Bayram Ali. So’nggi uchrashuv

23    Январ ойининг 23 санаси. Ҳаётимни алғов-далғов қилиб юборган ғавғолар шу кундан бошлангандек, назаримда. Уч кун олдин ёғиб ўтган қор ерни тарк этай демас, аксинча, музлаган ерга ёпишиб, баттар яхмалак бўлиб қолганди…

Байрам АЛИ
СЎНГГИ УЧРАШУВ
034

Январ ойининг 23 санаси. Ҳаётимни алғов-далғов қилиб юборган ғавғолар шу кундан бошлангандек, назаримда. Уч кун олдин ёғиб ўтган қор ерни тарк этай демас, аксинча, музлаган ерга ёпишиб, баттар яхмалак бўлиб қолганди…
…Машинамиз сирпанчиқ йўлларда сирғала-сирғала Китоб шаҳрига кириб борди. Оёғимда юрак уришига монанд сим-сим оғриқ кечаётган бўлса-да, руҳим енгил. Худди яқинда ҳаммаси тугайдигандек, ҳамма оғриқлардан халос бўладигандекман. Касалхона биноси жойлашган жойда тўхтадик. Ҳайдовчи билан хайрлашгач, ўзимизга керакли бўлимни топиб, ичкарига кириб бордик. Қабулдаги етти-саккиз кишилик навбатни кўриб бироз сиқилдим. Оқ халатига мос тўқима камзул кийган ҳамшира бизни навбатимиз келгунча қўшни хонада кутиб туришга таклиф қилди. Кутиш нималигини яхши биласиз. Оғриётган тиззаларимни силаб-силаб қўяман. Навбатнинг эса сўнги йўқдек гўё. Бир пайт залдан хабар олгани чиққан отам шошиб кириб келди:
— Қани, бўлақол, навбатимиз келди!

* * *

— Хў-ў-ш, қаердан келдиларингиз? – салом-аликдан кейин дўхтирнинг биринчи берган саволи шу бўлди. Биз Қамашининг Чим қишлоғидан келганимизни айтдик.
— Э, Чимликмисиз? Анвар яхши юрибдими?
“Қайси Анвар?” дегандай отамга қарадим. Дўхтир Анвардан кейин яна бошқа бир нечта даволаган собиқ беморлари ҳақида сўраб-суриштирди. Отам таниганлари, адашмасам, танимаганлари ҳақида ҳам “Ҳа, яхши юришибди. Сизга кўпдан-кўп салом айтишди”, қабилида жавоб бериб турдилар. Ниҳоят, гап айланиб, асосий мавзу — менинг соғлиғимга тақалди. Бир қанча тиббий текширувлардан кейин бу даргоҳда қоладиган бўлдим.
Ҳамширага ёзганларини топшириб бизни қўшни йўлак томон бошларкан, дўхтир:
— Мени тўғри тушунасизлар, деган умиддаман, беморларимиз кўп, жой танқис, шунга ўғлингизни вақтинча аёллар бўлимига ётқизиб турамиз-да энди, – деб қолса бўладими? Юрагим орқага тортиб кетди. Тасаввурим кўзгусида тинимсиз жавраётган, бир-бирларига тутуриқсиз ҳазил-ҳузуллар қилиб, баланд овозда кулишаётган аёллар гавдаланди. Аммо аёллар бўлими ўйлаганимдан фарқли ўлароқ, фавқулодда осуда экан.
Мен ўзимга тегишли палатага жойлашдим, отам эса уйга қайтиб кетди. Икки кишидан иборат палатадош шерикларим билан танишиб олдим. Айниқса, уларнинг ёшроғи менга ёқиб қолди. У тинимсиз гапирар, дераза ёнидан бирор қизми, ҳамширами ўтиб қолгудек бўлса, то кўринмай кетгунча изидан боқиб турарди-да, кейин жўрттага бир-икки томоқ қириб қўйиб, яна гапида давом этарди. Бу ердаги илк кунларим шундай бошланди. Аста-секин касалхона шароитига ҳам кўника бошладим. Шифохонадаги энг ёш бемор бўлганим учунми шифокорлардан тортиб беморларгача ҳамма менга яхши муносабатда эди. Айниқса, мен мутлақо танимайдиган, билмайдиганлар ҳам исмимни айтиб чақиришганда, хоналарига суҳбатгами, таом танаввул қилишгами таклиф этишганида ўзимни худди юлдуздек ҳис қилар эдим. Шундай кунларнинг бирида мен уни биринчи бор кўрдим…
Эрталабки нонуштадан кейин ухлаб қолибман. Уйғониб қарасам, хонада бир ўзим. Кийиниб, йўлакка чиқдим. Кун якшанба. Йўлак ҳам жим-жит. Бизнинг палата аёллар бўлимидаги ягона эркаклар жойлашган хона бўлганлиги боис, кўп вақтимиз эркаклар бўлимида ўтарди. Иккинчи бўлимга ўтиб, тўғри йўлак сўнгига юрдим. Яхши биламанки, тўрдаги хонада тез-тез қарта ўйини уюштириб туриларди. Хонадошларим шу ердадир, эҳтимол.
Бир қия очиқ турган хона эшиги олдидан ўтарканман, кимдир мени чақиргандай туюлди. Тўхтадим. Мени чақираяптими? Ҳа, ростданам қия очиқ эшикдан кимдир мени паст овозда чақираётган эди. Исмимни бузиб талаффуз қилишига қараганда ўзга миллат кишиси, шекилли. Шаҳдам юрганча эшикни ланг очиб кириб бордим. Кириб бордим-у… алҳазар, нақ тирик мурдани кўргандек сесканиб кетдим.
-Эй-й, Бахрам, иди, иди суда! Кани, буёкка садис, буёкка, — бемор қалтироқ қўллари билан менга жой кўрсатарди. У ниҳоятда озиб кетган — қоқсуяк. Бўртиб қолган мижжалари худди чизиб қўйилганга ўхшайди. Шундоғам рангпар юзлари ҳолсизликдан баттар сарғайиб, даҳшатли тус олган, кўзлари ичига ботиб кетган, бироқ, не ҳолки, бу кўзларда алланечук мағрурлик, ҳаётга ташналик зоҳир. Магарамки, шу кўзларини ва аранг қимирлаб турганини айтмаса, уни тирик дейиш… Бунга кўникиб кетган, шекилли, у ажабланиб қараб қолганимга эътибор ҳам қилмай, мени ўтиришга ундарди. Бу ҳолатга жимгина қараб туролмадим. Тўғрироғи, мени шу топда нимадир бу одамдан нари итарди. Билмадим, нима эди бу – ижирғанишми, қўрқувми?

