Akbar Ergashev. Hikoyalar

Ashampoo_Snap_2018.04.14_16h53m21s_001_.png   Тушдан кейин таҳририятда зерикиб ўтиргандим, хонамга ўрта ёшлардаги, юзи офтобда куйган, оёқ кийими қийшайган ғўлабирдай бир одам кириб келди. Бу ерга одатда ҳеч ким шунчаки эмас, бирор дард, ташвиш билан келгани учун мен вақт ўтказишга юмуш топилганидан хурсанд бўлдим…

Акбар Эргашев
ҲИКОЯЛАР
09

ОДДИЙ ОДАМЛАР

Тушдан кейин таҳририятда зерикиб ўтиргандим, хонамга ўрта ёшлардаги, юзи офтобда куйган, оёқ кийими қийшайган ғўлабирдай бир одам кириб келди. Бу ерга одатда ҳеч ким шунчаки эмас, бирор дард, ташвиш билан келгани учун мен вақт ўтказишга юмуш топилганидан хурсанд бўлдим. Дарров у кишига яқинроқдан ўтиришга жой кўрсатиб, ҳол-аҳвол сўрадим. Аканинг исми Бойқобил экан, у аввалига гап бошлашга каловланиб турдида, дабдурустдан:
– Қисқаси, мен ҳақимда бирор нарса ёзсангиз, – деб қолди.Ashampoo_Snap_2018.01.22_17h54m57s_002_.png
Мен яхши англамадим, чунки каминага бундай гап-илтимослар кўп бўларди. Шунинг учун шошмай, меҳмондан бундан муродини сўрадим.
– Нега бўларди? Иссиз кетмаслик учун. Кейин тўртта одам уни ўқиб, мени эслаши учун, – деди Бойқобил ака ва ҳозир йўлдаги воқеа уни каттиқ ҳаяжонга солганидан гапирди. Айтишича ярим соат олдин автобусда битта кампирнинг мазаси қочиб қолгач, “Тез ёрдам” чақирилибди. Афсуски, улар кечикишган, кампир аллақачон оёғини узатган экан, қари бўлгани учунми, мурдаси хам шундай шовқинсиз нариги машинага ўтибди. Йўл битта ўрин бўш давом этаркан ўн минут-ўн беш минут одамларнинг кўзида ғам қалқибди-да кейин яна аввалгидай гурунг, ҳазил-ҳузул бошланиб кетибди. – Тасаввур қилаяпсизми, ҳеч нарса ўзгармади. Ўлди-кетди бечора. Кейин ўйлаб қолдим, демак мен билан ҳам шундай бўлади. Болалар уч-тўрт кун йиғлайди, танишлар ҳафа бўлади, ош тарқатилади ва … Тўғри, кампир ёки мен катта одам бўлмасак, бизга ўхшаганлар сон мингта. Шунга ота гўри қозихонами, дейиш мумкин? Икки қўлим кўксимда, қўшиламан — ҳаёт қонуни! Аммо ўйлаб кўрсангиз алам қилади-да. Нима дард билан кетганингизни ақалли биров билмай, тушунмай йўқолиб кетасизу яна бир бошда шунча ташвиш, шунча томоша… Автобусдан тушибоқ, каллам қизиб олдингизга келганим шу, хуллас…
Мен ҳаммасини тушундим-у, беихтиёр амакига разм солдим. Ишонаверинг, ривожланишдан узоқ бир кичик шаҳарчада ҳар куни ҳам, балки ҳеч қачон бундай одамни учратмасдингиз. Шунинг учун у кишининг газетамизга эшик қоқиб келганини ғоят қадрлаб, баҳоли қудрат ёрдам берадиган бўлдим. Суҳбатнинг узоққа чўзилишини чамалаб токка чой қўйдим, қоғоз-каламни ҳозирладим. Қулайроқ жойлашиб олгач эса чўзиб ўтирмай акадан ҳаётидаги бирор қизиқарли воқеани сўзлаб беришини сўрадим. У аввал қулоқларига ишонмай, шошиб қолиб, кўзлари пир-пиради. Сўнгра кўпчилик олдида қўлига микрафон тушгандай ҳаяжон билан ўсмирлик чоғи дарёда чўмилаётиб кўза топиб олгани, эртасигагина у ердан бирор нарса топиш калласига уриб, қирғоққа қайтса сув тошгани; бир сафар тепаликка қўйган трактори тагида ухлаб ётганда нима жин уриб, унинг юриб кетганию мўжиза билан жони омон қолганини гапириб берди.
– Йўқ, йў-ўқ – оҳиста бош чайқадим ва ручкани столга қўйдим. Ёзиш учун воқеанинг, албатта, боши, ўртаси ва охири бўлиши зарурлигини тушунтириб, бир чеккасига буни ўзим ўйлаб топмаганимни қўшиб қўйдим. Рости ҳам шу-да!
Ҳаммаси у ўйлаганчалик осон кўчмаслигидан амакининг шашти тушиб кетди. Аммо тезда ўзини қўлга олди-да, яна бир дунё воқеаларни ғайрат билан тахлаб ташлади. Уларнинг саноғи кўп бўлса-да салмоғи эскиларидан фарқ қилмасди. Бунақа кетишда бирор нарсага эришиб бўлмаслигига ишониб, ўрнимдан турдим ва у кишини хотиржамликка чақирдим. Ўзим ташаббусни қўлга олиб, масалан, мавзуларнинг энг гўзали — муҳаббатдан бошлашни таклиф этдим. Мисра бор-ку “Сенинг ширин тилингдан ким ўпмаган, ким тишламаган”. Ҳам ўзим ёш бўлганим учун бунақа тарихларни ёқтирардим.
– Севги денг, бошдан ўтган… Мактаб вақти Мохира дегани бўларди. Нариги синфдан. Ярамас чиройли эди, – Бойқобил ака қўзғалиб, қулайроқ жойлашиб оларкан кўзларига омонат ўкинч чўкди. – Кўришиб турардик уйининг ёнидаги мажнунтолнинг остида. Ўзиям унинг шохлари ташаб, одамни тўсиб туради-ку… – Ааа ҳей, бошланиши чаккимас. Таъсирли манзара. Қайноқ ҳис-туйғулар. Мен давомига қизиқиб, қулоғимни динг қилдим-у, бир пайт Бойқобил ака туришимни кўриб, афтини буриштирди-да, полга туфлаган бўлди. – Кейин, қаёқда, ўн бирни тугатгач қариндошига бериб юборишди. Унинг ҳам индамай кетганичи…
Чатоқ бўпти-ку, гул очилмасдан сўлибди. Акага чин дилдан ҳамдардману, афсуски бу ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам эски ашула эди. Чайналавериб, мазаси қолмаган. Шунга мен қарични кенг олиб, аёл ва эркак муносабатлари серқирралигидан гап очдим. Ҳаммаси ҳам оила, мажбурият билан тугаши шарт эмаслигига ишоралар бердим. У киши гапимни яхши тушунганини айтиб, пешонаси тиришди-да, гўё ҳаммасига мен айбдордай, фақат ҳозирги саргузашт китоблардагина каҳрамоннинг қўйнига кизларнинг ўзи кириб кетиши, бор ҳаётда эса бундай эмаслигидан тайёр нарсадан қуруқ қолаётгандай алам билан ёзғириб қолди.
– Хўп-хўп, бўлмаса ўсмирликка қайтсак, – курсни ўзгартирдим азбаройи тинчлик учун. Орада келган одамни жўнатиб юборгач, ёндаги бошқа стулга чўкдим. Сўнгра овозимни юмшатиб, балоғат, улғайиш даврнинг ғоят таъсирчанлиги, ота, узтоз ёки маҳалладаги ҳар ким билан ҳар нарса бўлиши мумкинлидан олиб, аканинг кўмилиб кетган ҳис-туйғуларини қўзғадим. Бу бизнинг тилда бировда олов ёқиш дейиларди.
– Ҳаётни танитган воқеа дейсиз-да? – секин сўради у.
– Худди ўзи, – бекорга оғзимни тўлдирмаганимдан хурсанд бўлдим.

Бойқобил ака нозик нарсани ўйлаётгандай паришонланиб туриб қолди. Мен у кишига халақит бермаслик учун жимлик сақлаб, нафасимни ҳам секинлаштирдим. Аммо чучварани хом санаган эканман. Сал ўтиб амакимиз отаси кирк ёшида уни топгани, ўзи узоқда ишлаганидан пенсияга чиккандагина уни танигани; мактабдаги домлаларнинг ҳеч қанақа қаҳрамон эмас, маош ва истакнинг қули эканлигини фаҳмлаш ўрнига, ким билади, қанақа аҳмоқона нарсаларга қизиқиб юргани, маҳаллада ҳам бирор-ярим билан – на уйи ёнидаги дўконга тез-тез келиб турадиган ногирон уруши қатнашчиси, на овлоқдаги уйда нишолда тайёрлаб сотадиган икки ижарагир, на ўзи бошқа сўзи бошқа раис қўшниси билан ўртада ҳеч муомиласи қочмагани, у вақтлар эсу-дарди қариндошларининг техникасини ўғирлаб минишда бўлганини ҳафсаласиз ва гуноҳкорона ҳикоя килиб берди. Мен эшитганларимдан кўнглим тўлмади-ю, дарров таслим бўлишни ҳам истамадим. Енгларимни тирсагимгача туриб, биринчиси ва учинчисининг изини қувиб саволлар бердим. Анча бош қотирдим-у тоат-ибодатдан натижа чиқмади.
Бахтимга шу пайт қўйган чойим қайнади. Унга чалғиб, сал ҳовуримни босиб олдим ва дамланган “95”дан каллам тиниқроқ ишлагандай бўларкан, ўзанни мусофирчиликка бурдим. Бу бекорга эмасди, дуч келган одамни тўхтатиб, ёдда қолган кунидан сўрасангчи, унинг учи кўпинча нимага бориб уланаркан. Бошқа томондан қишлоқлардаги шароитни ўзингиз яхши биласиз…
– Оҳ-ҳ, фақат шуни эслатмангда, — деди амаки ва бошини қайта-қайта чайқади. Мен ҳозир хижолатли бир воқеани эшитишни тушундим-у, нима бўлганда ҳам кулгига умид қилдим. Меҳмоним эса гапини кулиб бошласа-да борган сари чакка томирлари бўртиб, сўзида давом этди. – Беш йил олдин эди чамамда. Уйдаги молни сотиб, билетни олдик. Қаердасан Тюменжон деб поездига ўтирдик. Кайфият зўр, еб-ичиб кетяпмиз. Иш стройкада эди, боргач, у ёқда – сиз билмайсиз, ҳужжат қилиш керак. Танишлардан қарз олиб, уни ҳам тахладик. Қўнгилни тўқ қилиб маҳкам ишлаяпмиз. Аммо бир ой ўтяпти, икки ой ўтяпти, уч ой ўтаяптики… пул йук! Фақат ваъда. Қуруқ ваъда. Ўлиб колмаслик учун сал томизиб қўйяпти холос. Кетай дейсиз-у ўртадаги шунча ҳақингизни кўзингиз қиймай, илашиб юраверасиз. Буёғи Худонинг берган куни қор-ёмғир… Бешинчи ой дегандагина, унда ҳам забастовкадан кейин ярим пулни беришадиган бўлди. биз хурсанд, тизилишиб битта-битта олаяпмиз. Менинг ҳам навбатим келиб, рўйхатга қўл қўйдим. Лекин ҳали пулни олмагандим, шу ўртада милиция босиб қолса денг. Вақтида тўловларни қилмаганмизми — документ расвоми, депортни уриб, чиқиб кетишга ўн кун срок беришди. Ҳақимни олволай, кейин сенларни елкамни чуқури кўрсин деб кўнгилни чўктирмай бошлиқнинг олдига кирсам, сенга пул йўқ дейди. Подписни кўрсатиб, кеча олгансан дейди. Қанча тушунтирдим, биров ишонмади… Қайтиш яна қарзми? Уйга келганимда отам ўзинг соғ-омон қириб келдинг, шунисига ҳам шукр деди…
Таажжуб. Юрт кўрган одамларнинг не ғаройиб гурунглари, ёнида Синбад хижолат саргузаштлари ёки ғамгин қиссаларини кўп эшитган бўлсам-да, шу фурсатдагиси… На кулишингни биласан, на йиғлашингни. Якуни ҳам бетайин. Ўзи пешонага ёзилмаган эканда, пешонага. Шунинг учун кўнгилни кенг қилиб арқонни узун ташладим — Бойқобил акадан бошка таассураотларини сўрадим, хулосаларини суриштирдим. Ўзи бўлмаса атрофидаги воқеаларга қизиқдим. Кўп бўғилдим-у, чўмичга қуруқ арзимас, майда гаплар чиқди. У киши қўрқанидан қурилишдан бошқа ҳеч қаёққа чиқмай юраверган экан… Нима дейсиз энди, шунақаси ҳам бўлиб туради.
Соатга кўз ташлаб қўйдим. Тинчланиш учун дераза рахига ўтириб, чўзиб-чўзиб сигарет тутатдим. Боғни, ўт-ўланларни томоша қила-қила бичокни эзгач, амакининг нон ва қандга даромадини сўрадим. Маълум бўлишича ака бозор кунлари “ЗИЛ”ида одамларнинг мол-қўйини ташиб, қолган вақтлари хашак, сомон савдоси билан шуғулланаркан. Яни арзон – текислик жойлардан олиб, тоғ-адирли жойларда қимматига сотаркан. Одамларнинг рўзғор юритиш йўлларига қойил қолмасдан илож йўқ. Биз ҳам юрибмизда нолиб.
– Элнинг ичида экансизку! Юрган дарё дейишади, – яна бошладим. – Наҳотки битта-яримта…
Бойқобил акани гапимдан ишончи ортиб, гавдасини орқага ташлади. Оёқларини эркинроқ чўзиб, қўлларини қорнига қўйди ва ростдан одам ўлмаса кўраверишини айтиб, мақтанган бўлди. Сўнгра қошларини кўтариб, лабларини буриб, хотирасини титкиларкан аллақандай алмойи-жалмойиларни – бир сафар катта ҳўкизнинг оёғи кузов тешигига тиқилиб қолиб, овора қилганимией; ўткан қишда тўплаган пресс сомони қишда сотилмай, шифер, цемент олиш режаси бузилганимией; яна қачондир бир бойвачча билан ваъдалашгач, машинасининг мотори уялтириб, тузуккина фойдадан қуруқ қолганимией, катта ҳодисадек тўлқинланиб гапириб берди. Мен оғир сўлиш олдим. Аччиқ чойимдан ҳўпладим-да ишга киришдим. Булар воқеанинг боши бўлмаса ўртаси ёки охиридир дея ҳар томондан тортқилаб кўрдим. Оддий нарсаларга хам диққат қилдим. Фойдасига келсак… Иложи борича осойишта муҳитни ушлашга интилсамда, иккимиз ҳам зимдан асабийлашиб бораётганимизни сезардик. Ишлар силжимас эди.
– Яхши, ижтимоий мавзуларга ўтамиз. Шу вақтгача ҳеч ким бундан қочиб қутулган эмас, – кесдим чорасиз.
Ха, тўғриси ҳам бу дунёда бандаси борки қаерда яшамасин, ким бўлмасин нимагадир боғланган. Тўла эркин эмас. Азалдан подшоларнинг ёзиғи шу экан, энди амакимиз қаергача борарди? Бу эса катта гап. Лекин меҳмонимнинг тушунмай, менга бақрайиб турганини кўргач, ижтимоий сўзига озроқ изоҳ бердим. Ва бўйнимни чўзиб, жойимга шахт билан қайта ўтирарканман яхши асарда майда нарсаларгача, масалан, узилиб тушган тугманинг қанақа ипда қадалгани ҳам муҳимлигини унга эслатиб, иложи борича “қайта созлаб чиқдим”.
– Э-э, эртароқ шундай демайсизми? Тўлиб ётибдику, – деди Бойқобил ака ва юзига гўё куни-кеча окопнинг ичидан чиқиб келгандек тус берди.
Оқибат мен ҳам бирор нарса ўхшашига ишониб, енгил нафас олдим. Ўзимни мана-мана қармоғига балиқ илинадиган овчидек ҳис қилиб, бутун вужудимни эътиборга чоғладим. Шу билан азиз меҳмоним кўчадаги ишларидан чарчаб, санатория қоровуллигига ишга кирмоқчи бўлганда бошқаси пора бериб, жойни илиб кетгани; қишлоққа посбон сайланиш керак бўлганда, армияни ўтамаганми, сакраб ўртага чиққани, ҳамма уни қўлласа-да фақат маълумотсизлиги оёғидан чалгани-ю ҳозир битта тирранча валломатлик қилиб юргани; яқинда солиқчилар уйидаги йўқ крану, йўқ сувга бўйнига анча қарз босиб, жони бўғзига келгунча кўп овора қилганини бу ерда нега ўтирганимизни ҳам унутганча, овози кўтарилиб-тушиб сўзлаб берди. Ўзини босиб олгачгина ёдига мен тушиб, кўз остидан шунақа гаплар дегандек қараб қўйди.
Сочларимни чангалладим. Ўзинг сабр ва асаб бер. Агар ўн кун вақтимни шунақа ўтказганимда қип-қизил прокурордан фарқим қолмасди: қоровуллик воқеаси акамиз русга бориб келгач бўлибди, аксинча бўлганда табиийки юклироқ нарса чиқарди; посбонликда ҳам кул орасида ялтираган чўғ бордай кўринди, ҳар томондан унга зўр бериб пуфладим-у олов чиқмади — ечим акамизга боғланмади; қарздорликка келсак, яхшиси бу ҳақда гаплашмайлик, қасамки мен бор куч, маҳоратимни ишга солгандим. Охири тоқатим тоқ бўлди. Ҳар қадами ҳайрат ҳаётда одам деган ҳам шундай ҳиссиз ва қолоқ яшайдими? Жаҳлим чиқиб кетиб, мен Бойқобил акани ёзиш учун тузукроқ нарса айтиб беролмасликда айбладим.
– Ўзингиздан қўшиб-чатиб ёзиб қўя қолинг. Биров билиб ўтирибдими? – деди меҳмоним ҳам пешонасидаги терини артиб.
– Билмайдику-я, унақада сиз — сиз бўлмай қоласиз, Тушунинг, бизга ҳақиқат керак, – куйиндим.
Иккимиз ҳам чарчагандик. Бўзариб, гап қўшмай туравердик. Аввал амаки паст тушса-да баъзи кўзи тушган ҳикояларида тайинли гапнинг ўзи йўқлиги, бировни айблаш эса жуда осонлигини айтиб, бидирлади. Мен шамолнинг қаёққа қараб эсаётганини дарров тушунсам-да, таққан галстугимдан ҳаволанмай, буни тўғри қабул қилдим. Чунки у кишининг ўрнида ўзим ҳам дангали шундай дердим ёки ўйлардим. Тўғри йўл — муроса учун маданият билан меҳмонимни менга ишонишини сўраб, илиқлиқ билан ёзиш илмининг сирларидан гапирдим ва буни худди камина “Зил” ҳайдашни билмагани каби, у ҳам айрим нарсалардан бехабар бўлишига ўхшатдим. Барибир меҳмонимнинг боши оғриб, қўл силтаганча ўрнидан туриб кетди. Начора, мен ҳам бошимни стол устига қўйган икки қўлларим орасига олганча, кўзларимни юмдим. Ҳеч нарсани ўйламай бир муддат тин олдим. …Аслида ишлар юришмаётгани, очиғи, бир томондан амакининг зеҳни пастлиги-ю балки ростдан ҳаётидаги яхшироқ воқеани эслолмаётгани бўлса, иккинчи томондан автоматнинг ўқидай саволлар билан ҳам узоққа бориб бўлмасди. Буни мен яхши тушунардим. Аммо камина ҳар қанча тилимдан бол томиб, сабрли бўлмай, эртага у кишини келмай қолишидан қўрқар, бугун оз бўлсада иш кўчишини истар ва азбаройи ўзим учун ҳам ниманидир исботлашни истардим холос. Бор ниятим шу эди.
Ташқарида қуёш пасайиб, ранглар қуюқлашганди. Вақтни ҳисобга олиб мен бошқача ишлашга — шунчаки валақлашишга ўтдим. Зора йўқ жойдан бирор нарса илашса. Буюк ғоялар бекорчиликда туғилади дейишади-ку. Камига бу сўнгги чоралардан эди. Бизнинг бинонинг анча чўкиб қолгани ҳақида шошмасдан бошланган суҳбатимиз, билмадим, занжирдек уланиб, бир соат ичида нималарга бориб тақалмади.
– Шошманг, шошманг! Бир оёғим “Маржон”да ўтган дедингизми? – сўраб қолдим ҳеч кутилмаганда гапни бўлиб. – Бўлмаса Умбаровни танир экансизда?
Умбаров ўша қишлоқдан чиққан машҳур олим эди. Суратини ёшу-қари бир кўргандаёқ танимаса ҳам, ён-верига қизиққан зоғ борки эшитган, илм аҳли-ку қаттиқ ҳурмат қиларди. Муҳими у ўз ишининг устаси бўлиб, ўзимизники бўлса майли, четнинг катта-катта мукофотларини айираётгани нечоғлик калласи бутунлигини айтиб турарди. Яна бугун физикнинг бир қарасангиз Деҳлида, бир қарасангиз Мюнхенда, бир қарасангиз Қоҳирада дунёни қутқараман деган улкан ташвишлар билан юрганини тез-тез хабарларда ўқиб, телевизорларда кўриб қолардик. Қисқаси у зўр эди. Бойқобил ака бош чайқаб, ўша олимни таниганда қандоқ, жуда яхши танишини айтаркан, жуда ғалати воқеани сўзлаб берди:
– Бундан ўн йиллар олдин далага, иккинчи экинга жўхори, тарвуз эккандим. Биласиз, тарвуз пишгач, қўриқлаш керак. Кундузи болалар қараса, кучқурун мен қарардим. Бир куни кечаси чайлада ётсам, узоқдан қора кўринди. Ўғри-пўғри гумон қилиб, шартта олдига бордим. Қанча яқинлашмай қора индамай туравергач, шошмайчи деб кимлигини, қаерданлигини сўрадим. Ўзимизнинг Умбаров экан. Энди у вақтлар олим тилга тушмаган бўлмаса-да ўзимиздан чиққани учунми сал-пал тарифини эшитгандим. Тошкентдан келдим, ичим сиқилиб, айланиб юрибман, деди. Менга ҳам шундай одам керакмасми, қўярда-қўймай чайламга бошладим. Ака гурунгимга қизиқдими, ғир-ғир шабадагами, янги сўйган тарвузимгами, билмадим, яна уч-тўрт кун қатнаб юрди. Лекин ўзи деярли гапирмасди, жим эшитиб, аста кулиб қўярди. Кейин кетгандирда, кўринмай қолди… Биласизми, ҳозирлар ўйлаб кўрсам, у ўшанда далага шунчаки айланишга келмаган экан. Чунки ҳар доим қўйнига нимадир яширилган, жуда хомуш, олдимга чиқиб келгунча ёки мен ўша томонга юргунча ҳам даладаги катта гужум, тутларнинг орасида иккиланиб, узоқ қолиб кетарди… Кўп юрагини очавермагач, мен ҳам майдалашмагандим-у фақат бир марта оғайнимнинг воқеасидан очилиб куларкан, ўйланиб “Ҳа-а, мен ҳаётдан узоқлашиб кетган эканман. Наҳотки бахт шунчалар кенг… Бўлмаса нега бу қадар қўрқиш?”, деганини эслайман…
Ҳадеганда жимлик бузилевармади. Мени бу хотира тамоман сеҳрлаб, ўзига мафтун этганди-қўйгади. Тасаввуримда қайта ва қайта жонлантираман: тун қўйнида, шохлари эпкинда шовуллаётган дарахтлар орасида умидсиз кезиб юрган шарпа… Ўйласанг, қат-қат хаёллар очилаверади. Бор экансиз-ку! Шу тобда эса майда изоҳларнинг — акамизнинг кўнглида ундан бирор даъвоси борми-йўқми, ёки олим ишлари юришиб кетганда уни излаганми-йўқми, аҳамиятисиз эди. Нима бўлса ҳаммаси хайрлашишгача олинади ва унда бош қаҳрамон ўзгаради.
– Ажойиб! Шуни ёзамиз, – шодликдан ўзимни тутолмай столни урдим.
Бойқобил ака қувончимга шерик бўлмади. Бош кўтариб қуруқ қулимсираб қўйди-да деразага ишора қилиб, нима бўлса эртага қолдирайлик деди. Ташқарига кўз ташласам ростдан оқшом чўкиб, ғира-шираликда шаҳар чироқлари милтирарди. Нима бўпти, баъзи мавҳум нарсаларни аниқлаштиришга кўп вақт кетмайди. Афсуски барибир амаки ҳечам иложи йўқлиги, такси тарқамай уйга бориши, хотини бўлмаса оч мол-қўйлари уни кутаётганини айтиб унамади. Катта ёшли одамни ишларидан қолдириб, ушлаб туролмайман-ку, боғгача кузатиб, қўлидан қўйиб юбормагудай қуюқ хайрлашдим.
У кетди-ю мен бир ички ҳис билан энди бошқа хеч қачон кўришмаслигимизни сездим. Амаки ҳаяжоннинг кучи билан бир ҳафсала қилиб келиб қолганда, эртага уйқудан уйғонганда ўтган гапларнинг барига кулади ва шундоқ ҳам бошидан ошиб ётган ташвишларига шўнғийди. Агар ростдан ҳаммаси шундай бўлса мен вақт топиб ишни барибир якунлаб қўяман. Омон бўлсангиз ҳикояни албатта қаердадир ўқийсиз. Сўнгра нарсаларимни йиғиштирдим-да, яна бир кунини тугатиб, уйга қайтдим.

БАЙРАМДАН СЎНГ

Cовуқ оқшомда йўлда қолишдан ёмони йўқ. Анови дўсти тортиб кетмагандаку бу ташвишлар қаерда эди. Чол-кампир ҳам кун оғганини айтиб қайтарганди, у пулига ишонди. Энди бўлса тоғдан энишдаги овлоқ жой, қорайиб турган паст-баландликлар, ёлғиз бекат ва унда қунишиб ўтирган ўғли… Кейин, узоқ кутишдан кейин узоқдан аввал митти шуласи ўйнаб, бир кўриниб бир кўринмай, ниҳоят машинанинг ўзи пайдо бўлди. Эркак йўл ўртасига чиқиб боргудай пала-партиш қўл силтади. Ласетти секинлади, тўхтагач, дунёда одамгарчилик борлигини эслатиб ҳатто ортига юриб келди ва бироздан сўнг бекатда ёлғиз шамолгина кезиниб қолди.
Рулда аёл экан, у жойидан жилишлари билан пешойнадан йўловчисига қараб:
– Ўғлингизни кўриб қолмаганимда тўхтамасдим, – деди кесиб.
Бадани иссиқ еркан Ғанишер бунақа бўлишини ўзи ҳам кутмаганини тушунтирган бўлди ва охирида катта рахмат айтди. Шу билан ўртадаги бор-йўқ суҳбат тугади-ю, унча-мунча нарсани ажрата бошлаган эркакнинг салон ичидаги муаттар хиддан боши айланиб олдинда табиий нигоҳи қолди. Аёл — ўрта ёшлардаги, қомати текис, сочлари тепага чиройли турмакланган хилқат; қошларига текис кесилиб тушиб турган олд сочлари, қулоқларидаги тангадек сирғалар ва эгнидаги баланд учбурчак ёқа оқ кофта, қора костюми ўзига жуда ярашган. Қўллари рулни енгил бошқариб бормоқда. Бир сўз айтганда кўзга яқин. Ишчангина ҳам чоғи. Эркак шу хулосалар билан бошини ойнага бурди.
Ласетти тунни ўқдай кесиб, тепаликлар орасида анча юрди. Узоқ-яқинда чироғи ёниқ уйлар кўринар, осмонни эса бир нарса ёғишни ваъда қилиб, қуюқ қора булут эгалларди. Ҳавода намхушлик. Болага совуқ ўтган шекилли, алланимар деб, йўлда отасининг пинжига тиқилди. Бу аёлнинг назаридан қолмай олд ўриндиқдан плашини узатди, кондиционерни балантлатди. Кўп ўтмай бола яна безовталанганди, Ғанишер пешонасини силаётиб, ўғлининг иситмаси борлигини билди ва аёлдан дорихона чиқса, тўхтаб ўтишини сўради. У гап нимадалигини тушунди-ю, хотиржамликни бузмай, тезликни сезиларли оширди.
Адирликлар ортда қолиб, чўл бошланди. Машина шаҳар билан боғловчи катта йўлга чиққан, энди қатнов ҳам, чеккалардаги уйлар ҳам кўпайганди. Аёл рулни эсдан чиқармай, эркак босиқ кўринса-да ичидан безовталаниб атрофга кўз ташлаб кетаерди. Бироқ ажи-бужи ошхона, пастқам дўконлардан бошқа нарса учрамас, боланинг эса тобора жўнжикиши ошгани ошган эди. Бу орада аёл пешойнадан йўловчисига икки марта маънодор қараб қўйди. “Йўловчиси” ҳам ўзидан нолиди. Ростдан нега қолмади-я? Тонг саҳарда чиққанда ҳам улгурарди балки. Шу ҳаёллар билан Ғанишернинг кўзи нима бўлиб аёлнинг номсиз бармоғига тушганди, унда никоҳ узуги кўринмади. Ҳа, мана — бошқаларида қимматбаҳо узуклар ялтирасада униси бўш. Афсуски, шундай чиройли аёлдаки, хотининг йиллар ўтса-да унингдек жозибали бўлиб қолишини истайсан. Эҳ…
Йўллар эса узун ёки шундай туюларди. Ғанишер ўзини тутолмай, жаҳлланиб дорихоналарни оёғини осмондан қилди. Аёл жавоб ўрнида андух билан бу ерларни яхши билиши, дорихоналарнинг узоқдалигини айтди. Касал гўдакка кўз ташлаб қўйгач эса аввали айб ўзида бўлиши кераклигидан гапириб, охирида негадир “…Бунақада бизнинг югурганимиз қаёққача борарди” деб бош чайқаб қўйди. Сўнгги жумладан эркакнинг тасаввурида аёлнинг янада оҳанграболиги ошиб, хаёллари бир муддат ҳар томонга учди. Аммо тузук-қуруқ ўйлашга улгурмай, бола устидаги плашини улоқтирдида инжиқланиб сув сўради. Бундан шу вақтгача ўзини босиб келаётган аёлнинг ҳам хавотири ошиб, чаққонлик билан орқага қўл юбориб, яна рулга қайтаркан:
– Ё худо, жуда баландку! – деди. – Энди нима қиламиз?
Фаҳмсиз дўсти, энишгача у билан бирга тушган ота-онаси ва баджаҳл рахбар. Шу ташвиш етмай турганди. Бечора бола. Шундай бўлса-да Ғанишер жинсига хос савқи табиийлик билан ўзини йўқотмай, тез орада қандайдир ечим бўлишига ишонди. Худди шу пайти аёл буёғига дорихона чиқса-да таблетканинг кучи етмаслиги, ҚВПларнинг ҳам ичкаридалиги айтаркан:
– Балки бизникига борармиз, – деб қолди.
У яна кўп қолмагани, яхши бир қўшниси борлиги ҳақида гапириб кетдию бироқ эркак учун вақт гўё бир-икки сонияга тўхтади. Мана шу, ҳозир унга тез-тез қараб қўяётган, кўзлари ёниб турган, қора қаламда ҳафсала билан бўялган узун киприкчалари кўтарилиб-тушаётган, лаблари янги пишган гилосдек қизариб турган, сепган атри қачонлардир беташвиш-у шодумон гулзор кезганингни ёдга соладиган аёлникига бориш… У жуда чорасиз вазиятда қолгандек ўзига тус бериб, …бўлмаса ҳайданг дер экан, ичида “Бош илож йўқ эди. Ҳаммаси ўғлим учун. Унинг касаллиги учун!” – дея қайта-қайта такрорлади.
Бу ёғи тез кетди. Хонимнинг кимгадир телефон қилиши, қайсидир жойга келиб бурилиши, машинанинг пича ичкарилаши. Уйлари сийрак баҳаво кенгликдаги дача. Дарвоза ёнида уларни кутаётган қиз. Совуқ ҳаво, ўғлини кўтариб олиши, ҳовлидаги йўлак, зал, аллакандай хона ва кенг ётоқ…
Ғанишерни ниманингдир майда шовқини ўзига келтирди. Қараса қиз ўз ишини тугатиб, ортиқча нарсаларни йиғиштираётган экан. Бу вақтда Соҳиба – аёлнинг исми шундай экан, ҳеч тинчимай меҳмоннинг пиджагини олиб, устига ташлагани адёл келтирди, қизга қарашди, сўраган нарсаларини муҳайё қилди ва ҳар кимга иссиқ чой тарқатди. Сўнгра касал ўзгариб, кўнгиллар жойига тушгунча ҳамма у ер-бу ердан жой эгаллашиб, кутишадиган бўлди. Қиз нима муолажа қилганини, уларнинг фойдасини гапириб бераркан Ғанишернинг диққати қулоқдан кўзга ўтиб, беихтиёр хонани идрок этди. Жиҳозларининг асл моллиги, сўнгги урфдаги ремонт, тағин ҳамма нарсанинг жуда дид билан ҳамранг жойлаштирилгани беканинг дунёсини шундоқ айтиб турарди. Ва яхшилаб эътибор берилса хонада эркак кишига тегишли бирорта буюм, сурат, ҳатто кулдонда кўпроқ куч билан эзилган қалин сигарет бичоги ҳам кўзга ташланмасди. Борингки дона чанг кўринмасди. Худди шундай болаларнинг ҳам. Демакки тумуши узоққа чўзилмаган, демакки ҳайҳотдек уй ва унда ёлғиз яшовчи бека… Унинг ўзи эса, ана, эшик олдида, болага маъюс термулиб, деворга суяниб турибди. Аммо ҳар нима бўлганда ҳам аёл зоти уйда, уй кийимларида кўзга бошқача кўринар экан.
Қиз тушмагур ҳар иккисига кўз остидан боқиб-боқиб қўйгач нима хаёл, ҳисоб-китоб билан қайтадиган бўлди. Унинг қароридан аёлни билмадию, негадир Ғанишер ҳижолат тортиб кетди. Очиқ таажжубга тушиб, бояги сирли кучи хам ярим кесилдию ўрнини билгани учун кўп гапиролмади. Балки қизни кўпроқ қистаганда қоларди, аммо ҳамма гапни тўғри тушуниб, тўғри қабул қилганиданми аёл уни кўп қистамади. Меҳмонни ошхонага йўналтирди-да ўзи қизни кузатгани чиқди. Мададкор фариштанинг кетса майли, остонада буёғига боладан хавотир олмаслиги ҳақидаги дадил гапи керакмасди, у мисоли уйда умуман бошқа, енгилроқ атмосферани пайдо қилди.
Эркак зал оша ошхонага ўтди. Стулга ўтириб ҳаёлга толаркан бутун кунни, айниқса охирини қайтадан кўз олдидан ўтказиб чиқди. Қўп қизиқ ва ғалати. Гўё тушга ўхшайди. Яна аёл ҳозир нега ўзини бундай тутди экан? Ҳайронсан. Майли кўраверайликчи, бошқа томондан ҳаммаси табиий кетяпти-ку… Сохиба тезда, сочларида майда томчилар йилтираб ва оёғига ғайриоддий шиппак илганча қайтиб келди. Печканинг оловини балантлатганини айтиб, меҳмондан ҳол-аҳвол сўраркан:
– Ичасизми? “Дадил бўлиш учун юз грамм”, – деб қолди.
У бу гапни шунчалар очиқкўнгиллик ва лутф билан айтдики, ёқимли кайфият билан ўтирган Ғанишер ўзидан улуғланиб кетди. Бироқ музлаткич эшигини очиб, турли шишаларга ишора қилиб турган аёл “Йўлда совқотгансиз, иссиқликка” дер экан у ҳаммасини сониянинг ичида маржонларни ипга тергандек бошидан ўйлаб чиқаркан бошидан ҳуши учай деди. Аввалроқ калласи қаерда эди-я? Ахир аёлнинг даражаси баланд-ку, бу шундоқ кўриниб турибди. У бўлса коллежнинг оддий ишчиси. Бор-йўғи ҳисобчи. Рад жавоби олиб расво бўлгандан кўра вақтида ҳаддини билган яхши. Оқибат эркак ўша озгина ҳурматини сақлаш учун ҳам эркак бамайлиҳотир бош чайқади.
– Сиз эслайсизми шундай совет филмини? – давом этди Сохиба елка қисиб. — Номини боплашган-а? Билсангиз, бизнинг ишимизда бунақа гаплар жуда муҳим…
“Бизнинг югурганимиз…”. У аёлнинг йўлдаги гапини эслади-ю, ишини ҳойнаҳой ҳокимият ёки шунга яқин деб топди. Бундан сал олдинги қарори янада мустаҳкамланиб, ўзини тўғри йўлдадек ҳис қилди. Сўнгра аёл белига фартук тақиб бармоқларини ўйнаганча овқат тайёрлашга киришаркан Ғанишер азалдан ёғ ҳидини ёқтирмаганидан ўғлидан хабар олишга чиқди. Бу аёлга ҳам маъқул келиб, истаса, вақтни ўлдириш учун меҳмонхона, ҳовлини томоша қилиши мумкинлигини эслатди.
Боланинг иситмаси пасайиб, терлаб бошлаган экан. Яхши. У ўғлининг кўрпасини тўғирлаб, пешонасини артиб қўйди. Чиқишда чироқни ўчириш ёки ўчирмаслик учун ортига бурилганда эса тунлари шу ётоқда беканинг ётиши, унинг ёйиқ сочлари кўз олдига келди-ю… яна бор ўй-хаёллар ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Йўқ, шундоқ олдингда турган сирли сандиқ ичидагига қизиқмаслик тўғримикан? Бир уриниб кўрсинчи, зеро урингани бу ҳали ҳаммаси ҳал дегани эмас…
Адёлни устидан қўймай хоналарни айланаркан Ғанишер мезмони ҳақида кўпроқ билгиси келди. Билса буни албатта гапда ишлатиб, суҳбатни соз қиларди, унингсиз кўнгиллар яқинлашганми? Тағин ўзининг ҳам эътиборсиз эмаслигини, калласи жойидалигини исботларди. У шу ният билан ошхонадан эшитилиб турган тахтакачнинг овози остида деворлардаги суратларга, аквариумдаги балиқларга, катта-кичик ҳайкаларга, тувакдаги гулларга ва бошқа нарсаларга боқди. Ўқиган, кўрган илм-у амалларини эслаб, миясига зўр берди. Афсуски, ҳар қанча изламасин, фаросатли бўлмасин пичоққа илашадиган мавзу топмади. Шунақаси ҳам бўларкан, гўё бу ерда ҳамма нарса бордаю, аммо нимадир, балки уларнинг ширасими, руҳими етишмасди. Чамаси бу аёл ишидан бошқа нарсани демайдиган ва истамайдиган хилидан эди. Буёғи энди неча пулдан тушди? Эркак режаси ўхшамай серрайиб туриб қолгач, биринчи учраган кўзгуга қараб, афт-ангорини тўғирлаб, ёқасини кенгроқ очиб қўйди.
Бу орада овқат пишиб, Соҳиба столга қовурилган гўшт ва картошка тортди. Шу ерда ҳам унинг нозик диди ёрдамга келиб, кундалик ҳаётда буни аёлар-тез-тез тайёрлаб турса-да, уники қўшилган зираворлари, стол устидаги қошиқ-вилкаларнинг тахланиши, салфетканинг қўйилиши, борингки уларнинг шакли-ю ранггининг мутаносиблиги бир гўзалликни ўн гўзаллик қиларди.
– Қўлингиз ширин экан. Буни оч қолганим учун айтаётганим йўқ, – аёлни мақтади Ғанишер биринчи луқмадан ютгач.
Бошқа нима ҳам десин, бу энг оддий ва синовдан ўтган усул. Барибир бу Соҳибага ёқиб, у бола учун ҳам егулик тайёрлашга улгурганини айтди. Кейин қойил қолмасдан илож йўқ, қолганига у оддий нарсалардан ҳам гапни-гапга улаб, суҳбатни чиройли обкетди. Эркак бўлса сал бўш қолди дегунча қаршисидаги — қора йўл-йўл чизиқли кенг футболка ва малла жинси шим кийган, сочлари шпилка билан ажи-бужи кўтарилиб турса-да ўзига ярашган, ҳаракатларида ва кўз қарашларида ишонч порлаган хонимга қараб, ўйлаб қоларди: Ундаги бу хуш кайфият, жилмайишлар қаёқдан? Соз ўтаётган меҳмондорчиликданми ё бу ерда бошқа сир борми? Сир бўлса қандай?… Саволлар кетма-кет-у жавоблар йўқ. Қанча эътибор қилма тарозининг бирор палласи оғир босмайди.
Ҳар қалай тушлик “натижа” унмасдан қолмади. Гап шундаки мезмон ширинлик кесаётиб патнисни тушириб юборди. Бўш патнис кафел устида зингиллаб айланаркан, унинг шовқинидан аёл жойида қотиб ҳавода қолган қўллари безгак тутгандек титрарди. Эркак шу захоти ёрдамга ошиқди-ю бу ҳолни эслаб қолди.
Аёл устига кулранг тусли халат ташлаб олгач, у-бу нарса келтириб, боладан хабар олинди. У ҳамон пишилллаб уҳлаётган экан, шунинг учун беканинг таклифи билан эшик очиқ қолдирилиб, қўшни хонага ўтилди. У ёндаги, икки томонида паст диван-креслолар, ўртасида хонтахта, тўрдаги чиройли тагкурси устида замонавий телевизори бор хона экан. Соҳиба зумда иссиқ чой, пиёла, газет-журнал келтирди. Телевизорни ёқди. Ўтириш олдидан халатини чиройли текислаб олдида, меҳмонни ҳам чорлаб, ўқишга берилди. Шу ергача у неча марта олдидан ўтган, айланган бўлса шунча марта эркакни ўзининг расо қомати, оппоқ бўйни ва чакка сочларига қарашга мажбур этди.
…Ғанишер кўнглига ўқиш сиғмай, ҳафсаласиз журнал варақлади. Бир-бир расмларни ўтказиб кетар экан шитирлаган овозни эшитиб телевизор оша деразага боқди. Ташқарида ёмғир ёға бошлаган экан. Унинг майда томчилари дераза ойнасини чертар ва пастга чизиқ тортарди. Ерга урилаётганлари бўлса ўзидан шовуллаб ҳазин товуш чиқаради. Дарахтлар карахт қотган, қорамтир шохларида томчи ялтирайди — хушманзара табиат қўйнидаги олди айвонли уйда изғиринли февраль кечаси. Ичкари эса иссиқ ва шинам. Чиройли мебеллар, ҳарир парда. Ёқимли қўшиқ янграб турибди. Ва қаршисида латофатли бир аёл. Ахир эркак кишига бундан ортиқ нима керак? Эришган жуда кўп нарсаларингни мана шу сониялар учун алмашсанг арзийди… Аммо ҳаётда ҳеч нарса узоқ давом этмаганидек бир пайт Ғанишернинг телефони жиринглаб қолди. Хотини! Муқаддас. Шу вақтда-я?! У бошида жавоб бермай дедию, аёлнинг – ким излашига фаҳми етмайдими, синовчан кўз ташлаб қўйганини сезгач, иложсиз кўтарди. Ҳу-у. Ярим йўлда қолиб кетгач, бир танишимникига кирганини айтиб, хотинини тинчлантирди ва эртага ерталаб етиб бораман деди. Шу билан ҳаммаси жойига тушгандай эди-ю, у телефонни ўчираркан беканинг унга ғалати қараб турганига дуч келди. Унинг бу қиёфасида қачонлардир эридан алдов-хиёнат кўрган аёлнинг алам ва изтироби, ўтган йиллар баҳор ва кузлари шундоқ сизиб турарди. Гап бу ёқда эканда, тушунарли…
Аёл газетани силтаб қўйиб яна ўқишга тутинди. Умуман унинг ўзини тутиши бетакрор эди. Эркак эса ўз ўрнида хаёлларга берилди: Қизиқ, қайси тўнка уйида шундай жонони бўла туриб кўчадагига илакишган экан? Кимга? Қизиғи яна унда бу аёлдан ортиқро нима кўрди экан? Ишга берилгани билан, мана, назокатини йўқотмабди-ку. Меҳрибончилиги ҳам бор. Аҳмоқ! Унинг ўрнида мен бўлганимдами…?. Бу вақтда аёл газетадаги қайсидир бетни синчиклаб ўқиди. Кейин яна бир марта кўз югуртиргач, ўрнидан туриб кетди.
– Вой муттаҳамлар-е, – дедида шошиб нариги хонага ўтди. Кимгадир телефон қилди. Аллақандай бир ҳамкасби билан газетада ҳозир ўқигани ҳақида ҳам жаҳлланиб, ҳам куйиниб сўзлашди. Нариги томон тинчлантиришга ҳаракат қилса-да аёл ҳадеганда ўзини босолмасди.
Ғанишер унга қараб туриб, ошхона воқеасини эсларкан, “Ҳа, асаблари чарчаган. Ёлғизликдан, ҳаммаси сўққабошликдан” дея ўйлади-да буни ўзининг фойдасига ҳал қилди. Бу вақтда Соҳиба ҳамкасбидан ниманидир хабарини топиши билан, хонага қайтиб телевизор қаналини ўзгартирди. Кўрсатув энди бошланган экан, унда тўрт-беш расмий кийинган эркак-аёл давра қуришиб, зўр баҳс қилишар, ора-орада ўтирганлар саволларига жавоб бериб туришарди. Эркак у ерда нима ҳақда гап бораётганини тушунмасада, мехмонлар “партия”, “сайлов”, “маҳалла” сўзларини қанчалик кўп ишлатгани сари аёлнинг қони қайнаб бораётганини кўриб турарди. Кўрсатув пайти яна икки киши билан телефонлашиб олган дилбар хоним унинг ниҳоясида шунчалик ғазаб отига миндики, ўзини тўрт тарафга ларс-ларс ураётган қонхўр йўлбарсдан фарқи қолмади. Асабийлашиб, жойида тураолмай, бир қўли билан пешонасини ушлаганча у ёқ бу ёққа юрар, ўзини боса олмай “Ярамаслар, ҳали кўрсатиб қўямиз!” дея бўғиларди. Сўнгра тағин уч киши билан телефонда кўрсатув ҳақида қаттиқ-қаттиқ гаплашди, вазифалар буюрди. Уларнинг охиргиси қаламкаш бўлса керак, унга қарши мақола ёзишдан гапириб, фикрлар берди…
Сал олдин уйидаги бегона эркакка спиртли ичимлик таклиф этиб турган ширинсўз хоним шуми? Ахир бунчалик жиддийлашиш, кўзларнинг совуқлашиши, шерни қочирадиган важоҳат қаердан? Бу жаҳлми ёки унинг асл қиёфаси? — Ғанишер пинҳона нияти йўлида иккиланиб, ўйланиб қолди. Магар ортиқча ҳаракат қилгудек бўлса, меҳрибончилигимга жавоб шуми дея ўғлини олдига ўтказиб, кўчага ҳайдаб солмасмикан? Ярим кечаси бўлса. Овлоқ жойлар, ёмғир ёғаяпти…
У пиёлани кўтарганди, ланъати чой совиб қолибди, ичи жимирлаб кетди.
– Кечиринг, бақир-чақир қилиб юбордим, – узр сўради Соҳиба ва болажонни уйғотиб юборганидан хавотирланди. Сўнгра бирпасга қиладиган ишлари борлигини айтиб, рухсат сўрадида эшиги бошқаларидан фарқлича хонага кириб кетди. У кўздан йўқолиши билан эркак ўзини орқага ташлаганча, ортидан боқиб қолди. Ичкарида қанчалар чиройли бўлса, шунчалар жаҳлдор, қанчалар жозибали бўлса, шунчалар қаҳрли аёл… Худонинг синовлари қизиқ, шунақаям муомиласи қийин аёлга учратадими? Ахир қиз нега кетди-я? Қолса бўларди. Қолганда бунча ташвиш ҳам йўқ эди.
Ғанишер оғир ҳаёллар билан ўғлининг олдига борди. У оқ чойшабда, дунёнинг не бир тамошосидан узоқда, ширин ухлаб ётарди. Пешонасига қўл юборганди, иссиғи ҳали тўлиқ тушмабди. У ўғлини қулайроқ ётқизди-да, стулга чўкиб, унинг сўлғин юзига тикилди. Қандай бадбахт отамана? – ўйлаб бошдан кейин. – Бу ёқда ўз пушти камарим касал бўлса-ю, мен ишрат ҳақида ўйлаб юрсам. Унга бирор нима бўлганда ким деган одам бўлардим? Ҳам Соҳибадек аёлларни тушунмайман. Мен бир жайдари бўлсам — ҳар хил нарса калламга келаверади. Ахир уйидан иссиқ жой, иссиқ овқат берди. Ширин сўзини аямади. Шунча иззатдан кейин мендан бундай жавоб ўтиб тушган пасткашлик бўлмасмиди?… Эркак ўғлининг жажжи бармоқларини силади. Оиланг борлиги сени гуноҳлардан асраб туради дейиши рост. Ҳайрият, вақтида эсимни йиғиштириб олдим.
Ёмон васвасалар миясидан қувилгач Ғанишер енгил тортди. Атрофга равшанроқ қаради-ю аммо энди нимани ўйлашни билмай зерикди. Эрмак қидириб хона бурчакларига боққан эди, тумбочка устидаги, стол лампасининг тагидаги коллажи ажабтовур журналга кўзи тушди. Уни қўлига олдида, ўқишга тутиниб дуч келган саҳифасини очган эди, не тонгки, кўзи шундай сўзларга тушди: “Аёллар имкониятдан фойдаланиб қолган эркакларни кечиради”. У журнални тиззасига қўйиб, чуқур нафас олди. Шу вақт эшикдан Соҳиба кўринганди, беихтиёр унга ҳар сафаргидан бошқачароқ қаради. Бека болани сўрагач:
–Ўқиётганмидингиз? – деди. – Мен чекишга чиқамизми дегандим.
– Йўқ, Керагини ўқиб бўлдим, – ўрнидан қўзғалди Ғанишер.
Совуқ ўтмаслик учун аввал устиларига адял ташлаб олишгач, аёлнинг ўзи шамчироқ тутиб йўл бошлади. Улар зал, яна бир хонадан ўтишиб, уйнинг орқа, қоронғу очиқ саҳнига чиқишди. Аллақачон ёмғир қорга айланиб, ерни оқартиришга ҳам улгурган экан. Саҳннинг ўртадаги йўлакдан ажралган биринчи ярмида қандайдир қурилиш ишлари бориб, иккинчи ярми рус меъморчилиги услубида, тўла ёғочдан қурилган, айни пайтда унинг очиқ қисмларига катта ойналар, кириш қисмига ёғоч тусли алюмин профилли эшик ўрнатилганди. Бир вақт аёл хаёли гапда бўлиб, уни ўзига тортганди ҳамки бутун теваракни аламли овоз тутиб, ичкаридан, шундай этак остидан хирсдай мушук сапчиб чиқиб кетди. Бу шунчалик тез ва кутилмаганда содир бўлдики, қўрқиб кетган бека ўзини орқага ташлаб, Ғанишернинг билагини ушлаб олди. У ҳам сесканиб кетиб, беихтиёр Соҳибани бағрига яширди. Кескин ҳаракатдан шам олови ҳам ўчганди. Кейин аёл мушук, унинг шамолда қулфланиб қолган бўлиши ҳақида нималар деди, унинг қулоғига кирмади. Ҳалиҳам журналда ўқигани таъсирида бўлгани учун бутун онггу-шуури билан ўтаётган вақтни хисоблай кетди; аёлни шундай лаҳзагача қучоғида тутиб турдики, агар у ўша лаҳзадан ярим сония ортиқроқ ҳаракатсиз қолганида борми… Аммо муздан фарқсиз Соҳиба ундан балиқдек силлиқ чиқиб кетди ва узр сўради.
“Ён бермаслиги бекорга эмас, – дарров мулоҳазага ўтди Ғанишер. – Телевизорларда кўрардим, бундай аёлларни олдин хурмати қозониларди. У ёғи… Демак мен ҳали бунга эришмабман. Аммо, умидсизликка тушмайки, ҳали вақт бор…”.
Соҳиба чироқни ёқмади, бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Тўрт томони деярли тўлиқ ойнаванд бўлганидан айвон ичи қорнинг ёғдусидан хираланиб турар, кўчадаги устуннинг чироғидан таралаётган нур шифт ва ромдан икки креслога кесилиб тушиб, чинакам манзара ҳосил қилганди. Улар шу креслоларга чўкишди. Аёл ялпизли сигарет чиқарди, чекмаса-да Ғанишер ундан қолмаслик учун ҳам қутига қўл юборди. Чарс, ёндиргич тутади.
– Эътибор бераяпсизми, бугун йилнинг тўрт фасли бўлди. Баҳордек салқин, ёздек қуёшли, куздек ёмғирли ва қишдек қорли, – суҳбатни очди аёл.
Ғанишер унинг гапини маъқуллаб, бу хона ҳам ҳар қандай об-ҳавони кузатишга бопта эканлигини айтди. Аёл ойналарини олиш мумкинлигини, ёзда айвон қандай кўриниш олишидан гапирди…Ташқарида эса, шундоқ қўл чўзса етгудек ойна ортида майдалаб қор ёғар, у йўлаклар, ҳовуз, дов-дарахтлар – бутун борлиқни оққа бўяб, қишнинг сокин ва сеҳрли оқшомини чизарди. У шунчалик ҳотиржам, битта-битталаб тушардики, гўё қаерга шошмагин барибир сени ўзимга маҳлиё этиб оламан деятгандек эди. Ва буни шубҳасиз уддаларди. Табиат гармониясини эшитиш мумкин бўлган бу сукунатни фақат ўраниб олишган аёл ва эркак кишининг паст овоздаги суҳбатигина бузиб турар, гўё унда тирикликнинг ўзига хос олами мужассам эди… Гурунг анча чўзилди-ю, аммо ўзидан бошқа одам ясамоқчи бўлгани учун ҳам Ғанишерга омад кулмади. У ўзи кутган нишонни уролмади.
– Кабинетимда диван бор, мен ўша ерда уҳлайман, – деди бека меҳмонларга қўшимча ёстиқ, чойшаб келтираркан. Сўнгра бола бирор нарса хоҳласа бемалол сўрайверишини айтиб, хайрли тун тилаганча чиқа бошлади. Нима, ҳаммаси тугадими? Наҳотки у ҳозир кетадию, ўзи билан бугунги кунни, унинг бор тароватини, сеҳрини олиб кетади. Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Ахир ҳали битта муҳим нарса – унинг кўнгли очиқсиз қолди-ку! Куннинг бу қуруқ тилак билан ниҳояланаётгани Ғанишерга жуда алам қилиб кетиб, ўрта йўлда ўзининг “жайдари”лигидан фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Ётишга чоғлангандай, кўйлагини ечишга тутинар экан, аёлни тўхтатиб катта раҳмат деди. Дедию бутун диққатини шу онда Соҳибага тикди. Унда бир учқун, кичик, жуда суст белги бўлса ҳам майли, англаб оларди, аммо аёл ўзини қандай тутаётган бўлса худди шундай, бир туки ҳам ўзгармай, ёнгил бош силкиб қўйди-да чиқиб кетди. Ғанишер ўзини ётоққа ташлади.
“Ха, бу даража етиб келиши бекорга эмас!”.
Бироздан сўнг йўлакдаги ёниқ чироқ тунгиси билан алмашди ва Сохибанинг кабинети эшиги ёпилгани эшитилди. Бу ўша, эшиги бошқача рангли хона эди, кўз олдига келтирди Ғанишер, сал нарида жойлашган. “Ичкаридан қулфладимикан? – кейин ўйлай бошлади у. – Қўлфлаган бўлса тамом. Қулфламаган бўлсачи? Бу нимага ишора?… Аммо, шунчаки қулфламаслиги ҳам мумкин-ку”. Дераза ортида эринчоқлик билан қор ёғарди. “У ҳозир диванда ётиб мен ҳақимда нима деб ўйлаётган экан? Нима қилсам тўғрироқ бўлади — ёнига борсамми ё бормасам?…”. Бола сезилар-сезилмас нафас оларди. “Шундай аёл-а, тўкис, беқиёс. Тўғри, чиройли капалакларни кўчада истаганча топиш мумкин, аммо уларнинг йўриғи бошқа. Уларнинг бадани совуқ, аллақачон ожизалик ҳиссини унутган. У эса… Жаҳли чиқиб уйидан ҳайдаб солсачи? Кутса бўлади, йўқотадиган нарсаси йўқ…”. Хонанинг аллақаеридан соатнинг чиқиллаши эшитиларди. “Ёмон хаёлга борасан-у бизга бугун қилган яхшилигининг тенги бормикан. Рост, у мен шу вақтгача билган аёлларнинг энг ажойиби. Балки у менинг хотирамда шу қиёфаси билан қолгани яхшидир. У билан бўлсам бу улуғлик йўқ бўлади. Мен ҳам ҳурматимни йўқотаман…”. Тун узоқ эди. “Бориш-бормаслик, бориш-бормаслик… Лекин ҳамма гап шундаки у — аёл-да! Оҳ, аёллар”. Ғанишер икки қўлини боши остига қўйиб, оёқларини чўзди. Шифтга термулганча жиддий ўйлашга киришди: “Мен бу ерда, у эса мендан беш метр нарида. Уйда биздан бошқа ҳеч ким йўқ…. Мен бу ерда иккинланиб ётибман-у, у бир куни ҳамма имконият бор эди дер. Балки мен ҳам афсусланарман. Бошга ҳар хил фикр келгани билан кўнгил душманда. Ўртада савол қолиб кетиши ёмон…”.
Эшик қулфланмаган экан. Ғанишер эшикни очиб, аста ичкари кирди. Хона қоп-қоронғу бўлиб, деразадан тушиб турган хира ёруғликда аёлнинг бош кўтаргани кўринди.
– Ким бу? Ғанишер сизмисиз? – сўради у. Шарпанинг ўзига яқинлашиб келаётганини кўриб сергакландида, ярим кўтарилди. – Нима қилмоқчисиз? Мен ҳозир…
Соҳибанинг стол лампасини ёқиш учун чўзилган қўли тугмачага етиб бормади…
Бўлган воқеа шу.
Эртаси кун тонгда Ғанишер ўғли билан жўнаб кетди.
Ғанишер уйга келиб уни кутиб ўтирган хотини билан кўришганда, “Дадажон!” дея бағрига отилган қизчасини қучганда кўнглидан ҳеч бир туйғу ўтмади.
Муқаддас билмади ёки ҳеч нарсани билдирмади.
Соҳибанинг шу куни кайфияти чоғ эканлиги, ишхонасида қушдай елиб-югуриб ишлаётгани ҳамкасблари назаридан четда қолмади.
Ғанишер Соҳиба ҳақда бошқа ўйламади.
Соҳиба уни қайта қумсамади.
Ғанишер бир куни тасодифан Соҳибани чўғдай бўлиб телевизорда чиққанини кўрганда ёлғиз яшовчи бу гулни излашни ҳаёлига келтирмади.
Ғанишер ва Соҳиба бирор жойда тасодифан учрашиб қолмади.
Боланинг ўша тун бир муддат уйғониб, хонадан отасини излаганда уни топмагани хотирига ҳеч қачон келмади.
Ўша кун, ўша тун одатдаги кунларнинг бири каби унутилди.
Ҳаёт қандай бўлса шундай давом этди-ю…
Орадан тўрт йил ўтиб, август ойида боланинг туғилган куни оиласида катта байрам қилинди. Барча меҳмонлар тарқалгач ёлғиз қолган Ғанишер улфат учун қўшни йигитчани чақириб олди. Суҳбатлашиб ўтиришаркан ўша қор ёғган кеча эсига тушиб, мастлик устида у бу ҳақда ўспиринга кулиб-кулиб гапириб берди. Ҳаётида биринчи марта севиб қолган, Ғанишернинг хотини билан кўп йиллик муҳаббатлари хақида эшитиб, унга ҳавас қилиб юрадиган ўн беш ёшли йигитча бўлса эшитганларидан ярим кечасигача кўзига уйқу келмай, сўкиниб чиқди:
– Ҳайвон экан! Одам эмас экан!!!

_ 0aa.jpg Soli palatada uzoq qolib ketdi. Boshida unga boshqacha – qirqkunlik muolajadan keyin operatsiyaga tayyor bo‘lasiz deyishgandi. Biroq mana uchinchi oy tugayaptiki doktorlarning “Hali vaqti yetmadi. Tayyormassiz” degan vajlari-yu, bu vajlarning ayrimlarini uning o‘ziga ag‘darishining oxiri ko‘rinmaydi. Bu to‘rt devor, uzun koridor va kichik bog‘ning chegarasi buzilmaydi…

Akbar Ergashev
HIKOYALAR
09

E Akbar foto.jpgAkbar Ergashev 1989-yil Surxondaryo viloyati Qiziriq tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Davlat San’at institutining “Jurnalistika va san’at nazariyasi” bo‘limini tugatgan (2012). “Gulxan” jurnalida bo‘lim muxarriri, Surxondaryo viloyat teatrida adabiy kotib bo‘lib faoliyat yuritgan. Shu teatrda qo‘yilgan “Chegarachi” asari “Seni kuylaymiz zamondosh-2017” ko‘rik tanlovida uchinchi o‘rinni qo‘lga kiritgan.

09

ODDIY ODAMLAR

Tushdan keyin tahririyatda zerikib o‘tirgandim, xonamga o‘rta yoshlardagi, yuzi oftobda kuygan, oyoq kiyimi qiyshaygan g‘o‘labirday bir odam kirib keldi. Bu yerga odatda hech kim shunchaki emas, biror dard, tashvish bilan kelgani uchun men vaqt o‘tkazishga yumush topilganidan xursand bo‘ldim. Darrov u kishiga yaqinroqdan o‘tirishga joy ko‘rsatib, hol-ahvol so‘radim. Akaning ismi Boyqobil ekan, u avvaliga gap boshlashga kalovlanib turdida, dabdurustdan:
– Qisqasi, men haqimda biror narsa yozsangiz, – deb qoldi
Men yaxshi anglamadim, chunki kaminaga bunday gap-iltimoslar ko‘p bo‘lardi. Shuning uchun shoshmay, mehmondan bundan murodini so‘radim.
– Nega bo‘lardi? Issiz ketmaslik uchun. Keyin to‘rtta odam uni o‘qib, meni eslashi uchun, – dedi Boyqobil aka va hozir yo‘ldagi voqea uni kattiq hayajonga solganidan gapirdi. Aytishicha yarim soat oldin avtobusda bitta kampirning mazasi qochib qolgach, “Tez yordam” chaqirilibdi. Afsuski, ular kechikishgan, kampir allaqachon oyog‘ini uzatgan ekan, qari bo‘lgani uchunmi, murdasi xam shunday shovqinsiz narigi mashinaga o‘tibdi. Yo‘l bitta o‘rin bo‘sh davom etarkan o‘n minut-o‘n besh minut odamlarning ko‘zida g‘am qalqibdi-da keyin yana avvalgiday gurung, hazil-huzul boshlanib ketibdi. – Tasavvur qilayapsizmi, hech narsa o‘zgarmadi. O‘ldi-ketdi bechora. Keyin o‘ylab qoldim, demak men bilan ham shunday bo‘ladi. Bolalar uch-to‘rt kun yig‘laydi, tanishlar hafa bo‘ladi, osh tarqatiladi va … To‘g‘ri, kampir yoki men katta odam bo‘lmasak, bizga o‘xshaganlar son mingta. Shunga ota go‘ri qozixonami, deyish mumkin? Ikki qo‘lim ko‘ksimda, qo‘shilaman — hayot qonuni! Ammo o‘ylab ko‘rsangiz alam qiladi-da. Nima dard bilan ketganingizni aqalli birov bilmay, tushunmay yo‘qolib ketasizu yana bir boshda shuncha tashvish, shuncha tomosha… Avtobusdan tushiboq, kallam qizib oldingizga kelganim shu, xullas…
Men hammasini tushundim-u, beixtiyor amakiga razm soldim. Ishonavering, rivojlanishdan uzoq bir kichik shaharchada har kuni ham, balki hech qachon bunday odamni uchratmasdingiz. Shuning uchun u kishining gazetamizga eshik qoqib kelganini g‘oyat qadrlab, baholi qudrat yordam beradigan bo‘ldim. Suhbatning uzoqqa cho‘zilishini chamalab tokka choy qo‘ydim, qog‘oz-kalamni hozirladim. Qulayroq joylashib olgach esa cho‘zib o‘tirmay akadan hayotidagi biror qiziqarli voqeani so‘zlab berishini so‘radim. U avval quloqlariga ishonmay, shoshib qolib, ko‘zlari pir-piradi. So‘ngra ko‘pchilik oldida qo‘liga mikrafon tushganday hayajon bilan o‘smirlik chog‘i daryoda cho‘milayotib ko‘za topib olgani, ertasigagina u yerdan biror narsa topish kallasiga urib, qirg‘oqqa qaytsa suv toshgani; bir safar tepalikka qo‘ygan traktori tagida uxlab yotganda nima jin urib, uning yurib ketganiyu mo‘jiza bilan joni omon qolganini gapirib berdi.
– Yo‘q, yo‘-o‘q – ohista bosh chayqadim va ruchkani stolga qo‘ydim. Yozish uchun voqeaning, albatta, boshi, o‘rtasi va oxiri bo‘lishi zarurligini tushuntirib, bir chekkasiga buni o‘zim o‘ylab topmaganimni qo‘shib qo‘ydim. Rosti ham shu-da!
Hammasi u o‘ylaganchalik oson ko‘chmasligidan amakining shashti tushib ketdi. Ammo tezda o‘zini qo‘lga oldi-da, yana bir dunyo voqealarni g‘ayrat bilan taxlab tashladi. Ularning sanog‘i ko‘p bo‘lsa-da salmog‘i eskilaridan farq qilmasdi. Bunaqa ketishda biror narsaga erishib bo‘lmasligiga ishonib, o‘rnimdan turdim va u kishini xotirjamlikka chaqirdim. O‘zim tashabbusni qo‘lga olib, masalan, mavzularning eng go‘zali — muhabbatdan boshlashni taklif etdim. Misra bor-ku “Sening shirin tilingdan kim o‘pmagan, kim tishlamagan”. Ham o‘zim yosh bo‘lganim uchun bunaqa tarixlarni yoqtirardim.
– Sevgi deng, boshdan o‘tgan… Maktab vaqti Moxira degani bo‘lardi. Narigi sinfdan. Yaramas chiroyli edi, – Boyqobil aka qo‘zg‘alib, qulayroq joylashib olarkan ko‘zlariga omonat o‘kinch cho‘kdi. – Ko‘rishib turardik uyining yonidagi majnuntolning ostida. O‘ziyam uning shoxlari tashab, odamni to‘sib turadi-ku… – Aaa hey, boshlanishi chakkimas. Ta’sirli manzara. Qaynoq his-tuyg‘ular. Men davomiga qiziqib, qulog‘imni ding qildim-u, bir payt Boyqobil aka turishimni ko‘rib, aftini burishtirdi-da, polga tuflagan bo‘ldi. – Keyin, qayoqda, o‘n birni tugatgach qarindoshiga berib yuborishdi. Uning ham indamay ketganichi…
Chatoq bo‘pti-ku, gul ochilmasdan so‘libdi. Akaga chin dildan hamdardmanu, afsuski bu hayotda ham, adabiyotda ham eski ashula edi. Chaynalaverib, mazasi qolmagan. Shunga men qarichni keng olib, ayol va erkak munosabatlari serqirraligidan gap ochdim. Hammasi ham oila, majburiyat bilan tugashi shart emasligiga ishoralar berdim. U kishi gapimni yaxshi tushunganini aytib, peshonasi tirishdi-da, go‘yo hammasiga men aybdorday, faqat hozirgi sarguzasht kitoblardagina kahramonning qo‘yniga kizlarning o‘zi kirib ketishi, bor hayotda esa bunday emasligidan tayyor narsadan quruq qolayotganday alam bilan yozg‘irib qoldi.
– Xo‘p-xo‘p, bo‘lmasa o‘smirlikka qaytsak, – kursni o‘zgartirdim azbaroyi tinchlik uchun. Orada kelgan odamni jo‘natib yuborgach, yondagi boshqa stulga cho‘kdim. So‘ngra ovozimni yumshatib, balog‘at, ulg‘ayish davrning g‘oyat ta’sirchanligi, ota, uztoz yoki mahalladagi har kim bilan har narsa bo‘lishi mumkinlidan olib, akaning ko‘milib ketgan his-tuyg‘ularini qo‘zg‘adim. Bu bizning tilda birovda olov yoqish deyilardi.
– Hayotni tanitgan voqea deysiz-da? – sekin so‘radi u.
– Xuddi o‘zi, – bekorga og‘zimni to‘ldirmaganimdan xursand bo‘ldim.

Boyqobil aka nozik narsani o‘ylayotganday parishonlanib turib qoldi. Men u kishiga xalaqit bermaslik uchun jimlik saqlab, nafasimni ham sekinlashtirdim. Ammo chuchvarani xom sanagan ekanman. Sal o‘tib amakimiz otasi kirk yoshida uni topgani, o‘zi uzoqda ishlaganidan pensiyaga chikkandagina uni tanigani; maktabdagi domlalarning hech qanaqa qahramon emas, maosh va istakning quli ekanligini fahmlash o‘rniga, kim biladi, qanaqa ahmoqona narsalarga qiziqib yurgani, mahallada ham biror-yarim bilan – na uyi yonidagi do‘konga tez-tez kelib turadigan nogiron urushi qatnashchisi, na ovloqdagi uyda nisholda tayyorlab sotadigan ikki ijaragir, na o‘zi boshqa so‘zi boshqa rais qo‘shnisi bilan o‘rtada hech muomilasi qochmagani, u vaqtlar esu-dardi qarindoshlarining texnikasini o‘g‘irlab minishda bo‘lganini hafsalasiz va gunohkorona hikoya kilib berdi. Men eshitganlarimdan ko‘nglim to‘lmadi-yu, darrov taslim bo‘lishni ham istamadim. Yenglarimni tirsagimgacha turib, birinchisi va uchinchisining izini quvib savollar berdim. Ancha bosh qotirdim-u toat-ibodatdan natija chiqmadi.
Baxtimga shu payt qo‘ygan choyim qaynadi. Unga chalg‘ib, sal hovurimni bosib oldim va damlangan “95”dan kallam tiniqroq ishlaganday bo‘larkan, o‘zanni musofirchilikka burdim. Bu bekorga emasdi, duch kelgan odamni to‘xtatib, yodda qolgan kunidan so‘rasangchi, uning uchi ko‘pincha nimaga borib ulanarkan. Boshqa tomondan qishloqlardagi sharoitni o‘zingiz yaxshi bilasiz…
– Oh-h, faqat shuni eslatmangda, — dedi amaki va boshini qayta-qayta chayqadi. Men hozir xijolatli bir voqeani eshitishni tushundim-u, nima bo‘lganda ham kulgiga umid qildim. Mehmonim esa gapini kulib boshlasa-da borgan sari chakka tomirlari bo‘rtib, so‘zida davom etdi. – Besh yil oldin edi chamamda. Uydagi molni sotib, biletni oldik. Qayerdasan Tyumenjon deb poyezdiga o‘tirdik. Kayfiyat zo‘r, yeb-ichib ketyapmiz. Ish stroykada edi, borgach, u yoqda – siz bilmaysiz, hujjat qilish kerak. Tanishlardan qarz olib, uni ham taxladik. Qo‘ngilni to‘q qilib mahkam ishlayapmiz. Ammo bir oy o‘tyapti, ikki oy o‘tyapti, uch oy o‘tayaptiki… pul yuk! Faqat va’da. Quruq va’da. O‘lib kolmaslik uchun sal tomizib qo‘yyapti xolos. Ketay deysiz-u o‘rtadagi shuncha haqingizni ko‘zingiz qiymay, ilashib yuraverasiz. Buyog‘i Xudoning bergan kuni qor-yomg‘ir… Beshinchi oy degandagina, unda ham zabastovkadan keyin yarim pulni berishadigan bo‘ldi. biz xursand, tizilishib bitta-bitta olayapmiz. Mening ham navbatim kelib, ro‘yxatga qo‘l qo‘ydim. Lekin hali pulni olmagandim, shu o‘rtada militsiya bosib qolsa deng. Vaqtida to‘lovlarni qilmaganmizmi — dokument rasvomi, deportni urib, chiqib ketishga o‘n kun srok berishdi. Haqimni olvolay, keyin senlarni yelkamni chuquri ko‘rsin deb ko‘ngilni cho‘ktirmay boshliqning oldiga kirsam, senga pul yo‘q deydi. Podpisni ko‘rsatib, kecha olgansan deydi. Qancha tushuntirdim, birov ishonmadi… Qaytish yana qarzmi? Uyga kelganimda otam o‘zing sog‘-omon qirib kelding, shunisiga ham shukr dedi…
Taajjub. Yurt ko‘rgan odamlarning ne g‘aroyib gurunglari, yonida Sinbad xijolat sarguzashtlari yoki g‘amgin qissalarini ko‘p eshitgan bo‘lsam-da, shu fursatdagisi… Na kulishingni bilasan, na yig‘lashingni. Yakuni ham betayin. O‘zi peshonaga yozilmagan ekanda, peshonaga. Shuning uchun ko‘ngilni keng qilib arqonni uzun tashladim — Boyqobil akadan boshka taassuraotlarini so‘radim, xulosalarini surishtirdim. O‘zi bo‘lmasa atrofidagi voqealarga qiziqdim. Ko‘p bo‘g‘ildim-u, cho‘michga quruq arzimas, mayda gaplar chiqdi. U kishi qo‘rqanidan qurilishdan boshqa hech qayoqqa chiqmay yuravergan ekan… Nima deysiz endi, shunaqasi ham bo‘lib turadi.
Soatga ko‘z tashlab qo‘ydim. Tinchlanish uchun deraza raxiga o‘tirib, cho‘zib-cho‘zib sigaret tutatdim. Bog‘ni, o‘t-o‘lanlarni tomosha qila-qila bichokni ezgach, amakining non va qandga daromadini so‘radim. Ma’lum bo‘lishicha aka bozor kunlari “ZIL”ida odamlarning mol-qo‘yini tashib, qolgan vaqtlari xashak, somon savdosi bilan shug‘ullanarkan. Yani arzon – tekislik joylardan olib, tog‘-adirli joylarda qimmatiga sotarkan. Odamlarning ro‘zg‘or yuritish yo‘llariga qoyil qolmasdan iloj yo‘q. Biz ham yuribmizda nolib.
– Elning ichida ekansizku! Yurgan daryo deyishadi, – yana boshladim. – Nahotki bitta-yarimta…
Boyqobil akani gapimdan ishonchi ortib, gavdasini orqaga tashladi. Oyoqlarini erkinroq cho‘zib, qo‘llarini qorniga qo‘ydi va rostdan odam o‘lmasa ko‘raverishini aytib, maqtangan bo‘ldi. So‘ngra qoshlarini ko‘tarib, lablarini burib, xotirasini titkilarkan allaqanday almoyi-jalmoyilarni – bir safar katta ho‘kizning oyog‘i kuzov teshigiga tiqilib qolib, ovora qilganimiyey; o‘tkan qishda to‘plagan press somoni qishda sotilmay, shifer, sement olish rejasi buzilganimiyey; yana qachondir bir boyvachcha bilan va’dalashgach, mashinasining motori uyaltirib, tuzukkina foydadan quruq qolganimiyey, katta hodisadek to‘lqinlanib gapirib berdi. Men og‘ir so‘lish oldim. Achchiq choyimdan ho‘pladim-da ishga kirishdim. Bular voqeaning boshi bo‘lmasa o‘rtasi yoki oxiridir deya har tomondan tortqilab ko‘rdim. Oddiy narsalarga xam diqqat qildim. Foydasiga kelsak… Iloji boricha osoyishta muhitni ushlashga intilsamda, ikkimiz ham zimdan asabiylashib borayotganimizni sezardik. Ishlar siljimas edi.
– Yaxshi, ijtimoiy mavzularga o‘tamiz. Shu vaqtgacha hech kim bundan qochib qutulgan emas, – kesdim chorasiz.
Xa, to‘g‘risi ham bu dunyoda bandasi borki qayerda yashamasin, kim bo‘lmasin nimagadir bog‘langan. To‘la erkin emas. Azaldan podsholarning yozig‘i shu ekan, endi amakimiz qayergacha borardi? Bu esa katta gap. Lekin mehmonimning tushunmay, menga baqrayib turganini ko‘rgach, ijtimoiy so‘ziga ozroq izoh berdim. Va bo‘ynimni cho‘zib, joyimga shaxt bilan qayta o‘tirarkanman yaxshi asarda mayda narsalargacha, masalan, uzilib tushgan tugmaning qanaqa ipda qadalgani ham muhimligini unga eslatib, iloji boricha “qayta sozlab chiqdim”.
– E-e, ertaroq shunday demaysizmi? To‘lib yotibdiku, – dedi Boyqobil aka va yuziga go‘yo kuni-kecha okopning ichidan chiqib kelgandek tus berdi.
Oqibat men ham biror narsa o‘xshashiga ishonib, yengil nafas oldim. O‘zimni mana-mana qarmog‘iga baliq ilinadigan ovchidek his qilib, butun vujudimni e’tiborga chog‘ladim. Shu bilan aziz mehmonim ko‘chadagi ishlaridan charchab, sanatoriya qorovulligiga ishga kirmoqchi bo‘lganda boshqasi pora berib, joyni ilib ketgani; qishloqqa posbon saylanish kerak bo‘lganda, armiyani o‘tamaganmi, sakrab o‘rtaga chiqqani, hamma uni qo‘llasa-da faqat ma’lumotsizligi oyog‘idan chalgani-yu hozir bitta tirrancha vallomatlik qilib yurgani; yaqinda soliqchilar uyidagi yo‘q kranu, yo‘q suvga bo‘yniga ancha qarz bosib, joni bo‘g‘ziga kelguncha ko‘p ovora qilganini bu yerda nega o‘tirganimizni ham unutgancha, ovozi ko‘tarilib-tushib so‘zlab berdi. O‘zini bosib olgachgina yodiga men tushib, ko‘z ostidan shunaqa gaplar degandek qarab qo‘ydi.
Sochlarimni changalladim. O‘zing sabr va asab ber. Agar o‘n kun vaqtimni shunaqa o‘tkazganimda qip-qizil prokurordan farqim qolmasdi: qorovullik voqeasi akamiz rusga borib kelgach bo‘libdi, aksincha bo‘lganda tabiiyki yukliroq narsa chiqardi; posbonlikda ham kul orasida yaltiragan cho‘g‘ borday ko‘rindi, har tomondan unga zo‘r berib pufladim-u olov chiqmadi — yechim akamizga bog‘lanmadi; qarzdorlikka kelsak, yaxshisi bu haqda gaplashmaylik, qasamki men bor kuch, mahoratimni ishga solgandim. Oxiri toqatim toq bo‘ldi. Har qadami hayrat hayotda odam degan ham shunday hissiz va qoloq yashaydimi? Jahlim chiqib ketib, men Boyqobil akani yozish uchun tuzukroq narsa aytib berolmaslikda aybladim.
– O‘zingizdan qo‘shib-chatib yozib qo‘ya qoling. Birov bilib o‘tiribdimi? – dedi mehmonim ham peshonasidagi terini artib.
– Bilmaydiku-ya, unaqada siz — siz bo‘lmay qolasiz, Tushuning, bizga haqiqat kerak, – kuyindim.
Ikkimiz ham charchagandik. Bo‘zarib, gap qo‘shmay turaverdik. Avval amaki past tushsa-da ba’zi ko‘zi tushgan hikoyalarida tayinli gapning o‘zi yo‘qligi, birovni ayblash esa juda osonligini aytib, bidirladi. Men shamolning qayoqqa qarab esayotganini darrov tushunsam-da, taqqan galstugimdan havolanmay, buni to‘g‘ri qabul qildim. Chunki u kishining o‘rnida o‘zim ham dangali shunday derdim yoki o‘ylardim. To‘g‘ri yo‘l — murosa uchun madaniyat bilan mehmonimni menga ishonishini so‘rab, iliqliq bilan yozish ilmining sirlaridan gapirdim va buni xuddi kamina “Zil” haydashni bilmagani kabi, u ham ayrim narsalardan bexabar bo‘lishiga o‘xshatdim. Baribir mehmonimning boshi og‘rib, qo‘l siltagancha o‘rnidan turib ketdi. Nachora, men ham boshimni stol ustiga qo‘ygan ikki qo‘llarim orasiga olgancha, ko‘zlarimni yumdim. Hech narsani o‘ylamay bir muddat tin oldim. …Aslida ishlar yurishmayotgani, ochig‘i, bir tomondan amakining zehni pastligi-yu balki rostdan hayotidagi yaxshiroq voqeani eslolmayotgani bo‘lsa, ikkinchi tomondan avtomatning o‘qiday savollar bilan ham uzoqqa borib bo‘lmasdi. Buni men yaxshi tushunardim. Ammo kamina har qancha tilimdan bol tomib, sabrli bo‘lmay, ertaga u kishini kelmay qolishidan qo‘rqar, bugun oz bo‘lsada ish ko‘chishini istar va azbaroyi o‘zim uchun ham nimanidir isbotlashni istardim xolos. Bor niyatim shu edi.
Tashqarida quyosh pasayib, ranglar quyuqlashgandi. Vaqtni hisobga olib men boshqacha ishlashga — shunchaki valaqlashishga o‘tdim. Zora yo‘q joydan biror narsa ilashsa. Buyuk g‘oyalar bekorchilikda tug‘iladi deyishadi-ku. Kamiga bu so‘nggi choralardan edi. Bizning binoning ancha cho‘kib qolgani haqida shoshmasdan boshlangan suhbatimiz, bilmadim, zanjirdek ulanib, bir soat ichida nimalarga borib taqalmadi.
– Shoshmang, shoshmang! Bir oyog‘im “Marjon”da o‘tgan dedingizmi? – so‘rab qoldim hech kutilmaganda gapni bo‘lib. – Bo‘lmasa Umbarovni tanir ekansizda?
Umbarov o‘sha qishloqdan chiqqan mashhur olim edi. Suratini yoshu-qari bir ko‘rgandayoq tanimasa ham, yon-veriga qiziqqan zog‘ borki eshitgan, ilm ahli-ku qattiq hurmat qilardi. Muhimi u o‘z ishining ustasi bo‘lib, o‘zimizniki bo‘lsa mayli, chetning katta-katta mukofotlarini ayirayotgani nechog‘lik kallasi butunligini aytib turardi. Yana bugun fizikning bir qarasangiz Dehlida, bir qarasangiz Myunxenda, bir qarasangiz Qohirada dunyoni qutqaraman degan ulkan tashvishlar bilan yurganini tez-tez xabarlarda o‘qib, televizorlarda ko‘rib qolardik. Qisqasi u zo‘r edi. Boyqobil aka bosh chayqab, o‘sha olimni taniganda qandoq, juda yaxshi tanishini aytarkan, juda g‘alati voqeani so‘zlab berdi:
– Bundan o‘n yillar oldin dalaga, ikkinchi ekinga jo‘xori, tarvuz ekkandim. Bilasiz, tarvuz pishgach, qo‘riqlash kerak. Kunduzi bolalar qarasa, kuchqurun men qarardim. Bir kuni kechasi chaylada yotsam, uzoqdan qora ko‘rindi. O‘g‘ri-po‘g‘ri gumon qilib, shartta oldiga bordim. Qancha yaqinlashmay qora indamay turavergach, shoshmaychi deb kimligini, qayerdanligini so‘radim. O‘zimizning Umbarov ekan. Endi u vaqtlar olim tilga tushmagan bo‘lmasa-da o‘zimizdan chiqqani uchunmi sal-pal tarifini eshitgandim. Toshkentdan keldim, ichim siqilib, aylanib yuribman, dedi. Menga ham shunday odam kerakmasmi, qo‘yarda-qo‘ymay chaylamga boshladim. Aka gurungimga qiziqdimi, g‘ir-g‘ir shabadagami, yangi so‘ygan tarvuzimgami, bilmadim, yana uch-to‘rt kun qatnab yurdi. Lekin o‘zi deyarli gapirmasdi, jim eshitib, asta kulib qo‘yardi. Keyin ketgandirda, ko‘rinmay qoldi… Bilasizmi, hozirlar o‘ylab ko‘rsam, u o‘shanda dalaga shunchaki aylanishga kelmagan ekan. Chunki har doim qo‘yniga nimadir yashirilgan, juda xomush, oldimga chiqib kelguncha yoki men o‘sha tomonga yurguncha ham daladagi katta gujum, tutlarning orasida ikkilanib, uzoq qolib ketardi… Ko‘p yuragini ochavermagach, men ham maydalashmagandim-u faqat bir marta og‘aynimning voqeasidan ochilib kularkan, o‘ylanib “Ha-a, men hayotdan uzoqlashib ketgan ekanman. Nahotki baxt shunchalar keng… Bo‘lmasa nega bu qadar qo‘rqish?”, deganini eslayman…
Hadeganda jimlik buzilevarmadi. Meni bu xotira tamoman sehrlab, o‘ziga maftun etgandi-qo‘ygadi. Tasavvurimda qayta va qayta jonlantiraman: tun qo‘ynida, shoxlari epkinda shovullayotgan daraxtlar orasida umidsiz kezib yurgan sharpa… O‘ylasang, qat-qat xayollar ochilaveradi. Bor ekansiz-ku! Shu tobda esa mayda izohlarning — akamizning ko‘nglida undan biror da’vosi bormi-yo‘qmi, yoki olim ishlari yurishib ketganda uni izlaganmi-yo‘qmi, ahamiyatisiz edi. Nima bo‘lsa hammasi xayrlashishgacha olinadi va unda bosh qahramon o‘zgaradi.
– Ajoyib! Shuni yozamiz, – shodlikdan o‘zimni tutolmay stolni urdim.
Boyqobil aka quvonchimga sherik bo‘lmadi. Bosh ko‘tarib quruq qulimsirab qo‘ydi-da derazaga ishora qilib, nima bo‘lsa ertaga qoldiraylik dedi. Tashqariga ko‘z tashlasam rostdan oqshom cho‘kib, g‘ira-shiralikda shahar chiroqlari miltirardi. Nima bo‘pti, ba’zi mavhum narsalarni aniqlashtirishga ko‘p vaqt ketmaydi. Afsuski baribir amaki hecham iloji yo‘qligi, taksi tarqamay uyga borishi, xotini bo‘lmasa och mol-qo‘ylari uni kutayotganini aytib unamadi. Katta yoshli odamni ishlaridan qoldirib, ushlab turolmayman-ku, bog‘gacha kuzatib, qo‘lidan qo‘yib yubormaguday quyuq xayrlashdim.
U ketdi-yu men bir ichki his bilan endi boshqa xech qachon ko‘rishmasligimizni sezdim. Amaki hayajonning kuchi bilan bir hafsala qilib kelib qolganda, ertaga uyqudan uyg‘onganda o‘tgan gaplarning bariga kuladi va shundoq ham boshidan oshib yotgan tashvishlariga sho‘ng‘iydi. Agar rostdan hammasi shunday bo‘lsa men vaqt topib ishni baribir yakunlab qo‘yaman. Omon bo‘lsangiz hikoyani albatta qayerdadir o‘qiysiz. So‘ngra narsalarimni yig‘ishtirdim-da, yana bir kunini tugatib, uyga qaytdim.

BAYRAMDAN SO‘NG

Covuq oqshomda yo‘lda qolishdan yomoni yo‘q. Anovi do‘sti tortib ketmagandaku bu tashvishlar qayerda edi. Chol-kampir ham kun og‘ganini aytib qaytargandi, u puliga ishondi. Endi bo‘lsa tog‘dan enishdagi ovloq joy, qorayib turgan past-balandliklar, yolg‘iz bekat va unda qunishib o‘tirgan o‘g‘li… Keyin, uzoq kutishdan keyin uzoqdan avval mitti shulasi o‘ynab, bir ko‘rinib bir ko‘rinmay, nihoyat mashinaning o‘zi paydo bo‘ldi. Erkak yo‘l o‘rtasiga chiqib borguday pala-partish qo‘l siltadi. Lasetti sekinladi, to‘xtagach, dunyoda odamgarchilik borligini eslatib hatto ortiga yurib keldi va birozdan so‘ng bekatda yolg‘iz shamolgina kezinib qoldi.
Rulda ayol ekan, u joyidan jilishlari bilan peshoynadan yo‘lovchisiga qarab:
– O‘g‘lingizni ko‘rib qolmaganimda to‘xtamasdim, – dedi kesib.
Badani issiq yerkan G‘anisher bunaqa bo‘lishini o‘zi ham kutmaganini tushuntirgan bo‘ldi va oxirida katta raxmat aytdi. Shu bilan o‘rtadagi bor-yo‘q suhbat tugadi-yu, uncha-muncha narsani ajrata boshlagan erkakning salon ichidagi muattar xiddan boshi aylanib oldinda tabiiy nigohi qoldi. Ayol — o‘rta yoshlardagi, qomati tekis, sochlari tepaga chiroyli turmaklangan xilqat; qoshlariga tekis kesilib tushib turgan old sochlari, quloqlaridagi tangadek sirg‘alar va egnidagi baland uchburchak yoqa oq kofta, qora kostyumi o‘ziga juda yarashgan. Qo‘llari rulni yengil boshqarib bormoqda. Bir so‘z aytganda ko‘zga yaqin. Ishchangina ham chog‘i. Erkak shu xulosalar bilan boshini oynaga burdi.
Lasetti tunni o‘qday kesib, tepaliklar orasida ancha yurdi. Uzoq-yaqinda chirog‘i yoniq uylar ko‘rinar, osmonni esa bir narsa yog‘ishni va’da qilib, quyuq qora bulut egallardi. Havoda namxushlik. Bolaga sovuq o‘tgan shekilli, allanimar deb, yo‘lda otasining pinjiga tiqildi. Bu ayolning nazaridan qolmay old o‘rindiqdan plashini uzatdi, konditsionerni balantlatdi. Ko‘p o‘tmay bola yana bezovtalangandi, G‘anisher peshonasini silayotib, o‘g‘lining isitmasi borligini bildi va ayoldan dorixona chiqsa, to‘xtab o‘tishini so‘radi. U gap nimadaligini tushundi-yu, xotirjamlikni buzmay, tezlikni sezilarli oshirdi.
Adirliklar ortda qolib, cho‘l boshlandi. Mashina shahar bilan bog‘lovchi katta yo‘lga chiqqan, endi qatnov ham, chekkalardagi uylar ham ko‘paygandi. Ayol rulni esdan chiqarmay, erkak bosiq ko‘rinsa-da ichidan bezovtalanib atrofga ko‘z tashlab ketayerdi. Biroq aji-buji oshxona, pastqam do‘konlardan boshqa narsa uchramas, bolaning esa tobora jo‘njikishi oshgani oshgan edi. Bu orada ayol peshoynadan yo‘lovchisiga ikki marta ma’nodor qarab qo‘ydi. “Yo‘lovchisi” ham o‘zidan nolidi. Rostdan nega qolmadi-ya? Tong saharda chiqqanda ham ulgurardi balki. Shu hayollar bilan G‘anisherning ko‘zi nima bo‘lib ayolning nomsiz barmog‘iga tushgandi, unda nikoh uzugi ko‘rinmadi. Ha, mana — boshqalarida qimmatbaho uzuklar yaltirasada unisi bo‘sh. Afsuski, shunday chiroyli ayoldaki, xotining yillar o‘tsa-da uningdek jozibali bo‘lib qolishini istaysan. Eh…
Yo‘llar esa uzun yoki shunday tuyulardi. G‘anisher o‘zini tutolmay, jahllanib dorixonalarni oyog‘ini osmondan qildi. Ayol javob o‘rnida andux bilan bu yerlarni yaxshi bilishi, dorixonalarning uzoqdaligini aytdi. Kasal go‘dakka ko‘z tashlab qo‘ygach esa avvali ayb o‘zida bo‘lishi kerakligidan gapirib, oxirida negadir “…Bunaqada bizning yugurganimiz qayoqqacha borardi” deb bosh chayqab qo‘ydi. So‘nggi jumladan erkakning tasavvurida ayolning yanada ohangraboligi oshib, xayollari bir muddat har tomonga uchdi. Ammo tuzuk-quruq o‘ylashga ulgurmay, bola ustidagi plashini uloqtirdida injiqlanib suv so‘radi. Bundan shu vaqtgacha o‘zini bosib kelayotgan ayolning ham xavotiri oshib, chaqqonlik bilan orqaga qo‘l yuborib, yana rulga qaytarkan:
– Yo xudo, juda balandku! – dedi. – Endi nima qilamiz?
Fahmsiz do‘sti, enishgacha u bilan birga tushgan ota-onasi va badjahl raxbar. Shu tashvish yetmay turgandi. Bechora bola. Shunday bo‘lsa-da G‘anisher jinsiga xos savqi tabiiylik bilan o‘zini yo‘qotmay, tez orada qandaydir yechim bo‘lishiga ishondi. Xuddi shu payti ayol buyog‘iga dorixona chiqsa-da tabletkaning kuchi yetmasligi, QVPlarning ham ichkaridaligi aytarkan:
– Balki biznikiga borarmiz, – deb qoldi.
U yana ko‘p qolmagani, yaxshi bir qo‘shnisi borligi haqida gapirib ketdiyu biroq erkak uchun vaqt go‘yo bir-ikki soniyaga to‘xtadi. Mana shu, hozir unga tez-tez qarab qo‘yayotgan, ko‘zlari yonib turgan, qora qalamda hafsala bilan bo‘yalgan uzun kiprikchalari ko‘tarilib-tushayotgan, lablari yangi pishgan gilosdek qizarib turgan, sepgan atri qachonlardir betashvish-u shodumon gulzor kezganingni yodga soladigan ayolnikiga borish… U juda chorasiz vaziyatda qolgandek o‘ziga tus berib, …bo‘lmasa haydang der ekan, ichida “Bosh iloj yo‘q edi. Hammasi o‘g‘lim uchun. Uning kasalligi uchun!” – deya qayta-qayta takrorladi.
Bu yog‘i tez ketdi. Xonimning kimgadir telefon qilishi, qaysidir joyga kelib burilishi, mashinaning picha ichkarilashi. Uylari siyrak bahavo kenglikdagi dacha. Darvoza yonida ularni kutayotgan qiz. Sovuq havo, o‘g‘lini ko‘tarib olishi, hovlidagi yo‘lak, zal, allakanday xona va keng yotoq…
G‘anisherni nimaningdir mayda shovqini o‘ziga keltirdi. Qarasa qiz o‘z ishini tugatib, ortiqcha narsalarni yig‘ishtirayotgan ekan. Bu vaqtda Sohiba – ayolning ismi shunday ekan, hech tinchimay mehmonning pidjagini olib, ustiga tashlagani adyol keltirdi, qizga qarashdi, so‘ragan narsalarini muhayyo qildi va har kimga issiq choy tarqatdi. So‘ngra kasal o‘zgarib, ko‘ngillar joyiga tushguncha hamma u yer-bu yerdan joy egallashib, kutishadigan bo‘ldi. Qiz nima muolaja qilganini, ularning foydasini gapirib berarkan G‘anisherning diqqati quloqdan ko‘zga o‘tib, beixtiyor xonani idrok etdi. Jihozlarining asl molligi, so‘nggi urfdagi remont, tag‘in hamma narsaning juda did bilan hamrang joylashtirilgani bekaning dunyosini shundoq aytib turardi. Va yaxshilab e’tibor berilsa xonada erkak kishiga tegishli birorta buyum, surat, hatto kuldonda ko‘proq kuch bilan ezilgan qalin sigaret bichogi ham ko‘zga tashlanmasdi. Boringki dona chang ko‘rinmasdi. Xuddi shunday bolalarning ham. Demakki tumushi uzoqqa cho‘zilmagan, demakki hayhotdek uy va unda yolg‘iz yashovchi beka… Uning o‘zi esa, ana, eshik oldida, bolaga ma’yus termulib, devorga suyanib turibdi. Ammo har nima bo‘lganda ham ayol zoti uyda, uy kiyimlarida ko‘zga boshqacha ko‘rinar ekan.
Qiz tushmagur har ikkisiga ko‘z ostidan boqib-boqib qo‘ygach nima xayol, hisob-kitob bilan qaytadigan bo‘ldi. Uning qaroridan ayolni bilmadiyu, negadir G‘anisher hijolat tortib ketdi. Ochiq taajjubga tushib, boyagi sirli kuchi xam yarim kesildiyu o‘rnini bilgani uchun ko‘p gapirolmadi. Balki qizni ko‘proq qistaganda qolardi, ammo hamma gapni to‘g‘ri tushunib, to‘g‘ri qabul qilganidanmi ayol uni ko‘p qistamadi. Mehmonni oshxonaga yo‘naltirdi-da o‘zi qizni kuzatgani chiqdi. Madadkor farishtaning ketsa mayli, ostonada buyog‘iga boladan xavotir olmasligi haqidagi dadil gapi kerakmasdi, u misoli uyda umuman boshqa, yengilroq atmosferani paydo qildi.
Erkak zal osha oshxonaga o‘tdi. Stulga o‘tirib hayolga tolarkan butun kunni, ayniqsa oxirini qaytadan ko‘z oldidan o‘tkazib chiqdi. Qo‘p qiziq va g‘alati. Go‘yo tushga o‘xshaydi. Yana ayol hozir nega o‘zini bunday tutdi ekan? Hayronsan. Mayli ko‘raveraylikchi, boshqa tomondan hammasi tabiiy ketyapti-ku… Soxiba tezda, sochlarida mayda tomchilar yiltirab va oyog‘iga g‘ayrioddiy shippak ilgancha qaytib keldi. Pechkaning olovini balantlatganini aytib, mehmondan hol-ahvol so‘rarkan:
– Ichasizmi? “Dadil bo‘lish uchun yuz gramm”, – deb qoldi.
U bu gapni shunchalar ochiqko‘ngillik va lutf bilan aytdiki, yoqimli kayfiyat bilan o‘tirgan G‘anisher o‘zidan ulug‘lanib ketdi. Biroq muzlatkich eshigini ochib, turli shishalarga ishora qilib turgan ayol “Yo‘lda sovqotgansiz, issiqlikka” der ekan u hammasini soniyaning ichida marjonlarni ipga tergandek boshidan o‘ylab chiqarkan boshidan hushi uchay dedi. Avvalroq kallasi qayerda edi-ya? Axir ayolning darajasi baland-ku, bu shundoq ko‘rinib turibdi. U bo‘lsa kollejning oddiy ishchisi. Bor-yo‘g‘i hisobchi. Rad javobi olib rasvo bo‘lgandan ko‘ra vaqtida haddini bilgan yaxshi. Oqibat erkak o‘sha ozgina hurmatini saqlash uchun ham erkak bamaylihotir bosh chayqadi.
– Siz eslaysizmi shunday sovet filmini? – davom etdi Soxiba yelka qisib. — Nomini boplashgan-a? Bilsangiz, bizning ishimizda bunaqa gaplar juda muhim…
“Bizning yugurganimiz…”. U ayolning yo‘ldagi gapini esladi-yu, ishini hoynahoy hokimiyat yoki shunga yaqin deb topdi. Bundan sal oldingi qarori yanada mustahkamlanib, o‘zini to‘g‘ri yo‘ldadek his qildi. So‘ngra ayol beliga fartuk taqib barmoqlarini o‘ynagancha ovqat tayyorlashga kirisharkan G‘anisher azaldan yog‘ hidini yoqtirmaganidan o‘g‘lidan xabar olishga chiqdi. Bu ayolga ham ma’qul kelib, istasa, vaqtni o‘ldirish uchun mehmonxona, hovlini tomosha qilishi mumkinligini eslatdi.
Bolaning isitmasi pasayib, terlab boshlagan ekan. Yaxshi. U o‘g‘lining ko‘rpasini to‘g‘irlab, peshonasini artib qo‘ydi. Chiqishda chiroqni o‘chirish yoki o‘chirmaslik uchun ortiga burilganda esa tunlari shu yotoqda bekaning yotishi, uning yoyiq sochlari ko‘z oldiga keldi-yu… yana bor o‘y-xayollar ag‘dar-to‘ntar bo‘lib ketdi. Yo‘q, shundoq oldingda turgan sirli sandiq ichidagiga qiziqmaslik to‘g‘rimikan? Bir urinib ko‘rsinchi, zero uringani bu hali hammasi hal degani emas…
Adyolni ustidan qo‘ymay xonalarni aylanarkan G‘anisher mezmoni haqida ko‘proq bilgisi keldi. Bilsa buni albatta gapda ishlatib, suhbatni soz qilardi, uningsiz ko‘ngillar yaqinlashganmi? Tag‘in o‘zining ham e’tiborsiz emasligini, kallasi joyidaligini isbotlardi. U shu niyat bilan oshxonadan eshitilib turgan taxtakachning ovozi ostida devorlardagi suratlarga, akvariumdagi baliqlarga, katta-kichik haykalarga, tuvakdagi gullarga va boshqa narsalarga boqdi. O‘qigan, ko‘rgan ilm-u amallarini eslab, miyasiga zo‘r berdi. Afsuski, har qancha izlamasin, farosatli bo‘lmasin pichoqqa ilashadigan mavzu topmadi. Shunaqasi ham bo‘larkan, go‘yo bu yerda hamma narsa bordayu, ammo nimadir, balki ularning shirasimi, ruhimi yetishmasdi. Chamasi bu ayol ishidan boshqa narsani demaydigan va istamaydigan xilidan edi. Buyog‘i endi necha puldan tushdi? Erkak rejasi o‘xshamay serrayib turib qolgach, birinchi uchragan ko‘zguga qarab, aft-angorini to‘g‘irlab, yoqasini kengroq ochib qo‘ydi.
Bu orada ovqat pishib, Sohiba stolga qovurilgan go‘sht va kartoshka tortdi. Shu yerda ham uning nozik didi yordamga kelib, kundalik hayotda buni ayolar-tez-tez tayyorlab tursa-da, uniki qo‘shilgan ziravorlari, stol ustidagi qoshiq-vilkalarning taxlanishi, salfetkaning qo‘yilishi, boringki ularning shakli-yu ranggining mutanosibligi bir go‘zallikni o‘n go‘zallik qilardi.
– Qo‘lingiz shirin ekan. Buni och qolganim uchun aytayotganim yo‘q, – ayolni maqtadi G‘anisher birinchi luqmadan yutgach.
Boshqa nima ham desin, bu eng oddiy va sinovdan o‘tgan usul. Baribir bu Sohibaga yoqib, u bola uchun ham yegulik tayyorlashga ulgurganini aytdi. Keyin qoyil qolmasdan iloj yo‘q, qolganiga u oddiy narsalardan ham gapni-gapga ulab, suhbatni chiroyli obketdi. Erkak bo‘lsa sal bo‘sh qoldi deguncha qarshisidagi — qora yo‘l-yo‘l chiziqli keng futbolka va malla jinsi shim kiygan, sochlari shpilka bilan aji-buji ko‘tarilib tursa-da o‘ziga yarashgan, harakatlarida va ko‘z qarashlarida ishonch porlagan xonimga qarab, o‘ylab qolardi: Undagi bu xush kayfiyat, jilmayishlar qayoqdan? Soz o‘tayotgan mehmondorchilikdanmi yo bu yerda boshqa sir bormi? Sir bo‘lsa qanday?… Savollar ketma-ket-u javoblar yo‘q. Qancha e’tibor qilma tarozining biror pallasi og‘ir bosmaydi.
Har qalay tushlik “natija” unmasdan qolmadi. Gap shundaki mezmon shirinlik kesayotib patnisni tushirib yubordi. Bo‘sh patnis kafel ustida zingillab aylanarkan, uning shovqinidan ayol joyida qotib havoda qolgan qo‘llari bezgak tutgandek titrardi. Erkak shu zaxoti yordamga oshiqdi-yu bu holni eslab qoldi.
Ayol ustiga kulrang tusli xalat tashlab olgach, u-bu narsa keltirib, boladan xabar olindi. U hamon pishilllab uhlayotgan ekan, shuning uchun bekaning taklifi bilan eshik ochiq qoldirilib, qo‘shni xonaga o‘tildi. U yondagi, ikki tomonida past divan-kreslolar, o‘rtasida xontaxta, to‘rdagi chiroyli tagkursi ustida zamonaviy televizori bor xona ekan. Sohiba zumda issiq choy, piyola, gazet-jurnal keltirdi. Televizorni yoqdi. O‘tirish oldidan xalatini chiroyli tekislab oldida, mehmonni ham chorlab, o‘qishga berildi. Shu yergacha u necha marta oldidan o‘tgan, aylangan bo‘lsa shuncha marta erkakni o‘zining raso qomati, oppoq bo‘yni va chakka sochlariga qarashga majbur etdi.
…G‘anisher ko‘ngliga o‘qish sig‘may, hafsalasiz jurnal varaqladi. Bir-bir rasmlarni o‘tkazib ketar ekan shitirlagan ovozni eshitib televizor osha derazaga boqdi. Tashqarida yomg‘ir yog‘a boshlagan ekan. Uning mayda tomchilari deraza oynasini chertar va pastga chiziq tortardi. Yerga urilayotganlari bo‘lsa o‘zidan shovullab hazin tovush chiqaradi. Daraxtlar karaxt qotgan, qoramtir shoxlarida tomchi yaltiraydi — xushmanzara tabiat qo‘ynidagi oldi ayvonli uyda izg‘irinli fevral kechasi. Ichkari esa issiq va shinam. Chiroyli mebellar, harir parda. Yoqimli qo‘shiq yangrab turibdi. Va qarshisida latofatli bir ayol. Axir erkak kishiga bundan ortiq nima kerak? Erishgan juda ko‘p narsalaringni mana shu soniyalar uchun almashsang arziydi… Ammo hayotda hech narsa uzoq davom etmaganidek bir payt G‘anisherning telefoni jiringlab qoldi. Xotini! Muqaddas. Shu vaqtda-ya?! U boshida javob bermay dediyu, ayolning – kim izlashiga fahmi yetmaydimi, sinovchan ko‘z tashlab qo‘yganini sezgach, ilojsiz ko‘tardi. Hu-u. Yarim yo‘lda qolib ketgach, bir tanishimnikiga kirganini aytib, xotinini tinchlantirdi va ertaga yertalab yetib boraman dedi. Shu bilan hammasi joyiga tushganday edi-yu, u telefonni o‘chirarkan bekaning unga g‘alati qarab turganiga duch keldi. Uning bu qiyofasida qachonlardir eridan aldov-xiyonat ko‘rgan ayolning alam va iztirobi, o‘tgan yillar bahor va kuzlari shundoq sizib turardi. Gap bu yoqda ekanda, tushunarli…
Ayol gazetani siltab qo‘yib yana o‘qishga tutindi. Umuman uning o‘zini tutishi betakror edi. Erkak esa o‘z o‘rnida xayollarga berildi: Qiziq, qaysi to‘nka uyida shunday jononi bo‘la turib ko‘chadagiga ilakishgan ekan? Kimga? Qizig‘i yana unda bu ayoldan ortiqro nima ko‘rdi ekan? Ishga berilgani bilan, mana, nazokatini yo‘qotmabdi-ku. Mehribonchiligi ham bor. Ahmoq! Uning o‘rnida men bo‘lganimdami…?. Bu vaqtda ayol gazetadagi qaysidir betni sinchiklab o‘qidi. Keyin yana bir marta ko‘z yugurtirgach, o‘rnidan turib ketdi.
– Voy muttahamlar-ye, – dedida shoshib narigi xonaga o‘tdi. Kimgadir telefon qildi. Allaqanday bir hamkasbi bilan gazetada hozir o‘qigani haqida ham jahllanib, ham kuyinib so‘zlashdi. Narigi tomon tinchlantirishga harakat qilsa-da ayol hadeganda o‘zini bosolmasdi.
G‘anisher unga qarab turib, oshxona voqeasini eslarkan, “Ha, asablari charchagan. Yolg‘izlikdan, hammasi so‘qqaboshlikdan” deya o‘yladi-da buni o‘zining foydasiga hal qildi. Bu vaqtda Sohiba hamkasbidan nimanidir xabarini topishi bilan, xonaga qaytib televizor qanalini o‘zgartirdi. Ko‘rsatuv endi boshlangan ekan, unda to‘rt-besh rasmiy kiyingan erkak-ayol davra qurishib, zo‘r bahs qilishar, ora-orada o‘tirganlar savollariga javob berib turishardi. Erkak u yerda nima haqda gap borayotganini tushunmasada, mexmonlar “partiya”, “saylov”, “mahalla” so‘zlarini qanchalik ko‘p ishlatgani sari ayolning qoni qaynab borayotganini ko‘rib turardi. Ko‘rsatuv payti yana ikki kishi bilan telefonlashib olgan dilbar xonim uning nihoyasida shunchalik g‘azab otiga mindiki, o‘zini to‘rt tarafga lars-lars urayotgan qonxo‘r yo‘lbarsdan farqi qolmadi. Asabiylashib, joyida turaolmay, bir qo‘li bilan peshonasini ushlagancha u yoq bu yoqqa yurar, o‘zini bosa olmay “Yaramaslar, hali ko‘rsatib qo‘yamiz!” deya bo‘g‘ilardi. So‘ngra tag‘in uch kishi bilan telefonda ko‘rsatuv haqida qattiq-qattiq gaplashdi, vazifalar buyurdi. Ularning oxirgisi qalamkash bo‘lsa kerak, unga qarshi maqola yozishdan gapirib, fikrlar berdi…
Sal oldin uyidagi begona erkakka spirtli ichimlik taklif etib turgan shirinso‘z xonim shumi? Axir bunchalik jiddiylashish, ko‘zlarning sovuqlashishi, sherni qochiradigan vajohat qayerdan? Bu jahlmi yoki uning asl qiyofasi? — G‘anisher pinhona niyati yo‘lida ikkilanib, o‘ylanib qoldi. Magar ortiqcha harakat qilgudek bo‘lsa, mehribonchiligimga javob shumi deya o‘g‘lini oldiga o‘tkazib, ko‘chaga haydab solmasmikan? Yarim kechasi bo‘lsa. Ovloq joylar, yomg‘ir yog‘ayapti…
U piyolani ko‘targandi, lan’ati choy sovib qolibdi, ichi jimirlab ketdi.
– Kechiring, baqir-chaqir qilib yubordim, – uzr so‘radi Sohiba va bolajonni uyg‘otib yuborganidan xavotirlandi. So‘ngra birpasga qiladigan ishlari borligini aytib, ruxsat so‘radida eshigi boshqalaridan farqlicha xonaga kirib ketdi. U ko‘zdan yo‘qolishi bilan erkak o‘zini orqaga tashlagancha, ortidan boqib qoldi. Ichkarida qanchalar chiroyli bo‘lsa, shunchalar jahldor, qanchalar jozibali bo‘lsa, shunchalar qahrli ayol… Xudoning sinovlari qiziq, shunaqayam muomilasi qiyin ayolga uchratadimi? Axir qiz nega ketdi-ya? Qolsa bo‘lardi. Qolganda buncha tashvish ham yo‘q edi.
G‘anisher og‘ir hayollar bilan o‘g‘lining oldiga bordi. U oq choyshabda, dunyoning ne bir tamoshosidan uzoqda, shirin uxlab yotardi. Peshonasiga qo‘l yuborgandi, issig‘i hali to‘liq tushmabdi. U o‘g‘lini qulayroq yotqizdi-da, stulga cho‘kib, uning so‘lg‘in yuziga tikildi. Qanday badbaxt otamana? – o‘ylab boshdan keyin. – Bu yoqda o‘z pushti kamarim kasal bo‘lsa-yu, men ishrat haqida o‘ylab yursam. Unga biror nima bo‘lganda kim degan odam bo‘lardim? Ham Sohibadek ayollarni tushunmayman. Men bir jaydari bo‘lsam — har xil narsa kallamga kelaveradi. Axir uyidan issiq joy, issiq ovqat berdi. Shirin so‘zini ayamadi. Shuncha izzatdan keyin mendan bunday javob o‘tib tushgan pastkashlik bo‘lmasmidi?… Erkak o‘g‘lining jajji barmoqlarini siladi. Oilang borligi seni gunohlardan asrab turadi deyishi rost. Hayriyat, vaqtida esimni yig‘ishtirib oldim.
Yomon vasvasalar miyasidan quvilgach G‘anisher yengil tortdi. Atrofga ravshanroq qaradi-yu ammo endi nimani o‘ylashni bilmay zerikdi. Ermak qidirib xona burchaklariga boqqan edi, tumbochka ustidagi, stol lampasining tagidagi kollaji ajabtovur jurnalga ko‘zi tushdi. Uni qo‘liga oldida, o‘qishga tutinib duch kelgan sahifasini ochgan edi, ne tongki, ko‘zi shunday so‘zlarga tushdi: “Ayollar imkoniyatdan foydalanib qolgan erkaklarni kechiradi”. U jurnalni tizzasiga qo‘yib, chuqur nafas oldi. Shu vaqt eshikdan Sohiba ko‘ringandi, beixtiyor unga har safargidan boshqacharoq qaradi. Beka bolani so‘ragach:
–O‘qiyotganmidingiz? – dedi. – Men chekishga chiqamizmi degandim.
– Yo‘q, Keragini o‘qib bo‘ldim, – o‘rnidan qo‘zg‘aldi G‘anisher.
Sovuq o‘tmaslik uchun avval ustilariga adyal tashlab olishgach, ayolning o‘zi shamchiroq tutib yo‘l boshladi. Ular zal, yana bir xonadan o‘tishib, uyning orqa, qorong‘u ochiq sahniga chiqishdi. Allaqachon yomg‘ir qorga aylanib, yerni oqartirishga ham ulgurgan ekan. Sahnning o‘rtadagi yo‘lakdan ajralgan birinchi yarmida qandaydir qurilish ishlari borib, ikkinchi yarmi rus me’morchiligi uslubida, to‘la yog‘ochdan qurilgan, ayni paytda uning ochiq qismlariga katta oynalar, kirish qismiga yog‘och tusli alyumin profilli eshik o‘rnatilgandi. Bir vaqt ayol xayoli gapda bo‘lib, uni o‘ziga tortgandi hamki butun tevarakni alamli ovoz tutib, ichkaridan, shunday etak ostidan xirsday mushuk sapchib chiqib ketdi. Bu shunchalik tez va kutilmaganda sodir bo‘ldiki, qo‘rqib ketgan beka o‘zini orqaga tashlab, G‘anisherning bilagini ushlab oldi. U ham seskanib ketib, beixtiyor Sohibani bag‘riga yashirdi. Keskin harakatdan sham olovi ham o‘chgandi. Keyin ayol mushuk, uning shamolda qulflanib qolgan bo‘lishi haqida nimalar dedi, uning qulog‘iga kirmadi. Haliham jurnalda o‘qigani ta’sirida bo‘lgani uchun butun onggu-shuuri bilan o‘tayotgan vaqtni xisoblay ketdi; ayolni shunday lahzagacha quchog‘ida tutib turdiki, agar u o‘sha lahzadan yarim soniya ortiqroq harakatsiz qolganida bormi… Ammo muzdan farqsiz Sohiba undan baliqdek silliq chiqib ketdi va uzr so‘radi.
“Yon bermasligi bekorga emas, – darrov mulohazaga o‘tdi G‘anisher. – Televizorlarda ko‘rardim, bunday ayollarni oldin xurmati qozonilardi. U yog‘i… Demak men hali bunga erishmabman. Ammo, umidsizlikka tushmayki, hali vaqt bor…”.
Sohiba chiroqni yoqmadi, bunga ehtiyoj ham yo‘q edi. To‘rt tomoni deyarli to‘liq oynavand bo‘lganidan ayvon ichi qorning yog‘dusidan xiralanib turar, ko‘chadagi ustunning chirog‘idan taralayotgan nur shift va romdan ikki kresloga kesilib tushib, chinakam manzara hosil qilgandi. Ular shu kreslolarga cho‘kishdi. Ayol yalpizli sigaret chiqardi, chekmasa-da G‘anisher undan qolmaslik uchun ham qutiga qo‘l yubordi. Chars, yondirgich tutadi.
– E’tibor berayapsizmi, bugun yilning to‘rt fasli bo‘ldi. Bahordek salqin, yozdek quyoshli, kuzdek yomg‘irli va qishdek qorli, – suhbatni ochdi ayol.
G‘anisher uning gapini ma’qullab, bu xona ham har qanday ob-havoni kuzatishga bopta ekanligini aytdi. Ayol oynalarini olish mumkinligini, yozda ayvon qanday ko‘rinish olishidan gapirdi…Tashqarida esa, shundoq qo‘l cho‘zsa yetgudek oyna ortida maydalab qor yog‘ar, u yo‘laklar, hovuz, dov-daraxtlar – butun borliqni oqqa bo‘yab, qishning sokin va sehrli oqshomini chizardi. U shunchalik hotirjam, bitta-bittalab tushardiki, go‘yo qayerga shoshmagin baribir seni o‘zimga mahliyo etib olaman deyatgandek edi. Va buni shubhasiz uddalardi. Tabiat garmoniyasini eshitish mumkin bo‘lgan bu sukunatni faqat o‘ranib olishgan ayol va erkak kishining past ovozdagi suhbatigina buzib turar, go‘yo unda tiriklikning o‘ziga xos olami mujassam edi… Gurung ancha cho‘zildi-yu, ammo o‘zidan boshqa odam yasamoqchi bo‘lgani uchun ham G‘anisherga omad kulmadi. U o‘zi kutgan nishonni urolmadi.
– Kabinetimda divan bor, men o‘sha yerda uhlayman, – dedi beka mehmonlarga qo‘shimcha yostiq, choyshab keltirarkan. So‘ngra bola biror narsa xohlasa bemalol so‘rayverishini aytib, xayrli tun tilagancha chiqa boshladi. Nima, hammasi tugadimi? Nahotki u hozir ketadiyu, o‘zi bilan bugungi kunni, uning bor tarovatini, sehrini olib ketadi. Yo‘q, bunga yo‘l qo‘yib bo‘lmaydi. Axir hali bitta muhim narsa – uning ko‘ngli ochiqsiz qoldi-ku! Kunning bu quruq tilak bilan nihoyalanayotgani G‘anisherga juda alam qilib ketib, o‘rta yo‘lda o‘zining “jaydari”ligidan foydalanib qolmoqchi bo‘ldi. Yotishga chog‘langanday, ko‘ylagini yechishga tutinar ekan, ayolni to‘xtatib katta rahmat dedi. Dediyu butun diqqatini shu onda Sohibaga tikdi. Unda bir uchqun, kichik, juda sust belgi bo‘lsa ham mayli, anglab olardi, ammo ayol o‘zini qanday tutayotgan bo‘lsa xuddi shunday, bir tuki ham o‘zgarmay, yongil bosh silkib qo‘ydi-da chiqib ketdi. G‘anisher o‘zini yotoqqa tashladi.
“Xa, bu daraja yetib kelishi bekorga emas!”.
Birozdan so‘ng yo‘lakdagi yoniq chiroq tungisi bilan almashdi va Soxibaning kabineti eshigi yopilgani eshitildi. Bu o‘sha, eshigi boshqacha rangli xona edi, ko‘z oldiga keltirdi G‘anisher, sal narida joylashgan. “Ichkaridan qulfladimikan? – keyin o‘ylay boshladi u. – Qo‘lflagan bo‘lsa tamom. Qulflamagan bo‘lsachi? Bu nimaga ishora?… Ammo, shunchaki qulflamasligi ham mumkin-ku”. Deraza ortida erinchoqlik bilan qor yog‘ardi. “U hozir divanda yotib men haqimda nima deb o‘ylayotgan ekan? Nima qilsam to‘g‘riroq bo‘ladi — yoniga borsammi yo bormasam?…”. Bola sezilar-sezilmas nafas olardi. “Shunday ayol-a, to‘kis, beqiyos. To‘g‘ri, chiroyli kapalaklarni ko‘chada istagancha topish mumkin, ammo ularning yo‘rig‘i boshqa. Ularning badani sovuq, allaqachon ojizalik hissini unutgan. U esa… Jahli chiqib uyidan haydab solsachi? Kutsa bo‘ladi, yo‘qotadigan narsasi yo‘q…”. Xonaning allaqayeridan soatning chiqillashi eshitilardi. “Yomon xayolga borasan-u bizga bugun qilgan yaxshiligining tengi bormikan. Rost, u men shu vaqtgacha bilgan ayollarning eng ajoyibi. Balki u mening xotiramda shu qiyofasi bilan qolgani yaxshidir. U bilan bo‘lsam bu ulug‘lik yo‘q bo‘ladi. Men ham hurmatimni yo‘qotaman…”. Tun uzoq edi. “Borish-bormaslik, borish-bormaslik… Lekin hamma gap shundaki u — ayol-da! Oh, ayollar”. G‘anisher ikki qo‘lini boshi ostiga qo‘yib, oyoqlarini cho‘zdi. Shiftga termulgancha jiddiy o‘ylashga kirishdi: “Men bu yerda, u esa mendan besh metr narida. Uyda bizdan boshqa hech kim yo‘q…. Men bu yerda ikkinlanib yotibman-u, u bir kuni hamma imkoniyat bor edi der. Balki men ham afsuslanarman. Boshga har xil fikr kelgani bilan ko‘ngil dushmanda. O‘rtada savol qolib ketishi yomon…”.
Eshik qulflanmagan ekan. G‘anisher eshikni ochib, asta ichkari kirdi. Xona qop-qorong‘u bo‘lib, derazadan tushib turgan xira yorug‘likda ayolning bosh ko‘targani ko‘rindi.
– Kim bu? G‘anisher sizmisiz? – so‘radi u. Sharpaning o‘ziga yaqinlashib kelayotganini ko‘rib sergaklandida, yarim ko‘tarildi. – Nima qilmoqchisiz? Men hozir…
Sohibaning stol lampasini yoqish uchun cho‘zilgan qo‘li tugmachaga yetib bormadi…
Bo‘lgan voqea shu.
Ertasi kun tongda G‘anisher o‘g‘li bilan jo‘nab ketdi.
G‘anisher uyga kelib uni kutib o‘tirgan xotini bilan ko‘rishganda, “Dadajon!” deya bag‘riga otilgan qizchasini quchganda ko‘nglidan hech bir tuyg‘u o‘tmadi.
Muqaddas bilmadi yoki hech narsani bildirmadi.
Sohibaning shu kuni kayfiyati chog‘ ekanligi, ishxonasida qushday yelib-yugurib ishlayotgani hamkasblari nazaridan chetda qolmadi.
G‘anisher Sohiba haqda boshqa o‘ylamadi.
Sohiba uni qayta qumsamadi.
G‘anisher bir kuni tasodifan Sohibani cho‘g‘day bo‘lib televizorda chiqqanini ko‘rganda yolg‘iz yashovchi bu gulni izlashni hayoliga keltirmadi.
G‘anisher va Sohiba biror joyda tasodifan uchrashib qolmadi.
Bolaning o‘sha tun bir muddat uyg‘onib, xonadan otasini izlaganda uni topmagani xotiriga hech qachon kelmadi.
O‘sha kun, o‘sha tun odatdagi kunlarning biri kabi unutildi.
Hayot qanday bo‘lsa shunday davom etdi-yu…
Oradan to‘rt yil o‘tib, avgust oyida bolaning tug‘ilgan kuni oilasida katta bayram qilindi. Barcha mehmonlar tarqalgach yolg‘iz qolgan G‘anisher ulfat uchun qo‘shni yigitchani chaqirib oldi. Suhbatlashib o‘tirisharkan o‘sha qor yog‘gan kecha esiga tushib, mastlik ustida u bu haqda o‘spiringa kulib-kulib gapirib berdi. Hayotida birinchi marta sevib qolgan, G‘anisherning xotini bilan ko‘p yillik muhabbatlari xaqida eshitib, unga havas qilib yuradigan o‘n besh yoshli yigitcha bo‘lsa eshitganlaridan yarim kechasigacha ko‘ziga uyqu kelmay, so‘kinib chiqdi:
– Hayvon ekan! Odam emas ekan!!!

09

(Tashriflar: umumiy 360, bugungi 1)

2 izoh

  1. Akbar Ergashevning «Oddiy odamlar» hikoyasini oʼqib koʼp xulosa chiqarish mumkin ekan. Qoyil biron odamning hayotini bir varaqga joy oldirib kamiga hech qanday mantiqsiz. Qoyil yetuklikga intilgan inson nafaqat oʼzini hayotini balki atrofdagi barcha insonlarni umriga jilva qo’shishini isbotlab berdi. Oʼylab koʼrilsa haqiqatan nimagadir intilgan oʼzidan iz qoldirishni istagan insonlar boʼlamaganda. Ibtidodan buyon xozirgi kungacha xatto jonzotlar ichidagi «Aqilligi» ekanligini bilmay yasharlar balkim.
    Yana biri. Kamdan kam inson oʼzini majburlashni (maqsad sari) uddasidan chiqishini koʼrsatgan. Bosh qaxromonda ham qancha imkoniyatlar berilgan afsus…
    Xullas bu Yozuvchiga mexrim juda ham ortdi. Kelajakda Dunyoga mashhur inson bo’lishligini tilab qolaman!

  2. «Bayramdan sung»ning yarmiga kelganimda buyog’iga yozuvchi qanday tugatarkin deb qiziqdim. Tugri va adolatli yakun bulibdi-Ganisherni qahramon deb biladigan uspirinning undan kungli qolishi — manaviy jazo! «Oddiy odamlar»ga kelsak tushunimcha hamma gap u erda oddiy odamlarning tarixda qolmasligi, ular faqat buyuk odamlarga (yahshi yoki bazida yomon) tasir kursatibgina ularning soyasida yodga olinishi… Gap yuq! Sal tahrirli joylarini demasa uqishli hikoyalar umuman.

Izoh qoldiring