Xoliyor Safarov. To’ti momo & Qanotsiz qushlar & O’rolboy Qobil. Ayritomda tug’ilgan, Samarqandda yashagan, xayoli Toshkentda

Ashampoo_Snap_2018.02.04_21h36m01s_003_b.png   Табалалик йилларимда ҳам шеърдар ёзардим. Уларнинг кўпи газета ва журналларда чоп этилган, аммо кунларнинг бирида катта бир хиёнат воқеасига гувоҳ бўлдим–у, қалбим ларзага тушди. Ана шунда «Хиёнат» деган ҳикоя ёздим ва ўз–ўзидан насрий йўлнинг мафтунига айландим. Шундан кейин деярли шеър ёзмадим…

АЙРИТОМДА ТУҒИЛГАН, САМАРҚАНДДА
ЯШАЙДИ, ХАЁЛИ ТОШКЕНТДА БЎЛГАН АДИБ
Ёзувчи Холиёр Сафаров билан суҳбат
07

1. Сиз вояга етган оила, қишлоқ (нега Айритом деб аталган?) сизни адабиётга қизиқтирган сабаб ва одамлар кимлар бўлган?

Ashampoo_Snap_2018.02.03_02h02m17s_001_.png– Мен туғилган жой Чироқчи туманининги энг чеккасида, туман марказидан чамаси етмиш километр узоқда, қир-адирлар орасида жойлашган Айритом қишлоғи. Қишлоқнинг бундай номланишига сабаб, кексаларимизнинг айтишича, тумандан узоқ ва яйлов жой бўлгани учун биринчи марта кўчиб келган киши бир чайла солганда, унга бошқалар «айри том», «алоҳида уй» деган маънода қарашган. Йилдан–йилга бу ерларда ҳам аҳоли кўпайиб, Айритом қишлоқ номига айланиб кетган эмиш.

Отам қишлоқ мактабида ўқитувчи эди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Аввал математикадан дарс берган, сўнгра бошланғич синфлар ўқитувчиси бўлган. Табиийки уйда китоб–дафтар бўлган. Онам уй бекаси эди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Аммо таъби нозик, сўзи кескир аёллардан эди. Момом – онамнинг онаси жуда кўп достон ўқиган кампир эди. Тоғаларимга ҳам достон ўқиб берарди, кўп достонни оғзаки ҳам сўзлаб бераверарди. Онамнинг она уйида олган тарбияси бизнинг оилада ҳам ҳукм сурарди. Онам ҳам достон эшитишни яхши кўрарди. Шунинг учун қиш кунлари сандал атрофида опаларим ёки акаларимга достон ўқитиб, қолганларнинг қўлига пахта бериб қўярди. Биз пахта чувиб, достон эшитардик. Ана шу муҳит мени халқ оғзаки ижодига мафтун қилиб қўйган. Акаларимнинг айтишича, мен учинчи синфда ўқиётган вақтимдан бошлаб, кечқурунлари ҳаммага эртак ўқиб беришни бошлаган эканман. Кейинчалик бу достонларга ҳам ўтган. Бешинчи синф вақтимда оиладаги асосий достон ўқувчи (айниқса қиш тунлари) мен бўлганман. Гўрўғлини ҳам, унинг қандай туғилиши–ю, бошдан кечирганларини, Авазхонни, унинг хотини Оға Юнус ва Мисқол париларни, ўғиллари Хасанхон билан Холдорхонни шу сандал атрофда таниганман. «Равшан», «Малика айёр»ни, «Кунтуғмиш», «Алпомиш» каби ўнлаб достонни сандалда ўқиганман. Қолаверса, менинг икки нафар тоғам мактабда она тили ва адабиётдан дарс берарди. Китобхонликда, эртак–достонлардан ташқари, насрий асарларни ўқишимда уларнинг хизмати жуда катта. Аммо мен учун болалагим достонларсиз тасаввур қилинмайди.

2 . Илк ўқиган китобингиз ва илк ижодингиз ҳақида айтиб беринг?

– Илк ўқиган китобим – «Ўзбек халқ эртаклари» ва «Алпомиш» достони.

Мен ижодимни шеъриятдан бошлаганман. Мактабда ўзим деворий газета чиқарардим (балки ҳозирги газетадаги фаолиятимга илк асос ўшанда пайдо бўлгандир). Мактабни битираётган йилларимда туман газетасида шеърларим эълон қилинарди. Ўша йили «Савоб» деган кичик ҳикоя ҳам ёзгандим.

3. Талабалик йилларингиз қандай кечди, Самарқанд шаҳри ҳақида нималар дейсиз?

– 2001-2005 йилларда Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида ўқидим. У даргоҳда Усмон Носир, Шароф Рашидов, Омон Матжон, Ҳамид Олимжон, Илҳом Ҳасанлар каби халқимизнинг ардоқли ижодкорлари ҳам таҳсил олишган. Олийгоҳда академик Ботирхон Валихўжаев, Дилором Салоҳий, Ҳотам Умиров, Азмиддин Носиров каби фанимиз жонкуяраридан дарс олдик. Табалалик йилларимда ҳам шеърдар ёзардим. Уларнинг кўпи «Самарқанд университети», «Ёғду», «Зарафшон», «Туркистон» газеталарида, «Мулоқот» журналида чоп этилган, аммо кунларнинг бирида катта бир хиёнат воқеасига гувоҳ бўлдим–у, қалбим ларзага тушди. Ана шунда «Хиёнат» деган ҳикоя ёздим ва ўз–ўзидан насрий йўлнинг мафтунига айландим. Шундан кейин деярли шеър ёзмадим… Ёзганларимни ҳам аввалгиларига қўшиб, «Босилмайдиганлар» папкасига босиб қўйибман…

Самарқанд – рўйи замин сайқали. Бу кентнинг тарихи шарафли, бугунги сурурли. Ҳавоси тоза, ёқимли… Бу шаҳарда яшаган инсоннинг қалби ғурурга тўла бўлади. Самарқанд обидалари, Самарқанд қоғози, Самарқанд нони…Самарқандда ўрганишга арзигулик, ифтихор қилгулик жой, макон, нарса кўп. Минглаб сирлар яширин. Шунинг учун бу шаҳар инсонларни ташаббускор, ҳам ҳидоятли, ҳам саховатли қилиб қўяди.

4. Сизга тенгдош ижодкорлардан кимларнинг асарлари сизга ёқади.

– Тошкентда яшаб ижод қилаётган тенгдошлар жуда кўп. Ҳар қайсининг ўз йўли, ҳаракати бор. Аммо оз ва соз ёзадиган Нурилла Чори ва Анвар Суюн ижоди кўнглимга яқин.

5. Кўпчилик ижодкорлар Тошкентда яшаб ижод қилишди истайди, сизда ҳам шундай ният борми?

– Тошкент – ижодкор учун илҳом ва орзулар шаҳри. Алпинистлар Эверестни орзу қилса, ҳамма ёзарман Тошкентни ният қилади. Жумладан, мен ҳам. Аммо ҳали бу бахт менга насиб этмай турибди… Аммо изланишдаман. Биринчи китобим – «Ой ботмаган кечалар» номли ҳикоялар тўпламим раҳматлик устоз Ўткир Ҳошимов тавсияси ва «оқ йўл»и билан чоп этилган эди. Қисса ва ҳикоялардан иборат «Қанотсиз қушлар» китобим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан чоп этилган. Қисса ва ҳикоялардан иборат галдаги китобим – «Номус ва ҳаёт» ҳам «Насримиз умидлари» туркумида чоп этилмоқда. Самарқандда яшаётган бўлсам-да, қалбим, ўй-хаёлим Тошкентда. Пойтахтдаги устозларим ва дўстларимдан ҳамиша миннатдорман.

6.“Бекажон” газетасининг оммобоплиги сири нимада?

– «Бекажон» – оилавий газета. Бизга мактуб йўллайдиган муштарийлар «Бекажон»ни «самимий, дилкаш, сирдош, дардкаш газета» дейишади. Бу уларнинг эътирофи. Биз эса шунга лойиқ бўлишга интиламиз, холос.

7. Ҳозир қандай асар устида ишлаяпсиз?

– Мен энг ёқтирган, вужудимга титроқ соладиган мавзу – она. Онам меҳрига кўп тўймадим, онам хизматини кўп адо этолмадим. Онам… десам кўзларимга ёш келади. Шундан бўлса керак шу мавзуда бир қисса ният қилганман…

Суҳбатдош Ўролбой Қобил

Холиёр САФАРОВ
ТЎТИ МОМО
07

–Ичингга ўт тушкурнинг ичи тўлиб кетган экан! Инкубатир бўл-а, инкубатир!

– Нима гап, Тўти? Тинчликми? – ҳозиргина бомдодни ўқиб, ташқарилаётган Очил бобо кўча эшигини қарсиллатиб ёпиб кирган хотинининг авзойи бузуқлиги, лопиллаб келишини кўриб, нима бўлганлигини тушунди-ю, чўққи соқолини тутамлаганича остонада тек туриб қолди. – Нега дарров қайтдинг?

– Ай-й! – қўл силкиди Тўти момо. Келиб эшик қаршисидаги чорпояга ҳансираб ўтир¬ди-да, узун этагини қайириб, пешонасидаги терни артди. – Ичи тўлиб кетган экан бунинг. Яна болам пақирнинг юзини шувит қилди…

– Ҳей, мунча ит қувгандай ҳан¬сирайсан? Умри билан берган бўл¬син! Ўзи яхшими? – деди бобо ўпкасини босолмай ўтирган хотинининг ёнига келиб.

– Э, балодай! – деди момо бошини силкиб. – Кечаси соат учларда кўзи ёриди. Дарди аччиқлигиданам билувдим ўзи…

Тўти момо ўтиролмади. Ҳали тонг отмай, қуёш қиздирмасдан пешонасида реза-реза тер оқиши, ичида бир исён кўтарилиб келаётганидан дарак бериб турарди. Момо шарт кетига бурилди ва чорпоя ёнида отаси борлиги учун жойидан туролмай, кўрпани бошигача ўраб ётган бўй қизининг кўрпасини тортиб юборди.

– Тур-е! Индамаса, чошгоҳгача ётасан ҳамманг! Бор, сигирни соғиб кел. Кейин аканг подага қўшиб келади.

Уйғоқ бўлса-да, бош томонида отаси борлиги учун туришга ийманиб ётган қиз кўрпа тортилиши билан бошини кўтарди-ю, сапчиб ўрнидан тураркан, хижолатда ўлар бўлди. Онасига қараб, «Эна-а?» деди-да, қатланиб қолган кўйлаги этагини ёза-ёза ошхонага югуриб кетди. Шу пайт отаси бомдодга таҳорат олиш учун чиққан маҳал майкачан югуриб кетган кенжа ўғли кўча эшигидан «Бир, икки! Бир-икки!» деб қўлларини орқага-олдинга айлантирганича кириб келди.

У боксчи бўлмоқчи. Кечқурун бир, эрталаб бир машқ қилади. Майкачан бўлиб, ҳув гузардаги магазингача беш-олти марта югуриб келади-да, оғил ёнидаги қайрағоч шохига қум солиб осилган қопни муштлайди. Икки қўлини ерга тираб, эллик-олтмиш мартадан ётиб-туради. Кейин штангаси – арматурага «кийдирилган» темир-терсакларни саккиз-ўн мартагача кўтаради. Яна осиғлиқ қоп билан бокс тушади. Турникка тортинади. Йигирма-ўттиз марта. Сўнг онасининг қистови билан подани қўшиб келгач, санаб тўрт дона тухумни қайнаттириб ейди ва мактабига кетади.

У ҳар кунгидек салом билан қайрағоч тагига ўтаётганди, тутақиб турган онасининг жаҳлига «илинди».

– Ҳай, шошма, – деди Тўти момо (айтганча, Очил бобо, Тўти момо деяпман-у, улар ҳали пайғамбар ёшига ҳам етганлари йўқ, аммо олтмишни қоралаб қолишди. Ота-бобоси удумини қилиб, эр соқол қўйган, хотин бошига катта оқ рўмол ёпган) чорпояга суянганича. – Болам, қўй шу «бир икки, бир икки»нгни. Менга қара, вақти келса, эр етиб, уйланасан. Лекин Тайсинжон, билиб қўйгин, ким бўсанг ҳам, боксчи бўласанми, бошқами, хотининг ўғил туғмас экан, отинг чиқсаям, зотинг чиқмайди!

– Менга нима дейсиз, эна? – деди ўғли онасининг гапига тушунмай. Сўнг бориб, мешни муштлай кетди. Бир нафас машқ қилгач, тўхтади ва яна елкаларини ўйнатганича отасининг олдига келди.

– Энам нимага бундай деяпти?

– Суюнчи бер! – беихтиёр жилмайди ота.

Йигитча бирдан тушунди. Онасига юзланди.
– Эна, акамнинг нимаси бўпти?

Очил бобо пиқ этиб кулди.

– Қизи бўпти! – деди чорпоядаги жойни йиғиштиришга тушиб кетган момо бошини кўтариб. Сўнг олдига осилиб тушган рўмолини елкасига ташларкан, эрига жаврашдан наф йўқлиги учун дардини ўғлига тўка кетди. – Болам, шунинг учун азондан ўзимни қўярга жой топмай турибман-да. Бўлмаса, шу кўрпа-ёстиқ йиғиш менинг ишимми? Янганг гумбурлатиб ўғил туғиб, мен олдида ўтирмайманми? Оғзига новвот солиб, неварамнинг пойига исириқ тутатмайманми? Ҳей, дунёси қурсин. Яна қиз. Инкубатир, бу келин, инкубатир!

Йигитча онасининг жаврашидан ҳеч нарса тушунмади. Англагани, янгаси яна қиз туққан…

– Нима бўпти, ҳайла, Шоди писмиқнингам бешта қизи бор. Чиройли, чиройли.

У Шоди аканинг қизлари сулувлиги, шуларнинг каттасини яхши кўришига ишора қилганди, Тўти момо ўғлининг гапидан ижирғанди.

– Бор, сен гўрингни тушунармидинг. Кеп-кеп сенга гапириб ўтирибман-а? Отанг-ку эшитишни хоҳламайди. Билгани шу, «Худо беради, Худо беради!» А, Худоям белида кучи борга ўғил беради-да.

Очил бобо беозор кулди.

– Ай, бўлди қил-е, энағар. Оғзим бор деб ҳар нарсани гапираверасанми? Ҳамсоя-қулоқдан уялмайсанми? Ундан кўра, бор, келиндан хабар ол. Олдида ўтир. Атала-патала қайнатиб бер. Чарос лочира ёпсин. Ана, ошхонада бир кади тухум йиғиб қўйибсан, оборгин-да, қовуриб бер.

– Тухум егунча, тошни есин! – зарда қилди Тўти момо. – Обормайман! Аталасиниям ўзи қилсин, лочирасиниям! Унга қиз туғ дебманми? Шуни деб болам бечоранинг юзи шувит. Сиз бўлсангиз, «Кўп вайсама, Худо беради», дейсиз. Бир куни телевизордан берди, қизларнинг футбол командаси бор экан. Нима, улингизам қизларини йиғиб, футбол команда тузадими? Мана, – бош бармоғини икки бармоқ орасидан чиқариб, ҳавога кўтарди, – изини қуритаман!

– Оғзингни ёп-е! – Очил бобо шундай дея чорпоядан ёстиқ олиб, хотинининг юзига отди. – Иккинчи марта шу гапингни эшитсам, ўзингни қуритаман!

Момо миқ этолмай қолди. Очил бобо шунда том оша оқарибгина келаётган тонгга қаради. Тўти рост гапираяпти. Келини тўртинчи фарзандини ҳам қиз туққанда қаттиқ ўксиганди. Ўғлини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Гўё ҳаммасига ўзи айбдордек. Жағи жағига тегмай арзи-дод қилаётган онасининг кўзига қаролмай қолганди.

– Эна, нима дейсиз, Худонинг бергани-да… – деганди охири.

Келин қасам ичган: «Ўнта туғсам ҳам, барибир битта ўғил туғаман!»

Ҳамма умид шундан, кейингисидан эди. Бу гал ҳам ярим кеча ўғли ҳаллослаб келиб, «Эна, келинингизди мазаси бўлмаяпти» деб олиб кетганди. Ҳе туманга бориб, текширтириш қаёқда, болаларнинг бир жойи оғриса, барига шу Тўти балогардон. Табиб ҳам, дўхтир ҳам ўзи. Унга, раҳматлик онаси шундай қиларди. Анъана. Энди Тўти. Олдинги уч қизга ҳам ўзи доялик қилди. Оқибатли хотин, қарғаса ҳам, қовоғини уйса ҳам, киндигини ўзи кесди, ўзи бешикка солди. Қўни-қўшниларга сочқи берди. То чилласи чиққунча ёнидан бир қадам жилмаган эди. Аммо уйга келган куни, «Буваси, келинингиз яна қиз туғса, мени талоқ қўйинг, лекин бориб қарамайман! Ҳайла, оғзини кўпиртиришни билади, энаси қарасин!» деганди. Қайсар хотин. Аммо тўртинчисида ҳам борди, мана, бешинчисининг ҳам бошида ўзи турди, лекин ўтган галгидек тўнини тескари қилиб қайтиб келди.