Шундай қилиб, унга кўришиш учун узатган қўлимни шарт тортдим-у, хонадан ўқдай отилиб чиқиб кетдим. У ортимдан чақирганча қолаверди. Палатамга қайтиб борибман ҳамки, кўз олдимдан унинг аянчли кўриниши кетмасди. Шу пайт эшик тақиллаб, дори идишчаларини кўтарган ҳамшира кириб келди:
— Хонадошларинг қаерда? Нима энди, уларни бирма-бир топиб дорисини қўлига тутқазишим керакми?
— Кошки билсам. Мен ҳам уларни қидираяпман. Яхшиси, дориларни менга бериб кета қолинг.Ўзим бериб қўяман.
— Санғигани санғиган булар, ҳеч хонасида туришмайди… – деди у норозиланиб, кейин мендан сўради, — Ўзингнинг аҳволинг яхшими, анча тузалиб қолдингми?
— Билмасам. Яхши бўп қоларман, — дедим сохта паришонлик билан. Ҳамшира ширингина табассум ҳадя этди. Унинг дори тақсимлаётганидан фойдаланиб, бояги бемор ҳақида сўрадим.
— Биласизми, эркаклар бўлимидаги йигирманчи палатада биттасига кўзим тушди…
— Ҳа-а, Элдарми? Ажойиб бола. Танишиб олдингларми?

Ҳамширанинг кўзлари ёниб кетди. Кўриниши кишини сескантирар даражада хунук бу бола ҳақида нега бунчалар тўлқинланиб гапирди, тушунолмадим. Адашмаяптими ўзи? Рашк қилдимми, ё бошқа сабабдан, хамширанинг бемор бола ҳақидаги илиқ гаплари менга ёқмади. Ғашим келиб юзимни деразага бурдим ва у ҳақда бошқа сўрамадим.
Қишнинг қисқа кунлари шу зайлда ўтиб борарди. Кейин ҳам бу палата ёнидан кўп ўтдим. Эшик доимо қия очиқ. Бу ердан ўтаётганда унинг қўрқинчли кўринишини кўрмаслик учун юзимни тескари бурар, чақириб қолмасин, дея қадамимни тезлатар эдим. Лекин, барибир, яна бир куришувдан қочиб қутулолмадим…

Бир куни телевизор хонасида тўққиз-ўнтача бемор суҳбатлашиб ўтирган эдик, ўнг тарафдан қўлтиқтаёқларнинг дўқиллаган овози, кейин ҳамшира қизнинг жарангдор кулгуси эшитилди. Ҳаммамиз овоз келган томонга қарадик. Ё тавба! Қотиб қолдим. У шу аҳволида қўлтиқтаёқларда юриб келаётган эди. Ҳамшира эса унинг белидан маҳкам тутиб, юришига ёрдамлашяпти. Рўпарамда ўтирган япалоқ юзли киши сапчиб турди ўрнидан:
— Э, Элдарбой, суда, суда, — худди рус тилини билишини атай намойиш қилгандай сўзларни чўзиб-чўзиб талаффуз қилганча ёрдамга ошиқди. Қолганлар ҳам ўринларидан туришди. У эса тўғри юриб келиб, менинг ёнимга ўтирди. Қўл бериб саломлашди. Унинг муздек кафтларини хоҳламайгина сиқиб қўйдим. Даврадагиларнинг ҳаммаси ундан ҳол-аҳвол сўрарди, ҳазил қиларди. У эса кўпроқ менга мурожаат қилар, адашмасам, яқинроқ бўлишга уринаётгандек эди. Мен унинг чала ўзбекча гапларига “ҳа” ёки ”йўқ” деб, яна имо-ишора билан қисқа-қисқа жавоб берардим. Ўшанда ўзимни нега бундай тутганимни ҳалиям тушунолмайман. Айниқса, мени унинг ёнгинамга тақаб қўйилган, елкамга тегай-тегай деб турган қўлтиқтаёқлари ташвишга солар, очиғи, қўрқитарди. Ўрнимдан турдиму, тағин ошкора қўполлик билан хонамга йўл олдим. Ортимга қарамасам-да, унинг оғринган нигоҳларини сезиб турардим…

