Bayram Ali. Musavvir

Ashampoo_Snap_2017.05.18_15h17m21s_006_.png   Норбой рассомни овулимиздан бўлак ерда ит танимаса ҳам, Чимсаройдаги ҳамма яхши биларди. Унинг фожиаси каттаю-кичигимизни ёқа ушлатиб қўйди. Чин, унга адоватим чўғдай ёниб, жигаримни жизиллатиб турган бўлса-да, мен ҳам ачиндим…

Байрам АЛИ
МУСАВВИР
007

07_n.jpg  Байрам Али (Байрамали Қўлдошев) 1991 йилнинг 23 – июн куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Чим қишлоғида туғилган. Илк таьлимни шу қишлоқдаги 81-умумий таьлим мактабида олган. Мактабни тугатгач, 2008-2011 йилларда Чим маиший касб-хунар коллежини битириб чиқади. Илк шеърлари ва ҳикоялари мактаб давриданоқ республика газета-журналларида эълон қилинган. Айни пайтда вилоятнинг «Дарё»газетасида мухбир сифатида фаолият бошлади. 2013 йилда “Dizayin press” нашриёти тамонидан “Болангман, дунё” номли шеър ва ҳикоялардан иборат китоби нашр этилган.

007

Норбой рассомни овулимиздан бўлак ерда ит танимаса ҳам, Чимсаройдаги ҳамма яхши биларди. Унинг фожиаси каттаю-кичигимизни ёқа ушлатиб қўйди. Чин, унга адоватим чўғдай ёниб, жигаримни жизиллатиб турган бўлса-да, мен ҳам ачиндим…

Инсоф билан айтаман, интеллигент одам эди Норбой рассом! Тўғрироғи, ўзини санъатни тушунадиган инсон қилиб кўрсатиш учун шундай тутишга тиришарди. Шими дабдала бўла туриб ялтиллаган туфли кияр, бозорга чиққанда дазмолланган кўйлакда бўлар, овулимизнинг казо-казоларигина улатган симли телефоннинг биттаси шунинг уйида эди. Рассомлик аслида эрмаги бўлса ҳам, бу касбни жон-дилидан севишини барчамиз яхши билардик. Тирикчилиги деҳқончилик ва чорва орқасидан кечар, ҳеч қанақа дорулфунунни тугатмаган бўлишига қарамай, аҳмоқлигидан бўлса керак, уйида қалин китоб ва зерикарли журналлар сақларди. Авваллари топган пулига шаҳардан келадиган савдогарлар орқали бўёқ ва турли ашқол-дашқоллар буйиртириб нуқул расм чизгани-чизган эди. Яна билмадим-ку, кўпроқ чўлоқ туя, яна ҳасса таянган одамнинг ёнида қум ва ажриқларни тасвирлаб ҳар хил маънисиз расмлар чизган, деб эшитганман. Овулимиздан бирор кимса расмини чиздиришни истаб борса ҳам ўзига икки томчи сувдай ўхшатиб чизиб берарди. Аммо кейинги пайтлар расмини чиздиргани келувчиларнинг олдида хотини “Қўйинг, бу фойдаси йўқ ишингизни!”, деб шанғиллайвергач, одамлар бормай кетганди…

Қурмағур, анчайин одамови бўлса ҳам, хотини билан жанжаллашиб чиқиб Муродали қасамхўрнинг охирги пайт ароқхонага айланиб қолган чойхонасида шайтонсувидан “қултиллатганда” тили қичиб қоларди.

— Ҳамма гап нимада, биласизларми?! – дерди у бундай вақтларда пешонасига уриб. – Ҳамма гап исм-шарифим-да! Ўзингиз эшитинг: Нооорбой Эшолиев!.. Дейлик, Нор!.. Исмми шуям!? Нур, бўлгандаям бошқа гап эди…

— Агар машҳурликка шама қилаётган бўлсанг, гап исмдамасдироов, — тортишардик биз. – Мана, туновин тилибезорда битта олим гапирди, исми Том экан!

Норбой рассом қизаринқираган кўзларини сузиб гапирган кишига надоматли қараб қўярди:
— Эээ… Нимани тушунардиларинг!.. Шунча расмларимни жўнатганим билан бир марта кузатиб, фикрини билдирмайди-ку ўшандай олимларинг…

Ҳа, аслида унинг кайфчиликда айтган бу аламзада гапи ҳақиқатнинг ўзгинаси эди! Сўнгги пайтлар овулимизда Норбой рассомнинг олдиндан чизган ва хотинидан яширинча кейинги чизган расмларини катта конвертларга жойлаб турли журнал, бюро ҳамда расмни билгичларга пайдар-пай жўнатаётгани, камига фикрингизни айтинг, деб тихирлиқ қилиб юргани ҳақида масхаромуз гаплар урчиб қолганди.

