Yoqubjon Xo’jamberdiyev. Tilimiz himoyatda, dilimiz-chi?!

045…ўйлаб ўтириб, кўнглимнинг бир чеккасида: тилимиз-ку, собит, аммо ўша она тил, ўша ота сўз ифодалаган туйғуларнинг онаси бўлмиш дилимизнинг аҳволи қандай? Унинг ҳимоятида кимлар ва қандай воситалар қалқон бўлиши керак, деган андишалар туғилди. Дарвоқе, дил нима ўзи?

ТИЛИМИЗ ҲИМОЯТДА, ДИЛИМИЗ-ЧИ?..
Ёқубжон Хўжамбердиев


 04  Ёқубжон Хўжамбердиев 1947 йили Ўш вилоятининг Сузоқ қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетини битирган. Илк китоби 1981 йили «Зарурат» номи билан чоп этилган. Таниқли шоир ва таржимон мустақиллик арафасида кечган қайта қуриш йилларида ўзбек матбуотида пайдо бўлган истеъдодли журналистлардан биридир. 1990 йилда чоп қилинган «Ўзбеклар иши» асарига совет давридаги ўзбек халқи кечирган ҳаётни тасвирлаган эссе ва мақолалар кирган. Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган мақолалари билан танилган. 


Газетхонларнинг хабарлари бўлса, яқинда интернет сайтларида бир гуруҳ “муҳтарам” ўзбек “зиёлилар”ининг Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги таклифлари кун мавзусига айланди. Унга билдирилаётган фикрлар ҳамон тўхтагани йўқ. Уларнинг кўпларини ўқишга ҳам улгурмадик. Чунки кундалик янгиликлар шу даражада кўпки, барчасини аввало ўқиб улгурмайсан одам, иккинчидан, интернет ҳам пул… Майли, булар иккинчи масала. Мен анчадан буён Ўзбекистон Ахборот агентлиги (ЎзА)нинг тубдан бўлмаса-да ( ўша кунларга ҳам борармиз, иншооллоҳ), илгариги муҳитидан ўзгарганини кашф этганимни кимгадир айтмоқчи бўлиб юргандим. Ниҳоят бунга сабаб топилди. Бу адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддиновнинг юқорида тилга олганимиз зиёлиларнинг “эзгу ниятлари”га муносабат билдириб ёзган “Ўзингдан чиққан бало…”мақоласининг айнан ЎзА сайтида берилганидир. Муаллиф ўз мақоласида юқоридаги каби “холис”ларнинг юрак ютиб Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш борасида таклиф билдиришларига аввало, ўзимиз айбдор эканимизни айтади ва “ Давогар суст бўлса, қози муттаҳам бўлади” дея тўғри таъкидлайди: “Ўзбекистонда давлат тили ҳақидаги қонун “яйраб” ижод этилиши лозим эди. Афсуски, Ўзбекистоннинг бу қонуни энг ихчам, боз, унинг “тиш-тирноғи” йўқ – бирон моддаси бажарилмаса, жазо берадиган механизми мавжуд эмас”, деган хулосага келади. Бу фикрини “Давлат тили” ҳақидаги қонундан қатор иқтибослар келтириб исботлайди.

Асосий масалага ўтишдан олдин орзу шулки, бу каби халқ ва миллат манфаатига тегишли масалалар бир ҳафталик умр кўрувчи сайтлардагина эмас, босма нашрлар саҳифаларидан жой олишини жуда ҳам истардик. Зотан, уларни қанчалик кўриб кўрмасликка олмайлик, бундай масалалар Ўзбек эли ва Ўзбек тилининг жаҳон айвонида ўз ўрнига эга бўлиш жараёни қанчалик мураккаб кечганини изоҳловчи далиллардир. Ўзга сайтлар ўз йўлига. Аммо Ўзбекистон Ахборот агентлиги бунга қодир эди. Унутмайлик : тарихни бари-бир босма нашрлар дарж этади. Келажак авлод халқ ҳаётидаги энг асосий масала — давлат тили масаласи мамлакатимизда қачонлардир нақ чорак аср мобайнида узил кесил ечилмаган пайтлар бўлган экан, деб гапириб юришларидан уялишга эса ҳожат йўқ. Аксинча, бундай журъатсизликлар уларга сабоқ бўлса ажаб эмас… Ҳолбуки, кейинги чорак аср давомида ушбу масалани узил-кесил ҳал этишда ким қозию, ким давогар эканини ҳам билиб бўлмай қолди. Аммо интернет сайтларидаги фикрлар шу нарсани яққол намойиш этдики, она тилимиз кўпчилик халқ ҳимоятида. Бу борада юртдошларимиз келтирган далил-исботлардан кейин мутасадди ташкилотлар тез кунлар орасида ўзбек тилимизнинг давлат тили сифатида ўз мақомини эгаллашига енг шимариб киришишларига шубҳа йўқ.

Ана шулар ҳақида ўйлаб ўтириб, кўнглимнинг бир чеккасида: тилимиз-ку, собит, аммо ўша она тил, ўша ота сўз ифодалаган туйғуларнинг онаси бўлмиш дилимизнинг аҳволи қандай? Унинг ҳимоятида кимлар ва қандай воситалар қалқон бўлиши керак, деган андишалар туғилди. Дарвоқе, дил нима ўзи?

Аллома Алихонтўра Соғуний ижоди ва фаолияти ҳақида ёзганим “Соғуний” маноқиби юзасидан материаллар тўплаб юриб, Қирғизистоннинг Талас районига бориб қолдим. Бу юртда алломанинг қирғиз туркийларидан бўлган Сотилғон исмли шогирди истиқомат қилар экан. Мен бу жойларга ана шу кишини излаб борган эдим. Кўришдик, гаплашдик, Сотилғон ова устози ҳақида кўп яхши сўзлар айтди, сўнмас таассуротларини ҳикоя қилиб берди. Биз у киши билан учрашган пайтда ёшлари 85 да экан. Ўша одам ўз устози Алихонтўра Соғунийнинг инсоннинг дили хусусидаги бир суҳбатини шундай эслади:

— Аллоҳ таборакнинг илк оятлари шундай келади, деди Сотилған домла: “Эй Муҳаммад, (барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни, хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди”.

Орадан икки кун ўтиб устоз сўради:

– Ўқидингми?

– Ўқидим, устоз – жавоб бердим мен.

– Нимайкан?

– Бутун оламларни, заррадан қуёшгача, чумолидан тортиб ўзи азиз қилган ва ўзининг Ердаги халифаси қилиб қўйган инсонгача яратган Аллоҳ таоло бу ояти каримасида одамлар учун бир улуғ дин – Ислом динини муяссар қилгани ҳақида хабар беради, устоз.

– Баракалла! Мен айтмасам ҳам ўзинг таҳсил қилибсан-ку. Дарҳақиқат, яратган эгамнинг “Алақ” сураси инсоният учун дунёни англаш, ўзининг қаердан келиб, қаёққа бораётганини ва бу оралиқда нима ишлар билан шуғулланиши лозимлигини кўрсатиб берувчи дастуриламалдир. Биргина “Иқра” – (олим З.Исомиддинов бу сўзни “Қироат қил” деган маънода тушуниш кераклигини айтади—Ё.Х.) “Ўқи!” – деган сўзининг маъниси ва унинг буйруқ шаклида айтилаётгани нафақат ўша жоҳилият замонлари учун, балки инсониятнинг, мусулмон оламининг барча даврлари учун ҳам дастур бўлиб қолди. Гарчи бу сўз Пайғамбаримиз (с.а.в)га нисбатан айтилган бўлса-да, аммо Аллоҳ таоло нусрат эгаси орқали бутун инсониятга “Ўқи!” деб буюрмоқда. Ушбу илк оятларданоқ ислом дини инсонларни жаҳолат, хурофотга эмас, балки илм-маърифатга даъват этмоқда. Яратганнинг розилиги ва инсоннинг ҳидоят топиши фақат ўқиш-ўрганишда эканини таъкидламоқда.

– Пайғамбаримиз (с.а.в)дан келадиган: “Илм исташ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деган ҳадиси шариф ҳам ана шу оятга таянади, шундайми, – деди Сотилған устозга қараб.

