Xorazmiy. Muhabbatnoma

082
Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си ўзбек мумтоз адабиётидаги нома жанрининг илк ёрқин намунаси саналади. Албатта «Муҳаббатнома» фақат номалар йиғиндиси эмас, унда ғазал, қитъа, фард каби кичик лирик жанрларга хос асарлар ҳам мавжуд. Лекин асардаги ўн бир нома асар тузилишининг бош хусусиятини белгилайди. Шоир шундан келиб чиқиб “нома» сўзини асар номига ҳам чиқазган. Хоразмийнинг номанавислик анъанасини адабиётимизда Хўжандий «Латофатнома»си, Юсуф Амирий «Даҳнома»си, Саид Аҳмад «Таашшуқнома»си, Саййид Қосимий «Ҳақиқатнома»си ва «Садоқатнома»си билан давом эттирди.

09

ХОРАЗМИЙ
001

012Хоразмий — ХIV асрда яшаб, туркий ва форсий тилда ижод этган шоир. Бироқ бизга унинг асосан ўзбек, қисман тожик тилида битилган биргина «Муҳаббатнома» асари етиб келган. Таржимайи ҳоли ҳақида ҳам шу асардаги маълумотлардан бошқа маълумотга эга эмасмиз. Ҳатто, унинг асл исмини ҳам билмаймиз. «Муҳаббатнома»да шоирнинг ўзи қайд этишича, Олтин Ўрда хони Жонибекхоннинг Сирдарё музофотидаги ҳукмдорларидан бири Муҳаммад Хожабек форсий тилда шеърлар ёзиб, машҳур бўлган Хоразмийдан: «Бу қиш менинг ёнимда юриб, бизнинг тилда (яъни туркийда) бир китоб ёзсанг», — деб илтимос қилади:

Кўнгул баҳринда кўп гавҳарларинг бор,
Очунда порсий дафтарларинг бор.
Муҳаббат нардини кўплардин уттунг,
Шакартек тил била оламни туттунг.
Тиларменким, бизинг тил бирла пайдо
Китобе айласанг бу қиш қотимдо, —
Ким уш елдек кечар айёми фоний,
Жаҳонда қолса биздин армуғоне.

«Муҳаббатнома» шу тариқа милодий 1353-йили дунёга келган. Демак, шоир тожик тилидаги дафтарлари, яъни тўпламлари, «шакартек тил» билан эл орасида маълум-у машҳур бўлган. Муҳаммад Хожабек эса ундан айнан ўзбекча асар ёзишни сўраяпти. Адабиётимиз тарихи учун бу муҳим бир факт. Чунки шоирларимизнинг ўз тилимиз қолиб, форсийда асарлар ёзишига қарши кураш Алишер Навоий яшаган ХВ асрнинг иккинчи ярмига қадар давом этди. Тахаллусидан ҳам билиш мумкинки, шоир — хоразмлик. Лекин асар Сирдарё ёқаларида битилган. Яна бир нарсани унутмаслик керакки, фақат Амударёнинг Оролга қуйиладиган жойларигина эмас, Сирдарёнинг денгизга туташ бўлган ҳудудлари ҳам Хоразм дейилган бўлиши мумкин. Шунинг учун «Хоразм» деган жой номи англатган ҳозирги тушунча билан ХИВ асрдаги ҳудуд бир¬ биридан кескин фарқ қилиши табиий ҳол.

05
МУҲАББАТНОМА
001

АВВАЛ КЎРИШКАНИН АЙТУР

Тун оқшомким, кўрунди байрам ойи,
Муҳаммад Хожабек — давлат ҳумойи.
Буюрди, ўзга шодурвон урулди,
Қадаҳ келтирдилар, мажлис қурулди.
Ҳусайний пардаси узра тузуб соз,
Муғанний бу ғазални қилди оғоз…

БАЁНИ ВОҚЕИН АЙТУР

Табассум қилди, айди: «Эй фалоне,
Кетургил бизга лойиқ армуғоне.

Кўнгул баҳринда кўп гавҳарларинг бор,
Очунда порсий дафтарларинг бор.

Муҳаббат нардини кўплардин уттунг,
Шакартек тил била оламни туттунг.

Тиларменким, бизинг тил бирла пайдо,
Китобе айласанг бу қиш қотимдо, —

Ким уш елтек кечар айёми фоний,
Жаҳонда қолса биздин армуғоне».

Қабул қилдим, ер ўптим, айдим: «Эй шоҳ,
Эшикинг тупроғи давлатли даргоҳ.

Кучум етмишча кўп хизмат қилойин,
Жаҳонга эзгу отингни ёёйин.

Букун тонгқа текин май нўш қилғин,
Бадиҳа бу ғазални гўш қилғин»…

МАСНАВИЙ

Ровисқинча ғазал, шаҳ гўш тутти,
Манга хилъат киюриб, қўш тутти.

Бироз кечти дағи мажлис исинди,
Қадаҳ чаврулди-ю май бошқа минди.

Яна фурсат била бўлдум маҳални,
Ўқудум хизматинда бу ғазални.

ҒАЗАЛ

Яратқонким, тан ичра жон яратти,
Сени кўрклуклар узра хон яратти.

Қуёш янглиғ юзунгизни ёрутти,
Фалакдек бизни саргардон яратти.

Халойиқ қибласи бўлди жамолинг,
Ўшал кунким сени Яздон яратти.

Тўлин ой таъбия сарв узра қилди,
Мени ул сурата ҳайрон яратти.

Эшиттинг эрса Юсуфнинг жамолин,
Сени ҳусн ичра сад чандон яратти.

Карим Тенгри камолин қилса изҳор,
Сен ойни бўйла бенуқсон яратти.

Зиҳи қодирким ул бир қатра сувни
Муҳаббат гавҳаринга кон яратти.

Азалда қилди Хоразмийни муҳтож,
Тағи манзурини султон яратти.

МАСНАВИЙ

Китобат бошладим, анжома етгай,
«Муҳаббатнома» Миср-у Шома етгай.