Эрталаб дўхтир хонамизга тушкун кайфиятда кириб келди. Мени узоқ текширгач, қиёфасидан шуни англадимки, аҳволим кўпам яхши эмас.
— Сенга айтсам, Баҳромжон, — деди дўхтир вазминлик билан, — вазият доимий тартибни тақозо қиляпти.
— Нима? Нима дегани у?-сўрадим чўчинқираб.
Дўхтир уҳ тортди.
— Демоқчиманки, энди бир муддат жойингдан қимирламай ётиб турасан…
— Қанча?
— Бир ойми…, ундан кўпроқми…

Афтидан, бу гапларни айтиш дўхтирга ҳам оғир эди. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Бир ой хонадан чиқмай, бир кароватда қимирламай ётиш, баайни дахшатнинг ўзи эди менинг учун. Аммо бошга тушганни кўз кўрар экан. Шу кундан бошлаб менга “постельный режим” буюрилиб, хонадошларим эса ўрнимдан турмаслигимга жавобгар этиб тайинланди. Ҳолимдан хабар олгани келган уйимдагилар бу гапни эшитиб, ҳангу-манг бўлиб қолишди. Дўхтир хонасига олиб кириб, нималарнидир узоқ тушунтиргач, улар ҳам тақдирга тан беришди. Онам ёнимда қолмоқчи эди, дўхтир яна йўл қўймади. Умид узолмай-узолмай, ортига қайтиб кетди шўрлик онам…
Ҳаётимнинг энг оғир дамлари эди бу! Деярли кун бўйи ёлғиз шифтга термулиб ётаман. Зерикаман. Йўлакдагиларнинг овози эшитилиб туриши учун эшикни қия очтириб қўяман ва ҳар сафар шу қия очиқ эшикка кўзим тушганда, уни эслайман. У билан энди суҳбатлашгим келади. Энди унинг юзлари менга аввалгидек совуқ ва заҳил туюлмас, қандайдир меҳрли, нимагадир қалбимга яқиндек эди. Бир пайтлар мени сескантирган қўлларини энди ҳовучларимга олгим, ҳатто кўзларимга суртгим келарди. Ёнимга келувчилардан у ҳақда сўраб турсам-да, афсуски тузукроқ бир гап ололмасдим. Бир куни олдимга ҳув ўша ҳамшира кириб келди. Ҳамширадан уни сўрашим оғир, чунки залда унга қилган муомаламнинг гувоҳи бўлган. Эҳтимол, хонадагисиниям эшитгандир.
— Элдар ака соғайиб қолдими? — сўрадим ниҳоят, бироз хижолат тортиб.
— Нимасини айтасан, анча соғайиб қолган. Ишонсанг, ҳатто ҳеч кимнинг ёрдамисиз ўрнидан туряпти, — ҳамшира доимгидай у хақда тўлиб-тошиб гапирди. Бу гал ғашим келмади, аксинча, унинг сўзларини ажиб энтикиш билан тингладим. Бир неча кундан кейин ахволини яна сўраган эдим, реанимация бўлимига олинганини эшитдим. Юрагимга ғулғула тушди.
— Нима гап, тинчликми ўзи?
— Тинчлик, шунчаки кичкинагина операция ўтказилар экан…
Бу гапни эшитиб кўнглим жойига тушди.

Сен юрмаганинг билан вақт тўхтаб қолмас экан. Орадан бир ярим ой ўтди. Аянчлиси, бу вақт ичида аҳволим яхшиланиш ўрнига тобора оғирлашаётган эди. Уйимдагилар келишганида ўзимни имкон қадар яхши тутар, уч-тўрт кундан бери саломатлигим ўнглана бошлаганига уларни ишонтиришга ҳаракат қилардим. Бир куни дўхтир қон босимимни ўлчаб кўраётиб, икки кундан кейин юришимга рухсат беришини айтди. Теримга сиғмай кетдим. Бу хушхабардан уйимдагиларни ҳам огох этдик. Улар етиб келишди. Аҳволим унчалик яхши бўлмаса-да, юришимга рўхсат хабарини соғаяётганим аломати деб қабул қилишди. Отам яқиндаги дорихонадан қўлтиқтаёқ келтирдилар. Тасаввур қилинг-а, авваллари қўл теккизишга орланганим бу матоҳ энди менга қанчалик қувонч ҳадя этаётганини. Хуллас, ота-онам ва дўхтирлар хонамга жам бўлишди, мен икки ойдан бери биринчи марта оёққа қалқдим. Таёқларни кўрганимда, уни қўлтиғимга илиб, сакраб-сакраб юриб кетаман, деб ўйловдим. Аммо чучварани хом санаган эканман. Отамнинг ёрдами билан аранг ўрнимдан турдим-у, ҳали қадам босмасимдан кўзларим тиниб кетди. Отам ушлаб қолмаганларида йиқилишим аниқ эди.
— Ҳаммаси жойида, қўрқадиган ҳеч нарса йўқ, — деди дўхтир саросимали кўзларини ерга тикиб, — ҳарҳолда, анчадан бери ўрнидан турмаган. Бир неча кун хонада машқ қилиб турсин, кучланса, яхши бўп кетади…
Шу кундан дўхтир тузиб берган тартиб асосида хона бўйлаб юра бошладим. Нуқул столни айланиб юраман. Столдан сал узоқлашдимми, бошим айлана бошлайди. Аста-аста столдан узоқлашишга ҳам кўникдим, лекин нимагадир дўхтир безовта, жуда безовта кўринарди…

