Xudoyberdi To’xtaboyev: «Sariq dev» sabab «hushyorxona»ga tushganman

088

1943 йили Тошкент «детдом»ига мажбурлаб келтирилган қўқонлик 13 бола уйга қочдик. Қўқонгача пиёда кетдик. Қишлоқма-қишлоқ тиланчилик қилдик. Дуч келган жойда тунадик. Бир қизча йўлда ўлди, яна бир шеригимиз нон олиб келаман деб қайтмади. Сентябрда йўлга чиққандик, сўнгги кеча бир чуқурда тунадик — уйғонсак, устимизга қор ёғибди. Қишда уйга кириб бордик. Чунки оч бўлсак ҳам ота юртимизда бўлайлик, дедик. Дунёда фақат ўзбек фарзандларигина ота уйим чироғини ёқсам дейди.

09
«САРИҚ ДЕВ …» САБАБ «ҲУШЁРХОНА»ГА ТУШГАНМАН
Таниқли ёзувчи Худойберди ТЎХТАБОЕВ билан фикрбазм
Умид Ёқубов суҳбатлашди
08

021  Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакили Худойберди Тўхтабоев 1933 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилди. Унинг болалик ва ўсмирлик йиллари уруш даврига тўғри кедди, ота-онадан эрта етим қолди. Ёзувчи ўрта мактабни тугатиб, ТошДУ филология факултетининг логика-психология бўлимига ўқишга киради. Талабалик йиллариданоқ бадиий ижодга қизиқади.
Худойберди Тўхтабоев олий ўқув юртини тугатгач, «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» рўзномаларида, «Гулистон», «Гулхан», «Шарқ юлдузи», «Ёш куч» ойномаларида, «Камалак» нашриётида ишлади, «Олтин мерос» республика жамғармасига раҳбарлик қидди. Адиб ижодининг дастлабки давриданок ҳажвга, кулгига мойил ҳикоя тўпламларини, қисса ва романларини яратди. Биринчи ҳикоялар тўплами «Шошқалоқ» 1961 йилда эълон қилинди.
Худойберди Тўхтабоев Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» (1982) унвони совриндори, Ўзбекистон халқ ёзувчисидир (1991).
Асарлари: «Сеҳрли қалпоқча» (Бу асарда воқеалар қаҳрамон тилидан баён этилган), «Сариқ девни миниб» (1968, жами 24 тилга таржима қилинган), «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида» (1986), «Мунгли кўзлар», «Сир очилди» (1964), «Омонбой ва Давронбой саргузашти», «Жаннати одамлар» (1996), «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар» ва бошқ.

08

Зумрадхон ВАФОЕВА, бухоролик кутубхоначи:
— Бугун болалар китоб ўқимай қўйди, деб жавраймиз. Балки, уларни қизиқтирадиган бадиий асарлар камдир…

— Бугун руҳ эҳтиёжини телевизор, интернет орқали қондиришга уриниш юқори. Ота-оналар тирикчилик билан банд: уйдаги кутубхоналар ғариб, бори ҳам кам ўқилади. Энг ёмони — ялпи саводсизлик бошланмоқда: «х»дан «ҳ»ни, «у»дан «ў»ни ажратолмаслик айб саналмай қолди.

Ёзувчилар уюшмасининг 2013 йилги ҳисобот-йиғилишида айтилдики, болалар учун 3 та асар ёзилибди. Учовини бир муқовага бирлаштирса, чаватидай китоб бўлади. Болалар ижодкорлари нега кам — тушунмайман. Ахир дунё болалар адабиётида ижтимоий йўналишда, фанлар бўйича, техника ва технологияга оид қизиқарли асарлар ёзишмоқда. Биз эса нуқул эртакка ёпишиб олганмиз. Бугун ахборот эраси, глобаллашув даври. Космос миқёсида фикрлаётган болани Нўхотвойу Пуфакхон билан ҳайратлантириш имконсиз. Шахсан мен учун бугунги қишлоқ ёшларининг ҳаёти, кечинмалари қизиқ. Лекин бундай асарни ҳали ўқиганимиз йўқ.

Камолиддин САЛИМОВ, Боёвут тумани, қурувчи:
— Одам ўз касбини севиши учун нима қилиш керак?

— Боғчадаги тажриба: 20 болани хонага қамаб, гулнинг расмини чиз, десангиз, болалар афтини бужмайтиради. Яна бир хонага эса 20 хил ўйинчоқ қўйиб болаларни фикр билан бошқаринг. Аминман, иккинчи ҳолатда болалар мактабга бормай касб танлайди. Истеъдодсиз бола йўқ. Булоқнинг кўз очиши эса ота-онага, жамиятга боғлиқ. Инсон касбидан завқ, моддий фаровонлик топиб, ўзини намоён эта олса, ҳеч қачон хор бўлмайди.

Мурод МЕЛИБОЕВ, Миробод тумани, ҳайдовчи:
— Тунов куни башанг кийинган бир бойвачча ёнимдаги китобни кўриб таажжубланди. «Китобни қўлимга олсам, ухлаб қоламан», деди тиржа¬йиб. Китоб ўқимасдан ҳам яшаса бўларкан-а?

— Маънавиятга талаб ўлмайди. Шу эҳтиёжни таъминлаш усуллари ўзгача, холос. Маънавиятдан узоқлашган одам ҳайвонликка юз буради.

Илҳом СИРОЖИДДИНОВ, нуроталик боғбон:
— Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Намоз ботир… Барчаси хиёнатдан ҳалок бўлган. Нега хиёнаткорлар доим ғолиб чиқади?

— Чунки ботирлар ҳамиша оқкўнгил, самимий, ишонувчан бўлади. Қўрқоқлар эса ҳамиша орқадан пичоқ санчади, очиқда уришмайди. Намоз ботир очиқ жангда енгилмаган. Бироқ ухлаб ётганда, яқин йигитларидан бири бошига тош билан уриб, калласини кесиб топширган. Қозилик ҳужжатларидан бирида унинг шундай сўзларини ёзиб олганман: «Нечун келдим бу дунё¬ға — яхшини билмасам ман, нечун келдим бу дунёға — яхшилик қилмасам ман». Ботирларнинг жисми ўлса-да, қаҳрамонлиги узоқ яшайди. Ботирларга ўлим йўқ.

Севинч АВАЗОВА, Ўртачирчиқ тумани 53-мактабнинг 9-синф ўқувчиси:
— Китоб ўқиш борасида ўз қоидаларингиз борми?

— Бор. Илгари гапларни дафтаримга кўчириб, ўқирдим. Ҳозир кўп ёзувчиларимизнинг асарларини варақлайман. Чунки нима демоқчилигини биламан. Ҳозир шошмай, сўзларни англаб, ҳис қилиб, «Фауст»ни ўқияпман.

Ҳалимжон ЖАББОРОВ, чустлик ҳунарманд:
— Жанни Родарини қойил қолдирганингиз ростми?

— 1972 йили Римда Жанни Родари халқаро болалар адабиёти форуми ўтказди. Кўп қатори борган «Волшебная шапка» унга маъқул тушади. Асарнинг бир бобини таржима қилдириб, сўзбоши ёзиб, машҳур «Унито» газетасида эълон қилдиради. Сўзбошисида шундай жумла бор: «қувноқ юмордан италян болалари ҳам баҳра олсин дедим». Шу сабаб Ҳошимжон дунёга чиқди-да. 22 тилга таржима бўлди.
1981 йили телефон орқали гаплашдик. «Янги асарларингизни жўнатинг», деди. Кўп ўтмай, у оламдан ўтди. Вафотини эшитиб бир бошқача бўлиб қолдим. Яхшиликлари хаёлимдан ўтди. Уйда дастурхон ёзиб, Жанни акамнинг руҳига бағишлаб худойи ўтказдим. Мулла «марҳум қайси томондан хеш бўлади?», деб сўради. «Тоғамиз», дедим. «Кўрдингизми, иним, аслида исм-шарифларимиз миллийча, бу «-ов», «-вич»лар уларни кўп ёмон бузди-да», деди соддагина мулла қўшним.

Мирзакарим САЙФИДДИНОВ, марғилонлик пенсионер:
— Бир пайтлар чет элга китоб тақдимотига бориб, мелисага тушган экансиз. Ўшанда ўзи нима бўлган эди?

— Ўтган асрнинг 80-йиллари ёзида Литвада ёзувчилар кенгашида «Сариқ девнинг ўлими» китобим мукофот олди. Чақиришди. Чиллаки, ҳандалак, бодринг — 20 килограммча юк билан Каунасга чипта тополмай, автобусда бораман деб Ригага учдим. Борсам, челаклаб ёмғир қуймоқда, автобусга кечикибман. Меҳмонхоналарда жой йўқ. Ярим кечада изғиб, милицияхонага кириб қолдим. Улар ҳам ёрдам беришолмади. Сўнг «Ҳушёрхона»да ўзларига аталган ўринга жойлаштиришди. Ярим кеча. Кўзим илинган экан, «Бу алкашни нега ечинтирмадинг!», деган ҳайқириқ эшитилди. «Капитан олиб келди, ёзувчи», дейишди. «Ҳаммани мелиса олиб келган, бу ерда ҳамма ёзувчи. Қани, ечинтир! Унга қўшимча жазо», деди. Шланкада совуқ сувга пишишди. Капитан келгунча бўларим бўлди… Тўғри кенгашга кириб бордим. Президиумга таклиф этишганди, «Йўқ, аввал, ҳароратимни ўлчанг¬лар», дедим. 40 даражага чиқибди. Касалхонага ётдим. Тақдирлашда украиналик бир ёзувчи «Ҳушёрхона»дан омон чиққани учун», деб мукофот топширди.

Собитхон МУТАЛОВ, хўжаободлик муаллим:
— Нега аксарият қаҳрамонларингиз ижтимоий иллатларга қарши сеҳр билан курашади? Яна бир савол: нега девга сариқ рангни танлагансиз?

— Бувимни эмиб катта бўлдим. Кўп эртак эшитардим. «Сариқ де⻬нинг зиён-заҳмати кўп», деган гап қулоғимга маҳкам ўрнашиб қолган. Болалигимда отасиз, ҳимоясиз улғайдим. Камкучроқ, ожизроқ бўлганим учунми, ҳаммасига сеҳр билан эришишни кўп ўйлаганман.

Ҳулкар ЧИНТОШЕВА, Юқоричирчиқ тумани, уй бекаси:
— «Сариқ девни миниб…»да Ҳошимжоннинг отаси унча кўринмайди. Балки, оилада отанинг ўрни бўлмагани учун ҳам Ҳошимжонларни ҳаёт чиниқтираётгандир…

— Бунга ҳам болалигимдан жавоб топасиз: отамни бойнинг авлоди санаб «қулоқ» қилмоқчи бўлишди. Икки ёшда эдим. Отамни судраб олиб чиқишди, тепкилашди. Оғзидан қон келиб кўз олдимда ўлди. Онамни сургундан олиб қолиш учун ўша куни ўзидан 30 ёш катта, 5 болали одамга никоҳлашди. Бир умр отамнинг ўрни ҳувиллаб қолганини ҳис қилиб яшадим.

Раҳматулло ШОЙЗОҚОВ, самарқандлик пенсионер:
— Ўз вақтида кучли фельетончи бўлгансиз. Бугунги газеталардан кўнглингиз тўладими?

— Йўқ. Журналистларимизда Ватанга муҳаббат кучли, лекин жасорат етишмайди.

Ойимхол РЎЗМЕТОВА, Шовот тумани, уй бекаси:
— Ўзингиз, ўғлингиз ва неварангиз ўртасида қандай фарқ сезасиз?

— Яратган фазилату нуқсонларимни тўрт ўғлимга тенг тақсимлаб берган. Улар орасида кенжа ўғлим фавқулодда истеъдодли чиқди: 15 ёшида мактабни, сўнг икки олийгоҳни тугатди. Фан доктори бўлди.
Ҳозир ЮНЕСКОда ишлайди. 23 невара, 7 эварам бор. Невараларнинг бирортаси адабиётга қизиқмади. Балки, эвара-чеваралардан ёзадигани чиқар.

Ҳошимжон АБДИЕВ, Тошкент шаҳри, маҳалла фаоли:
— Баъзан телевизорда чиқиб олиб «ақл ўргатаётган»ларни ҳаётда кўрсангиз, бутунлай тескариси. Буларнинг ҳаммаси сўзнинг субутини синдирмайдими?  Одамлар ишонмай қўяди-ку!

— Иши ва сўзи бошқа одам наинки жамиятда, балки ўз оиласида ҳам ҳурмат тополмайди. Унга ўзгалар тугул ўз фарзандлари ҳам ишонмайди. Имон — тил, дил ва амал бирлигида.

09

Махсус савол

Анвар ОБИДЖОН, Ўзбекистон халқ шоири:
— Ўзбек болаларининг ўзга миллат фарзандларидан фарқли, ўзига хос жиҳатлари борми?

— Бор. Аввало, самимият юқори. Хулқ-ахлоқида каттага ҳурмат, кичикка иззат, аждодларга эҳтиром, ота-онани эъзозлаш, кучлига тан бериш каби фазилатлар болаликдан шакллантирилади. Болаларимиз меҳнаткаш, ишдан қочмайди.
«Беш болали йигитча» қиссам русчада «Свет в заброшенном доме» («Чалдеворда ёнган чироқ»), деб таржима қилинган. Ўша чалдевор — ота маконимиз эди. 1943 йили Тошкент «детдом»ига мажбурлаб келтирилган қўқонлик 13 бола уйга қочдик. Қўқонгача пиёда кетдик. Қишлоқма-қишлоқ тиланчилик қилдик. Дуч келган жойда тунадик. Бир қизча йўлда ўлди, яна бир шеригимиз нон олиб келаман деб қайтмади. Сентябрда йўлга чиққандик, сўнгги кеча бир чуқурда тунадик — уйғонсак, устимизга қор ёғибди. Қишда уйга кириб бордик. Чунки оч бўлсак ҳам ота юртимизда бўлайлик, дедик. Дунёда фақат ўзбек фарзандларигина ота уйим чироғини ёқсам дейди.

Манба: «Оила даврасида» газетаси,ноябрь, 2014

07
Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» ва бошқа асарларини мутолаа қилинг
02

09

(Tashriflar: umumiy 1 161, bugungi 2)

2 izoh

  1. Хуршид Ака!
    Аввало, материални сайтингизга қўйганингиз учун раҳмат. Лекин кичик бир хатоликни — муаллиф номини тўғрилаб қўйсангиз. Бу суҳбатни Ғуломжон Бобожонов эмас, Умид Ёқубов тайёрлаган.
    Ташаккур.

Izoh qoldiring