Xurshid Do’stmuhammad. Ikki romandan iborat yangi kitob: «Donishmand Sizif»

Ashampoo_Snap_2017.01.04_15h13m30s_001_.png    Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг икки асари: олдинроқ ёзилган «Бозор» романининг  қайта ишланган нусхаси  ва янги «Донишманд Сизиф» романидан иборат китоби «Ўзбекистон» нашриёти томонидан чоп этилди. Ёзувчи туғилган куни арафасида бугун «Бозор» романини, кейинги кунларда эса янги роман билан таништиришни ўйладик.

004
«Бозор» романининг қаҳрамони Фозилбек оғир руҳий изтироблар исканжасида. У ўзининг дунёга келиш синоатларини, онасининг дийдорига етишиш бир умрлик армонга айланганини сира унутолмайди, ўзи оила қурадиган фурсат етганда эса тўкис оила асосларини ўзича талқин этадиган йигитга айланиб улгурганди. Қизиғи, у барча ҳаёт ҳақиқатларию машмашаларини ўзгараётган бозорий мезонлар чиғириғига солади, муттасил мушоҳадага берилади. Чунки у бозорчилар сулоласи фарзанди – бозор одами…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
БОЗОР
Роман
004

     Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилнинг 8 январида Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1973). «Фан» нашриёти ҳамда «Фан ва турмуш» журналида муҳаррир ва бўлим муҳаррири (1973-83), «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида мухбир (1983-84), «Ёш куч» журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир (1984-95), Республика Президенти девонида масъул ходим (1995-97), «Ҳуррият» газетасида бош муҳаррир (1997-2002) ва Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида ҳамраис (1997-2004), «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бош муҳаррири (2002-05), Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг раис ўринбосари (2004-05), Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси (2004) бўлиб ишлаган. У филология фанлари доктори.

Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йилда «Гулистон» журналида эълон қилинган. Ёзувчининг биринчи қиссаси «Нигоҳ» номи билан 1987 йилда «Ёшлик» журналида босилди. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби эса 1989 йилда нашр этилган. Шундан кейин ёзувчининг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», айниқса, «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000), “Қиссалар” (2011) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган.

Хуршид Дўстмуҳаммад, шунингдек, қатағон қурбонларидан бирининг фожиали тақдирига бағишланган «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, “Озод изтироб қувончлари” (2000), “Журналистнинг касб одаби муаммолари” (2007) китоблари, «Чаёнгул» киносценарийси муаллифи (2000).

Хуршид Дўстмуҳаммад япон адиби Акутагава Рюкоскэнинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини таржима қилган.

Хуршид Дўстмуҳаммад 1 ва 2 чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси (2005) бўлган

004

…ор
…зор
…озор
…бозор

1

– Қани, кеп қолинг, асалидан оп қолинг!
– Асал бўлса, сотармидинг, анойи?!
– Бешик борми, бешик?
– Сумаги қолди, опоқи, сумаги!..
– Тери борми, тери?
– Тўйга қалампир ола кетинг!
– Қўй териси керак, тери!
– Қопқон опкетақол, този!
– Шўртак қурут керагиди?
– Жевачка олсанг-чи, оповси!..

Бозор-да, ҳар ким керагини сўрайди, ҳар ким топганини сотади, эплаганини олади. Бозор майдонлари, раста оралари қадрдон қўтонга янги қайтган подани эслатади – шом қоронғисида адашиб-нетган она-бола қўй-қўзи, эчки-улоқ сингари харидор сотувчисини, сотувчи харидорини қулоғи динг, кўзи жонсарак елиб-югуриб излайди. Овози борича, кеп қолинглар, деб чорлайди. Ҳали-замон қуёш ланғиллаган шойи этагини йиғиштириб оламни, оламга қўшиб бозорни, бозорга қўшиб тумонатни зулмат ихтиёрига топширади, қора оломон эса ҳозироқ харид қилмаса жони бўғзидан чиқиб кетадигандек бақиради-чақиради, туртинади-суртинади, алдайди-алданади, сўкади-сўкиш эшитади…

Бозор-да, издиҳом: одамлар тўрт тарафдан келаверади, тўрт тарафга ўтаверади – оқ, қора, малла, зангори… семиз, хипча, ориқ… новча, ўртабўй, пакана… майиб-мажруҳ… хушрўй, хунук… На афт-ангори, на энгил-боши, на феъли, на-да, юриш-туриши ўхшайди… Аллоҳ таоло бандаларини бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратган, бозор эса гўё тангри таоло панжасига панжа урмоққа қасд қилган гумроҳдек, бани башар вужудидан “нафс” дея аталмиш бир балои азимни топган… бу ёруғ дунёда бир-бирига тариқча ўхшаган-ўхшамаган тирик жон борки, нафси ўхшайди, нафс бир хил, нафс одамларни бир хиллаштиради, тафовутларни йўққа чиқаради, бозор мана-ман деган инсони комилни ҳам ялписига – битта қўймай бозорга солади: одамларни бетма-бет рўпара келтиради, оғиз-бурун ўпиштиради, гиж-гижлайди, муштлаштиради ва шу тариқа не кўйларга гирифтор этиб, синовдан ўтказади. Боши юмалоқ, пути айри кас-нокас борки, “Оламан!” дейди. Сотаётган ҳам, олаётган ҳам, бекорчи ҳам, дайдию тиланчи ҳам олиш умиди-илинжида изғийди. Ҳар ким қурби етганича олади – қўл учида, чангалида, ҳовучида. Қучоғини тўлдириб оладиганларнинг саноғи йўқ… бозорга кирди дегунча кафти, ҳовучи, қўйин-қўнжи қават-қаватлаб болалаб кетадиганлари қанча!..

Фозилбек бозордан бери келмайди, оломон оқимига қўшилган заҳоти жони ором олади. Демак, у ҳам о-ла-ди!

У ўзининг ҳамма қатори олувчи эканидан тонмайди, фақат мийиғида кулиб, айбдор одамдек ўнғайсизланиб, “Ҳаётда ҳар ким диди-фаросатига яраша олади” деган сўзлар билан фалсафа сўқийди. Бозорнинг ҳар қаричида ҳикматларга тўла миллиён фалсафа кўради.

Ахир Фозилбек тушида юк мошинга тармашган бўлса, мошина гувиллаб шамолдек елиб борган бўлса, бунинг бозорга нима дахли бор? Тушнинг таъбири бозордаги издиҳом оёғи остида тўкилиб ётмайди-ку! Йўқ, Фозилбек инсон ҳаётининг мағзи-мазмуни тугул, алмойи-алжойи тушларининг таъбирини ҳам бозордан излайди.

…Айни субҳи козиб уйқуси қочиб уйғонди, ҳали тонг ёришмаганини кўргач, яна жижча мизғиш илинжида қайтиб бошини ёстиққа қўйди, кўзи илинар-илинмас… юк мошиннинг тумшуғига тармашди. Мошинанинг усти очиқ юкхонасида одам тирбанд. Ҳайдовчининг ёнига беш-олти ёш-яланг суқилган, ҳатто икки томон зинасига оёқ тираб, эшикка зулукдай қапишганлар бор – уларнинг бари Фозилбекдан кўз узмас, унинг бошидан тўй таклифномаларини сочишар, Фозилбек эса қоятош ёнбағрига тармашаётган айиқдек мошинанинг тумшуғига қапишган, бесўнақай мошин ҳар сафар силтанганида тўпдек ирғиб тушай дер, базўр ўзини ўнглаб олди дегунча бу темир махлуқ яна шиддат билан ғизиллаб йўлда давом этарди…

Фозилбек қандай бўлмасин, мошинани тўхтатиш, лоақал унинг шиддатини пасайтириш, сочига, ёқасига, киссаларига қисилиб-илиниб қолган таклифномаларни худди энгил-бошидаги чанг-ғуборни қоқаётгандек қоқиб ташлаш истагида турган жойидан қўлини ҳайдовчи томонга узатди, чўзди, чўзилди, шунда шоп мўйловли, юзи коптокдек юмалоқ ҳайдовчи, “Уйланвомман, бирга бўлинг!” дея тиржайганича унга қоғозча тутқазди, Фозилбек қоғозчани олиб қўйнига солди, шунда ички чўнтаклари, қўйни таклифномага тўлиб-тошганини сезди… Мошина Боғкўчага бурилди. Боғкўча ҳасипдай тор, илонизидай эгри-бугри, бу кетишда бақалоқ ҳайдовчи мошинани бошқаролмай қолиши, уй-пуйга ёки деворга оббориб уриши ҳеч гап эмас. Бирон дарвозадан, эшик-тешикдан бола-бақра отилиб-қувалашиб чиқиб қолса-чи!..

Юк мошина Ғиёс сомсапазнинг дарвозаси ёнидан ўтиб, чапга бурилганида сурнай, ноғора садоси эшитилди. “Тўй!” деган сўз тиғдай тилиб ўтди, Фозилбекнинг хаёлини. “Уйланаётган эди!” деб ҳайқириб юборди, лекин ким уйланаётганини эслолмади, қолаверса, шу тобда қайси қўшниси тўй қилаётганини аниқлашнинг аҳамияти йўқ, нима бўлганда ҳам куёвнавкарлар келиннинг хонадонига бориш учун тўдалашиб йўлга тушган – Боғкўчанинг шумтакаларию ёш-яланги келин хонадонига қийқириб, мўр-малахдек ёпирилиб кириб боришга ўч, шундан… тор кўчани қарийб энлаган юк мошин тезликни пасайтирмай карнай-сурнай нағмасини сусайтирмай, телба йиртқичдек елиб бораверди. Фозилбек жон аччиғида мошина тумшуғига ўлигини ташлаб, уни тўхтатмоқчи бўлди, мошина қулоқни қоматга келтириб қаттиқ… кишнади…

Узун тун ўтди, кун ўтди, шом қоронғуси тушди, Фозилбек тушининг таъбирини топмади. Топмаганда-чи?.. Ҳар кўрган алмои-алжойи тушининг таъбирини топавериши шартми, одам?! Туш – уйқунинг чиқити-ку… Илло, бу ёруғ оламда ҳе-еч нимарса бежиз-бехосият эмас. Парвардигор неки сир-синоат бўлса бандасига ҳар йўсинда аён қилади, ҳар касу нокас учун умрида фақат бир марта аён бўладиган ҳикматлар бор, баъзан устма-уст аён қилаверади, хом сут эмган ғофил банда эса бунинг фаҳмига етавермайди. Мечкайни таом ўлдиради, бехаловатлик фаҳм кўзини тўсади, ҳаётнинг туз-намагини мириқиб тотиб яшаш учун эса ҳар-р лаҳзанинг мағзини чақишга тўғри келади. Умрнинг ўтиб бораётган ҳар лаҳзасига хаёлдан кечаётган ҳисобсиз катта-кичик, арзир-арзимас ўй-фикрларингизни қўшиб, идрок эта оласизми?.. Ён-атрофингизда яшаб юрган ҳар бир одамнинг хаёлида озмунча фикр туғиляптими? Ўша фикрлар қаёқларга ғойиб бўляпти? Қанчадан-қанчаси ёруғ дунё юзини кўрмай жон бермаяптими?.. Уларни денгиз остидан минг машаққат-ла топилган гавҳару инжу янглиғ дона-доналаб териш-йиғиш, кўз қорачиғидек асраш-авайлаш керак эмасми! Шу бозорда ҳисобсиз одамлар қўлида айланаётган ҳисобсиз пуллардан-да қимматроқ, ноёброқ ақл-идрок мевалари – фикрлар бир маҳрами-меҳрибонини топмай увол кетмаяптими?..

Шу хилдаги ўй-шу хилдаги хаёллардан ўзга арзигулик мақсад-маслаги бўлмаган – дунёга келиб шу жунунга йўлиққан Фозилбек ўзи кўрган тушнинг таъбирига бефарқ қолиши зинҳор-базинҳор мумкин эмас. Одам тўла юк мошин Боғкўчада нима қилиб юрибди? Таклифнома ёғини, карнай-сурнай ноласи нималарни аён қилмоқда, унга?.. Тағин ким билади дейсиз: шу саволлар “пинжи”га яширинган жавобни топса Фозилбек шояд бозор жунуни касаллигидан қутилиб, отасининг, кичик онасининг, ака-опаларию янгасининг раъйига юриб… уйланиш ҳаракатига тушса?!

Фозилбек носфурушлар қаторидан ўтаётганида томчилай бошлаган ёмғир оҳакчилар қаторига етар-етмас чунонам шаррос қуйдики, у азбаройи шилта-шалаббо бўлишдан қочиб, ўзини оҳак дўконига урди. Оҳак бўлаклари уюми ёнида турганича, катта йўлнинг ўртасидан елдек “югуриб” кетаётган тошқин сувга термилиб қолди. Шу пайт кимдир унинг қулоғига шивирлади, ҳатто қўлини олиб, омонлашди ҳам. Фозилбек беихтиёр салом берди, лекин шивирловчи шарпанинг кимлигини таниб-нетиб улгурмади, қўлидаги тўй қоғозига қаради. “Кейин ўқийман” деган хаёлда кафтида ғижимлаганича кўчага чиқди, гўё бошини елкалари орасига тортиб юрса ёмғирга тутилмайдигандек, йўл чеккасидан илдам қадамлар ташлаб илгарилайверди. Чап юзидаги бир ғужум узумча келадиган норини селкиллатиб юрадиган Камол карвон дағдағанамо оҳангда тўнғиллаб, рўпара келди.

– Ёз чилласида тўйни ўтказиб оламан, дегандим. Бу, қизиталоқ, кўз очирмай қўйди-я, вей!..

У шундай деб Фозилбекнинг қўлига шапалоқдек қоғоз тутқазди.

– Ивиб кетибдию, – деди Фозилбек ялтироқ ёзувли таклифномани олиб. – Тилласи ювилиб кетаёзибди.
– Худо берган етти ўғил-қиззи тўй кунини тўртала фаслга мўлжалладим, илло, бирортасидаям ёмғирдан қочиб қутилолмадим. Санга ёлғон, худога – чин,

Фозил, ҳаммасини тўйида жала қуйган! Мана, валлоҳи аълам, саратон, одам ёнаман дейдию, ёмғир кўз очирмаяпти!..

Фозилбек ажабланиш аралаш кулди.
– Майли, ўлим бўлмасин, – деди карвоннинг кўнгли учун. – Ёмғир – барака даракчиси, ака.

У бир неча қадам нари кетган жойида Камол карвон уни тўхтатди.
– Ўлим бўлмай иложи йўқ, ука, – деди у уст-бошига қуяётган ёмғирга парво қилмай. – Илло, душманингни ҳам Найнов закунчидақа ўлишдан асрасин.

Фозилбек бош ирғаб бу гапни астойдил маъқуллади, йўлида давом этар экан, Найнов закўнчининг афтини кўз олдига келтирди. Унга ачинди.
Закўнчи аслида чакки одам эмасди, кўпчилик ёқтирмаслигининг сабаби эса битта – закўнчи дунёни фақат қонун кўзи билан кўрар эди, холос. Унга иши тушмаган одам йўқ, эшигига бош уриб бормаган одам йўқ, лекин иши битмаганлар-ку, ўз йўлига, ҳатто мушкули осон бўлганлар ҳам, “Жа, хит қилиб юборди-е, Найнов!” деб норозиланар, ҳатто сўкинишдан тоймасди. “Закўнни яхши биладиган одамнинг дўсти – закўн, – деган эди отаси бир куни, кулиб. – Найновдақа махлуқлар эса қонун олдида отасиниям, хотининиям аямайди”.

Сўкадими-алқайдими, ишқилиб, кўпчиликнинг корига яраб юрган шундай одам тўсатдан қайтиш қилди. Кеча асрга чиқаришади, деган хабарни эшитган эди, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ҳодиса юз берибди – тобут ердан узилган паллада миршабхонадан етиб келган бир гала норғул йигитлар, ўлим сабаби аниқланмагунича, дафнга руҳсат берилмайди, деб туриб олишибди. “Текширувга берамиз!” дея майитни олиб кетишибди. Ана томошаю мана томоша! Азага йиғилганлар чапак чалганча қолаверишибди. Акасининг айтишича, Закўннинг жанозаси бугун бомдодга кўчирилган эди, йўқ, саҳарга йиғилган яқин-йироқлар “Текширув тугамабди” деган шивир-шивир овозани эшитиб, елка қисиб, бир-бир тарқалишибди.

Фозилбек носфурушлар, оҳакчилар қаторидан ўтганида қўлида яна бир жуфт тўй чорловномаси пайдо бўлди – уларни кимлар тутқазди, тўйга таклиф этувчилар билан қай тариқа савол-жавоб қилди – эслагиси келмади. Майиз, туршак, ёнғоқ ва ҳоказо қуруқ мева-чева расталари жойлашган баланд тим ичидан эшитилаётган ғалати ғала-ғовурга бир зум қулоқ тутди, ажабланиб бош чайқади, сўнг йўлида давом этди. У гилам бозорини, ширинпазликни, ёймачилар растасини кесиб чиқиб, катта йўл ёқасига етганида қатор-қатор кетган сабзавот расталари томонда қий-чув кўтарилди. Фозилбекнинг ёнидан ўтаётган кўлага, “Чуқурга от-арава ағанади!” деди, худди хушхабар тарқатаётгандек, тантанвор оҳангда.

– Сабзини тозза уйган экан-е, ноинсоф! – қўшилди бошқа йўловчи.
– Сабзи эмас, пиёз билан қанд лавлаги экан…
– Бозорбоши тимга келади, деган овоза тарқаган, шу васвасада сабзавот қаторига борадиган катта йўл тўсилган. Тиқилинч ҳосил бўлган.
– Бозорбоши бозорга чиқмай қўйганига бир ҳафтадан ошди-ку!..
– От жонивор тўртала оёғи осмондан келиб, типирчилаб ётганмиш!..
– Шўрлик бир камбағалли араваси экан…
– Жониворнинг бели синибди…
– Ямоқчилар бутлаб кетар…
– Инсофийлар ташлаб қўймас?..
– Шу қоронғида инсофийларга зарил кегани йўқ…

Фозилбек луқмабозлик пайровини қиздираётганларни дурустроқ кўриб-таниш ниятида аланглади, бироқ издиҳом орасида овоз эгаларини топмади. У то уйига етиб дарвозадан, сўнг йўлакдан ҳовлига ўтгунига қадар хаёли инсофийларга кетди, кун сайин баланд-паст бўлиб болалаётган миш-мишларни эслади, шу аснода айни саҳар чоғи кўрган тушининг таъбирини излашни ҳам, баланд тимдаги ғала-ғовуру, сабзавот растаси томон келаётган от-араванинг чуқурга ағанаганини ҳам унутди.

2

– Сан тенги йигитлар неварали бўвоттию, уялмайсанми, сўппайиб юришга?!

Фозилбек барвақт туриб ювингач, йўл-йўлакай артина-суртина ошхонага тақаб солинган олди ойнаванд емакхонага яқинлашганида ичкарида онаси, янгаси ва Ҳабиба опаси гаплашиб ўтиришганини кўрдию, опаси куни кеча келиб кетганини, қайсар укани ҳоли-жонига қўймай тергаганини, “тергов”нинг “одил” ҳукми шу таъна-дашном билан якун топганини эслади.

– Уяламан, – деди Фозилбек ўша куни опасининг таънасига жавобан. Ҳабиба гапим кор қилди деган ўйда чимирилиб укасининг оғзига мўлтайди. Кичик онаси ҳам Фозилбекка умидвор кўз ташлади. Фозилбек икки аёлни ўзига қаратиб олганига ишонч ҳосил қилгач, атайин пича сукут сақлаб турди-да, кулиб юбормасликка тиришиб, сир бой бермай деди:
– Танимаган-нетмаганимни, синамаган-билмаганимни танлашдан уяламан.

Ҳабиба укасининг бемаврид ҳазилидан баттар хуноби ортди.
– Таниш-нетиш учун, нима, бировви қизини ичига кириб чиқишинг керакми?! Оввол нари-веридан кўргин, юзлаштирайлик… ҳусни, бўй-басти маъқул келса, бўлди-де!

Фозилбек ўша куни таъна ва иддаолар, писандаларга тўлиб-тошган, лекин меҳрибонларча айтилган бу гапга мириқиб кулган эди, бу сафар ҳам ўша ҳолат-кайфиятга қайтдию, кулгисини ичига ютди. Не-не ишлар шу сўз билан барҳам топади: қора қозонинг қайнаб, тирикчилигинг ўтяптими – бўлди-де, бозорда олди-сотди авжидами – бўлди-де, уйланиб олдингми, худо тирноқдан қисмадими – бўлди-де!.. Бу гапнинг замирида “бўлганича бўлди” деган маъно ётгани билан ҳеч каснинг иши йўқ, иши бўлган тақдирда ҳам ўзини сезмаганликка олади… дунёдан “бўлганича бўлди” тарзида яшаб ўтаётганидан норозиланмайди, изтироб чекмайди.

Фозилбек шундай дея олмаяпти, холос, аслида, “Бўлса бўлди-де!” деб юборса олам гулистон, бир неча кундан буён асабий сокинлик эзиб турган хонадон гиж-бадабанг тўйхонага айланади-қўяди!..

У ўзининг устидан кулаётгандек ичида, “Бўлди-де! Бўлди-де!” деганча очиқ чеҳра билан емакхонага кирди. Салом берди, кўнглидан, “Азонлаб уйқуда босай деб келибдилар-да!” деган гапни кечира туриб, опаси билан илиқ омонлашди.

Умри она ҳурмати учун ҳамиша уни ўрнидан туриб қарши олади, кеннойиси арзанда қайнисини ўтқазгани жой тополмайди, Фозилбек кўчадан келди дегунча иззатли меҳмонни кутгандек айланиб-ўргилади, икки йилдан ошди – дам кичик онаси, дам кеннойиси, дам опалари бири олиб-бири қўйиб уни уйлантириш ҳаракатига тушган, қаерлардандир муносиб қиз топишади, бирров бориб кўриб келса ва “маъқул” деса вассалом – олам гулистонлигини айтиб ҳоли-жонига қўйишмайди, куёвлик бўсағасидаги арзанда эса нуқул ҳазил-мутойиба билан сувдан қуруқ чиқади: “Нимаси менга муносиб экан?” дейди ўсмоқчилаб, Умри она ёки кеннойиси оғзидан бол томиб, қизнинг ҳуснда беқиёслигидан тортиб, зулукдай қора сочи тақимига етишигача, таг-тахтли оила фарзанди эканигача, рўзғор юмушларида қўлли-оёқли эканигача – барини тўкиб солишади, аммо-лекин Фозилбек ўзи сўраганига қарамай аёлларнинг таърифу тавсифига ортиқча рўйхуш бермайди, балки ҳар сафар “муносиб” деган сўз унинг миясига зулукдай ёпишиб… қитиғи келган одамдай ўзича ҳиринглайди.

Кейинги кунларда бу машмашага отаси қўшилди. Қисувга олиш зўрайгандан-зўрайди. Фозилбекни кўз очирмай қўйишди, афтидан отаси аёллар икки йилдан буён эплолмаётган савдони бир ҳамлада пишитишга астойдил киришганга ўхшади. Диёрбек акасига, “Бевош укангни кўндир, янаги ҳафта ичи тўйини ўтказиб қутиламан-қўяман!” деганини ўз қулоғи билан эшитди Фозилбек. Ҳабиба опаси кундузи учратолмагач, саҳарлаб етиб келганининг боиси ҳам шунда эди.

Фозилбек теша тегмаганроқ ҳимоя усулини ўйлаб топиш учун шиша банкадаги яхна чойни қулт-қулт симираётиб аёлларга ўғринча кўз югуртирди, шунда онаси билан опаси зимдан маъноли кўз уриштириб, гапни ким бошлашини келишиб олишганини пайқади. Кеннойиси эса унга пешвоз турганича қайтиб ўтирмади.

– Фозилжон, тунда келиб овқатланмадийз ҳам, суюқош қилгандим, ҳозир қайноққина опкеламан, – деди-да, ошхонага чиқди.

Аёлларнинг муғамбирлиги қурмасин, ҳатто жўнгина мақсадга эришиш ниятида ҳам бир қувлик ўйлаб топадилар. Ҳозир ҳам “пухта” ўйланган режа бўйича иш кўрилмоқда – уч аёл тил бириктириб устомонлик билан Фозилбекнинг розилигини оладилар, отасининг дағдағасидан, устига-устак, хонанишин бўлиб олганидан хавотирда дамларини ичларига ютиб, келаси ҳафта ичи тўйни ўтказишади ҳам – уларнинг шундан бўлак муддаоси йўқ – тўй ўтса, Фозилбекни уйлантириб зиммадаги вазифами, бурчми-бошқами – адо этсалар, бас, борингки, овозаси етти иқлимга етгулик тўй бўлишини Фозилбек билади, хўп, тўйнинг асаса-дабдабаси, нари борса, уч кунда босилади, сўнг хонадон сув қуйгандек тинчийди, қарабсизки, Фозилбек жаноблари охори тўкилмаган либосларга ўраниб-чирмалиб Муносибхон келинчак билан бир-бирларига сирли-иболи табассумлар инъом этиб, чўқилашиб-тиллашиб ўтиришибди денг! Уйга кирса ҳам, ҳовлига чиқса ҳам, кўчага, бозорга бош олиб кетиб, дайдиб-улоқиб юрса ҳам кўз ўнгида, хаёлида, тилида – Муносиб… Муносибхон, жоним, ёлғизим, қувончим!.. “Қаерларда қолиб кетдингиз, Фозилбек ака, кўчага термилавериб кўзим тўрт бўлди-ку!” дейди ўпкаланиб, келинчак. Қаллиғининг ўпкаланиши даставвал Фозилбекка бирам ёқади, ўпкаланиш сузилиш, маъюс тортиш, бурилиб кетиш, димоғу фироққа айлангани сайин эса унинг ҳайронлиги ортади, “Мен сизни ота-онам, ака-опаларим қистови билан танлаганман”, дея олмайди, бир нималарни тўқиб-бичиб ёки дангалига келинчакка тушунтиришга уринади, келинчак ўламан саттор тушунмайди, шунда Фозилбек: “Одатим шу, жоним, бир бозорга шўнғисам, ҳафталаб, ойлаб кезаман, бозордан бўлак дунёни унутаман”, деб уқдириш йўлини излайди. “Вой-й”, – деб оҳ уради келинчак ўзининг Фозилбекка муносиблигини (кичик онаси, опалари, кеннойиси унга фақат муносиб қизларни излашмоқда, демак, бирорта Муносибхонни топишади-да, ахир! Келинчак унга чиндан ҳам муносибми-йўқми, эҳ-ҳе-е, буни ўйлайдиган, бу ҳақда бош қотирадиган азамат қайда!) унутиб, “Ота-онамнинг қулоғига етса ким деган одам бўламан. Бозорбоши отангизми-сизми?” – деявериб кўз очирмайди. Ўпкаланиб-эркаланишлар, чимирилиб боқишлар ўрнини дийдиёлар эгаллайди. “Бозорда ишламайсиз-ку, нима қиласиз у ерда эртаю кеч?” – деб жони хит бўлади Муносибхоннинг. “Нега ишламас эканман. Бозор-да, менинг иш жойим” деб уқдиради Фозилбек. “Қаерда ишлайсиз, ўзи?” – деб қўймайди Муносибхон. Фозилбек тушунтиради, дона-дона қилиб тушунтиради: “Шуур” ширкати… “Шуур” ширкатида ишлайман” деб жавоб беради. “Ким бўлиб?” деб қизиқади келинпошша. “Жонкуяр бўлиб, – дейди куёвтўра. – “Шуур” ширкатининг жонкуяриман”. “Ҳа-а-а…” дейди Муносибхон, бўшашганидан чўзилиб, лекин у ҳеч вақони тушунмаганини Фозилбек сезади ва, “Мен бозорда яшайман, тушуняпсанми, одамларнинг ичини кўриб, томоша қилиб юриш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ, дунёда”, деб илова қилади. Келиннинг меровланиб анграяётганини кўриб, “Бозор – дунё” деб пичирлайди ўзича, жуфти ҳалолига мақсад-маслагини тушунтира олмаётганидан баттар боши қотади, дарҳақиқат, отаси, акаси, опалари, кичик онасию, янгаси, дуч келган жойда “Тўй қачон?” деб таранг қилаётган таниш-билишлари тугул, ҳали ўзи тўла англаб етмаган феълидаги ғалати, тушуниксиз, далли-девона майлни қандоқ қилиб тўрт кунлик келинчакка тушунтиради?! Уни сира тушуна олмаётган бегона сулувга – тушуна олмаслик бегоналик-да! – қандоқ қилиб кўнгил қўяди?.. Борингки, фаҳми етиб қолар деган умидда ўзининг тинчини ўғирлаган ўйларини тўкиб солди ҳам дейлик!.. “Муносибхон, жоним, мен сенга жўнгина айтсам… инсон зоти борки, бозорга боради, бирор кимсанинг куни бозорсиз ўтмайди, тўғрими?..” Келинчак тасдиқ маъносида бош ирғайди, Фозилбек фалсафасини сўқишда давом этади: “Бозорга қадам босган банда борки, бирор нарса олиш, ундириш ишқида изғийди. Неча хил-неча турфа одамга рўпара келади, неча хил вазиятга тушади, зеро олиш, ундириш асносида одам деганларининг астар-авраси – асл қиёфаси ағдар-тўнтар бўлиб кўзга ташланади. Алдайди, ўзини овсарликка солади, кимлару-нималарни ўртага солади. Нега?

Беш танга қимматроқ сотишга!
Беш танга арзонроқ олишга!
Беш танга кўйида минг бир қиёфада товланади, минг бир дафъа одамгарчилик тўнини ечиб-кияди.

Фозилбек шу ерга етганда хотинчасининг кўзида довдираш аломати зўрайганини пайқайди. Довдираш аломати остида, “Бу гапларнинг сиз билан бизга нима дахли бор?” деган савол назарини уқади. Ҳафсаласи пир бўлади. Фозилбек, “Шу ақл-фаросатинг билан қандай қилиб менга хотин бўласан?!” – деб дағдаға қилишдан тилини тияди, Муносибхонга эшиттирмайгина, “Ўша беш танга илинжида одамгарчилик қиёфасидан чиқиб… ўзларининг асл афт-ангорини кўз-кўз қиладилар” дейди, “Бозор – одамларнинг асл башарасини кундай равшан кўриш мумкин бўлган қулайдан-қулай жой” дейди ва яна бозорга, етти пушти бозорчилик билан ўтган отасига, аждодларига хаёли қочади.

Отаси бозорбошилик қилаётганига қирқ йилдан ошиб кетди, Валийбек бобосининг умри тўнфурушлик, мўйнафурушлик билан ўтган, ундан катта бобоси Қадимбекнинг асрни қаритган умри савдо карвонида кечди.

Фозилбек боболарининг инсоф-диёнатли инсонлар бўлганига шубҳа-гумонларга боришдан қўрқади, аммо-лекин очиқроқ тан олса, узоқ умр кечирган ва кўпни кўрган банда гуноҳсиз ва фаришта мисол яшаб ўтишига ақл бовар қилмайди, демак, ҳар қалай… отаси ҳам эртаю кеч фикр-хаёли бозорни изга солиш билан банд, инчунин, нима бўлган тақдирда ҳам Фозилбекнинг томирларида шу инсонларнинг қони оқаяпти, яъни, у ҳам бозор одами, у ҳам ол-га-ни сайин кўнгли равшан тортади, шу боис бозордан нари кетмайди, бозор жунуни теккан-да, раста ораларини тўлдирган издиҳом оқимига бир томчи сув янглиғ қўшилиб, тентирашдан толмайди ва ўзига ҳам пинҳон бўлмиш қаттол қайсарлик билан гоҳо бозордан… чунонам нафратланадики!..
Бу сингари ўй-хаёлларини нима деб тушунтиради келинга? Янгилигидаёқ уни тушунишга, кўнглига қулоқ солишга қийналаётган келинчак билан қандайига умрбод муросаи-мадора қилади, тил топишади, тинч-тотув яшайди?..

Ётар маскани нурга тўлгур Қадимбек бобо эсини танибдики, мағрибу-машриқни кезди, юзни қоралаганида бир умр садоқат кўрсатган куч-қуввати панд берди – уйда ўтириб қолди. “Шунда ҳам бобомнинг фикри тиниқ эди”, дейди Қосимбек чол. Демак, жисман қувватдан кетган, лекин фикри тиниқ мўйсафид ҳаёт шомида нималарнинг сарҳисобини қилиб ўтирмаган дейсиз?! Аср билан баҳс боғлаган ҳаётидан, кечган умридан ризо бўлганмикан? Ахир савдогарчилик нонини беармон еди, дунё таниди, ҳад-ҳисобсиз дўст (табиий, душман) орттирди ва бу ёруғ чаманда олди-сотдидан муҳимроқ ва муқаддасроқ ҳою-ҳаваслар ҳам бисёрлигини мулоҳаза…

Адоқсиз ва тизгинсиз ўй-хаёли шу жойга етганда Фозилбекнинг кўзи чарақлаб кетди, кўзида порлаган шуъла шуурини, юраккинасининг зим-зиё қоронғи хоналарини ёритиб ўтгандек шошиб қолди. Ахир, савдо-сотиққа тўла бозор ҳаёти фақат олишдан иборат эмас-да, тўғри, бойлик орттириш илинжи бор, бироқ, бозор одами бошқаларнинг ич-этини кўриб-таниб-билиб яшайди… ҳар банданинг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғамбирлик, лақмалигу устомонлик – ҳаммаси бозорда ё пинҳона, ё ошкора кўзга ташланади. Шу боис умри бозорда ўтган одам бир қур нигоҳ ташлаганида таниш тугул, етти ёт бегонани “ўқиб” улгуради, лекин у бозордан йироқлашгани сайин сурат орқали сийратни илғаши қийинлашади, чунки беш танга савдоси… ғавғоси… машмашаси устида бўлгани каби бошқа ҳеч бир жойда одамнинг асл башараси тўла-тўкис намоён бўлмайди…

Одамларни бозордагина кўриб-билиб-таниб-ажратишга одатланган бозор бандаси растадан икки қадам нари жилса бир нарсасини йўқотиб қўйгандек бўлаверади, ҳатто юрагига ғулғула тушади, назарида алланимарсадан қуруқ қолаётгандек жониқади. Бу хавотири бежиз эмасдир, эҳтимол, бироқ, у бозордан ташқарида одамларни “ўқий” олмаганидан, бинобарин, одамлар унга гоҳ зерикарли, гоҳ хатарли туюлаётганини ўзи ҳам тўла англаб етмайди. Бозорга қайтганида эса сувга тушган балиқдек жони ором олади…

Юз ёшли бобой тўсатдан “Мени карвонга қўш” дея хархаша кўтарганининг бир чеккаси шундандир эҳтимол.

Хуллас, Валийбек бой қиблагоҳининг ихтиёрини эшитиб ҳанг-манг бўлди, отасини номатлуб ниятдан қайтаришга ҳарчанд уринди. “Қариб қолдийз ота, ҳеч кимса бу ёшда карвонга эргашмайди”, деди ётиғи билан. Қадимбек бобо, алами ичида, тилини тишлаган ва…тонг қоронғусида олис сафарга отланган карвонда йўлга чиққан савдогарлар аллақанча манзилга етганда ораларига Қадимбек бобо қўшилиб олганини кўришган…

Валийбек бобонинг ўзи-чи? У киши ҳам умр бўйи тижорат денгизида қулоч отиб жавлон урди. Замон ўзгариб, сармоядорларни қама-қама бошланган кунларнинг, тўғрироғи, бешам-бечироқ тунларнинг бирида тўнини кифтига ташлагану этак силтаб, отаси карвон етаклаган олис юртларни қора тортиб, бош олиб жўнаган-кетган… Унинг изига тушган ҳукумат одамлари ҳам, кучи оғзига етган-етмаган узоқ-яқинлар ҳам бир овоздан, “Валийбек бой орттирганидан жудо бўлмаслик кўйида қочди”, деб гап чуватишди. Фозилбекнинг отаси айтишича эса… “отам қуруқ тўнни елкага ташлаганича дарвозадан чиққану, кетган”.
Тўғри, эҳтимол Валийбек бобо укаси Воҳидбек давлатмандликда айбланиб, ўласи қилиб калтакланганидан сўнг хижрат тадоригини ихтиёр қилгандир, шундай бўлган тақдирда ҳам юз минг хил тусда товланувчан издиҳом ичра тижорат дунёсида суягию эти қотган одам замон сиёсатига бўйин эгиб уйида тухум босиб ўтиришни – бозордан айро яшашни ақлига сиғдиролмаган…

Фозилбек хаёлига оралаган фикрдан маҳзун жилмайди: мана, отаси – Қосимбек оқсоқол э-энди фароғат ёшига етган бир пайтда Қадимбек бобоси, Валийбек бобоси сингари аллақандай ажабтовур, ҳатто беўхшов қилиққа мубтало бўлиб ўтирибди. Фақат боболари бозордан жудоликка дош беришмаган, отаси эса, аксинча, бозордан ёмон безди. Ярим кун бозордан нари жилса ичикиб қоладиган кимсан Қосимбек оқсоқол ҳе йўқ-бе йўқ уйга қамалиб оладиган, ҳеч кимса билан гаплашмай гумо-гурс биқиниб ўтирадиган одат чиқарди. Хаста десанг – хастага, соғ десанг – соғга ўхшамайди. Бировга айтишга эса тил бормайди…

– Тағин бозорга ғойиб бўларсан?..

Фозилбек опасининг қўққис шанғиллашидан чўчиб тушди, жаҳлини ичига ютиб, атайин саволга савол билан жавоб қилди:
– Отам тузукмилар?

Ҳабиба оила аъзоларининг ташвишига айланган саволдан ҳам укасини қисувга олиш эпини топди.
– Тузук бўлишлари санга қараб қолди, наҳотки, шуни тушунмаяпсан, ука?!

Шу тобда Фозилбек, “Кечирасизлару, бир қиз билан учрашувга аҳдлашгандик”, деса борми, емакхонагина эмас, кенг ва файзли ҳовли нақ нурга тўлади-я! Кеннойиси, унга қўшилиб опаси суюнчи қистаб отасининг ҳузурига югуришади-я!..

Фозилбек айни пайтда муносибу муносибхонларни кўкларга кўтаргувчи ҳикоятлар эшитишга тоқати етмади. Кичик онаси мунғайиб, ердан кўз узмай ўтирганини кўриб, дили ачишди. Бисотини кавлаштириб яна бир сўз ўйинини ишга солди:
– Янаям муносиброғини топганга ўхшайсизлар?

У шундай деб опасига қув қараш қилди. Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди: Ҳабибанинг ўпкаси тўлиб турган эканми, зумда кўзида ғилт-ғилт ёш айланди, энтикиб нафас ола бошлади. Умри онанинг боши баттар қуйи эгилди. Фозилбекнинг назарида кичик онаси, “ҳаммасига мен айбдорман” дегандек туюлди, шундан, бу оғир хижолатвозликдан халос этиш ниятида елкасидан қучиб уни юпатгиси, фарзандсиз ўтган аёлларга хос хушрўйлик ортига яширинган мунг тўла маъюслик булутини қувиб солмоқ мақсадида нимадир қилмоққа тутинди, беихтиёр, кафтини кичик онасининг елкасига қўйди… Ҳамма эмин-эркин, шоду-хуррам яшаётган каттакон оилада кексаю ёшга маълуму, бироқ бирон кимса оғиз очиб айтолмайдиган, айтмайдиган рост гап бамисоли ҳалқумдаги ҳазм бўлмаган луқмадек оғир ботар экан…

Беш-олти кун эмас, ой эмас, икки-уч йил ҳам эмас – умрбод шу зайлда сақланиб қоладиган бу жимлик ҳеч ким индамагани сайин тобора оғирлашаётган, унинг оғирлиги оила аъзоларининг руҳини эзиб қўяётганга ўхшайди. Ҳатто Фозилбек ҳам сир бой бермайди. Опалари, акаси қатори у ҳам кичик онасининг ҳурматини жойига қўяди, баъзан оддий-камсуқум оиладан чиққан бу муштипар аёл қандай қилиб бозорбошининг оиласига она бўлиб қолганини ўйлаб кетади. “Бувимизнинг вафотидан кейин қариндошлар, буёқда опаларимиз қўйишмаган, отам шундан кейин уйланишга розилик берганлар” деган эди Диёрбек. Олти ёшигача бувисининг қўлида улғайган Фозилбек “янги” онага кўниколмай тоза инжиқлик қилган, катталар, “буви, дегин”, “она, дегин” деб тоза йўлга солишган, бироқ у унисиниям, бунисиниям айтолмаган, айтолмагану… Умри она ака-опаларидан кўра уни кўпроқ ювиб-таради, меҳрибонлик қилиб бағридан қўймади. Фозилбек шунда ҳам бегонасираб тўрсайиб юраверарди, нимадир бўлдию, пана-панада “Фарзанд кўрмаган аёл экан” деган гап айланишиб қолди. У бундай гап-сўзларнинг асл маъносини тушунмас, бироқ шу қулоғига чалинган бир жумла нақадар оғир, мусибатли алланимадек оғир ботди унинг қалбига. Истар-истамас, “фарзанд кўрмаган аёл”нинг мунг тўла кўзларига зимдан разм соладиган одат пайдо бўлди унда. Йўқ, ҳеч кимга оғиз очиб лом-мим демади бу ҳақда, ичида, болалик тасаввурларини тўзитиб ўйлашдан ўзини тиёлмай қўйди, бу етмагандай, кичик онасининг нигоҳидаги пинҳон маънолар хаёлан Фотма холанинг чуқур ботган мунгли кўзлари, малларанг башараси ва симобдай оппоқ сочларига уйқашиб кета бошлади. Хуллас, Фозилбек онасидан қолган жумбоқларга тўла ва англаб бўлмас соғинч туйғуси билан Фотма хола ва кейинроқ кичик онасига бўлган ачиниш ҳисси исканжасида улғайди… фарзандликни бўйнига олди. Умри она ҳам эри, ўгай ўғил-қизлари, қолаверса, яқин қариндош-уруғлар орасида қил кўприкдан оёқ учида одимлаб ўтаётган одамдек ўта эҳтиёткор яшади. Бирон марта оғзидан ножўя тугул, ортиқча-беҳуда гап-сўз чиқмади, бировнинг кўзига тик боқмади. Сабр-бардошли экани устига, камгап-камсуқумлиги шарофати сабаб оилага сингишиб кетди, деб аллақачон ўзича хулоса чиқарди Фозилбек.
Мана, Умри онанинг оналиги Қосимбек чолни айланиб-ўргилиб парвариш қилишу, кенжатойни эсон-омон уйлантириш билан синовдан ўтар пайти келди, бинобарин, у қандай бўлмасин, бошқаларни ортиқча безовта қилмай, Фозилбекнинг тақдирини таг-тугли оила қизларидан бирортасига боғлаши керак. У мушкулдан-мушкул шу вазифанинг уддасидан чиқса, уёғи невара-чеварага ўралашиб деганларидек…

Фозилбек шундай ўйларга толиб, баъзан бутун ҳаёти, қисмати ва бу ёруғ дунёдаги орзу-ҳавасларини унга боғлаган шу бечора аёл кўзидаги тубсиз мунг ва изтиробга тўла маҳзунлик йўқолар деган умидда рўпара қилишган қизга уйланаверишга розилик бериб юбориш хаёлига боради, борадию, янаям уқубатли ўйлар азобида аҳдидан қайтади…

Шу маҳал коса кўтарган кеннойиси емакхонада пайдо бўлдию, бир тахлам тўй чорловномасини хонтахта чеккасига қўйди.

– Тўйга хабарловчилар кўпайди-ей! Бири биридан ажойиб таклифномаларни қаттан топишаркин-а? – деди ҳаваси келиб. Аёлларнинг барча ҳийласи Фозилбекни ғафлат уйқусида босиб, ундан уйланишга розилик ундиришга қаратилганлиги сезилиб қолди. Зеро, келин бўлмиш Ҳафизаойнинг шу тахлит кириб келиши ҳам пухта ўйланган “фитна” асосида, ҳатто махсус ёд олдирилган сўзлар эканлиги эшитган қулоққа равшан сезилар эди. Табиий, Ҳафизаой топшириқни охиригача ўринлатиш ниятида давом этди: – Майли, тўйдан айлансин, тўй устига тўй бўладию… – Келин сўзини йўқотиб қўйди. Фозилбек куни кеча кенноийси билан тўй таклифномаларининг бир хиллиги, одамлар чучмал сўзларни такрор ёзавериб баттар сийқасини чиқариб юборишаётгани ҳақида гурунглашганини эслаб, мийиғида кулимсираганича, “Хўш?” деган маънода янгасидан кўз узмади. Ҳафиза “йўқотган” сўзини топди: – Тенгқур ошна-оғайниларийз ҳаммалари уйланиб бўлишди шекилли, Фозилжон?

Фозилбек ҳар сафар “Кеннойи” деб мурожаат қилганида кўнглининг аллақаерларида, “Келин ойи!.. Ойи!.. Она!..” деган сўзлар акс садо бергандек бўлар, бунга Ҳафизанинг самимий меҳрибонлиги қўшилиб, баъзан унга дилида пинҳон сирларини очишдан тортинмас, фақат аҳён-аҳёнда янгасининг ясама устомонлик қилиши ғашини келтирар, “Кеннойи, шу одатизни ташланг”, деб оғир ботмайдиган қилиб айтганди ҳам. Кеннойиси очиққина, бир қадар шаддод, айниқса, биттаю битта қайин инисини жигаргўша укасидан ҳам яқинроқ кўрар, у билан ҳатто сирдош эди. Начора, шу бугун Ҳафизага обдон ишлов берилган кўринади, шўрлик зиммасига юкланган вазифани адо этишдан ўзга чора тополмаган.

Фозилбек шу мулоҳазалар таъсирида кеннойисининг аҳволини тушунди, хонтахта чеккасига қўйилган таклифномаларга бир-бир назар ташлади, ён чўнтагидагиларни олиб уларга қўшди.

– Одамларга тўй жинниси текканми, нима бало! Эрта-индин қиёмат қўпадигандек ҳамма тўй қилиш пайига тушган-а!..

Фозилбек шундай дедию, ичида пусиб ётган зардасини яширолмаганини сезди. Ҳар сафар ҳазил-мутойиба билан, табассуму индамаслик билан қутилиб кетадиган укасининг бундай очилиши Ҳабибага қўл келди.

– Нима деганинг бу, Фозил?! Ўйлаб гапиряпсанми?! Нима, қиёмат қўпмаса тўй қимайдими?! Уйланмай, оила қурмай ўтадими, одам, дунёдан?!
– Жумлаи мўминни тўйга етказсин, болам…

Опасининг жонга игна суққудек жириллаши олдида кичик онасининг журъатсиз, мулойим гапириши қулоққа аранг чалиндию, Фозилбекни хаёл олиб қочди. Тўйига етган жумлаи мўминнинг бари бир-бирига мносибми?.. Жамики эр-хотинлар ҳаётларини бир-бирларисиз тасаввур қила олмайдиларми?.. Ота-она борки, ўғил-қизини уйлаш деган жойда жони-жаҳонини бахшида этади. Оталик, оналик бурчидаги бу қадар жонкуярлик одамзод қонига қандайин сеҳру жозиба билан сингдирилганини ўйлаб адоғига етиб бўлмайди. Фозилбек шу ўй-шу кайфиятда кеча оқшом уйга қайтатуриб, кўчада учратган эр-хотинни эслади.

– Ризқивой муаллим ўғлини уйлантираётган эканми? – дея савол қотди у, кутилмаганда.

Учала аёл бараварига унга савол назари билан қарашди.
– Қайси Ризқивой муаллим? – биринчи бўлиб сўради Ҳабиба.

– Қатиқчи, денг, – гапга қўшилди Ҳафиза, – бақатеракнинг тагидаги дарвоза-чи. Қачондан бери қиз қидириб юришганди. “Попопчиникидан кевомман” деб сўрашди-ку, туновинда, ойижон. Ризқивой қатиқчининг хотини-да, ўша!..
– Вой, ўшаларни уйлантирадиган ўғли борми? – ҳайрон бўлиб сўради Умри она.

Ҳабибага гап топилди.
– Ўша зумраша сендан беш-олти ёш кичик. Шуларни орасида сўққабош юришга уялмайсанми?!

Фозилбек зўраки кулди.

– Сўққабош юравераман, дедимми, опа?.. Кўрайлик, топайлик, маъқули учрасин.
– Қанақаси маъқул бўлади, сенга, ука? Айт. Биз топаётганларимиз ёқмаса, ўзинг танла. Топ, биз борайлик.

– Топилган заҳоти айтаман, опа, – боягиндан анча юмшаб деди Фозилбек. – Ана, Фаёз, мендан катта, кеча уйланди.
– Қайси Фаёз?
– Ёнимиздаги-чи. Бултур баҳорда кўчиб келган қўшни, – деб изоҳ берди Ҳафиза.

Ҳабиба баттар тутақди.
– Сан ўзингни ёймачини ўғли билан тенглаштиряпсанми?! Паёз қайдаю, сан – қайда! Шу-унча ақлинг билан топган гапингни қара!..
– Бирров чиқиб келдик… бир ҳасратда ўтибди, тўйи…

Ҳабиба “Ана, эшит!” деган маънода укасига имо қилди. Ҳафиза қайнонасининг ахборотини давом эттирди:
– Ёймачи амакини саккизта чурвақаси боракан. Кўчиб келишганидан бери кампири кўрпа-тўшак қип ётибди… Кеча сиззи икки-уч сўраб чиқишди, Фозилжон.

Фозилбек Фаёзнинг тўйига чиқмади.

Ўн кунча бурун Фаёзни кўчада учратди, саломлашди. Фаёз уйланаётганини айтди, сўнг юз истиҳолада унга ёрилди: “Ёрдам керак бўлиб қолди”, деди маъюс тортиб. Фозилбек, айтаверинг, деди. Фаёз елкасига бир арава юк ортилган одамдек қадди букилиб-бўйни қисилиб тилга кирди: “К-келинникига жўнатишга мўлжаллаб икки қоп г-гурунч опқўйгандик. Қарасак, мита босиб, сичқон бола очиб ташлапти… Бозорда ф-фалон пул…”
Мана, кичик онаси тўй қай ҳасратда ўтганини айтди. Қуда томон жўнатиладиган гуручни сичқонга булғатиб, бошини чангаллаб қолган одамнинг тўйи тағин қандай ўтиши мумкин?..

– Бир ҳасратда ўтадими, ўн ҳасратда ўтадими – уйланвобдию, илоё қўша қарисин, ўшаям!..

“О-оҳ, нақадар эзгу ният! – деб юборди Фозилбек ичида. – Қай ҳасратда ўтса-ўтсинки, уйланволсин, вассалом!..”

Фозилбек тортиниб-нетмай қўшнисини саволга тутди: келин қаердан, отаси ким, ака-укаси борми, касб-кори нима?.. Фаёз ғудранди, чала-ярим жавоб берди, Фозилбек индамай қўя қолди. Чунки… одамлар одатда қуда бўлмишнинг орқа-олдини сўраб-суриштиришдан кўра тўй оқшомини қандай ўтказиш юзасидан кўпроқ қайғурадилар. Йигит кимга уйланди, у қиз ким, Фаёз билан келинчакнинг қизиқишу дарди-дунёси бирми, яқинми? Эрта бир ёстиққа бош қўяди, фарзанд ҳам кўради, худо қанча умр берса яшайди, хўш, ҳою-ҳавас кўнгил қурмағурга татимаса-чи? Унда нима қилади?! Бошини қаёққа уради?! Ёруғ дунёнинг жами севинчлари ҳемирига арзимай қолса-чи?! Йўқ, уйланвобдию, бўлди, буёғига худо пошшо!..

Фозилбекнинг юраги сиқилиб кетди. Кеннойиси кичик онасига айтиб бераётгани қулоғига чалинган эди. Башоратми, Шарофатми деган жияни ғоятда доно ва маъсума қиз экан, бўйи етгач, бувиси тушмагур қизнинг розилигини сўрамай-нетмай қўшни кўчадан келган совчиларга унабди-қўйибди. Қиз тушмагур дарди ичида, чимилдиққа кирибди. Тўй ўтибди, онаси билса, бояги Башоратми, Шарофатми ку-унда ошхонага биқиниб, юм-юм йиғлаб олар эмиш. Қайинсинглиси кўриб қолиб, сир очилибди…

Тўйни ўтказиб, ташвишдан қутилиб қўя қолишнинг оқибати мана шунақа бўлади!.. Гўё тўй ўтса бас, ҳамма иш битгандек, бири-бирига етти ёт бегона – икки шўрлик вужудни келин-куёв деб бир кўрпага буркаб қўйишади-да, “Қўша қарисин!” деб қутилишади!.. Бордию, қўша қаримаса-чи?!

Қўша қариш қаёқ-да, юз йил бирга яшаган тақдирда ҳам келин-куёв бўлмишнинг бир-бирига кўнгли илимаса-чи? Чилла чиқмай бир-бирига бегона эканини кўнгли сезган икки ёш додини кимга айтади? Қай тил билан айтади?..

Фозилбек кеннойисининг жиянига ачинди, қаердан бўлса-да, уни топгиси, танишгиси, юзма-юз ўтириб кўнглига қўл солгиси, “Синглим, сингилжоним, энди қандоқ қиламиз? Дилингизни равшан қилиш учун мен ҳар нарсага тайёрман, айтинг, Башоратой?!” – дея унга ёлворгиси, ўзидан, ўзлигидан кечиб ўша нотаниш қизни… келинни… эҳтимол, жувонни бахтиёр қилишга борлиғини бахшида этгиси келди…

Ахир бундай эр-хотин неча йил бирга, ҳатто аҳил-тотув яшаган тақдирида ҳам бир-бирига бегона-да!.. Тасаввур қиляпсанми, бир умрга бир ёстиққа бош қўйса-да, бири бирига не-не сурурли лаҳзаларни бахш этса-да, бола-чақа орттириб, орзу-ҳаваслар кўриб ёшини яшаса-да… кўнгил қурғур илимаса! Тан-бадан қўшилсаю, дил-бадил қовушмаса, бегона-да, улар! Етти ёт, етмиш ёт бегона-да! Шундайми, Башорат, синглим?!

Фозилбек хаёлларини аранг йиғди, рўпарасида ўтирган яқинларига ачиниб термилди… Шундайин хаёлларга боришармикан?.. Умуман, оила қуриб бахтиёр турмуш кечираётган одамларнинг қанчаси ўйлар экан, бундай савдоларни?.. Фозилбек яна хаёлга чалғиётганини сезиб, ўзини қўлга олди, опасининг ҳам меҳр, ҳам кибр аралаш дуосига бирон жавоб мўлжаллай туриб Фаёзнинг афтодаҳол авзоини кўз ўнгига келтирди, “Бахтли бўлсин” деб шивирлади.

– Раҳмат… – деди Умри она унинг шивирлаши баробарида овоз чиқармай дастурхоннинг шокиласини ўйнаб, лекин у нима сабабдан миннатдорлик билдираётганини ҳеч ким, эҳтимол, ўзи ҳам тушунмади, фақат Фозилбек аёлларнинг ҳуфиёна режасидаги мўлжалга ҳали эришилмаганини сезди ва кичик онасининг гапига қулоқ тутди: – Отангиз, Фозилбекни уйлантираман, деб бизни жуда шошириб қўйдилар… Сўзимизга қулоқ солмаяптилар. Гаплашмаяптилар ҳам…

– Ётибдиларми, ё?..
– Кўринишлари дуруст, – деди Умри она хотиржам товушда, – лекин чурқ этиб оғиз очгилари йўқ. Ҳовлига қадам босиб чиқмадилар…

– Бирор кунда ўтиб кетарди, шекил? – сўради Ҳабиба. – Одатлари…
– Қайдам… – минғирлади Умри она. – Бу сафар бошқачароқми, билмадим… Ичим бўм-бўш, дедилар, холос…

Умри она шундай деб пиқиллаб йиғлаб юборди, Ҳабиба, “Тавба-а”, деб уф тортди. Фозилбек елкасини қисди, нимадир сўрашга оғиз жуфтлади, улгурмади – жияни Аёнбек емакхонага салом бериб кирди. Аёллар унга эътибор қиладиган аҳволда эмасдилар. Фозилбек алик маъносида “ке” деди-қўйди.

– Додамми биров чақирвотти, – деди Аёнбек кўзини пирпиратиб. Ҳафиза ўтирган жойидан сапчиб турди.
– Кечаги одамми?! – дея сўради у ҳовлиқиб. – Азонлаб яна кебдими?!

Фозилбек янгасининг важоҳатида қўрқув ва таҳлика шарпасини илғаган бўлса-да, аёллардаги ваҳимани сусайтириш учун атайин босиқлик билан сўради:
– Акам уйдамилар?

У сўрашга сўрадию, саволига жавоб кутмай жойидан қўзғалди, эшикдан чиқаётиб ортига ўгирилганича тўхтаб, кеннойисининг жавобига қулоқ тутди:
– Ҳў-ў, саҳарда уйғотиб, чақириб кетишди. Қамоқхонадан аристон қочибди…

3

Емакхонадан чиққан Фозилбек зумда изига қайтди.
– Ким? – деб хавотирланиб сўради Умри она.

– Ҳеч ким йўқ. – Фозилбек шундай деб жавоб бердию, ўзи кичик онасини саволга тутди: – Аристон қочганини отамга айтмадингизми?

Умри она сузилиб, бошини бурди.

– Эсимни еганим йўғ-а, болам, бунақа гап кўнгилга сиғадими, шу тобда?! Ану, закунчини жанозасини ҳам айтмадим.
– Яхши қилибсиз…

Фозилбек ўй суриб туриб қолди.
– Уч ойга етмай учинчи такрорланиши-я?.. – Ўйлаётганлари оғзидан беихтиёр чиқиб, сўзга айланганди. Унинг нигоҳи жиддий ва хавотирли эди.

Шундайига ҳам хавотирини ичига ютиб ўтирган Умри она хатардан бохабар одамга қарагандек кенжасига мўлтиради.

– Ғалати-да!.. Бирон жойлари оғримаса… Қимир этмай ётсалар… – деди Фозилбек остки лабини қимтиганича ўйга толиб.
– Бир нуқтага кўз тикканча… тилдан қолгандек…
– Ул-бул тотиндиларми?..

Фозилбек сўрашга сўрадию, саволининг жавобига унчалик қизиқмай емакхонадан чиқди. Умри бозорнинг ғала-ғовурига қоришиб ўтган одам тўппа-тўсатдан шу аҳволга тушиши кимнинг тушига кирибди дейсиз!.. Дардми, ўзи бу, ёхуд бошқа бир иллатми?.. Толиқишмикан, ё?..

Биринчи сафар кеч баҳор кезлари эди. Отаси нақ бир кеча-кундуз уйдан ташқарига чиқмади. Кўпчилик бу “янгилик”ка эътибор бериб улгурмади ҳам. Умри она, ҳатто Қосимбек оқсоқолнинг ўзи ҳам кейин буни толиққанликка йўйди. “Бозор ташвишларидан сира дам олганмисиз, ота?” деб сўради ўшанда Фозилбек. “Бозор ташвишлари мен учун дам” дея жавоб қилди Қосимбек чол, кулимсираб. “Бир кеча-кундуз уйга қамалиб ётиб нимани ўйладингиз, унда?” – яна саволга тутди Фозилбек отасини. Отаси ўша заҳоти жавоб қайтарди: “Сени ўйладим, ўғлим!” – деди. Фозилбекнинг дами ичига тушди, гўё отасининг шу аҳволига ўзи сабабчидек, тили қисилди. Бироқ, бу ҳодиса тезда унутилди, ҳар ким ўз иши-юмушига чалғиди. Фақат саратон кунларидан бирида “нодир” ҳодиса деярли айнан қайталадию, оила аъзоларини тамом эсанкиратиб қўйди.

…Тушдан сўнг бир чимдим мизғиб олиш ниятида уйига келган қайнотасини кўрган Ҳафиза илдам чой дамлади, Қосимбекнинг кўнгли чой тусамаса-да, келинининг юзидан ўтолмади, икки ютум чойни узоқ эрмак қилди, оғир ўй сурганидан, рўпарасига келиб ўтирган Диёрбекни пайқамади ҳам. Пиравордида отаси уйга киришга тараддудлангандагина Диёрбек ботиниб, сўради:
– Тинчликми, ота?

Отаси ғойибдан келган товушни илғаган одамдек ҳовлининг ўртасида серрайиб, диққатини жамлашга уриниб, туриб қолди. Бирон муддат ўтса-да, хаёлини йиғиштира олмади ва мажғул бир кайфиятда бозор томон ишора қилди, ғудранди:
– Жонга тегди, бари…

Қосимбек оқсоқол қирқ йил бозорбошилик қилиб толиқдим деган сўзни билмади, кунига юз бир хил ғалва йўлида саржиндек тахланиб турса-да, пешонаси тиришмади, ўзига ва бошқаларга доим, “А-анча изга тушиб қолди” деган гап билан таскин-тасалли бериб юрди ва, мана, пиравордида…

Фозилбек отасининг оғзига “боғланиб” қолган тасаллини ҳар сафар эшитганида ё ошкор, ё пинҳон кулимсирайди, ҳеч кимса бозорбошига тиккасига айтолмайдиган гап-сўзни фақат у ҳайиқмай айтади.
– Нимаси изга тушди, ота? – деб сўради у мавридини топиб.

Оқсоқол Фозилбекнинг тагдор саволидан гезарди, лекин у ота бўлиб кенжасига сира заҳрини ошкора сочган эмас, шундан бу сафар ҳам ўзини зўрлаб, гапнинг маромини бошқа ёққа бурди:
– Сен бозорни тушунмайсан…

“Тушунмайсан” деган сўз Фозилбекка оғир ботдию, шунга қарамай у отаси билан тортишмади. У қизишмай-талашмай орани очди қилиш мавридини кутиб юрди, ўша саратон айни авжига минган кунлардаги “ҳодиса” Фозилбек кутган мавриди келганидан дарак эдию, фақат ҳеч ким, ҳатто Фозилбекнинг ўзи ҳам буни пайқамай, ғафлатда қолди.

Бу сафар Қосимбек оқсоқол уйга кириб кетганича икки кундан мўлроқ вақт ўтгач, шом маҳали ҳовлига чиқди. Ҳеч қандай ғайритабиий ҳодиса юз бермагандай емакхонага келиб оила даврасига қўшилди. Овқатлангач, қўл сочиқни узоқ вақтгача кафтининг қирраси билан “дазмоллаб” ўтирди-да, ич-ичидан келган асабий кулгини босолмади шекилли, ўзига ярашмаган енгилтаклик билан елкаларини силкитиб, ҳиринглади.

– Нимадан куляпсиз, отаси? – чолига авайлабгина савол қотди Умри она. У чолининг феълидаги ғалати ўзгаришни сезиб ўтирган эди.

– Бозордан… бозорнинг устидан куляпман, – деди Қосимбек оқсоқол ўша заҳоти лаб-лунжини йиғиштириб. – Бозорни эпақага келтираман деган ниятда умримни совурганимдан куляпман…

Фозилбек ялт этиб акасига маъноли назар ташлади, Диёрбек ҳеч нарсани тушунмаганини яширмай қўзларини катта-катта очиб отасига бўзрайди. Умри она ака-уканинг маъноли кўз уриштиришларига эътибор бермади, унинг хаёли хотинлик бурчини адо этишда эди.

– Қизиқсиз-а, – деди у чолини чалғитишга уриниб. – Одам ҳам ўзининг устидан куладими! Худога шукр, денг, ҳадемай Фозилжонни уйлантирамиз…

Катталар орасига тушган ўнғайсиз жимликни бузиш “кафолати” фақат ўзида қолганини сезган Аёнбек ақлли ва жиддий нигоҳини бобосидан узмай турди-да, қиёфасидан заррача хасталик аломати сезилмаётган Қосимбек оқсоқолнинг биқинига келиб чўк тушди.

Отаси, “Жонга тегди бари!” деганини акаси кейин айтди. Бу гапни эшитган Фозлибек қаттиқ ўйга толди. “Жонга тегиш чорасизликдан эмасми?.. Нима, отам чорасизми?..” Фозилбекнинг назарида отасидан қудратлироқ, уддабуронроқ одам йўқ, ҳар қандай чорасизликдан чора топдиган шундай забардаст инсон, “Жонга тегди” дея қўл силташи, қўл силтаганда ҳам бозорнинг, бозорга қўшиб ўзининг устидан куладиган даражада ҳафсаласи пир бўлиб, бунақанги узлатни ихтиёр этиши… у ҳолда?..

– Ҳа, ўйлаб қолдинг? – деб сўради акаси, гўё укаси отасига дахлдор нозикроқ сирдан воқиф одамдек.
– Ўйлайдиган жойи йўқ. Оқибати шундан бошқача бўлиши мумкин эмаслиги аён эди.
– Қайси оқибатини айтяпсан? – дея ичи қизиб, шошқалоқлашди Диёрбек.

Фозилбек “ичим аламдаю, сиртим кулади” қабилида мийиғида кулимсиради, сўнг жавоб қайтарди:
– Отам кутган оқибатини-да!..
– Нима, отам кўзлаган ният амалга ошмадими? Бозор ўзгармадими?

Фозилбек энсаси қотганини акасига сездирмай, тилини тийди. Акаси билан пачакилашиб ўтиргиси келмади. Қўл силтади. Бунинг устига акаси ундан гап кутишга тоқати етмай саволи жавобсиз қолса-да, “улоқ”ни ўзи илиб кетди:

– Отам “Бозор айландингми?” деб сўрадилар.
– “Бозорбошилик қиляпман, бозорнинг сиз изга сололмаган жойларини эпақага келтириб юрибман” демадингизми?

Диёрбек укаси тўғри кўнгилда сўрадими ёхуд пичинг қиляптими, дабдурустдан тушунмади.
– Отамиз ётиб қолсалар, оғир кунларига биз ярамасак!..

Фозилбек тасдиқ маъносида бош ирғади. Иложини топса, ичкарига кириб, отасининг суҳбатини олишни мўлжаллади, бироқ у мўлжални олиб улгурмай эртаси оқшом отаси ҳеч қандай ғайритабиий ҳолат юз бермагандай ҳовлига чиқди, кейинги кун эса саҳармардондан одатича бозорга йўл олди. Ваҳоланки, отаси билан акасининг ўртасида бош қотиришга арзийдиган яна бир гап ўтган, уни ҳам Фозилбек кеч эшитди.

… Қосимбек чол истар-истамас суҳбатлашиб турганида Диёрбек қўққисидан инсофийлар ҳақида гап очди. Отаси ялт этиб у томон ўгирилди.
– Кимлар?! – деб сўради у.

Қосимбек чолнинг шум одати бор эди: у аллақачон эшитиб-суриштириб-билиб улгурган янгиликни бировдан эшитса мутлақо бехабар киши қиёфасида анқовсираб қулоқ солиб турарди. “Бозорда тобланган хийла усулларидан” деб қўярди Фозилбек. Тарки одат амримаҳол, деганларидек, чол ҳатто ўз фарзандлари билан муомалада ҳам шу хийласини қўймас эди.

– Отамдек инсон бозорчасига хийла-найранг… – Фозилбек оғзидан отасига нисбатан ўринсиз сўз чиқиб кетганидан ўнғайсизланиб акасига зимдан разм солди, бироқ Диёрбек ғоятда ҳаракатчан, ишчан эканига қарамай, зийраклик ва назокат бобида андек оқсар, аксарият айни шу думбуллиги унинг тадбиркорлик борасидаги эпчиллигию учарлигини чиппакка чиқарар эди. Отасининг ясама ҳайратини сезмагани учун ҳам кўзлари чарақлаб, унга уқдиришга киришди:

– Ия, эшитмадийзми?! – деди у отасини ҳангу-манг қолаётганидан ҳовлиқиб. – Ҳамманинг оғзида шу-ку!..

Шундай дедию, ҳамманинг оғзидаги гап аллақачон бозорбошининг қулоғига етмай қолмагандир, деган тахмин фаросатига келмади.
– Хўш?.. – деди Қосимбек ўғлини тезлаб.

Диёрбек ҳаяжонини босолмади.
– Инсофийлар бозорни ўз измига солармиш!..
– Ўзимизни қадимги инсофгами?..

Диёрбек отасининг дабдурустдан берган саволига жавоб тополмай дудуқланди, отаси норози оҳангда товушини пича кўтарди:
– Ё, осмондан янгича инсоф тушибдими?..

Диёрбек тили бесуяклик қилиб қўйганини шундагина фахмлади. “Бозорда инсоф қолмади” деган сўзи “Сизда инсоф қолмади” деган иддаога тенглигини у ўйлаб кўрмаганди. Отасининг кўзидан нигоҳини олиб қочолмай, ғўлдиради:
– Ўзи… билмасам, миш-миш-да…

Қосимбек оқсоқол ўғлининг ғудранишига қулоқ солмади, кун тандирдек қиздирган ҳовли ўртасига бориб тўхтади, бозор томондан кўз узмай узоқ тикилиб қолди. Боғкўча хийла тепаликда, расталар қатор-қатор саф тортган бозор майдони пастликда жойлашганидан, ҳовлида туриб одамлар аридек ғужлашган издиҳомни бемалол кузатиш мумкин эди. Диёрбек ҳамон ўзини қаёққа уришини билмай каловланиб турганида отаси унинг жонига ора кирди.

– Бозорни инсофга келтиришни эплайдиганлар чиққан бўлса, қанийди!..

“Қани, ўша инсофийлар? Қорасини кўрсатмаса… Сиз инсофийларданмисиз, деб бировдан сўролмасанг…”

Фозилбек саратон иссиғида устма-уст ёққан ёмғирдан зах тортган ҳовли саҳнига кўз югуртирганича ўзини қаёққа уришини билолмай турганида дарвоза томондан, “Ҳў-ў, ким бо-ор?” деган овоз эшитилди. Фозилбек қўни-қўшниларни тўй-ю маъракаларга хабарлаб юрадиган Зокир отанинг овозини таниди. Илдам юриб, кўчага чиқди.

– Жаноза эрта бомдодга қолдирилди, барвақтроқ чиқинглар-а, – деди Зокир ота ҳассасига беҳол суяниб.
– Ия, – деб юборди Фозилбек. – Пешинга чиқаришмадими?!

– Найнов бояқиш… – Зокир ота шундай деб қизариб кўзига ёш олди, яқин жигари ҳақида гапираётгандек ачиниб, деди: – Эрталаб, ”Миясига қон қуйилиб ўлган” деб хат қилиб беришган экан, пешинда э-энди тобутга олай деб турсак, яна миршаблар тўполон қилиб кеп қолса дегин… “Биз текширганда мияси тозайди” деб ўликни яна опкетишди… Бунақа бетайинликни кўрмаганман…

Ёш эканига қарамай унча-бунча иссиқ-совуққа ҳаяжонланмасликка одатланган Фозилбек бу гапни эшитиб, ҳайрон қолди, тушунолмай, елка қисди.

4

– Мен отамни кўриб чиқаман, – деди Ҳабиба ўтирган жойида ҳовлидан кўз узмай.

Умри она қизининг истагини дабдурустдан рад этолмай, нажот кутиб, Фозилбекка қаради.
– Кириб нима қиламиз, опа, безовта…
– Отам безовта бўлишига жонинг ачиса нега рози бўлмаяпсан?

Фозилбек тушунмади.
– Нимага рози бўлмапманки…

– Гапни қисқа қил, укам, қиз танлашга ақлинг етмаётган экан, буёғини бизга қўйиб бер. Мени айтди дерсизлар: уйга кириб, келин топилди, Фозил рози, десам, отам ҳозироқ оёққа туриб кетмасалар, отимни бошқа қўяман!..

Фозилбек қайсарлар пирига сабоқ берадиган опасига бас келолмаслигини ўйлаб, бош чайқади, бир кўнгли отасининг феълида пайдо бўлган инжиқликка оила аъзолари ортиқча хавотирли тус беришаётгани ёқмади, бир кўнгли…

– Иккинчи сафаргисида уч кунга қолмай чиққандилар, зора бу сафар…

Ҳафизанинг иккиланиброқ, бунинг устига, қайнисининг ёнини олиброқ оҳангда гап бошлагани Ҳабибага ёқмади.
– Неча кунга чўзилишини худо билади, бир кун-уч кун деб фол очгандан кўра, манавини кўндириш зарил, Ҳафизаой! Бу фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолди, бошқаларга жони ачишмайди, парвойи фалак!

Фозилбек индамаса, опаси кичик онаси ва кеннойиси билан можаро чиқаришдан ҳам тоймайди, шу боис зарбани ўзига қаратди.
– Опажон, – деди у Ҳабибанинг елкасидан қучиб, – сизлар айтаётган муносибини топаману ўзингизга айтаман, яхшими?
– Қачон айтасан?

Опасининг саволига бўладиган жавоб Фозилбекнинг ўзини ҳам қизиқтираётган, фақат бу, ўзининг эмас, бошқа одамнинг изми-ихтиёрида эди.
Тинимсиз қисди-басдига олишлар таъсирини ўтказдими ёхуд ўзининг телба фалсафасидан воз кечдими, ёхуд… Фозилбек кўчага чиқди, ундан бозор томон йўл олди, боши оққан томонга юрганча бир неча кун бурун юз берган фавқулодда учрашувни нечанчи бор қайта бошдан кўз ўнгида гавдалантиришга тутинди.

…У ҳўл мевалар сотиладиган расталар оралаб бораётган эди. Хушрўйгина қиз эътиборини тортди. “Оппоққина экан-а!” деб юборди у беихтиёр овоз чиқариб, шундай дедию, чамаси нотаниш қизнинг чеҳрасидаги нурдек оқлик унинг кўнглига тўлалигича кўчди-қолди. Азбаройи энтикиб кетди. Ҳатто бегона қизга очиқ-ойдин бақрайишдан ўзини тия олмади. Бунинг устига қиз жуда-жуда таниш туюлди, қаердадир кўргандай, ҳатто узоқ-узоқ суҳбатлашгандай ундан заррача бегонасирамади. Шу лаҳзада қизга гапирмай ўтиши мумкин эмасдек, лоақал бир оғиз луқма ташлаши унинг тақдирига (эҳтимол, қизнинг ҳам тақдирига!) битилгандек, изоҳлаб бўлмас бир мажбурият билан қизга яқин борди.

– Узумнинг қанақаси яхши… – “Яхши кўрасиз” демоқчи эди, сўнгги лаҳзада саволини ўзгартирди: – …бўлади?

Фозилбек қиздан кўз узмади, саволининг беўхшов чиққанини ҳам ўйлаб кўрмади, қизнинг оппоқ манглайига, бўйнига ўғринча кўз қирини ташлади. Қиз бош кўтариб унга қарамади, лекин саволни жавобсиз ҳам қолдирмади:
– Ҳусайниси…

Сўнг… Фозилбек ортиқ сўз тополмади, оғиз жуфтладию, тили танглайига ёпишди-қолди. Ўйини ўйлагунича нотаниш қиз икки бош ҳусайнини қоғоз халтага солиб, растадан узоқлашди. Фозилбек серрайиб, унинг изидан кузатганича қолди.
– Китобхонада ишлайди…

Фозилбек қулоғига чалинган бу хушхабарни дуруст англамади, издиҳом орасида кўздан йироқлашиб бораётган қиз унинг юрагини юлиб олиб кетаётган эди. Мўйсафид узумфурушнинг кейинги сўзлари хаёли пароканда йигитнинг қулоғига элас-элас чалинди.
– Анавиндаги растабошининг қизи. Бояқиш, ойдай, бахти очилдию…

“Сутга чайилгандай!” деб юборди Фозилбек беихтиёр. Юраги безовта ура кетди. Кўксидаги безовта дукурни босолмай, қизнинг изидан югургиси келди. “Ҳусайниси…” деб ичида қиз айтган оҳангда такрорлашга уринди. Шу дамда унга шу сўзнинг нотаниш қиз талаффузидаги мўъжизакор оҳанги далда бериши мумкин эди, холос.

Ўша кун ва ўша тунни минг бир хаёлда ўтказди. Дам кулди, дам ўйга толди, фавқулодда даф солган эҳтирослар жунбишини идрок этолмай, “Наҳотки?!”, деган саволдан нари ўтмади.

Тонгга қадар “Наҳотки?!”, “Нега?!”, “Наҳотки?!”… бу сўзлар саволгина эмас, лаҳзалар, дақиқалар ва соатлар ўтгани сайин жавоб ва тасдиқ вазифасини ўтай бошлади… тақдир ҳалқалари Фозилбек йигитнинг сўққа бошини салла янглиғ ўраб-чирмади. У туни билан қироатхонага тиккасига кириб бориш, тортинмай-нетмай маъсума қизни чақириб беришларини сўраш режасини тузди. Назарида, қироатхона бозор сингари гавжум жойдек, оломон орасидан бирортасини четга чорлаб сўраса, ғиз этиб унинг тинчини ўғирлаган қизни етаклаб чиқадигандек эди. Қаёқда?! Фозилбек қироатхона эшигига етар-етмас қўл-оёғи бўшашиб кетди. Бу аҳволда ичкарига кириб, ниятини амалга ошириш у ёқда турсин, тап-тайёр изза бўлишига ақли етди. Қизга рўпара келтирадиган бошқа баҳоналар излашга киришди. Баҳона оёқ остидан чиқди.

Ёймачилар қаторида санғиб юриб, қора мовут супрасига сотадиган бисотини ёяётган Султон тиллага кўзи тушди. Аёлларнинг пахмоқ кўйлаги, локи тарам-тарам кўчиб кетган эски махси, сим ўрами, тумшуғи чегаланган бесўнақай чойнак, аралаш-қуралаш мих уюми, занг босган калит шодаси, катта-кичик гултувак. Алмисоқдан қолган қозиқ, кўзойнак гардишлари… Султон ташилавериб уринган бир бойлам китобни супранинг чеккасига тера бошлади.

– Китобга харидор йўқ, – деди у, – ташиганим-ташиган. Зилдай оғир.
– Битта-яримта ишқибоз сўрайдими, ўзи?

Султон “бе-е” деган маънода қўл силтади, сўнг илова қилди:
– Сўрайди. Варақлайди, кейин ташлаб кетади. Яна уч-тўрт кун сотилмаса пистачи хотинларга кўтарасига бервораман.

Фозилбекнинг кўнглида умид чироғи “йилт” этиб ёнди.
– Нима ҳақда ёзилган, ўзи? Ким ёзган?

Султон тилла кифтини учирди. “Бир пайтлар кимдандир опқолгандим-да, арзон-гаровга”, деди. Фозилбек учун бунинг аҳамияти йўқ эди, у қироатхонага олиб кирадиган баҳона топилганидан севинди. Фақат… унинг аввалдан мўлжалланган режасига зид ўлароқ қироатхона ҳувиллаб, ҳатто зах тортиб ётган экан, бунинг устига, мовий кўз, елкаси хиёл туртиб чиққан захил юзли аёл уни совуққина қарши олди.

– Кутубхона ишламайди, ёпиқ, – деди у Фозилбекнинг саломини кутмай.

– Очиқ-ку, – деб юборди Фозилбек, бўсағага кириб турганини пеш қилгандек ва шу аснода ичкари хонага – узунасига кетган, икки ёнига шифтга довур китоб тахланган нимқоронғи йўлакка назар ташлади.

– Бегоналар учун ёпиқ, – деди аёл ҳамон бепарволик билан.

Фозилбек бўш келмади.
– Мен бегона эмасман, – деди у тап тортмай.

Мовий кўз аёл ёш боланинг кафтидек варақчаларни тартибга келтиришдан зумгина тўхтадию, бегона йигитга бирров кўз югуртириб яна юмушига унналди.
– Ҳозир қироатхона ҳаммага бегона…

Аёлнинг товуши жуда ҳазин эшитилди. Назарида аёл унга, “Сиз ҳам” деб гина оҳангида айтгандек эди. “Ҳусайниси…” деган сўзнинг ёқимли ва сирли оҳанги такрорланди йигитнинг қулоғи остида.

Фозилбек узум растасида учратган қиз билан ҳозир рўпарасида турган аёл қиёфасидаги маъюслик ва ҳазинликнинг ўхшашлигига ҳайрон қолди. Ичи ачишди.

– Мен бегона эмасман, – деди у янада дадил товушда. Шундай дедию, мовий кўз аёлнинг қоғоз кавлаштираётган қоқ суяк ва рангсиз бармоқлари сезилар-сезилмас титраётганини пайқади. Аёл орқа ўгираётиб сездирмайгина мушти билан мижжаларини артди.

– Нима, қироатхонада ёлғиз ўзингиз ишлайсизми?
– Уч кишимиз…

Фозилбек ниятига етадиган фурсат келганини кўнгли сезди. Бунинг учун у муомаласи юмшай бошлаган аёлга ишлов беришни совутмаслиги керак эди.

– Китобхонларга уч киши хизмат кўрсатишга улгурасизларми?
– Кутубхона ишламайди, дедим-ку, – боягиндан анча мулойим гапирди аёл. – Ёпиқ.
– Ишламаса, сизлар нима қилиб ўтирибсизлар бу ерда? Кейин… сиздан бошқа ҳеч ким кўринмайди…

Мовий кўз аёл йигитнинг эзмаликларида самимийлик оҳангини илғади шекилли пахтали, енгсиз нимчасининг тугмаларини қадай туриб уни саросар кузатди ва узоқ гурунглашишга чоғланган одамдек меҳрибон бир товушда тушунтиришга киришди:

– Қироатхона, кутубхона мижозлар учун ишламаяпти, лекин фаолияти тўхтаб қолиши мумкин эмас. – У шундай деб фаҳмингиз етмаяптими, деган маънода йигитга разм солди. – Тушунтира олдимми?.. Минг-минглаб китоб, тахлам-тахлам газет-журналга доим ҳаво тегиб туриши шарт. Шамоллатилмаса… тирик жон нафас олмай яшолмаганидек…
– Э, ҳа-а…

Аёл йигитнинг ҳайратига эътибор қилмади, бояги-бояги умидсиз ва пинҳона аламзада товушда деди:
– Китобларимизга қўшилиб ўзимиз ҳам зах босиб кетяпмиз…

Фозилбекнинг кўз ўнгида узум харид қилган қизнинг чеҳраси гавдаланди. Уни мовий кўз аёлга қиёслади. Қироатхонанинг шифти баланд, лекин кун тушмас хонасига кўз югуртирди. “Сутга чайилгандек!..” деди ичида. Сўнг, гурунгга қайтди.

– Зах босдирмаслик учун нима қилиш керак? – сўради у астойдил ачиниш билан, ҳамон қаққайиб турган жойидан. Ва…
– Ҳей, ойдин!..

Фозилбек қўққисидан эшитилган шанғи товушдан чўчиб тушди. Кўнглининг бир бурчида, узум олган қиз бўлса-я, деган савол туғилдию, наҳотки, ўша қиз шунчалик шанғи бўлса, деган хавотирда азбаройи юраги орқасига тортиб кетди. Ва сира иккиланмай “У эмас!” деган ишонч ва қатъият билан овоз келган томонга ўгирилди. Ўгирилдию, ранги унниқиб кетган тўқ мовий парда ортидаги стол ёнида ўтирган бақалоқ аёлнинг шарпасига кўзи тушиб, “Хайрият!” деб юборди. Аёл ўша шанғи товушда давом этди:

– Яна кўзингни сийдигини оқизвоссанми! Йиғи-сиғи қиладиган бўлсанг, йиғиштир, ишни!.. Шу бола китоб зах босишини тушунадими?!

Мовий кўз аёл чурқ этмади, Фозилбек қандай жавоб-муомала қиларини билмай ҳанг-манг бўлиб туриб қолди. У бирон жўяли гап хаёлига келиб улгурмай кутганига зид ўлароқ бадбашара ва важоҳатидан одам ҳуркадиган эмас, аксинча, паст бўйли ва бақалоқдан келганини демаса, ёши элликлардан ўтган, баркаш юзли, истараси илиққина аёл пайдо бўлди. Фақат унинг авзои бузуқлиги, шу тобда бирон-ярим гап билан уни шаштидан тушириш иложсизлигини Фозилбек сезди, яхшиси, индамасликка қарор қилди. Парда ортидан чиққан хотин ўзи кутган қиз эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилиб, шундай енгил тортдики, азбаройи салом беришни ҳам унутди.

– Уйланганмисан, болам? – томдан тараша тушгандай савол қотди баркаш юзли хотин, безрайиб.

Фозилбек индамади.
– Отанг хотин оберганми, деб сўравомман?!
– Энди уйлантиришмоқчи…

Фозилбек нега бундай жавоб қилганини ўзи ҳам билмади. Кутилмаганда баркаш юзли хотиннинг зардаси юмшади, очиқдан-очиқ ҳазиллашаётганини яширмади.
– Уйланаётган йигит қироатхонада нима қип юрибсан? Кечаям айланишиб юргандинг, ўзинг ҳам бизга ўхшаб зах босиб қолмагин, тағин.

Семиз хотин шундай деб қаҳ-қаҳ отиб кулди, уни кўриб мовий кўз аёлнинг ҳам чеҳраси ёришди. Фозилбек мақсад сари жиндек силжиганидан хурсанд эди.
– Қаттан кегансан, кимми арзандасисан, ўзи?

Фозилбек баркаш юзли хотин энди эрмак учун гап айлантираётганини сезса-да, сир бой бермади. У тоқат қилишдан ўзга иложи йўқ эди.

– Шу ерликман, шу бозорда ишлайман, – деб жавоб қилди у. Лекин кимнинг арзандаси эканини айтмади. Фозилбек оилада кенжалик мартабасидан баҳра олмагани учунми, умуман, эркатойлик феълига ётлигиданми, “арзанда” деган сўзга тоқат қилолмасди. Тоқат қилолмасдию, хаёл қочган дамларда унинг учун ким арзандаю, ўзи кимларга арзанда экани ҳақида ўй суриб қолар, тахмину фаразларга қоришган бундай ўйларининг охири ҳар сафар чигаллашиб кетарди.

У саволнинг иккинчи ярмини жавобсиз қолдирганини эслаб, суҳбат шу билан барҳам топиши мумкинлигидан хавфсиради-да, бояги саволини такрорлади:
– Китоб зах тортмаслиги учун нима қилиш керак?
– Уф-ф!… Анави хангини чакагини ўчириш керак!

Семиз хотин кўча томонга ишора қилди, у нимани назарда тутганини Фозилбек тушунмай, қулоғини динг қилди. Кўча томондан, “Ҳайронма-ан-н!.. Бегонама-ан-н-н!” деган мутлақо нотаниш ҳофизнинг беўхшов дўриллаши эшитилди. Фозилбек муддаосидан чалғимаслик ниятида мавзуга қайтди:

– Сизларда нодир китоблар кўпдир? – деб сўради.
– Қадриянинг хилидан экан…

Баркаш юзли хотин бир чимдим кулимсирадию, бирдан жиддий тортди. Ноўрин пўписаси учун ҳамкасбидан узр сўрагандек босиқ ва мулойим гапирди:
– Қадрия нодир китоблар дардида куюнганича бор, бояқиш…

Фозилбек бундан қулайроқ фурсат қайтиб келмаслигини зудлик билан фаҳмлади ва темирни қизиғида босди:

– Бозорда китоб сотадиганлар бор, ўшаларда нодир китоблар…
– Қадрия ҳам шунга куяди, – деб Фозилбекнинг гапини маъқуллади мовий кўз аёл.

Баркаш юзли хотин кайфиятининг тайини йўқ шекилли, яна ғазаб отига мингаша бошлади.

– Ярамга туз сепиб нима қиласан, ука! Тўғри, камёб китоблар ёймачиларда қалашиб ётибди. Қадрия деган ходимамиз ўшанақа адабиётлар билан шуғулланади. Ҳу-ув, ичкарида ўтиради… Ноёб китоблар йўқолиб кетяпти, деб жони ҳалак. Қўлига пул тегди дегунча бозорга қараб чопади…
Фозилбек сесканиб тушди. “Қўлига пул тегди дегунча бозорга қараб чопади…” Пул тушмаса-чи? Пул тушмаса, қоронғи ва зах хонадан чиқмай ўтиради. Китоб йиғади, артади-суртади. Ўқийди. Пулу бозор билан иши йўқ. Фозилбек қизни биринчи учратишидаёқ буни сезди. Чунки қиз раста ёнига келди, бир бош ҳусайни узум олди-да, кафтидаги пулни узатди. Нархини сўрамади, тортишмади. Индамайгина изига қайтди. “Пулга бегона қиз” деб юборди ўша лаҳзада

Фозилбек ичида. “Сутга чайилгандай!” деб беихтиёр оғзидан чиққан ҳайратига шу хитоб қўшилди.

Эҳтимол, Фозилбекнинг қалбини қалқитиб юборган, ўзини шошириб қўйган ҳам ана шу икки оғиз лутф эди!
Бақалоқ хотин Фозилбекнинг кўнглига оралаган фаразни тасдиқлагандек гапирди:
–Бояқиш пул нимайканини билмайди, топганига китоб йиғади.

Фозилбек ҳаяжонини яширмади.
– Ёймада таниш йигит бор, бир талай китоб териб қўйибди. Ноёблари бордир, орасида?

– Малла йигитми? – сўради бақалоқ хотин, бепарво оҳангда.
– Ҳа, – деди Фозилбек.
– Жа-а қимматпуруш, – гапга қўшилди мовий кўз аёл.
– Қиммат эмас, арзон! – деб юборди Фозилбек. – Жуда арзонга сотади. Гаплашдим. Менга кўнди.

Иккала аёл нотаниш йигитнинг гапига ишонқирамай бир-бирига анграйди.
– Қанча йиғилди? – туйқус сўради баркаш юзли хотин.
– Озроқ… Отамдан сўрайман, деганди…

Фозилбек гап пул ҳақида бораётганини пайқади, энди у нафақат ўзини, балки бутун вазиятни, вазиятга қўшиб рўпарасида тик турган икки аёлни илинтирган эди.

– Нархидан ташвишланманглар, – деди у бамайлихотир. – Мен сизларга бегона эмасман. Мен кўндираман, дедим-ку. Фақат… танлаб олиш учун бирортангиз борасизми?..

Фозилбек юрак ютиб шу гапни айта олганига ўзидан қувонди. Юраги орзиқиб кетди. Кейинги лаҳзада ҳаёт-мамоти ҳал бўладигандек лабини қимтиб ерга қараб олди. Нафасини ичига ютиб, ер остидан баркаш юзли хотиннинг бармоқларига қаради, қарадию, аёл қўлларини стол ортига осилтириб турганидан унинг семиз билагидан бошқасини кўролмади. Назарида иккала хотин узоқ жим қолгандек, назарида иккала аёлдан бири у билан ёймага бориш учун ҳозирлик кўраётгандек туюлди, башарти шундай бўлса назарида Қадрияни (ҳа, исми Қадрияой эди!) қайтиб кўрмайдигандек тарвузи қўлтиғидан тушди. Бошини кўтаришга юраги дов бермади. Ниҳоят, баркаш юзли хотиннинг овози дўриллади:
– Қаерда ишлайман, дединг?

Фозилбек вазминликни қўлдан бермади.
– “Шуур” ширкатида, – деди ўзини ғоятда бамайлихотир тутиб.

Иккала аёл савол назари билан бир-бирига мўлтиради, елка қисишди.
– Бунақа ширкатни эшитмаганмиз… – деди мудира аёл овози мулойим тортиб.
– Ким бўлиб ишлайсиз? – деб савол қотди у.
– Жонкуяр, – деди Фозилбек янаям хотиржам товушда. – Ширкат жонкуяриман.

Орага тушган ўнғайсизликдан уни мовий кўз аёл қутқарди.
– Ҳозир қўлбола корхонаю ширкатдан кўпи борми! Қай бири нима юмуш билан шуғулланиши ёлғиз худога аён. Очса очгандирда! – деди у топган хулосасидан мамнун бўлиб.
Шеригининг топқирлиги мудирага ёқди ва ўзи ҳам нотаниш йигитни сўроқ қилишни тўхтатди.
– Қадрияни чақириб чиқ. Бу укам билан ёймага бориб келсин…
Фозилбек кўзини чирт юмиб очди, мудиранинг товуши қулоғига бамисоли майин куйдек ёқиб тушди, назарида қироатхона ёришиб кетди, шу топда унинг учун шу икки аёлдан яқинроқ, меҳрибонроқ инсон йўқдай эди…

Романнинг давомини саҳифа пастида онлайн форматда кирилл ва лотин алифбосида  ўқишингиз ва юклаб олишингиз мумкин

alay6.jpg    Taniqli yozuvchi Xurshid Do’stmuhammadning ikki asari: oldinroq yozilgan «Bozor» romanining  qayta ishlangan nusxasi  va yangi «Donishmand Sizif» romanidan iborat kitobi «O’zbekiston» nashriyoti tomonidan chop etildi. Yozuvchi tug’ilgan kuni arafasida bugun «Bozor» romanini, keyingi kunlarda esa yangi roman bilan tanishtirishni o’yladik.

“Bozor” romanining qahramoni Fozilbek og‘ir ruhiy iztiroblar iskanjasida. U o‘zining dunyoga kelish sinoatlarini, onasining diydoriga yetishish bir umrlik armonga aylanganini sira unutolmaydi, o‘zi oila quradigan fursat yetganda esa to‘kis oila asoslarini o‘zicha talqin etadigan yigitga aylanib ulgurgandi. Qizig‘i, u barcha hayot haqiqatlariyu mashmashalarini o‘zgarayotgan bozoriy mezonlar chig‘irig‘iga soladi, muttasil mushohadaga beriladi. Chunki u bozorchilar sulolasi farzandi – bozor odami…

Xurshid DO‘STMUHAMMAD
BOZOR
Roman
004

   Xurshid Do‘stmuhammad 1951 yilning 8 yanvarida Toshkent shahrida tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). «Fan» nashriyoti hamda «Fan va turmush» jurnalida muharrir va bo‘lim muharriri (1973-83), «Qishloq haqiqati» gazetasida muxbir (1983-84), «Yosh kuch» jurnalida bo‘lim muharriri, bosh muharrir o‘rinbosari, bosh muharrir (1984-95), Respublika Prezidenti devonida mas’ul xodim (1995-97), «Hurriyat» gazetasida bosh muharrir (1997-2002) va Ommaviy axborot vositalarini demokratlashtirish va qo‘llab-quvvatlash ijtimoiy-siyosiy jamg‘armasida hamrais (1997-2004), «O‘zbekiston matbuoti» jurnalining bosh muharriri (2002-05), O‘zbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasining rais o‘rinbosari (2004-05), O‘zbekiston «Milliy tiklanish» demokratik partiyasi Markaziy kengashi raisi (2004) bo‘lib ishlagan. U filologiya fanlari doktori.

Adibning dastlabki hikoyasi 1981 yilda «Guliston» jurnalida e’lon qilingan. Yozuvchining birinchi qissasi «Nigoh» nomi bilan 1987 yilda «Yoshlik» jurnalida bosildi. «Hovli etagidagi uy» nomli birinchi kitobi esa 1989 yilda nashr etilgan. Shundan keyin yozuvchining «Panoh», «Oromkursi», «So‘roq», «Sof o‘zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug‘anniy», «Yolg‘izim — Siz», «Ko‘z qorachig‘idagi uy», ayniqsa, «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000), “Qissalar” (2011) qissa va hikoyalar to‘plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan.

Xurshid Do‘stmuhammad, shuningdek, qatag‘on qurbonlaridan birining fojiali taqdiriga bag‘ishlangan «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo‘lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, “Ozod iztirob quvonchlari” (2000), “Jurnalistning kasb odabi muammolari” (2007) kitoblari, «Chayongul» kinossenariysi muallifi (2000).

Xurshid Do‘stmuhammad yapon adibi Akutagava Ryukoskening «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, T. Po‘latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg‘u-alam» romanini tarjima qilgan.

Xurshid Do‘stmuhammad 1 va 2 chaqiriq O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining deputati. O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi deputati, Axborot va kommunikatsiya texnologiyalari masalalari qo‘mitasi raisi (2005) bo‘lgan

004

…or
…zor
…ozor
…bozor

1

– Qani, kep qoling, asalidan op qoling!
– Asal bo‘lsa, sotarmiding, anoyi?!
– Beshik bormi, beshik?
– Sumagi qoldi, opoqi, sumagi!..
– Teri bormi, teri?
– To‘yga qalampir ola keting!
– Qo‘y terisi kerak, teri!
– Qopqon opketaqol, tozi!
– Sho‘rtak qurut keragidi?
– Jevachka olsang-chi, opovsi!..

Bozor-da, har kim keragini so‘raydi, har kim topganini sotadi, eplaganini oladi. Bozor maydonlari, rasta oralari qadrdon qo‘tonga yangi qaytgan podani eslatadi – shom qorong‘isida adashib-netgan ona-bola qo‘y-qo‘zi, echki-uloq singari xaridor sotuvchisini, sotuvchi xaridorini qulog‘i ding, ko‘zi jonsarak yelib-yugurib izlaydi. Ovozi boricha, kep qolinglar, deb chorlaydi. Hali-zamon quyosh lang‘illagan shoyi etagini yig‘ishtirib olamni, olamga qo‘shib bozorni, bozorga qo‘shib tumonatni zulmat ixtiyoriga topshiradi, qora olomon esa hoziroq xarid qilmasa joni bo‘g‘zidan chiqib ketadigandek baqiradi-chaqiradi, turtinadi-surtinadi, aldaydi-aldanadi, so‘kadi-so‘kish eshitadi…

Bozor-da, izdihom: odamlar to‘rt tarafdan kelaveradi, to‘rt tarafga o‘taveradi – oq, qora, malla, zangori… semiz, xipcha, oriq… novcha, o‘rtabo‘y, pakana… mayib-majruh… xushro‘y, xunuk… Na aft-angori, na engil-boshi, na fe’li, na-da, yurish-turishi o‘xshaydi… Alloh taolo bandalarini bir-biriga o‘xshamaydigan qilib yaratgan, bozor esa go‘yo tangri taolo panjasiga panja urmoqqa qasd qilgan gumrohdek, bani bashar vujudidan “nafs” deya atalmish bir baloi azimni topgan… bu yorug‘ dunyoda bir-biriga tariqcha o‘xshagan-o‘xshamagan tirik jon borki, nafsi o‘xshaydi, nafs bir xil, nafs odamlarni bir xillashtiradi, tafovutlarni yo‘qqa chiqaradi, bozor mana-man degan insoni komilni ham yalpisiga – bitta qo‘ymay bozorga soladi: odamlarni betma-bet ro‘para keltiradi, og‘iz-burun o‘pishtiradi, gij-gijlaydi, mushtlashtiradi va shu tariqa ne ko‘ylarga giriftor etib, sinovdan o‘tkazadi. Boshi yumaloq, puti ayri kas-nokas borki, “Olaman!” deydi. Sotayotgan ham, olayotgan ham, bekorchi ham, daydiyu tilanchi ham olish umidi-ilinjida izg‘iydi. Har kim qurbi yetganicha oladi – qo‘l uchida, changalida, hovuchida. Quchog‘ini to‘ldirib oladiganlarning sanog‘i yo‘q… bozorga kirdi deguncha kafti, hovuchi, qo‘yin-qo‘nji qavat-qavatlab bolalab ketadiganlari qancha!..

Fozilbek bozordan beri kelmaydi, olomon oqimiga qo‘shilgan zahoti joni orom oladi. Demak, u ham o-la-di!

U o‘zining hamma qatori oluvchi ekanidan tonmaydi, faqat miyig‘ida kulib, aybdor odamdek o‘ng‘aysizlanib, “Hayotda har kim didi-farosatiga yarasha oladi” degan so‘zlar bilan falsafa so‘qiydi. Bozorning har qarichida hikmatlarga to‘la milliyon falsafa ko‘radi.

Axir Fozilbek tushida yuk moshinga tarmashgan bo‘lsa, moshina guvillab shamoldek yelib borgan bo‘lsa, buning bozorga nima daxli bor? Tushning ta’biri bozordagi izdihom oyog‘i ostida to‘kilib yotmaydi-ku! Yo‘q, Fozilbek inson hayotining mag‘zi-mazmuni tugul, almoyi-aljoyi tushlarining ta’birini ham bozordan izlaydi.

…Ayni subhi kozib uyqusi qochib uyg‘ondi, hali tong yorishmaganini ko‘rgach, yana jijcha mizg‘ish ilinjida qaytib boshini yostiqqa qo‘ydi, ko‘zi ilinar-ilinmas… yuk moshinning tumshug‘iga tarmashdi. Moshinaning usti ochiq yukxonasida odam tirband. Haydovchining yoniga besh-olti yosh-yalang suqilgan, hatto ikki tomon zinasiga oyoq tirab, eshikka zulukday qapishganlar bor – ularning bari Fozilbekdan ko‘z uzmas, uning boshidan to‘y taklifnomalarini sochishar, Fozilbek esa qoyatosh yonbag‘riga tarmashayotgan ayiqdek moshinaning tumshug‘iga qapishgan, beso‘naqay moshin har safar siltanganida to‘pdek irg‘ib tushay der, bazo‘r o‘zini o‘nglab oldi deguncha bu temir maxluq yana shiddat bilan g‘izillab yo‘lda davom etardi…

Fozilbek qanday bo‘lmasin, moshinani to‘xtatish, loaqal uning shiddatini pasaytirish, sochiga, yoqasiga, kissalariga qisilib-ilinib qolgan taklifnomalarni xuddi engil-boshidagi chang-g‘uborni qoqayotgandek qoqib tashlash istagida turgan joyidan qo‘lini haydovchi tomonga uzatdi, cho‘zdi, cho‘zildi, shunda shop mo‘ylovli, yuzi koptokdek yumaloq haydovchi, “Uylanvomman, birga bo‘ling!” deya tirjayganicha unga qog‘ozcha tutqazdi, Fozilbek qog‘ozchani olib qo‘yniga soldi, shunda ichki cho‘ntaklari, qo‘yni taklifnomaga to‘lib-toshganini sezdi… Moshina Bog‘ko‘chaga burildi. Bog‘ko‘cha hasipday tor, iloniziday egri-bugri, bu ketishda baqaloq haydovchi moshinani boshqarolmay qolishi, uy-puyga yoki devorga obborib urishi hech gap emas. Biron darvozadan, eshik-teshikdan bola-baqra otilib-quvalashib chiqib qolsa-chi!..

Yuk moshina G‘iyos somsapazning darvozasi yonidan o‘tib, chapga burilganida surnay, nog‘ora sadosi eshitildi. “To‘y!” degan so‘z tig‘day tilib o‘tdi, Fozilbekning xayolini. “Uylanayotgan edi!” deb hayqirib yubordi, lekin kim uylanayotganini eslolmadi, qolaversa, shu tobda qaysi qo‘shnisi to‘y qilayotganini aniqlashning ahamiyati yo‘q, nima bo‘lganda ham kuyovnavkarlar kelinning xonadoniga borish uchun to‘dalashib yo‘lga tushgan – Bog‘ko‘chaning shumtakalariyu yosh-yalangi kelin xonadoniga qiyqirib, mo‘r-malaxdek yopirilib kirib borishga o‘ch, shundan… tor ko‘chani qariyb enlagan yuk moshin tezlikni pasaytirmay karnay-surnay nag‘masini susaytirmay, telba yirtqichdek yelib boraverdi. Fozilbek jon achchig‘ida moshina tumshug‘iga o‘ligini tashlab, uni to‘xtatmoqchi bo‘ldi, moshina quloqni qomatga keltirib qattiq… kishnadi…

Uzun tun o‘tdi, kun o‘tdi, shom qorong‘usi tushdi, Fozilbek tushining ta’birini topmadi. Topmaganda-chi?.. Har ko‘rgan almoi-aljoyi tushining ta’birini topaverishi shartmi, odam?! Tush – uyquning chiqiti-ku… Illo, bu yorug‘ olamda he-yech nimarsa bejiz-bexosiyat emas. Parvardigor neki sir-sinoat bo‘lsa bandasiga har yo‘sinda ayon qiladi, har kasu nokas uchun umrida faqat bir marta ayon bo‘ladigan hikmatlar bor, ba’zan ustma-ust ayon qilaveradi, xom sut emgan g‘ofil banda esa buning fahmiga yetavermaydi. Mechkayni taom o‘ldiradi, bexalovatlik fahm ko‘zini to‘sadi, hayotning tuz-namagini miriqib totib yashash uchun esa har-r lahzaning mag‘zini chaqishga to‘g‘ri keladi. Umrning o‘tib borayotgan har lahzasiga xayoldan kechayotgan hisobsiz katta-kichik, arzir-arzimas o‘y-fikrlaringizni qo‘shib, idrok eta olasizmi?.. Yon-atrofingizda yashab yurgan har bir odamning xayolida ozmuncha fikr tug‘ilyaptimi? O‘sha fikrlar qayoqlarga g‘oyib bo‘lyapti? Qanchadan-qanchasi yorug‘ dunyo yuzini ko‘rmay jon bermayaptimi?.. Ularni dengiz ostidan ming mashaqqat-la topilgan gavharu inju yanglig‘ dona-donalab terish-yig‘ish, ko‘z qorachig‘idek asrash-avaylash kerak emasmi! Shu bozorda hisobsiz odamlar qo‘lida aylanayotgan hisobsiz pullardan-da qimmatroq, noyobroq aql-idrok mevalari – fikrlar bir mahrami-mehribonini topmay uvol ketmayaptimi?..

Shu xildagi o‘y-shu xildagi xayollardan o‘zga arzigulik maqsad-maslagi bo‘lmagan – dunyoga kelib shu jununga yo‘liqqan Fozilbek o‘zi ko‘rgan tushning ta’biriga befarq qolishi zinhor-bazinhor mumkin emas. Odam to‘la yuk moshin Bog‘ko‘chada nima qilib yuribdi? Taklifnoma yog‘ini, karnay-surnay nolasi nimalarni ayon qilmoqda, unga?.. Tag‘in kim biladi deysiz: shu savollar “pinji”ga yashiringan javobni topsa Fozilbek shoyad bozor jununi kasalligidan qutilib, otasining, kichik onasining, aka-opalariyu yangasining ra’yiga yurib… uylanish harakatiga tushsa?!

Fozilbek nosfurushlar qatoridan o‘tayotganida tomchilay boshlagan yomg‘ir ohakchilar qatoriga yetar-yetmas chunonam sharros quydiki, u azbaroyi shilta-shalabbo bo‘lishdan qochib, o‘zini ohak do‘koniga urdi. Ohak bo‘laklari uyumi yonida turganicha, katta yo‘lning o‘rtasidan yeldek “yugurib” ketayotgan toshqin suvga termilib qoldi. Shu payt kimdir uning qulog‘iga shivirladi, hatto qo‘lini olib, omonlashdi ham. Fozilbek beixtiyor salom berdi, lekin shivirlovchi sharpaning kimligini tanib-netib ulgurmadi, qo‘lidagi to‘y qog‘oziga qaradi. “Keyin o‘qiyman” degan xayolda kaftida g‘ijimlaganicha ko‘chaga chiqdi, go‘yo boshini yelkalari orasiga tortib yursa yomg‘irga tutilmaydigandek, yo‘l chekkasidan ildam qadamlar tashlab ilgarilayverdi. Chap yuzidagi bir g‘ujum uzumcha keladigan norini selkillatib yuradigan Kamol karvon dag‘dag‘anamo ohangda to‘ng‘illab, ro‘para keldi.

– Yoz chillasida to‘yni o‘tkazib olaman, degandim. Bu, qizitaloq, ko‘z ochirmay qo‘ydi-ya, vey!..

U shunday deb Fozilbekning qo‘liga shapaloqdek qog‘oz tutqazdi.

– Ivib ketibdiyu, – dedi Fozilbek yaltiroq yozuvli taklifnomani olib. – Tillasi yuvilib ketayozibdi.
– Xudo bergan yetti o‘g‘il-qizzi to‘y kunini to‘rtala faslga mo‘ljalladim, illo, birortasidayam yomg‘irdan qochib qutilolmadim. Sanga yolg‘on, xudoga – chin,

Fozil, hammasini to‘yida jala quygan! Mana, vallohi a’lam, saraton, odam yonaman deydiyu, yomg‘ir ko‘z ochirmayapti!..

Fozilbek ajablanish aralash kuldi.
– Mayli, o‘lim bo‘lmasin, – dedi karvonning ko‘ngli uchun. – Yomg‘ir – baraka darakchisi, aka.

U bir necha qadam nari ketgan joyida Kamol karvon uni to‘xtatdi.
– O‘lim bo‘lmay iloji yo‘q, uka, – dedi u ust-boshiga quyayotgan yomg‘irga parvo qilmay. – Illo, dushmaningni ham Naynov zakunchidaqa o‘lishdan asrasin.

Fozilbek bosh irg‘ab bu gapni astoydil ma’qulladi, yo‘lida davom etar ekan, Naynov zako‘nchining aftini ko‘z oldiga keltirdi. Unga achindi.
Zako‘nchi aslida chakki odam emasdi, ko‘pchilik yoqtirmasligining sababi esa bitta – zako‘nchi dunyoni faqat qonun ko‘zi bilan ko‘rar edi, xolos. Unga ishi tushmagan odam yo‘q, eshigiga bosh urib bormagan odam yo‘q, lekin ishi bitmaganlar-ku, o‘z yo‘liga, hatto mushkuli oson bo‘lganlar ham, “Ja, xit qilib yubordi-ye, Naynov!” deb norozilanar, hatto so‘kinishdan toymasdi. “Zako‘nni yaxshi biladigan odamning do‘sti – zako‘n, – degan edi otasi bir kuni, kulib. – Naynovdaqa maxluqlar esa qonun oldida otasiniyam, xotininiyam ayamaydi”.

So‘kadimi-alqaydimi, ishqilib, ko‘pchilikning koriga yarab yurgan shunday odam to‘satdan qaytish qildi. Kecha asrga chiqarishadi, degan xabarni eshitgan edi, ko‘z ko‘rib-quloq eshitmagan hodisa yuz beribdi – tobut yerdan uzilgan pallada mirshabxonadan yetib kelgan bir gala norg‘ul yigitlar, o‘lim sababi aniqlanmagunicha, dafnga ruhsat berilmaydi, deb turib olishibdi. “Tekshiruvga beramiz!” deya mayitni olib ketishibdi. Ana tomoshayu mana tomosha! Azaga yig‘ilganlar chapak chalgancha qolaverishibdi. Akasining aytishicha, Zako‘nning janozasi bugun bomdodga ko‘chirilgan edi, yo‘q, saharga yig‘ilgan yaqin-yiroqlar “Tekshiruv tugamabdi” degan shivir-shivir ovozani eshitib, yelka qisib, bir-bir tarqalishibdi.

Fozilbek nosfurushlar, ohakchilar qatoridan o‘tganida qo‘lida yana bir juft to‘y chorlovnomasi paydo bo‘ldi – ularni kimlar tutqazdi, to‘yga taklif etuvchilar bilan qay tariqa savol-javob qildi – eslagisi kelmadi. Mayiz, turshak, yong‘oq va hokazo quruq meva-cheva rastalari joylashgan baland tim ichidan eshitilayotgan g‘alati g‘ala-g‘ovurga bir zum quloq tutdi, ajablanib bosh chayqadi, so‘ng yo‘lida davom etdi. U gilam bozorini, shirinpazlikni, yoymachilar rastasini kesib chiqib, katta yo‘l yoqasiga yetganida qator-qator ketgan sabzavot rastalari tomonda qiy-chuv ko‘tarildi. Fozilbekning yonidan o‘tayotgan ko‘laga, “Chuqurga ot-arava ag‘anadi!” dedi, xuddi xushxabar tarqatayotgandek, tantanvor ohangda.

– Sabzini tozza uygan ekan-ye, noinsof! – qo‘shildi boshqa yo‘lovchi.
– Sabzi emas, piyoz bilan qand lavlagi ekan…
– Bozorboshi timga keladi, degan ovoza tarqagan, shu vasvasada sabzavot qatoriga boradigan katta yo‘l to‘silgan. Tiqilinch hosil bo‘lgan.
– Bozorboshi bozorga chiqmay qo‘yganiga bir haftadan oshdi-ku!..
– Ot jonivor to‘rtala oyog‘i osmondan kelib, tipirchilab yotganmish!..
– Sho‘rlik bir kambag‘alli aravasi ekan…
– Jonivorning beli sinibdi…
– Yamoqchilar butlab ketar…
– Insofiylar tashlab qo‘ymas?..
– Shu qorong‘ida insofiylarga zaril kegani yo‘q…

Fozilbek luqmabozlik payrovini qizdirayotganlarni durustroq ko‘rib-tanish niyatida alangladi, biroq izdihom orasida ovoz egalarini topmadi. U to uyiga yetib darvozadan, so‘ng yo‘lakdan hovliga o‘tguniga qadar xayoli insofiylarga ketdi, kun sayin baland-past bo‘lib bolalayotgan mish-mishlarni esladi, shu asnoda ayni sahar chog‘i ko‘rgan tushining ta’birini izlashni ham, baland timdagi g‘ala-g‘ovuru, sabzavot rastasi tomon kelayotgan ot-aravaning chuqurga ag‘anaganini ham unutdi.

2

– San tengi yigitlar nevarali bo‘vottiyu, uyalmaysanmi, so‘ppayib yurishga?!

Fozilbek barvaqt turib yuvingach, yo‘l-yo‘lakay artina-surtina oshxonaga taqab solingan oldi oynavand yemakxonaga yaqinlashganida ichkarida onasi, yangasi va Habiba opasi gaplashib o‘tirishganini ko‘rdiyu, opasi kuni kecha kelib ketganini, qaysar ukani holi-joniga qo‘ymay tergaganini, “tergov”ning “odil” hukmi shu ta’na-dashnom bilan yakun topganini esladi.

– Uyalaman, – dedi Fozilbek o‘sha kuni opasining ta’nasiga javoban. Habiba gapim kor qildi degan o‘yda chimirilib ukasining og‘ziga mo‘ltaydi. Kichik onasi ham Fozilbekka umidvor ko‘z tashladi. Fozilbek ikki ayolni o‘ziga qaratib olganiga ishonch hosil qilgach, atayin picha sukut saqlab turdi-da, kulib yubormaslikka tirishib, sir boy bermay dedi:
– Tanimagan-netmaganimni, sinamagan-bilmaganimni tanlashdan uyalaman.

Habiba ukasining bemavrid hazilidan battar xunobi ortdi.
– Tanish-netish uchun, nima, birovvi qizini ichiga kirib chiqishing kerakmi?! Ovvol nari-veridan ko‘rgin, yuzlashtiraylik… husni, bo‘y-basti ma’qul kelsa, bo‘ldi-de!

Fozilbek o‘sha kuni ta’na va iddaolar, pisandalarga to‘lib-toshgan, lekin mehribonlarcha aytilgan bu gapga miriqib kulgan edi, bu safar ham o‘sha holat-kayfiyatga qaytdiyu, kulgisini ichiga yutdi. Ne-ne ishlar shu so‘z bilan barham topadi: qora qozoning qaynab, tirikchiliging o‘tyaptimi – bo‘ldi-de, bozorda oldi-sotdi avjidami – bo‘ldi-de, uylanib oldingmi, xudo tirnoqdan qismadimi – bo‘ldi-de!.. Bu gapning zamirida “bo‘lganicha bo‘ldi” degan ma’no yotgani bilan hech kasning ishi yo‘q, ishi bo‘lgan taqdirda ham o‘zini sezmaganlikka oladi… dunyodan “bo‘lganicha bo‘ldi” tarzida yashab o‘tayotganidan norozilanmaydi, iztirob chekmaydi.

Fozilbek shunday deya olmayapti, xolos, aslida, “Bo‘lsa bo‘ldi-de!” deb yuborsa olam guliston, bir necha kundan buyon asabiy sokinlik ezib turgan xonadon gij-badabang to‘yxonaga aylanadi-qo‘yadi!..

U o‘zining ustidan kulayotgandek ichida, “Bo‘ldi-de! Bo‘ldi-de!” degancha ochiq chehra bilan yemakxonaga kirdi. Salom berdi, ko‘nglidan, “Azonlab uyquda bosay deb kelibdilar-da!” degan gapni kechira turib, opasi bilan iliq omonlashdi.

Umri ona hurmati uchun hamisha uni o‘rnidan turib qarshi oladi, kennoyisi arzanda qaynisini o‘tqazgani joy topolmaydi, Fozilbek ko‘chadan keldi deguncha izzatli mehmonni kutgandek aylanib-o‘rgiladi, ikki yildan oshdi – dam kichik onasi, dam kennoyisi, dam opalari biri olib-biri qo‘yib uni uylantirish harakatiga tushgan, qayerlardandir munosib qiz topishadi, birrov borib ko‘rib kelsa va “ma’qul” desa vassalom – olam gulistonligini aytib holi-joniga qo‘yishmaydi, kuyovlik bo‘sag‘asidagi arzanda esa nuqul hazil-mutoyiba bilan suvdan quruq chiqadi: “Nimasi menga munosib ekan?” deydi o‘smoqchilab, Umri ona yoki kennoyisi og‘zidan bol tomib, qizning husnda beqiyosligidan tortib, zulukday qora sochi taqimiga yetishigacha, tag-taxtli oila farzandi ekanigacha, ro‘zg‘or yumushlarida qo‘lli-oyoqli ekanigacha – barini to‘kib solishadi, ammo-lekin Fozilbek o‘zi so‘raganiga qaramay ayollarning ta’rifu tavsifiga ortiqcha ro‘yxush bermaydi, balki har safar “munosib” degan so‘z uning miyasiga zulukday yopishib… qitig‘i kelgan odamday o‘zicha hiringlaydi.

Keyingi kunlarda bu mashmashaga otasi qo‘shildi. Qisuvga olish zo‘raygandan-zo‘raydi. Fozilbekni ko‘z ochirmay qo‘yishdi, aftidan otasi ayollar ikki yildan buyon eplolmayotgan savdoni bir hamlada pishitishga astoydil kirishganga o‘xshadi. Diyorbek akasiga, “Bevosh ukangni ko‘ndir, yanagi hafta ichi to‘yini o‘tkazib qutilaman-qo‘yaman!” deganini o‘z qulog‘i bilan eshitdi Fozilbek. Habiba opasi kunduzi uchratolmagach, saharlab yetib kelganining boisi ham shunda edi.

Fozilbek tesha tegmaganroq himoya usulini o‘ylab topish uchun shisha bankadagi yaxna choyni qult-qult simirayotib ayollarga o‘g‘rincha ko‘z yugurtirdi, shunda onasi bilan opasi zimdan ma’noli ko‘z urishtirib, gapni kim boshlashini kelishib olishganini payqadi. Kennoyisi esa unga peshvoz turganicha qaytib o‘tirmadi.

– Foziljon, tunda kelib ovqatlanmadiyz ham, suyuqosh qilgandim, hozir qaynoqqina opkelaman, – dedi-da, oshxonaga chiqdi.

Ayollarning mug‘ambirligi qurmasin, hatto jo‘ngina maqsadga erishish niyatida ham bir quvlik o‘ylab topadilar. Hozir ham “puxta” o‘ylangan reja bo‘yicha ish ko‘rilmoqda – uch ayol til biriktirib ustomonlik bilan Fozilbekning roziligini oladilar, otasining dag‘dag‘asidan, ustiga-ustak, xonanishin bo‘lib olganidan xavotirda damlarini ichlariga yutib, kelasi hafta ichi to‘yni o‘tkazishadi ham – ularning shundan bo‘lak muddaosi yo‘q – to‘y o‘tsa, Fozilbekni uylantirib zimmadagi vazifami, burchmi-boshqami – ado etsalar, bas, boringki, ovozasi yetti iqlimga yetgulik to‘y bo‘lishini Fozilbek biladi, xo‘p, to‘yning asasa-dabdabasi, nari borsa, uch kunda bosiladi, so‘ng xonadon suv quygandek tinchiydi, qarabsizki, Fozilbek janoblari oxori to‘kilmagan liboslarga o‘ranib-chirmalib Munosibxon kelinchak bilan bir-birlariga sirli-iboli tabassumlar in’om etib, cho‘qilashib-tillashib o‘tirishibdi deng! Uyga kirsa ham, hovliga chiqsa ham, ko‘chaga, bozorga bosh olib ketib, daydib-uloqib yursa ham ko‘z o‘ngida, xayolida, tilida – Munosib… Munosibxon, jonim, yolg‘izim, quvonchim!.. “Qayerlarda qolib ketdingiz, Fozilbek aka, ko‘chaga termilaverib ko‘zim to‘rt bo‘ldi-ku!” deydi o‘pkalanib, kelinchak. Qallig‘ining o‘pkalanishi dastavval Fozilbekka biram yoqadi, o‘pkalanish suzilish, ma’yus tortish, burilib ketish, dimog‘u firoqqa aylangani sayin esa uning hayronligi ortadi, “Men sizni ota-onam, aka-opalarim qistovi bilan tanlaganman”, deya olmaydi, bir nimalarni to‘qib-bichib yoki dangaliga kelinchakka tushuntirishga urinadi, kelinchak o‘laman sattor tushunmaydi, shunda Fozilbek: “Odatim shu, jonim, bir bozorga sho‘ng‘isam, haftalab, oylab kezaman, bozordan bo‘lak dunyoni unutaman”, deb uqdirish yo‘lini izlaydi. “Voy-y”, – deb oh uradi kelinchak o‘zining Fozilbekka munosibligini (kichik onasi, opalari, kennoyisi unga faqat munosib qizlarni izlashmoqda, demak, birorta Munosibxonni topishadi-da, axir! Kelinchak unga chindan ham munosibmi-yo‘qmi, eh-he-ye, buni o‘ylaydigan, bu haqda bosh qotiradigan azamat qayda!) unutib, “Ota-onamning qulog‘iga yetsa kim degan odam bo‘laman. Bozorboshi otangizmi-sizmi?” – deyaverib ko‘z ochirmaydi. O‘pkalanib-erkalanishlar, chimirilib boqishlar o‘rnini diydiyolar egallaydi. “Bozorda ishlamaysiz-ku, nima qilasiz u yerda ertayu kech?” – deb joni xit bo‘ladi Munosibxonning. “Nega ishlamas ekanman. Bozor-da, mening ish joyim” deb uqdiradi Fozilbek. “Qayerda ishlaysiz, o‘zi?” – deb qo‘ymaydi Munosibxon. Fozilbek tushuntiradi, dona-dona qilib tushuntiradi: “Shuur” shirkati… “Shuur” shirkatida ishlayman” deb javob beradi. “Kim bo‘lib?” deb qiziqadi kelinposhsha. “Jonkuyar bo‘lib, – deydi kuyovto‘ra. – “Shuur” shirkatining jonkuyariman”. “Ha-a-a…” deydi Munosibxon, bo‘shashganidan cho‘zilib, lekin u hech vaqoni tushunmaganini Fozilbek sezadi va, “Men bozorda yashayman, tushunyapsanmi, odamlarning ichini ko‘rib, tomosha qilib yurish borasida bozordan qulayroq joy yo‘q, dunyoda”, deb ilova qiladi. Kelinning merovlanib angrayayotganini ko‘rib, “Bozor – dunyo” deb pichirlaydi o‘zicha, jufti haloliga maqsad-maslagini tushuntira olmayotganidan battar boshi qotadi, darhaqiqat, otasi, akasi, opalari, kichik onasiyu, yangasi, duch kelgan joyda “To‘y qachon?” deb tarang qilayotgan tanish-bilishlari tugul, hali o‘zi to‘la anglab yetmagan fe’lidagi g‘alati, tushuniksiz, dalli-devona maylni qandoq qilib to‘rt kunlik kelinchakka tushuntiradi?! Uni sira tushuna olmayotgan begona suluvga – tushuna olmaslik begonalik-da! – qandoq qilib ko‘ngil qo‘yadi?.. Boringki, fahmi yetib qolar degan umidda o‘zining tinchini o‘g‘irlagan o‘ylarini to‘kib soldi ham deylik!.. “Munosibxon, jonim, men senga jo‘ngina aytsam… inson zoti borki, bozorga boradi, biror kimsaning kuni bozorsiz o‘tmaydi, to‘g‘rimi?..” Kelinchak tasdiq ma’nosida bosh irg‘aydi, Fozilbek falsafasini so‘qishda davom etadi: “Bozorga qadam bosgan banda borki, biror narsa olish, undirish ishqida izg‘iydi. Necha xil-necha turfa odamga ro‘para keladi, necha xil vaziyatga tushadi, zero olish, undirish asnosida odam deganlarining astar-avrasi – asl qiyofasi ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ko‘zga tashlanadi. Aldaydi, o‘zini ovsarlikka soladi, kimlaru-nimalarni o‘rtaga soladi. Nega?

Besh tanga qimmatroq sotishga!
Besh tanga arzonroq olishga!
Besh tanga ko‘yida ming bir qiyofada tovlanadi, ming bir daf’a odamgarchilik to‘nini yechib-kiyadi.

Fozilbek shu yerga yetganda xotinchasining ko‘zida dovdirash alomati zo‘rayganini payqaydi. Dovdirash alomati ostida, “Bu gaplarning siz bilan bizga nima daxli bor?” degan savol nazarini uqadi. Hafsalasi pir bo‘ladi. Fozilbek, “Shu aql-farosating bilan qanday qilib menga xotin bo‘lasan?!” – deb dag‘dag‘a qilishdan tilini tiyadi, Munosibxonga eshittirmaygina, “O‘sha besh tanga ilinjida odamgarchilik qiyofasidan chiqib… o‘zlarining asl aft-angorini ko‘z-ko‘z qiladilar” deydi, “Bozor – odamlarning asl basharasini kunday ravshan ko‘rish mumkin bo‘lgan qulaydan-qulay joy” deydi va yana bozorga, yetti pushti bozorchilik bilan o‘tgan otasiga, ajdodlariga xayoli qochadi.

Otasi bozorboshilik qilayotganiga qirq yildan oshib ketdi, Valiybek bobosining umri to‘nfurushlik, mo‘ynafurushlik bilan o‘tgan, undan katta bobosi Qadimbekning asrni qaritgan umri savdo karvonida kechdi.

Fozilbek bobolarining insof-diyonatli insonlar bo‘lganiga shubha-gumonlarga borishdan qo‘rqadi, ammo-lekin ochiqroq tan olsa, uzoq umr kechirgan va ko‘pni ko‘rgan banda gunohsiz va farishta misol yashab o‘tishiga aql bovar qilmaydi, demak, har qalay… otasi ham ertayu kech fikr-xayoli bozorni izga solish bilan band, inchunin, nima bo‘lgan taqdirda ham Fozilbekning tomirlarida shu insonlarning qoni oqayapti, ya’ni, u ham bozor odami, u ham ol-ga-ni sayin ko‘ngli ravshan tortadi, shu bois bozordan nari ketmaydi, bozor jununi tekkan-da, rasta oralarini to‘ldirgan izdihom oqimiga bir tomchi suv yanglig‘ qo‘shilib, tentirashdan tolmaydi va o‘ziga ham pinhon bo‘lmish qattol qaysarlik bilan goho bozordan… chunonam nafratlanadiki!..
Bu singari o‘y-xayollarini nima deb tushuntiradi kelinga? Yangiligidayoq uni tushunishga, ko‘ngliga quloq solishga qiynalayotgan kelinchak bilan qandayiga umrbod murosai-madora qiladi, til topishadi, tinch-totuv yashaydi?..

Yotar maskani nurga to‘lgur Qadimbek bobo esini tanibdiki, mag‘ribu-mashriqni kezdi, yuzni qoralaganida bir umr sadoqat ko‘rsatgan kuch-quvvati pand berdi – uyda o‘tirib qoldi. “Shunda ham bobomning fikri tiniq edi”, deydi Qosimbek chol. Demak, jisman quvvatdan ketgan, lekin fikri tiniq mo‘ysafid hayot shomida nimalarning sarhisobini qilib o‘tirmagan deysiz?! Asr bilan bahs bog‘lagan hayotidan, kechgan umridan rizo bo‘lganmikan? Axir savdogarchilik nonini bearmon yedi, dunyo tanidi, had-hisobsiz do‘st (tabiiy, dushman) orttirdi va bu yorug‘ chamanda oldi-sotdidan muhimroq va muqaddasroq hoyu-havaslar ham bisyorligini mulohaza…

Adoqsiz va tizginsiz o‘y-xayoli shu joyga yetganda Fozilbekning ko‘zi charaqlab ketdi, ko‘zida porlagan shu’la shuurini, yurakkinasining zim-ziyo qorong‘i xonalarini yoritib o‘tgandek shoshib qoldi. Axir, savdo-sotiqqa to‘la bozor hayoti faqat olishdan iborat emas-da, to‘g‘ri, boylik orttirish ilinji bor, biroq, bozor odami boshqalarning ich-etini ko‘rib-tanib-bilib yashaydi… har bandaning fe’lidagi zo‘ravonlik, soddaligu mug‘ambirlik, laqmaligu ustomonlik – hammasi bozorda yo pinhona, yo oshkora ko‘zga tashlanadi. Shu bois umri bozorda o‘tgan odam bir qur nigoh tashlaganida tanish tugul, yetti yot begonani “o‘qib” ulguradi, lekin u bozordan yiroqlashgani sayin surat orqali siyratni ilg‘ashi qiyinlashadi, chunki besh tanga savdosi… g‘avg‘osi… mashmashasi ustida bo‘lgani kabi boshqa hech bir joyda odamning asl basharasi to‘la-to‘kis namoyon bo‘lmaydi…

Odamlarni bozordagina ko‘rib-bilib-tanib-ajratishga odatlangan bozor bandasi rastadan ikki qadam nari jilsa bir narsasini yo‘qotib qo‘ygandek bo‘laveradi, hatto yuragiga g‘ulg‘ula tushadi, nazarida allanimarsadan quruq qolayotgandek joniqadi. Bu xavotiri bejiz emasdir, ehtimol, biroq, u bozordan tashqarida odamlarni “o‘qiy” olmaganidan, binobarin, odamlar unga goh zerikarli, goh xatarli tuyulayotganini o‘zi ham to‘la anglab yetmaydi. Bozorga qaytganida esa suvga tushgan baliqdek joni orom oladi…

Yuz yoshli boboy to‘satdan “Meni karvonga qo‘sh” deya xarxasha ko‘targanining bir chekkasi shundandir ehtimol.

Xullas, Valiybek boy qiblagohining ixtiyorini eshitib hang-mang bo‘ldi, otasini nomatlub niyatdan qaytarishga harchand urindi. “Qarib qoldiyz ota, hech kimsa bu yoshda karvonga ergashmaydi”, dedi yotig‘i bilan. Qadimbek bobo, alami ichida, tilini tishlagan va…tong qorong‘usida olis safarga otlangan karvonda yo‘lga chiqqan savdogarlar allaqancha manzilga yetganda oralariga Qadimbek bobo qo‘shilib olganini ko‘rishgan…

Valiybek boboning o‘zi-chi? U kishi ham umr bo‘yi tijorat dengizida quloch otib javlon urdi. Zamon o‘zgarib, sarmoyadorlarni qama-qama boshlangan kunlarning, to‘g‘rirog‘i, besham-bechiroq tunlarning birida to‘nini kiftiga tashlaganu etak siltab, otasi karvon yetaklagan olis yurtlarni qora tortib, bosh olib jo‘nagan-ketgan… Uning iziga tushgan hukumat odamlari ham, kuchi og‘ziga yetgan-yetmagan uzoq-yaqinlar ham bir ovozdan, “Valiybek boy orttirganidan judo bo‘lmaslik ko‘yida qochdi”, deb gap chuvatishdi. Fozilbekning otasi aytishicha esa… “otam quruq to‘nni yelkaga tashlaganicha darvozadan chiqqanu, ketgan”.
To‘g‘ri, ehtimol Valiybek bobo ukasi Vohidbek davlatmandlikda ayblanib, o‘lasi qilib kaltaklanganidan so‘ng xijrat tadorigini ixtiyor qilgandir, shunday bo‘lgan taqdirda ham yuz ming xil tusda tovlanuvchan izdihom ichra tijorat dunyosida suyagiyu eti qotgan odam zamon siyosatiga bo‘yin egib uyida tuxum bosib o‘tirishni – bozordan ayro yashashni aqliga sig‘dirolmagan…

Fozilbek xayoliga oralagan fikrdan mahzun jilmaydi: mana, otasi – Qosimbek oqsoqol e-endi farog‘at yoshiga yetgan bir paytda Qadimbek bobosi, Valiybek bobosi singari allaqanday ajabtovur, hatto beo‘xshov qiliqqa mubtalo bo‘lib o‘tiribdi. Faqat bobolari bozordan judolikka dosh berishmagan, otasi esa, aksincha, bozordan yomon bezdi. Yarim kun bozordan nari jilsa ichikib qoladigan kimsan Qosimbek oqsoqol he yo‘q-be yo‘q uyga qamalib oladigan, hech kimsa bilan gaplashmay gumo-gurs biqinib o‘tiradigan odat chiqardi. Xasta desang – xastaga, sog‘ desang – sog‘ga o‘xshamaydi. Birovga aytishga esa til bormaydi…

– Tag‘in bozorga g‘oyib bo‘larsan?..

Fozilbek opasining qo‘qqis shang‘illashidan cho‘chib tushdi, jahlini ichiga yutib, atayin savolga savol bilan javob qildi:
– Otam tuzukmilar?

Habiba oila a’zolarining tashvishiga aylangan savoldan ham ukasini qisuvga olish epini topdi.
– Tuzuk bo‘lishlari sanga qarab qoldi, nahotki, shuni tushunmayapsan, uka?!

Shu tobda Fozilbek, “Kechirasizlaru, bir qiz bilan uchrashuvga ahdlashgandik”, desa bormi, yemakxonagina emas, keng va fayzli hovli naq nurga to‘ladi-ya! Kennoyisi, unga qo‘shilib opasi suyunchi qistab otasining huzuriga yugurishadi-ya!..

Fozilbek ayni paytda munosibu munosibxonlarni ko‘klarga ko‘targuvchi hikoyatlar eshitishga toqati yetmadi. Kichik onasi mung‘ayib, yerdan ko‘z uzmay o‘tirganini ko‘rib, dili achishdi. Bisotini kavlashtirib yana bir so‘z o‘yinini ishga soldi:
– Yanayam munosibrog‘ini topganga o‘xshaysizlar?

U shunday deb opasiga quv qarash qildi. Shunda kutilmagan hodisa yuz berdi: Habibaning o‘pkasi to‘lib turgan ekanmi, zumda ko‘zida g‘ilt-g‘ilt yosh aylandi, entikib nafas ola boshladi. Umri onaning boshi battar quyi egildi. Fozilbekning nazarida kichik onasi, “hammasiga men aybdorman” degandek tuyuldi, shundan, bu og‘ir xijolatvozlikdan xalos etish niyatida yelkasidan quchib uni yupatgisi, farzandsiz o‘tgan ayollarga xos xushro‘ylik ortiga yashiringan mung to‘la ma’yuslik bulutini quvib solmoq maqsadida nimadir qilmoqqa tutindi, beixtiyor, kaftini kichik onasining yelkasiga qo‘ydi… Hamma emin-erkin, shodu-xurram yashayotgan kattakon oilada keksayu yoshga ma’lumu, biroq biron kimsa og‘iz ochib aytolmaydigan, aytmaydigan rost gap bamisoli halqumdagi hazm bo‘lmagan luqmadek og‘ir botar ekan…

Besh-olti kun emas, oy emas, ikki-uch yil ham emas – umrbod shu zaylda saqlanib qoladigan bu jimlik hech kim indamagani sayin tobora og‘irlashayotgan, uning og‘irligi oila a’zolarining ruhini ezib qo‘yayotganga o‘xshaydi. Hatto Fozilbek ham sir boy bermaydi. Opalari, akasi qatori u ham kichik onasining hurmatini joyiga qo‘yadi, ba’zan oddiy-kamsuqum oiladan chiqqan bu mushtipar ayol qanday qilib bozorboshining oilasiga ona bo‘lib qolganini o‘ylab ketadi. “Buvimizning vafotidan keyin qarindoshlar, buyoqda opalarimiz qo‘yishmagan, otam shundan keyin uylanishga rozilik berganlar” degan edi Diyorbek. Olti yoshigacha buvisining qo‘lida ulg‘aygan Fozilbek “yangi” onaga ko‘nikolmay toza injiqlik qilgan, kattalar, “buvi, degin”, “ona, degin” deb toza yo‘lga solishgan, biroq u unisiniyam, bunisiniyam aytolmagan, aytolmaganu… Umri ona aka-opalaridan ko‘ra uni ko‘proq yuvib-taradi, mehribonlik qilib bag‘ridan qo‘ymadi. Fozilbek shunda ham begonasirab to‘rsayib yuraverardi, nimadir bo‘ldiyu, pana-panada “Farzand ko‘rmagan ayol ekan” degan gap aylanishib qoldi. U bunday gap-so‘zlarning asl ma’nosini tushunmas, biroq shu qulog‘iga chalingan bir jumla naqadar og‘ir, musibatli allanimadek og‘ir botdi uning qalbiga. Istar-istamas, “farzand ko‘rmagan ayol”ning mung to‘la ko‘zlariga zimdan razm soladigan odat paydo bo‘ldi unda. Yo‘q, hech kimga og‘iz ochib lom-mim demadi bu haqda, ichida, bolalik tasavvurlarini to‘zitib o‘ylashdan o‘zini tiyolmay qo‘ydi, bu yetmaganday, kichik onasining nigohidagi pinhon ma’nolar xayolan Fotma xolaning chuqur botgan mungli ko‘zlari, mallarang basharasi va simobday oppoq sochlariga uyqashib keta boshladi. Xullas, Fozilbek onasidan qolgan jumboqlarga to‘la va anglab bo‘lmas sog‘inch tuyg‘usi bilan Fotma xola va keyinroq kichik onasiga bo‘lgan achinish hissi iskanjasida ulg‘aydi… farzandlikni bo‘yniga oldi. Umri ona ham eri, o‘gay o‘g‘il-qizlari, qolaversa, yaqin qarindosh-urug‘lar orasida qil ko‘prikdan oyoq uchida odimlab o‘tayotgan odamdek o‘ta ehtiyotkor yashadi. Biron marta og‘zidan nojo‘ya tugul, ortiqcha-behuda gap-so‘z chiqmadi, birovning ko‘ziga tik boqmadi. Sabr-bardoshli ekani ustiga, kamgap-kamsuqumligi sharofati sabab oilaga singishib ketdi, deb allaqachon o‘zicha xulosa chiqardi Fozilbek.
Mana, Umri onaning onaligi Qosimbek cholni aylanib-o‘rgilib parvarish qilishu, kenjatoyni eson-omon uylantirish bilan sinovdan o‘tar payti keldi, binobarin, u qanday bo‘lmasin, boshqalarni ortiqcha bezovta qilmay, Fozilbekning taqdirini tag-tugli oila qizlaridan birortasiga bog‘lashi kerak. U mushkuldan-mushkul shu vazifaning uddasidan chiqsa, uyog‘i nevara-chevaraga o‘ralashib deganlaridek…

Fozilbek shunday o‘ylarga tolib, ba’zan butun hayoti, qismati va bu yorug‘ dunyodagi orzu-havaslarini unga bog‘lagan shu bechora ayol ko‘zidagi tubsiz mung va iztirobga to‘la mahzunlik yo‘qolar degan umidda ro‘para qilishgan qizga uylanaverishga rozilik berib yuborish xayoliga boradi, boradiyu, yanayam uqubatli o‘ylar azobida ahdidan qaytadi…

Shu mahal kosa ko‘targan kennoyisi yemakxonada paydo bo‘ldiyu, bir taxlam to‘y chorlovnomasini xontaxta chekkasiga qo‘ydi.

– To‘yga xabarlovchilar ko‘paydi-yey! Biri biridan ajoyib taklifnomalarni qattan topisharkin-a? – dedi havasi kelib. Ayollarning barcha hiylasi Fozilbekni g‘aflat uyqusida bosib, undan uylanishga rozilik undirishga qaratilganligi sezilib qoldi. Zero, kelin bo‘lmish Hafizaoyning shu taxlit kirib kelishi ham puxta o‘ylangan “fitna” asosida, hatto maxsus yod oldirilgan so‘zlar ekanligi eshitgan quloqqa ravshan sezilar edi. Tabiiy, Hafizaoy topshiriqni oxirigacha o‘rinlatish niyatida davom etdi: – Mayli, to‘ydan aylansin, to‘y ustiga to‘y bo‘ladiyu… – Kelin so‘zini yo‘qotib qo‘ydi. Fozilbek kuni kecha kennoiysi bilan to‘y taklifnomalarining bir xilligi, odamlar chuchmal so‘zlarni takror yozaverib battar siyqasini chiqarib yuborishayotgani haqida gurunglashganini eslab, miyig‘ida kulimsiraganicha, “Xo‘sh?” degan ma’noda yangasidan ko‘z uzmadi. Hafiza “yo‘qotgan” so‘zini topdi: – Tengqur oshna-og‘aynilariyz hammalari uylanib bo‘lishdi shekilli, Foziljon?

Fozilbek har safar “Kennoyi” deb murojaat qilganida ko‘nglining allaqayerlarida, “Kelin oyi!.. Oyi!.. Ona!..” degan so‘zlar aks sado bergandek bo‘lar, bunga Hafizaning samimiy mehribonligi qo‘shilib, ba’zan unga dilida pinhon sirlarini ochishdan tortinmas, faqat ahyon-ahyonda yangasining yasama ustomonlik qilishi g‘ashini keltirar, “Kennoyi, shu odatizni tashlang”, deb og‘ir botmaydigan qilib aytgandi ham. Kennoyisi ochiqqina, bir qadar shaddod, ayniqsa, bittayu bitta qayin inisini jigargo‘sha ukasidan ham yaqinroq ko‘rar, u bilan hatto sirdosh edi. Nachora, shu bugun Hafizaga obdon ishlov berilgan ko‘rinadi, sho‘rlik zimmasiga yuklangan vazifani ado etishdan o‘zga chora topolmagan.

Fozilbek shu mulohazalar ta’sirida kennoyisining ahvolini tushundi, xontaxta chekkasiga qo‘yilgan taklifnomalarga bir-bir nazar tashladi, yon cho‘ntagidagilarni olib ularga qo‘shdi.

– Odamlarga to‘y jinnisi tekkanmi, nima balo! Erta-indin qiyomat qo‘padigandek hamma to‘y qilish payiga tushgan-a!..

Fozilbek shunday dediyu, ichida pusib yotgan zardasini yashirolmaganini sezdi. Har safar hazil-mutoyiba bilan, tabassumu indamaslik bilan qutilib ketadigan ukasining bunday ochilishi Habibaga qo‘l keldi.

– Nima deganing bu, Fozil?! O‘ylab gapiryapsanmi?! Nima, qiyomat qo‘pmasa to‘y qimaydimi?! Uylanmay, oila qurmay o‘tadimi, odam, dunyodan?!
– Jumlai mo‘minni to‘yga yetkazsin, bolam…

Opasining jonga igna suqqudek jirillashi oldida kichik onasining jur’atsiz, muloyim gapirishi quloqqa arang chalindiyu, Fozilbekni xayol olib qochdi. To‘yiga yetgan jumlai mo‘minning bari bir-biriga mnosibmi?.. Jamiki er-xotinlar hayotlarini bir-birlarisiz tasavvur qila olmaydilarmi?.. Ota-ona borki, o‘g‘il-qizini uylash degan joyda joni-jahonini baxshida etadi. Otalik, onalik burchidagi bu qadar jonkuyarlik odamzod qoniga qandayin sehru joziba bilan singdirilganini o‘ylab adog‘iga yetib bo‘lmaydi. Fozilbek shu o‘y-shu kayfiyatda kecha oqshom uyga qaytaturib, ko‘chada uchratgan er-xotinni esladi.

– Rizqivoy muallim o‘g‘lini uylantirayotgan ekanmi? – deya savol qotdi u, kutilmaganda.

Uchala ayol baravariga unga savol nazari bilan qarashdi.
– Qaysi Rizqivoy muallim? – birinchi bo‘lib so‘radi Habiba.

– Qatiqchi, deng, – gapga qo‘shildi Hafiza, – baqaterakning tagidagi darvoza-chi. Qachondan beri qiz qidirib yurishgandi. “Popopchinikidan kevomman” deb so‘rashdi-ku, tunovinda, oyijon. Rizqivoy qatiqchining xotini-da, o‘sha!..
– Voy, o‘shalarni uylantiradigan o‘g‘li bormi? – hayron bo‘lib so‘radi Umri ona.

Habibaga gap topildi.
– O‘sha zumrasha sendan besh-olti yosh kichik. Shularni orasida so‘qqabosh yurishga uyalmaysanmi?!

Fozilbek zo‘raki kuldi.

– So‘qqabosh yuraveraman, dedimmi, opa?.. Ko‘raylik, topaylik, ma’quli uchrasin.
– Qanaqasi ma’qul bo‘ladi, senga, uka? Ayt. Biz topayotganlarimiz yoqmasa, o‘zing tanla. Top, biz boraylik.

– Topilgan zahoti aytaman, opa, – boyagindan ancha yumshab dedi Fozilbek. – Ana, Fayoz, mendan katta, kecha uylandi.
– Qaysi Fayoz?
– Yonimizdagi-chi. Bultur bahorda ko‘chib kelgan qo‘shni, – deb izoh berdi Hafiza.

Habiba battar tutaqdi.
– San o‘zingni yoymachini o‘g‘li bilan tenglashtiryapsanmi?! Payoz qaydayu, san – qayda! Shu-uncha aqling bilan topgan gapingni qara!..
– Birrov chiqib keldik… bir hasratda o‘tibdi, to‘yi…

Habiba “Ana, eshit!” degan ma’noda ukasiga imo qildi. Hafiza qaynonasining axborotini davom ettirdi:
– Yoymachi amakini sakkizta churvaqasi borakan. Ko‘chib kelishganidan beri kampiri ko‘rpa-to‘shak qip yotibdi… Kecha sizzi ikki-uch so‘rab chiqishdi, Foziljon.

Fozilbek Fayozning to‘yiga chiqmadi.

O‘n kuncha burun Fayozni ko‘chada uchratdi, salomlashdi. Fayoz uylanayotganini aytdi, so‘ng yuz istiholada unga yorildi: “Yordam kerak bo‘lib qoldi”, dedi ma’yus tortib. Fozilbek, aytavering, dedi. Fayoz yelkasiga bir arava yuk ortilgan odamdek qaddi bukilib-bo‘yni qisilib tilga kirdi: “K-kelinnikiga jo‘natishga mo‘ljallab ikki qop g-gurunch opqo‘ygandik. Qarasak, mita bosib, sichqon bola ochib tashlapti… Bozorda f-falon pul…”
Mana, kichik onasi to‘y qay hasratda o‘tganini aytdi. Quda tomon jo‘natiladigan guruchni sichqonga bulg‘atib, boshini changallab qolgan odamning to‘yi tag‘in qanday o‘tishi mumkin?..

– Bir hasratda o‘tadimi, o‘n hasratda o‘tadimi – uylanvobdiyu, iloyo qo‘sha qarisin, o‘shayam!..

“O-oh, naqadar ezgu niyat! – deb yubordi Fozilbek ichida. – Qay hasratda o‘tsa-o‘tsinki, uylanvolsin, vassalom!..”

Fozilbek tortinib-netmay qo‘shnisini savolga tutdi: kelin qayerdan, otasi kim, aka-ukasi bormi, kasb-kori nima?.. Fayoz g‘udrandi, chala-yarim javob berdi, Fozilbek indamay qo‘ya qoldi. Chunki… odamlar odatda quda bo‘lmishning orqa-oldini so‘rab-surishtirishdan ko‘ra to‘y oqshomini qanday o‘tkazish yuzasidan ko‘proq qayg‘uradilar. Yigit kimga uylandi, u qiz kim, Fayoz bilan kelinchakning qiziqishu dardi-dunyosi birmi, yaqinmi? Erta bir yostiqqa bosh qo‘yadi, farzand ham ko‘radi, xudo qancha umr bersa yashaydi, xo‘sh, hoyu-havas ko‘ngil qurmag‘urga tatimasa-chi? Unda nima qiladi?! Boshini qayoqqa uradi?! Yorug‘ dunyoning jami sevinchlari hemiriga arzimay qolsa-chi?! Yo‘q, uylanvobdiyu, bo‘ldi, buyog‘iga xudo poshsho!..

Fozilbekning yuragi siqilib ketdi. Kennoyisi kichik onasiga aytib berayotgani qulog‘iga chalingan edi. Bashoratmi, Sharofatmi degan jiyani g‘oyatda dono va ma’suma qiz ekan, bo‘yi yetgach, buvisi tushmagur qizning roziligini so‘ramay-netmay qo‘shni ko‘chadan kelgan sovchilarga unabdi-qo‘yibdi. Qiz tushmagur dardi ichida, chimildiqqa kiribdi. To‘y o‘tibdi, onasi bilsa, boyagi Bashoratmi, Sharofatmi ku-unda oshxonaga biqinib, yum-yum yig‘lab olar emish. Qayinsinglisi ko‘rib qolib, sir ochilibdi…

To‘yni o‘tkazib, tashvishdan qutilib qo‘ya qolishning oqibati mana shunaqa bo‘ladi!.. Go‘yo to‘y o‘tsa bas, hamma ish bitgandek, biri-biriga yetti yot begona – ikki sho‘rlik vujudni kelin-kuyov deb bir ko‘rpaga burkab qo‘yishadi-da, “Qo‘sha qarisin!” deb qutilishadi!.. Bordiyu, qo‘sha qarimasa-chi?!

Qo‘sha qarish qayoq-da, yuz yil birga yashagan taqdirda ham kelin-kuyov bo‘lmishning bir-biriga ko‘ngli ilimasa-chi? Chilla chiqmay bir-biriga begona ekanini ko‘ngli sezgan ikki yosh dodini kimga aytadi? Qay til bilan aytadi?..

Fozilbek kennoyisining jiyaniga achindi, qayerdan bo‘lsa-da, uni topgisi, tanishgisi, yuzma-yuz o‘tirib ko‘ngliga qo‘l solgisi, “Singlim, singiljonim, endi qandoq qilamiz? Dilingizni ravshan qilish uchun men har narsaga tayyorman, ayting, Bashoratoy?!” – deya unga yolvorgisi, o‘zidan, o‘zligidan kechib o‘sha notanish qizni… kelinni… ehtimol, juvonni baxtiyor qilishga borlig‘ini baxshida etgisi keldi…

Axir bunday er-xotin necha yil birga, hatto ahil-totuv yashagan taqdirida ham bir-biriga begona-da!.. Tasavvur qilyapsanmi, bir umrga bir yostiqqa bosh qo‘ysa-da, biri biriga ne-ne sururli lahzalarni baxsh etsa-da, bola-chaqa orttirib, orzu-havaslar ko‘rib yoshini yashasa-da… ko‘ngil qurg‘ur ilimasa! Tan-badan qo‘shilsayu, dil-badil qovushmasa, begona-da, ular! Yetti yot, yetmish yot begona-da! Shundaymi, Bashorat, singlim?!

Fozilbek xayollarini arang yig‘di, ro‘parasida o‘tirgan yaqinlariga achinib termildi… Shundayin xayollarga borisharmikan?.. Umuman, oila qurib baxtiyor turmush kechirayotgan odamlarning qanchasi o‘ylar ekan, bunday savdolarni?.. Fozilbek yana xayolga chalg‘iyotganini sezib, o‘zini qo‘lga oldi, opasining ham mehr, ham kibr aralash duosiga biron javob mo‘ljallay turib Fayozning aftodahol avzoini ko‘z o‘ngiga keltirdi, “Baxtli bo‘lsin” deb shivirladi.

– Rahmat… – dedi Umri ona uning shivirlashi barobarida ovoz chiqarmay dasturxonning shokilasini o‘ynab, lekin u nima sababdan minnatdorlik bildirayotganini hech kim, ehtimol, o‘zi ham tushunmadi, faqat Fozilbek ayollarning hufiyona rejasidagi mo‘ljalga hali erishilmaganini sezdi va kichik onasining gapiga quloq tutdi: – Otangiz, Fozilbekni uylantiraman, deb bizni juda shoshirib qo‘ydilar… So‘zimizga quloq solmayaptilar. Gaplashmayaptilar ham…

– Yotibdilarmi, yo?..
– Ko‘rinishlari durust, – dedi Umri ona xotirjam tovushda, – lekin churq etib og‘iz ochgilari yo‘q. Hovliga qadam bosib chiqmadilar…

– Biror kunda o‘tib ketardi, shekil? – so‘radi Habiba. – Odatlari…
– Qaydam… – ming‘irladi Umri ona. – Bu safar boshqacharoqmi, bilmadim… Ichim bo‘m-bo‘sh, dedilar, xolos…

Umri ona shunday deb piqillab yig‘lab yubordi, Habiba, “Tavba-a”, deb uf tortdi. Fozilbek yelkasini qisdi, nimadir so‘rashga og‘iz juftladi, ulgurmadi – jiyani Ayonbek yemakxonaga salom berib kirdi. Ayollar unga e’tibor qiladigan ahvolda emasdilar. Fozilbek alik ma’nosida “ke” dedi-qo‘ydi.

– Dodammi birov chaqirvotti, – dedi Ayonbek ko‘zini pirpiratib. Hafiza o‘tirgan joyidan sapchib turdi.
– Kechagi odammi?! – deya so‘radi u hovliqib. – Azonlab yana kebdimi?!

Fozilbek yangasining vajohatida qo‘rquv va tahlika sharpasini ilg‘agan bo‘lsa-da, ayollardagi vahimani susaytirish uchun atayin bosiqlik bilan so‘radi:
– Akam uydamilar?

U so‘rashga so‘radiyu, savoliga javob kutmay joyidan qo‘zg‘aldi, eshikdan chiqayotib ortiga o‘girilganicha to‘xtab, kennoyisining javobiga quloq tutdi:
– Ho‘-o‘, saharda uyg‘otib, chaqirib ketishdi. Qamoqxonadan ariston qochibdi…

3

Yemakxonadan chiqqan Fozilbek zumda iziga qaytdi.
– Kim? – deb xavotirlanib so‘radi Umri ona.

– Hech kim yo‘q. – Fozilbek shunday deb javob berdiyu, o‘zi kichik onasini savolga tutdi: – Ariston qochganini otamga aytmadingizmi?

Umri ona suzilib, boshini burdi.

– Esimni yeganim yo‘g‘-a, bolam, bunaqa gap ko‘ngilga sig‘adimi, shu tobda?! Anu, zakunchini janozasini ham aytmadim.
– Yaxshi qilibsiz…

Fozilbek o‘y surib turib qoldi.
– Uch oyga yetmay uchinchi takrorlanishi-ya?.. – O‘ylayotganlari og‘zidan beixtiyor chiqib, so‘zga aylangandi. Uning nigohi jiddiy va xavotirli edi.

Shundayiga ham xavotirini ichiga yutib o‘tirgan Umri ona xatardan boxabar odamga qaragandek kenjasiga mo‘ltiradi.

– G‘alati-da!.. Biron joylari og‘rimasa… Qimir etmay yotsalar… – dedi Fozilbek ostki labini qimtiganicha o‘yga tolib.
– Bir nuqtaga ko‘z tikkancha… tildan qolgandek…
– Ul-bul totindilarmi?..

Fozilbek so‘rashga so‘radiyu, savolining javobiga unchalik qiziqmay yemakxonadan chiqdi. Umri bozorning g‘ala-g‘ovuriga qorishib o‘tgan odam to‘ppa-to‘satdan shu ahvolga tushishi kimning tushiga kiribdi deysiz!.. Dardmi, o‘zi bu, yoxud boshqa bir illatmi?.. Toliqishmikan, yo?..

Birinchi safar kech bahor kezlari edi. Otasi naq bir kecha-kunduz uydan tashqariga chiqmadi. Ko‘pchilik bu “yangilik”ka e’tibor berib ulgurmadi ham. Umri ona, hatto Qosimbek oqsoqolning o‘zi ham keyin buni toliqqanlikka yo‘ydi. “Bozor tashvishlaridan sira dam olganmisiz, ota?” deb so‘radi o‘shanda Fozilbek. “Bozor tashvishlari men uchun dam” deya javob qildi Qosimbek chol, kulimsirab. “Bir kecha-kunduz uyga qamalib yotib nimani o‘yladingiz, unda?” – yana savolga tutdi Fozilbek otasini. Otasi o‘sha zahoti javob qaytardi: “Seni o‘yladim, o‘g‘lim!” – dedi. Fozilbekning dami ichiga tushdi, go‘yo otasining shu ahvoliga o‘zi sababchidek, tili qisildi. Biroq, bu hodisa tezda unutildi, har kim o‘z ishi-yumushiga chalg‘idi. Faqat saraton kunlaridan birida “nodir” hodisa deyarli aynan qaytaladiyu, oila a’zolarini tamom esankiratib qo‘ydi.

…Tushdan so‘ng bir chimdim mizg‘ib olish niyatida uyiga kelgan qaynotasini ko‘rgan Hafiza ildam choy damladi, Qosimbekning ko‘ngli choy tusamasa-da, kelinining yuzidan o‘tolmadi, ikki yutum choyni uzoq ermak qildi, og‘ir o‘y surganidan, ro‘parasiga kelib o‘tirgan Diyorbekni payqamadi ham. Piravordida otasi uyga kirishga taraddudlangandagina Diyorbek botinib, so‘radi:
– Tinchlikmi, ota?

Otasi g‘oyibdan kelgan tovushni ilg‘agan odamdek hovlining o‘rtasida serrayib, diqqatini jamlashga urinib, turib qoldi. Biron muddat o‘tsa-da, xayolini yig‘ishtira olmadi va majg‘ul bir kayfiyatda bozor tomon ishora qildi, g‘udrandi:
– Jonga tegdi, bari…

Qosimbek oqsoqol qirq yil bozorboshilik qilib toliqdim degan so‘zni bilmadi, kuniga yuz bir xil g‘alva yo‘lida sarjindek taxlanib tursa-da, peshonasi tirishmadi, o‘ziga va boshqalarga doim, “A-ancha izga tushib qoldi” degan gap bilan taskin-tasalli berib yurdi va, mana, piravordida…

Fozilbek otasining og‘ziga “bog‘lanib” qolgan tasallini har safar eshitganida yo oshkor, yo pinhon kulimsiraydi, hech kimsa bozorboshiga tikkasiga aytolmaydigan gap-so‘zni faqat u hayiqmay aytadi.
– Nimasi izga tushdi, ota? – deb so‘radi u mavridini topib.

Oqsoqol Fozilbekning tagdor savolidan gezardi, lekin u ota bo‘lib kenjasiga sira zahrini oshkora sochgan emas, shundan bu safar ham o‘zini zo‘rlab, gapning maromini boshqa yoqqa burdi:
– Sen bozorni tushunmaysan…

“Tushunmaysan” degan so‘z Fozilbekka og‘ir botdiyu, shunga qaramay u otasi bilan tortishmadi. U qizishmay-talashmay orani ochdi qilish mavridini kutib yurdi, o‘sha saraton ayni avjiga mingan kunlardagi “hodisa” Fozilbek kutgan mavridi kelganidan darak ediyu, faqat hech kim, hatto Fozilbekning o‘zi ham buni payqamay, g‘aflatda qoldi.

Bu safar Qosimbek oqsoqol uyga kirib ketganicha ikki kundan mo‘lroq vaqt o‘tgach, shom mahali hovliga chiqdi. Hech qanday g‘ayritabiiy hodisa yuz bermaganday yemakxonaga kelib oila davrasiga qo‘shildi. Ovqatlangach, qo‘l sochiqni uzoq vaqtgacha kaftining qirrasi bilan “dazmollab” o‘tirdi-da, ich-ichidan kelgan asabiy kulgini bosolmadi shekilli, o‘ziga yarashmagan yengiltaklik bilan yelkalarini silkitib, hiringladi.

– Nimadan kulyapsiz, otasi? – choliga avaylabgina savol qotdi Umri ona. U cholining fe’lidagi g‘alati o‘zgarishni sezib o‘tirgan edi.

– Bozordan… bozorning ustidan kulyapman, – dedi Qosimbek oqsoqol o‘sha zahoti lab-lunjini yig‘ishtirib. – Bozorni epaqaga keltiraman degan niyatda umrimni sovurganimdan kulyapman…

Fozilbek yalt etib akasiga ma’noli nazar tashladi, Diyorbek hech narsani tushunmaganini yashirmay qo‘zlarini katta-katta ochib otasiga bo‘zraydi. Umri ona aka-ukaning ma’noli ko‘z urishtirishlariga e’tibor bermadi, uning xayoli xotinlik burchini ado etishda edi.

– Qiziqsiz-a, – dedi u cholini chalg‘itishga urinib. – Odam ham o‘zining ustidan kuladimi! Xudoga shukr, deng, hademay Foziljonni uylantiramiz…

Kattalar orasiga tushgan o‘ng‘aysiz jimlikni buzish “kafolati” faqat o‘zida qolganini sezgan Ayonbek aqlli va jiddiy nigohini bobosidan uzmay turdi-da, qiyofasidan zarracha xastalik alomati sezilmayotgan Qosimbek oqsoqolning biqiniga kelib cho‘k tushdi.

Otasi, “Jonga tegdi bari!” deganini akasi keyin aytdi. Bu gapni eshitgan Fozlibek qattiq o‘yga toldi. “Jonga tegish chorasizlikdan emasmi?.. Nima, otam chorasizmi?..” Fozilbekning nazarida otasidan qudratliroq, uddaburonroq odam yo‘q, har qanday chorasizlikdan chora topdigan shunday zabardast inson, “Jonga tegdi” deya qo‘l siltashi, qo‘l siltaganda ham bozorning, bozorga qo‘shib o‘zining ustidan kuladigan darajada hafsalasi pir bo‘lib, bunaqangi uzlatni ixtiyor etishi… u holda?..

– Ha, o‘ylab qolding? – deb so‘radi akasi, go‘yo ukasi otasiga daxldor nozikroq sirdan voqif odamdek.
– O‘ylaydigan joyi yo‘q. Oqibati shundan boshqacha bo‘lishi mumkin emasligi ayon edi.
– Qaysi oqibatini aytyapsan? – deya ichi qizib, shoshqaloqlashdi Diyorbek.

Fozilbek “ichim alamdayu, sirtim kuladi” qabilida miyig‘ida kulimsiradi, so‘ng javob qaytardi:
– Otam kutgan oqibatini-da!..
– Nima, otam ko‘zlagan niyat amalga oshmadimi? Bozor o‘zgarmadimi?

Fozilbek ensasi qotganini akasiga sezdirmay, tilini tiydi. Akasi bilan pachakilashib o‘tirgisi kelmadi. Qo‘l siltadi. Buning ustiga akasi undan gap kutishga toqati yetmay savoli javobsiz qolsa-da, “uloq”ni o‘zi ilib ketdi:

– Otam “Bozor aylandingmi?” deb so‘radilar.
– “Bozorboshilik qilyapman, bozorning siz izga sololmagan joylarini epaqaga keltirib yuribman” demadingizmi?

Diyorbek ukasi to‘g‘ri ko‘ngilda so‘radimi yoxud piching qilyaptimi, dabdurustdan tushunmadi.
– Otamiz yotib qolsalar, og‘ir kunlariga biz yaramasak!..

Fozilbek tasdiq ma’nosida bosh irg‘adi. Ilojini topsa, ichkariga kirib, otasining suhbatini olishni mo‘ljalladi, biroq u mo‘ljalni olib ulgurmay ertasi oqshom otasi hech qanday g‘ayritabiiy holat yuz bermaganday hovliga chiqdi, keyingi kun esa saharmardondan odaticha bozorga yo‘l oldi. Vaholanki, otasi bilan akasining o‘rtasida bosh qotirishga arziydigan yana bir gap o‘tgan, uni ham Fozilbek kech eshitdi.

… Qosimbek chol istar-istamas suhbatlashib turganida Diyorbek qo‘qqisidan insofiylar haqida gap ochdi. Otasi yalt etib u tomon o‘girildi.
– Kimlar?! – deb so‘radi u.

Qosimbek cholning shum odati bor edi: u allaqachon eshitib-surishtirib-bilib ulgurgan yangilikni birovdan eshitsa mutlaqo bexabar kishi qiyofasida anqovsirab quloq solib turardi. “Bozorda toblangan xiyla usullaridan” deb qo‘yardi Fozilbek. Tarki odat amrimahol, deganlaridek, chol hatto o‘z farzandlari bilan muomalada ham shu xiylasini qo‘ymas edi.

– Otamdek inson bozorchasiga xiyla-nayrang… – Fozilbek og‘zidan otasiga nisbatan o‘rinsiz so‘z chiqib ketganidan o‘ng‘aysizlanib akasiga zimdan razm soldi, biroq Diyorbek g‘oyatda harakatchan, ishchan ekaniga qaramay, ziyraklik va nazokat bobida andek oqsar, aksariyat ayni shu dumbulligi uning tadbirkorlik borasidagi epchilligiyu ucharligini chippakka chiqarar edi. Otasining yasama hayratini sezmagani uchun ham ko‘zlari charaqlab, unga uqdirishga kirishdi:

– Iya, eshitmadiyzmi?! – dedi u otasini hangu-mang qolayotganidan hovliqib. – Hammaning og‘zida shu-ku!..

Shunday dediyu, hammaning og‘zidagi gap allaqachon bozorboshining qulog‘iga yetmay qolmagandir, degan taxmin farosatiga kelmadi.
– Xo‘sh?.. – dedi Qosimbek o‘g‘lini tezlab.

Diyorbek hayajonini bosolmadi.
– Insofiylar bozorni o‘z izmiga solarmish!..
– O‘zimizni qadimgi insofgami?..

Diyorbek otasining dabdurustdan bergan savoliga javob topolmay duduqlandi, otasi norozi ohangda tovushini picha ko‘tardi:
– Yo, osmondan yangicha insof tushibdimi?..

Diyorbek tili besuyaklik qilib qo‘yganini shundagina faxmladi. “Bozorda insof qolmadi” degan so‘zi “Sizda insof qolmadi” degan iddaoga tengligini u o‘ylab ko‘rmagandi. Otasining ko‘zidan nigohini olib qocholmay, g‘o‘ldiradi:
– O‘zi… bilmasam, mish-mish-da…

Qosimbek oqsoqol o‘g‘lining g‘udranishiga quloq solmadi, kun tandirdek qizdirgan hovli o‘rtasiga borib to‘xtadi, bozor tomondan ko‘z uzmay uzoq tikilib qoldi. Bog‘ko‘cha xiyla tepalikda, rastalar qator-qator saf tortgan bozor maydoni pastlikda joylashganidan, hovlida turib odamlar aridek g‘ujlashgan izdihomni bemalol kuzatish mumkin edi. Diyorbek hamon o‘zini qayoqqa urishini bilmay kalovlanib turganida otasi uning joniga ora kirdi.

– Bozorni insofga keltirishni eplaydiganlar chiqqan bo‘lsa, qaniydi!..

“Qani, o‘sha insofiylar? Qorasini ko‘rsatmasa… Siz insofiylardanmisiz, deb birovdan so‘rolmasang…”

Fozilbek saraton issig‘ida ustma-ust yoqqan yomg‘irdan zax tortgan hovli sahniga ko‘z yugurtirganicha o‘zini qayoqqa urishini bilolmay turganida darvoza tomondan, “Ho‘-o‘, kim bo-or?” degan ovoz eshitildi. Fozilbek qo‘ni-qo‘shnilarni to‘y-yu ma’rakalarga xabarlab yuradigan Zokir otaning ovozini tanidi. Ildam yurib, ko‘chaga chiqdi.

– Janoza erta bomdodga qoldirildi, barvaqtroq chiqinglar-a, – dedi Zokir ota hassasiga behol suyanib.
– Iya, – deb yubordi Fozilbek. – Peshinga chiqarishmadimi?!

– Naynov boyaqish… – Zokir ota shunday deb qizarib ko‘ziga yosh oldi, yaqin jigari haqida gapirayotgandek achinib, dedi: – Ertalab, ”Miyasiga qon quyilib o‘lgan” deb xat qilib berishgan ekan, peshinda e-endi tobutga olay deb tursak, yana mirshablar to‘polon qilib kep qolsa degin… “Biz tekshirganda miyasi tozaydi” deb o‘likni yana opketishdi… Bunaqa betayinlikni ko‘rmaganman…

Yosh ekaniga qaramay uncha-buncha issiq-sovuqqa hayajonlanmaslikka odatlangan Fozilbek bu gapni eshitib, hayron qoldi, tushunolmay, yelka qisdi.

4

– Men otamni ko‘rib chiqaman, – dedi Habiba o‘tirgan joyida hovlidan ko‘z uzmay.

Umri ona qizining istagini dabdurustdan rad etolmay, najot kutib, Fozilbekka qaradi.
– Kirib nima qilamiz, opa, bezovta…
– Otam bezovta bo‘lishiga joning achisa nega rozi bo‘lmayapsan?

Fozilbek tushunmadi.
– Nimaga rozi bo‘lmapmanki…

– Gapni qisqa qil, ukam, qiz tanlashga aqling yetmayotgan ekan, buyog‘ini bizga qo‘yib ber. Meni aytdi dersizlar: uyga kirib, kelin topildi, Fozil rozi, desam, otam hoziroq oyoqqa turib ketmasalar, otimni boshqa qo‘yaman!..

Fozilbek qaysarlar piriga saboq beradigan opasiga bas kelolmasligini o‘ylab, bosh chayqadi, bir ko‘ngli otasining fe’lida paydo bo‘lgan injiqlikka oila a’zolari ortiqcha xavotirli tus berishayotgani yoqmadi, bir ko‘ngli…

– Ikkinchi safargisida uch kunga qolmay chiqqandilar, zora bu safar…

Hafizaning ikkilanibroq, buning ustiga, qaynisining yonini olibroq ohangda gap boshlagani Habibaga yoqmadi.
– Necha kunga cho‘zilishini xudo biladi, bir kun-uch kun deb fol ochgandan ko‘ra, manavini ko‘ndirish zaril, Hafizaoy! Bu faqat o‘zini o‘ylaydigan bo‘lib qoldi, boshqalarga joni achishmaydi, parvoyi falak!

Fozilbek indamasa, opasi kichik onasi va kennoyisi bilan mojaro chiqarishdan ham toymaydi, shu bois zarbani o‘ziga qaratdi.
– Opajon, – dedi u Habibaning yelkasidan quchib, – sizlar aytayotgan munosibini topamanu o‘zingizga aytaman, yaxshimi?
– Qachon aytasan?

Opasining savoliga bo‘ladigan javob Fozilbekning o‘zini ham qiziqtirayotgan, faqat bu, o‘zining emas, boshqa odamning izmi-ixtiyorida edi.
Tinimsiz qisdi-basdiga olishlar ta’sirini o‘tkazdimi yoxud o‘zining telba falsafasidan voz kechdimi, yoxud… Fozilbek ko‘chaga chiqdi, undan bozor tomon yo‘l oldi, boshi oqqan tomonga yurgancha bir necha kun burun yuz bergan favqulodda uchrashuvni nechanchi bor qayta boshdan ko‘z o‘ngida gavdalantirishga tutindi.

…U ho‘l mevalar sotiladigan rastalar oralab borayotgan edi. Xushro‘ygina qiz e’tiborini tortdi. “Oppoqqina ekan-a!” deb yubordi u beixtiyor ovoz chiqarib, shunday dediyu, chamasi notanish qizning chehrasidagi nurdek oqlik uning ko‘ngliga to‘laligicha ko‘chdi-qoldi. Azbaroyi entikib ketdi. Hatto begona qizga ochiq-oydin baqrayishdan o‘zini tiya olmadi. Buning ustiga qiz juda-juda tanish tuyuldi, qayerdadir ko‘rganday, hatto uzoq-uzoq suhbatlashganday undan zarracha begonasiramadi. Shu lahzada qizga gapirmay o‘tishi mumkin emasdek, loaqal bir og‘iz luqma tashlashi uning taqdiriga (ehtimol, qizning ham taqdiriga!) bitilgandek, izohlab bo‘lmas bir majburiyat bilan qizga yaqin bordi.

– Uzumning qanaqasi yaxshi… – “Yaxshi ko‘rasiz” demoqchi edi, so‘nggi lahzada savolini o‘zgartirdi: – …bo‘ladi?

Fozilbek qizdan ko‘z uzmadi, savolining beo‘xshov chiqqanini ham o‘ylab ko‘rmadi, qizning oppoq manglayiga, bo‘yniga o‘g‘rincha ko‘z qirini tashladi. Qiz bosh ko‘tarib unga qaramadi, lekin savolni javobsiz ham qoldirmadi:
– Husaynisi…

So‘ng… Fozilbek ortiq so‘z topolmadi, og‘iz juftladiyu, tili tanglayiga yopishdi-qoldi. O‘yini o‘ylagunicha notanish qiz ikki bosh husaynini qog‘oz xaltaga solib, rastadan uzoqlashdi. Fozilbek serrayib, uning izidan kuzatganicha qoldi.
– Kitobxonada ishlaydi…

Fozilbek qulog‘iga chalingan bu xushxabarni durust anglamadi, izdihom orasida ko‘zdan yiroqlashib borayotgan qiz uning yuragini yulib olib ketayotgan edi. Mo‘ysafid uzumfurushning keyingi so‘zlari xayoli parokanda yigitning qulog‘iga elas-elas chalindi.
– Anavindagi rastaboshining qizi. Boyaqish, oyday, baxti ochildiyu…

“Sutga chayilganday!” deb yubordi Fozilbek beixtiyor. Yuragi bezovta ura ketdi. Ko‘ksidagi bezovta dukurni bosolmay, qizning izidan yugurgisi keldi. “Husaynisi…” deb ichida qiz aytgan ohangda takrorlashga urindi. Shu damda unga shu so‘zning notanish qiz talaffuzidagi mo‘’jizakor ohangi dalda berishi mumkin edi, xolos.

O‘sha kun va o‘sha tunni ming bir xayolda o‘tkazdi. Dam kuldi, dam o‘yga toldi, favqulodda daf solgan ehtiroslar junbishini idrok etolmay, “Nahotki?!”, degan savoldan nari o‘tmadi.

Tongga qadar “Nahotki?!”, “Nega?!”, “Nahotki?!”… bu so‘zlar savolgina emas, lahzalar, daqiqalar va soatlar o‘tgani sayin javob va tasdiq vazifasini o‘tay boshladi… taqdir halqalari Fozilbek yigitning so‘qqa boshini salla yanglig‘ o‘rab-chirmadi. U tuni bilan qiroatxonaga tikkasiga kirib borish, tortinmay-netmay ma’suma qizni chaqirib berishlarini so‘rash rejasini tuzdi. Nazarida, qiroatxona bozor singari gavjum joydek, olomon orasidan birortasini chetga chorlab so‘rasa, g‘iz etib uning tinchini o‘g‘irlagan qizni yetaklab chiqadigandek edi. Qayoqda?! Fozilbek qiroatxona eshigiga yetar-yetmas qo‘l-oyog‘i bo‘shashib ketdi. Bu ahvolda ichkariga kirib, niyatini amalga oshirish u yoqda tursin, tap-tayyor izza bo‘lishiga aqli yetdi. Qizga ro‘para keltiradigan boshqa bahonalar izlashga kirishdi. Bahona oyoq ostidan chiqdi.

Yoymachilar qatorida sang‘ib yurib, qora movut suprasiga sotadigan bisotini yoyayotgan Sulton tillaga ko‘zi tushdi. Ayollarning paxmoq ko‘ylagi, loki taram-taram ko‘chib ketgan eski maxsi, sim o‘rami, tumshug‘i chegalangan beso‘naqay choynak, aralash-quralash mix uyumi, zang bosgan kalit shodasi, katta-kichik gultuvak. Almisoqdan qolgan qoziq, ko‘zoynak gardishlari… Sulton tashilaverib uringan bir boylam kitobni supraning chekkasiga tera boshladi.

– Kitobga xaridor yo‘q, – dedi u, – tashiganim-tashigan. Zilday og‘ir.
– Bitta-yarimta ishqiboz so‘raydimi, o‘zi?

Sulton “be-ye” degan ma’noda qo‘l siltadi, so‘ng ilova qildi:
– So‘raydi. Varaqlaydi, keyin tashlab ketadi. Yana uch-to‘rt kun sotilmasa pistachi xotinlarga ko‘tarasiga bervoraman.

Fozilbekning ko‘nglida umid chirog‘i “yilt” etib yondi.
– Nima haqda yozilgan, o‘zi? Kim yozgan?

Sulton tilla kiftini uchirdi. “Bir paytlar kimdandir opqolgandim-da, arzon-garovga”, dedi. Fozilbek uchun buning ahamiyati yo‘q edi, u qiroatxonaga olib kiradigan bahona topilganidan sevindi. Faqat… uning avvaldan mo‘ljallangan rejasiga zid o‘laroq qiroatxona huvillab, hatto zax tortib yotgan ekan, buning ustiga, moviy ko‘z, yelkasi xiyol turtib chiqqan zaxil yuzli ayol uni sovuqqina qarshi oldi.

– Kutubxona ishlamaydi, yopiq, – dedi u Fozilbekning salomini kutmay.

– Ochiq-ku, – deb yubordi Fozilbek, bo‘sag‘aga kirib turganini pesh qilgandek va shu asnoda ichkari xonaga – uzunasiga ketgan, ikki yoniga shiftga dovur kitob taxlangan nimqorong‘i yo‘lakka nazar tashladi.

– Begonalar uchun yopiq, – dedi ayol hamon beparvolik bilan.

Fozilbek bo‘sh kelmadi.
– Men begona emasman, – dedi u tap tortmay.

Moviy ko‘z ayol yosh bolaning kaftidek varaqchalarni tartibga keltirishdan zumgina to‘xtadiyu, begona yigitga birrov ko‘z yugurtirib yana yumushiga unnaldi.
– Hozir qiroatxona hammaga begona…

Ayolning tovushi juda hazin eshitildi. Nazarida ayol unga, “Siz ham” deb gina ohangida aytgandek edi. “Husaynisi…” degan so‘zning yoqimli va sirli ohangi takrorlandi yigitning qulog‘i ostida.

Fozilbek uzum rastasida uchratgan qiz bilan hozir ro‘parasida turgan ayol qiyofasidagi ma’yuslik va hazinlikning o‘xshashligiga hayron qoldi. Ichi achishdi.

– Men begona emasman, – dedi u yanada dadil tovushda. Shunday dediyu, moviy ko‘z ayolning qog‘oz kavlashtirayotgan qoq suyak va rangsiz barmoqlari sezilar-sezilmas titrayotganini payqadi. Ayol orqa o‘girayotib sezdirmaygina mushti bilan mijjalarini artdi.

– Nima, qiroatxonada yolg‘iz o‘zingiz ishlaysizmi?
– Uch kishimiz…

Fozilbek niyatiga yetadigan fursat kelganini ko‘ngli sezdi. Buning uchun u muomalasi yumshay boshlagan ayolga ishlov berishni sovutmasligi kerak edi.

– Kitobxonlarga uch kishi xizmat ko‘rsatishga ulgurasizlarmi?
– Kutubxona ishlamaydi, dedim-ku, – boyagindan ancha muloyim gapirdi ayol. – Yopiq.
– Ishlamasa, sizlar nima qilib o‘tiribsizlar bu yerda? Keyin… sizdan boshqa hech kim ko‘rinmaydi…

Moviy ko‘z ayol yigitning ezmaliklarida samimiylik ohangini ilg‘adi shekilli paxtali, yengsiz nimchasining tugmalarini qaday turib uni sarosar kuzatdi va uzoq gurunglashishga chog‘langan odamdek mehribon bir tovushda tushuntirishga kirishdi:

– Qiroatxona, kutubxona mijozlar uchun ishlamayapti, lekin faoliyati to‘xtab qolishi mumkin emas. – U shunday deb fahmingiz yetmayaptimi, degan ma’noda yigitga razm soldi. – Tushuntira oldimmi?.. Ming-minglab kitob, taxlam-taxlam gazet-jurnalga doim havo tegib turishi shart. Shamollatilmasa… tirik jon nafas olmay yasholmaganidek…
– E, ha-a…

Ayol yigitning hayratiga e’tibor qilmadi, boyagi-boyagi umidsiz va pinhona alamzada tovushda dedi:
– Kitoblarimizga qo‘shilib o‘zimiz ham zax bosib ketyapmiz…

Fozilbekning ko‘z o‘ngida uzum xarid qilgan qizning chehrasi gavdalandi. Uni moviy ko‘z ayolga qiyosladi. Qiroatxonaning shifti baland, lekin kun tushmas xonasiga ko‘z yugurtirdi. “Sutga chayilgandek!..” dedi ichida. So‘ng, gurungga qaytdi.

– Zax bosdirmaslik uchun nima qilish kerak? – so‘radi u astoydil achinish bilan, hamon qaqqayib turgan joyidan. Va…
– Hey, oydin!..

Fozilbek qo‘qqisidan eshitilgan shang‘i tovushdan cho‘chib tushdi. Ko‘nglining bir burchida, uzum olgan qiz bo‘lsa-ya, degan savol tug‘ildiyu, nahotki, o‘sha qiz shunchalik shang‘i bo‘lsa, degan xavotirda azbaroyi yuragi orqasiga tortib ketdi. Va sira ikkilanmay “U emas!” degan ishonch va qat’iyat bilan ovoz kelgan tomonga o‘girildi. O‘girildiyu, rangi unniqib ketgan to‘q moviy parda ortidagi stol yonida o‘tirgan baqaloq ayolning sharpasiga ko‘zi tushib, “Xayriyat!” deb yubordi. Ayol o‘sha shang‘i tovushda davom etdi:

– Yana ko‘zingni siydigini oqizvossanmi! Yig‘i-sig‘i qiladigan bo‘lsang, yig‘ishtir, ishni!.. Shu bola kitob zax bosishini tushunadimi?!

Moviy ko‘z ayol churq etmadi, Fozilbek qanday javob-muomala qilarini bilmay hang-mang bo‘lib turib qoldi. U biron jo‘yali gap xayoliga kelib ulgurmay kutganiga zid o‘laroq badbashara va vajohatidan odam hurkadigan emas, aksincha, past bo‘yli va baqaloqdan kelganini demasa, yoshi elliklardan o‘tgan, barkash yuzli, istarasi iliqqina ayol paydo bo‘ldi. Faqat uning avzoi buzuqligi, shu tobda biron-yarim gap bilan uni shashtidan tushirish ilojsizligini Fozilbek sezdi, yaxshisi, indamaslikka qaror qildi. Parda ortidan chiqqan xotin o‘zi kutgan qiz emasligiga yana bir karra ishonch hosil qilib, shunday yengil tortdiki, azbaroyi salom berishni ham unutdi.

– Uylanganmisan, bolam? – tomdan tarasha tushganday savol qotdi barkash yuzli xotin, bezrayib.

Fozilbek indamadi.
– Otang xotin oberganmi, deb so‘ravomman?!
– Endi uylantirishmoqchi…

Fozilbek nega bunday javob qilganini o‘zi ham bilmadi. Kutilmaganda barkash yuzli xotinning zardasi yumshadi, ochiqdan-ochiq hazillashayotganini yashirmadi.
– Uylanayotgan yigit qiroatxonada nima qip yuribsan? Kechayam aylanishib yurganding, o‘zing ham bizga o‘xshab zax bosib qolmagin, tag‘in.

Semiz xotin shunday deb qah-qah otib kuldi, uni ko‘rib moviy ko‘z ayolning ham chehrasi yorishdi. Fozilbek maqsad sari jindek siljiganidan xursand edi.
– Qattan kegansan, kimmi arzandasisan, o‘zi?

Fozilbek barkash yuzli xotin endi ermak uchun gap aylantirayotganini sezsa-da, sir boy bermadi. U toqat qilishdan o‘zga iloji yo‘q edi.

– Shu yerlikman, shu bozorda ishlayman, – deb javob qildi u. Lekin kimning arzandasi ekanini aytmadi. Fozilbek oilada kenjalik martabasidan bahra olmagani uchunmi, umuman, erkatoylik fe’liga yotligidanmi, “arzanda” degan so‘zga toqat qilolmasdi. Toqat qilolmasdiyu, xayol qochgan damlarda uning uchun kim arzandayu, o‘zi kimlarga arzanda ekani haqida o‘y surib qolar, taxminu farazlarga qorishgan bunday o‘ylarining oxiri har safar chigallashib ketardi.

U savolning ikkinchi yarmini javobsiz qoldirganini eslab, suhbat shu bilan barham topishi mumkinligidan xavfsiradi-da, boyagi savolini takrorladi:
– Kitob zax tortmasligi uchun nima qilish kerak?
– Uf-f!… Anavi xangini chakagini o‘chirish kerak!

Semiz xotin ko‘cha tomonga ishora qildi, u nimani nazarda tutganini Fozilbek tushunmay, qulog‘ini ding qildi. Ko‘cha tomondan, “Hayronma-an-n!.. Begonama-an-n-n!” degan mutlaqo notanish hofizning beo‘xshov do‘rillashi eshitildi. Fozilbek muddaosidan chalg‘imaslik niyatida mavzuga qaytdi:

– Sizlarda nodir kitoblar ko‘pdir? – deb so‘radi.
– Qadriyaning xilidan ekan…

Barkash yuzli xotin bir chimdim kulimsiradiyu, birdan jiddiy tortdi. Noo‘rin po‘pisasi uchun hamkasbidan uzr so‘ragandek bosiq va muloyim gapirdi:
– Qadriya nodir kitoblar dardida kuyunganicha bor, boyaqish…

Fozilbek bundan qulayroq fursat qaytib kelmasligini zudlik bilan fahmladi va temirni qizig‘ida bosdi:

– Bozorda kitob sotadiganlar bor, o‘shalarda nodir kitoblar…
– Qadriya ham shunga kuyadi, – deb Fozilbekning gapini ma’qulladi moviy ko‘z ayol.

Barkash yuzli xotin kayfiyatining tayini yo‘q shekilli, yana g‘azab otiga mingasha boshladi.

– Yaramga tuz sepib nima qilasan, uka! To‘g‘ri, kamyob kitoblar yoymachilarda qalashib yotibdi. Qadriya degan xodimamiz o‘shanaqa adabiyotlar bilan shug‘ullanadi. Hu-uv, ichkarida o‘tiradi… Noyob kitoblar yo‘qolib ketyapti, deb joni halak. Qo‘liga pul tegdi deguncha bozorga qarab chopadi…
Fozilbek seskanib tushdi. “Qo‘liga pul tegdi deguncha bozorga qarab chopadi…” Pul tushmasa-chi? Pul tushmasa, qorong‘i va zax xonadan chiqmay o‘tiradi. Kitob yig‘adi, artadi-surtadi. O‘qiydi. Pulu bozor bilan ishi yo‘q. Fozilbek qizni birinchi uchratishidayoq buni sezdi. Chunki qiz rasta yoniga keldi, bir bosh husayni uzum oldi-da, kaftidagi pulni uzatdi. Narxini so‘ramadi, tortishmadi. Indamaygina iziga qaytdi. “Pulga begona qiz” deb yubordi o‘sha lahzada

Fozilbek ichida. “Sutga chayilganday!” deb beixtiyor og‘zidan chiqqan hayratiga shu xitob qo‘shildi.

Ehtimol, Fozilbekning qalbini qalqitib yuborgan, o‘zini shoshirib qo‘ygan ham ana shu ikki og‘iz lutf edi!
Baqaloq xotin Fozilbekning ko‘ngliga oralagan farazni tasdiqlagandek gapirdi:
–Boyaqish pul nimaykanini bilmaydi, topganiga kitob yig‘adi.

Fozilbek hayajonini yashirmadi.
– Yoymada tanish yigit bor, bir talay kitob terib qo‘yibdi. Noyoblari bordir, orasida?

– Malla yigitmi? – so‘radi baqaloq xotin, beparvo ohangda.
– Ha, – dedi Fozilbek.
– Ja-a qimmatpurush, – gapga qo‘shildi moviy ko‘z ayol.
– Qimmat emas, arzon! – deb yubordi Fozilbek. – Juda arzonga sotadi. Gaplashdim. Menga ko‘ndi.

Ikkala ayol notanish yigitning gapiga ishonqiramay bir-biriga angraydi.
– Qancha yig‘ildi? – tuyqus so‘radi barkash yuzli xotin.
– Ozroq… Otamdan so‘rayman, degandi…

Fozilbek gap pul haqida borayotganini payqadi, endi u nafaqat o‘zini, balki butun vaziyatni, vaziyatga qo‘shib ro‘parasida tik turgan ikki ayolni ilintirgan edi.

– Narxidan tashvishlanmanglar, – dedi u bamaylixotir. – Men sizlarga begona emasman. Men ko‘ndiraman, dedim-ku. Faqat… tanlab olish uchun birortangiz borasizmi?..

Fozilbek yurak yutib shu gapni ayta olganiga o‘zidan quvondi. Yuragi orziqib ketdi. Keyingi lahzada hayot-mamoti hal bo‘ladigandek labini qimtib yerga qarab oldi. Nafasini ichiga yutib, yer ostidan barkash yuzli xotinning barmoqlariga qaradi, qaradiyu, ayol qo‘llarini stol ortiga osiltirib turganidan uning semiz bilagidan boshqasini ko‘rolmadi. Nazarida ikkala xotin uzoq jim qolgandek, nazarida ikkala ayoldan biri u bilan yoymaga borish uchun hozirlik ko‘rayotgandek tuyuldi, basharti shunday bo‘lsa nazarida Qadriyani (ha, ismi Qadriyaoy edi!) qaytib ko‘rmaydigandek tarvuzi qo‘ltig‘idan tushdi. Boshini ko‘tarishga yuragi dov bermadi. Nihoyat, barkash yuzli xotinning ovozi do‘rilladi:
– Qayerda ishlayman, deding?

Fozilbek vazminlikni qo‘ldan bermadi.
– “Shuur” shirkatida, – dedi o‘zini g‘oyatda bamaylixotir tutib.

Ikkala ayol savol nazari bilan bir-biriga mo‘ltiradi, yelka qisishdi.
– Bunaqa shirkatni eshitmaganmiz… – dedi mudira ayol ovozi muloyim tortib.
– Kim bo‘lib ishlaysiz? – deb savol qotdi u.
– Jonkuyar, – dedi Fozilbek yanayam xotirjam tovushda. – Shirkat jonkuyariman.

Oraga tushgan o‘ng‘aysizlikdan uni moviy ko‘z ayol qutqardi.
– Hozir qo‘lbola korxonayu shirkatdan ko‘pi bormi! Qay biri nima yumush bilan shug‘ullanishi yolg‘iz xudoga ayon. Ochsa ochgandirda! – dedi u topgan xulosasidan mamnun bo‘lib.
Sherigining topqirligi mudiraga yoqdi va o‘zi ham notanish yigitni so‘roq qilishni to‘xtatdi.
– Qadriyani chaqirib chiq. Bu ukam bilan yoymaga borib kelsin…
Fozilbek ko‘zini chirt yumib ochdi, mudiraning tovushi qulog‘iga bamisoli mayin kuydek yoqib tushdi, nazarida qiroatxona yorishib ketdi, shu topda uning uchun shu ikki ayoldan yaqinroq, mehribonroq inson yo‘qday edi…

009

(Tashriflar: umumiy 3 946, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring