XX asr o’zbek she’riyati antologiyasi. Shukrullo

01
Шукрулло (Юсупов) 1921 йил 2 сентябда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1981). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1977). Педагогика билим юрти (1935— 38) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институтини тугатган (1944). Илк шеърлар тўплами — «Биринчи дафтар» (1949). «Қалб қўшиқлари» (1949), «Ҳаёт илҳомлари» (1959), «Умрим борича» (1960), «Инсон ва яхшилик» (1961), «Зарралар» (1973), «Суянчиқ» (1977), «Яшагим келади» (1978), «Сенинг бахтинг» (1988), «Тўқилган дардларим» (2001), «Шафақ» (2007) ва бошқа шеърий асарлар муаллифи. Кўплаб достонлар («Аср баҳси», 1985), болаларга аталган шеър ва эртаклар («Юлдузлар, 1964) ҳамда шеърий драмалар («Ҳасрат боғи», 2004) ёзган. «Жавоҳирлар сандиғи» (1983) эссеси, катағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» (1989) автобиографик қиссаси, «Тирик рухлар» (1999) роман-хроникаси ҳам бор. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати (1994). «Дўстлик» (1994) ва «Эл-юрт ҳурмати» (1999) орденлари билан мукофотланган.

033

Шукрулло
ШЕЪРЛАР

БАҲОР КЕЧАСИ

Қуёш ботиб кетди.
Бир тутам нури
Варрак думларига илашиб қолди.
Онаси етаклаб кетган боладек,
Чумчуклар чурқ-чурқлаб тарк этди толни.
Ҳовлим ўртасида дўндиқ қиз каби
Пушти кўйлак кийиб турар шафтоли.
Гилос оқ шохи тўн кийган куёвми,
Эгилиб келинга пичирларди у.
Тўйни кўриш учун том тепасига
Шошиб чиқиб олган қизлар каби ой —
Ўрикка тирмашиб, ёнгоққа ўтиб,
Терак тепасида кўрсатди чирой.
Фақат уйидамас, ҳар хонадонда,
Бугун Ватанимда наврўзи олам.
Ҳовузча — косага баҳор шаробин
Шилдиратиб қуяр ариқчалар ҳам.
Ана, юлдуз санаб бўгот лабида
Қўшним мушуги ҳам кутади ёрин.
Жонивору парранда… борида севги!
Қандай одам севмас умр баҳорин!
Қалбларни бир умр тарк этмас, севги!

ОҚШОМ

Кеча оқшом кутдим, келмадинг,
Зулмат ичра қолдим бир ўзим.
Умрим бўйи бу зулматга тенг
Бир зулматни кўрмаган кўзим.

Эркам, бугун келдинг оқшомда,
Ҳали кўкка кўтарилмай ой.
Билмагандим ёруғ оламда
Борлигини шунча нур, чирой.

ГЎДАК
Ойбекка

Сени гўдак санашса агар,
Йўқ, улардан, дўстим, ранжима!
Сен учун бу жуда мўътабар,
Маъносини қилсанг таржима.

Гўдак қувмас шуҳрат кетидан,
Таъма билан бермайди салом.
Макр изи бўлмас бетида
Ва ясама қилмас эҳтиром.

Гина билмас, содда, беғубор
Феълинг учун санашса гўдак.
Бу жуда соз, нопок қалб билан
Улғаймоқлик не учун керак!

Умр бўйи гўдак поклиги
Насиб бўлса ҳар кимга агар,
Гултож борми шундан ортиқроқ,
Эҳсон борми, бундан мўътабар!

ИЛҲОМ

Ёлвораман, илҳом париси,
Ўз эркимга ҳоли қўй бир дам.
Бола-чақа, тўйлар орзусин
Бошқалардек ўйлайин мен ҳам.

Шафқат этгил, тунда уйғотма,
Бир кеча бер уйқумга ором.
Севги бўлиб бағримга ботма,
Сеҳринг билан мени қилма ром.

Бошқалардек гулларнинг атрин
Тотиб бўлай боғим ичра маст.
Сен ўшанда деҳқон меҳнатин
Солмай тургин ёдимга бирпас.

Менга ҳам бахт боққанда кулиб,
Тотмасимдан гаштин бир йўла,
Кимларнингдир дардин эслатиб,
Юрагимга солма ғулғула.

Ўз бахтимдан ўзим қувониб,
Ўз ғамимни чекайин ўзим.
Дунё дардин ёдимдан қувиб,
Бир дам бергил қалбимга тўзим.

Илҳом шафқат этдими менга
Ё қаҳрими, билмадим бироқ.
Энди дунё ташвишларига
Неча кунки, бефарқман мутлоқ.

Ноҳақлиқдан энди йўқ куймоқ,
Илҳом завқи безовта қилмас.
Гулга боқсам, босади мудроқ,
Қалбим дарддан туғёнга келмас.

Энди илҳом, ким бўлдим, айтгил?!
Ёлвораман, айтиб, қил изҳор!
Ёлвораман, ёнимга қайтгил,
Халқ дардидан айирма зинҳор!

КУЗ

Кундуз. Осмон юзин буркади булут,
Гўё чироқ ёнгач, туширилди парда.
Кўча тупрогидан кўтарар қуюн,
Шамол табиатга қилгандек зарда.

Терак учларига қўнмоқчи бўлиб,
Осмону фалакда қушлар чийиллар.
Йўлидан чалғитиб, шохларни силкиб,
Олтин япроқларин тўзғитар еллар.

Ёмғир шивалади, бир тўп болалар,
«Уй-уйига», дея тарқалиб кетди.
Толзорларни кезган кўм-кўк анҳорнинг
Ёмғир қамчисидан қабарди бети.

Кўприкларга боқиб кутган дўстларим
Шунда етиб келди кўп қилмай муштоқ.
Самовар навоси, тарнов шарроси,
Улфатлар базмига айтилган машшоқ.

ТЎКМА КЎЗ ЁШИНГНИ

Тўкма кўз ёшингни, йиғлама, гўзал!
Мажнунтол сингари ёйма сочингни.
Менинг гуноҳимни кечиргил бир гал,
Бир дам қояга боқ, кўтар бошингни.

Томчи томиб турар қоядан чак-чак,
Бир томчи тошларга солибди ажин.
Ахир тош эмас-ку мендаги юрак…
Кўз ёшингни тўкма, менга ҳам ачин.

ТУН ИЛА ТОНГ

Қуёш ботиб борар, қизариб ботар,
Олтин копток каби кетди думалаб.
Қуёш ботадими ёки тонг отар,
Бепарво болалар ўйнар қувалаб.

Бепарво ёшлигим, қайтиб келсанг-чи,
Туннинг азобидан мени қутқариб!
Баҳор шамолидек тонгда елсанг-чи,
Тонгга интиқликни бошдан кўтариб.

Қани болалигим, бедардликларим,
Эрта тонг отардик бегардликларим!

КЕКСАЛИК

Дарахт тепа шохдан, одам оёқдан
Қарийди, дейдилар, бу ҳам бир ҳикмат.
Бундай ўйлаб кўрсам, бутун нарсани
Ҳисобли яратган доим табиат.

Яхшики, одамнинг куч-қувватини
Белу оёғидан аввал олади.
Бўлмаса, бу оёқ кексайганингда
Сени қай кўчага судраб қоларди.

МУҲАББАТ

Кечиб кетгинг келар гоҳо дунёдан…
Ноҳақ бошларингга ёғса маломат.
Ногоҳ лол қилганда булбулнинг куйи,
Яхши, дунёда бор дейсан, муҳаббат.

Ишқнинг кушандаси рашкнинг оташи
Юракни ўртайди гоҳо бешафқат,
Ўлгинг ҳам, узгинг ҳам келмайди кўнгил,
Яхши, дунёда бор дейсан, муҳаббат.

Мафтун қилса баъзан капалак рақси,
Қилгинг келиб қолар қувончдан парвоз.
Беихтиёр кўзгу ёнига бориб,
Бериб ҳам қоласан ўзингга пардоз.
Ўзингни ўзингга танитар фақат,
Муҳаббат! Муҳаббат, муҳаббат!

* * *

Фақирона севги. Кимгадир кулги,
Аммо кимларга бу илоҳий орзу!
Айрилиқ ҳукмидан халос қил мени,
Боқий севги бергин, покиза севги.
Булутлар ичига бурканса юлдуз,
Олтин қафас ичра қолса муҳаббат…
Кичкина ҳовлига экилган райҳон,
Белбоғлик ёр бўлса, шу ҳам менга бахт.
Тонгда севинч билан боқай қуёшга!
Ойдин кечаларим кечмасин ёлғиз.
Қандай бахт, қандай бахт бизни ҳар оқшом
Намозшомгул тутиб қутласа юлдуз.
Менга машрабона севги ато қил,
Ажралмас меҳр бер, умрлик вафо!
Кундуз қуёш, оқшом намозшомгулдек
Қувонч чеҳрамиздан кетмасин асло!
Пешонамга бойлик ёзмади тақдир,
Асло маҳрум этма меҳрдан, Худо!
Дўстга хор, душманга зор қилма зинҳор,
Ўзинг ҳалол ризқ бер, қаноат ато!..

* * *

Олтмиш йил севгига таъриф изладим,
Изладим, бир мезон топмадим асло.
Балки, икки дилнинг қовушмоғидир,
Икки дилда ўчмас туғилган вафо?!
Айрилиқ, рашк, риё севгининг йўли,
Мен фақат вафони билдим муқаддас.
Менинг қўшиқларим битта ошиқни
Вафо саройига бошлай олса, бас!

ВАРРАКЛАР

Хурсанд уйғонардим баҳор чоғлари,
Тонгдан бўлар эди кўзим осмонда.
Шамол силкитганда терак шохларин,
Қувончимнинг чеки бўлмасди манда.
Янги келин каби томда чучмома,
Ял-ял ёнар эди лолақизғалдоқ.
Ложувард денгиздек бепоён само,
У не баҳор эди! У не гўзал чоғ!
Варраклар куйларди шамолда жўшиб,
Мен томда тинглардим чалқанча тушиб.

ХАЁЛ
(ҳазил)

Қўлга қалам олиб, шеър ёзганим он
Хаёлимда олам бўлар чароғон.
Ҳаёт кўзларимга кўринар жаннат,
На бирор армон бор, на-да машаққат.
Ҳамма бахтиёр-у ҳаёт фаровон,
Номимга қўйилган эмиш хиёбон.
Ҳайкалим пойига қўйилган гуллар —
Менинг ижодимга таҳсинмиш улар.
Ҳамиша куйладим ёрқин кунларни,
Кўнгил овлаш учун зўр якунларни.
Эртадан доимо бўлиб умидвор,
Келажакни кўрар ҳар бир ижодкор.
Шон-шуҳрат лаззати сархуш этган гал
Инсон учун йўқдир хаёлдан афзал.

ҚЎША ҚАРИМОҚҚА ЙЎЛ-ЙЎРИҚ
(ҳазил)

Қўша қариб кўрдик саксон йил умр,
Неларни кўрмади бу бош қурмагур.
Гоҳида уришдик, яна ярашдик,
Арзимаган гапга бир кун талашдик.
Севиб уйландим-у дарров туғмади,
Бошқага уйлан, деб кўплар қўймади.
Борди-ю уйлансам бошқага, ахир,
У ҳам туғмайдиган чиқса-чи, тақдир.
Севги нималигин билдим ўшанда,
Сабрсизлик экан унга кушанда.
Йиллар ўтди, ўнта фарзанд ҳам кўрдик,
Гоҳо оч, гоҳида бадавлат бўлдик.
Ёшлар сўрашади, нима деб вафо?
Жавобга ўйланиб қоламан гоҳо.
Ахир уйланганда ақлинг бор эди,
Етти ўлча, деган нақл бор эди.
Ёринг кимлигини кўрганда кўзинг!
Севгим абадий, деб айтгандинг ўзинг!
Энди чиққан бўлса ўртада жанжал,
Эр-хотиндан бошқа қилолмайди ҳал.
Бунга кўрсатолмас ҳеч ким йўл-йўриқ,
Қўша қаримоқдан бошқа чора йўқ.

(Tashriflar: umumiy 462, bugungi 1)

Izoh qoldiring