Xurshid Do’stmuhammad. Kiyova quyoshi

077Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад таваллудининг 65 йиллиги олдидан

    Роппа-роса 35 йил аввал ёзилган «Кийова қуёши» ҳикояси ўша давр адабий иқлимида катта шов-шувга сабаб бўлганини эслайман. Бу ҳодиса ҳикоянинг бадиий жиҳатидан кўра, ўша даврда табу бўлган ҳурлик, босқинчилик ва ёвузлик мавзусида ёзилгани билан боғлиқ эди. Орадан ўтган вақт мобайнида  ўзбек ҳикоя мактабининг  ёрқин вакилига айланган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳар бир янги асари  бугун ҳам  китобхон томонидан интиқлик билан кутиб олинаётгани  ёзувчи ижодига бўлган қизиқиш ҳамон кучли бўлиб қолаётганини исботлайди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД
КИЙОВА ҚУЁШИ

023

   Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йил 8 январда Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1973). Дастлабки китоби — «Ҳовли этагидаги уй» (1989). Шундан кейин ёаувчининг «Паноҳ», «Оромкурси». «Сўроқ». «Соф ўзбекча қотиллик», «Маҳзуна», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим — Сиз», «Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» (1997) асарлари, шунингдек, «Ҳижроним мингдир менинг» (2000) қисса ва ҳикоялар тўплами, «Бозор» (2000) романи нашр этилган. «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари» хотира-эссеси ва «Журналист бўлмоқчимисиз?» (2002) рисоласи, «Чаёнгул» (2000) киносценарийси муаллифи.
А. Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Т. Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбек тилига таржима қилган.

023

Американи кашф этганлари яхши, лекин уни пайқамай ўтиб кетганларида яна ҳам яхши бўларди.
Марк Твен

Ташқари совуқ. Эшик ўрнига осиб қўйилган хом тери шамолда лопиллайди. Синтейют терини силтаб кўгариб ичкари кирди-да, елкасидаги милтиқни бизон шохидан ясалган қозиққа илиб, пўстинини бир чеккага улоқтирди, илдам юриб келиб тўрда ўтирган бобосининг қаршисига чўккалади:
— Борадиган бўлдим, у рози!..

Чол ориқ, яланғоч қўлини пўстин остидан чиқараркан, сўради:
— Қаёққа?
— Синтейютга жавоб бер, бобо! Кунботардаги қор босган дарага жўнаяпмиз. Эртагаёқ қайтамиз.
— Отанг қайсарлик қилиб, ўзининг бошига етди. Сен ҳали ёшсан, бола!
— Йигирма киши отланяпти. Отамни сузиб жарга қулатган бизон шу подада экан, Мартин айтди.
— Аблаҳ Мартин!

Кексайиб юзи бир бурда бўлиб қолган чол жойида асабий силтанди. Синтейют отасининг жасади қайтган овга Мартин ҳам борганини билар, отасини сузиб ўлдирган бизоннинг тусини ундан бир неча бор сўраган ҳам, аммо тайинли жавоб ололмаган эди, ҳозир бобосининг ғазабланганини кўриб Мартинга нафрати янада ортди.
— Синт уни ўлдирмай тинчимайди!
— Оғзингни юм!

Чол сезилар-сезилмас титраётган қўлини невараси томон чўзди. Синтейют бобосининг кафтидан ушлади. Бобо пайпаслаганча йигитнинг елкасидан тутиб ўзига тортди.

— Сен насл-насабимизни қуритгани отланяпсан! Эртага охирги бизонни қон қақшатасанлар-да… ё, Улуғ руҳ, Киова қабиласининг куни битади!
— Ундай дема, бобо! Ахир, улар яна қишлоққа ҳужум қилиши мумкин.
— Қани эди, шуни кўриш насиб этса…
— Кўкламгача етадиган ғарамни еб битириб, молларни озиқсиз қолдирганини кўрсанг эди! Сигир-бузоқларни янчиб ташлагани-чи! Макленненинг хотини билан боласини тепкилаб тупроққа қориб кетганини айтмайсанми! Қутурган бизонлар бостириб келиб чайлангни тит-питини чиқариб ташласа ҳам миқ этмай ўтираверарсан ?!

Шунча гапни бир нафасда айтган Синтейют ҳансираб ўрнидан туриб кетди. Ҳозиргина асабий титраётган чол индамай бир нуқтага тикилиб ўтирар, алланималар деб пичирлар эди. Ниҳоят, у қўли билан «Ўтир» ишорасини қилди. Синтейют яна аввалги жойига тиз чўкди.

