Bibi Robia Saidova. Kuz yomg’iri

Ashampoo_Snap_2016.11.05_10h33m35s_001_.png   Аёлга энг завқ бағишлайдиган нарса – ёнгинасидаги мактаб қўнғироғининг жаранги ва дўкон олдидан гоҳ бир-бирини қувлаганча, гоҳ шўх кулгулари билан еру осмонни тўлдирганча ўтиб кетадиган ўқувчиларни томоша қилиш эди. Уларни кўргач, хотира китобидаги қарийб унутилаёзган қайсидир саҳифалар очиларди…

Биби Робиа
КУЗ ЁМҒИРИ
01

021  Биби Робиа (Биби Робиа Саидова) 1991 йилда таниқли шоир Азиз Саид оиласида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультети талабаси. Ҳикоя, шеър ва мақолалари Республика матбуотида мунтазам равишда чоп этиб келинмоқда.

01

056    Шаҳар ғала-ғовуридан ўзини четга олган бу дўконча кўҳнагина мактаб биқинида, кўп қаватли эгизак бинолар ўровида жойлашган эди.

Тўрт фаслга мосланган пойафзаллар билан тўлдирилган дўконнинг доимий ёрдамчилари – сониялар, соатлар, кунлар – бозорга боришга эринадиган, зарурат туғилгандагина оёқ кийим эсига тушиб қоладиган харидорларни тинимсиз етаклаб келарди. Шунга қарамай, дўконча, даромадидан кўра кириб чиқувчиларининг кўплиги билан мақтаниши мумкин эди, холос. Вақтнинг харидор чорлашдан тинкаси қуриб қолган пайтларда сотувчи аёл қўлига китоб оларди. Эскириб, титиғи чиқиб кетган бу китоб билан у анча йиллардан бери суҳбатлашиб келади. Суҳбат-мутолаа ҳар гал поёнига етгач, яна қайта бошидан тушишар, бу эса аёлга бир ҳаётни такрор-такрор яшаётганга ўхшаб туюларди. Лекин у бундан зерикмас, ҳатто кўникиб кетган эди.

Ҳар куни дўкон олдидан бутун орзулари амалга ошишига ишонадиган болакайлар, ҳорғин ва хотиржам юзларига ўтмишлари битилган кексалар, умрдан ўз улушларини олиб қолиш илинжида юрган эркагу аёллар бетиним ўтиб туришар, дўкон ойнаси гўё экрану, аёл худди сўзсиз фильм томоша қилаётгандек бўлар ва ўзининг бу тасаввуридан мийиғида кулиб қўярди.

Аёлга энг завқ бағишлайдиган нарса – ёнгинасидаги мактаб қўнғироғининг жаранги ва дўкон олдидан гоҳ бир-бирини қувлаганча, гоҳ шўх кулгулари билан еру осмонни тўлдирганча ўтиб кетадиган ўқувчиларни томоша қилиш эди. Уларни кўргач, хотира китобидаги қарийб унутилаёзган қайсидир саҳифалар очиларди…

Мана, дўкон ёнидан қирқ ёшлар чамасидаги қотмадан келган бир аёл етти-саккиз ёшлардаги ўғлини етаклаганча ўтиб кетяпти. Ногаҳон аёл таққа тўхтади. Нигоҳларини дўкон ичига йўллади. Сўнг яна кўзларини ерга тикканча бир-икки қадам ташлади. Яна тўхтади. Гўёки кимдир уни гоҳ олдинга, гоҳ орқага тортқиларди. Охири оёқлари уни дўкон эшигига бошлаб келди. Аёл бўсағада тураркан, ижозатомуз нигоҳ билан ичкарига қаради. Сотувчининг: “Ассалому алайкум, марҳамат, киринглар, бемалол ёққанини танлаб олаверинглар”, деган лутфидан кейин остона ҳатлади. Болакай эса бундай антиқа жойга келиб қолганига қувониб, онасининг қўлидан юлқинишга уринарди. Аёл кузги пойафзалларни ўзгача бир ҳавас билан кўздан кечира бошлади: мана ялтироқ чармлиси, ён тасмачаларига рангли тошлар ёпиштирилгани, пошнаси баланди, учи қуш тумшуғидай чўзилганию гул шаклидаги мато билан безатилгани. У ўзини музейдаги қимматбаҳо экспонатларни томоша қилаётгандек тутарди. Дўкон бурчагидаги охирги сафларда турган бир туфлига кўзи тушганда аёл таққа тўхтади ва унга тикилиб қолди. Ҳеч қандай безаксиз, одмигина бу туфлининг ўтган йилги мавсумдан “мерос” бўлиб келаётганиданми, нархи арзонроқ эди. Аёл беихтиёр қўлини туфлига узатди-да, нимадандир истиҳола қилдими, дарҳол тортиб олди ва сўради:
– Бу… қанча туради?

Саволни бердию бутун вужуди қулоққа айланди. Сотувчи айтган баҳо жуда арзон эди. Аммо нархни эшитган аёл бехосдан кафтлари орасидаги жажжигина қўлчани қаттиқроқ қисиб юборди. Унинг сониялар ичида ўтган бутун изтироблари ана шу тарзда ифодаланган эди. Ўғли кутилмаган оғриқдан чинқириб юборди. Она дарҳол жажжи бармоқчаларни силади ва сотувчига хижолатомуз табассум қилганча дўкондан чиқиб кетди. Ана шу дақиқаларда аёлнинг урингангина кўйлаги ва нимдошгина пойафзалига кўзи тушган сотувчининг кўнгли алланечук бўлиб кетди.

Бугун савдо ғилдирагини айлантиришга вақтнинг ҳам қурби етмади. Кичкина қизи шамоллаган, дўконни эртароқ ёпиб уйига жўнаш керак. Шундай қилди ҳам.

“Саҳар турсанг, ишларинг юришади, ризқинг кўпаяди”. Бу гапни онасидан кўп эшитганди. Шунинг учун дўконини бугун одатдагидан эрта очди. Сўнгра қора булутлар кузатуви остида дўкони олдига сув сепиб супурди. Вақт харидор чорлаш билан овора экан, у ичкарига кириб китобини қўлига олди. Аммо хонага бостириб кирган ернинг нам ҳиди руҳини аллақаёқларга чорлагандек бўлди. Қишлоғидаги таниш манзаралар кўз олдидан ўта бошлади. Сотувчи тўйиб-тўйиб, чуқур-чуқур нафас олди-да, кўчада мудраётган ҳаётнинг уйғонишини кутиб кўзини китобга тикди.

Шамол оёғи куйган товуқдек у ёқдан бу ёққа югурарди. Кун пешинга яқинлашган. Саҳар турмоқ ҳикматини пешма-пеш сотилаётган товарлари тасдиқлаб турарди. Сотувчи дўкондаги икки харидор билан андармон бўлиб турганида баҳайбат қора машина савлатига яраша овоз билан “ғийқ” этиб дўкон олдида тўхтади. Машинанинг орқа эшигидан ўзгача русумдаги мактаб формаси кийган ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги қизалоқ ва олд эшикдан бошидаги кепкасини тўғрилаганча башанг кийинган бир киши тушди. Аёл уларни дўкон ичига кириб келгунларига қадар кузатиб турди ва шунча дабдабага ярашмаган ҳиссиз юзларига қараб, уларнинг суратини чизган “рассом”га истара, қувонч ранглари етишмай қолганига таажжубланди. Гўёки бундай одамларнинг юзига сув сепиб ўзига келтириш керакдек туюларди. Дўконга кирибоқ ота ҳали танланмаган туфли учун орқа чўнтагидан бир боғлам пулни қўлига олди. Қизча кутилганидай юқориги қаторда, алоҳида мавқе эгаллаган пойафзалларга кўз югуртирди-ю, ҳам нархи, ҳам пошнаси бошқаларига қараганда анчагина баланд бўлган туфлини бармоқ учлари билан кўрсатиб:
– Ана шунинг ўттиз еттисини беринг, – деди.

