Bobo Ravshan. Shom va tong orasida (2). Qissaning davomi

Ashampoo_Snap_2017.11.13_23h07m38s_006_.png  Тошқул шўро аввал бобони, ундан сўнг Ўктамни қўлга олиб, бу оиланинг эркакларини таг-туби билан йўқотиб, алалоқибат Ойдиндан қасд олиш ва… юрагининг туб-тубида яшириниб ётган ҳайвоний ҳиссиётини қондиришни истарди…

Бобо РАВШАН
ШОМ ВА ТОНГ ОРАСИДА
Қиссанинг давоми

06

* * *

0_1640cf_a74ba154_a.pngҚобил ака тағин уй тўрида чордона қуриб ўтирар, унинг ўнг томонига Шодиёр чўккан, Ўктам эса ҳамон совуқдан қалтираб, бурчакда кўрпа ёпиниб олганди. Марям момонинг тоби қочган, ранги оқариб ётарди. Унинг икки ёнида Зарифа момо билан келини Ойдин оғир-оғир нафас олаётган кампирга диққат билан қараб турганди. Элмурод эса онасининг тиззасига бош қўйиб, хонадаги умумий сукутга жўр бўлмоқда эди. Бу сукутдан барча бирдай толиққан, боз устига тун яримдан оғиб, ҳаммани уйқу элитмоқда эди. Бир замон Марям момо кўзини очиб, атрофга аланглаб қаради. Сўнг келинини имлаб қошига чақирди. Ойдин ўтирган жойида энгашиб, момога қулоғини тутди ва бошини кўтариб Қобил акага қаради-да:

– Ака, нариги хонага жой ташлаб берай, – деди.

– Йўқ! Ҳозир уйқунинг мавридимас, – деди у.

Кейин нимадир ёдига тушиб, ташқарига чиқиб кетди. Бир муддат ўтиб хонага қайтиб келган Қобил ака:

– Қор бошлабди, – деди хушхабар етказаётган кишидай мамнун. – Бу яхши! Изларди кўмиб… Шодиёр, бир ташқарилаб ке, – деди тағин нимадандир шубҳаланиб. – Уйди айланиб тур, ўзим чақираман.

Шодиёр остонага қараб юриш баробарида қўлини қулоғига карнай қилиб, кўз-қулоқ бўлиб турайми, дегандай бош силкиди. Қобил ака унинг фаросатидан қувонди. Ҳа, деб бош чайқаб кўзларини баравар юмди. Шодиёр чиқиб кетгач бир муддат ўтиб Қобил ака гапида давом этди:

– Қор изди жўғатади… Ўктам, келин билан икковинг зарур нарсаларди олинглар. Кетмасанглар бўмайди! Бугундан қолмаслик керак. Тоғамга ўзим хабар қиламан, – деди у Тангриқул бобони назарда тутиб.  – У Боймоқли томондан юриб Хўжамулкига келади, – Қобил ака бир зум тин олиб, оғир хўрсинди. Кейин бу ишларнинг барчасига ўзи айбдордай бошини хам қилди.

– Ҳеч ким шу совуқда дарёдан ўтиб кетди, деб ўйламайди… кечувгача билдирмай етиб олсак бўлди. Ҳозир дарё доғ ташлаган, эшакдан тушмай бемалол ўтиб кетса бўлади.

– Ака, энам шу аҳволда, – деди Ўктам Қобил аканинг фикрига қўшилишни ҳам, қўшилмаслигини ҳам билмай.

– Чечамга болаларди омонлиги керак, а? – деди у Марям момога маъноли қараб.

– Чин, чин. Менга балоям ургани йўқ. Қаерга бор, десанг, қанча жур, десанг кетабераман. Шугинани жони омон бўса бўлди, – деди набирасининг бошини силаб.

Тонг чоғи Қобил ака билан Шодиёр кечувга борадиган йўлнинг икки тарафини кузатиб бормоқдайди. Уларнинг ортидан кўч-кўрон ортилган уловлардан бирида Марям момо, иккинчисида эса Ойдин ўғли билан эргашган эди. Эшаклар юкнинг оғирлигидан овозсиз қадам ташлар, изма-из кетаётган Ўктам ҳам оёғини омонат босарди. Ниҳоят, улар дарёнинг кенг, аммо саёз оқадиган жойига етиб келишди. Бу вақтда қиш келмасдан бурун ёға бошлаган қор бутун дунёни оппоқ рангга бўяб улгурган эди. Фақат сув ўз тусини йўқотмаган, унинг юзасидан чиқаётган ҳовур ва шалдироқ овоз ҳаёт ҳақида қўшиқ куйлаётгандай эди. Улар соҳилга шу куйни тинглаш учун йиғилгандай бир муддат сукутга чўкди. Сўнг навбатма-нав­бат бир-бирларини бағирларига босиб хўшлаша бошлашди. Қобил ака Ойдинга рўпара келар экан:

– Келин, дийдор қиёматга қолмайди! Ўзим сизларди излаб топаман, – деди ва Элмуродга юзланди:

– Элмуродбой! Сиз энди катта жигит бўлиб қолдингиз. Полвон болалар ҳеч нарсадан қўрқмайди, – деб Қобил ака бир дам ўйга толди. Сўнг: – Боботовдан қарасанг эна дарё ялтираб кўринади. Ҳув, Бойсунтовнинг анави чўққисини мўлжал олиб дарёга қара. Уйларинг шунинг рўпарасида! Эсингдан чиқмайдия?! – деди.

Элмурод, йўқ, дегандай бошини сарак-сарак қилди. Қобил ака уни бағрига қаттиқ босди. Ойдин эса жимгина олисдаги қишлоққа қаради. Кўз олдида бахтли дамлари келди. У ўғли туғилганида Менгзиёнинг қанчалар қувонганини эслади. Кейин кўз олдида Тошқул пайдо бўлди. Ўша куни Менгзиёни олиб кетаётганда ва кеча уйига кириб тўс-тўпалон қилган шўронинг ғазабнок башарасини эслаб: “Ерютгур Тошқул. Сенга ҳам Худонинг айтгани бордир”, деди.

Бу вақтда Ўктам чориғини ечиб, онаси ўтирган уловнинг жиловидан етаклаб, сув кечган эди. Уларнинг ортидан Ойдин эшагига хила берди. Ўктамнинг тиззасига уриб оқаётган сув ҳаводан илиқ бўлгани учун оёғига совуқ билинмас, лекин тиззадан баланди дарёнинг изғирин шамолида қалтирарди. Эшаклар ҳам тайриниб кетмаслик учун авайлаб қадам ташлар, сувга теккан хуржун оғирлашиб, юриши сустлашди. Улар дарёнинг ўртасига борганда Ўктам бир қалқиб, белга урадиган чуқурга тушиб кетди. Марям момо уловнинг ёлидан маҳкам тутиб: “Болам!” деди. Ўктам тезда ўзини ўнглаб, чуқурдан чиқиб олди. Қирғоқда ҳамон уларни кузатиб турган қондошлари: “Воҳ!” деб юборишди. Ҳаммаси жойида эканини кўришгач эса, дарёнинг юқори қисмидан юр, деб ишора қила бошлади. Ўктам гоҳ чап, гоҳ ўнг томондан йўл ахтариб, текис жойни топди. Сўнг жониворларнинг сувда узоқ вақт туриб қолиши яхшилик эмаслигини билиб, йўл давомини текширмай уларни етаклай кетди. Нариги қирғоққа етиб олишганида Ўктам совуқдан кўкариб кетган, сув теккан либоси эса аллақачон музлаб қотиб қолган эди. Узун қулоқ жониворлар ҳам совуқдан дирдирарди. Ўктам жон борича тезлашиб, уст-бошини алиштирди.  Совуқни енгиш учун тез-тез қадам ташлаб, манзил томон йўл бошлади. Улар қишлоқдан олислаб боргани сари юраги орқага тортар, яна бир бора ўзлари туғилиб ўсган қишлоқни кўргиси келарди. Аммо Марям момо орқага қарамасликни бот-бот уқтирарди. Ойдин ҳам, Ўктам ҳам ортга кўз ташласа, қандайдир мусибат рўй бериши мумкин экан, деб ўйлади. Аммо момодан бу ҳақида сўрашнинг мавриди эмасди.

* * *

Уларнинг эсон-омон ўтиб олганини кўрган Қобил ака билан Шодиёр оғир хўрсинди. Кейин келган йўллари бу ёқда қолиб, бошқа томондан қишлоққа қараб юрди. Шодиёр анчагача ҳамроҳининг ёнида сўзсиз кетди. Аммо унинг ичи қизиб бормоқдайди. У зўр бериб қондош­ларининг кейинги тақдири ва ҳозирги қилган ишлари қанчалик тўғри бўлди ё йўқлиги ҳақида ўйланиб борарди. Аммо Қобил аканинг кайфиятига қараб оғиз очолмас, унинг ўзи бу ҳақда гап бошлашини интиқ кутарди. Лекин Қобил ака ҳамон вазминлик ила қор кечиб, ён атрофни кузатиб кетарди. Охири Шодиёр чидай олмади ва:

– Бу йил қор эрта тушдими? – деб ўсмоқчилаб гап бошлади.

– Ҳа, қишди қаҳри қаттиқ бўладигандай, – деди Қобил ака маъноли қилиб.

– Шу-шу… Бу совуқда холам… мазаси йўқ эди, – деди у Марям момони ўйлаб.

– Яратганди карами кенг! Яхшиларга йўлиқсин, илойим!

Қобил ака бу сўзлар билан, аслида, ўзига ҳам тасалли бермоқда эди. У ҳам қондошлари ҳақида қайғуриб, юраги сиқилиб, ортиқ бу ҳақида сўзлагиси келмади. Тағин кечадан буён режалаштирган ишларини давом эттириш учун Шодиёрга юзланди:

– Сен тез уйларингга бор-да, акангга айт, Термизга – Тангриқул тоғамди излаб йўлга чиқсин. Бор гапди тушунтириб айтсин. Биз борсак, ишимизди миси чиғади. Сени Тошқул тергов қилса, шу кечани ўзида уйга қайтиб кеганман, ҳеч нарса билмайман, деб турабер. Мени сўраса, билмайман, бир ўзим қайтдим, дегин.