— Бир замонлар ер юзида одам зоти бўлмаган, — дея салмоқ билан гап бошлади чол. — Ана ўшанда Улуғ руҳ дарё ёқасига учлари осмонга тақалган Буюк йўл дарахтини ўтказган. Барча жонзот бу тупроққа ўша дарахт шохларидан тушган. Улар орасида эркак ва аёл киова ҳам бўлган. Эр-аёл кун бўйи юриб қуёш ботаётган паллада дарахтга етишган, етишгану у ерда бир қанча бизонларни кўришган. Шу пайт булутлар орасидан Улуғ руҳ тушиб келган-да, эр-аёлга хитоб қилган: «Мана шу бизонларни сизларга бердим. Сизларни тўйдирадиган ҳам, кийинтирадиган ҳам мана шулар. Лекин унутмангларки, ер юзида бизон зоти қирилиб битса — киова қуёшининг сўнгани шу!».

Чол ориқ панжаларини ёйиб, қўлини олдинга чўзди. Синтейют бобосининг қўлини тутиб, сўради:
— Бўлмаса нега улар бизга ҳужум қилади? Қўл қовуштириб ўтираверсак, қишлоғимизни янчиб ташлайди-ку, бобо!
Чол бир муддат индамай қолди, шифтга қараб лаблари титраб кетди.
— Бобо гапирганда Синт қулоқ солмоғи керак!..

Бир замонлар юртимизда бизон ўрмондаги япроқлардан ҳам кўп бўлган. Киова ҳам, сиу ҳам, шайен ҳам — ҳамма қабила бизон гўшти еб, бизон терисидан кийим кийган. Биласанми, нимага? Инсоф билан овлаганмиз, инсоф билан! — Чол бир оз индамай тургач, яна  давом этди: — Катта сувнинг нарёғидан одамлар келди-ю, бизонларимиз қирила бошлади. Эҳ, гумроҳмиз! Ўзимизнинг одамлар ўшалар учун бизонларни овлаб беришарди! Бизонларни эмас, насл-насабимизни йўқотишга кўмаклашдик! — Чол қарилигини унутиб юборгандек эди. У бутун гавдаси билан силтаниб ўрнидан туриб кетай дер, мадорсиз оёқларига ёшликдаги куч- қувват қайтгандек туюлар, сўқир кўзлари чақнаётгандек эди. — Эшитяпсанми, Синт? Улуғ руҳнинг ўгитларини унутиб қўйдик. Ноинсофлар, бизонларимиз терисини юртларига олиб кетиб аллақандай тангаларга алмашар эканлар… Ҳадемай бу ерларга ўзимиз ҳам сиғмай қоламиз…

— Бобо, ўтирган жойингда бундай хаёлларга берилаверма. Хавотир ҳам олма. Эртага…
— Бас! — деб неварасининг сўзини кесди чол. — Отанг ақлли, лекин у ҳам сендек шартаки эди. Оқ танлиларга эса бундайлар эмас, ювош, оёқ-қўли чаққон дастёрлар керак. Отангнинг ўлимидан кейин ҳам кўп одамларимиз бизон овидан омон қайтмади. Уларни бизон отиб ўлдирмагандир, ахир?! Мартиндан хавфим зўр!
— Бобо, нега бўлмаса оқ танлиларни юртимиздан ҳайдаб юбормаймиз?

Чол товушини пасайтириб, насиҳатга ўтди:
— Оғирроқ бўл, болакай, ҳали ёшсан. — У бир зум қулоғини динг қилди-да, давом этди: — Ҳайдайдиган вақтлар ҳам келади. Уч йил бурун Асов от, Ёталоқ ҳўкиз бошчилигидаги қизил танлилар Литл-Бигхорн бўсағасида Жорж Кастер галасини қандай қийратганини эшитгансан. Оқибати нима бўлди? Қизил танлилар қонини дарё қилиб оқизишди. Ҳа, йил ўтган сайин уларга бас келиш қийинлашиб боряпти…

Лабларини қаттиқ қимтиб, елкасига тушган сочини бармоқлари билан юлқиб ўтирган Синтейют шартта ўрнидан турди.

— Бобо, Синт эртага жўнайди. Хавотирланма. Шу гапларинг чин бўлса, одамхўр бизонни бир кўриб келаман!

Чол мадорсиз, қоқ панжалари билан неварасининг елкасини силади:
— Улуғ руҳ қўлласин! Киова қонидансан-да… Эсиз киова!..

Эрта тонгда бир тўда овчи қишлоқ марказидан тоққа қараб йўл олди. Баъзилари итини эргаштирган. Олдинда фермер Мартин Бергстрессер бормоқда. Қалин тушган қор юришни қийинлаштиради, изғирин юзга игна санчади.

— Лаънати бизонларни ўша куниёқ қириб ташлаш керак эди, — деди ўртароқда кетаётган кимдир.
— Бўрон кучли эди-да, — дея эътироз билдирди Мартиннинг подачиси Жоа, — қор босган дарага чиқиб бўлмасди.
— Ҳечқиси йўқ, — деди Мартин, — улар ҳозир очидан ўлай деб қолган. Кунини кўрсатамиз! Қари Логанни ўзимга қўйиб берасанлар!

043Синтейютнинг кўзига каттакон, қоп-қора буқа кўриниб кетди. Очликдан қутурган бизонлар қишлоққа ёпирилган куни поданинг олдида келган баҳайбат Қари Логан пичан ғарамини ағдарган эди. Бу қайсидир қабила бошлиғининг номи бўлиб, пенсильванияликлар ўша бизонни шундай деб атар эканлар. Мана энди Мартин уни ўлдирмоқчи…

Фермер овчи тўплаётганини эшитган Синтейют фурсатни ўтказмай кеча уникига етиб борди.
— Синтейютни ҳам олиб кетинг, — деди унга тик қараб.

Мартин бир зум ҳайрат билан тикилиб турди-да, маъносиз кулимсиради:
— Ҳали жуда ёшсан-ку, болакай. Овга ёзда борарсан, эртага Жоани олиб кетяпман. Йўл кўрсатишга бир киши бўлса бас.
— Сэр, Синтейют отасини жарга қулатган бизоннинг терисини шилмагунича тинчимайди!
— Вой, азамат-эй! Майли, тайёрлан! Ўша бизонни сенга ўзим кўрсатиб қўяман!

Синтейют кеча бўлиб ўтган ана шу гапларни эслади. Мартин чиндан ҳам унга ёрдам бермоқчими ёки?..

У туни билан бобосининг гапларини ўйлаб ухлолмаган эди. Отмасанг, Мартиннинг жахди тез, аяб ўтирмайди. Кеча қабиладошларидан биронтасига маслаҳат солиш хаёлига келмаганидан ўкинди. Ҳозир эса Жоага яқинлашишнинг иложи йўқ. Хаёлан минг бир кўчага кириб, ҳеч йўл тополмаётган Синтейют туйқусдан сесканиб, елкасидаги милтиқ тасмасини силтаганча қўндоқни чангаллаб олди.

— Ҳа, нега чўчиб тушдинг, бола? — дея хахолаб кулди унинг ортидан келаётган ўрта ёшлардаги киши. — Бизонни кўрмай талвасага тушяпсан, ким айтади сени азамат йигит деб?!

Синтейют шартта бурилиб, милтиғини қорга улоқтирди:
— Синтейютни қўрқоқ деб ўйлаяпсанми? Сендақаларни милтиқсиз ҳам нимталаб ташлайди!

Оқ танли ҳай-ҳайлагунича икки-уч киши Синтейютни ушлаб қолди. Шундан сўнг Синтейют батамом хаёлга ғарқ бўлди: «Қаёққа, нима мақсадда кетяпман? Булар кимлар? Дўстми, душманми? Бобомнинг гаплари чин бўлса, у ҳолда…»

У миясида чарх ураётган ана шу саволларга жавоб топмоқчи бўлар, бироқ уларнинг бирортасини чуқур ўйлаб кўришга қурби етмас, боши тарс ёрилгудек эди. Қанча йўл юрганларини ҳам билмади. Дам-бадам нафаси сиқилиб ҳансирар, баданидан совуқ тер чиқар эди.

Мартиннинг «Тўхтанглар!» деб бақиргани уни ҳушига келтирди. Эллик қадамлар олдиндаги кенг дарада юздан ортиқ бизон тўшигача қорга ботиб турарди. Безовта бўлган жониворлар ғимирлаб қолишди, бироқ кўпчилиги жойидан силжий олмади.

«Очликдан ўлаёзибди ҳаммаси, — деб хаёлидан ўтказди Синтейют. — Улуғ руҳнинг борлиги чин бўлса, қани эди, шуларга қанот ато этсаю, тинкаси қуриган бу жониворлар учиб кўздан йўқолса! Йўқ, аввал отамнинг қотилини кўриб қўйишим керак! Кейин… майли, учолса учиб кетаверсин!»

Синтейют одамларига кўрсатма бераётган Мартинга яқинроқ борди.
— Сэр, отамни сузиб қулатгани қайсиси, кўрсатинг?

Фермер кулиб юборди:
— Оббо! Сенларни абжирлигинг демаса, ўлгудек гўл бўласанлар-да! Ана, отангни ўлдиргани! Ана, ана! Шуларнинг ҳаммаси! — дея Мартин оғзидан тупук сачратиб бизонларни кўрсата бошлади. Сўнг милтиғини ўнглаб, тепкини босди. Берирокда турган бизон жойида типирчилаб, қорга ботиб кетди. Қорга сингиб бораётган қип-қизил қондан сезилар-сезилмас буғ кўтарилди.

Тасир-тусур отилаётган ўқ товушлари дара сукунатини бузиб юборди. Ўқ теккан бизонлар жон талвасасида типирчилаб қорга кўмилиб кетар, баъзилари кўзи олайганча қотиб қолар эди.
— Тўхтанглар! — деб Мартин қўлини баланд кўтарди.

Ҳамма фермерга қаради.
— Қари Логанни кўрдингларми? Уни ўзим эрмак қиламан! Қани, энди ўқни аяманглар!

Қонга беланган буқача қорнига қадар ботиб қолган жойидан сапчиб турди. У даранинг ичкарисига қараб интилар, биқинидан тизиллаб отилаётган қон қорда биланглаган из қолдирар эди. Лекин беш-олти қадам узоқлашмай, икки марта мункиб кетди, чираниб оёққа турди-да, думини хода қилганича ўкириб қочди. Шу пайт сағрисига устма-уст теккан ўқ буқачани қулатди. Танаси бутунлай қорга ботди, кейинги туёғи бир-икки марта мажолсиз кўтарилиб тушди-да, сўнг у ҳам қорга сингиб кетди…

Кўз очиб юмгунча дарада етти-саккизтагина бизон қолди. Синтейют уларга қарата бетўхтов ўқ узиб хахолаётганларга бирма-бир тикиларкан, ўзини йиртқичлар орасига тушиб қолгандек ҳис қиларди. Ана, Мартин ҳам, унинг укаси Жоржи ҳам кўзига йиртқич бўлиб кўриняпти. Уларни битталаб отиб ташласинми?.. Синтейютнинг қулоғи шанғиллаб, ўқ товушлари эшитилмай қолди. «Эсларингда бўлсин, ер юзида бизон зоти қирилиб битса — киова қуёшининг сўнгани шу. Эсиз, киова!..»

Синтейют югуриб бориб Мартиннинг милтиғини ушлади.
— Сэр, бўлди! Отишмасин, айтинг уларга!
Қари Логанга тўртинчи марта ўқ узаётган фермер Синтейютни итариб юборди. Синтейют чалқанчасига йиқилди. Жоа югуриб келиб, уни елкасидан ушлаб кўтарди. Синтейют сапчиб туриб, овози борича қичқирди:
— Тўхта! Тўхтанглар! Отманглар!

Лекин ҳеч ким унинг гапига қулоқ солмасди.
— Сэр, Мартин! — деди Синтейют фермерга яқинлашиб. У милтиқни жон-жахди билан чангаллаб олган, ҳансирар эди.

Қари Логан ётган жойида бўйнини чўзиб пишқирар, керкиган бурун катакларидан отилиб чиқаётган буғ қорни пуркаб учирар эди. Синтейют жониворнинг ола-кула бўлаётган кўзларида таъна, ҳасрат аломатини пайқади. У фермерга қараб югурди. Йигитнинг қинидан чиқиб кетгудек кўзларида қасос шарпаси ўйнар эди.

— Сэр, отма! Отма, деяпман!
— Оғирроқ бўл, ҳароми! Бўлмаса ўзингни ҳам шуларга қўшиб… — Мартин заҳарли хахолаб, оғзи кўпириб бақирди: — Отасининг олдига ошиқаётганга ўхшайди бу сариқ ит. Йўқотинглар, кўзимдан! Бўлмаса…
— Нима-нима-а?! Мана! Мана бўлмаса!

Синтейют тепкини устма-уст босди. Мартин кўксини чангаллаганча қорга думалаб, типирчилаб қолди. Синтейют учинчи марта ўқ узгач, Жоржи ва яна уч- тўрттаси унинг қўлларини орқасига қайириб ерга босган, нарирокда эса беш-олти киши Жоанинг йўлини тўсиб турар эди. Синтейют бошини силкита-силкита юз-кўзига ёпишган қорни тушираркан, оёғини базўр кўтариб ташлаётган Қари Логан кўзига гоҳ отаси, гоҳ энг сўнгги бизон бўлиб кўринар эди…

1981

077Taniqli yozuvchi Xurshid Do’stmuhammad tavalludining 65 yilligi oldidan

Roppa-rosa 35 yil avval yozilgan «Kiyova quyoshi» hikoyasi o’sha davr adabiy iqlimida katta shov-shuvga sabab bo’lganini eslayman. Bu hodisa hikoyaning badiiy jihatidan ko’ra, o’sha davrda tabu bo’lgan hurlik, bosqinchilik va yovuzlik mavzusida yozilgani bilan bog’liq edi. Oradan o’tgan vaqt mobaynida o’zbek hikoya maktabining yorqin vakiliga aylangan Xurshid Do’stmuhammadning har bir yangi asari bugun ham kitobxon tomonidan intiqlik bilan kutib olinayotgani yozuvchi ijodiga bo’lgan qiziqish hamon kuchli bo’lib qolayotganini isbotlaydi.