Сотувчи талабни бажаришдан олдин беихтиёр қизнинг оёқларига назар ташлади. Оёғидаги бежиримгина феруза тошли туфлиси билан қўлидаги сумкасининг ранги бир хил эди. Қиз танлаганини кийиб кўрар экан, юзидан қисқа муддат ичида табассум югуриб ўтди:
– Буни кеча олиб берган маржонингиз билан ҳам кийсам бўларкан. О, мана бунисини ҳам оламан. Уйимиз ёнидаги дўконда шунга мос шарф ҳам кўргандим.
Ота пойафзалларнинг нархини сўраб, сотувчига пул тутқазди…

Қора булут, ниҳоят, дард ёрди: шаррос ёмғир қуйиб юборди. Сотувчига таниш бўлган мактаб қўнғироғи жаранглади. Бугун даромад нисбатан мўл бўлганини ўйлаб ўтирар экан, эшикдан боласини етаклаганча ўша таниш аёл кириб келди ва пешонасидан сизаётган ёмғир томчиларни артаркан, остонадан бир қадам ўтиб тўхтади. Сотувчи она-болани дарҳол таниди ва очиқчеҳра билан уларни ичкарироққа таклиф қилди. Аёл юзида қотиб қолган ним табассум билан ўғлини етаклаганча қил кўприкдан ўтаётгандек эҳтиётлик билан юриб бурчакка борди ва ўша илгари кўриб кетган туфлисига бир муддат тикилиб турди. Ўғли эса, кўчада ёмғирда қолгани ёқмаганми, жимгина турар, ҳеч нарсага қизиқмасди. Онаси кўзини ердан узмаган кўйи туфлининг нархини яна сўради. Бола сотувчи оғзидан яна ўша нарх янграгунга қадар бўлган муддатда онасининг юрак товушини эшитди. Сотувчи ўша рақамларни қайтараркан, нима учундир хижолат тортди. Шунда фарзанд нигоҳларини онасининг оёқларига қадади. Бола онасининг шунча йиллардан бери кийилавериб орқаси эзилиб кетган, олд ва ёнларидаги баъзи жойларнинг чоклари сўкилган оёқ кийимини кўриб, гоҳ онаси юзига, гоҳ ерга тикиларди, тикилгани сайин кўзларидаги мунг қуюқлашарди. Ва шу лаҳзаларда боланинг болалиги ёмғирга ҳам қарамасдан ҳеч қачон қайтмайдиган бўлиб дўкондан чиқиб кетди.

Аёл ўғлининг руҳиятида нимадир чил-чил синганини оналик қалби билан сезди-ю, сотувчига миннатдорчилик билдирганча тез-тез қадамлар билан дўконни тарк этди. Сотувчи юрагида эса ноиложлик донларини тортқилаётган саф-саф чумолилар ғимирларди.

Дўкон олдига бугун ҳам фаррош булутлар саҳарлаб сув сепган. Ичкарида эса сотувчи аёл қўлидаги китобнинг саҳифасини очган кўйи бир нуқтадан кўзини узмай хаёлга толган.
– Ассалому алайкум, ҳорма энди!

Нохос эшитилган овоздан аёл сесканиб тушди. Қараса, эрининг жанозасидан бери дийдорини кўрмаган, аниқроғи, дийдорини кўрсатмаган тоғаси. Аёл қувонганидан югуриб тоғасига пешвоз чиқди. Тоға эса бутун соғинчини оҳистагина қўл узатиш билан изҳор айлади. Анча давом этган салом-аликдан сўнг тоғаси катта қорнини эҳтиётлаб стулга ўтираркан, асл муддаога кўчди:
– Яхши!.. Яхши дўконни ижарага опсан деяпман. Балли, аёл бошинг билан эплаяпсанми, қандингни ур. Бунгача қандай қийналганингни эшитиб, роса ачинардим. Кўчиб кетганингдан сўнг, мана, узоқ-яқиндан суриштириб дўконингни топдим. Кўрдингми, бой бўлиш – қариндошларни топишнинг осон йўли, уларнинг ўзи сени излаб келишади. Ана шундай бойишда давом этсанг, бошқа қариндошларингниям кўрасан, – мийиғида кулди тоға. – Хуллас, гап бундоғ: кўриб турганингдай куз серёғин келди. Ана бу жониворни кийиб юрганимга эса икки йил бўляпти, – у оёғидаги туфлига ишора қилди. – Шунга-а-а, бир бақувватидан, совуғу ёмғирга чидайдиганидан топиб бер! Пул бегона бўлмасин дейман-да.

Юраги ҳапқирганча турган жиян тоғасига истаганидан зиёдасини топиб берди. Аммо тоғасининг кўзларидан ўзи истаганини топа олмади. Қаерлардир, кимлардир, нималардир ҳақида сўрагиси, суҳбатлашгиси келар, аммо тили унга бўйсунмасди. Тоға анча муддат пойафзалнинг пишиқлигини, лойиқ-лойиқмаслигини синагач, туфли солинган қутини қўлтиқлаганча ўрнидан турди:
– Майли, жиян, ана шундай шижоатни йўқотма. Лекин, онанг раҳматликни ўзи бўлибсан. Раҳмат, эртага ўғлим бор-ку – Тоштемир аканг, пулини ташлаб кетади. Бўпти, яхши қол!

Қуюққина хайрлашган тоғаси қўлини силкита-силкита тезда дўкондан йироқлашди. Аёл тоғасининг орқасидан кузатар экан, ёмғирга ҳам қарамай шошганча чилп-чилп этиб, эҳтимол қайтмас бўлиб кетаётган оёқларга қараб қолди. Тоғаси чеккароқда кутиб турган кулранг машинага ўтирдию жўнаб кетди. Ёмғир эса боши эгик ҳолда туриб қолган жиянни алланималар деб овута бошлади. Аёл юзидаги ёмғир томчиларими, кўз ёшларими, фарқлай олмаганча дўконга қайтди.

Бугун эрталабдан бери тоғасининг кечаги гапларини ҳазм қилолмай оғриниб юрди. Харидорлар билан ҳам гаплари қовушмади. Кеча берилган ваъда туфайли бу кун дўкон одатдагидан янада эртароқ очилган. Кириб келадиган ҳар бир харидордан танишлик белгисини қидиравериб кўзлари ҳам толиқди. Ана шу чарчоқларни, бир зумга бўлса-да, ҳайдаб соладиган мактаб қўнғироғи чалинди. Мана, эшик олдидан беғам болалик ўтиб-қайтишни бошлади. Сотувчи завқланиб гоҳ уларни кузатар, гоҳ савдосига шўнғирди. Дўконга озғин юзларига кузнинг ранги сингиб кетган бир бола кирди-да, ийманибгина охирги қаторлардан бирида турган пойафзал томон юра бошлади. Сотувчи таниди, ахир бу ўша бола-ку! Фақат ёнида онаси йўқ. Ўзи келибди. Бола биров эшитиб қолишидан чўчигандай оҳистагина:
– Бу неччи пул? – деди.

Ана шу бир оғиз гап сотувчининг шилинган юрагига туз сепди. Сотувчи майин оҳангда ўша арзон ва совуқ рақамни такрорлади. Шунчаки томошага кирган аёллар ўғил боланинг аёл пойафзалини сўраганига эшитилар-эшитилмас кулиб қўйишди. Бола тезда орқасига ўгирилди-да, чиқиб кетди. Сотувчи аёлларга қадалган нафратомуз нигоҳлари билан уларни дўконни тарк этишга мажбур қилди. Китобни қўлига олгиси келмади, харидорлар безовта қилмагунча ўзи билан ўзи суҳбат қурди. Кечгача кўзлари тўрт бўлиб тоғаваччасини кутди. Яна адашиб кетмасин дея ҳар замонда ташқарига чиқиб, кўчанинг боши ва охирини кўзи билан кезиб чиқди. Сўнгра ўзини ўзи койиб қўйди: “Ахир тоғам-ку, тавба қилдим, нима хаёлларга боряпман-а. Эҳтимол бугун ишлари чиқиб қолгандир”. Уйига қандай етиб боришини ўйламай, бугун дўконни жуда кеч ёпти. Кечаси: “Бугун тушликка иккита сомса олиб келгани бирров чиққандим. Балки ўша пайт келишгандир”, деган ўйлар билан ухламай чиқди.