Юришимга рухсат берилганининг ўнинчи кунларимиди, онам бозорга тушиши зарур бўлиб қолди. Менга ўрнимдан турмасликни қайта-қайта тайинлаб чиқиб кетди. Газетани эрмак қилиб ўқиб ўтирган эдим, йўлакдан шовқин, аниқроғи, кимларнингдир кулгани эшитилди. Одатда, бу ерда беморлар ойлаб ётгани боис кимнидир кузатиб қўйишаётганда юзага келарди бундай кайфият.
— Нима гап, кимдир уйига кетяптими? – сўрадим эшигим ёнидан ўтиб қолган бир бемордан.
— Ҳа-а, ҳалиги рус йигити бориди-ку…Элдарми…реанимация бўлимидаги? Ўша болага уйига рухсат беришибди. Бўлимдагилар билан хайрлашгани келган экан.
— А?

Дераза тарафга қараб тоқатсизлана бошладим. Онамдан ҳамон дарак йўқ. Менга эса уни сўнгги марта кўриб қолиш илинжи тинчлик бермасди. Онам келавермагач, ўзим ўрнимдан туришга қарор қилдим. Шукурки, қўлтиқтаёқлар қўлим етадиган жойда экан. Қалтираб-қалтираб, қаддимни ростладим. Бир муддат тик туриб, оёғимни машқ қилдиргач, эшик томон юналдим. Таёқларим билан қия очиқ турган эшикни очдиму йўлакка чиқдим. Девор ёқалаб юриб боряпман. Мана, аёллар бўлимидан чиқишимгаям озгина қолди. Ундан ўтсам, ўртада иккинчи қаватга элтувчи йўлак, ундан бир амаллаб чиқиб олсам, эркаклар бўлимига етаман. Шу хаёллар билан йўлакчага чиқувдим ҳамки, кексароқ бир аёл ва бир эркак ҳамроҳлигида ичкаридан чиқиб келаётган йигитга кўзим тушди. Ким бу? Қаерда кўрганман? Нақадар таниш чеҳра. Аввалига таний олмадим, шунда ногоҳ унинг кўзларига қарадим. Ахир…ахир, бу ўша нигоҳлар-ку! Ўша мағрур, ўша ҳаётга ташна кўзлар-ку! У – Элдар ака секин, аммо бир маромда юриб келарди. Ёнидагилар, ҳойнаҳой, ота-онаси бўлса керак.
-Элдар ака, мени танияпсизми? Мен Баҳромман. Элдар ака… — бу сўзларни айтдимми, ё бўғилиб ичимда қолиб кетдими, билолмадим. Юрагимнинг “гуп-гуп” овози қулоқларимда акс-садо берар, бўғзимга тиқилган аччиқ бир нарса вужуд-вужудимни куйдириб юбораётганга ўхшарди. Мана, бор-йўғи тўрт қадам қолди. Атиги тўрт қадам. Ҳозир у “Бахрам, братишка!” дейди-ю, мени қучоқлаб олади. “Бу нима аҳвол, не кўйларга тушдинг?” дейди. “Қўлтиғингга нимани тақаб олдинг, ташла уларни!” дейди. “Менга ўхшаб ўз оёғингда юрсанг-чи!” дейди. “Юр-юр”, дейди…

Ҳозир, оз қолди. Уч қадам…икки қадам… йўқ, ундай бўлмади! У чапга — чиқиш эшигига қараб бурилди. Мен етиб келган жойимда серрайганча мажолсиз туриб қолдим. Қулоқларимда ҳамон “гуп-гуп”, “гуп-гуп”! Кўзларимдан оқаётган ёшни биров кўришини хоҳламасдим…
Бошимни эгганча, бир-бир босиб ортимга қайтдим…

045
Bayram ALI
SO’NGGI UCHRASHUV
034

Yanvar oyining 23 sanasi. Hayotimni alg‘ov-dalg‘ov qilib yuborgan g‘avg‘olar shu kundan boshlangandek, nazarimda. Uch kun oldin yog‘ib o‘tgan qor yerni tark etay demas, aksincha, muzlagan yerga yopishib, battar yaxmalak bo‘lib qolgandi…
…Mashinamiz sirpanchiq yo‘llarda sirg‘ala-sirg‘ala Kitob shahriga kirib bordi. Oyog‘imda yurak urishiga monand sim-sim og‘riq kechayotgan bo‘lsa-da, ruhim yengil. Xuddi yaqinda hammasi tugaydigandek, hamma og‘riqlardan xalos bo‘ladigandekman. Kasalxona binosi joylashgan joyda to‘xtadik. Haydovchi bilan xayrlashgach, o‘zimizga kerakli bo‘limni topib, ichkariga kirib bordik. Qabuldagi yetti-sakkiz kishilik navbatni ko‘rib biroz siqildim. Oq xalatiga mos to‘qima kamzul kiygan hamshira bizni navbatimiz kelguncha qo‘shni xonada kutib turishga taklif qildi. Kutish nimaligini yaxshi bilasiz. Og‘riyotgan tizzalarimni silab-silab qo‘yaman. Navbatning esa so‘ngi yo‘qdek go‘yo. Bir payt zaldan xabar olgani chiqqan otam shoshib kirib keldi:
-Qani, bo‘laqol, navbatimiz keldi!

* * *

— Xo‘-o‘-sh, qaerdan keldilaringiz? – salom-alikdan keyin do‘xtirning birinchi bergan savoli shu bo‘ldi. Biz Qamashining Chim qishlog‘idan kelganimizni aytdik.
— E, Chimlikmisiz? Anvar yaxshi yuribdimi?
“Qaysi Anvar?” deganday otamga qaradim. Do‘xtir Anvardan keyin yana boshqa bir nechta davolagan sobiq bemorlari haqida so‘rab-surishtirdi. Otam taniganlari, adashmasam, tanimaganlari haqida ham “Ha, yaxshi yurishibdi. Sizga ko‘pdan-ko‘p salom aytishdi”, qabilida javob berib turdilar. Nihoyat, gap aylanib, asosiy mavzu — mening sog‘lig‘imga taqaldi. Bir qancha tibbiy tekshiruvlardan keyin bu dargohda qoladigan bo‘ldim.
Hamshiraga yozganlarini topshirib bizni qo‘shni yo‘lak tomon boshlarkan, do‘xtir:
— Meni to‘g‘ri tushunasizlar, degan umiddaman, bemorlarimiz ko‘p, joy tanqis, shunga o‘g‘lingizni vaqtincha ayollar bo‘limiga yotqizib turamiz-da endi, – deb qolsa bo‘ladimi? Yuragim orqaga tortib ketdi. Tasavvurim ko‘zgusida tinimsiz javrayotgan, bir-birlariga tuturiqsiz hazil-huzullar qilib, baland ovozda kulishayotgan ayollar gavdalandi. Ammo ayollar bo‘limi o‘ylaganimdan farqli o‘laroq, favqulodda osuda ekan.
Men o‘zimga tegishli palataga joylashdim, otam esa uyga qaytib ketdi. Ikki kishidan iborat palatadosh sheriklarim bilan tanishib oldim. Ayniqsa, ularning yoshrog‘i menga yoqib qoldi. U tinimsiz gapirar, deraza yonidan biror qizmi, hamshirami o‘tib qolgudek bo‘lsa, to ko‘rinmay ketguncha izidan boqib turardi-da, keyin jo‘rttaga bir-ikki tomoq qirib qo‘yib, yana gapida davom etardi. Bu yerdagi ilk kunlarim shunday boshlandi. Asta-sekin kasalxona sharoitiga ham ko‘nika boshladim. Shifoxonadagi eng yosh bemor bo‘lganim uchunmi shifokorlardan tortib bemorlargacha hamma menga yaxshi munosabatda edi. Ayniqsa, men mutlaqo tanimaydigan, bilmaydiganlar ham ismimni aytib chaqirishganda, xonalariga suhbatgami, taom tanavvul qilishgami taklif etishganida o‘zimni xuddi yulduzdek his qilar edim. Shunday kunlarning birida men uni birinchi bor ko‘rdim…
Ertalabki nonushtadan keyin uxlab qolibman. Uyg‘onib qarasam, xonada bir o‘zim. Kiyinib, yo‘lakka chiqdim. Kun yakshanba. Yo‘lak ham jim-jit. Bizning palata ayollar bo‘limidagi yagona erkaklar joylashgan xona bo‘lganligi bois, ko‘p vaqtimiz erkaklar bo‘limida o‘tardi. Ikkinchi bo‘limga o‘tib, to‘g‘ri yo‘lak so‘ngiga yurdim. Yaxshi bilamanki, to‘rdagi xonada tez-tez qarta o‘yini uyushtirib turilardi. Xonadoshlarim shu yerdadir, ehtimol.
Bir qiya ochiq turgan xona eshigi oldidan o‘tarkanman, kimdir meni chaqirganday tuyuldi. To‘xtadim. Meni chaqirayaptimi? Ha, rostdanam qiya ochiq eshikdan kimdir meni past ovozda chaqirayotgan edi. Ismimni buzib talaffuz qilishiga qaraganda o‘zga millat kishisi, shekilli. Shahdam yurgancha eshikni lang ochib kirib bordim. Kirib bordim-u… alhazar, naq tirik murdani ko‘rgandek seskanib ketdim.
-Ey-y, Baxram, idi, idi suda! Kani, buyokka sadis, buyokka, — bemor qaltiroq qo‘llari bilan menga joy ko‘rsatardi. U nihoyatda ozib ketgan — qoqsuyak. Bo‘rtib qolgan mijjalari xuddi chizib qo‘yilganga o‘xshaydi. Shundog‘am rangpar yuzlari holsizlikdan battar sarg‘ayib, dahshatli tus olgan, ko‘zlari ichiga botib ketgan, biroq, ne holki, bu ko‘zlarda allanechuk mag‘rurlik, hayotga tashnalik zohir. Magaramki, shu ko‘zlarini va arang qimirlab turganini aytmasa, uni tirik deyish… Bunga ko‘nikib ketgan, shekilli, u ajablanib qarab qolganimga e’tibor ham qilmay, meni o‘tirishga undardi. Bu holatga jimgina qarab turolmadim. To‘g‘rirog‘i, meni shu topda nimadir bu odamdan nari itardi. Bilmadim, nima edi bu – ijirg‘anishmi, qo‘rquvmi?
Shunday qilib, unga ko‘rishish uchun uzatgan qo‘limni shart tortdim-u, xonadan o‘qday otilib chiqib ketdim. U ortimdan chaqirgancha qolaverdi. Palatamga qaytib boribman hamki, ko‘z oldimdan uning ayanchli ko‘rinishi ketmasdi. Shu payt eshik taqillab, dori idishchalarini ko‘targan hamshira kirib keldi:
— Xonadoshlaring qaerda? Nima endi, ularni birma-bir topib dorisini qo‘liga tutqazishim kerakmi?
— Koshki bilsam. Men ham ularni qidirayapman. Yaxshisi, dorilarni menga berib keta qoling.O‘zim berib qo‘yaman.
— Sang‘igani sang‘igan bular, hech xonasida turishmaydi… – dedi u norozilanib, keyin mendan so‘radi, — O‘zingning ahvoling yaxshimi, ancha tuzalib qoldingmi?
— Bilmasam. Yaxshi bo‘p qolarman, — dedim soxta parishonlik bilan. Hamshira shiringina tabassum hadya etdi. Uning dori taqsimlayotganidan foydalanib, boyagi bemor haqida so‘radim.
— Bilasizmi, erkaklar bo‘limidagi yigirmanchi palatada bittasiga ko‘zim tushdi…
— Ha-a, Eldarmi? Ajoyib bola. Tanishib oldinglarmi?
Hamshiraning ko‘zlari yonib ketdi. Ko‘rinishi kishini seskantirar darajada xunuk bu bola haqida nega bunchalar to‘lqinlanib gapirdi, tushunolmadim. Adashmayaptimi o‘zi? Rashk qildimmi, yo boshqa sababdan, xamshiraning bemor bola haqidagi iliq gaplari menga yoqmadi. G‘ashim kelib yuzimni derazaga burdim va u haqda boshqa so‘ramadim.
Qishning qisqa kunlari shu zaylda o‘tib borardi. Keyin ham bu palata yonidan ko‘p o‘tdim. Eshik doimo qiya ochiq. Bu yerdan o‘tayotganda uning qo‘rqinchli ko‘rinishini ko‘rmaslik uchun yuzimni teskari burar, chaqirib qolmasin, deya qadamimni tezlatar edim. Lekin, baribir, yana bir kurishuvdan qochib qutulolmadim…
Bir kuni televizor xonasida to‘qqiz-o‘ntacha bemor suhbatlashib o‘tirgan edik, o‘ng tarafdan qo‘ltiqtayoqlarning do‘qillagan ovozi, keyin hamshira qizning jarangdor kulgusi eshitildi. Hammamiz ovoz kelgan tomonga qaradik. Yo tavba! Qotib qoldim. U shu ahvolida qo‘ltiqtayoqlarda yurib kelayotgan edi. Hamshira esa uning belidan mahkam tutib, yurishiga yordamlashyapti. Ro‘paramda o‘tirgan yapaloq yuzli kishi sapchib turdi o‘rnidan:
— E, Eldarboy, suda, suda, — xuddi rus tilini bilishini atay namoyish qilganday so‘zlarni cho‘zib-cho‘zib talaffuz qilgancha yordamga oshiqdi. Qolganlar ham o‘rinlaridan turishdi. U esa to‘g‘ri yurib kelib, mening yonimga o‘tirdi. Qo‘l berib salomlashdi. Uning muzdek kaftlarini xohlamaygina siqib qo‘ydim. Davradagilarning hammasi undan hol-ahvol so‘rardi, hazil qilardi. U esa ko‘proq menga murojaat qilar, adashmasam, yaqinroq bo‘lishga urinayotgandek edi. Men uning chala o‘zbekcha gaplariga “ha” yoki ”yo‘q” deb, yana imo-ishora bilan qisqa-qisqa javob berardim. O‘shanda o‘zimni nega bunday tutganimni haliyam tushunolmayman. Ayniqsa, meni uning yonginamga taqab qo‘yilgan, yelkamga tegay-tegay deb turgan qo‘ltiqtayoqlari tashvishga solar, ochig‘i, qo‘rqitardi. O‘rnimdan turdimu, tag‘in oshkora qo‘pollik bilan xonamga yo‘l oldim. Ortimga qaramasam-da, uning og‘ringan nigohlarini sezib turardim…
Ertalab do‘xtir xonamizga tushkun kayfiyatda kirib keldi. Meni uzoq tekshirgach, qiyofasidan shuni angladimki, ahvolim ko‘pam yaxshi emas.
— Senga aytsam, Bahromjon, — dedi do‘xtir vazminlik bilan, — vaziyat doimiy tartibni taqozo qilyapti.
— Nima? Nima degani u?-so‘radim cho‘chinqirab.
Do‘xtir uh tortdi.
— Demoqchimanki, endi bir muddat joyingdan qimirlamay yotib turasan…
— Qancha?
— Bir oymi…, undan ko‘proqmi…
Aftidan, bu gaplarni aytish do‘xtirga ham og‘ir edi. Ko‘z oldim qorong‘ulashib ketdi. Bir oy xonadan chiqmay, bir karovatda qimirlamay yotish, baayni daxshatdek edi mening uchun. Ammo boshga tushganni ko‘z ko‘rar ekan. Shu kundan boshlab menga “postelnыy rejim” buyurilib, xonadoshlarim esa o‘rnimdan turmasligimga javobgar etib tayinlandi. Holimdan xabar olgani kelgan uyimdagilar bu gapni eshitib, hangu-mang bo‘lib qolishdi. Do‘xtir xonasiga olib kirib, nimalarnidir uzoq tushuntirgach, ular ham taqdirga tan berishdi. Onam yonimda qolmoqchi edi, do‘xtir yana yo‘l qo‘ymadi. Umid uzolmay-uzolmay, ortiga qaytib ketdi sho‘rlik onam…
Hayotimning eng og‘ir damlari edi bu! Deyarli kun bo‘yi yolg‘iz shiftga termulib yotaman. Zerikaman. Yo‘lakdagilarning ovozi eshitilib turishi uchun eshikni qiya ochtirib qo‘yaman va har safar shu qiya ochiq eshikka ko‘zim tushganda, uni eslayman. U bilan endi suhbatlashgim keladi. Endi uning yuzlari menga avvalgidek sovuq va zahil tuyulmas, qandaydir mehrli, nimagadir qalbimga yaqindek edi. Bir paytlar meni seskantirgan qo‘llarini hovuchlarimga olgim, hatto ko‘zlarimga surtgim keladi. Yonimga keluvchilardan u haqda so‘rab tursam-da, afsuski tuzukroq bir gap ololmasdim. Bir kuni oldimga huv o‘sha hamshira kirib keldi. Hamshiradan uni so‘rashim og‘ir, chunki zalda unga qilgan muomalamning guvohi bo‘lgandi. Ehtimol, xonadagisiniyam eshitgandir.
— Eldar aka sog‘ayib qoldimi? — so‘radim nihoyat, biroz xijolat tortib.
— Nimasini aytasan, ancha sog‘ayib qolgan. Ishonsang, hatto hech kimning yordamisiz o‘rnidan turyapti, — hamshira doimgiday u xaqdq to‘lib-toshib gapirdi. Bu gal g‘ashim kelmadi, aksincha, uning so‘zlarini ajib entikish bilan tingladim. Bir necha kundan keyin axvolini yana so‘ragan edim, reanimatsiya bo‘limiga olinganini eshitdim. Yuragimga g‘ulg‘ula tushdi.
