Hamza. Devon & Yo’ldosh Solijonov. Haqiqat izlagan adib

Ashampoo_Snap_2016.10.09_22h47m32s_004_.png    Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳаёт йўли ва ижодий мероси кекса авлодга бирмунча таниш. Улар Ҳамзани халқни саводли қилиш учун жонини жабборга бериб янгича усулда мактаблар очган, дарсликлар яратган муаллим, октябрь тўнтаришини хайрихоҳлик билан қаршилаган шахс, инқилобни куйлаган шоир, сермаҳсул драматург, жадидчилик ҳаракатининг атоқли вакили сифатида биладилар. Аммо ҳозирги авлод унинг ижодини юзаки билади, шахси тўғрисида эса бир-бирига зид маълумотлар қуршовида кўнгли алағда…

ҲАҚИҚАТ ИЗЛАГАН АДИБ
Йўлдош Солижонов
09

“Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий кўзи очилибдики, қулоғи меҳнаткаш халқ кўксида бўлган, халқнинг дардига малҳам қидириб ҳар ёнга бош урган кимса, эски ўзбек зиёлиларининг ҳалол қисмига мансуб киши эди. Ҳамза Ҳакимзода асарларининг халққа бу қадар яқин ва суюмли бўлишига асосий сабаб унинг замон билан ҳамнафас ва халқ дилининг таржимони бўлганлигидир” .
Абдулла Қаҳҳор.

0 niyoziy.jpgҲамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳаёт йўли ва ижодий мероси кекса авлодга бирмунча таниш. Улар Ҳамзани халқни саводли қилиш учун жонини жабборга бериб янгича усулда мактаблар очган, дарсликлар яратган муаллим, октябрь тўнтаришини хайрихоҳлик билан қаршилаган шахс, инқилобни куйлаган шоир, сермаҳсул драматург, жадидчилик ҳаракатининг атоқли вакили сифатида биладилар. Аммо ҳозирги авлод унинг ижодини юзаки билади, шахси тўғрисида эса бир-бирига зид маълумотлар қуршовида кўнгли алағда. Чунки ўтган юз йилликдан кўпроқ вақт мобайнида Ҳамза фаолияти ва ижодий мероси турли мезонлар билан ўлчаб келинди, ҳар хил фикрлар айтилди. ХХ асрнинг 10-йилларидан 30-йилларигача Ҳамза ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, маърифатпарварлик соҳасида ҳам, жадидчилик ҳаракатида ҳам ниҳоятда фаол бўлди, элга танилди. Вафотидан кейин эса ўн йиллар давомида шахс сифатида ҳам, ижодкор қиёфасида ҳам унутилди. Ҳеч ким уни эсламай қўйди. 40-йиллардан бошлаб бирданига янги ўзбек адабиётида биринчи “инқилоб куйчиси”, социалистик реализм методининг асосчиси деб тан олинди ва кўкларга кўтарилди. 90-йилларга келиб, Ҳамза “Яша, Шўро!” деб инқилобни куйлагани, “Бой ила хизматчи” драмасида революционер Ғофир образини яратгани учун айбдор деб топилди ва унинг номини адабиёт тарихидан ўчириб ташлашга чақириқлар янгради.

Ана шу маълумотлардан бохабар бўлган шу куннинг ўқувчиси ХХ аср бошларидан то 30-йилларигача ўзбек адабиёти ривожи ва янгиланишида муҳим ўрин тутган Ҳамза Ҳакимзода ҳақидаги ҳақиқатни билолмай андармон. Хўш, Ҳамза ким ва қандай ижодкор? У ўз даври адабиётига нима берди? Уни “инқилобий” (аслида илмга, озодликка чақириқ) руҳдаги 5-10 та шеъри учун четга суриб қўйиш адолатданми? Инқилобни мадҳ этиб Авлоний, Айний, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби замондошлари ҳам шеърлар ёзган-ку! Уларга мумкин-у, биргина Ҳамза тафтишга лойиқми? Фақат угина Шўро ҳукуматига хизмат қилдими? Ахир, юқорида номи келтирилган ижодкорлар ҳам янги ҳукумат идораларида ишладилар-ку! Боз устига Шўро ҳукуматининг алдамчи сиёсати моҳиятини англаб олишга барча ҳам бирдай тайёр бўлмаган. Мабодо, тушуниб етганда ҳам унга қарши очиқ муносабат билдира олмасди. Фитрат, Қодирий, Чўлпонларнинг 20-йиллар бошидаги дастлабки чиқишлари учун қандай жазо олганлигини эслаб кўрайлик. Бу ҳол Авлоний, Ҳамза, Сўфизода кабиларнинг қаттиққўл ҳукумат билан муроса қилиб ишлашига мажбур қилган бўлиши мумкин. Мақоламиз шу ҳақда.

Маълумки, ҳар қандай кўзи очиқ, юраги пок ижодкор ўз атрофида рўй бераётган воқеаларнинг моҳиятини англаб етмаслиги, халқ ёмғирдан қутилиб, қорга тутилганлигини кўрмаслиги, янги мустамлакачи ҳукуматнинг ҳақиқий қиёфасини асарларида турли образлар, имо-ишоралар орқали ифодалаб, ўз муносабатини билдирмаслиги мумкин эмас. Ҳар бир ижодкорнинг сурати ҳамда сийратини англаш ва аниқлаш учун унинг ижодий меросига мурожаат қилиш зарур. Зеро, ҳақиқий санъаткор яратган асарлар муаллифнинг кимлиги ва қандайлигини росмана кўрсатувчи кўзгу ҳисобланади. Мен ҳам мулоҳазаларимни исботлаш учун Ҳамзашуносликка оид илмий манбалар билан бир қаторда кўпроқ унинг шеърлари, драмалари, публицистик мақолалари, мактубларига мурожаат қилдим ва улардан Ҳамза ким ва қандай одам эди? У инқилобни онгли равишда куйладими ёки алдандими? Шўро ҳукуматига астойдил хизмат қилишига асосий сабаб нима? Таниқли жамоат арбоби ва ижодкорнинг шахсий ҳаёти қандай кечди? Унга ҳамма шароит яратиб берилганмиди? Ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланганми? У янгича тузум моҳиятини тўғри англаб етолмадими? Ўзи хизмат қилаётган Шўро ҳукуматига муносабати қандай эди? деган саволларга жавоб изладим. Улардан чиқарган хулосаларимни Сиз билан баҳам кўришни истадим.
* * *
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йил 6 март куни Фарғона вилоятига қарашли Аввал қишлоғида туғилиб, 1929 йил 18 мартда Шоҳимардонда ҳалок бўлди. Ёшлиги табибчилик билан шуғулланувчи отасининг хон саройига таклиф қилиниши муносабати билан Қўқон шаҳрида ўтди. Бу шаҳарда яшаётган рус болалари билан дўстлашди, тилини ўрганди. Улар орасидан бир рус қизини севиб, унга уйланди. Гарчи қизни отасининг ёрдами билан ислом динига ўтказиб, шариат қоидаларига кўра никоҳ ўқитиб уйланган бўлса-да, дин пешволарининг қаҳр-ғазабига учради. Охири ўзини оқлаш учун ҳаж сафарига отланиб, Маккаи-Мадинани зиёрат қилиб келди (1912 й.). Аммо шунда ҳам уни тинч қўймадилар. Жамиятда, ҳаётда юз бераётган янгиликларни куйлагани, замондошларини илм-маърифатга чорлаб, янгича усулда мактаблар очгани, газета ва журналлар нашр қилиб, халқни ўз ҳақ-хуқуқини англашга, ўзини миллат сифатида таниб, тили, тарихи, динини асрашга, эрк ва озодликка, саводли бўлишга даъват этгани учун тағин қаршиликка учради (1913-1918 й.). Бироқ бу қаршиликларга қарамай, қаерда, қандай вазиятда бўлмасин, илм-маърифат нури билан халқининг кўзини очишга ҳаракат қилаверди. Болалар учун Тошкент, Қўқон, Марғилон, Наманган, Фарғона, Хива, Хўжайли шаҳарларида янгича усулда мактаблар, интернатлар очди, катталарни саводли қилиш ниятида ўқув машғулотлари ташкил этди. Бу борада Ҳамза ХХ аср бошларидаёқ Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунаввар қори, Ибрат, Сўфизодалар қаторида таниқли маърифатпарвар ва истеъдодли ижодкор сифатида тилга тушган эди. У жадидчилик ҳаракати ва адабиётининг том маънодаги улкан вакили бўлиб етишди.

Шоир бор-йўғи қирқ йил яшади. Аммо шу қисқа умрининг ярмидан кўпини халқига, миллатига, ўз шахсига, шаънига, оиласига, ижодига қилинган турли бўҳтону иғволарга қарши ҳақиқатни тиклаш учун курашга сарфлади. Академик С.Мамажонов қайд этганидек, Ҳамза бутун умри давомида “зўр бериб ҳақиқат йўлини қидириб” ўтди. Олимнинг ёзишича, Ҳамзанинг “бутун шеърияти, бадиий ижоди юксак идеал билан – озодлик ғояси билан суғорилган эди”. Чиндан ҳам адабиётга “Ҳақиқат кимда?” (1908 йилда яратган романи назарда тутиляпти-Й.С.) деган савол билан кириб келган ижодкор то ўлгунича шу саволига жавоб излади, аммо унга жавоб тополмай ярим йўлда ҳалок бўлди.

* * *

Ҳамза Ҳакимзоданинг умри китобида энг омадли давр ҳам,омадсиз йиллар ҳам ўтган асрнинг 20-йиллари бўлди десак, хато бўлмас. Инқилобнинг дастлабки йилларида шоир ижод ва ижтимоий ҳаётда ниҳоятда фаоллик кўрсатди. ХХ асрнинг дастлабки йилларидан юртининг озод, халқининг маърифатли бўлишини астойдил истаб, амалий фаолиятга киришган Ҳамза дастлаб февраль, кўп ўтмай рўй берган октябрь инқилобларини шоду хуррамлик ва катта орзу-умидлар билан қарши олганлиги рост. Айниқса, Шўроларнинг халққа ер, тинчлик, миллатларга ўз тақдирини ўзи ҳал этиши ҳуқуқини бериши тўғрисидаги қип-қизил шиорлари унинг айни кўнглидаги орзуси эди. Шунинг учун Ҳамза ҳам ҳаммаслаклари Авлоний, Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар сингари ана шундай “халқпарвар, илмпарвар, адолатли” ҳукуматга астойдил хизмат қилишга киришди. Ўз ташаббуси билан кўплаб мактаблар, курслар очди, ҳукумат топшириғига кўра махсус ташкил этилган 2-агитпоездда бутун республика бўйлаб, инқилоб берган “озодлик”ни тарғиб қилди. Ҳамзанинг ижтимоий фаоллигини кўрган ҳукумат уни янада рағбатлантириш, ўз “одами” қилиб олиш ниятида мамлакатда биринчи бўлиб унга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган фахрли унвон берди, бир умрлик пенсия тайинлади (Ўзбекистон Марказий ижроия қўмитасининг 1926 йил 27 февралдаги қарори). Бундан руҳланган шоир янада астойдилроқ ишга киришди, ўзини энг хавфли жабҳаларда иш олиб боришга масъул деб билди. Ҳукуматнинг ишончини оқлаш мақсадида у Шоҳимардонга келди. “Менинг ҳимоячим Шўро ҳукумати” деб билган Ҳамза ўзини ўтга-чўққа урди, эҳтиёткорликни унутди. Бунинг учун тегишли жазосини олди, фитна қурбони бўлди.

* * *

Албатта, унинг барча ишлари ҳам осонликча битавермаган. Гарчи ҳукумат топшириғи билан юрган бўлса-да, анча-мунча чеклаш ва тазйиқларга учради, оч-наҳор, уй-жойсиз, ойликсиз ишлашга мажбур бўлди. Унинг 1920-29-йиллар оралиғида турли ҳукумат ташкилотларига, расмий раҳбарлар ва дўстларига ёзган мактубларида драмтруппа аъзолари учун маблағ ажратилмаётгани, улар оч-наҳор ишлашга мажбур бўлаётгани, Хўжайлида ташкил қилган мактаб-интернат ўқувчиларига яратилган шароитнинг нобоплиги, уларга озиқ-овқат, кийим-кечаклар етишмаётганлиги, ўзи ҳам вақтида ойлик-маоши ва пенсиясини ололмаётганлиги, бунинг устига улар ой сайин камайиб кетаётганлиги туфайли оила аъзоларини боқиш, кийинтириш, шахсий турар-жойи бўлмаганлигидан ижара ҳақини вақтида тўлай олмаётганлиги аён бўлади. Мактубларнинг аксарияти республика ижроия қўмитаси, касаба шўросининг хўжалик шўъбасига, Бухоро, Фарғона округлари фирқа қўмиталарига, Й.Охунбобоев, Ўлмасбоев сингари раҳбарларга йўлланган. Булар орасида айниқса, Ўлмасбоев номига юборган хатида (1928 йил 5 феврал) “уйимда бир сиқим ун, бир қабза ўтин, эйнимда на оилам, на болам учун бир тўн йўқ. Изиллашиб пул сўрасак, бизга тескари қарайдилар. Мана шундай воқеалар ўн йиллардан бери минг қабат бўлиб” кетганини ёзадики, беихтиёр унинг аҳволига ачиниб кетасиз. Ҳамзанинг турмуши шу даражада оғирлашиб кетадики, қўқонлик биродари Қори Юсуф Ҳомидийга ёзган хатида “Ёзувчи бўлмай ва дунёга келмай ҳам ўлай” дея афсусланади (5,104).
Фарғона округи фирқа қўмитасига ёзган аризасида эса (1927 йил 5 сентябр) “ҳозирда кўрган кунларимни итлар кўрмасдир. Кеча халқ шоири исмини олиб, то бу кун ўз пулимга бир жой эгаси бўла олмай кўчада қолишлигим Ўзбекистоннинг обрўсига таъсир этмаслигини тушуниб, унинг учун мен тоқат қила олмайман” (5,165) деб ёзади. Шу йили 2 сентябрда “Қизил Ўзбекистон жумҳуриятининг V ҳайъат анжумани шўъбасига” йўллаган аризасида Шўъро ҳайъатидан “синиқ гавдаларимизни кўтариш, қаршимиздаги ички ва ташқи қора кучлар олдида юзимизни ёруғ” қиласиз деб ўтиниб сўрайди ва сўнггида қуйидаги тўртликни илова қилади:

Бизда йўғ гарчи кутганингиз,
Бигизни(нг) ишини тийр (ўқ) қилмас.
Биз элни дедик, фақир бўлдук,
Эл бизни деса, ҳақир қилмас (5, 161-162).

Фақат мактубларидагина эмас, балки публицистик мақолалари, бадиий асарларида ҳам Ҳамза Ҳакимзода Шўро сиёсатига муносабатини билдириб ўтади. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, ижодкор дастлаб асарларига сарлавҳалар танлашда ҳукуматга муносабатини билдиришга интилгандек туйилади.Жумладан, “Лошмон фожиаси”, “Фарғона фожиаси” деб аталган драматик трилогия ва тетралогиялари сарлавҳаларида ана шундай ишорани сезиш мумкин. Масалан, Лошмон жой маъносини эмас, балки “лош — ўлик тана, мурда, жонсиз тана, жасад парчаси” маъноларини англатиб, қизил аскарлар қонхўрлиги туфайли юрт қабристонга айланганлигига, парчаланиб кетаётганига, Фарғона оғир фожиани бошидан кечираётганига ишора қилади. Шу асарининг “Истибдод қурбонлари” номли 3-бўлимида начальник тилидан очиқчасига “буларни шундай қора меҳнатлар била эзуб битирмоқ керак. Чунки агар булардан ғофил қолинса, албатта, замони келур, бир кун бизга кутулмаган иккинчи бало бўлуб чиқувлари шубҳасиздир. Шунинг учун мана шундай фурсатлардан истифодасиз бўлмай, зиёлик фирқаларидан тортуб, секин-секин йўқ эта бориш керак” (3,107) деган фикрни илгари суриш билан Шўро ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини фош қилади. Ёки “Жаҳон сармоясининг энг охирги кунлари” номли асарида Шарқ оқ либосда кекса донишманд қиёфасида, Ғарб эса мутафаккирона нигоҳ билан қарайдиган қаҳрли қиёфада кўринади. Ғарб тимсолида асосан мустамлакачи ҳукумат намоён бўлади. У ўзининг ниятини қуйидагича ифодалайди: “Сезасизми? Асрлардан бери сизларни эзмоқ, қуллуқ захмати билан дунёда битирмоқ, сиздаги бойлиқ билан ўз салтанат ва шавкатларимизни барқарор қилмоқ учун қандай чоралар кўрамиз?” (4,202). Тарих Шарқнинг буюклигини тан олган ҳолда Ғарбни “Шарқ бобонгдан афв истирхом этурсан” деб унинг ҳузурига бошлаб келади. Буларнинг барчаси Ҳамза Ҳакимзода янги тузумнинг асл мақсадини тўғри тушуниб етганлигини исботлаб турибди.

* * *

Халқ ўртасидаги обрўси, нотиқлиги, киришимлиги, дадиллиги, оммани орқасидан эргаштира олиш қобилиятидан ўз вақтида унумли фойдаланиб, сувини сиқиб олган ҳукумат Ҳамза Ҳакимзодани вафотидан кейин бутунлай унутди. Чунки мафкура соҳасида ундан-да муҳимроқ тадбирлар амалга оширилишини кутиб турарди: энг аввало, адабиёт ва санъатни тозалаш, уни партиянинг дастёрига айлантириш зарур эди. Бунинг учун ўз сиёсатига қарши чиқаётган “эски” ёзувчиларни йўқотиш, янгиларини ўз измига солиш керак эди. Бу тадбир жуда тез ва шафқатсизлик билан амалга оширилди. Аммо ҳукумат разм солиб қараса, барча адиблар янги социалистик тузумнинг “душмани” сифатида йўқ қилинибди. Иш шундай давом этаверса, халқнинг социализмга нисбатан “муҳаббати”ни оширадиган адабиёт вакили қолмайди. Шундай бир жонсиз фигурани топиш, уни идеал даражага кўтариш лозимки, токи ҳамма ижодкорлар у “асос солган йўл”дан борсинлар. Бунинг учун оз бўлса ҳам Шўро ҳукуматига сидқидилдан хизмат қилган бирон бир ижодкорни топиб, “қизил ранг”га бўяш шарт эди. Фитрат, Қодирий, Чўлпонлар отиб ташланган, уларнинг номини қайта тилга олиб бўлмасди. Беҳбудийни амир ўлдирган деган тамға ёпиштирилди, унинг номидан фойдаланса бўлади, лекин у мухторият учун тинимсиз курашган, чет элдан ёрдам сўрашни ният қилган. Боз устига публицистик мақолалари ҳам миллатпарварлик, исёнкорлик руҳида ёзилган. Хўш, кимни байроқ қилиб кўтарсак бўлади деган саволга жавоб излай бошлади комфирқа мафкурачилари. Шошма, Шоҳимардон шайхлари томонидан “тошбўрон” қилиб ўлдирилган Ҳамза-чи? Жуда муносиб номзод бўлади-да! Унинг ўлдирилишидан кўзланган мақсадга эришилди: минглаб диндорлар қамоққа олинди, қолганлари таъқиб остида писиб юрибди. Ҳамза номи ҳар қанча қизил рангга бўялса арзийди, деган хулосага келинди. Шундан сўнг…

Бошланди!1939 йилдан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бошида қуёш чарақлади. Шоир таваллудининг 50 йиллигини нишонлашга қарор қилинди. Шу муносабат билан шоирга “инқилоб куйчиси” деган ниҳоятда замонавий ёрлиқ ёпиштирилди. Унинг шахси ва ижодий мероси сохталаштирилиб, қизилга бўялди. Ваҳоланки, унинг инқилобий мавзудаги шеърлари бармоқ билан санарли эди. Шунга қарамай, аслида эркка (“Яша, Турон!”, “Берма эркингни қўлдан”, “Ҳой, ишчилар”,“Биз ишчимиз”), маърифатга (“Ишчилар, уйғон!”, “Уйғон!”), ўзликни англашга (“Яшангиз,ишчи-деҳқонлар”, “Уён, Ватан”) чақириқ руҳида ёзилган шеърлари ҳамда асосий қисмлари йўқолиб кетган “Бой ила хизматчи” драмаси коммунистик мафкура малайлари томонидан қайта ишланди ва манфаатдорлик нуқтаи назаридан талқин қилинди. Натижада сўнгги ярим аср мобайнида Ҳамза Ҳакимзода адабиётимиз учун “инқилоб куйчиси” бўлиб хизмат қилди. Бу хизмати шу даражада юқори поғонага кўтарилдики, унга ҳеч ким етолмади. Гўё ХХ асрнинг 40-йилларига қадар Ҳамза Ҳакимзодадан бошқа биронта ижодкор Шўролар ҳукумати моҳиятини тўғри тушунмаган, ёлғиз угина инқилобнинг илк кунларидан “Яша, Шўро!” деб ҳайқирган, танҳо Ҳамзагина драмаларида инқилобий ғояни илгари суриб, унинг учун курашган кишилар образини яратган, биргина у янги – социалистик реализм методидаги ўзбек адабиётига асос солган. Ҳатто давр тақозосига кўра қатағончи Сталин ўлимидан сўнг озгина об-ҳаво ўзгариб, Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон кабилар оқланган 60-йилларда ҳам ўрнини бўшатмади, билъакс, уларга соя солиб тураверди.

90-йилларга келиб, ҳақиқат рўёбга чиқа бошлади. Тарихга муносабат янгиланди. Шўролар томонидан таҳқирланган аждодларимизнинг ҳақиқий қиёфасини аниқлаш, муносиб ўрнини белгилаш учун ҳаракат бошланди. Айни чоғда қизил рангга бўялган Ҳамза, ўз вақтида партия ва ҳукуматни шарафлаб шеърлар ёзган Ғафур Ғулом, Уйғун, шундай оғир йилларда халқнинг бахт ва шодлигини куйлаган Ҳамид Олимжон сингари ижодкорлар “айбдор” сифатида тафтиш қилина бошланди. Айниқса, Ҳамза Ҳакимзоданинг ижтимоий фаолияти ҳамда инқилобий шеърларини рўкач қилиб олган айрим адабиётшунослар адибни ўз замондошлари сафидан сиқиб чиқаришга, дарсликлардан олиб ташлашга, номини тарихимиздан бутунлай ўчиришга уриндилар. Улар “Яша, Шўро!”, “Ҳой-ҳой отамиз” сингари 10-12 дона шеърларини, “Бой ила хизматчи” драмасида инқилобчи Ғофир образини яратгани учун Ҳамза ижоди ўрганишга арзимайди деб айюҳаннос солдилар.

Гарчи бундай қарашларга қарши И.Султон, С.Мамажонов, Л.Қаюмов, О.Шарафиддинов, А.Ҳайитметов сингари атоқли олимлар Ҳамза ижоди ва фаолиятини етарли далиллар асосида ижобий баҳолаб берган бўлсалар-да, уни ҳануз тафтиш этиш давом этаётгани ташвишлидир. Чунки кейинги пайтларда яна унинг номини сафдошлари сафидан ўчиришга, ижодини ўрганишни таълим дастуридан чиқариб ташлашга уринишлар бошланди ва бу борада баъзи натижаларга ҳам эришилди. Ваҳоланки, муҳтарам Президентимизнинг тарихга муносабатда холислик принципини амалда қўллаш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари Ҳамза Ҳакимзода ижодини холисона баҳолашга ҳам тааллуқлидир. Хўш, Ҳамза ижоди чиндан ҳам ўрганишга лойиқ эмасми? Бунинг учун унинг ижодий меросига бир қур назар ташлаш кифоядир.

* * *

Дастлаб шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ҳамза Ҳакимзода ҳам замондошлари Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Қодирий, Мунаввар қорилар каби ХХ аср бошларида жадидчилик ҳаракатининг олдинги сафларида фаол иштирок этган, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтарган, Туркистон мустақиллиги учун астойдил курашган, ўз халқининг эркин яшашини орзу қилган миллатпарвар зиёли эди. У халқини маърифатли қилиш йўлида ҳам амалий, ҳам ижодий фаолият кўрсатди.

Ҳамза Ҳакимзода ўзбек адабиётининг барча жанрларида сермаҳсул ижод қилган санъаткордир. 10-11 ёшидан шеър ёза бошлаган Ҳамза 25 ёшида “Девони Ниҳоний” китобини нашр эттирди. Девонга унинг ўтган 15 йил ичида ёзган 177та шеъри киритилган. Улардан 150 таси ғазал, қолгани турли жанрларга оид лирик асарлардир. Илк девонидаёқ Ҳамза зуллисонайн ижодкор сифатида намоён бўлди. Девондаги 165 та шеър ўзбек, 10таси тожик тилида, 2 та шеър эса ширу шакар шаклида ўзбекча-русча сўзлар аралаштириб ёзилган. Шакл ва мазмундаги бундай янгиликлар, шубҳасиз, шоирнинг чиндан ҳам ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини кўрсатади. Айни чоғда у ўзбек халқ оғзаки ижоди, бой мумтоз адабиётимизнинг барҳаёт илдизларидан баҳраманд бўлиб, анъаналарга қатъий амал қилган ҳолда замонга мос янгиликлар ҳам кашф этди.

Йирик санъаткор Ҳамза Ҳакимзоданинг ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, ўрни ва ролини ихчам тарзда қуйидагича баҳолаш мумкин:

— Ҳамза Ҳакимзоданинг адабий мероси ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожланиши ва бойишида муҳим аҳамият касб этади. У ҳақли равишда янги типдаги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири бўлиб қолади;

— Ҳамза Ҳакимзода жадидчилик ҳаракатининг фаол вакилларидан бири бўлиб, халқини маърифатли қилиш йўлида ҳам ижодий, ҳам амалий, ҳам ижтимоий фаолият кўрсатди. Янгича усулда мактаблар очиш билан бирга замондошлари Беҳбудий, Авлоний, Мунавварқори сингари “Ўқиш китоби”, “Қироат китоби”, ”Енгил адабиёт” деб номланган дарсликлар яратди ва ўз ҳисобидан нашр эттирди;

— Ҳамза Ҳакимзода новатор шоир сифатида Фитрат, Чўлпонлар қаторида ўзбек шеъриятининг шаклан ва мазмунан янгиланишига чиндан ҳам катта ҳисса қўшди. Шоирнинг 7 бўлимдан иборат “Миллий ашулалар учун миллий шеърлар” номли мажмуаси ҳамда аруз вазни қолипларини ёриб чиқишга интилгани, кўплаб шеърлари бармоқ, ҳатто эркин (“Ер ислоҳоти”, “Мажлисдан кейинги кузатишда”, “Қутлуғ бўлсин”) вазнларда, сарбаст усулида ёзилганлиги, ўзбек реалистик насрини бошлаб бергани унинг новаторлигини кўрсатувчи ғоят муҳим далиллардир;

— роман атамасини биринчи бўлиб истеъмолга олиб кирган ҳам, шу номдаги асарни биринчи бўлиб ёзган ҳам (гарчи жанр талабларига тўла жавоб бера олмаса-да) Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдир. Унинг 1926 йилда ўз қўли билан ёзган таржимаи ҳолида кўрсатишича, 1908 йилда Наманганда яшаб-ишлаб юрганида “бир “Ҳақиқат кимда” исмли ҳавосиз опералик роман ёзған эдим, ўғирлатдим, букунки, топилмайдир”. Шу далилнинг ўзи уни яна бир бор юксаклик босқичига кўтара олади;

— ўзбек драматургиясининг дунёга келиши, жанрларининг кўпайиши ва ривожланишида Ҳамза Ҳакимзоданинг роли шак-шубҳасиз беқиёсдир. Гарчи драманинг илк намунаси Беҳбудий томонидан ёзилган бўлса ҳам бу адабий турнинг барча жанрларида етук асарлар яратиш унинг зиммасига тушди. Яна шуниси ҳам муҳимки, у ўзбек адабиётида биринчи бўлиб драматик трилогия (“Лошмон фожиаси”,1916-19 й.), драматик тетралогия (“Фарғона фожиаси”, 1918-20 й.), шеърий драмалар (“Сайлов олдидан”, “Эл қузғунлари”)ни адабиётимиз хазинасига олиб кирди. Бу фактлар ўзбек драматургиясининг том маънодаги асосчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бўлганлигини яна бир бор тасдиқлайди.

— миллатнинг кўзини очиш, ўзлигини англатишнинг энг самарали йўли -халққа бор ҳақиқатни очиқ айтиш деб билган маърифатпарвар шоир ўз ташаббуси билан газета ва журналлар чиқариб, уларда аччиқ гапларни очиқ ёзди. Шу боисдан у муҳаррирлик қилган “Кенгаш”, “Ҳуррият” сингари мутбуот нашрлари дадиллиги, ошкора танқидий руҳи учун 3-6 ой ичидаёқ ёпиб қўйилган;

— шоирнинг “Шундоқ қолурму?”, “Яша, Шўро!” шеърлари кўп йиллар мобайнида унинг инқилоб куйчиси сифатида улуғланишига муҳим далил бўлиб келди. Гарчи биринчи шеъри 1917 йил феврал инқилобидан кейин унинг истибдодига қарши ёзилган деган фикрлар айтилса ҳам 1919 йилда нашр этилган “Атир гул” мажмуасига киритилиши шоирнинг ғоявий нияти сал бошқачароқ бўлганлигини кўрсатади. Унинг феврал инқилобидан кейин босилган “Сафсар гул” тўпламига киритилмаганлигининг сабаби, назаримизда, бу шеър ҳукумат томонидан йўқ қилинган Туркистон мухторияти муносабати билан ёзилганлигидир. Чунки унда “Қафасдан бўшалган қуш” – Туркистон яна қафасга “Қайтиб ўзини солмас”лиги, мустақиллик учун кураш давом эттирилишига ишора қилинаётгандек туйилади. “Яша, Шўро!” шеъри эса аслида “Яша, Турон!” бўлганлигини адабиётшунослар И.Султон, С.Мамажонов, А.Ҳайитметовлар томонидан аниқ далиллар билан исботлаб берилди. Боз устига ҳар қандай хушёр ўқувчи шеърнинг биринчи ва иккинчи сатрлари қофиясига эътибор берса, унинг “Яша, Шўро” эмас, айнан “Яша, Турон” бўлганлигига ишонч ҳосил қилади (Турон-замон).

— ҳамзашунос олим Л.Қаюмовнинг ёзишича, “У умрининг охирида ҳазин эди”. Бу ҳазинлик сабаблари Ҳамзанинг айрим мактубларида ҳам англашилади. Шоир ўзининг номаълум шахсга йўллаган мактубларидан бирида (исмини махфий тутиши ва “сен” деб мурожаат қилишига қараганда у яқин дўсти бўлса керак –Й.С.) “олдимда бўладурғон ҳужумларни кўзда тутиб”, “иғвогарлар уюшиб ҳамон маҳкамаларда изғишиб юришгани”дан “Нима қиламан, ҳамма томоним қоронғу” дея ҳадиксирайди (5,100). Шунинг оқибати бўлса керак, 1927 йил 18 сентябрда ёзилган тўртликларидан бирида:

Бул жаҳон баҳрида хилқатдин хабар олгил, кўнгил,
Шоири маҳзун табиатдин хабар олгил, кўнгул.
Хум самовий телбалик илҳомина чўмғон хаёл,
Завқиға теккан ҳақиқатдин хабар олғил, кўнгул.

деб ёзган эди. Ҳатто бу тўртликнинг остига “Ҳар муюлишдан хўмрайиб чиққан кишига кўндаланг, Бу Ҳакимзода ўтар дунёдан Ниҳон эдарак” деган қўшимча байт ҳам киритиб қўяди (2,517).
— Ҳамза Ҳакимзода айрим манбалар ҳамда унга бағишланган фильмларда кўрсатилганидек, даврининг йирик маърифатпарвари Мунавварқори Абдурашидхонов билан мутлақо тескари муносабатда бўлмаган. Аксинча, мактубларида Мунавварқорига “ҳазрат, устоз” дея чуқур ҳурмат билан мурожаат қилади, ундан маслаҳат сўрайди, дардини айтади.

* * *

Кейинги йилларда Ҳамза Ҳакимзода ҳалокатининг тафсилотлари тўғрисида ҳам янги маълумотлар топилди ва эълон қилинди. Мустақиллик шарофати билан 70 йил мобайнида сир тутилган суд материалларини ўрганиш оқибатида унинг шайхлар томонидан тошбўрон қилинмаганлиги аниқланди. Фарғоналик ҳуқуқшунос М.Шералиев “анча йиллардан буён Шоҳимардонда яшаб, у ердаги кексалар билан суҳбатлашувлар, айрим архив ҳужжатлари билан танишиш жараёнида Ҳамза Ҳакимзода ҳалокатининг сабабларини очишга, бу сирли ўлим юзасидаги пардани кўтаришга” муваффақ бўлди. Унинг ёзишича, “Ҳамзани икки киши – Болта ўғри билан Ёдгор ўғри ўлдирган. Қотилликка маиший асосда келиб чиққан тўқнашув сабаб бўлган.” Бундан Шўро ҳукумати усталик билан фойдаланиб, динни таъқиқлаш, руҳоний уламоларни йўқ қилиш, халқни қўрқитиб олиш мақсадида фойдаланган.

Қатағонга асос ҳам етарли эди. Маълум бўлишича, Ҳамза Ҳакимзода ўлдирилишидан бир неча ой муқаддам Шоҳимардондаги бир гуруҳ уламолардан ўша пайтдаги Ўзбекистон республикаси Марказий Ижроия қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоев номига ариза тушган, унда шоирнинг Шоҳимардонда амалга ошираётган ишлари ва хулқи қишлоқ аҳли орасида норозилик туғдираётганини айтишиб, уни эҳтиёт қилиш учун бу ердан чақириб олиш лозимлигини илтимос қилган эдилар. Айнан шу мактуб Шўро ҳукумати учун Ҳамзага қарши уюштирилган суиқасдга далил бўлиб хизмат қилди. Тез орада қатағон машинаси ишга солинди ва 60 киши қамоққа олинди. Суд ҳукмига кўра “Ҳамзани тошбўрон қилиб ўлдирган шайх”лардан 5 киши отувга,қолганлари турли муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳақиқий қотиллар эса бир четда қолаверди.

* * *

Юқорида баён қилинган мулоҳазалар оташнафас шоир, сермаҳсул ёзувчи, моҳир драматург, ўткир публицист, фаол жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳимояга муҳтож эмаслигини, унинг асосан ижтимоий фаолиятини биринчи ўринга қўйиб, ижодини назарга олмаётган айрим мутахассисларнинг даъволари асоссиз эканлигини, Ҳамза ўз ижоди билан мангу барҳаёт қолишини, жисман тупроқда ётса ҳам шоир ва драматург, маърифатли жадид сифатида ўз асарлари билан айни кунларда ҳам биз билан яшашга ҳақли эканлигини исботлайди. Умрининг охирларида ўша масъул шахс Ўлмасбоевга йўллаган мактубида “Эндиликда фирқага таяниб туриб, кучимиз ғасб (зўрлаш, мажбурлаш), мартабамиз таҳқир этилса, албатта, муни матбуот бир кун бўлмаса, бир кун текширар” деб умид қилганди. Бу умидини рўёбга чиқариш бугун шаклланаётган адабиётшунослар авлодининг вазифасидир. келаётир. Чунки ҳақиқий ижодкорга жисмоний ўлим йўқ. Зеро, “аслида Ватан равнақи учун курашган, кейин ўзи бехабар ҳолда Шўро адабиётининг яловбардорига айланган Ҳамза Ҳакимзода” ҳам ўз замондошлари қаторида абадий яшашга, адабиёт ва маданиятимиз тарихида барҳаёт қолишга, унинг ижоди ёш авлод томонидан ўрганилишга ҳақлидир.

Ўйлаб кўрайлик: Шўро даврида атай қизил рангга бўялиб, кўтар-кўтар қилинган Ҳамза Ҳакимзодани оқлаш, унинг ўзига яраша ўрнини белгилаб бериш ўрнига бугунги мустақил юрт фарзандлари ҳам қоралаб турсак, инсофдан эмас. Шу пайтгача унинг руҳи безовта бўлгани етар, энди уни тинч қўяйлик, борича ўрганайлик, ҳақига дуо қилайлик. Ахир, оламдан ўтганларни ҳадеб кавлайвериш миллий урф-одатимизга тўғри келмайди-ку! Шундай эмасми?

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Б.Қосимов, Ш.Юсупов, У.Долимов ва б. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти. Дарслик. Т., “Маънавият” нашриёти, 2004.
2. С.Мамажонов. Барҳаёт Ҳамза. Т., “Фан” нашриёти, 1991.
3. О.Шарафиддинов. Ижодни англаш бахти. Т., “Шарқ” НМАК, 2004.
4. Л.Қаюмов. Биз билмаган Ҳамза. “ЎзАС”, 29.Х11.1999.
5. М.Шералиев. Шоҳимардон ҳақида ўйлар. “Фарғона” нашриёти, 1993.
6. Абдул Қодир. “Яша, Турон!”. “ЎзАС”, 2.07.2004.
7. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 томлик. Т., “Фан” нашриёти, 1988-1989 йиллар.
8. Й.Солижонов. Зулматдан нур қидирганлар. Т., А.Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2007.

Изоҳлар

1. А.Қаҳҳор. Асарлар. 5 жилдлик. Ҳақ сўзнинг кучи. 5-жилд. Т., Ғ.Ғулом номидаги АСН, 1989. 138-бет.
2. С. Мамажонов. Барҳаёт Ҳамза. Т., “Фан” нашриёти, 1991. 9,11-бетлар.
3. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Тўла асарлар тўплами. 5 томлик. 5-том. Т., “Фан”, 1989. 105-бет (бундан кейинги кўчирмалар ҳам шу манбадан олинди ва жилди ҳамда саҳифаси қавс ичида кўрсатилди).
4. Қаранг: И.Султон, С.Мамажонов, “Икки муҳим тузатиш”, “ЎзАС”, 28.08.1997. Абдул Қодир (профессор А.Ҳайитметов) “Яша, Турон!”. “ЎзАС”, 2.07.2004)
5. А.Қаюмов. Биз билмаган Ҳамза. “ЎзАС”, 29.12.1999.
6. Манноп Шералиев. Шоҳимардон ҳақида ўйлар. Ф., “Фарғона” нашриёти, 1993. 20-бет.

Мақола муаллифи ҳақида

07Йўлдош Солижонов — Фарғона давлат университети профессори, филология фанлари доктори. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Замонавий ўзбек адабиётидаги жараёнлар ва муаммолар, асарлар ва уларнинг муаллифларига бағишланган тадқиқотлар ва мақолалар муаллифи. Сайтимиз саҳифаларида олимнинг Рауф Парфи («Сабр дарахти»), Усмон Азим («Покиза ниятнинг нурли йўллари»), Қутлибека («Меҳр боғида ўсган дарахт«) каби шоирлар шахсияти ва ижодига, Ғарб адабиётида кечаётган жараёнларга оид («Сизиф ва абсурд») мақолалари эълон қилинган.

11H-36x28.jpgHAQIQAT IZLAGAN ADIB
Yo’ldosh Solijonov
09

“Hamza Hakimzoda Niyoziy ko’zi ochilibdiki, qulog’i mehnatkash xalq ko’ksida bo’lgan, xalqning dardiga malham qidirib har yonga bosh urgan kimsa, eski o’zbek ziyolilarining halol qismiga mansub kishi edi. Hamza Hakimzoda asarlarining xalqqa bu qadar yaqin va suyumli bo’lishiga asosiy sabab uning zamon bilan hamnafas va xalq dilining tarjimoni bo’lganligidir” .
Abdulla Qahhor.

002>Hamza Hakimzoda Niyoziyning hayot yo’li va ijodiy merosi keksa avlodga birmuncha tanish. Ular Hamzani xalqni savodli qilish uchun jonini jabborga berib yangicha usulda maktablar ochgan, darsliklar yaratgan muallim, oktyabr` to’ntarishini xayrixohlik bilan qarshilagan shaxs, inqilobni kuylagan shoir, sermahsul dramaturg, jadidchilik harakatining atoqli vakili sifatida biladilar. Ammo hozirgi avlod uning ijodini yuzaki biladi, shaxsi to’g’risida esa bir-biriga zid ma’lumotlar qurshovida ko’ngli alag’da. Chunki o’tgan yuz yillikdan ko’proq vaqt mobaynida Hamza faoliyati va ijodiy merosi turli mezonlar bilan o’lchab kelindi, har xil fikrlar aytildi. XX asrning 10-yillaridan 30-yillarigacha Hamza hayotda ham, ijodda ham, ma’rifatparvarlik sohasida ham, jadidchilik harakatida ham nihoyatda faol bo’ldi, elga tanildi. Vafotidan keyin esa o’n yillar davomida shaxs sifatida ham, ijodkor qiyofasida ham unutildi. Hech kim uni eslamay qo’ydi. 40-yillardan boshlab birdaniga yangi o’zbek adabiyotida birinchi “inqilob kuychisi”, sotsialistik realizm metodining asoschisi deb tan olindi va ko’klarga ko’tarildi. 90-yillarga kelib, Hamza “Yasha, Sho’ro!” deb inqilobni kuylagani, “Boy ila xizmatchi” dramasida revolyutsioner G’ofir obrazini yaratgani uchun aybdor deb topildi va uning nomini adabiyot tarixidan o’chirib tashlashga chaqiriqlar yangradi.

Ana shu ma’lumotlardan boxabar bo’lgan shu kunning o’quvchisi XX asr boshlaridan to 30-yillarigacha o’zbek adabiyoti rivoji va yangilanishida muhim o’rin tutgan Hamza Hakimzoda haqidagi haqiqatni bilolmay andarmon. Xo’sh, Hamza kim va qanday ijodkor? U o’z davri adabiyotiga nima berdi? Uni “inqilobiy” (aslida ilmga, ozodlikka chaqiriq) ruhdagi 5-10 ta she’ri uchun chetga surib qo’yish adolatdanmi? Inqilobni madh etib Avloniy, Ayniy, Fitrat, Qodiriy, Cho’lpon kabi zamondoshlari ham she’rlar yozgan-ku! Ularga mumkin-u, birgina Hamza taftishga loyiqmi? Faqat ugina Sho’ro hukumatiga xizmat qildimi? Axir, yuqorida nomi keltirilgan ijodkorlar ham yangi hukumat idoralarida ishladilar-ku! Boz ustiga Sho’ro hukumatining aldamchi siyosati mohiyatini anglab olishga barcha ham birday tayyor bo’lmagan. Mabodo, tushunib yetganda ham unga qarshi ochiq munosabat bildira olmasdi. Fitrat, Qodiriy, Cho’lponlarning 20-yillar boshidagi dastlabki chiqishlari uchun qanday jazo olganligini eslab ko’raylik. Bu hol Avloniy, Hamza, So’fizoda kabilarning qattiqqo’l hukumat bilan murosa qilib ishlashiga majbur qilgan bo’lishi mumkin. Maqolamiz shu haqda.

Ma’lumki, har qanday ko’zi ochiq, yuragi pok ijodkor o’z atrofida ro’y berayotgan voqealarning mohiyatini anglab yetmasligi, xalq yomg’irdan qutilib, qorga tutilganligini ko’rmasligi, yangi mustamlakachi hukumatning haqiqiy qiyofasini asarlarida turli obrazlar, imo-ishoralar orqali ifodalab, o’z munosabatini bildirmasligi mumkin emas. Har bir ijodkorning surati hamda siyratini anglash va aniqlash uchun uning ijodiy merosiga murojaat qilish zarur. Zero, haqiqiy san’atkor yaratgan asarlar muallifning kimligi va qandayligini rosmana ko’rsatuvchi ko’zgu hisoblanadi. Men ham mulohazalarimni isbotlash uchun Hamzashunoslikka oid ilmiy manbalar bilan bir qatorda ko’proq uning she’rlari, dramalari, publitsistik maqolalari, maktublariga murojaat qildim va ulardan Hamza kim va qanday odam edi? U inqilobni ongli ravishda kuyladimi yoki aldandimi? Sho’ro hukumatiga astoydil xizmat qilishiga asosiy sabab nima? Taniqli jamoat arbobi va ijodkorning shaxsiy hayoti qanday kechdi? Unga hamma sharoit yaratib berilganmidi? Hukumat tomonidan qo’llab-quvvatlanganmi? U yangicha tuzum mohiyatini to’g’ri anglab yetolmadimi? O’zi xizmat qilayotgan Sho’ro hukumatiga munosabati qanday edi? degan savollarga javob izladim. Ulardan chiqargan xulosalarimni Siz bilan baham ko’rishni istadim.
* * *
Hamza Hakimzoda Niyoziy 1889 yil 6 mart kuni Farg’ona viloyatiga qarashli Avval qishlog’ida tug’ilib, 1929 yil 18 martda Shohimardonda halok bo’ldi. Yoshligi tabibchilik bilan shug’ullanuvchi otasining xon saroyiga taklif qilinishi munosabati bilan Qo’qon shahrida o’tdi. Bu shaharda yashayotgan rus bolalari bilan do’stlashdi, tilini o’rgandi. Ular orasidan bir rus qizini sevib, unga uylandi. Garchi qizni otasining yordami bilan islom diniga o’tkazib, shariat qoidalariga ko’ra nikoh o’qitib uylangan bo’lsa-da, din peshvolarining qahr-g’azabiga uchradi. Oxiri o’zini oqlash uchun haj safariga otlanib, Makkai-Madinani ziyorat qilib keldi (1912 y.). Ammo shunda ham uni tinch qo’ymadilar. Jamiyatda, hayotda yuz berayotgan yangiliklarni kuylagani, zamondoshlarini ilm-ma’rifatga chorlab, yangicha usulda maktablar ochgani, gazeta va jurnallar nashr qilib, xalqni o’z haq-xuquqini anglashga, o’zini millat sifatida tanib, tili, tarixi, dinini asrashga, erk va ozodlikka, savodli bo’lishga da’vat etgani uchun tag’in qarshilikka uchradi (1913-1918 y.). Biroq bu qarshiliklarga qaramay, qaerda, qanday vaziyatda bo’lmasin, ilm-ma’rifat nuri bilan xalqining ko’zini ochishga harakat qilaverdi. Bolalar uchun Toshkent, Qo’qon, Marg’ilon, Namangan, Farg’ona, Xiva, Xo’jayli shaharlarida yangicha usulda maktablar, internatlar ochdi, kattalarni savodli qilish niyatida o’quv mashg’ulotlari tashkil etdi. Bu borada Hamza XX asr boshlaridayoq Mahmudxo’ja Behbudiy, Abdulla Avloniy, Munavvar qori, Ibrat, So’fizodalar qatorida taniqli ma’rifatparvar va iste’dodli ijodkor sifatida tilga tushgan edi. U jadidchilik harakati va adabiyotining tom ma’nodagi ulkan vakili bo’lib yetishdi.

Shoir bor-yo’g’i qirq yil yashadi. Ammo shu qisqa umrining yarmidan ko’pini xalqiga, millatiga, o’z shaxsiga, sha’niga, oilasiga, ijodiga qilingan turli bo’htonu ig’volarga qarshi haqiqatni tiklash uchun kurashga sarfladi. Akademik S.Mamajonov qayd etganidek, Hamza butun umri davomida “zo’r berib haqiqat yo’lini qidirib” o’tdi. Olimning yozishicha, Hamzaning “butun she’riyati, badiiy ijodi yuksak ideal bilan – ozodlik g’oyasi bilan sug’orilgan edi”. Chindan ham adabiyotga “Haqiqat kimda?” (1908 yilda yaratgan romani nazarda tutilyapti-Y.S.) degan savol bilan kirib kelgan ijodkor to o’lgunicha shu savoliga javob izladi, ammo unga javob topolmay yarim yo’lda halok bo’ldi.

* * *

Hamza Hakimzodaning umri kitobida eng omadli davr ham,omadsiz yillar ham o’tgan asrning 20-yillari bo’ldi desak, xato bo’lmas. Inqilobning dastlabki yillarida shoir ijod va ijtimoiy hayotda nihoyatda faollik ko’rsatdi. XX asrning dastlabki yillaridan yurtining ozod, xalqining ma’rifatli bo’lishini astoydil istab, amaliy faoliyatga kirishgan Hamza dastlab fevral`, ko’p o’tmay ro’y bergan oktyabr` inqiloblarini shodu xurramlik va katta orzu-umidlar bilan qarshi olganligi rost. Ayniqsa, Sho’rolarning xalqqa yer, tinchlik, millatlarga o’z taqdirini o’zi hal etishi huquqini berishi to’g’risidagi qip-qizil shiorlari uning ayni ko’nglidagi orzusi edi. Shuning uchun Hamza ham hammaslaklari Avloniy, Fitrat, Qodiriy, Cho’lponlar singari ana shunday “xalqparvar, ilmparvar, adolatli” hukumatga astoydil xizmat qilishga kirishdi. O’z tashabbusi bilan ko’plab maktablar, kurslar ochdi, hukumat topshirig’iga ko’ra maxsus tashkil etilgan 2-agitpoezdda butun respublika bo’ylab, inqilob bergan “ozodlik”ni targ’ib qildi. Hamzaning ijtimoiy faolligini ko’rgan hukumat uni yanada rag’batlantirish, o’z “odami” qilib olish niyatida mamlakatda birinchi bo’lib unga “O’zbekiston xalq yozuvchisi” degan faxrli unvon berdi, bir umrlik pensiya tayinladi (O’zbekiston Markaziy ijroiya qo’mitasining 1926 yil 27 fevraldagi qarori). Bundan ruhlangan shoir yanada astoydilroq ishga kirishdi, o’zini eng xavfli jabhalarda ish olib borishga mas’ul deb bildi. Hukumatning ishonchini oqlash maqsadida u Shohimardonga keldi. “Mening himoyachim Sho’ro hukumati” deb bilgan Hamza o’zini o’tga-cho’qqa urdi, ehtiyotkorlikni unutdi. Buning uchun tegishli jazosini oldi, fitna qurboni bo’ldi.

* * *

Albatta, uning barcha ishlari ham osonlikcha bitavermagan. Garchi hukumat topshirig’i bilan yurgan bo’lsa-da, ancha-muncha cheklash va tazyiqlarga uchradi, och-nahor, uy-joysiz, oyliksiz ishlashga majbur bo’ldi. Uning 1920-29-yillar oralig’ida turli hukumat tashkilotlariga, rasmiy rahbarlar va do’stlariga yozgan maktublarida dramtruppa a’zolari uchun mablag’ ajratilmayotgani, ular och-nahor ishlashga majbur bo’layotgani, Xo’jaylida tashkil qilgan maktab-internat o’quvchilariga yaratilgan sharoitning nobopligi, ularga oziq-ovqat, kiyim-kechaklar yetishmayotganligi, o’zi ham vaqtida oylik-maoshi va pensiyasini ololmayotganligi, buning ustiga ular oy sayin kamayib ketayotganligi tufayli oila a’zolarini boqish, kiyintirish, shaxsiy turar-joyi bo’lmaganligidan ijara haqini vaqtida to’lay olmayotganligi ayon bo’ladi. Maktublarning aksariyati respublika ijroiya qo’mitasi, kasaba sho’rosining xo’jalik sho»basiga, Buxoro, Farg’ona okruglari firqa qo’mitalariga, Y.Oxunboboev, O’lmasboev singari rahbarlarga yo’llangan. Bular orasida ayniqsa, O’lmasboev nomiga yuborgan xatida (1928 yil 5 fevral) “uyimda bir siqim un, bir qabza o’tin, eynimda na oilam, na bolam uchun bir to’n yo’q. Izillashib pul so’rasak, bizga teskari qaraydilar. Mana shunday voqealar o’n yillardan beri ming qabat bo’lib” ketganini yozadiki, beixtiyor uning ahvoliga achinib ketasiz. Hamzaning turmushi shu darajada og’irlashib ketadiki, qo’qonlik birodari Qori Yusuf Homidiyga yozgan xatida “Yozuvchi bo’lmay va dunyoga kelmay ham o’lay” deya afsuslanadi (5,104).
Farg’ona okrugi firqa qo’mitasiga yozgan arizasida esa (1927 yil 5 sentyabr) “hozirda ko’rgan kunlarimni itlar ko’rmasdir. Kecha xalq shoiri ismini olib, to bu kun o’z pulimga bir joy egasi bo’la olmay ko’chada qolishligim O’zbekistonning obro’siga ta’sir etmasligini tushunib, uning uchun men toqat qila olmayman” (5,165) deb yozadi. Shu yili 2 sentyabrda “Qizil O’zbekiston jumhuriyatining V hay’at anjumani sho»basiga” yo’llagan arizasida Sho»ro hay’atidan “siniq gavdalarimizni ko’tarish, qarshimizdagi ichki va tashqi qora kuchlar oldida yuzimizni yorug’” qilasiz deb o’tinib so’raydi va so’nggida quyidagi to’rtlikni ilova qiladi:

Bizda yo’g’ garchi kutganingiz,
Bigizni(ng) ishini tiyr (o’q) qilmas.
Biz elni dedik, faqir bo’lduk,
El bizni desa, haqir qilmas (5, 161-162).

Faqat maktublaridagina emas, balki publitsistik maqolalari, badiiy asarlarida ham Hamza Hakimzoda Sho’ro siyosatiga munosabatini bildirib o’tadi. Avvalo, shuni ta’kidlash joizki, ijodkor dastlab asarlariga sarlavhalar tanlashda hukumatga munosabatini bildirishga intilgandek tuyiladi.Jumladan, “Loshmon fojiasi”, “Farg’ona fojiasi” deb atalgan dramatik trilogiya va tetralogiyalari sarlavhalarida ana shunday ishorani sezish mumkin. Masalan, Loshmon joy ma’nosini emas, balki “losh — o’lik tana, murda, jonsiz tana, jasad parchasi” ma’nolarini anglatib, qizil askarlar qonxo’rligi tufayli yurt qabristonga aylanganligiga, parchalanib ketayotganiga, Farg’ona og’ir fojiani boshidan kechirayotganiga ishora qiladi. Shu asarining “Istibdod qurbonlari” nomli 3-bo’limida nachal`nik tilidan ochiqchasiga “bularni shunday qora mehnatlar bila ezub bitirmoq kerak. Chunki agar bulardan g’ofil qolinsa, albatta, zamoni kelur, bir kun bizga kutulmagan ikkinchi balo bo’lub chiquvlari shubhasizdir. Shuning uchun mana shunday fursatlardan istifodasiz bo’lmay, ziyolik firqalaridan tortub, sekin-sekin yo’q eta borish kerak” (3,107) degan fikrni ilgari surish bilan Sho’ro hukumatining mustamlakachilik siyosatini fosh qiladi. Yoki “Jahon sarmoyasining eng oxirgi kunlari” nomli asarida Sharq oq libosda keksa donishmand qiyofasida, G’arb esa mutafakkirona nigoh bilan qaraydigan qahrli qiyofada ko’rinadi. G’arb timsolida asosan mustamlakachi hukumat namoyon bo’ladi. U o’zining niyatini quyidagicha ifodalaydi: “Sezasizmi? Asrlardan beri sizlarni ezmoq, qulluq zaxmati bilan dunyoda bitirmoq, sizdagi boyliq bilan o’z saltanat va shavkatlarimizni barqaror qilmoq uchun qanday choralar ko’ramiz?” (4,202). Tarix Sharqning buyukligini tan olgan holda G’arbni “Sharq bobongdan afv istirxom etursan” deb uning huzuriga boshlab keladi. Bularning barchasi Hamza Hakimzoda yangi tuzumning asl maqsadini to’g’ri tushunib yetganligini isbotlab turibdi.

* * *

Xalq o’rtasidagi obro’si, notiqligi, kirishimligi, dadilligi, ommani orqasidan ergashtira olish qobiliyatidan o’z vaqtida unumli foydalanib, suvini siqib olgan hukumat Hamza Hakimzodani vafotidan keyin butunlay unutdi. Chunki mafkura sohasida undan-da muhimroq tadbirlar amalga oshirilishini kutib turardi: eng avvalo, adabiyot va san’atni tozalash, uni partiyaning dastyoriga aylantirish zarur edi. Buning uchun o’z siyosatiga qarshi chiqayotgan “eski” yozuvchilarni yo’qotish, yangilarini o’z izmiga solish kerak edi. Bu tadbir juda tez va shafqatsizlik bilan amalga oshirildi. Ammo hukumat razm solib qarasa, barcha adiblar yangi sotsialistik tuzumning “dushmani” sifatida yo’q qilinibdi. Ish shunday davom etaversa, xalqning sotsializmga nisbatan “muhabbati”ni oshiradigan adabiyot vakili qolmaydi. Shunday bir jonsiz figurani topish, uni ideal darajaga ko’tarish lozimki, toki hamma ijodkorlar u “asos solgan yo’l”dan borsinlar. Buning uchun oz bo’lsa ham Sho’ro hukumatiga sidqidildan xizmat qilgan biron bir ijodkorni topib, “qizil rang”ga bo’yash shart edi. Fitrat, Qodiriy, Cho’lponlar otib tashlangan, ularning nomini qayta tilga olib bo’lmasdi. Behbudiyni amir o’ldirgan degan tamg’a yopishtirildi, uning nomidan foydalansa bo’ladi, lekin u muxtoriyat uchun tinimsiz kurashgan, chet eldan yordam so’rashni niyat qilgan. Boz ustiga publitsistik maqolalari ham millatparvarlik, isyonkorlik ruhida yozilgan. Xo’sh, kimni bayroq qilib ko’tarsak bo’ladi degan savolga javob izlay boshladi komfirqa mafkurachilari. Shoshma, Shohimardon shayxlari tomonidan “toshbo’ron” qilib o’ldirilgan Hamza-chi? Juda munosib nomzod bo’ladi-da! Uning o’ldirilishidan ko’zlangan maqsadga erishildi: minglab dindorlar qamoqqa olindi, qolganlari ta’qib ostida pisib yuribdi. Hamza nomi har qancha qizil rangga bo’yalsa arziydi, degan xulosaga kelindi. Shundan so’ng…

Boshlandi!1939 yildan O’zbekiston xalq yozuvchisi Hamza Hakimzoda Niyoziy boshida quyosh charaqladi. Shoir tavalludining 50 yilligini nishonlashga qaror qilindi. Shu munosabat bilan shoirga “inqilob kuychisi” degan nihoyatda zamonaviy yorliq yopishtirildi. Uning shaxsi va ijodiy merosi soxtalashtirilib, qizilga bo’yaldi. Vaholanki, uning inqilobiy mavzudagi she’rlari barmoq bilan sanarli edi. Shunga qaramay, aslida erkka (“Yasha, Turon!”, “Berma erkingni qo’ldan”, “Hoy, ishchilar”,“Biz ishchimiz”), ma’rifatga (“Ishchilar, uyg’on!”, “Uyg’on!”), o’zlikni anglashga (“Yashangiz,ishchi-dehqonlar”, “Uyon, Vatan”) chaqiriq ruhida yozilgan she’rlari hamda asosiy qismlari yo’qolib ketgan “Boy ila xizmatchi” dramasi kommunistik mafkura malaylari tomonidan qayta ishlandi va manfaatdorlik nuqtai nazaridan talqin qilindi. Natijada so’nggi yarim asr mobaynida Hamza Hakimzoda adabiyotimiz uchun “inqilob kuychisi” bo’lib xizmat qildi. Bu xizmati shu darajada yuqori pog’onaga ko’tarildiki, unga hech kim yetolmadi. Go’yo XX asrning 40-yillariga qadar Hamza Hakimzodadan boshqa bironta ijodkor Sho’rolar hukumati mohiyatini to’g’ri tushunmagan, yolg’iz ugina inqilobning ilk kunlaridan “Yasha, Sho’ro!” deb hayqirgan, tanho Hamzagina dramalarida inqilobiy g’oyani ilgari surib, uning uchun kurashgan kishilar obrazini yaratgan, birgina u yangi – sotsialistik realizm metodidagi o’zbek adabiyotiga asos solgan. Hatto davr taqozosiga ko’ra qatag’onchi Stalin o’limidan so’ng ozgina ob-havo o’zgarib, Behbudiy, Fitrat, Qodiriy, Cho’lpon kabilar oqlangan 60-yillarda ham o’rnini bo’shatmadi, bil’aks, ularga soya solib turaverdi.

90-yillarga kelib, haqiqat ro’yobga chiqa boshladi. Tarixga munosabat yangilandi. Sho’rolar tomonidan tahqirlangan ajdodlarimizning haqiqiy qiyofasini aniqlash, munosib o’rnini belgilash uchun harakat boshlandi. Ayni chog’da qizil rangga bo’yalgan Hamza, o’z vaqtida partiya va hukumatni sharaflab she’rlar yozgan G’afur G’ulom, Uyg’un, shunday og’ir yillarda xalqning baxt va shodligini kuylagan Hamid Olimjon singari ijodkorlar “aybdor” sifatida taftish qilina boshlandi. Ayniqsa, Hamza Hakimzodaning ijtimoiy faoliyati hamda inqilobiy she’rlarini ro’kach qilib olgan ayrim adabiyotshunoslar adibni o’z zamondoshlari safidan siqib chiqarishga, darsliklardan olib tashlashga, nomini tariximizdan butunlay o’chirishga urindilar. Ular “Yasha, Sho’ro!”, “Hoy-hoy otamiz” singari 10-12 dona she’rlarini, “Boy ila xizmatchi” dramasida inqilobchi G’ofir obrazini yaratgani uchun Hamza ijodi o’rganishga arzimaydi deb ayyuhannos soldilar.

Garchi bunday qarashlarga qarshi I.Sulton, S.Mamajonov, L.Qayumov, O.Sharafiddinov, A.Hayitmetov singari atoqli olimlar Hamza ijodi va faoliyatini yetarli dalillar asosida ijobiy baholab bergan bo’lsalar-da, uni hanuz taftish etish davom etayotgani tashvishlidir. Chunki keyingi paytlarda yana uning nomini safdoshlari safidan o’chirishga, ijodini o’rganishni ta’lim dasturidan chiqarib tashlashga urinishlar boshlandi va bu borada ba’zi natijalarga ham erishildi. Vaholanki, muhtaram Prezidentimizning tarixga munosabatda xolislik printsipini amalda qo’llash zarurligi haqidagi ko’rsatmalari Hamza Hakimzoda ijodini xolisona baholashga ham taalluqlidir. Xo’sh, Hamza ijodi chindan ham o’rganishga loyiq emasmi? Buning uchun uning ijodiy merosiga bir qur nazar tashlash kifoyadir.

* * *

Dastlab shuni alohida ta’kidlash joizki, Hamza Hakimzoda ham zamondoshlari Behbudiy, Avloniy, Fitrat, Qodiriy, Munavvar qorilar kabi XX asr boshlarida jadidchilik harakatining oldingi saflarida faol ishtirok etgan, jaholatga qarshi ma’rifat bayrog’ini baland ko’targan, Turkiston mustaqilligi uchun astoydil kurashgan, o’z xalqining erkin yashashini orzu qilgan millatparvar ziyoli edi. U xalqini ma’rifatli qilish yo’lida ham amaliy, ham ijodiy faoliyat ko’rsatdi.

Hamza Hakimzoda o’zbek adabiyotining barcha janrlarida sermahsul ijod qilgan san’atkordir. 10-11 yoshidan she’r yoza boshlagan Hamza 25 yoshida “Devoni Nihoniy” kitobini nashr ettirdi. Devonga uning o’tgan 15 yil ichida yozgan 177ta she’ri kiritilgan. Ulardan 150 tasi g’azal, qolgani turli janrlarga oid lirik asarlardir. Ilk devonidayoq Hamza zullisonayn ijodkor sifatida namoyon bo’ldi. Devondagi 165 ta she’r o’zbek, 10tasi tojik tilida, 2 ta she’r esa shiru shakar shaklida o’zbekcha-ruscha so’zlar aralashtirib yozilgan. Shakl va mazmundagi bunday yangiliklar, shubhasiz, shoirning chindan ham XX asr o’zbek adabiyoti taraqqiyotiga katta hissa qo’shganligini ko’rsatadi. Ayni chog’da u o’zbek xalq og’zaki ijodi, boy mumtoz adabiyotimizning barhayot ildizlaridan bahramand bo’lib, an’analarga qat’iy amal qilgan holda zamonga mos yangiliklar ham kashf etdi.

Yirik san’atkor Hamza Hakimzodaning o’zbek adabiyoti va madaniyati rivojiga qo’shgan hissasi, o’rni va rolini ixcham tarzda quyidagicha baholash mumkin:

— Hamza Hakimzodaning adabiy merosi XX asr o’zbek adabiyotining rivojlanishi va boyishida muhim ahamiyat kasb etadi. U haqli ravishda yangi tipdagi o’zbek adabiyotining asoschilaridan biri bo’lib qoladi;

— Hamza Hakimzoda jadidchilik harakatining faol vakillaridan biri bo’lib, xalqini ma’rifatli qilish yo’lida ham ijodiy, ham amaliy, ham ijtimoiy faoliyat ko’rsatdi. Yangicha usulda maktablar ochish bilan birga zamondoshlari Behbudiy, Avloniy, Munavvarqori singari “O’qish kitobi”, “Qiroat kitobi”, ”Engil adabiyot” deb nomlangan darsliklar yaratdi va o’z hisobidan nashr ettirdi;

— Hamza Hakimzoda novator shoir sifatida Fitrat, Cho’lponlar qatorida o’zbek she’riyatining shaklan va mazmunan yangilanishiga chindan ham katta hissa qo’shdi. Shoirning 7 bo’limdan iborat “Milliy ashulalar uchun milliy she’rlar” nomli majmuasi hamda aruz vazni qoliplarini yorib chiqishga intilgani, ko’plab she’rlari barmoq, hatto erkin (“Er islohoti”, “Majlisdan keyingi kuzatishda”, “Qutlug’ bo’lsin”) vaznlarda, sarbast usulida yozilganligi, o’zbek realistik nasrini boshlab bergani uning novatorligini ko’rsatuvchi g’oyat muhim dalillardir;

— roman atamasini birinchi bo’lib iste’molga olib kirgan ham, shu nomdagi asarni birinchi bo’lib yozgan ham (garchi janr talablariga to’la javob bera olmasa-da) Hamza Hakimzoda Niyoziydir. Uning 1926 yilda o’z qo’li bilan yozgan tarjimai holida ko’rsatishicha, 1908 yilda Namanganda yashab-ishlab yurganida “bir “Haqiqat kimda” ismli havosiz operalik roman yozg’an edim, o’g’irlatdim, bukunki, topilmaydir”. Shu dalilning o’zi uni yana bir bor yuksaklik bosqichiga ko’tara oladi;

— o’zbek dramaturgiyasining dunyoga kelishi, janrlarining ko’payishi va rivojlanishida Hamza Hakimzodaning roli shak-shubhasiz beqiyosdir. Garchi dramaning ilk namunasi Behbudiy tomonidan yozilgan bo’lsa ham bu adabiy turning barcha janrlarida yetuk asarlar yaratish uning zimmasiga tushdi. Yana shunisi ham muhimki, u o’zbek adabiyotida birinchi bo’lib dramatik trilogiya (“Loshmon fojiasi”,1916-19 y.), dramatik tetralogiya (“Farg’ona fojiasi”, 1918-20 y.), she’riy dramalar (“Saylov oldidan”, “El quzg’unlari”)ni adabiyotimiz xazinasiga olib kirdi. Bu faktlar o’zbek dramaturgiyasining tom ma’nodagi asoschisi Hamza Hakimzoda Niyoziy bo’lganligini yana bir bor tasdiqlaydi.

— millatning ko’zini ochish, o’zligini anglatishning eng samarali yo’li -xalqqa bor haqiqatni ochiq aytish deb bilgan ma’rifatparvar shoir o’z tashabbusi bilan gazeta va jurnallar chiqarib, ularda achchiq gaplarni ochiq yozdi. Shu boisdan u muharrirlik qilgan “Kengash”, “Hurriyat” singari mutbuot nashrlari dadilligi, oshkora tanqidiy ruhi uchun 3-6 oy ichidayoq yopib qo’yilgan;

— shoirning “Shundoq qolurmu?”, “Yasha, Sho’ro!” she’rlari ko’p yillar mobaynida uning inqilob kuychisi sifatida ulug’lanishiga muhim dalil bo’lib keldi. Garchi birinchi she’ri 1917 yil fevral inqilobidan keyin uning istibdodiga qarshi yozilgan degan fikrlar aytilsa ham 1919 yilda nashr etilgan “Atir gul” majmuasiga kiritilishi shoirning g’oyaviy niyati sal boshqacharoq bo’lganligini ko’rsatadi. Uning fevral inqilobidan keyin bosilgan “Safsar gul” to’plamiga kiritilmaganligining sababi, nazarimizda, bu she’r hukumat tomonidan yo’q qilingan Turkiston muxtoriyati munosabati bilan yozilganligidir. Chunki unda “Qafasdan bo’shalgan qush” – Turkiston yana qafasga “Qaytib o’zini solmas”ligi, mustaqillik uchun kurash davom ettirilishiga ishora qilinayotgandek tuyiladi. “Yasha, Sho’ro!” she’ri esa aslida “Yasha, Turon!” bo’lganligini adabiyotshunoslar I.Sulton, S.Mamajonov, A.Hayitmetovlar tomonidan aniq dalillar bilan isbotlab berildi. Boz ustiga har qanday xushyor o’quvchi she’rning birinchi va ikkinchi satrlari qofiyasiga e’tibor bersa, uning “Yasha, Sho’ro” emas, aynan “Yasha, Turon” bo’lganligiga ishonch hosil qiladi (Turon-zamon).

— hamzashunos olim L.Qayumovning yozishicha, “U umrining oxirida hazin edi”. Bu hazinlik sabablari Hamzaning ayrim maktublarida ham anglashiladi. Shoir o’zining noma’lum shaxsga yo’llagan maktublaridan birida (ismini maxfiy tutishi va “sen” deb murojaat qilishiga qaraganda u yaqin do’sti bo’lsa kerak –Y.S.) “oldimda bo’ladurg’on hujumlarni ko’zda tutib”, “ig’vogarlar uyushib hamon mahkamalarda izg’ishib yurishgani”dan “Nima qilaman, hamma tomonim qorong’u” deya hadiksiraydi (5,100). Shuning oqibati bo’lsa kerak, 1927 yil 18 sentyabrda yozilgan to’rtliklaridan birida:

Bul jahon bahrida xilqatdin xabar olgil, ko’ngil,
Shoiri mahzun tabiatdin xabar olgil, ko’ngul.
Xum samoviy telbalik ilhomina cho’mg’on xayol,
Zavqig’a tekkan haqiqatdin xabar olg’il, ko’ngul.

deb yozgan edi. Hatto bu to’rtlikning ostiga “Har muyulishdan xo’mrayib chiqqan kishiga ko’ndalang, Bu Hakimzoda o’tar dunyodan Nihon edarak” degan qo’shimcha bayt ham kiritib qo’yadi (2,517).
— Hamza Hakimzoda ayrim manbalar hamda unga bag’ishlangan fil`mlarda ko’rsatilganidek, davrining yirik ma’rifatparvari Munavvarqori Abdurashidxonov bilan mutlaqo teskari munosabatda bo’lmagan. Aksincha, maktublarida Munavvarqoriga “hazrat, ustoz” deya chuqur hurmat bilan murojaat qiladi, undan maslahat so’raydi, dardini aytadi.

* * *

Keyingi yillarda Hamza Hakimzoda halokatining tafsilotlari to’g’risida ham yangi ma’lumotlar topildi va e’lon qilindi. Mustaqillik sharofati bilan 70 yil mobaynida sir tutilgan sud materiallarini o’rganish oqibatida uning shayxlar tomonidan toshbo’ron qilinmaganligi aniqlandi. Farg’onalik huquqshunos M.Sheraliev “ancha yillardan buyon Shohimardonda yashab, u yerdagi keksalar bilan suhbatlashuvlar, ayrim arxiv hujjatlari bilan tanishish jarayonida Hamza Hakimzoda halokatining sabablarini ochishga, bu sirli o’lim yuzasidagi pardani ko’tarishga” muvaffaq bo’ldi. Uning yozishicha, “Hamzani ikki kishi – Bolta o’g’ri bilan Yodgor o’g’ri o’ldirgan. Qotillikka maishiy asosda kelib chiqqan to’qnashuv sabab bo’lgan.” Bundan Sho’ro hukumati ustalik bilan foydalanib, dinni ta’qiqlash, ruhoniy ulamolarni yo’q qilish, xalqni qo’rqitib olish maqsadida foydalangan.

Qatag’onga asos ham yetarli edi. Ma’lum bo’lishicha, Hamza Hakimzoda o’ldirilishidan bir necha oy muqaddam Shohimardondagi bir guruh ulamolardan o’sha paytdagi O’zbekiston respublikasi Markaziy Ijroiya qo’mitasining raisi Yo’ldosh Oxunboboev nomiga ariza tushgan, unda shoirning Shohimardonda amalga oshirayotgan ishlari va xulqi qishloq ahli orasida norozilik tug’dirayotganini aytishib, uni ehtiyot qilish uchun bu yerdan chaqirib olish lozimligini iltimos qilgan edilar. Aynan shu maktub Sho’ro hukumati uchun Hamzaga qarshi uyushtirilgan suiqasdga dalil bo’lib xizmat qildi. Tez orada qatag’on mashinasi ishga solindi va 60 kishi qamoqqa olindi. Sud hukmiga ko’ra “Hamzani toshbo’ron qilib o’ldirgan shayx”lardan 5 kishi otuvga,qolganlari turli muddatli qamoq jazosiga hukm qilindi. Haqiqiy qotillar esa bir chetda qolaverdi.

* * *

Yuqorida bayon qilingan mulohazalar otashnafas shoir, sermahsul yozuvchi, mohir dramaturg, o’tkir publitsist, faol jamoat arbobi, O’zbekiston xalq yozuvchisi Hamza Hakimzoda Niyoziyning himoyaga muhtoj emasligini, uning asosan ijtimoiy faoliyatini birinchi o’ringa qo’yib, ijodini nazarga olmayotgan ayrim mutaxassislarning da’volari asossiz ekanligini, Hamza o’z ijodi bilan mangu barhayot qolishini, jisman tuproqda yotsa ham shoir va dramaturg, ma’rifatli jadid sifatida o’z asarlari bilan ayni kunlarda ham biz bilan yashashga haqli ekanligini isbotlaydi. Umrining oxirlarida o’sha mas’ul shaxs O’lmasboevga yo’llagan maktubida “Endilikda firqaga tayanib turib, kuchimiz g’asb (zo’rlash, majburlash), martabamiz tahqir etilsa, albatta, muni matbuot bir kun bo’lmasa, bir kun tekshirar” deb umid qilgandi. Bu umidini ro’yobga chiqarish bugun shakllanayotgan adabiyotshunoslar avlodining vazifasidir. kelayotir. Chunki haqiqiy ijodkorga jismoniy o’lim yo’q. Zero, “aslida Vatan ravnaqi uchun kurashgan, keyin o’zi bexabar holda Sho’ro adabiyotining yalovbardoriga aylangan Hamza Hakimzoda” ham o’z zamondoshlari qatorida abadiy yashashga, adabiyot va madaniyatimiz tarixida barhayot qolishga, uning ijodi yosh avlod tomonidan o’rganilishga haqlidir.

O’ylab ko’raylik: Sho’ro davrida atay qizil rangga bo’yalib, ko’tar-ko’tar qilingan Hamza Hakimzodani oqlash, uning o’ziga yarasha o’rnini belgilab berish o’rniga bugungi mustaqil yurt farzandlari ham qoralab tursak, insofdan emas. Shu paytgacha uning ruhi bezovta bo’lgani yetar, endi uni tinch qo’yaylik, boricha o’rganaylik, haqiga duo qilaylik. Axir, olamdan o’tganlarni hadeb kavlayverish milliy urf-odatimizga to’g’ri kelmaydi-ku! Shunday emasmi?

Foydalanilgan adabiyotlar:

1. B.Qosimov, SH.Yusupov, U.Dolimov va b. Milliy uyg’onish davri o’zbek adabiyoti. Darslik. T., “Ma’naviyat” nashriyoti, 2004.
2. S.Mamajonov. Barhayot Hamza. T., “Fan” nashriyoti, 1991.
3. O.Sharafiddinov. Ijodni anglash baxti. T., “Sharq” NMAK, 2004.
4. L.Qayumov. Biz bilmagan Hamza. “O’zAS”, 29.X11.1999.
5. M.Sheraliev. Shohimardon haqida o’ylar. “Farg’ona” nashriyoti, 1993.
6. Abdul Qodir. “Yasha, Turon!”. “O’zAS”, 2.07.2004.
7. Hamza Hakimzoda Niyoziy. To’la asarlar to’plami. 5 tomlik. T., “Fan” nashriyoti, 1988-1989 yillar.
8. Y.Solijonov. Zulmatdan nur qidirganlar. T., A.Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi nashriyoti, 2007.

Izohlar

1. A.Qahhor. Asarlar. 5 jildlik. Haq so’zning kuchi. 5-jild. T., G’.G’ulom nomidagi ASN, 1989. 138-bet.
2. S. Mamajonov. Barhayot Hamza. T., “Fan” nashriyoti, 1991. 9,11-betlar.
3. Hamza Hakimzoda Niyoziy. To’la asarlar to’plami. 5 tomlik. 5-tom. T., “Fan”, 1989. 105-bet (bundan keyingi ko’chirmalar ham shu manbadan olindi va jildi hamda sahifasi qavs ichida
ko’rsatildi).

4. Qarang: I.Sulton, S.Mamajonov, “Ikki muhim tuzatish”, “O’zAS”, 28.08.1997. Abdul Qodir (professor A.Hayitmetov) “Yasha, Turon!”. “O’zAS”, 2.07.2004)
5. A.Qayumov. Biz bilmagan Hamza. “O’zAS”, 29.12.1999.
6. Mannop Sheraliev. Shohimardon haqida o’ylar. F., “Farg’ona” nashriyoti, 1993. 20-bet.

Maqola muallifi haqida

Ashampoo_Snap_2016.10.09_22h37m39s_003_.pngYo’ldosh Solijonov — Farg’ona davlat universiteti professori, filologiya fanlari doktori. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi. Zamonaviy o’zbek adabiyotidagi jarayonlar va muammolar, asarlar va ularning mualliflariga  bag’ishlangan tadqiqotlar va maqolalar muallifi. Saytimiz sahifalarida olimning Rauf Parfi («Sabr daraxti»),  Usmon Azim («Pokiza niyatning nurli yo’llari»), Qutlibeka («Mehr bog’ida o’sgan daraxt») kabi shoirlar shaxsiyati va ijodiga, G’arb adabiyotida kechayotgan jarayonlarga oid («Sizif va absurd») maqolalari e’lon qilingan.

002

Hamza Hakimzoda Niyoziy. to’La Asarlar to’Plami. 1-Jild. Devon by Khurshid Davron on Scribd

003

(Tashriflar: umumiy 2 455, bugungi 1)

Izoh qoldiring