Дўкон эртасига кечагидан-да эрта очилди. Баъзан ёмғирнинг шитирлаб ёғиши қадам товушларига ўхшар ва сотувчининг умидвор кўзлари бўсағага югурарди. Пешин яқинлашяптики, дарак йўқ. Кириб келаётган ҳар харидорга “Эҳтимол қўшниларидан бериб юборгандир, эҳтимол набираларидан, эҳтимол…” дея илҳақ термиларди. Тинчланиш учун қўлига китобни ҳам олиб кўрди. Ана, яна қадам товушлари эшитиляпти. Кўзини китобдан олди. Юраги эса дукиллаганча эшикка югурди. Эшикда камзули остидан қават-қават кўйлак кийган, қўлида эски бозорхалта кўтариб олган, кўзлари ўйнаган лўли қиз пайдо бўлди. Сотувчининг ҳафсаласи пир бўлди-ю: “Эҳтимол, тоғаваччамнинг киришга вақти бўлмай шу лўлидан илтимос қилгандир”, деб ўйлади ва ўзининг хаёлидан уялиб кетди. Лўли қиз бамайлихотир кириб, оёқ кийимларга кўз югуртириб чиқди. Сўнг камзулининг чўнтагига қўл солди. Сотувчи аёлнинг қувончдан юзи порлади: “Айтдим-ку. Ана, ҳозир пулни чиқаради”. Лўли қиз анча кенг тикилган чўнтакни кавлай-кавлай кичкина идишдаги носни олиб, тилининг тагига ташлади. Аёлнинг устига муздай сув сепилгандай бўлди. Лўли яқингинада ота-қиз ҳайбатли машинада келиб олиб кетган туфлини кўрсатиб, мийиғида кулди ва деди:
– Апа, мана буниз чан пул?

Сотувчи ўша қиммат нархни айтди.
– Эбе, апа, нима деёпсиз? Манга мунай шутка қиманг, хайми? Охи, мандаям ёрилайкон юрак бор. Хэдойэ тавба. Ҳа, апа, манга бэр фикр келли. Ман зўр фол очаман. Маники мана бунизданам қэммат турсаям, майли, фолэмни алмашаман. Фолэм учун манга нимала беришмаган дейсиз. Зарур бўгане учун розе бўломман. Кафтезни беринг, сизга ким эссиқ-совуқ қэган, ким эризни бошини айлантирган, ҳаммасини айтаман. Тавба, нэмага қўрқопсиз, иби, қўрқманг. Узатинг, ахэ қўлизни!

Аёлнинг кўнглига ҳозир нафақат лўли қизнинг ўзи, ҳатто унинг овози ҳам сиғмасди. Авваламбор, эри автоҳалокатда вафот этганига салкам беш йил бўлган бўлса, бунинг устига, яқинда тоғасидан оғзи куйган бўлса. Фол учун яна битта туфлини бериб юборармиш. Одатдаги мулойимлик билан лўли қизга:
– Синглим, ҳеч қандай фол-мол очтирмайман. Уларни эса, хафа бўлманг-у фақат пулга сотаман. Мениям тирикчилигим шу-да, – деди.

Лўли қиз:
– Ба Худо! Бирэнчидан, фолэмни мол дема, хайми, иккэнчидан, очтирмасанг очтэрма. Оғзэмдагиниям заҳар қиллинг, – дея ташқарига носини туфлади ва: – Шунеям бил – ўйлаб юрган нарсанг бўмайди, хаймэ, ҳали мани айтти дейсан. Молмиш-а?! Хэдо осен, тавба! – деганча жаҳл билан дўконни тарк этди.
Лўлининг охирги гапидан сўнг аёлнинг умид торлари бирин-кетин узила бошлади. Энди товар эгасига нима дейди. “Эҳтимол келишар. Йўқ. Лўли бўлмайди деди-ку. Худойим, ўзинг ёрдам бер!”. Стулига оҳиста чўкиб, бошини кафтлари орасига олди. Шу пайт, бир бола ичкарига аста мўралади-да, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, секин кириб келди. Аёл бошини кўтарди. Яна кўксининг қаеридир ачишди. Бола сотувчига салом бериб, ўша туфлининг қаршисига бориб тўхтади. Анчагача тикилиб турдию, чиқиб кетди. Икки томчи ёш аёлнинг юзида из қолдирди.

Бугун қуёш ҳамма жойни бирров назорат қилгач, кўздан ғойиб бўлди. Аёлнинг юзига маъюслик билинар-билинмас соя солган бўлса-да, уйқуси кечагидан яхши бўлганлиги сезилиб турарди. У охири шу қарорга келганди: “Нима бўлганда ҳам ўз тоғам-ку. Пулини берган тақдирда ҳам олмаслигим керак эди. Ахир шунча йиллардан бери кўришмаган бўлсак. Э, пул азиз бўптими”. Одатдагидай одамларнинг кир-чиқи билан кун пешиндан оғди. Мана, яна ўша бола. У ҳеч ким йўқ пайтни пойлаб дўконга кирди-да, таниш туфлининг қошига бориб турди. Сотувчи аёл дарҳол тилга кирди:
– Ўғлим, онанг яхшими, кўринмайди? Нега у сени мактабдан олиб кетмаяпти?

Бола кўзини ердан узмаган кўйи деди:
– Йўлни ўзим топиб бора оладиган бўлдим.
Шу вақт дўконга қотмадан келган, элликлардаги бир эркак кириб келди ва оёқ кийимларни кўздан кечира бошлади. Бола бошқа ҳеч нарса демоқчимасди-ю, беихтиёр яна ўша саволни такрорлади:
– Бу неччи пул?

Бояги эркак бу саволни эшитиб боланинг ёнига аста яқинлашди ва унинг бошига енгилгина уриб қўйиб:
– Ў жўжа, хўроз бўл! Аёлларнинг туфлисини бошингга урасанми, аҳмоқ! – деди.
Бу гапдан сўнг боланинг қулоғи, кейин бутун юзи тарсаки егандай қизариб кетди. Дўкондан отилиб чиқиб кетди. Аёл ғазаб тўла нигоҳларини кишига найзадек қадади:
– Болагаям шундай дейдими? Чиқинг бу ердан, сизга нарса сотмайман!

Эркак ҳайратдан бақрайган кўзлари билан дўконни тарк этди. Аёл кечаги лўли қизнинг айтган охирги гапларини яна бир эслади-да, бугун дўконини эртароқ ёпишга аҳд қилди. Тоғаси билан изсиз кетган туфлининг нархини қоплаш учун китоб жавонини сотиш мақсадида уйига йўл олди.
Аёл бугун анча хотиржам кўринади. Қўлида ўша китоб. Суҳбат давом этмоқда. Вақт яккам-дуккам харидорларни эринчоқлик билан бошлаб келарди. Она жажжи боласининг “она” дейишига илҳақ бўлгандек, аёл ҳам бугун нимагадир дарслар тугаганидан мужда берувчи мактаб қўнғироғини интизорлик билан кутарди. У бугун болакайнинг кўнглини кўтариш, қўлидаги китобдан ривоятлар айтиб бериш учун астойдил ҳозирлик кўрган. Мана, кутилган қўнғироқ ҳам чалинди, аммо кутилаётган инсондан дарак йўқ. Соатлар кечгача “Ана келар, мана келар” дея сотувчини овутиб ўтиришди. Ниҳоят, ҳеч нарса олмайдиган сўнгги харидор – тун дўкон остонасига яқинлаша бошлади.

