Xiyonat yoxud amirlashkar Alimqulning o’limi

091   Оқ тулпор минган аскарбоши ўз атрофидаги сараланган сипоҳийларни ўқдан олислатиб, бир оз ортга қайтишга буйруқ берди-да, ўзи бир талай удайчи билан генерал Черняевнинг олд қисмидаги кучлари йўлида тўхтади. Замбарак ўқлари чийиллаб келиб яқин орага туша бошлади. Арғумоқ пишқириб, қулоқларини чимириб, яқинлашиб келаётган бегона кишиларни сезгандай сувлиғини чайнаб, депсиниб безовта бўла бошлади. Нима учун?

022
ХИЁНАТ ЁХУД
АМИРЛАШКАР АЛИМҚУЛНИНГ ЎЛИМИ

Тўлаган Қосимбековнинг «Синган қилич» романидан
044

044   1865 йил.
Генерал Черняев бўзранг дўнгликда ёлғиз кўзли дурбин билан атрофни кузатиб турарди. Бу ердан унга бепоён далагина эмас, олисда қорайиб турган бегона Тошкент девори, дарахтлар билан бурканган қишлоқлар, сой бўйларидаги шовуллаган қамишзор ва ниҳоят мўр-малахдай бостириб келаётган бесаноқ аскарлар кўзга яққол кўринарди. Саф-саф отлиқлар кетидан орти кўринмай чуваланган пиёдалар келарди. Оёқ остидан кўтарилган чанг бир муддат кўкка ўрлаб, яна оҳиста майсаларга, яшил янтоқларга инарди. Узоқда от кишнади. Одамларнинг ғала-ғовури қулоққа чалинарди. Қўқонликларнинг бу қадар пухта тайёргарлик билан келишини генерал кутмаган эди. Бироқ унинг оқ-сариқ юзидан хавф-хатар сезилмасди, ғалабага эса шубқасиз ишонарди. Қайтага қеч нарсани сезмаётгандай, жигарранг мўйлабини силаб такаббурона қараб турарди.Бу эгри қилич тутганларни биринчи марта кўраяптими? Тезотар милтиқ билан қуролланган бир ярим минг солдати, бу ер у ёқда турсин, ҳатто Европага юриш қилишга ярайдиган пухта артиллерияси бор. Нимадан хавфсираши мумкин? Қандайдир бирор хатарга асос бўладиган сабаб йўқ.

Шу пайтда қўқонликлар лашкарбошиси ҳам қулай ерга етиб келганди. У оқ арғумоқ тизгинини тортиб бепоён даланинг орқа-олдига, адирлар оралаб жой танлаб, бўлиниб кетаётган қўшинларнинг боши ва охирига назар ташлади. Кўзлари қонталаш, ранг-рўйи оқарган,уйқусизлик туфайли ажинлари қуюқлашган эди. Бунинг устига эгнидаги енгсиз кора кимхоб авра чопон от сағрисида чуваланиб, жуссаси кичик қарияни янада кўримсиз қилиб қўйди. Қушни йиртқич қилган тирноғи, одамни сирли қилган мансаби. Бу кўримсиз чол атрофида турган навкар ва удайчиларга кўз қирини ташлаб қўяркан, биров билан сўзлашмасди, битта-яримта билан маслаҳатлашмасди, у қўлини соябон қилиб чор атрофга тикилар, секингина имо-ишора билан ўнг ва чап қанотга зарур буйруқларни бериб турар эди.

Уч кундан буёнги тайёргарликлар тугаб, сир-асрори мутлақо яширин бўлган ҳар икки ёв аста-секин бир-бирига яқинлашиб келарди. Суворилар йўлни тез-тез ўзгартириб, гоҳо от ўйнатиб, гоҳо тин олиб олға силжирди. Генерал Черняевнинг айрим қисмлари ноғора садолари остида ўзининг куч-қудратини кўрсатиб қўйиш мақсадида кунботиш тарафдан ҳужумга ташланди, замбаракларнинг юракни титратувчи овозлари билан қўқонликларнинг чап қанотини ёриб ўтди. Бир текис оқ либос кийган солдатлар ўқ еткудай масофадан унча ўтмай, саф тортиб ёппасига жангга кирди.

Ияк эти тиришиб, қонталашган кўзлари чақчайган аскарбоши қўлидаги қамчинини пешонасига тираб хаёлга толди. Навкарлар лол бўлиб, буёғи энди нима бўлади, дегандай аскарбошига зимдан кўз югуртириб, мум тишлагандай унинг оғзини пойлаб туришарди. Аскарбоши ниҳоят деди:
— Чирнай пошшо қиличбозликдан қочиб ўқи етақдиган масофадан туриб қирмоқчи шекилли?
Унга яқин турган Абдумўминбек бош ирғаб:
— Бу копирнинг фикри ўйи шундай шекилли, тақсир!— деди. Аскарбоши ўйланиб қолди. У душманларни шиддат билан ўтли ҳалқадай қисиб келаётганидан безовта эди. Аскарбоши аста буйруқ берди:
— Ҳужумга!..

У душманни замбаракларидан алаҳситиб, ёғилаётган ўққа қарамай сафлар ўртасидан ёриб кириб ҳаммасини бирма-бир қилич дамидан ўтказмоқчи эди. Шундай қилса генерал Черняев темир қуршовда қоларди. Шундай бўлармикин? Буни генерал фаҳмлармикан? Шуни ўйлаб аскарбоши ўзини қўйгани жой тополмай қолди, жони ҳиқилдоғига келиб тоқати тоқ бўлди. У чап қанотга ёпирилди.

Генерал Черняев дурбинни кўзидан олди. Бир фурсат шунчаки қараб, оралиқни кўзи билан чамалаб олди-да, пистирмада турган отлиқ казак аскарларнинг икки қанотга бирйўла ўқ отиб ҳужумга ўтиши учун буйруқ берди. Унинг мақсади қўҳонликлар кўплашиб бир йўла жангга киргудай бўлса, отиш билан бирга дарҳол ортга чекиниш ва сипоҳийларни замбаракларга ем қилиб бўлса ҳам фурсатни қўлдан бермай яна олға интилиш эди. Генерал дурбинни қайта қўлга олди. Қизил уст-бошли сарбозлар нари-бери югуриб хитойча деб аталмиш кичик замбаракларни дўнгларга ўрнатиш билан овора эди. Улардан берироқда, сипоҳийларнинг юқори қисмида эса мерганлар пилталик милтиқларидан тез-теэ ўқ узиб туришарди. Қайси томонни нишонга олишяпти ўзи? Генерал пайқай олмади. У ўз олдидаги, ўқчилар ротасининг сараланган сафини кўздан кечирди. Йиқилгани ёки қатордан ортда қолгани кўзга чалинмади. Шундан сўнг дурбинда қўқонликлар қўшинининг марказий қисми генералга яққол кўринди. Бўз адир… Бир тўп отлиқлар… Чап қанотга аста бостириб боришяпти… Генерал олдинда бораётган оқ отлиққа тикилди.
— Алимқул… Машҳур аскарбоши… Худди ўзи…— деди оқ-сариқ юзи, мовий тиниқ кўзи ёниб.— Ҳа… Олдинги қисмга ўзи келган экан-да…

Оқ тулпор минган аскарбоши ўз атрофидаги сараланган сипоҳийларни ўқдан олислатиб, бир оз ортга қайтишга буйруқ берди-да, ўзи бир талай удайчи билан генерал Черняевнинг олд қисмидаги кучлари йўлида тўхтади. Замбарак ўқлари чийиллаб келиб яқин орага туша бошлади. Арғумоқ пишқириб, қулоқларини чимириб, яқинлашиб келаётган бегона кишиларни сезгандай сувлиғини чайнаб, депсиниб безовта бўла бошлади. Нима учун? Аскарбоши қилични ўйнатиб, тизгинни бир оз бўшатди-да, узангига тираниб қийқириб ҳужумга ўтди. У душманларнинг эътиборини ўзига жалб қилди. Олишув қизиб кетди. Хитойча замбараклар тиним билмасди. Лекин улар рус замбаракларининг олдида ҳеч нарса эмасди. Гарчанд мўлжалга бориб етмаса-да, сарбозлар устма-уст отишарди. Аскарбоши ҳамон дўнгда турарди. Шу маҳал унга яқин турган навкарнииг оти кишнаб, мункиб кетди-да, ағдарилиб тушди. Эгаси отнинг остида қолди. Атрофдагиларнинг қути ўчди. Фақат аскарбошигина ўлим излаб келгандай ўжарлиги тутиб, отнни ўйнатди-да, шиддат билан яна майдонга отилди.

Генерал Черняев ҳаммасини кўриб турарди. Аскарбоши унга ҳовлиқма йигитдай кўринди. У дурбинни кўзидан олиб мийиғида кулди.
— Ажабо! Шарқда ўққа қараб бориш ҳамон сақланган экан-да. Ўқ ботирни аярмиди? Аскарбоши ана шу боши билан ўлимга қараб келяпти-ку…
— Менинг билишимча, у басиз деган кичик бир кўчманчи уруғдан чиққан киши,— деб сўз қотди генералга якин турган ҳарбий кийимдаги шарқшунос.— Қўқон халқининг тиниб-тинчимаган, урушқоқ етакчиси, раҳбари ҳам шу. Бу мункайган қария ўзаро жанжалларда келишмай тарқаб кетган уруғларни фаросат ва ақли, устомонлиги билан уч йил ичида иложи борича қайтадан бирлаштирди. Урушга лаёқатли қилиб тарбиялади.

Генералга бу гаплар ёқмади. У қарши томонга кўз югуртган бўлиб ўзича ғудраниб қўйди:
— Бари бир бугун адашди. Қанчалик уринмасин, қуруқ бақириб-чақириб,яланғоч тўшини ўққа тутиб беришидан энди фойда йўқ…
Генерал ерга тупуриб, оппоқ дастрўмоли билан юзини артди-да, жигарранг мўйлабини силаб, оқ отли аскарбоши бошлиқ тўдага тўплар билан зарба беришни буюрди.
— Қани, ботирлигини кўрайлик…

У дурбинни яна кўзига яҳинроқ тутди. Шу дамда тўпларнинг даҳшатли зарбаси дўнгни чанг-тўзонга чулғаб, атрофни остин-устин қилишини, оқ арғумоқнинг пишқириб, қизиққон эгасини кўтариб қочишини томоша қилгиси келди. Йўқ… Оқ арғумоқ дўнгда йўқ! Генерал Черняев кўзини артиб, яна диққат билан қаради. Ҳар ер-ҳар ерда кўк янтоқ билан отлар ўликлари қорайиб ётибди. Худди шу кезда ўнг ва чап томондан кўп қўшин пайдо бўлди.
— Қари тулки алдамоқчи бўлибди-да. Ўраб олмоқчи шекилли!— деди генерал Черняев.— Орқага қайтишсин! Тез!

