Xursandbek To’liboyev.Armon.

01

 Ижодкор шахс ҳамиша безовта дедик. Шукур ака «Сирли Дўрмон»дан чиқмасдан, чоғроқ ҳужрасида яшаб, умрининг охиригача ижод қилди… Унга бир пиёла қаҳва ва бир қути сигарет бўлса етарди. Бошқа ташвиши ўз йўлига, аммо (йўқлаб келувчилар унга қайси мақсадда келишиданоқ биларди!) қўлидан келганича, «Ке, шу ҳам Худонинг бир ожиз бандаси-ку? Мендан нима кетибди» деб ўз-ўзига тасалли берарди, эҳтиёжманднинг кўнглини чоғлаб, хурсанд айларди-да, оқ йўл тилаб, дуо ўқирди…

77

Хурсанд Тўлибаев
АРМОН
эссе-ҳикоя

Адабиётнинг қуввати зўр!  Унинг мангу вазифаси инсонни ёзиш, очиш, кашф этиш, энг пинҳон тарафларини ҳам оча билиш ва пировардида шу тариқа эзгуликка, инсон камолотига кўмаклашишдир.
Шукур Холмирзаев

***

Мен ўшанда мактабда бешинчи синфда ўқирдим. Адабиёт муаллимимиз Ширин Ўразимбетова дарс пайтида ҳар бир ўқувчига мустақил таълим топшириғини бергандилар. Менинг зиммамга эса Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев қаламига мансуб «Зов остида адашув» номли хикоясини таҳлил қилиш ва унга ўз шахсий муносабатимни иншо тарзида баён қилиб келиш топшириғи юклатилди. Севнидим. Яқин партадош ўртоғим Азамат билан қишлоғимиз марказидаги чоғроқ кутубхонага келиб Шукур Холмирзевнинг бошқа-да китобларини ахтара бошладик. Кун совуқ эмасми, изғирин ел, бош кийимимизни ҳам учиришгача борар, бир томондан яқинлашиб келаётган янги йил байрами арафасида тинимсиз ёққан қор, бу ғамгин кайфиятни ботинимиздан ташқарига қувиб соларди…
Ўша куни кутубхоначи опамизни бир эплаб китоб беришга кўндирдик.
— Сизлар ҳар сафар китоб олиб кетиб, вақтида топширмайсизлар. Сизларга китоб беришга ҳам иккиланиб қоласан киши. – дегандилар.
Азамат ҳам гапга унчалик чечан бўлмаса-да, пайтини пойлаб, бир сўз топарди, худдики, файласуф кишига ўхшаб мулоҳаза юритарди.
— Опа, сиз бундан ҳеч бир ғам еманг, бизлар кутубхонанинг доимий аъзосимиз, шу сабабли бизларни китоб ўқиш ва мутолаадан кўнглимиз совишига йўл қўйманг, ахир китоб бизнинг дўстимиз, — деганди.
Кутубхоначи опа (исми ҳозир эсимда йўқ) – майли, лекин кўпга йўқолиб кетманглар, сизлардан ҳам бошқа китобсевар болалар бор, дея номимизга излаб топган асарларни ёзиб, бериб юборардилар. Бизлардан ҳеч қандай ҳужжат сўрамасди. Сабабки, бизлар ўша кутубхонанинг доимий ўқувчиларидан бири эдик-да!
Қўлимда китобларим солинган папкамни эгнимга илиб, ўртоғим Азамат билан кинотеатр биқинидаги йўлдан ўтиб, уй томон борардик. Шу пайт Азаматни қийнаётган нарса нима эканлигини жуда яхши ҳис этардим. Этардиму унинг менга ўзи айтишини кутар эдим.
— Ўртоқ, — дея гап бошлади у, қалин палтосига муқимроқ ўраниб олиб, — мени қизиқишим математика, сеники эса адабиёт, демак иккимиз бошқа-бошқа оламнинг сирларини билишга қизиқамиз. Мен шеъриятни, адабиётни сенчалик чуқур билмайман. Шунинг учун бир ёрдам қилсанг, — деди қалин қорни «ғарч-ғурч» босиб юраган кўйи.

— Хўш, мендан нима ёрдам сўрамоқчисан? – дедим гапига истиҳола маъносида.
— Сендан шуни истардимки, келаси дарсгача Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон» шеъридан бир-икки парча таҳлил қилиб берсанг, яъни эркин иншо ёзишимга қарашсанг бўлди. Эвазига математика фанидан ҳисоб чиқариш, масала ишлаш вазифаларингда кўмаклашаман, — деди.
Менга унинг фикри жуда ёқиб тушди. Сирасини айтганда, математикани, «ғиж-ғиж» ҳисоб-китобни ишлашга, ундан тўғри хулоса чиқаришга кўнглимда бир эҳтиёж йўқ эди. Матаматика дарсларида жуда зерикканим сабаблими, ҳеч бир масалани охиригача ишлашга ўзимда сабр-тоқат тополмасдим.
— Майли, ўртоқ. Таклифингга розиман. Фақат орамизда қолсин, эртага якшанба, уйга келсанг бирга дарс қиламиз. Муаллим берган топшириқларни, яъни, адабиёт ва математика фанидан ҳам биргаликда, олдиндан тайёрлаб қўямиз, дедим. Гаплашиб келаётиб, уйга етиб олганимизни ҳам сезмай қолдим. Чапга бурилиб, у уйи томон кетди. Мен эса тўғрига қараб, ўз уйим томон юра бошладим…
Уйга келгач, опам1нинг тайёрлаб қўйган ошини еб бўлгач, дарсхонамга қараб чопдим. Менинг хонамда акамнинг ҳам эски китоблари тахт бўлиб турар, баъзи пайтлари тушунсам-тушунмасам ҳам, ҳар хил соҳага тегишли адабиётларни ўқир эдим. Ўша куни ҳамма китобларни бир чеккага авайлаб тахладим-да, кунгура пеш ёнига кўрпача солдим. Уй иссиқ эди. Ўша йили қиш қаттиқ келганидан кейин, ҳовлимизга дадам бир мошин кўмир туширган эди. Бир қалов кўмир билан уй лов-лов қизирди. Адабиёт дарслигимдан Шукур аканинг ҳаёти ва ижодини, ҳикоя тўғрисидаги назарий маълумотни ва сўнгра «Зов остида адашув» ҳикоясини ўқиб, иншо дафтаримга ўз фикрларимни баён қила бошладим. Негадир бу ишимни жуда ёқтириб қолдим. Бола эмасманми, ҳикоя қаҳрамонининг катта ўрмонда адашиб, отаси, онаси, синглисидан айрилиб, бошқа бир уйча олдидан чиқиб қолиши ҳақидаги жонли тасвирларни қайта, такрор ўқирканман, ўзим каби тенгдош болага ичимда қандайдир ачиниш ҳисси кучаяр, ҳовли этагида безрийиб турган катта мушукнинг ҳар вақт, ҳар вактда «мияв» деб мунгли овоз чиқаришини кўз олдимга келтираканман, худди мен ётган дераза олдида шундай мушук тургандек бўлиб, кўзимга кўринар, қўрқинч ботинимни тимдалар эди. Ўша пайтдан бошлаб Шукур аканинг ижодига бўлган меҳр кўнглимнинг бир бурчагида бошқача тарзда улғая бошлади…
Эртаси куни ўртоғим Азамат ҳали мен уйқудан уйғонмасимдан олдин, тонг саҳари уйга кириб келган экан.
Опам бўлса, — ҳали ўғлим мазза қилиб ухлаяпти, хонасига киравер, баҳонада уйғониб ҳам колар, деб менинг ёнига бошлаб кирибди. Қарасам, не кўз билан кўрайки, ёстиғим бошида ўртоғим қунишибгина ўтирибди:

— Ҳой, уйқучи, кеча нима деб келишган эдик, мен вадамнинг устидан чиқиб келдим, сен эса ҳали мушукка ўхшаб иссиққина пешнинг ёнида ухлаб ётибсан, турмайсанми? – деди.
Ўртоғимнинг оғзидан «мушукка ўхшаб» деган сўзни эшитдиму бирдан устимдан кимдир совуқ сув қуйиб юборгандек, бир бошқача ҳолга тушдим. Тушдиму ўрнимдан сакраб туриб кетдим. Мен эрталаб чой ичмасдан бирон-бир ишни қилгим келмасди. Аввал қорин ғами, кейин ўқиш ғамини кўришга киришардим…
Ойим ҳар куни эрталаб, мен ва синглим учун бир пиёла сигирнинг қуюқ қаймоғидан олиб қўярди. Бугун ҳам шундай қилиб, ошхонадаги ўчоқнинг чеккасидаги стол устига қаймоқ қўйиб, устини оқ дока билан ёпиб қўйган эканлар. Иссиққина чой ва нон, қаймоқни ўртоғим билан тановул қилдик. Шу кўйи хонадан чиқмасдан, қор бўрон ўйнамасдан, ҳатто ҳар доимгидек чанғи учишни бас қилиб, дарс қилишга шўнғиб кетибмизки, тушлик ўтиб, қорнимиз очиққанини ҳам унутибмиз. Устига-устак опам бозорга кетган, акаларим ҳам ўз ишлари билан банд бўлиб, уйда деярли тушлик пайти ҳеч ким бўмган экан. Бир пайт ўртоғим Азамат менинг кечагина кутубхоначи опани ҳоли-жонига қўймай, артистлик қилиб олган китобнинг суратларини, ич ва ташини томоша қилиб гапириб қолди.
— Ўртоқ шу китбни бугун менга бериб туролмайсанми, эртагача бир-икки ҳикоя ўқиб, мактабга олиб борардим,- деди.
Мен эса дўстинг учун заҳар ют деганлридек, ундан ҳеч бир нарсани дариғ тутиб бўлмаслигини тушуниб, ахийри беришга рози бўлдим. Ҳатто ўзим ҳам уни ўқимасимдан олдин, Азаматга ўша куни бериб юбордим…

***

Орадан йиллар ўтди. Бу оралиқда мактабдаги таълимни аъло баҳоларга тугатиб, устозларим ва ота-онамнинг маслаҳатию оқ йўл тилагини олиб, шаҳарга қараб йўл олдим. Азамат эса, ўзи қизиққан соҳа – Урганч шаҳридаги темир йўл билим юртига ҳужжат топшириб, ўқишга қабул қилинди. Мен эса Нукус давлат университетининг филология факультети биринчи курсига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Менинг ботинимда адабиётга ҳақиқий шайдолик ана ўша пайтдан бошланган эди. Амударёлик Олимжон Дуйсенбаев бу борада бир қатор маслаҳатлар берар, Шукур аканинг ижоди бўйича ўз билганларини ҳикоя қилиб, илмий атамалар билан таҳлил қилиб, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатар эди. Мен эса ўша пайтлари бу инсоним – Шукур Холмирзаев ижоди хусусида билганларим, денгиздан бир томчи эканлигига иқрор бўлдим. Шукур Холмирзаев нафақат ХХ аср ўзбек ҳикоячилиги тараққаёти, балки жаҳон адиблари билан бемалол бўйлаша оладиган, бир-бирини сира такрорламайдиган, умуминсоний ғояларни илгари сурган дилбар ҳикоялари, қиссалари, романлари, ўзига замондош инсонлар ҳақида юрак қони билан битган эсселари мактаб яратганлигидан далолатдир. Шукур Холмирзаев адабий гулдастасида юздан ошиқ ҳикоялари ҳеч иккиланмай айтиш жоизки, дунё адибларининг нодир намуналари билан бир қаторда тура олишига имоним комилдир…

***

Шукур ака бир адабий суҳбатларининг бирида шундай дейди: «…адабиётдаги ҳар битта жанр ҳам ўз даврига хос, унинг эҳтиёжларини тўлароқ ифодалаш замирида пайдо бўлар экан. Эссе ҳам шу тариқа пайдо бўлган экан. Демак, унинг пайдо бўлган макони Франция ҳисобланади. Умуман, Француз адабий тафаккури ҳамиша бошқалардан олдинроқда юрган ва замоннинг талабу эҳтиёжларини бошқа дунё адибларидан илгарироқ ҳис этган…» Мен бу келтирилган фикрларни шунчаки эслатиш эмас, у кишининг бадиий жанр борасидаги холис ёндашувини, моҳир синчи-ёзувчи эканлини айтиб ўтиш учун келтирдим. Шукур ака бутун онгли ҳаётини адабиёт ва унинг эртаси, ёруғ келажаги учун бахшида этган санъаткордир. Эсланг, ҳар бир ҳикоясида қаҳрамонларнининг ўзлари ҳаракат қилади, ёзувчи уларнинг ичига кириб, ёки воқеаларга аралашиб, баҳолашга шошилмайди. Мақсад ҳодисани – кўрсатиш. Кўрсатиш замирида инсонга буюк эҳтиром билан қарайди. Баъзан шафқатсизларча муносабатда бўлиши мумкиндир, аммо зинҳор-банзинҳор инсон ҳаққи-ҳурмати Шукур аканинг тасаввурида мусичадек беозор, кўнгли юмшоқ шахс бўлиб гавдаланади.
Ҳар бир инсон ботинида ҳеч кимга айтолмайдиган, пинҳон тутадиган сирлари бўладики, Шукур ака умрининг охирги йилларида ёзиб қолдирган раҳматномаси ҳажман романчалик келадиган асари валинеъмати акадекмик Матёкуб Қўшжоновга бағишланган. Эссе “Бу кишим – устоз, мен – шогрид” деб номланиб, унда ёзувчи янада очилди… Дунёда ижодкорки, бор ўзига ҳаёт йўлларида, ҳаёт сўқмоқларида, теран мушоҳадакор фикрлари билан йўл-йўриқ кўрсатган, холис маслаҳатларини берган инсони ҳақида ёзмаган бўлсин. Шукур аканинг бир-бирини сира такрорламайдиган, мазмун ва шакл жиҳатдан жиддий тавофутланадиган ҳикоялари қатори, эсселарида ҳам шунчаки воқеалар хронологик тартибда эмас, ўша асар қаҳрамонларининг руҳияти, кайфияти, борингки, яхши-ёмон хислатларини «қоралаш»ни мақсад қилмаган. Мавлоно Румийнинг «Қандай бўлсанг, шундай кўрин, Қандай кўринсанг шундай бўл» ҳикматига қиёсан оладиган бўлсак, Шукур аканинг ботинидаги ҳасратини, замондош ёзувчиларнинг собиқ иттифоқ даврида қадри оёқ ости бўлиб, мафкура зуғуми тагида ижод қилаётганларнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиш ниятида ёзганлиги шубҳасиздир. Бунда «Одил ака ҳақида ўйласам», «Бинафша ҳидланг, амаки!», «Йўллар айро тушди, аммо», «Эҳ, Шуҳрат акам-а!» каби ўнлаб эсселарини мисол келтириш мумкин.
«Эссе эркин ижод» экан ўзбек эссенавис ижодкорлари орасида Шукур ака, бу жанр имкониятларини ҳам, жанр қоидаларини ҳам парчалаб, ўзига хос, гўзал тарзда ҳикоя қилиб бердики, ўқиган киши худди бадиий асар ўқигандек ҳис этади. Мен бир очиқ ҳақиқатни айтишим мумкинки, Шукур аканинг адабиёт ҳақидаги қарашлари, айниқса, роман, ҳикоя, эссе, қисса каби жанрлар борасида айтиб ўтган фикрларини ўқиб, жаҳон адабиётининг ўнлаб адиблари ижодига меҳрим тушиб қолди. Шолоховнинг бир-икки ҳикоясини ўқимаганимда, деярли бошқа асарлари – романларини ўқимаган эдим. Шукур аканинг ўзлари ўша роман босилиб чиққан пайтлари том-том қилиб олиб, қўлидан қўймай ўқиганлигини айтиб ўтади. Дўсти Абдулла Орипов ҳақида битган «Йўллар айро тушди, аммо» эссесида унга ҳурмати чексиз эканлигини гўзал сўзлар билан изҳор этади. Шукур ака дарёдил инсон эканлиги ўша эссесида яна бир карра кўз олдимизда намоён бўлади.Ўзинг билган, ўзинг тушунган, англаб етган ҳақиқатлар хусусида ёзиш қандай мароқли. У пайтда орага ҳеч қандай ёлғон аралашмайди. Шукур ака ҳам ҳар бир асарида ўзлари иқрор бўлганларидек, Сайёра опага битган сўнгги мактубида ёзади: «Ўксима болам, даданг ҳамиша ёнингда бўлади. Менинг руҳим ана шу асарларимда. Бирон-бир китобимни қўлингга олсанг, ундан Менинг сиймом кўриниши аниқ. Кейин кулиб эслайсанми, йиғлаб эслайсанми – ихтиёринг…»

***

Инсон ҳамиша кўнглида нимагадир эҳтиёж сезиб яшайди. Лекин адабиёт оламида, айниқса, бадиий ижод билан шуғулланаётган одамда бу ҳол жуда бошқача намоён бўлади. Ижодкор қавми ҳамиша ўз олами ичра безвота, сиқилади, эзилади, ниманидир ўзи билган ва тушунган оламида топса «кашф» этса севинади… Бу севинч ҳам узоққа чўзилмайди. Бир-кун, икки-кун ўша ёзган «нимадир»нинг тотли оғушида яшайди, аммо унинг лаззатидан, (қаранг инсон ўзини-ўзи овутиш йўлини топгани – санъатига тасаннолар айтигинг келади! Ш.Холмирзаев) жуда узоқ чанқоғини босиш учун ичилган сувдек такрор-такрор ичолмайди. Сабабки, яна хаёлларига тутқун бўлади ва эвазига бошқа бир асар дунёга келади. Ёзганларидан бирда кўнгли тўлса, бирда кўнгли тўлмайди. Шукур Холмирзаев ўзининг ёзган баъзи асарларидан сира кўнгли тўлмаган. Масалан, ҳозиргача адабий жамоатчиликнинг, танқидчилар катта авлоди О.Шарафидинов, У.Норматов, Ҳ.Болтабоевлар диққат-эътибори марказида келаётган, ўрганилишда давом этаётган «Динозавр» романини олиб қаранг, Шукур аканинг нуроний чеҳраси китобни варақлай бошлаганингизданоқ кўз ўнгингизда зоҳир бўлади…
«Эҳ, Шукур акам-а!», дегинг келади, ўша пайтлар… Ижодкор шахс ҳамиша безовта дедик. Шукур ака «Сирли Дўрмон»дан чиқмасдан, чоғроқ ҳужрасида яшаб, умрининг охиригача ижод қилди… Унга бир пиёла қаҳва ва бир қути сигарет бўлса етарди. Бошқа ташвиши ўз йўлига, аммо (йўқлаб келувчилар унга қайси мақсадда келишиданоқ биларди!) қўлидан келганича, «Ке, шу ҳам Худонинг бир ожиз бандаси-ку? Мендан нима кетибди» деб ўз-ўзига тасалли берарди, эҳтиёжманднинг кўнглини чоғлаб, хурсанд айларди-да, оқ йўл тилаб, дуо ўқирди.
Мен Шукур Холмирзаевни 2005-2011 йиллар оралиғида ҳикоя, қисса, роман эссе ва кўплаб адабий-танқидий мақолаларини ўқиб чиққач, шундай кашф этдимки, яъни тушундимки, у киши маънавият борасида ўта теран мулоҳазали эканига юз бор, минг бор амин бўлдим. Ўзлари айтганидек, «инсон бўлиб туғилдингми, инсон бўлиб қол» нақлига амал қилдилар-да, такрорланмас асарлар битди. Асарлар битдики, ўз-ўзини янада чуқурроқ англай бошлади. Аслида ҳам шундай! Ҳар бир инсон дунёи-дунга қадам ранжида қилган кунидан бошлаб – нималарнидир билишга қизиқади. Бу қизиқишлар эса ҳар кимни ўз имконияти – қобилиятига қараб саралаб, тарбият қилиб бораверади. Ёзувчи ҳам шундай бир олам соҳибидирким, бу оламга кириб келганлар афт-ангорига, феъли-дидига бир қур назар ташлайди. Асаларига менгзагим келади ҳақиқий ижодкорларни. Битта ари уясига юзлаб чақрим масофа – йўл босиб, бир грамм нектар олиб келса, «эшик оғаси» назоратчи арининг кўригидан ўтади. Борди-ю, келган ари бирор бир зарарли гулга қўниб, нектар йиғиб қайтган бўлса, шу ернинг ўзидаёқ уни ўлдиришади… Мен асал аридан ўрганиш керак, демоқчи эмасман, Шукур ака каби ҲАҚИҚИЙ адабиёт фидойиси бугуни ва эртаси учун жон куйдиради. Қайғуради… Қимматли вақтини қизғонмай, асарини ўқиб, «Ука яхшиси бошқа бир касб-корнинг этагини тутгин, менга ёзганинг зиғирча ҳам нафи тегмади, ёзувчилик сени табиатингга ёт нарса экан», деб юзига дангал айтади ҳам.
Шукур акани ШАХС сифатида улуғлаб, яна шу нарсаларни айтиш мумкинки, дунё адабиёти кутубхонасида юзлаб ҳикоянавислар асарлари тахлами турибди. Лекин улар орасида Шукур Холмирзаев деган дастхатнинг йўқлигидан дилинг ранжийди, юрагинг озорланади. Сабабки, Нобель мукофоти билан сийланган Хемингуэйлар ҳам Шукур акачалик ёзолмаган, ёзолмасди ҳам… Шукур Холмирзев яратган боғ – турли жанрдаги адабий-бадиий асарлар асрлар ўтса ҳамки, эскирмайди, қаримайди. Бир пайтлардаги Бойсундан келиб шаҳри азим Тошкентда тушган суратларидаги каби АЛП йигитнинг чеҳрасини эслатиб тураверади… Мен битта инсоним – Шукур ака ҳақидаги дилимнинг қатъ-қатъида йиғилиб ётган, у киши ҳаётлик пайтларида айтолмаган гапларимни вафотидан кейин, олти йил ўтиб, оқ қоғоз юзига бир-бир тўкаяпман… Буюклик, улуғлик ҳақида, тўлиб-тўлишиб гапириш мумкиндир, инсоннинг барча хислату фазилатлари биргина БУЮК деган сўзга яширинган маънони қанча таърифласак ҳам адоғига етиб бўлмайди… Шукур ака шахсияти ва ҳаёти ана шундай тарорланмас, ғоят кўп гўзалликларга бой, мазмунли умр кечирганлиги, бу – Худонинг истаги ва инояти, шу дилбар инсонга берган сийловидир…

***

Шукур ака ўз туғилиб ўсган юрти, Ватанида меҳмонга дўсту қадрдонларини олиб боришга жуда иштиёқманд бўлган. Бу иштиёқ эса Шукур акани, то умрининг охиригача асло тарк этмаган. Тарк этолмаган. Сабабки, Шукур ака барча ёзганлари – асарларининг моҳиятида Бойсуннинг таърифи, тавсифи, ҳаёти, яшаш тарзини моҳирона синчиклаб тасвирлайди. Ҳар гал Бойсунга борганида янги-янги ғоялар, янги-янги қаҳрамонлар билан Тошкентга қайтиб келади… Хаёлида бир неча ҳикояларнинг сюжетини, композициясини, ғоясини, ҳатто ўзининг шафқатсиз услуби оҳангига солиб пишитиб келади… Булар эса шаҳарга келгач, бир гўзал АСАР бўлиб дунё юзини кўради. Ўзи кўрган, бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни бир бошдан эринмасдан, қандай бўлса шундайлигича БАДИИЙ приёмлари билан тасвирлар эдики, булар ўқувчини номаълум бир оламга, гўзал бир ҳаётга бошлар эди. Сафдошлари Одил Ёқубов, Ўлмас Умарбеков, Абдулла Орипов, Рўзи Чориев, Менгзиё Сафаров, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаров, Низом Комил каби ўнлаб ижодкорлар Шукур аканинг Бойсун аталмиш юртида, қишлоғида, тоғу дараларида, ўрмону адирларида меҳмонда бўлган… Меҳмонда бўлганки, ёзган ҳикоя қаҳрамонларининг прототиплари билан бир-бир таништирганлар ҳам. Каклик овига чиқиб, бепаён тоғ этакларида ётиб, АДАБИЁТ ҳақида узун-узун суҳбатлар қурганлар… Бу суҳбатлар энди яратилиши мумкин бўлган ҳикояларга доялик қилган бўлса ажабмас… Ўзи суйган шогирдлари: Усмон Азим, Эркин Аъзам, Қўчқор Норқобил, Сирожиддин Саййидларга алоҳида меҳр-муҳаббат билан қараган, дастлабки асарларини ёзиб матбуотда кўриниб қолган пайтида, уларга «Кел, ука сени бу савоб ишинг билан табриклайман, қўлингни сиқиб қўяй, агар шу йўлда бўшашмай кетсанг, сендан зўр ёзувчи чиқади», деб хайрихоҳлик кўрсатган. Мен Шукур аканинг яна бир фазилатига қувондимки, ҳеч қачон бировга ёмонликни соғинмаган, дилига озор бермаган, тўғри гапни дангал юзига айтиш марднинг иши бўлса, мардлик қилган… Ҳар хил одам бор. Дунёда етти миллиард одам бўлса етти миллард характер бор. Бири-иккинчисига зоҳиран ўхшаши мумкин, лекин ботинан асло ўхшамайди… Шунинг учун айтса керак-да, «ҳар бир инсон алоҳида бир олам», деб улуғ авлиёлар…
Ёзган ҳикоялари – асарларининг деярли барчасида Бойсун табиати, ўрмон ва қирлар, тоғлару тепаликлар ҳақида чиройли ташбеҳлар, қандай бўлса шундайлигича, яъни табиий қилиб тасвирлайдики, буни ўқиганимизда кўз ўнгимизда «ар-ар арчалар», «шилдир-шилдир» булоқлар, «булутга ёндош тоғлар» намоён бўлади. Бўладики, оламга, табиатга, ундаги тирик жон борки, кўнглингда меҳр туйғуси уйғона бошлайди. Санъат шуниси билан санъат экан. Биргина кўнгилдан тўкилаётган изҳоридил, бир пайтнинг ўзида юзлаб инсонлар қалбини забт этаркан, эта оларкан…
«Ҳикоя ичида ҳикоя» қилиб бериш усули ёзувчининг ўзига хос маҳорат эгаси эканлигидан далолат беради. Бунинг учун ижодкорда, тасвир этилаётган воқеага ўз шахсий муносабати, воқеани баён қилишнинг ўзгача йўли, аниқроғи бадиий приёмга қанчалик усталиги, маҳорат, истеъдод кабилар ҳам бўлиши керакки, ёзувчида эса ана шу жиҳатларнинг барчаси мужассам. Диалоглар ҳам қуруқ сўзлардан иборат бўлса, яъни гапираётган қаҳрамонлар «жуда кўп гапирса»ю кишини ўйлантирадиган сифатлар кам бўлса ундай сўзлар билан китобхонни ишонтириб бўлмайди, албатта! Шукур ака эса бундай «қуруқ сўз»дан қочади. Бу ҳақда шундай фикрларни илгари суради: «Ҳикоя ёзганда ҳам, ёзаётганда ҳам ўзингни эркин ҳис этасан, нафсиламри, «китоб ўзи учун ўзи жавоб беради» деганларидек ҳикоянинг ўзи ҳам ҳар бир асар каби ўзига хос бир олам, сен – ёзувчи – шу олам устидан туриб, ундаги ўзинг бино этган саргузаштларни, Флобер айтмиш «инсонлар тақдирини кузатувчи Худо сингари кузатасан», лекин, албатта, улар ишига ҳадеб бош суқавермайсан». Бундай ҳаётий иқрордан шуни англаш мумкинки, ҳар бир нарсага ўзига хос тарзда ёндашувидан, масъулиятни ҳис этишидан, юксак маҳорату Аллоҳ берган истеъдоддан хабар беради. Чунки ҳамиша у кишининг кузатувлари табиий равишда Инсоният камолоти, эзгуликларга хизмат этиш учун интилиб, талпиниб яшаши кўз олдимизда намоён бўлади.
Бойсун ҳақида юзлаб ҳикоя яратди. Лекин ҳар бири жаҳон ҳикоячилик мактабининг шони бўлган адиблар яратиқлари билан менгзаганда алоҳида ажралиб туради. Шакл ва мазмун жихатидан ранг-баранг, бир-бирига сира ўхшамайдиган образларга тўла, ҳикоя моҳиятида инсоният дарди ва маънавияти ўз тажассумини топганлигининг шоҳиди бўламиз. Адибнинг ёзувчи бўлиб шаклланишида, камолот чўққиларига етишида Бойсун «ҳаво»си Сурхон калорити беқиёс роль ўйнаган. Сабабки, бепоён дашту далалар, арчазорлар, қирлар, адирлар ҳақида ҳикояни мутолаа қилиш жараёнида ҳар биримизда бошқача меҳр, тасаввур уйғонади. Дастлабки ёзган «Кўнгил», «Бир кўрган таниш…», «Олис юлдузлар остида», «Соғинч» каби ҳикояларида бунинг ёрқин ифодасини кўрамиз…
…Кунларнинг бирида Тошкентга сафарга отландим. Албатта бу илмий иш юзасидан эди. Шоир Усмон Азимга қўнғироқ қилиб, уйларига меҳмонга бордим. Мен бормасимдан олдин 1999 йили «Ёзувчи» газетасида чоп этилган «Адабиёт, адабиёт, адабиёт…» номли суҳбат-мақоласини эндигина қайта ўқиб тугатган экан. Шу пайт салом-аликдан кейин «Қарагин, босилиб чиққанида ўзлари ҳаёт эдилар, мана ўн йил ўтибдирки, ҳали ҳам оҳори тўкилмаган, бу гаплар чиндан ҳам изтироб,изтироб бўлганда ҳам КАТТА АДАБИЁТнинг нурли келажаги хусусида экан. Мен ўқидиму юрагим бир бошқача безовта бўла бошлади. Ҳозир ҳаёт бўлганларида борми…» дедилар. Шунда бир пиёла чойдан кейин суҳбатимиз адабиёт ҳақида ва бу адабиётни Шукур Холмирзаев ижодига табиий равишда боғлаб, унинг ХХ аср, умуман, ўзбек адабиёти хусусидаги фикр-мулоҳазаларни Усмон Азимнинг ўзларидан эшитдим. Мен жим тинглардим. Гўё Усмон аканинг рўпарасида ўтирибману хаёлимда Шукур ака гапираётганидек эди. Янгамиз Раъно опа ошхонада нималардир қилиб куймаланар, турмуш ўртоғининг олис қорақалпоқлик шогирди келганидан севиниб, чучвара пиширишга киришиб кетган эди. Усмон ака билан уч-тўрт соатлик гурунгимиз адабиёт ва шеърият, ғойибона устозим Шукур ака ҳақида бўлди. Бирга ўтказган энг масрур, энг дилбар кунларини ҳикоя қилиб берди… Бу учрашувлар ҳам киши кўнглига умид, ишонч, адабиёт учун жонфидолик қилиш кераклигини ўргатди. Ҳа, ҳа, худди шундай…

***

Бошимиз гоҳ эгик, гоҳ кўкка етди,
Умр лаҳза-лаҳза ўтдию кетди.
Боқдим чўққиларга… тоқатим битди! –
Сайрон жайронлардек еламанми-йўқ,
Бу тоғларга мен яна келаманми-йўқ.

Муҳаммад Раҳмон.

Мен ҳалигача бир нарсанинг хумори бўлиб келаётирман. Бу ҳам бўлса Адабётнинг нақадар кучли ва қудратли Санъат эканлигини битта ёзувчи ижоди орқали яқиндан танишим ва бу таниб-англаб етган тушунчаларимнинг бир кемтиклиги, сирасини айтганда юрагимнинг тўлмаслиги ва бу кемтикликни тўлдирадиган, мен билан бир Ватанда яшаб, ҳавода нафас олиб юрадиган Инсонимнинг йўқлиги доим кўнглимга оғир ботаверади. Ижодкор руҳияти, ижод лабараторияси, шахси, оиласи, ҳатто қизиқишларигача қанчалик кўп билишга шошилмайин ва булар шунчалик камлик қилаверади… Ҳаётнинг гўзаллигини, Адабиётнинг инсоният учун нақадар керак бирламчи Санъат эканлигини ўзларининг ёнгинасида ўтириб, билгим, сўрагим келаверади. Афсус, афсуслардан бошқа бир сўз тилга келмайди. Шукур аканинг умри мазмунли ўтди, маъноли ўтди, шулар туфайлигина КАТТА АДАБИЁТимизда АБАДИЙ сиймо бўлиб қолди. Бойсунга сўнгги бор 2004 йил ташриф буюрган ҳассос адибимиз Шукур Холмирзаев кўнглидан нималар ўтганини билиш қийиндир, лекин ишонч билан айтаманки, ёзувчи ўзи туғилиб ўсган Бойсун тупроғининг гўзаллиги, юртдошлари меҳрига тўймай кетди. Инсон умри охиригача шундай яшаса керак-да. Соғинч, қумсаш доим кўнгилга қайсидир маънода завқ ва шижоат бағишлайди. Бордию ижодкор бўлса, албатта бу ҳақда ўлмас асар битиши муқаррар. Адабиётдан бу ҳақда жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин… Шукур Холмирзаев ҳикоялари, қиссалари, романлари, эсселари, драмалари, адабий-танқидий мақолалари билан ўзбек адабиётда, жаҳон адабиётида бой маънавий мерос қолдирди. Булар шу муқаддас заминда туғилиб ўсаётган, камол топаётган ҳар биримизни зиёга, комилликка, эзгуликка чорлайверади ва биз билан у кишининг пок руҳлари яшайверади… Яъни ўзлари алоҳида айтганидек, «Илло, орқамга ўгирилиб қарасам, мен ҳаётимдан розиман, кейинги бир неча йиллардан ҳам жуда розиман. Нимагаки, мен ҳар куни ёздим, ёзишдан қолганим йўқ, нимагаки, энг яхши ҳикояларимни кейинги шу ўн йилликларда ёздим, нимагаки, адабиёт нималигини ҳам, ёзувчи кимлигини ҳам шу мустақиллик шарофати билан янгидан кашф қилдим. Мен розиман…», деб битади.
Тақдир, айрилиқ ҳақида кўплаб гапириш мумкиндир, бу Инсоним ҳақида қанчалик тўлиб-тошиб ёзмайин, барибир ичимдан бу кишига бўлган меҳрим, изҳорим қайнаб чиқаверади… Шу пайт қаламни олиб, сал нарига суриб қўйясан, хаёлингда яна нималардир уйғонади, тасаввурга сиғмаган, юракни жунбишга келтирган ҳайратларни кейин секин-аста шеър қилиб тўка бошлайсан…

Бойсуннинг сервиқор тоғлари ҳатто
Олис маконлардан турар кўриниб.
Ғамгинлик чўкибди ўрмонларга ҳам,
Эҳ, Шукур акамнинг ўрни билиниб…

Адабиёт эди, жони жаҳони,
Шоҳона яшашни истамади ҳеч.
То умри битгунча ёзди, ёздилар,
Ҳеч кимдан ҳеч нарса таъма қилмади.

Кузда салқин тортар, ботиндаги дард,
Қўзийди, дилингда ётган ҳасратлар.
Унинг қалбидаги тоғ каби ҳайрат,
Китоблар, китоблар, китоблар…

Инсон бу дунёга келар жафоси,
Инграб кўз очади ёруғ дунёга.
Йиллар туғиб берган мунг ва нидоси,
Ёзувчи қалбида дўнар китобга …

Энди ёлғизликда яшаш қолдими?
Энди кўз ёшлар ҳам бефойда, бенаф…
Энди Бойсун ғариб, Бойсунжон ғариб,
Энди орзуларим бўлди ҳар тараф…

Қисмати ёзишдир, қисмати адаб,
Сокин маъволарда руҳи хотиржам.
Энди юрагимда кемтиклик ё, Раб!
Шукур акам йўқдир, Бойсун бири кам…

Адабиёт сирли жозибсан асли,
Асли тоза юрак сенга мафтункор.
Қани айтиб бергин менга ҳам эртак –
«Бу ёруғ оламда Шукур аканг бор…»

2013 йил,февраль

(Tashriflar: umumiy 286, bugungi 1)

Izoh qoldiring