Бу хон узра салойи ома қилдим,
«Муҳаббатнома»ни ўн нома қилдим.

Қилойин икки бобин порсий ҳам,
Ким атлас тўн ярошур бўлса муълам.

Бурун алқисса бек мадҳин аёйин,
Уш анд ин сўнгра нома бошлағойин.

Зиҳи арслонюрак Қўнғрот уруғи,
Кичик ёшдин уруғларнинг улуғи.

Саодат маъдани, иқбол ганжи,
Муҳаммад Хожабек олам кунжи.

Ўза жонсиз тан эрди мулк сансиз,
Шаҳаншоҳ Жонибекхонға етансиз.

Сипоҳинг тақвиятлар динга берур,
Фаридун ганжини мискинга берур.

Сулаймон салтанатлиқ подшо сен,
Масиҳ анфослик Юсуфлиқо сен.

Ошар елдин сенинг елганда отинг,
Қуёш янглиғ жаҳонни тутти отинг.

Агар минг йил тирилса Ҳотами Тай,
Сенинг отинг эшитгач, ерлар ўпгай.

Эрур давлатқа дийдоринг тафовул,
Бўлубтур талъатингға Муштарий қул.

Улус туттунг қамуқ ақлинг кучиндин,
Черикда қон томар қамчинг учиндин.

Санго жуду шижоат бўлди пеша,
Шижоат бирла жудунгдин ҳамеша.

Гаҳе Ҳотам уёлур базм ичинда,
Гаҳе Рустам юпонур разм ичинда.

Қачонким икки саф бўлса муқобил,
Сенинг чокарларинг-ўқ кўкраюр бил.

Кирар разм ичра тўйға киру янглиқ,
Ачиқмиш бўри қўйға киру янглиқ.

Агар десам сени Рустам, ярарсен,
Қиличинг бирла сафларни ёрарсен.

Агар мадҳинг битиса кўк дабири,
Тугалмас минг йил ичра мингда бири.

Неча ким бўлсалар кўк ичра жовид,
Аторид битқачи, барбатчи Ноҳид.

Қуёшдек давлатинг тобанда бўлсун,
Эшикингда ети кўк банда бўлсин.

Айитсин банда Хоразмий дуолар,
Карамдин ҳар замон қилғин атолар.

Санодин ўзга навъ атлас тўқуйин,
Қиш ўртада баҳориёт ўқуйин, —

Ким учмоқтур сенинг базминг биноси,
Ҳамеша ёз эрур жаннат ҳавоси.

ҒАЗАЛ

Қадаҳ чаврулди уш бўстон ичинда,
Хуш ичкил роҳни райҳон ичинда.

Чаман фарроши, яъни тонг насими,
Гулафшонлиқ қилур бўстон ичинда.

Очилди ёз, кечди ул ким эрди,
Чаман Юсуфлари зиндон ичинда.

Чечак япроқлари ерга тушубтур,
Анингтек ким ақиқлар кон ичинда.

Кел, эй учмоқ гули, чимгонга чиққил,
Бу кун ўлтурмағил айвон ичинда.

Бизинг бек ёдиға ишрат қилоли,
Нечаким йўқтурур биз сон ичинда.

Муҳаммад Хожабек, улким Алитек,
Ўкуш жавлон қилур майдон ичинда.

Ўқи ногаҳ агар сандонға текса,
Башоғи итланур сандон ичинда.

Аё соҳибқиронеким, узарлар
Қиличиндан адувлар қон ичинда.

Ўкуш йиллар Яратқон боқи(й) тутсун,
Ҳаётингни, бегим, даврон ичинда.

Нишон бермас ким эрса мислингизни,
Ироқ-у Рум-у ҳам Канъон ичинда.

Хоразмийнинг кетиб ақли бошиндин,
Турур тек сурати йўқ жон ичинда.

ВАСФ УЛ-ҲОЛ АЙТУР

Йигитсен, бода ичкил, нуқл ошоғил,
Бугундин сўнг юз эллик йил яшоғил.

Нишот-у айш нўшонўш қилғил,
Хирадни май била мадҳуш қилғил,

Ким асру бевафодур бу замона,
Жаҳон қолмас кишига жовидона.

Улусқа раҳм этиб ғамхор бўлғил,
Ҳамеша шод-у бархурдор бўлғил.

Жаҳонни эзгу отинг тутти мутлақ,
Ямон кўздин йироқ тутсин сени Ҳақ.

Муҳаббат бирла жониндин бу мискин,
Дуо қилди, ижобат бўлсин, омин.

Муҳаммад Хожабек мадҳин тугаттим,
«Муҳаббатнома»ни бунёд эттим.

АВВАЛГИ НОМАНИ АЙТУР

Аё кўрк ичра олам подшоҳи,
Жаҳон тутти сенинг ҳуснунг сипоҳи.

Пари рухсораларнинг кўркка бойи,
Юзинг наврўз-у қошинг байрам ойи.

Кўнгил ширин сўзингга бўлди Фарҳод,
Кўзунг Кашмир жодусиға устод.

Қаро менг ол яноқингга ярошур,
Бошим доим адоқингга ярошур.

Бўюнг сарв-у санубартек, белинг қил,
Вафо қилғон кишиларга вафо қил.

Ақиқинг суҳбатиндин жон бўлур сўз,
Қамартек чеҳранга боқса Қамар кўз.

Урур наргисларинг новакни жонға,
Кулар чеҳранг чечактек арғувонға.

Муҳаббат нори жондин кетмади ҳеч,
Қўлим сийм олмангизға етмади ҳеч.

Саройдин борди Чин-Мочинға човинг,
Қиё боқсанг, бўлур арслонлар овинг.

Табассум қилсангиз шаккар уёлур,
Тишинг инжусидин гавҳар уёлур.

Жамолинг етти оламга сипаҳлар,
Қатингда ер ўпарлар жумла шаҳлар.