Xurshid DO’STMUHAMMAD
KIYOVA QUYOSHI

023

09 Xurshid Do’stmuhammad 1951 yil 8 yanvarda Toshkent shahrida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1973). Dastlabki kitobi — «Hovli etagidagi uy» (1989). Shundan keyin yoauvchining «Panoh», «Oromkursi». «So’roq». «Sof o’zbekcha qotillik», «Mahzuna», «Ibn Mug’anniy», «Yolg’izim — Siz», «Ko’z qorachig’idagi uy», «Jajman» (1997) asarlari, shuningdek, «Hijronim mingdir mening» (2000) qissa va hikoyalar to’plami, «Bozor» (2000) romani nashr etilgan. «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari» xotira-essesi va «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?» (2002) risolasi, «Chayongul» (2000) kinostsenariysi muallifi.
A. Ryunoskening «Rasyomon darvozasi» hikoyasini, T. Po’latovning «Yetti huzur-halovat va qirq qayg’u-alam» romanini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

023

Amerikani kashf etganlari yaxshi, lekin uni payqamay o’tib ketganlarida yana ham yaxshi bo’lardi.
Mark Tven

Tashqari sovuq. Eshik o’rniga osib qo’yilgan xom teri shamolda lopillaydi. Sinteyyut terini siltab ko’garib ichkari kirdi-da, yelkasidagi miltiqni bizon shoxidan yasalgan qoziqqa ilib, po’stinini bir chekkaga uloqtirdi, ildam yurib kelib to’rda o’tirgan bobosining qarshisiga cho’kkaladi:
— Boradigan bo’ldim, u rozi!..

Chol oriq, yalang’och qo’lini po’stin ostidan chiqararkan, so’radi:
— Qayoqqa?
— Sinteyyutga javob ber, bobo! Kunbotardagi qor bosgan daraga jo’nayapmiz. Ertagayoq qaytamiz.
— Otang qaysarlik qilib, o’zining boshiga yetdi. Sen hali yoshsan, bola!
— Yigirma kishi otlanyapti. Otamni suzib jarga qulatgan bizon shu podada ekan, Martin aytdi.
— Ablah Martin!

Keksayib yuzi bir burda bo’lib qolgan chol joyida asabiy siltandi. Sinteyyut otasining jasadi qaytgan ovga Martin ham borganini bilar, otasini suzib o’ldirgan bizonning tusini undan bir necha bor so’ragan ham, ammo tayinli javob ololmagan edi, hozir bobosining g’azablanganini ko’rib Martinga nafrati yanada ortdi.
— Sint uni o’ldirmay tinchimaydi!
— Og’zingni yum!

Chol sezilar-sezilmas titrayotgan qo’lini nevarasi tomon cho’zdi. Sinteyyut bobosining kaftidan ushladi. Bobo paypaslagancha yigitning yelkasidan tutib o’ziga tortdi.

— Sen nasl-nasabimizni quritgani otlanyapsan! Ertaga oxirgi bizonni qon qaqshatasanlar-da… yo, Ulug’ ruh, Kiova qabilasining kuni bitadi!
— Unday dema, bobo! Axir, ular yana qishloqqa hujum qilishi mumkin.
— Qani edi, shuni ko’rish nasib etsa…
— Ko’klamgacha yetadigan g’aramni yeb bitirib, mollarni oziqsiz qoldirganini ko’rsang edi! Sigir-buzoqlarni yanchib tashlagani-chi! Maklennening xotini bilan bolasini tepkilab tuproqqa qorib ketganini aytmaysanmi! Quturgan bizonlar bostirib kelib chaylangni tit-pitini chiqarib tashlasa ham miq etmay o’tiraverarsan ?!

Shuncha gapni bir nafasda aytgan Sinteyyut hansirab o’rnidan turib ketdi. Hozirgina asabiy titrayotgan chol indamay bir nuqtaga tikilib o’tirar, allanimalar deb pichirlar edi. Nihoyat, u qo’li bilan «O’tir» ishorasini qildi. Sinteyyut yana avvalgi joyiga tiz cho’kdi.

— Bir zamonlar yer yuzida odam zoti bo’lmagan, — deya salmoq bilan gap boshladi chol. — Ana o’shanda Ulug’ ruh daryo yoqasiga uchlari osmonga taqalgan Buyuk yo’l daraxtini o’tkazgan. Barcha jonzot bu tuproqqa o’sha daraxt shoxlaridan tushgan. Ular orasida erkak va ayol kiova ham bo’lgan. Er-ayol kun bo’yi yurib quyosh botayotgan pallada daraxtga yetishgan, yetishganu u yerda bir qancha bizonlarni ko’rishgan. Shu payt bulutlar orasidan Ulug’ ruh tushib kelgan-da, er-ayolga xitob qilgan: «Mana shu bizonlarni sizlarga berdim. Sizlarni to’ydiradigan ham, kiyintiradigan ham mana shular. Lekin unutmanglarki, yer yuzida bizon zoti qirilib bitsa — kiova quyoshining so’ngani shu!».

Chol oriq panjalarini yoyib, qo’lini oldinga cho’zdi. Sinteyyut bobosining qo’lini tutib, so’radi:
— Bo’lmasa nega ular bizga hujum qiladi? Qo’l qovushtirib o’tiraversak, qishlog’imizni yanchib tashlaydi-ku, bobo!
Chol bir muddat indamay qoldi, shiftga qarab lablari titrab ketdi.
— Bobo gapirganda Sint quloq solmog’i kerak!..

Bir zamonlar yurtimizda bizon o’rmondagi yaproqlardan ham ko’p bo’lgan. Kiova ham, siu ham, shayen ham — hamma qabila bizon go’shti yeb, bizon terisidan kiyim kiygan. Bilasanmi, nimaga? Insof bilan ovlaganmiz, insof bilan! — Chol bir oz indamay turgach, yana davom etdi: — Katta suvning naryog’idan odamlar keldi-yu, bizonlarimiz qirila boshladi. Eh, gumrohmiz! O’zimizning odamlar o’shalar uchun bizonlarni ovlab berishardi! Bizonlarni emas, nasl-nasabimizni yo’qotishga ko’maklashdik! — Chol qariligini unutib yuborgandek edi. U butun gavdasi bilan siltanib o’rnidan turib ketay der, madorsiz oyoqlariga yoshlikdagi kuch- quvvat qaytgandek tuyular, so’qir ko’zlari chaqnayotgandek edi. — Eshityapsanmi, Sint? Ulug’ ruhning o’gitlarini unutib qo’ydik. Noinsoflar, bizonlarimiz terisini yurtlariga olib ketib allaqanday tangalarga almashar ekanlar… Hademay bu yerlarga o’zimiz ham sig’may qolamiz…

— Bobo, o’tirgan joyingda bunday xayollarga berilaverma. Xavotir ham olma. Ertaga…
— Bas! — deb nevarasining so’zini kesdi chol. — Otang aqlli, lekin u ham sendek shartaki edi. Oq tanlilarga esa bundaylar emas, yuvosh, oyoq-qo’li chaqqon dastyorlar kerak. Otangning o’limidan keyin ham ko’p odamlarimiz bizon ovidan omon qaytmadi. Ularni bizon otib o’ldirmagandir, axir?! Martindan xavfim zo’r!
— Bobo, nega bo’lmasa oq tanlilarni yurtimizdan haydab yubormaymiz?

Chol tovushini pasaytirib, nasihatga o’tdi:
— Og’irroq bo’l, bolakay, hali yoshsan. — U bir zum qulog’ini ding qildi-da, davom etdi: — Haydaydigan vaqtlar ham keladi. Uch yil burun Asov ot, Yotaloq ho’kiz boshchiligidagi qizil tanlilar Litl-Bigxorn bo’sag’asida Jorj Kaster galasini qanday qiyratganini eshitgansan. Oqibati nima bo’ldi? Qizil tanlilar qonini daryo qilib oqizishdi. Ha, yil o’tgan sayin ularga bas kelish qiyinlashib boryapti…

Lablarini qattiq qimtib, yelkasiga tushgan sochini barmoqlari bilan yulqib o’tirgan Sinteyyut shartta o’rnidan turdi.

— Bobo, Sint ertaga jo’naydi. Xavotirlanma. Shu gaplaring chin bo’lsa, odamxo’r bizonni bir ko’rib kelaman!

Chol madorsiz, qoq panjalari bilan nevarasining yelkasini siladi:
— Ulug’ ruh qo’llasin! Kiova qonidansan-da… Esiz kiova!..

Erta tongda bir to’da ovchi qishloq markazidan toqqa qarab yo’l oldi. Ba’zilari itini ergashtirgan. Oldinda fermer Martin Bergstresser bormoqda. Qalin tushgan qor yurishni qiyinlashtiradi, izg’irin yuzga igna sanchadi.

— La’nati bizonlarni o’sha kuniyoq qirib tashlash kerak edi, — dedi o’rtaroqda ketayotgan kimdir.
— Bo’ron kuchli edi-da, — deya e’tiroz bildirdi Martinning podachisi Joa, — qor bosgan daraga chiqib bo’lmasdi.
— Hechqisi yo’q, — dedi Martin, — ular hozir ochidan o’lay deb qolgan. Kunini ko’rsatamiz! Qari Loganni o’zimga qo’yib berasanlar!

Sinteyyutning ko’ziga kattakon, qop-qora buqa ko’rinib
ketdi. Ochlikdan quturgan bizonlar qishloqqa yopirilgan kuni podaning oldida kelgan bahaybat Qari Logan pichan g’aramini ag’dargan edi. Bu qaysidir qabila boshlig’ining nomi bo’lib, pensil`vaniyaliklar o’sha bizonni shunday deb atar ekanlar. Mana endi Martin uni o’ldirmoqchi…

Fermer ovchi to’playotganini eshitgan Sinteyyut fursatni o’tkazmay kecha unikiga yetib bordi.
— Sinteyyutni ham olib keting, — dedi unga tik qarab.

Martin bir zum hayrat bilan tikilib turdi-da, ma’nosiz kulimsiradi:
— Hali juda yoshsan-ku, bolakay. Ovga yozda borarsan, ertaga Joani olib ketyapman. Yo’l ko’rsatishga bir kishi bo’lsa bas.
— Ser, Sinteyyut otasini jarga qulatgan bizonning terisini shilmagunicha tinchimaydi!
— Voy, azamat-ey! Mayli, tayyorlan! O’sha bizonni senga o’zim ko’rsatib qo’yaman!

Sinteyyut kecha bo’lib o’tgan ana shu gaplarni esladi. Martin chindan ham unga yordam bermoqchimi yoki?..

U tuni bilan bobosining gaplarini o’ylab uxlolmagan edi. Otmasang, Martinning jaxdi tez, ayab o’tirmaydi. Kecha qabiladoshlaridan birontasiga maslahat solish xayoliga kelmaganidan o’kindi. Hozir esa Joaga yaqinlashishning iloji yo’q. Xayolan ming bir ko’chaga kirib, hech yo’l topolmayotgan Sinteyyut tuyqusdan seskanib, yelkasidagi miltiq tasmasini siltagancha qo’ndoqni changallab oldi.

— Ha, nega cho’chib tushding, bola? — deya xaxolab kuldi uning ortidan kelayotgan o’rta yoshlardagi kishi. — Bizonni ko’rmay talvasaga tushyapsan, kim aytadi seni azamat yigit deb?!

Sinteyyut shartta burilib, miltig’ini qorga uloqtirdi:
— Sinteyyutni qo’rqoq deb o’ylayapsanmi? Sendaqalarni miltiqsiz ham nimtalab tashlaydi!

Oq tanli hay-haylagunicha ikki-uch kishi Sinteyyutni ushlab qoldi. Shundan so’ng Sinteyyut batamom xayolga g’arq bo’ldi: «Qayoqqa, nima maqsadda ketyapman? Bular kimlar? Do’stmi, dushmanmi?
Bobomning gaplari chin bo’lsa, u holda…»

U miyasida charx urayotgan ana shu savollarga javob topmoqchi bo’lar, biroq ularning birortasini chuqur o’ylab ko’rishga qurbi yetmas, boshi tars yorilgudek edi. Qancha yo’l yurganlarini ham bilmadi. Dam-badam nafasi siqilib hansirar, badanidan sovuq ter chiqar edi.

Martinning «To’xtanglar!» deb baqirgani uni hushiga keltirdi. Ellik qadamlar oldindagi keng darada yuzdan ortiq bizon to’shigacha qorga botib turardi. Bezovta bo’lgan jonivorlar g’imirlab qolishdi, biroq ko’pchiligi joyidan siljiy olmadi.

«Ochlikdan o’layozibdi hammasi, — deb xayolidan o’tkazdi Sinteyyut. — Ulug’ ruhning borligi chin bo’lsa, qani edi, shularga qanot ato etsayu, tinkasi qurigan bu jonivorlar uchib ko’zdan yo’qolsa! Yo’q, avval otamning qotilini ko’rib qo’yishim kerak! Keyin… mayli, ucholsa uchib ketaversin!»

Sinteyyut odamlariga ko’rsatma berayotgan Martinga yaqinroq bordi.
— Ser, otamni suzib qulatgani qaysisi, ko’rsating?

Fermer kulib yubordi:
— Obbo! Senlarni abjirliging demasa, o’lgudek go’l bo’lasanlar-da! Ana, otangni o’ldirgani! Ana, ana! Shularning hammasi! — deya Martin og’zidan tupuk sachratib bizonlarni ko’rsata boshladi. So’ng miltig’ini o’nglab, tepkini bosdi. Berirokda turgan bizon joyida tipirchilab, qorga botib ketdi. Qorga singib borayotgan qip-qizil qondan sezilar-sezilmas bug’ ko’tarildi.

Tasir-tusur otilayotgan o’q tovushlari dara sukunatini buzib yubordi. O’q tekkan bizonlar jon talvasasida tipirchilab qorga ko’milib ketar, ba’zilari ko’zi olaygancha qotib qolar edi.
— To’xtanglar! — deb Martin qo’lini baland ko’tardi.

Hamma fermerga qaradi.
— Qari Loganni ko’rdinglarmi? Uni o’zim ermak qilaman! Qani, endi o’qni ayamanglar!

Qonga belangan buqacha qorniga qadar botib qolgan joyidan sapchib turdi. U daraning ichkarisiga qarab intilar, biqinidan tizillab otilayotgan qon qorda bilanglagan iz qoldirar edi. Lekin besh-olti qadam uzoqlashmay, ikki marta munkib ketdi, chiranib oyoqqa turdi-da, dumini xoda qilganicha o’kirib qochdi. Shu payt sag’risiga ustma-ust tekkan o’q buqachani qulatdi. Tanasi butunlay qorga botdi, keyingi tuyog’i bir-ikki marta majolsiz ko’tarilib tushdi-da, so’ng u ham qorga singib ketdi…

045Ko’z ochib yumguncha darada yetti-sakkiztagina bizon qoldi. Sinteyyut ularga qarata beto’xtov o’q uzib xaxolayotganlarga birma-bir tikilarkan, o’zini yirtqichlar orasiga tushib qolgandek his qilardi. Ana, Martin ham, uning ukasi Jorji ham ko’ziga yirtqich bo’lib ko’rinyapti. Ularni bittalab otib tashlasinmi?.. Sinteyyutning qulog’i shang’illab, o’q tovushlari eshitilmay qoldi. «Eslaringda bo’lsin, yer yuzida bizon zoti qirilib bitsa — kiova quyoshining so’ngani shu. Esiz, kiova!..»

Sinteyyut yugurib borib Martinning miltig’ini ushladi.
— Ser, bo’ldi! Otishmasin, ayting ularga!
Qari Loganga to’rtinchi marta o’q uzayotgan fermer Sinteyyutni itarib yubordi. Sinteyyut chalqanchasiga yiqildi. Joa yugurib kelib, uni yelkasidan ushlab ko’tardi. Sinteyyut sapchib turib, ovozi boricha qichqirdi:
— To’xta! To’xtanglar! Otmanglar!

Lekin hech kim uning gapiga quloq solmasdi.
— Ser, Martin! — dedi Sinteyyut fermerga yaqinlashib. U miltiqni jon-jaxdi bilan changallab olgan, hansirar edi.

Qari Logan yotgan joyida bo’ynini cho’zib pishqirar, kerkigan burun kataklaridan otilib chiqayotgan bug’ qorni purkab uchirar edi. Sinteyyut jonivorning ola-kula bo’layotgan ko’zlarida ta’na, hasrat alomatini payqadi. U fermerga qarab yugurdi. Yigitning qinidan chiqib ketgudek ko’zlarida qasos sharpasi o’ynar edi.

— Ser, otma! Otma, deyapman!
— Og’irroq bo’l, haromi! Bo’lmasa o’zingni ham shularga qo’shib… — Martin zaharli xaxolab, og’zi ko’pirib baqirdi: — Otasining oldiga oshiqayotganga o’xshaydi bu sariq it. Yo’qotinglar, ko’zimdan! Bo’lmasa…
— Nima-nima-a?! Mana! Mana bo’lmasa!

Sinteyyut tepkini ustma-ust bosdi. Martin ko’ksini changallagancha qorga dumalab, tipirchilab qoldi. Sinteyyut uchinchi marta o’q uzgach, Jorji va yana uch- to’rttasi uning qo’llarini orqasiga qayirib yerga bosgan, narirokda esa besh-olti kishi Joaning yo’lini to’sib turar edi. Sinteyyut boshini silkita-silkita yuz-ko’ziga yopishgan qorni tushirarkan, oyog’ini bazo’r ko’tarib tashlayotgan Qari Logan ko’ziga goh otasi, goh eng so’nggi bizon bo’lib ko’rinar edi…

1981

034

(Tashriflar: umumiy 197, bugungi 1)

Izoh qoldiring