Akbar Ergashev. Ikki hikoya: Bir kaft jiyda & Yaxshi kun

Ashampoo_Snap_2018.01.22_17h47m05s_001_.png    Соли палатада узоқ қолиб кетди. Бошида унга бошқача – қирқкунлик муолажадан кейин операцияга тайёр бўласиз дейишганди. Бироқ мана учинчи ой тугаяптики докторларнинг “Ҳали вақти етмади. Тайёрмассиз” деган важлари-ю, бу важларнинг айримларини унинг ўзига ағдаришининг охири кўринмайди. Бу тўрт девор, узун коридор ва кичик боғнинг чегараси бузилмайди…

Акбар Эргашев
ИККИ ҲИКОЯ
09

БИР КАФТ ЖИЙДА

Гар дунёни кезсам ҳам тушмас кўнгил жойига,
Марғилонлик бир қизни бормаганман тўйига.
Қўшиқдан

— Қомати расо, қошлари бир-бирига туташиб кетаман дейди, ўзи қорачадан келган, чеҳраси мулойим… Наҳот танимайсизлар?

Ashampoo_Snap_2018.01.22_17h54m57s_002_.png

Қизлар бир-бирларига қарашиб:
— Ким экан? Қим бўлиши мумкин? – дея сўрашади ва нечанчи бор муҳокамага киришади. Гап қайнайди, айтилмаган қорақош қолмайди. Аммо қани фойдаси бўлса. Бари кўз олдимда турганидан тахминларни осонликча рад этаман. Оқибат, ўнинчи мартадир, улар маҳаллада бундай қиз йўқлиги, бўлганда албатта танишларини айтишади.

Сентябр – пахта мавсуми. Ёш бўлганим учун журналдан мени ҳам рўйхатга тиркашди ва нашриётнинг турли ишчилари билан теримга отландик. Автобусда кетаяпмиз-у кўнгилларда пахта, айниқса борар, қўнар жойимиз номалумлигидан ҳаяжон. Яна, пешонамизга баҳаво кенгликлар ёзилган бўлса ишдан чалғиб, юрак ёзиб келарканмиз деган ширин умид. Шу хаёл, гаплар билан йўл юриб Жиззахнинг Дўстлик туманига етдик. Камига далалар орасидан яна анча ичкари ораладик. Тўғриси, нафақат менинг, балки бошқаларнинг ҳам манзилга етиб, автобусдан тушганимизда теваракни, барагимизни кўриб юраги орқага тортиб кетди. Олдимизда биз умуман хаёлимизга келтирмаган манзара ястаниб ётарди. Чунки, гарчи бу ерлар “оқ олтин” сиёсати даврининг ёрқин намунаси — тўрт томони охири йўқ далалар ўртасидаги посёлка ва инсоф билан айтганда аҳвол унчалик ёмон бўлмасада — тартиб билан қурилган қатор оқ уйлар, асфалт кўчалар, бетон ариқлар, симёғочлар, мана мактаб, мана дўконлар — лекин буларнинг барчаси шунчалар чарчаган, чўккан, йиллар ва табиат таьсирида рангги ўчиб, қийшайган, тағин узоқ ёғинсизликдан жамики нарсага, айниқса сарғиш дарахт барглари ва ўт-ўланга қалин чанг ўрнаб, кўзга шунчалик хунук кўринар эдики беихтиёр бу ерда одамлар қандай яшаяпти, деб ўйлаб қолардинг. Улар ҳам кузатсанг атрофдаги туссиз ва ғариб манзарага, мияни элитувчи вақт оқимига мослашиб қолгандай лоқайд ва завқсиз қимиллар, ҳамма нарса жуда секин эди. Бир сўз билан бу ерда ҳаётнинг нафаси етишмас, фақат шу кунларда келган турли идора, ташкилот ишчиларигина ниманидир силжитаётгани сезиларди. Қолганларни билмадим-у менда “Агар бу ерларда туғилганимда барибир қочиб кетардим” деган ўй ўтди ва юкимни кўтариб олдинга юрдим.

Барагимиз мактабнинг чет қисми бўлса, ётоғимиз спортзал экан. Унинг вайроналигини кўриб шеригим билан кўз уриштирдик. Тушунарли: баҳоли қудрат ижара уй топиш. Ва шуни маслахатлашгани вақтни чўзмай тезда ҳамкасб дўстларимизнинг олдига бордик. Улар бугун ўрнимизга кетадиган гуруҳ бўлиб, қайтишаётганидан шунчалик шайтонлаб қолишгандики, саволларимиз нари турсин қулоқларига гап кирмасди. Нуқул нарсаларини йиғиштиришимизни сўраб, қўлига илашганини тахламай сумкага тиқишарди. Бунақада яна хаёлингга нима келсин? Уларнинг автобус қачон жўнаши хақдаги такрор ва такрор саволлари остида тўртовлон юкларни кўтариб, кўчага чиқдик. Мен хажми катта ўрин-кўрпани елкамга ташлаб олганимдан йўлни базўр кўрар, теримнинг вахимали гапларидан қандай кунларга қолдим-а деб ўзимга сабр тилардим. Шунда кетатуриб не хаёл билан бошимни кўтариб, олдимга қарасамки…
Сиз ҳатто чиройли қизни ҳам учратмайман деган овлоқ жойда, ҳеч кутилмаганда рўпарангизда жуда малоҳатли, тағин орзуингиздаги гўзал қизни учратиб қолсангиз қандай аҳволга тушасиз?

Менимча буни ҳаётда камдан кам одамгина ҳис қилади.
— Шартта тўхтатиб, исмини сўрамадингизми? – савол тушади.

— Мен, ростми деб, ортимга бир қарай олдим холос, — дейман теварагимда ўтирган жиблажибонларга. – Сизларга айтсам, ўзи нимадандир изтиробда юргандек. Орқадан қараганда елкалари шунчалик ғамгин кўринадики, қучиб олиб “Қўрқма, мен ёнингдаман” дегинг келади.

Қизларни тарифларим завқлантиради ва гап-сўзларидан ўзлари ҳам шундай эътибору-эътирофни орзу қилишини сотиб қўйишади. Ярим соатлик чуғурлашишдан сўнг биз яна эгатлар оралаб кетамиз.

…Шу билан ҳаммаси бошланди. Тонг қоронғусида уйғониб, баракда нонушта қиламиз ва автобус бизни узоқ далаларга олиб кетади. У ёқдан осмонни юлдузлар безаган пайтда ҳориб-чарчаб қайтиб келамиз ва кечки овқатни егач, кўнгилга бирор нарса сиғиб-сиғмай кўрпага чўзиламиз. Кунлар истисносиз бўзчининг мокисидай бир хил айланади. Биздан фақат этак-этак пахта талаб қилиниб ош-овқатимиз, уловимиз, душларда сувларимиз тайёр турсада бунақа ҳаёт бизни тезда чарчатди. Шалвираб, кўзларимиз мўлтираб қолди. Улар орасида биргина мен руҳимда мадор сезиб тетик юрар, теваракка муҳаббат кўзи билан қарардим. Хаёлимдан қиз сира кетмасди. Шундан уни учратарман деган ширин умид билан оқшомлари қишлоқ кўчаларини кезар, орқа боғларни айланардим. Бу йўлда эринмас, кетган вақтимга ачинмасдим.

Ҳаётда севиш қанчалик яхши бўлса, севиб-севилиш ундан нари. Менинг дилимда ҳам шу бутун ният мавж урсада, аммо қишлоқ қизлари кечқурун кўча кезишармиди?

Вақт эса ўтмоқда. Мен қизни учратган кунимдан пулга этагимизни тўлдирадиган маҳалла теримчиларини сиқувга олсам, бу ёқда эрталаблари автобус жўнагунча таниш кўчанинг бошида уни пойлайдиган бўлдим. Узоқдан қораси кўринса ҳам майли, у ёғига автобус мени кутиб ярим соат кечикмайдими, қайтмайман. Бироқ ҳеч ўхшамасди. Сира. Бундан қизнинг қадри ортса ортдики, асло камаймади.

Бир ҳафта бесамар кетгач безовталигим ошди. Чунки учинчи гуруҳ ўрнимизга келиши мумкин, демак ихтиёримда тўрт-беш кун қоляпти. Мен эса қиз билан танишиш, кўнглини олиш тугул ҳали ўзини топганим йўқ. Бу ёқда ҳамкасб аёлларимиз ҳам қаердандир эшитиб “Топинг парингизни, Давронжон! Ўзимиз совчи бўламиз” деб ичимни баттар қиздиради. Шу хавотирда навбатдаги кун азза-базза ётиб олдим. Катталар менга ишонмай ола қарашди-да “Тез ёрдам” чақирди. Уларни ҳам амаллаб тинчитдим. Ҳаммаси жойига тушгач эса барагда озгина ивирсидимда кўчага чиқиб кетдим. Ичимда қизнинг далада эмаслигига қандайдир ишониб, зора кундузи топарман деган хаёл билан посёлкани бор бўйи кезиб чиқдим. Йўқ. Умидни сўндирмай гавжум жойга – бозорга йўл олдим. Кечгача вақт ўтказдим, бозордаям кўринмади.

Ахир бутун бошли одам йўқ бўлиб кетмас? Ё адашдиммикан? Тўғриси, охири ўзимдан шубҳаланиб қолдим. Аламдан узум ея-ея ортга қайтдим.

Ҳеч кутилмаганда… Қайси куни узоқ далага жўнагани анча эрта йўлга чиқар эканмиз автобус дарчасидан унга кўзим тушиб қолди. Қиз хаёлларга ботиб, посёлкадан чиқадиган чорраҳада кетиб борарди. Шунда ҳам юзини кўрмадим-у, лекин ички сезги билан бу у эканлигини билдим. Устидаги қорамтир кўк кўйлак бичимидан оддий бўлсада унинг егнида чиройлироқ ва бамаънироқ кўриниб, диққатни тортарди. Қиз зоти бир-бирининг либосига алоҳида эътибор бермайдими, шунга маҳкам ёпишиб, теримчиларга айтадиган бўлдим. Аксига олгандай шу тонг – орадан ўн кун ўтиб-а, мен ҳали ҳеч нарса демай қизлар уни таниб қолишди.

— Қиз деганингизга кимлар дебмиз-а. У Зебо-ку! Унинг тўйи бўлганига уч йилдан ошган.

Табиатан анча босиқман. Ҳозир ҳам киприк қоқмадим-у, барибир ҳаётимнинг қайсидир нозик тори узилиб кетгандек бўлди. Агар ҳаммаси шу бўлганда ҳам майли, тўйидан тўрт ой ўтиб эри қамалган ва ҳозир ҳам ўша ёқда экан. Уни учратган кўчам эса, яхши қиз маҳалладан ортмайди дегандек, келин бўлиб тушган кўчаси экан-у, лекин бечорага бу даври татиётганмикан?… Беихтиёр кўз олдимга унинг ғамгин елкалари келди. Ўша куни кўп вақт пушта ичида пахтамни бошимга ёстиқ қилиб ётдим.

Қизга муносабатим соф бўлганидан ёлғизлигидан хаёлимга ёмон фикр келмади. Унга қилча зиён етказишни истамай, у ҳақида оғзимни тўлдириб гапириб юриш тугул, у-бу биландир сирлашиш ортиқча туюларди. Энди бор орттирган танишларим ҳам кўзимга анча майда гапдек кўриниб — мусулмончилик, яна эрли ожизага тирғалиш ножоизлигидан мавзуни умуман ёпдим. Севги қиссаси тугади-ю қуёш шунчаки чиқиб, шунчаки ботадиганга ўхшаб қолди. Мен Зебодан сўз очмасамда уни кўп вақт ўйлаб юрдим. Теримнинг охири кўриниб қолганда эса – бошқа гуруҳ келмай, биз давом эттирдик, уни бир бор кўрмасдан, сўзлашмасдан кетаолмаслигимни тушундим. Аммо йўқ жойдан бошқа муаммо чиқди – унинг манзил-макони. Теримчи қизлар бизни аллақачон тарк этишган, улар яхшироқ далаларга чиқар ёки пахтани умуман бас қилишган, посёлкани-ку ҳамон оқшом пардаси ортидан кўрардик. Бунақа шароитда… Одам деган ҳам шунчалик назоратсиз бўладими?

Охирги кунлар тез ўтди. Ниҳоят далада сочилиб юришларимиз тугаб, жавоб келди. Биринчи марта кунни тугатмай баракга қайтган кунимиз ҳам кечгача ёмғир ёғди. Барибир мен ҳар дўконнинг олдида ярим соатдан вақт ўтказдим. Одам сийраклашиб қолган, ҳамма ташкилот теримчилари шахарга қайтар, кўчаларда уларнинг энг охиргиларигина сўнгги маишатларини ташкиллаштириб юрарди. Биздан шу куни хотин-халаж кетди. Тонгда эса айрим ташиш, тахлашлардан кейин қолганлар ҳам “Тошкентим-онам” деб хайр-маъзур қилишди. Баракда фақат биз — охирги лаш-лушларни йиғиштириб, асрда ортга қайтадиган икки масъул ва икки ёш қолдик. Бу ерда сўнгги кунимиз эмасми, мен ўзимдан ўтганини ўзим билиб, барагни ташлаб ҳам кетаолмай гўё симтўсиққа осилиб қолдим. Теваракдан кўз узмайман. Кеча совуқ ўтган шекилли қуёш тикроқ келганда мазам бўлмай, оқибат шу ҳам насия бўлди. “Ўл-а, кўришиш ўзи пешонангга ёзилмаган экан” дея ўзимни ёзғирдим. Бир парча бўлиб ҚВПга йўл олдим.

У биздан сал нарида эди. Етиб келиб ичкарига кирсам, не кўз билан кўрайки, неча кундан бери хаёлимдаги қиз — Зебо шу ерда ўтирибди. Якшанба кунлигидан ёлғиз ўзи, бирор бемор ҳам кўринмайди. Иймон келтирмасдан иложингиз йўқ – бу дунёнинг муаллифи қанчалар санъаткор-а! Бутун об-ҳаво ўзгариб кетди. Оғзимдан ширин сўз чиқиб кетишдан ўзимни базўр тийиб, дардимни ёрдим. У мен ҳақимда катта дафтарига у-бу нарсаларни тўлдирди-да, бошқа қоғозга дори-дармон ёзиб, қаердан сотиб олишим мумкинлигини айтди. Мен танишиш аввалида шерикка рухий зарба бериш яхши натижа беришини билганимдан дарров сахти-сумбатимни ўзгартирдим. Уйда сотиладиган дори-дармонларга ишонмаслигимни айтгандим, унинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди.

— Бемалол олаверинг, уларнинг бозорда аптекаси бор, — деди ва хоҳласам уч чақирим наридаги марказга боришимни эслатди.

Аҳмоғи борми? Тезгина айтилган уйга бордим. У узоқ бўлмай, тағин хонадон бекаси ширин сўз, очиқкўнгил аёл экан, ҳол-аҳволимни сўраб, янада кайфиятимни кўтариб юборди. Ўн минутдан кейин эса мен пункт муолажа кароватида ётар, Зебо қанақадир укол-доридан кейин чап билагимга система уларди.

— Пахта сизни анча чарчатиб қўйибди. Натрий-хлордан кейин глюкоза улайман, — деди у ўз иши билан бўлиб.

Мен баданимга игна кириб, хайдаса ҳам кетолмаслигимга ишонч ҳосил қилгач, сабримни қўйиб юбордим.

— Нимасини айтасиз. Шаҳар шароитида ўсмаганманми, пахтадан узоқман. Бунақа ҳаёт шунчалик жонимга тегдики, ишонинг, фақат сизнинг хаёлингиз менга куч берди. Зебо, мен сизни қаерлардан излаб юрибман-а?..

Қиз индамади. Мен унинг нигоҳларини излаб топиб, гапим жиддийлигини таъкидлагандим, у:
— Кўрсам, сиз касалга ўхшамаяпсиз, — дея тўхтаб қолди.

Мен унинг шубҳаларни арита бошлагандим, томирим ёрилиб, иккимиз ҳам шунга андармон бўлиб қолдик. Зебо қоним қуюқ эканлигини айтиб, уни меёрга келтириш учун нима қилишим, ёйишимдан гапирди. Кейин нинани ўнг билагимга солишга киришди. Чап тарафим девор бўлганидан у менга шунчалик яқин келдики, мен унинг бўйини туйиб турардим.

— Келаётган чоғларим, — дедим таъсирли қилиб, — бир пъесам театрда муҳокама бўлаётганди. У сизга ўхшаган ҳамшира ҳақда-ю, исми бошқа. Боргач албатта унинг исмини ўзгартираман.

Боқишидан гапим унга ёққанини сездим. Иккинчи сафар система томиримга тушиб, суюқ туз бир текис кета бошлади. Афсуски кейин Зебо бошим томонга, дераза ёнидаги стулга чўкиб, унинг юзини кўрмай қолдим.

— Мен турмушга чиққанман, биласизми? – сўради у сокин.

Енгил бош ирғадим.
— Болам ҳам бор, буничи?

Мен жим қолдим. Тўғриси, буни билардим-у, шубхаланардим. Чунки у чеҳрасидан онага ўхшамасди.

— Шунақа эшитдим чоғи, — деб қўйдим.
— О-о, сиз мени роса суриштирган кўринасиз. Мени қаерда кўриб қолгандингиз? Нима деб сўрадингиз?

Мен ҳаммасини – уни қачон, қаерда учратганим, кейин не тарифлар билан излаганим, тахминларни қандай рад этганим ва қиз бола деганимга уни ҳадеганда топилавермаганини ошириброқ ҳикоя қилиб бердим. Зебо гапларимни эътибор ва мароқ билан тинглади. Тағин у:

— Эримчи, у ҳақида ҳам биласизми? – деб сўради.

Бунақа саволлар менга кўпам ёқмасди-ю бошқа томондан улар табиий эди. Шунинг учун кўнгилни кенг қилдим. Куёвига келсак ўз-ўзидан барини очиқ айтолмасдим. Шундан ортиқча изоҳларга қизиқмаганман деб қўйдим. Зебо бошқа гаплар юрсада фақат унга ишонишимни сўради ва эри “пахта завод”да ишлаб, тоғасининг пора олди-берисига ўзи билмай аралашиб қолгани, махсус гурух босганда у ҳам тортилиб кетганини ҳикоя қилди. Тўғриси, бу гапларнинг мен учун аҳамияти йўқ эди. Қиз охирида шу ҳолида гап бўлиши яхшимаслигидан сўзлаб бошлаганди, мен унинг нимани назарда тутаётганини тушуниб:

— Хавотирланманг. Сўраган одамларимнинг калласи бутун, — дедим.

У бўлса кутилмаганда:
— Афсуски аҳмоқлардан кўра ақллилар хавфлироқ бўлади, — деб қолди.

Мен шу сонияда қаршимдаги хилқат ёш ва тажрибасиз эмаслигига ишонгандим. Бундан янада ўзимни босдим. Ва унинг оилалигини билгач барчасини бас қилганимни айтиб, тағин бугун оқшом жўнаб кетишимизни қистирдим. Номус муҳим эди. Бу орада натрий-хлор тугади. Зебо нинани бўшатмаган ҳолда тузнинг бўшаб қолган идишини глюкозага алмаштирди. У ўз ишини шунчалик хотиржам ва аниқ бажарардики, бу уни кўзимга янада мунис кўрсатарди. Суҳбат совимаслиги учун қачонлардир поликлиникада осма олгач, тез ўрнимдан туриб кетганим-у баданим шақиллаб қолиб, навбатчилар ҳаётимни базўр сақлаб қолишганини гапириб бердим.

— Ўшанда сиз учун тирик қолган эканман. Сиз эса шошиб турмушга чиқиб кетибсиз, — дедим охирида астойдил хафа бўлиб.

Зебо бўшаган дори-дармоннинг идиши, пакетларини ахлат идишга ташлади. Пункт шунчалик тинч эдики, ҳатто қадам товушларидан акс-садо қайтарди. Мен унинг ишини мақтаб, аслида оддий ҳамшираларга доктор назоратисиз система улаш мумкин эмаслигини эсладим.

— Мен медколлеждан кейин “Олий ҳамширалик”да ўқиганман. Онам гинеколог. Хуллас, ёшликдан дейишади-ку. Айтгандай, боя сиз борган уй бизники.

Оббо, қовун туширибман-ку. Бироқ аро йўлда онасини ҳам таниб олдим. Онасики хушхулқ аёл экан бир бахтимни ўтказиб юборганим рост шекилли.

— Поликникада ярим штатим ҳам бор. Яна бўш қолганимда аптекамизда тураман.

Мен ҳайрон қолганимни яширмай, биринчи учратганимда кўзимга оддий ва эрта-тантиқ кўринганини айтим.

— Ҳамма шундай ўйлайди. Эримнинг олдига борганимда ҳам мени кўрганлар Мансурга “О-о, хотининг жуда таннозга ўхшайди-ку. Қўлини совуқ сувга урмас” дер экан… Совқотмаяпсизми?

У яқинимга келиб, ёпинчиқни белимгача тортди. Мен унга меҳр билан тикилар эканман шундай қизни аллақандай Мансур дегани илиб кетганидан, ҳозир эса қамоқда ўтирволиб унга азоб бераётганидан таъбим тирриқ бўлди. Тағин эсланаётгани етмай турганди. Ўзимни босолмай қимиллаб қўйдим.

— Ичим сиқилиб кетди.

— Глюкоза секин бориши керак. Бирдан қувватга тўлиб кетманг. Ҳали.., — у рўпарамдаги стулга маҳзун чўкди. — …кун узоқ. — Сўнг изтироб билан сўради – Айтингчи, йигитни кўнглига қаттиқ тегиш яхши эмас, дейишади. Шу тўғрими?

Мен бир нарсалар деб ғўлдирадим.

— Тўғридир. Мен бир йигитни қаттиқ хафа қилгандим. Ўшанда унинг не алфозда ортига қайтгани ҳалиям кўз олдимда… Баъзида ҳозирги мусибатларимнинг бари унинг дилини оғритганимдан деб ўйлаб қоламан.

— …

— Исми Акмал эди. У узоқ қўшнимиз, ҳам акамга дўстилигидан бирга ўсгандик. Кўп уришардик. Лекин уй ишларига келганда супир-сидирми, пол ювишми, чанг артишми қайтмасди, ёрдамлашарди. Йўқ десам ҳам қўймасди. Яна ҳаммамиз бирга дарс тайёрлардик. Отам ўқишимизга қаттиқ қараб, ҳафтанинг охирида кундаликларни текширарди. Мен кўпинча рус тилидан “уч”им сабаб бурчакда яшириниб, йиғлаб ўтирардим. Акмал “билмасвой” деб устимдан куларди-ю, кейин ёнига ўтқазиб ўзи ўргатарди. Ақли бало эди унинг, шундайлар бўлади-ку – ҳамма нарсага улгуради. Кейинроқ, катта бўлиб, акам ўқишда, мен курсда ўқиганимда у бизни йўқлаб тез-тез келарди. Тилида акам бўлсада, дилида мен билан кўришиш, гаплашиш. Шу ерда ҳам эски аҳвол – жиғимга тегиб тўймайди. Лекин амалий машғулотларим учун уколми, системами, билсин деб қўрқмай мендан олаверарди. Мен у бечорани қийнаб кўп нарса ўрганганман. Яна ўқишимга кузатиб қўярди. Баъзи кунлари у ёқ-бу ёққа айланишга чиқардик. Акмал совуқ, ёмғирли кунлари доим “Биламан сени, кўзимга чиройли кўринаман деб юпун кийинма” дер, кейин барибир кўнгли тўлмай устидагини елкамга ташларди. Бу уч-тўрт марта такрорлангач мен “Қўйсангизчи, ахир қандай қилиб мужской кийим билан юраман” деб оёқ тирайдиган бўлдим. Биласизми, кейин у нимага ўтди? Шу кундан бошлаб устига қизларнинг курткасими, спортивкасими илиб келиб, менга узатарди. Мен эса кулар, унинг жаҳли чиқарди. Меҳрибончилигини қаранг. У кунларми…

Шубҳасиз саодатли эди. Буни Зебонинг иштиёқ билан, кўзлари порлаб сўзлаши айтиб турарди. Бир муддат қўз олдимдаги ғамгин қиз йўқолиб, у ҳатто гўзаллашгандай ва тўлишгандай эди.

— Бўлмаса нега..? – сўрадим мен.

— Уларнинг оиласи пароканда эди. Ўзига тўқ, ака-опалари бой, савдогар; бири Тошкентда, бири Самарқандда, опаси Туркияда бўлгани билан ўртада аҳиллик етишмасди. Менимча, ораларида энг оқибатлиси Акмал бўлган. Бошқа томондан Мансурларнинг бизга қариндошлиги бор эди. Ота-онам унинг яхши жойда ўқишига қизиқар, келажакда тез кўтарилади деб ишонарди. Сўрасангиз эса унинг ҳам кўнгли бошқада — ўзимизнинг маҳалладаги қизда бўлиб, иккиси иноқ эди. Хуллас катталарнинг ихтиёри билан бизнинг орамизда нон синдирилди. Буларнинг бари шунчалик тез бўлдики Мансурнинг, менинг кўнглимни билган акамнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмади. Бу орада Акмал ҳаракатга тушиб қолган, мен эса унга бу хақда айтолмай, ўзимни олиб қочиб юбрардим. Бир куни курсдошларим унаштирилганим, яқинда тўйимлигимни эшитиб зардўз кийимларимни кийиб келишимни сўрашди. Мен кийиб бордим. Аксига олиб ўша куни Акмал мени излаб келсами. Йўқолиб қоёлаётганим-у бу кийимларда кўриб кўнгли ёмон нарсани сездими “Кўзимдан йўқот буларни” дея бақириб кетди. Мен шовқинни тинчитиш учун уни аранг холироққа бошлаб, ер билан битта бўлганча бошқага унаштирилганимни айтдим. Кечирим сўрадим. У “Мен сени шунча йил асрайман-у, бошқаси бурнимнинг тагидан илиб кетадими?” дея алам ва жаҳлдан бақириб кетди… Орадан уч кун ўтгач олдимдан чиқиб, севишини айтдида, қўлимни сўради. Мен бошимни ҳам қилиб жим туришдан ортиқ иложсиз эдим. Акмал “Сенданам, Мансурданам, бутун дунёдан нафратланаман. Сен бугундан бошлаб мен учун йўқсан” дея хуноб бўлиб кетди-ю, индинига яна мулойим тортиб қайтиб келди. Мен уни ўзимдан узоқлаштириш учун “Куёвим мени қўлларимдан ушлади, юзларимдан ўпди” десам, у тутоқиб “Нима! Қани ўша жойлар? Ушлаган жойини кесиб ташлайман. Ўпган жойини куйдираман”деб осмонни бошига кўтарди. Орадан хафта-ўн кун ўтиб шекилли, мендан қасос олиш учун пичоқ кўтариб келибди. Машинасининг ичида ўтиргандик. “Ҳозир сени, кейин Мансурни, кейин ўзимни ўлдираман” деб пўписа қилди. Қўрқиб кетдим. Безорилиги бор, қўлидан келарди. Кейин “Айт, ундан қаерим кам? Нега менга тегмайсан?” деб кўзига ёш олди. Мен гапни ҳазилга буриб унинг оқ-сариқлигини пеш қилдим. Акмал аламдан қалтис ҳаракат қилиб юборган эди, пичоғи қўлимни тилиб кетди. Мана изи, кўряпсизми, кичкина. Биласизми, ўшанда унинг мени қанчалик яхши кўришини билганман. У шайтонлаб қолиб, икки гапининг бирида “Оғримаяптими? Ўлиб қолмайсанми?” дея хавотирланарди. Сўнгра ўн кунлар кўринмай қолди. Мен у умидини узибди, яхши деб ўйлаб юрардим. Бир куни кўрсам подъезимиз остида мени пойлаб турган экан, қўлимдан тортиб чеккага чиқариб олди. Кўрсам янги кийинган, қўлида йўл сумка. “Паспортингни олгин Зебо, билет оламиз-у, Туркияга учиб кетамиз. У ёқда бизни опам кутяпти” деб қолди. Рост, ўшанда кўнглимнинг тубида “Ўзи яхши йигит-ку, мени севади, барига қўл силтаб у билан қочиб кетсаммикан” деган ўй ўтди. Лекин қариндошларнинг ораси бузилишидан, бошқаси билан қочиб кетибди деган ота-онамга гап олиб беришни ўйлаб, фикримдан қайтдим. Елкамизда мунча кўп нарса бор-а? Тўйимдан бир кун олдин у яна келди. Озиб-тўзиб, соқоли ўсиб кетган, сочлари тартибсиз. У “Онангга бир оғиз, кўп эмас, бир оғиз мен ҳақимда айтгин. Қолгани менинг ишим. Қўрқма, биз албатта бахтли бўламиз” дея қаттиқ ўтинди. Мен кечирим сўраб, ҳаммасидан афсусдалигимни айтолдим холо. Ва у бир-бир босиб, кўчанинг четидан ортига қайти. Бу юракни тешиб юборадиган манзара эди… Кейинроқ уни Измирга кетиб қолганини эшитдим. Анчадан бери юрганмиш. Ҳозирлар эса унинг ўшандаги таклифига менинг кўп ҳаёлим кетади.

Зебо жим қолди. Тўғриси бу гапларни эшитиб аёл зотининг ҳеч қачон кўнгли тўлмаслиги рост шекилли деб ўйладим. Ҳали ҳаммасини билмай хулоса қилганим кейинроқ аён бўлиб, ҳозир яна бир қизни қанча севиш керак бўлса шунча севган Акмалга ҳурматим ошиб кетди. Мана сизга муҳаббат, мана жўшқинлик ва мана туғён. Мен бўлса пойтахтда боримни яхши маошга алмашиб, тўрт девор орасида кунни ўтказиб юрганимдан хурсанд бўлиб юрибман. Ахир шу ҳам ҳаётми? Қани кураш, қани изтироб, қани соғинч ва сонияси асрга татигулик дийдор…

— Тақдир дегани бор гап, — дедим таъсирланиб ва Мухайё деган қизни севганим, ўқишлар билан бўлиб унга кам эътибор қаратганман чоғи бир куни янги йилни Тошкентда кутиб оладиган бўлиб, оқшомда байрам билан табриклагани телефон қилсам синглиси опасини унаштиришганини айтиб қолганини сўзлаб бердим.

— Ҳаётингиздаги энг унутолмас кун бўлибди-да.
— Нимасини айтасиз. Кейинроқ сабабларини билдим, улар майда бўлсада кўп эди. Ўзимдан ҳам ўтган…

Зебо гапларимга бошқача қулоқ тутарди. Биз ёш ва таъсирчан эдик. Умуман ҳар даврнинг касаллиги билан ўз вақтида оғриган яхши. ҚВПга кимдир келиб, суҳбат бўлинди. У бирров ташқаридан хабар олдида, қайтгач уколимдан кўнгли тўлмай лейкопластирини мустаҳкамлади. Сўнг яна дилгир бўлиб дераза томон юрди. Ташқарига хаёлчан тикилиб:
— Боя мен сизни бир нарса деб алдадим, — деди.

Мен ҳайрон бўлиб, таажжубимни яширмадим. Зебо оҳиста стулга чўкиб давом этди.

— Ўғлим ўзимники эмас. Буни фақат сизга айтаяпман. Нега деб хайрон бўлманг, чунки сиз эртага кетасиз. Мурод опамники, сирни икки оилагина билади. Ўзимники хомиладорлик вақтим ичимда ўлиб қолган. Мен билмай юраверганман. Кейин қайниопам бу Мансурга ёмон таъсир қилмасин деб ўзиникини менга тутқазди. Сабаби унинг эри заводда ҳаммасини бошламаганми, шунга ўзини айбдор сезарди. Ҳозир Мансур Муродни ўз ўғлим деб ўйлайди. Охири ҳаммамиз бу ёлғонга кўникиб, бола ўзимникидай бўлиб қолганда эса – у шунчалик ширинки, қайниопам уни мендан олиб кетяпти. Бошида кўрганигина келарди, кейин тез-тез, шу кунларда бўлса… Бу мени қанчалик қийнашини билмайсиз.

Унинг куёвли бўла туриб ўзига тортишининг сабаби бу ёқда эканда. Дилбарликки, тоши оғир.
— Боланинг ўзи кўпроқ кимга талпинади? — сўрайман мен.

— У ёққа борса мени, бизникига келса у ёқни унутади. Бехрух, Бехрузжон! Уни кўрмаганимга ҳам ҳафта бўлди… Глюкозангиз охирлаб қолибди, — Зебо ўнидан туриб яқин келди. Системани тўхтатиб, уколни узди-да ўрнига спиртли пахта босди.

— Йигирма минутгача туришга шошманг, тағин эски ҳол такрорланмасин, — дея огоҳлантирди. Мен эркинроқ чўзилдим ва боланинг ақли кирмасдан тезроқ муаммони ёпишдан гапирдим. У бўшаган нарсаларни челакка ташлар экан:

— Ҳа, бўлмасамчи, — деди ва жойига омонат ўтириб, давом этди. — Ҳардоим Мансурни кўргани борганимда Бехрузни кўриб хурсанд бўлади. “Озодликка чиқсам ҳаммасини унутамиз, яна бир ўғил, бир қиз кўрамиз” деб ният қилади. Мен бир нуқтага тикилиб туравераман.

— Тасаввур қилаяпман.

— Йўқ, Даврон, сиз тасаввур қилаолмайсиз. Чунки даҳшатлиси нима, биласизми? Ўлик болани кўтариб юрганимда ичимга зарар етган. Нари бери эмас. Бу ёқда яна операция. Мен оналик учун яроқсизман.

Мен алланечук аҳволга тушдим. Бир кунда шунча ҳиссиёт, шунча тақдир. Зебо ўзига сиғмай, ўрнидан туриб кетди.

— Ўшанда айтгандим, ялингандим, Мансурни алдамайлик, ёлғон бошламайлик деб. Уйдагиларнинг бари вақти-соати келганда айтамиз дейишди. Кейин ҳаммаси чигаллашиб, битта ёлғон ўнта бўлди. Ҳали у қайтсами…

Палатага эзиб юборувчи жимлик чўкди. Мен ўз хаёлимда Зебонинг полга томган кўз ёши товушини эшитдим.

— Балки мўжиза бўлиб… У сизни яхши кўрса…

— Йўқ, мен тиббиётнинг ичидаман-ку. Унинг яхши кўришига келсак бу айтишгагина осон. Ҳамма нарса ўзгариши мумкин. Бу ёқда мен ҳам жим қараб туришга ҳаққим йўқдир. Мени ҳали нималар кутаётганини ўйласам, ўйимнинг охири йўқ… Дарвоқе, Акмал. У ҳали уйланмаган, ҳалиям менинг ҳаётимга қизиқиб юришини биламан. У ҳатто шу холимда ҳам уйланишга тайёр. Мен-ку бундан умид қилаётганим йўқ. Турмуш бошқача. Билганим эса битта — биз кутган нарсалар олдимиздан чиқмади; умр узун йўл экан…

Ортиқ ҳеч нарсани ҳис қилмай қўйдим. Ҳозирги ҳолатим яраланиб палатага тушган аскардан баттар эди.

— Эсингиздами, эрим тўйгача бошқасини яхши кўрган дегандим. Қиз маҳалламиздан бўлиб, оиласи оддийлигидан олиб беришмаганди. Кейинроқ уни ҳам узатишди. Бошида у билан ҳар тўқнаш келганимда гўё бахтини тортиб олгандай олдида хижолат бўлсам, яна қизларга хос ҳис билан ўзимга ёқиб кетардим. Бугунлар ўша қизга қанчалар ҳавас қиламан-а. Нега, биласизми? Биз учун чирой, йиллаб севилиш, нечта йигитнинг қўлини қайтариш бахт дегани эмас экан, чинакам бахт – оилада, оилада экан!.. Мана мен ҳақимда ҳаммасини билиб олдингиз.

Мен хаёлимда ардоқлаган қизни шу алфозда учратаман деб ўйлаганмидим? Мен шу ғамгин тарихни эшитаман деб шунча уни қидирганмидим? Мен неча кундан бери оқибат юрагимни тўлдирган изтироб ва оғир хаёлларни топаман деб югурганмидим?

Вақт ўтиб қолганди, ўрнимдан турдим. Зебо навбатчилиги тугаганини айтиб атрофни енгил тартибга келтирди. Мен унга очиқ деразаларни ёпишга ёрдамлашдим ва биз чорраҳагача бирга чиқдик. Ёнма-ён кетиб борар эканман унга нима деб руҳий мадад беришни, охирида нима дейишимни билмасдим. Ноилож эски гапни – ҳаммасини вақтга қўйиб беришини сўрадим-у ўзим ичимда бунинг ниманидир ўзгартиришига ишонмадим. Шунинг учун қолганига унга чўнтагимдан бир кафт жийда узатдим. Биз секин ажралишдик.

Мен баракка келгунга ҳеч нарсани кўрмадим ва эшитмадим. Бошлиқлар узоқ кўринмай қолганимга койишиб,

Ўша куни қуёш ботишига яқин пойтахтга жўнаб кетдик. Ҳамма бу ерлардан қутулганига қувонарди-ю фақат менинг дилим вайрон эди. Автобус олдинлар экан посёлкадаги наинки ҳар бир уй, дарахт, кўчадан, ҳатто тошдан нигоҳимни узгим келмасди. Улар кўзимга шунчалар қадрдон ва азиз, шу билан бирга маюс ва ҳазин кўринар эдики, гўё ҳар бири инсоннинг кўнгил буюклиги, унинг юрагида қолиб кетган киши билмас орзу-ўйлари, ортда қолиб кетган яхши кунлари, бугунги ҳаёти ҳарчанд ташвишли бўлмасин эртадан кутаётган умидларини ўзида мужассам этарди. Ваҳоланки, эсласам, илк дафа бу ерларни кўргим келмаганди. Қочиб кетсам дердим. Шунда ўзи билмаган ҳолда менга унутилмас сабоқ берган Зебодан миннатдор бўлдим – дунёда яхши-ёмон жойлар йўқ, қаердаки инсон яшар экан у ер шубҳасиз азиз ва мукаррамдир. Қаранг, мен бу оддий ҳақиқатни тушунишни истамабман. Бошқача бўлиши ҳам мумкинми? Менимча, йўқ.

Кечқурун Тошкентга етиб келдик. Аммо ижара хонамда уч кеча Жиззах далаларини қучиб ётдим. Мен кузни ҳеч қачон бунчалик ҳис қилмаганман.
Кейинми?

Томирим ёрилган жойнинг оғриғи кун ўтиб қолгани каби ҳаммаси ёддан кўтарила бошлади. Шаҳарнинг олағовур, курашчан ҳаёти ўшанда менинг вужудимни қамраган ҳис-туйғуларни кўмиб юборди. Бу ердаги минглаб, миллонлаб одамларнинг дард-у ташвишлари орасида олис далалар ўртасида қолиб кетган бир қизнинг ўй-хаёллари кўринмай кетди. Тағин пастимиздаги дўкончи қиз билан мусичалардек “гу-гу”лашиб юрганимиздан, кўзга яқин, кўнгилга яқин дегандек, Зебони унутиб юбордим. Қачондир ундан албатта хабар олиш ниятим ҳам шундай қолиб кетди.

У эндилар ёдимга камдан-кам — пахта йиғим-теримидами, оғриб осма олганимдами, жийда еганимдами тушиб туради. Шунда бир муддат ҳаммаси кўз олдимда жонланади, ичимдан нимадир ўтади. Аммо бу ёғига кимнинг тақдири қандай бўлди, билмайман…

ЯХШИ КУН

Соли палатада узоқ қолиб кетди. Бошида унга бошқача – қирқкунлик муолажадан кейин операцияга тайёр бўласиз дейишганди. Бироқ мана учинчи ой тугаяптики докторларнинг “Ҳали вақти етмади. Тайёрмассиз” деган важлари-ю, бу важларнинг айримларини унинг ўзига ағдаришининг охири кўринмайди. Бу тўрт девор, узун коридор ва кичик боғнинг чегараси бузилмайди. Гап фақат шунда бўлганда-ку йигитча бунча асабийлашмасди, гап уни ҳамма – онаси, ака-укаси, тоғасию-аммаси, ҳатто дўстлари кўргани келди-ю, отаси бир марта қадам босмади. Ҳолидан хабар олмади. “Ахир ўзи мени бу ерга олиб келмаганмиди, – кечалари уҳлолмасди Соли. – Қандай қилиб ота ўғлини бегона жойда шунча қолдириши мумкин? Тағин бундай аҳмоқлар орасида…”.

Дард ўрта курсда бошланди. Кўзнинг хиралашуви аввал шамоллашга, сўнгра институт иштиёқида бош кўтармай ўқилаётган китобларга йўйилди. Вақт ўтгани сари эса қалин кўзойнаклар ҳам иш бермай қолди. Коллеж ҳам “Ярим йўлда қолиб кетмай” дея амаллаб тугатилди. Энди унинг кўзлари ёруғликни ёки яқин нарсаларнигина фарқлай олар, эркин ҳаракатланишга қўймасди. Ташхис аниқ: кўз шоҳпардасининг яллиғланиши. Аммо бу ташхисгача, тўғрироғи давосигача, эҳ-ҳе, қишлоқ ҚВПсидан бошланган эшик тақиллатиш туман, вилоят, ундан ошиб Тошкент шифохоналари, ўрта йўлда хусусий клиникалар, табобат марказларигача етган, Бухоро-ю Хоразмдаги мулла-эшонлар ҳам эсдан чиқмаган эди. Ҳаёт кўп қизиқ, Соли олдин бундай гапларни эшитса куларди, аммо ожиз қолсанг нималарга ихлос қилмас экансан. Фойдаси-ку … ўша, ўша гап. Оқибат, кўз дегани нозик эмасми, бир марта операциядан ўзгаришсиз чиқиб, икки марта тиғ кўзга етганида юракка ғулғула тушиб, табиблар-у тиши кемтик кампирларнинг маслаҳатлари шамолга учиб; қанча дори ютилди, кимлар нима деди, қаерда тўғри қилишиб, қаерда хато қилишди — ота-бола билмай бўшашиб қолишди.

Кетган пул-у вақт майли, ўртада умид қариб борарди.

Уч ой олдин эса Омон ака сефдаги пулига, оғилдаги охирги мол-қўйига, эски замондан қолган темир-терсакларига сер солди. Кейин Солини етаклаб яна Тошкентга йўл олди. Улар бу гал азим шаҳарда тилга тушган, аммо ҳамма ҳам юрак ютиб боравермайдиган чет эл клиникасига учради. Майда-чуйдасиз бари тезроқ ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлгани яхшида. Шунга яраша ичкарида текшир-текширлардан сўнг ижобий натижага кафолат берилди. Лекин оқ қоғоз тагидаги сумма ҳам анчагина экан. Ота бу ердан чиқиб кетишни истамай кимларгадир сим қоқиб қўрди. Фойдаси бўлавермагач уларнинг аҳволини тушунган қария шифокорнинг ўзи жонга оро кирди. Унингча Соли бошқа, арзонроқ жойда ётиб муолажа олсин, организм тайёр бўлгач операциянинг ўзи шу ерда ўтади. Шунда харажат қисқаради. Фақат тартибга қатъий амал қилиш лозим. Бу ҳаммага маъқул тушиб, йигитча бу ерга келиб қолди.

Аммо гап шундамиди?..

Соли ўйлаб қараса, шумликсиз отасини бу ёққа келтиролмайдиган. У касали бошлангандан бери отаси билан бирга юрганидан унинг соясига кўникиб қолган, шундан ҳатто алами бўғзига келганда ҳаммасига уни айбдор ҳам қиларди. Шу тун йигитча қошларини чимириб, режани пишитди-да ишга киришди. Истиҳола қилмади. Ҳафта ичида катталар ва ҳамширалар айниқса ёш беморларнинг унча-мунча инжиқликларини кўтарсада, унинг ярим кечаси шаҳарга чиқаман деб ойна синдириши, ёш санитаркаларга ташланиб қолиши, укол-дориларини олмай томоша кўрсатишига қўл силташмади. Айниқса, ота ўғлидан ҳозир илон заҳри билан даволайдиган аллақандай табиб олдида ўтирганини эшитгач, “Сен куспуруш…” дея обориб-обкелди-да, сўнгги сўзи тезда йўлга чиқиш бўлди.

Йўлга чиқиш!

Эртаси эмас, индини эмас, Омон ака учинчи кун деганда Сурхондан етиб келди. Соли эса бу вақтда тамом индамас болага айланди қолди. Унинг охирги қилиқларидан хабари борлар чекка-чеккада кулишиб, буни ваҳмга йўйишсада сабаб бошқа эди. Аслида йигитча ичидан пишар, отасига қарши кучлироқ “портлаш” учун ўзида куч йиғарди. Мана, отаси унга хонадош, қўшни беморлар билан хол-ахвол сўрашди. Олиб келган бодом-майизларидан улашди. Охири бош шифокорнинг ўзига киргач — у ерда анча қолиб кетди, бир ўтирайлик дея Солини шаҳарга бошлади. Бу вақтда у баттар тундлашиб, йўл-йўлакай берилаётган саволларга қўрс жавоб берар, фикри-хаёли қулай фурсатда эди. Аксига олиб кирган емакхонасида одам қуюқ чиқди. “Ҳечқиси йўқ, — вазиятни ўзига мослади Соли. – Бошқалар ҳам эшитади!”. Столга жойлашишда эса ҳаммаси атай йигитчанинг сабрини синаётгандай отасига телефон бўлиб қолди. У маҳалла раиси, ҳаётнинг ичидаги одамлигидан ноилож ташқарига чиқаркан, Солининг таранглиги ошиб, стулга чўкди.

“Отам ҳозир қайтгач менинг соғлигим, маишатим билан қизиқади, – сўнг хаёлга берилди у. — Докторларни сўрайди. Шунда мен шарт ўрнимдан туриб кетаман. Унинг ўзини оқлаши, анови Салиманинг (бош шифокор) нима деганини эшитиб ўтирмайман. “Сиз менинг тақдиримга энди қизиқаяпсизми, ота?! Уч ойдан бери қаерда эдингиз? – дейман. – Ёки сизга ўгаймидим? Ёки сизни чарчатиб, керагим бўлмай қолдими? Жавоб беринг, ота! Балки ўшанда доктор билан қўз қисишиб, мени қуруқ умидлантиргандирсиз? Мен кўрмаганман-ку. Салима билан ҳам бугун анча қолишингиз бекоргамасдир? Ахир ҳаммаси рост бўлгандаям бу туриш-турмушнинг охири бордир? Қани ўша операцияси? Операцияни қўйинг, ўзингиз қаерда эдингиз? Нега мени ташлаб кетдингиз?”… Биламан, шунда отам мени чалғитиб, сени онанг билан гаплаштирай деб телефонимни сўрайди. Атайинда, чунки овуниб юрсин деб ўзи Термиздан қиёматини олиб берганди. Шунда мен: “Телефон йўқ! Йўқ!! Мен уни шаҳарга чиққанимда иккита пивога алмашвордим. Чунки қадрингизни шунча билдим, ота, – дейман. Ростда. – Сиз мени касалхонага ташлаб, ўзингиз кенгликларда маза қилиб юрдингиз. Амалингиз, пулингиз яхши, аёллар ҳам топиб олгандирсиз. Мен эса қолавердим… Сизни ёмон кўраман, ота! Сиздан нафратланаман!”.

Ҳа, худди шундай дейди. Бошқача эмас.

Соли шу режа билан калласи қизиб, отасини пойлай бошлади. Хизматчи келиб, у-бу нарса қўйиб кетди. Бироқ ундан дарак бўлмас, емакхонада фаромуш кайфият давом этарди. Кутилмаганда қўшни столда ичимлик шекилли, оғнаб кетди. Гуруҳдан йигит ва қиз ўрнидан туриб, олдини тартибга келтиришди-да, жойига ўтиришди. Бу шу билан ҳаммаси тугаши мумкин эди-ю, бироқ охирги сонияда Соли йигит ичимлик томган стулни ҳозир унинг отаси келиб ўтириши керак бўлган стулга алмаштириб қўйганини пайқаб қолди. Бошида бунга жиддий эътибор бермади. Ёшлар ширин кайфиятларида давом этишган сари эса негадир тинчи қочиб, диққати оша бошлади. Вақт ўтган сари бояги ғазаб ҳам бошқа бир кенгроқ, оғирроқ ва равшанроқ туйғу билан алмашарди. Бу ғайритабиий куч унинг бутун вужудини қамраб олгач эса хаёллар узоқларга кетди…

Ғам-ғуссасиз болалик вақтлари эди. У ака-укалари, қўшни болалар билан бекинмачоқ ўйнар, кўчада тўп тепишар, балон юмалатар, хуллас кунлар жуда соз ўтарди. Аммо кўзга кўп нарса кўринмас экан. Масалан отасининг жамиятнинг олди иши — сув хўжалиги замон ўзгариб қадрини йўқотган, табиийки оз, унда ҳам шарти кетиб парти қолганда қўлга тегадиган маошга рўзғор юритиш осон эмасди. Шундай шароитда ҳаммаси баҳоли қудрат ўхшагани эса ўз-ўзиданмикан? Чунки… авжи саратон кунларининг бирида онаси уни ўйиндан чақириб, қўлига тугун берди-да, уни далага, отасининг олдига етказишини тайинлади. Тугунга қизиқиб бир тўп бола йўлга чиқди. Улар ҳавонинг иссиқлигидан ўн қадамда бир дам олиб, ниҳоят айтилган жойга ҳам етишди. Шунда Соли кўрсаки ёниб ётган қуёшнинг остида, иссиқ эпкинда, футбол майдонидек сап-сариқ даланинг ўртасида отаси кимнидир ғалласини ўрарди. У бош кўтармай секин, бир зайлда уроқ солар, ўрилган буғдойни тахлар, бошқа нарсага ҳеч чалғимасди. Бутун болалар унинг иссиқда қандай ишлаётгани, пешонасида ялтираётган тер-у, баданига жиққа ёпишган кийимига ҳайрат ва ҳаяжон билан қараб қолишди. Неча кундир ўтиб эса бир нотаниш одам уйга озроқ пул ташлаб кетди…

Кўп йиллар олдин, катта акаси 11-синфда ўқиётиб фан олимпиадасидан вилоятга чиқди. Кун оғгани сари бутун оиланинг хабарга интиқлиги оша бошлади. Аксига олиб эса хабардан ҳам, унинг эгасидан ҳам дарак бўлмасди. Шу билан оқшом чўкди. Кечки овқат вақтидагина шаҳардан сим қоқилди. Унда ўғил мусобақада ҳаммадан устун келсада ўртага пул аралашиб, иш бузилаётганини айтди. Унинг гапини узтоси ҳам тасдиқлаб, тонггача палонча пул тахланмаса нақд ғолиблик учиб кетишини тушунтирди. Алоқа узилгач ҳамма шалвираб қолди. Уйда бунча пул йўқ, сотгали эса иккита қўзидан бунча пул чиқмасди. Шунда отаси бир муддат жим қолди, ким билади, балки хаёли бу дунёнинг ажаб савдоларига кетгандир. Кейин чойини ҳам охиригача ичмай, эгнига елгил нарса илдида шундай кўчага чиқиб кетди. Қаерга, кимларникига боргани номаълум, тонгнинг салқинлиги аримаган бир пайтида қўнжи тўла пул билан кириб келди. Юзини яхтай сувга қайта-қайта ювдида, яна йўлга чиқди. Шаҳарга. Гарчи ўшанда у барибир кечиккан бўлсада Солига бу воқеа отасининг болалари учун ҳаловатидан ортиқ кўп нарсага тайёрлиги билан қайта танитди.

Яна у олис болалигида бобосиникига боришни яхши кўрарди. Унинг уйи қир-адирларда бўлиб, унга икки йўл билангина – ёки автобус (таксилар кам) ёки унга кечикилса ярим йўлгача машинада келиниб, қолганига анча пиёда юриларди. Шундаям Солига саргузаштли иккинчи йўл ёқиб, ўша куз куни ҳам “омад” у томонда бўлди. Кичик қишлоқ, ундан ўтиб кенг далалар, шолипоялар, жингилзор оралаб ўтган йўл отаси билан баракали савол-жавоб билан ўтди. Ҳатто иккиси тупроқ йўлда бироз ялонгоёқ юришди. Ҳаммаси соз кетардию, дарё бўйига етиб, қўришса — қайиқчи йўқ. Одатда у одамларни сувдан ўтказиб пул ишлар, қуёш ботиб қора кўринмай қолганига ҳойнаҳой уйига жўнаганди. Ота-бола оқшом қўйнида эшитиб қайтар деган умидда чўзиб-чўзиб уни чақиришди. Сувнинг сатҳидан, яқин тепаликлардан акс-садо қайтди-ю қайиқчидан дарак бўлмади. Энди нима қилишсин? Ортга қайтишга йўл узоқ, кеч тушган. Юрайлик деса олдинда дарё. Шунда отаси Солини елкасига миндирдида, саёз жойини мўлжаллаб – ҳарқалай болалиги шу ерларда ўтган, сувга тушди. Шошмай кеча бошлади. Сув отасининг белидан ошиб қўкрагигача борар, оқим суриб кетгандаку Солининг жажжи оёқларигача етарди. Ва хар сафар унинг эти сувнинг яхтайлигидан жунжикарди…

Умуман шунга ўхшаш, муҳими отасининг болаларининг кўнгли билан қизиққан воқеалар кўп бўлган. Аммо булар унинг болалик шуурида мустаҳкам қолган хотиралар. Кўз олдидан кетмайдиган манзаралар.

Ахир у кунларни унутиб бўладими? У кунларга хиёнат қилиб бўладими?

Кўринмаганига келсак отасининг ёлғиз Солиси борми, юргандирда бошқа болалари, рўзғори ташвишида. Йигитча кўзларини юмди. Пича шундай туриб қолди-да, кейин аста ўрнидан турди. Ёнидаги гуруҳга юзланиб:

— Яхшилар, стулимизга текканларингни сездим. Уни берсанглар, — деди.

Қизлар йигитларга қарашди. Йигитлар гапни айлантириб, уни адашганга чиқаришди. Соли ўзини босиб илтимосини иккинчи бор такрорлади. Бу гал мазахўракка урғочилар ҳам қўшилиб, йигитлар уларни қўллай бошлашган эди, Соли ёнидаги стулни даст кўтарганча:

— Мен сенларга уни қайтаринглар деяпман, – дея юзинг-кўзинг демай уни нариги столга туширди.

Ёш-яланг сакраб туриб кетди. Хайрият, ҳеч кимга ҳеч нарса қилмабди. Ҳозир бўлса майли улар бақир-чақир қилиб, йигитни жиннига чиқараверсин. Емакхонанинг бошқарувчиси ҳам югуриб келаверсин, Соли буларни ўйламасди. Барча маломатларга жавоб ўзининг хақлиги-ю узун тил, аммо ҳаммаси отаси қайтиб келгунча тинчиши, у ҳеч нарсани сезмаслиги керак.

_ 0aa.jpg Soli palatada uzoq qolib ketdi. Boshida unga boshqacha – qirqkunlik muolajadan keyin operatsiyaga tayyor bo‘lasiz deyishgandi. Biroq mana uchinchi oy tugayaptiki doktorlarning “Hali vaqti yetmadi. Tayyormassiz” degan  vajlari-yu, bu vajlarning ayrimlarini uning o‘ziga ag‘darishining oxiri ko‘rinmaydi. Bu to‘rt devor, uzun koridor va kichik bog‘ning chegarasi  buzilmaydi…

Akbar Ergashev
IKKI HIKOYA
09

E Akbar foto.jpgAkbar Ergashev 1989-yil Surxondaryo viloyati Qiziriq tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Davlat San’at institutining “Jurnalistika va san’at nazariyasi” bo‘limini tugatgan (2012). “Gulxan” jurnalida bo‘lim muxarriri, Surxondaryo viloyat teatrida adabiy kotib bo‘lib faoliyat yuritgan. Shu teatrda qo‘yilgan “Chegarachi” asari “Seni kuylaymiz zamondosh-2017” ko‘rik tanlovida uchinchi o‘rinni qo‘lga kiritgan.

09

BIR KAFT JIYDA

Gar dunyoni kezsam ham tushmas ko‘ngil joyiga,
Marg‘ilonlik bir qizni bormaganman to‘yiga.
Qo‘shiqdan

— Qomati raso, qoshlari bir-biriga tutashib ketaman deydi, o‘zi qorachadan kelgan, chehrasi muloyim… Nahot tanimaysizlar?

Qizlar bir-birlariga qarashib:
— Kim ekan? Qim bo‘lishi mumkin? – deya so‘rashadi va nechanchi bor muhokamaga kirishadi. Gap qaynaydi, aytilmagan qoraqosh qolmaydi. Ammo qani foydasi bo‘lsa. Bari ko‘z oldimda turganidan taxminlarni osonlikcha rad etaman. Oqibat, o‘ninchi martadir, ular mahallada bunday qiz yo‘qligi, bo‘lganda albatta tanishlarini aytishadi.

Sentyabr – paxta mavsumi. Yosh bo‘lganim uchun jurnaldan meni ham ro‘yxatga tirkashdi va nashriyotning turli ishchilari bilan terimga otlandik. Avtobusda ketayapmiz-u ko‘ngillarda paxta, ayniqsa borar, qo‘nar joyimiz nomalumligidan hayajon. Yana, peshonamizga bahavo kengliklar yozilgan bo‘lsa ishdan chalg‘ib, yurak yozib kelarkanmiz degan shirin umid. Shu xayol, gaplar bilan yo‘l yurib Jizzaxning Do‘stlik tumaniga yetdik. Kamiga dalalar orasidan yana ancha ichkari oraladik. To‘g‘risi, nafaqat mening, balki boshqalarning ham manzilga yetib, avtobusdan tushganimizda tevarakni, baragimizni ko‘rib yuragi orqaga tortib ketdi. Oldimizda biz umuman xayolimizga keltirmagan manzara yastanib yotardi. Chunki, garchi bu yerlar “oq oltin” siyosati davrining yorqin namunasi — to‘rt tomoni oxiri yo‘q dalalar o‘rtasidagi posyolka va insof bilan aytganda ahvol unchalik yomon bo‘lmasada — tartib bilan qurilgan qator oq uylar, asfalt ko‘chalar, beton ariqlar, simyog‘ochlar, mana maktab, mana do‘konlar — lekin bularning barchasi shunchalar charchagan, cho‘kkan, yillar va tabiat tasirida ranggi o‘chib, qiyshaygan, tag‘in uzoq yog‘insizlikdan jamiki narsaga, ayniqsa sarg‘ish daraxt barglari va o‘t-o‘langa qalin chang o‘rnab, ko‘zga shunchalik xunuk ko‘rinar ediki beixtiyor bu yerda odamlar qanday yashayapti, deb o‘ylab qolarding. Ular ham kuzatsang atrofdagi tussiz va g‘arib manzaraga, miyani elituvchi vaqt oqimiga moslashib qolganday loqayd va zavqsiz qimillar, hamma narsa juda sekin edi. Bir so‘z bilan bu yerda hayotning nafasi yetishmas, faqat shu kunlarda kelgan turli idora, tashkilot ishchilarigina nimanidir siljitayotgani sezilardi. Qolganlarni bilmadim-u menda “Agar bu yerlarda tug‘ilganimda baribir qochib ketardim” degan o‘y o‘tdi va yukimni ko‘tarib oldinga yurdim.

Baragimiz maktabning chet qismi bo‘lsa, yotog‘imiz sportzal ekan. Uning vayronaligini ko‘rib sherigim bilan ko‘z urishtirdik. Tushunarli: baholi qudrat ijara uy topish. Va shuni maslaxatlashgani vaqtni cho‘zmay tezda hamkasb do‘stlarimizning oldiga bordik. Ular bugun o‘rnimizga ketadigan guruh bo‘lib, qaytishayotganidan shunchalik shaytonlab qolishgandiki, savollarimiz nari tursin quloqlariga gap kirmasdi. Nuqul narsalarini yig‘ishtirishimizni so‘rab, qo‘liga ilashganini taxlamay sumkaga tiqishardi. Bunaqada yana xayolingga nima kelsin? Ularning avtobus qachon jo‘nashi xaqdagi takror va takror savollari ostida to‘rtovlon yuklarni ko‘tarib, ko‘chaga chiqdik. Men xajmi katta o‘rin-ko‘rpani yelkamga tashlab olganimdan yo‘lni bazo‘r ko‘rar, terimning vaximali gaplaridan qanday kunlarga qoldim-a deb o‘zimga sabr tilardim. Shunda ketaturib ne xayol bilan boshimni ko‘tarib, oldimga qarasamki…
Siz hatto chiroyli qizni ham uchratmayman degan ovloq joyda, hech kutilmaganda ro‘parangizda juda malohatli, tag‘in orzuingizdagi go‘zal qizni uchratib qolsangiz qanday ahvolga tushasiz?

Menimcha buni hayotda kamdan kam odamgina his qiladi.
— Shartta to‘xtatib, ismini so‘ramadingizmi? – savol tushadi.

— Men, rostmi deb, ortimga bir qaray oldim xolos, — deyman tevaragimda o‘tirgan jiblajibonlarga. – Sizlarga aytsam, o‘zi nimadandir iztirobda yurgandek. Orqadan qaraganda yelkalari shunchalik g‘amgin ko‘rinadiki, quchib olib “Qo‘rqma, men yoningdaman” deging keladi.

Qizlarni tariflarim zavqlantiradi va gap-so‘zlaridan o‘zlari ham shunday e’tiboru-e’tirofni orzu qilishini sotib qo‘yishadi. Yarim soatlik chug‘urlashishdan so‘ng biz yana egatlar oralab ketamiz.

…Shu bilan hammasi boshlandi. Tong qorong‘usida uyg‘onib, barakda nonushta qilamiz va avtobus bizni uzoq dalalarga olib ketadi. U yoqdan osmonni yulduzlar bezagan paytda horib-charchab qaytib kelamiz va kechki ovqatni yegach, ko‘ngilga biror narsa sig‘ib-sig‘may ko‘rpaga cho‘zilamiz. Kunlar istisnosiz bo‘zchining mokisiday bir xil aylanadi. Bizdan faqat etak-etak paxta talab qilinib osh-ovqatimiz, ulovimiz, dushlarda suvlarimiz tayyor tursada bunaqa hayot bizni tezda charchatdi. Shalvirab, ko‘zlarimiz mo‘ltirab qoldi. Ular orasida birgina men ruhimda mador sezib tetik yurar, tevarakka muhabbat ko‘zi bilan qarardim. Xayolimdan qiz sira ketmasdi. Shundan uni uchratarman degan shirin umid bilan oqshomlari qishloq ko‘chalarini kezar, orqa bog‘larni aylanardim. Bu yo‘lda erinmas, ketgan vaqtimga achinmasdim.

Hayotda sevish qanchalik yaxshi bo‘lsa, sevib-sevilish undan nari. Mening dilimda ham shu butun niyat mavj ursada, ammo qishloq qizlari kechqurun ko‘cha kezisharmidi?

Vaqt esa o‘tmoqda. Men qizni uchratgan kunimdan pulga etagimizni to‘ldiradigan mahalla terimchilarini siquvga olsam, bu yoqda ertalablari avtobus jo‘naguncha tanish ko‘chaning boshida uni poylaydigan bo‘ldim. Uzoqdan qorasi ko‘rinsa ham mayli, u yog‘iga avtobus meni kutib yarim soat kechikmaydimi, qaytmayman. Biroq hech o‘xshamasdi. Sira. Bundan qizning qadri ortsa ortdiki, aslo kamaymadi.

Bir hafta besamar ketgach bezovtaligim oshdi. Chunki uchinchi guruh o‘rnimizga kelishi mumkin, demak ixtiyorimda to‘rt-besh kun qolyapti. Men esa qiz bilan tanishish, ko‘nglini olish tugul hali o‘zini topganim yo‘q. Bu yoqda hamkasb ayollarimiz ham qayerdandir eshitib “Toping paringizni, Davronjon! O‘zimiz sovchi bo‘lamiz” deb ichimni battar qizdiradi. Shu xavotirda navbatdagi kun azza-bazza yotib oldim. Kattalar menga ishonmay ola qarashdi-da “Tez yordam” chaqirdi. Ularni ham amallab tinchitdim. Hammasi joyiga tushgach esa baragda ozgina ivirsidimda ko‘chaga chiqib ketdim. Ichimda qizning dalada emasligiga qandaydir ishonib, zora kunduzi toparman degan xayol bilan posyolkani bor bo‘yi kezib chiqdim. Yo‘q. Umidni so‘ndirmay gavjum joyga – bozorga yo‘l oldim. Kechgacha vaqt o‘tkazdim, bozordayam ko‘rinmadi.

Axir butun boshli odam yo‘q bo‘lib ketmas? Yo adashdimmikan? To‘g‘risi, oxiri o‘zimdan shubhalanib qoldim. Alamdan uzum yeya-yeya ortga qaytdim.

Hech kutilmaganda… Qaysi kuni uzoq dalaga jo‘nagani ancha erta yo‘lga chiqar ekanmiz avtobus darchasidan unga ko‘zim tushib qoldi. Qiz xayollarga botib, posyolkadan chiqadigan chorrahada ketib borardi. Shunda ham yuzini ko‘rmadim-u, lekin ichki sezgi bilan bu u ekanligini bildim. Ustidagi qoramtir ko‘k ko‘ylak bichimidan oddiy bo‘lsada uning yegnida chiroyliroq va bama’niroq ko‘rinib, diqqatni tortardi. Qiz zoti bir-birining libosiga alohida e’tibor bermaydimi, shunga mahkam yopishib, terimchilarga aytadigan bo‘ldim. Aksiga olganday shu tong – oradan o‘n kun o‘tib-a, men hali hech narsa demay qizlar uni tanib qolishdi.

— Qiz deganingizga kimlar debmiz-a. U Zebo-ku! Uning to‘yi bo‘lganiga uch yildan oshgan.

Tabiatan ancha bosiqman. Hozir ham kiprik qoqmadim-u, baribir hayotimning qaysidir nozik tori uzilib ketgandek bo‘ldi. Agar hammasi shu bo‘lganda ham mayli, to‘yidan to‘rt oy o‘tib eri qamalgan va hozir ham o‘sha yoqda ekan. Uni uchratgan ko‘cham esa, yaxshi qiz mahalladan ortmaydi degandek, kelin bo‘lib tushgan ko‘chasi ekan-u, lekin bechoraga bu davri tatiyotganmikan?… Beixtiyor ko‘z oldimga uning g‘amgin yelkalari keldi. O‘sha kuni ko‘p vaqt pushta ichida paxtamni boshimga yostiq qilib yotdim.

Qizga munosabatim sof bo‘lganidan yolg‘izligidan xayolimga yomon fikr kelmadi. Unga qilcha ziyon yetkazishni istamay, u haqida og‘zimni to‘ldirib gapirib yurish tugul, u-bu bilandir sirlashish ortiqcha tuyulardi. Endi bor orttirgan tanishlarim ham ko‘zimga ancha mayda gapdek ko‘rinib — musulmonchilik, yana erli ojizaga tirg‘alish nojoizligidan mavzuni umuman yopdim. Sevgi qissasi tugadi-yu quyosh shunchaki chiqib, shunchaki botadiganga o‘xshab qoldi. Men Zebodan so‘z ochmasamda uni ko‘p vaqt o‘ylab yurdim. Terimning oxiri ko‘rinib qolganda esa – boshqa guruh kelmay, biz davom ettirdik, uni bir bor ko‘rmasdan, so‘zlashmasdan ketaolmasligimni tushundim. Ammo yo‘q joydan boshqa muammo chiqdi – uning manzil-makoni. Terimchi qizlar bizni allaqachon tark etishgan, ular yaxshiroq dalalarga chiqar yoki paxtani umuman bas qilishgan, posyolkani-ku hamon oqshom pardasi ortidan ko‘rardik. Bunaqa sharoitda… Odam degan ham shunchalik nazoratsiz bo‘ladimi?

Oxirgi kunlar tez o‘tdi. Nihoyat dalada sochilib yurishlarimiz tugab, javob keldi. Birinchi marta kunni tugatmay barakga qaytgan kunimiz ham kechgacha yomg‘ir yog‘di. Baribir men har do‘konning oldida yarim soatdan vaqt o‘tkazdim. Odam siyraklashib qolgan, hamma tashkilot terimchilari shaxarga qaytar, ko‘chalarda ularning eng oxirgilarigina so‘nggi maishatlarini tashkillashtirib yurardi. Bizdan shu kuni xotin-xalaj ketdi. Tongda esa ayrim tashish, taxlashlardan keyin qolganlar ham “Toshkentim-onam” deb xayr-ma’zur qilishdi. Barakda faqat biz — oxirgi lash-lushlarni yig‘ishtirib, asrda ortga qaytadigan ikki mas’ul va ikki yosh qoldik. Bu yerda so‘nggi kunimiz emasmi, men o‘zimdan o‘tganini o‘zim bilib, baragni tashlab ham ketaolmay go‘yo simto‘siqqa osilib qoldim. Tevarakdan ko‘z uzmayman. Kecha sovuq o‘tgan shekilli quyosh tikroq kelganda mazam bo‘lmay, oqibat shu ham nasiya bo‘ldi. “O‘l-a, ko‘rishish o‘zi peshonangga yozilmagan ekan” deya o‘zimni yozg‘irdim. Bir parcha bo‘lib QVPga yo‘l oldim.

U bizdan sal narida edi. Yetib kelib ichkariga kirsam, ne ko‘z bilan ko‘rayki, necha kundan beri xayolimdagi qiz — Zebo shu yerda o‘tiribdi. Yakshanba kunligidan yolg‘iz o‘zi, biror bemor ham ko‘rinmaydi. Iymon keltirmasdan ilojingiz yo‘q – bu dunyoning muallifi qanchalar san’atkor-a! Butun ob-havo o‘zgarib ketdi. Og‘zimdan shirin so‘z chiqib ketishdan o‘zimni bazo‘r tiyib, dardimni yordim. U men haqimda katta daftariga u-bu narsalarni to‘ldirdi-da, boshqa qog‘ozga dori-darmon yozib, qayerdan sotib olishim mumkinligini aytdi. Men tanishish avvalida sherikka ruxiy zarba berish yaxshi natija berishini bilganimdan darrov saxti-sumbatimni o‘zgartirdim. Uyda sotiladigan dori-darmonlarga ishonmasligimni aytgandim, uning ko‘zlari katta-katta bo‘lib ketdi.

— Bemalol olavering, ularning bozorda aptekasi bor, — dedi va xohlasam uch chaqirim naridagi markazga borishimni eslatdi.

Ahmog‘i bormi? Tezgina aytilgan uyga bordim. U uzoq bo‘lmay, tag‘in xonadon bekasi shirin so‘z, ochiqko‘ngil ayol ekan, hol-ahvolimni so‘rab, yanada kayfiyatimni ko‘tarib yubordi. O‘n minutdan keyin esa men punkt muolaja karovatida yotar, Zebo qanaqadir ukol-doridan keyin chap bilagimga sistema ulardi.

— Paxta sizni ancha charchatib qo‘yibdi. Natriy-xlordan keyin glyukoza ulayman, — dedi u o‘z ishi bilan bo‘lib.

Men badanimga igna kirib, xaydasa ham ketolmasligimga ishonch hosil qilgach, sabrimni qo‘yib yubordim.

— Nimasini aytasiz. Shahar sharoitida o‘smaganmanmi, paxtadan uzoqman. Bunaqa hayot shunchalik jonimga tegdiki, ishoning, faqat sizning xayolingiz menga kuch berdi. Zebo, men sizni qayerlardan izlab yuribman-a?..

Qiz indamadi. Men uning nigohlarini izlab topib, gapim jiddiyligini ta’kidlagandim, u:
— Ko‘rsam, siz kasalga o‘xshamayapsiz, — deya to‘xtab qoldi.

Men uning shubhalarni arita boshlagandim, tomirim yorilib, ikkimiz ham shunga andarmon bo‘lib qoldik. Zebo qonim quyuq ekanligini aytib, uni meyorga keltirish uchun nima qilishim, yoyishimdan gapirdi. Keyin ninani o‘ng bilagimga solishga kirishdi. Chap tarafim devor bo‘lganidan u menga shunchalik yaqin keldiki, men uning bo‘yini tuyib turardim.

— Kelayotgan chog‘larim, — dedim ta’sirli qilib, — bir pyesam teatrda muhokama bo‘layotgandi. U sizga o‘xshagan hamshira haqda-yu, ismi boshqa. Borgach albatta uning ismini o‘zgartiraman.

Boqishidan gapim unga yoqqanini sezdim. Ikkinchi safar sistema tomirimga tushib, suyuq tuz bir tekis keta boshladi. Afsuski keyin Zebo boshim tomonga, deraza yonidagi stulga cho‘kib, uning yuzini ko‘rmay qoldim.

— Men turmushga chiqqanman, bilasizmi? – so‘radi u sokin.

Yengil bosh irg‘adim.
— Bolam ham bor, bunichi?

Men jim qoldim. To‘g‘risi, buni bilardim-u, shubxalanardim. Chunki u chehrasidan onaga o‘xshamasdi.

— Shunaqa eshitdim chog‘i, — deb qo‘ydim.
— O-o, siz meni rosa surishtirgan ko‘rinasiz. Meni qayerda ko‘rib qolgandingiz? Nima deb so‘radingiz?

Men hammasini – uni qachon, qayerda uchratganim, keyin ne tariflar bilan izlaganim, taxminlarni qanday rad etganim va qiz bola deganimga uni hadeganda topilavermaganini oshiribroq hikoya qilib berdim. Zebo gaplarimni e’tibor va maroq bilan tingladi. Tag‘in u:

— Erimchi, u haqida ham bilasizmi? – deb so‘radi.

Bunaqa savollar menga ko‘pam yoqmasdi-yu boshqa tomondan ular tabiiy edi. Shuning uchun ko‘ngilni keng qildim. Kuyoviga kelsak o‘z-o‘zidan barini ochiq aytolmasdim. Shundan ortiqcha izohlarga qiziqmaganman deb qo‘ydim. Zebo boshqa gaplar yursada faqat unga ishonishimni so‘radi va eri “paxta zavod”da ishlab, tog‘asining pora oldi-berisiga o‘zi bilmay aralashib qolgani, maxsus gurux bosganda u ham tortilib ketganini hikoya qildi. To‘g‘risi, bu gaplarning men uchun ahamiyati yo‘q edi. Qiz oxirida shu holida gap bo‘lishi yaxshimasligidan so‘zlab boshlagandi, men uning nimani nazarda tutayotganini tushunib:

— Xavotirlanmang. So‘ragan odamlarimning kallasi butun, — dedim.

U bo‘lsa kutilmaganda:
— Afsuski ahmoqlardan ko‘ra aqllilar xavfliroq bo‘ladi, — deb qoldi.

Men shu soniyada qarshimdagi xilqat yosh va tajribasiz emasligiga ishongandim. Bundan yanada o‘zimni bosdim. Va uning oilaligini bilgach barchasini bas qilganimni aytib, tag‘in bugun oqshom jo‘nab ketishimizni qistirdim. Nomus muhim edi. Bu orada natriy-xlor tugadi. Zebo ninani bo‘shatmagan holda tuzning bo‘shab qolgan idishini glyukozaga almashtirdi. U o‘z ishini shunchalik xotirjam va aniq bajarardiki, bu uni ko‘zimga yanada munis ko‘rsatardi. Suhbat sovimasligi uchun qachonlardir poliklinikada osma olgach, tez o‘rnimdan turib ketganim-u badanim shaqillab qolib, navbatchilar hayotimni bazo‘r saqlab qolishganini gapirib berdim.

— O‘shanda siz uchun tirik qolgan ekanman. Siz esa shoshib turmushga chiqib ketibsiz, — dedim oxirida astoydil xafa bo‘lib.

Zebo bo‘shagan dori-darmonning idishi, paketlarini axlat idishga tashladi. Punkt shunchalik tinch ediki, hatto qadam tovushlaridan aks-sado qaytardi. Men uning ishini maqtab, aslida oddiy hamshiralarga doktor nazoratisiz sistema ulash mumkin emasligini esladim.

— Men medkollejdan keyin “Oliy hamshiralik”da o‘qiganman. Onam ginekolog. Xullas, yoshlikdan deyishadi-ku. Aytganday, boya siz borgan uy bizniki.

Obbo, qovun tushiribman-ku. Biroq aro yo‘lda onasini ham tanib oldim. Onasiki xushxulq ayol ekan bir baxtimni o‘tkazib yuborganim rost shekilli.

— Poliknikada yarim shtatim ham bor. Yana bo‘sh qolganimda aptekamizda turaman.

Men hayron qolganimni yashirmay, birinchi uchratganimda ko‘zimga oddiy va erta-tantiq ko‘ringanini aytim.

— Hamma shunday o‘ylaydi. Erimning oldiga borganimda ham meni ko‘rganlar Mansurga “O-o, xotining juda tannozga o‘xshaydi-ku. Qo‘lini sovuq suvga urmas” der ekan… Sovqotmayapsizmi?

U yaqinimga kelib, yopinchiqni belimgacha tortdi. Men unga mehr bilan tikilar ekanman shunday qizni allaqanday Mansur degani ilib ketganidan, hozir esa qamoqda o‘tirvolib unga azob berayotganidan ta’bim tirriq bo‘ldi. Tag‘in eslanayotgani yetmay turgandi. O‘zimni bosolmay qimillab qo‘ydim.

— Ichim siqilib ketdi.

— Glyukoza sekin borishi kerak. Birdan quvvatga to‘lib ketmang. Hali.., — u ro‘paramdagi stulga mahzun cho‘kdi. — …kun uzoq. — So‘ng iztirob bilan so‘radi – Aytingchi, yigitni ko‘ngliga qattiq tegish yaxshi emas, deyishadi. Shu to‘g‘rimi?

Men bir narsalar deb g‘o‘ldiradim.

— To‘g‘ridir. Men bir yigitni qattiq xafa qilgandim. O‘shanda uning ne alfozda ortiga qaytgani haliyam ko‘z oldimda… Ba’zida hozirgi musibatlarimning bari uning dilini og‘ritganimdan deb o‘ylab qolaman.

— …

— Ismi Akmal edi. U uzoq qo‘shnimiz, ham akamga do‘stiligidan birga o‘sgandik. Ko‘p urishardik. Lekin uy ishlariga kelganda supir-sidirmi, pol yuvishmi, chang artishmi qaytmasdi, yordamlashardi. Yo‘q desam ham qo‘ymasdi. Yana hammamiz birga dars tayyorlardik. Otam o‘qishimizga qattiq qarab, haftaning oxirida kundaliklarni tekshirardi. Men ko‘pincha rus tilidan “uch”im sabab burchakda yashirinib, yig‘lab o‘tirardim. Akmal “bilmasvoy” deb ustimdan kulardi-yu, keyin yoniga o‘tqazib o‘zi o‘rgatardi. Aqli balo edi uning, shundaylar bo‘ladi-ku – hamma narsaga ulguradi. Keyinroq, katta bo‘lib, akam o‘qishda, men kursda o‘qiganimda u bizni yo‘qlab tez-tez kelardi. Tilida akam bo‘lsada, dilida men bilan ko‘rishish, gaplashish. Shu yerda ham eski ahvol – jig‘imga tegib to‘ymaydi. Lekin amaliy mashg‘ulotlarim uchun ukolmi, sistemami, bilsin deb qo‘rqmay mendan olaverardi. Men u bechorani qiynab ko‘p narsa o‘rganganman. Yana o‘qishimga kuzatib qo‘yardi. Ba’zi kunlari u yoq-bu yoqqa aylanishga chiqardik. Akmal sovuq, yomg‘irli kunlari doim “Bilaman seni, ko‘zimga chiroyli ko‘rinaman deb yupun kiyinma” der, keyin baribir ko‘ngli to‘lmay ustidagini yelkamga tashlardi. Bu uch-to‘rt marta takrorlangach men “Qo‘ysangizchi, axir qanday qilib mujskoy kiyim bilan yuraman” deb oyoq tiraydigan bo‘ldim. Bilasizmi, keyin u nimaga o‘tdi? Shu kundan boshlab ustiga qizlarning kurtkasimi, sportivkasimi ilib kelib, menga uzatardi. Men esa kular, uning jahli chiqardi. Mehribonchiligini qarang. U kunlarmi…

Shubhasiz saodatli edi. Buni Zeboning ishtiyoq bilan, ko‘zlari porlab so‘zlashi aytib turardi. Bir muddat qo‘z oldimdagi g‘amgin qiz yo‘qolib, u hatto go‘zallashganday va to‘lishganday edi.

— Bo‘lmasa nega..? – so‘radim men.

— Ularning oilasi parokanda edi. O‘ziga to‘q, aka-opalari boy, savdogar; biri Toshkentda, biri Samarqandda, opasi Turkiyada bo‘lgani bilan o‘rtada ahillik yetishmasdi. Menimcha, oralarida eng oqibatlisi Akmal bo‘lgan. Boshqa tomondan Mansurlarning bizga qarindoshligi bor edi. Ota-onam uning yaxshi joyda o‘qishiga qiziqar, kelajakda tez ko‘tariladi deb ishonardi. So‘rasangiz esa uning ham ko‘ngli boshqada — o‘zimizning mahalladagi qizda bo‘lib, ikkisi inoq edi. Xullas kattalarning ixtiyori bilan bizning oramizda non sindirildi. Bularning bari shunchalik tez bo‘ldiki Mansurning, mening ko‘nglimni bilgan akamning ham qo‘lidan hech narsa kelmadi. Bu orada Akmal harakatga tushib qolgan, men esa unga bu xaqda aytolmay, o‘zimni olib qochib yubrardim. Bir kuni kursdoshlarim unashtirilganim, yaqinda to‘yimligimni eshitib zardo‘z kiyimlarimni kiyib kelishimni so‘rashdi. Men kiyib bordim. Aksiga olib o‘sha kuni Akmal meni izlab kelsami. Yo‘qolib qoyolayotganim-u bu kiyimlarda ko‘rib ko‘ngli yomon narsani sezdimi “Ko‘zimdan yo‘qot bularni” deya baqirib ketdi. Men shovqinni tinchitish uchun uni arang xoliroqqa boshlab, yer bilan bitta bo‘lgancha boshqaga unashtirilganimni aytdim. Kechirim so‘radim. U “Men seni shuncha yil asrayman-u, boshqasi burnimning tagidan ilib ketadimi?” deya alam va jahldan baqirib ketdi… Oradan uch kun o‘tgach oldimdan chiqib, sevishini aytdida, qo‘limni so‘radi. Men boshimni ham qilib jim turishdan ortiq ilojsiz edim. Akmal “Sendanam, Mansurdanam, butun dunyodan nafratlanaman. Sen bugundan boshlab men uchun yo‘qsan” deya xunob bo‘lib ketdi-yu, indiniga yana muloyim tortib qaytib keldi. Men uni o‘zimdan uzoqlashtirish uchun “Kuyovim meni qo‘llarimdan ushladi, yuzlarimdan o‘pdi” desam, u tutoqib “Nima! Qani o‘sha joylar? Ushlagan joyini kesib tashlayman. O‘pgan joyini kuydiraman”deb osmonni boshiga ko‘tardi. Oradan xafta-o‘n kun o‘tib shekilli, mendan qasos olish uchun pichoq ko‘tarib kelibdi. Mashinasining ichida o‘tirgandik. “Hozir seni, keyin Mansurni, keyin o‘zimni o‘ldiraman” deb po‘pisa qildi. Qo‘rqib ketdim. Bezoriligi bor, qo‘lidan kelardi. Keyin “Ayt, undan qayerim kam? Nega menga tegmaysan?” deb ko‘ziga yosh oldi. Men gapni hazilga burib uning oq-sariqligini pesh qildim. Akmal alamdan qaltis harakat qilib yuborgan edi, pichog‘i qo‘limni tilib ketdi. Mana izi, ko‘ryapsizmi, kichkina. Bilasizmi, o‘shanda uning meni qanchalik yaxshi ko‘rishini bilganman. U shaytonlab qolib, ikki gapining birida “Og‘rimayaptimi? O‘lib qolmaysanmi?” deya xavotirlanardi. So‘ngra o‘n kunlar ko‘rinmay qoldi. Men u umidini uzibdi, yaxshi deb o‘ylab yurardim. Bir kuni ko‘rsam podyezimiz ostida meni poylab turgan ekan, qo‘limdan tortib chekkaga chiqarib oldi. Ko‘rsam yangi kiyingan, qo‘lida yo‘l sumka. “Pasportingni olgin Zebo, bilet olamiz-u, Turkiyaga uchib ketamiz. U yoqda bizni opam kutyapti” deb qoldi. Rost, o‘shanda ko‘nglimning tubida “O‘zi yaxshi yigit-ku, meni sevadi, bariga qo‘l siltab u bilan qochib ketsammikan” degan o‘y o‘tdi. Lekin qarindoshlarning orasi buzilishidan, boshqasi bilan qochib ketibdi degan ota-onamga gap olib berishni o‘ylab, fikrimdan qaytdim. Yelkamizda muncha ko‘p narsa bor-a? To‘yimdan bir kun oldin u yana keldi. Ozib-to‘zib, soqoli o‘sib ketgan, sochlari tartibsiz. U “Onangga bir og‘iz, ko‘p emas, bir og‘iz men haqimda aytgin. Qolgani mening ishim. Qo‘rqma, biz albatta baxtli bo‘lamiz” deya qattiq o‘tindi. Men kechirim so‘rab, hammasidan afsusdaligimni aytoldim xolo. Va u bir-bir bosib, ko‘chaning chetidan ortiga qayti. Bu yurakni teshib yuboradigan manzara edi… Keyinroq uni Izmirga ketib qolganini eshitdim. Anchadan beri yurganmish. Hozirlar esa uning o‘shandagi taklifiga mening ko‘p hayolim ketadi.

Zebo jim qoldi. To‘g‘risi bu gaplarni eshitib ayol zotining hech qachon ko‘ngli to‘lmasligi rost shekilli deb o‘yladim. Hali hammasini bilmay xulosa qilganim keyinroq ayon bo‘lib, hozir yana bir qizni qancha sevish kerak bo‘lsa shuncha sevgan Akmalga hurmatim oshib ketdi. Mana sizga muhabbat, mana jo‘shqinlik va mana tug‘yon. Men bo‘lsa poytaxtda borimni yaxshi maoshga almashib, to‘rt devor orasida kunni o‘tkazib yurganimdan xursand bo‘lib yuribman. Axir shu ham hayotmi? Qani kurash, qani iztirob, qani sog‘inch va soniyasi asrga tatigulik diydor…

— Taqdir degani bor gap, — dedim ta’sirlanib va Muxayyo degan qizni sevganim, o‘qishlar bilan bo‘lib unga kam e’tibor qaratganman chog‘i bir kuni yangi yilni Toshkentda kutib oladigan bo‘lib, oqshomda bayram bilan tabriklagani telefon qilsam singlisi opasini unashtirishganini aytib qolganini so‘zlab berdim.

— Hayotingizdagi eng unutolmas kun bo‘libdi-da.
— Nimasini aytasiz. Keyinroq sabablarini bildim, ular mayda bo‘lsada ko‘p edi. O‘zimdan ham o‘tgan…

Zebo gaplarimga boshqacha quloq tutardi. Biz yosh va ta’sirchan edik. Umuman har davrning kasalligi bilan o‘z vaqtida og‘rigan yaxshi. QVPga kimdir kelib, suhbat bo‘lindi. U birrov tashqaridan xabar oldida, qaytgach ukolimdan ko‘ngli to‘lmay leykoplastirini mustahkamladi. So‘ng yana dilgir bo‘lib deraza tomon yurdi. Tashqariga xayolchan tikilib:
— Boya men sizni bir narsa deb aldadim, — dedi.

Men hayron bo‘lib, taajjubimni yashirmadim. Zebo ohista stulga cho‘kib davom etdi.

— O‘g‘lim o‘zimniki emas. Buni faqat sizga aytayapman. Nega deb xayron bo‘lmang, chunki siz ertaga ketasiz. Murod opamniki, sirni ikki oilagina biladi. O‘zimniki xomiladorlik vaqtim ichimda o‘lib qolgan. Men bilmay yuraverganman. Keyin qayniopam bu Mansurga yomon ta’sir qilmasin deb o‘zinikini menga tutqazdi. Sababi uning eri zavodda hammasini boshlamaganmi, shunga o‘zini aybdor sezardi. Hozir Mansur Murodni o‘z o‘g‘lim deb o‘ylaydi. Oxiri hammamiz bu yolg‘onga ko‘nikib, bola o‘zimnikiday bo‘lib qolganda esa – u shunchalik shirinki, qayniopam uni mendan olib ketyapti. Boshida ko‘rganigina kelardi, keyin tez-tez, shu kunlarda bo‘lsa… Bu meni qanchalik qiynashini bilmaysiz.

Uning kuyovli bo‘la turib o‘ziga tortishining sababi bu yoqda ekanda. Dilbarlikki, toshi og‘ir.
— Bolaning o‘zi ko‘proq kimga talpinadi? — so‘rayman men.

— U yoqqa borsa meni, biznikiga kelsa u yoqni unutadi. Bexrux, Bexruzjon! Uni ko‘rmaganimga ham hafta bo‘ldi… Glyukozangiz oxirlab qolibdi, — Zebo o‘nidan turib yaqin keldi. Sistemani to‘xtatib, ukolni uzdi-da o‘rniga spirtli paxta bosdi.

— Yigirma minutgacha turishga shoshmang, tag‘in eski hol takrorlanmasin, — deya ogohlantirdi. Men erkinroq cho‘zildim va bolaning aqli kirmasdan tezroq muammoni yopishdan gapirdim. U bo‘shagan narsalarni chelakka tashlar ekan:

— Ha, bo‘lmasamchi, — dedi va joyiga omonat o‘tirib, davom etdi. — Hardoim Mansurni ko‘rgani borganimda Bexruzni ko‘rib xursand bo‘ladi. “Ozodlikka chiqsam hammasini unutamiz, yana bir o‘g‘il, bir qiz ko‘ramiz” deb niyat qiladi. Men bir nuqtaga tikilib turaveraman.

— Tasavvur qilayapman.

— Yo‘q, Davron, siz tasavvur qilaolmaysiz. Chunki dahshatlisi nima, bilasizmi? O‘lik bolani ko‘tarib yurganimda ichimga zarar yetgan. Nari beri emas. Bu yoqda yana operatsiya. Men onalik uchun yaroqsizman.

Men allanechuk ahvolga tushdim. Bir kunda shuncha hissiyot, shuncha taqdir. Zebo o‘ziga sig‘may, o‘rnidan turib ketdi.

— O‘shanda aytgandim, yalingandim, Mansurni aldamaylik, yolg‘on boshlamaylik deb. Uydagilarning bari vaqti-soati kelganda aytamiz deyishdi. Keyin hammasi chigallashib, bitta yolg‘on o‘nta bo‘ldi. Hali u qaytsami…

Palataga ezib yuboruvchi jimlik cho‘kdi. Men o‘z xayolimda Zeboning polga tomgan ko‘z yoshi tovushini eshitdim.

— Balki mo‘jiza bo‘lib… U sizni yaxshi ko‘rsa…

— Yo‘q, men tibbiyotning ichidaman-ku. Uning yaxshi ko‘rishiga kelsak bu aytishgagina oson. Hamma narsa o‘zgarishi mumkin. Bu yoqda men ham jim qarab turishga haqqim yo‘qdir. Meni hali nimalar kutayotganini o‘ylasam, o‘yimning oxiri yo‘q… Darvoqe, Akmal. U hali uylanmagan, haliyam mening hayotimga qiziqib yurishini bilaman. U hatto shu xolimda ham uylanishga tayyor. Men-ku bundan umid qilayotganim yo‘q. Turmush boshqacha. Bilganim esa bitta — biz kutgan narsalar oldimizdan chiqmadi; umr uzun yo‘l ekan…

Ortiq hech narsani his qilmay qo‘ydim. Hozirgi holatim yaralanib palataga tushgan askardan battar edi.

— Esingizdami, erim to‘ygacha boshqasini yaxshi ko‘rgan degandim. Qiz mahallamizdan bo‘lib, oilasi oddiyligidan olib berishmagandi. Keyinroq uni ham uzatishdi. Boshida u bilan har to‘qnash kelganimda go‘yo baxtini tortib olganday oldida xijolat bo‘lsam, yana qizlarga xos his bilan o‘zimga yoqib ketardim. Bugunlar o‘sha qizga qanchalar havas qilaman-a. Nega, bilasizmi? Biz uchun chiroy, yillab sevilish, nechta yigitning qo‘lini qaytarish baxt degani emas ekan, chinakam baxt – oilada, oilada ekan!.. Mana men haqimda hammasini bilib oldingiz.

Men xayolimda ardoqlagan qizni shu alfozda uchrataman deb o‘ylaganmidim? Men shu g‘amgin tarixni eshitaman deb shuncha uni qidirganmidim? Men necha kundan beri oqibat yuragimni to‘ldirgan iztirob va og‘ir xayollarni topaman deb yugurganmidim?

Vaqt o‘tib qolgandi, o‘rnimdan turdim. Zebo navbatchiligi tugaganini aytib atrofni yengil tartibga keltirdi. Men unga ochiq derazalarni yopishga yordamlashdim va biz chorrahagacha birga chiqdik. Yonma-yon ketib borar ekanman unga nima deb ruhiy madad berishni, oxirida nima deyishimni bilmasdim. Noiloj eski gapni – hammasini vaqtga qo‘yib berishini so‘radim-u o‘zim ichimda buning nimanidir o‘zgartirishiga ishonmadim. Shuning uchun qolganiga unga cho‘ntagimdan bir kaft jiyda uzatdim. Biz sekin ajralishdik.

Men barakka kelgunga hech narsani ko‘rmadim va eshitmadim. Boshliqlar uzoq ko‘rinmay qolganimga koyishib,

O‘sha kuni quyosh botishiga yaqin poytaxtga jo‘nab ketdik. Hamma bu yerlardan qutulganiga quvonardi-yu faqat mening dilim vayron edi. Avtobus oldinlar ekan posyolkadagi nainki har bir uy, daraxt, ko‘chadan, hatto toshdan nigohimni uzgim kelmasdi. Ular ko‘zimga shunchalar qadrdon va aziz, shu bilan birga mayus va hazin ko‘rinar ediki, go‘yo har biri insonning ko‘ngil buyukligi, uning yuragida qolib ketgan kishi bilmas orzu-o‘ylari, ortda qolib ketgan yaxshi kunlari, bugungi hayoti harchand tashvishli bo‘lmasin ertadan kutayotgan umidlarini o‘zida mujassam etardi. Vaholanki, eslasam, ilk dafa bu yerlarni ko‘rgim kelmagandi. Qochib ketsam derdim. Shunda o‘zi bilmagan holda menga unutilmas saboq bergan Zebodan minnatdor bo‘ldim – dunyoda yaxshi-yomon joylar yo‘q, qayerdaki inson yashar ekan u yer shubhasiz aziz va mukarramdir. Qarang, men bu oddiy haqiqatni tushunishni istamabman. Boshqacha bo‘lishi ham mumkinmi? Menimcha, yo‘q.

Kechqurun Toshkentga yetib keldik. Ammo ijara xonamda uch kecha Jizzax dalalarini quchib yotdim. Men kuzni hech qachon bunchalik his qilmaganman.
Keyinmi?

Tomirim yorilgan joyning og‘rig‘i kun o‘tib qolgani kabi hammasi yoddan ko‘tarila boshladi. Shaharning olag‘ovur, kurashchan hayoti o‘shanda mening vujudimni qamragan his-tuyg‘ularni ko‘mib yubordi. Bu yerdagi minglab, millonlab odamlarning dard-u tashvishlari orasida olis dalalar o‘rtasida qolib ketgan bir qizning o‘y-xayollari ko‘rinmay ketdi. Tag‘in pastimizdagi do‘konchi qiz bilan musichalardek “gu-gu”lashib yurganimizdan, ko‘zga yaqin, ko‘ngilga yaqin degandek, Zeboni unutib yubordim. Qachondir undan albatta xabar olish niyatim ham shunday qolib ketdi.

U endilar yodimga kamdan-kam — paxta yig‘im-terimidami, og‘rib osma olganimdami, jiyda yeganimdami tushib turadi. Shunda bir muddat hammasi ko‘z oldimda jonlanadi, ichimdan nimadir o‘tadi. Ammo bu yog‘iga kimning taqdiri qanday bo‘ldi, bilmayman…

YAXSHI KUN

Soli palatada uzoq qolib ketdi. Boshida unga boshqacha – qirqkunlik muolajadan keyin operatsiyaga tayyor bo‘lasiz deyishgandi. Biroq mana uchinchi oy tugayaptiki doktorlarning “Hali vaqti yetmadi. Tayyormassiz” degan vajlari-yu, bu vajlarning ayrimlarini uning o‘ziga ag‘darishining oxiri ko‘rinmaydi. Bu to‘rt devor, uzun koridor va kichik bog‘ning chegarasi buzilmaydi. Gap faqat shunda bo‘lganda-ku yigitcha buncha asabiylashmasdi, gap uni hamma – onasi, aka-ukasi, tog‘asiyu-ammasi, hatto do‘stlari ko‘rgani keldi-yu, otasi bir marta qadam bosmadi. Holidan xabar olmadi. “Axir o‘zi meni bu yerga olib kelmaganmidi, – kechalari uhlolmasdi Soli. – Qanday qilib ota o‘g‘lini begona joyda shuncha qoldirishi mumkin? Tag‘in bunday ahmoqlar orasida…”.

Dard o‘rta kursda boshlandi. Ko‘zning xiralashuvi avval shamollashga, so‘ngra institut ishtiyoqida bosh ko‘tarmay o‘qilayotgan kitoblarga yo‘yildi. Vaqt o‘tgani sari esa qalin ko‘zoynaklar ham ish bermay qoldi. Kollej ham “Yarim yo‘lda qolib ketmay” deya amallab tugatildi. Endi uning ko‘zlari yorug‘likni yoki yaqin narsalarnigina farqlay olar, erkin harakatlanishga qo‘ymasdi. Tashxis aniq: ko‘z shohpardasining yallig‘lanishi. Ammo bu tashxisgacha, to‘g‘rirog‘i davosigacha, eh-he, qishloq QVPsidan boshlangan eshik taqillatish tuman, viloyat, undan oshib Toshkent shifoxonalari, o‘rta yo‘lda xususiy klinikalar, tabobat markazlarigacha yetgan, Buxoro-yu Xorazmdagi mulla-eshonlar ham esdan chiqmagan edi. Hayot ko‘p qiziq, Soli oldin bunday gaplarni eshitsa kulardi, ammo ojiz qolsang nimalarga ixlos qilmas ekansan. Foydasi-ku … o‘sha, o‘sha gap. Oqibat, ko‘z degani nozik emasmi, bir marta operatsiyadan o‘zgarishsiz chiqib, ikki marta tig‘ ko‘zga yetganida yurakka g‘ulg‘ula tushib, tabiblar-u tishi kemtik kampirlarning maslahatlari shamolga uchib; qancha dori yutildi, kimlar nima dedi, qayerda to‘g‘ri qilishib, qayerda xato qilishdi — ota-bola bilmay bo‘shashib qolishdi.

Ketgan pul-u vaqt mayli, o‘rtada umid qarib borardi.

Uch oy oldin esa Omon aka sefdagi puliga, og‘ildagi oxirgi mol-qo‘yiga, eski zamondan qolgan temir-tersaklariga ser soldi. Keyin Solini yetaklab yana Toshkentga yo‘l oldi. Ular bu gal azim shaharda tilga tushgan, ammo hamma ham yurak yutib boravermaydigan chet el klinikasiga uchradi. Mayda-chuydasiz bari tezroq yo u yoqlik, yo bu yoqlik bo‘lgani yaxshida. Shunga yarasha ichkarida tekshir-tekshirlardan so‘ng ijobiy natijaga kafolat berildi. Lekin oq qog‘oz tagidagi summa ham anchagina ekan. Ota bu yerdan chiqib ketishni istamay kimlargadir sim qoqib qo‘rdi. Foydasi bo‘lavermagach ularning ahvolini tushungan qariya shifokorning o‘zi jonga oro kirdi. Uningcha Soli boshqa, arzonroq joyda yotib muolaja olsin, organizm tayyor bo‘lgach operatsiyaning o‘zi shu yerda o‘tadi. Shunda xarajat qisqaradi. Faqat tartibga qat’iy amal qilish lozim. Bu hammaga ma’qul tushib, yigitcha bu yerga kelib qoldi.

Ammo gap shundamidi?..

Soli o‘ylab qarasa, shumliksiz otasini bu yoqqa keltirolmaydigan. U kasali boshlangandan beri otasi bilan birga yurganidan uning soyasiga ko‘nikib qolgan, shundan hatto alami bo‘g‘ziga kelganda hammasiga uni aybdor ham qilardi. Shu tun yigitcha qoshlarini chimirib, rejani pishitdi-da ishga kirishdi. Istihola qilmadi. Hafta ichida kattalar va hamshiralar ayniqsa yosh bemorlarning uncha-muncha injiqliklarini ko‘tarsada, uning yarim kechasi shaharga chiqaman deb oyna sindirishi, yosh sanitarkalarga tashlanib qolishi, ukol-dorilarini olmay tomosha ko‘rsatishiga qo‘l siltashmadi. Ayniqsa, ota o‘g‘lidan hozir ilon zahri bilan davolaydigan allaqanday tabib oldida o‘tirganini eshitgach, “Sen kuspurush…” deya oborib-obkeldi-da, so‘nggi so‘zi tezda yo‘lga chiqish bo‘ldi.

Yo‘lga chiqish!

Ertasi emas, indini emas, Omon aka uchinchi kun deganda Surxondan yetib keldi. Soli esa bu vaqtda tamom indamas bolaga aylandi qoldi. Uning oxirgi qiliqlaridan xabari borlar chekka-chekkada kulishib, buni vahmga yo‘yishsada sabab boshqa edi. Aslida yigitcha ichidan pishar, otasiga qarshi kuchliroq “portlash” uchun o‘zida kuch yig‘ardi. Mana, otasi unga xonadosh, qo‘shni bemorlar bilan xol-axvol so‘rashdi. Olib kelgan bodom-mayizlaridan ulashdi. Oxiri bosh shifokorning o‘ziga kirgach — u yerda ancha qolib ketdi, bir o‘tiraylik deya Solini shaharga boshladi. Bu vaqtda u battar tundlashib, yo‘l-yo‘lakay berilayotgan savollarga qo‘rs javob berar, fikri-xayoli qulay fursatda edi. Aksiga olib kirgan yemakxonasida odam quyuq chiqdi. “Hechqisi yo‘q, — vaziyatni o‘ziga mosladi Soli. – Boshqalar ham eshitadi!”. Stolga joylashishda esa hammasi atay yigitchaning sabrini sinayotganday otasiga telefon bo‘lib qoldi. U mahalla raisi, hayotning ichidagi odamligidan noiloj tashqariga chiqarkan, Solining tarangligi oshib, stulga cho‘kdi.

“Otam hozir qaytgach mening sog‘ligim, maishatim bilan qiziqadi, – so‘ng xayolga berildi u. — Doktorlarni so‘raydi. Shunda men shart o‘rnimdan turib ketaman. Uning o‘zini oqlashi, anovi Salimaning (bosh shifokor) nima deganini eshitib o‘tirmayman. “Siz mening taqdirimga endi qiziqayapsizmi, ota?! Uch oydan beri qayerda edingiz? – deyman. – Yoki sizga o‘gaymidim? Yoki sizni charchatib, keragim bo‘lmay qoldimi? Javob bering, ota! Balki o‘shanda doktor bilan qo‘z qisishib, meni quruq umidlantirgandirsiz? Men ko‘rmaganman-ku. Salima bilan ham bugun ancha qolishingiz bekorgamasdir? Axir hammasi rost bo‘lgandayam bu turish-turmushning oxiri bordir? Qani o‘sha operatsiyasi? Operatsiyani qo‘ying, o‘zingiz qayerda edingiz? Nega meni tashlab ketdingiz?”… Bilaman, shunda otam meni chalg‘itib, seni onang bilan gaplashtiray deb telefonimni so‘raydi. Atayinda, chunki ovunib yursin deb o‘zi Termizdan qiyomatini olib bergandi. Shunda men: “Telefon yo‘q! Yo‘q!! Men uni shaharga chiqqanimda ikkita pivoga almashvordim. Chunki qadringizni shuncha bildim, ota, – deyman. Rostda. – Siz meni kasalxonaga tashlab, o‘zingiz kengliklarda maza qilib yurdingiz. Amalingiz, pulingiz yaxshi, ayollar ham topib olgandirsiz. Men esa qolaverdim… Sizni yomon ko‘raman, ota! Sizdan nafratlanaman!”.

Ha, xuddi shunday deydi. Boshqacha emas.

Soli shu reja bilan kallasi qizib, otasini poylay boshladi. Xizmatchi kelib, u-bu narsa qo‘yib ketdi. Biroq undan darak bo‘lmas, yemakxonada faromush kayfiyat davom etardi. Kutilmaganda qo‘shni stolda ichimlik shekilli, og‘nab ketdi. Guruhdan yigit va qiz o‘rnidan turib, oldini tartibga keltirishdi-da, joyiga o‘tirishdi. Bu shu bilan hammasi tugashi mumkin edi-yu, biroq oxirgi soniyada Soli yigit ichimlik tomgan stulni hozir uning otasi kelib o‘tirishi kerak bo‘lgan stulga almashtirib qo‘yganini payqab qoldi. Boshida bunga jiddiy e’tibor bermadi. Yoshlar shirin kayfiyatlarida davom etishgan sari esa negadir tinchi qochib, diqqati osha boshladi. Vaqt o‘tgan sari boyagi g‘azab ham boshqa bir kengroq, og‘irroq va ravshanroq tuyg‘u bilan almashardi. Bu g‘ayritabiiy kuch uning butun vujudini qamrab olgach esa xayollar uzoqlarga ketdi…

G‘am-g‘ussasiz bolalik vaqtlari edi. U aka-ukalari, qo‘shni bolalar bilan bekinmachoq o‘ynar, ko‘chada to‘p tepishar, balon yumalatar, xullas kunlar juda soz o‘tardi. Ammo ko‘zga ko‘p narsa ko‘rinmas ekan. Masalan otasining jamiyatning oldi ishi — suv xo‘jaligi zamon o‘zgarib qadrini yo‘qotgan, tabiiyki oz, unda ham sharti ketib parti qolganda qo‘lga tegadigan maoshga ro‘zg‘or yuritish oson emasdi. Shunday sharoitda hammasi baholi qudrat o‘xshagani esa o‘z-o‘zidanmikan? Chunki… avji saraton kunlarining birida onasi uni o‘yindan chaqirib, qo‘liga tugun berdi-da, uni dalaga, otasining oldiga yetkazishini tayinladi. Tugunga qiziqib bir to‘p bola yo‘lga chiqdi. Ular havoning issiqligidan o‘n qadamda bir dam olib, nihoyat aytilgan joyga ham yetishdi. Shunda Soli ko‘rsaki yonib yotgan quyoshning ostida, issiq epkinda, futbol maydonidek sap-sariq dalaning o‘rtasida otasi kimnidir g‘allasini o‘rardi. U bosh ko‘tarmay sekin, bir zaylda uroq solar, o‘rilgan bug‘doyni taxlar, boshqa narsaga hech chalg‘imasdi. Butun bolalar uning issiqda qanday ishlayotgani, peshonasida yaltirayotgan ter-u, badaniga jiqqa yopishgan kiyimiga hayrat va hayajon bilan qarab qolishdi. Necha kundir o‘tib esa bir notanish odam uyga ozroq pul tashlab ketdi…

Ko‘p yillar oldin, katta akasi 11-sinfda o‘qiyotib fan olimpiadasidan viloyatga chiqdi. Kun og‘gani sari butun oilaning xabarga intiqligi osha boshladi. Aksiga olib esa xabardan ham, uning egasidan ham darak bo‘lmasdi. Shu bilan oqshom cho‘kdi. Kechki ovqat vaqtidagina shahardan sim qoqildi. Unda o‘g‘il musobaqada hammadan ustun kelsada o‘rtaga pul aralashib, ish buzilayotganini aytdi. Uning gapini uztosi ham tasdiqlab, tonggacha paloncha pul taxlanmasa naqd g‘oliblik uchib ketishini tushuntirdi. Aloqa uzilgach hamma shalvirab qoldi. Uyda buncha pul yo‘q, sotgali esa ikkita qo‘zidan buncha pul chiqmasdi. Shunda otasi bir muddat jim qoldi, kim biladi, balki xayoli bu dunyoning ajab savdolariga ketgandir. Keyin choyini ham oxirigacha ichmay, egniga yelgil narsa ildida shunday ko‘chaga chiqib ketdi. Qayerga, kimlarnikiga borgani noma’lum, tongning salqinligi arimagan bir paytida qo‘nji to‘la pul bilan kirib keldi. Yuzini yaxtay suvga qayta-qayta yuvdida, yana yo‘lga chiqdi. Shaharga. Garchi o‘shanda u baribir kechikkan bo‘lsada Soliga bu voqea otasining bolalari uchun halovatidan ortiq ko‘p narsaga tayyorligi bilan qayta tanitdi.

Yana u olis bolaligida bobosinikiga borishni yaxshi ko‘rardi. Uning uyi qir-adirlarda bo‘lib, unga ikki yo‘l bilangina – yoki avtobus (taksilar kam) yoki unga kechikilsa yarim yo‘lgacha mashinada kelinib, qolganiga ancha piyoda yurilardi. Shundayam Soliga sarguzashtli ikkinchi yo‘l yoqib, o‘sha kuz kuni ham “omad” u tomonda bo‘ldi. Kichik qishloq, undan o‘tib keng dalalar, sholipoyalar, jingilzor oralab o‘tgan yo‘l otasi bilan barakali savol-javob bilan o‘tdi. Hatto ikkisi tuproq yo‘lda biroz yalongoyoq yurishdi. Hammasi soz ketardiyu, daryo bo‘yiga yetib, qo‘rishsa — qayiqchi yo‘q. Odatda u odamlarni suvdan o‘tkazib pul ishlar, quyosh botib qora ko‘rinmay qolganiga hoynahoy uyiga jo‘nagandi. Ota-bola oqshom qo‘ynida eshitib qaytar degan umidda cho‘zib-cho‘zib uni chaqirishdi. Suvning sathidan, yaqin tepaliklardan aks-sado qaytdi-yu qayiqchidan darak bo‘lmadi. Endi nima qilishsin? Ortga qaytishga yo‘l uzoq, kech tushgan. Yuraylik desa oldinda daryo. Shunda otasi Solini yelkasiga mindirdida, sayoz joyini mo‘ljallab – harqalay bolaligi shu yerlarda o‘tgan, suvga tushdi. Shoshmay kecha boshladi. Suv otasining belidan oshib qo‘kragigacha borar, oqim surib ketgandaku Solining jajji oyoqlarigacha yetardi. Va xar safar uning eti suvning yaxtayligidan junjikardi…

Umuman shunga o‘xshash, muhimi otasining bolalarining ko‘ngli bilan qiziqqan voqealar ko‘p bo‘lgan. Ammo bular uning bolalik shuurida mustahkam qolgan xotiralar. Ko‘z oldidan ketmaydigan manzaralar.

Axir u kunlarni unutib bo‘ladimi? U kunlarga xiyonat qilib bo‘ladimi?

Ko‘rinmaganiga kelsak otasining yolg‘iz Solisi bormi, yurgandirda boshqa bolalari, ro‘zg‘ori tashvishida. Yigitcha ko‘zlarini yumdi. Picha shunday turib qoldi-da, keyin asta o‘rnidan turdi. Yonidagi guruhga yuzlanib:

— Yaxshilar, stulimizga tekkanlaringni sezdim. Uni bersanglar, — dedi.

Qizlar yigitlarga qarashdi. Yigitlar gapni aylantirib, uni adashganga chiqarishdi. Soli o‘zini bosib iltimosini ikkinchi bor takrorladi. Bu gal mazaxo‘rakka urg‘ochilar ham qo‘shilib, yigitlar ularni qo‘llay boshlashgan edi, Soli yonidagi stulni dast ko‘targancha:

— Men senlarga uni qaytaringlar deyapman, – deya yuzing-ko‘zing demay uni narigi stolga tushirdi.

Yosh-yalang sakrab turib ketdi. Xayriyat, hech kimga hech narsa qilmabdi. Hozir bo‘lsa mayli ular baqir-chaqir qilib, yigitni jinniga chiqaraversin. Yemakxonaning boshqaruvchisi ham yugurib kelaversin, Soli bularni o‘ylamasdi. Barcha malomatlarga javob o‘zining xaqligi-yu uzun til, ammo hammasi otasi qaytib kelguncha tinchishi, u hech narsani sezmasligi kerak.

09

(Tashriflar: umumiy 135, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring