Alisher Fayzullayev. Yobondagi bola

021   Бола онасини жуда-жуда яхши кўрарди. Унинг сокин, майин ва меҳрибон табассумини кўрганда қиқирлаб кулиб юборарди. Шунда онаси унинг бошини силаб, кенг пешонасидан ўпиб қўяр, бола ўзини иссиқ қучоқда кўрарди.

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ
ЁБОНДАГИ БОЛА
021

   Алишер Файзуллаев 1988 йилда Навоийда туғилган. ЎзМУ журналистика факультетини тамомлаган. Уильям Сарояннинг ҳикоялар тўпламини, Лотин Америкаси адабиёти намуналарини таржима қилган.

Бола онасини жуда-жуда яхши кўрарди. Унинг сокин, майин ва меҳрибон табассумини кўрганда қиқирлаб кулиб юборарди. Шунда онаси унинг бошини силаб, кенг пешонасидан ўпиб қўяр, бола ўзини иссиқ қучоқда кўрарди.

Бола жуда ичкин ва хаёлпараст, яна ҳуркак, одамовироқ ҳам эди. Нима бўлгандаям у бошқа болаларга ҳечам ўхшамасди – худди кап-катта одам беш ёшли болакайга айлантириб қўйилгандек. Унинг гаплари, қилиқлари, ўзини тутишини кузатаркан, онаси ёқасига туфларди: бола қуйиб қўйгандек отасининг ўзи. Сирасини айтганда, кенг пешонаси ҳам, сийрак қоши ҳам, қўй кўзлари ҳам, катта (танасига номутаносиб) боши ҳам, шалпайган қулоғи ҳам отасига тортганди.

Бола отасидан қўрқармиди, ҳайиқармиди, эҳтимол, унинг хизмати туфайли 15-20 кунда бир келганига бегонасирармиди, ёки отасининг жиддий ва ўйчан нигоҳлари таъқибидан қочармиди, ҳарқалай, у келганда ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Отаси ҳар сафар ўғли учун нимадир кўтариб келар – бошқа бола бўлганида ийиб кетган, эркалиги, ўйинқароқлиги тутиб отанинг тиззасига ўтириб олган, турли саволлар билан сўроққа тутган бўларди – йўқ, у эса қўлига тутқазилган нарсани олиб, гўё бегонадан олаётгандай раҳмат айтар, бир чеккага ўтиб жимгина ўйнар, баъзи-баъзида ота-онасининг суҳбатига қулоқ солар, асосан бешикдаги синглиси ва кўрпада ётган укасига ўз эртакларини айтиб ўтирарди.

Улар кенг ҳовлида катта оила бўлиб яшашарди. Бобоси ва бибиси алоҳида тушган дахлиз-айвонли кулбада, яна тўрт амакиси ва аммаси – отаси оиланинг тўнғичи эди – уларнинг уйлари билан ёнма-ён тушган икки хонага жойлашишганди. Оилада ҳамма ёбонда ишлар, уйда биров бўш ўтирмас, доим уйда бўладиган онаси ва бибиси ҳам ёбонга чиқмаган сигир-бузоқлар ва отга қарашлари керак эди. Фақат қумсупада бола ўзининг ўйинчоқ юк машинаси билан андармон, унинг юкхонасига қум босиб, супа пастидаги беҳи остига элтиб тўкар ёки аксинча, ўша ердаги ариқчадан лой олиб супага ташир, қўрғон ясарди. Баъзан унга ҳам иш топилиб қолар, амакилари уни ҳам ёбонга олиб кетишар, шундай пайтлар онаси унинг бошига каллапўшчасини бостириб қўяр, бибиси эса яримта кулчани эски рўмолга ўраб белига боғларди. “Ёмон кўздан асрайди, – дерди бибиси. – Қорнинг очса, олиб е, ҳайми!” – дерди яна. Ёбонда у қўй боқарди, амакилари подани захкашга киритиб юборар, бола қўлига заранг таёқ олиб, қўй ва эчкилар пахта экилган қартага кириб кетмаслигини назорат қиларди.

Уни ҳамма яхши кўради. Ҳатто тўпори, қўпол кичик амакиси ҳам – кўпинча боланинг жонига тегиб хиралик қилаверса-да – яхши кўрар, бобосининг тўриқ отига мингазиб ёбон, захкаш бўйлаб учирарди. Бола учун ҳаммаси содда ва осон эди – у ҳар нарсани оддий қабул қиларди: онасига қарашса – укаси ва синглиси тезроқ катта бўлишади (отаси шундай деган), амакиларининг айтганига кирса – ажойиб бирнималик бўлади, аммасига (Аммаси беш ўғилдан кейин туғилган кенжа фарзанд, боладан, чамаси, 15 ёшлар катта эди. Шу боис бола уни опа деб атарди.) дастёрлик қилса – у роса суйиб-эркалайди, бибисининг олдида ўтирса – ғаройиб эртаклар эшитади (бу эртаклар қачонлардир шу ерларда рўй бергандек туюлаверади болага). Бобоси ҳам уни суярди-ку, лекин мастлигида бола унинг ёнига яқинлашмасди. Сирасини айтганда, бобосининг кайфи тароқ маҳали уйдаги ҳамма, ҳатто бибиси ҳам тумтарақай бўлиб қолишарди. Шундай пайтлар ҳовлида бировни тополмаган бобоси – кимгадир ҳасрат қилишни кўнгли тусаса керак – болани онасининг бағридан шарт юлиб оларди. Онаси чурқ этолмай қолар, ич-ичидан қайнотаси болага бирор зулм қилмаслигини англаса-да қўрқарди, яна мана бу икки гўдак боласини ташлаб қайнотасининг қўлига тармашолмасди ҳам, ортидан мунғайиб қолаверарди. Бола ҳам қўрқарди-ю, оғиз очмай, бобоси кўрпачага ёнбошлагач, айтган ҳар нарсасини – дастурхон, пиёламиди, томорқадан янги узилган бодринг-помидормиди, кўк пиёзмиди – келтирар, ёнига ўтириб онаси ўргатган шеър-ғазалларни ёддан ўқирди. Бобоси навбатдаги пиёлани бўшатаркан, газагига карсиллатиб пиёз чайнар, кейин набирасини алқаб ўзиники каби кенг пешонасидан ўпарди. Боланинг димоғига ҳар доимги, ўша тер ва ароқ иси ўтирарди. Агар орага катта амакисими – у ўзининг маст отасидан кўпам ҳайиқавермасди, қайдандир қўрқа-писа чиқиб келган бибисими аралашмаса бола шу кўйи ўтираверар, охири бобоси ҳам узала тушиб олиб катта қорнини тепадай қилганча оғир-оғир хуррак отиб уйқуга кетарди…

Бир куни эрта тонгда, укалари ҳали пишиллаб ухлаб ётган маҳал онаси уни ўпиб уйғотди.

– Турақол, дастёргинам, – деди у ўғлини эркалаб, – ҳовуздан сув олиб келайлик, ўзим қўрқаман-да. Бугун даданг келади.

Бола ўрнидан туриб, шошиб оёғига калишчасини илди-да, икки сирли пақирни билагидан ўтказиб олган онасининг бўш қўлидан тутди. Иккиси ҳовлини айланиб ўтиб томорқа четидаги чел бўйлаб ҳовуз томон ўтдилар.

Оппоқ, сутдай оппоқ тонг эди. Ҳовуз атрофи эса қоп-қоронғи: бобоси эккан тўртта азамат тол баҳайбат гавдаси билан соя солиб турар, уларнинг шохида аллақандай қуш одам кўнглини энтиктириб сайрарди (бибиси айтган булбул шу бўлса керак).

Бибисининг айтишича, катта амакиси эмаклашни бошлаган йили шу жойларга кўчиб келишган (авваллари бу ерлар мозорат бўлган эмиш…). Бобоси ҳозир чол-кампир ўзлари турган кулбани кўтариб олгач (унга довур болалар билан қари тут тагида яшашган), раҳматли бўлиб кетган тракторчи жўрасини чақириб, икки шиша зорманда эвазига шу ҳовузни қаздирган. Ўша маҳаллар бобоси ҳечам ичмаган, онда-сонда жўраларига қўшилмаса… Бобоси ўзи жуда каллали бўлган, уни қуриб кетгур ана шу ароқ хароб қилган-да. Хуллас, бобоси ҳовузни қаздириб, кузда ота уйидан бешта тол-таёқ келтириб, тўрттасини шу ҳовузнинг тўрт тарафига, биттасини сайисхонанинг ёнига (У пайтлар молхона ҳам, оғилхонаю сайисхона ҳам, гараж ҳам бўлмаган, бобоси ва бибиси икки бола, битта инак-гўсала, кўрпа-тўшак, сандиқ билан чиқиб келишган. Буларнинг бари аста-секин кўтарилган.) суққан. Келаси йил баҳордан таёқлар авжига олиб ўса бошлаган. Ўшандан буён анча сувлар оққан… Мана, шу толларнинг танаси икки одамнинг қучоғига зўрға сиғадиган бўлди, ҳар икки-уч йилда каллакланиб, чўплари шу ҳовузда пишитилди. Бола турган уй ҳам, оғилхона-сайисхоналар ҳам шу толларнинг чўплари эвазига кўтарилди, томи ёпилди. Шундай, аслида бобоси жуда каллали одам…

Онаси ҳовуз бўйига қоқилган темир нарвонга оёқ қўйиб пастга тушди, эгилиб пақирни сувга тўлдирди, қайтиб чиқиб уни боланинг оёғи остига қўйди. Бола бўш пақирни узатди, онаси яна ҳовузга тушиб кетди. Бола юқоридаги тарвақайлаб ўсган тол шохларига боқди, шу маҳал шохдан-шохга сакраганча қисқа-қисқа сайраган сап-сариқ қушга кўзи тушди.

– Она, қаранг, булбул! – деди у завқланиб қўли билан қушни кўрсатаркан.

Онаси иккинчи пақирни ҳам сувга тўлдириб чиқиб, уни ерга қўяркан, кулиб юборди.

– Бачам, булбул эмас, зарғалдоқ-ку!

Бола қушга қараб қолди, онаси ҳам қўлларини белига қўйиб бироз тин олди. Сўнг шамол кўтарилиб дарахтлар шовуллай бошлади, зарғалдоқ лип этиб аллақаергадир яширинди, сарғайган бир япроқ сувга тушиб сузиб кетди.

– Она, қаранг, кемача! – деди бола завқланиб онасига баргни кўрсатаркан.

Онаси япроққа қараб бир нимани хаёл қилди чоғи, сал наридаги ариқда қуюқ ўсган қамишлардан бирининг белидан шарт узиб олди.

– Ушла буни, уйга кирайлик, сенга ҳақиқий кемача ясаб бераман, ҳайми?

Бола “хўп” деб бошини силкитди, онаси икки пақирни кўтариб юрди, бола дарҳол онасининг гулли чопони этагидан тутиб олди. Она-бола челча бўйлаб уйга йўл олишди, ортда эса қоронғи ҳовуз устига соя солиб тўрт азамат тол шовилларди.

Онаси пақирларни четга қўйиб, устини бўз билан ёпди. Боланинг қўлидан қамишни олиб, авайлаб баргларини поясидан ажратди. Кейин узунроқ япроқни танлаб бандини узиб ташлади, банд томонидан буклаб, букланган еридан кесиб бир-бирига кийдирди: шундай қилиб кеманинг олд тумшуғи пайдо бўлди. Бола кўз олдида бўлаётган бу мўжизани – ҳақиқий кемани кузатаркан, завқланганидан чапак чалиб юборишига бир баҳя қолди: туйқус укалари сал нарида ухлаб ётишгани ёдига тушди. Онаси кемачанинг бу тарафини ҳам буклаб, худди ўшандай бурунча ясади ва қамиш баргининг учини ўша бурунчадан ўтказиб қўйди: энди бу қамиш эмас, елканли кеманинг худди ўзгинаси эди! Боланинг кўзлари шодликдан ёниб кетди, онаси кемачани унинг кафтига қўйди.

Онаси яна учта кемача ясаб берди: бири пароход – унинг елкани йўқ эди-ю, япроқ банди қолдирилгани учун, яна узун ва энли бўлгани учун пароходни эслатарди, бири катер – унинг орқа тумшуғи текис эди, охиргиси эса қайиқча. Бола икки кафтида авайлаб тутганча кемачаларини укаларига кўрсатгиси келди-ю, улар донг қотиб ётганини кўриб ҳафсаласи пир бўлиб кетди. Кейин уларни ойнаванд айвон дераза токчасига бирин-кетин терди: ранги кўкимтир-яшил токча устидаги кемачалар мовий денгиздаги ҳақиқий кемалардан асло фарқ қилмасди. У бироз орқасига тисарилиб, митти муштчаларини иягига тираганча, кўзлари порлаб кемачаларини томоша қилди. Кейин хаёлчан уларни тақсимлади. Пароходни олди – бу отаси ва онасининг кемаси! Катер – укасига, синглиси кичкина – унга қайиқча мос. Ўзига елканли кемани қолдирди – шу кемача унга жуда ёққанди…

Пешингача ана шу завқиниям, хаёллариниям ҳеч нарсага алишмай юрди, кейин эса… Тушга яқин бибиси кириб келди: қовоғи солиқ, нимадандир ҳавотирда. Болани чақирди, қўлидан тутиб етаклай кетди. Супада уларни онаси тўхтатди.

– Ойбийи, болам қўрқади ахир, – деди зорланиб.

– Қайнатангиз набирасини пишириб емайди, – деди бибиси жеркиб, – мен борман, ана – аммаси ҳам ўша ерда!

Очиқ айвондаги чорпояда бобоси ва яна аллакимдир бор эди: иккиси ҳам дастурхон бўйида ёнбошлаган, иккисининг ҳам чорпоя четида чиқиб турган оёқлари лой, тиззагача шимарилган чолворлари нам. Дастурхонда нон, икки-уч бош арчилган пиёз, икки шокосада шўрва, чойнак-пиёлалар, яна тағин ҳазарли шиша. Туни билан сув тарагани туфайлими, бобосининг кўзи қизарган, пешонасидан реза-реза тер оқади. У болага кўзи тушиши билан қўзғалиб ўтирди, қучоғини очди. Бола “Ассалом” деди, истар-истамас бобосининг бағрига кирди, юзига бобосининг соқоли ботиб, бўйничасини қисди. Кейин бобосининг жўраси билан қўл бериб сўрашди.

Улар билан анча ўтирди, то онаси келиб олиб кетмагунча. Онаси уни ювинтириб, яхтак хонага киргазиб ётқизди. Уйғонганида отаси ва онасининг овози эшитилди. Онаси ниманидир тушунтирарди, отасининг кескин товуши унинг гапларини шарт ўртасидан бўлди. Яна онаси гапирди, бу сафар унинг сўзлари хотиржам, аллақандай совуқ чиқди. Кейин қаттиқ тарсаки овози… Онасининг хўнграб йиғлагани эшитилди, бола шошиб яхтак хонадан ойнаванд айвонга чиқди-ю онасининг аҳволини кўриб юраги увишди. Бола тонгда кўрган маъсума мўжизакорнинг бошидаги рўмоли ерга тушган, юзи қизарган, сочлари тўзғиган, ўзини тутолмай ҳиқилларди. Отаси билан онаси болага кўзлари тушгач тек қотишди, аввал онаси оёғига калишини ҳам илмай ташқарига отилди, томорқани ўрталаб ёбон тарафга кетаверди. Сўнг отаси ҳам супага чиқди, ўтириб узоқ-узоқларга тикилиб қолди.

Бола учун ҳаммаси аллақандай мураккабдек туюлди. Онаси нега бунча совуқ вишиллади экан? Отаси нега қўл кўтарди? Нега онаси бунча хўнграб йиғлади, нега кўзларидан тўхтамай ёш қуйилди? Ахир онасини ҳамма яхши кўради-ку, бола ҳам, укалари ҳам, отаси ҳам… Бола остонада нима қиларини билмай қотиб турар, миясида унинг учун оғирлик қиладиган совуқ саволлар ўйнайверди, отаси эса супа бошида чўккалаганча қилт этмай аёлининг изидан тикилиб ўтираверди. Отасига раҳми келиб кетди…

Ёдига қамиш кемачалар тушди. Отасига кўрсатмоқчи эди эрталаб. Қўлига отаси ва онаси учун дегани – пароходни олди. Отаси ҳалиям қимир этмай ўтирарди, бориб ёнига чўкди.

– Қаранг, дада, пароход! – деди бола қўлидаги кемачани узатиб. Отасининг бўғриққан, оғир нигоҳида мунг ялтиради. У меҳр билан ўғлига тикилди, кичкина бошчасини кафтлари билан бағрига тортиб, силади.

– Бунча чиройли, ўғлим, ким ясаб берди?

– Онам! – деди бола. – Бу сиз ва онамнинг кемаси, ичкарида яна 3 та кема бор, улар мен ва укаларимники.

– Бунча яхши! – деди ота кемачага ўзича эътибор билан тикиларкан.
– Дада… – деди бола тараддудланиб, – кемачалар чўкиб кетадими?

Отасининг хаёли ўзидамасмиди, ёки тайинли жавоб тополмадими, қўлидаги кемачани бармоқлари билан ўйнай-ўйнай жим қолди. Кейин бўғзига тиқилган аччиқ оғриқни зўр бериб ютиб юбораркан, болани бағрига босди, юз-кўзидан ўпа кетди.

– Йўқ, болам, йўқ – унинг товуши хириллаб чиқди, –кемамиз чўкмайди!

Сўнг отаси қўлидаги пароходни қўймай, онаси кетган томонга йўл олди, у аллақандай тетик ва шод ҳам эди, дадил қадам босиб ёбон тарафга кетди. Бола эса ичкарига кирди, укаларига кемачаларни кўрсатишга ва бу кемачалар ҳеч қачон чўкмаслигини айтишга шошилди. Негадир ёбондаги таниш ҳидни хотирасида тиклаб, димоғини ҳавога тўлдириб қўйди.

07 Bola onasini juda-juda yaxshi ko’rardi. Uning sokin, mayin va mehribon tabassumini ko’rganda qiqirlab kulib yuborardi. Shunda onasi uning boshini silab, keng peshonasidan o’pib qo’yar, bola o’zini issiq quchoqda ko’rardi.

Alisher FAYZULLAEV
YOBONDAGI BOLA
022

Alisher Fayzullayev 1988 yilda Navoiyda tug’ilgan. O’zMU jurnalistika fakultetini tamomlagan. Uilьyam Saroyanning hikoyalar to’plamini, Lotin Amerikasi adabiyoti namunalarini tarjima qilgan.

Bola onasini juda-juda yaxshi ko’rardi. Uning sokin, mayin va mehribon tabassumini ko’rganda qiqirlab kulib yuborardi. Shunda onasi uning boshini silab, keng peshonasidan o’pib qo’yar, bola o’zini issiq quchoqda ko’rardi.

Bola juda ichkin va xayolparast, yana hurkak, odamoviroq ham edi. Nima bo’lgandayam u boshqa bolalarga hecham o’xshamasdi – xuddi kap-katta odam besh yoshli bolakayga aylantirib qo’yilgandek. Uning gaplari, qiliqlari, o’zini tutishini kuzatarkan, onasi yoqasiga tuflardi: bola quyib qo’ygandek otasining o’zi. Sirasini aytganda, keng peshonasi ham, siyrak qoshi ham, qo’y ko’zlari ham, katta (tanasiga nomutanosib) boshi ham, shalpaygan qulog’i ham otasiga tortgandi.

Bola otasidan qo’rqarmidi, hayiqarmidi, ehtimol, uning xizmati tufayli 15-20 kunda bir kelganiga begonasirarmidi, yoki otasining jiddiy va o’ychan nigohlari ta’qibidan qocharmidi, harqalay, u kelganda o’zini qo’yarga joy topolmay qolardi. Otasi har safar o’g’li uchun nimadir ko’tarib kelar – boshqa bola bo’lganida iyib ketgan, erkaligi, o’yinqaroqligi tutib otaning tizzasiga o’tirib olgan, turli savollar bilan so’roqqa tutgan bo’lardi – yo’q, u esa qo’liga tutqazilgan narsani olib, go’yo begonadan olayotganday rahmat aytar, bir chekkaga o’tib jimgina o’ynar, ba’zi-ba’zida ota-onasining suhbatiga quloq solar, asosan beshikdagi singlisi va ko’rpada yotgan ukasiga o’z ertaklarini aytib o’tirardi.

Ular keng hovlida katta oila bo’lib yashashardi. Bobosi va bibisi alohida tushgan daxliz-ayvonli kulbada, yana to’rt amakisi va ammasi – otasi oilaning to’ng’ichi edi – ularning uylari bilan yonma-yon tushgan ikki xonaga joylashishgandi. Oilada hamma yobonda ishlar, uyda birov bo’sh o’tirmas, doim uyda bo’ladigan onasi va bibisi ham yobonga chiqmagan sigir-buzoqlar va otga qarashlari kerak edi. Faqat qumsupada bola o’zining o’yinchoq yuk mashinasi bilan andarmon, uning yukxonasiga qum bosib, supa pastidagi behi ostiga eltib to’kar yoki aksincha, o’sha yerdagi ariqchadan loy olib supaga tashir, qo’rg’on yasardi. Ba’zan unga ham ish topilib qolar, amakilari uni ham yobonga olib ketishar, shunday paytlar onasi uning boshiga kallapo’shchasini bostirib qo’yar, bibisi esa yarimta kulchani eski ro’molga o’rab beliga bog’lardi. “Yomon ko’zdan asraydi, – derdi bibisi. – Qorning ochsa, olib ye, haymi!” – derdi yana. Yobonda u qo’y boqardi, amakilari podani zaxkashga kiritib yuborar, bola qo’liga zarang tayoq olib, qo’y va echkilar paxta ekilgan qartaga kirib ketmasligini nazorat qilardi.

Uni hamma yaxshi ko’radi. Hatto to’pori, qo’pol kichik amakisi ham – ko’pincha bolaning joniga tegib xiralik qilaversa-da – yaxshi ko’rar, bobosining to’riq otiga mingazib yobon, zaxkash bo’ylab uchirardi. Bola uchun hammasi sodda va oson edi – u har narsani oddiy qabul qilardi: onasiga qarashsa – ukasi va singlisi tezroq katta bo’lishadi (otasi shunday degan), amakilarining aytganiga kirsa – ajoyib birnimalik bo’ladi, ammasiga (Ammasi besh o’g’ildan keyin tug’ilgan kenja farzand, boladan, chamasi, 15 yoshlar katta edi. Shu bois bola uni opa deb atardi.) dastyorlik qilsa – u rosa suyib-erkalaydi, bibisining oldida o’tirsa – g’aroyib ertaklar eshitadi (bu ertaklar qachonlardir shu yerlarda ro’y bergandek tuyulaveradi bolaga). Bobosi ham uni suyardi-ku, lekin mastligida bola uning yoniga yaqinlashmasdi. Sirasini aytganda, bobosining kayfi taroq mahali uydagi hamma, hatto bibisi ham tumtaraqay bo’lib qolishardi. Shunday paytlar hovlida birovni topolmagan bobosi – kimgadir hasrat qilishni ko’ngli tusasa kerak – bolani onasining bag’ridan shart yulib olardi. Onasi churq etolmay qolar, ich-ichidan qaynotasi bolaga biror zulm qilmasligini anglasa-da qo’rqardi, yana mana bu ikki go’dak bolasini tashlab qaynotasining qo’liga tarmasholmasdi ham, ortidan mung’ayib qolaverardi. Bola ham qo’rqardi-yu, og’iz ochmay, bobosi ko’rpachaga yonboshlagach, aytgan har narsasini – dasturxon, piyolamidi, tomorqadan yangi uzilgan bodring-pomidormidi, ko’k piyozmidi – keltirar, yoniga o’tirib onasi o’rgatgan she’r-g’azallarni yoddan o’qirdi. Bobosi navbatdagi piyolani bo’shatarkan, gazagiga karsillatib piyoz chaynar, keyin nabirasini alqab o’ziniki kabi keng peshonasidan o’pardi. Bolaning dimog’iga har doimgi, o’sha ter va aroq isi o’tirardi. Agar oraga katta amakisimi – u o’zining mast otasidan ko’pam hayiqavermasdi, qaydandir qo’rqa-pisa chiqib kelgan bibisimi aralashmasa bola shu ko’yi o’tiraverar, oxiri bobosi ham uzala tushib olib katta qornini tepaday qilgancha og’ir-og’ir xurrak otib uyquga ketardi…

Bir kuni erta tongda, ukalari hali pishillab uxlab yotgan mahal onasi uni o’pib uyg’otdi.

– Turaqol, dastyorginam, – dedi u o’g’lini erkalab, – hovuzdan suv olib kelaylik, o’zim qo’rqaman-da. Bugun dadang keladi.

Bola o’rnidan turib, shoshib oyog’iga kalishchasini ildi-da, ikki sirli paqirni bilagidan o’tkazib olgan onasining bo’sh qo’lidan tutdi. Ikkisi hovlini aylanib o’tib tomorqa chetidagi chel bo’ylab hovuz tomon o’tdilar.

Oppoq, sutday oppoq tong edi. Hovuz atrofi esa qop-qorong’i: bobosi ekkan to’rtta azamat tol bahaybat gavdasi bilan soya solib turar, ularning shoxida allaqanday qush odam ko’nglini entiktirib sayrardi (bibisi aytgan bulbul shu bo’lsa kerak).

Bibisining aytishicha, katta amakisi emaklashni boshlagan yili shu joylarga ko’chib kelishgan (avvallari bu yerlar mozorat bo’lgan emish…). Bobosi hozir chol-kampir o’zlari turgan kulbani ko’tarib olgach (unga dovur bolalar bilan qari tut tagida yashashgan), rahmatli bo’lib ketgan traktorchi jo’rasini chaqirib, ikki shisha zormanda evaziga shu hovuzni qazdirgan. O’sha mahallar bobosi hecham ichmagan, onda-sonda jo’ralariga qo’shilmasa… Bobosi o’zi juda kallali bo’lgan, uni qurib ketgur ana shu aroq xarob qilgan-da. Xullas, bobosi hovuzni qazdirib, kuzda ota uyidan beshta tol-tayoq keltirib, to’rttasini shu hovuzning to’rt tarafiga, bittasini sayisxonaning yoniga (U paytlar molxona ham, og’ilxonayu sayisxona ham, garaj ham bo’lmagan, bobosi va bibisi ikki bola, bitta inak-go’sala, ko’rpa-to’shak, sandiq bilan chiqib kelishgan. Bularning bari asta-sekin ko’tarilgan.) suqqan. Kelasi yil bahordan tayoqlar avjiga olib o’sa boshlagan. O’shandan buyon ancha suvlar oqqan… Mana, shu tollarning tanasi ikki odamning quchog’iga zo’rg’a sig’adigan bo’ldi, har ikki-uch yilda kallaklanib, cho’plari shu hovuzda pishitildi. Bola turgan uy ham, og’ilxona-sayisxonalar ham shu tollarning cho’plari evaziga ko’tarildi, tomi yopildi. Shunday, aslida bobosi juda kallali odam…

Onasi hovuz bo’yiga qoqilgan temir narvonga oyoq qo’yib pastga tushdi, egilib paqirni suvga to’ldirdi, qaytib chiqib uni bolaning oyog’i ostiga qo’ydi. Bola bo’sh paqirni uzatdi, onasi yana hovuzga tushib ketdi. Bola yuqoridagi tarvaqaylab o’sgan tol shoxlariga boqdi, shu mahal shoxdan-shoxga sakragancha qisqa-qisqa sayragan sap-sariq qushga ko’zi tushdi.

– Ona, qarang, bulbul! – dedi u zavqlanib qo’li bilan qushni ko’rsatarkan.

Onasi ikkinchi paqirni ham suvga to’ldirib chiqib, uni yerga qo’yarkan, kulib yubordi.

– Bacham, bulbul emas, zarg’aldoq-ku!

Bola qushga qarab qoldi, onasi ham qo’llarini beliga qo’yib biroz tin oldi. So’ng shamol ko’tarilib daraxtlar shovullay boshladi, zarg’aldoq lip etib allaqayergadir yashirindi, sarg’aygan bir yaproq suvga tushib suzib ketdi.

– Ona, qarang, kemacha! – dedi bola zavqlanib onasiga bargni ko’rsatarkan.

Onasi yaproqqa qarab bir nimani xayol qildi chog’i, sal naridagi ariqda quyuq o’sgan qamishlardan birining belidan shart uzib oldi.

– Ushla buni, uyga kiraylik, senga haqiqiy kemacha yasab beraman, haymi?

Bola “xo’p” deb boshini silkitdi, onasi ikki paqirni ko’tarib yurdi, bola darhol onasining gulli choponi etagidan tutib oldi. Ona-bola chelcha bo’ylab uyga yo’l olishdi, ortda esa qorong’i hovuz ustiga soya solib to’rt azamat tol shovillardi.

Onasi paqirlarni chetga qo’yib, ustini bo’z bilan yopdi. Bolaning qo’lidan qamishni olib, avaylab barglarini poyasidan ajratdi. Keyin uzunroq yaproqni tanlab bandini uzib tashladi, band tomonidan buklab, buklangan yeridan kesib bir-biriga kiydirdi: shunday qilib kemaning old tumshug’i paydo bo’ldi. Bola ko’z oldida bo’layotgan bu mo’jizani – haqiqiy kemani kuzatarkan, zavqlanganidan chapak chalib yuborishiga bir bahya qoldi: tuyqus ukalari sal narida uxlab yotishgani yodiga tushdi. Onasi kemachaning bu tarafini ham buklab, xuddi o’shanday buruncha yasadi va qamish bargining uchini o’sha burunchadan o’tkazib qo’ydi: endi bu qamish emas, yelkanli kemaning xuddi o’zginasi edi! Bolaning ko’zlari shodlikdan yonib ketdi, onasi kemachani uning kaftiga qo’ydi.

Onasi yana uchta kemacha yasab berdi: biri paroxod – uning yelkani yo’q edi-yu, yaproq bandi qoldirilgani uchun, yana uzun va enli bo’lgani uchun paroxodni eslatardi, biri kater – uning orqa tumshug’i tekis edi, oxirgisi esa qayiqcha. Bola ikki kaftida avaylab tutgancha kemachalarini ukalariga ko’rsatgisi keldi-yu, ular dong qotib yotganini ko’rib hafsalasi pir bo’lib ketdi. Keyin ularni oynavand ayvon deraza tokchasiga birin-ketin terdi: rangi ko’kimtir-yashil tokcha ustidagi kemachalar moviy dengizdagi haqiqiy kemalardan aslo farq qilmasdi. U biroz orqasiga tisarilib, mitti mushtchalarini iyagiga tiragancha, ko’zlari porlab kemachalarini tomosha qildi. Keyin xayolchan ularni taqsimladi. Paroxodni oldi – bu otasi va onasining kemasi! Kater – ukasiga, singlisi kichkina – unga qayiqcha mos. O’ziga yelkanli kemani qoldirdi – shu kemacha unga juda yoqqandi…

Peshingacha ana shu zavqiniyam, xayollariniyam hech narsaga alishmay yurdi, keyin esa… Tushga yaqin bibisi kirib keldi: qovog’i soliq, nimadandir havotirda. Bolani chaqirdi, qo’lidan tutib yetaklay ketdi. Supada ularni onasi to’xtatdi.

– Oybiyi, bolam qo’rqadi axir, – dedi zorlanib.

– Qaynatangiz nabirasini pishirib yemaydi, – dedi bibisi jerkib, – men borman, ana – ammasi ham o’sha yerda!

Ochiq ayvondagi chorpoyada bobosi va yana allakimdir bor edi: ikkisi ham dasturxon bo’yida yonboshlagan, ikkisining ham chorpoya chetida chiqib turgan oyoqlari loy, tizzagacha shimarilgan cholvorlari nam. Dasturxonda non, ikki-uch bosh archilgan piyoz, ikki shokosada sho’rva, choynak-piyolalar, yana tag’in hazarli shisha. Tuni bilan suv taragani tufaylimi, bobosining ko’zi qizargan, peshonasidan reza-reza ter oqadi. U bolaga ko’zi tushishi bilan qo’zg’alib o’tirdi, quchog’ini ochdi. Bola “Assalom” dedi, istar-istamas bobosining bag’riga kirdi, yuziga bobosining soqoli botib, bo’ynichasini qisdi. Keyin bobosining jo’rasi bilan qo’l berib so’rashdi.

Ular bilan ancha o’tirdi, to onasi kelib olib ketmaguncha. Onasi uni yuvintirib, yaxtak xonaga kirgazib yotqizdi. Uyg’onganida otasi va onasining ovozi eshitildi. Onasi nimanidir tushuntirardi, otasining keskin tovushi uning gaplarini shart o’rtasidan bo’ldi. Yana onasi gapirdi, bu safar uning so’zlari xotirjam, allaqanday sovuq chiqdi. Keyin qattiq tarsaki ovozi… Onasining xo’ngrab yig’lagani eshitildi, bola shoshib yaxtak xonadan oynavand ayvonga chiqdi-yu onasining ahvolini ko’rib yuragi uvishdi. Bola tongda ko’rgan ma’suma mo’jizakorning boshidagi ro’moli yerga tushgan, yuzi qizargan, sochlari to’zg’igan, o’zini tutolmay hiqillardi. Otasi bilan onasi bolaga ko’zlari tushgach tek qotishdi, avval onasi oyog’iga kalishini ham ilmay tashqariga otildi, tomorqani o’rtalab yobon tarafga ketaverdi. So’ng otasi ham supaga chiqdi, o’tirib uzoq-uzoqlarga tikilib qoldi.

Bola uchun hammasi allaqanday murakkabdek tuyuldi. Onasi nega buncha sovuq vishilladi ekan? Otasi nega qo’l ko’tardi? Nega onasi buncha xo’ngrab yig’ladi, nega ko’zlaridan to’xtamay yosh quyildi? Axir onasini hamma yaxshi ko’radi-ku, bola ham, ukalari ham, otasi ham… Bola ostonada nima qilarini bilmay qotib turar, miyasida uning uchun og’irlik qiladigan sovuq savollar o’ynayverdi, otasi esa supa boshida cho’kkalagancha qilt etmay ayolining izidan tikilib o’tiraverdi. Otasiga rahmi kelib ketdi…

Yodiga qamish kemachalar tushdi. Otasiga ko’rsatmoqchi edi ertalab. Qo’liga otasi va onasi uchun degani – paroxodni oldi. Otasi haliyam qimir etmay o’tirardi, borib yoniga cho’kdi.

– Qarang, dada, paroxod! – dedi bola qo’lidagi kemachani uzatib. Otasining bo’g’riqqan, og’ir nigohida mung yaltiradi. U mehr bilan o’g’liga tikildi, kichkina boshchasini kaftlari bilan bag’riga tortib, siladi.

– Buncha chiroyli, o’g’lim, kim yasab berdi?

– Onam! – dedi bola. – Bu siz va onamning kemasi, ichkarida yana 3 ta kema bor, ular men va ukalarimniki.

– Buncha yaxshi! – dedi ota kemachaga o’zicha e’tibor bilan tikilarkan.
– Dada… – dedi bola taraddudlanib, – kemachalar cho’kib ketadimi?

Otasining xayoli o’zidamasmidi, yoki tayinli javob topolmadimi, qo’lidagi kemachani barmoqlari bilan o’ynay-o’ynay jim qoldi. Keyin bo’g’ziga tiqilgan achchiq og’riqni zo’r berib yutib yuborarkan, bolani bag’riga bosdi, yuz-ko’zidan o’pa ketdi.

– Yo’q, bolam, yo’q – uning tovushi xirillab chiqdi, –kemamiz cho’kmaydi!

So’ng otasi qo’lidagi paroxodni qo’ymay, onasi ketgan tomonga yo’l oldi, u allaqanday tetik va shod ham edi, dadil qadam bosib yobon tarafga ketdi. Bola esa ichkariga kirdi, ukalariga kemachalarni ko’rsatishga va bu kemachalar hech qachon cho’kmasligini aytishga shoshildi. Negadir yobondagi tanish hidni xotirasida tiklab, dimog’ini havoga to’ldirib qo’ydi.

033

(Tashriflar: umumiy 91, bugungi 1)

Izoh qoldiring