Фалак ишқинг йўлинда бесар-у пой,
Исирғанг донаси Зуҳра, юзунг Ой.

Латофат мулкида султонсен, эй жон,
Қамуқ бошдан-оёққа жонсен, эй жон.

Қатиқ кулсанг, магар оғзинг билургай,
Пари кўрса сени, мендак тилургай.

Сочинг бир торина минг ҳур етмас,
Юзунгнинг нурина минг нур етмас.

Агар берса суюрғаб Ҳақ таоло,
Керакмас сенсизин тирдавси аъло.

Кўнгулнинг қони қайнаб барча тошқай,
Кўзумнинг ёшидин кавсар булошқай.

Кишининг сенсизин не жони бўлсун,
Анингтек умрнинг не сони бўлсун.

Шакар эрнинг наботи Хизра ўхшар,
Оёғинг кимки ўпса, мангу ёшар.

Жамолингтек кишининг йўқ жамоли,
Дариғо, бўлмаса эрди заволи.

Қиёмат кўрклусен, ҳуснунгға не сўз,
Йироқ бўлсун жамолингдин ёвуз кўз.

Букун йўқтур сен Ойтек кўкта, асра,
Қулунг бечора Хоразмийни асра.

МАСНАВИЙ

Кел, эй соқий, кетургил бодайи ноб,
Кула-ўйна-ю ичсунлар бу асҳоб,

Ким уш элтек кечар айёми фоний,
Ажалдин ҳеч кишининг йўқ амони.

Сабурдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр, йўқ андеша қилсам.

ИККИНЧИ НОМАСИН АЙТУР

Саломин гулга элт, эй тонг насими,
¬Ким эрур ой қули, ахтар надими.

Саломеким кўнгул жонона айса,
Ёрур кўзлар саводидин битиса.

Саломимни тегур ул дилситонға,
Раҳмсиз бевафо жони жаҳонға.

Саломимни тегур ул кўрка бойға,
¬Ким урур чеҳраси минг таъна ойға.

Саломимни тегур ул хушлиқоға,
Қамуқ бошдин-оёқ оби бақоға.

Айитқил, эй бўюнг туби бутоқи,
Қулунг(нинг) ҳаддин ошти иштиёқи.

Айитқил, эй висолинг умр боғи,
Эшигинг тупроғи кавсар булоғи.

Айитқил; эй сўзи ёлғон-жафокор,
Қароғлари қароқчи, ўзи айёр.

Айит, эй меҳринг оз, ишванг фаровон,
Нетадур ул оғизда мунча ёлғон.

Айит мендинким, ул мискин урур оҳ,
Қачон энгай гадонинг эвина шоҳ.

Қачон қилғай кўзумни ёқту ул ой,
Эрур юзи Қуёштек оламорой.

Қачон лаълинг қадаҳлар нўш қилғай,
Карашманг бандани мадҳуш қилғай.

Зиҳи фархунда толеъ бахтиёри,
¬Ким ул ҳазратта бир кун топса бори.

Юзунгдин билгурур давлат нишони,
Ўрамунг тупроғи, бахт ошёни.

Жаҳон тутти жамолинг, дод қилғил,
Бу мискинни бирар ҳам ёд қилғил.

Сенингдек подшонинг марҳабоси,
Менингтек минг гадонинг хун баҳоси.

Кучум етгунча кўп қилдим вафолар,
Вафолиқ қулни асрар подшолар.

Манга сенсиз ўлумдир бу ҳаётим,
Сенинг меҳринг била ёғрулди зотим.

Кўнгулга ўзганинг меҳрин ёвутмон,
Йироқлик бирла мен сизни унутмон.

Эрурман васлинга доим талабгор,
Нечаким тун узун бўлса, тонги бор.

Топилғай мақсудум табқунгда бори,
Саодат қилса Хоразмийға ёри.

Оғир уйқучи бахтим неча ётқай,
Висолинг машриқиндин ҳам тонг отқай.

МАСНАВИЙ

Кел, эй соқий, кетургил жоми Жамни,
Кишининг кўнглидин май юр ғамни.

Ким ошти кўкка оҳим иҳтироқи,
Куюрди кўнглуми дилбар фироқи.

Сабурдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр йўқ андеша қилсам.

УЧИНЧИ НОМАСИН АЙТУР

Аё хуршидтек олам чароғи,
Мунаввар чеҳрангиз фирдавс боғи.

Қамуқ кўрклуклар узра подшосен,
Масиҳ анфослиқ Юсуфлиқосен.

Очилса лаълингиз шаккар сочилур,
Кўриб гулғунчанинг оғзи очилур.

Бўйингтек сарв йўқ бўстон ичинда,
Юзунг нуридин ой нуқсон ичинда.

Жаҳон бўлди жамолингдин мунаввар,
Зиҳи ҳусн-у жамол Аллоҳу акбар.

Қилур зулфинг қамуқ оламни шайдо,
Бўлур жоду кўзунгдин фитна пайдо.

Ярар минг жон бир ишколинг фидоси,
Кўзум мардуми холингнинг фидоси.

Сени кўрган ўзиндин ёт бўлур,
Рухунгни кўрса минг шаҳ мот бўлур.

Ики зулфинг кўнгулларнинг паноҳи,
Эшикинг тупроғи жон саждагоҳи.

Рақибингдур тикан, сиз тоза гулсиз,
Чечак чимгон аро бўлмас тикансиз.

Шакардин тотли сўзли дилрабосен,
Дареғоким, чечактек бевафосен.

Сенинг ёдинг қилурмен кўп ғазалда,
¬Ким эрдим онунға ошиқ азалда.

Манга ҳаддин оширма бу жафони,
Кўзингдин солма бу мискин гадони.

Эшиткил бу ғазалда ишларидин,
Муҳаммад Хожабек айтмишларидин.

МАСНАВИЙ

Кел эй, гулчеҳра соқий, май кетургил,
Мени ҳайрат мақомиға етургил.

Ҳабибим нақшидин маъни бўлойин,
Таҳайюрда ўзимдан қутулойин.

Сабурдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр йўқ андеша қилсам.

БЕШИНЧИ НОМАСИН АЙТУР

Аё гулчеҳралар молик рикоби,
Қамуқ олам сенинг ғамзанг хароби.

Латофат мулкининг соҳибқирони,
Мувофиқ суратинг бирла маони.

Хираддин оздурур ғамзанг хумори,
Янғоқларинг Халилуллоҳ нори.

Сенинг ҳуснунг қамуқ оламда машҳур,
Юзунгдин кизланибтур хулд аро ҳур.

Кўнгулга жондин ортиқроқ кераксен,
Пари-ю ҳурдин кўрклураксен.

Фаришта кўрса бўлғай сизга мойил,
Сизингтек кимда бор шакл-у шамойил?

Ярар жон десалар ёқутунгизға,
Тенг этмон Зуҳрани Ҳорутунгизға.

Мен асру бенаво, сиз муҳташамсиз,
Латиф-у нозик-у зебо санамсиз.

Қилур ўз жонинга қасд, ўзи бойиқ,
Гадоеким бўлур султона ошиқ.

Менинг дардимға дармон васл эрур бас,
Вале ҳаргис улашмас гавҳари хас.

Саботек билмас охир ўз чоғини,
Босар ҳар дам эшигинг тупроғини.

Куяр кўнглум сабонинг ул ишиндин,
Нечукким куйса хирманлар яшиндин.

Кулар Ой ҳуснунга қултек энгингиз,
Қародур лола кўнглитек менгингиз.

Менга учмоқ эрур васлинг ҳузури,
Юзунгдин шуъла урур Тенгри нури.

Ўрамунг итларининг иттиҳоди,
Кўнгуллар мақсуди, жонлар муроди.

Чечак дерман юзунгизга, қамар ҳам,
Халойиқ севганин Холиқ севар ҳам.

Сенинг ишқинг каманди бизни тортар,
Жамолинг равнақи оламни ўртар.

Ўшул кунким, сени Холиқ яратти,
Сени дилбар, мени ошиқ яратти.

Манга табқунгда ҳаргиз бўлмади сон,
Киши ул салтанатни олмас осон.

Анингким сидқи бўлса сизга зоҳир,
Ани сизтеклар асрар бўлур охир.

Нечаким берса чеҳранг кўзлара нур,
Чечактек бўлмағил ҳуснунгга мағрур.

Сенинг ишқингда Хоразмий йўқолди,
Ва лекин ер юзунда оти қолди.

МАСНАВИЙ

Кел, эй ой юзли дилбар, тут бирор қўш,
Бирор қўш бирла қилғил бизни мадҳуш.

Бўлоли айш-у ишратпешалардин,
Қутулсин кўнглумиз андешалардин.

Сабурдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр йўқ, андеша қилсам.

ЕТТИНЧИ НОМАСИН АЙТУР

Аё зебо санам шоҳи қабойил,
Таолиллоҳ зиҳи шакл-у шамойил.

Шакар эринг қачон сўз қилса оғоз,
Қилур жон тўтиси танларда парвоз.

Шакарму эрнингиз ё қанд, ё жон,
Уёлур лаълингиздан оби ҳайвон.

Қачонким бўлса тор оғзинг шакарбор,
Сабо гулғунчанинг оғзини йиртор.

Қаро қошингда юз минг фитналар бор,
Кўзунг оҳуси арслонларни овлар.

Санго пайваста, эй кони малоҳат,
Кўзунг қошинг била ўқ ё не ҳожат.

Сўзунг Ширин, Ўзунг Хисравдин афзун*, (* Авзун – ортиқ.)
Бўлур Лайли сенинг ҳуснунгга Мажнун.

Билик билмак ичинда жавҳарисен,
Вале ҳусн ичра жавҳардин арисен.

Қуёш ҳар кун юз урур ул қобуққа,
Жамолинг солди Юсуфни қудуққа.

Қаро кирпукунга қундуз тенголмас,
Сақоқингни ёқанг кундуз ўпар бас.

Дудоғингдин кўнгул жон ҳосил этмас,
Аёқинг турпоғин ўпсам, не етмас.

Тилармен ким юзунгга сажда қилсам,
Висолинг қадрининг шукрини билсам:

Сенинг ишқингда бағримдин оқар қон,
Жамолингнинг тамошосин тилар жон.

Жамолингдин хирад шайдо бўлубтур,
Ичим-бағрим қамуқ савдо тўлубтур.

Қачон ўлсам санго қадрим билургай,
Бу йўлга тушса Афлотун телургай.

Карашма бирла ошиқ ўлтурурсиз,
Сиз ўлтурган киши ўлгайму ҳаргиз.

Қилибтур халқни шайдо карашманг,
Қиёматлар қўпар пайдо карашманг.

Нечук меҳрингни жонимдин бўёйин,
Кўнгул сиздин олиб кимга беройин.

Биҳамдуллоҳ сенинг ҳуснунг чоғинда,
Еримиз бор эшикинг тупроғинда.

Тирик бўлинг, шаҳо, даврон боринча,
Қулунгузмен танимда жон боринча.

Умр кечти қамуғ савдо ичинда,
Неча юзгай киши дарё ичинда.

Кўнгул икки жаҳонни кўзга илмас,
Сенинг ишқинг умрнинг ҳосили, бас.

Жаҳондин ошуну минг йил қилди Холиқ,
Сенинг ҳуснунгға Хоразмийни ошиқ.

Довур сизнинг турур даврон боринча,
Қулунгузмен танимда жон боринча.

МАСНАВИЙ

Кел, эй соқий, назардин солмағил гал,
Кетур ул майки, бўлғай бизга сайқал.

Эрур бечора Хоразмий муроди,
Ики оламда дилбар иттиҳоди.

Сабурдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр йўқ, андеша қилсам.

ТЎҚҚУЗУНЧИ НОМАСИН АЙТУР

Аё оҳу назарлар шаҳриёри,
Ҳусн майдонининг чобуксувори.

Қилич урсанг, қулунгман жовидона
Ва гар ўқ отсангиз бағрим нишона.

Таним боринча сендин юз жевурман,
Эшикинг тупроғиндин бош кўтурман.

Қамуқ умрим сенинг нозинг фидоси,
Менинг кўнглум қуши бозинг фидоси.

Нечаким илмасангиз кўзга бизни,
Кўнгул жон ичра асрар меҳрингизни.

Ғаниматтур умур навқони бизга,
Мубоҳ эрур кўнгуллар қони сизга.

Жамолинг мадҳидин офоқ тўлди,
Санго олмоқ кўнгулни хатм бўлди.

Ачиқ сўзи Қирим шаҳдиға ўхшар,
Жамол айёми гул аҳдиға ўхшар.

Сени кўрса кечар тарсо санамдин,
Вужудга келмади центек адамдин.

Қачон зулфинг насими Рума эсгай,
¬Ким ул ё қошларинг зуннор кесгай.

Манга ишқинг йўлинда қон кўрунур,
Юзинг ойинасинда жон кўрунур.

Яротти ой бикин зебо сени Ҳақ,
Ким уш чеҳранг берур оламға равнақ.

Мени қилди фалакдек бесар-у пой,
Тағи минг йил санингдек туғмағай Ой.

Жаҳоннинг фитнаси усрук кўзунгда,
Аён Исо дами ширин сўзунгда.

Кишининг покларға кўнгли тортар,
Ҳусн худ покдоманлиқтин ортар.

Агар кўрса сени ҳам лола сўлғай,
Сенингдек гул магар учмоҳда бўлғай.

Аёқинг ўпмакин қул қилди одат,
Сулаймон бўлмади мундоқ саодат.

Висолингнинг бу кун шукрин қилурман,
Хаёлинг кўзда учқонин билурман.

Қуёш акси юзунгдин роҳ ичинда,
Сенингдек йўқ чечак учмоҳ ичинда.

Қулинг кўптур вале мен инжа қулмен,
Висолинг қадрини билмас дугулмен.

Кўнгул сенсиз тжломас танда жонни,
Кўрар юзунгда Хоразмий жаҳонни.

МАСНАВИЙ

Кел, эй соқий, кетур паймона бизга,
Иноятлар қилур жонона бизга.

Ичолинг бодани жонон юзига,
Хизир суйин сочолинг жон юзига.

Сабурдин яхши йўқтур пеша қилсам,
Бу йўлда сабр йўқ, андеша қилсам.

ЎНИНЧИ НОМАСИН АЙТУР

Аё номеҳрибон аҳди бақосиз,
Жаҳон елтек, умр гултек вафосиз.

Қамуқ ёқут эринли, сўзи дурлар,
Вафосизлиқни сиздин ўрганурлар.

Умр меҳнат била поёна келди,
Кўнгул жавринг алиндин жона келди.

Мени ўлтурди ишқинг, бермадинг дод,
Борурмен остонангдин, хайрбод.

Кўзум кўрди жамолинг шевасини,
Кўнгул тотмади боғинг мевасини.

Эрур жон мақсуди эрнинг наботи,
Ҳусннинг ҳам бўлур охир закоти.

Сенга то бўлдим, эй жон, ошномен,
Жафонг илгиндин асру мубталомен.

Солойин ўзуми ўзга диёра,
Кўнгулни боғлағойин ўзга ёра.

Телим гулчеҳра наргис кўзлилар бор,
Шакар дудоғли, ширин сўзлилар бор.

Вале кўнгул қутулмас домингиздин,
Қамуқ шаккар томар дашномингиздин.

Бағишлосанг қоним, султонсен, охир,
Кўзумга нур, танимга жонсен, охир.

Давр сизнингдурур даврон боринча,
Қулунгизмен танимда жон боринча.

Билурменким, сизингдек бўлман, эй жон,
Бўюнсундим жафоға, қулман, эй жон.

Киши қайда ўларин билса бўлмас,
Ҳақиқат ёридин айрилса бўлмас.

Хирад бирла жаҳон афсонаси мен,
Вале занжирингиз девонаси мен.

Ўлумдур бизга жононсиз тирилмак,
Маҳол эрур тана жонсиз тирилмак.

Кўнгул меҳри назар йўлиндин ортар,
Нигори жаврини жон бирла тортар.

Ҳуснни то ҳувайдо қилди Холиқ,
Ҳусн бирла вафо бўлмас мувофиқ.

Жафодин инграмас бу йўлда ушшоқ,
Вафодин жаврингиз минг қатла хушроқ.

Эвурман юз, нечаким келса меҳнат,
Жафо сиздин, тағи биздин муҳаббат.

Ўғон Юсуф жамолин сизга берди,
Муҳаббат кимёсин бизга берди.

Бу Хоразмий «Муҳаббатнома»сини
Аторуд кўрди, солди хомасини.

МАСНАВИЙ

Кел, эй соқий, кетургил хуш сабуҳи(й),
¬Ким ушбу дам эрур жоннинг футуҳи.

Ичолинг бодани гуллар сўлиёр,
Танимиз оқибат тупроқ бўлиёр.

Бу ерга етти сўз охир бўлди,
Бурун ўн дедим, у ўн бир бўлди.

МУНОЖОТ

Илоҳи, ёқту қилғил жонимизни,
Халалдин сақлағил имонимизни.

Тикандин қудратинг пайдо қилур гул,
Хато кўп келди мен қулдин, кечургил.

Аё фарханда толеъ талъати кун,
Сени Тенгри муродингға тегурсун.

Муҳаммад Хожабек — Жамшиди соний,
Жаҳоннинг орзуси-ю халқ хони.

Саодатни ҳунарга ёр қилғил,
Ҳунардин бизни бархурдор қилғил.

Сўзум бикрини кўргуз шаҳға ширин,
Шаҳиким қилди Хусравларни Ширин.