– Яна битта баракалла! Бу оятнинг қудси ҳикмати билан ислом оламида нафақат диний, шунингдек, табиат илмлари ҳам вужудга келди, ўзигача бўлган даврда яратилган ва ер юзининг бошқа ўлкаларида, масалан қадимги Греция, Юнонистон ва улардан ўзга жойлардаги мавжуд илмлар ўрганилди. Зотан, Аллоҳ таоло ўзининг инсониятга қарата “Ўқи!” деган буйруғини уни яратган чоғидаёқ унинг руҳига сингдирган бўлган. Энди эса ўша одамзот руҳидаги бор қилинган ҳис-туйғунинг тўхтовсиз амалга ошишига изн бермоқда, буюрмоқда. Шунинг учун ояти каримада: “Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ўқиш-ёзишни) ўргатган ўта карамли зотдир”, дейилмоқда. Демак, инсон руҳида илмга бўлган иштиёқ рўзи азалдан мавжуд. Фақат Ислом дини муваффақ бўлиши билан одамзотнинг нафақат жисмоний, шунингдек, маънавий ҳаётида янги бир саҳифа, янги бир ҳаёт, янги бир тутум юз берди. Сотилған, агар Қуръон оятларини синчиклаб ўргансанг, бутун оламлар, шу каби бор инсу-жинс, махлуқот ва бу махлуқотнинг энг мукаррами бўлган инсон фақат бир Ислом дини ва Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзидан, ўзининг муқаддас дини ва ўша пайғамбарини деб яратганига амин бўласан. Ислом дини ва Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари шу даражада улуғ. Зотан, Қуръони каримнинг “Анбиё” сурасида Аллоҳ айтадики: “Сиздан (Муҳаммаддан) илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, менгагина ибодат қилинглар” – деб ваҳий юборгандирмиз”. “Рум” сурасида эса: “Бас, (эй Муҳаммад) юзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратишига ўзгартиш йўқ. Энг тўғри дин шудир! Лекин кўп одамлар билмаслар”.
– Кейинги оятни шундай тушуниш жоиз, – деб сўзини давом этди Соғуний. Ал Бухорийнинг “Ал Жомиъ ас Саҳиҳ” китобида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирилади: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳивасаллам: “Ҳар бир бола табиатан мусулмон бўлиб туғилгайдир, бироқ ота-онаси уни, ҳайвондан ҳайвон дунёга келгандек, яҳудий ёким насоро ёхуд мажусий қилиб қўйғайдир. Айтинг-чи, ҳайвон боласининг, агар кейин ўзингиз кесмасангиз, бирор аъзоси кесик ҳолда туғилганини кўрганмисизлар? Уни ўзингиз кесиб нуқсонли қилиб қўйгайсизлар!” дедилар. Демак, одам боласи туғилганда Исломда туғилади. Ким бўлиши ота-онаси ва яшаган муҳитига боғлиқ. Шундан ҳам кўринадики, Аллоҳ таборак ва таоло ниманики яратган бўлса, ҳаммасини инсон учун ва бу инсоннинг Исломда, ҳақ дин ва ҳақ пайғамбар йўлида собит бўлишини кўзлаб яратган.
– Бугунга етар энди, Сотилған, – деди Соғуний киприк қоқмай уни тинглаётган шогирдига қараб.

– Майли, устоз, агар йўқ демасангиз яна бир масалага аниқлик киритиб олсам. Сизга аввал ҳам айтгандим, кўп туш кўраман…

– Туш кўриш хосиятли, албатта. Зеро, туш ҳам ҳар-хил бўлади. Бу ҳақда ҳадис борки, унда: “Яхши туш – Аллоҳ таоло тарафидан, ёмон туш – шайтон тарафидан содир қилинғайдир” дейилади. Бу ҳақда кенгроқ тўхталадиган бўлсак, яна Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳаётлари – дарс. У кишининг ёшлари қирққа яқинлашар экан, ваҳий келишига бир неча ойлар қолганда ҳар турли тушларни кўра бошладилар. Қандоқ туш кўрсалар, ҳеч ўзгармай, аслича келур эди. Шундоқки, Жаброил алайҳиссаломнинг ваҳий келтиришларини ҳам дастлаб тушларида кўрган эдилар. Кези келиб қолди, айтиш керакка, тушнинг ҳақиқатини билмоқ керак. Зеро, туш кўришнинг чуқур ҳақиқати бордир. Агар инсон ана шу ҳақиқатни тушуниб етар экан, кўзимиз билан кўриб турганимиз табиат оламининг устида яна бир ҳақиқат олами борлиги сир қолмайди. Ана шу ҳақиқат Худонинг бирлиги ва пайғамбарларнинг сўзлари ҳақ ростлигига йўл очади. Сотилған, шуни билки, инсоннинг ҳақиқий руҳи (жони) фан олимлари, табиат олимлари деганларидек қондан чиққан бир қувват эмас, балки диний уламолар, мутасаввуфлар, пайғамбарлар айтганларидек, табиат усти – ҳақиқат оламидан Худо амри билан инсон вужудига вақтлик қўйилган омонат бир гавҳардир. Бу гавҳар азалий эмас, абадийдир. Яъни, бу руҳ илгари йўқ эди, кейин яратилди, демакдур. Энди у йўқолмай мангу яшайди. Ҳар инсон ўлгандан кейин, унинг руҳи дунёдаги қилмишига қараб, қилган амалига лойиқлаб белгиланган жойда, яхши бўлса роҳатда, ёмон бўлса меҳнатда турадур. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг – “Инсон қабри жаннат бўстонларидан бир бўстон ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир”, – деган сўзларининг асли ҳақиқати шулдур.

Энди, Сотилған ўша биз айтиб ўтган “жон” – гавҳар хусусида Ислом олимлари нималар дейишганларини ҳам билиб қўйсанг, фойдадан ҳоли бўлмайди. Жумладан, Ғаззолий жаноблари ўзининг “Кимёи саодат” асарида шундай дейди: “Билгилким, сени ким халқ қилибдур? Икки нарсадан бири зоҳир бадандурки, ани тана атабдурлар, буни зоҳир кўз бирла кўргали бўлур. Яна бири маънии ботиндурки, ани нафс дерлар, жон атарлар ва дил ҳам дерлар. Бу маънии ботинни ботин кўз бирла танигани бўлур. Зоҳир кўз бирла кўргали бўлмас. Ва сенинг ҳақиқатинг – ушбу маънии ботиндур”.

Мен бу гапларни, Сотилған, сенинг келажакда қирғиз туркийларининг яхши бир жамоа раҳбари, уламоси бўлишингга кўзим етиб, Аллоҳ таоло ўзининг “руҳ”, “жон” каби ботиний, фақат Аллоҳнинг ўзигагина маълум илмларни, унинг томонидан рухсат берилган чегарагача билишинг зарурлиги учун айтаяпман, – деди Соғуний қўлидаги Ғаззолий китобини токчага қўяр экан. Зотан, руҳ ҳақиқатини, унинг нима эканлиги, ўзига хос сифатлари қандайлигини баён қилишга шариатда йўл йўқ. Шунданки, булар ҳақида Расулуллоҳ алайҳис-салом шарҳ қилмабдурлар. Чунки ҳақ субаҳонаху ва таоло каломида: “Сиздан (Эй Муҳаммад) руҳ– жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”. Сизларга жуда оз илм берилгандир”. Шу боис ҳам Расули Акрам руҳ илоҳий ишлардандур ва у Аллоҳнинг амрига боғлиқ дейишдан ўзга айтмаган.

Энди сенда агарки, руҳ ҳақида гапириш ман этилган экан, бу ҳақда ўзингиз айтганингиздек, кўпгина Ислом уламоларининг фикр юритишганини қандай тушуниш керак, деган савол туғилиши мумкин. Агар англаётган бўлсанг, Ғаззолий каби олиму уламолар ҳаммалари руҳнинг бирлиги, мавжудлиги хусусидагина фикр қилишган холос. Бу масалани яна ўша Зайниддин Муҳаммад Ғаззолий шундай ечади: “Ҳар нимарсани, андоза ва миқдор анга йўл топса, ани олами халқ атарларким, халқ асли луғотда миқдор ва андоза маънисидадур. Дил (яъни руҳ) жавҳарининг миқдори ва макияти (жойи) йўқдур. Ушбу важҳдан қисматки қабул қилса жоиз бўлур эрдиким, дилнинг бир жузвида (қисмида) ушбу шайни (доғни) илми (моҳияти) бўлғай. Бас, дил соҳиби бир ҳолда ҳам олим ва ҳам жоҳил бўлмоғи лозим келурки, бу маҳолдур. Бу руҳ қисматни қабул қилмаслиги – андоза ва миқдор анга йўл топмаслиги бирла ҳақ субаҳонаҳу ва таоло офарида қилғайдурким, лафзи офарида – халқ қилган, яратган маънисида келур”. Бу айтганлардан шуни англаш керакки, миқдор ва шаклга эга бўлмаганлари олам халқи жумласига кирмайди. Руҳ ана шундай қисмларга бўлинмайдиган, яъни қисматни қабул қилмайдиган, илоҳий жавҳардир. Қиёмат куни Аллоҳ таоло инсонларни шу руҳ билан тирилтирур. Юқорида айтганимиздек, Пайғамбар (с.а.в)га айтиш буюрилган: “… руҳ Аллоҳнинг амридин пайдо бўлгандир” сўзларининг маъноси шунда. Шу боис ҳам уламолар инсоннинг руҳини мурод, деб айтибдурлар. Бу руҳнинг эса арвоҳ олами ила алоқаси бордир. Арвоҳ олами деб, фаришталар оламини айтурлар. У руҳнинг асл ватани табиат олами устидаги фаришталар оламидур. Бошқа ҳайвонлардин инсонларнинг фарқи шу руҳ орқали бўлур. Илмий тараққиётлар, ижодий фикрлар ҳаммаси шу руҳ натижасидур.

