Yo’ldoshbek Kenja. Qizg’aldoqnoma & O’rolboy Qobil. Hayrat izlagan odam

02Йўлдошбек Кенжанинг “Ватан жон ичра” китобига ёзган сўзбошида адиб Темирпўлат Тиллаев шундай ёзади: «Йўлдошбек Кенжа ҳайрат излаб яшайди. Зеро, ана шу ҳайратда дунё тилсимлари жамланган бўлади. Шоир ва адибнинг сара шеър ва ҳикоялари эса ана шу ҳайратнинг энг сархил меваларидир. Унинг асарлари мазмун ва моҳиятини маълум бир нуқтага жамлаб турадиган бир жиҳат борки, бу ҳам бўлса бедор кўнгилнинг туғёнли ҳайратларидир…

Ўролбой ҚОБИЛ
ҲАЙРАТ ИЗЛАГАН ОДАМ
09

Ижодкор муаллим Йўлдошбек Кенжа эл қатори яшайди. Ҳарқалай умри бесамар эмас ўтмаяпти. Беш-ўнта китоблари нашр этилди. Ижодий танловлар ғолиби бўлди. Унвон, медаллар олди. Эл-улус ичида обрў-эътибор топди.

Муаллим яшайдиган уйнинг орқасидан катта ариқ ўтган. Домла ариққа ўзича Найманариқ деб ном қўйган. Айқириб сув оқади. Ариқнинг нариги тарафига ўтиш айниқса, қиш ва баҳорда азоб, чунки кўприк йўқ. Кўприк қуриш эса осон иш эмас, харажати бор. Йўлдош муаллим бу хусусида уч-тўрт қўшнисига гап солиб кўрди, тайинли жавоб бўлмади.

Муаллимнинг ўрлиги тутди: “Тенгқурларим чойхона, дўкон қуриб ётибди, мен битта кўприк қуролмайман-ми?”, — деди у аёли Норгул янгага..

Аёли ҳам фикрини маъқуллади.

Муаллим бир ойлик маошига учта бетон қувур сотиб олиб ариққа ўрнатди, устига шох-шабба ташлади. Фермер дўстининг бульдозери билан тупроқ босди. Ўғиллари Бахтиёр билан Давронни икки ҳафта терлатди. Кўприк тайёр бўлди. Энди узоқдан машинада келадиган ёзувчи дўстларидан хижолат бўлмайди. Қолаверса кекса-ёш, бола-бақралар бемалол ўтиб, қишлоққа, мактабга боришадиган бўлди.

Йўлдош муаллим кўприк қурганини овоза қилгани йўқ, мақтанчоқлик муаллимнинг табиатига ёт.

***

Яна бир гап. Қишлоқдошлари Йўлдош муаллимни уста лимончи сифатида яхши танишади. Чунки тиниб-тинчимас ижодкорга бундан ўн беш йил аввал т ёзувчи Темирпўлат Тиллаев йигирма туп лимон кўчати олиб келиб берар экан:
-Ака, шуни ҳам бир ўрганиб қўйинг, биламан, эплисиз, шу билан бизнинг лимонларга ҳам қараб турасиз,- деганди.

Домла лимон экиб кам бўлмади, бой бўлди. Ўғил-қизларини уйли-жойли қилди. Набираларининг қўлини ҳалоллади. Ўзига, ўғилларига машина олиб берди. Яна бир гап: Муаллим ҳеч қачон лимонхонасига қулф солмайди. Ирим қилади. Домланинг олтин рангда жилоланувчи лимонлари бу ёғи Тошкент, Қарши, Помуқдаги укалари, ёр-бирадорлари дастурхонида кўзни яшнатиб туради.

***

Йўлдошбек Кенжанинг “Ватан жон ичра” китобига ёзган сўзбошида адиб Темирпўлат Тиллаев шундай ёзади:  «Йўлдошбек Кенжа ҳайрат излаб яшайди. Зеро, ана шу ҳайратда дунё тилсимлари жамланган бўлади. Шоир ва адибнинг сара шеър ва ҳикоялари эса ана шу ҳайратнинг энг сархил меваларидир. Унинг асарлари мазмун ва моҳиятини маълум бир нуқтага жамлаб турадиган бир жиҳат борки, бу ҳам бўлса бедор кўнгилнинг туғёнли ҳайратларидир. Ҳайрат қўрғонининг содиқ ва салоҳиятли фуқароси Йўлдошбек Кенжа истеъдодли шоир, нозик таъб адиб ва ҳозиржавоб ижодкордир. У тонглар суруридан шеър, кунлар шиддатидан ҳикоя, тунлар бедорлигидан ўқиган одамни мушоҳада оламига етаклайдиган эсселар яратиш салоҳиятининг беназир қалам соҳибидир».