– Олдида ким бор? – сўради Очил бобо анчадан бери қўл урмаган иши, кўрпа-ёстиқни йиғиб, уйга киритаётган хотинидан.

– Энаси! Улжонингиз бўзчининг мокисидек бўлиб чақириб келувди, – деди кўрпача кўтариб кетаётган жойи, бўсағада таққа тўхтаб. – Қарасин-да! Мен айтганман. Кўнгли кўнглидан қолсин, қўрқадиган жойим йўқ!

– Бемаъни гапирма! Қизингни жўнат, нон-пон қилиб берсин. Кир-пири бордир…

– Ҳеч қаерга бормайди! Чойини қайнатсин. – Тўти момо шундай дея ичкарига кириб кетди.

Бобо сигирни соғиб келиб, энди ўчоққа чой осган қизини чақирди.

– Чарос! Қизим, сен бориб, янгангга ёрдам бергин. Чақалоқ қипти.

– Вой? Қачон? – қиз ҳали бу хушхабардан бехабар экан шекилли, югуриб келиб, отанинг оғзига қаради.

– Бугун.
– Нима бўпти?
– Қиз.

– Ҳа… – кейин кўз ости билан ҳозиргина онаси кириб кетган уйга қаради. – Шунга экан-да.

– Ҳа. Сен бор, ёрдам бер.

– Хўп. Отини нима қўяйкан? – беихтиёр қизиқди қиз.
– Кўп гапирмагин-да, тез бор.

– Майли, майли, – қиз шундай дея чопқиллаб кўча эшиги томон юрганди, ичкаридан онаси чиқиб қолди.

– Ҳув, қаёққа?

Қиз эшиккача бормай таққа тўхтади. Ўрнига ота жавоб берди.

– Рашитникига! Келинга қарашсин. Қуда момомам яримжон хотин. Нима, эна-болани майиб қиласанми энди?

– Бормайди! – ўшқирди момо. – Ҳай, изингга қайт!

Қиз отасига қаради.

– Бор, боравер, – деди Очил бобо. Сўнг хотинига юзланди: – Эсинг жойидами? Қандай бугун енгиллашган келин уй ишига бўлади?

– Ўғил туққанда ҳаммасини ўзим қилайдим! – момо ҳовуридан тушолмасди. – Керак бўлса, сигириниям соғиб, хамириниям қилиб берайдим!

– Эй, Худонинг қаҳрини келтирма! Бор, чойингга ўзинг қара! – Очил бобо шундай деди ва кўча эшиги олдида тош қотган қизига «Кетавер» деган ишора қилди.

Қизи чиқиб кетгач, Тўти момо шанғиллаб ошхонага кирди. Қизи соғиб келган сутни қозонга солди. Дастурхонга уннади. Унгача Очил бобо подани қўшиб келган ўғлини ёнига чақириб, нариги қишлоққа тушган икки қизи ва пахталик ердан берилган янги участкада яшовчи катта ўғлига суюнчига юборди.

– Янгамнинг қизи бўпти, де!

Эрининг қувончи, хотиржамлигини кўриб, Тўти момонинг яна қони қайнади. Апил-тапил қозондаги сутни товоққа бўшатди-да, иддао билан чой дамлаб келди.

– Келинларингиз қиз туғса, хурсанд бўласиз. Яна тарафини олиб, юзимга ёстиқ биланам уришдан тоймайсиз. Ўзингиз ичаверинг! – дея ҳар кунгидек чойни пешлаб, эрига пиёла тутиш, ёнгинасида ўтириш ўрнига уйга қараб юрди.

– Бу ёққа кел!

– Йўқ! – Тўти момо ёш қиздек бош ирғаганича араз билан уйга кириб кетди.

– Ҳиҳ… – Очил бобо чорпояда ёлғиз ўтириб, чой ичди. Шарт туриб, ўғлиникига кетмоқчи ҳам бўлди-ю, «Ҳозир улар чиллалик. Ўзлари билан ўзлари. Бир-икки кун ўтсин» деди.

Бобо чойни ичиб бўлганда қуёш бир терак бўйи кўтарилиб, чорпояга уйнинг сояси тушиб турарди. Соя-салқин. Пастқамгина ҳовли сатҳини ялаб ўтган майин шабада юзга урилиб, кўнгилга ҳузур бағишлайди. Очил бобо ёнбошлаб ўғли ҳақида ўйлади. Беш қиз.

– Илойим болаларининг бахтини кўрсин. Ҳали ёш, насиб бўлса, ҳадемай юзи ёруғ бўлади. Биз ҳам уч йил фарзанд кутганмиз… Тағин, оралари ҳам тўрт-беш йилдан.

Шу пайт кўча эшигидан чопиб кирган кенжаси ёнига келиб ўтирди-ю, хаёли чалғиди.

– Ота, мана, суюнчи опкелдим! – деди у чўнтагидан тўрт-бешта ғижимланган пул чиқариб.

– Яша, – деди ота. – Энди чойингни ич-да, мактабингга бор. Пул ўзингга. Ширинлик олиб егин.

Йигитча ғижимланган пулни тахлаб чўнтагига тиқди-ю, ошхонага кирди. Унга тухум қайнатилмаган экан, кади ичидан тўртта тухум олди-ю, икки томонидан гугурт чўп билан тешиб, хомлигича ичиб юборди. Уйга кириб кийимларини алмаштириб чиқаётганди, даҳлизда ўтирган онасини кўриб қолди.

– Ҳа, эна, – деди. – Тухумам қайнатиб қўймабсизлар-а?

Тўти момо жавоб бермади. Ўтираверди. Ўғил ҳеч нарсага тушунмай аста чиқиб кетди.

– Чой ичмайсанми? – деди ота ўғлининг кетаётганини кўриб.

– Йўқ. Тухум ичдим.
– Ҳа, майли. Вақтлироқ ке.

Шундан кейин Очил бобо ёнбошлаб ётган кўйи уйга қараб овоз берди.

– Тўти? Ҳей, бу ёққа ке!

Ичкаридан садо чиқмади.

– Нима бало, ухлаб қолдингми? Ё келиним қиз туғди, деб ўзингни осдингми?

Яна жавоб бўлмади. Очил бобо билди: хотини хафа бўлиб ўтирибди. Вақтида, шу келинни олишда ҳам у оёқ тираб, қарши бўлган. «Керак эмас, энаси қаторасига бешта қиз туққан! Буям шунга тортади. Кейин жуда майда қиз. Менга гурсиллаган келин керак!» Аммо ўғли иккисининг хоҳишига қарши чиқолмаганди. Бояқиш ҳақ экан. Келин онасига тортди. Бобонинг ҳам ичидан қиринди ўтса-да, сездирмади. Худога солди.

– Тирноққа зорлар қанча. Насиб бўлса беради. Буниси бўлмаса, униси…

Орадан яна беш-ўн дақиқа ўтгач, ичкаридан Тўти момо чиқди ва хўмрайиб келиб, чорпояга ўтирди.

– Ҳе, сенга нима бўлди? – деди Очил бобо. – Осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбор, лекин Оллонинг иродасига қарши чиқма! Ўзинг тортган азоблар ёдингдан чиқдими?

Тўти момо эрига бир қараб қўйди-да, дастурхон четига бостирилган чойнакни олиб, ошхона томонга юрди. Кетаётиб:

– Сиз қачон элга дастурхон ёзиб, невара тўй қиласиз? Шуниям ҳеч ўйлайсизми? – деди зорланиб.
Очил бобони ток ургандек бўлиб, мияси шанғиллаб кетди. Бу гап «Сиз қанақа эркаксиз ўзи?» дегандек оғир ботди.

– Бу ёққа ке! – деди ўдағайлаб, аммо хотини унамади. Эшитмагандек бўлиб, ўчоқдан чой дамлаб келди ва чорпояга ўтирди.

– Келиним ўғил туғди, деб қўни-қўшниларга чачала беришимни, сиз чойхонага чиқиб, бир ош буюртиришни, «Ҳақберди бува» бўлишни хоҳламайсизми? – деди бир пайтлар кулча юзига ярашиб турувчи кулгичларини ўйнатиб. Сўнгра эрига шундай илтижоли қарадики, шундагина Очил бобо унинг йиғлаётганини билди ва сурилиб, ёнига ўтирди.

– Кампир,– деди елкасига қўлини қўйиб,– сен билан мен нимани хоҳласак, ўшандай бўлавермайди. Ниятингни бутун қил. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Тўйлар қиламиз. Вечерда невараларингни кўтариб, ўйнайсан, ўзим тўйи бошида бўламан. Ҳаммаям сендай бир хил, оқ-қора қилиб туғолмайди.

Тўти момо эри унинг доим бир ўғил кетидан, бир қиз туққанлигига шаъма қилаётганлигидан чеҳраси ёришгандек бўлди.

– Биттагина ўғли бўсайди…

– Бўлади, насиб бўлса, – бош ирғади Очил бобо. – Мен бир нарсани ўйладим. Шу қизга «Ўғилой» деб от қўйсак. Зора, кейингиси…

– Нима қилсангиз қилаверинг, мен аралашмайман, – деди Тўти момо ёноғига думалаб тушган икки томчи ёшни енги билан артиб.

– Шунақами? – Очил бобо жойидан туриб кетди. – Феълинг қурсин сени!

Бобо хотинига бошқа гапирмади. Уч кун ўтиб, ўғлиникига борди-да, чақалоқнинг қулоғига азон айтиб, «Ўғилой» деб исм қўйди.

Шу кундан қайнона келинникига, келин қайнона уйда куни қайнотасининг олдига бормас бўлди. Ҳар иккисининг дарди ичида бўлди.

Ҳар иккиси яшириб-яшириб йиғлар, Худодан ўғил сўрар бўлди.

Ҳар иккиси умидвор бўлди. Ўзлари истамаган ҳолда бир-бирига душман бўлди, аммо бир-бирларини отмади, бир-бирларини лаънатламади. Гўдак икки ойлик бўлганида иситмаси кўтарилиб кетиб, бутун оила оёққа турди. Шунда Тўти момо уч кун неварасининг бошида йиғлаб ўтирди. Гина-кудуратларни унутиб юборди, аммо келинга қовоғини очмади. Бола тузалиши билан уйига келиб олди. Худодан юзлари ёруғ бўлишини сўради…

Шундай кунлар кетидан ойлар келиб, кўз очиб юмгунча орадан икки йил ўтиб кетди.

* * *

Қишнинг илк кунлари эди. Биринчи қор заҳри ердан кетмай туриб, яна қор ёққан, ҳаво Тўти момонинг авзойидан ҳам бузуқ эди. Қибладан эсаётган изғирин том бошидаги қорларни совуриб, орқа томонга уйиб ташлаётганди. Кечки маҳал. Уйлар совуқлигидан ҳамма бир хонага йиғилиб, кечки овқатни еб ўтиришганди. Бир пайт ҳаллослаб Рашид кириб келди.

– Эна, бормасангиз бўлмайди! Келинингизнинг мазаси йўқ! – деди салом беришни ҳам унутиб.

– Бормайман, энасини чақир! – Тўти момо чўрт кесди.

Очил бобо гап нимадалигини англаб, хотинига деди:

– Борасан! Сен туриб, энаси келадими?

– Ким келса келаверсин! – Тўти момо энди тамоман тескари қараб олди.

– Бормайсиз-а? – илтижоли, ҳам аламли қаради ўғли.
– Йўқ!

Рашид бошқа гапирмади, шарт кетига бурилиб, чиқиб кетди.

– Эркакнинг сазаси ўлгунча ҳўкизнинг бўйни узилсин, деган ота-буваларимиз. Бор, агар йўқ десанг ўзим бораман! – деди Очил бобо хотинига ўдағайлаб.

Тўти момо бир пас кўзлари билан ер чизиб, дастурхон четини қайириб ўтирди-да, ирғиб ўрнидан турди. Бошидаги катта рўмолини иягидан танғиб боғлади ва енгил нимча устидан эрининг оҳорли чопонини кийиб, кенжасига юзланди.

– Тайсинжон, мен билан юр…

Тўти момо ўғлининг қўлтиғидан тутганча қишлоқ итларини вовуллатиб, изғиринли тунда тошкўча охирига қараб кетди. У ердаги оппоқ қорни ғарч-ғурч босганча алланималар дея пичирлаб борар, аммо нима деётганини ўзидан бошқа ҳеч ким тушунмасди.

Очил бобо бомдодга турганди, кўча эшиги шарақлаб очилгани эшитилди ва дам ўтмай даҳлизга кенжаси ҳаллослаб кириб келди.

– Ота, ота? Суюнчи беринг! Суюнчи!

Очил бобо бирдан сезди.
– Ўғилми?

– Ҳа! Энам, «Бор, отангдан суюнчи ол!» деди.

– Нима берай? – отанинг чеҳраси ёришиб, кўз олдини қоплаган туман тарқаб кетгандек бўлди.

– Битта бокс қўлқоп билан меш олиб беринг. Мен барибир боксчи бўламан!

– Бўпти! Бугун физкультура маллиминга айт, менинг олдимга бир кеп кетсин.

– Майли, ота. – Йигитча ўзида йўқ хурсанд эди. Очил бобо эса ўзича…

Бобо бир ҳафта хотинини кутди. Дарак бўлмади, шунда чиллалик уйга ўзи борди. Уйга кирса, хотини ўн саккиз яшардек бўлиб, иссиқ печка олдида терлаб-пишиб хамир муштлаб турибди. Ток плитада тухум қовриляпти шекилли, ҳиди чиққан.

– А, ҳорма! – деди бобо кулиб.

– Бор бўнг! Ўғлим ҳақиқий ота бўлди, бир хабар олаям демайсиз-а? – деди кампир хамирли қўлларини кўтариб, шимарилган енги билан пешонасидаги терни артаркан. – Ўҳ, ўпкам пишиб кетди-е…

– Сенга нима зарил? Энаси қисин…

– Ҳо. Мен ҳали ўлганим йўқ! Ҳаммасига кучим етади! – Тўти момо шундай дея яна хамир қоришга тушди. – Ҳовлиқиб бирдан олдига кириб кетманг яна. Бир пас нафасингизни ростлаб олинг.

Очил бобо кўз ости билан хотинига қараб, жилмайди:

– Кампир, йилинг нима эди?
– Нима қиласиз?

– Сўрадим-қўйдим-да…
– Ўзиники-чи?

– Нимага сўраяпсан?

– Бир айтинг, – момонинг қувлиги тутди.
– Биласан-ку, адаш…

– Айтишга уяласиз-а, бобой? – Тўти момо яйраб кулди. – Айтганча, дарров уйга жўнаб қолманг, неварангизга от қўйиб кетасиз.

– Бирор нима деб чақираяпсизларми?

– Ҳа. Сардорбек! Лекин буваси қулоғига азон айтиб қўйгани яхши-да.

Очил бобо яна хотиржам жилмайди.

– Айтганча, бир ҳафтадан бери қорангни кўрмай¬ман…

– Неварамга қараяпман! Келинни жойидан турғиз¬ганим йўқ. Энасигаям жавоб бериб юбордим.

Очил бобо ҳансираб, чуқур-чуқур нафас олганча пешанасидаги реза-реза терни артаётган хотинига кўз остидан ўғринча нигоҳ ташлади.

– Ҳа-а, шунақа де…

Самарқанд

AgfaPhotoTabalalik yillarimda ham she’rdar yozardim. Ularning ko‘pi gazeta va jurnallarda chop etilgan, ammo kunlarning birida katta bir xiyonat voqeasiga guvoh bo‘ldim–u, qalbim larzaga tushdi. Ana shunda “Xiyonat” degan hikoya yozdim va o‘z–o‘zidan nasriy yo‘lning maftuniga aylandim. Shundan keyin deyarli she’r yozmadim…

AYRITOMDA TUG‘ILGAN, SAMARQANDDA
YASHAYDI, XAYOLI TOSHKЕNTDA BO‘LGAN ADIB
Yozuvchi Xoliyor Safarov bilan suhbat
07

1. Siz voyaga yetgan oila, qishloq (nega Ayritom deb atalgan?) sizni adabiyotga qiziqtirgan sabab va odamlar kimlar bo‘lgan?

– Men tug‘ilgan joy Chiroqchi tumaniningi eng chekkasida, tuman markazidan chamasi yetmish kilometr uzoqda, qir-adirlar orasida joylashgan Ayritom qishlog‘i. Qishloqning bunday nomlanishiga sabab, keksalarimizning aytishicha, tumandan uzoq va yaylov joy bo‘lgani uchun birinchi marta ko‘chib kelgan kishi bir chayla solganda, unga boshqalar “ayri tom”, “alohida uy” degan ma’noda qarashgan. Yildan–yilga bu yerlarda ham aholi ko‘payib, Ayritom qishloq nomiga aylanib ketgan emish.

Otam qishloq maktabida o‘qituvchi edi (Alloh rahmat qilsin). Avval matematikadan dars bergan, so‘ngra boshlang‘ich sinflar o‘qituvchisi bo‘lgan. Tabiiyki uyda kitob–daftar bo‘lgan. Onam uy bekasi edi (Alloh rahmat qilsin). Ammo ta’bi nozik, so‘zi keskir ayollardan edi. Momom – onamning onasi juda ko‘p doston o‘qigan kampir edi. Tog‘alarimga ham doston o‘qib berardi, ko‘p dostonni og‘zaki ham so‘zlab beraverardi. Onamning ona uyida olgan tarbiyasi bizning oilada ham hukm surardi. Onam ham doston eshitishni yaxshi ko‘rardi. Shuning uchun qish kunlari sandal atrofida opalarim yoki akalarimga doston o‘qitib, qolganlarning qo‘liga paxta berib qo‘yardi. Biz paxta chuvib, doston eshitardik. Ana shu muhit meni xalq og‘zaki ijodiga maftun qilib qo‘ygan. Akalarimning aytishicha, men uchinchi sinfda o‘qiyotgan vaqtimdan boshlab, kechqurunlari hammaga ertak o‘qib berishni boshlagan ekanman. Keyinchalik bu dostonlarga ham o‘tgan. Beshinchi sinf vaqtimda oiladagi asosiy doston o‘quvchi (ayniqsa qish tunlari) men bo‘lganman. Go‘ro‘g‘lini ham, uning qanday tug‘ilishi–yu, boshdan kechirganlarini, Avazxonni, uning xotini Og‘a Yunus va Misqol parilarni, o‘g‘illari Xasanxon bilan Xoldorxonni shu sandal atrofda taniganman. “Ravshan”, “Malika ayyor”ni, “Kuntug‘mish”, “Alpomish” kabi o‘nlab dostonni sandalda o‘qiganman. Qolaversa, mening ikki nafar tog‘am maktabda ona tili va adabiyotdan dars berardi. Kitobxonlikda, ertak–dostonlardan tashqari, nasriy asarlarni o‘qishimda ularning xizmati juda katta. Ammo men uchun bolalagim dostonlarsiz tasavvur qilinmaydi.

2 . Ilk o‘qigan kitobingiz va ilk ijodingiz haqida aytib bering?

– Ilk o‘qigan kitobim – “O‘zbek xalq ertaklari” va “Alpomish” dostoni.

Men ijodimni she’riyatdan boshlaganman. Maktabda o‘zim devoriy gazeta chiqarardim (balki hozirgi gazetadagi faoliyatimga ilk asos o‘shanda paydo bo‘lgandir). Maktabni bitirayotgan yillarimda tuman gazetasida she’rlarim e’lon qilinardi. O‘sha yili “Savob” degan kichik hikoya ham yozgandim.

3. Talabalik yillaringiz qanday kechdi, Samarqand shahri haqida nimalar deysiz?

– 2001-2005 yillarda Samarqand Davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetida o‘qidim. U dargohda Usmon Nosir, Sharof Rashidov, Omon Matjon, Hamid Olimjon, Ilhom Hasanlar kabi xalqimizning ardoqli ijodkorlari ham tahsil olishgan. Oliygohda akademik Botirxon Valixo‘jayev, Dilorom Salohiy, Hotam Umirov, Azmiddin Nosirov kabi fanimiz jonkuyararidan dars oldik. Tabalalik yillarimda ham she’rdar yozardim. Ularning ko‘pi “Samarqand universiteti”, “Yog‘du”, “Zarafshon”, “Turkiston” gazetalarida, “Muloqot” jurnalida chop etilgan, ammo kunlarning birida katta bir xiyonat voqeasiga guvoh bo‘ldim–u, qalbim larzaga tushdi. Ana shunda “Xiyonat” degan hikoya yozdim va o‘z–o‘zidan nasriy yo‘lning maftuniga aylandim. Shundan keyin deyarli she’r yozmadim… Yozganlarimni ham avvalgilariga qo‘shib, “Bosilmaydiganlar” papkasiga bosib qo‘yibman…

Samarqand – ro‘yi zamin sayqali. Bu kentning tarixi sharafli, bugungi sururli. Havosi toza, yoqimli… Bu shaharda yashagan insonning qalbi g‘ururga to‘la bo‘ladi. Samarqand obidalari, Samarqand qog‘ozi, Samarqand noni…Samarqandda o‘rganishga arzigulik, iftixor qilgulik joy, makon, narsa ko‘p. Minglab sirlar yashirin. Shuning uchun bu shahar insonlarni tashabbuskor, ham hidoyatli, ham saxovatli qilib qo‘yadi.

4. Sizga tengdosh ijodkorlardan kimlarning asarlari sizga yoqadi.

– Toshkentda yashab ijod qilayotgan tengdoshlar juda ko‘p. Har qaysining o‘z yo‘li, harakati bor. Ammo oz va soz yozadigan Nurilla Chori va Anvar Suyun ijodi ko‘nglimga yaqin.

5. Ko‘pchilik ijodkorlar Toshkentda yashab ijod qilishdi istaydi, sizda ham shunday niyat bormi?

image.jpg– Toshkent – ijodkor uchun ilhom va orzular shahri. Alpinistlar Everestni orzu qilsa, hamma yozarman Toshkentni niyat qiladi. Jumladan, men ham. Ammo hali bu baxt menga nasib etmay turibdi… Ammo izlanishdaman. Birinchi kitobim – “Oy botmagan kechalar” nomli hikoyalar to‘plamim rahmatlik ustoz O‘tkir Hoshimov tavsiyasi va “oq yo‘l”i bilan chop etilgan edi. Qissa va hikoyalardan iborat “Qanotsiz qushlar” kitobim O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tavsiyasi bilan chop etilgan. Qissa va hikoyalardan iborat galdagi kitobim – “Nomus va hayot” ham “Nasrimiz umidlari” turkumida chop etilmoqda. Samarqandda yashayotgan bo‘lsam-da, qalbim, o‘y-xayolim Toshkentda. Poytaxtdagi ustozlarim va do‘stlarimdan hamisha minnatdorman.

6.“Bekajon” gazetasining ommobopligi siri nimada?

– “Bekajon” – oilaviy gazeta. Bizga maktub yo‘llaydigan mushtariylar “Bekajon”ni “samimiy, dilkash, sirdosh, dardkash gazeta” deyishadi. Bu ularning e’tirofi. Biz esa shunga loyiq bo‘lishga intilamiz, xolos.

7. Hozir qanday asar ustida ishlayapsiz?

– Men eng yoqtirgan, vujudimga titroq soladigan mavzu – ona. Onam mehriga ko‘p to‘ymadim, onam xizmatini ko‘p ado etolmadim. Onam… desam ko‘zlarimga yosh keladi. Shundan bo‘lsa kerak shu mavzuda bir qissa niyat qilganman…

Suhbatdosh O‘rolboy Qobil

Xoliyor SAFAROV
TO‘TI MOMO
07

Xoliyor Safarov 1983 yilda Chiroqchi tumani Ayritom qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand davlat universiteti o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. Hikoya va qissalari “Sharq yulduzi, “Yoshlik, O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi” kabi jurnal va gazetalarda e’lon qilingan. ”Oy botmagan kechalar”, “Qanotsiz kushlar” nomli kitoblari chop etilgan.

07

zub42b.jpg–Ichingga o‘t tushkurning ichi to‘lib ketgan ekan! Inkubatir bo‘l-a, inkubatir!

– Nima gap, To‘ti? Tinchlikmi? – hozirgina bomdodni o‘qib, tashqarilayotgan Ochil bobo ko‘cha eshigini qarsillatib yopib kirgan xotinining avzoyi buzuqligi, lopillab kelishini ko‘rib, nima bo‘lganligini tushundi-yu, cho‘qqi soqolini tutamlaganicha ostonada tek turib qoldi. – Nega darrov qaytding?

– Ay-y! – qo‘l silkidi To‘ti momo. Kelib eshik qarshisidagi chorpoyaga hansirab o‘tir¬di-da, uzun etagini qayirib, peshonasidagi terni artdi. – Ichi to‘lib ketgan ekan buning. Yana bolam paqirning yuzini shuvit qildi…

– Hey, muncha it quvganday han¬siraysan? Umri bilan bergan bo‘l¬sin! O‘zi yaxshimi? – dedi bobo o‘pkasini bosolmay o‘tirgan xotinining yoniga kelib.

– E, baloday! – dedi momo boshini silkib. – Kechasi soat uchlarda ko‘zi yoridi. Dardi achchiqligidanam biluvdim o‘zi…

To‘ti momo o‘tirolmadi. Hali tong otmay, quyosh qizdirmasdan peshonasida reza-reza ter oqishi, ichida bir isyon ko‘tarilib kelayotganidan darak berib turardi. Momo shart ketiga burildi va chorpoya yonida otasi borligi uchun joyidan turolmay, ko‘rpani boshigacha o‘rab yotgan bo‘y qizining ko‘rpasini tortib yubordi.

– Tur-ye! Indamasa, choshgohgacha yotasan hammang! Bor, sigirni sog‘ib kel. Keyin akang podaga qo‘shib keladi.

Uyg‘oq bo‘lsa-da, bosh tomonida otasi borligi uchun turishga iymanib yotgan qiz ko‘rpa tortilishi bilan boshini ko‘tardi-yu, sapchib o‘rnidan turarkan, xijolatda o‘lar bo‘ldi. Onasiga qarab, “Ena-a?” dedi-da, qatlanib qolgan ko‘ylagi etagini yoza-yoza oshxonaga yugurib ketdi. Shu payt otasi bomdodga tahorat olish uchun chiqqan mahal maykachan yugurib ketgan kenja o‘g‘li ko‘cha eshigidan “Bir, ikki! Bir-ikki!” deb qo‘llarini orqaga-oldinga aylantirganicha kirib keldi.

U bokschi bo‘lmoqchi. Kechqurun bir, ertalab bir mashq qiladi. Maykachan bo‘lib, huv guzardagi magazingacha besh-olti marta yugurib keladi-da, og‘il yonidagi qayrag‘och shoxiga qum solib osilgan qopni mushtlaydi. Ikki qo‘lini yerga tirab, ellik-oltmish martadan yotib-turadi. Keyin shtangasi – armaturaga “kiydirilgan” temir-tersaklarni sakkiz-o‘n martagacha ko‘taradi. Yana osig‘liq qop bilan boks tushadi. Turnikka tortinadi. Yigirma-o‘ttiz marta. So‘ng onasining qistovi bilan podani qo‘shib kelgach, sanab to‘rt dona tuxumni qaynattirib yeydi va maktabiga ketadi.

U har kungidek salom bilan qayrag‘och tagiga o‘tayotgandi, tutaqib turgan onasining jahliga “ilindi”.

– Hay, shoshma, – dedi To‘ti momo (aytgancha, Ochil bobo, To‘ti momo deyapman-u, ular hali payg‘ambar yoshiga ham yetganlari yo‘q, ammo oltmishni qoralab qolishdi. Ota-bobosi udumini qilib, er soqol qo‘ygan, xotin boshiga katta oq ro‘mol yopgan) chorpoyaga suyanganicha. – Bolam, qo‘y shu “bir ikki, bir ikki”ngni. Menga qara, vaqti kelsa, er yetib, uylanasan. Lekin Taysinjon, bilib qo‘ygin, kim bo‘sang ham, bokschi bo‘lasanmi, boshqami, xotining o‘g‘il tug‘mas ekan, oting chiqsayam, zoting chiqmaydi!

– Menga nima deysiz, ena? – dedi o‘g‘li onasining gapiga tushunmay. So‘ng borib, meshni mushtlay ketdi. Bir nafas mashq qilgach, to‘xtadi va yana yelkalarini o‘ynatganicha otasining oldiga keldi.

– Enam nimaga bunday deyapti?

– Suyunchi ber! – beixtiyor jilmaydi ota.

Yigitcha birdan tushundi. Onasiga yuzlandi.
– Ena, akamning nimasi bo‘pti?

Ochil bobo piq etib kuldi.

– Qizi bo‘pti! – dedi chorpoyadagi joyni yig‘ishtirishga tushib ketgan momo boshini ko‘tarib. So‘ng oldiga osilib tushgan ro‘molini yelkasiga tashlarkan, eriga javrashdan naf yo‘qligi uchun dardini o‘g‘liga to‘ka ketdi. – Bolam, shuning uchun azondan o‘zimni qo‘yarga joy topmay turibman-da. Bo‘lmasa, shu ko‘rpa-yostiq yig‘ish mening ishimmi? Yangang gumburlatib o‘g‘il tug‘ib, men oldida o‘tirmaymanmi? Og‘ziga novvot solib, nevaramning poyiga isiriq tutatmaymanmi? Hey, dunyosi qursin. Yana qiz. Inkubatir, bu kelin, inkubatir!

Yigitcha onasining javrashidan hech narsa tushunmadi. Anglagani, yangasi yana qiz tuqqan…

– Nima bo‘pti, hayla, Shodi pismiqningam beshta qizi bor. Chiroyli, chiroyli.

U Shodi akaning qizlari suluvligi, shularning kattasini yaxshi ko‘rishiga ishora qilgandi, To‘ti momo o‘g‘lining gapidan ijirg‘andi.

– Bor, sen go‘ringni tushunarmiding. Kep-kep senga gapirib o‘tiribman-a? Otang-ku eshitishni xohlamaydi. Bilgani shu, “Xudo beradi, Xudo beradi!” A, Xudoyam belida kuchi borga o‘g‘il beradi-da.

Ochil bobo beozor kuldi.

– Ay, bo‘ldi qil-ye, enag‘ar. Og‘zim bor deb har narsani gapiraverasanmi? Hamsoya-quloqdan uyalmaysanmi? Undan ko‘ra, bor, kelindan xabar ol. Oldida o‘tir. Atala-patala qaynatib ber. Charos lochira yopsin. Ana, oshxonada bir kadi tuxum yig‘ib qo‘yibsan, oborgin-da, qovurib ber.

– Tuxum yeguncha, toshni yesin! – zarda qildi To‘ti momo. – Obormayman! Atalasiniyam o‘zi qilsin, lochirasiniyam! Unga qiz tug‘ debmanmi? Shuni deb bolam bechoraning yuzi shuvit. Siz bo‘lsangiz, “Ko‘p vaysama, Xudo beradi”, deysiz. Bir kuni televizordan berdi, qizlarning futbol komandasi bor ekan. Nima, ulingizam qizlarini yig‘ib, futbol komanda tuzadimi? Mana, – bosh barmog‘ini ikki barmoq orasidan chiqarib, havoga ko‘tardi, – izini quritaman!

– Og‘zingni yop-ye! – Ochil bobo shunday deya chorpoyadan yostiq olib, xotinining yuziga otdi. – Ikkinchi marta shu gapingni eshitsam, o‘zingni quritaman!

Momo miq etolmay qoldi. Ochil bobo shunda tom osha oqaribgina kelayotgan tongga qaradi. To‘ti rost gapirayapti. Kelini to‘rtinchi farzandini ham qiz tuqqanda qattiq o‘ksigandi. O‘g‘lini-ku, aytmasa ham bo‘ladi. Go‘yo hammasiga o‘zi aybdordek. Jag‘i jag‘iga tegmay arzi-dod qilayotgan onasining ko‘ziga qarolmay qolgandi.

– Ena, nima deysiz, Xudoning bergani-da… – degandi oxiri.

Kelin qasam ichgan: “O‘nta tug‘sam ham, baribir bitta o‘g‘il tug‘aman!”

Hamma umid shundan, keyingisidan edi. Bu gal ham yarim kecha o‘g‘li halloslab kelib, “Ena, keliningizdi mazasi bo‘lmayapti” deb olib ketgandi. He tumanga borib, tekshirtirish qayoqda, bolalarning bir joyi og‘risa, bariga shu To‘ti balogardon. Tabib ham, do‘xtir ham o‘zi. Unga, rahmatlik onasi shunday qilardi. An’ana. Endi To‘ti. Oldingi uch qizga ham o‘zi doyalik qildi. Oqibatli xotin, qarg‘asa ham, qovog‘ini uysa ham, kindigini o‘zi kesdi, o‘zi beshikka soldi. Qo‘ni-qo‘shnilarga sochqi berdi. To chillasi chiqquncha yonidan bir qadam jilmagan edi. Ammo uyga kelgan kuni, “Buvasi, keliningiz yana qiz tug‘sa, meni taloq qo‘ying, lekin borib qaramayman! Hayla, og‘zini ko‘pirtirishni biladi, enasi qarasin!” degandi. Qaysar xotin. Ammo to‘rtinchisida ham bordi, mana, beshinchisining ham boshida o‘zi turdi, lekin o‘tgan galgidek to‘nini teskari qilib qaytib keldi.

– Oldida kim bor? – so‘radi Ochil bobo anchadan beri qo‘l urmagan ishi, ko‘rpa-yostiqni yig‘ib, uyga kiritayotgan xotinidan.

– Enasi! Uljoningiz bo‘zchining mokisidek bo‘lib chaqirib keluvdi, – dedi ko‘rpacha ko‘tarib ketayotgan joyi, bo‘sag‘ada taqqa to‘xtab. – Qarasin-da! Men aytganman. Ko‘ngli ko‘nglidan qolsin, qo‘rqadigan joyim yo‘q!

– Bema’ni gapirma! Qizingni jo‘nat, non-pon qilib bersin. Kir-piri bordir…

– Hech qayerga bormaydi! Choyini qaynatsin. – To‘ti momo shunday deya ichkariga kirib ketdi.

Bobo sigirni sog‘ib kelib, endi o‘choqqa choy osgan qizini chaqirdi.

– Charos! Qizim, sen borib, yangangga yordam bergin. Chaqaloq qipti.

– Voy? Qachon? – qiz hali bu xushxabardan bexabar ekan shekilli, yugurib kelib, otaning og‘ziga qaradi.

– Bugun.
– Nima bo‘pti?
– Qiz.

– Ha… – keyin ko‘z osti bilan hozirgina onasi kirib ketgan uyga qaradi. – Shunga ekan-da.

– Ha. Sen bor, yordam ber.

– Xo‘p. Otini nima qo‘yaykan? – beixtiyor qiziqdi qiz.
– Ko‘p gapirmagin-da, tez bor.

– Mayli, mayli, – qiz shunday deya chopqillab ko‘cha eshigi tomon yurgandi, ichkaridan onasi chiqib qoldi.

– Huv, qayoqqa?

Qiz eshikkacha bormay taqqa to‘xtadi. O‘rniga ota javob berdi.

– Rashitnikiga! Kelinga qarashsin. Quda momomam yarimjon xotin. Nima, ena-bolani mayib qilasanmi endi?

– Bormaydi! – o‘shqirdi momo. – Hay, izingga qayt!

Qiz otasiga qaradi.

– Bor, boraver, – dedi Ochil bobo. So‘ng xotiniga yuzlandi: – Esing joyidami? Qanday bugun yengillashgan kelin uy ishiga bo‘ladi?

– O‘g‘il tuqqanda hammasini o‘zim qilaydim! – momo hovuridan tusholmasdi. – Kerak bo‘lsa, sigiriniyam sog‘ib, xamiriniyam qilib beraydim!

– Ey, Xudoning qahrini keltirma! Bor, choyingga o‘zing qara! – Ochil bobo shunday dedi va ko‘cha eshigi oldida tosh qotgan qiziga “Ketaver” degan ishora qildi.

Qizi chiqib ketgach, To‘ti momo shang‘illab oshxonaga kirdi. Qizi sog‘ib kelgan sutni qozonga soldi. Dasturxonga unnadi. Ungacha Ochil bobo podani qo‘shib kelgan o‘g‘lini yoniga chaqirib, narigi qishloqqa tushgan ikki qizi va paxtalik yerdan berilgan yangi uchastkada yashovchi katta o‘g‘liga suyunchiga yubordi.

– Yangamning qizi bo‘pti, de!

Erining quvonchi, xotirjamligini ko‘rib, To‘ti momoning yana qoni qaynadi. Apil-tapil qozondagi sutni tovoqqa bo‘shatdi-da, iddao bilan choy damlab keldi.

– Kelinlaringiz qiz tug‘sa, xursand bo‘lasiz. Yana tarafini olib, yuzimga yostiq bilanam urishdan toymaysiz. O‘zingiz ichavering! – deya har kungidek choyni peshlab, eriga piyola tutish, yonginasida o‘tirish o‘rniga uyga qarab yurdi.

– Bu yoqqa kel!

– Yo‘q! – To‘ti momo yosh qizdek bosh irg‘aganicha araz bilan uyga kirib ketdi.

– Hih… – Ochil bobo chorpoyada yolg‘iz o‘tirib, choy ichdi. Shart turib, o‘g‘linikiga ketmoqchi ham bo‘ldi-yu, “Hozir ular chillalik. O‘zlari bilan o‘zlari. Bir-ikki kun o‘tsin” dedi.

Bobo choyni ichib bo‘lganda quyosh bir terak bo‘yi ko‘tarilib, chorpoyaga uyning soyasi tushib turardi. Soya-salqin. Pastqamgina hovli sathini yalab o‘tgan mayin shabada yuzga urilib, ko‘ngilga huzur bag‘ishlaydi. Ochil bobo yonboshlab o‘g‘li haqida o‘yladi. Besh qiz.

– Iloyim bolalarining baxtini ko‘rsin. Hali yosh, nasib bo‘lsa, hademay yuzi yorug‘ bo‘ladi. Biz ham uch yil farzand kutganmiz… Tag‘in, oralari ham to‘rt-besh yildan.

Shu payt ko‘cha eshigidan chopib kirgan kenjasi yoniga kelib o‘tirdi-yu, xayoli chalg‘idi.

– Ota, mana, suyunchi opkeldim! – dedi u cho‘ntagidan to‘rt-beshta g‘ijimlangan pul chiqarib.

– Yasha, – dedi ota. – Endi choyingni ich-da, maktabingga bor. Pul o‘zingga. Shirinlik olib yegin.

Yigitcha g‘ijimlangan pulni taxlab cho‘ntagiga tiqdi-yu, oshxonaga kirdi. Unga tuxum qaynatilmagan ekan, kadi ichidan to‘rtta tuxum oldi-yu, ikki tomonidan gugurt cho‘p bilan teshib, xomligicha ichib yubordi. Uyga kirib kiyimlarini almashtirib chiqayotgandi, dahlizda o‘tirgan onasini ko‘rib qoldi.

– Ha, ena, – dedi. – Tuxumam qaynatib qo‘ymabsizlar-a?

To‘ti momo javob bermadi. O‘tiraverdi. O‘g‘il hech narsaga tushunmay asta chiqib ketdi.

– Choy ichmaysanmi? – dedi ota o‘g‘lining ketayotganini ko‘rib.

– Yo‘q. Tuxum ichdim.
– Ha, mayli. Vaqtliroq ke.

Shundan keyin Ochil bobo yonboshlab yotgan ko‘yi uyga qarab ovoz berdi.

– To‘ti? Hey, bu yoqqa ke!

Ichkaridan sado chiqmadi.

– Nima balo, uxlab qoldingmi? Yo kelinim qiz tug‘di, deb o‘zingni osdingmi?

Yana javob bo‘lmadi. Ochil bobo bildi: xotini xafa bo‘lib o‘tiribdi. Vaqtida, shu kelinni olishda ham u oyoq tirab, qarshi bo‘lgan. “Kerak emas, enasi qatorasiga beshta qiz tuqqan! Buyam shunga tortadi. Keyin juda mayda qiz. Menga gursillagan kelin kerak!” Ammo o‘g‘li ikkisining xohishiga qarshi chiqolmagandi. Boyaqish haq ekan. Kelin onasiga tortdi. Boboning ham ichidan qirindi o‘tsa-da, sezdirmadi. Xudoga soldi.

– Tirnoqqa zorlar qancha. Nasib bo‘lsa beradi. Bunisi bo‘lmasa, unisi…

Oradan yana besh-o‘n daqiqa o‘tgach, ichkaridan To‘ti momo chiqdi va xo‘mrayib kelib, chorpoyaga o‘tirdi.

– He, senga nima bo‘ldi? – dedi Ochil bobo. – Osmon qo‘lingda bo‘lsa, tashlab yubor, lekin Olloning irodasiga qarshi chiqma! O‘zing tortgan azoblar yodingdan chiqdimi?

To‘ti momo eriga bir qarab qo‘ydi-da, dasturxon chetiga bostirilgan choynakni olib, oshxona tomonga yurdi. Ketayotib:

– Siz qachon elga dasturxon yozib, nevara to‘y qilasiz? Shuniyam hech o‘ylaysizmi? – dedi zorlanib.
Ochil boboni tok urgandek bo‘lib, miyasi shang‘illab ketdi. Bu gap “Siz qanaqa erkaksiz o‘zi?” degandek og‘ir botdi.

– Bu yoqqa ke! – dedi o‘dag‘aylab, ammo xotini unamadi. Eshitmagandek bo‘lib, o‘choqdan choy damlab keldi va chorpoyaga o‘tirdi.

– Kelinim o‘g‘il tug‘di, deb qo‘ni-qo‘shnilarga chachala berishimni, siz choyxonaga chiqib, bir osh buyurtirishni, “Haqberdi buva” bo‘lishni xohlamaysizmi? – dedi bir paytlar kulcha yuziga yarashib turuvchi kulgichlarini o‘ynatib. So‘ngra eriga shunday iltijoli qaradiki, shundagina Ochil bobo uning yig‘layotganini bildi va surilib, yoniga o‘tirdi.

– Kampir,– dedi yelkasiga qo‘lini qo‘yib,– sen bilan men nimani xohlasak, o‘shanday bo‘lavermaydi. Niyatingni butun qil. Hali hammasi yaxshi bo‘ladi. To‘ylar qilamiz. Vecherda nevaralaringni ko‘tarib, o‘ynaysan, o‘zim to‘yi boshida bo‘laman. Hammayam senday bir xil, oq-qora qilib tug‘olmaydi.

To‘ti momo eri uning doim bir o‘g‘il ketidan, bir qiz tuqqanligiga sha’ma qilayotganligidan chehrasi yorishgandek bo‘ldi.

– Bittagina o‘g‘li bo‘saydi…

– Bo‘ladi, nasib bo‘lsa, – bosh irg‘adi Ochil bobo. – Men bir narsani o‘yladim. Shu qizga “O‘g‘iloy” deb ot qo‘ysak. Zora, keyingisi…

– Nima qilsangiz qilavering, men aralashmayman, – dedi To‘ti momo yonog‘iga dumalab tushgan ikki tomchi yoshni yengi bilan artib.

– Shunaqami? – Ochil bobo joyidan turib ketdi. – Fe’ling qursin seni!

Bobo xotiniga boshqa gapirmadi. Uch kun o‘tib, o‘g‘linikiga bordi-da, chaqaloqning qulog‘iga azon aytib, “O‘g‘iloy” deb ism qo‘ydi.

Shu kundan qaynona kelinnikiga, kelin qaynona uyda kuni qaynotasining oldiga bormas bo‘ldi. Har ikkisining dardi ichida bo‘ldi.

Har ikkisi yashirib-yashirib yig‘lar, Xudodan o‘g‘il so‘rar bo‘ldi.

Har ikkisi umidvor bo‘ldi. O‘zlari istamagan holda bir-biriga dushman bo‘ldi, ammo bir-birlarini otmadi, bir-birlarini la’natlamadi. Go‘dak ikki oylik bo‘lganida isitmasi ko‘tarilib ketib, butun oila oyoqqa turdi. Shunda To‘ti momo uch kun nevarasining boshida yig‘lab o‘tirdi. Gina-kuduratlarni unutib yubordi, ammo kelinga qovog‘ini ochmadi. Bola tuzalishi bilan uyiga kelib oldi. Xudodan yuzlari yorug‘ bo‘lishini so‘radi…

Shunday kunlar ketidan oylar kelib, ko‘z ochib yumguncha oradan ikki yil o‘tib ketdi.

* * *

Qishning ilk kunlari edi. Birinchi qor zahri yerdan ketmay turib, yana qor yoqqan, havo To‘ti momoning avzoyidan ham buzuq edi. Qibladan esayotgan izg‘irin tom boshidagi qorlarni sovurib, orqa tomonga uyib tashlayotgandi. Kechki mahal. Uylar sovuqligidan hamma bir xonaga yig‘ilib, kechki ovqatni yeb o‘tirishgandi. Bir payt halloslab Rashid kirib keldi.

– Ena, bormasangiz bo‘lmaydi! Keliningizning mazasi yo‘q! – dedi salom berishni ham unutib.

– Bormayman, enasini chaqir! – To‘ti momo cho‘rt kesdi.

Ochil bobo gap nimadaligini anglab, xotiniga dedi:

– Borasan! Sen turib, enasi keladimi?

– Kim kelsa kelaversin! – To‘ti momo endi tamoman teskari qarab oldi.

– Bormaysiz-a? – iltijoli, ham alamli qaradi o‘g‘li.
– Yo‘q!

Rashid boshqa gapirmadi, shart ketiga burilib, chiqib ketdi.

– Erkakning sazasi o‘lguncha ho‘kizning bo‘yni uzilsin, degan ota-buvalarimiz. Bor, agar yo‘q desang o‘zim boraman! – dedi Ochil bobo xotiniga o‘dag‘aylab.

To‘ti momo bir pas ko‘zlari bilan yer chizib, dasturxon chetini qayirib o‘tirdi-da, irg‘ib o‘rnidan turdi. Boshidagi katta ro‘molini iyagidan tang‘ib bog‘ladi va yengil nimcha ustidan erining ohorli choponini kiyib, kenjasiga yuzlandi.

– Taysinjon, men bilan yur…

To‘ti momo o‘g‘lining qo‘ltig‘idan tutgancha qishloq itlarini vovullatib, izg‘irinli tunda toshko‘cha oxiriga qarab ketdi. U yerdagi oppoq qorni g‘arch-g‘urch bosgancha allanimalar deya pichirlab borar, ammo nima deyotganini o‘zidan boshqa hech kim tushunmasdi.

Ochil bobo bomdodga turgandi, ko‘cha eshigi sharaqlab ochilgani eshitildi va dam o‘tmay dahlizga kenjasi halloslab kirib keldi.

– Ota, ota? Suyunchi bering! Suyunchi!

Ochil bobo birdan sezdi.
– O‘g‘ilmi?

– Ha! Enam, “Bor, otangdan suyunchi ol!” dedi.

– Nima beray? – otaning chehrasi yorishib, ko‘z oldini qoplagan tuman tarqab ketgandek bo‘ldi.

– Bitta boks qo‘lqop bilan mesh olib bering. Men baribir bokschi bo‘laman!

– Bo‘pti! Bugun fizkultura malliminga ayt, mening oldimga bir kep ketsin.

– Mayli, ota. – Yigitcha o‘zida yo‘q xursand edi. Ochil bobo esa o‘zicha…

Bobo bir hafta xotinini kutdi. Darak bo‘lmadi, shunda chillalik uyga o‘zi bordi. Uyga kirsa, xotini o‘n sakkiz yashardek bo‘lib, issiq pechka oldida terlab-pishib xamir mushtlab turibdi. Tok plitada tuxum qovrilyapti shekilli, hidi chiqqan.

– A, horma! – dedi bobo kulib.

– Bor bo‘ng! O‘g‘lim haqiqiy ota bo‘ldi, bir xabar olayam demaysiz-a? – dedi kampir xamirli qo‘llarini ko‘tarib, shimarilgan yengi bilan peshonasidagi terni artarkan. – O‘h, o‘pkam pishib ketdi-ye…

– Senga nima zaril? Enasi qisin…

– Ho. Men hali o‘lganim yo‘q! Hammasiga kuchim yetadi! – To‘ti momo shunday deya yana xamir qorishga tushdi. – Hovliqib birdan oldiga kirib ketmang yana. Bir pas nafasingizni rostlab oling.

Ochil bobo ko‘z osti bilan xotiniga qarab, jilmaydi:

– Kampir, yiling nima edi?
– Nima qilasiz?

– So‘radim-qo‘ydim-da…
– O‘ziniki-chi?

– Nimaga so‘rayapsan?

– Bir ayting, – momoning quvligi tutdi.
– Bilasan-ku, adash…

– Aytishga uyalasiz-a, boboy? – To‘ti momo yayrab kuldi. – Aytgancha, darrov uyga jo‘nab qolmang, nevarangizga ot qo‘yib ketasiz.

– Biror nima deb chaqirayapsizlarmi?

– Ha. Sardorbek! Lekin buvasi qulog‘iga azon aytib qo‘ygani yaxshi-da.

Ochil bobo yana xotirjam jilmaydi.

– Aytgancha, bir haftadan beri qorangni ko‘rmay¬man…

– Nevaramga qarayapman! Kelinni joyidan turg‘iz¬ganim yo‘q. Enasigayam javob berib yubordim.

Ochil bobo hansirab, chuqur-chuqur nafas olgancha peshanasidagi reza-reza terni artayotgan xotiniga ko‘z ostidan o‘g‘rincha nigoh tashladi.

– Ha-a, shunaqa de…

Samarqand

Xoliyor Safarov. Qanotsiz qushlar (Kiril va Lotinda)

09

(Tashriflar: umumiy 544, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring