Xurshid Do’stmuhammad. Nazarning umidbaxsh kemalari.

004
1989 йилнинг 6 январ куни замонавий ўзбек насри тарихида фавқулодда воқеа юз берди: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси эълон қилинди! Битта ҳикоя бир асрлик тажрибага эга бўлган миллий наср тарихида қандай қилиб фавқулодда воқеа бўлиши мумкин? Унинг фавқулоддалиги нимада эди?

066

Хуршид Дўстмуҳаммад
НАЗАРНИНГ УМИДБАХШ КЕМАЛАРИ

1989 йилнинг 6 январ куни замонавий ўзбек насри тарихида фавқулодда воқеа юз берди: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси эълон қилинди! Битта ҳикоя бир асрлик тажрибага эга бўлган миллий наср тарихида қандай қилиб фавқулодда воқеа бўлиши мумкин? Унинг фавқулоддалиги нимада эди?

ХХ аср ўзбек адабиётида “ҳикоя – қисқа, лўнда ва ихчам жанр” деган тушунча кўп йиллар мобайнида ардоқлаб келинди. Бу тушунча анъанага, ақидага айланди. Ваҳоланки, бадиий ижодда ҳар қандай анъананинг ақида тусини олиши депсинишга айланади. Ижодда эса депсинишга айланади. Ижодда эса депсинишнинг ортга чекинишдан фарқи катта эмас.

“Маймун етаклаган одам” шу маънода ноанъанавий эди. ҳикоя ҳажми тўрт-беш қоғоздан каттароқ, қисқа ва лўнда ҳам ёзилмаган, айниқса, ундаги мунгли-вазмин оҳанг кўп йиллар мобайнида ёзувчиларимиз кўниктирилган ясама кўтаринкиликдан мутлақо фарқланарди. Ҳикоя қаҳрамонининг аянчли тақдири тасвирини айтмайсизми?!

Омадсиз ва мавҳум қисмат эгалари образи шўро адабиёти саҳнасидан батамом қувиб чиқарилган, бундай қаҳрамонлар тимсолига қўл уриш адабий беодоблик саналиши қон-қонимизга сингиб кетган бир пайтда “Маймун етаклаган одам” қаҳрамони бўлмиш рассом чол чизган “суратларга қандайдир мавҳумлик ёпирилиб кираётган эди, бу мавҳумликни суратма-сурат ортиб бориши… Мавҳумлик тасвирда ҳам, бўёқда ҳам сезиларди”. Чолнинг “кўзлари ҳиссиз ва ифодасиз”, уни кўрган одамнинг юраги ғаш тортади, кўнгли беҳузур бўлади, кайфияти бузилади. Яшаб турган уйидан фақат чиркин ва шалтоқ ис анқийди. Ҳикояда руҳий ҳолатни кучайтирувчи тимсоллар кўп, уларнинг ҳеч бири беавж ишлатилмайди, балки муаллиф кўзда тутган бош мақсад – расссом чол фожиасини чуқурроқ ва бўрттириброқ ифода этишга хизмат қилади. Бадиий ишора ва тимсолларга эътибор қаратилса, чол қисматида 70 йиллик шўро мафкураси, эътиқодининг аянчли қисмати мужассам топган кўринади.

Назар ана шу биргина ҳикояси билан умр шомини бошидан кечираётган катта бир тузум устидан ўзининг бадиий ҳукмини ўқиган эди. унинг тили-тасвири бешафқат, баъзан меъдага тегадиган даражада қора бўёқларга бой, лекин ифодалар бешафқатлиги, қора рангнинг қуюқлиги замирида бедод тузум туфайли барбод бўлган умрга, умрларга нисбатан раҳм-шафқат тўла эди.

Хуллас, Назар Эшонқул дастлабки ҳикоялари билан адабиётга ҳаваскор-бошловчи қаламкаш эмас, профессионал малакадаги адиб сифатида кириб келди. У оз, лекин соз ёзди. Адабий жамоатчилик, кенг мухлислар оммаси унинг ҳикояларини кутиб юрадиган бўлишди. Шундай бир пайтда “Тобут” ҳикояси чоп этилди. Мазкур ҳикоя ҳам мазмунан, ҳам мантиқан “Маймун етаклаган одам”нинг давомидек ўқилади. Ҳатто “Тобут”даги бош меъмор аввалги ҳикоядаги рассом чолнинг ўзи. Рассом чолнинг вужудидан, истиқомат қилаётган уйидан уфунат аримаса, бош меъмор хотирасини чизган шаҳардан ўликхонанинг қўланса иси тарқамайди.

Дарвоқе, Назарнинг деярли барча асарларида қўланса ис қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини бўрттириб тасвирлашда ўзига хос воситага айланади. Эҳтимол, айрим ўринларда ёзувчи қора бўёқни ҳаддан ташқари қуюқлаштириб юборгандек туюлар, лекин бу тасодифий эмас, Назарнинг тасвирларида тасодифийлик, ноаниқлик, нокерак ташбеҳлар учрамайди. Зеро, у сўзни ниҳоятда нозик ҳис этади, бошқача айтганда, Н.Эшонқул ўз сўзига жавоб берадиган ёзувчилар сирасига киради. Мисол учун “Тун панжаралари” қиссасидаги қуйидаги жумлага кўз югуртирайлик: “Мен бу аёлнинг эшикни ёпмай ҳам, оғирлигидан майишиб кетган сим тўшакда хур-хур ухлаб ётганини кўрсам, ҳамиша кўз олдимга ботқоқда ҳузур қилиб ухлаб ётган семиз чўчқа келади”. Китобхон шундай тасвир, аёлга нисбатан бу қадар беписандлик шартми, зарурми деган хаёлга келган заҳоти муаллифнинг, “Йўқ, одам ҳақида бундай фикрлаш ярамайди, бундай нафрат билан сўзлаш керак эмаслигини мен ҳам биламан” деган сўзларини ўқийди. Демак, ёзувчининг диққат-назарига тушаётган ҳолат-воқеликнинг ўзи муаллифдан шундай ифодаларни танлашни тақозо этади.

Қисса ва ҳикоялар номланишига эътибор берайлик, улардаги тун, қора, хароба, зулмат, тобут, ўлик, оғриқ сифатлари умумлашиб, Назар Эшонқул бадиий тафаккури ўқ чизиғини ташкил этади, ёзувчининг эрксизлик, мустабидлик, ёвузлик ва разолату-қабоҳатга бўлган чексиз нафратидан, мана шундай ғайриинсоний ҳолатлар туғдирадиган уфунатли, қўланса ва шикаста қисматларнинг аламидан келиб чиқадиган фарёд ва нидолар сифатида ўқилади. Бир асарда бошланган фарёд ва нидо кейингисида тасвирланган норизо ва бўйсунмас исёнда давом этади. Назарнинг барча асарларида қадимий вазмин ва маъюс мусиқа янглиғ сақланиб келаётган бирдек таниш оҳанг китобхонларимизни ҳам таъсирчан, сирли ва мушоҳадакор ўйларга толдиради. “Оғриқ санъати ҳам санъатга хос барча сифатларга эга, ҳатто улардан мукаммалроқ ҳам эди” дейди адиб “Оғриқ лаззати” ҳикоясида. Ушбу жумла билан муаллиф ўз ижодий концепциясига бир қадар изоҳ бергандек туюлади.

Назарнинг қисса ва ҳикояларида ҳад-ҳудудсиз баҳри муҳит сафарига чиққан гоҳ хароба, гоҳ адашган кема тасвири турфа тимсолий маънолар ташийди. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам мазкур тимсол-кемалар олис-олисларда жимирлаб кўринаётган маёқ сари интилаётган, сузаётган бўлади.
Ана шу интилиш кўнгилда ҳаётбахш умидлар туғдиради…

2004.

(Tashriflar: umumiy 56, bugungi 1)

2 izoh

  1. Севимли ёзувчимиз Назар Эшонқцлнинг ижодини мунтазам кузатиб, ўқиб бораман. Ёзувчининг истеъдоди албатта, фавқулотда эканлиги билан кишини ҳайратга солади. Жаҳон адабиётининг энг зўр ёзувчилари ўтса ўтади, қолишмайди, деб ўйлайман.
    Ҳурматли устоз, Хуршид ака! Мен Сизнинг сайтингиздан ўзимга керакли жуда кўп нарсаларни оламан. бунинг учун Сизга раҳмат. Илтимос, Назар Эшонқулнинг «Эволюция» ҳикоясини ҳам сайтга жойлаштиринг. Бир ўқиб уни қайта тополмаяпман. Олдиндан ташаккур. Адабиёт нури йўлларингизни ёритсин.

  2. nazar eshonqul nainki jahon adabiyotini bizga tanishtirmoqda, balkio’zbek adaiyotini ham jahonga tanishtiruvchi tug’ma iste’dod sohibi. ayni paytda ajoyib publisist va munaqqid hamdir. serqirra ijod sohibining suhbatlari, ilmiy maqolalari, tanqidiy mulohazalaridan ham ko’proq kiriting, iltimos. undan ko’p narsa o’rganish kerak.

Izoh qoldiring