…Ўша фожиавий туннинг эртасида Норбой рассомнинг хотини саҳарлаб уйғонса, эри телефоннинг ёнига ўтириб олган, қўлидаги телефон турубкасининг бир учи бўйнига сирғалиб тушиб, ўзи ходадай қотиб турган эмиш. Уни қачондир жинни бўлиб қолади, деган гумонда юргувчи хотини аста ёнига борибди.

— Айй… Нима бўлди сизга?.. – сўрабди қўрқиб кетганидан.

Норбой секин хотини тарафга ўгрилганида кўзларида ёш бор экан.

— Қўнғироқ қилди… – пичирлабди у, ҳаяжонли бир товушда. Хотини эса булар баридан баттар ваҳимага тушибди.
— Ким?
— У! Даҳо Рассом!

Йўқ, Норбой айнан шундай демаган, аслида миллати татарми, бошқирдми бўлган ўша рассом-олимни тилга олган. Исми талаффузимга ўтирмагани учун сизга шундай тушунтирмоқдаман.

— Нима? Нима дейди? –сўрабди хотини.
— Расмларингизни кўрдим.., деди…
— Хўш?.. Сотиб оламан, дедими?!

Кейинчалик хотини хотинимга ўз оғзи билан гапириб беришича, ўшанда боши қийшайиб телбасифат ҳолатда ўтирган Норбой рассом аёлининг гапидан кейин, негардир, бирдан ҳушини йиғиб олибди. Ҳатто кўзлари қаҳрли чақнаб, ўрнидан ари чаққандай сапчиб туриб кетган ва бир пас ўқрайиб тургач, ғудранганча ювингани жўнаган. Нонушта маҳали Даҳо Рассом эримга нима деди экан, деб беҳаловат хотини тағин ундан сўрабди:

— Айтинг, нима деди Даҳо Рассомингиз?

— Нима дерди.., — деган, бироз чайналиб турган Норбой рассом онасига қўшилиб бақрайиб турган олти боласига бир-бир қараб қўяркан: – Расмларингизни кўрдим, деб айтди.

— Сафсатангизни қўйсангиз-чи! – жеркиб берибди хотини. – Қандай аччиқ-тизиқ гап айтди у, боягина телефонни қучоқлаб йиғламсираб тургандингиз-ку?!

Бу гапни эшитиб Норбой рассом уялганидан шолғомдай қизариб кетибди. Кейин, тутила-тутила минғирлабди:
— У… Сиз ҳақиқий санъаткор… Кўргазма уйиштиришингиз керак, деди…

Эру-хотин ғижиллашиб турганининг устига овулда тарқалган ўткир ичбируғ ҳақида эрталабдан уйма-уй кириб огоҳлантириб юрган Райим дўхтир келиб қолибди. Табиийки, у гап нима ҳақида кетаётганини сўраган. Бекадан ҳалиги гапларни эшитгач эса, худди беш олган ўқувчидай ирғишлаб ўзини камтар кўрсатиш учун гарангсиб ён томонга қараб олган Норбой рассомнинг елкасига шапатилабди:
-Яшаворинг ака-е! Чимсаройимиздан ҳам чиқсин-да!

Дўхтирни кузатгач Норбой рассом ҳар замонда устара тегадиган соқолини олдириш учун сартарошхонага чиққан.

Норбой рассом борганида Чимсаройнинг ягона сартарошхонасида тўрт-бешта одам бор экан.

— Норбой ака, соқолга қўшиб сочингизниям олдирасизми, ё уни урдирмоқчимисиз? – Норбой рассомнинг ўсинқираган сочига шама қилиб ҳазиллашибди, овулдагиларнинг сақолини қиртишлаб қўли, вайсайвериб жағи тинмайдиган Салим сартарош.

— Умуман… Соч-сақол ўстириш рассомлар учун оддий хол, — кулибгина жавоб қайтарибди Норбой рассом. Ҳайтовур Даҳо Рассом ҳақидаги гаплари ичини пашшадай талаётган бўлса керак, – Уники ҳам шундай эди, — дея қўшиб қўйибди кейин.

— У деганингиз ким? – сўрашибди ўтирганлар.
— Уники… Даҳо Рассомники!

Чамамда, шу лаҳза Аваз довдирнинг қийшаланглаб келиб қолиши айни муддао бўлган! Кела солиб Норбой рассомни қучоқлай кетган у:
— Эшитдим, Райим дўхтирдан эшитдим! Табриклаймиз ака!

Ўшандан сўнг Норбой рассом сартарошхонадаги бошқаларга ҳам саҳарда Даҳо Рассом билан қилган суҳбатлари ҳақида (негадир) тутилиб, дудуқланиб айтиб берган…

Воқеа менгача етиб келган пайтда бир нечта хушомадгўйлар, жумладан Абдишукур мечкай, Боташ шоир, Нурали муаллим, нафақадаги милиса Нурман акалар уни ўртага олиб Муродали қасамхўрининг чойхонасида сўроққа тутишаяпти экан. Рости шу пайтгача Норбойнинг ҳаваскор расссомчилигига қизиқмай келган бўлсам-да, овулда тарқаган гапларни эшитиб ҳаяжонга тушдим. Аллабир хайрихоҳлик билан улар даврасига сийпалибгина бориб қўшилдим. Даврага қўшилганимни деярли ҳеч ким пайқагани йўқ. Афтидан, ҳамма аллақачон ширакайф бўлиб олган, қопдаги ундай бўшашиб-ғалчайиб ўтирган Абдушукур мечкай илжайганча сўрар эди:

— Норбой ака, сиз ҳам ёмоон… Уккағар Даҳо Рассомингиз шунчалик катта одамми-я? Ҳаммангиз танийман-танийман, деяпсизлару, мени мундай тилбизирдаям кўзим тушмаган экан…

— Эээ, мулла Апшукур! Газита-пазита ўқиш керак! – уни жеркиб берди Нурали муаллим. Кейин, худдики сўзларни булутдан ўқиётгандай осмонга термулиб туриб, деди: -“Адабиёт ва Саънат” дамиди, воллоҳи аълам… Яқингинадаям рассомчилик ҳақида ёзганларини ўқигандай бўлувдим. Демак, ҳалиям ўша ишида экан-да, а, Норбойжон?

— Гап унинг қаердалигида эмас! – уни кескин рад этди оғиз кўпиртиравериб терга ботган Норой рассом. – Гап… Гап… Биласизларми?.. Гап унинг санъатни нозик фахмлаши-да! Гап… унинг ўзининг шу – рассомчилик санъатига қўшган муносиб ҳиссаси-да!

— Норбой ака, — Боташ шоир луқма ташлади. – Агар, айтганингиздай санъатга шунча ҳисса қўшган бўлса, унча-мунча редаксияларга ҳам сўзи ўтса керагов?
— Редаксия?! И-я! Ҳалиям тушунмаяпсизлар чоғи?! Боташ укам, ахир мен чакана одам ҳақида эмас, халқаро санъат арбоби ҳақида гапираяпман-а!..

Ҳа, кам гап, доимо ўзига ҳам, бошқаларга ҳам кўнгли тўлмай пешанаси тиришиб норизо қиёфада юрадиган Норбой рассом бугун мутлақо ўзгариб кетган эди! Сира таниб бўлмас эди уни! У энди севинчдан ҳапқириб-тошиб гапирар, худдики ичидагини тезроқ айтиб олмаса буғилиб қоладиганга ўхшарди. Норбой рассомнинг бу қадар босиб ароқ ичганини ҳам олдинлари ҳеч кўрган эмасман…

Ўша куни Норбой ва унинг ғойибий устози Даҳо Рассомнинг шарафига роса ичилди. Кўпчилик менга ўхшаб расмлар кўргазмаси аслида нима, умуман ундан қанча даромад келиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаса ҳам, Норбой билан бетўхтов пиёла чўқиштирар, уни кўкка кўтариб мақтар, бўлажак кўргазмасида ғайрат тилар эди. Мен эса ичмадим. Одатдагидай бошқаларга соқийлик қилиб, писмиқланиб ўтиравердим.

Муродали қасамхўр илтимос қилгандан сўнг мақтанавериб-ичавериб, ичавериб-мақтанавериб ниҳояти ҳолдан тойиб эшилиб қолган Норбой рассомни элтиб қўйиш учун қўлтиқлаб уйига жўнадим. Биз кўчада келаяпмизу, у алпонглаб-талпонглаб жиннидай қўлимдан чиқиб қочаман дерди, куларди, қийқирарди, ирғишлаб ўзича ўйинга тушмоқчи бўларди. Ўлай агар, ўшанда унинг қилиқлари сира менга малол келгани йўқ. Қайтанга ўзим ҳам беихтиёр “хохолаб, хо-холаб” кулиб борардим.

Биз уйига етиб борганимизда хотини уни излаб кўчага чиқиб кетган экан. Кичгина қизи безрайиб овулдошлардан эрининг ўласи бўлиб ичаётганини эшитган онаси ва акаси уни топиб келиш учун ҳозиргина чиқиб кетганини айтди.

— Отам кўпроқ ўзининг ертўласида ётарди, бу унинг асосий уйи, — ва қўшиб қўйди у бетамизларча.

Бу гапдан кейин Норбой рассомни йеталаб уларнинг уйи тагидаги ифлос, аммо шифтига бир варакайига тўққиз-ўнта лампочка ўрнатилагани сабабидан ақл бовар қилмас даражада чароғон ноодатий ертўласига олиб кирдим. Бироқ уни ертўласидаги увада кўрпачалар ташлаб қўйилган энсиз кроватга ётқизиб энди бурилиб кетмоқчи эдим, Норбой рассом қўлимдан ушлаб тортди.

— Ҳей, сен… Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” асарини ўқиганмисан?! – дея сўраб қолди кутилмаганда. Очиғи, умрим бино бўлиб бундай шоирни эшитган эмасдим. Аммо, мен жавоб беришга улгурмай у гапида давом этди: – Ўша асар якунида айтилади: “Авлоднинг биринчисини дарахтга боғлаб қўйдилар, авлоднинг охиргисини эса қумирсқалар еб битирди…”. Яъни, инсон ўзининг энг улуғ, руёбга чиқмайдиган орзуларини бир умр ичида, – кўксига “гурс-гурс” муштлади у, — мана бу еридаги дарахтга боғлаб ўтказади. Амалда эса ўзини бемаъни ишларга бағишлайди ва оқибатда уни турмуш қумурсқалари еб битиради… Ееииб битарадии!..

Ҳа, ҳа, у айнан шундай деди! Шундоғам бугунги санъат, адабиёт, рассмолик каби эшитган сўзларим азбаройи кўнглимни оздириб юборган бўлмасин, унинг бемисл эҳтирос билан гапирган ушбу алмойи-алжойи гаплари хотирамга михдай санчилиб қолди. Кейин эса… У йиғлаб юборди. Муштлари билан чарс-чарс эткизиб юз-кўзларига уриб йиғлади. Аввал хўнграб, сўнг лабларини тишлаганча изиллаб-изиллаб йиғлади. Норбой рассом титраниб-қақшаб йиғлар экан, юзларини ювиб оқаётган кўз ёшларини ичидан минг қийноқда ситилиб чиқаётганга менгзамоқ мумкин эди. Мен ҳалигина ҳушчақ-чақ, севинчидан бамисоли еттинчи осмонда учиб юрган одамни бир зумда бундай аянч аҳволга тушишига ҳатто кўриб туриб ҳам ишонолмай қолдим.

Бир балога йўлиқмай яна, деб ертўладан ўпкамни қўлтиқлаб қочиб чиқдим. Ўшанда қочиб кетганим ҳам яхши бўлган экан! Нега дейсизми? Негаки… Ўша куни тунда Норбой рассом ўз жонига қасд қилди. Шунақа. Гап шундаки, мен кетгандан бироз ўтиб Норбойнинг уйига кетганини овулдошлардан билган хотини ва ўғли қайтиб келишади. Улар келиб ертуладан хабар олганларида Норбой ўзининг ҳалиги исқирт кроватида девор тарафга ўгрилиб ухлаб… йўқ-йўқ, аниқроғи муғомбирларча пайт пойлаб ётган экан. Шом қуйилиб келаятган палла эмасми: унинг мудроқ босиб ётганига ишонган хотини ҳамда ўғли индамай чиқиб кетишади. Аммо, хотини саҳарга яқин эрининг устига чойшаб ёпиб қўйиш мақсадида қарғаниб-жавраб ертулага тушса… Норбой рассом… шалпайиииб…

Ғафлат босган шўрлик аёлнинг дод-войига йиғилган айрим овулдошларимизнинг айтишича, ўшанда, шифтдаги резитка симга бўйнидан осилиб, оёқ-қўллари шалвираб турган Норбойнинг жасади яқиндагина совий бошлаган экан!

Бир неча кун ўтиб Норбой рассомнинг таъзиясида ўтирганимизда Нурали муаллим секин қўйнидаги сарғайган бир газетанинг учини кўрсатиб пичирлади:
— Биласанми нима?! У ҳаммани алдашга алдаб, шарманда бўлишдан қўрққан! Мана, ўқидим, айтган Даҳо Рассоми ўзидан эллик йиллар бурун Худо раҳматли бўлиб кетган экан-ку!

— Эээ!- дея ижирғаниб қўл силтадим мен. – Мен сиздан олдинроқ билганман. Иннанкийин, телефонда гаплашдим дейди. Ахир, ҳалигидайи йўқ… Телефонига шаҳардан тушиб бўлармиди!

Сизга айтсам, бу ҳали ҳаммаси эмас. Норбой рассом тириклигида суллоҳланиб хат жўнатиб ётганлари иш бердими, яқинда уни пойтахтдан бир нечта каттакон арбоблар излаб келди. Унинг ўлганига роса мутаассир бўлиб, уйида чизиб қолдирган бошқа расмлариниям ўзлари билан олиб кетишди. Нималар бўлмайди дейсиз ҳаётда, мен бора-бора овулимизга ҳам шу бетайин ёлғончи ва ўзининг бошини ўзи еган худкушнинг номи берилмасайди, деб қўрқаман.

2016.04.

0 hodzhikent.jpgBayram ALI
MUSAVVIR
007

Bayram Ali (Bayramali Qo‘ldoshev) 1991 yilning 23 – iyun kuni Qashqadaryo viloyatining Qamashi tumanidagi Chim qishlog‘ida tug‘ilgan. Ilk talimni shu qishloqdagi 81-umumiy talim maktabida olgan. Maktabni tugatgach, 2008-2011 yillarda Chim maishiy kasb-xunar kollejini bitirib chiqadi. Ilk she’rlari va hikoyalari maktab davridanoq respublika gazeta-jurnallarida e’lon qilingan. Ayni paytda viloyatning «Daryo»gazetasida muxbir sifatida faoliyat boshladi. 2013 yilda “Dizayin press” nashriyoti tamonidan “Bolangman, dunyo” nomli she’r va hikoyalardan iborat kitobi nashr etilgan.

007

Norboy rassomni ovulimizdan bo‘lak yerda it tanimasa ham, Chimsaroydagi hamma yaxshi bilardi. Uning fojiasi kattayu-kichigimizni yoqa ushlatib qo‘ydi. Chin, unga adovatim cho‘g‘day yonib, jigarimni jizillatib turgan bo‘lsa-da, men ham achindim…

Insof bilan aytaman, intelligent odam edi Norboy rassom! To‘g‘rirog‘i, o‘zini san’atni tushunadigan inson qilib ko‘rsatish uchun shunday tutishga tirishardi. Shimi dabdala bo‘la turib yaltillagan tufli kiyar, bozorga chiqqanda dazmollangan ko‘ylakda bo‘lar, ovulimizning kazo-kazolarigina ulatgan simli telefonning bittasi shuning uyida edi. Rassomlik aslida ermagi bo‘lsa ham, bu kasbni jon-dilidan sevishini barchamiz yaxshi bilardik. Tirikchiligi dehqonchilik va chorva orqasidan kechar, hech qanaqa dorulfununni tugatmagan bo‘lishiga qaramay, ahmoqligidan bo‘lsa kerak, uyida qalin kitob va zerikarli jurnallar saqlardi. Avvallari topgan puliga shahardan keladigan savdogarlar orqali bo‘yoq va turli ashqol-dashqollar buyirtirib nuqul rasm chizgani-chizgan edi. Yana bilmadim-ku, ko‘proq cho‘loq tuya, yana hassa tayangan odamning yonida qum va ajriqlarni tasvirlab har xil ma’nisiz rasmlar chizgan, deb eshitganman. Ovulimizdan biror kimsa rasmini chizdirishni istab borsa ham o‘ziga ikki tomchi suvday o‘xshatib chizib berardi. Ammo keyingi paytlar rasmini chizdirgani keluvchilarning oldida xotini “Qo‘ying, bu foydasi yo‘q ishingizni!”, deb shang‘illayvergach, odamlar bormay ketgandi…

Qurmag‘ur, anchayin odamovi bo‘lsa ham, xotini bilan janjallashib chiqib Murodali qasamxo‘rning oxirgi payt aroqxonaga aylanib qolgan choyxonasida shaytonsuvidan “qultillatganda” tili qichib qolardi.

— Hamma gap nimada, bilasizlarmi?! – derdi u bunday vaqtlarda peshonasiga urib. – Hamma gap ism-sharifim-da! O‘zingiz eshiting: Nooorboy Esholiyev!.. Deylik, Nor!.. Ismmi shuyam!? Nur, bo‘lgandayam boshqa gap edi…

— Agar mashhurlikka shama qilayotgan bo‘lsang, gap ismdamasdiroov, — tortishardik biz. – Mana, tunovin tilibezorda bitta olim gapirdi, ismi Tom ekan!

Norboy rassom qizarinqiragan ko‘zlarini suzib gapirgan kishiga nadomatli qarab qo‘yardi:
— Eee… Nimani tushunardilaring!.. Shuncha rasmlarimni jo‘natganim bilan bir marta kuzatib, fikrini bildirmaydi-ku o‘shanday olimlaring…

Ha, aslida uning kayfchilikda aytgan bu alamzada gapi haqiqatning o‘zginasi edi! So‘nggi paytlar ovulimizda Norboy rassomning oldindan chizgan va xotinidan yashirincha keyingi chizgan rasmlarini katta konvertlarga joylab turli jurnal, byuro hamda rasmni bilgichlarga paydar-pay jo‘natayotgani, kamiga fikringizni ayting, deb tixirliq qilib yurgani haqida masxaromuz gaplar urchib qolgandi.

…O‘sha fojiaviy tunning ertasida Norboy rassomning xotini saharlab uyg‘onsa, eri telefonning yoniga o‘tirib olgan, qo‘lidagi telefon turubkasining bir uchi bo‘yniga sirg‘alib tushib, o‘zi xodaday qotib turgan emish. Uni qachondir jinni bo‘lib qoladi, degan gumonda yurguvchi xotini asta yoniga boribdi.

— Ayy… Nima bo‘ldi sizga?.. – so‘rabdi qo‘rqib ketganidan.

Norboy sekin xotini tarafga o‘grilganida ko‘zlarida yosh bor ekan.

— Qo‘ng‘iroq qildi… – pichirlabdi u, hayajonli bir tovushda. Xotini esa bular baridan battar vahimaga tushibdi.
— Kim?
— U! Daho Rassom!

Yo‘q, Norboy aynan shunday demagan, aslida millati tatarmi, boshqirdmi bo‘lgan o‘sha rassom-olimni tilga olgan. Ismi talaffuzimga o‘tirmagani uchun sizga shunday tushuntirmoqdaman.

— Nima? Nima deydi? –so‘rabdi xotini.
— Rasmlaringizni ko‘rdim.., dedi…
— Xo‘sh?.. Sotib olaman, dedimi?!

Keyinchalik xotini xotinimga o‘z og‘zi bilan gapirib berishicha, o‘shanda boshi qiyshayib telbasifat holatda o‘tirgan Norboy rassom ayolining gapidan keyin, negardir, birdan hushini yig‘ib olibdi. Hatto ko‘zlari qahrli chaqnab, o‘rnidan ari chaqqanday sapchib turib ketgan va bir pas o‘qrayib turgach, g‘udrangancha yuvingani jo‘nagan. Nonushta mahali Daho Rassom erimga nima dedi ekan, deb behalovat xotini tag‘in undan so‘rabdi:

— Ayting, nima dedi Daho Rassomingiz?

— Nima derdi.., — degan, biroz chaynalib turgan Norboy rassom onasiga qo‘shilib baqrayib turgan olti bolasiga bir-bir qarab qo‘yarkan: – Rasmlaringizni ko‘rdim, deb aytdi.

— Safsatangizni qo‘ysangiz-chi! – jerkib beribdi xotini. – Qanday achchiq-tiziq gap aytdi u, boyagina telefonni quchoqlab yig‘lamsirab turgandingiz-ku?!

Bu gapni eshitib Norboy rassom uyalganidan sholg‘omday qizarib ketibdi. Keyin, tutila-tutila ming‘irlabdi:
— U… Siz haqiqiy san’atkor… Ko‘rgazma uyishtirishingiz kerak, dedi…

Eru-xotin g‘ijillashib turganining ustiga ovulda tarqalgan o‘tkir ichbirug‘ haqida ertalabdan uyma-uy kirib ogohlantirib yurgan Rayim do‘xtir kelib qolibdi. Tabiiyki, u gap nima haqida ketayotganini so‘ragan. Bekadan haligi gaplarni eshitgach esa, xuddi besh olgan o‘quvchiday irg‘ishlab o‘zini kamtar ko‘rsatish uchun garangsib yon tomonga qarab olgan Norboy rassomning yelkasiga shapatilabdi:
-Yashavoring aka-ye! Chimsaroyimizdan ham chiqsin-da!

Do‘xtirni kuzatgach Norboy rassom har zamonda ustara tegadigan soqolini oldirish uchun sartaroshxonaga chiqqan.

Norboy rassom borganida Chimsaroyning yagona sartaroshxonasida to‘rt-beshta odam bor ekan.

— Norboy aka, soqolga qo‘shib sochingizniyam oldirasizmi, yo uni urdirmoqchimisiz? – Norboy rassomning o‘sinqiragan sochiga shama qilib hazillashibdi, ovuldagilarning saqolini qirtishlab qo‘li, vaysayverib jag‘i tinmaydigan Salim sartarosh.

— Umuman… Soch-saqol o‘stirish rassomlar uchun oddiy xol, — kulibgina javob qaytaribdi Norboy rassom. Haytovur Daho Rassom haqidagi gaplari ichini pashshaday talayotgan bo‘lsa kerak, – Uniki ham shunday edi, — deya qo‘shib qo‘yibdi keyin.

— U deganingiz kim? – so‘rashibdi o‘tirganlar.
— Uniki… Daho Rassomniki!

Chamamda, shu lahza Avaz dovdirning qiyshalanglab kelib qolishi ayni muddao bo‘lgan! Kela solib Norboy rassomni quchoqlay ketgan u:
— Eshitdim, Rayim do‘xtirdan eshitdim! Tabriklaymiz aka!

O‘shandan so‘ng Norboy rassom sartaroshxonadagi boshqalarga ham saharda Daho Rassom bilan qilgan suhbatlari haqida (negadir) tutilib, duduqlanib aytib bergan…

Voqea mengacha yetib kelgan paytda bir nechta xushomadgo‘ylar, jumladan Abdishukur mechkay, Botash shoir, Nurali muallim, nafaqadagi milisa Nurman akalar uni o‘rtaga olib Murodali qasamxo‘rining choyxonasida so‘roqqa tutishayapti ekan. Rosti shu paytgacha Norboyning havaskor rasssomchiligiga qiziqmay kelgan bo‘lsam-da, ovulda tarqagan gaplarni eshitib hayajonga tushdim. Allabir xayrixohlik bilan ular davrasiga siypalibgina borib qo‘shildim. Davraga qo‘shilganimni deyarli hech kim payqagani yo‘q. Aftidan, hamma allaqachon shirakayf bo‘lib olgan, qopdagi unday bo‘shashib-g‘alchayib o‘tirgan Abdushukur mechkay iljaygancha so‘rar edi:

— Norboy aka, siz ham yomoon… Ukkag‘ar Daho Rassomingiz shunchalik katta odammi-ya? Hammangiz taniyman-taniyman, deyapsizlaru, meni munday tilbizirdayam ko‘zim tushmagan ekan…

— Eee, mulla Apshukur! Gazita-pazita o‘qish kerak! – uni jerkib berdi Nurali muallim. Keyin, xuddiki so‘zlarni bulutdan o‘qiyotganday osmonga termulib turib, dedi: -“Adabiyot va Sa’nat” damidi, vollohi a’lam… Yaqinginadayam rassomchilik haqida yozganlarini o‘qiganday bo‘luvdim. Demak, haliyam o‘sha ishida ekan-da, a, Norboyjon?

— Gap uning qayerdaligida emas! – uni keskin rad etdi og‘iz ko‘pirtiraverib terga botgan Noroy rassom. – Gap… Gap… Bilasizlarmi?.. Gap uning san’atni nozik faxmlashi-da! Gap… uning o‘zining shu – rassomchilik san’atiga qo‘shgan munosib hissasi-da!

— Norboy aka, — Botash shoir luqma tashladi. – Agar, aytganingizday san’atga shuncha hissa qo‘shgan bo‘lsa, uncha-muncha redaksiyalarga ham so‘zi o‘tsa keragov?
— Redaksiya?! I-ya! Haliyam tushunmayapsizlar chog‘i?! Botash ukam, axir men chakana odam haqida emas, xalqaro san’at arbobi haqida gapirayapman-a!..

Ha, kam gap, doimo o‘ziga ham, boshqalarga ham ko‘ngli to‘lmay peshanasi tirishib norizo qiyofada yuradigan Norboy rassom bugun mutlaqo o‘zgarib ketgan edi! Sira tanib bo‘lmas edi uni! U endi sevinchdan hapqirib-toshib gapirar, xuddiki ichidagini tezroq aytib olmasa bug‘ilib qoladiganga o‘xshardi. Norboy rassomning bu qadar bosib aroq ichganini ham oldinlari hech ko‘rgan emasman…

O‘sha kuni Norboy va uning g‘oyibiy ustozi Daho Rassomning sharafiga rosa ichildi. Ko‘pchilik menga o‘xshab rasmlar ko‘rgazmasi aslida nima, umuman undan qancha daromad kelishi haqida aniq tasavvurga ega bo‘lmasa ham, Norboy bilan beto‘xtov piyola cho‘qishtirar, uni ko‘kka ko‘tarib maqtar, bo‘lajak ko‘rgazmasida g‘ayrat tilar edi. Men esa ichmadim. Odatdagiday boshqalarga soqiylik qilib, pismiqlanib o‘tiraverdim.

Murodali qasamxo‘r iltimos qilgandan so‘ng maqtanaverib-ichaverib, ichaverib-maqtanaverib nihoyati holdan toyib eshilib qolgan Norboy rassomni eltib qo‘yish uchun qo‘ltiqlab uyiga jo‘nadim. Biz ko‘chada kelayapmizu, u alponglab-talponglab jinniday qo‘limdan chiqib qochaman derdi, kulardi, qiyqirardi, irg‘ishlab o‘zicha o‘yinga tushmoqchi bo‘lardi. O‘lay agar, o‘shanda uning qiliqlari sira menga malol kelgani yo‘q. Qaytanga o‘zim ham beixtiyor “xoxolab, xo-xolab” kulib borardim.

Biz uyiga yetib borganimizda xotini uni izlab ko‘chaga chiqib ketgan ekan. Kichgina qizi bezrayib ovuldoshlardan erining o‘lasi bo‘lib ichayotganini eshitgan onasi va akasi uni topib kelish uchun hozirgina chiqib ketganini aytdi.

— Otam ko‘proq o‘zining yerto‘lasida yotardi, bu uning asosiy uyi, — va qo‘shib qo‘ydi u betamizlarcha.

Bu gapdan keyin Norboy rassomni yetalab ularning uyi tagidagi iflos, ammo shiftiga bir varakayiga to‘qqiz-o‘nta lampochka o‘rnatilagani sababidan aql bovar qilmas darajada charog‘on noodatiy yerto‘lasiga olib kirdim. Biroq uni yerto‘lasidagi uvada ko‘rpachalar tashlab qo‘yilgan ensiz krovatga yotqizib endi burilib ketmoqchi edim, Norboy rassom qo‘limdan ushlab tortdi.

— Hey, sen… Markesning “Yolg‘izlikning yuz yili” asarini o‘qiganmisan?! – deya so‘rab qoldi kutilmaganda. Ochig‘i, umrim bino bo‘lib bunday shoirni eshitgan emasdim. Ammo, men javob berishga ulgurmay u gapida davom etdi: – O‘sha asar yakunida aytiladi: “Avlodning birinchisini daraxtga bog‘lab qo‘ydilar, avlodning oxirgisini esa qumirsqalar yeb bitirdi…”. Ya’ni, inson o‘zining eng ulug‘, ruyobga chiqmaydigan orzularini bir umr ichida, – ko‘ksiga “gurs-gurs” mushtladi u, — mana bu yeridagi daraxtga bog‘lab o‘tkazadi. Amalda esa o‘zini bema’ni ishlarga bag‘ishlaydi va oqibatda uni turmush qumursqalari yeb bitiradi… Yeyeiib bitaradii!..

Ha, ha, u aynan shunday dedi! Shundog‘am bugungi san’at, adabiyot, rassmolik kabi eshitgan so‘zlarim azbaroyi ko‘nglimni ozdirib yuborgan bo‘lmasin, uning bemisl ehtiros bilan gapirgan ushbu almoyi-aljoyi gaplari xotiramga mixday sanchilib qoldi. Keyin esa… U yig‘lab yubordi. Mushtlari bilan chars-chars etkizib yuz-ko‘zlariga urib yig‘ladi. Avval xo‘ngrab, so‘ng lablarini tishlagancha izillab-izillab yig‘ladi. Norboy rassom titranib-qaqshab yig‘lar ekan, yuzlarini yuvib oqayotgan ko‘z yoshlarini ichidan ming qiynoqda sitilib chiqayotganga mengzamoq mumkin edi. Men haligina hushchaq-chaq, sevinchidan bamisoli yettinchi osmonda uchib yurgan odamni bir zumda bunday ayanch ahvolga tushishiga hatto ko‘rib turib ham ishonolmay qoldim.

Bir baloga yo‘liqmay yana, deb yerto‘ladan o‘pkamni qo‘ltiqlab qochib chiqdim. O‘shanda qochib ketganim ham yaxshi bo‘lgan ekan! Nega deysizmi? Negaki… O‘sha kuni tunda Norboy rassom o‘z joniga qasd qildi. Shunaqa. Gap shundaki, men ketgandan biroz o‘tib Norboyning uyiga ketganini ovuldoshlardan bilgan xotini va o‘g‘li qaytib kelishadi. Ular kelib yertuladan xabar olganlarida Norboy o‘zining haligi isqirt krovatida devor tarafga o‘grilib uxlab… yo‘q-yo‘q, aniqrog‘i mug‘ombirlarcha payt poylab yotgan ekan. Shom quyilib kelayatgan palla emasmi: uning mudroq bosib yotganiga ishongan xotini hamda o‘g‘li indamay chiqib ketishadi. Ammo, xotini saharga yaqin erining ustiga choyshab yopib qo‘yish maqsadida qarg‘anib-javrab yertulaga tushsa… Norboy rassom… shalpayiiib…

G‘aflat bosgan sho‘rlik ayolning dod-voyiga yig‘ilgan ayrim ovuldoshlarimizning aytishicha, o‘shanda, shiftdagi rezitka simga bo‘ynidan osilib, oyoq-qo‘llari shalvirab turgan Norboyning jasadi yaqindagina soviy boshlagan ekan!

Bir necha kun o‘tib Norboy rassomning ta’ziyasida o‘tirganimizda Nurali muallim sekin qo‘ynidagi sarg‘aygan bir gazetaning uchini ko‘rsatib pichirladi:
— Bilasanmi nima?! U hammani aldashga aldab, sharmanda bo‘lishdan qo‘rqqan! Mana, o‘qidim, aytgan Daho Rassomi o‘zidan ellik yillar burun Xudo rahmatli bo‘lib ketgan ekan-ku!

— Eee!- deya ijirg‘anib qo‘l siltadim men. – Men sizdan oldinroq bilganman. Innankiyin, telefonda gaplashdim deydi. Axir, haligidayi yo‘q… Telefoniga shahardan tushib bo‘larmidi!

Sizga aytsam, bu hali hammasi emas. Norboy rassom tirikligida sullohlanib xat jo‘natib yotganlari ish berdimi, yaqinda uni poytaxtdan bir nechta kattakon arboblar izlab keldi. Uning o‘lganiga rosa mutaassir bo‘lib, uyida chizib qoldirgan boshqa rasmlariniyam o‘zlari bilan olib ketishdi. Nimalar bo‘lmaydi deysiz hayotda, men bora-bora ovulimizga ham shu betayin yolg‘onchi va o‘zining boshini o‘zi yegan xudkushning nomi berilmasaydi, deb qo‘rqaman.

2016.04.

003

(Tashriflar: umumiy 214, bugungi 1)

Izoh qoldiring