигит. — Биласизми, дунёда кандидатлар, бакалаврлар, докторлар, магистрлар, профессорлар кўп — олимлар кам.

Келинчак анграйиб ўтирар, ғайриоддий туюлаётган бу сўзларни идрок этишга қийналар эди.
Ўқимаганига ўкинди. Агар ўқиганда у ҳам шунақа чиройли гапирармиди…
— Овқатлангани бормайсизми? — дея у соатига кўз ташлади.
— Тушлик бўлдими? — Музаффар ўрнидан қўзғалди. — Кечгача ишлайсиз-а? Озроқ ўқимоқчийдим.
— Ҳа.
Йигит бош ирғаб эшикни ёпди. Қундуз кўнгли ғаш, Музаффар стол устига қўйиб кетган китобни аста варақлади. Қалам билан чизилган сатрларга тикилиб қолди:
«Воқеий нарсалар — ҳақиқийдир, ҳақиқий нарсалар — воқедир»…

* * *

Кечаси ёмғир ёғди. Эрталаб еру кўкни туман босди. Кундуз осмонни тўлдирган қора булут уюрларига, намчил асфальт йўлга ташвишланиб қаради-ю, кун бўйи дилдираб ўтиришини ўйлаб, ғаш тортди. Мактабдан ишхонасига телефон қилиб, бир кунга ижозат олди.
Уйларни йиғиштирмоқчи эди, аммо қўли юмушга бормай юраги орзиқди. Қалин тивит рўмолини ўраб, плашини кийди-да, санаторийга жўнади.
Кутубхонани очиши билан озода кийинган, кўзойнакли, оқ-сариқ қария кириб келди. Бирпас журнал варақлагач, китоб ёздириб чиқиб кетди.
Кундуз рўмолини елкасига ташлаган кўйи қўлларини куҳ-куҳлаб ўтирарди. Бошида телпак, томоғини шарф билан ўраган, ранги бўздек Музаффар остонада пайдо бўлган заҳоти шошиб ўрнидан турди.

— Шу совуқда ҳам келдингизми? — деб сўради йигит ачиниб. — Шамоллаб қоласиз-ку! Бу ерга лоақал электр печка қўйишса бўлмайдими?
— Иситиш қозони ишдан чиқибди, тузатишяпти, — деди келинчак гуноҳкорона.
— Қозон ёрилибдими? Табиий офат-да! — дея танглайини такиллатди йигит.
Қундуз нима деярини билмай:
— Китобингизни олиб берайми? — деб сўради.
— Майли. Роса ўқийдиган ҳаво бўляпти! — У йўталиб, истар-истамас креслога чўқди.
Сукунат девори уларни бир-биридан ажратиб турар, дераза остида чак-чак ёмғир томчилаб, даралардан туман пардаси кўтарилиб бормоқда эди.
— Кеча Зоҳида билан уришдим, — деди Қундуз кутилмаганда ҳасрат қилиб. Йигит китобдан кўз узиб унга қаради:
— Зоҳида ким?
— Бухгалтер хотин.
— Нега уришдингиз?
— Кутубхонада фаррош йўқ, ўзим супуриб-сидираман. Бошқа бировнинг номига ойлик чиқаркан, ведомостда кўриб қолдим. «Директорга айтаман», десам: «Бўшагинг келаётган бўлса айтавер», дейди. Хонани тозаласам ўзим учун қиламан, ойлик талашмоқчимасман-у, шундай дегандан кейин чидаёлмадим-да, қизишиб кетдим.
— Тавба! — дея йигит бош чайқади. — Одамлар ажойиб: ширин бўлсанг — ютиб юборишади, аччиқ бўлсанг — чайнаб ташлашади… — Сўнг бармоқларини асабий ўйнаб: — Шунинг учун ер юзида чучмал одам кўп-да, — деди.
Шамол турди. Йироқдаги қорли чўққилар яна ярқиради. Тоғ бағридаги ёнғоқзор оша юқорига ўрлаётган отлиқ элас-элас кўзга чалинар эди.

Музаффарни бирдан йўтал тутди. Нимжон гавдасини кресло суянчиғига ташлаб, хирқираб қолди.
— Доктор чақирайми? — деди Қундуз шошиб.
— Йўқ… ўҳ-ҳў. ўҳ-ҳў… ўтиб кетади. — Йигит оғрикдан юзини буриштириб, кўкимтир томирлар ўйнаб чиққан қўлини силтади. — Дераза… деразани очинг…
Деразадан ёмғир аралаш изғирин ёпирилиб пардани тортқилади. Қундуз жунжикиб кетди.
Музаффар оғир-оғир нафас олиб, тўлғанарди.
— Ўзим ҳам… ўҳ-ҳў… нега бугун тутмади, деб турувдим…
Келинчак лабини тишлади: «Қийналиб кетди-ей!»
— Совуқ бўлмайди-да сизга, — деди куюниб.
— Ҳозир… Ҳозир-р босилади… Ўх-ҳў…
Титроқ бармоқлари кресло ёғочини бемажол тирнар, тор кўкрак қафасидан шиғ-шиғ деган товуш эшитилар эди.
— Мана, ўтиб кетди. — Йигит манглайидан тер томчиларини артиб, омонат илжайди. — Хаста ўпкам аччиқ газларга ўрганиб… тоза ҳавода қийналяпти.

Ёмғир қуйиб юборди. Музаффар деразадан ташқарига қараб энтикди:
— Ёмғир ҳам эзилди-ей! Нима ўқияпсиз?
Қундуз қўлидаги китобни кўрсатди.
— Нима ҳакда?
— Бизнинг ёшимизда нима ҳақда ўқишарди?
— Э-Ҳа… — дея маънодор бош ирғади Музаффар деразани ёпаркан. Ёмғир товуши пасайди.
— Менда бир китоб бор, — деди жойига ўтиргач. — Француз ёзувчисиники. Ўқиб, йигит бошим билан йиғлаганман.
— Ростдан-а?
— Ёлғончининг уйи куйсин. Хоҳласангиз, ўқиб кўринг.
— Бугун… йўқ, майли, эртага олиб келасиз-а? Шунақа таъсирлими? «Ўтган кунлар»га ўхшайдими? Мен қачон ўқисам, ўз-ўзимдан йиғлагам келаверади.
— «Ўтган кунлар»… О! — Йигитнинг кўзлари чақнаб кетди. — Фақат сиз эмас, Қодирий ўзи ёзиб, ўзи йиғлаган экан!
Эрталаб эри телпагани бостириб уйдан чиқаркан, Қундузга:
— Ишга борсанг, қалинроқ кийин. Кунга ишонма, эшак ўлдирадиган офтоб бу, — деди.
Қуёш чарақлаб турибди, аммо ҳаво совуқ. Кўчанинг икки бетидаги тунука томларда қиров йилтиллайди. Кечаги ёмғирдан сўнг ола-чалпоқ қурий бошлаган йўлга теракларнинг новвотранг япроқлари тўкилар, иккита тўқол эчки баргларни ямлаб юрар эди.
Тушгача Музаффардан дарак бўлмади. Қундуз тўсатдан ўзининг бетоқатланаётганини сезди. «Китоб бермоқчийди-ку?» — деб ўйлади хаёлини чалғитишга уриниб.
Кун тушдан оққач, юрагига ғулғула тушди. Эшикни қулфлаб, учинчи корпусга чиқиб борди.
Музаффар тўрт кишилик хонада ёлғиз ўзи ўраниб ётар эди.
— Сизга ёлғончи бўлдим-а? Кўрмайсизми… — дея хомуш кулимсиради. Қундузнинг кўзларида ҳуркак бир безовталик пайдо бўлди:
— Тузукмисиз?
— Раҳмат, эрталаб сал… — Йигит юзини буриштириб ён-верини тимирскилади, кейин ноумид қўл силтаб қўйди.
— Ёлғиз қийналмайсизми, ҳамхонангиз ҳам йўқ экан?
Музаффар қаддини ростлаб, ҳазин жилмайди.
— Атай шу палатага жойлашганман.
— Нега?
— Аслида одамлардан қочиб келдим. Кейин… бошқаларнинг уйқусини бузиш инсофдан эмас.
— Одамларсиз қандай яшайсиз? — деб сўради кутубхоначи кўзлари жавдираб.
Йигит қўлларини кўксига чалиштириб, кулди.
— Гёте бўлиб кетинг-э!
— Гёте?!
— Шундай немис шоири ўтган, билсангиз керак. Ўшанинг шеъри бор: «Қанчалар бемаъни бўлмасин муҳит, бари бир одамсиз яшолмас одам!» — дея виқор билан ўқиди у.
— Ана, кўрдингизми! Сиз бўлса…
— Мен бўлса… дельфинга ачинаман.
— Кимга?
— Саволингиз ўзбек тили грамматикаси бўйича нотўғри, лекин моҳият эътибори билан жуда тўғри!
Қундуз тушунмай, елка қисди.
— Чунки дельфин — тилсиз-онгсиз ҳайвон саналади. Ҳайвонлар эса «ким?» эмас, «нима?» деган сўроққа жавоб бўлади. Мактабда ўқитишган-ку? Аммо мен айтаётган дельфин бошқача, «ким?» деб сўрашга арзийдиган… Мени жинни деб ўйламаяпсизми? — деб қолди у тўсатдан.
— Йў-ўқ, нега?
— Сал пойинтар-сойинтар гапираман-да… Индонезияда бир дельфин мактабга қатнайдиган болаларни нариги оролдан бериги оролга ўтказиб қўяр экан. Доим маълум вақтда қирғоққа келиб, ўқувчиларни кутиб тураркан. Бир куни болалар билан қандайдир маст одам ҳам унга минибди. Қўлида латтага ўралган пичоғи бор экан. Сув ўртасига келганда дельфиннинг қоқ юрагини мўлжаллаб санчибди…
— Вой-й! Нимага?
— Нимага дейсизми? Ёвузликда қачон мантиқ бўлган? Бу ёғини эшитинг: дельфин сувни қора қонга бўяб соҳилга сузиб борибди. Болалар қирғоққа тушиши билан у шалоп этиб ағдарилибди-да, жон берибди… Кўрдингизми? Агар унинг ўрнида «ким» бўлганида эди, пичоқ санчилган заҳоти елкасидагиларни улоқтириб юборарди.
— Вой, шўрлик! Дарров ярасини боғлашганда, балки ўлмасмиди…
— Ким боғлайди? Ўша, «нима» деган сўроққа жавоб бўладиган кимсами?

Тумбочка устидаги сувсиз банкага солиб қўйилган бир даста гиёҳ қурий бошлаган, элитгувчи талх ҳиди гуркирар, қовжироқ кўкатлар ҳувиллаган бўм-бўш хонани яна ҳам бефайз кўрсатар эди.
Қундуз дераза рафида тартибсиз сочилган қоғозларга разм солиб:
— Дарс тайёрлаяпсизми? — деб сўради.
— Йўқ, — дея бош чайқади йигит. — бу — кундалик.
— Кўрсам, сир эмасми?
— Сир!
— Ҳарбий сирми? — деб кулди Қундуз.
— Дунёнинг сири, — дея жилмайди йигит. — Оламда одамзоднинг ақли етмайдиган бир сир бор. Уни ҳеч ким тушунмайди. Агар унга инсоннинг ақли етса, яшашнинг маъноси қолмайди.
Уни яна йўтал тутди. Келинчак вужудида оғриқ туйиб, лабини тишлади: «Худойим-эй!»

Музаффар даҳанини сочиқ билан артиб, адёлини тузатаркан, ҳансираб:
— Шунақа, — деб қўйди.
«Тузалиб кетсин-эй, бечора», дея хаёлан шивирлади Қундуз.
— Тўйингиз қачон бўлган? — деб сўради йигит дафъатан.
— Бир ойдан ошди… — Ногаҳоний эътироф туйғуси Қундузнинг кўнглини титратиб ўтди.
— Эрингиз нима иш қилади?
Бу савол унга малол келди, негадир ранжиди.
— Каналда… техник.
— Ҳа-а, яхши, — деди йигит қошини чимириб, дағал товуш билан.
Гап-сўз тугагандек эди. Қундуз деразадан кўриниб турган бир парча осмонга боқиб:
— Группангизда қизлар ҳам ўқиса керак? — деб қўйди. Музаффар қўлларига таяниб, яғринини кўтарди.
— Биронтасини яхши кўрасизми, демоқчисиз-да? Йўқ, яхши кўрмайман. Мени ҳам дунёда онамдан бошқа ҳеч ким яхши кўрмаган, — деди у жилмайишга уриниб.
— Нима учун?
— Чунки… — дея у бир лаҳза тараддудланди. — Келинг, бу ҳам сир бўла қолсин!
— Ҳаммаёқ сир денг? — Келинчак ўрнидан қўзғалди. — Майли, мен борай.
— Шошяпсизми?
— Чанқадим.
— Чойнакда чой бор. Сал совуқроқ.
— Йўқ, раҳмат. Врачни айтиб юборайми?

Йигит бош чайқади.
— Нега?
— «Табиб айтур: «Эй нодон, бу дардни бедаво дерлар», — дея у тумбочкасидан мўъжазгина китобча олиб узатди. — Мана, ўша йиғлатадиган…
Кундуз эшикни зичлаб ёпаркан, ичкаридан йўтал товуши эшитилди.
Уйга хомуш қайтди. Дарвоза очиқ, қайнатаси қўлида токқайчи, олма дарахтлари тагида куйманиб юрар эди. Салом бериб ҳовлига кирди-да, йўл-йўлакай эрталаб ёйиб кетган кирларини йиғиштирди. Атлас дарпардалар, гулдор сўзаналар билан безатилган хона ботиб бораётган куёшнинг қирмизи ёғдусига чўмган, бурчақдаги тошойна, сервант устидаги соатда ғуруб шуъласи яллиғланар эди. Кундуз тўрдаги суратда кулиб турган, дакана рўмолли жиккаккина кампирга бир зум тикилиб қолди.
У марҳум қайнанасини кўрмаган. Шу важдан қўшни хотинлар уни: «Кенг уйнинг келинчаги», деб ҳазиллашадилар.
Сигирни соғиб бўлиб, овқатга уннаганида машина сигнали эшитилди. Дарс тайёрлаб ўтирган қайниси — ўн тўрт яшар Исроил чиқиб дарвозани очди. Чангга ботган сариқ «Москвич» кириб келди. Болонья куртка, кўк шим кийган Комил машинадан тушиб уст-бошини қоқди-да, оғилхонада терит қораётган отаси томон юрди. Кундуз обдастага илиқ сув қуйди, ишком бағазига сочиқ илаётиб, эрига узоқдан секин: «Ҳорманг», деди.

У ошхонада сабзи тўғраётиб, бехос бошмалдоғини кесиб олди. Шоша-пиша боғлаётганда эри гугурт қидириб кирди.
— Қўлингни кесдингми? Э! Кўзингга қарамайсанми? — деди у койиш оҳангида. — Ҳа, майли, қон — ёруғлик. Намакобга ботир — дарров тўхтайди.
Овқат маҳали пойгакда чой узатиб паришонхаёл ўтирар, қайнатасининг гаплари қулоғига узуқ-юлуқ чалинар эди:
— … қизил новвоснинг кунжараси… Эртага боққа чиқиб токларни кўмиш керак… Мулла Нурматникига…
Чойдан кейин чолни мудроқ босди. Келинчак унга ўрин тўшаб бергач, идиш-товоқ йиғиштиришга тушди.
Уйга қайтиб кирганида телевизор вағиллаб ётар, эри мук тушиб пинакка кетган эди. Шарпани сезиб, кўзлари ярқ очилди.
— Ўчириб қўяверайми?
— Э-э… чарчабман… — Комил эснаб, ўрнидан турди.

Қундуз печкага кўмир солиб, деразадан ташқарига тикилди. Қоп-қоронғи. Ҳовли этагидаги қари тут зулмат қаърида қорайиб кўринади. Қаердадир дайди мушук зорланиб миёвлайди.
«Йўтали босилдимикан? Сир деб нимани айтди экан-а? Ҳеч ким тушунмаслиги керак… Нега? Сир бўлгани учунми?..»
Секин уф тортди, сумкасидан у берган китобни олди. Эриниб варақлади. Дуч келган саҳифадан ўқий бошлади. Аввалига лоқайд кўз югуртирди, сўнг мўъжизага учрагандек, оламни унутди… На эшикнинг ғижирлаб очилганини, на эрининг йўталганини сезди. Комил елкаси оша энгашиб муздек кафтини унинг билагига қўйгандагина чўчиб тушди.
— Қанақа китоб? Қани? Барб-юс?! Одамнинг отими? Барбарис деган конфет бўларди…

Эри чопонини ечиб стул суянчигига ташлади. Бош қашиганча бирпас серрайиб турди-да, эснаб:
— Машинанинг сувини тўкиб қўйиш керак. Қор ёғадиганга ўхшайди, — деб уйдан чиқди.
Қундуз унинг гапини эшитмади. Бу вақтда у… йиғлар, лаблари: «Азизим Луи! Сенга бу мактубни йигирма йилдан сўнг ёзяпман…», дея шивирлар эди. Музаффарни эслади. «Бу китобни ўқиб, йигит бошим билан йиғлаганман…»
Эрининг қорасини пайқаб, юз-кўзини артди.
Комил ечиниб каравотга чўзилди. Бақувват қўлларини боши остига қўйиб, чалқанча ётар, нафас олганида кенг кўкраги кўтарилиб тушар эди.
— Қани, ётмайсанми? — дея шивирлади у хушнуд кулиб.
Кўзлари чақнар эди!.. Қундуз бош чайқаб, ўқишда давом этди. Ҳар кеч шу гапни эшитганида аъзойи баданини сирли ҳаяжон қамрар эди. Ҳозир негадир вужуди жунжикди. Эри бир зум шифтга тикилиб ётди-да, норози оҳангда:
— Кун бўйи тўймадингми, бўлди-да! Ўчир чироқни! — деди.
Кейин бир сапчиб, хотинининг бахмал нимча сириб турган белидан шартта қучоқлаб бағрига тортди.
— Оҳ, отинчам-эй! Бўлди энди!..
Қундуз бирдан бўшашиб, кўзларини юмди. Тун. Олам жимжит.
Қундуз кўз очдию сесканиб тушди: совуқ, зимистон хона, йўтал тутиб ёлғиз тўлғаниб ётган… Музаффар! Комил шошиб қолди:
— Нега йиғлайсан?
Қундуз ўзини бениҳоя таҳқирланган ҳис қилар, елкалари дир-дир силкинар эди…
Эри туриб чироқни ёқди.
— Айтсанг-чи, нима бўлди? Бирор жойинг оғрияптими?
Комил жигибийрони чиқиб, каравот четига ўтирди.
— Одамни хун қилиб юбординг-ку! Гапирсанг-чи!
Унинг чурқ этмаганини ўзича тушунган эри ёнига оҳиста чўзилди.
— Биламан, иш кўп, зерикиб кетдинг, — деди бир оздан сўнг мулойим товуш билан. — Лоақал кинога оборолмаяпман. Кўриб турибсан-ку, қўлим тегмаяпти. Объектни топширайлик, шаҳарга тушамиз, айлангани. Хоҳласанг, театрга кирамиз…

Бу таскин-тасалли Қундузни буткул ўртаб юборди.
Комил чироқни ўчириб, ётган жойида сигарета тутатди. Сигарета чўғининг лип-лип шуъласида дала шамоли қорайтирган ҳорғин юзи ғира-шира кўзга чалинарди. У босиб-босиб ичига тортди.
Эр-хотиннинг уйқуси ўчган, бирортасидан садо чиқмас эди.
Қундуз хира ёруғ тушиб турган деразага тикиларкан, опаси Зумрадни эслади. Сўнг туғилиб ўсган ҳовлиси, эрта кўклам томида қизғалдоқлар ловиллайдиган уй хаёлига келди. Опаси ўнинчи синфни битираётган йили бир йигит билан қочиб кетган эди. Онаси уни кўп қарғар, Кундуздан жаҳли чиқса ҳам албатта қўшиб ўтар эди: «Шумоёқ эгачингга ўхшамай ўл! Қирчинингдан қийилгур, ўша шармандага тортяпсанми?!»
У опасининг исноди остида эзилиб ўсди. Мактабни тугатиши билан онаси уни «гумдон қилиш» пайига тушди. Санаторий ошхонасида ишлаб юрганида Қундузни бир ойлик ўқишга юбордилар. Қайтиб келгач, у амакисининг ошнаси Миркамол домланинг ўғлига фотиҳа қилинганини эшитди.
Ораста уй-жой. Окқўнгил қайната, Ройишли қайни…

Тўсатдан онгида алланарса чарақлаб, уни титратиб юборди: ёнида Музаффар ётгандек туюлди… Бу хаёлдан ҳатто ўзи қўрқиб кетди. Кўзларини чирт юмди: яна Музаффар!
Қундуз ваҳимага тушиб, бўғзига йиғи тиқилди. Наҳотки…
Комил беозор пишиллаганча ухлаб ётарди.
Шу одам унинг эри. Бир умр!
Шуурсиз бир тарзда Комилнинг иссиқ юзига бармоқларини тегизди. Эри уйқусираб тамшанди. Ёнбошига ағдарилиб кўзини очди:
— Ҳалиям ухламадингми?
Кундуз унинг уйқули кўзларига тик боқиб:
— Менга қаранг, — деди. Товуши ўта хотиржам, истиғнодан асар ҳам йўқ эди. — Мени… яхши кўрасизми?
Комил англамади:
— А?
— Мени яхши кўрасизми?
Эри елкасидан қучди.
— Гапинг қизиқ. Яхши кўрмасам… уйланармидим?
— Мен-чи?
— Нима сен?
— Мен сизни яхши кўраманми?
Комил довдираб қолди.
— Хотиним бўлгандан кейин… яхши кўрасан-да, — дея ғўлдиради уйқуси ўчиб. Бирдан сергакланиб ўрнидан қўзғалди. Тиззаларини қучоқлаб, хотинига жонсарак тикилди.
— Сенга нима бўлди ўзи? — деб сўради у. — Ростини айтавер… Келинчак деразадан тушаётган ойнинг хира ёруғида эрининг тумтайган лаблари, киртайган кўзларини кўриб, раҳми келди. — Ҳеч нарса… — дея пичирлади у. — Йўқ, «ҳеч нарса»га ўхшамайди! Ё… битта-яримтага…
Қундузнинг юраги шув этди.
— Нега индамайсан? Гапир!
— Нега унақа дейсиз?
— Ҳа? Нимага бунақа ғалатисан бўлмаса?
Комилнинг дикқати ошди. Нима қиларини билмай, яна сигарета тутатди. Саҳархез хўрозлар қичқиргунга қадар чурқ этмай бедор ётдилар. Иккаласи ҳам ўртада нимадир йўқолиб, нимадир пайдо бўлаётганини англагандек эди.

* * *

Эри тонг қоронғисида чой ичмай ишга жўнади. Қундуз боши чўяндек оғирлашиб ўрнидан турди.

* * *

…Хат қисқа эди:
«Қундуз! Тўсатдан жўнаяпман. Совуқ жонимдан ўтиб кетди. Сиз бахтли бўлишингиз керак. Сиз ўзингиз билмаган ҳолда менга қанчалик далда берганингизни билсангиз эди… Фақат раҳмат айта оламан.
Музаффар».
— Манавиниям қолдирди, — деди қоровул чол қора муқовали қалин китобни узатиб.
Қундуз ҳайрон бўлиб чолга қаради.
У бамайлихотир, пиёладан аччиқ кўк чой ҳўплар эди.

ҒУЛОМГАРДИШ

– Э, бўлди-да, ота, одамни номусларга ўлдирдингиз-ку! Шу ердан кўчиб кетсам қутуламанми сиздан?!
Дадаматов ахийри шундай деди. Саноқул бобо мажбур қилди. Дадаматов жаҳл устида шундай деди-ю, энди пушаймон бўлиб ўтирибди. Пушаймон бўлгани сари эса баттар аччиғи чиқмоқда.
Аслида, нега шунчалик тутаққанига ўзи ҳам хайрон.
Саноқул бобо унн урмаган бўлса, сўкмаган бўлса, туҳмат-маломат қилмаса, ундан бир таъма тиламаса… Айби – канда қилмай ҳар куни салом берганию дуои жонини қилиб турганими?
Наинки шунинг учун киши бировдан ранжиса?Айниқса, Дадаматовдек зуваласи лойдан эмас, мумдан ясалган мулойим бир одам, шунинг учун бировни ранжитса? У наҳот шу умидда юртига кўчиб келган бўлса?
Ақл бовар қилмайди. Менинг, масалан, бунга сираям ишонгим келмайди. Чунки Бегмат Дадаматовни беш қўлдай яхши биламан. Билганим учун ҳам шу гапларни ёзиб ўтирибман. Келинг, унинг кимлиги ҳақида сизга ҳам анча гапириб берай.

Хўш, Дадаматов Бегмат Эрматович, урушдан аввал, ўттиз олтинчи йили бизнинг қишлоғимизда туғилган. Ҳамма қатори ўқиб, ҳамма қатори машаққату дард-аламлар тортиб, кон техникуми, кейин шу соҳанинг институтини тугатиб, қишлоғимизга қайтиб келмади – Шарғунга, кўмир конига ишга кетди. Кишлоққа кам келарди, аҳён-аҳёнда – Май байрами ёки Янги йил арафаларида тили бизнинг лаҳжаларга ўхшамайдиган, кўзлари катта-катта, чиройли хотини билан паст-баланд кўчаларимизда пайдо бўлиб қоларди. Бегмат Дадаматов маржон шодасидек тиғиз қишлоғимиздан узилиб кетган биринчи дона эди, шу боисмикан, кўпчиликнинг назарида алланечук ғалати, жуда оқпадар бўлмаса ҳамки, ҳар қалай, дарбадар бир кимса бўлиб кўринарди.
Бегмат Дадаматов, табиийки, бу гаплардан бехабар, шунинг учун ҳам парвойи фалак юрар эди. Кейин-кейин, у кекса отасию қари онасини кўргани келаркан, хотини билан бирга бежирим кийимлар кийган ўғил-қизларини ҳам эргаштириб келадиган бўлди. Болаларининг тилиям бизнинг лаҳжаларга ўхшамас, бинобарин, бегона эди.
У биринчи марта қишлоққа сутранг «Волга»да кириб келганида, ҳар турли миш-мишлар тарқади. Бировлар: «Кўтарилиб кетибди, машина олиб юраркан», деди, бировлар эса: «Eрмат сариқнинг ўғли кўмир эмас, пул конида ишларкан», деди. Кимлардир суюнди, кимлардир куйди.

Бир куни Дадаматов, қайсидир байрамда, чол-кампирни зиёрат қилгани келиб, отасини касал ҳолда кўрди, онаси бошида сув томизиб ўтирарди. Ўртада қандай гап-сўз ўтгани бизга номаълум, аммо бир ҳафтадан сўнг Дадаматов қишлоққа кўчиб келди. Энди «Волга»си йўқ эди. Яна миш-миш тарқади: «У ишдан ҳайдалиб кетибди», «Бало экан, ҳовли-жойнинг умидида… ҳаҳ, моли дунё ўлсин ширин бўлмай… »
Тешик қулоқ, Бегмат Дадаматов, табиийки, бу гаплардан энди хабар топмай қолмади, лекин барибир парвойи фалак юраверди. Ҳатто беписанд кулиб қўйганини ҳам биров кўрмади. Хуллас, қишлоқ унга кўникди – ортиқ номини сақич қилмай қўйди.
Дадаматов озроқ муддат чол-кампирнинг каталакдек уйида яшади, кейин, кузга бориб, Даламаҳалладан анчагина бадастир ҳовли-жой сотиб олиб, кўчиб ўтди. Раён марказига – электр идорасига ишга кирди. Тили бизнинг лаҳжаларга ўхшамайдиган ўғил-қизлари қишлоқ болалари билан бир мактабда ўқий бошлади. Хотини ҳамшира экан, касалхонага жойлашди.

Дард бошқа – ажал бошқа, шифтга боқиб умри ўтган Эрмат бобо кўкламга чиқиб кўрмагандек бўлиб кетди, кутилмаганда отга, беданага меҳр пайдо қилди, тагида булутдек айғир, устида почапўстин, қўйнида бедана, қаерда улоқ, қаерда пойга бўлса, барида ҳозиру нозир. Орада унинг оғзига сув томизиб ўтирган кампири бирданига омонатини топширди. Чол ҳозир саксон учда, қайсарлик билан ҳамон ўзининг ҳовлисида, ўн олтига кирган невараси Шермат билан тирикчилик қилади, аҳён-аҳёнда нега менга кампир топиб бермайсан, деб Бегмат Дадаматовга ғалва қилиб қўяди. У эса бунга жавобан кулади, холос.
Бегмат Дадаматов ҳақидаги гапга шу ўринда нуқта қўйсак ҳам бўларди, лекин Саноқул бобо… Дарвоқе, Саноқул бобо! Агар Саноқул бобо бўлмаганида, ҳикоямизнинг ҳам ҳеч бир ҳикоялик ери қолмасди. Саноқул бобо, Бегмат Дадаматовнинг ҳаётида ҳам, худди шу ҳикоядагидек, мутлақо тўсатдан пайдо бўлди.
Саноқул бобони мен ҳам танирдим. Кутубхонадан китоб олгани борганимда кўрардим. Кўча бошидаги харсанг тошда, ҳассасини иягига тираб, кўзларини чала юмиб, носнинг кайфини сурганча офтобшувоқда мудраб ўтирарди. Салом берсангиз, хафа бўларди, кайф қочса керак-да.

Дадаматовнинг олган ҳовлиси кутубхонанинг орқасида, шундоққина сой бўйида эди ва аччиғичакдай тор бир кўчадан юриб, Саноқул бобонинг қўҳна ёғоч дарвозаси олдидан ўтиб, асфалт йўлга чиқиларди.
Ҳамма машмаша Дадаматов кўчиб келганининг иккинчи ҳафтасидан бошланди Сешанба куни эрталаб шошиб ишга бораётса, нимдош кўк яктак кийган, чувак юзли, пишшиқ бир чол тавозе билан салом берди:
– Э, ассалому алайкум, тўрам!
Дадаматов гангиб тўхтади, гарчи атрофда ўзи ва рўпарасидаги чолдан бўлак кимса бўлмаса-да, ёнверига аланглади, сўнг ҳайронлик билан, музтар ва хоксор қўл қовуштириб турган қария томон юрди, сўрашгани қўл чўзди:
– Ассалому алайкум, ота.
Шунда чол ёшига ярашмаган абжирлик ила чаққон югуриб келди, унинг кафтини қўшқўллаб кафтига олди, кўзига суртгудек бир алфозда товуши товлашиб деди:
– Бардам-бақувват юрибсизми, тўрам тани-жонингиз соғми?
Дадаматов баттар довдиради, сўнг юзи ёришиб жилмайди:«Қарилик-да!»
– Мени биров билан адаштиряпсиз-а ота, – деди Ҳушҳол кулимсираб.
Чол ундан баттар таажубланди:
– Э, нега адаштирай, тўрам? Шукр, ҳали эс-ҳушдан айиргани йўқ. Яратган эгам ўзи адашгулик қилмаса адашмайман, тўрам. Ҳа, ҳовлилар муборак бўлсин энди? Кўп суюндим, тўрам, кўп суюндим. Илоҳи омин, яхши тўйларга буюрсин, туп қўйиб палак ёзинг!
– Раҳмат, – деди Дадаматов, – раҳмат, айтганингиз келсин.
– Муни қаранг, тўрам, фалакнинг гардиши деб шуни айтаркан-да, бўлмаса ким ўйлабди сизнинг бизга қўшни бўлиб қолишингизни? Шукр, минг шукр, яратганнинг инояти буям бўлса!
Дадаматовнинг вақти бениҳоя зиқ эди.
– Ҳай, ота, – деди узр сўраб, – майли, омонлик бўлсин.
– Э, тўрам, қани бир пиёла чойимиз бор-а? Эрталабки насиба-я, тўрам?
– Бошқа сафар, – деб Дадаматов гапни қисқа қилди.
«Отамнинг ошналаридан, – дея ишонч билан ўйлади йўлда бораётиб, – лекин нега бунча «тўра»лайди – ҳайронман… »
Кечқурун ишдан қайтиб таажжуби баттар ортди: кимдир бир тоғора сомса ташлаб кетибди.
– Ким берди? – деб кундузи уйда қолган саккиз яшар қизчасидан сўраган эди, у:
– Бир чол, оти… оти Саноқул бобо, – деди. Ҳайронлик билан сомса ейилиб кетди. Эртасига яна одатдагидек ишга бораётган эди, худди кечаги муюлишда ўша чолга дуч келди. Дадаматовга, у кечадан бери жойидан жилмагандек туюлди. У харчанд олдин салом беришга ўзини чоғласа-да, барибир улгуролмади – чол эпчиллик қилиб қолди:
– Э, ассалому алайкум, тўрам! Қалай, бардам-бақувватгина? Уй ичилар, бола-чақа омонми?
«Тўрасига бало борми?!» – Дадаматовнинг бирдан энсаси қотди, бироқ чолнинг юз-кўзида ҳеч қандай ҳазил-мазах ифодасиии кўрмади.
– Раҳмат, – деду у қуруққина қилиб ва шу заҳоти: «E, сомсани шу юборган бўлмасин тағин?» – деган фикр хаёлидан ўтди.
– Кани, тўрам, ўтсинлар, ўтсинлар! – чол икки букилиб, қўл қовуштирганча унга йўл бўшатиб турарди.
– Менга қаранг, ота, – деди Дадаматов, – нега мени «тўра» дейсиз, мен тушунмадим. Умуман, сал ғалати бўляпти, мени отим Бегмат, отимни айтиб чақираверинг.
Чолнинг нурсиз, чайир кўзлари ваҳимага тўлди:
– Йўғ-е! Йўғ-е! – деб шивирлагандек бир овоз чиқарди у. – Худо сақласин, нега отингизни айтар эканман, айб бўлади, тўрам. Қани, ўтсинлар, ўтаверсинлар, баҳузур.
Дадаматов бўғилиб кетди:
– «Тўра» деманг, плтимос.
Чол кўзларини пирпиратди:
– Нима дейин?
– Отимни айтинг, қўшни денг, ҳа, ана, ўғлим денг.
– Йўқ, – деди чол, қатъиян бош чайқаб. – Сиз тўрамнинг авлодлари
бўлсангиз-у, мен қандай қилиб…
– Қанақа тўранинг? – деб сўради Дадаматов қичқиргудек бўлиб.
– Дадамат қозининг-да, – деди чол ва унинг бу қадар нодонлигига ачингандек, бош тебратиб қўйди. – Раҳматли бувангиз менинг тўрам эдилар, мен у кишининг эшикларида қарол эдим, ёйилмада молларини боқардим, жувоз ҳам ҳайдаганман, мола ҳам босганман. Мени жойи жаннатда бўлгур қози бувам одам қилганлар. «E, Саноқул, – дер эдилар раҳматли, – дунёда одам кўп, лекин одамийси кам». Ўзлари қандоқ одам эдилар-а. Ҳар оқшом ғуломгардишга ўз қўллари билан гўжами, атала-умочми, худонинг буюрган насибасини кўтариб келар эдилар. Бир марта денг, тахтасойда ерлари бўларди, баҳори буғдой эккан эдик, тизза бўии бўлиб қолганида, мени чақириб айтдиларки…
Дадаматов кўчанинг қоқ ўртасида меровсираб, рўпарасидаги эски кавушдек кўримсиз чолдан кўз узмай анграйиб турарди.
«Ёпирай! Нималар дёйди-я, бу?! Тош асридан қолганми ўзиям, нима бало?!»
– … ҳайитнинг эртаси тўрам билан Норжовтолга, Мирали қозоқнинг овулига бордик. Борсак, тумонат одам, бир тўй бўлган экан, Миралининг укаси улоқда отдан йиқилиб ўлибди, қий-чув, қиёмат…
– Ота, – деди Дадаматов бетоқат, – қачонги гап буларингиз?
Кўзлари қисилиб, завқу шавққа чўмган Саноқул бобо ўйланиб қолди.
– Қачонги дейсизми? Э, кўп бўлгани йўқ ахир, Николай подшо ағдарилган йилимикин, валлоҳу аълам, ундан кейинги йилими… Ишқилиб, мулла Абдураҳим қуллар яшайдиган жой.
Ғуломгардиш – ўзининг кенжа ўғли Қорабозорда отхона босиб ўлган йили эди. Раҳматли Абдукаримнинг мучали ҳўк эди, мана шундай мучал ағдарадиган бўлсак… кечагина бўлган гаплар-да, бари, тўрам.
Дадаматов, гўё уни биров боплаб лақиллатгандек, жаҳли чиқди, аранг ўзини босиб, Саноқул бобо билан хайрлашди.
Индинига яна ўша ҳол такрорланди. Дадаматов бу сафар аччиғланмади-ю, вазминлик билан шундай деди:
– Энди, бизни иззат қилганингиз учун раҳмат ота, лекин бундан кейин мени «тўра» деманг, илтимос. Чунки…
– Ие, нега? – деди Саноқул бобо.
– Чунки, – дея давом этди Дадаматов унинг саволини эшитмагандек, – мен сиз айтаётган қози бобони кўрган ҳам эмасман, у киши биз дунёга келмасданоқ кўкариб чиққан эканлар. Кейин, илгари нима гаплар бўлса бўлгандир, аммо ҳозир унақа «қаролу» «тўра-пўра» деган гаплар қолмаган ота. Шунинг учун бунақа деб, мени хижолатга қўймасангиз. Ахир битта-яримта эшитган қулоққа ҳам хунук. Йўлни ҳам баҳузур кесиб ўтаверинг, ёшингиз улуғ!
– Йўқ-йўқ, – деди Саноқул бобо, – бундай деманг тўрам, айб бўлади, сизнинг мартабангиз улуғ.
Дадаматов қовоғини солди:
– Ота, ҳозиргина келишдик-ку?
– Кўйинг-е, – деди Саноқул бобо бўш келмай. – қози бобонинг арвоҳи-чи, тўрам?!
– Э, жуда «тўра»лагингиз келса, отамга боринг! Зерикиб, нима қиларини билмай ётибди.
Саноқул бобо синиқ кулимсираб, бошини қуйи солди.
– Майли, тўрам.
– Ахир мен партийний бўлсам, катта бир идорада ишласам, сиз эса бундоқ қилиб турсангиз. Гап теккизиб қўясиз ота, менга бунақада.
– Худо сақласин, тўрам, – деди Саноқул бобо чўчинқираб. – Сизга қасд қилганлар паст бўлсин.
– Э, боринг-е! – Дадаматов қаҳрланиб қўл силтади ва шарт бурилиб жўнади. Икки юз қадамлар юриб боргач, бирданига кулиб юборди.
Кечқурун отасидан хабар олгани борди. Отаси айвонда, туллак беданасининг патига сув пуркаб ўтирарди. Бир оз гурунглашгач, у аста сўради:
– Саноқул бобо отангизнинг қароли бўлганми?
– Қайси Саноқул? Сано тентакми? – Отаси беданани кўтариб, чироқ шуъласига солди. – Отамнинг қароли кўп эди. Саноям ишлаган. Тентак у, – дея отаси ичкари уйга қараб қичқирди: – Ҳой Шермат, бормисан, токчадаги халтада тариқ бор, олиб чиқ!
Дадаматов ўрнидан қўзғалди.
Eртасига яна Саноқул бобога дуч келишини ўйлаб, юраги безиллади – рост кўчани қўйиб, паст кўчадан юрди, сой ёқалаб айланиб ўтиб, ишга кеч қолди.
Якшанба куни маҳаллада тўй бўлди. Дадаматов ҳам чиқди. Тўй эгалари қўярда-қўймай уни ичкари уйлардан бирига судрашди, Дадаматов салом бериб кирганида бир уй одам чой ичиб чақчақлашиб ўтирарди, ҳамма унга ўгирилиб қаради. У поябзалини ечиб, пойгакдаги бўш жойга чўкмоқчи эди, туйқус юқоридан:
– Қани, тўрам, бу ёққа, бу ёққа ўтсинлар, – деган чийилдоқ овоз эшитилди.
Дадаматов, юраги шув этиб, тўрига қаради. Саноқул бобо, икки букчайганча, бурчакка қисилиб унга хокисор термулиб турарди.
– Ўтираверинг, – деди у ғижиниб.
– Йўқ, йўқ, тўрам, мен… қандоқ ҳаддим сиғади ахир қўйинг энди, одамни хижолат қилманг, тўрам, одобсизлик бўлади-да, э!
Дадаматов ҳамма томошаталаб бўлиб турганини сезди ва базўр шайтонга ҳай бериб, Саноқул бободан юқори ўтиб ўтирди, у эса пилдираганча келиб унинг жойига чўкди.
Кўпчилик бир-бирига ажабланиб қаради. Дадаматовга тўй татимади.
Бир куни олти яшар ўғли шундай деб қолди: – «Дада, тўра дегани нима дегани?» «Ҳа, нега сўраяпсан?» «Йўқ, айтинг, яхши гапми, ёмон гапми?» Дадаматовнинг боши қотди. «Саноқул бобонг айтдими? Ҳазиллашган, парво қилма!» «Менам Саноқул бобони тўра десам бўладими?» «Йўқ!» «Нега?» «Бас энди, эзма бўлма», деб дарғазаб жеркиб берди у.
Аслида-ку, энди Саноқул бобога кўникиб, тақдирга тан бериб қўя қолса бўларди, лекин қайсарлик бобида у ҳам Саноқул бободан заррача қолишмасди, яъни уларни ўхшатмасдан учратмаган эди.
Дадаматов ҳаммасидан ҳам кўра, бу ғалати муносабатнинг эл-чорга ошкор бўлишидан қўрқарди. Қўрқиб юргани содир бўлди. Қуруқсой қишлоғидаги подстантсия ночор эди, ҳадеб куйиб қолаверарди. Қуруқсой аҳли ҳам исми-жисмига мос халқ экан, тайини суриштирмай, тинимсиз ёзгани ёзган эди. Қўли қичиган экан, майли ёзаверсин, лекин кошки аризадан трансформатор ясаб бўлса! Ахири бўлмади – раён газетаси уриб чиқди. Эргашев деган мухбир, билибми-билмай: «Раён электрлаштириш идораси (бошлиғи ўрт. Дадаматов Б.) токайгача меҳнаткашларнинг ҳақли талабларига тўраларча муносабатда бўлади?!» деб дарғазаб савол қўйди.
Мақола жума куни чиққан эди. Дадаматов таъби хира бўлиб кечқурун уйига қайтаркан, ўтган-кетганнинг бари қўлини бигиз қилиб уни кўрсатаётгандек туюларди. Эчки ўлгиси келса, қассоб билан ўйнашади, деган гап рост. Рост бўлмаса, худди шу пайт Саноқул бобо Дадаматовга кўз оғригидек рўпара келиб қоладими?
– Ассалому алайкум, тўрам…
Дадаматов бирдан портлади:
– Э, бўлди-да, ота, одамни номусларга ўлдирдингиз-ку! Шу ердан кўчиб кетсам, қутуламанми сиздан?!
Саноқул бобо ҳангу манг бўлиб қолди.
Дадаматов шу жаҳл устида бориб ҳовли-жойини текинга бўлсаям сотишга тайёр эди, бахтига, уйда меҳмон бор экан – хотинининг уруғлари келишибди, шулар билан чалғиб ҳовуридан тушди.
У шу бўйи Саноқул бобо билан салом-аликни йиғиштирди. Кўча-кўйда дуч келиб қолгудек бўлса, тескари қараб ўтадиган бўлди. Чол эса, юзида ҳануз ўша хоксор табассум, қўл қовуштириб не гуноҳи борлигини билмай гарангсиб турарди.
Қиш кунларининг бирида Саноқул бобо оламдан ўтди.
Дадаматов эл қатори таъзияда қатнашди. Қабристонга борганда ҳам, қайтаётиб ҳам ўзиии бениҳоя гуноҳкор сезди.
Eртасига Саноқул бобони эсидан чиқарди. Одатдагидек, шошиб ишга жўнади.
Бирор ҳафта чамаси ўтиб, Саноқул бобонинг дарвозаси ёнида чолнинг ўттиз ёшлар ёшарган қиёфасини– куя еган телпак кийган ўғлини кўрди. У қўлига куҳ-куҳлаб, лабидаги папиросини четга улоқтирди-да, Дадаматовнинг истиқболига юрди:
– Ассалому алайкум… – йигит бир оз тараддудланиб, такрорлади. – Ассалому алайкум… тўрам…
Дадаматов сесканиб тушди.
«E, тавбангдан кетай! Булар ўзи авлоди билан жинни эканми, нима бало?!»
Унинг ранги олинганини сезиб, йигит шоша-пиша гапирди:
– Энди ака, нима қилай, бобомнинг васияти…
– Канақа васият? – деди Дадаматов гангиб. Йигит аламзадалик билан афтини буриштирди.
– Отам касал бўлгандан бери яккаш бир гапни такрорлардиларки, шу Бегмат акангни ҳамманг ҳурмат қиласан, у киши тўрамнинг авлоди, сизлар ҳам шундай деб чақиринглар… Энди, ака, ота рози – худо рози, ахир…
– Э, қўйсангиз-чи! – деди Дадаматов ва шарт бурилиб жўнаркан: «Бу чол ўлса ҳамки қутулмас эканман-да», деб ўйлади аччиқланиб. Кўчанинг бошига етгач, алланарса эсига тушгандек, жадал юриб изига қайтди, Саноқул бобонинг дарвозасини қоқди. Кейин эшик дарвозадан қўлида паншаха ушлаган бояги йигит чиқиб келди:
– Э, келинг, келинг, – деди у ортига чекиниб.
– Менга қаранг, – Дадаматов остона хатлаб ичкари ўтди: – Эндн бир келишиб олсак: майли, отангизнинг васияти ўз йўлига, лекин иккинчи мени бунақа деб шарманда қилманг. Маъқулми? Бобо раҳматлининг шунча азоб берганлари ҳам етар.
– Йўғ-е, нима деяпсиз, ака, сизга азоб бериб…
– Агар бунгаям кўнмасангиз, – дея Дадаматов боя ўйлаб қўйган гапига кўчди – мен чиндан ҳам сизга тўра бўладиган бўлсам, менинг амримни бажарадиган бўлсангиз, бундан буён мени Бегмат ака деб чақиришингизни буюраман. Тушундингиз-а? – У таҳдид билан кўзларини йигитга тикди.
– Э, мен бир нарса деяпманми, ака, ўзим ҳам…
– Бўпти, омонлик! – Дадаматов енгил тортнб, йўлига равона бўлди.
У кечқурун яна шу кўчадан уйига қайтади. Кечгача эса ҳали анча бор.

БУНЧАЛАР ШИРИНСАН, ЭЙ АЧЧИҚ ҲАЁТ!

«Олой малшаси» — Қурбонжон додхоҳ 1865 йилдан то 1880 йилгча Помирда бир саркарда сифатида халқни ўз атрофига тўплаб. кўлида яланг қилич билан фон Кауфманга қарши курашди. У шу даражада жасоратли бир хотин эдики, рли Қамчибек Кауфман томонидан асир қилиниб, дорга осилаётганда, дор тагига келиб, ўғлига хитобан:
— Хайр, ўғлим, ота-боболаринг ҳам душман кўлида ҳалок бўлки, Шаҳид ўлмоқ бизга мерос. Сенга берган сутим оқ бўлсин! — дея олган ва отининг жиловини терс буриб, ўғлининг тортаётган азоб уқубатларидан шартта юз ўгириб кета олган хотиндир».
Ғафур Ғулом

* * *

Минг саккиз юз етмиш олтинчи йил, йигирма олтинчи феврал. Марғилон.
Қаҳратон қаҳридаги рутубатли, хазин бу кун қишнинг одатий кунларидан деярли фарқ қилмай ниҳоясига етмоқда эди. Бу кун ҳам шаҳар одатдагидек тонг қоронғисида муаззинларнинг овози билаи уйғонди Азонни эшитган аҳли муслим бу кун ҳам шоша-пиша таҳорат олиб, яхлаган йўлаклардаги қор-қировларни ғижирлатганча эрталабки изғиринда жунжика-жунжика масжид сари шошилди; бу кун ҳам паст-баланд томлар устида ҳар доимгидек заиф, беқарор кўкиш тутун хийла вақт муаллақ осилиб турди; бу кун ҳам қуёш худди совқотаётгандек осмонда бир муддат сийқа танга каби хира ялтираб, сўнг паға-паға кулранг булутлар остига кириб кўздан йўқолди, тирикчилик ғамида яйдоқ кўчаларда сарсон суринган турфа одамлар бу кун ҳам шаҳарнинг руҳсиз қиёфасига маъюс бир жонланиш бергандек бўлдилар…
Хуллас, қаҳратон қишнинг бефайз, жимжит бу куни шу чоққача бу кўҳна шаҳар ўз бошидан кечирган минглаб кунлар цингари йўқлик сари ботиб, бир палла, туйқусдан мисли кўрилмаган ола-тўполон бошланди. Бозор майдони тўрт томондан гурас-гурас оқиб келаётган одамлар билан тўлди.
Майдон шаҳар бунёд бўлгандан буён ҳали бу қадар тумонатни кўрмаган эди. Аччиқ изғирин юз-кўзга игнадек санчилади, суяк-суякларни зирқиратади, бўғотлардаги, томлар бошидаги сумалакларни қамчиси билан савалайди, бор тирик жонни ин-инига ҳайдайди, аммо молбозорга туташ яланг саҳнда чумолидек ғужғон ўйнаган оломон тинимсиз қайнаб-тошади. Шоп-мўйлов, кўзлари чақчайган казакларнинг важоҳатидан қути ўчиб дўконларини апил-тапил тақа-тақ ёпиб чиққан баққол ва ҳунармандлар, бозиллаган танчалари олдидан ҳайдаб келтирилган, нима гаплигини англаёлмай гаранг бўлиб, чиммат остидан саросима ва қўрқув билан мўралаб турган хотин-халаж, «Ла ҳавла…»ни бир лаҳза тилидан қўймаган кампирлар, хўмрайган, ялангтўш чоллар, бурнининг суви оқиб йиғламсираган бола-бақралар…
Ҳамманинг оғзида бир гап, ҳамманинг юрагида бир ваҳима: «Қамчибек осилармиш!»
Майдонни отлиқ казаклар халқа шаклида қуршаган. Минбарга ўхшатиб тахтадан ясалган тўрдаги омонат шоҳсупадан Туркистон ўлкаси генерал-губернатори фон Кауфман, Фарғона жазо экспедициясининг бошлиғи, сочлари оппоқ, қош-кўзлари қоп-қора генерал-маёр Тротский, хушқомат, хушфеъл флигел-адъютант княз Боярский, пакана, оқсоқ полковник Лусаров, Фарғона ҳарбий губернаторлигининг амалдорлари, тулки тумоқ кийган Абдураҳмон офтобачи ва совуқданми, қўрқувданми қунишган бир неча маҳаллий аъёнлар бирин-кетин жой олдилар.
Шамол тобора кучлироқ эса бошлади.
Майдонга яна иккита пиёда аскарлар ротаси кириб келди-да, саф бошидаги яғриндор офитсернинг командасига биноан тўртбурчак ҳосил қилиб тўхтади.
Яғриндор офитсер — Ляхов фамилияли маёр шоҳсупага яқинлашиб, Кауфманга чест берди:
— Ҳамма нарса тайёр, зоти олийлари. Бошлашга ижозат этадиларми?
Кауфман соатига қаради:
— Бир минутга, маёр. Менинг рафиқам ҳам келмоқчи эди. Бир оз кутсак. А, ана, ўзи ҳам келяпти шекилли.
Иккита йўрға тўриқ қўшилган зангори карета шалдираганча майдонга кириб келди. Шоҳсупа ёнида турган адъютантлардан бири шоша-пиша бориб карета эшигини очди. Барра қундуз мўйнали пўстинлари остидаги мовий кўйлакларнинг бурма этакларини авайлаб кўтарганча иккита хоним олдинма-кейин каретадан тушди. Ёши ўтинқираброқ қолган, лекин ҳали расо қадди-қомати буни яшириб турган биринчи аёл шеригига ниманидир уқтира-уқтира, шоҳсупа сари юраркан, Кауфман унинг истиқболига икки-уч қадам пешвоз чиқди. Губернаторни қуршаган аъёнлар табассум билан унга эргашдилар.
—Аҳ, азизам, афв этасан, хиёл ушланиб қолдик. Аччиғинг чиқмасин, биласан-ку биз аёлларни: кўзгу деган нарса шундай оҳанрабоки… — Олдинда келаётган хоним Кауфманга шундай дея, офитсерларга навозиш ила жилмайди. — Салом, жаноблар!
Тротский, Лусаров, Ляхов ва флигел-адъютант Боярский бир-бир келиб, унинг қордек оқ, нозик бармоқларидан ўпдилар.
—Оҳ, княз, княз! — дея бош чайқади Кауфман хоним Боярскийга қараб истиғно билан лабларини бураркан. — Бизни бутунлай унутиб юбордингиз. Яхши эмас, худо ҳаққи, яхши эмас. Ахир, бизнинг сафаримиз ҳам охирлаб қолди, ҳадемай… Танишинг, бу хоним полковник Шчербаковнинг рафиқаси графиня Анна Ипполитовна, «Биз танишмиз», дейсизми? Оҳ, княз, княз!
Флигел-адъютант хиёл қизариб, кулимсираб турарди.
—Мен бундай қўрқинчли томошаларга асло иштиёқманд эмасман, — деди губернатор хоним Лусаровга мурожаат қилиб. — Кеча эримдан: «Бу исёнчилар қандай одамлар?» деб сўрасам. «Эртага майдонга борсанг, ўз кўзинг билан кўрасан», деди. Айтинг-чи, полковник, улар ростдан ҳам шу қадар даҳшатлими?
Лусаров оғзини очмасдан кулди, кўзларини қисганча жиддий қиёфада алланимани сўзлай кетди. Губернатор хоним қулоқ солаётгандек кўринса-да, хаёли паришон экани сезилиб турарди.
—Бошланг! — деди Кауфман Ляховга қараб. — Олиб чиқинг!
Майдон ўртасида ивирсиб юрган қизил этикли, патак соқол, қари солдат шинелини ечди, дор тагидаги тўнкаларни қимирлатиб кўрди, сиртмоқнинг тугунини синчиклаб текширди-да, қўнжига ёпишган қорни қоқиб, майдоннинг нариги бошига қараб кетди.
Оломон орасида бирдан шовур-шувур кўтарилди: тўрт азамат казак одамлар ҳалқасини ёриб, кўк шоҳи тўнининг пахтаси оқиб ётган, кулча юзлари моматалоқ, қўллари кишанбанд бир йигитни ҳайдаб келарди.
— Шуми? — деб сўради графиня Шчербакова чиройли мовий кўзларини ҳайрат ичра катта-катта очиб.
— Ҳа, графиня, — деди Боярский.
— Бечора!
— Оҳ, монсиер, мен чидаёлмайман шекилли, — деди губернатор хоним уҳ тортиб. — Кун ҳам совиб кетдими?
— Азизам, яхшиси уйга қайтақол, — деди Кауфман. — Сенга шамол қаттиқ таъсир қилиши мумкин. Кеча «Бошим оғрияпти», деган эдинг. Ҳар қалай, бу ер Санкт-Петербург эмас.
—  Майли, ҳечқиси йўқ, бир оз турай-чи, — дея оҳиста шивирлади губернатор хоним.
Полковник Лусаров қўлидаги қоғозни шоҳсупага чиқиб келган Ляховга узатди. Маёр олдинга ўтиб қоғозни очди, баланд, тиниқ овоз билан дона-дона қилиб ҳукмни ўқий бошлади:
—«…Фарғона губернаторлиги ҳарбий-дала суди айбланувчи — сартия миллатига мансуб, маҳаллий Олой бекларидан Қамчибек Олимбек ўғлининг император аъло ҳазратлари салтанатига қарши қаратилган фитнакорлик хатти-ҳаракатларидан иборат жиноий фаолиятини кўриб чикди. Кўпдан-кўп ашёвий далиллар ва бевосита гувоҳларнинг шоҳидликлари асосида, чунончи, маҳаллий нуфузли боёнлардан Абдураҳмон офтобачининг сидқидилдан берган кўргазмалари оқибатида, айбланувчи Қамчибек Олимбек ўғлининг чиндан ҳам император аъзамга, унинг салтанатига, ҳарбий губернаторлик вакиллари ўрнатган тартиботларга катта Шикаст етказувчи йирик зараркунанда шахс эканлиги аниқланди. Айбланувчи Қамчибек Олимбек ўғли ака-укалари — қуролли тўдаларнинг бошлиқлари бўлмиш Абдуллабек, Маҳмудбек ва Ҳасанбек билан биргаликда Олой воҳасида бир қанча бузғунчилик ва қўпорувчилик ишларини амалга оширган, маҳаллий аҳоли губернаторлик томонидан қарор топдирилган турғун тартиботларга қарши оёқлантирилган. Унинг қўл остида
бўлган, давлат жиноятчиларидан иборат каллакесарлар шайкаси кейинги уч йил ичида айниқса фаоллаша бориб, ҳаракатдаги армия отрядларига, уларнинг жонли кучлари ва озиқ-овқат манбаларига сезиларли зарар етказган. Ҳарбий губернаторликнинг Қамчибеқ Олимбек ўғлига йўллаган бир қанча огоҳлантиришлари беписандлик билан рад этилган. Бу ёвуз шайкаларнинг саккиз йилдан ортиқ давом этган босқинчи-лик, хунрезликдан иборат фаолияти натижасида…»
Орқа томондан паст бўйли бир офитсер шоҳсупага яқинлашиб, полковник Лусаровнинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Полковникнинг ранги оқарди, шоша-пиша Кауфманга юзланди:
—Зоти олийлари… — деб пичирлади у.— Зоти олийлари, Қурбонжон додхоҳ келаётган эмиш!
Кауфман унга ялт этиб қаради:
— Яъни, қандай қилиб? Йўлларга соқчи қўйилмаганмиди?
— Қўйилган, зоти олийлари. Княз Боярскийнинг ўқчи дивизиони билан учинчи драгун полки барча дарвоза ва асосий йўлларни қўриқламоқда. Бироқ… додхоҳ ёлғиз ўзи келаётган эмиш!
— Нима-а?
— Шундай, зоти олийлари.
Кауфман лабларини чимирди:
— Демак, у шаҳарда экан-да. Тушунолмай қолдим. Нима, бу хотин ақлдан озганми? Боши учун ўн беш минг сўм ассигнация тикилганини билмайди шекилли?
— Яхши, полковник, — деди Кауфман ўзини босиб. — Давом этаверинг. Қани, воқеалар ривожини кўрайлик-чи.
— Демак, тутишга буйруқ берайми?
— Нега? Қуролсиз, яроғсиз, ожиз бир аёлни куппа-кундузи, шаҳар майдонида, оломон олдида… Йўқ, полковник, фақат кузатиб туришга буйруқ беринг. У. эҳтимол, ўғли билан видолашмоқчидир. Нега энди уни бундан маҳрум этмоқ керак? Гуманист бўлинг, полковник!
— Хўп бўлади, зоти олийлари!
— «…сартия миллатига мансуб, маҳаллий Олой бекларидан Қамчибек Олимбек ўғлининг император аъло ҳазратлари салтанатига қарши қаратилган жиноий фаолиятини кўриб чиқиб, Фарғона губернаторлиги ҳарбий-дала суди уни ўлим жазосига — осиб ўлдиришга ҳукм қилади. Қукм қатъий, шикоят қабул этилмайди.
Ҳарбий-дала судининг раиси генерал-губернатор фон Кауфман. Янги Марғилон, 1876 йил, 26 феврал».
Маёр Ляхов ҳукмни ўқиб тугатди-да, Кауфман хомонга ўгирилиб, бош силкиб қўйди.
Соқчи казаклар Қамчибекни дор остига олиб келдилар. Кауфман поручик формасидаги тилмоч Сибгатуллинни чақириб, буюрди:
— Сўранг-чи, маҳкумнинг сўнгги истаги бормикан?
Тилмоч сўрашга улгурмади — панг товуши бирдан кўтарилган олағовур ичида кўмилиб кетди: кўк бахмал пешмат кийиб, оқ дакана ўраган Қурбонжон додхоҳ рўпарадан шитоб билан от ўйнатиб келар эди!
Орада ўттиз одим чамаси масофа, барчанинг юзида ҳайрат, таажжуб, тараддуд. Қўрқув…
— Полковник! — Кауфман оқ қўлқопли қўли билан Лусаровни имлади.— Мана, қаранг-а, додхоҳ тап тортмай келяпти. Сизнинг кўпгина офитсерларингиз жасорат бобида шу аёлдан ибрат олсалар чакки бўлмас эди. Бирор бурчакдан дайди ўқ отилиб, уни ҳалок қилиши мумкин-а, тўғри эмасми?
Лусаров унга тикилиб қолди.
— Қаранг-а, мутлақо қўрқмаётганга ўхшайди-я! — дея Кауфман мийиғида кулиб қўйди. — Ваҳоланки, дайди ўқ — дайди-да. Нима дейсиз, Лусаров?
— Тушундим, зоти олийлари, — деди Лусаров шивирлаб. — Менинг полкимда бир моҳир мерган бор. Урядник Епифанов.
— Яхши, полковник. Фақат, додхоҳ майдондан соғ-саломат чиқиб кетиши керак. Дайди ўқ унга истаган муюлишда ҳам тегиши мумкин, уқдингизми?
— Тушунарли, зоти олийлари.
Тилмоч минғиллаб, саволни учинчи бор такрорлади. Қамчибек жавоб бермади, кўзларини — ҳасрат, алам ва соғинчдан қовжираб ёнган кўзларини онасининг йўлига ўртаниб тикди, жисми жаҳонни ўртаб:
— Эна-эй-й! — деб ҳайқирди. — Жоним энам!..
Оломон ялписига гувлаб юборди.
Сувори эса ўктам матонат билан тобора яқинлашиб келар, тўриқ бедов бир текис йўрғалар, додхоҳнинг юзларида, маҳкам қимтилган лабларида сокин, хотиржам, ҳатто улуғвор бир ифода акс этар эди. Гўё у ўлим чангалидаги ўғлини кўрмаётгандек, унинг ситамкор ноласини эшитмаётгандек, оппоқ сочлари тўзғиган бошини баланд кўтарганча мағрур от йўрттириб келарди.
Халойиқ тўлқин уриб денгиздек чайқалди, ғазабнок гувиллади. Солдату офитсерлар ҳам тош қотган. Бирор кимса нима қиларини, нима деярини билмас эди. Ҳатто Кауфман ҳам саросима аралаш ваҳшат билан қовоқ уйиб турган ҳайкалга ўхшарди.
Додхоҳ солдатлар ҳалқасига яқинлашди, беш қадамлар нарида жиловни тортди. Тошдек оғир, тошдек қаттиқ сукунат чўкди.
— Болам! — деди додхоҳ. Овози бир лаҳза титраб кетди-ю, шу ондаёқ мардона, қаҳрли тус олди. — Болам! Шаҳид ўлмоқ бизга мерос! Ота-боболаринг ҳам душман қўлида ўлган! Алвидо, болам! Берган сутим оқ бўлсин! — У шундай дея оёғини узангига тираб, отнинг сағрисига зарб билан қамчи урди. Бедов осмонга санчиб, суворини кўтара кетди.
—Рози бўлинг, эна! — Қамчибек ўпкаси тўлиб хирқираб қолди. — Рози бўлинг!
—Мингдан-минг розиман! — Додхоҳ қўлини фотиҳага очди. — Дийдор қиёматга қолди, болам! — Сўнг илкис орқасига қайрилиб, кунчиқар томон от қўйди.
От ёлига икки томчи қайноқ ёш томди. Икки томчи ёш араби бедовнинг вужуд-вужудини куйдириб юборгандек бўлди.
Оломон ҳамон ғалаён солиб гувиллар, тўлғаниб-тошар эди.
— Ҳа… Қизиқ, — Кауфман ўйга толган эди.
— «Олой маликаси» деганлари шуми? — деб сўради хотини. — Ахир, уни жуда кекса дейишарди-ку? Бу эса бемалол от чоптириб юрибди. Айт-чи, нега уни тутишмади?
— Ҳожати йўқ эди, азизам, — дея кулимсиради Кауфман. — У… ўзи таслим бўлиб келади! Мен уни шунга мажбур этаман!
— Менга қара, монсиер, биламан, ишларингга аралашишларини ёқтирмайсан, лекин шу йигитни ўлдирмай қўя қолишнинг иложи йўқми? — деди Кауфман хоним пўстиннинг ёқасини тузатаётиб. — Жудаям ёш экан, одам ачинади. Албатта, мен уни жазосиз қолдириш керак, демоқчи эмасман. Лекин бошқача чора кўрилса бўлмайдими? Масалан, сургун ёки каторгага… .— Йўқ! — деди Кауфман ва қатъий оҳангда таъкидлади. — Йўқ! Ҳукмни эшитдинг-ку. Душманга ҳеч қачон шафқат йўқ. Лусаров!
— Эшитаман, зоти олийлари!
— Тезлатинг!
— Хўп бўлади!
— Урядник ким… Епифановмиди?
— Худди шундай, зоти олийлари, Епифанов!
— Яхши.
Лусаров Ляховга қараб имо қилди. Ляхов қўлидаги рўмолчасини силкиб орқага четланди.
Барабанлар гумбурлади. Икки норғул, девқомат казак Қамчибекнинг бўйнига сиртмоқ солди. Юз-кўзини қора ниқоб билан тўсиб олган шинелсиз қари солдат тиз чўкиб чўқинди-да, ўрнидан туриб арқонга қўл чўзди…
—Ё раббий! — Графиня Шчербакова ранги бўздек оқариб, княз Боярскийнинг қўлини муздек бармоқлари билан маҳкам сиқди. — Ё раббий! Нақадар даҳшат!
—Қўрқманг, графиня, қўрқманг. Бу фақат бир лаҳза, холос, — деди Боярский унинг тирсагидан тутиб.
—Ач, меин Готт, дас ис счлеҳт! Ач, меин Готт! — дея шивирлади қути ўчган губернатор хоним ва кўзларини чирт юмиб олди.
Қамчибек, оёғи ердан узилиб бораркан, кўксидан армон тўла хўрсиниқ отилиб чиқди:
—…бандам дегайсан!
Оломон бирдан жунбушга келди. Кимдир ўкраб юборди.
Ниқобдор солдат дор тагидаги тўнкани зарб билан тепди…
Навқирон, баҳодир вужуд бир лаҳза дорда тебранди, сўнг шу тебранган бўйи гурсиллаб ерга қулади.
Ляхов оний ҳайрат билан довдиради, кейин қилич
яланғочлаганча дор тагига югуриб бордида, маҳкумнинг тепасида ҳайкалдек қотди. Кауфман кўзлари чақчайиб, Лусаровга ўқрайди. Оломон сурони оламни бузди:
—Ё қудратингдан!
—Нима бўлди? Маткарим, нима бўлди?!
—Оллоҳга хуш келмагач…
—Халойиқ, нега қараб турибсиз?
—Э, ҳой, каллангни ол-э!
—Ўзинг қоч, хумса!
Шовқин-сурон орасидан Тротскийнинг гулдираган йўғон овози янгради:
— Жим! Жим бўлларинг, дейман! Ҳаммангни тўпга туттираман, жим!
Тўпчилар бу гапни тасдиклагандек, замбаракларнинг оғзини оломонга қараб тўғрилаб қўйдилар.
Кўзлари шилпиқ бир йигитнинг ингичка, асабий қичқириғи Тротскийнинг товушини босиб кетди:
— Э, белида белбоғи бор эркак борми ўзи бу ерда?
Кауфман бежо кўзларини Лусаровга қаҳр билан қадади:
—Лусаров! Бу қандай гап?!
—Зоти олийлари…
—Бу қандай гап деяпман?!
—Ижозат этинг, зоти олийлари…
—Бас! Шармандалик! Хиёнат!
—Зоти олийлари, афв этсинлар, тасодиф…
— Тасодиф! Тасодиф эмиш! Бу дорга ҳозир ўзингиз осилишингиз мумкин! Лекин унда тасодиф юз бермайди! Шармандалик! Муттаҳамлик! Боринг!
—Нима бўлди? Оҳ, айтсаларингиз-чи, нима бўлди? Менга қаранг, княз, нима бўлди, ахир? — деди губернатор хоним атрофга олазарак аланглаб.
Боярскийнинг энсаси қотди, назокатни йиғиштириб:
—Нима бўларди, арқон узилиб кетди! — деди.
—Оҳ, ана, мен айтмадимми ахир! Кўрдингизми, унинг ўлими ҳатто худога ҳам ёқмаяпти! — дея губернатор хоним эрига қаради.
—Чарчаган кўринасан, азизам, — деди Кауфман ижирғаниб. — Яхшиси, уйга борақол. Княз, илтимос, хонимларни кузатиб қўйсангиз.
— Йўқ, йўқ! Биз энди охиригача кўрмасдан кетмаймиз, тўғрими, Анна Ипполитовна?
Ранги бўздек оқариб кетган графиня дастрўмоли билан юз-кўзи, пешонасини артди.
Қамчибек дор тагида ҳануз беҳуш ётарди. Солдатлардан бири унинг юзини қор билан ишқай бошлади. у кўзларини очди, атрофига жавдираб, бир зум гарангсиб турди-да, қаддини ростлашга уринаркан, кўкариб кетган лабларининг бурчидан силқиб тушаётган; қонни кафти билан артиб:
— Чириб кетган экан, — деб шивирлади. Сўнг яғринини илкис кўтариб ўрнидан тураркан, интиҳосиз бир ғурур билан ҳайқирди. — Чириб кетган экан!
Афт-башараси қўрқув ва ғазабдан буришиб, мудҳиш тусга кирган қари солдат қалт-қалт қалтираганча унинг моматалоқ бўйнига яна сиртмоқ ташлади…
Барабанлар еру кўкни зириллатиб гумбурлади.
Қамчибек қулт этиб ютинди, энтикиб-энтикиб нафас олди. Пешонасида марвариддек реза тер томчилари пайдо бўлди. Сўнгги нафас!
Сўнгги лаҳза!
Сўнгги азоб!
Бунчалар ширинсан, аччиқ ҳаёт!..
Осмонда оппоқ булутлар кўпириб тошар, Аравон тоғлари томондан эсаётган покиза насим она юртнинг армон тўла сўнгги бўйларини олиб келар эди.
Кейин на булутлар, на шамол, на осмон қолди.
Кауфман шоҳсупадан тушиб, хотинини кузатиб қўйиш учун бир зум тўхтади. Баронесса тирсагигача чиқадиган қўлқопини кияркан, тинмай сўзлаб борар эди: — Оҳ, нақадар ачинарли! Ахир, бари бир одам-ку! Одам-а!— Кейин Боярскийга ўгирилиб, давом этди.— Хўп, ҳозирча хайр, княз. Дарвоқе, айтинг-чи, кечқурун бизникига преферанс ўйнагани келасиз-а? Албатта келинг, кутамиз. Айбга буюрмайсиз, княз, ягона кўнгилочар эрмагимиз шу. Бу ёввойи ўлкада биз ҳам ҳадемай буткул ёввойи бўлиб кетамиз шекилли. На музика, на театр… Лоақал, тезроқ Тошкентга қайтсак ҳам майли эди. Оҳ, княз, нимасини айтасиз! Хўп, Демак, сизни кутамиз, албатта келинг. Графиня Шчербакова билан яқиндан танишиб оласизлар. О, сиз жуда Ҳам учарсиз, княз! Хўп, майли! Оривоир монсиер!
Карета жўнади. Кауфман офитсерлар ҳамроҳлигида бозор дарвозаси томон юрди. Ёшгина адъютант қора туркман отни рўпара қилган эди, бош чайқаб: «Йўқ!» деди-да, майдон этагидан тор кўчага қараб бурилди.
Ҳеч кимдан садо чиқмас, Лусаров ҳам ерга тикилган кўйи чурқ этмай борар эди.
Ўттиз одимлар шу тахлит юрилгач, Кауфман полковникка савол назари билан қаради:
— Полковник Лусаров?
— Эшитаман, зоти олийлари?
— Урядник?..
— Ҳозир, зоти олийлари. Мана шу муюлишдан кейин, ҳозир…
Ўн беш қадам наридаги жинкўча муюлишида хомуш судралиб келаётган урядник Епифановнинг дароз гавдаси кўринди. У бошлиқларга кўзи тушдию жойида тек қотди.
—Хўш, Епифанов?— деди Лусаров унга яқинлашиб.
Епифановнинг қоп-қора соқолли узун ияги титраб кетгандек бўлди-ю, чурқ этмай тураверди.
— Нега индамайсан, Епифанов? — дея мулойим, ҳомий оҳангда сўради Кауфман урядникнинг кенг елкасига кафтини қўйиб.
— Зоти олийлари… — Епифанов тили оғзига сиғмаётгандек ғўлдиради. — Зоти олийлари…
— Тегизолмадингми?! — Лусаровнинг кўзларига қон тўлди.
Епифанов милтиқ қўндоғини шу қадар маҳкам сиқдики, тирноқларининг остига зирқираб оғриқ кирди.
— Отолмадим, зоти олийлари… — У қалин, дўрдоқ лабларини аранг қимирлатиб, эшитилар-эшитилмас шивирлади. — Отолмадим…
— Нега отолмадинг, Епифанов?— Кауфманнинг ово-зи ҳамон боягидек мурувват тўла оҳангда янграр эди.
—Зоти олийлари… Худо ҳаққи, афв этинг, зоти олийлари… — Епифанов чағир кўзларини катта очганча губернаторга ёлвориб қаради. — Ўзим ҳам билмай қолдим, зоти олийлари. Анави томдан ҳаммасини кўриб турган эдим… Қўлим бормади, зоти олийлари… Онам эсимга тушиб кетди…
Бир лаҳза оғир, асабий жимлик чўкди, сўнгра Лусаровнинг ваҳшатли бақириғи эшитилди.
— Э, ўша онангни… — У мислсиз қаҳрдан кўкариб сўкинганча ваҳшат билан урядникка ташланган эди,
Кауфман кўрсаткич бармоғини кўтариб, полковникни тўхтатди, сўнг Епифановга яқинлашиб, унга бошдан синчиклаб разм солди.
—Епифанов, — деди у ниҳоят баланд товуш билан, — баракалла! Сен ҳақиқий солдатнинг ишини қилгансан, баракалла! — Анграйиб қолган урядникнинг елкасига яна бир бор қоқиб қўйди-да, орқасига ўгирилиб, адъютант жиловидан тутиб турган отга илдам минди. Отлиқлар Епифановни қор тўзони ичра қолдириб жўнадилар.
— Лусаров! — деди Кауфман гарнизон казармаси олдида отдан тушаётиб. — Урядник Епифановнинг бу хизматларини тақдирлаш лозим, деб ҳисоблайман. Уқдингизми? — У маънодор чимирилиб қўйди. — Албатта, тақдирлаш керак!
— Тушунарли, зоти олийлари! — Лусаров итоаткорона бош эгди.
Орадан икки ой ўтгач, почта аравасида чайқалиб ўтирган маст ямшчик Орлов губерниясига қарашли жимжит, мудроқ Грибово қишлоғидаги кулбалардан бирининг эшигини қоқиб, минглаб чақиримлар оша адашиб-улоқиб етиб келган бир парча қоғозни қора рўмол ўраган, кўзлари нурсиз кампирга топширди.
Кампир хатни ўқиб, шилқ этиб йиқилди. Кулба остонасини изиллаб ялаётган изғирин шамол мактубни варакдади:
«…чуқур қайғу билан маълум қиламизки, ўғлингиз — Ефим Епифанов подшо ва ватан хизматида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Полк командири полковник Лусаров».
Шамол ув тортиб юборди.

1979

(Tashriflar: umumiy 73, bugungi 1)

Izoh qoldiring