Xurshid Do’stmuhammad. Kitob haqida 10 savolga 10 javob.

Ashampoo_Snap_2017.02.01_18h33m31s_001_.png     Ҳаётим тўласича китоб билан, мутолаа билан боғлиқ. Бирор кунимни китобсиз тасаввур қилолмайман. Китоб ўқимаган кунимни беҳуда ўтган деб ҳисоблайман. Эҳтимол, «Гулхан» ўқувчилари учун бундай гап ғалати туюлиши мумкиндир, лекин мен бор гапни айтяпман. Чунки китобга меҳр қўйган одамлар учун бу жуда-жуда оддий ҳол.

Хуршид Дўстмуҳаммад
КИТОБ ҲАҚИДА ЎН САВОЛГА ЎН ЖАВОБ
002

    Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад 1951-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни, Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетини тамомлаган (1968-1973). Филология фанлари доктори.
1980-йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақолалари билан қатнашади. Унинг «Ҳовли этагидаги уй» қисса ва ҳикоялари (1989), «Жажман» қисса ва ҳикоялари (1995), «Қазо бўлган намоз» (1996), тарихий ҳикоялари, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялари, «Бозор» (2000) романи, «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» (2002) хотира-бадиаси чоп этилган.
Адиб ўз қаҳрамонларининг руҳий ҳолатларини, фикрий изланишларини таҳлил этишга, унинг энг интим қатламларини тасвирлашга интилади. Психологик тасвирга мойиллиги Ф.Достоевский, Ф.Кафка, Ф.Рюноске, Г.Маркес цингари жаҳон адабиёти намояндалари услубидан таъсирланганини кўрсатади.

002

1. Китоб ҳаётингизда қандай ўрин тутади?
2. Илк бор ўқиб, завқ олган китобингиз эсингиздами? Болалигингизда ўқиган яна қайси китоблар ҳаётингизда ижобий таъсир кўрсатган?
3. Янги чоп этилаётган китобларни кузатиб борасизми? Улардан кўнглингиз тўлмаётган жиҳатлари ҳам борми?
4. Ҳозир бизда кийим-кечак, озиқ-овқат бозорининг харидорлари ниҳоятда сероб. Қачон китоб бозори гавжумлашади?
5. Устоз адиб Асқад Мухторнинг: “Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”, деган иборасини қандай изоҳлайсиз?
6. Жавонингизда қайта-қайта ўқийдиган, соғиниб қўлга оладиган китоб борми? Айтинг-чи, у қайси китоб?
7. Ҳозир нафақат болалар балки уларнинг ота-оналари ҳам кам китоб ўқиётганлиги ҳақидаги ташвишли фикрларга қандай қарайсиз? Уларни китобга қайтаришнинг йўли борми?
8. Агар ўзбек адабиёти бўйича “Олтин жавон” тузилиб, унга 10 та китоб киритиш зарурати туғилса, қайси китобларни киритган бўлардингиз?
9. Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз?
10. Журналхонларга қайси ва қандай китобларни ўқишни тавсия қиласиз?

02

1. Ҳаётим тўласича китоб билан, мутолаа билан боғлиқ. Бирор кунимни китобсиз тасаввур қилолмайман. Китоб ўқимаган кунимни беҳуда ўтган деб ҳисоблайман. Эҳтимол, «Гулхан» ўқувчилари учун бундай гап ғалати туюлиши мумкиндир, лекин мен бор гапни айтяпман. Чунки китобга меҳр қўйган одамлар учун бу жуда-жуда оддий ҳол.

2. Эсимда қолгани — Марк Твеннинг «Том Соернинг бошидан кечирганлари» романи. Китобга чизилган суратларни кўп томоша қилардим. Уларда Том Соерга хос шумликлар, қўрқмаслик, саргузаштлардан, турфа қийинчиликлардан ҳайиқмаслик яхши тасвирланганди. Кейинроқ «Гекелберри Финнинг саргузаштлари»ни топдим. Ўқидим, лекин негадир ундан Том Соерни ўқиганчалик завқ олмадим. Ўйлай-ўйлай, шундай хулосага келдим: муаллиф, яъни Марк Твендек улкан адиб Том Соерни шу қадар завқ-шавқ билан, шу қадар болаларча самимият билан ёзган-у ана ўша завқ-шавқ, ўша буюк самимият Гекелберри Финн образини яратишда бир қадар сўниб қолган. Болаларнинг қалбида китобга муҳаббат уйғотувчи қудратли бир неча куч бор, булар — самимият, беғуборлик, ўйноқилик, саргузашт, қаҳрамонлик! Мана шундай сеҳр устоз адибимиз Худойберди Тўхтабоев асарларида яққол бўртиб туради.

«Ҳожимуқон» повестини ҳам қўлимдан қўйгим келмасди. Унда ўз даврининг фавқулодда машҳур полвони Ҳожимуқоннинг болалиги, кураш гиламида ва ҳаётда кўрсатган мўжизалари яхши тасвирланган. Искандар Қаландаровнинг детективнамо «Шохидамас, баргида», Ананяннинг «Қоплон дара асрлари», қайсидир хориж адибининг қаламига мансуб «Барк хонимнинг қўғирчоғи» эсимда… Келин аяларимиздан бирининг ялмоғиз, ажиналар «ҳаётидан» ҳикоя қилувчи эртаклари ҳали-ҳануз қулоғимдан кетмайди: «Ялмоғиз патнисга бир ҳовуч бодомни солибди-да, «пуф-ф» деб, чангини учирса, ажинанинг жимит-жимит болачалари думалаб-думалаб тупроққа беланибди, шунда ялмоғиз кампир кўзларини олайтирганича, «Сакра, бодомим, сакра! Сакра, бодомим, сакра! Сакра, бодомим, сакра!» деяверибди-деяверибди, ажинанинг болалари ликиллаб сакрайверганидан ҳолдан тойибди…»

3. Китоб дўконларига, бозорларига доимо бориб тураман. Турли сабаблар билан боролмай қолсам, ниманидир йўқотгандай кўнглим хижил тортиб, қаердадир кимдир мени кутиб турган-у мен уни маҳтал қилиб қўйгандек бўлавераман.

Кўнгил тўлишига келсак, кейинги йилларда республикамизда китоб чоп этиш анча жонланди. Хилма-хил мавзуда китоблар нашр этилмоқда, муаллифлар доираси кенгаймоқда, китоб чоп этиш санъати, маданияти — матбаачилик ўсмоқда. Бу борада ҳали қилинадиган ишларимиз анчагина…

4. Мамлакатимизда китоб бозорини замонавий талаблар даражасида ташкил этиш ишлари бошланган. «Шарқ», «Маънавият», «Янги аср авлоди» нашриётлари китоб бозорини йўлга қўйиш борасида таҳсинга сазовор чоралар кўраётганини алоҳида таъкидлаш керак. Лекин бу сал кам ўттиз миллион аҳоли яшайдиган, тарихда камдан-кам такрорланадиган Уйғониш палласига кирган миллат эҳтиёжлари нуқтайи назаридан келиб чиқилса, жуда-жуда оз. Болалигимдан менга қадрдон бўлиб қолган китоб дўконларининг биноси, қиёфаси, расталари, китоб сотувчилари сира кўз ўнгимдан кетмайди. Ҳар бир китоб дўкони-ю дўкончаси, расталари мен учун қадрдон масканга айланиб қолганди. Китоб сотувчиларини эслаб кетаман, жуда-жуда соғинаман, улар қаерда, қандай юмушлар билан банд, соғмилар-омонмилар?

Ҳар бир халқда китобсеварлар қавми бўлади. Улар бир-бирларини бир кўрганда танийдилар, сира бегонасирамай гурунглашиб кетаверадилар. Улар ўзларининг борликлари билан ўзига хос тарғиботчилик вазифасини ҳам ўтайдилар. Бошқаларни зиёга, билимга, билишга — зиёли ҳаёт кечиришга даъват этадилар. Афсуски, ҳамма жойда ҳам халқнинг умумий сонига нисбатан бундай қавмлар озчиликни ташкил этадилар. «Китобсеварлар» деб атаймизми ё бошқача ном бериладими, қатъий назар, китобга меҳри баланд ҳамюртларимизнинг бошини қовуштирадиган, уларнинг ҳолидан хабар оладиган, уларнинг оғирини енгил қиладиган маърифий вазифаларни адо этувчи нодавлат ташкилот зарур, деб ўйлайман.

5. Бу ибора замирида кўзда тутилган маъно тушунарли, яъни ҳар қандай китоб ўқилгандагина чинакам маънавий бойликка айланиши назарда тутилмоқда. Талқинни янаям чуқурлаштириш мумкин, мисол учун, китобни ўқишнинг ўзигина кифоя эмас, ўқилганининг маъно-мазмуни, моҳиятини уқмоқ ҳам керак. Қолаверса, ҳозир жуда кўп китобларни такрор мутолаа қиладиган даврда яшамоқдамиз. Замон, давр, қарашлар, тафаккурлар, муносабатлар ўзгараётган бир пайтда у ёки бу китоб ҳақидаги илгарилари шаклланган қарашларимизни қайта кўриб чиқишимиз, янгидан-янги хулосаларга келишимиз керак бўлаётган бир пайтда китобни тез ва тушуниб ўқиш алоҳида муаммо бўлиб қолмоқда. Китобни тўғри ўқиш ва тушуниб ўқишнинг нақадар зарурлигини, бунинг учун вақт озлиги, имкониятлар чекланганлигини ёшларимиз ҳозирданоқ билиб қўйишлари зарур. Ҳаёт эса кутиб турмаяпти — янгидан-янги китоблар шу қадар кўп чиқмоқдаки, уларни пешма-пеш ўқиш, ўзлаштириш ҳар бир зиёли инсон зиммасидаги маънавий мажбурият миқёсини кенгайтириб юбормоқда. Шахсан ўзим шахсий кутубхонамдаги китобларнинг барини бошдан охиригача ўқиганман, деб айтолмайман, лекин уларни жавонимда кўриб турсам, вақти-вақти билан варақласам, «чўқилаб-чўқилаб» ўқиб қўйсам завқ оламан, ҳузурланаман. Айтмоқчиманки, ўқиб улгурмаган китобларим ҳам менинг бойлигим, уларнинг жавонимда туришининг, менга жуда кўп ҳақиқатларни эслатётганининг ўзи менинг маънавий бойлигим ҳисобланади.

6. Бундай китоб битта ё иккита эмас. Ундай китобларим кўп. Жаҳон адабиёти намуналарига мансуб бадиий асарлар, тарих, ахборот дунёси, фалсафа ва психологияга, спортга доир китобларни вазиятга кўра қайта-қайта қўлга оламан, илгари ўқиган чоғимда белги қўйган саҳифаларга такрор эътибор қаратаман.

7. Биз ўзгараётган замонда яшаяпмиз. Кейинги йигирма-йигирма беш йил асносида нималар ўзгаришга учрамади дейсиз?! Китобга муносабат ҳам шу жумладан. Биздан илгариги ва бизнинг авлод кишилари нисбатан анчагина китобий руҳда тарбия кўрганмиз. Китобий бўлганмиз. Китобда, газета-журналда нима ўқисак, ҳаётда ҳам шундай, деб ишонганмиз. Ибратли воқеаларни, намуна бўларли сиймоларни ўқиганларимиздан излаганмиз ва топганмиз ҳам. Сўнгги чорак аср мобайнида дунё миқёсида юз берган ва бераётган ўзгаришлар, жамиятда кечаётган жараёнлар ундай тасаввурларни чиппакка чиқариб юборди. Лекин мен шу борада ўзимни чиппакка чиқарилган деб ҳисобламайман, мен китобга ишонаман, китобга садоқатимни ўзгартирмайман!

Мустақиллик даври ўша ишонч, ўша муҳаббат, ўша иштиёқни қайтариб бермоқда. Одамларимиз ўрганишмоқда. Ва ишончим комилки, мана шундай ўзгаришлар вақти келиб катта-ю кичикни китобга қайтаради. Ахир китобга бўлган буюк муҳаббатсиз маданиятли жамиятни ҳам, маданиятли инсонни ҳам тасаввур қилиш мумкин эмас.

8. Уйдаги жавонларга сиғмай қолган, ўз даврини ўтаган, деб ҳисоблаш мумкин бўлган китобларни чордоқда сақлайман. Лекин вақти келиб, бирор сабаб билан уларнинг бирортаси шу қадар зарур бўлиб қоладики, чордоқдан топиб, чанг-чунгини артиб, кўзларимга суртгудай бўлиб, олиб тушаман ва уларга жавонимдан жой топаман. Уни керак эмас, даври ўтди деб ҳисоблаганим учун КИТОБдан узр сўрайман. Айтмоқчиманки, ҳар бир китоб бамисоли бир одам, ҳар қандай одамни биринчи навбатда инсон бўлгани учун ҳам қадрламоғимиз, ардоқламоғимиз лозим. Ушбу мулоҳазалардан келиб чиқиб, китобни олтин ё кумушга ўхшатиш эҳтимол тўғридир. Лекин мен унчалик тўғри, деб ҳисобламайман. Моҳиятан, китобнинг қадри олтин-у кумушлардан қиммат!

9. Ҳамиша бир йўла икки-учта китоб ўқиётган бўламан. Афсуски, тез ўқиш сирларини етарли ўзлаштира олмадим. Устига-устак, чизиб, белгилар қўйиб, таассуротларимни қоғозга тушириб ўқишга ҳаракат қиламан.

10. Аввало, китобга меҳр қўйишдек инсон ҳаётининг э-энг саодатли туйғусини ардоқламоқ керак бўлади. Ёш дўстлар, ишонинг, Сизнинг қалбингизда ҳам китобга меҳр-муҳаббат туйғуси бор, Сиз фақат ундан бехабар қолманг, э-э, мен китобга қизиқмайман, деган сўзни оғзингизга олманг. Ўқисангиз-у, тушунмаган бўлсангиз яна ўқинг, синчковлик билан ўқинг. Астойдил, диққатингизни жамлаб ўқишга киришсангиз китобнинг ўзи, ундаги сўз ва жумлаларнинг ўзи сизга ёрдам беради, бундай мўжизали ҳолатни бошдан кечирсангиз китобга, мутолаага умрбод дўст тутинасиз-қоласиз. Шунда бу дўстликка ҳеч ким ва ҳеч қачон рахна сололмайди. Атрофингизга қаранг, китоб ўқийдиган ва мутлақо ўқимайдиган танишларингизни таққослаб кўринг, китоби бўлган ва китоб сақламайдиган оила кишиларини ўзингизча қиёслаб кўринг, ана шунда, ўзингиз бирдан ўзгариб қола бошлаганингизни сезасиз, аввалига қийналиброқ, зерикиброқ мутолаасига киришган китобингизни шитоб билан, завқ-шавқ билан ўқий бошлаганингизни сезмай
қоласиз! Албатта, ҳаёт йўлингизни аниқлашга, яшаш сирларини ўрганишга ёрдам берадиган китобларни диққат билан ўқинг, ҳаёт таърифига тил ожиз бўлган нақадар ширин, нақадар гўзал мўжиза эканини билиб оласиз!

Матн «Гулхан» журналидан олинди

Ashampoo_Snap_2015.12.04_21h57m05s_004_.pngXurshid Do’stmuhammad
KITOB  HAQIDA  O’N  SAVOLGA  O’N  JAVOB
002

Yozuvchi Xurshid Do`stmuhammad  1951-yilda Toshkent shahrida tug`ilgan. O`rta maktabni, Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O`zMU) jurnalistika fakultetini tamomlagan (1968-1973). Filologiya fanlari doktori.  1980-yildan buyon matbuotda hikoya va qissalari, romani, ocherk, badia, adabiyotshunoslikka oid maqolalari bilan qatnashadi. Uning «Hovli etagidagi uy» qissa va hikoyalari (1989), «Jajman» qissa va hikoyalari (1995), «Qazo bo`lgan namoz» (1996), tarixiy hikoyalari, «Hijronim mingdir mening» (2000) qissa va hikoyalari, «Bozor» (2000) romani, «Hamid A`lamovning aytolmagan gaplari» (2002) xotira-badiasi chop etilgan.
Adib o`z qahramonlarining ruhiy holatlarini, fikriy izlanishlarini tahlil etishga, uning eng intim qatlamlarini tasvirlashga intiladi. Psixologik tasvirga moyilligi F.Dostoyevskiy, F.Kafka, F.Ryunoske, G.Markes singari jahon adabiyoti namoyandalari uslubidan ta`sirlanganini ko`rsatadi.

савол

1. Kitob hayotingizda qanday o`rin tutadi?
2. Ilk bor o`qib, zavq olgan kitobingiz esingizdami? Bolaligingizda o`qigan yana qaysi kitoblar hayotingizda ijobiy ta’sir ko`rsatgan?
3. Yangi chop etilayotgan kitoblarni kuzatib borasizmi? Ulardan ko`nglingiz to`lmayotgan jihatlari ham bormi?
4. Hozir bizda kiyim-kechak, oziq-ovqat bozorining xaridorlari nihoyatda serob. Qachon kitob bozori gavjumlashadi?
5. Ustoz adib Asqad Muxtorning: “Kitob — boylik. Lekin sotib olingani emas, o`qilgani”, degan iborasini qanday izohlaysiz?
6. Javoningizda qayta-qayta o`qiydigan, sog`inib qo`lga oladigan kitob bormi? Ayting-chi, u qaysi kitob?
7. Hozir nafaqat bolalar balki ularning ota-onalari ham kam kitob o`qiyotganligi haqidagi tashvishli fikrlarga qanday qaraysiz? Ularni kitobga qaytarishning yo`li bormi?
8. Agar o`zbek adabiyoti bo`yicha “Oltin javon” tuzilib, unga 10 ta kitob kiritish zarurati tug`ilsa, qaysi kitoblarni kiritgan bo`lardingiz?
9. Shu kunlarda qanday kitob o`qiyapsiz?
10. Jurnalxonlarga qaysi va qanday kitoblarni o`qishni tavsiya qilasiz?

жавоб

1. Hayotim to`lasicha kitob bilan, mutolaa bilan bog`liq. Biror kunimni kitobsiz tasavvur qilolmayman. Kitob o`qimagan kunimni behuda o`tgan deb hisoblayman. Ehtimol, «Gulxan» o`quvchilari uchun bunday gap g`alati tuyulishi mumkindir, lekin men bor gapni aytyapman. Chunki kitobga mehr qo`ygan odamlar uchun bu juda-juda oddiy hol.

2. Esimda qolgani — Mark Тvenning «Тom Soyerning boshidan kechirganlari» romani. Kitobga chizilgan suratlarni ko`p tomosha qilardim. Ularda Тom Soyerga xos shumliklar, qo`rqmaslik, sarguzashtlardan, turfa qiyinchiliklardan hayiqmaslik yaxshi tasvirlangandi. Keyinroq «Gekelberri Finning sarguzashtlari»ni topdim. O`qidim, lekin negadir undan Тom Soyerni o`qiganchalik zavq olmadim. O`ylay-o`ylay, shunday xulosaga keldim: muallif, ya’ni Mark Тvendek ulkan adib Тom Soyerni shu qadar zavq-shavq bilan, shu qadar bolalarcha samimiyat bilan yozgan-u ana o`sha zavq-shavq, o`sha buyuk samimiyat Gekelberri Finn obrazini yaratishda bir qadar so`nib qolgan. Bolalarning qalbida kitobga muhabbat uyg`otuvchi qudratli bir necha kuch bor, bular — samimiyat, beg`uborlik, o`ynoqilik, sarguzasht, qahramonlik! Mana shunday sehr ustoz adibimiz Xudoyberdi Тo`xtaboyev asarlarida yaqqol bo`rtib turadi.

«Hojimuqon» povestini ham qo`limdan qo`ygim kelmasdi. Unda o`z davrining favqulodda mashhur polvoni Hojimuqonning bolaligi, kurash gilamida va hayotda ko`rsatgan mo`jizalari yaxshi tasvirlangan. Iskandar Qalandarovning detektivnamo «Shoxidamas, bargida», Ananyanning «Qoplon dara asrlari», qaysidir xorij adibining qalamiga mansub «Bark xonimning qo`g`irchog`i» esimda… Kelin ayalarimizdan birining yalmog`iz, ajinalar «hayotidan» hikoya qiluvchi ertaklari hali-hanuz qulog`imdan ketmaydi: «Yalmog`iz patnisga bir hovuch bodomni solibdi-da, «puf-f» deb, changini uchirsa, ajinaning jimit-jimit bolachalari dumalab-dumalab tuproqqa belanibdi, shunda yalmog`iz kampir ko`zlarini olaytirganicha, «Sakra, bodomim, sakra! Sakra, bodomim, sakra! Sakra, bodomim, sakra!» deyaveribdi-deyaveribdi, ajinaning bolalari likillab sakrayverganidan holdan toyibdi…»

3. Kitob do`konlariga, bozorlariga doimo borib turaman. Тurli sabablar bilan borolmay qolsam, nimanidir yo`qotganday ko`nglim xijil tortib, qayerdadir kimdir meni kutib turgan-u men uni mahtal qilib qo`ygandek bo`laveraman.

Ko`ngil to`lishiga kelsak, keyingi yillarda respublikamizda kitob chop etish ancha jonlandi. Xilma-xil mavzuda kitoblar nashr etilmoqda, mualliflar doirasi kengaymoqda, kitob chop etish san’ati, madaniyati — matbaachilik o`smoqda. Bu borada hali qilinadigan ishlarimiz anchagina…

4. Mamlakatimizda kitob bozorini zamonaviy talablar darajasida tashkil etish ishlari boshlangan. «Sharq», «Ma’naviyat», «Yangi asr avlodi» nashriyotlari kitob bozorini yo`lga qo`yish borasida tahsinga sazovor choralar ko`rayotganini alohida ta’kidlash kerak. Lekin bu sal kam o`ttiz million aholi yashaydigan, tarixda kamdan-kam takrorlanadigan Uyg`onish pallasiga kirgan millat ehtiyojlari nuqtayi nazaridan kelib chiqilsa, juda-juda oz. Bolaligimdan menga qadrdon bo`lib qolgan kitob do`konlarining binosi, qiyofasi, rastalari, kitob sotuvchilari sira ko`z o`ngimdan ketmaydi. Har bir kitob do`koni-yu do`konchasi, rastalari men uchun qadrdon maskanga aylanib qolgandi. Kitob sotuvchilarini eslab ketaman, juda-juda sog`inaman, ular qayerda, qanday yumushlar bilan band, sog`milar-omonmilar?

Har bir xalqda kitobsevarlar qavmi bo`ladi. Ular bir-birlarini bir ko`rganda taniydilar, sira begonasiramay gurunglashib ketaveradilar. Ular o`zlarining borliklari bilan o`ziga xos targ`ibotchilik vazifasini ham o`taydilar. Boshqalarni ziyoga, bilimga, bilishga — ziyoli hayot kechirishga da’vat etadilar. Afsuski, hamma joyda ham xalqning umumiy soniga nisbatan bunday qavmlar ozchilikni tashkil etadilar. «Kitobsevarlar» deb ataymizmi yo boshqacha nom beriladimi, qat’iy nazar, kitobga mehri baland hamyurtlarimizning boshini qovushtiradigan, ularning holidan xabar oladigan, ularning og`irini yengil qiladigan ma’rifiy vazifalarni ado etuvchi nodavlat tashkilot zarur, deb o`ylayman.

5. Bu ibora zamirida ko`zda tutilgan ma’no tushunarli, ya’ni har qanday kitob o`qilgandagina chinakam ma’naviy boylikka aylanishi nazarda tutilmoqda. Тalqinni yanayam chuqurlashtirish mumkin, misol uchun, kitobni o`qishning o`zigina kifoya emas, o`qilganining ma’no-mazmuni, mohiyatini uqmoq ham kerak. Qolaversa, hozir juda ko`p kitoblarni takror mutolaa qiladigan davrda yashamoqdamiz. Zamon, davr, qarashlar, tafakkurlar, munosabatlar o`zgarayotgan bir paytda u yoki bu kitob haqidagi ilgarilari shakllangan qarashlarimizni qayta ko`rib chiqishimiz, yangidan-yangi xulosalarga kelishimiz kerak bo`layotgan bir paytda kitobni tez va tushunib o`qish alohida muammo bo`lib qolmoqda. Kitobni to`g`ri o`qish va tushunib o`qishning naqadar zarurligini, buning uchun vaqt ozligi, imkoniyatlar cheklanganligini yoshlarimiz hozirdanoq bilib qo`yishlari zarur. Hayot esa kutib turmayapti — yangidan-yangi kitoblar shu qadar ko`p chiqmoqdaki, ularni peshma-pesh o`qish, o`zlashtirish har bir ziyoli inson zimmasidagi ma’naviy majburiyat miqyosini kengaytirib yubormoqda. Shaxsan o`zim shaxsiy kutubxonamdagi kitoblarning barini boshdan oxirigacha o`qiganman, deb aytolmayman, lekin ularni javonimda ko`rib tursam, vaqti-vaqti bilan varaqlasam, «cho`qilab-cho`qilab» o`qib qo`ysam zavq olaman, huzurlanaman. Aytmoqchimanki, o`qib ulgurmagan kitoblarim ham mening boyligim, ularning javonimda turishining, menga juda ko`p haqiqatlarni eslatyotganining o`zi mening ma’naviy boyligim hisoblanadi.

6. Bunday kitob bitta yo ikkita emas. Unday kitoblarim ko`p. Jahon adabiyoti namunalariga mansub badiiy asarlar, tarix, axborot dunyosi, falsafa va psixologiyaga, sportga doir kitoblarni vaziyatga ko`ra qayta-qayta qo`lga olaman, ilgari o`qigan chog`imda belgi qo`ygan sahifalarga takror e’tibor qarataman.

7. Biz o`zgarayotgan zamonda yashayapmiz. Keyingi yigirma-yigirma besh yil asnosida nimalar o`zgarishga uchramadi deysiz?! Kitobga munosabat ham shu jumladan. Bizdan ilgarigi va bizning avlod kishilari nisbatan anchagina kitobiy ruhda tarbiya ko`rganmiz. Kitobiy bo`lganmiz. Kitobda, gazeta-jurnalda nima o`qisak, hayotda ham shunday, deb ishonganmiz. Ibratli voqealarni, namuna bo`larli siymolarni o`qiganlarimizdan izlaganmiz va topganmiz ham. So`nggi chorak asr mobaynida dunyo miqyosida yuz bergan va berayotgan o`zgarishlar, jamiyatda kechayotgan jarayonlar unday tasavvurlarni chippakka chiqarib yubordi. Lekin men shu borada o`zimni chippakka chiqarilgan deb hisoblamayman, men kitobga ishonaman, kitobga sadoqatimni o`zgartirmayman!

Mustaqillik davri o`sha ishonch, o`sha muhabbat, o`sha ishtiyoqni qaytarib bermoqda. Odamlarimiz o`rganishmoqda. Va ishonchim komilki, mana shunday o`zgarishlar vaqti kelib katta-yu kichikni kitobga qaytaradi. Axir kitobga bo`lgan buyuk muhabbatsiz madaniyatli jamiyatni ham, madaniyatli insonni ham tasavvur qilish mumkin emas.

8. Uydagi javonlarga sig`may qolgan, o`z davrini o`tagan, deb hisoblash mumkin bo`lgan kitoblarni chordoqda saqlayman. Lekin vaqti kelib, biror sabab bilan ularning birortasi shu qadar zarur bo`lib qoladiki, chordoqdan topib, chang-chungini artib, ko`zlarimga surtguday bo`lib, olib tushaman va ularga javonimdan joy topaman. Uni kerak emas, davri o`tdi deb hisoblaganim uchun KIТOBdan uzr so`rayman. Aytmoqchimanki, har bir kitob bamisoli bir odam, har qanday odamni birinchi navbatda inson bo`lgani uchun ham qadrlamog`imiz, ardoqlamog`imiz lozim. Ushbu mulohazalardan kelib chiqib, kitobni oltin yo kumushga o`xshatish ehtimol to`g`ridir. Lekin men unchalik to`g`ri, deb hisoblamayman. Mohiyatan, kitobning qadri oltin-u kumushlardan qimmat!

9. Hamisha bir yo`la ikki-uchta kitob o`qiyotgan bo`laman. Afsuski, tez o`qish sirlarini yetarli o`zlashtira olmadim. Ustiga-ustak, chizib, belgilar qo`yib, taassurotlarimni qog`ozga tushirib o`qishga harakat qilaman.

10. Avvalo, kitobga mehr qo`yishdek inson hayotining e-eng saodatli tuyg`usini ardoqlamoq kerak bo`ladi. Yosh do`stlar, ishoning, Sizning qalbingizda ham kitobga mehr-muhabbat tuyg`usi bor, Siz faqat undan bexabar qolmang, e-e, men kitobga qiziqmayman, degan so`zni og`zingizga olmang. O`qisangiz-u, tushunmagan bo`lsangiz yana o`qing, sinchkovlik bilan o`qing. Astoydil, diqqatingizni jamlab o`qishga kirishsangiz kitobning o`zi, undagi so`z va jumlalarning o`zi sizga yordam beradi, bunday mo`jizali holatni boshdan kechirsangiz kitobga, mutolaaga umrbod do`st tutinasiz-qolasiz. Shunda bu do`stlikka hech kim va hech qachon raxna sololmaydi. Atrofingizga qarang, kitob o`qiydigan va mutlaqo o`qimaydigan tanishlaringizni taqqoslab ko`ring, kitobi bo`lgan va kitob saqlamaydigan oila kishilarini o`zingizcha qiyoslab ko`ring, ana shunda, o`zingiz birdan o`zgarib qola boshlaganingizni sezasiz, avvaliga qiynalibroq, zerikibroq mutolaasiga kirishgan kitobingizni shitob bilan, zavq-shavq bilan o`qiy boshlaganingizni sezmay qolasiz! Albatta, hayot yo`lingizni aniqlashga, yashash sirlarini o`rganishga yordam beradigan kitoblarni diqqat bilan o`qing, hayot ta’rifiga til ojiz bo`lgan naqadar shirin, naqadar go`zal mo`jiza ekanini bilib olasiz!

Matn «Gulxan» jurnalidan olindi.

034

(Tashriflar: umumiy 321, bugungi 1)

1 izoh

  1. Inson xayotini kitobsiz tassavur etishi qiyin.Kitob uqimagan inson jamiyatdan uzilgan inson deb uyliman.Kitobga mehr quygan odamgina buni tushunadi.

Izoh qoldiring