Бу оламнинг сирларига ҳеч ким пайғамбарлардек воқиф эмасдур. Ҳадиси шарифдаги манзарани эсла, Сотилған. Шундайки, Мусо алайҳиссалом билан Ҳизр алайҳиссалом бир кемага чиқиб кетдилар. Кема четига бир чумчуқ келиб қўнди, бир-икки чўқиб сув ичди. Ҳизр Мусога дедилар: “Сен билан мен билган илм чумчуқ денгиздаги сувни чўқилаб озайтиролмагани янглиқ, Аллоҳ илмини ҳам ҳеч ким камайтиролмағай…” Шунга ўхшаш, инсон оламининг билган нарсалари билмаганлари олдида улуғ денгиздан бир томчи сув мисолидадур. Дил ҳам ана шундай бир илоҳий илмдурки, Зайниддин Муҳаммад Ғаззолий жаноблари бекорга ”Дилингни билсанг, ўзингни таниғайсан” деб айтмаган.

Савол туғилади: Биз ўз дилимизни қанчалик яхши биламиз? Бу саволнинг жавобини яна бир замондош аллома Мурод Хидир: “Қани энди бола тарбияси етти пушт наридан бошланган бўлса!..” деб аллақачонлар айтиб қўйган экан. Сирасини айтганда, аввалги замонларни қўя турайлик, кейинги юз йилда Нақшбандий ҳазратларининг: ”Дилинг Оллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин!” деган ўлмас ва сўнмас ўгитларига ҳар доим ҳам риоя қилишга вақтимиз ёки хоҳишимиз, ундан ҳам ташқари имконимиз бўлдими? Ростини айтганда, вақтимиз бўлганда хоҳишимиз бўлмади, хоҳишимиз бўлганда эса имконимиз бўлмади. Биз дилимизни ўз ҳолига ташлаб қўйдик, тарбиясига қарамадик, бошқа кўчаларга улоқиб кетишига жим қараб турдик. Янада тўғрироғи, шўро худосизлари уни биздан зўрлик билан юлиб олишга кўп марта уринишди ва аксарият ҳолларда бунга эришдилар. Бу йўлда урф-одатларимиз, қадриятларимиз илдизига болта уришди. Ана шундай пайтларда фақат имони бут инсонларгина ўз дилларини асрай билишди, балки унга кўмилганларича сақлаб қолишди. Тузумларнинг алмашинуви ҳам, ёзувларнинг ўзгариши ҳам уларга босим ўтказолмади. Чунки улар собит ва собир одамлар эдилар. Улар, жумладан, соғунийлар (Соғуний изидан борган унинг юзлаб шогирдлари) руҳ (дил)нинг асл ватани табиат олами устидаги фаришталар оламидур, дея ишонишган. Бошқа ҳайвонлардин инсонларнинг фарқи шу руҳ орқали бўлур, мазкур инсон танасида то омонат экан илмий тараққиётлар, ижодий фикрлар ҳаммаси шу руҳ натижасидур, деб билишган.

Демак дилимизнинг ҳимояси қадриятларимиз, биринчи навбатда диний таълим билан боғлиқ. Қизиқ бир ҳол: қадимда ҳам худди ҳозиргидек олий ўқув юртлари – мадрасалар фаолият юритган. Қадимда ҳам қишлоғу маҳаллаларда мактаблар бўлган. Ҳозирда битта қишлоқда битта мактаб бўлса, у замонларда ҳар маҳалланинг ўз мактаби бўлган. Шўролар бизни саводсизга чиқарди. Шулар ҳақида ёзяпману ёдимга бундан қирқ йиллар наридаги воқеалар тушади. Ўша пайтлари ишхонага (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси) собиқ инқилоб хиёбони (ҳозирги Амир Темур) орқали ўтардим. Хиёбон эрталаблари одамлар билан гавжум бўлар эди. Айниқса, чет эллик ва бошқа республикалардан келган сайёҳлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, совет Ўзбекистонининг бош хиёбони билан дилдан танишар эканлар, уларни етаклаб юрган гидлар шундай дейди: “Инқилобгача Ўзбекистон аҳолисининг бор-йўғи 2 фоизигина саводли эди. Қолган 98 фоизи ўқиш-ёзишни билмаган”. Бу гап на фақат мазкур хиёбонда, шунингдек, турли анжуманларда, катта-катта йиғинларда ҳар куни бир эмас, бирнеча бор такрорланади. Ҳар сафар эрталаблари хиёбондан юрагимда чуқур оғриқ, қаттиқ изтироб билан чиқиб кетаман. Ана шу оғриқ, ана шу изтироб аччиғи болалик йилларимни эслатади. Бошларига оқ-оппоқ саллаларни қўндириб олишган оқсоқолларни эслайман. Бир оиладан чиққан ака-ука қорилар, опа-сингил отинчаларни ёдга оламан. Отамнинг:”Домланинг бир учи остонагача етадиган калтаги остида билим олганмиз, ўғлим”, деган гапларини қайта эшитаман. Бир мен эмас, минглаб мен кабиларнинг хиёбондан бундай ҳар куни ” ўлиб” чиққанлари ҳақида авваллари ҳам ёзганман. ”Йўқ, халқимиз орасида саводли инсонлар кўп бўлган!” деган гапни айтмоқчи бўлган ўзбекнинг қанча-қанча ўғлонлари манфур сиёсатнинг қурбонига айландилар. Мустабиднинг нони ана шундай қаттиқ эди…Айтмоқчиманки, халқимиз ҳеч бир даврда Аллоҳ берган илмдан бебаҳра қолмаган. Зотан, икки асрнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов “Правда” газетасининг 1988 йил 13 февраль сонида (Горбачёвнинг ошкоралик йиллари) чоп этилган бир мақоласида “…Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган…”, дея бекорга айтмаган. Мана шундай иқрорларга сазовор халқ бугунга келиб, тили ва дилини ёт унсурлардан қандай сақлаш ҳақида бош қотирмоқда. Холбуки, халқ орасидаги ўзини англаган уламолари, ватанпарварлари ҳатто шўролар салтанати энг чўққига кўтарилган 60-йилларда ҳам бу масалага энг долзарб вазифа сифатида қарашган. Буни Алихонтўра Соғуний ва унинг марғилонлик шогирдлари Ҳакимжон қори ва бугунги кунимизда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Раис ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган шайх Абдулазиз Мансур жанобларининг ва бошқа юзлаб Аллоҳ ошиқларининг болаларга диний таълим бериш борасидаги фаолиятлари мисол бўлаолади. Шайх Абдулазиз Мансурнинг сўзларига қараганда, Ҳакимжон қори ўзининг эски велосипедида шаҳардаги ҳужраларни бир кечада икки марта айланиб, болаларга берилаётган таълимни назорат қилиб борар эканлар.

Бугунга келиб эса манзара тамоман ўзгарди. Бугун энди на ҳужралар бор ва на Ҳакимжон қори каби фидойилар. Тошкентдаги Ислом университетию, Ислом академияси, Ислом маҳади ва Бухородаги Мир Араб мадрасасидан бошқа диний таълим берадиган муассаса йўқ.

Шўроларку, Ислом динига қарши эди. Шунинг учун уни ўқитишни ман этган. Бугун эса, Ислом дини инсоннинг бу дунёга нега келиб, қандай кетиши лозимлигини одамларга ўргатувчи, “Ал мийсоқ”даги ваъдага мувофиқ дилни поклайдиган дин эканини каттадан кичик, барча тушиниб етган бир чоғда, у ҳақда кенг жабҳада таълим беришни пайсалга солиб бўлмайди. “Истаган одам домласини топиб ўқисин” деб, бу ишга панжа орасидан қараш яхшиликка олиб бормайди. Зеро, Ислом душманлари ҳар қаерда ва ҳар қачон ҳозиру нозирдир. Мазкур таълимни мактабларда бошланғич синфлардан эътиборан очиқ-ойдин, барча фанлар қатори йўлга қўйиш жамиятимизда ҳалол-пок, имон-инсофли, оқ-қорани таниган, энг муҳими, Аллоҳдан қўрқадиган кишиларнинг кўпайишини таъминлайди. Зотан, бугунги энг катта фожеамиз — Аллоҳдан қўрқмасликдир.