Аёйин эмди бир қитъа, эшитгил,
Нечукмен ҳол-у аҳволимни билгил.

ҚИТЪА

Тамаъ доминда қолур қуш эмасмен,
Талим* айвон уза учқон Ҳумомен. (* Талим – Баланд.)

Қиличтек тил била туттум жаҳонни,
Қаноат мулки ичра подшомен.

Харобот ичра, масжидда ерим бор,
Ким уш ҳам риндмен, ҳам порсомен.

Неча ҳашматли султон бўлса — бўлсин,
Айитмон мол учун мадҳ-у сано мен.

Қиёматқа текин қолсун отинг теб,
Сенинг табқунгға бўлдум ошно мен.

ХОТИМАТ УЛ-КИТОБ

«Муҳаббатнома» сўзун мунда айиттим,
Қамуғун Сир ёқосинда битидим.

Назар бирла агар Жамсен, гар Осаф,
«Муҳаббатнома»(ни) қилсанг мушарраф.

Ўқиғил фотиҳада қибла ёни,
Севунсун банда Хоразмий равони.

Бу дафтарким, бўлубтур Миср қанди,
Ети юз элли тўрт ичра туганди.

Тугатмакликка Ҳақ берди иноят,
Эшитгил эмди ҳам бир хуш ҳикоят…

ИЛТИМОСИН АЙТУР

Муни ким ишқ бирла бир ўқуғай,
Ҳақиқат оламини мунда билғай.

Айитқон бу китобни ҳам битигай,
Тилармен ким дуода ёд қилғай.

ФАРД

Ниёзим бу турур сендин, нигоро,
Унутма бандани баҳри Худоро.

«МУҲАББАТНОМА» ҲАҚИДА
06

092 «Муҳаббатнома»нинг икки нусхаси бизгача етиб келган: 1. Милодий 1432-йили Язд шаҳрида Мир Жалолиддин деган киши таклифи билан Боқи Мансур деган хаттот уйғур ёзувида кўчирган нусха. Бу матнда айрим қисқаришлар учрайди. 2. Милодий 1508-1509-йилларда араб ёзуви асосидаги туркий алифбода кўчирилган нусха. Бу нисбатан тўлароқ — жами 473 байтдан иборат. Асарнинг иккала нусхаси ҳам Лондондаги Британия музейида сақланади.

«Муҳаббатнома» мумтоз адабиётимиздаги нома жанрининг Ёрқин намуналаридан бири ҳисобланади. Чунки асар, тузилишига кўра, ўн бир номадан ташкил топган. Нома унинг асосий жанрий йўналишини белгилаб турибди. Бироқ унда, номалардан ташқари, ғазал, соқийнома, маснавий, қитъа ва фард жанрлари намуналари ҳам учрайди. Шоир номалар орасида шу лирик жанрлардан фойдаланиб кетаверган. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, номалар ҳам шаклан маснавий тарзида битилган. Номалардан ташқари ҳолда келган маснавийларни шоир алоҳида тепасига сарлавҳа тарзида ёзиб, билдириб ўтган. Асарда зуллисонайнлик (икки тилда ижод қилиш) қоидасига охиригача амал қилинган. Яъни мавжуд ўн бир номадан иккитаси — тўртинчи, саккизинчи номалар, асар тузилишига асосан улардан кейинги маснавий, шунингдек, дастлабки ғазал форсий тилда битилган. Шоир махсус равишда шундай иш тутганини қайд этиб ўтади:

Бу хон узра салойи ома қилдим,
«Муҳаббатнома»ни ўн нома қилдим.
Қилойин икки бобин порсий ҳам,
Ким атлас тўн ярошур бўлса муълам.

Мазмуни: «Бу дастурхон узра умумий даъваът қилдим,
«Муҳаббатнома»ни ўн нома қилдим.
Икки бобини форсий тилда битайинки,
Агар атлас (беқасам) тўн ҳар хил рангда бўлса, ярашади».

Хоразмий ғазал, қитъа ва фарднинг ХIV аср ўзбек адабиёти учун дастлабки намуналарини ижод қилди. Бу асарлар ана шу жиҳати билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асар Муҳаммад Хожабек илтимоси билан ёзилгани, «буюртмачи» ундан бир ном қолишини истагани учун унинг таъриф-тавсифига кўп ўрин ажратилган. Шаклан олиб қараганда, шоир Муҳаммад Хожабек мадҳини номалардан олдин саранжомлаб, кейин «Муҳаббатнома» бунёд этишга киришгандек қилиб ёзади. Ана шу мадҳ қисмидаги маснавий ва ғазалларда Муҳаммад Хожабек очиқ мақталади. Шоир унга бўлган инсоний меҳр-муҳаббатини изҳор этади. Асар номи «Муҳаббатнома» дейилиши ҳам, асли, шундан. Шунинг учун бу асарда реал шахс тимсолини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бир байтда бу ҳукмдорнинг Қўнғирот уруғидан эканини қайд этиб ўтади:

1 Шоир дастлаб ўн номадан иборат асар ёзишни мўлжаллаган, аммо кейин яна бир нома қўшган (Бурун ўн дедим, у ўн бир бўлди).

Зиҳи арслон юрак Қўнғрот уруғи,
Кичик ёшдин улуғларнинг улуғи.

Лекин номалар бошлангандан кейинги қисмларида ҳам зимдан ҳукмдорга илиқ муносабат, ишоралар билан уни таъриф-тавсиф этиш бор. Бу аксар ғазаллар мазмунида ҳам акс этади. Бир ғазалда бевосита лирик қаҳрамон билан ҳукмдор муносабатлари қаламга олинади. Жумладан, унда шундай байт бор:

Бизинг бек ёдиға ишрат қилоли,
Нечаким йўқтурурбиз сон ичинда.

Шоир баъзан ғазалнинг матлаъсидаёқ бунга очиқ ишора қилади:

Яратқонким, тан ичра жон яратти,
Сени кўрклуклар узра хон яратти.

Айниқса, мақтаъларда шоир лирик қаҳрамони тўғридан-тўғри Муҳаммад Хожабекка мурожаат қилиб, ундан ҳиммат ва карам кутади:

Сиза теб келди, Хоразмийни асранг,
Ким асрарлар қамуқ шаҳлар гадойин.

Ҳатто, шаклан ишқий мавзуда бўлган номалар ва ғазаллар моҳиятида ҳам ана шу ҳукмдор таърифи ётганини сезиш қийин эмас. Баъзан буни гўё бир ўхшатишдек қилиб ёхуд истиора шаклида билдириб ўтади:

Қилур ўз жониға қасд ўзи бойиқ,
Гадоеким, бўлур султона ошиқ.

Ёки:
Айит мендинким, ул мискин урур оҳ,
Қачон ингай гадонинг эвина шоҳ?

Номалардаги «олам подшоҳи», «қамуқ кўрклуклари узра “подшосен», «гу1чеҳралар молик риқоби», «шоҳи қабойил», «оҳу назарлар шаҳриёри» каби ифодалардан фойдаланиш ҳам бирйўла асар бағишланган ҳукмдорни эсдан чиқармаслик илинжида қилинган. Муаллиф шундай йўл тутганки, бу парчаларни ҳукмдорга эмас, ёрга бағишланган деб ўқисангиз ҳам, маъно чиқаверади, бадиият ҳеч нарса йўқотмайди. Энг муҳими, ишқ бу ерда ҳукмдорга муҳаббатдан севикли ёрга, ундан эса Яратган Эгамга муҳаббатга айлана борган. Чунки тасаввуф юртимизда кенг қанот отган бу даврларга келиб илоҳий ишқдан холи тарзда муҳаббат мавзуини ёритишни тасаввур қилиш мушкул: Буни шоир асар охиридаги «Илтимосин айтур» фаслида шундай билдириб ўтади:

Муни ким иш бирла ўқуғай,
Ҳақиқат оламини мунда билғай.

Бу ердаги «ҳақиқат» тасаввуфий маънога эга. Яъни Худога ишқнинг йўли шариат, тариқат ва ҳақиқатдан иборат деб қаралган. Ҳақиқат — Аллоҳга етишни англатади. Тасаввуф аҳли ишқни Худога муҳаббат тарзида тушунган ва талқин этган. Инсонга, яъни дўстга ёки ёрга муҳаббат Аллоҳга бўлган ишқнинг босқичларидан деб қаралган. «Муҳаббатнома» ўзбек адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутади. У шеъриятнинг кейинги тараққиётига жиддий таъсир ўтказди. Ҳатто, Алишер Навоий ҳам бу асардан яхши хабардор бўлган. Улуғ ўзбек шоирининг форсий ва туркий тил муқоясаси, туркий тилнинг кўп жиҳатлардан устунлигини исботлашга бағишланган «Муҳокамат ул-луғатайн» рисоласида туркийлар каттароқ холни «менг» дейиши, бу ифода форсий тилда йўқлиги ҳақида гапира туриб, мисол тариқасида:

Анингким, ол энгинда менг яратти,
Бўйи бирла сочини тенг яратти, —

байтини келтиради. Навоий бу мисраларни қайси асар ёки қай бир шоирдан олганини аниқ айтмаган. Аслида, бу — Хоразмий «Муҳаббатнома»сининг олтинчи байти. Навоий бу байтни айнан Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»сидан олганини исботловчи бошқа жиддий далиллар ҳам бор. Хоразмий келтирилган байтда кеча ва кундузни бир чиройли қиз ёки келинчак каби тасвирлаб, Аллоҳ унинг қизил юзида менг, яъни катта хол яратди, шунингдек, бўйи билан сочини тенг яратди, дейди. Бундаги «қизил юз» («ол энг») ва «бўй» рамзан — кундузни, «менг» ва «соч» — кечани билдиради. Демак, Худо кундуз билан кечани тенг қилди, дейилмоқчи. Умуман олганда, йил давомидаги жами кундузлар билан барча кечалар йиғиндиси тенг-да. Шоир байтда айнан шуни кўзда тутган. «Бўйи бирла сочини тенг яратти» — туркий шеъриятга Хоразмий қўшган гўзал ифодавий топилма. Навоий эса адабиёт, хусусан, туркий шеъриятдаги йилт этган бирор нимарсани кўздан қочирмагани аниқ. Ахир, Шарқда шоирлар биргина чиройли ифода учун ҳам олқиш олган, катта шуҳрат топган-да. Кейин ўша бадиий топилдиқ шу шеъриятнинг чинакам мулкига айланган, бошқа шоирлар ундан фойдаланган. Фақат энди бунга яна нимадир янгилик қўшиб ишлатиш шарт бўлган. Навоий ғазалларидан бирида мана бу байтда кун-тун тенглиги (бу эски ўзбек тилида “эътидол” дейилган) бўй билан сочнинг баробарлигига қиёс қилинади.

Васли аро кўрдим, тенг эмиш бўйи-ю сочи,
Тун-кун тенг экан, зоҳир ўлур бўлди чу Наврўз.

Бу ерда Хоразмий байтидан ижодий фойдаланилгани аён. Навоий «Фарҳод ва Ширин» достонининг хоқон ўғли, яъни Фарҳод учун йилнинг фаслларига мослаб қурдирган тўрт қаср таърифига бағишланган 17 -бобини шундай бошлайди:

Ҳамал таҳвили эткач Меҳр гулчеҳр,
Очар юз гул замона кўргач ул Меҳр.

Қилур машшотайи сунъ ошкоро
Аруси даҳрнинг ҳуснига оро.

Қилур тун бирла зулф-у кун била энг,
Этар лекин бўйи бирла сочин тенг.