— Nima gap, tinchlikmi o‘zi?
— Tinchlik, shunchaki kichkinagina operatsiya o‘tkazilar ekan…
Bu gapni eshitib ko‘nglim joyiga tushdi.
Sen yurmaganing bilan vaqt to‘xtab qolmas ekan. Oradan bir yarim oy o‘tdi. Ayanchlisi, bu vaqt ichida ahvolim yaxshilanish o‘rniga tobora og‘irlashayotgan edi. Uyimdagilar kelishganida o‘zimni imkon qadar yaxshi tutar, uch-to‘rt kundan beri salomatligim o‘nglana boshlaganiga ularni ishontirishga harakat qilardim. Bir kuni do‘xtir qon bosimimni o‘lchab ko‘rayotib, ikki kundan keyin yurishimga ruxsat berishini aytdi. Terimga sig‘may ketdim. Bu xushxabardan uyimdagilarni ham ogox etdik. Ular yetib kelishdi. Ahvolim unchalik yaxshi bo‘lmasa-da, yurishimga ro‘xsat xabarini sog‘ayayotganim alomati deb qabul qilishdi. Otam yaqindagi dorixonadan qo‘ltiqtayoq keltirdilar. Tasavvur qiling-a, avvallari qo‘l tekkizishga orlanganim bu matoh endi menga qanchalik quvonch hadya etayotganini. Xullas, ota-onam va do‘xtirlar xonamga jam bo‘lishdi, men ikki oydan beri birinchi marta oyoqqa qalqdim. Tayoqlarni ko‘rganimda, uni qo‘ltig‘imga ilib, sakrab-sakrab yurib ketaman, deb o‘ylovdim. Ammo chuchvarani xom sanagan ekanman. Otamning yordami bilan arang o‘rnimdan turdim-u, hali qadam bosmasimdan ko‘zlarim tinib ketdi. Otam ushlab qolmaganlarida yiqilishim aniq edi.
— Hammasi joyida, qo‘rqadigan hech narsa yo‘q, — dedi do‘xtir sarosimali ko‘zlarini yerga tikib, — harholda, anchadan beri o‘rnidan turmagan. Bir necha kun xonada mashq qilib tursin, kuchlansa, yaxshi bo‘p ketadi…
Shu kundan do‘xtir tuzib bergan tartib asosida xona bo‘ylab yura boshladim. Nuqul stolni aylanib yuraman. Stoldan sal uzoqlashdimmi, boshim aylana boshlaydi. Asta-asta stoldan uzoqlashishga ham ko‘nikdim, lekin nimagadir do‘xtir bezovta, juda bezovta ko‘rinardi…
Yurishimga ruxsat berilganining o‘ninchi kunlarimidi, onam bozorga tushishi zarur bo‘lib qoldi. Menga o‘rnimdan turmaslikni qayta-qayta tayinlab chiqib ketdi. Gazetani ermak qilib o‘qib o‘tirgan edim, yo‘lakdan shovqin, aniqrog‘i, kimlarningdir kulgani eshitildi. Odatda, bu yerda bemorlar oylab yotgani bois kimnidir kuzatib qo‘yishayotganda yuzaga kelardi bunday kayfiyat.
— Nima gap, kimdir uyiga ketyaptimi? – so‘radim eshigim yonidan o‘tib qolgan bir bemordan.
— Ha-a, haligi rus yigiti boridi-ku…Eldarmi…reanimatsiya bo‘limidagi? O‘sha bolaga uyiga ruxsat berishibdi. Bo‘limdagilar bilan xayrlashgani kelgan ekan.
— A?
Deraza tarafga qarab toqatsizlana boshladim. Onamdan hamon darak yo‘q. Menga esa uni so‘nggi marta ko‘rib qolish ilinji tinchlik bermasdi. Onam kelavermagach, o‘zim o‘rnimdan turishga qaror qildim. Shukurki, qo‘ltiqtayoqlar qo‘lim yetadigan joyda ekan. Qaltirab-qaltirab, qaddimni rostladim. Bir muddat tik turib, oyog‘imni mashq qildirgach, eshik tomon yunaldim. Tayoqlarim bilan qiya ochiq turgan eshikni ochdimu yo‘lakka chiqdim. Devor yoqalab yurib boryapman. Mana, ayollar bo‘limidan chiqishimgayam ozgina qoldi. Undan o‘tsam, o‘rtada ikkinchi qavatga eltuvchi yo‘lak, undan bir amallab chiqib olsam, erkaklar bo‘limiga yetaman. Shu xayollar bilan yo‘lakchaga chiquvdim hamki, keksaroq bir ayol va bir erkak hamrohligida ichkaridan chiqib kelayotgan yigitga ko‘zim tushdi. Kim bu? Qaerda ko‘rganman? Naqadar tanish chehra. Shunda nogoh uning ko‘zlariga qaradim. Axir…axir, bu o‘sha nigohlar-ku! O‘sha mag‘rur, o‘sha hayotga tashna ko‘zlar-ku! U sekin, ammo bir maromda yurib kelardi. Yonidagilar, hoynahoy, ota-onasidir.
-Eldar aka, meni taniyapsizmi? Men Bahromman. Eldar aka… — bu so‘zlarni aytdimmi, yo bo‘g‘ilib ichimda qolib ketdimi, bilolmadim. Yuragimning “gup-gup” ovozi quloqlarimda aks-sado berar, bo‘g‘zimga tiqilgan achchiq bir narsa vujud-vujudimni kuydirib yuborayotganga o‘xshardi. Mana, bor-yo‘g‘i to‘rt qadam qoldi. Atigi to‘rt qadam. Hozir u “Baxram, bratishka!” deydi-yu, meni quchoqlab oladi. “Bu nima ahvol, ne ko‘ylarga tushding?” deydi. “Qo‘ltig‘ingga nimani taqab olding, tashla ularni!” deydi. “Menga o‘xshab o‘z oyog‘ingda yursang-chi!” deydi. “Yur-yur”, deydi…
Hozir, oz qoldi. Uch qadam…ikki qadam… yo‘q, unday bo‘lmadi! U chapga — chiqish eshigiga qarab burildi. Men serraygancha majolsiz turib qoldim. Quloqlarimda hamon “gup-gup”, “gup-gup”! Ko‘zlarimdan oqayotgan yoshni birov ko‘rishini xohlamasdim…
Boshimni eggancha, bir-bir bosib ortimga qaytdim…

023

(Tashriflar: umumiy 275, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring