Xurshid Qarshiyev. Shahar shovqinidan qochib yoki Navro’z safari

011

Шовқинкор шаҳарда ишга кўмилсангиз, зерикиш нима эканлигини ҳам унутиб юборасиз. Ёнингизда бир ажойиб суҳбатдошингиз бўлса, ишингиз янада унумдор, фикрингиз кўчани бор бўй-басти билан кўрсатиб турган ойнадек тиниқ тортади. Бироқ, машиналар тиним билмай қатнаётган шаҳар кўчаларида эзилиб ҳазин ёмғир севалаб турса-чи?!..

021
ШАҲАР ШОВҚИНИДАН ҚОЧИБ
ёки Зарабоғни шовқинга тўлдирганимиз ҳақида
Сафарнома
Хуршид ҚАРШИЕВ
02

Шовқинкор шаҳарда ишга кўмилсангиз, зерикиш нима эканлигини ҳам унутиб юборасиз. Ёнингизда бир ажойиб суҳбатдошингиз бўлса, ишингиз янада унумдор, фикрингиз кўчани бор бўй-басти билан кўрсатиб турган ойнадек тиниқ тортади. Бироқ, машиналар тиним билмай қатнаётган шаҳар кўчаларида эзилиб ҳазин ёмғир севалаб турса-чи?!..

Бунда устоз журналистлар Аннақул Жаббор ҳамда Маҳмуд Абулфайзлар сингари хаёлан мафтункор гўшаларга, виқорли тоғларга, шаҳардан олисларга кетган бўлардингиз ё… Ва ёки Сирожиддин Иброҳим каби айтардингиз (агар феълингиз бизга яқин бўлса):
—Хуршид ака, Зарабоғда Наврўз бир ажойиб бўлади-да, одамлар ям-яшил адирда йиғилади. Зарабоғнинг ҳавосини айтмайсизми, булоқларини… Момомни соғиндим… Жиянимнинг қуён ушлаб тушган расмини кўрганмисиз?!

—Йўқ, қайси, — дейман Сирожиддиннинг самимий ва соғинч уфуриб турган сўзларидан шодланиб. Унинг ёнига келаман, у ишлаб турган компьютер экранида эса суратлар.
—Мана бу сув кориздан келаяпти…
—Кориз нима?
—Борсак, кўрсатаман, мана бу толларни мен экканман, мана бу бизнинг эски уйимиз, буниси эса мен ётиб Мансур бобом (отасининг энг катта акаси)дан эртак тинглаган чайла, мана буниси эса…

Сирожиддин суратларни ўтказаверади. У хотираларга чўмади, менда эса Зарабоғни кўриш хоҳиши уйғонади.
—Наврўзда Зарабоғга борамизми?! Алижон (Мадиев)га айтамиз, Абдувожиб (Гулов)ни олсак, Абдурасул (устоз Аннақул Жабборовнинг кенжа ўғли) билан Аъзам (устоз Маҳмуд Абулфайзнинг ўғли)ни ҳам олиб…
—Зўр бўларди, — фикримни ўқигандек туюлган Сирожиддиннинг гапини бўламан-қувониб боқаман.

* * *

Ўша кунги суҳбат қарори, таклиф этилганлар розилигини олибмиз-у, ишда муҳарриримиздан рухсат сўраш ёддан кўтарилибди. Устоз Исроил Шомиров эртанги тадбирлар дея бизга вазифалар бўлиб бера бошлаганда зиммамиздаги масъулиятни ҳис этамиз. Зарабоғга кетмоқчи эканимизни эшитгач, устоз жим тинглайди, газетанинг заҳматли меҳнатини, ёлғиз ишлаш ва бизсизлик қисматини икки кунга бўйнига оладилар – карамлилик қиладилар. Биз эса хурсандмиз, эртасига Зарабоғ томон отланишимизни ўйлаган сари қувончимиз ичимизга сиғмайди. Режалар туза бошлаймиз…