Алоқачи буйруқни олдинги ўқчилар ротасига етказди. Генералнинг ранги ўчиб кетди. Бироқ қароридан тезда қайтиб, ишонч билан гапирди:
— Тез! Тўпларга таяниб атрофни ҳимоя қилиб турайлик-чи. Ҳа, боя айтмадимми, буларнинг ўққа юзма- юз келадиган одати бор деб. Майли, олачопонларидан ўқ ўтмайдиган бўлса, яқинроқ келаверишсин!— дея генерал олдинги тўданинг яқинроқ келишини сабрсизлик билан кутиб, безовта бўла бошлади. Бордию қанотдаги отлиқлар тўпларнинг ортидан чиқиб қолса- чи?..

Худди шу ўй қўқонликлар аскарбошисининг юрагини ҳам таҳликага солаётган эди. Кўздан олис қочирмай, душманнинг бир қанотини қуюндай исканжага олиб зарба бериш, мўлжалга олган йўналишидан алаҳситиб қиличбозлик қилишга мажбур этиш… Ҳа, бунинг учун ўққа бардош бериш керак. Шунга чидаса, ё ғалаба қозонади, ё хасдай тўзиб қирилади. Қочиб қайга борасан? Қачонгача қочиб юрасан?.. У бир ерда туролмай, бўлажак тўқнашув дардида ёнарди, ҳар бир жангчисининг олдига илтижо билан боришга ҳам шай бўлиб, ич-этини еб, қўшинни ҳужумга сафарбар этарди.
— Ол, ҳа! Ол! Қашқир тузоққа илинди… Ўзи келиб тушди. Ол, ҳа! Ўраб олинглар… Оёқ ости қилинглар…

Беҳисоб қўшин олдинга ёпирилди, сафлар бўрондай шиддат билан ўкириб, генерал Черняевнинг чап томонини ёриб кирди. Таваккалга кўникиб колган сипоҳийлар арча ўтинидай сачраб, ажал қаноти остида қиличларини ўйнатиб, отлиқлардан анча олдинда боришарди. Ол, ҳа! Ол! Ур! Қийрат! Қичқириқдан еру осмон ларзада. Отларнинг туёғидан олов чақнайди. Генерал Черняевнинг баландликка ўрнатган замбараклари тинимсиз олов пуркаб, йўлни тўса бошлади. Ўқ еган учқур арғумоқлар ўликларнинг устидан сакраб тумтарақай қочар, баъзи отлар эса чалажон жангчиларни узанги билан судраб кишнаб борарди. Қон иси, ўқ-дори ҳиди ҳавони тутиб кетди.
— Ол, ҳа! Ол! Қуршаб олинглар! Кунпаякун қилинглар! Ол, ҳа! Ол! Боболарнинг арвоҳи қўлласин. Ол, ҳа! Ол!..

Аскарбошининг овози гоҳо буйруқдай жарангларди, гоҳо нафасни бўғадиган жанг тўзонига аралашиб, заифлашиб кетарди, баъзан эса қаландарнинг ғамгин ашуласидай қон ва порох ҳиди билан омихта бўлиб ҳавода янграрди.

Генерал Черняев атрофни муҳофаза қилди. Казаклар отдан тушиб, ер бағирлаб, солдатлар билан бирга ўзларини милтиқлар билан ҳимоя қиларкан, аста- секин чекинишга мажбур бўлишди. Қўқонликлар қирғинга қарамай, қайсарлик билан ҳамон селдай олға босиб борарди. Такаббурлик билан жилмайиб турган генерал Черняевнинг чеҳраси тундлаша бошлади. Ўққ анчага етаркин? Сипоҳийларнинг сабр косаси-чи?.. Унинг юрагини ҳапритиб сарбозларнинг кети тугамасди.

Аскарбоши жанг вақтида ёнидаги навкарларидан ажралган эди. Ёлғиз удайчиси қолганди. У соядек эргашиб юрарди. Унинг оти қора бўлиб, башараси ҳам қора, совуқ бир кимса эди. У лабини қимтиб, кичик кўзларини аскарбошидан узмасди. Қўлида қора пилтали милтиқ. Пилтасидан сира чўғни ўчирмайди. Аскарбоши чанг-тўзон ичидан арғумоғини йўрттириб, қиличини ўйнатиб, қор кўчкисидай даҳшат билан олға силжиб бораётган қўшинга қараб дам:
— Ол, ҳа! Ол!— дея қичқирар, дам ўзини босиб диққат билан жангни кузатарди.

Удайчи икки томонга тез-тез кўз югуртирди. Унинг оқи деярли билинмайдиган кўзлари олисларга қадалди. Ўзи нима гап? У отидан ирғиб тушди. Унга ҳеч ким эътибор бермади. У ўзини қора отнинг панасига олди-да, милтиғини шоша-ниша отнинг ёлидан ошириб нишонга олди. Унинг юраги қаттиқ-қаттиқ урарди, у ўзидан-ўзи чўчиб, милтиқни яна туширди. Яна атрофга аланглади, энгашиб отнинг қора ёлига қуролини қўйиб тўғрилади… Дам ўтмай милтиқнинг варанглаган овози эшитилди. Аскарбоши сулайиб оғиб бораркан, оҳиста қайрилиб, иягини сийпалаганича туриб қолди. Удайчининг кичик кўзлари ялтираб, қўллари қалтираб, бели букчайиб, от жиловини тортди, аста орқасига тисарилди. Аскарбоши от устида қалқиб, бир оз ҳушига келди ва яна орқасига ҳайрилиб қаради. Лабларидан қон сизиб, хириллаган овозда удайчини ёрдамга чақирди. Удайчи жавоб қайтармади, у қалтирай-қалтирай отига минди-да, елдириб, гўё бир соядай жуфтакни ростлаб қолди…

Аскарбошининг кўнгли озди, ярадор бўлганини билди. Қандайдир бир нима унга далда бериб, уйқудан уйғотаётганга ўхшарди. Оқ арғумоқнинг кумуш ёлини маҳкам тутди. Қиличи тушиб кетди, энгашиб уни олмоқчи бўлди. Аммо дармони қуриб, эгардан оға бошлади. Арғумоқ депсиниб бир айланди-ю, тўхтаб қолди. Аскарбоши узангига тирмашди. Жонҳолатда чираниб, турмоқчи бўлди. Чаккаларидан қора тер қуйиларди. Лабларидан силқиётган қон кўкрагига сизарди, узанги қўлидан чиқиб кетиб ерга йиқилди…

Арғумоқ қон ҳидидан ҳуркиб кетдими, ҳайтовур тизгинига ўралиб аста юриб кетди.
«Оҳ, тақдирнинг ўйини… Ахир, Алимҳул хон оталиғи эмасмиди? Бутун бир аҳил юртнинг бошлиғиман демасмиди? Аҳли донишларни танлаб ёру биродар орттирмаганмиди?! Улар қайда? Қаёққа кетишди? Ҳолдан тойганда қўлтиғидан оладиган бирор кимса бўлмаса-я?..»

У таяниб, охирги марта бошини кўтарди. Қаноти қайрилган бургутдай олисга, ёруғ оламга армон билан тикилди. Кўзига ер олов босиб келаётгандай қип-қизил кўринди. Хору хас ва тошлар, суяклари бўртиб турган қора қўллари ҳам олов ичида эди. Ўққа томон от елдириб бораётган жангчилар ҳам қочишга йўл тополмай, сарсон-саргардон, ўтда ёнаётгандай туюларди. Унинг кўзини қон босаётганди.

Навкарлар хийла орқада от ёлига энгашиб, жанг боришини кузатишаркан, бирдан тизгинига ўралиб юрган эгасиз оқ арғумоқни кўриб ҳолишди, атрофдагиларнинг авзойлари бузилиб, ранглари ўчди.
Шунда кимдир:
— Ё, ажабо!..— деб юборди.
Ҳамма кўрди. Ёпирилиб арғумоқни ушлашди. Шу маҳал улар турли ўйларга борди. Бир-бирига қўрқа-писа гумонсираб, димоғ-фироқ билан қарашарди. Хон отаси ҳайда? Қандай ҳодиса рўй берди? Ҳамма оқ бедов келган тарафга йўл олди.

Алимҳул икки туп янтоқ ўртасида юзтубан ётарди. Бир талай қон тупроққа сингиб кетибди. Чалқанчасига ағдаришди.
Унга энгашиб қараб турган энг яқин кишиси Абдумўминбек ўзини босолмади. Бирдан йиғи кўтарилиб, яна босилди. Нима қилишни билишмасди. Баъзиларнинг кўзидан ёш бетиним оқарди. Айримлар ич-ичидан ўксирди. Бошқа бировлар эса бу тўпдан бир илож қилиб тезроқ чиқиб кетиш чорасини излаб, лабларини қимтирди.
— Ўқ орқасидан тегибди.
— Ўқ қайдан чиқди? Кимдан чиқди?..

Абдумўминбек ўзини тутолмай ер муштлади:
— Бир кўзинг иккинчисига ёв!.. Қандай кунларга қолдик?.. Удайчилар қаерда?.. Кўзингга чўғ тушгурларни ушланглар. Бирортасини ҳам қўймай тутиб келинглар!
Ҳа, фақат ўша ранги совуқ удайчи топилмади. Шу кезда у Тошкентга қараб чанг тўзғитиб қочиб борарди.

Шумхабар қўшинга шамолдек тез тарқалди. Ҳужумга шайланиб бораётган жангчилар беихтиёр тизгинни торта бошладилар. Мингбошилар, понсотлар саросимага тушиб қолди, бир-биридан гумонсирарди, ўзларини авайларди. Кимга қулоқ солишади? Кимнинг буйруғини бажаришади? Ҳеч ким бундай қилайлик, деб олдинга чиқмади. Еру кўкни тутган иўшин шундай долзарб пайтда аскарбошидан жудо бўлди…

Қўшиннинг олди генерал Черняевнинг ортига етиб қолганди. Шу паллада кўз очирмай келаётган отлиқ қўшин бехосдан сийраклашиб, шамол бошқа тарафга ҳайдаган тумандай жангдан четлаб борарди. Олдинги қисм кўмаксиз қолди. Тош отса еткудай масофадан отилган ўқлардан жангчилар ерга тутдай тўкиларди.

Генерал Черняев вазиятни яхшилади, ўзини ростлаб, иккинчи ҳужумга шайланиб турди. Бу галги ҳужум қаёқдан бўларкин? У дурбин билан ҳужум қилиниши мумкин бўлган ерларни синчиклаб кузатди. Гумонга асос йўқ. Ҳар қайси дўнг ортидан майда туғ — байроқчалар кўзга ташланиб, дўлнинг бир маромдаги оҳанги эшитиларди. Генералнинг кўз ўнгида ҳозиргина қайтадан тўпланган қўшин туғлар ортидан юриб, номаълум тарафга бетартиб тарқала бошлади. Буларга нима бўлди? Бундай пайтда аскарбоши қўшинни ташлаб кетиши ақл бовар қилмайдиган иш-ку? Генерал ишонмасди. Қариган қашқир яна бир айёрлик қилмоқчи шекилли?..
— Буларга нима бўлди?— деди генерал Черняев қайта-қайта дурбиндан қараркан.— Мана сенга Шарҳ. Ҳеч қадамда кутилмаган тасодифларга дуч келасан.
Ўйноқлаган оқ бедов негадир сира дурбинга илашмасди.

066

022
XIYONAT YOXUD
AMIRLASHKAR ALIMQULNING O’LIMI

To’lagan Qosimbekovning «Singan qilich» romanidan
044

024  1865 yil.
General Chernyaev bo’zrang do’nglikda yolg’iz ko’zli durbin bilan atrofni kuzatib turardi. Bu yerdan unga bepoyon dalagina emas, olisda qorayib turgan begona Toshkent devori, daraxtlar bilan burkangan qishloqlar, soy bo’ylaridagi shovullagan qamishzor va nihoyat mo’r-malaxday bostirib kelayotgan besanoq askarlar ko’zga yaqqol ko’rinardi. Saf-saf otliqlar ketidan orti ko’rinmay chuvalangan piyodalar kelardi. Oyoq ostidan ko’tarilgan chang bir muddat ko’kka o’rlab, yana ohista maysalarga, yashil yantoqlarga inardi. Uzoqda ot kishnadi. Odamlarning g’ala-g’ovuri quloqqa chalinardi. Qo’qonliklarning bu qadar puxta tayyorgarlik bilan kelishini general kutmagan edi. Biroq uning oq-sariq yuzidan xavf-xatar sezilmasdi, g’alabaga esa shubqasiz ishonardi. Qaytaga qech narsani sezmayotganday, jigarrang mo’ylabini silab takabburona qarab turardi.Bu egri qilich tutganlarni birinchi marta ko’rayaptimi? Tezotar miltiq bilan qurollangan bir yarim ming soldati, bu yer u yoqda tursin, hatto Yevropaga yurish qilishga yaraydigan puxta artilleriyasi bor. Nimadan xavfsirashi mumkin? Qandaydir biror xatarga asos bo’ladigan sabab yo’q.

Shu paytda qo’qonliklar lashkarboshisi ham qulay yerga yetib kelgandi. U oq arg’umoq tizginini tortib bepoyon dalaning orqa-oldiga, adirlar oralab joy tanlab, bo’linib ketayotgan qo’shinlarning boshi va oxiriga nazar tashladi. Ko’zlari qontalash, rang-ro’yi oqargan,uyqusizlik tufayli ajinlari quyuqlashgan edi. Buning ustiga egnidagi yengsiz kora kimxob avra chopon ot sag’risida chuvalanib, jussasi kichik qariyani yanada ko’rimsiz qilib qo’ydi. Qushni yirtqich qilgan tirnog’i, odamni sirli qilgan mansabi. Bu ko’rimsiz chol atrofida turgan navkar va udaychilarga ko’z qirini tashlab qo’yarkan, birov bilan so’zlashmasdi, bitta-yarimta bilan maslahatlashmasdi, u qo’lini soyabon qilib chor atrofga tikilar, sekingina imo-ishora bilan o’ng va chap qanotga zarur buyruqlarni berib turar edi.

Uch kundan buyongi tayyorgarliklar tugab, sir-asrori mutlaqo yashirin bo’lgan har ikki yov asta-sekin bir-biriga yaqinlashib kelardi. Suvorilar yo’lni tez-tez o’zgartirib, goho ot o’ynatib, goho tin olib olg’a siljirdi. General Chernyaevning ayrim qismlari nog’ora sadolari ostida o’zining kuch-qudratini ko’rsatib qo’yish maqsadida kunbotish tarafdan hujumga tashlandi, zambaraklarning yurakni titratuvchi ovozlari bilan qo’qonliklarning chap qanotini yorib o’tdi. Bir tekis oq libos kiygan soldatlar o’q yetkuday masofadan uncha o’tmay, saf tortib yoppasiga jangga kirdi.

Iyak eti tirishib, qontalashgan ko’zlari chaqchaygan askarboshi qo’lidagi qamchinini peshonasiga tirab xayolga toldi. Navkarlar lol bo’lib, buyog’i endi nima bo’ladi, deganday askarboshiga zimdan ko’z yugurtirib, mum tishlaganday uning og’zini poylab turishardi. Askarboshi nihoyat dedi:
— Chirnay poshsho qilichbozlikdan qochib o’qi yetaqdigan masofadan turib qirmoqchi shekilli?
Unga yaqin turgan Abdumo’minbek bosh irg’ab:
— Bu kopirning fikri o’yi shunday shekilli, taqsir!— dedi. Askarboshi o’ylanib qoldi. U dushmanlarni shiddat bilan o’tli halqaday qisib kelayotganidan bezovta edi. Askarboshi asta buyruq berdi:
— Hujumga!..

U dushmanni zambaraklaridan alahsitib, yog’ilayotgan o’qqa qaramay saflar o’rtasidan yorib kirib hammasini birma-bir qilich damidan o’tkazmoqchi edi. Shunday qilsa general Chernyaev temir qurshovda qolardi. Shunday bo’larmikin? Buni general fahmlarmikan? Shuni o’ylab askarboshi o’zini qo’ygani joy topolmay qoldi, joni hiqildog’iga kelib toqati toq bo’ldi. U chap qanotga yopirildi.

General Chernyaev durbinni ko’zidan oldi. Bir fursat shunchaki qarab, oraliqni ko’zi bilan chamalab oldi-da, pistirmada turgan otliq kazak askarlarning ikki qanotga biryo’la o’q otib hujumga o’tishi uchun buyruq berdi. Uning maqsadi qo’honliklar ko’plashib bir yo’la jangga kirguday bo’lsa, otish bilan birga darhol ortga chekinish va sipohiylarni zambaraklarga yem qilib bo’lsa ham fursatni qo’ldan bermay yana olg’a intilish edi. General durbinni qayta qo’lga oldi. Qizil ust-boshli sarbozlar nari-beri yugurib xitoycha deb atalmish kichik zambaraklarni do’nglarga o’rnatish bilan ovora edi. Ulardan beriroqda, sipohiylarning yuqori qismida esa merganlar piltalik miltiqlaridan tez-tee o’q uzib turishardi. Qaysi tomonni nishonga olishyapti o’zi? General payqay olmadi. U o’z oldidagi, o’qchilar rotasining saralangan safini ko’zdan kechirdi. Yiqilgani yoki qatordan ortda qolgani ko’zga chalinmadi. Shundan so’ng durbinda qo’qonliklar qo’shinining markaziy qismi generalga yaqqol ko’rindi. Bo’z adir… Bir to’p otliqlar… Chap qanotga asta bostirib borishyapti… General oldinda borayotgan oq otliqqa tikildi.
— Alimqul… Mashhur askarboshi… Xuddi o’zi…— dedi oq-sariq yuzi, moviy tiniq ko’zi yonib.— Ha… Oldingi qismga o’zi kelgan ekan-da…

Oq tulpor mingan askarboshi o’z atrofidagi saralangan sipohiylarni o’qdan olislatib, bir oz ortga qaytishga buyruq berdi-da, o’zi bir talay udaychi bilan general Chernyaevning old qismidagi kuchlari yo’lida to’xtadi. Zambarak o’qlari chiyillab kelib yaqin oraga tusha boshladi. Arg’umoq pishqirib, quloqlarini chimirib, yaqinlashib kelayotgan begona kishilarni sezganday suvlig’ini chaynab, depsinib bezovta bo’la boshladi. Nima uchun? Askarboshi qilichni o’ynatib, tizginni bir oz bo’shatdi-da, uzangiga tiranib qiyqirib hujumga o’tdi. U dushmanlarning e’tiborini o’ziga jalb qildi. Olishuv qizib ketdi. Xitoycha zambaraklar tinim bilmasdi. Lekin ular rus zambaraklarining oldida hech narsa emasdi. Garchand mo’ljalga borib yetmasa-da, sarbozlar ustma-ust otishardi. Askarboshi hamon do’ngda turardi. Shu mahal unga yaqin turgan navkarniig oti kishnab, munkib ketdi-da, ag’darilib tushdi. Egasi otning ostida qoldi. Atrofdagilarning quti o’chdi. Faqat askarboshigina o’lim izlab kelganday o’jarligi tutib, otnni o’ynatdi-da, shiddat bilan yana maydonga otildi.

General Chernyaev hammasini ko’rib turardi. Askarboshi unga hovliqma yigitday ko’rindi. U durbinni ko’zidan olib miyig’ida kuldi.
— Ajabo! Sharqda o’qqa qarab borish hamon saqlangan ekan-da. O’q botirni ayarmidi? Askarboshi ana shu boshi bilan o’limga qarab kelyapti-ku…
— Mening bilishimcha, u basiz degan kichik bir ko’chmanchi urug’dan chiqqan kishi,— deb so’z qotdi generalga yakin turgan harbiy kiyimdagi sharqshunos.— Qo’qon xalqining tinib-tinchimagan, urushqoq yetakchisi, rahbari ham shu. Bu munkaygan qariya o’zaro janjallarda kelishmay tarqab ketgan urug’larni farosat va aqli, ustomonligi bilan uch yil ichida iloji boricha qaytadan birlashtirdi. Urushga layoqatli qilib tarbiyaladi.

Generalga bu gaplar yoqmadi. U qarshi tomonga ko’z yugurtgan bo’lib o’zicha g’udranib qo’ydi:
— Bari bir bugun adashdi. Qanchalik urinmasin, quruq baqirib-chaqirib,yalang’och to’shini o’qqa tutib berishidan endi foyda yo’q…
General yerga tupurib, oppoq dastro’moli bilan yuzini artdi-da, jigarrang mo’ylabini silab, oq otli askarboshi boshliq to’daga to’plar bilan zarba berishni buyurdi.
— Qani, botirligini ko’raylik…

U durbinni yana ko’ziga yahinroq tutdi. Shu damda to’plarning dahshatli zarbasi do’ngni chang-to’zonga chulg’ab, atrofni ostin-ustin qilishini, oq arg’umoqning pishqirib, qiziqqon egasini ko’tarib qochishini tomosha qilgisi keldi. Yo’q… Oq arg’umoq do’ngda yo’q! General Chernyaev ko’zini artib, yana diqqat bilan qaradi. Har yer-har yerda ko’k yantoq bilan otlar o’liklari qorayib yotibdi. Xuddi shu kezda o’ng va chap tomondan ko’p qo’shin paydo bo’ldi.
— Qari tulki aldamoqchi bo’libdi-da. O’rab olmoqchi shekilli!— dedi general Chernyaev.— Orqaga qaytishsin! Tez!

Aloqachi buyruqni oldingi o’qchilar rotasiga yetkazdi. Generalning rangi o’chib ketdi. Biroq qaroridan tezda qaytib, ishonch bilan gapirdi:
— Tez! To’plarga tayanib atrofni himoya qilib turaylik-chi. Ha, boya aytmadimmi, bularning o’qqa yuzma- yuz keladigan odati bor deb. Mayli, olachoponlaridan o’q o’tmaydigan bo’lsa, yaqinroq kelaverishsin!— deya general oldingi to’daning yaqinroq kelishini sabrsizlik bilan kutib, bezovta bo’la boshladi. Bordiyu qanotdagi otliqlar to’plarning ortidan chiqib qolsa- chi?..

Xuddi shu o’y qo’qonliklar askarboshisining yuragini ham tahlikaga solayotgan edi. Ko’zdan olis qochirmay, dushmanning bir qanotini quyunday iskanjaga olib zarba berish, mo’ljalga olgan yo’nalishidan alahsitib qilichbozlik qilishga majbur etish… Ha, buning uchun o’qqa bardosh berish kerak. Shunga chidasa, yo g’alaba qozonadi, yo xasday to’zib qiriladi. Qochib qayga borasan? Qachongacha qochib yurasan?.. U bir yerda turolmay, bo’lajak to’qnashuv dardida yonardi, har bir jangchisining oldiga iltijo bilan borishga ham shay bo’lib, ich-etini yeb, qo’shinni hujumga safarbar etardi.
— Ol, ha! Ol! Qashqir tuzoqqa ilindi… O’zi kelib tushdi. Ol, ha! O’rab olinglar… Oyoq osti qilinglar…

Behisob qo’shin oldinga yopirildi, saflar bo’ronday shiddat bilan o’kirib, general Chernyaevning chap tomonini yorib kirdi. Tavakkalga ko’nikib kolgan sipohiylar archa o’tiniday sachrab, ajal qanoti ostida qilichlarini o’ynatib, otliqlardan ancha oldinda borishardi. Ol, ha! Ol! Ur! Qiyrat! Qichqiriqdan yeru osmon larzada. Otlarning tuyog’idan olov chaqnaydi. General Chernyaevning balandlikka o’rnatgan zambaraklari tinimsiz olov purkab, yo’lni to’sa boshladi. O’q yegan uchqur arg’umoqlar o’liklarning ustidan sakrab tumtaraqay qochar, ba’zi otlar esa chalajon jangchilarni uzangi bilan sudrab kishnab borardi. Qon isi, o’q-dori hidi havoni tutib ketdi.
— Ol, ha! Ol! Qurshab olinglar! Kunpayakun qilinglar! Ol, ha! Ol! Bobolarning arvohi qo’llasin. Ol, ha! Ol!..

Askarboshining ovozi goho buyruqday jaranglardi, goho nafasni bo’g’adigan jang to’zoniga aralashib, zaiflashib ketardi, ba’zan esa qalandarning g’amgin ashulasiday qon va porox hidi bilan omixta bo’lib havoda yangrardi.

General Chernyaev atrofni muhofaza qildi. Kazaklar otdan tushib, yer bag’irlab, soldatlar bilan birga o’zlarini miltiqlar bilan himoya qilarkan, asta- sekin chekinishga majbur bo’lishdi. Qo’qonliklar qirg’inga qaramay, qaysarlik bilan hamon selday olg’a bosib borardi. Takabburlik bilan jilmayib turgan general Chernyaevning chehrasi tundlasha boshladi. O’qq anchaga yetarkin? Sipohiylarning sabr kosasi-chi?.. Uning yuragini hapritib sarbozlarning keti tugamasdi.

Askarboshi jang vaqtida yonidagi navkarlaridan ajralgan edi. Yolg’iz udaychisi qolgandi. U soyadek ergashib yurardi. Uning oti qora bo’lib, basharasi ham qora, sovuq bir kimsa edi. U labini qimtib, kichik ko’zlarini askarboshidan uzmasdi. Qo’lida qora piltali miltiq. Piltasidan sira cho’g’ni o’chirmaydi. Askarboshi chang-to’zon ichidan arg’umog’ini yo’rttirib, qilichini o’ynatib, qor ko’chkisiday dahshat bilan olg’a siljib borayotgan qo’shinga qarab dam:
— Ol, ha! Ol!— deya qichqirar, dam o’zini bosib diqqat bilan jangni kuzatardi.

Udaychi ikki tomonga tez-tez ko’z yugurtirdi. Uning oqi deyarli bilinmaydigan ko’zlari olislarga qadaldi. O’zi nima gap? U otidan irg’ib tushdi. Unga hech kim e’tibor bermadi. U o’zini qora otning panasiga oldi-da, miltig’ini shosha-nisha otning yolidan oshirib nishonga oldi. Uning yuragi qattiq-qattiq urardi, u o’zidan-o’zi cho’chib, miltiqni yana tushirdi. Yana atrofga alangladi, engashib otning qora yoliga qurolini qo’yib to’g’riladi… Dam o’tmay miltiqning varanglagan ovozi eshitildi. Askarboshi sulayib og’ib borarkan, ohista qayrilib, iyagini siypalaganicha turib qoldi. Udaychining kichik ko’zlari yaltirab, qo’llari qaltirab, beli bukchayib, ot jilovini tortdi, asta orqasiga tisarildi. Askarboshi ot ustida qalqib, bir oz hushiga keldi va yana orqasiga hayrilib qaradi. Lablaridan qon sizib, xirillagan ovozda udaychini yordamga chaqirdi. Udaychi javob qaytarmadi, u qaltiray-qaltiray otiga mindi-da, yeldirib, go’yo bir soyaday juftakni rostlab qoldi…

Askarboshining ko’ngli ozdi, yarador bo’lganini bildi. Qandaydir bir nima unga dalda berib, uyqudan uyg’otayotganga o’xshardi. Oq arg’umoqning kumush yolini mahkam tutdi. Qilichi tushib ketdi, engashib uni olmoqchi bo’ldi. Ammo darmoni qurib, egardan og’a boshladi. Arg’umoq depsinib bir aylandi-yu, to’xtab qoldi. Askarboshi uzangiga tirmashdi. Jonholatda chiranib, turmoqchi bo’ldi. Chakkalaridan qora ter quyilardi. Lablaridan silqiyotgan qon ko’kragiga sizardi, uzangi qo’lidan chiqib ketib yerga yiqildi…

Arg’umoq qon hididan hurkib ketdimi, haytovur tizginiga o’ralib asta yurib ketdi.
«Oh, taqdirning o’yini… Axir, Alimhul xon otalig’i emasmidi? Butun bir ahil yurtning boshlig’iman demasmidi? Ahli donishlarni tanlab yoru birodar orttirmaganmidi?! Ular qayda? Qayoqqa ketishdi? Holdan toyganda qo’ltig’idan oladigan biror kimsa bo’lmasa-ya?..»

U tayanib, oxirgi marta boshini ko’tardi. Qanoti qayrilgan burgutday olisga, yorug’ olamga armon bilan tikildi. Ko’ziga yer olov bosib kelayotganday qip-qizil ko’rindi. Xoru xas va toshlar, suyaklari bo’rtib turgan qora qo’llari ham olov ichida edi. O’qqa tomon ot yeldirib borayotgan jangchilar ham qochishga yo’l topolmay, sarson-sargardon, o’tda yonayotganday tuyulardi. Uning ko’zini qon bosayotgandi.

Navkarlar xiyla orqada ot yoliga engashib, jang borishini kuzatisharkan, birdan tizginiga o’ralib yurgan egasiz oq arg’umoqni ko’rib holishdi, atrofdagilarning avzoylari buzilib, ranglari o’chdi. Shunda kimdir:
— YO, ajabo!..— deb yubordi.
Hamma ko’rdi. Yopirilib arg’umoqni ushlashdi. Shu mahal ular turli o’ylarga bordi. Bir-biriga qo’rqa-pisa gumonsirab, dimog’-firoq bilan qarashardi. Xon otasi hayda? Qanday hodisa ro’y berdi? Hamma oq bedov kelgan tarafga yo’l oldi.

Alimhul ikki tup yantoq o’rtasida yuztuban yotardi. Bir talay qon tuproqqa singib ketibdi. Chalqanchasiga ag’darishdi.
Unga engashib qarab turgan eng yaqin kishisi Abdumo’minbek o’zini bosolmadi. Birdan yig’i ko’tarilib, yana bosildi. Nima qilishni bilishmasdi. Ba’zilarning ko’zidan yosh betinim oqardi. Ayrimlar ich-ichidan o’ksirdi. Boshqa birovlar esa bu to’pdan bir iloj qilib tezroq chiqib ketish chorasini izlab, lablarini qimtirdi.
— O’q orqasidan tegibdi.
— O’q qaydan chiqdi? Kimdan chiqdi?..

Abdumo’minbek o’zini tutolmay yer mushtladi:
— Bir ko’zing ikkinchisiga yov!.. Qanday kunlarga qoldik?.. Udaychilar qaerda?.. Ko’zingga cho’g’ tushgurlarni ushlanglar. Birortasini ham qo’ymay tutib kelinglar!
Ha, faqat o’sha rangi sovuq udaychi topilmadi. Shu kezda u Toshkentga qarab chang to’zg’itib qochib borardi.

Shumxabar qo’shinga shamoldek tez tarqaldi. Hujumga shaylanib borayotgan jangchilar beixtiyor tizginni torta boshladilar. Mingboshilar, ponsotlar sarosimaga tushib qoldi, bir-biridan gumonsirardi, o’zlarini avaylardi. Kimga quloq solishadi? Kimning buyrug’ini bajarishadi? Hech kim bunday qilaylik, deb oldinga chiqmadi. Yeru ko’kni tutgan io’shin shunday dolzarb paytda askarboshidan judo bo’ldi…

Qo’shinning oldi general Chernyaevning ortiga yetib qolgandi. Shu pallada ko’z ochirmay kelayotgan otliq qo’shin bexosdan siyraklashib, shamol boshqa tarafga haydagan tumanday jangdan chetlab borardi. Oldingi qism ko’maksiz qoldi. Tosh otsa yetkuday masofadan otilgan o’qlardan jangchilar yerga tutday to’kilardi.

General Chernyaev vaziyatni yaxshiladi, o’zini rostlab, ikkinchi hujumga shaylanib turdi. Bu galgi hujum qayoqdan bo’larkin? U durbin bilan hujum qilinishi mumkin bo’lgan yerlarni sinchiklab kuzatdi. Gumonga asos yo’q. Har qaysi do’ng ortidan mayda tug’ — bayroqchalar ko’zga tashlanib, do’lning bir maromdagi ohangi eshitilardi. Generalning ko’z o’ngida hozirgina qaytadan to’plangan qo’shin tug’lar ortidan yurib, noma’lum tarafga betartib tarqala boshladi. Bularga nima bo’ldi? Bunday paytda askarboshi qo’shinni tashlab ketishi aql bovar qilmaydigan ish-ku? General ishonmasdi. Qarigan qashqir yana bir ayyorlik qilmoqchi shekilli?..
— Bularga nima bo’ldi?— dedi general Chernyaev qayta-qayta durbindan qararkan.— Mana senga Sharh. Hech qadamda kutilmagan tasodiflarga duch kelasan.
O’ynoqlagan oq bedov negadir sira durbinga ilashmasdi.

066

(Tashriflar: umumiy 128, bugungi 1)

Izoh qoldiring