Яна саҳардан дўкон эшиклари очилган. Сотувчи аёл бўсағада туриб, табиатнинг илоҳий ифоридан тўйиб-тўйиб, чуқур-чуқур нафас олди. Кеча шамоллаб ётган қизининг анча тетиклашиб, юзига қизиллик югурганидан севинганди. Ана шу паллада сотувчининг хаёлига бугундан бошлаб даромадларидан оз-моз жамғариб юриш фикри келди. Кўзлари анча-мунча харидорларни кутиб олиб, кузатди. Туш вақти ҳам бўлди. Кутилаётган қўнғироқ ҳам чалинди. Мана, ниҳоят, боланинг аввалига пастаккина қораси, кейин ўзи кўринди. Бола ҳеч кимга, ҳеч нарсага қарамасдан дўконга шиддат билан кириб келиб, онаси олдин сўраган ўша пойафзалнинг олдига борди. Уни ҳалиям ўша жойда турганига амин бўлгач, яна ўша шиддат билан дўкондан чиқиб кетди. Сотувчи оғиз жуфтлашга ҳам улгурмади. Бу кун ҳам одатдагидай китобнинг аҳён-аҳёнда қўлга олиниши, олди-сотди билан ўз якунига етди.

Мактаб қўнғироғи яна чалинди. Фақат бугун бола кутилганидан кечроқ дўконга кириб келди. Кечаги важоҳатини эса кўчага ташлаб келгандай. Сотувчи аёл уни меҳрибонлик билан кутиб олди. Бола ийманибгина яна ўша туфлининг нархини сўради. Бу сафар сотувчи саволга жавоб бермай: “Сенинг онанг дунёдаги энг яхши аёл. Сен катта бўлсанг катта ўқишларда ўқийсан, онангни машинада олиб юрасан, мен ишонаман”, деди. Сўнгра ривоятлар айтиб берди. Бола юзидаги маъюслик тумани аста-секин тарқала бошлади. У гоҳ берилиб, гоҳ хаёлга чўмиб жимгина тинглади. Бу ерда узоқ қолиб кетганидан уялибми, хижолат чекибми, сотувчи билан хайрлашди. Эртасига ҳам, унинг эртасига ҳам кунлар боланинг ўша туфлини йўқлашлари ва ана шу зайлдаги суҳбатларга гувоҳ бўлиб ўтди. Бола суҳбатлар асносида ҳеч нарса демас, аммо юзида кун сайин қуюқлашиб бораётган маъюслик нималардир ҳақида сўзларди.

Бугун ҳаво тунд. Ёмғир енгил сепаламоқда. Сотувчи аёлнинг юраги яна мактаб қўнғироғини эшитишга ҳозирлик кўряпти. Ўша қўнғироқ ҳам чалинди. Мана, ҳозир кириб келади. Сотувчи китоб билан суҳбатларини ана шу болакай билан суҳбатларга алмаштирганди. Орадан чамаси бир соат вақт ўтди ҳамки, ундан дарак йўқ. Яна бир соат ўтди. Аёл хаёлан минг бир эҳтимоллар кўчасига кириб чиқди. Унинг эртани кутишдан бошқа чораси йўқ эди.

Эртаси ҳам аёлнинг хизматида бўлган соатлар, дақиқалар болани етаклаб келишмади. Бугуннинг келди-кетдилари ниҳоялади. Шом тонгга тақлид қилишни бошлади. Сотувчи аёл рўзғоридан орттириб, йиғиб бораётган пулларини санади. Ҳартугул мўлжалга етибди. Уларни бугунги савдодан тушган барча пулларига қўшиб юборди ва сотилган пойафзаллар рўйхати ёзилган дафтарга бола доим ҳолидан хабар оладиган туфлини ҳам ёзди. Сўнг уни қутисига солиб, эртага ўз эгасига бериб юбориш учун махсус жойга олиб қўйди.

Бугун ҳам, эртаси, индини ҳам боладан дарак бўлмади. Энди сотувчи аёл мактаб қўнғироғини ҳам эшитмасди. Хавотир унга қўрқинчли ҳикоялар айтиб бера бошлади. Ниҳоят сабр косаси бу ҳикояларга тўлди. Савдонинг қизиган палласи бўлса-да, аёл дўконни ёпдию мактабга қараб йўл олди. У ердаги бошланғич синф ўқитувчиларидан суриштириб боланинг манзилини топди. Дарҳол дўконига қайтдию қутини олиб йўлга тушди. У ёзиб олган манзил сари кетаркан, ихтиёрини бир-биридан ўзишга ҳаракат қилаётган қадамларига ташлади.

Мана, қоғоздаги ёзувга биноан узун кўча бўйлаб узоқ юрди ва чапга қайрилди. Яна озгина юриб, кўп қаватли уйларнинг олдидан чиқди. Ўзини сездирмай турган чеккароқдаги бурилишни кўрди. Ана, кичик йўлакча. Ниҳоят топди. Йўлак охирига қараб юраркан, рақами кўк бўёқ билан ёзилган пастаккина эшикка кўзи тушди. Уй эса гўёки жон таслим қилиш арафасида турган бемор ҳолатида эди. Эшик қўнғироғини тополмаган аёл оҳиста тақиллатди. Ҳар тақиллатганда эшик оғриқдан инграб қўярди. Ёғаётган кучли ёмғир овозидан тақиллашни ичкаридагилар эшитмаганликларига йўйган сотувчи аёл хиёл қаттиқроқ тақиллата бошлади. Садо йўқ. Қўлидаги қутини пастга қўйиб, бошида жиққа ҳўл бўлган рўмолини олиб бир сиқдию яна бошига ўраб, эшикни боягидан кучлироқ ва кўпроқ тақиллатиб турди. Яна сукунат жавоб қайтарди. Тўсатдан икки қаватли қўшни ҳовлидан дарвозасини қулфлаш учун чиққан киши бу аёлни кўриб:
– Кечирасиз, бу уйда ҳеч ким йўқ. Уларни яқинда олиб кетишди, – деди.

Аёлнинг юраги шув этди.
– Кимни? – деб сўради.

Эркак таажубланган оҳангда деди:
– Шу, бир бола билан ногирон кеннойини айтяпман-да. Уларнинг бирор қариндошимисиз ўзи?
– Ногирон келинойи деганингиз ким? – деди аёл. Унинг катта очилган кўзларида ҳайратомуз савол ва хавотирлар қаторлашиб турарди.

– Шу уйда турадиган кеннойи-да. Яқинда оёқлари ишламай шол бўлиб қолганди. Қўшнилар шунақа пайтда ёрдам бермасак, қачон ёрдам берамиз. Пул йиғиб ногиронлар аравачаси олиб бердик. Майли, Худо йўлига садақа қилиб туриш керак-ку…

– Қаёққа олиб кетишди? – аёлнинг овози зўрға чиқди.
– Бунисини билмадим. Қариндошлари олиб кетди. Уйларигами, ногиронлар уйигами…

Эркак яна алланималарни жавраб-жавраб кетди. Сотувчи аёл ҳеч нарсани, эркакнинг овозини ҳам, изиллаб йиғлаётган ёмғир товушини ҳам эшитмади. Тўсатдан, кўз олди қоронғилашди, оёқлари ихтиёрига бўйсунмай ерга ўтириб қолди. Шу кўйи лой ҳовучлаган қўлларини ерга уриб-уриб йиғлади, болани ўйлаб ўксиниб-ўксиниб йиғлади, аёлни эслаб куйиниб-куйиниб йиғлади. Бу дардга чидолмаган шамол увиллар, сотувчи аёлни турғизмоқчи бўлиб кийимларидан тортқиларди. Эшик остида эса қутидан отилиб кетган бир жуфт янги туфлини ёмғир кўз ёшлари билан юварди…

Bankoboev.Ru_osennii_dozhd_na_vetkah_i_listve.jpg Bibi Robia Saidova
KUZ YOMG’IRI
01

 Bibi Robia (Bibi Robia Saidova) 1991 yilda taniqli shoir Aziz Said oilasida tug’ilgan. Hozirda O’zbekiston Milliy universiteti o’zbek filologiyasi fakul`teti talabasi. Hikoya, she’r va maqolalari Respublika matbuotida muntazam ravishda chop etib kelinmoqda.

01

056 Shahar g’ala-g’ovuridan o’zini chetga olgan bu do’koncha ko’hnagina maktab biqinida, ko’p qavatli egizak binolar o’rovida joylashgan edi.

To’rt faslga moslangan poyafzallar bilan to’ldirilgan do’konning doimiy yordamchilari – soniyalar, soatlar, kunlar – bozorga borishga erinadigan, zarurat tug’ilgandagina oyoq kiyim esiga tushib qoladigan xaridorlarni tinimsiz yetaklab kelardi. Shunga qaramay, do’koncha, daromadidan ko’ra kirib chiquvchilarining ko’pligi bilan maqtanishi mumkin edi, xolos. Vaqtning xaridor chorlashdan tinkasi qurib qolgan paytlarda sotuvchi ayol qo’liga kitob olardi. Eskirib, titig’i chiqib ketgan bu kitob bilan u ancha yillardan beri suhbatlashib keladi. Suhbat-mutolaa har gal poyoniga yetgach, yana qayta boshidan tushishar, bu esa ayolga bir hayotni takror-takror yashayotganga o’xshab tuyulardi. Lekin u bundan zerikmas, hatto ko’nikib ketgan edi.

Har kuni do’kon oldidan butun orzulari amalga oshishiga ishonadigan bolakaylar, horg’in va xotirjam yuzlariga o’tmishlari bitilgan keksalar, umrdan o’z ulushlarini olib qolish ilinjida yurgan erkagu ayollar betinim o’tib turishar, do’kon oynasi go’yo ekranu, ayol xuddi so’zsiz fil`m tomosha qilayotgandek bo’lar va o’zining bu tasavvuridan miyig’ida kulib qo’yardi.

Ayolga eng zavq bag’ishlaydigan narsa – yonginasidagi maktab qo’ng’irog’ining jarangi va do’kon oldidan goh bir-birini quvlagancha, goh sho’x kulgulari bilan yeru osmonni to’ldirgancha o’tib ketadigan o’quvchilarni tomosha qilish edi. Ularni ko’rgach, xotira kitobidagi qariyb unutilayozgan qaysidir sahifalar ochilardi…

Mana, do’kon yonidan qirq yoshlar chamasidagi qotmadan kelgan bir ayol yetti-sakkiz yoshlardagi o’g’lini yetaklagancha o’tib ketyapti. Nogahon ayol taqqa to’xtadi. Nigohlarini do’kon ichiga yo’lladi. So’ng yana ko’zlarini yerga tikkancha bir-ikki qadam tashladi. Yana to’xtadi. Go’yoki kimdir uni goh oldinga, goh orqaga tortqilardi. Oxiri oyoqlari uni do’kon eshigiga boshlab keldi. Ayol bo’sag’ada turarkan, ijozatomuz nigoh bilan ichkariga qaradi. Sotuvchining: “Assalomu alaykum, marhamat, kiringlar, bemalol yoqqanini tanlab olaveringlar”, degan lutfidan keyin ostona hatladi. Bolakay esa bunday antiqa joyga kelib qolganiga quvonib, onasining qo’lidan yulqinishga urinardi. Ayol kuzgi poyafzallarni o’zgacha bir havas bilan ko’zdan kechira boshladi: mana yaltiroq charmlisi, yon tasmachalariga rangli toshlar yopishtirilgani, poshnasi balandi, uchi qush tumshug’iday cho’zilganiyu gul shaklidagi mato bilan bezatilgani. U o’zini muzeydagi qimmatbaho eksponatlarni tomosha qilayotgandek tutardi. Do’kon burchagidagi oxirgi saflarda turgan bir tufliga ko’zi tushganda ayol taqqa to’xtadi va unga tikilib qoldi. Hech qanday bezaksiz, odmigina bu tuflining o’tgan yilgi mavsumdan “meros” bo’lib kelayotganidanmi, narxi arzonroq edi. Ayol beixtiyor qo’lini tufliga uzatdi-da, nimadandir istihola qildimi, darhol tortib oldi va so’radi:
– Bu… qancha turadi?

Savolni berdiyu butun vujudi quloqqa aylandi. Sotuvchi aytgan baho juda arzon edi. Ammo narxni eshitgan ayol bexosdan kaftlari orasidagi jajjigina qo’lchani qattiqroq qisib yubordi. Uning soniyalar ichida o’tgan butun iztiroblari ana shu tarzda ifodalangan edi. O’g’li kutilmagan og’riqdan chinqirib yubordi. Ona darhol jajji barmoqchalarni siladi va sotuvchiga xijolatomuz tabassum qilgancha do’kondan chiqib ketdi. Ana shu daqiqalarda ayolning uringangina ko’ylagi va nimdoshgina poyafzaliga ko’zi tushgan sotuvchining ko’ngli allanechuk bo’lib ketdi.

Bugun savdo g’ildiragini aylantirishga vaqtning ham qurbi yetmadi. Kichkina qizi shamollagan, do’konni ertaroq yopib uyiga jo’nash kerak. Shunday qildi ham.

“Sahar tursang, ishlaring yurishadi, rizqing ko’payadi”. Bu gapni onasidan ko’p eshitgandi. Shuning uchun do’konini bugun odatdagidan erta ochdi. So’ngra qora bulutlar kuzatuvi ostida do’koni oldiga suv sepib supurdi. Vaqt xaridor chorlash bilan ovora ekan, u ichkariga kirib kitobini qo’liga oldi. Ammo xonaga bostirib kirgan yerning nam hidi ruhini allaqayoqlarga chorlagandek bo’ldi. Qishlog’idagi tanish manzaralar ko’z oldidan o’ta boshladi. Sotuvchi to’yib-to’yib, chuqur-chuqur nafas oldi-da, ko’chada mudrayotgan hayotning uyg’onishini kutib ko’zini kitobga tikdi.

Shamol oyog’i kuygan tovuqdek u yoqdan bu yoqqa yugurardi. Kun peshinga yaqinlashgan. Sahar turmoq hikmatini peshma-pesh sotilayotgan tovarlari tasdiqlab turardi. Sotuvchi do’kondagi ikki xaridor bilan andarmon bo’lib turganida bahaybat qora mashina savlatiga yarasha ovoz bilan “g’iyq” etib do’kon oldida to’xtadi. Mashinaning orqa eshigidan o’zgacha rusumdagi maktab formasi kiygan o’n to’rt-o’n besh yoshlardagi qizaloq va old eshikdan boshidagi kepkasini to’g’rilagancha bashang kiyingan bir kishi tushdi. Ayol ularni do’kon ichiga kirib kelgunlariga qadar kuzatib turdi va shuncha dabdabaga yarashmagan hissiz yuzlariga qarab, ularning suratini chizgan “rassom”ga istara, quvonch ranglari yetishmay qolganiga taajjublandi. Go’yoki bunday odamlarning yuziga suv sepib o’ziga keltirish kerakdek tuyulardi. Do’konga kiriboq ota hali tanlanmagan tufli uchun orqa cho’ntagidan bir bog’lam pulni qo’liga oldi. Qizcha kutilganiday yuqorigi qatorda, alohida mavqe egallagan poyafzallarga ko’z yugurtirdi-yu, ham narxi, ham poshnasi boshqalariga qaraganda anchagina baland bo’lgan tuflini barmoq uchlari bilan ko’rsatib:
– Ana shuning o’ttiz yettisini bering, – dedi.