Мазмуни: «Гул юзли Қуёш ҳамал буржига кирганда замона у Қуёшни кўргач, юз гул очади. Яратиш пардозчиси эса замона келини ҳуснига оро беради — тундан соч, кундан чеҳра ясайди. Лекин сочи билан бўйини тенг қилади, яъни баҳор бошланиб, гуллар очилади, олам гўзаллашади, кеча-кундуз баробар (Наврўз) бўлади». Навоий «Муҳокамат ул-луғ атайн»да келтирилган байтни «Муҳаббатнома»дан олгангина эмас, «Фарҳод ва Ширин»да бевосита шу асардан таъсирланиб қалам сурган. Бироқ энди мазмун ўзга муайянлиг-у тасвир ўзгача гўзаллик касб этган: Навоий йил давомидаги кечалар билан кундузлар ўртасидаги тенгликни эмас, айнан Наврўзни — кеча билан кундузнинг баб-баробар келадиган пайтини кўзда тутган. Уни «аруси даҳр», яъни «дунё келинчаги» деб таърифлайди. Илк баҳор билан (аждодларимиз баҳорни 1-мартдан эмас, 21-март, яъни Наврўздан бошланади деб ҳисоблашган) экелинчак ўртасида ажиб бир уйғунлик ҳам бор.

Хоразмийда дунёда кеча ва кундузнинг умумий тенглиги айтилган. Лекин бу Худонинг Ерда ҳаётни пайдо қилиши ҳақидаги байтлар сирасида келганлигидан унда зимдан Наврўзга ҳам ишора йўқ эмас. Чунки ўша байтдан кейин мана бу мисраларни ўқиймиз:

Қаро тупроқдин сунбул тўратти,
Тиканлар орасинда гул тўратти.

Қора тупроқдан сунбул униб чиқиши, тиканлар орасида гул пайдо бўлиши ҳам кўкламдан дарак. Энди Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин»дан келтирилган байтидан кейинги мисраларга қулоқ тутинг:

Рутубат еткуруб ҳар сори ёғин,
Тар айлаб қатрадин гуллар димоғин.

Демак, ёмғир ёғиши билан гуллар димоғи ҳўл бўлади. Бу ердаги «қатра» тимсолининг ҳам Хоразмий «Муҳаббатнома»сига ворисийлиги бор. Чунки хоразмлик шоирнинг Навоий мисол келтирган байтидан олдинги қўшмисрасида «қатра» тилга олинган:

Ҳаво узра берур шунқорға қуни,
Тўлун Ойдек қилур бир қатра су(в)ни.

Кўриниб турганидек, «Фарҳод ва Ширин»нинг 17 -боби бош¬ланмаси бевосита «Муҳаббатнома» бошланмаси таъсирида битилган. Бундан: Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин»и гарчи, шоирнинг ўзи таъкидлаганидек, Хусрав Деҳлавийнинг «Ширин ва Хусрав»ига жавобия тарзида ёзилган бўлса ҳам, унда бевосита туркий, яъни ўзбек адабиётига ворисийлик аломати ҳам кучли, деган хулоса келиб чиқади. Навоий бу достонини яратишда унинг вазни — ҳазажи мусаммани маҳзуф (ёки мақсур) вазнида битилган форсий ва туркий маснавийларни изчил ўрганган. «Муҳаббатнома»нинг айнан шу вазнда экани кўриб ўтилган таъсир учун жуда қўл келган. Навоий «Хамса»си — нафақат форсий, наинки туркий, умуман, Шарқ шеърияти майдонидаги мўжиз бир чўққи. Бундай юксак поғоналар жаҳон сўз санъати саҳнида ҳам жуда оз. «Хамса»да ана шу эгизак адабиёт — форсий ва туркий сўз санъатининг жамики хислатлари ажиб тарзда уйғунлаштирилган — синтезлашган. Шу тариқа шоир даҳосининг куч-у қудрати билан адабиёт янги бир поғонага кўтарилган.

«Муҳаббатнома» Навоий ижодининг туркий илдизларини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

НОМА ЖАНРИ ҲАҚИДА

06

07Нома — ўзбек мумтоз адабиётининг жанрий кўринишларидан бири. Луғавий жиҳатдан бу форсий сўз «хат», «мактуб» деган маънони англатади. Истилоҳий маъноси ҳам шундан келиб чиқади. Чунки шаклан нома жанрига доир асарлар хат, мактуб тарзида битилади. Бироқ энди буни бошқа асарлар ичида қаҳрамонларнинг бир бирига мактуб йўллаши билан бир нарса деб тушунмаслик керак. Масалан, Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидан Фарҳоднинг Ширинга, Шириннинг Фарҳодга, шунингдек «Лайли ва Мажнун»дан Лайлининг Мажнунга, Мажнуннинг Лайлига мактублари ўрин олган. Мустақил бирор асар тамоман нома усулидан фойдаланилган ҳолда битилсагина, у нома жанрига дахлдор ҳисобланади.

Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си ўзбек мумтоз адабиётидаги нома жанрининг илк ёрқин намунаси саналади. Албатта «Муҳаббатнома» фақат номалар йиғиндиси эмас, унда ғазал, қитъа, фард каби кичик лирик жанрларга хос асарлар ҳам мавжуд. Лекин асардаги ўн бир нома асар тузилишининг бош хусусиятини белгилайди. Шоир шундан келиб чиқиб “нома» сўзини асар номига ҳам чиқазган. Хоразмийнинг номанавислик анъанасини адабиётимизда Хўжандий «Латофатнома»си, Юсуф Амирий «Даҳнома»си, Саид Аҳмад «Таашшуқнома»си, Саййид Қосимий «Ҳақиқатнома»си ва «Садоқатнома»си билан давом эттирди. «Нома» сўзини асар номига тиркаш бу жанрга тааллуқли бўлмаган бошқа асарларда ҳам учрайди. Масалан, Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», унинг невараси Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома» асарлари номларида «нома» сўзи ҳам қўллангани билан улар нома эмас, сарлавҳада қайд этилган шахс ҳаёти билан боғлиқ тарихий асар маъносини англатади.

xdk

(Tashriflar: umumiy 7 905, bugungi 3)

3 izoh

Izoh qoldiring