Xurshid Do’stmuhammad. Ko’ngil munavvarligi

06
Америкалик ўзбек журналисти Зулфия Назар йигирма йил муқаддам Нобель мукофотига сазовор бўлган, лекин кўпчилик томонидан унутиб юборилган физик Джо Нейшл ҳақида 1000 кишидан (!!!) интервью олди, шу интервьюлар асосида олим ҳаётига бағишланган китоб ёзди (китоб бир неча марта қайта нашр қилинди), китоб асосида «Тафаккур ўйинлари» деб номланган машҳур бадиий фильм ишланди, у фильмда иштирок этган актёр ва актрисалардан тўрт нафари Оскар мукофотига сазовор бўлди!

02
Хуршид Дўстмуҳаммад
КЎНГИЛ МУНАВВАРЛИГИ

   Инсон ҳаёти ўрганишдан иборат. Туғилганидан то умрининг сўнгги лаҳазасигача бирон дақиқа бўлсин, ўрганишдан тўхтамайди одам. Бу жараён гоҳ ихтиёрий, гоҳ ихтиёрсиз суръатда давом этади. Шу мақсад — шу ниятда у ўзидаги бор имкониятни сафарбар этади: кўзи, қулоғи, фаҳм-фаросати, илми-билими, хотираси, заковоти, истеъдоди, эпчиллиги, уддабуронлиги, бойлиги… яна аллақанча «воситалари» ҳам ялписига унинг ўрганиши йўлида тиним билмай хизмат қилади. Етти қават самога парвоз қилишидан, етти қават замин қаърига тушишидан, баҳри муҳитнинг туб-тубини ўз кўзи билан кўрмагунича тиниб-тинчмасликдан кўзлаган муроди ҳам битта — ўрганиш!

   Инсониятнинг қисмати, умрининг мазмуни — ўрганиш.

Ўрганиш йўлидаги ҳеч қандай саъй-ҳаракатни камситиш мумкин эмас, лекин бир ҳақиқат борки, уни инкор этиш қийин. У ҳақиқат жуда оддий ва жуда боқий: инсон дунёни ва ўзини ўрганиши учун энг катта, энг беқиёс, энг беҳисоб, энг беминнат бойлиги ва минг афсуски, энг… қадрсизи ҳам ИНСОН!

«Мўъмин мўъминга кўзгу» деган ҳадиси шариф моҳиятидаги маъно-мазмунни салгина кенгайтиришга изн берилса, бани башарга татигулик ҳикмат келиб чиқади. Яъни, ҳар бир инсон ҳар бир инсон учун кўзгу, ибрат ва сабоқдир!

Ҳар бир инсонни кўзгу, ибрат ва сабоқ деб билиш учун эса уни қадрлай билмоқ, уни асраб-авайламоқ, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсата билмоқ, унга ишонмоқ керак. Инсонпарварликнинг аввали — фикрпарварликда, ғояпарварликда. Ана шу туйғуларни умуминсоний фазилатлар мақомига қадар юксалтиришга эришилган тақдирдагина бу ёруғ дунёни асраб қолиш имкони топилади…

Ҳар бир халқ ўрганилган одамлари билан халқ даражасига кўтарилади, ҳар бир жамият ўрганилган фуқаролари билан тўлақонли жамиятга айланади. Зеро, ҳар бир индивид (кимлигидан қатъи назар!) ўз халқи, ўз жамиятининг мулки ҳисобланади, агар у алоҳида истеъдод, алоҳида қобилият эгаси бўлса, нур устига нур — унинг мулклик даражаси, қиммати чандон зиёда бўлади. «Бир сўз билан айтганда, — деб ёзади муҳтарам Юртбошимиз „Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор“ деб номланган фикр-мулоҳазаларида, — халқимиз адабиётни муқаддас ва улуғ бир даргоҳ деб билади. Ана шундай баҳонинг ўзи эл-юртимиз ҳаётида бу соҳа намояндаларига, уларнинг ҳаққоний сўзи, чуқур маъноли асарларига ишонч, ҳурмат-эътибор ва эҳтиром азалдан юксак даражага кўтарилганини яққол кўрсатиб турибди». Ҳақиқатан ҳам ижодкор шахслари қадр топгани сайин халқнинг қадри ошади, халқнинг қалбида ғурур, ифтихор улғайгандан-улғаяди, қадди-қомати тикланади.

Ҳар қандай миллий бадиий тафаккур умуминсоний бадиий ижод кенгликларида яшайди, унинг ҳавосидан нафас олади. Бинобарин, башариятга дахлдор юксак маънавий меросни қадрлаш билан бир вақтда улардан ўрнак ола билган халқнинг ўзи ҳам башарият маънавиятининг бир бўлагига айлана боради.

Америкалик ўзбек журналисти Зулфия Назар йигирма йил муқаддам Нобель мукофотига сазовор бўлган, лекин кўпчилик томонидан унутиб юборилган физик Джо Нейшл ҳақида 1000 кишидан (!!!) интервью олди, шу интервьюлар асосида олим ҳаётига бағишланган китоб ёзди (китоб бир неча марта қайта нашр қилинди), китоб асосида «Тафаккур ўйинлари» деб номланган машҳур бадиий фильм ишланди, у фильмда иштирок этган актёр ва актрисалардан тўрт нафари Оскар мукофотига сазовор бўлди! Инсонни, истеъдодли шахсни ўрганиш-эъзозлаш мактаби очилгудай бўлса, мазкур воқеа ўша мактабда ўқитиладиган асосий дарсликдан жой олиши ва унда ўзбек аёлининг исм-шарифига алоҳида урғу берилиши муқаррар!..

Ёзувчи, шоир, олим ва мусаввир тафаккури, умуман, бадиий ижод моҳияти ва мўъжизаларига берилган таърифу тавсифларни санаб адоғига етиб бўлмас, лекин шуниси муқаррарки, бадиий ижод — кўнгил мунавварлигидир. Бу — халқнинг, юртнинг қалби, шуурини — иқболини нурафшон қиладиган мунавварликдир. Бу мунавварликдан ҳар қанча баҳра олинг, у туганмас-битмасдир, зеро уларнинг ҳар бирини истаганча тадқиқ қилинг, уларнинг ҳар бири ҳақида истаганча ёзинг, уларни истаганча «гапиртиринг», куйлатинг, баҳсга чорланг — фикр тугамайди, гурунг тугамайди, уларни батафсил, тўла-тўкис идрок қилиб бўлдим ёки кашф этиб охирига етдим дея олмайсиз. Шу боисдан ҳар қандай хотира, ҳар қандай суҳбат, ҳар қандай баҳс-мунозара, таассуроту тасаввурлар ўша инсон, ўша асар ҳақидаги билимларга дебоча, ўша мунаввар оламга олиб борувчи сўқмоқ йўлнинг бошланишидир, холос. Ушбу йўлга эзгу ниятлар билан қадам ранжида қилган каттаю кичикнинг қалбида ҳам чироқлар ёнади, кўнгли чароғонлашади, у мунаввар ўйлар, мунаввар туйғуларга ошно бўлади…

(Tashriflar: umumiy 44, bugungi 1)

Izoh qoldiring