Sotuvchi talabni bajarishdan oldin beixtiyor qizning oyoqlariga nazar tashladi. Oyog’idagi bejirimgina feruza toshli tuflisi bilan qo’lidagi sumkasining rangi bir xil edi. Qiz tanlaganini kiyib ko’rar ekan, yuzidan qisqa muddat ichida tabassum yugurib o’tdi:
– Buni kecha olib bergan marjoningiz bilan ham kiysam bo’larkan. O, mana bunisini ham olaman. Uyimiz yonidagi do’konda shunga mos sharf ham ko’rgandim.
Ota poyafzallarning narxini so’rab, sotuvchiga pul tutqazdi…

Qora bulut, nihoyat, dard yordi: sharros yomg’ir quyib yubordi. Sotuvchiga tanish bo’lgan maktab qo’ng’irog’i jarangladi. Bugun daromad nisbatan mo’l bo’lganini o’ylab o’tirar ekan, eshikdan bolasini yetaklagancha o’sha tanish ayol kirib keldi va peshonasidan sizayotgan yomg’ir tomchilarni artarkan, ostonadan bir qadam o’tib to’xtadi. Sotuvchi ona-bolani darhol tanidi va ochiqchehra bilan ularni ichkariroqqa taklif qildi. Ayol yuzida qotib qolgan nim tabassum bilan o’g’lini yetaklagancha qil ko’prikdan o’tayotgandek ehtiyotlik bilan yurib burchakka bordi va o’sha ilgari ko’rib ketgan tuflisiga bir muddat tikilib turdi. O’g’li esa, ko’chada yomg’irda qolgani yoqmaganmi, jimgina turar, hech narsaga qiziqmasdi. Onasi ko’zini yerdan uzmagan ko’yi tuflining narxini yana so’radi. Bola sotuvchi og’zidan yana o’sha narx yangragunga qadar bo’lgan muddatda onasining yurak tovushini eshitdi. Sotuvchi o’sha raqamlarni qaytararkan, nima uchundir xijolat tortdi. Shunda farzand nigohlarini onasining oyoqlariga qadadi. Bola onasining shuncha yillardan beri kiyilaverib orqasi ezilib ketgan, old va yonlaridagi ba’zi joylarning choklari so’kilgan oyoq kiyimini ko’rib, goh onasi yuziga, goh yerga tikilardi, tikilgani sayin ko’zlaridagi mung quyuqlashardi. Va shu lahzalarda bolaning bolaligi yomg’irga ham qaramasdan hech qachon qaytmaydigan bo’lib do’kondan chiqib ketdi.

Ayol o’g’lining ruhiyatida nimadir chil-chil singanini onalik qalbi bilan sezdi-yu, sotuvchiga minnatdorchilik bildirgancha tez-tez qadamlar bilan do’konni tark etdi. Sotuvchi yuragida esa noilojlik donlarini tortqilayotgan saf-saf chumolilar g’imirlardi.

Do’kon oldiga bugun ham farrosh bulutlar saharlab suv sepgan. Ichkarida esa sotuvchi ayol qo’lidagi kitobning sahifasini ochgan ko’yi bir nuqtadan ko’zini uzmay xayolga tolgan.
– Assalomu alaykum, horma endi!

Noxos eshitilgan ovozdan ayol seskanib tushdi. Qarasa, erining janozasidan beri diydorini ko’rmagan, aniqrog’i, diydorini ko’rsatmagan tog’asi. Ayol quvonganidan yugurib tog’asiga peshvoz chiqdi. Tog’a esa butun sog’inchini ohistagina qo’l uzatish bilan izhor ayladi. Ancha davom etgan salom-alikdan so’ng tog’asi katta qornini ehtiyotlab stulga o’tirarkan, asl muddaoga ko’chdi:
– Yaxshi!.. Yaxshi do’konni ijaraga opsan deyapman. Balli, ayol boshing bilan eplayapsanmi, qandingni ur. Bungacha qanday qiynalganingni eshitib, rosa achinardim. Ko’chib ketganingdan so’ng, mana, uzoq-yaqindan surishtirib do’koningni topdim. Ko’rdingmi, boy bo’lish – qarindoshlarni topishning oson yo’li, ularning o’zi seni izlab kelishadi. Ana shunday boyishda davom etsang, boshqa qarindoshlaringniyam ko’rasan, – miyig’ida kuldi tog’a. – Xullas, gap bundog’: ko’rib turganingday kuz seryog’in keldi. Ana bu jonivorni kiyib yurganimga esa ikki yil bo’lyapti, – u oyog’idagi tufliga ishora qildi. – Shunga-a-a, bir baquvvatidan, sovug’u yomg’irga chidaydiganidan topib ber! Pul begona bo’lmasin deyman-da.

Yuragi hapqirgancha turgan jiyan tog’asiga istaganidan ziyodasini topib berdi. Ammo tog’asining ko’zlaridan o’zi istaganini topa olmadi. Qaerlardir, kimlardir, nimalardir haqida so’ragisi, suhbatlashgisi kelar, ammo tili unga bo’ysunmasdi. Tog’a ancha muddat poyafzalning pishiqligini, loyiq-loyiqmasligini sinagach, tufli solingan qutini qo’ltiqlagancha o’rnidan turdi:
– Mayli, jiyan, ana shunday shijoatni yo’qotma. Lekin, onang rahmatlikni o’zi bo’libsan. Rahmat, ertaga o’g’lim bor-ku – Toshtemir akang, pulini tashlab ketadi. Bo’pti, yaxshi qol!

Quyuqqina xayrlashgan tog’asi qo’lini silkita-silkita tezda do’kondan yiroqlashdi. Ayol tog’asining orqasidan kuzatar ekan, yomg’irga ham qaramay shoshgancha chilp-chilp etib, ehtimol qaytmas bo’lib ketayotgan oyoqlarga qarab qoldi. Tog’asi chekkaroqda kutib turgan kulrang mashinaga o’tirdiyu jo’nab ketdi. Yomg’ir esa boshi egik holda turib qolgan jiyanni allanimalar deb ovuta boshladi. Ayol yuzidagi yomg’ir tomchilarimi, ko’z yoshlarimi, farqlay olmagancha do’konga qaytdi.

Bugun ertalabdan beri tog’asining kechagi gaplarini hazm qilolmay og’rinib yurdi. Xaridorlar bilan ham gaplari qovushmadi. Kecha berilgan va’da tufayli bu kun do’kon odatdagidan yanada ertaroq ochilgan. Kirib keladigan har bir xaridordan tanishlik belgisini qidiraverib ko’zlari ham toliqdi. Ana shu charchoqlarni, bir zumga bo’lsa-da, haydab soladigan maktab qo’ng’irog’i chalindi. Mana, eshik oldidan beg’am bolalik o’tib-qaytishni boshladi. Sotuvchi zavqlanib goh ularni kuzatar, goh savdosiga sho’ng’irdi. Do’konga ozg’in yuzlariga kuzning rangi singib ketgan bir bola kirdi-da, iymanibgina oxirgi qatorlardan birida turgan poyafzal tomon yura boshladi. Sotuvchi tanidi, axir bu o’sha bola-ku! Faqat yonida onasi yo’q. O’zi kelibdi. Bola birov eshitib qolishidan cho’chiganday ohistagina:
– Bu nechchi pul? – dedi.

Ana shu bir og’iz gap sotuvchining shilingan yuragiga tuz sepdi. Sotuvchi mayin ohangda o’sha arzon va sovuq raqamni takrorladi. Shunchaki tomoshaga kirgan ayollar o’g’il bolaning ayol poyafzalini so’raganiga eshitilar-eshitilmas kulib qo’yishdi. Bola tezda orqasiga o’girildi-da, chiqib ketdi. Sotuvchi ayollarga qadalgan nafratomuz nigohlari bilan ularni do’konni tark etishga majbur qildi. Kitobni qo’liga olgisi kelmadi, xaridorlar bezovta qilmaguncha o’zi bilan o’zi suhbat qurdi. Kechgacha ko’zlari to’rt bo’lib tog’avachchasini kutdi. Yana adashib ketmasin deya har zamonda tashqariga chiqib, ko’chaning boshi va oxirini ko’zi bilan kezib chiqdi. So’ngra o’zini o’zi koyib qo’ydi: “Axir tog’am-ku, tavba qildim, nima xayollarga boryapman-a. Ehtimol bugun ishlari chiqib qolgandir”. Uyiga qanday yetib borishini o’ylamay, bugun do’konni juda kech yopti. Kechasi: “Bugun tushlikka ikkita somsa olib kelgani birrov chiqqandim. Balki o’sha payt kelishgandir”, degan o’ylar bilan uxlamay chiqdi.

Do’kon ertasiga kechagidan-da erta ochildi. Ba’zan yomg’irning shitirlab yog’ishi qadam tovushlariga o’xshar va sotuvchining umidvor ko’zlari bo’sag’aga yugurardi. Peshin yaqinlashyaptiki, darak yo’q. Kirib kelayotgan har xaridorga “Ehtimol qo’shnilaridan berib yuborgandir, ehtimol nabiralaridan, ehtimol…” deya ilhaq termilardi. Tinchlanish uchun qo’liga kitobni ham olib ko’rdi. Ana, yana qadam tovushlari eshitilyapti. Ko’zini kitobdan oldi. Yuragi esa dukillagancha eshikka yugurdi. Eshikda kamzuli ostidan qavat-qavat ko’ylak kiygan, qo’lida eski bozorxalta ko’tarib olgan, ko’zlari o’ynagan lo’li qiz paydo bo’ldi. Sotuvchining hafsalasi pir bo’ldi-yu: “Ehtimol, tog’avachchamning kirishga vaqti bo’lmay shu lo’lidan iltimos qilgandir”, deb o’yladi va o’zining xayolidan uyalib ketdi. Lo’li qiz bamaylixotir kirib, oyoq kiyimlarga ko’z yugurtirib chiqdi. So’ng kamzulining cho’ntagiga qo’l soldi. Sotuvchi ayolning quvonchdan yuzi porladi: “Aytdim-ku. Ana, hozir pulni chiqaradi”. Lo’li qiz ancha keng tikilgan cho’ntakni kavlay-kavlay kichkina idishdagi nosni olib, tilining tagiga tashladi. Ayolning ustiga muzday suv sepilganday bo’ldi. Lo’li yaqinginada ota-qiz haybatli mashinada kelib olib ketgan tuflini ko’rsatib, miyig’ida kuldi va dedi:
– Apa, mana buniz chan pul?

Sotuvchi o’sha qimmat narxni aytdi.
– Ebe, apa, nima deyopsiz? Manga munay shutka qimang, xaymi? Oxi, mandayam yorilaykon yurak bor. Xedoye tavba. Ha, apa, manga ber fikr kelli. Man zo’r fol ochaman. Maniki mana bunizdanam qemmat tursayam, mayli, folemni almashaman. Folem uchun manga nimala berishmagan deysiz. Zarur bo’gane uchun roze bo’lomman. Kaftezni bering, sizga kim essiq-sovuq qegan, kim erizni boshini aylantirgan, hammasini aytaman. Tavba, nemaga qo’rqopsiz, ibi, qo’rqmang. Uzating, axe qo’lizni!

Ayolning ko’ngliga hozir nafaqat lo’li qizning o’zi, hatto uning ovozi ham sig’masdi. Avvalambor, eri avtohalokatda vafot etganiga salkam besh yil bo’lgan bo’lsa, buning ustiga, yaqinda tog’asidan og’zi kuygan bo’lsa. Fol uchun yana bitta tuflini berib yuborarmish. Odatdagi muloyimlik bilan lo’li qizga:
– Singlim, hech qanday fol-mol ochtirmayman. Ularni esa, xafa bo’lmang-u faqat pulga sotaman. Meniyam tirikchiligim shu-da, – dedi.

Lo’li qiz:
– Ba Xudo! Birenchidan, folemni mol dema, xaymi, ikkenchidan, ochtirmasang ochterma. Og’zemdaginiyam zahar qilling, – deya tashqariga nosini tufladi va: – Shuneyam bil – o’ylab yurgan narsang bo’maydi, xayme, hali mani aytti deysan. Molmish-a?! Xedo osen, tavba! – degancha jahl bilan do’konni tark etdi.
Lo’lining oxirgi gapidan so’ng ayolning umid torlari birin-ketin uzila boshladi. Endi tovar egasiga nima deydi. “Ehtimol kelishar. Yo’q. Lo’li bo’lmaydi dedi-ku. Xudoyim, o’zing yordam ber!”. Stuliga ohista cho’kib, boshini kaftlari orasiga oldi. Shu payt, bir bola ichkariga asta mo’raladi-da, hech kim yo’qligiga ishonch hosil qilgach, sekin kirib keldi. Ayol boshini ko’tardi. Yana ko’ksining qaeridir achishdi. Bola sotuvchiga salom berib, o’sha tuflining qarshisiga borib to’xtadi. Anchagacha tikilib turdiyu, chiqib ketdi. Ikki tomchi yosh ayolning yuzida iz qoldirdi.

Bugun quyosh hamma joyni birrov nazorat qilgach, ko’zdan g’oyib bo’ldi. Ayolning yuziga ma’yuslik bilinar-bilinmas soya solgan bo’lsa-da, uyqusi kechagidan yaxshi bo’lganligi sezilib turardi. U oxiri shu qarorga kelgandi: “Nima bo’lganda ham o’z tog’am-ku. Pulini bergan taqdirda ham olmasligim kerak edi. Axir shuncha yillardan beri ko’rishmagan bo’lsak. E, pul aziz bo’ptimi”. Odatdagiday odamlarning kir-chiqi bilan kun peshindan og’di. Mana, yana o’sha bola. U hech kim yo’q paytni poylab do’konga kirdi-da, tanish tuflining qoshiga borib turdi. Sotuvchi ayol darhol tilga kirdi:
– O’g’lim, onang yaxshimi, ko’rinmaydi? Nega u seni maktabdan olib ketmayapti?

Bola ko’zini yerdan uzmagan ko’yi dedi:
– Yo’lni o’zim topib bora oladigan bo’ldim.
Shu vaqt do’konga qotmadan kelgan, elliklardagi bir erkak kirib keldi va oyoq kiyimlarni ko’zdan kechira boshladi. Bola boshqa hech narsa demoqchimasdi-yu, beixtiyor yana o’sha savolni takrorladi:
– Bu nechchi pul?

Boyagi erkak bu savolni eshitib bolaning yoniga asta yaqinlashdi va uning boshiga yengilgina urib qo’yib:
– O’ jo’ja, xo’roz bo’l! Ayollarning tuflisini boshingga urasanmi, ahmoq! – dedi.
Bu gapdan so’ng bolaning qulog’i, keyin butun yuzi tarsaki yeganday qizarib ketdi. Do’kondan otilib chiqib ketdi. Ayol g’azab to’la nigohlarini kishiga nayzadek qadadi:
– Bolagayam shunday deydimi? Chiqing bu yerdan, sizga narsa sotmayman!

Erkak hayratdan baqraygan ko’zlari bilan do’konni tark etdi. Ayol kechagi lo’li qizning aytgan oxirgi gaplarini yana bir esladi-da, bugun do’konini ertaroq yopishga ahd qildi. Tog’asi bilan izsiz ketgan tuflining narxini qoplash uchun kitob javonini sotish maqsadida uyiga yo’l oldi.
Ayol bugun ancha xotirjam ko’rinadi. Qo’lida o’sha kitob. Suhbat davom etmoqda. Vaqt yakkam-dukkam xaridorlarni erinchoqlik bilan boshlab kelardi. Ona jajji bolasining “ona” deyishiga ilhaq bo’lgandek, ayol ham bugun nimagadir darslar tugaganidan mujda beruvchi maktab qo’ng’irog’ini intizorlik bilan kutardi. U bugun bolakayning ko’nglini ko’tarish, qo’lidagi kitobdan rivoyatlar aytib berish uchun astoydil hozirlik ko’rgan. Mana, kutilgan qo’ng’iroq ham chalindi, ammo kutilayotgan insondan darak yo’q. Soatlar kechgacha “Ana kelar, mana kelar” deya sotuvchini ovutib o’tirishdi. Nihoyat, hech narsa olmaydigan so’nggi xaridor – tun do’kon ostonasiga yaqinlasha boshladi.

Yana sahardan do’kon eshiklari ochilgan. Sotuvchi ayol bo’sag’ada turib, tabiatning ilohiy iforidan to’yib-to’yib, chuqur-chuqur nafas oldi. Kecha shamollab yotgan qizining ancha tetiklashib, yuziga qizillik yugurganidan sevingandi. Ana shu pallada sotuvchining xayoliga bugundan boshlab daromadlaridan oz-moz jamg’arib yurish fikri keldi. Ko’zlari ancha-muncha xaridorlarni kutib olib, kuzatdi. Tush vaqti ham bo’ldi. Kutilayotgan qo’ng’iroq ham chalindi. Mana, nihoyat, bolaning avvaliga pastakkina qorasi, keyin o’zi ko’rindi. Bola hech kimga, hech narsaga qaramasdan do’konga shiddat bilan kirib kelib, onasi oldin so’ragan o’sha poyafzalning oldiga bordi. Uni haliyam o’sha joyda turganiga amin bo’lgach, yana o’sha shiddat bilan do’kondan chiqib ketdi. Sotuvchi og’iz juftlashga ham ulgurmadi. Bu kun ham odatdagiday kitobning ahyon-ahyonda qo’lga olinishi, oldi-sotdi bilan o’z yakuniga yetdi.

Maktab qo’ng’irog’i yana chalindi. Faqat bugun bola kutilganidan kechroq do’konga kirib keldi. Kechagi vajohatini esa ko’chaga tashlab kelganday. Sotuvchi ayol uni mehribonlik bilan kutib oldi. Bola iymanibgina yana o’sha tuflining narxini so’radi. Bu safar sotuvchi savolga javob bermay: “Sening onang dunyodagi eng yaxshi ayol. Sen katta bo’lsang katta o’qishlarda o’qiysan, onangni mashinada olib yurasan, men ishonaman”, dedi. So’ngra rivoyatlar aytib berdi. Bola yuzidagi ma’yuslik tumani asta-sekin tarqala boshladi. U goh berilib, goh xayolga cho’mib jimgina tingladi. Bu yerda uzoq qolib ketganidan uyalibmi, xijolat chekibmi, sotuvchi bilan xayrlashdi. Ertasiga ham, uning ertasiga ham kunlar bolaning o’sha tuflini yo’qlashlari va ana shu zayldagi suhbatlarga guvoh bo’lib o’tdi. Bola suhbatlar asnosida hech narsa demas, ammo yuzida kun sayin quyuqlashib borayotgan ma’yuslik nimalardir haqida so’zlardi.

Bugun havo tund. Yomg’ir yengil sepalamoqda. Sotuvchi ayolning yuragi yana maktab qo’ng’irog’ini eshitishga hozirlik ko’ryapti. O’sha qo’ng’iroq ham chalindi. Mana, hozir kirib keladi. Sotuvchi kitob bilan suhbatlarini ana shu bolakay bilan suhbatlarga almashtirgandi. Oradan chamasi bir soat vaqt o’tdi hamki, undan darak yo’q. Yana bir soat o’tdi. Ayol xayolan ming bir ehtimollar ko’chasiga kirib chiqdi. Uning ertani kutishdan boshqa chorasi yo’q edi.

Ertasi ham ayolning xizmatida bo’lgan soatlar, daqiqalar bolani yetaklab kelishmadi. Bugunning keldi-ketdilari nihoyaladi. Shom tongga taqlid qilishni boshladi. Sotuvchi ayol ro’zg’oridan orttirib, yig’ib borayotgan pullarini sanadi. Hartugul mo’ljalga yetibdi. Ularni bugungi savdodan tushgan barcha pullariga qo’shib yubordi va sotilgan poyafzallar ro’yxati yozilgan daftarga bola doim holidan xabar oladigan tuflini ham yozdi. So’ng uni qutisiga solib, ertaga o’z egasiga berib yuborish uchun maxsus joyga olib qo’ydi.

Bugun ham, ertasi, indini ham boladan darak bo’lmadi. Endi sotuvchi ayol maktab qo’ng’irog’ini ham eshitmasdi. Xavotir unga qo’rqinchli hikoyalar aytib bera boshladi. Nihoyat sabr kosasi bu hikoyalarga to’ldi. Savdoning qizigan pallasi bo’lsa-da, ayol do’konni yopdiyu maktabga qarab yo’l oldi. U yerdagi boshlang’ich sinf o’qituvchilaridan surishtirib bolaning manzilini topdi. Darhol do’koniga qaytdiyu qutini olib yo’lga tushdi. U yozib olgan manzil sari ketarkan, ixtiyorini bir-biridan o’zishga harakat qilayotgan qadamlariga tashladi.

Mana, qog’ozdagi yozuvga binoan uzun ko’cha bo’ylab uzoq yurdi va chapga qayrildi. Yana ozgina yurib, ko’p qavatli uylarning oldidan chiqdi. O’zini sezdirmay turgan chekkaroqdagi burilishni ko’rdi. Ana, kichik yo’lakcha. Nihoyat topdi. Yo’lak oxiriga qarab yurarkan, raqami ko’k bo’yoq bilan yozilgan pastakkina eshikka ko’zi tushdi. Uy esa go’yoki jon taslim qilish arafasida turgan bemor holatida edi. Eshik qo’ng’irog’ini topolmagan ayol ohista taqillatdi. Har taqillatganda eshik og’riqdan ingrab qo’yardi. Yog’ayotgan kuchli yomg’ir ovozidan taqillashni ichkaridagilar eshitmaganliklariga yo’ygan sotuvchi ayol xiyol qattiqroq taqillata boshladi. Sado yo’q. Qo’lidagi qutini pastga qo’yib, boshida jiqqa ho’l bo’lgan ro’molini olib bir siqdiyu yana boshiga o’rab, eshikni boyagidan kuchliroq va ko’proq taqillatib turdi. Yana sukunat javob qaytardi. To’satdan ikki qavatli qo’shni hovlidan darvozasini qulflash uchun chiqqan kishi bu ayolni ko’rib:
– Kechirasiz, bu uyda hech kim yo’q. Ularni yaqinda olib ketishdi, – dedi.

Ayolning yuragi shuv etdi.
– Kimni? – deb so’radi.

Erkak taajublangan ohangda dedi:
– Shu, bir bola bilan nogiron kennoyini aytyapman-da. Ularning biror qarindoshimisiz o’zi?
– Nogiron kelinoyi deganingiz kim? – dedi ayol. Uning katta ochilgan ko’zlarida hayratomuz savol va xavotirlar qatorlashib turardi.

– Shu uyda turadigan kennoyi-da. Yaqinda oyoqlari ishlamay shol bo’lib qolgandi. Qo’shnilar shunaqa paytda yordam bermasak, qachon yordam beramiz. Pul yig’ib nogironlar aravachasi olib berdik. Mayli, Xudo yo’liga sadaqa qilib turish kerak-ku…

– Qayoqqa olib ketishdi? – ayolning ovozi zo’rg’a chiqdi.
– Bunisini bilmadim. Qarindoshlari olib ketdi. Uylarigami, nogironlar uyigami…

Erkak yana allanimalarni javrab-javrab ketdi. Sotuvchi ayol hech narsani, erkakning ovozini ham, izillab yig’layotgan yomg’ir tovushini ham eshitmadi. To’satdan, ko’z oldi qorong’ilashdi, oyoqlari ixtiyoriga bo’ysunmay yerga o’tirib qoldi. Shu ko’yi loy hovuchlagan qo’llarini yerga urib-urib yig’ladi, bolani o’ylab o’ksinib-o’ksinib yig’ladi, ayolni eslab kuyinib-kuyinib yig’ladi. Bu dardga chidolmagan shamol uvillar, sotuvchi ayolni turg’izmoqchi bo’lib kiyimlaridan tortqilardi. Eshik ostida esa qutidan otilib ketgan bir juft yangi tuflini yomg’ir ko’z yoshlari bilan yuvardi…

014

(Tashriflar: umumiy 602, bugungi 1)

4 izoh

  1. Хикоя яхши чикибди. Синглимиз Биби Робиага ижодий зафарлар тилайман, яратган мададкор бу’лсин.

Izoh qoldiring