* * *

20 март. Термиз автошоҳбекатида Сирожиддин ҳамда Абдурасул мени кутиб олди. Алижон ва Абдувожибдан дарак кутиб, илҳақланамиз. Аъзамнинг дарслари борлик қилиб, саёҳатдан қолган бўлса, ўша куни яна бир шаҳар шовқинидан қочган Фаррух исмли йигит ҳам бизнинг сафаримизда йўлдош бўлишини билдик. Олти киши бўлганимизни билиб ҳам нархи бичилса, ўнта бўлсак-да машинасида манзилга элтишга шай, юраги отнинг калласидек такси ҳайдовчисидан узоқлашарканмиз, кулгу ҳамроҳимиз бўлади. Йўналишли машинада кетишни режалаштирамиз…

Сирожиддин гоҳ қўнғироқлашар, гоҳ қолган ҳамсафарлар қачон келиши-ю қайси машинадан тушишини кузатиб беҳаловат бўлади. Абдурасул иккимиз эса уни бир четда кузатиб турамиз. Учовлон (Алижон, Абдувожиб ва Фаррух) етиб келгач, қуюқ саломлашамиз. Тўғри Шерободга кетиш учун ўтирган машинамиз нархидан бутун йўловчилар норози бўлиб, туша бошлагач, биз ҳам аввал Ангор, сўнгра Шеробод ва Зарабоғ йўналишида йўлга отланамиз. Янги танишимиз Фаррух билан Сирожиддин танишув суҳбатини ўтказади. Алижон кўзларини юмади-ю, бор эътиборини қулоқчинида янграётган куйга қаратади. Абдувожиб эса жим, мен «Сурхон ёшлари» анкетаси»га жавоб олаётган Сирожиддин ва Фаррух суҳбатини тинглайман, Абдурасул ўз сўровномасига ангорлик қиздан жавоб олмоқчи бўлади, суҳбатга тортади.

Ангорга келиб, машинани ўзгартирамиз. Шерободга кетар уловимиз тўлгунча деб гитарани сайратамиз. Томоғи битиб қолган Абдувожиб мусиқа чаларкан, Алижон қўшиқ куйлайди:

Ўртамизда хафалик бор,
Узр айтиб сенга юз бор…

Нафақат биз, автоулов ичидагилар ҳам бу қўшиқ ва моҳирона ижродан мароқ оламиз. ”Яна битта, яна битта”лар ва унга мусиқий жавоблардан сўнг йўлга тушамиз…
Фотосессиялар, уйқу, табиатдан баҳраманд бўлишлар ва уйғоқларнинг суҳбатлари билан Шерободга ҳам етиб келамиз.

* * *

Байрам арафаси бўлгани учунми, Зарабоғга кетар машиналар деярли йўқ экан. Ёмғир ёҚиб ўтган Шерободда машина кутамиз. Лўли аёл билан гап сотишиб олгач, Абдувожиб билан Фаррухнинг сирли суҳбатига гувоҳ бўламиз. Э, машина келиб қолди, нархи ҳам чўнтакка мос. Уларнинг сирли суҳбатлари ҳақда кейинроқ гаплашармиз.

* * *

Минглаб йилларнинг тоғ-тошлар юзида қолдирган йўл-йўл излари, ўйдим-чуқур манзаралар, қўл етгулик кўринаётган ям-яшил тепаликлар, кўм-кўк осмон, тоза ҳаво, машина салонига югуриб кирган бебош шамолнинг совуққина нафаси… Бундай таърифлаганим билан мен бу йўлнинг гўзаллигини, ўша ҳиссиётни тўла тавсиф эта олмаслигимни биламан. Бироқ, Сиз ҳам Зарабоғ томон йўл олар экансиз, мени тушунасиз, барчасини ўзингиз ҳис этасиз…

* * *

—Шу ерда тўхтанг, келдик.
Бу гапни эшитамиз-у, барчамиз аввалроқ Сирожиддин кўрсатган суратлардаги манзараларни излай бошлаймиз: ”Сой қаерда экан, темир қувурлардан тикланган кўприклар-чи?! Сирожиддин ”олтин излаб қазиган” кичик ўрачалар, катта бобосининг уйи қайси томонда экан?!”

Машинадан узоқлашамиз, сўқмоқ йўлда кетаётиб, манзараларни таний бошлаймиз. Ана ўша кориздан бошланиб оқиб келаётган сув, чап томонда силкиниб турувчи темир қувурли кўприк, Сирожиддинларнинг пастак девор билан ўралган эски уйи. Барчаси ўша суратлардагидай, ўзгармаган.

Ям-яшил далалар, сап-сариқ баҳор гуллари, тошлари бўртиб-бўртиб турган қияликдан сойга қараб югуриб тушамиз. Йўл бўйи сотиб олинган тухумларнинг нечтаси синаркан, дея синовдан ўтказиб келган Абдурасул, дуторини елкасига илган Алижонгина бу пойгада ортда қолди – суратга тушиш, айнан селфи (ўзини ўзи суратга олиш) борасида эса унга етадигани бўлмади.

Сойдан ўтиб, Сирожиддиннинг болалиги ўтган уйга етгунча (аслида 200-300 метр чиқади) йўлда 200-300 тача сурат тушилди. Томорқасида ишлаётган Зафар ака ва Зулфия янга (Сирожиддиннинг амакиси ва янгаси), Шахбоз, Шабнам ва Аббос (уларнинг фарзандлари) билан (бу исмларни кечга яқин, аллақачон ўзимизни ўз уйимиздагидай ҳис этиб бошлаганимизда билиб олдик) саломлашдик, уларнинг самимийлигини, меҳмоннавозлигини ўша лаҳзадаёқ ҳис этдик.

Сирожиддиннинг момоси ётган хонага ошиқаётганлигини сезиб турардим, чунки у Зарабоғдан ҳам, бу ердаги байрам тантаналаридан ҳам кўпроқ момосини кўришни истаётган эди. Мен ҳам у кишини кўришга иштиёқманд эдим. Саломлашдик, бироз суҳбатлашдик, ўша ”Содиқ қолган болалик” (муаллифи Сирожиддин Иброҳим) мақоласидаги Болтажон Содиқов билан бўлган воқеани ўзларидан эшитдик. Алижон момога дуторда мумтоз куйлардан чалиб берди. Момомиз эса Алижонни ҳам, бизни ҳам узундан узоқ дуо қилдилар. Кулганида кўзларига ёш тўпланган самимий момони Абдурасул хориждан қайтгунича дийдорни қиёматга қолдириб кетган ўз момосига ўхшатаркан, тушунганим – юзидан нур ёҚилиб турган кексаларнинг борлиги ҳаётимизни-да нурли этаркан. У кишининг ўйчан нигоҳлари менга ҳам момомни эслатди…

04

* * *

Латифалари, ҳазиломуз гаплари билан барчамизнинг кўнглимиздан жой олган кичкинтой Аббос Абдурасул билан жуда чиқишиб қолди. Сирожиддиннинг ”Дарс қилмайсанми?” дея берган саволига: ”Класкомлар ўқимайди, чунки улар ҳамма балони билади” деб жавоб берган Аббос ҳақиқатан ҳам аъло баҳоларда ўқиркан. Француз тилини ўрганаётган бошланғич синф ўқувчиси Сирожиддиннинг ҳозир ҳеч кимга кўрсатмай яшириб юрадиган, ўқувчилик йилларида чиққан ”Зарабоғда милтирар чироқ” китобидан шеърларини ёддан айтиб берганида, шаҳардан китоб олиб келишни сўраганини билганимда, англадимки, унинг келажаги ёрқин бўлади. Чунки унинг ёшидаги мен билган болакайлар китоб эмас, ”Жумонгнинг қиличи”-ю ”Ўргимчак одамнинг ниқоби”ни ва яна …ларни сўрарди, аниқ.

Ҳовлидаги барча жойдан бохабар бўлдик, бир-бирига чирмашиб кетган узум ва ўрик шохига ниқталган чайлада туриб Сирожиддиннинг бу жойларни нега соғинишини, болалиги ўтган бу масканнинг нақадар илҳомбахш эканини тушунгандек бўлдим. Унинг Мансур бобоси ҳаёт бўлганда-ю эртак айтганда шу чайлада ўтириб эртак эшитишнинг мароғини туюшни истадим. Сирожиддин ҳам бу дамларни қўмсаса керак… Қўмсаши аниқ!

* * *

”Коризни кўрсатаман” деган Сирожиддин ваъдасида турди. 9-10 (эҳтимол ундан ҳам чуқур) метр ер остидан оқиб бораётган сувни кўриб тушундимки, на Фаррух ва Абдувожиб, на Алижон билан Абдурасул бунақасини кўрмагандик. Қизиқиш устун келиб ўшанча чуқурликка тушиб кўрдик, сувидан ичиб, муздай сувда сузиб юрган кичик балиқчаларни кўрсатиб, бир-биримизга ”кўзларимиз ўткирлиги”ни ошкора намоён этаётганимизда Шахбоз катта-катта балиқлари бор булоқ ҳақда сўз очиб қолди (Шахбоз мени унчалик хушламаган бўлса-да, кузатувларимдан бебаҳра қолмади. Аббос билан ака-ука бўлса ҳам анча фарқи сезиладиган бу боланинг қайсидир жиҳатлари Сирожиддинга ўхшашини туйдим). Яна келган йўлимизни ўзимиз иштирок этган кадрлари бор суратларда муҳрлаб ортга қайтдик. Уйдан гитарани олиб, айтилган манзилга ошиқдик. Ишонасизми-йўқми, ЗарабоҚда ҳар қадамингизда гўзал манзара, эътибортортар манзиллар экан. Қадимий дарвозалар, лойсувоқ томлар, пахса деворларнинг ўзиёқ кўз ўрганмаган гўзалликдан кўзларингизни қамаштиради.

02

* * *

Булоқда тутиб ҳам, еб ҳам бўлмайдиган балиқлар сузиб юрарди. Уч киши қўлларини тутганча ўлчаса ҳажмга эга кекса ёнғоқ дарахти ҳовузни ўз илдизлари билан ўраб олган экан. Тупроқ юзасига чиқиб қолган қалин илдизларда ўтириб мусиқа тингладик. Абдувожиб бўғиқ овози билан бўлса ҳам қўшиқ куйлаб дилимизни чоғ этди. Талабларга биноан Алижон яна ”Ялла” гуруҳи репертуарига мурожаат этди:

Ўрмонларга қўнар оқшом…

Эҳ, қанийди, сиз ҳам шу ерда бўлсангиз, бу дамларни, шу ҳиссиётни ўзингиз ҳис этсангиз. Буларни таърифлашга энг яхши журналист ҳам (мен-ку мен) сўз тополмай, ожиз қолади.

* * *

Фаррух ва Алижон табиатдан баҳра олиш асносида ижтимоий тармоқлар учун янги албомлар ҳозирлаётган бир пайтда Абдувожиб эшак минишни ихтиёр этди. Бутун қишлоққа ярим кунда овоза бўлган, эшак устида бақириб юрган шаҳарлик йигитни зарабоғлик қизлар ҳам қўрқув, ҳам ҳайрат аралаш кузатишибди. Биз эса кечга яқин дастурхон атрофида унинг келишини кутардик. Сирожиддин ундан хавотирланиб, излаб кетди. Абдувожиб қайтганда шом тушиб қолганди. Овқатланиб бўлгач, бекор ўтирмаслик, чарчоқларни чиқариш учун жамоавий ўйинларга чоғландик:
”…Ҳамма кўзларини юмсин. Фақат ”овчилар” кўзларини очиб, бир-бири билан танишиб олсинлар…”

* * *

21 март. Тонгги сабо билан қувлашмачоқ ўйнаётган сой суви тошларни уйғотиб юзларини юваётгандай. Ўаво совуқ, бироқ ёқимли. Айниқса, Сирожиддинни адабиётга ошно этган чайла устида Зарабоғнинг сара теграсига маҳлиё бўлсангиз. Ҳув анави оппоқ қорлари қора булутларга тегай-тегай деб турган тоғларни қаранг, ё бўлмасам, бугун Наврўз шодиёналари бўлиб ўтадиган ям-яшил адирларга нигоҳингиз қаратинг… Аллақачон тонгларни қуёшдан олдин кутиб оладиган зарабоғликлар йиғила бошлаган. Бир-бирига ҳавасманд кўкка бўйлаётган варракларининг юксалишидан шодланаётган болалар ҳам аллақачон Наврўз сайрида ҳозирдир. Бизнинг шаҳарлик меҳмонлар-чи, дейсизми, кеча алламаҳалгача ”овчини излаган” йигитлар қанча саъй-ҳаракатлар билан зўрға ёстиқдан ажралдилар…

* * *

Ҳақиқатан, Наврўз Зарабоғда чинакам ўзгача нишонланаркан, кекса отахонлар бош-қош бўлган курашлар дейсизми, байрам тадбири, рангоранг атласлар, миллий либослар, байрам шукуҳи… Ўйноқи сурхонча оҳанглар, адирлар бўйлаб садо бераётгандек, тинч ва осойишта заминда, хотиржам кўнгиллар ҳис этаётган шодликни қандай изоҳлаш мумкин. Баҳорий тенгкунликнинг Зарабоғга ташрифи энтикиш, соғинишлар билан кутиб олинаркан.

Бу ерда барча боладек, барча самимий, барча дилкаш. Болалигимиз қўзиб, зарабоғлик Беҳрузжоннинг варрагини Абдувожиб билан бирга учирарканмиз, Алижон ва Фаррух тепаликка кўтарилиб кетишган, Сирожиддин яқинлари билан дийдорлашар, Абдурасул Шахбоз билан томошага чоғланишганди.

* * *

Гўжа оши (кўча оши) тайёрлашга киришдик. Буғдой тозалашда, уни ўғирда туйишда ҳам бир-биримизга ҳавас билан навбатма-навбат ишга шўнғирдик. Эшак минишлар, буғдой тозалаш, ўғирда туйиш, ҳаттоки адирларга чиқишлар ҳам баъзиларимиз учун биринчи марта экан. Шу боис ҳам Зарабоғ сафари биз учун мароқли, қизиқ, эсда қоларли бўлаётганди…

* * *

Туяси билан кичикроқ булоқда чўкиб кетган бир гўзал қизни кейинроқ қадим Ўкузда кўришганини айтишса, ишонармидингиз?! Мен ишондим, бу ердаги халқ ишонади. Менимча дейман-у, Сирожиддин билан бу борада ҳам фикримиз бир хил бўлади:

”Демак, туяда бир гап бўлган. Айтишларича, туя кейин йигитга айланиб, ўша қизга уйланади. Қизни олиб қочиб кетиш учун ҳам шу булоққа келтирган шекилли…”

Зулфия янганинг айтишича, бу булоқнинг сирига қизиққан қишлоқлик эркаклар булоққа тушиб кўришади. Сувга кирган одамни кичик булоқ торта бошлайди. Базўр чиқариб олишади. Бу ҳам бир синоат-да! Нима дедингиз?!
Бу ерни бежизга ”Штурхўр” дейишмайди. Туяни ютган булоқ инсон ўлимига эмас, бир ишқнинг Худонинг қудрати билан яшаб қолишига сабаб бўлгани, бу ерда эмин-эркин сузиб юрган чиройли балиқлари афсонасифат воқеанинг бўлиб ўтганига бизни ишонтиради. Кичкинтой (биз Аббосни шундай атай бошлагандик) нинг таъбири билан айтганда балиқларнинг ўз номи бор: ”белидан илон тишлаган балиқ”, ”думи қийшиқ балиқ”, ”эскича ёзуви бор балиқ” ва ҳоказолар. Балиқларни кузата туриб, ҳар бир афсонанинг қатида ҳақиқат борлигини ҳис қиламан…

* * *

Юқорида, анча юқорида айтиб ўтганим Фаррух ва Абдувожибнинг сирли суҳбати мавзуси, улар излагани чекимлик экан. Сирожиддиндан бекитиқча чекадиган йигитлар ўзларини оқлашга киришаркан, Абдурасул уларга ақл бўлади:
—Одамнинг иродаси мустаҳкам бўлиши керак, чекиш зарарли…
—Менга чекишнинг фойдасини кўрсатинг, ҳозироқ бошлайман,- дея ижтимоий тармоқ саҳифасига оқилона статус қўйгандек гап бошлайди Алижон ҳам.

Сирожиддиннинг нигоҳидан булар четда қолади, дейсизми-йўқ, у буларни дарров билади… Эҳтимол, йиллаб кашандалик қилган бегона бир кишининг кўз олдида чекишига хаёлпарастлиги боис парво қилмас, бироқ буни дарҳол сезади. Назаримда, меҳри тушган укаси Абдувожибнинг бу ишлари келажагига таъсир этишидан кўнглига безовталик оралайди. Ўша кеч бу ”бекинмачоқ”ларга чек қўйилди. Абдурасул ҳам Сирожиддиннинг яхшигина маърузасидан бебаҳра қолмади.

* * *

—”Қайғубулоқ”қа қачон борамиз. Ўзи мен шу булоқ билан коризни кўриш учун Зарабоғга келганман, — дея Сирожиддинга келишим сабабларини яна эслатаман. Зулфия янганинг ривоятлари билан янада қизиқишим ошган Қайғубулоқдан яқин-яқинларгача қайғули овоз келиб турган экан.

Сувсизликдан қайғуга ботган элнинг нолаларига жавобан Худонинг марҳамати билан бир булоқ пайдо бўлади. Унинг қайғули овози, эҳтимол, шу кунларни эслатиш ва инсонларнинг шукрона этиши учун ҳам эшитилиб турган бўлса, ажабмас.

Ҳозир бу булоқдан овозлар келмайди. Лекин буни ер юзида ҳам, ер остида ҳам бирдек оқиб турган суви сероб зарабоғликларнинг кўнгил тўқлиги, қувончи нишонаси дея таърифлаш мумкин.

* * *

Йўлга тўрт киши – Абдувожиб, Абдурасул, мен ва йўлбошчимиз Сирожиддин отландик. Сой бўйлаб кетамиз, қўлимизга олган бутун нонни сойда оқизиб еймиз деган таклифга барчамиз бир овоздан рози бўлдигу, бироқ бизни сойда маст-аласт ёшлар кутиб олди. Уларнинг ҳам фотографи, қўшиқчиси, икки оёқда тура олмай юмалаб қолаётган шериги ва ўзини Шерободнинг зўридай ҳис қилаётган замонавий ”братан”и бор йигитчаларни кўриб, биз тўртовлон асабийлашардик. Сирожиддинни ”телевизор орқали кузатувчи” йигит илтимос қилавериб, гитарада ҳамроҳи бир марта куйлашига кўндирди. Абдувожиб энди гитарани шунчалик маҳорат билан чалдики, ”соҳир овозли” ҳавасманд қўшиқчи хоҳлаган жойида авж пардани оларди. Реп, рок каби турли нағмаларда куйлаётган йигитга Абдувожиб чолғуни созлаб ҳам улгурмади. Абдувожиб асл санъат қандай бўлишини қўшиқ куйлаб кўрсатди – сақични яхшилаб ёпиштирди. ”Илтимос, мен учун, мен учун…”лар ниҳоя топавермагач, уларнинг раъйини қайтаришга мажбур бўлдик. Кечки дийдордан умидвор улар билан хайрлашиб йўлда давом этдик.

* * *

Сирожиддин ўқиган мактабни, 1754 йилда ишлаб чиқарилган буғ билан юрадиган тракторни, булоқ, кўлни, қадим чинорни кўриб манзилга етиб келдик.

Қайғубулоқ биз кўрган булоқлардан бошқача эди. Таъми, сокинлиги, ҳатто ҳиди бордек туюлди…
Овози бўғилиб қолган Абдувожиб ихлос билан булоқдан сув ичганини ва овозлари очилганини айтганда, мен ичимда бу ерда ҳар қадамда булоқлар кўз очган, одамларининг кўнглида ҳам… дея ўйга чўмиб бошлагандим, Сирожиддин бошқача иштибоҳ қилди:
—Бу ердаги одамларнинг ҳам ичидан спирт булоқдай қайнайди,- дейди сал олдинроқ содир бўлган кўнгилхираликларни эсга олиб.

Бу ачиниш, ҳали 18-19 ёшли йигитлар тақдирига лоқайд эмаслик аломати эди. Сирожиддин уларнинг келажагидан хавотирда эди. Ўйчан давом этди:
—Нега, Хуршид ака, булар шундай шифобахш сувлари туриб, спиртли ичимликлар ичишаркан-а…
Олдингдан оққан сувнинг қадри бўлмайди, дея кўнглимдан ўтказаман, бизни ҳайратга солаётган, беқиёс гўзаллигини кўз-кўз этаётган Зарабоғни бу ерликлар ҳеч бир ҳайратсиз, ўзларига таниш бўлган одатий ҳолдек кузатади.

* * *

”Бу куйни адирларда мол боқиб юрган чўпонлар яратган дейишади. Чўпоннинг оти ўлиб қолади ва дуторида беихтиёр шу куйларни чалади”, дея бир ҳазин куй чалиб, унга ”Тановар”, ”Дилхирож”, ”Илғор” сингари куйларни жўр қилиб, яшил майса устида ёйилган гиламда жўшаётган Алижон бизни мусиқа оламига бошлайди… Дардчил, юракка шу кунгача бир бора ташриф буюрмаган оғриқларни улашган куйни дуторнинг икки торида оҳиста ўйнаётган бармоқлар яратаётганидан ажабланади киши. Яна ҳозиргина ҳаётга муҳаббат уйғотган ”Қўштор”га жўр бўлган чолғу бир лаҳзада ҳазинликка йўғрилган куйга қандайин ҳамоҳанг бўлмоқда деб ҳайратланамиз. Алижон дуторни маромига етказади – кўнглимиз чоғланади.

* * *

Қадим Зарабоғда Бухоро амирлиги даврида бунёд этилган, ҳозир қаровсиз қолган масжид борлигини Сирожиддин айтганди. Масжид бир муддат чойхона вазифасини ҳам ўтаган кўринади, равоқига шунга монанд белги осиб қўйилган. 1972 йилда бизга ўхшаган бир рус сайёҳ бу ерларда бўлганини меҳробга ёзиб кетган битикларидан билдик.

Зарабоғ — ҳақиқий туристик маскан, унда тарих ҳам, табиат ҳам, ҳаво ҳам, шифобахш булоқлар-у афсона ва ривоятлар ҳам омухта. Ҳар қандай дидга эга туристларнинг эътиборини тортишга қодир бу замин, табиат мўъжизасидир.

Бу ерлардан кўрсатувлар тайёрланса, таърифи тўла тилга олинса, уни бор бўйи, гўзаллиги билан намоён эта олишса, ишонаманки, бу миллий ғурур, шукроналик ҳисси, юртсеварлик ва бундай заминга муносиб бўлиш зарур эканлигини авлодлар англаган бўларди.

* * *

Гўжа оши тайёр бўлибди. Зулфия янганинг қўли дард кўрмасин. Бирам ширин таом бўларкан, ош сузилган ликопни елкасидаги юкидан озод этдиг-у, биринчи бор тановул қилганимиз- гўжа оши ҳақда ўз фикрларимиз билан ўртоқлашамиз.

Биз билан ўйин ўйнашни истамай, тихирлик қилган Сирожиддинни ҳам бир амаллаб кўндириб, ўйинга киришдик. Буни қаранг, ”ўйнамайман” дейди-ю, Абдувожиб иккисининг актёрлик маҳорати бир-биридан ўтиб тушади. Кичкинтойнинг соддалик билан ўзини сездириб қўйишидан, беғуборлигидан мириқиб кулардик. Абдурасул бу ўйинда қарашлари билан ўзини фош этиб қўйган бўлса, Алижоннинг эса нафақат чолҚу асбоблари чалиш, қўшиқ куйлашда, балки бошловчиликда ҳам моҳир эканлигини билиб олдик. Шаҳбознинг эса на оддий иштирокчи, на овчи эканлигини билолмай ҳалак бўлдик. У жуда яхши ўйинчи экан. ”Ҳурматли амаки” (ўйин бошловчиси Алижон Мадиевнинг мурожаати) эса юракларига қулоқ солар, Шабнамнинг ўйин давомида фақат овоз бериш навбати келганда, бу ўйинда иштирок этаётганини билиб қолардик…

* * *

Бу шаҳардан қочиб, ўзларига дам эълон қилган йигитлар фақат Зарабоғнинг гўзал табиатидан баҳра олибди, ўйин ўйнаб, мусиқадан сармаст бўлибди, десангиз адашасиз. Қоқ тунга оз қолганда шашка бўйича уйқу олди чемпионатини ташкил этдик. Ўйин қизғин тус олди…

”Мусобақа сўнгида ғолибларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари берилди” дея давом эттирардим-у, бироқ мутлақ ғолиб аниқланмади. Барчамиздан уйқу устунлик қилди.

* * *

22 март. Тонг саҳар Зафар ака тегирмонга кетибдилар, Зулфия янга эса биздан кеч ухлаб ҳам, биздан олдин туриб ҳам тетик (кўз тегмасин), дастурхон тузаб, ишларини қилиб юрган эканлар.
Айвонда туриб қуёшнинг ана у яшил ялтираб турган тепаликдан бош кўтаришини, худди уфққа ботиб кетаётган сингари қип-қизил эканини кўриб, бу ер ҳақиқий мўъжизалар макони дея ўйлаб қоламан. Шарқироқ сой ҳали ҳам тиним билмай қуёшнинг пойига томон оқиб бормоқда эди…
Бугун Термизга қайтамиз, яна шовқинкор шаҳарга қайтамиз…

* * *

Икки кунда шунчалик ўрганиб қолганимиз – бу самимий оиладан узоқлашгимиз келмайди. Зафар ака тайинлайди:
—Йўлни билиб олинглар-да, ўзларингиз келаверинглар. Сирожиддинга сизлар келгач телефон қиламиз, етиб келар…

Шукур Холмирзаевнинг ”Ўзбеклар” ҳикояси қаҳрамонларидай жўмард кўриниб кетган (аслида ҳам шундай) Зафар ака ва у кишининг оиласи билан айрилгимиз келмай хайрлашамиз.

Зарабоғга келар йўлда Абдувожибнинг ”Хуршид ака, ҳали келмасимиздан кетгим келмаяпти” деган гаплари хаёлимга келади. Сойдан ўтамиз. Сирожиддин ялпиз теради. Абдувожиб гитара чалади, Алижон куйлайди (илтимосларга биноан):

”Ўртамизда хафалик бор,
Узр айтиб сенга юз бор…”

Абдурасул, Фаррух учаламиз қияликда тошлар билан ”Термиз” дея ёзамиз – суратларда муҳрлаймиз…

* * *

Йўл одами йўлга яхши деган гап бор. Ҳисоб-китобни тўғри олмаганимиз сабаб, Шерободда бу вазият халоскоридан нажот кута бошлаймиз. Абдувожиб ҳам, Сирожиддин ҳам ”ҳозир келаман”ни айтиб биздан узоқлашади. Биз эса кутишга маҳкум…

Чўнтакларимизнинг мазаси қочган чоқ лўли опалар келади, вазиятни тушунтирамиз. Мен лўли опадан қизчасини оламан, яхши ишлаш мумкин бўлган ”точка”ларни сўрайман. Абдурасул эса ”кафтингизни очинг, ром кўраман” дейди-да лўли аёлларга ”фол очади”.

—Сиз ҳали турмушга чиқмабсиз,-дейди бир лўли аёлга Абдурасул сидқидилдан кафт чизиқларида бармоқларини юрғизиб… Ҳаммамиз куламиз, уларнинг тўрвасига қизиқамиз. Суҳбат қизийди. Атрофдагиларнинг бизни қизиқсиниб кузатаётганини кейинроқ англаймиз…

* * *

—Зерикмаяпсизларми?! — дея Сирожиддин қайтиб келади. Биз ҳозиргина бўлиб ўтганларни гапириб берамиз. Нажотдан хабар келганидан шодланамиз…

* * *

Биз қайтаяпмиз. Биз Термизга қайтаяпмиз. Биз икки кун олдин кетганимиз ва яна соҚинганимиз шаҳарга – уйга қайтаяпмиз…
Ана, автошоҳбекат ҳам кўриняпти. Тайёрлана бошлаймиз…

Машинадан тушиб жимгина бир-биримизни кузатамиз, айрилишни истамай хайрлашамиз. Сафаримиз ниҳоя топади, келишиб олганимиз кейинги саёҳатгача ниҳоя топади. Қулоқларимиз соғинган шовқин ёқа бошлайди – Фаррух сафардан қайтганларнинг ”етказганига шукр” қабилида тупроқни кўзга тўтиё қилишига тақлид этади. Кулишамиз…

Бизни кутаётган манзиллар, яқинларимиз қошига – икки кун давомида уйдан узоқда кўрган-кечирганларимизни айтиб беришга ошиқамиз…

M: ”Сурхон ёшлари”

CАФАР  СУРАТЛАРИ
011

01

02

03

04

09

05

06

07

08

011

09

010

(Tashriflar: umumiy 142, bugungi 1)

Izoh qoldiring