Anvar Suyunov. Oqtirnoq & Bahodir Karim, Normurod Norqobilov, Otabek Safarov: Hikoyani o’qib

022   Уни илк бор Ғўбдинтоғ этагида учратдим. Қуёш нурлари нимжўш рутубатни кесиб, тираманинг ачимтир иссиғи забтига олганида яйдоқ далада лўккиллаб кетиб борарди. Аҳён-аҳёнда бийдай ялангликда ис олиб чопар, гоҳида бўйнини чўзиб шувоқлар орасига ҳезланиб тикилиб қоларди…

Анвар СУЮНОВ
ОҚТИРНОҚ
034

033Анвар Суюнов 1983 йилнинг 29 апрелида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида, Эшмонтўп қишлоғида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини битирган. Газета ва журналларда, телевидениеда ишлаган. Мактабнинг ўн биринчи синфида ўқиб юргандаёқ “Қушларга тўла осмон” номли шеърий тўплами нашр этилган. Ўзининг ёзишича, кейинчалик негадир шеър ёзишга қизиқиши сусайиб кетган ва ҳикоя машқ қила бошлаган. «Назаримда, проза кенгроқдай» деб таъкидлайди у.

034

Уни илк бор Ғўбдинтоғ этагида учратдим.

Қуёш нурлари нимжўш рутубатни кесиб, тираманинг ачимтир иссиғи забтига олганида яйдоқ далада лўккиллаб кетиб борарди. Аҳён-аҳёнда бийдай ялангликда ис олиб чопар, гоҳида бўйнини чўзиб шувоқлар орасига ҳезланиб тикилиб қоларди…

Ови бароридан келмаса, яна сомонпояси йиғиб олинган майдонга чиқиб оларди.

Одам оёғи узилган адоқсиз дашт саҳнида ундан бўлак қора кўринмайди. Пастқам тепаликларга яқинлашавергач, йўлини ўнгга бурди. Сел йўлида ҳосил бўлган жарликлар оралаб, шох-шабба ва қуш патлари уюлиб қолган қўқимларни ҳидлаб кўрди. Сўнг кунгай тарафдаги қиялама сари йўртиб кетди. Этакдаги тўқайга ўхшаш бодомзорда санғиб юрди: муллатўрғай қувди, ковулнинг қотган меваларини териб еди, эски қўшхонада1 алланиманинг қолдиқларини титкилади. Ичида овқатюқи қотиб қолган целофан идиш кузнинг енгил шабадасида пириллаб, итнинг оғзида осилиб борарди. Дарахт шохларидаги дашт қушлари елим халтанинг шитирлаши ва итнинг бир маромда йўртишини қизиқсиниб кузатиб туради. У ёввойи бодомлар орасидаги акас тагида оёқ илди. Тандирнинг оғзидек ковак ичига ер бағирлаб ўрмалай бошлади…

Сангзор ва Зарафшон орасидаги кимсасиз Ғўбдин даштига бу ит қаердан келиб қолган?. Қандай аянч қисмат одамлардан олис, овлоқ манзилга улоқтириб ташлаган? Қайси қилмиши бундай тақдирга рўбарў қилган? Ҳеч ким бундай саволларга жавоб бера олмас, очиғи, унинг ҳаёт тарзи ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Ҳа-я, назардан батамом қолган, ташландиқ эмасди: болалаган кезлари кузатувда бўларди. Ишқибозлар зимдан пойлаб, изма-из юриб инини топарди; ҳали кўзи очилмаган кучукчасини хуржунга солиб, дунё топган калдек суюниб қайтарди. Чўпонлар: “Болалари бўрибосар бўлади”, дерди. “Биттаси икки қашқирга тенг!” деган гаплар ҳам улардан чиққан. Қизиқ, лақабиям турлича эди.

– Ғубурсойнинг кучуги, – деди бир куни опам гап орасида.
– Саройлининг саёқ ити! – жаҳл қилувди мешини ғажиб кетганида Зубайда қўшнимиз.
– Олаҳўкки! – деб эди раҳматли Исмат чўпон бир маъракада.

Исмат чўпоннинг нега Олаҳўкки деганига ҳалигача тушунмайман. Чунки унинг оласи йўқ, қизғиш малла, туғма чўнтоқ эди. Шалпанглаган қулоқлари, калта тумшуғи эт олган пайтлари ўзига ярашиб турарди…

Ўшанда олтинчими, еттинчими синфда, ишқилиб, кичкина мактабда ўқирдим. Болалар тўққизни битиргач, катта мактабга ўтарди. Шуниси эсимда. Кўпкарилаб кетган дадам бир ой деганда номозшом маҳали қайтди. Санчқи билан ғарамдан пичан суғираётувдим, отнинг узун-узун пишқириғи эшитилди. Дарвоза ёнидаги оққа бурканган отлиққа кўзим тушди: дадамни ҳам, Чамбил лақабли отимизни ҳам чарчоқ босиб турарди. Жониворнинг тарам-тарам ёлида, дадамнинг қайрилма мўйловида томчинусха сумалаклар бор эди.

– Қоронғи томда катта қилсанг, – Чамбилни отайвонга олаётувдим, отам кеча-бугун кўзи очилган кучукчани узатди. – Қопқир бўлади!

Гидикнинг мизожи яхши экан, сал кунда қора овқатга ўрганди. Қиш охирида тозидек ингичка, лекин бўйдор итга айланди. Икки қор босганида қишлоғимизнинг олди ити бўлди. Мен уни олти ой қоронғи томда сақладим. Шу боисмикан, дадам айтганидек, қопқир ва баджаҳл бўлди. Каттаравергани сайин қўни-қўшнилар сескана бошлагач, ҳовлимиз этагидан гуваладан ин қурдик. Белбаравар қозиқ қоқиб, бойлаб қўйдик. Аввалига оти йўқ эди, укам иккимиз дуч келган ном билан чақирардик. Ҳайит арафаси меҳмонга келган аммам бир-икки ҳайиқиб: “Ол, анов Оқтирноғингни?!” дегач, лақаби Оқтирноқ бўлиб қолди.

Бир сафар занжирини узиб, Қўзибой бобони босганида дадам қаттиқ бақирди.

– Миянг суюлиб кетганми? Ҳеч замонда итнинг занжирини чилвир билан илдирадими қозиққа?! – отам жаҳл билан Оқтирноқни катаги томон судраб борарди. – Симбуров солсанг, қилт этмайди-ку! Бўрига илакишган Олаҳўккидан бўлса бу…

Ногаҳон Олаҳўккининг зурриёди эканлигини билдим. Қўзибой бобони қопган бўлсаям меҳрим ошиб кетди. Чунки унинг болаларини ҳамма орзу қилар, айниқса, чўпонларнинг ишқибозчилиги зўр эди. Ич-ичимдан суюндим. Дадам кейинчалик нега сир сақлаганини айтиб берди. Олаҳўкки йилда бир марта, ёлғиз бола туғармиш. Бирагай кучук ниҳоятда олғир бўлармиш. Кучга тўлганида ҳар қандай қашқирнинг додини берармиш.

Яна, бўрини оладиган итни сиртлон ҳам дейишади. Сиртлонларнинг орқа оёғида олтинчи тирноғи бўлади. Тирноғи еттита, яъни қўшсиртлон итлар ҳам бўлади. Бунақалари жуда кам учрайди. Қишлоғимиз кексалари: “Улар бўри билан олишганида сиртлон тирноқлари иш беради”, деб кўп гапирарди. Оқтирноғимизнинг олд панжасида ҳам қўшсиртлони бор эди. Дадам: “Бунинг томирида қашқир қони оқаётир!” дегич эди пийпалаб эркалаганида.

Оқтирноқ уч қор босганида танатўш олди. Ўмровлари кенгайиб, бўйни қалинлашди. Шунга яраша панжалари ҳам йўғонлашди. Калласи хумдек эди. Овози дўрилдоқ – қандайдир ваҳимали жаранг сочарди. Уйимизга бегона келса ёки ҳамсояларнинг моли дарвоза ҳатласа, чунонам ташланардики, гоҳида занжирини узмасайди деб қўрқардим. Тенгқурларим ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан қарарди. Баҳайбат гавдаси, бўри келбати одамни ҳайиқтирарди. Айниқса, туғма чўнтоқ думи, тагидан кесилган қулоқлари янаям ҳайбатли кўрсатарди. Қизғиш кўзлари қўрқувга соларди кишини. Унинг яна бир ғайриоддий қилиғи бор эди: узун қиш кечалари увлаб чиқарди. Ҳар гал увлашдан олдин қисқа-қисқа ҳуриб оларди. Унинг бу ҳуриши кўпроқ чийиллаб-ғингшиётганга ўхшарди.

Ўлимидан кейин кўп ўйлаб юрдим: нега бундай қиларди? Қандайдир сири бормиди?.. Ҳалигача тагига етганим йўқ. Лекин, отамнинг “Ота томонига тортди-да!” деган гапи хотирамда.

Чамбилимиз энг катта солим – туяга ташлаган куни Оқтирноғимиз яна занжирини узди. Аввалига катагида жимгина ётган эди. Мен қўтондан қий чиқараётувдим. Дафъатан инидан отилиб чиқиб, қибла томонга силтаниб ҳураверди. Ҳовлимизни унинг мағрур ва дўриллоқ овози тутиб кетди. Ҳар силтанганида катаги баравар сакраб занжирини узгудек отиларди.

– Қара ановга! Нон-пон ташладингми? – деди опам ошхонадан чиққан пўчоқларни сигиримиз охурига тўкаётиб. – Оғилнинг сиртида дайди итлар юрибдими дейман.

Куракни олиб сиртга чиқдим. Шунда… ёнимдан бир кўланка ўқдай учиб, кўкрак бўйи девордан ҳатлади-ю, кўздан йўқолди. Сўнг итларнинг ғала-ғовури, айримларининг уввос солиб чийиллаши эшитилди. Ҳамза подачининг беткайлигида Оқтирноқ ўнга яқин ит билан олишиб ётарди. Йўқ, Оқтирноқ эмас, ўнга яқин арлони ит бир-бири билан олишиб ётган эди. Қулоғи кесилмаган қанжиқ беткайликда лўкиллаб кетиб борарди. Бирпасда болалар жам бўлиб итларни олкишладик. Мен қўнғир итни тагига босиб олган Оқтирноғимизга кишт бериб турдим. Қўнғир Оқтирноқнинг тагидан сибжирилиб чиқар, у эса зилдай гавдаси билан босиб оларди. Гоҳида тик туриб савашар, Оқтирноқ бир зарб билан қулатиб яна тагига оларди.

– Итинг ҳадисини билмаскан!

Кутилмаган хитобдан ортимга бурилдим. Исмат чўпон олишувни бамайлихотир, лекин синчков кузатиб турарди.

– Эшакдай гавдаси, туядай кучи бор! – чўпон ўзига ўзи гапирaётганмиди ёки менга айтаётибмиди англаб бўлмасди. – Икки марта Қўнғирнинг бўғизи тўғри келди. Эплолмади. Бир ҳамлада жулунини қайириб, майиб қиладиган савлати бор-а…

Лекин чўпоннинг айтгани бўлмади. Оқтирноқ рақибини босиб тураверди-тураверди. Бир маҳал жарнинг нишаблиги ўнгай келганда, Қўнғир сибжирилиб чиқди-да, тура қочди. Оқтирноқ жаҳд билан қувсаям ета олмади. Қўнғир думини чоти орасига олиб, қишлоқ оралаб кўздан ғойиб бўлди. Итимни судраб келиб, занжирини қозиққа қалин сим билан бойлаб қўйдим. Шу пайт бўйнининг остидаги жароҳатга кўзим тушди. Териси бир қарич кесилган эди. Силқиллаб қон томчиларди. Тасмасини авайлаб олиб, елкаси ва тўшидан арқон ўтказиб боғладим. Дадам келгунча катта энам иккимиз кепак қиздириб босдик. Эски рўмол билан бўйнини ўраб қўйдик.

– Нима бўлди бунга? – қош қорайганда узангидошлари билан қайтган дадам итни кўздан кечираётиб сўради. – Пичоқ билан тилгандек-ку!

Хуллас, дадам алламбало, ҳиди ўткир дорилар билан анча вақт муолажа қилди. Ҳар сафар малҳам сураётганида эски чопон билан тумшуғидан ушлаб турардим. Қиш адоқлаб, кўклам оёқлагунгача зўр бериб қарадик. Билмадим, аммамнинг катта ўғли келиб, Оқтирноқни олишувга олиб чиқмаганида ёки уни уриштиришига қарши турганимда бошқача бўлармиди…

Заман ака – аммамнинг катта ўғли, дадамнинг тўнғич жияни эди. Шу боисмикан, эркатойлиги бизникида ҳам ўтарди: уйга келса истаган ишини қилар, хоҳласа от минарди ёки “Жигули”мизни учириб келарди. Негадир отам кўп қаттиқ гапирмасди унга. Айниқса, Чамбилимизни терга пишириб келган кезлари “Айтинг, минмасин!” деб жиғибийроним чиқарди.

– У – меҳмон, сен – уй эгаси! – деб вазмин гап қотарди дадам. – Бир терлагани билан отинг ўлмайди. Қайтанга, пишади.

Заман ака эса билганидан қолмасди. Худди тоғбегидек кўнглига келганини қиларди. Шаҳарда дўхтирликка ўқирди. Шунинг учунми, ўрисча аралаштириб гапирарди. Ҳа-я, унинг оти аслида Заман эмас, Абдузамон! Негадир “абду”си тушгач, хунуккина “заман”га айланиб қолган.

– Ҳей, Боташ! – деди ўша куни кулчатойни еб бўлгач. – Давай, кучугингни обчиқ. Ҳозир чўботлар келади, уруштирамиз: бир қўй тикиб, гаров ўйнаганман.

Дадам эшитмадими ёки пайқамадими, ишқилиб, ҳеч нарса демади. Нима қилай деган маънода қараган эдим, парво ҳам қилмади. Дастурхонга омин айтилгач, ноилож қўзғалдим. Истар-истамас Заман аканинг ортидан тушдим. Оқтирноқ анчадан бери қозиқда турганлиги учун мени судраб чопқинлар, узоқдаги итларни кўрса ваҳима солиб ҳуриб қўярди. Ҳаш-паш дегунча атрофимизда тенгтўшларим кўпайиб кетди. Барчаси олишувни муҳокама қилиб борар, мен эса занжирни маҳкам қисиб олдинда йўртиб кетардим.

Каллалисойга етганда уларнинг қораси кўринди. Ўн чоқли бола увоққина бир итни ўртага олиб, бўйнини сийпар, елка ва оёқларини уқаларди. Ит шунга ўрганган, шекилли, тумшуғини чўзиб, гавдасини кериштириб, ажиб бир ҳолатда мазза қилаётгандек эди. Яқинлашаверганимизни кўриб, олдинма-кейин сойга тушишди. Сойнинг текисроқ жойини танлаб, майда тошлардан улкан айлана қилдик. Заман ака уларнинг Тенгбой дегич каттаси билан музокара қилди. Иккови ўртага бир қўйнинг пулидан тикиб, холис одам – ўнгатлик Қуролбой жўрамга бериб қўйди. Ашур ака ҳакам бўлди. Дарвоқе, Оқтирноқ уларнинг итини кўргач, шовқин солиб, силтаниб ташланса ҳам, у парво қилмас, эгасининг ортидан майда қадамлар билан йўрғалаб кетаверарди. Ҳайиққан-ҳайиқмаганини билиб бўлмасди. Доира ичига солиб, жангга ташлаганимизда ҳам ҳурмади. Фақатгина ириллаб, тишининг оқини кўрсатиб, илкис Оқтирноққа ташланди.

Биринчи бўлиб ҳужумни у бошлади. Итимнинг чап болдиридан олиб, пийпалаб ғажишга ўтди. Оқтирноқ улкан гавдаси билан суриб бориб ётқизди. Қарчиғайига оғиз солиб, пастга босди. Унинг бели майишиб, бир амаллаб Оқтирноқнинг чап томонига ўтиб, биқинидан олди. Ўша кез баҳайбат Оқтирноғимнинг қоядек ағдарилганини ва чўботлар ити илдамлик билан бўғзига чанг солганини кўрдим. Ичим идраб кетди. Оқтирноқ хириллар, менинг эса қоним қайнаб-тошарди. Даврадан қисилиб чиқиб ажратмоқчи бўлдим. Кимдир тирсагимдан тортди.

– Нима дейсан, итинг олдирганини тан оласанми? – деди Тенгбой Заман акага.

– Ҳе, нима деяпсан?! Ўлигини олиб кетасан лайчангнинг!

Заман аканинг шу гапидан кейин доира тарафга бурилдим. Оқтирноқ чўботлар итининг устига чиқиб, тўғрироғи, дустаман ётқизиб, қулоғини чайнаб-пийпаларди. Елкамдан тоғ ағдарилгандек, шу топда ўзим ғалаба қозонаётгандек эдим. Афсуски, рақибимиз ўта чайир, чайир ҳам эмас, қайиш экан. Чапдастлик билан буралиб, зилдай босиб турган кўланкадан халос бўлди. Иккиси ажрашиб, яна урушмоққа тушди.

– Ҳей, қаранглар! Кўктой дум ташлади, – деди қўшнимиз Ҳамроқул қичқириб.

Ҳақиқатан ҳам, чўботларнинг кўк ити шалвираб, гажак думи осилиб қолган эди.

Орада анча баҳс бўлди. Биров ундай, биров бундай деди. Тортишувга ҳакам – Ашур ака нуқта қўйди:

– Яна бир марта қўямиз, қайси бири босса шуниси ғолиб!

Итлар майдонга тушиши билан аввалги шижоатга минди. Олдинига тик туриб савашди. Бунда Оқтирноқнинг қўли баланд келди. Ўнг панжаси билан Кўктойни уриб ағдарди-да, сағрисидан босди. Оқтирноқнинг тик туриб савашишда ғалаба қилиши аниқ. Чунки унинг танаси рақибиникидан анча йирик эди. Кўктой жуда чаққон ва урушишнинг ҳадисини олган экан. Чапдастлик билан ўнгланиб, Оқтирноқнинг чотига тиш ботирди. Ётган жойида бир ағдарилиб, Оқтирноқнинг орқа томонига ўтиб олди. Шунда итимнинг орқа ўнг оёғи чўзилиб, ноқулай туриб қолди. Кўктой шуни пойлаб турган эканми, орқага тисарилиб Оқтирноқни резинадек чўза бошлади. Бояқиш ҳеч нарса қила олмас, фақат ортига қараб ирилларди. Тағин ичимга ваҳима тушди. “Бор-е!” деб ажратиб олиш учун доира томон юрдим. Кўктой энишда эди. Тисарилиб тортавергач, тобора пастлайверди. Кутилмаганда Оқтирноқ илкис ортига буралиб силтанди. Кўктой яна унинг тагига тушди. Оқтирноқ рақибининг чаккасига оғиз солиб пийпалайверди…

– Бўлди! – деди чўботлар орасида биров йиғламсираган овозда. – Итимни ўлдириб қўяди.

Ашур ака қўлидаги халачўпни Оқтирноқнинг оғзига солиб буради. Кўктой озод бўлди ва қимир этмай тилини осилтириб тураверди. Оқтирноқ чўлоқланиб четга чиқди.

– Ҳо-ов, болалар! – кўзи қисиқ бола туйқус гап бошлади. – Манов кучук четлади – ютқизди!

Тағин баҳс бошланди.

– Келинглар, охирги марта майдонга туширамиз! – Ашур ҳакам жанжалнинг олдини олиш учун муросага келтирмоқчи бўлди. – Қайси бири енгаркан?

Мен норози бўлдим. Қонга беланган Оқтирноққа ичим ачиди. Айниқса, тинган кўзлари, осилиб турган тили, чотидаги кесик жароҳати раҳмимни келтирди. Заман ака зўрлик билан даврага тортди. Оқтирноқ судралиб борди. Лекин… Кўктой ириллаб у ер-бу ерига чанг солганда ҳам айиқдек бепарво турди. Сўнг оғир қадамлар билан айлана четига чиқди.

Чўботликлар калака қилиб кулишди. Заман аканинг жаҳли чиқди. Муштдек тошни олиб Оқтирноққа улоқтирди. Тош унинг биқинига текканида бир силтаниб тушди.

– Тфу, бунинг дальтоник1, ҳа, қип-қизил дальтоник! – деди Заман ака жаҳлини жиловлай олмай. – Бунинг фақат уйингга келган бегонани, қўшнининг молини кўради. Манов лайчани кўрмайди. Уни кўриш учун кўз керак, юрак керак!

Мен Оқтирноқни етаклаб қияга ўрладим. Болалар тарқалишди. Зиён асабига урган Заман ака сой ўртасида ҳамон шунга ўхшаш гапларини такрорларди:

– Бўрини олади десам, чиниминан кўппак-ку бу! На олишишни билади, на чап беришни. Ғирт дальтоник: уйга бегона келса босиши керак, мол-ҳол остона ҳатласа ўтакасини ёриши керак. Ўргилдим, сенга ўхшаган Оллаҳўккининг боласидан. Касал – бу!

Кечқурун мол-ҳолни тинчитиб уйга кирганимда дадам қоракисалик чавандозлар билан гурунглашиб ўтирган экан.

– Заман жиян кўринмайди?! – деди чой кўтариб кирганимда.

Чидаб туролмадим. Оқтирноқнинг аянчли ҳолидан ичим эзилиб кетганди. Назаримда, ўлар ҳолга келганди у. Ҳиқичоғимни базўр босиб:

– Заман кетди, Оқтирноқни ўлдириб тинчиди! – дедим йиғламсираб.

Полвонлар бири олиб-бири қўйиб мени тинчлантирди. Дадамга ҳаммасини айтиб бердим.

– Парво қилма! – маслаҳат берди тўрдаги шопмўйлов меҳмон. – Бундан бу ёғига кечқурунлари бўшатиб, эрталаб бойлаб қўй. Шунда пишади, уқдингми!

– Тўғри айтасиз, Оқбўта ака! – дадам маъқуллаб гап қўшди. – Бунинг кучуги занжирини узиб бўшалмаса, бўш қўймаймиз-да. Шунга ўнглаб уруша олмаган. Уззукун бир қозиқда тургандан кейин қайдан билсин?

Шу билан гап ўзани бошқа томонга бурилди.

– Ҳайвондир, одамдир, нимаики бўлмасин, сал эркинлик керак, кўпга аралашиб туриш керак, – пиёлани кафтида ўйнаб ўтирган Абдул чапақай дегич қўшилди орага. – Бу – ит экан. Ўнгатлик Шукур ҳосилотнинг гап-сўзидан умуман ҳафсалам пир бўлди. У шаҳардаги Толли жиян билан томир бўламан деб хўп кўрди. Болалари бўшанг, шекилли, муроди ҳосил бўлмагач: “Ўғлинг ўнгли бўлмасаям қийин экан”, деб нолиб юрибди. “Минг қистасам ҳам, шаҳарга бормади шўрингқурғур”, деди у куни тегирмонбошида. Нима эмиш, куёв бўлмиш шаҳарлик қизлардан ҳайиқармиш.

– Э-э, Абдул ака. Ҳосилотнинг болалари уйдан кўчага чиқмаган, бешикдан тушганидан бери сурувнинг кетидан эргашиб юрган бўлса, – шопмўйлов полвон гапни илиб кетди. – Уларда нима гуноҳ, асли Шукур зиқнани уриб кетган. Битта-яримини ўқитганида ёки мундай бир элга аралаштирганида боланинг ўзи қизни етаклаб келарди.

Ҳангома анча чўзилди. Пешма-пеш чой дамлаб, қайнатманинг косаларини йиғиб олдим. Ойим хамир ийлаб, кулчатой тадоригига киришаётган эди…

Эрталаб Чамбилни яккамихга олиб, қўйларга арпа бераётганимда қўноқлар турнақатор бўлиб уйдан чиқди. Аввал дадам билан, сўнг катта энам ва ойим билан хайрлашдилар. Ғовга етганида Абдул чавандоз жиловни тортиб менга юзланди:

– Бўрибосарингни ҳар оқшом бўш қўй, улим. Ўтган-кетган итлар билан талашаверса, ўйини кўпаяди. Ҳадемай қашқир билан довлашадиган бўлади.

Дафъатан Оқтирноқнинг катаги тарафга қарадим…

У кўринмасди. Молларнинг охурига емиш ташлаб, теваракни кўздан кечирдим. Қозиғига илдирилган занжирга кўзим тушди: бир учи катакнинг ичига кириб кетган эди. Уясининг тўри чуқур ва зах экан. Аввалига “маҳ-маҳ”лаб чақирдим. Қиё ҳам боқмади. Занжиридан тортиб, чиқармоқчи бўлдим…

Катагининг тўрида ғужанак бўлиб, тош қотиб қолган эди.

Дадам иккимиз Каллалисойга судраб кетаётганимизда Қўтирқоянинг устида нимадир чўнқайиб ўтирарди. Белдан ошаётганимизда бир-бир қадам ташлаб пастга энди. Оқтирноқни кўмиб, устидан тупроқ тортгунимизча қияда ўтирди. Сўнг бир маромда лўккиллаб дашт томонга йўл солди. Белга кўтарилганимизда қори кетиб, қора-қўнғир тус олган майдонда кетиб борарди. Узоқлашгани сари бепоён дашт саҳнида кичик нуқтага айланиб, тунд табиат қўйнига сингиб бораётгандек эди.

АНВАР СУЮНОВНИНГ «ОҚТИРНОҚ»
ҲИКОЯСИНИ ЎҚИБ

08

055 Баҳодир КАРИМОВ,
филология фанлари доктори:

– Бу ҳикоя айрим кимсаларнинг қалб иллати ва ҳайвонларнинг инсоний туйғулари тўғрисида. Муаллиф бу гапни бирор ўринда очиқ ёзмайди, сир тутади, яширади. Ўқувчини чалғитиш учун кўпкаридан, Оқтирноқнинг панжасидаги қўшсиртлонидан, итлар жангидан, Ҳосилотнинг ҳолидан гап очади…

Ҳикоя матнида одамларнинг исмлари кўп экан. Бироқ улар персонаж эмас, улар исмсиз, лақаби ё касби билан аталганда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Аммо Оқтирноқ ўз номи, психикаси ва харакатерига эга образ.

Қизиқ жойи шундаки, ҳикоя талқини учун яна бир фикрни қўшиш мумкин: Олаҳўккининг аянчли саодати – эркида, Оқтирноқнинг фожеаси эрксизлигида. Меҳмонлар Оқтирноқнинг ночор ҳолини кўриб, унга қиёсан Шукур ҳосилотнинг болаларини эслашади. “Ҳайвондир, одамдир, нимаики бўлмасин, сал эркинлик керак, кўпга аралашиб туриш керак”, дейди улардан бири. “Оқтироноқ”ни шу тезис асосида ҳам таҳлил этиш мумкин.

Тўғриси, менинг тасаввуримда ҳикоядаги ушбу иккинчи палладан кўра узун тафсилотларга эга бўлган ва сюжетни композицион жиҳатдан қолиплаб турган Олаҳўккининг “инсонийлик туйғулари” палласи босим келди. Бундай талқиннинг бошқа бир ассоциациявий сабаби ҳам бор. Илгарироқ моҳир таржимон Мирзаали Акбаров таржимасида олмон адиби Ҳерман Ҳессенинг “Бўри” ҳикоясини ўқиган эдим. Қишлоқ одамлари кечқурун озуқа илинжида овул оралаган бир оч бўрини қўлларида таёқлари билан қувиб қолишади. Оломон шовқин-сурон билан унинг изидан эргашиб кенг далагача бориб, бўрини ўларман қилиб уриб ташлаб кетади. Шу ҳолда ётган бўрининг кўзи осмондаги муназзаҳ ойни кўради. Одамлар қалби бундай назоҳат ва гўзалликдан бебаҳра. Ким бўри?!

Назаримда, Анвар Суюннинг ёвузликка қарши ит образини, унинг кўзи ва кўнглини контраст қўйиши ўз ижобий натижасини берибди. “Абдузамон” яхши топилган исм. Бу кимса, гарчанд ўқимишли бўлса ҳам, Яратганнинг эмас, замона иллатларининг қулидир. Заман билан ит орасида ҳикоянинг умумпафосига кўра зиддият бор. Ровий бола улар ўртасидаги мувозанатни сақловчи жонли, руҳли бир восита. Унда иложсизлик кайфияти устун: Оқтирноқни аяйдиган бўлса, меҳмон ака хафа бўлади. Меҳмоннинг кўнглига қарагани боис ити жароҳатланади; қисмат экан – ўлади.

Ҳикояда ит уруштириш жараёни анча батафсил, ишонарли тасвирланган. Ровий ҳодисани қораламайди, мақтамайди ҳам. Томошабинлар ундан завқланади. Бола эса оғмача кайфиятда юрагини ҳовучлаб туради. Бир қўйнинг пулини ўртага қўйиб гаров ўйнаган итбоз Абдузамондан одам хафа бўлади. Боташга қўшилиб Оқтирноққа ачинади. Олаҳўккининг унсиз фарёдини сезади.

Ровий воқеликни жуда тиғиз услубда баён этади. Гарчанд бироз меъёридан ошгандек таассурот қолдирса-да, ўзбек адабий тилида кўп ҳам қўлланилмаган янги сўз ва ибораларни ишлатади. “Қўқим”, “қиялама”, “чўнтоқ”, “танатўш”, “ўмров”, “симбуров” – адабий тилимизнинг луғат хазинасидан ўрин олишга муносиб бундай сўзлар эл орасида кўп. Муаллиф “тирама”, “дустаман” каби айрим сўзларнинг адабий тилда “тийрамоҳ”, “юзтубан” каби муқобили борлигини билиб ё билмай қўллайди. Бу “айб”ни ёзувчига эмас, балки ровийнинг устига юклаб юборилса, эҳтимол, ўзини оқласа керак. Чунки воқеликнинг “Ich-Erzählung”, яъни биринчи шахс тилидан баён этиш усули поэтик нутқдаги ўша ҳолатлар учун изн бериши мумкин. Аслида, ҳар қандай адибнинг сўз излаши, сўз танлаши, ибора ва сўз ясаши умуман адабий тил табиатига мос, кўпчиликка тушунарли бўлиши, тилни бойитишга хизмат этиши қадрланади…

Хуллас, бугунги адабий ҳаётда урчиган оддий “воқеанома”лардан фарқ қиладиган ушбу ҳикояни ёзган Анвар Суюн келгусида ўзининг нурли қалами билан адабиёт муҳибларини суюнтиришига умид қиламиз.

07Нормурод НОРҚОБИЛОВ,
ёзувчи:

– Анвар Суюннинг ҳикояси яхши бошланган. Тили ҳам ўзига хос. Дала-дашт ва ўз майлида улоқиб юрган дайди итнинг хатти-ҳаракатлари етук ёзувчиларга хос қисқа ва, энг муҳими, гўзал йўсинда ифода этилган. Бироқ сўнг-сўнг бу “гўзал”лик тафсилоти силқиб чиқа бошлайди ва оқибат, жониворнинг ўлими билан якун топади. Хўш, итнинг фожеаси ўқувчи қалбида қандай из қолдирди? Ҳеч қанақа. Табиатан кучли эса-да, ношудлиги туфайли заволга юз тутган бир жон, холос. Маълумки, ҳаётда ҳеч бир нарса, масалан, дейлик, комиллик ёхуд унинг акси бўлмиш тубанлик сабабсиз юзага келмайди, ҳар иккисининг илдизи ҳам бирор-бир бўшлиқдан ёхуд олис коинотдан эмас, жамиятидан, унинг камолати ва жаҳолатидан озиқланади ва бўй кўрсатади. Агар ёзувчи воқеликка ушбу нуқтаи назардан ёндашганида эди, итнинг фожеаси маълум бир салмоқ касб этиб, ўқувчи қалбини чертиб ўтиши тайин эди. Тўғри, “қопағон бўлсин” дея жониворнинг қоронғи бўлмада сақланиши, занжирбанд этилиши ва сўнг гаров эвазига ўзга бир итга қарши қўйилиши орқали ёзувчи нимагадир ишора қилган. Шахсан мен ўқувчи сифатида бу ишорада яралганидан бери табиатга фойдасидан кўра зиёни кўпроқ тегиб келаётган, нафс йўлида ҳеч балодан тап тортмайдиган ва ўзини бунга ҳақлиман деб билган ва биладиган одам боласининг лоқайд кирдикорларини пайқадим. Ким учундир бу нарсалар оддий ва одатий ҳол бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ижодкор учун эмас. Ижодкор аҳли ҳар нарсадан ўзгача маъно ва мазмун қидираркан, табиийки, буни ўзига хос тарзда ифода этишга интилади. Бироқ асарда баёнчилик ва ортиқча тафсилотларга урғу берилгани боис хиралик ортиб, воқелик ўқувчи шуурига кутилган даражада таъсир этмайди. Энди асар боши ва сўнгида тилга олинган ёввойилашган она ит масаласига келсак – у Оқтирноққа боғлиқ воқеалар қатига лирик чекиниш сифатида усталик билан сингдириб юборилса, янада соз бўларди – унинг асар бошида келиши воқеа ривожига хизмат қилган эса-да, аммо асар сўнгида кўланкаланиши мантиқсизликка сабаб бўлган. Негаки, узоқ йиллар ўрганишим ва кузатишларимга кўра, табиати ёввойиликка мойил бўлган жониворлар ўз зурриёди тақдирига кўпда бефарқ бўлмайди, ёввойи табиат қонуниятига кўра, бундан бирор наф чиқса-чиқмаса, одатда, улар боласи банди этилган, яъни қўним топган ҳудудда ўралашиб, бир-икки қора бермасдан қолмайди. Ҳикояда бу каби нозик ҳолатларнинг йўқлиги эса асар сўнгида пайдо бўладиган кўланкага нисбатан ишончсизлик руҳини туғдиради. Хуллас, Анвар Суюн итлар дунёсини яхши билади, лекин асарда барча билганларини баён этиши шарт эмас. Баён этишга интилиш баёнчиликни юзага келтиради, холос.

Умуман олганда, ёш ёзувчининг ушбу мавзуга қўл ургани, ҳикоя тили ва муайян тасвирий ютуқлари мени мамнун қилди.

03Отабек САФАРОВ,
тадқиқотчи:

– Жонлиқлар ҳақидаги аксарият битикларда асосий эътибор уларнинг табиатига, феъл-атворига қаратилар, моҳиятан итнинг инсонга вафодорлиги ҳақидаги қарашлар тасдиқланарди. “Оқтирноқ” ҳикояси муаллифи эса ўрганиб қолганимиз ана шу тасаввурдан ўзгача йўл тутади.

“Эшакдай гавдаси, туядай кучи”, рақибини “бир ҳамлада жулунини қайириб, майиб қиладиган савлати бор” Оқтирноқ нега олишувда ғолиб бўлолмади? Чунки у олишув сир-синоатини билмас эди. Чорвадорлар орасида афсонага айланган, бўрининг боласи бўлган ит ҳам, агар ҳаёт тегирмонида ийланиб-пишмас экан, мағлуб бўлиши муқаррардир. Ҳикоя қаҳрамонларидан бири айтганидек: “Ҳайвондир, одамдир, нимаики бўлмасин, сал эркинлик керак, кўпга аралашиб туриш керак”. Шу маънода “Оқтирноқ” лақаби фақатгина тус билдирмайди, балки итнинг тарз-ҳолатини англатади.

Ҳикоя замиридан сизиб чиқувчи бу мулоҳазалар одамзод турмушидаги айни ҳолатга ўхшаш манзараларни кўз олдимизга келтиради. Чиндан ҳам, қўлини совуқ сувга урмаган, тилаги оғзидан чиқмасидан муҳайё қилинган бола улғайганида оддийгина синов қаршисида ҳам довдираб қолади. “Оқбилак-да”, дейди кўпни кўрганлар бундай пайтда.

Кейинги йилларда тилимизни сунъийлаштириб, жозибасини йўқотишга “ҳисса” қўшаётган айрим радиобошловчилар ҳар икки гапнинг бирида қўллайдиган қуруқ жумла бор: “қўшиқ жаранг сочди”. Сўзларни нотўғри қўллаш ҳақидаги қатор мақолаларда қайта-қайта айнан шу мисол келтирилганига қарамай, “жаранг сочмоқ” тилдан-тилга ўтиб келмоқда. Онгимизга маҳкам ўрнашиб, қулоғимиз ўрганиб қолмоқда бу ғализ иборага. Унинг “Оқтирноқ” ҳикоясида ҳам учрагани, рости, мени афсуслантирди: “(Оқтирноқнинг) Овози дўрилдоқ – қандайдир ваҳимали жаранг сочарди”.

Бундан ташқари, ҳикояда “тираманинг ачимтир иссиғи”, “чўпонларнинг ишқибозчилиги зўр эди”, “санчқи билан ғарамдан пичан суғираётувдим”, “ўнга яқин арлони ит бир-бири билан солишиб ётган эди”, “Оқтирноқ… мени судраб чопқинлар”, сингари тишга тегадиган, зўраки қўлланилган яна бир қатор сўзлар борки, улар ҳикоянинг равон ўқилишига халақит беради, китобхоннинг фикрини чалғитади.

Ёзувчи Аҳмад Аъзам тил ҳақидаги мақолаларида куюнчаклик билан “Тил ўтмишидан юз буриш – ўзлигидан юз буриш, сўз бойликларини суррогат атамаларга алмаштириш бу – тафаккурни суррогат қолипга солиб, адабий тилни муайян тушовга солиб қўйишдир”, деб уқтирган эди. Қалам аҳли, айниқса, ёш ижодкорлар бу аччиқ гапларни унутмаслиги керак, деб ўйлайман.

Манба: «Ёшлик» журнали, 2015,8-сон

11

Anvar SUYUNOV
OQTIRNOQ
034

094Anvar Suyunov 1983 yilning 29 aprelida Samarqand viloyatining Bulung’ur tumanida, Eshmonto’p qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakul`tetini bitirgan. Gazeta va jurnallarda, televidenieda ishlagan. Maktabning o’n birinchi sinfida o’qib yurgandayoq “Qushlarga to’la osmon” nomli she’riy to’plami nashr etilgan. O’zining yozishicha, keyinchalik negadir she’r yozishga qiziqishi susayib ketgan va hikoya mashq qila boshlagan. «Nazarimda, proza kengroqday» deb ta’kidlaydi u.

034

Uni ilk bor G’o’bdintog’ etagida uchratdim.

Quyosh nurlari nimjo’sh rutubatni kesib, tiramaning achimtir issig’i zabtiga olganida yaydoq dalada lo’kkillab ketib borardi. Ahyon-ahyonda biyday yalanglikda is olib chopar, gohida bo’ynini cho’zib shuvoqlar orasiga hezlanib tikilib qolardi…

Ovi baroridan kelmasa, yana somonpoyasi yig’ib olingan maydonga chiqib olardi.

Odam oyog’i uzilgan adoqsiz dasht sahnida undan bo’lak qora ko’rinmaydi. Pastqam tepaliklarga yaqinlashavergach, yo’lini o’ngga burdi. Sel yo’lida hosil bo’lgan jarliklar oralab, shox-shabba va qush patlari uyulib qolgan qo’qimlarni hidlab ko’rdi. So’ng kungay tarafdagi qiyalama sari yo’rtib ketdi. Etakdagi to’qayga o’xshash bodomzorda sang’ib yurdi: mullato’rg’ay quvdi, kovulning qotgan mevalarini terib yedi, eski qo’shxonada1 allanimaning qoldiqlarini titkiladi. Ichida ovqatyuqi qotib qolgan selofan idish kuzning yengil shabadasida pirillab, itning og’zida osilib borardi. Daraxt shoxlaridagi dasht qushlari yelim xaltaning shitirlashi va itning bir maromda yo’rtishini qiziqsinib kuzatib turadi. U yovvoyi bodomlar orasidagi akas tagida oyoq ildi. Tandirning og’zidek kovak ichiga yer bag’irlab o’rmalay boshladi…

Sangzor va Zarafshon orasidagi kimsasiz G’o’bdin dashtiga bu it qaerdan kelib qolgan?. Qanday ayanch qismat odamlardan olis, ovloq manzilga uloqtirib tashlagan? Qaysi qilmishi bunday taqdirga ro’baro’ qilgan? Hech kim bunday savollarga javob bera olmas, ochig’i, uning hayot tarzi hech kimning xayoliga kelmas edi. Ha-ya, nazardan batamom qolgan, tashlandiq emasdi: bolalagan kezlari kuzatuvda bo’lardi. Ishqibozlar zimdan poylab, izma-iz yurib inini topardi; hali ko’zi ochilmagan kuchukchasini xurjunga solib, dunyo topgan kaldek suyunib qaytardi. Cho’ponlar: “Bolalari bo’ribosar bo’ladi”, derdi. “Bittasi ikki qashqirga teng!” degan gaplar ham ulardan chiqqan. Qiziq, laqabiyam turlicha edi.

– G’ubursoyning kuchugi, – dedi bir kuni opam gap orasida.
– Saroylining sayoq iti! – jahl qiluvdi meshini g’ajib ketganida Zubayda qo’shnimiz.
– Olaho’kki! – deb edi rahmatli Ismat cho’pon bir ma’rakada.

Ismat cho’ponning nega Olaho’kki deganiga haligacha tushunmayman. Chunki uning olasi yo’q, qizg’ish malla, tug’ma cho’ntoq edi. Shalpanglagan quloqlari, kalta tumshug’i et olgan paytlari o’ziga yarashib turardi…

O’shanda oltinchimi, yettinchimi sinfda, ishqilib, kichkina maktabda o’qirdim. Bolalar to’qqizni bitirgach, katta maktabga o’tardi. Shunisi esimda. Ko’pkarilab ketgan dadam bir oy deganda nomozshom mahali qaytdi. Sanchqi bilan g’aramdan pichan sug’irayotuvdim, otning uzun-uzun pishqirig’i eshitildi. Darvoza yonidagi oqqa burkangan otliqqa ko’zim tushdi: dadamni ham, Chambil laqabli otimizni ham charchoq bosib turardi. Jonivorning taram-taram yolida, dadamning qayrilma mo’ylovida tomchinusxa sumalaklar bor edi.

– Qorong’i tomda katta qilsang, – Chambilni otayvonga olayotuvdim, otam kecha-bugun ko’zi ochilgan kuchukchani uzatdi. – Qopqir bo’ladi!

Gidikning mizoji yaxshi ekan, sal kunda qora ovqatga o’rgandi. Qish oxirida tozidek ingichka, lekin bo’ydor itga aylandi. Ikki qor bosganida qishlog’imizning oldi iti bo’ldi. Men uni olti oy qorong’i tomda saqladim. Shu boismikan, dadam aytganidek, qopqir va badjahl bo’ldi. Kattaravergani sayin qo’ni-qo’shnilar seskana boshlagach, hovlimiz etagidan guvaladan in qurdik. Belbaravar qoziq qoqib, boylab qo’ydik. Avvaliga oti yo’q edi, ukam ikkimiz duch kelgan nom bilan chaqirardik. Hayit arafasi mehmonga kelgan ammam bir-ikki hayiqib: “Ol, anov Oqtirnog’ingni?!” degach, laqabi Oqtirnoq bo’lib qoldi.

Bir safar zanjirini uzib, Qo’ziboy boboni bosganida dadam qattiq baqirdi.

– Miyang suyulib ketganmi? Hech zamonda itning zanjirini chilvir bilan ildiradimi qoziqqa?! – otam jahl bilan Oqtirnoqni katagi tomon sudrab borardi. – Simburov solsang, qilt etmaydi-ku! Bo’riga ilakishgan Olaho’kkidan bo’lsa bu…

Nogahon Olaho’kkining zurriyodi ekanligini bildim. Qo’ziboy boboni qopgan bo’lsayam mehrim oshib ketdi. Chunki uning bolalarini hamma orzu qilar, ayniqsa, cho’ponlarning ishqibozchiligi zo’r edi. Ich-ichimdan suyundim. Dadam keyinchalik nega sir saqlaganini aytib berdi. Olaho’kki yilda bir marta, yolg’iz bola tug’armish. Biragay kuchuk nihoyatda olg’ir bo’larmish. Kuchga to’lganida har qanday qashqirning dodini berarmish.

Yana, bo’rini oladigan itni sirtlon ham deyishadi. Sirtlonlarning orqa oyog’ida oltinchi tirnog’i bo’ladi. Tirnog’i yettita, ya’ni qo’shsirtlon itlar ham bo’ladi. Bunaqalari juda kam uchraydi. Qishlog’imiz keksalari: “Ular bo’ri bilan olishganida sirtlon tirnoqlari ish beradi”, deb ko’p gapirardi. Oqtirnog’imizning old panjasida ham qo’shsirtloni bor edi. Dadam: “Buning tomirida qashqir qoni oqayotir!” degich edi piypalab erkalaganida.

Oqtirnoq uch qor bosganida tanato’sh oldi. O’mrovlari kengayib, bo’yni qalinlashdi. Shunga yarasha panjalari ham yo’g’onlashdi. Kallasi xumdek edi. Ovozi do’rildoq – qandaydir vahimali jarang sochardi. Uyimizga begona kelsa yoki hamsoyalarning moli darvoza hatlasa, chunonam tashlanardiki, gohida zanjirini uzmasaydi deb qo’rqardim. Tengqurlarim ham havas, ham hasad bilan qarardi. Bahaybat gavdasi, bo’ri kelbati odamni hayiqtirardi. Ayniqsa, tug’ma cho’ntoq dumi, tagidan kesilgan quloqlari yanayam haybatli ko’rsatardi. Qizg’ish ko’zlari qo’rquvga solardi kishini. Uning yana bir g’ayrioddiy qilig’i bor edi: uzun qish kechalari uvlab chiqardi. Har gal uvlashdan oldin qisqa-qisqa hurib olardi. Uning bu hurishi ko’proq chiyillab-g’ingshiyotganga o’xshardi.

O’limidan keyin ko’p o’ylab yurdim: nega bunday qilardi? Qandaydir siri bormidi?.. Haligacha tagiga yetganim yo’q. Lekin, otamning “Ota tomoniga tortdi-da!” degan gapi xotiramda.

Chambilimiz eng katta solim – tuyaga tashlagan kuni Oqtirnog’imiz yana zanjirini uzdi. Avvaliga katagida jimgina yotgan edi. Men qo’tondan qiy chiqarayotuvdim. Daf’atan inidan otilib chiqib, qibla tomonga siltanib huraverdi. Hovlimizni uning mag’rur va do’rilloq ovozi tutib ketdi. Har siltanganida katagi baravar sakrab zanjirini uzgudek otilardi.

– Qara anovga! Non-pon tashladingmi? – dedi opam oshxonadan chiqqan po’choqlarni sigirimiz oxuriga to’kayotib. – Og’ilning sirtida daydi itlar yuribdimi deyman.

Kurakni olib sirtga chiqdim. Shunda… yonimdan bir ko’lanka o’qday uchib, ko’krak bo’yi devordan hatladi-yu, ko’zdan yo’qoldi. So’ng itlarning g’ala-g’ovuri, ayrimlarining uvvos solib chiyillashi eshitildi. Hamza podachining betkayligida Oqtirnoq o’nga yaqin it bilan olishib yotardi. Yo’q, Oqtirnoq emas, o’nga yaqin arloni it bir-biri bilan olishib yotgan edi. Qulog’i kesilmagan qanjiq betkaylikda lo’killab ketib borardi. Birpasda bolalar jam bo’lib itlarni olkishladik. Men qo’ng’ir itni tagiga bosib olgan Oqtirnog’imizga kisht berib turdim. Qo’ng’ir Oqtirnoqning tagidan sibjirilib chiqar, u esa zilday gavdasi bilan bosib olardi. Gohida tik turib savashar, Oqtirnoq bir zarb bilan qulatib yana tagiga olardi.

– Iting hadisini bilmaskan!

Kutilmagan xitobdan ortimga burildim. Ismat cho’pon olishuvni bamaylixotir, lekin sinchkov kuzatib turardi.

– Eshakday gavdasi, tuyaday kuchi bor! – cho’pon o’ziga o’zi gapirayotganmidi yoki menga aytayotibmidi anglab bo’lmasdi. – Ikki marta Qo’ng’irning bo’g’izi to’g’ri keldi. Eplolmadi. Bir hamlada julunini qayirib, mayib qiladigan savlati bor-a…

Lekin cho’ponning aytgani bo’lmadi. Oqtirnoq raqibini bosib turaverdi-turaverdi. Bir mahal jarning nishabligi o’ngay kelganda, Qo’ng’ir sibjirilib chiqdi-da, tura qochdi. Oqtirnoq jahd bilan quvsayam yeta olmadi. Qo’ng’ir dumini choti orasiga olib, qishloq oralab ko’zdan g’oyib bo’ldi. Itimni sudrab kelib, zanjirini qoziqqa qalin sim bilan boylab qo’ydim. Shu payt bo’ynining ostidagi jarohatga ko’zim tushdi. Terisi bir qarich kesilgan edi. Silqillab qon tomchilardi. Tasmasini avaylab olib, yelkasi va to’shidan arqon o’tkazib bog’ladim. Dadam kelguncha katta enam ikkimiz kepak qizdirib bosdik. Eski ro’mol bilan bo’ynini o’rab qo’ydik.

– Nima bo’ldi bunga? – qosh qorayganda uzangidoshlari bilan qaytgan dadam itni ko’zdan kechirayotib so’radi. – Pichoq bilan tilgandek-ku!

Xullas, dadam allambalo, hidi o’tkir dorilar bilan ancha vaqt muolaja qildi. Har safar malham surayotganida eski chopon bilan tumshug’idan ushlab turardim. Qish adoqlab, ko’klam oyoqlagungacha zo’r berib qaradik. Bilmadim, ammamning katta o’g’li kelib, Oqtirnoqni olishuvga olib chiqmaganida yoki uni urishtirishiga qarshi turganimda boshqacha bo’larmidi…

Zaman aka – ammamning katta o’g’li, dadamning to’ng’ich jiyani edi. Shu boismikan, erkatoyligi biznikida ham o’tardi: uyga kelsa istagan ishini qilar, xohlasa ot minardi yoki “Jiguli”mizni uchirib kelardi. Negadir otam ko’p qattiq gapirmasdi unga. Ayniqsa, Chambilimizni terga pishirib kelgan kezlari “Ayting, minmasin!” deb jig’ibiyronim chiqardi.

– U – mehmon, sen – uy egasi! – deb vazmin gap qotardi dadam. – Bir terlagani bilan oting o’lmaydi. Qaytanga, pishadi.

Zaman aka esa bilganidan qolmasdi. Xuddi tog’begidek ko’ngliga kelganini qilardi. Shaharda do’xtirlikka o’qirdi. Shuning uchunmi, o’rischa aralashtirib gapirardi. Ha-ya, uning oti aslida Zaman emas, Abduzamon! Negadir “abdu”si tushgach, xunukkina “zaman”ga aylanib qolgan.

– Hey, Botash! – dedi o’sha kuni kulchatoyni yeb bo’lgach. – Davay, kuchugingni obchiq. Hozir cho’botlar keladi, urushtiramiz: bir qo’y tikib, garov o’ynaganman.

Dadam eshitmadimi yoki payqamadimi, ishqilib, hech narsa demadi. Nima qilay degan ma’noda qaragan edim, parvo ham qilmadi. Dasturxonga omin aytilgach, noiloj qo’zg’aldim. Istar-istamas Zaman akaning ortidan tushdim. Oqtirnoq anchadan beri qoziqda turganligi uchun meni sudrab chopqinlar, uzoqdagi itlarni ko’rsa vahima solib hurib qo’yardi. Hash-pash deguncha atrofimizda tengto’shlarim ko’payib ketdi. Barchasi olishuvni muhokama qilib borar, men esa zanjirni mahkam qisib oldinda yo’rtib ketardim.

Kallalisoyga yetganda ularning qorasi ko’rindi. O’n choqli bola uvoqqina bir itni o’rtaga olib, bo’ynini siypar, yelka va oyoqlarini uqalardi. It shunga o’rgangan, shekilli, tumshug’ini cho’zib, gavdasini kerishtirib, ajib bir holatda mazza qilayotgandek edi. Yaqinlashaverganimizni ko’rib, oldinma-keyin soyga tushishdi. Soyning tekisroq joyini tanlab, mayda toshlardan ulkan aylana qildik. Zaman aka ularning Tengboy degich kattasi bilan muzokara qildi. Ikkovi o’rtaga bir qo’yning pulidan tikib, xolis odam – o’ngatlik Qurolboy jo’ramga berib qo’ydi. Ashur aka hakam bo’ldi. Darvoqe, Oqtirnoq ularning itini ko’rgach, shovqin solib, siltanib tashlansa ham, u parvo qilmas, egasining ortidan mayda qadamlar bilan yo’rg’alab ketaverardi. Hayiqqan-hayiqmaganini bilib bo’lmasdi. Doira ichiga solib, jangga tashlaganimizda ham hurmadi. Faqatgina irillab, tishining oqini ko’rsatib, ilkis Oqtirnoqqa tashlandi.

Birinchi bo’lib hujumni u boshladi. Itimning chap boldiridan olib, piypalab g’ajishga o’tdi. Oqtirnoq ulkan gavdasi bilan surib borib yotqizdi. Qarchig’ayiga og’iz solib, pastga bosdi. Uning beli mayishib, bir amallab Oqtirnoqning chap tomoniga o’tib, biqinidan oldi. O’sha kez bahaybat Oqtirnog’imning qoyadek ag’darilganini va cho’botlar iti ildamlik bilan bo’g’ziga chang solganini ko’rdim. Ichim idrab ketdi. Oqtirnoq xirillar, mening esa qonim qaynab-toshardi. Davradan qisilib chiqib ajratmoqchi bo’ldim. Kimdir tirsagimdan tortdi.

– Nima deysan, iting oldirganini tan olasanmi? – dedi Tengboy Zaman akaga.

– He, nima deyapsan?! O’ligini olib ketasan laychangning!

Zaman akaning shu gapidan keyin doira tarafga burildim. Oqtirnoq cho’botlar itining ustiga chiqib, to’g’rirog’i, dustaman yotqizib, qulog’ini chaynab-piypalardi. Yelkamdan tog’ ag’darilgandek, shu topda o’zim g’alaba qozonayotgandek edim. Afsuski, raqibimiz o’ta chayir, chayir ham emas, qayish ekan. Chapdastlik bilan buralib, zilday bosib turgan ko’lankadan xalos bo’ldi. Ikkisi ajrashib, yana urushmoqqa tushdi.

– Hey, qaranglar! Ko’ktoy dum tashladi, – dedi qo’shnimiz Hamroqul qichqirib.

Haqiqatan ham, cho’botlarning ko’k iti shalvirab, gajak dumi osilib qolgan edi.

Orada ancha bahs bo’ldi. Birov unday, birov bunday dedi. Tortishuvga hakam – Ashur aka nuqta qo’ydi:

– Yana bir marta qo’yamiz, qaysi biri bossa shunisi g’olib!

Itlar maydonga tushishi bilan avvalgi shijoatga mindi. Oldiniga tik turib savashdi. Bunda Oqtirnoqning qo’li baland keldi. O’ng panjasi bilan Ko’ktoyni urib ag’dardi-da, sag’risidan bosdi. Oqtirnoqning tik turib savashishda g’alaba qilishi aniq. Chunki uning tanasi raqibinikidan ancha yirik edi. Ko’ktoy juda chaqqon va urushishning hadisini olgan ekan. Chapdastlik bilan o’nglanib, Oqtirnoqning chotiga tish botirdi. Yotgan joyida bir ag’darilib, Oqtirnoqning orqa tomoniga o’tib oldi. Shunda itimning orqa o’ng oyog’i cho’zilib, noqulay turib qoldi. Ko’ktoy shuni poylab turgan ekanmi, orqaga tisarilib Oqtirnoqni rezinadek cho’za boshladi. Boyaqish hech narsa qila olmas, faqat ortiga qarab irillardi. Tag’in ichimga vahima tushdi. “Bor-ye!” deb ajratib olish uchun doira tomon yurdim. Ko’ktoy enishda edi. Tisarilib tortavergach, tobora pastlayverdi. Kutilmaganda Oqtirnoq ilkis ortiga buralib siltandi. Ko’ktoy yana uning tagiga tushdi. Oqtirnoq raqibining chakkasiga og’iz solib piypalayverdi…

– Bo’ldi! – dedi cho’botlar orasida birov yig’lamsiragan ovozda. – Itimni o’ldirib qo’yadi.

Ashur aka qo’lidagi xalacho’pni Oqtirnoqning og’ziga solib buradi. Ko’ktoy ozod bo’ldi va qimir etmay tilini osiltirib turaverdi. Oqtirnoq cho’loqlanib chetga chiqdi.

– Ho-ov, bolalar! – ko’zi qisiq bola tuyqus gap boshladi. – Manov kuchuk chetladi – yutqizdi!

Tag’in bahs boshlandi.

– Kelinglar, oxirgi marta maydonga tushiramiz! – Ashur hakam janjalning oldini olish uchun murosaga keltirmoqchi bo’ldi. – Qaysi biri yengarkan?

Men norozi bo’ldim. Qonga belangan Oqtirnoqqa ichim achidi. Ayniqsa, tingan ko’zlari, osilib turgan tili, chotidagi kesik jarohati rahmimni keltirdi. Zaman aka zo’rlik bilan davraga tortdi. Oqtirnoq sudralib bordi. Lekin… Ko’ktoy irillab u yer-bu yeriga chang solganda ham ayiqdek beparvo turdi. So’ng og’ir qadamlar bilan aylana chetiga chiqdi.

Cho’botliklar kalaka qilib kulishdi. Zaman akaning jahli chiqdi. Mushtdek toshni olib Oqtirnoqqa uloqtirdi. Tosh uning biqiniga tekkanida bir siltanib tushdi.

– Tfu, buning dal`tonik1, ha, qip-qizil dal`tonik! – dedi Zaman aka jahlini jilovlay olmay. – Buning faqat uyingga kelgan begonani, qo’shnining molini ko’radi. Manov laychani ko’rmaydi. Uni ko’rish uchun ko’z kerak, yurak kerak!

Men Oqtirnoqni yetaklab qiyaga o’rladim. Bolalar tarqalishdi. Ziyon asabiga urgan Zaman aka soy o’rtasida hamon shunga o’xshash gaplarini takrorlardi:

– Bo’rini oladi desam, chiniminan ko’ppak-ku bu! Na olishishni biladi, na chap berishni. G’irt dal`tonik: uyga begona kelsa bosishi kerak, mol-hol ostona hatlasa o’takasini yorishi kerak. O’rgildim, senga o’xshagan Ollaho’kkining bolasidan. Kasal – bu!

Kechqurun mol-holni tinchitib uyga kirganimda dadam qorakisalik chavandozlar bilan gurunglashib o’tirgan ekan.

– Zaman jiyan ko’rinmaydi?! – dedi choy ko’tarib kirganimda.

Chidab turolmadim. Oqtirnoqning ayanchli holidan ichim ezilib ketgandi. Nazarimda, o’lar holga kelgandi u. Hiqichog’imni bazo’r bosib:

– Zaman ketdi, Oqtirnoqni o’ldirib tinchidi! – dedim yig’lamsirab.

Polvonlar biri olib-biri qo’yib meni tinchlantirdi. Dadamga hammasini aytib berdim.

– Parvo qilma! – maslahat berdi to’rdagi shopmo’ylov mehmon. – Bundan bu yog’iga kechqurunlari bo’shatib, ertalab boylab qo’y. Shunda pishadi, uqdingmi!

– To’g’ri aytasiz, Oqbo’ta aka! – dadam ma’qullab gap qo’shdi. – Buning kuchugi zanjirini uzib bo’shalmasa, bo’sh qo’ymaymiz-da. Shunga o’nglab urusha olmagan. Uzzukun bir qoziqda turgandan keyin qaydan bilsin?

Shu bilan gap o’zani boshqa tomonga burildi.

– Hayvondir, odamdir, nimaiki bo’lmasin, sal erkinlik kerak, ko’pga aralashib turish kerak, – piyolani kaftida o’ynab o’tirgan Abdul chapaqay degich qo’shildi oraga. – Bu – it ekan. O’ngatlik Shukur hosilotning gap-so’zidan umuman hafsalam pir bo’ldi. U shahardagi Tolli jiyan bilan tomir bo’laman deb xo’p ko’rdi. Bolalari bo’shang, shekilli, murodi hosil bo’lmagach: “O’g’ling o’ngli bo’lmasayam qiyin ekan”, deb nolib yuribdi. “Ming qistasam ham, shaharga bormadi sho’ringqurg’ur”, dedi u kuni tegirmonboshida. Nima emish, kuyov bo’lmish shaharlik qizlardan hayiqarmish.

– E-e, Abdul aka. Hosilotning bolalari uydan ko’chaga chiqmagan, beshikdan tushganidan beri suruvning ketidan ergashib yurgan bo’lsa, – shopmo’ylov polvon gapni ilib ketdi. – Ularda nima gunoh, asli Shukur ziqnani urib ketgan. Bitta-yarimini o’qitganida yoki munday bir elga aralashtirganida bolaning o’zi qizni yetaklab kelardi.

Hangoma ancha cho’zildi. Peshma-pesh choy damlab, qaynatmaning kosalarini yig’ib oldim. Oyim xamir iylab, kulchatoy tadorigiga kirishayotgan edi…

Ertalab Chambilni yakkamixga olib, qo’ylarga arpa berayotganimda qo’noqlar turnaqator bo’lib uydan chiqdi. Avval dadam bilan, so’ng katta enam va oyim bilan xayrlashdilar. G’ovga yetganida Abdul chavandoz jilovni tortib menga yuzlandi:

– Bo’ribosaringni har oqshom bo’sh qo’y, ulim. O’tgan-ketgan itlar bilan talashaversa, o’yini ko’payadi. Hademay qashqir bilan dovlashadigan bo’ladi.

Daf’atan Oqtirnoqning katagi tarafga qaradim…

U ko’rinmasdi. Mollarning oxuriga yemish tashlab, tevarakni ko’zdan kechirdim. Qozig’iga ildirilgan zanjirga ko’zim tushdi: bir uchi katakning ichiga kirib ketgan edi. Uyasining to’ri chuqur va zax ekan. Avvaliga “mah-mah”lab chaqirdim. Qiyo ham boqmadi. Zanjiridan tortib, chiqarmoqchi bo’ldim…

Katagining to’rida g’ujanak bo’lib, tosh qotib qolgan edi.

Dadam ikkimiz Kallalisoyga sudrab ketayotganimizda Qo’tirqoyaning ustida nimadir cho’nqayib o’tirardi. Beldan oshayotganimizda bir-bir qadam tashlab pastga endi. Oqtirnoqni ko’mib, ustidan tuproq tortgunimizcha qiyada o’tirdi. So’ng bir maromda lo’kkillab dasht tomonga yo’l soldi. Belga ko’tarilganimizda qori ketib, qora-qo’ng’ir tus olgan maydonda ketib borardi. Uzoqlashgani sari bepoyon dasht sahnida kichik nuqtaga aylanib, tund tabiat qo’yniga singib borayotgandek edi.

ANVAR SUYUNOVNING «OQTIRNOQ»
HIKOYASINI O’QIB

08

 Bahodir KARIMOV,
filologiya fanlari doktori:

– Bu hikoya ayrim kimsalarning qalb illati va hayvonlarning insoniy tuyg’ulari to’g’risida. Muallif bu gapni biror o’rinda ochiq yozmaydi, sir tutadi, yashiradi. O’quvchini chalg’itish uchun ko’pkaridan, Oqtirnoqning panjasidagi qo’shsirtlonidan, itlar jangidan, Hosilotning holidan gap ochadi…

Hikoya matnida odamlarning ismlari ko’p ekan. Biroq ular personaj emas, ular ismsiz, laqabi yo kasbi bilan atalganda ham hech narsa o’zgarmaydi. Ammo Oqtirnoq o’z nomi, psixikasi va xarakateriga ega obraz.

Qiziq joyi shundaki, hikoya talqini uchun yana bir fikrni qo’shish mumkin: Olaho’kkining ayanchli saodati – erkida, Oqtirnoqning fojeasi erksizligida. Mehmonlar Oqtirnoqning nochor holini ko’rib, unga qiyosan Shukur hosilotning bolalarini eslashadi. “Hayvondir, odamdir, nimaiki bo’lmasin, sal erkinlik kerak, ko’pga aralashib turish kerak”, deydi ulardan biri. “Oqtironoq”ni shu tezis asosida ham tahlil etish mumkin.

To’g’risi, mening tasavvurimda hikoyadagi ushbu ikkinchi palladan ko’ra uzun tafsilotlarga ega bo’lgan va syujetni kompozitsion jihatdan qoliplab turgan Olaho’kkining “insoniylik tuyg’ulari” pallasi bosim keldi. Bunday talqinning boshqa bir assotsiatsiyaviy sababi ham bor. Ilgariroq mohir tarjimon Mirzaali Akbarov tarjimasida olmon adibi Herman Hessening “Bo’ri” hikoyasini o’qigan edim. Qishloq odamlari kechqurun ozuqa ilinjida ovul oralagan bir och bo’rini qo’llarida tayoqlari bilan quvib qolishadi. Olomon shovqin-suron bilan uning izidan ergashib keng dalagacha borib, bo’rini o’larman qilib urib tashlab ketadi. Shu holda yotgan bo’rining ko’zi osmondagi munazzah oyni ko’radi. Odamlar qalbi bunday nazohat va go’zallikdan bebahra. Kim bo’ri?!

Nazarimda, Anvar Suyunning yovuzlikka qarshi it obrazini, uning ko’zi va ko’nglini kontrast qo’yishi o’z ijobiy natijasini beribdi. “Abduzamon” yaxshi topilgan ism. Bu kimsa, garchand o’qimishli bo’lsa ham, Yaratganning emas, zamona illatlarining qulidir. Zaman bilan it orasida hikoyaning umumpafosiga ko’ra ziddiyat bor. Roviy bola ular o’rtasidagi muvozanatni saqlovchi jonli, ruhli bir vosita. Unda ilojsizlik kayfiyati ustun: Oqtirnoqni ayaydigan bo’lsa, mehmon aka xafa bo’ladi. Mehmonning ko’ngliga qaragani bois iti jarohatlanadi; qismat ekan – o’ladi.

Hikoyada it urushtirish jarayoni ancha batafsil, ishonarli tasvirlangan. Roviy hodisani qoralamaydi, maqtamaydi ham. Tomoshabinlar undan zavqlanadi. Bola esa og’macha kayfiyatda yuragini hovuchlab turadi. Bir qo’yning pulini o’rtaga qo’yib garov o’ynagan itboz Abduzamondan odam xafa bo’ladi. Botashga qo’shilib Oqtirnoqqa achinadi. Olaho’kkining unsiz faryodini sezadi.

Roviy voqelikni juda tig’iz uslubda bayon etadi. Garchand biroz me’yoridan oshgandek taassurot qoldirsa-da, o’zbek adabiy tilida ko’p ham qo’llanilmagan yangi so’z va iboralarni ishlatadi. “Qo’qim”, “qiyalama”, “cho’ntoq”, “tanato’sh”, “o’mrov”, “simburov” – adabiy tilimizning lug’at xazinasidan o’rin olishga munosib bunday so’zlar el orasida ko’p. Muallif “tirama”, “dustaman” kabi ayrim so’zlarning adabiy tilda “tiyramoh”, “yuztuban” kabi muqobili borligini bilib yo bilmay qo’llaydi. Bu “ayb”ni yozuvchiga emas, balki roviyning ustiga yuklab yuborilsa, ehtimol, o’zini oqlasa kerak. Chunki voqelikning “Ich-Erzahlung”, ya’ni birinchi shaxs tilidan bayon etish usuli poetik nutqdagi o’sha holatlar uchun izn berishi mumkin. Aslida, har qanday adibning so’z izlashi, so’z tanlashi, ibora va so’z yasashi umuman adabiy til tabiatiga mos, ko’pchilikka tushunarli bo’lishi, tilni boyitishga xizmat etishi qadrlanadi…

Xullas, bugungi adabiy hayotda urchigan oddiy “voqeanoma”lardan farq qiladigan ushbu hikoyani yozgan Anvar Suyun kelgusida o’zining nurli qalami bilan adabiyot muhiblarini suyuntirishiga umid qilamiz.

Normurod NORQOBILOV,
yozuvchi:

– Anvar Suyunning hikoyasi yaxshi boshlangan. Tili ham o’ziga xos. Dala-dasht va o’z maylida uloqib yurgan daydi itning xatti-harakatlari yetuk yozuvchilarga xos qisqa va, eng muhimi, go’zal yo’sinda ifoda etilgan. Biroq so’ng-so’ng bu “go’zal”lik tafsiloti silqib chiqa boshlaydi va oqibat, jonivorning o’limi bilan yakun topadi. Xo’sh, itning fojeasi o’quvchi qalbida qanday iz qoldirdi? Hech qanaqa. Tabiatan kuchli esa-da, noshudligi tufayli zavolga yuz tutgan bir jon, xolos. Ma’lumki, hayotda hech bir narsa, masalan, deylik, komillik yoxud uning aksi bo’lmish tubanlik sababsiz yuzaga kelmaydi, har ikkisining ildizi ham biror-bir bo’shliqdan yoxud olis koinotdan emas, jamiyatidan, uning kamolati va jaholatidan oziqlanadi va bo’y ko’rsatadi. Agar yozuvchi voqelikka ushbu nuqtai nazardan yondashganida edi, itning fojeasi ma’lum bir salmoq kasb etib, o’quvchi qalbini chertib o’tishi tayin edi. To’g’ri, “qopag’on bo’lsin” deya jonivorning qorong’i bo’lmada saqlanishi, zanjirband etilishi va so’ng garov evaziga o’zga bir itga qarshi qo’yilishi orqali yozuvchi nimagadir ishora qilgan. Shaxsan men o’quvchi sifatida bu ishorada yaralganidan beri tabiatga foydasidan ko’ra ziyoni ko’proq tegib kelayotgan, nafs yo’lida hech balodan tap tortmaydigan va o’zini bunga haqliman deb bilgan va biladigan odam bolasining loqayd kirdikorlarini payqadim. Kim uchundir bu narsalar oddiy va odatiy hol bo’lib tuyulishi mumkin. Ammo ijodkor uchun emas. Ijodkor ahli har narsadan o’zgacha ma’no va mazmun qidirarkan, tabiiyki, buni o’ziga xos tarzda ifoda etishga intiladi. Biroq asarda bayonchilik va ortiqcha tafsilotlarga urg’u berilgani bois xiralik ortib, voqelik o’quvchi shuuriga kutilgan darajada ta’sir etmaydi. Endi asar boshi va so’ngida tilga olingan yovvoyilashgan ona it masalasiga kelsak – u Oqtirnoqqa bog’liq voqealar qatiga lirik chekinish sifatida ustalik bilan singdirib yuborilsa, yanada soz bo’lardi – uning asar boshida kelishi voqea rivojiga xizmat qilgan esa-da, ammo asar so’ngida ko’lankalanishi mantiqsizlikka sabab bo’lgan. Negaki, uzoq yillar o’rganishim va kuzatishlarimga ko’ra, tabiati yovvoyilikka moyil bo’lgan jonivorlar o’z zurriyodi taqdiriga ko’pda befarq bo’lmaydi, yovvoyi tabiat qonuniyatiga ko’ra, bundan biror naf chiqsa-chiqmasa, odatda, ular bolasi bandi etilgan, ya’ni qo’nim topgan hududda o’ralashib, bir-ikki qora bermasdan qolmaydi. Hikoyada bu kabi nozik holatlarning yo’qligi esa asar so’ngida paydo bo’ladigan ko’lankaga nisbatan ishonchsizlik ruhini tug’diradi. Xullas, Anvar Suyun itlar dunyosini yaxshi biladi, lekin asarda barcha bilganlarini bayon etishi shart emas. Bayon etishga intilish bayonchilikni yuzaga keltiradi, xolos.

Umuman olganda, yosh yozuvchining ushbu mavzuga qo’l urgani, hikoya tili va muayyan tasviriy yutuqlari meni mamnun qildi.

Otabek SAFAROV,
tadqiqotchi:

– Jonliqlar haqidagi aksariyat bitiklarda asosiy e’tibor ularning tabiatiga, fe’l-atvoriga qaratilar, mohiyatan itning insonga vafodorligi haqidagi qarashlar tasdiqlanardi. “Oqtirnoq” hikoyasi muallifi esa o’rganib qolganimiz ana shu tasavvurdan o’zgacha yo’l tutadi.

“Eshakday gavdasi, tuyaday kuchi”, raqibini “bir hamlada julunini qayirib, mayib qiladigan savlati bor” Oqtirnoq nega olishuvda g’olib bo’lolmadi? Chunki u olishuv sir-sinoatini bilmas edi. Chorvadorlar orasida afsonaga aylangan, bo’rining bolasi bo’lgan it ham, agar hayot tegirmonida iylanib-pishmas ekan, mag’lub bo’lishi muqarrardir. Hikoya qahramonlaridan biri aytganidek: “Hayvondir, odamdir, nimaiki bo’lmasin, sal erkinlik kerak, ko’pga aralashib turish kerak”. Shu ma’noda “Oqtirnoq” laqabi faqatgina tus bildirmaydi, balki itning tarz-holatini anglatadi.

Hikoya zamiridan sizib chiquvchi bu mulohazalar odamzod turmushidagi ayni holatga o’xshash manzaralarni ko’z oldimizga keltiradi. Chindan ham, qo’lini sovuq suvga urmagan, tilagi og’zidan chiqmasidan muhayyo qilingan bola ulg’ayganida oddiygina sinov qarshisida ham dovdirab qoladi. “Oqbilak-da”, deydi ko’pni ko’rganlar bunday paytda.

Keyingi yillarda tilimizni sun’iylashtirib, jozibasini yo’qotishga “hissa” qo’shayotgan ayrim radioboshlovchilar har ikki gapning birida qo’llaydigan quruq jumla bor: “qo’shiq jarang sochdi”. So’zlarni noto’g’ri qo’llash haqidagi qator maqolalarda qayta-qayta aynan shu misol keltirilganiga qaramay, “jarang sochmoq” tildan-tilga o’tib kelmoqda. Ongimizga mahkam o’rnashib, qulog’imiz o’rganib qolmoqda bu g’aliz iboraga. Uning “Oqtirnoq” hikoyasida ham uchragani, rosti, meni afsuslantirdi: “(Oqtirnoqning) Ovozi do’rildoq – qandaydir vahimali jarang sochardi”.

Bundan tashqari, hikoyada “tiramaning achimtir issig’i”, “cho’ponlarning ishqibozchiligi zo’r edi”, “sanchqi bilan g’aramdan pichan sug’irayotuvdim”, “o’nga yaqin arloni it bir-biri bilan solishib yotgan edi”, “Oqtirnoq… meni sudrab chopqinlar”, singari tishga tegadigan, zo’raki qo’llanilgan yana bir qator so’zlar borki, ular hikoyaning ravon o’qilishiga xalaqit beradi, kitobxonning fikrini chalg’itadi.

Yozuvchi Ahmad A’zam til haqidagi maqolalarida kuyunchaklik bilan “Til o’tmishidan yuz burish – o’zligidan yuz burish, so’z boyliklarini surrogat atamalarga almashtirish bu – tafakkurni
surrogat qolipga solib, adabiy tilni muayyan tushovga solib qo’yishdir”, deb uqtirgan edi. Qalam ahli, ayniqsa, yosh ijodkorlar bu achchiq gaplarni unutmasligi kerak, deb o’ylayman.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 2015,8-son

11

(Tashriflar: umumiy 536, bugungi 1)

Izoh qoldiring