***

Кекса ижодкор Бердиқобил Худойқулов шундай деди:
-1997 йилнинг баҳори эди. Кунларнинг бирида бир неча ойлардан бери қоралаган қўлёзмаларимни бир кўрсатиш учун ўғлимнинг машинасида Одамбормасга, Турсунбой Боймировнинг уйига бордим. Мезбон бизларни очиқ юз билан кутиб олди ва дастурхон устида “дард”имни айтдим. Турсунбой ёзганларимни варақлаб бўлгач, менга юзланди:

-Ака, бу иш менинг қўлимдан келмас-ов, лекин бунинг устаси бор…
-Ким экан у,- деб сўрадим.

-Жонбўзсойлик, қишлоқдошингиз Йўлдошбек деган муаллим. Ўзиям зўр шоир ва муҳаррир, учта-тўртта китобиям чиққан.

-Анови Кенжа тракторчининг ўғлими, газетада ишлаб юрарди.
-Худди ўзи.

Бизлар машинага ўтирдик. Йўлдошбекнинг уйи қишлоққа кираверишдаги дўнгсаликда экан. Уй эгаси бизларни қучоқ очиб кутиб олди ва суҳбатимиз дарров қизиб кетди.

-Раис бова, ёзганларингиз ёмон эмас, лекин қайтариқ сўзлар кўпга ўхшайди. Истасангиз уни чиройлигина китобчага айлантириб бераман.

Рози бўлдим. Орадан икки-уч ҳафта ўтиб яна Йўлдошникига бордим. У қўлимга ўттиз беш саҳифалик китоб намунасини тутқазди.

-Ака, узр, олти юз бетлик қораламангизнинг қаймоғи шу бўлди…

Кўп ўтмай “Мен интилган чўққилар” китобим нашрдан чиқди. Кейинчалик ҳам укамиз менга кўп бора амалий ёрдам берди. Бизлар тез-тез кўришиб турадиган ака-укаларга, қадрдонларга айландик.

***

Яна бир гап. Йўлдош муаллим анчайин меҳмондўст одам. Ойда бир-икки ижодкор дўстларини чақириб гурунглашиб турмаса, ўйқуси қочиб, халоватини йўқотади.

Домла айниқса, Тошкентдан укаси, шарқшунос олим ва шоир Абдусаттор Жуманазар келса яйраб кетади. Минг қила ҳам жигари-да… Соғинган.

Албатта меҳмоннинг келганини Тўқбойдан Сайфулла Ал-Мурод, Қоратепадан Абдимурод Қодир, Одамбормасдан Турсунбой Боймиров, Чим Темирпўлат Тиллаев, Қамайдан Шуҳрат Рустамов ва ҳатто, олис Помуқдан Абдунаби Абдиев, Бешкентнинг Қовчинидан Нуриддин Эгам каби ёр-дўстлар ҳам бир зумда эшитади.

Узун меҳмонхонада бўлади гурунг, бўлади суҳбат… Тонглар отиб кетади.

Нималарни сўзлашмайди меҳмонлар. Барибир гурунгнинг мавзуси ижод, адабиёт бўлади. Даврадагилар пойтахтдан келган меҳмонни саволга тутишади.

Ора-сира мезбон тамоқ қириб ташқарига қараб қўяди.

Аввал набиралари, ортидан уялибгина келинлари дастурхонга ноз-неъматларни олиб келишади…

-Тортинманглар, олиб келаверинглар, ўзларинг кўриб юрган боваларинг, анови сандиқдаги боваларингнинг яшириб қўйган ёнғоқ, бодам, олма, анор, лимонлар ҳам эсдан чиқмасин,-деб қўяди Турсунбой ака ҳазиллашиб.
  -Неваралар чопқилашиб момосига меҳмон бобонинг гапини етказишади.

  Момоси сочбовидаги калитни катта келинига беради.
  -Уф… меҳмони ҳам бор бўлсинда.. бориб бовангнинг сандиғини очинглар…

Йўлдошбек КЕНЖА
ҚИЗҒАЛДОҚНОМА
09

04Йўлдошбек Кенжа 1952 йилда Қамаши тумани Наймансарой қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тугатгач, вилоят ички ишлар бўлимида инспектор, туман газетасида адабий ходим, “Насаф” нашриётда муҳаррир, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Ҳозир нафақада. Шоирнинг ўндан ортиқ назмий ва насрий китоблари чоп этилган. “Ижодкор ўқитувчи” нишони ва “Шуҳрат” медали соҳиби.

09

1.
Қизғалдоқ…
Кўнглим бир тоғ истайди,
Чексиз саҳро истайди.
Покиза боғ истайди,
Қароғимда лолазор,
Унда яшар гўзал ёр,
Ақлим олади бисёр.

2.
Қизғалдоқ…
Номинг битик дилимда,
Битта сирдош элимда.
Каломингга жон нисор,
Қонимда кезар баҳор.
Мен тошларга тирмашсам,
Сен интилдинг Кун томон.
Ҳар имонгда хушрўй жам,
Ахир ўзинг бир жаҳон.

3.
Қизғалдоқ…
Сенинг нафасинг теккан
Суякларда кўк япроқ.
Чаманзоринг тўтиё,
Соя сололмас фироқ.
Вужудингдақайнар ишқ
Ифорингдан чексизлик
Зарра қумга айланар,
Илдизингга боғланар.

4.05
Қизғалдоқ…
Қай сўқмоқда адашсам,
Ҳузурингга етаклар.
Ошиқлар даврасида,
Минг бир кеча эртаклар.
Оқ туманлар қўйнида
Нозик жисминг улғаяр.
Кўксимнинг барханида,
Саҳарларга юз чаяр.

5.
Қизғалдоқ…
Тусинг турфа ноладир,
Гўё бир қиз боладир.
Қаламинг соз- чаладир,
Яшар жойинг даладир.
Мадат сўрайди ҳар дам
Муҳтож дилнинг дуоси.
Лафзинг ботмас тикондек
Сен Оллоҳим гиёси.

6.
Қизғалдоқ…
Осмон ювар пойингни,
Каъба билиб жойингни.
Гуноҳи кўп ошиқлар,
Қароғингга шошиқлар.
Капалакдай гулбаргинг,
Кипригида дур шабнам,
Соғинчларинг унда жам.

7.
Қизғалдоқ…
Гулзорнинг бир куни бор,
Ҳар туннинг ой-туни бор.
Уни қалбдан севгувчи
Қалбнинг шавқли уни бор.
Очиласан фусункор,
Ишқ истаб, ҳижрон истаб,
Ширин тилинг шоирдир,
Тотли бир замон истаб.

8.
Қизғалдоқ…
Сира ерга тушмадинг,
Товушинг авжланади.
Сирли жилмайишингдан,
Табиат мавжланади.
Ўтди қанча ошиқлар,
Кўзлар тўла қўшиқлар.
Узмоқ учун қўл чўздим,
Орда қолдим, ё ўздим.

9.
Қизғалдоқ …
Ўт-ўланлар риёкор,
Рақс тушади товусдай.
Ҳушимни олмоқ учун,
Ўраб олар қавсдай.
Сўзинг шундай афсунгар,
Усиз ғариб бу борлиқ.
Нафасингни туймасам,
Қийнайди мени зорлик.

10.
Қизғалдоқ…
Оёқларинг остида
Ишвангдан бўлиб ҳалак,
Ўнгирлар теграсида
Қорлар эрийди чак-чак.
Қаҳатми қиё қараш?
Шаббодалар шивирлар:
-Ярашар, яраш-яраш.

11.
Қизғалдоқ …
Сенсиз паға булутлар
Заминга ўтмас қўниб.
Қушча каби юрак ҳам
Уйғонмас музга дўниб.
Севиб қолдим, нетайин,
Кетаяпсан қайрилмай.
Дариғ тутма висолинг,
Ҳечам сендан айрилмай.

12.
Қизғалдоқ…
Карашма айласанг гар,
Ишқингда жоним бахши.
Унутилар гиналар,
Сен яхши-ю, мен яхши
Шафқат йўқми дилингда,
Айтсанг битта эзгу сўз.
Асрардим, афсун бўлиб
Боқса ҳамки ёмон кўз.

13.
Қизғалдоқ…
Сенсиз оҳу оҳ чекиб,
Ҳарсанг ошиб юрмайди.
Майсасиз дашт ғарибдир,
Сира баҳор кўрмайди.
Кимки севар қуёшдан
Симирадир шаффоф нур.
Оёғинг босган тупроқ,
Кўкатлардан томган дур.

14.
Қизғалдоқ…
Сен замин эркатойи,
Ранги-рўйинг фаришта.
Ўсган жойинг жаннатдай,
Бирам гўзал саришта.
Ҳар гал сени соғинсам,
Суратингга боқаман.
Лолазор уммонида
Хаёл бўлиб оқаман.

15.
Қизғалдоқ …
Сен шунчалар суюкли,
Сенсиз мазмунсиз дамлар.
Қўрқмасин деб тўлин ой,
Ёқиб қўяди шамлар.
Тоғларнинг сояси йўқ,
Осмондайин кўкси кенг.
Унда гуллар ғунчалар-
Суврати юракка тенг.

16.
Қизғалдоқ…
Қурғур нозинг минг битта,
Ҳаволарга сиғмайди.
Чўққилар оҳу-зори
Наволарга сиғмайди.
Чайқалар дарахтзорлар,
Музликлар ҳам қочади.
Ёқа йиртиб қорликлар,
Сенга сўқмоқ очади.

17.
Қизғалдоқ…
Қалбида дарди борлар,
Даво излар шаробдан.
Мен гуллар лабидаги
Қудрат топдим бол обдан.
Сен косангда ишқ учун
Йиғасан томчи заҳар.
Ичган ошиқ беҳушдир,
Сен ёқимли афсунгар?

18.
Қизғалдоқ…
Қирқин қизга бош бўлиб,
Излайсан телба дилни.
Дарёлар ҳам жўшади,
Кезганида соҳилни.
Сўзинг комил эгилдим,
Сирим ошкор бўлди, гул.
Жилмайдинг, кўзларингга
Боқмай туриб бўлдим қул.

19.
Қизғалдоқ…
Булбулингнинг ҳоли танг,
Фарёдида садо йўқ.
Шамол кезар ҳовлиқиб,
Қўлида гул-синиқ ўқ.
Юрган йўлинг сабзазор,
Севган кўнглинг гўзалдир.
Изинг тупроғин ўпмоқ,
Ҳар недан-да афзалдир.

20.
Қизғалдоқ…
Бўсаларинг аслида,
Жилвангдан ҳам ширинроқ.
Олов лаб, шаршара соч,
Ҳар танга солар титроқ.
Будданинг узгани гул,
Гуноҳ-бутпараст бўлди.
Шамчироқ ёнганида,
Инс-у жинслар маст бўлди.

21.
Қизғалдоқ…
Хаёлимдан кетмайсан,
Атрофимда мисли ел.
Кокилларинг бир тарай,
Ширин жоним бери кел.
Гўзаллик фидоликдир,
Бир жондан жудоликдир.
Нозик бандингни узган,
Қилмиши худоликдир.

22.
Қизғалдоқ…
Гулга меҳрибон наҳор,
Силар кокил, юзини.
Кўкрагини совутгач,
Йўқотади изини.
Интиқ кўнгил тун-у кун
Келишини кўп кутар.
Ифоринг ҳидлаган ёр,
Оғир дардни унутар.

23.
Қизғалдоқ…
Сен кетдинг, узоқ кетдинг,
Оралиқда чирс аёз.
Балки кўришмоқ яқин,
Чусмомо гуллар қийғос.
Қалбимда қувонч илиқ,
Тусланар сариқ лола.
Чеҳраси кўркам тиниқ,
Тилимда шеърий нола.

24.
Қизғалдоқ…
Сочларинг тўзғиб сузар,
Шаббода қатларида.
Номинг тинмай такрордир,
Қумрининг байтларида.
Яхши гуллар кўп дейман,
Булут каби мулойим.
Аммо сени соғиндим,
Висол бер, эй Худойим.

25.
Қизғалдоқ…
Баъзан сўраб қўясан,
Девона жон йўқми деб.
Саховатинг шунчалар,
Ортимдан раҳмимни еб.
Ой келтирар сўровинг,
Нур ёғилиб юзидан.
Аммо рашки бўлакча,
Ўқиб олдим кўзидан.

26.
Қизғалдоқ …
Кўришмадик қанча кун,
Сенинг кўнглинг тўлдими?
Қалдирғоч бўғзида ун,
Дийдор анқо бўлдими?
Чувалади сочлари,
Бармоқларда аёлнинг…
Сен қанчалар қочмагин,
Қўли узун хаёлнинг…

Манба: Йўлдошбек Кенжа “Вақт парчалари” шеърлар. “Yangi nashr” нашриёти Тошкент,2010 йил

03Yo‘ldoshbek Kenjaning “Vatan jon ichra” kitobiga yozgan so‘zboshida adib Temirpo‘lat Tillayev shunday yozadi: «Yo‘ldoshbek Kenja hayrat izlab yashaydi. Zero, ana shu hayratda dunyo tilsimlari jamlangan bo‘ladi. Shoir va adibning sara she’r va hikoyalari esa ana shu hayratning eng sarxil mevalaridir. Uning asarlari mazmun va mohiyatini ma’lum bir nuqtaga jamlab turadigan bir jihat borki, bu ham bo‘lsa bedor ko‘ngilning tug‘yonli hayratlaridir…

O‘rolboy QOBIL
HAYRAT IZLAGAN ODAM
09

Ijodkor muallim Yo‘ldoshbek Kenja el qatori yashaydi. Harqalay umri besamar emas o‘tmayapti. Besh-o‘nta kitoblari nashr etildi. Ijodiy tanlovlar g‘olibi bo‘ldi. Unvon, medallar oldi. El-ulus ichida obro‘-e’tibor topdi.

Muallim yashaydigan uyning orqasidan katta ariq o‘tgan. Domla ariqqa o‘zicha Naymanariq deb nom qo‘ygan. Ayqirib suv oqadi. Ariqning narigi tarafiga o‘tish ayniqsa, qish va bahorda azob, chunki ko‘prik yo‘q. Ko‘prik qurish esa oson ish emas, xarajati bor. Yo‘ldosh muallim bu xususida uch-to‘rt qo‘shnisiga gap solib ko‘rdi, tayinli javob bo‘lmadi.

Muallimning o‘rligi tutdi: “Tengqurlarim choyxona, do‘kon qurib yotibdi, men bitta ko‘prik qurolmayman-mi?”, — dedi u ayoli Norgul yangaga..

Ayoli ham fikrini ma’qulladi.

Muallim bir oylik maoshiga uchta beton quvur sotib olib ariqqa o‘rnatdi, ustiga shox-shabba tashladi. Fermer do‘stining buldozeri bilan tuproq bosdi. O‘g‘illari Baxtiyor bilan Davronni ikki hafta terlatdi. Ko‘prik tayyor bo‘ldi. Endi uzoqdan mashinada keladigan yozuvchi do‘stlaridan xijolat bo‘lmaydi. Qolaversa keksa-yosh, bola-baqralar bemalol o‘tib, qishloqqa, maktabga borishadigan bo‘ldi.

Yo‘ldosh muallim ko‘prik qurganini ovoza qilgani yo‘q, maqtanchoqlik muallimning tabiatiga yot.

***

Yana bir gap. Qishloqdoshlari Yo‘ldosh muallimni usta limonchi sifatida yaxshi tanishadi. Chunki tinib-tinchimas ijodkorga bundan o‘n besh yil avval t yozuvchi Temirpo‘lat Tillayev yigirma tup limon ko‘chati olib kelib berar ekan:
-Aka, shuni ham bir o‘rganib qo‘ying, bilaman, eplisiz, shu bilan bizning limonlarga ham qarab turasiz,- degandi.

Domla limon ekib kam bo‘lmadi, boy bo‘ldi. O‘g‘il-qizlarini uyli-joyli qildi. Nabiralarining qo‘lini halolladi. O‘ziga, o‘g‘illariga mashina olib berdi. Yana bir gap: Muallim hech qachon limonxonasiga qulf solmaydi. Irim qiladi. Domlaning oltin rangda jilolanuvchi limonlari bu yog‘i Toshkent, Qarshi, Pomuqdagi ukalari, yor-biradorlari dasturxonida ko‘zni yashnatib turadi.

***

Yo‘ldoshbek Kenjaning “Vatan jon ichra” kitobiga yozgan so‘zboshida adib Temirpo‘lat Tillayev shunday yozadi: “Yo‘ldoshbek Kenja hayrat izlab yashaydi. Zero, ana shu hayratda dunyo tilsimlari jamlangan bo‘ladi. Shoir va adibning sara she’r va hikoyalari esa ana shu hayratning eng sarxil mevalaridir. Uning asarlari mazmun va mohiyatini ma’lum bir nuqtaga jamlab turadigan bir jihat borki, bu ham bo‘lsa bedor ko‘ngilning tug‘yonli hayratlaridir. Hayrat qo‘rg‘onining sodiq va salohiyatli fuqarosi Yo‘ldoshbek Kenja iste’dodli shoir, nozik ta’b adib va hozirjavob ijodkordir. U tonglar sururidan she’r, kunlar shiddatidan hikoya, tunlar bedorligidan o‘qigan odamni mushohada olamiga yetaklaydigan esselar yaratish salohiyatining benazir qalam sohibidir”.

***

Keksa ijodkor Berdiqobil Xudoyqulov shunday dedi:
-1997 yilning bahori edi. Kunlarning birida bir necha oylardan beri qoralagan qo‘lyozmalarimni bir ko‘rsatish uchun o‘g‘limning mashinasida Odambormasga, Tursunboy Boymirovning uyiga bordim. Mezbon bizlarni ochiq yuz bilan kutib oldi va dasturxon ustida “dard”imni aytdim. Tursunboy yozganlarimni varaqlab bo‘lgach, menga yuzlandi:

-Aka, bu ish mening qo‘limdan kelmas-ov, lekin buning ustasi bor…
-Kim ekan u,- deb so‘radim.

-Jonbo‘zsoylik, qishloqdoshingiz Yo‘ldoshbek degan muallim. O‘ziyam zo‘r shoir va muharrir, uchta-to‘rtta kitobiyam chiqqan.

-Anovi Kenja traktorchining o‘g‘limi, gazetada ishlab yurardi.
-Xuddi o‘zi.

Bizlar mashinaga o‘tirdik. Yo‘ldoshbekning uyi qishloqqa kiraverishdagi do‘ngsalikda ekan. Uy egasi bizlarni quchoq ochib kutib oldi va suhbatimiz darrov qizib ketdi.

-Rais bova, yozganlaringiz yomon emas, lekin qaytariq so‘zlar ko‘pga o‘xshaydi. Istasangiz uni chiroyligina kitobchaga aylantirib beraman.

Rozi bo‘ldim. Oradan ikki-uch hafta o‘tib yana Yo‘ldoshnikiga bordim. U qo‘limga o‘ttiz besh sahifalik kitob namunasini tutqazdi.

-Aka, uzr, olti yuz betlik qoralamangizning qaymog‘i shu bo‘ldi…

Ko‘p o‘tmay “Men intilgan cho‘qqilar” kitobim nashrdan chiqdi. Keyinchalik ham ukamiz menga ko‘p bora amaliy yordam berdi. Bizlar tez-tez ko‘rishib turadigan aka-ukalarga, qadrdonlarga aylandik.

***

Yana bir gap. Yo‘ldosh muallim anchayin mehmondo‘st odam. Oyda bir-ikki ijodkor do‘stlarini chaqirib gurunglashib turmasa, o‘yqusi qochib, xalovatini yo‘qotadi.

Domla ayniqsa, Toshkentdan ukasi, sharqshunos olim va shoir Abdusattor Jumanazar kelsa yayrab ketadi. Ming qila ham jigari-da… Sog‘ingan.

Albatta mehmonning kelganini To‘qboydan Sayfulla Al-Murod, Qoratepadan Abdimurod Qodir, Odambormasdan Tursunboy Boymirov, Chim Temirpo‘lat Tillayev, Qamaydan Shuhrat Rustamov va hatto, olis Pomuqdan Abdunabi Abdiyev, Beshkentning Qovchinidan Nuriddin Egam kabi yor-do‘stlar ham bir zumda eshitadi.

Uzun mehmonxonada bo‘ladi gurung, bo‘ladi suhbat… Tonglar otib ketadi.

Nimalarni so‘zlashmaydi mehmonlar. Baribir gurungning mavzusi ijod, adabiyot bo‘ladi. Davradagilar poytaxtdan kelgan mehmonni savolga tutishadi.

Ora-sira mezbon tamoq qirib tashqariga qarab qo‘yadi.

Avval nabiralari, ortidan uyalibgina kelinlari dasturxonga noz-ne’matlarni olib kelishadi…

-Tortinmanglar, olib kelaveringlar, o‘zlaring ko‘rib yurgan bovalaring, anovi sandiqdagi bovalaringning yashirib qo‘ygan yong‘oq, bodam, olma, anor, limonlar ham esdan chiqmasin,-deb qo‘yadi Tursunboy aka hazillashib.
-Nevaralar chopqilashib momosiga mehmon boboning gapini yetkazishadi.

Momosi sochbovidagi kalitni katta keliniga beradi.
-Uf… mehmoni ham bor bo‘lsinda.. borib bovangning sandig‘ini ochinglar…

Yo‘ldoshbek KЕNJA
QIZG‘ALDOQNOMA
09

Yo‘ldoshbek Kenja 1952 yilda Qamashi tumani Naymansaroy qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining filologiya fakultetini tugatgach, viloyat ichki ishlar bo‘limida inspektor, tuman gazetasida adabiy xodim, “Nasaf” nashriyotda muharrir, maktabda o‘qituvchi bo‘lib ishladi. Hozir nafaqada. Shoirning o‘ndan ortiq nazmiy va nasriy kitoblari chop etilgan. “Ijodkor o‘qituvchi” nishoni va “Shuhrat” medali sohibi.

09

1.06
Qizg‘aldoq…
Ko‘nglim bir tog‘ istaydi,
Cheksiz sahro istaydi.
Pokiza bog‘ istaydi,
Qarog‘imda lolazor,
Unda yashar go‘zal yor,
Aqlim oladi bisyor.

2.
Qizg‘aldoq…
Noming bitik dilimda,
Bitta sirdosh elimda.
Kalomingga jon nisor,
Qonimda kezar bahor.
Men toshlarga tirmashsam,
Sen intilding Kun tomon.
Har imongda xushro‘y jam,
Axir o‘zing bir jahon.

3.
Qizg‘aldoq…
Sening nafasing tekkan
Suyaklarda ko‘k yaproq.
Chamanzoring to‘tiyo,
Soya sololmas firoq.
Vujudingdaqaynar ishq
Iforingdan cheksizlik
Zarra qumga aylanar,
Ildizingga bog‘lanar.

4.
Qizg‘aldoq…
Qay so‘qmoqda adashsam,
Huzuringga yetaklar.
Oshiqlar davrasida,
Ming bir kecha ertaklar.
Oq tumanlar qo‘ynida
Nozik jisming ulg‘ayar.
Ko‘ksimning barxanida,
Saharlarga yuz chayar.

5.
Qizg‘aldoq…
Tusing turfa noladir,
Go‘yo bir qiz boladir.
Qalaming soz- chaladir,
Yashar joying daladir.
Madat so‘raydi har dam
Muhtoj dilning duosi.
Lafzing botmas tikondek
Sen Ollohim giyosi.

6.
Qizg‘aldoq…
Osmon yuvar poyingni,
Ka’ba bilib joyingni.
Gunohi ko‘p oshiqlar,
Qarog‘ingga shoshiqlar.
Kapalakday gulbarging,
Kiprigida dur shabnam,
Sog‘inchlaring unda jam.

7.
Qizg‘aldoq…
Gulzorning bir kuni bor,
Har tunning oy-tuni bor.
Uni qalbdan sevguvchi
Qalbning shavqli uni bor.
Ochilasan fusunkor,
Ishq istab, hijron istab,
Shirin tiling shoirdir,
Totli bir zamon istab.

8.
Qizg‘aldoq…
Sira yerga tushmading,
Tovushing avjlanadi.
Sirli jilmayishingdan,
Tabiat mavjlanadi.
O‘tdi qancha oshiqlar,
Ko‘zlar to‘la qo‘shiqlar.
Uzmoq uchun qo‘l cho‘zdim,
Orda qoldim, yo o‘zdim.

9.
Qizg‘aldoq …
O‘t-o‘lanlar riyokor,
Raqs tushadi tovusday.
Hushimni olmoq uchun,
O‘rab olar qavsday.
So‘zing shunday afsungar,
Usiz g‘arib bu borliq.
Nafasingni tuymasam,
Qiynaydi meni zorlik.

10.
Qizg‘aldoq…
Oyoqlaring ostida
Ishvangdan bo‘lib halak,
O‘ngirlar tegrasida
Qorlar eriydi chak-chak.
Qahatmi qiyo qarash?
Shabbodalar shivirlar:
-Yarashar, yarash-yarash.

11.
Qizg‘aldoq …
Sensiz pag‘a bulutlar
Zaminga o‘tmas qo‘nib.
Qushcha kabi yurak ham
Uyg‘onmas muzga do‘nib.
Sevib qoldim, netayin,
Ketayapsan qayrilmay.
Darig‘ tutma visoling,
Hecham sendan ayrilmay.

12.
Qizg‘aldoq…
Karashma aylasang gar,
Ishqingda jonim baxshi.
Unutilar ginalar,
Sen yaxshi-yu, men yaxshi
Shafqat yo‘qmi dilingda,
Aytsang bitta ezgu so‘z.
Asrardim, afsun bo‘lib
Boqsa hamki yomon ko‘z.

13.
Qizg‘aldoq…
Sensiz ohu oh chekib,
Harsang oshib yurmaydi.
Maysasiz dasht g‘aribdir,
Sira bahor ko‘rmaydi.
Kimki sevar quyoshdan
Simiradir shaffof nur.
Oyog‘ing bosgan tuproq,
Ko‘katlardan tomgan dur.

14.
Qizg‘aldoq…
Sen zamin erkatoyi,
Rangi-ro‘ying farishta.
O‘sgan joying jannatday,
Biram go‘zal sarishta.
Har gal seni sog‘insam,
Suratingga boqaman.
Lolazor ummonida
Xayol bo‘lib oqaman.

15.
Qizg‘aldoq …
Sen shunchalar suyukli,
Sensiz mazmunsiz damlar.
Qo‘rqmasin deb to‘lin oy,
Yoqib qo‘yadi shamlar.
Tog‘larning soyasi yo‘q,
Osmondayin ko‘ksi keng.
Unda gullar g‘unchalar-
Suvrati yurakka teng.

16.
Qizg‘aldoq…
Qurg‘ur nozing ming bitta,
Havolarga sig‘maydi.
Cho‘qqilar ohu-zori
Navolarga sig‘maydi.
Chayqalar daraxtzorlar,
Muzliklar ham qochadi.
Yoqa yirtib qorliklar,
Senga so‘qmoq ochadi.

17.
Qizg‘aldoq…
Qalbida dardi borlar,
Davo izlar sharobdan.
Men gullar labidagi
Qudrat topdim bol obdan.
Sen kosangda ishq uchun
Yig‘asan tomchi zahar.
Ichgan oshiq behushdir,
Sen yoqimli afsungar?

18.
Qizg‘aldoq…
Qirqin qizga bosh bo‘lib,
Izlaysan telba dilni.
Daryolar ham jo‘shadi,
Kezganida sohilni.
So‘zing komil egildim,
Sirim oshkor bo‘ldi, gul.
Jilmayding, ko‘zlaringga
Boqmay turib bo‘ldim qul.

19.
Qizg‘aldoq…
Bulbulingning holi tang,
Faryodida sado yo‘q.
Shamol kezar hovliqib,
Qo‘lida gul-siniq o‘q.
Yurgan yo‘ling sabzazor,
Sevgan ko‘ngling go‘zaldir.
Izing tuprog‘in o‘pmoq,
Har nedan-da afzaldir.

20.
Qizg‘aldoq…
Bo‘salaring aslida,
Jilvangdan ham shirinroq.
Olov lab, sharshara soch,
Har tanga solar titroq.
Buddaning uzgani gul,
Gunoh-butparast bo‘ldi.
Shamchiroq yonganida,
Ins-u jinslar mast bo‘ldi.

21.
Qizg‘aldoq…
Xayolimdan ketmaysan,
Atrofimda misli yel.
Kokillaring bir taray,
Shirin jonim beri kel.
Go‘zallik fidolikdir,
Bir jondan judolikdir.
Nozik bandingni uzgan,
Qilmishi xudolikdir.

22.
Qizg‘aldoq…
Gulga mehribon nahor,
Silar kokil, yuzini.
Ko‘kragini sovutgach,
Yo‘qotadi izini.
Intiq ko‘ngil tun-u kun
Kelishini ko‘p kutar.
Iforing hidlagan yor,
Og‘ir dardni unutar.

23.
Qizg‘aldoq…
Sen ketding, uzoq ketding,
Oraliqda chirs ayoz.
Balki ko‘rishmoq yaqin,
Chusmomo gullar qiyg‘os.
Qalbimda quvonch iliq,
Tuslanar sariq lola.
Chehrasi ko‘rkam tiniq,
Tilimda she’riy nola.

24.
Qizg‘aldoq…
Sochlaring to‘zg‘ib suzar,
Shabboda qatlarida.
Noming tinmay takrordir,
Qumrining baytlarida.
Yaxshi gullar ko‘p deyman,
Bulut kabi muloyim.
Ammo seni sog‘indim,
Visol ber, ey Xudoyim.

25.
Qizg‘aldoq…
Ba’zan so‘rab qo‘yasan,
Devona jon yo‘qmi deb.
Saxovating shunchalar,
Ortimdan rahmimni yeb.
Oy keltirar so‘roving,
Nur yog‘ilib yuzidan.
Ammo rashki bo‘lakcha,
O‘qib oldim ko‘zidan.

26.
Qizg‘aldoq …
Ko‘rishmadik qancha kun,
Sening ko‘ngling to‘ldimi?
Qaldirg‘och bo‘g‘zida un,
Diydor anqo bo‘ldimi?
Chuvaladi sochlari,
Barmoqlarda ayolning…
Sen qanchalar qochmagin,
Qo‘li uzun xayolning…

Manba: Yo‘ldoshbek Kenja “Vaqt parchalari” she’rlar. “Yangi nashr” nashriyoti Toshkent,2010 yil

05

(Tashriflar: umumiy 104, bugungi 1)

Izoh qoldiring