Тўғри, бугунги кунда мактабларнинг 9-синфларида ҳафтасига бир соат “Дин тарихи” дарси ўтилади. Мантиқ эса тарихдан аввал, диннинг ўзи нима эканини, Аллоҳ нозил қилган оятларнинг қандай ёзилиши ва қай йўсин ўқилиши, энг муҳими уларнинг маъноларини англаб етишни ва уларга болаликдан риоя этилишини тақозо этади. Зеро, “Дин-насиҳатдир” деган эди, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳивасаллам. Насиҳатга эса катталардан кўра кўпроқ болалар муҳтождир…Балки мана шу йўл билан биз ўз дилимизни ҳар қандай ёмонликлардан, балою-қазолардан асрармиз. Аллома Мурод Хидир айтган “ бола тарбиясида етти пушт”нинг бир бўғини бўлолсак не ажаб.

P. S. Мақоланинг ёзилганига яқин икки ой бўлди. Таҳририятга берилганига эса йигирма кунлардан ошди. Шу йилнинг 17 июн санасида ижтимоий тармоқларда Термиз давлат университетининг ректори, сенатор Абдуқодир Тошқуловнинг “Ўзбекистон-24” канали орқали берилган “Халқаро пресс клуб” кўрсатувида айтган сўзларидан келтирилган иқтибосни ўқиб қолдим. Жумладан, сенаторнинг: ”Биз кейинги юз йил давомида таълимдан исломни суғуриб олдик. Биз болаларимизга Гётени ўргатдик, аммо Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларини ўргатишдан қўрқдик…”деган сўзлари қайсидир сайтда берилди. Боракану ҳақиқат, деганча ректорнинг айтганларининг тўлиқ матнини қидирдим. Аммо тополмадим. Эртасига эса, унинг юқоридаги икки оғиз сўзи ҳам мен кўрган сайтдан олиб ташланди. Ҳа, энди интернетнинг юмуши кўп, бошқа долзарб мавзулар чиқиб қолгандир-да, дедим қўйдим. Аммо нимагадир юрагим ғаш тортди…

Бекорга эмас экан. Бугун, шу йилнинг 24 июн санасида “nuz.uz” сайтида 58 нафар ташаббускор гуруҳнинг бутун Ўзбекистон фуқароларига Мурожаатномасини ўқиб юрагим “шув” этди. Ўзбек халқининг диндор сифатида қатағон қилинган энг билимдон, олиму уламо фарзандларининг аянчли ҳаётлари кўз олдимдан ўтди. Мурожаатнома муаллифлари сенаторни Конституциявий тузумни ағдаришга чақирганликда айблашган! Сенаторнинг эса бор-йўқ айтган гапи қуйидагилар:

”Биз кейинги юз йил давомида таълимдан, шу жумладан, олий таълимдан исломни суғуриб олдик. Биз ислом таълимотини суғуриб олар эканмиз, ҳалол ва ҳаром ўртасидаги чегарани буздик, биз қандай ҳаёт кечириш лозимлиги ҳақидаги қоидани буздик. Биз болаларимизга Гётени ўргатдик, аммо Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларини ўргатишдан қўрқдик. Агар сиз маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан бирида ўқиган бўлсангиз, яқинда Парламентнинг Сенат палатаси спикери ҳадисда пора олувчи ҳам, пора берувчи ҳам бир ҳилда гунокор бўлишини мисол сифатида келтирган эди. Агар ўйлаб кўрилса, деган эди у Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг шу мавзудаги моддаси ҳадисга тўғри келар экан. 210-211- моддаларда белгиланган жазо чораси пора берувчига ҳам, олувчига ҳам бир хил белгиланган. Бугунга келиб айримлар спикернинг бу гапларини йўл қўйиб бўлмас бир саботаж сифатида кўришмоқда. Сабаби биз диний руҳда яшашга ўрганмаганмиз. Биз ислом таълимотини оммага фақат имомларгина етказиши керак деган ақидага ўрганиб қолганмиз. Дунёвий билимларга яқин кишилар эса буларга ҳадиксираб қарашган. Натижада нимага эришдик? Биз коррупцияга кенг йўл очиб бердик. Биз ёшларни таъмагирликка ўзимиз бошладик. Биз уларни ноҳақликка ўргатдик, таълим инқирозга учради. Ота-буваларимизнинг ярим вайрона масжидларда Қуръон ўқиганларини, 9 ёшгача уни ёд олишганини тарихдан яхши биламиз. Биз нима қиляпмиз, динни билмасдан туриб фақат чиройли бинолар қуряпмиз, шу билангина иш битса майли эди. Уни ўрганганимизда эди, билсизларми шу пайтгача қанча термизийлар, қанча бухорийлар, қанча форобийлару хоразмийларга эга бўлардик?!”

Ҳурматли газетхон! Энди ўзингиз инсоф билан айтинг. Юқорида келтирилган кўчирманинг қайси жойида Конституциявий тузумни ағдаришга чақириқ бор? Агар топсангиз, сиз ҳам айбланг. Ҳа, айбланг! Чунки кимларгадир қўшилиб бир-бирларимизни қон қақшатмаганимизга анча замонлар бўлиб қолди. Орамизда 37-йилларни соғинганлар топилади. Мен сенаторнинг сўзларини ва 58 ташаббускорнинг Ўзбекистонда дин давлатдан ажратилгани, табиийки таълим тизими ҳам алоҳида экани ҳақидаги далил-дастакларини шарҳлаб ўтирмайман.Зотан, буларни А. Тошқулов ва камина ҳам яхши биламиз. Ҳеч ким Ўзбекистон ислом мамлакати бўлсин деётгани йўқ.Фақат асосий аҳолиси мусулмон бўлган бир давлатнинг болаларига ўзлари мансуб бўлган дин асосларидан бошланғич таълим беришни йўлга қўйиш кераклигини айтмоқчимиз холос. Ахир болаларимиз нечта-нечта чет тилларни ҳам ўрганишяпти-ку. Шу баробарда ўша тиллар орқали уларнинг табиатларига яхши фазилатлар билан бир қаторда кўпгина қусурлар ҳам сингиб боради. Мана шундай шароитда ёш қалбни ўзи мансуб диннинг арконлари ҳимоя этишини истаймиз, холос. Бошқа ниятимиз йўқ!

Дарвоқе, бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман: 58 рақами жиноят кодексида ҳам учрайди. Бу рақам 58 ёки 158 бўлишидан қатъий назар, жиноят билан боғлиқ. Шундан айтаманки, раҳбарлар ўртасида низо чиқариб, халқ юрагига қутқу солган, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар йўлидаги ҳақиқий бузғунчилар 58 ташаббускорнинг ўзи эмасмикан?! Уларнинг хатти-ҳаракатлари юқоридаги мақолада тилга олинган “ташаббус”ни эслатмайдими?! Огоҳ бўлинг!

..o‘ylab o‘tirib, ko‘nglimning bir chekkasida: tilimiz-ku, sobit, ammo o‘sha ona til, o‘sha ota so‘z ifodalagan tuyg‘ularning onasi bo‘lmish dilimizning ahvoli qanday? Uning himoyatida kimlar va qanday vositalar qalqon bo‘lishi kerak, degan andishalar tug‘ildi. Darvoqe, dil nima o‘zi?!

TILIMIZ HIMOYaTDA, DILIMIZ-ChI?..
Yoqubjon Xo‘jamberdiev


   Yoqubjon Xo‘jamberdiev 1947 yili O‘sh viloyatining Suzoq qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent davlat universitetining filologiya fakul’tetini bitirgan. Ilk kitobi 1981 yili «Zarurat» nomi bilan chop etilgan. Taniqli shoir va tarjimon mustaqillik arafasida kechgan qayta qurish yillarida o‘zbek matbuotida paydo bo‘lgan iste’dodli jurnalistlardan biridir. 1990 yilda chop qilingan «O‘zbeklar ishi» asariga sovet davridagi o‘zbek xalqi kechirgan hayotni tasvirlagan esse va maqolalar kirgan. Yoqubjon Xo‘jamberdiev 1990 yilda Qirg‘izistonning janubida ro‘y bergan etnik to‘qnashuvlar sabablari va oqibatlari haqida yozgan maqolalari bilan tanilgan. 


Gazetxonlarning xabarlari bo‘lsa, yaqinda internet saytlarida bir guruh “muhtaram” o‘zbek “ziyolilar”ining O‘zbekistonda rus tiliga rasmiy til maqomini berish haqidagi takliflari kun mavzusiga aylandi. Unga bildirilayotgan fikrlar hamon to‘xtagani yo‘q. Ularning ko‘plarini o‘qishga ham ulgurmadik. Chunki kundalik yangiliklar shu darajada ko‘pki, barchasini avvalo o‘qib ulgurmaysan odam, ikkinchidan, internet ham pul… Mayli, bular ikkinchi masala. Men anchadan buyon O‘zbekiston Axborot agentligi (O‘zA)ning tubdan bo‘lmasa-da ( o‘sha kunlarga ham borarmiz, inshoolloh), ilgarigi muhitidan o‘zgarganini kashf etganimni kimgadir aytmoqchi bo‘lib yurgandim. Nihoyat bunga sabab topildi. Bu adabiyotshunos olim Zuhriddin Isomiddinovning yuqorida tilga olganimiz ziyolilarning “ezgu niyatlari”ga munosabat bildirib yozgan “O‘zingdan chiqqan balo…”maqolasining aynan O‘zA saytida berilganidir. Muallif o‘z maqolasida yuqoridagi kabi “xolis”larning yurak yutib O‘zbekistonda rus tiliga rasmiy til maqomini berish borasida taklif bildirishlariga avvalo, o‘zimiz aybdor ekanimizni aytadi va “ Davogar sust bo‘lsa, qozi muttaham bo‘ladi” deya to‘g‘ri ta’kidlaydi: “O‘zbekistonda davlat tili haqidagi qonun “yayrab” ijod etilishi lozim edi. Afsuski, O‘zbekistonning bu qonuni eng ixcham, boz, uning “tish-tirnog‘i” yo‘q – biron moddasi bajarilmasa, jazo beradigan mexanizmi mavjud emas”, degan xulosaga keladi. Bu fikrini “Davlat tili” haqidagi qonundan qator iqtiboslar keltirib isbotlaydi.

Asosiy masalaga o‘tishdan oldin orzu shulki, bu kabi xalq va millat manfaatiga tegishli masalalar bir haftalik umr ko‘ruvchi saytlardagina emas, bosma nashrlar sahifalaridan joy olishini juda ham istardik. Zotan, ularni qanchalik ko‘rib ko‘rmaslikka olmaylik, bunday masalalar O‘zbek eli va O‘zbek tilining jahon ayvonida o‘z o‘rniga ega bo‘lish jarayoni qanchalik murakkab kechganini izohlovchi dalillardir. O‘zga saytlar o‘z yo‘liga. Ammo O‘zbekiston Axborot agentligi bunga qodir edi. Unutmaylik : tarixni bari-bir bosma nashrlar darj etadi. Kelajak avlod xalq hayotidagi eng asosiy masala — davlat tili masalasi mamlakatimizda qachonlardir naq chorak asr mobaynida uzil kesil yechilmagan paytlar bo‘lgan ekan, deb gapirib yurishlaridan uyalishga esa hojat yo‘q. Aksincha, bunday jur’atsizliklar ularga saboq bo‘lsa ajab emas… Holbuki, keyingi chorak asr davomida ushbu masalani uzil-kesil hal etishda kim qoziyu, kim davogar ekanini ham bilib bo‘lmay qoldi. Ammo internet saytlaridagi fikrlar shu narsani yaqqol namoyish etdiki, ona tilimiz ko‘pchilik xalq himoyatida. Bu borada yurtdoshlarimiz keltirgan dalil-isbotlardan keyin mutasaddi tashkilotlar tez kunlar orasida o‘zbek tilimizning davlat tili sifatida o‘z maqomini egallashiga yeng shimarib kirishishlariga shubha yo‘q.

Ana shular haqida o‘ylab o‘tirib, ko‘nglimning bir chekkasida: tilimiz-ku, sobit, ammo o‘sha ona til, o‘sha ota so‘z ifodalagan tuyg‘ularning onasi bo‘lmish dilimizning ahvoli qanday? Uning himoyatida kimlar va qanday vositalar qalqon bo‘lishi kerak, degan andishalar tug‘ildi. Darvoqe, dil nima o‘zi?

Alloma Alixonto‘ra Sog‘uniy ijodi va faoliyati haqida yozganim “Sog‘uniy” manoqibi yuzasidan materiallar to‘plab yurib, Qirg‘izistonning Talas rayoniga borib qoldim. Bu yurtda allomaning qirg‘iz turkiylaridan bo‘lgan Sotilg‘on ismli shogirdi istiqomat qilar ekan. Men bu joylarga ana shu kishini izlab borgan edim. Ko‘rishdik, gaplashdik, Sotilg‘on ova ustozi haqida ko‘p yaxshi so‘zlar aytdi, so‘nmas taassurotlarini hikoya qilib berdi. Biz u kishi bilan uchrashgan paytda yoshlari 85 da ekan. O‘sha odam o‘z ustozi Alixonto‘ra Sog‘uniyning insonning dili xususidagi bir suhbatini shunday esladi:

— Alloh taborakning ilk oyatlari shunday keladi, dedi Sotilg‘an domla: “Ey Muhammad, (barcha mavjudotni) yaratgan zot bo‘lmish Parvardigoringiz nomi bilan (boshlab) o‘qing! U insonni laxta qondan yaratgan (zotdir). O‘qing! Sizning Parvardigoringiz (insoniyatga) qalamni (ya’ni yozishni, xatni) o‘rgatgan o‘ta karamli zotdir. U zot insonga uning bilmagan narsalarini o‘rgatdi”.

Oradan ikki kun o‘tib ustoz so‘radi:

– O‘qidingmi?

– O‘qidim, ustoz – javob berdim men.

– Nimaykan?

– Butun olamlarni, zarradan quyoshgacha, chumolidan tortib o‘zi aziz qilgan va o‘zining Yerdagi xalifasi qilib qo‘ygan insongacha yaratgan Alloh taolo bu oyati karimasida odamlar uchun bir ulug‘ din – Islom dinini muyassar qilgani haqida xabar beradi, ustoz.

– Barakalla! Men aytmasam ham o‘zing tahsil qilibsan-ku. Darhaqiqat, yaratgan egamning “Alaq” surasi insoniyat uchun dunyoni anglash, o‘zining qaerdan kelib, qayoqqa borayotganini va bu oraliqda nima ishlar bilan shug‘ullanishi lozimligini ko‘rsatib beruvchi dasturilamaldir. Birgina “Iqra” – (olim Z.Isomiddinov bu so‘zni “Qiroat qil” degan ma’noda tushunish kerakligini aytadi—Yo.X.) “O‘qi!” – degan so‘zining ma’nisi va uning buyruq shaklida aytilayotgani nafaqat o‘sha johiliyat zamonlari uchun, balki insoniyatning, musulmon olamining barcha davrlari uchun ham dastur bo‘lib qoldi. Garchi bu so‘z Payg‘ambarimiz (s.a.v)ga nisbatan aytilgan bo‘lsa-da, ammo Alloh taolo nusrat egasi orqali butun insoniyatga “O‘qi!” deb buyurmoqda. Ushbu ilk oyatlardanoq islom dini insonlarni jaholat, xurofotga emas, balki ilm-ma’rifatga da’vat etmoqda. Yaratganning roziligi va insonning hidoyat topishi faqat o‘qish-o‘rganishda ekanini ta’kidlamoqda.

– Payg‘ambarimiz (s.a.v)dan keladigan: “Ilm istash har bir muslim va muslima uchun farzdir” degan hadisi sharif ham ana shu oyatga tayanadi, shundaymi, – dedi Sotilg‘an ustozga qarab.

– Yana bitta barakalla! Bu oyatning qudsi hikmati bilan islom olamida nafaqat diniy, shuningdek, tabiat ilmlari ham vujudga keldi, o‘zigacha bo‘lgan davrda yaratilgan va yer yuzining boshqa o‘lkalarida, masalan qadimgi Gresiya, Yunoniston va ulardan o‘zga joylardagi mavjud ilmlar o‘rganildi. Zotan, Alloh taolo o‘zining insoniyatga qarata “O‘qi!” degan buyrug‘ini uni yaratgan chog‘idayoq uning ruhiga singdirgan bo‘lgan. Endi esa o‘sha odamzot ruhidagi bor qilingan his-tuyg‘uning to‘xtovsiz amalga oshishiga izn bermoqda, buyurmoqda. Shuning uchun oyati karimada: “Sizning Parvardigoringiz (insoniyatga) qalamni (ya’ni o‘qish-yozishni) o‘rgatgan o‘ta karamli zotdir”, deyilmoqda. Demak, inson ruhida ilmga bo‘lgan ishtiyoq ro‘zi azaldan mavjud. Faqat Islom dini muvaffaq bo‘lishi bilan odamzotning nafaqat jismoniy, shuningdek, ma’naviy hayotida yangi bir sahifa, yangi bir hayot, yangi bir tutum yuz berdi. Sotilg‘an, agar Qur’on oyatlarini sinchiklab o‘rgansang, butun olamlar, shu kabi bor insu-jins, maxluqot va bu maxluqotning eng mukarrami bo‘lgan inson faqat bir Islom dini va Allohning so‘nggi payg‘ambari Muhammad sallallohu alayhi vasallamning yuzidan, o‘zining muqaddas dini va o‘sha payg‘ambarini deb yaratganiga amin bo‘lasan. Islom dini va Allohning so‘nggi payg‘ambari shu darajada ulug‘. Zotan, Qur’oni karimning “Anbiyo” surasida Alloh aytadiki: “Sizdan (Muhammaddan) ilgari Biz yuborgan har bir payg‘ambarga ham: “Mendan o‘zga iloh yo‘q, bas, mengagina ibodat qilinglar” – deb vahiy yuborgandirmiz”. “Rum” surasida esa: “Bas, (ey Muhammad) yuzingizni doimo to‘g‘ri bo‘lgan dinda (Islomda) tuting! Insonlarni o‘sha asosda yaratgan Allohning yaratishiga o‘zgartish yo‘q. Eng to‘g‘ri din shudir! Lekin ko‘p odamlar bilmaslar”.
– Keyingi oyatni shunday tushunish joiz, – deb so‘zini davom etdi Sog‘uniy. Al Buxoriyning “Al Jomi’ as Sahih” kitobida Abu Hurayra raziyallohu anhudan shunday rivoyat keltiriladi: “Rasululloh sallalohu alayhivasallam: “Har bir bola tabiatan musulmon bo‘lib tug‘ilgaydir, biroq ota-onasi uni, hayvondan hayvon dunyoga kelgandek, yahudiy yokim nasoro yoxud majusiy qilib qo‘yg‘aydir. Ayting-chi, hayvon bolasining, agar keyin o‘zingiz kesmasangiz, biror a’zosi kesik holda tug‘ilganini ko‘rganmisizlar? Uni o‘zingiz kesib nuqsonli qilib qo‘ygaysizlar!” dedilar. Demak, odam bolasi tug‘ilganda Islomda tug‘iladi. Kim bo‘lishi ota-onasi va yashagan muhitiga bog‘liq. Shundan ham ko‘rinadiki, Alloh taborak va taolo nimaniki yaratgan bo‘lsa, hammasini inson uchun va bu insonning Islomda, haq din va haq payg‘ambar yo‘lida sobit bo‘lishini ko‘zlab yaratgan.
– Bugunga yetar endi, Sotilg‘an, – dedi Sog‘uniy kiprik qoqmay uni tinglayotgan shogirdiga qarab.

– Mayli, ustoz, agar yo‘q demasangiz yana bir masalaga aniqlik kiritib olsam. Sizga avval ham aytgandim, ko‘p tush ko‘raman…
– Tush ko‘rish xosiyatli, albatta. Zero, tush ham har-xil bo‘ladi. Bu haqda hadis borki, unda: “Yaxshi tush – Alloh taolo tarafidan, yomon tush – shayton tarafidan sodir qiling‘aydir” deyiladi. Bu haqda kengroq to‘xtaladigan bo‘lsak, yana Payg‘ambarimiz (s.a.v) hayotlari – dars. U kishining yoshlari qirqqa yaqinlashar ekan, vahiy kelishiga bir necha oylar qolganda har turli tushlarni ko‘ra boshladilar. Qandoq tush ko‘rsalar, hech o‘zgarmay, aslicha kelur edi. Shundoqki, Jabroil alayhissalomning vahiy keltirishlarini ham dastlab tushlarida ko‘rgan edilar. Kezi kelib qoldi, aytish kerakka, tushning haqiqatini bilmoq kerak. Zero, tush ko‘rishning chuqur haqiqati bordir. Agar inson ana shu haqiqatni tushunib yetar ekan, ko‘zimiz bilan ko‘rib turganimiz tabiat olamining ustida yana bir haqiqat olami borligi sir qolmaydi. Ana shu haqiqat Xudoning birligi va payg‘ambarlarning so‘zlari haq rostligiga yo‘l ochadi. Sotilg‘an, shuni bilki, insonning haqiqiy ruhi (joni) fan olimlari, tabiat olimlari deganlaridek qondan chiqqan bir quvvat emas, balki diniy ulamolar, mutasavvuflar, payg‘ambarlar aytganlaridek, tabiat usti – haqiqat olamidan Xudo amri bilan inson vujudiga vaqtlik qo‘yilgan omonat bir gavhardir. Bu gavhar azaliy emas, abadiydir. Ya’ni, bu ruh ilgari yo‘q edi, keyin yaratildi, demakdur. Endi u yo‘qolmay mangu yashaydi. Har inson o‘lgandan keyin, uning ruhi dunyodagi qilmishiga qarab, qilgan amaliga loyiqlab belgilangan joyda, yaxshi bo‘lsa rohatda, yomon bo‘lsa mehnatda turadur. Payg‘ambarimiz (s.a.v)ning – “Inson qabri jannat bo‘stonlaridan bir bo‘ston yoki do‘zax chuqurlaridan bir chuqurdir”, – degan so‘zlarining asli haqiqati shuldur.

Endi, Sotilg‘an o‘sha biz aytib o‘tgan “jon” – gavhar xususida Islom olimlari nimalar deyishganlarini ham bilib qo‘ysang, foydadan holi bo‘lmaydi. Jumladan, G‘azzoliy janoblari o‘zining “Kimyoi saodat” asarida shunday deydi: “Bilgilkim, seni kim xalq qilibdur? Ikki narsadan biri zohir badandurki, ani tana atabdurlar, buni zohir ko‘z birla ko‘rgali bo‘lur. Yana biri ma’nii botindurki, ani nafs derlar, jon atarlar va dil ham derlar. Bu ma’nii botinni botin ko‘z birla tanigani bo‘lur. Zohir ko‘z birla ko‘rgali bo‘lmas. Va sening haqiqating – ushbu ma’nii botindur”.

Men bu gaplarni, Sotilg‘an, sening kelajakda qirg‘iz turkiylarining yaxshi bir jamoa rahbari, ulamosi bo‘lishingga ko‘zim yetib, Alloh taolo o‘zining “ruh”, “jon” kabi botiniy, faqat Allohning o‘zigagina ma’lum ilmlarni, uning tomonidan ruxsat berilgan chegaragacha bilishing zarurligi uchun aytayapman, – dedi Sog‘uniy qo‘lidagi G‘azzoliy kitobini tokchaga qo‘yar ekan. Zotan, ruh haqiqatini, uning nima ekanligi, o‘ziga xos sifatlari qandayligini bayon qilishga shariatda yo‘l yo‘q. Shundanki, bular haqida Rasululloh alayhis-salom sharh qilmabdurlar. Chunki haq subahonaxu va taolo kalomida: “Sizdan (Ey Muhammad) ruh– jon haqida so‘raydilar. Ayting: “Ruh yolg‘iz Parvardigorim biladigan ishlardandir”. Sizlarga juda oz ilm berilgandir”. Shu bois ham Rasuli Akram ruh ilohiy ishlardandur va u Allohning amriga bog‘liq deyishdan o‘zga aytmagan.
Endi senda agarki, ruh haqida gapirish man etilgan ekan, bu haqda o‘zingiz aytganingizdek, ko‘pgina Islom ulamolarining fikr yuritishganini qanday tushunish kerak, degan savol tug‘ilishi mumkin. Agar anglayotgan bo‘lsang, G‘azzoliy kabi olimu ulamolar hammalari ruhning birligi, mavjudligi xususidagina fikr qilishgan xolos. Bu masalani yana o‘sha Zayniddin Muhammad G‘azzoliy shunday yechadi: “Har nimarsani, andoza va miqdor anga yo‘l topsa, ani olami xalq atarlarkim, xalq asli lug‘otda miqdor va andoza ma’nisidadur. Dil (ya’ni ruh) javharining miqdori va makiyati (joyi) yo‘qdur. Ushbu vajhdan qismatki qabul qilsa joiz bo‘lur erdikim, dilning bir juzvida (qismida) ushbu shayni (dog‘ni) ilmi (mohiyati) bo‘lg‘ay. Bas, dil sohibi bir holda ham olim va ham johil bo‘lmog‘i lozim kelurki, bu maholdur. Bu ruh qismatni qabul qilmasligi – andoza va miqdor anga yo‘l topmasligi birla haq subahonahu va taolo ofarida qilg‘aydurkim, lafzi ofarida – xalq qilgan, yaratgan ma’nisida kelur”. Bu aytganlardan shuni anglash kerakki, miqdor va shaklga ega bo‘lmaganlari olam xalqi jumlasiga kirmaydi. Ruh ana shunday qismlarga bo‘linmaydigan, ya’ni qismatni qabul qilmaydigan, ilohiy javhardir. Qiyomat kuni Alloh taolo insonlarni shu ruh bilan tiriltirur. Yuqorida aytganimizdek, Payg‘ambar (s.a.v)ga aytish buyurilgan: “… ruh Allohning amridin paydo bo‘lgandir” so‘zlarining ma’nosi shunda. Shu bois ham ulamolar insonning ruhini murod, deb aytibdurlar. Bu ruhning esa arvoh olami ila aloqasi bordir. Arvoh olami deb, farishtalar olamini ayturlar. U ruhning asl vatani tabiat olami ustidagi farishtalar olamidur. Boshqa hayvonlardin insonlarning farqi shu ruh orqali bo‘lur. Ilmiy taraqqiyotlar, ijodiy fikrlar hammasi shu ruh natijasidur.

Bu olamning sirlariga hech kim payg‘ambarlardek voqif emasdur. Hadisi sharifdagi manzarani esla, Sotilg‘an. Shundayki, Muso alayhissalom bilan Hizr alayhissalom bir kemaga chiqib ketdilar. Kema chetiga bir chumchuq kelib qo‘ndi, bir-ikki cho‘qib suv ichdi. Hizr Musoga dedilar: “Sen bilan men bilgan ilm chumchuq dengizdagi suvni cho‘qilab ozaytirolmagani yangliq, Alloh ilmini ham hech kim kamaytirolmag‘ay…” Shunga o‘xshash, inson olamining bilgan narsalari bilmaganlari oldida ulug‘ dengizdan bir tomchi suv misolidadur. Dil ham ana shunday bir ilohiy ilmdurki, Zayniddin Muhammad G‘azzoliy janoblari bekorga ”Dilingni bilsang, o‘zingni tanig‘aysan” deb aytmagan.

Savol tug‘iladi: Biz o‘z dilimizni qanchalik yaxshi bilamiz? Bu savolning javobini yana bir zamondosh alloma Murod Xidir: “Qani endi bola tarbiyasi yetti pusht naridan boshlangan bo‘lsa!..” deb allaqachonlar aytib qo‘ygan ekan. Sirasini aytganda, avvalgi zamonlarni qo‘ya turaylik, keyingi yuz yilda Naqshbandiy hazratlarining: ”Diling Ollohda, qo‘ling mehnatda bo‘lsin!” degan o‘lmas va so‘nmas o‘gitlariga har doim ham rioya qilishga vaqtimiz yoki xohishimiz, undan ham tashqari imkonimiz bo‘ldimi? Rostini aytganda, vaqtimiz bo‘lganda xohishimiz bo‘lmadi, xohishimiz bo‘lganda esa imkonimiz bo‘lmadi. Biz dilimizni o‘z holiga tashlab qo‘ydik, tarbiyasiga qaramadik, boshqa ko‘chalarga uloqib ketishiga jim qarab turdik. Yanada to‘g‘rirog‘i, sho‘ro xudosizlari uni bizdan zo‘rlik bilan yulib olishga ko‘p marta urinishdi va aksariyat hollarda bunga erishdilar. Bu yo‘lda urf-odatlarimiz, qadriyatlarimiz ildiziga bolta urishdi. Ana shunday paytlarda faqat imoni but insonlargina o‘z dillarini asray bilishdi, balki unga ko‘milganlaricha saqlab qolishdi. Tuzumlarning almashinuvi ham, yozuvlarning o‘zgarishi ham ularga bosim o‘tkazolmadi. Chunki ular sobit va sobir odamlar edilar. Ular, jumladan, sog‘uniylar (Sog‘uniy izidan borgan uning yuzlab shogirdlari) ruh (dil)ning asl vatani tabiat olami ustidagi farishtalar olamidur, deya ishonishgan. Boshqa hayvonlardin insonlarning farqi shu ruh orqali bo‘lur, mazkur inson tanasida to omonat ekan ilmiy taraqqiyotlar, ijodiy fikrlar hammasi shu ruh natijasidur, deb bilishgan.
Demak dilimizning himoyasi qadriyatlarimiz, birinchi navbatda diniy ta’lim bilan bog‘liq. Qiziq bir hol: qadimda ham xuddi hozirgidek oliy o‘quv yurtlari – madrasalar faoliyat yuritgan. Qadimda ham qishlog‘u mahallalarda maktablar bo‘lgan. Hozirda bitta qishloqda bitta maktab bo‘lsa, u zamonlarda har mahallaning o‘z maktabi bo‘lgan. Sho‘rolar bizni savodsizga chiqardi. Shular haqida yozyapmanu yodimga bundan qirq yillar naridagi voqealar tushadi. O‘sha paytlari ishxonaga (“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi) sobiq inqilob xiyoboni (hozirgi Amir Temur) orqali o‘tardim. Xiyobon ertalablari odamlar bilan gavjum bo‘lar edi. Ayniqsa, chet ellik va boshqa respublikalardan kelgan sayyohlar guruh-guruh bo‘lib, sovet O‘zbekistonining bosh xiyoboni bilan dildan tanishar ekanlar, ularni yetaklab yurgan gidlar shunday deydi: “Inqilobgacha O‘zbekiston aholisining bor-yo‘g‘i 2 foizigina savodli edi. Qolgan 98 foizi o‘qish-yozishni bilmagan”. Bu gap na faqat mazkur xiyobonda, shuningdek, turli anjumanlarda, katta-katta yig‘inlarda har kuni bir emas, birnecha bor takrorlanadi. Har safar ertalablari xiyobondan yuragimda chuqur og‘riq, qattiq iztirob bilan chiqib ketaman. Ana shu og‘riq, ana shu iztirob achchig‘i bolalik yillarimni eslatadi. Boshlariga oq-oppoq sallalarni qo‘ndirib olishgan oqsoqollarni eslayman. Bir oiladan chiqqan aka-uka qorilar, opa-singil otinchalarni yodga olaman. Otamning:”Domlaning bir uchi ostonagacha yetadigan kaltagi ostida bilim olganmiz, o‘g‘lim”, degan gaplarini qayta eshitaman. Bir men emas, minglab men kabilarning xiyobondan bunday har kuni ” o‘lib” chiqqanlari haqida avvallari ham yozganman. ”Yo‘q, xalqimiz orasida savodli insonlar ko‘p bo‘lgan!” degan gapni aytmoqchi bo‘lgan o‘zbekning qancha-qancha o‘g‘lonlari manfur siyosatning qurboniga aylandilar. Mustabidning noni ana shunday qattiq edi…Aytmoqchimanki, xalqimiz hech bir davrda Alloh bergan ilmdan bebahra qolmagan. Zotan, ikki asrning buyuk yozuvchisi Chingiz Aytmatov “Pravda” gazetasining 1988 yil 13 fevral’ sonida (Gorbachyovning oshkoralik yillari) chop etilgan bir maqolasida “…Qadim-qadim o‘zbek madaniyatining O‘rta Osiyoga ko‘rsatgan ta’sirini ko‘hna Vizantiyaning Qadim Rusga ko‘rsatgan ta’siri bilan qiyoslash mumkin. Sovetgacha bo‘lgan davrlarda ham O‘zbekiston bizning Sharqdagi so‘zimiz va yuzimiz bo‘lib kelgan…”, deya bekorga aytmagan. Mana shunday iqrorlarga sazovor xalq bugunga kelib, tili va dilini yot unsurlardan qanday saqlash haqida bosh qotirmoqda. Xolbuki, xalq orasidagi o‘zini anglagan ulamolari, vatanparvarlari hatto sho‘rolar saltanati eng cho‘qqiga ko‘tarilgan 60-yillarda ham bu masalaga eng dolzarb vazifa sifatida qarashgan. Buni Alixonto‘ra Sog‘uniy va uning marg‘ilonlik shogirdlari Hakimjon qori va bugungi kunimizda O‘zbekiston Musulmonlari idorasining Rais o‘rinbosari vazifasida ishlab kelayotgan shayx Abdulaziz Mansur janoblarining va boshqa yuzlab Alloh oshiqlarining bolalarga diniy ta’lim berish borasidagi faoliyatlari misol bo‘laoladi. Shayx Abdulaziz Mansurning so‘zlariga qaraganda, Hakimjon qori o‘zining eski velosipedida shahardagi hujralarni bir kechada ikki marta aylanib, bolalarga berilayotgan ta’limni nazorat qilib borar ekanlar.

Bugunga kelib esa manzara tamoman o‘zgardi. Bugun endi na hujralar bor va na Hakimjon qori kabi fidoyilar. Toshkentdagi Islom universitetiyu, Islom akademiyasi, Islom mahadi va Buxorodagi Mir Arab madrasasidan boshqa diniy ta’lim beradigan muassasa yo‘q.

Sho‘rolarku, Islom diniga qarshi edi. Shuning uchun uni o‘qitishni man etgan. Bugun esa, Islom dini insonning bu dunyoga nega kelib, qanday ketishi lozimligini odamlarga o‘rgatuvchi, “Al miysoq”dagi va’daga muvofiq dilni poklaydigan din ekanini kattadan kichik, barcha tushinib yetgan bir chog‘da, u haqda keng jabhada ta’lim berishni paysalga solib bo‘lmaydi. “Istagan odam domlasini topib o‘qisin” deb, bu ishga panja orasidan qarash yaxshilikka olib bormaydi. Zero, Islom dushmanlari har qaerda va har qachon hoziru nozirdir. Mazkur ta’limni maktablarda boshlang‘ich sinflardan e’tiboran ochiq-oydin, barcha fanlar qatori yo‘lga qo‘yish jamiyatimizda halol-pok, imon-insofli, oq-qorani tanigan, eng muhimi, Allohdan qo‘rqadigan kishilarning ko‘payishini ta’minlaydi. Zotan, bugungi eng katta fojeamiz — Allohdan qo‘rqmaslikdir.
To‘g‘ri, bugungi kunda maktablarning 9-sinflarida haftasiga bir soat “Din tarixi” darsi o‘tiladi. Mantiq esa tarixdan avval, dinning o‘zi nima ekanini, Alloh nozil qilgan oyatlarning qanday yozilishi va qay yo‘sin o‘qilishi, eng muhimi ularning ma’nolarini anglab yetishni va ularga bolalikdan rioya etilishini taqozo etadi. Zero, “Din-nasihatdir” degan edi, payg‘ambarimiz Muhammad sallallohu alayhivasallam. Nasihatga esa kattalardan ko‘ra ko‘proq bolalar muhtojdir…Balki mana shu yo‘l bilan biz o‘z dilimizni har qanday yomonliklardan, baloyu-qazolardan asrarmiz. Alloma Murod Xidir aytgan “ bola tarbiyasida yetti pusht”ning bir bo‘g‘ini bo‘lolsak ne ajab.

P. S. Maqolaning yozilganiga yaqin ikki oy bo‘ldi. Tahririyatga berilganiga esa yigirma kunlardan oshdi. Shu yilning 17 iyun sanasida ijtimoiy tarmoqlarda Termiz davlat universitetining rektori, senator Abduqodir Toshqulovning “O‘zbekiston-24” kanali orqali berilgan “Xalqaro press klub” ko‘rsatuvida aytgan so‘zlaridan keltirilgan iqtibosni o‘qib qoldim. Jumladan, senatorning: ”Biz keyingi yuz yil davomida ta’limdan islomni sug‘urib oldik. Biz bolalarimizga Gyoteni o‘rgatdik, ammo Payg‘ambarimiz (s.a.v.) hadislarini o‘rgatishdan qo‘rqdik…”degan so‘zlari qaysidir saytda berildi. Borakanu haqiqat, degancha rektorning aytganlarining to‘liq matnini qidirdim. Ammo topolmadim. Ertasiga esa, uning yuqoridagi ikki og‘iz so‘zi ham men ko‘rgan saytdan olib tashlandi. Ha, endi internetning yumushi ko‘p, boshqa dolzarb mavzular chiqib qolgandir-da, dedim qo‘ydim. Ammo nimagadir yuragim g‘ash tortdi…

Bekorga emas ekan. Bugun, shu yilning 24 iyun sanasida “nuz.uz” saytida 58 nafar tashabbuskor guruhning butun O‘zbekiston fuqarolariga Murojaatnomasini o‘qib yuragim “shuv” etdi. O‘zbek xalqining dindor sifatida qatag‘on qilingan eng bilimdon, olimu ulamo farzandlarining ayanchli hayotlari ko‘z oldimdan o‘tdi. Murojaatnoma mualliflari senatorni Konstitusiyaviy tuzumni ag‘darishga chaqirganlikda ayblashgan! Senatorning esa bor-yo‘q aytgan gapi quyidagilar:

”Biz keyingi yuz yil davomida ta’limdan, shu jumladan, oliy ta’limdan islomni sug‘urib oldik. Biz islom ta’limotini sug‘urib olar ekanmiz, halol va harom o‘rtasidagi chegarani buzdik, biz qanday hayot kechirish lozimligi haqidagi qoidani buzdik. Biz bolalarimizga Gyoteni o‘rgatdik, ammo Payg‘ambarimiz (s.a.v.) hadislarini o‘rgatishdan qo‘rqdik. Agar siz mahalliy ommaviy axborot vositalaridan birida o‘qigan bo‘lsangiz, yaqinda Parlamentning Senat palatasi spikeri hadisda pora oluvchi ham, pora beruvchi ham bir hilda gunokor bo‘lishini misol sifatida keltirgan edi. Agar o‘ylab ko‘rilsa, degan edi u O‘zbekiston Respublikasi jinoyat kodeksining shu mavzudagi moddasi hadisga to‘g‘ri kelar ekan. 210-211- moddalarda belgilangan jazo chorasi pora beruvchiga ham, oluvchiga ham bir xil belgilangan. Bugunga kelib ayrimlar spikerning bu gaplarini yo‘l qo‘yib bo‘lmas bir sabotaj sifatida ko‘rishmoqda. Sababi biz diniy ruhda yashashga o‘rganmaganmiz. Biz islom ta’limotini ommaga faqat imomlargina yetkazishi kerak degan aqidaga o‘rganib qolganmiz. Dunyoviy bilimlarga yaqin kishilar esa bularga hadiksirab qarashgan. Natijada nimaga erishdik? Biz korrupsiyaga keng yo‘l ochib berdik. Biz yoshlarni ta’magirlikka o‘zimiz boshladik. Biz ularni nohaqlikka o‘rgatdik, ta’lim inqirozga uchradi. Ota-buvalarimizning yarim vayrona masjidlarda Qur’on o‘qiganlarini, 9 yoshgacha uni yod olishganini tarixdan yaxshi bilamiz. Biz nima qilyapmiz, dinni bilmasdan turib faqat chiroyli binolar quryapmiz, shu bilangina ish bitsa mayli edi. Uni o‘rganganimizda edi, bilsizlarmi shu paytgacha qancha termiziylar, qancha buxoriylar, qancha forobiylaru xorazmiylarga ega bo‘lardik?!”

Hurmatli gazetxon! Endi o‘zingiz insof bilan ayting. Yuqorida keltirilgan ko‘chirmaning qaysi joyida Konstitusiyaviy tuzumni ag‘darishga chaqiriq bor? Agar topsangiz, siz ham ayblang. Ha, ayblang! Chunki kimlargadir qo‘shilib bir-birlarimizni qon qaqshatmaganimizga ancha zamonlar bo‘lib qoldi. Oramizda 37-yillarni sog‘inganlar topiladi. Men senatorning so‘zlarini va 58 tashabbuskorning O‘zbekistonda din davlatdan ajratilgani, tabiiyki ta’lim tizimi ham alohida ekani haqidagi dalil-dastaklarini sharhlab o‘tirmayman.Zotan, bularni A. Toshqulov va kamina ham yaxshi bilamiz. Hech kim O‘zbekiston islom mamlakati bo‘lsin deyotgani yo‘q.Faqat asosiy aholisi musulmon bo‘lgan bir davlatning bolalariga o‘zlari mansub bo‘lgan din asoslaridan boshlang‘ich ta’lim berishni yo‘lga qo‘yish kerakligini aytmoqchimiz xolos. Axir bolalarimiz nechta-nechta chet tillarni ham o‘rganishyapti-ku. Shu barobarda o‘sha tillar orqali ularning tabiatlariga yaxshi fazilatlar bilan bir qatorda ko‘pgina qusurlar ham singib boradi. Mana shunday sharoitda yosh qalbni o‘zi mansub dinning arkonlari himoya etishini istaymiz, xolos. Boshqa niyatimiz yo‘q!

Darvoqe, bir narsani eslatib o‘tmoqchiman: 58 raqami jinoyat kodeksida ham uchraydi. Bu raqam 58 yoki 158 bo‘lishidan qat’iy nazar, jinoyat bilan bog‘liq. Shundan aytamanki, rahbarlar o‘rtasida nizo chiqarib, xalq yuragiga qutqu solgan, mamlakatimizda olib borilayotgan islohotlar yo‘lidagi haqiqiy buzg‘unchilar 58 tashabbuskorning o‘zi emasmikan?! Ularning xatti-harakatlari yuqoridagi maqolada tilga olingan “tashabbus”ni eslatmaydimi?! Ogoh bo‘ling!

02

(Tashriflar: umumiy 448, bugungi 1)

Izoh qoldiring