– Ундай десам, сизди… – деди Шодиёр чин дилдан ҳамроҳини ўйлаб.

Ўзича режа пишитган Қобил ака:

– Шундай деб айтабер, қоганини ўзим боплайман, – деди. Кейин бундай ишларга Шодиёрнинг бардоши етишига ишонмай:

– Тилингдан чаёнга чақтирсаям, ўтирик гапдан қайтма, – деди. Шодиёр ростдан ҳам киши билмас азобга дучор бўладигандай рангги қув учди. Аммо қўрқувни билдирмаслик учун ҳиринглаб кулди ва:

– Тилимди кесиб ташласаям алдайбераман, – деди.

Улар келгуси режаларини келишиб олгач, икки томонга қараб кетди. Шодиёр бетартиб ўсган паттазор ёқалаб уйлари томон, Қобил ака эса бошқаларда дарёга терс томондан келаётгандай таассурот қолдириш учун қишлоқ тепасига қараб йўл тортди. Қобил ака овул уйларни айланиб, тепаликлар томондан уйига қараб келар экан, ўзидан сал нарида кеча Ўктамни чақириб келган Шобердини кўрди. У беҳуда юрмаганини, билъакс Тошқул шўронинг топшириғи билан пойлоқчилик қилишга чиққанини англади. Қобил ака Шобердига қорасини кўрсатмай шу ердан бурилиб, уйига нариги томондан кетмоқчи бўлдию улгурмади. Қобил ака ноилож йўлида давом этиб Шобердининг ёнига борди.

– Тонг саҳарлаб буёқларда адашиб юрибсан? – деди Қобил ака унинг кўзига тик қараб.

– Қор бемаврид тушди, қушлар кўпайиб қолган бўлса керак, деб овга чиқибедим, – деди у қўлидаги палахмонни кўрсатиб.

– Менам ов дардида ҳув қиргача бориб келдим, – деди Қобил ака. – Биттаям қуш йўқ. Бундай пайтда каклик, чил дегани сероб бўларди.

– Чин айтасиз. Ҳеч бало йўқ.

Қобил ака йўлида давом этиб уйи томон кетди. Шоберди эса сир бергиси келмай қишлоқдан олислади. У Қобил акани Бойсун йўлида кўрганини айтиб шўродан суюнчи олиш учун шошиларди. Айни дамда Тошқул шўро Танг­риқул бобони ва кеча қочиб кетган Ўктамни ушлаш учун Шўрчига борадиган йўлга пойлоқчи қўйган эди. Ўзи эса кечаги аскарлардан икковини эргаштириб, Шўрчига – Тангриқул бобони қўлга олиш учун кетиб борарди.

* * *

– Ҳалиям бўлса кечмас, Тангриқул бобо болалари билан қаерга кетганини айтсангиз, ўзингизга осон бўлади, – деди Тошқул шўро қўли боғлиқ турган Қобил акага тик қараб.

– Ўзбекчалаб айтдим, Тошқулбой, билмайман. Тоға меники, локин ихтиёри ўзида. Қаерга кетганини нима биламан.

Тошқул шўро алам билан туфлади. Ғазабнок нигоҳ ила Қобил акага тик боқди. Қобил ака ҳам киприк қоқмай шўрога қараб тураверди. Тошқул ўзини қўярга жой тополмас, Тангриқул бобони қўлдан чиқариб, шу билан бирга Ойдиннинг ҳам изсиз йўқолгани унга алам қилаётганди. Нима бўлган тақдирда ҳам шўро Ойдинни йўқотиб қўяман деб ўйламаган эди. Бу унинг барча режасини чиппакка чиқарганди. Холбуки, Тошқул шўро аввал бобони, ундан сўнг Ўктамни қўлга олиб, бу оиланинг эркакларини таг-туби билан йўқотиб, алалоқибат Ойдиндан қасд олиш ва… юрагининг туб-тубида яшириниб ётган ҳайвоний ҳиссиётини қондиришни истарди. Шўро агар Ойдин ўғли ва қайнонаси билан ёлғиз қолса, исталган пайт уйига кириб, у билан ўйнашиб юраман, деб ўйларди. Энди Ойдин изсиз ғойиб бўлгани учун шўронинг кўксига ин қурган шайтоний ҳирс уни тобора ваҳший қилиб юбораётган эди. Шўро қонга ташна йиртқичдай Қобил акага қаради ва:

– Охирги марта сўраяппан, улар қаерга кетди? – деди оғзидан туфук отилиб. Қобил аканинг ҳам жони ҳалқумига келди. Бир томондан тақдири ҳал бўлганига ақли етиб, энди рост сўзласа ҳам омон қолмаслигини тушунган эди. Қобил ака Шодиёрга буёғини ўзим боплайман, деганида иш бунчалик чигал бўлиб кетишини билмаганди. У ўшанда Тошқул шўрога, биз билмаймиз, шу кеча уйга қайтгандик, деган гап кифоя қилади, у минг ёмон бўлгани билан одам боласи-ку, деб ўйлаганди. Ҳозир шўронинг ғазабига учраб, нафснинг нуқси урган кўзига тик боқар экан, қаттиқ адашганини ҳис этди. Қобил ака Менгзиёнинг изидан қамоққа кетишига шубҳаси қолмади. Тақдирга тан берди. Айни чоғда бундан хўрлиги келди. Дунё фақат ва фақат разолатдан иборатдек кўринди. Мана шу воқеалар бошланганидан буён шўрони сизлаб, унга мулозамат қилиб юргани алам қилди. Ҳақ бўла туриб Тошқулнинг гапларини маъқуллаб, унинг қаршисида қўл қовуштириб туриш Қобил ака учун ўлим билан баробар эди. Охири бунга ортиқ бардоши етмай, бор алам ва ғазабини жамлаб, шўронинг юзига туфуриб юборди.

* * *

Менгзиёнинг сургун бўлгани ҳақида билиб қишлоққа қайтаётган Тангриқул бобога оиласининг аҳволи ҳақида хабар келгач титраб кетди. У анча вақтгача ўзини йўқотиб қўйди. Хабар бермиш мўйсафиднинг аҳволига қараб анча жойгача ҳамроҳ бўлиб келди. Сўнг улар дарёнинг икки соҳили бўйлаб йўлларида давом этишди.

Тангриқул бобо отни ўз ихтиёрига қўйиб хаёлоти бўлиб қолгандай кетиб бораркан, кўз ўнгида Менгзиё занжирбанд ҳолида дўмбира чалиб, Тошқулга тик қараб қўшиқ айтаётгани гавдаланди:


“Сиртинг одам боласи
Ичинг – жайра ё илон,
Сенсан одам оласи
Нима тирик сен билан.
Кенг дунёни сен бетак,
Яхшиларга тор қилдинг,
Одамзот боласини,
Не сабабдан хор қилдинг?!
Ўйлаб турсам сотибсан
Ҳам элингни, юртингни,
Пўлат билан тилдирса,
Камлик қилар уртингни…” 1

Тангриқул бобо шу каби хаёл билан Хўжамулкига етиб келганида қор аллақачон эриб битганди. Бу орада осмонни қора булут қоплаб, ёмғир ёғиб ўтди. Энди ҳаво анча юмшаб қолган бўлса-да, кечқурун ва эрталаб қиш нафаси сезилиб турарди. Ҳавонинг бундай тез ўзгаришидан қордан омон чиққан ва унча-мунча совуқ таъсир қилмайдиган гулу гиёҳларнинг ҳам туси ўзгарган эди. Табиатнинг бу тахлит турланиши Тангриқул бобонинг вужудида ҳам рўй берган, йўл давомида анча толиқиб, юзи совуқ урган яшиллик янглиғ сўлғин тортганди. Айниқса, Шодиёрнинг катта акаси уйидан хабар етказиб, қўшни қишлоққа боришни айтганидан сўнг аҳволи янада аянчли тус олди. У айтилган манзилга яқинлашгани сари кўнгли қишлоғини қўмсай бошлади. Шу боис ҳам дарёдан бир-икки чақирим наридаги қишлоққа қараб эмас, соҳил томон йўл олди.

У дарёнинг бу соҳили бўйлаб қишлоқ рўпарасига келар экан, уйи томонга узоқ термилиб қолди. Тангриқул бобо қанчалик истамасин, туғилиб ўсган қадрдон гўшасига қайта боролмаслиги ва, айниқса, ота-онаси қабрини яна бир бор зиёрат қилиш имкони йўқлиги унга шу қадар оғир изтироб берардики, бундан мўйсафиднинг энг сўнгги умиди ҳам сўниб борарди. Тангриқул бобо қишлоғига қараб тураркан, уйига бир қадам бўлса ҳам яқин бўлишни истаб, дарё лаби томон от жиловини бурди ва соҳилдаги кекса тол дарахти ёнига бориб тўхтади. Толнинг тарвақайлаб ўсган шохлари осмонга қўл ёйиб турар, аммо қучоққа сиғмас танасига қурт тушиб емирилган ва дарёга томон энгашиб ўсганидан ҳозир йиқилиб кетадигандай таассурот уйғотарди. Унинг ёнида от устида эгарга суяниб ўтирган Тангриқул бобонинг ҳозирги аҳволи кекса толга ниҳоятда уйғунлигидан иккаласини бир-биридан айри тасаввур этиб бўлмасди. Узоқ вақт бир жойда туриб қолганидан толиққан жийрон қаттиқ пишқириб ер депсинди. Бу товушдан толга қўнган илгир қуш чўчиб қанотларини кенг ёйиб, ҳавога кўтарилди. Рўпарада учиб келаётган чумчуқлар галаси уни кўриши билан тўзғиб кетди. Аммо илгир уларга парво ҳам қилмай, оҳиста қанот қоқиб, бошқа дарахтга бориб қўнди. Хаёли чалғиган Тангриқул бобо сергак тортиб, отга дам бериш учун эгардан тушди. Лекин оёғи увишиб қолганидан тушган жойида туриб қолди. Мўйсафид қамчининг сопи билан этик қўнжига урди. Шу пайт тинимсиз у ёқдан бу-ёққа урилаётган кичик заррачалар бутун танаси бўйлаб тарқалди ва бунга бардоши етмай ўтириб қолди.

Тангриқул бобо қишлоққа қараб ўй суриб чакмонининг ички чўнтагидан халтачага тугилган бир сиқим тупроқни қўлга олди. Мўйсафид тупроқни маҳкам сиқаркан, кўзидан ёш сизди ва пичирлаб: “Бу дунёда тирик айрилган ёмон-а”2, деди.

Кеч тушиб, қишлоқ одамларининг оёғи тийилмагунча яқин атрофда тентираб юрган Тангриқул бобо тун қоронғисида Хўжамулкининг нариги бурчида яшайдиган Омон полвоннинг уйига борди. Полвон катта хонани Танг­риқул бобонинг оиласига бўшатиб берганди. Уларнинг бу ердалигини уй эгаларидан бошқа биров билмасди. Меҳмонлар узоқ вақт хонага қамалиб, овозсиз ўтиришдан жони ҳалқумига келган, айниқса, Элмуроднинг бардоши буткул тугаб битган ва тез-тез хархаша қилаётган эди. Момоси билан онаси уни имкони борича босиқлик ила юпатишга уринар ва Тангриқул бобонинг тезроқ етиб келишини интиқ кутарди. Гўё оила боши келса, барча дард-ситамлар тугайдигандай эди. Аммо мўйсафид Менгзиёнинг сургун қилингани ҳақида шумхабар олиб келди. Уларнинг дунёси янада қоронғилашиб кетди. Марям момо ҳам, келини Ойдин ҳам баралла йиғлаб юборди. Ўктам эса кўз ёшини яшириб, бурчакда бош эгиб ўтирарди. Элмурод аллақандай мусибат рўй берганини фаҳмласа-да, ҳали унинг гўдак қалби бу кунларнинг даҳшатини буткул англаб етмаганди.

– Бўлди-да энди. Бир-эки йил ўтмай қоган жойи йўқ! Ҳа, деб кўз ёш қилмай, эсон-омон кесин, деб дуо қилинглар, – деди Тангриқул бобо.

Унинг сўзларидан сўнг келин-қайнона кўз ёшларини артди. Марям момо энди Тангриқул бобонинг ҳолидан қайғуриб:

– Журт кезиб келишди ўзи бўлама?! Бир мойдонгина дам олинг, – деди.

– Ай, – дея қўл силтади Тангриқул бобо. – Ўзимизга қора жой топайик, сўнг қогани бир гап бўлар.

– Биз-ку қаерда бўлсак кўниб кетаберамиз, бу гўдаклар нима қилади, бобоси?! Куннинг шу совуғида уй тиклашди ўзи бўладима?

– Қизиқ гапларди гапирасан, кампир. Худойим бир улоқди, тўрт шувоқ3ди яратган. Бу ерда қолсак, полвонга азият бериб қўямиз. Эртароқ йўлга чиққанимиз маъқул.

– Ўктамжон, – деди Марям момо ўғлига юзланиб, – полвон акангга айт, биз қайтамиз.

Ўктам Омон полвонни чақириб келиш учун ташқарига чиқди.

– Келин, сиз тугунларди тайёрланг, – деди Тангриқул бобо Ойдинга юзланиб.

– Ҳамма нарса-ку тайёр турибди, – деб гап бошлади Марям момо. – Полвондан қора уйини сўрасак бермасмикин?! Бориб бизди ўтовди олиб келаберарди. Жойига-жой десак-да!

– Бўмайди, – деди Тангриқул бобо. – Уни олиб кетишди ўйла.

– Эса, совуқда қаерда жон сақлаймиз, бобоси?!

– Боботовга етсак, ғорда бўлсаям яшайберамиз.

Шу пайт эшик очилиб, аввал Ўктам, сўнг Омон полвон кириб келди. Полвон баланд бўйли, буғдойранг ва жиддий боқувчи нигоҳи одамни сергак торттирадиган киши эди. У мўйсафидга:

– Нимага дарров қайтаман, деб қолдингиз?! Ё биздан бирор камчиллик ўтдима? – деди.

– Сира ундай деманг, полвон!

– Ундай бўлса, бемаҳалда қаерга борасиз?

– Энди, полвон, сизгаям, бизгаям шуниси маъқул. Тулки қирқ ҳунарим бор, яхшиси, кўринмаслик, деган экан. Сиз берган нон-тузингизга рози бўлинг! Насиб қилса, яхши кунларда хизмат қилайик.

– Ажаб гапларингиз бор-да! Шўндай пайтда кунингизга ярамасак, қачон пойдамиз теяди. Рози бўлинг, деб уялтирманг-эй! Отам раҳматли бўлганларида шу гапингиз учун хапа бўларди.

– Ҳа, жўрамиз кўп яхши одам эди. Умри қисқа экан-да, – деб дўсти – Омон полвоннинг отасини хотирлади Тангриқул бобо. – Ориятли, иззат-нафсни биладиган шермард эди раҳматли.

– Чин айтасиз, – деди полвон отасини кўз олдига келтириб. – Отамга ўхшашга бизди кучимиз жетмади… Ҳа-ей, бош омон бўлса, дўппи топилар, деб бекор айтишмаган. Ўктамбой ҳам бошқаларга эш бўлиб, қўлтиғингиздан кириб қанотингизди кўтариб турса, бу кунларам ўтади, – деб гап равишини ўзгартириб юборди у.

– Бори умидим шулардан. Бўмаса, жоним ширинлик қиб элдан бош олиб кетаётганим йўқ. Болаларди эртасини ўйлаб, – деди мўйсафид. Сўнг мезбондан изн сўради. – Бизга дуо беринг, полвон!

– Дуо сиздан.

Тангриқул бобо қўлини кенг ёйиб дуо ўқиди. Сўнг барчаси баравар ўрнидан туриб, ташқарилади. Омон полвон бутун оиласи билан уларни кузатиб қўйди. Тангриқул бобо оиласи билан тун ярмидан ўтганида Боботоғни мўлжал олиб жўнади. Мўйсафид от билан олдинда борар, унинг изидан Марям момо билан келини ўзларининг  узунқулоқ жониворида, Ўктам ва Элмурод эса Омон полвон инъом этган ҳангида ҳаммадан орқада борарди. Зимистон кечада нотаниш йўлдан юриш қийинлиги боис жониворлар имиллар ва каттароқ кесак ёки тошдан ҳуркиб, арзимас чуқурдан ҳам сакрамасдан айланиб ўтарди. Бу юришдан, айниқса, Элмуроднинг силласи қуриб уйқусизлик қувватини сўриб олганди. Уни энди уйқу элтганида эшакнинг қалтис ҳаракатидан уйғониб ғингшир, шамол ураётган юзини акасининг кўксига босиб яна ухлашга уринарди. Ҳар бир тепалик аввал кунларга, сўнг йилларга уланиб бораётгандай, вақт имиллаб ўтарди. Улар шу тариқа тонг ёришмагунча қирма-қир, сойма-сой ўтиб борди. Ниҳоят, Тангриқул бобо от жиловини тортди. Улар жар ичидан – шамолпанадан жой ҳозирлашди. Ўктам отаси билан юкларни тушириб, ўтин қараб кетди. Марям момо эса келини билан кўрпа-тўшак ёйди. Кўп ўтмай ота-бола қуриб қолган ёнтоқ судраб келди. Ўктам:

– Бу ерда ўтин йўғакан, – деди.

– Чўл бўгандан сўнг шу-да, – деди онаси қумғонга сув қуяр экан.

– Сувди тежаш керак. Йўл узоқ. Чўлда булоқ бўмайди. Ўктам, ўтни ўзинг ёқ, чечанг қийналиб кетди, – деди Тангриқул бобо.

Ўктам олов ёқди. Ойдин емак учун нарсаларни ҳозирлаб, дастурхон ёзди. Элмурод олов тафтида ланж бўлиб қўлида бир туюр нон билан ухлаб қолди. Бошқалар деярли гап-сўзсиз тамадди қилишарди. Бир замон:

– Шу жойлардаям одам яшайдима? – деди Марям момо ҳувиллаб ётган яйдоқ чўлга ишора қилиб.

– Боботовди этагида одам бор. Булоқди гирдида. Ундан бермоғон баҳорги журт, – деди мўйсафид.

– Товгача борамизма? – деди Ўктам олисда чўққиси ялтираб турган Боботоққа қараб.

– Нари борса, эки кунлик йўл, – деди Танг­риқул бобо йўлни назарга илмагандай хотиржамлик билан.

– У яқда шўро йўқма? – деб сўради Марям момо соддалик билан.

– Ай, шўрони бормаган жойи борма? Локин бизди биров танимаса бўлди. Тинч яшайберамиз, – деб Тангриқул бобо Термизга бораётганда уйидан жой берган Тўра акани эслади. Шундагина у билан тақдирлари бир-бирига ўхшаш эканини пайқади ва:

– Хўроз бари жойда бирдай қичқиради, – деди.

Бу гапдан сўнг улар бораётган манзилнинг сири йўқолиб, Боботоғ ҳам мунғайиб тургандай кўрина бошлади.

Шу пайт Тангриқул бобо жар тепасидан эниб келаётган тулкига кўзи тушди. Бошқалар ҳам ўгирилиб унга термилди. Тулки уларни энди кўрди, шекилли, жойида тошдай қотди. Сўнг хавфни текшириш учун олдинга икки қадам ташлади. Шу пайт Ўктам акса уриб юборди. Тулки қўрққанидан ортига қайтиб югурди. Аммо сал нарига бориб тўхтади. Бир муддат ўтиб ўша ерда чўнқайиб ўтирди-да, одамларни кузата бошлади. Тулки қўрқиб узоққа кетмагани учун Тангриқул бобо ниманидир сезиб атрофга аланглади. Кейин ўтирган жойидан ўн қадамча наридаги чуқурдан тулки боласи тумшуқ чиқариб турганини кўрди.

– Эй, боласи боракан-да! Биз тинчини бузиб қўйиппиз. Айтдим, бу нимага қўрқмай турибди, деб. Уйини, боласини қўриган жонзот қўрқувди эсдан чиғаради-да!.. Ҳа, эса омин, – деб қўлини дуога очди мўйсафид. – Гертак дам олдик. Энди йўлга тушсагам бўлаберади. Элмуродни уйғотинглар. Элмурод, отажон! Қаранг, тулки келди…

Элмурод истамайгина уйқули кўзини очди. Аммо ороми бузилганидан ғингшиб, хархаша қила бошлади. Бобоси уни зўрға юпатиб, отга мингаштириб олди. Улар тағин уловнинг тебранишига мос ҳолда чайқалиб, адоқсиз чўл бағрида чумолидай ўрмалаб борарди. Улар шу кетганча тушгача тиним билмади. Тушдан сўнг қулай жой топиб кечга довур дам олишди ва яна туни билан йўл юрилгач, эртаси куни пешинга яқин тоғ этагидаги қишлоқ тепасидан чиқишди. Бунгача улар бўларича бўлганди. Жониворлар эса йўлда дуч келган кўлмак сувдан қониқиб ичиб-ичмай силласи қуриб, оёқда зўрға турарди. Шу боис ўн-ўн беш чоғли уйдан иборат қишлоқни кўришганида севиниб кетишди.

Қишлоқ этакдаги текисликда қуюқ жойлашганди. Чор тарафи текис тошлоқ бўлгани боис уйлар супада ўтирган чоллардай таассурот уйғотарди. Тоғ бағрида дарахтлар кўкка бўй чўзган, афтидан, у ерда булоқ бўлиб сув қишлоққача етиб келмаганди. Тангриқул бобо оиласи билан турган тепаликдан эса ёлғизоёқ йўл илон изи ҳосил қилиб ўртадаги сойдан ўтиб, сўнг қишлоққа чиқиб борарди. Уларга айни дамда мана шу масофа ҳам жуда олис бўлиб кўринмоқ эди.

Улар сойдан ўтиб, қишлоққа яқинлашгач, бўрибосар кўппаклар йўл тўсди. Итлар жуда яқин келмаган бўлса-да, улар ўша жойда тўхтаб қолди. Бундан хабар топган қишлоқ аҳли меҳмонларга пешвоз чиқди. Келаётган киши тез юриб таёқ билан итларни қувиб солди. Тангриқул бобо мезбоннинг етиб келишини кутиб туриш одобсизлик бўлмасин, деб отдан тушди. Мўйсафид жийроннинг жиловидан тутиб одимлади. Ўктам ҳам отасининг изидан юрди. Уларнинг орасида беш-олти қадам қолганда Танг­риқул бобо мезбонга салом берди. Улар кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашишди ва бояги киши мўйсафидни уйга таклиф этиб, йўл бошлади.

Қишлоқ аҳлини Тангриқул бобо ва унинг оиласи қизиқтириб қўйган эди. Зеро, уларнинг юзи тер ва чангдан шўрлаб, уйқусиз кўзлари қизариб киртайган, уст-боши ҳам ёрилган лаблари янглиғ бир аҳволда эди. Боз устига юз-кўзларида сўнгсиз изтироб зуҳур бўлиб кишида аллақандай ачиниш ҳиссини уйғотар эди. Йўл азоби Тангриқул бобо ва оиласини ҳолдан тойдирганди.

Тоғлик аҳоли уларнинг бошига оғир мусибат тушганини пайқаб турар ва бунинг қандайин кўнгилсизлик эканини билишга ошиқарди. Илло, уларнинг айримлари умри бино бўлиб шу тоғ-тошлардан нари чиқмаган, унда-бунда ўтиб қайтадиган йўловчиларни ҳисобга олмаганда бегона одамга дуч келишмаганди. Бозор учун шаҳарга борадиганлар ҳам ойда бир уйдан чиқарди. Шу боис янгиликка ўч қишлоқдошлар меҳмондан кўз узмасди. Уларга томошагоҳ бўлиб қолганидан ўзини ноқулай сезган Тангриқул бобо тоқатсизланиб келини ва Марям момони бегона нигоҳлардан гавдаси билан тўсишга уринарди. Ниҳоят, қишлоқ кайвониси келиб, аёлларни нари олиб кетди. Ўзини бироз эркин ҳис этган мўйсафид мезбон бола олиб келган чойгумдаги илиқ сувга юз-қўлини чайди. Сўнг рўпарадаги хонадон остонасидан ҳатлади. Уй тўрида ўзи тенги чол ўтирарди. Унинг мошгуруч соқоли чиройли кузалган, чеҳрасидан ҳамон ёш йигитлардай ғайратли бўлиб кўринарди. Чол – Тошбой бобо эпчиллик билан ўрнидан туриб салом бериб, Тангриқул бобога уй тўридан жой кўрсатди. Улар бараварига чордона қуриб ўтирар экан эшикдан Ўктам кўринди. Тошбой бобо ўрнидан жилмай у билан саломлашди. Боя кутиб олишга чиққан мезбон Ўктам билан ёнма-ён жойлашди. Меҳмон ва мезбонлар бир-бирлари билан сўрашишаркан, эшик қия очилиб, Элмурод ичкарига бош суқиб қаради. Тангриқул бобо уни кўриши билан:

– Бор, Элмуроджон, момонгга бор, – деди.

Унинг гапи тугамасдан Элмуроднинг ортидан боя қўлга сув қуйган мезбон бола кўриниб:

– У яқда жилаяпти. Сиз билан ўтираркан, – деди.

Бу гапдан сўнг Тошбой бобо Элмуродга қараб:

– Ке! Кел-эй бу яққа. Ўт бобонгди олдига. Ҳа, яша! Полвон жигит экан-да бу, – деди.

Элмурод бегона одамлардан уялиб, қимтиниб, бобосининг олдига келди. У Тангриқул бобонинг тиззасига бош қўйди. Мезбонлар олдида ўзини ноқулай сезган мўйсафид набирасига:

– Туриб ўтир, улим. Уят бўлади, – деди.

Бунга жавобан Тошбой бобо:

– Қўйинг, ёш бола йўлда чарчаган… Ёт, ётиб дамингди ол. Эҳ-ҳе, сенга бир сурув ошна бор. Бир ухлаб тур, кейин шулар билан ўйнайсан, – деди.

Элмурод ғужанак бўлиб ётиб олди. Тангриқул бобо у келишидан олдин чала қолган гапини давом эттирди:

– Бу кенжа улим Ўктам. Буниси небара, – деди Тангриқул бобо Элмуродни кўрсатиб. – Катта улимди боласи. Ўзи бировгина…

Тангриқул бобо шу тарзда бутун оиласини таништириб чиқар экан, қаердан келаётганию не мақсадда тентираб юрганигача рўй-рост айтиб берди. Тошбой бобо ва ўғиллари буларни ўткинчи йўловчи деб ўйлаганди. Энди уларга муқим жой кераклигини билгач, ноқулай аҳволда қолди. Чол буни сездириб қўймасликка уриниб, ўзини ва ўғилларини таништира кетди.

– Бу Панжи, – деди боя итларни қувиб солган кишини кўрсатиб. – Кенжа улим. Олдингизда ўтирган акаси Чори. Бошқалари ҳайдовга кетган. Ҳўкуматди бир сурув қўй-эчкиси, беш-олти қора моли бор. Шуларди айлантириб келади…

Тошбой бобонинг айтар гапи тугаб қолганидан сўнг бир муддат ўйланиб турди-да:

– Сизларга қора уй тикиб берсак бўлади, – деди. – Локин совуқлик қилади… Чори, уйинг лойсувоқ бўганма? – дея ўғлига мурожаат этди чол нимадир ёдига тушиб.

– Ҳа, суваганмиз. Эшик-деразаси йўқ, – деди Чори.

– Унга кигиз тутиб қўйса бўлади, – деди Тошбой бобо ва гапида давом этди. – Ўзи шўниси маъқул, – у энди Тангриқул бобога юзланиб сўзларди. – Қора уй торлик қилади. Уйимиздан жой берсак, эркин яшолмайсиз. Ўзингизга бир уй бўса, бемалол оёқди узатиб ўтирасиз-да, тўғрима? Ҳа, яшанг! Чорига уй қургандик. Трома4 эрта келиб, ташвиш кўпайиб, кўчиб ўтолмади… Хўш, гап бундай. Ўктамбой билан булар бориб уйди кўриб, камини тўғирласин. Бугундан қолдирмай. Эртага ишонч борма?! Қор тушама, бошқа бўлама, билмаймиз! Супур-сидирига келинлар бориб қарашади. Ҳа, жигитларга омин, – дея Тошбой бобо қўлини дуога очди.

Мезбонларга қўшилиб Ўктам ҳам ташқарига чиқди. Тангриқул бобо эса тиззасига бош қўйиб ухлаб қолган Элмуродни ерга ётқизиб, чопони билан устини ёпди.

Ўктам мезбонларга эргашиб борар экан, Боботоққа синчков назар ташлади. Яқинига келиб қаралганда янада ҳайбатли кўринадиган тоққа маҳлиё бўлиб ҳамроҳларнинг гапини эшитиб-эшитмай келаётган Ўктам Боботоққа бир пайтлар деразадан қараб ўтирганини эслади. Унинг ҳозир турган ери – чўққи этагидан дарё соҳилидаги уйи ва ҳатто унинг деразаси кўринадигандай ортига ўгирилиб қаради. Аммо ҳавонинг тундлигидан узоқни кўриб бўлмасди. У баҳор келиб, осмон тиниқлашса, бу ердан уйимизни бемалол томоша қилса бўлади, деб ўйлади ва бу хаёл унга оз бўлса-да таскин берди.

Улар шу куни кечгача янги қурилган уйнинг атрофида куймаланиб, икки хонали тошдевор бошпанани одам кирса бўладиган ҳолга келтиришди. Дераза ва эшикка гулсиз қора кигиз тутиб, айниқса, даричани очиб бўлмайдиган қилиб маҳкамлашди. Узун хонанинг ўртасида сандал қилинди. Шундан сўнг Панжининг аёли билан Ойдин келиб, хонага кўрпа-тўшак ташлади. Ака-ука мезбонлар ўчоқ учун қий, чалма, сандалга олов қалашга арча ўтинидан олиб келиб, ёндаги кичик хонага жойлади. Яна ўтинхонага қараб кетган Чори челак кўтариб келиб:

– Ўктамбой, бунда ер мойи5 бор, тутантириққа яхши. Агар яна зурур бўлса, туманда қора кўлдан олиб келаберасиз, – деди.

Бу вақтда бир тарафдан Марям момо, нариги томондан эса Тангриқул ва Тошбой боболар уйни кўриш учун келди. Уларнинг барчаси жам бўлиб ичкарига кирди. Ойдин ва тоғлик келин эса ташқаридаги ўчоққа ўтин қалаб олов ёқди. Сўнг ловуллаб турган чўғни янги қазилган сандалга солди.

Тошбой бобо Тангриқул бобога юзланиб:

– Қани тортинг! Журт қулли бўлсин! – деди. Тангриқул бобо раҳмат айтиб, йўл бошлади. Улар деворнинг нами кетмаган ва одам тафти урмаган зах хонага кириб, сандал атрофида чордона қурди. Марям момо эса хуржундаги нарсаларни титкилаб, қорачироқни топиб ёқди. Шундан сўнг эшик-деразасига кигиз тутилган қоронғи хона бироз ёришди.

Энди улар қадим қадрдондай суҳбатлашиб ўтиришарди. Бир маҳал Тошбой бобо ўзининг икки ўғли, келини ва Тангриқул бобонинг оила азолари жам бўлиб ўтирганидан фойдаланиб, кўнглидаги гапни тўкиб солди.

– Энди, ошна, шу журт сизга. Саратон келиб, ҳаво тоқ бўса, ўзингизга уй тиклайсизма ё Чорибойга бошқадан қуриб берамизма, келишиб кетаберамиз. Ҳали унгача кўп гап бор. Локин уйга бегонасирамай, бовурди босиб яшайберинг. Хў-ўш, энди Ўктамбойам, келинам ёш. Уйда қамалиб ўтириб нима қилади? Тўғрими?! – унинг гапидан Тангриқул бобо муддаосини билди ва диққат билан қулоқ тутди. – Гапди қисқа қисак, Ўктамбой Панжи ошнаси билан келишиб мол ҳайдовга борса. Келингаям иш кўп. Ана, сигир соғади. Жуда бекор бўлиб қолса, қўзиларди боғишади. Ишқилиб қоронғи хонада қамалиб ўтиришдан яхши-да!

– Бўмасам-чи, – дея унинг гапини маъқуллади Тангриқул бобо. – Одам яшаш учун ҳаракат қилиш керак.

– Ҳа, яшанг! Сиз зериксангиз, – энди бевосита Тангриқул бобога хитоб қилди чол, – ёнимга гурунгга борасиз. Эковлашиб зерикиб қолсак, болаларди ишидан хабар оламиз. Уни ундай-буни бундай қи, деб турамиз-да. Хўп, қўлида кўп ҳунари бор одамга ўхшайсиз. Билмаганимизди бизгаям ўргатасиз. Боласи тушмагурлар ўзимизга ўхшаб қўпол, десангиз. Тунов куни Чорибойди катта акаси бир эчкини уриб ўлдириб қўйибди, – чўпон ўз молини уриб ўлдиришига ёш бола ҳам ишонмаса-да, Тошбой бобо ниҳоятда назокат ва топқирлик ила Тангриқул бобога вазифа юкламоқда эди. – Шуларга урмай, сўкмай сурувди йўлга солишни ўргатиб берсангиз, бинойи бўлади… Ҳа, келишиб олган бўсак, бизга рухсат. Сизлар бемалол дам олингизлар. Ўктамбой эрталаб Панжи билан поданинг изидан кетса, чарчаб қолмасин. Қани, омин!

Тошбой бобо ўғиллари ва келини билан чиқиб кетди. Тангриқул бобо оиласи ила ёлғиз қолди. Улар ҳужрани уйимиз деб билишса ҳам ўзларини чўлда дуч келган жойда дам олаётгандай ҳис этарди. Бу хонага йиллар давомида уйида тўшалиб турган кўрпа-тўшак ташлангани билан тошдевор ҳам, шифтда осилиб турган арча новдаси ҳам ва ҳатто жонга ора кирётган сандал ҳам мутлоқ бегона эди. Улар Хўжамулкида – Омон полвоннинг хонадонида ёки кимсасиз чўлда тин олган пайтда ҳам ўзларини бу қадар ёлғиз ҳис этишмаганди. Боз устига деразадан бир тола ҳам нур тушмаслиги ва мойчироқнинг ожиз ёғдуси уларнинг кўнглига тун зулматидан-да даҳшатли қўрқув соларди. Бу оғир сукуту зулматни илк бора Элмуроднинг титроқ овоз билан берган саволи ёриб ўтди.

– Бобо, уйга қачон кетамиз?!

– …

* * *

Икки кундан сўнг тоққа қалин қор тушди. Баъзи жойларда қор тиззага урар, бундай вақтда мол боқишнинг ўзи бўлмасди. Чўпонлар қўй-эчкини совуқ урмасин, деб тинимсиз юргизиб турар, аёллар эса мол озуқа олиши учун пичан ғарамларини сочиб ташларди. Бу ерда ҳам дарёнинг шамолидек изғирин совуқ жондан ўтиб кетар эди. Сурувга қараётганлар қўй ёғини гоҳ нонга булаб ер, гоҳ иссиқ ёғни ичиб совуққа бироз бўлса-да бардош берарди. Аммо кўп ўтмай изғирин ўз ишини кўрсатар, уларнинг мадори қуриб, уйда дам олаётганларга навбат тегарди. Шу тариқа улар кун бўйи навбат алмашиб, ҳам ўзларининг, ҳам мол-ҳолнинг жонини сақларди. Буни яхши билган Тошбой бобо аввал бошдан Тангриқул бобога ҳам юмуш борлигига ишора қилган эди. Шу боис Тангриқул бобо Ўктам билан ўрин алмашиб чўпонларга кўмак берарди. Юмушлар мўйсафидга малол келса ҳам бундан сира ўзини олиб қочмасди. Зеро, унинг ва бутун оиласининг емак-ичмаги Тошбой бобонинг зиммасида эди ва улар ҳеч нарсадан зориқмасди. Фақат қор қоплаган заминдай ўзгармас кунларнинг адоғи кўринмас, бундан Тангриқул бобо ва оиласининг диққати ошарди. Қон-қариндош ва уй соғинчи ички дард каби сездирмасдан уларнинг мадорини сўриб олмоқда эди. Ҳаммадан ҳам кўпроқ Ойдиннинг силласи қуриб борарди. Уни дард беаёв эзар, шунга қарамасдан Ойдин бировга бу ҳақда чурқ этиб оғиз очмас, ўткинчи хасталикдир, деб жон борича ўзини ишга урарди. Ойдин юмуш билан чалғишга қанча уринмасин бари беҳуда эди. Боз устига Тошқул шўронинг совуқ нигоҳи кўз олдидан кетмасди. Шўро Менгзиёни олиб кетаётганда ва Тангриқул бобони излаб келган пайтда Ойдинга еб қўйгудай тикилгани унинг кўз ўнгида қотиб қолганди. Бундан Ойдиннинг дили хуфтон бўлиб ёқимсиз нарса егандай ўзини лоҳас сезарди. Тағин кўлда чўмилаётганда Тошқул уни пойлагани эсига тушар ва кўнглига соя ташлаб турган бу воқеа энди Ойдиннинг бутун ҳаётига қора бўёқ чаплаганди. Ойдин шулар ҳақида ўйлаганида эл оғзида достон бўлган чеҳрасини балчиққа булашга ёки тиғ билан нимталашга ҳам тайёр эди. Холбуки, Ойдин оиласининг сарсон-саргардон бўлиб юришида ўзини айбдор санарди. Ана шундай пайтда шўронинг наҳс босган нигоҳидан қутула олмаслиги унинг дилини аёвсиз эзғилаб ташлаган эди.

Яна тағин Ойдин севгидан сархуш бўлиб юрган чоғини эслар, ўша пайтда кўнглини чароғон айлаган туйғу энди юрагига буров соларди. У бу азобга бардош беролмай гоҳо:

– Ерютсин сени, Тошқул! Кўзингди қум тўлдирсин!.. Сени қошингда шайтонам уялади. Ахир, ҳар қандай пасткашликди чегараси бор, лекин сени қилиғинг… Худога солдим. Ўзи ҳисобингни қилсин! – деса, баъзан:

– Агар шу қилиғинг бўлмаганда яхши одам эдинг-ку! …Кўнглимни сендан совитган Худойимга минг шукурлар бўлсин! – дер ва бу гапни биров эшитиб қолишидан чўчиб тилини тишларди. Кейин ғўр ва содда ёшлигига лаънатлар айтар, бу изтиробдан озод бўлиш учун Элмуродни бағрига босиб, боланинг кўзига узоқ термулар эди. Зеро, уни мусибатдан фақатгина гўдакнинг маъсум ва беғубор нигоҳигина қутқара оларди.  Мана шундай ичикишлар уни анчайин ҳолдан тойдирди. Бир ой ўтар-ўтмас дард кучайгандан кучайиб, Ойдин тўшакка михланиб қолди.

Ойдин туни билан иситманинг зўридан инграб чиқар, томоғидан сув ҳам ўтмасди. Марям момо унинг бошида гиргитдон бўлиб ёнидан бир қадам ҳам нари кетолмай қолди. Тангриқул бобо ҳам, Ўктам ҳам чўпонларга қарашиш учун чиқса-да, ўй-хаёли уйда – Ойдиннинг қайғуси билан эди. Унинг аҳволи жиддий эканини кўрган Тошбой бобо бу ҳавода тоғ сўқмоғидан юриш хавфли бўлса-да, ўғлини нариги қишлоқдан табиб айтиб келишга юборди.

Табиб Ойдиннинг аҳволини кўриб донг қотди. У қайта-қайта беморнинг томирини ушлаб кўриб бош чайқар, аммо ёнидагиларга бирон сўз демай, ҳамманинг диққатини оширарди. Ниҳоят:

– Тушунмадим, – деди табиб. – Дарди борга ўхшамайди. Аҳволи бўлса… Бирон ирим-амал қилиш керакдир?

– Қилмаган амалимиз қолмади. Энди бари умидимиз сиздан, – деди Тангриқул бобо.

– Қўлимдан келса, жон деб даволайман. Биз бир сабабчи, – деди табиб ўйланиб.

Ойдинга қандай даво қилишни билмай табибнинг боши қотган эди. Сўнг гиёҳ халтасидан тугун чиқариб, дориворларни саралаб:

– Булар қувват дори. Буниси шамоллашди йўқотиб, иссиғини туширади. Наригиси иштаҳани очади. Бизди билганимиз шу. Давосини Олло берсин! – деди.

Табиб дориларни қандай тайёрлаб, қайси маҳал ичириш кераклигини тушунтиргач, кетишга изн сўради. Тошбой бобо уни кузатиб қўйиш учун ташқарига чиқар экан:

– Рустамбой, – деди табибга қараб. – Келинди аҳволи тангми?!

– Очиғи, билмайман. Бояги гапим гап. Ҳеч бир дарди йўқ. Ирим-амалдан бўлса керак.

– Сиз билмайдиган дард йўқ эди-ку, Рустамбой. Қирқ мамлакатдан келиб, сиздан даво топганларди кўп эшитганмиз, – деди Тошбой бобо унинг гапига ишонмай.

– Бизам бандамиз, бова. Билганимиздан билмаганимиз кўп… Ўзи булар ким, илгари бу ерда яшашмасди?

– Ким бўларди, кун ўтарга мол боқиб юрган чўлиқ. Илгари товнинг нариги томонида яшаркан. Аркар билан сен-менга бориб қолибди. Уям бўлса қишди кунида қувиб солибди, – деди Тошбой бобо, Тангриқул бобо ҳақидаги хабар ҳукумат одамига етиб боришини истамай. Табиб ҳа дегандай бош чайқади-ю, йўлига равона бўлди. У қирдан ошиб кетгунча Тошбой бобо табибни кузатиб турди. Сўнг Тангриқул бобонинг уйига қараб юрди. Эшик қаршисига бориб йўталди-да:

– Ўктам, – деди.

Ичкаридан Тангриқул бобо овоз берди:

– Келинг, келаберинг!

Тошбой бобо ичкарига кирганида Элмурод онасининг ёнига ётиб олган, Марям момо косада дори тайёрлаётган эди. Тангриқул бобо уни хона тўрига таклиф этди. Улар Ойдин ноқулай аҳволга тушмасин учун унга орқа қилиб ўтирди. Бу орада Марям момо иштаҳа очадиган дорини тайёрлаб келинига ичирди. Аммо Ойдин дорини қайтариб ташлади ва қайнотасининг ўтирганига ҳам эътибор бермай, оғир уҳ торта бошлади. Марям момо унинг бошида парвона бўлиб айланар экан, Элмуродга:

– Тур, болам, бобонгди олдига ўт, – деди.

Элмурод эринчоқлик қилиб ўрнидан жилмади. Борган сари ўзини янада беҳол сезаётган Ойдин базўр қўлини кўтариб, Элмуроднинг бошига қўйди ва ўғлининг иситмаси борлигини билиб қолди. Ойдин буни Марям момога айтди. Кампир Элмуроднинг иссиғини кўриб бўларича бўлди ва овозини баралла қўйиб:

– Нима бало бўляпти сенларга?! – деди.

Момонинг бу ҳайқириғидан сўнг Тангриқул бобо ўгирилиб қараб:

– Тинчликма?! – деди.

– Энди небарангизди иссиғи чиғибди.

Бу гапдан сўнг Тангриқул бобонинг ҳафсаласи пир бўлиб:

– Бу нимаси бўлди? – деди.

Тошбой бобо бу савол ўзига қарата айтилгандай:

– Аввалдан-охир бизда бундай дард бўлмаган. Ана Рустамбой, ҳеч бир касали йўқ, деди. Эса, мен сизлардан паналатиб сўраб кўрдим, – деди.

Тошбой бобо бу мулоҳазаларни ажиб бир маҳзунлик билан айтаркан, Марям момо бошида ярқ этган фикрдан қувониб:

– Эсайганда эсимни жемай ўлайин, – деди. – Буларингиз ер ойинлаган-ку, бобоси!

– Ай, ишларинг тушсин… Тупроқ бормиди?!

Мариям момонинг авзойи ўзгариб, бояги қувончи йўқолди ва:

– Билмайман! Шошилганда эсдан чиққан бўлмасин-да, ишқилиб, – деди.

Чол-кампирнинг сўзларини тинглаб ўтирган Тошбой бобо ҳайратланиб:

– Ер ойинлаши нимаси? Қандай тупроқ керак? – деди.

– Буям бир касаллик, – деди Тангриқул бобо. – Одам туғилиб ўсган жойидан узоқлашса, ҳаво ўзгариб, шундай дардга жўлиғади. Одам ўзи яшайдиган жойди бир сиқим тупроғи билан бошини ювса, дарди арийди. Бўлмаса, минг дори-дармон қисин, пойдаси йўқ.

– Эй, шўндай демайсизма? Илгари эшитганман. Пасдан олиб кеган қўйимиз уч кун ўтмай, ҳеч нарса жемай қолди. Шунда қанча йўл юриб тупроқ олиб кебедик.

– Ҳа, ана шу-да! Бу ўзи одамдаям, молдаям бўлади.

– Ойдин, тупроқ бормиди? – деб сўради уларнинг гапини бўлиб Марям момо.

Ойдин ётган жойида бошини базўр кўтарди. Хаёлини жамлаб олаётгандай атрофга жавдираб боқиб:

– Кенжа билмаса, – деди.

Марям момо унинг жавобини кутмасдан, уйни ағдар-тўнтар қилиб, буюмлар орасидан тугунга тугилган тупроқ излай бошлади. У чор тарафга аланглаб ахтаринар экан, ўша куни ўзининг тоби йўқлиги боис Ўктамнинг ҳам, Ойдиннинг ҳам юрт тупроғидан бир сиқим олиш хаёлидан фаромуш бўлганини билмасди. Умуман олганда, улар ўша вақтда ўз жонлари билан овора эди. Аммо, шунга қарамасдан улар буни унутиши мумкин эмасди. Негаки, Марям момо фарзандлари уйдан олисга, узоқ муддатга кетадиган бўлса, бир сиқим тупроқсиз жўнатмасди.

Марям момо тупроқ топишдан умидини узиб боргани сари нафас олиши оғирлашиб, ўзини ниҳоятда ожиз ва нотавон ҳис қилмоқда эди. Бунгача Тангриқул бобо ҳам ўрнидан туриб, ахтарина бошлади. Мўйсафид уйидан чиқишда бир сиқм тупроқ олиб кетгани аниқ эди. Аммо уни қаерга қўйганини эслай олмасди. Бир пайт Тангриқул бобо дарё соҳилида ўтиргани, чўнтагидан тупроқни олгани ёдига тушди. У шоша-пиша чакмонининг чўнтагини қаради. Тупроқнинг йўқлини билгач Тангриқул бобо уни соҳилда қолдириб келгани аён бўлди. Аммо чол-кампир умидини узмай ахтаринишда давом этарди.

Тошбой бобо ноқулай аҳволга тушди. У ўтираверишни ҳам, туриб кетишни ҳам билмай, аро йўлда қолди. Бу орада Ўктам ҳам совуқдан қизариб кетган қўлларига куҳ-куҳлаб кириб келди. У кўриниши билан ота-онаси бараварига:

– Тупроқ олганмидинг? – деди.

Гап нимада эканини билган Ўктам совуқ урган қўлини бир-бирига ишқалаб, уйидан жўнаш олдида ва ундан сўнг бўлиб ўтган ҳодисаларни хотирасида тиклади. Деразадан қочиб чиққанини, том устида совуқ еб ётганини, сўнг Тошқул шўро кетгач, томдан тушиб онасининг тоби йўқлигини кўргани ва совуқда қалтираб дарё кечиб ўтганини. Буларнинг барчаси худди ҳозир содир бўлгандай кўз ўнгидан бир-бир ўтди. Аммо тупроқ олганини сира ҳам эслай олмади. Улар ҳафсаласи пир бўлиб, бошини эгиб, гардани билан хонадаги оғир сукутни базўр кўтариб тураркан, Тошбой бобо:

– Шу ернинг тупроғи бўлмайдима? – деди.

Унга жавобан Тангриқул бобо оғир бош чайқаб, йўқ, ишорасини қилди. Ўктам эса:

– Қишлоққа бориб, тупроқ олиб келаман, – деди.

– Бугун кеч бўлди. Қишлоққа боришди эртага ўйлаб кўрамиз, – деди Тошбой бобо. Унинг гапи бошқаларга маъқул тушди.

Ойдин эса қишлоқ сўзини эшитиб, келинлик уйини, Менгзиёни эслади. Сўнг дарёдан кечиб ўтгач, орқага бурилиб қишлоққа сўнгги бор қарагани ёдига тушди. Ўшанда қорга бурканган қишлоқ, соҳилдаги жангалзор ортида хокисор ва ғариб бўлиб кўринган эди. Ўшандан буён уйлари ёдига тушганида беихтиёр шу манзара кўз олдига келади. Қишлоқни шундай манзарада эслаш Ойдинга шўронинг совуқ нигоҳидай азоб беради ва қайнонасининг: “Орқага қараманглар”, деган гапини эслайди.

Кечанинг бир маҳалида Ойдин оғир уҳ тортди. Барча бараварига унга қаради. Ойдиннинг ранги сарғиштоб бўлиб қолган, юз-кўзи янада сўлғин тортганди. Ойдиннинг оғир-оғир нафас олишини айтмаса, унда ҳаёт аломати сезилмасди. Унинг аҳволини кўриб, шошиб қолган Тангриқул бобо қироат билан оят ўқий бошлади. Майин ва маҳзун оҳанг билан таралаётган каломни эшитган Ойдин аланглаб атрофга қарай бошлади. Сўнг қайнонасига кўзи тушиб айбдордек нигоҳини олиб қочди. Тағин кафтини ўғлининг пешонасига қўймоқчи бўлди. Аммо қўли ҳавода титраб, ўқ еган қушдай тапиллаб тушди.

Ойдин каломни мароқ билан тинглаб оройиш оларкан, юз-кўзида ҳаёт аломати сезилмай қолди. Буни кўрган Марям момо: “Бола-ам!” деб додлаб юборди. Унинг овозидан Элмурод чўчиб тушди. Ойдин эса кўзлари олайиб атрофга аланглаб қолди. Тангриқул бобо чакки қилдинг, дегандай бош чайқади.

Марям момо набирасини турғизиб:

– Болажоним, энангди бетидан ўп, – деди.

Элмурод гўдаклигига бориб норизо оҳангда ингранди. Лекин момосининг қистови ила онасининг юзига лаб теккизди. Шу тобда Ойдин базўр кўзини очиб ўғлига қаради. Бу нигоҳда қишлоғига сўнгги марта қараганида кўнглида бош кўтарган туйғулар жамланган эди. Айни дамда кўз олдидан энг гўзал ва бахтли дамлари бирма-бир ўтди. У аввал беғубор ёшлигини, дарё соҳилида пода боқиб юрган ўсмирлик чоғини, Менгзиё билан тўйларини ва Элмуроднинг туғилганини эслади. Ойдин буларнинг барча-барчасини бир лаҳзада кўз ўнгидан ўтказиб маъюс жилмайди ва юзида ўзгача оройиш зуҳр бўлди.

Ойдиннинг жони узилгач, Марям момо ва Ўктам овоз чиқариб йиғлаб юборди. Бундан Элмурод қўрқиб кетди. Улар боланинг аҳволини кўриб, ўзларини бироз қўлга олди. Шунда ҳам Марям момо уни бағрига босиб, айтиб-айтиб йиғлар эди. Ўктам ҳамон кўз ёши қилаётган бўлса-да, ўзини қўлга олиб, отасига юзланди:

– Мен бориб Тошбой бобомга айтиб келай. Қиш куни қисқа, эртароқ уринайлик, – деди эртанги дафн маросимини назарда тутиб.

Аммо Тангриқул бобо ҳеч кутилмаганда қатъият билан:

– Йўқ! – деди. – Ҳеч нарса керакмас!

Унинг бу гапидан ажабланиб она-бола мўйсафидга қаради. Тангриқул бобо:

– Эртага ҳаммамиз кетамиз, – деди.

– Қаерга кетамиз, бобоси? – деб сўради Мариям момо.

– Қаерга бўларди, уйга-да!

– Қишди шу совуғида…

– Жоним ширинлик қилиб уйди ташлаб кемадим. Болаларди эртасини ўйлаб эл-хешдан айрилиб чиққанман… Булар, – дея Тангриқул бобо болаларига ишора қилиб гапида давом этди. – қишлоқди бир сиқим тупроғисиз яшолмаскан, бу яқда тентираб нима қиламан?!

Тошбой бобо ва бутун овул аҳли қанча уринмасин, Тангриқул бобони йўлдан қайтаролмади. Ахири Тошбой бобо:

– Ҳаммагаям тувилиб-ўсган жойи азиз. Ким бўмасин, жураги уйга тортаберади, – деди. – Сизга дуо берамиз… Панжибой билан Мавлон ҳамсоямиз ҳамроҳ бўлади.

Шу куни улар майитни олиб йўлга чиқди. Улар анча юриб, тоғ этагига эниб келишгач, Марям момо бепоён даштга қараб: “Дунёси шунча кенг экан, бандалари нимага ер талашади?” деди. Сўнг Ойдиннинг жасадига кўзи тушиб дарди янгиланди. Тошқул шўронинг исмини тутиб лаънатлай кетди. Шу пайт Танг­риқул бобо:

– Жим! – деди. – Бировди боласини бунчалик қарғама. Тошқул нима қисин? У ўзи Худо урган қорабовур7 банда бўлса! Ўзи билгичларди гапи-гап: одам ғужурини жўғотса, боридан айрилиши чин экан. Тошқулди нимаси қолди? На мардлиги бор, на орияти! Ана, кимларди орқасидан эргашиб, кимларди пой-патаги бўлиб юрибди. Эй-ей, у шўрликди кўрган куни қурсин!

Улар дарёдан ўтиб қишлоққа кириб келганида изғирин жон-жонидан ўтиб кетганидан на иссиқ-совуқни ва на оғриқни сезмай қолишган эди. Қулоқ-бурунлари совуқдан қизариб, кўкарган бўлса ҳам, чарчоқ ва мадорсизлик сабаб танасида тер кўпчиганди. Тангриқул бобо шамол пана деб Элмуродни хуржуннинг бир кўзига солиб, унинг бошқа палласига бола вазнига тенг юк жойлаган эди. Элмурод узоқ йўл давомида пўстакка ўраниб хуржун ичида ғужанак бўлиб ўтиргани боис қўл-оёғи увишиб қолди. У митти жони билан шунча азобга бардош бераман деб карахт бўлиб қолган эди…

…Элмуроднинг кейинги умри деярли шу ҳолатда ўтди. Зеро, у ўзини жон сақлаш учун хуржун ичида пўстакка ўраниб ўтиргандай ҳис этарди. Элмурод хуржундан бош чиқариб, адоғи кўринмас қорли сўқмоққа термулгани каби йўл қараб умр ўтказди. Холбуки, вақт ўтгани сари у онасининг ўлимига кўникди. Аммо шўро олиб кетган отаси ва бобосини, кейинчалик урушга кетиб изсиз йўқолган Ўктам амакисини умр бўйи кутиб яшади. Шундай чоғларда бобоси айтганидай Тошқулнинг шўрлик бандалигига шубҳа билан қарарди. Инчинун, шўрога югурдаклик қилиб юрган Шоберди Ўктам билан бир пайтда урушга кетиб, оёқсиз бўлиб қайтди-ю, узоқ яшамади. Аммо шу сафда фронтга жўнаган Тошқул шўро жангу-жадал ичида юриб ҳам бирор жойига тиғ теккизмай омон қайтди. Энди яна Тошқул шўро қишлоқ кўчасида салмоқланиб қадам ташлар, ўзини бепоён даштнинг ва, ҳатто, асов дарёнинг ҳам ҳожасидек тутарди.

Вақт ўтиб Тангриқул бобо ва Менгзиё бахши оқлангани ҳақида бир парча қоғоз қўлига теккан Элмуроднинг дилида умид ёлқинлади. У ўзича: “Отам ва бобом бегуноҳ эканини ҳукумат билибдими, уларни айбдор деганлар тўҳматчилиги учун жазосиз қолмайди”, деб ўйлаганди. Аммо…

У доим оқлов қоғозини қўлига олганида отасини эслар ва совуқ ўлканинг шамоли юзига ургандай бўлар, айни чоғда дунё ноҳақлик ва ёвузликдан иборат деб изтироб чекарди.

Лекин узоқ йиллар ўтиб, Элмурод тонгда кунчиқарга қараб қуёшнинг бош кўтаришини томоша қилиб, шўронинг аччиқ қисматини эслаб, бобом Тошқулга ҳукм ўқиган экан, деган хаёлга боришини ҳали тассаввур қила олмасди. Зеро, йиллар Тошқулга гард юқтирмай асраб-­авайлаб келгани билан у кексайиб, нафснинг қора нуқси урган совуқ нигоҳи хира тортиб, қабоҳатга тўйинган вужуди шалвираб, меҳрга муштоқ бўлган чоғида қисматнинг аччиқ қамчиси бошида ўйнай бошлашини; Тошқулнинг қулоғига дод-фиғон қилаётган одамларнинг даҳшатли ўкириклари эшитилиб, бу товушлар борган сари авж олиб, чидаб бўлмас даражада чинқириққа айланишини; охир-оқибат шўронинг асаби буткул ишдан чиқиб, савдойи бўлиб қолишини; ақлдан озган шўрони болалари уйга қамаб, обрўли оила шаънига доғ тушираётган чолга емак-ичмагини панжарали дераза ортидан беришини; соч-соқоли, тирноғи ўсиб, ёввойи одамдай бўлиб қолган шўро куни билан дераза панжарасига осилиб дод солавергач, ўғли отасига қўл кўтаришгача боришини; бундан баттар жазавага тушган шўронинг томоғи буғилиб, тобора ҳолдан тойиб боришини; буни кўриб-билиб турган қишлоқдошлар шўрони қарғиш урганлигини овоз чиқариб айтолмаса ҳам ўзларича шундай хулоса қилишини-да ҳали билмасди!..

Йиллар шошқин дарёдай ўтиб кетди…

Тошқул шўронинг аянчли қисмати ниҳоя топгани ҳақида хабар тарқалгач, эрта тонгда унинг жанозасига саноқлигина одам тўпланди. Йиғилганлар майит сўнгги йўлга ҳозир бўлишини кутиб туришарди. Элдан ажралиб қолишни истамай, жанозага келган Элмурод бобо ёввойи ўт босган чоғроқ ҳовлининг бир четида қишлоқдошлар гапига қулоқ тутиб ўтирарди. Одамлар телевизорда айтилган янгиликни муҳокама қилар, кеча мустақил бўлган юртнинг келгуси тақдири ҳақида сўзлашарди. Бу гаплар орасида ўтган-қайтган воқеалар ёдга олиниб, гап даромади Тошқул шўрога бориб тақалди. Улар ўлган одам ҳақида ёмон сўз айтиб қўйишдан чўчишди чоғи, бирдан жим бўлиб қолишди. Элмурод бобонинг кўз олдига яна қорли довон келди. Кейин бу азобли хотирадан буткул қутулмоқчи бўлгандек дўпписини қўлга олиб тиззасига уриб қоқди. Шу пайт бош хотиралар дувиллаб тўкилгандай чор атрофини гард қоплади. Аммо зум ўтмай гард ҳавога сингиб, ғойиб бўлди. Элмурод бобо тағин Тошқул шўронинг сўнгги йиллардаги аянчли тақдирини эслади. Кейин: “Бобом Тошқулга ҳукм ўқиган экан”, деган хаёлга борди. Айни чоғда қулоғига Тангриқул бобонинг гапи эшитилди: “Тулки инига қараб улиса, қўтир бўлади!”

Тамом

Изоҳлар

1 “Ойчинор” достонидан
2 “Кунтуғмиш” достонидан
3 Шувоқ – ўсимлик. Бу иборада ҳар ким ўз ризқ-насибаси билан туғилади, деган маъно бор.
4 Трома – Куз (шевада)
5 Ер мойи – нефтъ. У вақтларда нефтъ ер юзига қайнаб чиқиб кўлмак ҳосил қилган.
6 Аркар – бош чўпон
7 Кўкси қора

sun-west-horse-1.jpgToshqul sho‘ro avval boboni, undan so‘ng O‘ktamni qo‘lga olib, bu oilaning erkaklarini tag-tubi bilan yo‘qotib, alaloqibat Oydindan qasd olish va… yuragining tub-tubida yashirinib yotgan hayvoniy hissiyotini qondirishni istardi…

Bobo RAVSHAN
SHOM VA TONG ORASIDA
Qissaning davomi
06

* * *

0-8a.jpgQobil aka tag‘in uy to‘rida chordona qurib o‘tirar, uning o‘ng tomoniga Shodiyor cho‘kkan, O‘ktam esa hamon sovuqdan qaltirab, burchakda ko‘rpa yopinib olgandi. Maryam momoning tobi qochgan, rangi oqarib yotardi. Uning ikki yonida Zarifa momo bilan kelini Oydin og‘ir-og‘ir nafas olayotgan kampirga diqqat bilan qarab turgandi. Elmurod esa onasining tizzasiga bosh qo‘yib, xonadagi umumiy sukutga jo‘r bo‘lmoqda edi. Bu sukutdan barcha birday toliqqan, boz ustiga tun yarimdan og‘ib, hammani uyqu elitmoqda edi. Bir zamon Maryam momo ko‘zini ochib, atrofga alanglab qaradi. So‘ng kelinini imlab qoshiga chaqirdi. Oydin o‘tirgan joyida engashib, momoga qulog‘ini tutdi va boshini ko‘tarib Qobil akaga qaradi-da:

– Aka, narigi xonaga joy tashlab beray, – dedi.

– Yo‘q! Hozir uyquning mavridimas, – dedi u.

Keyin nimadir yodiga tushib, tashqariga chiqib ketdi. Bir muddat o‘tib xonaga qaytib kelgan Qobil aka:

– Qor boshlabdi, – dedi xushxabar yetkazayotgan kishiday mamnun. – Bu yaxshi! Izlardi ko‘mib… Shodiyor, bir tashqarilab ke, – dedi tag‘in nimadandir shubhalanib. – Uydi aylanib tur, o‘zim chaqiraman.

Shodiyor ostonaga qarab yurish barobarida qo‘lini qulog‘iga karnay qilib, ko‘z-quloq bo‘lib turaymi, deganday bosh silkidi. Qobil aka uning farosatidan quvondi. Ha, deb bosh chayqab ko‘zlarini baravar yumdi. Shodiyor chiqib ketgach bir muddat o‘tib Qobil aka gapida davom etdi:

– Qor izdi jo‘g‘atadi… O‘ktam, kelin bilan ikkoving zarur narsalardi olinglar. Ketmasanglar bo‘maydi! Bugundan qolmaslik kerak. Tog‘amga o‘zim xabar qilaman, – dedi u Tangriqul boboni nazarda tutib. – U Boymoqli tomondan yurib Xo‘jamulkiga keladi, – Qobil aka bir zum tin olib, og‘ir xo‘rsindi. Keyin bu ishlarning barchasiga o‘zi aybdorday boshini xam qildi.

– Hech kim shu sovuqda daryodan o‘tib ketdi, deb o‘ylamaydi… kechuvgacha bildirmay yetib olsak bo‘ldi. Hozir daryo dog‘ tashlagan, eshakdan tushmay bemalol o‘tib ketsa bo‘ladi.

– Aka, enam shu ahvolda, – dedi O‘ktam Qobil akaning fikriga qo‘shilishni ham, qo‘shilmasligini ham bilmay.

– Chechamga bolalardi omonligi kerak, a? – dedi u Maryam momoga ma’noli qarab.

– Chin, chin. Menga baloyam urgani yo‘q. Qayerga bor, desang, qancha jur, desang ketaberaman. Shuginani joni omon bo‘sa bo‘ldi, – dedi nabirasining boshini silab.

Tong chog‘i Qobil aka bilan Shodiyor kechuvga boradigan yo‘lning ikki tarafini kuzatib bormoqdaydi. Ularning ortidan ko‘ch-ko‘ron ortilgan ulovlardan birida Maryam momo, ikkinchisida esa Oydin o‘g‘li bilan ergashgan edi. Eshaklar yukning og‘irligidan ovozsiz qadam tashlar, izma-iz ketayotgan O‘ktam ham oyog‘ini omonat bosardi. Nihoyat, ular daryoning keng, ammo sayoz oqadigan joyiga yetib kelishdi. Bu vaqtda qish kelmasdan burun yog‘a boshlagan qor butun dunyoni oppoq rangga bo‘yab ulgurgan edi. Faqat suv o‘z tusini yo‘qotmagan, uning yuzasidan chiqayotgan hovur va shaldiroq ovoz hayot haqida qo‘shiq kuylayotganday edi. Ular sohilga shu kuyni tinglash uchun yig‘ilganday bir muddat sukutga cho‘kdi. So‘ng navbatma-nav­bat bir-birlarini bag‘irlariga bosib xo‘shlasha boshlashdi. Qobil aka Oydinga ro‘para kelar ekan:

– Kelin, diydor qiyomatga qolmaydi! O‘zim sizlardi izlab topaman, – dedi va Elmurodga yuzlandi:

– Elmurodboy! Siz endi katta jigit bo‘lib qoldingiz. Polvon bolalar hech narsadan qo‘rqmaydi, – deb Qobil aka bir dam o‘yga toldi. So‘ng: – Bobotovdan qarasang ena daryo yaltirab ko‘rinadi. Huv, Boysuntovning anavi cho‘qqisini mo‘ljal olib daryoga qara. Uylaring shuning ro‘parasida! Esingdan chiqmaydiya?! – dedi.

Elmurod, yo‘q, deganday boshini sarak-sarak qildi. Qobil aka uni bag‘riga qattiq bosdi. Oydin esa jimgina olisdagi qishloqqa qaradi. Ko‘z oldida baxtli damlari keldi. U o‘g‘li tug‘ilganida Mengziyoning qanchalar quvonganini esladi. Keyin ko‘z oldida Toshqul paydo bo‘ldi. O‘sha kuni Mengziyoni olib ketayotganda va kecha uyiga kirib to‘s-to‘palon qilgan sho‘roning g‘azabnok basharasini eslab: “Yeryutgur Toshqul. Senga ham Xudoning aytgani bordir”, dedi.

Bu vaqtda O‘ktam chorig‘ini yechib, onasi o‘tirgan ulovning jilovidan yetaklab, suv kechgan edi. Ularning ortidan Oydin eshagiga xila berdi. O‘ktamning tizzasiga urib oqayotgan suv havodan iliq bo‘lgani uchun oyog‘iga sovuq bilinmas, lekin tizzadan balandi daryoning izg‘irin shamolida qaltirardi. Eshaklar ham tayrinib ketmaslik uchun avaylab qadam tashlar, suvga tekkan xurjun og‘irlashib, yurishi sustlashdi. Ular daryoning o‘rtasiga borganda O‘ktam bir qalqib, belga uradigan chuqurga tushib ketdi. Maryam momo ulovning yolidan mahkam tutib: “Bolam!” dedi. O‘ktam tezda o‘zini o‘nglab, chuqurdan chiqib oldi. Qirg‘oqda hamon ularni kuzatib turgan qondoshlari: “Voh!” deb yuborishdi. Hammasi joyida ekanini ko‘rishgach esa, daryoning yuqori qismidan yur, deb ishora qila boshladi. O‘ktam goh chap, goh o‘ng tomondan yo‘l axtarib, tekis joyni topdi. So‘ng jonivorlarning suvda uzoq vaqt turib qolishi yaxshilik emasligini bilib, yo‘l davomini tekshirmay ularni yetaklay ketdi. Narigi qirg‘oqqa yetib olishganida O‘ktam sovuqdan ko‘karib ketgan, suv tekkan libosi esa allaqachon muzlab qotib qolgan edi. Uzun quloq jonivorlar ham sovuqdan dirdirardi. O‘ktam jon boricha tezlashib, ust-boshini alishtirdi. Sovuqni yengish uchun tez-tez qadam tashlab, manzil tomon yo‘l boshladi. Ular qishloqdan olislab borgani sari yuragi orqaga tortar, yana bir bora o‘zlari tug‘ilib o‘sgan qishloqni ko‘rgisi kelardi. Ammo Maryam momo orqaga qaramaslikni bot-bot uqtirardi. Oydin ham, O‘ktam ham ortga ko‘z tashlasa, qandaydir musibat ro‘y berishi mumkin ekan, deb o‘yladi. Ammo momodan bu haqida so‘rashning mavridi emasdi.

* * *

Ularning eson-omon o‘tib olganini ko‘rgan Qobil aka bilan Shodiyor og‘ir xo‘rsindi. Keyin kelgan yo‘llari bu yoqda qolib, boshqa tomondan qishloqqa qarab yurdi. Shodiyor anchagacha hamrohining yonida so‘zsiz ketdi. Ammo uning ichi qizib bormoqdaydi. U zo‘r berib qondosh­larining keyingi taqdiri va hozirgi qilgan ishlari qanchalik to‘g‘ri bo‘ldi yo yo‘qligi haqida o‘ylanib borardi. Ammo Qobil akaning kayfiyatiga qarab og‘iz ocholmas, uning o‘zi bu haqda gap boshlashini intiq kutardi. Lekin Qobil aka hamon vazminlik ila qor kechib, yon atrofni kuzatib ketardi. Oxiri Shodiyor chiday olmadi va:

– Bu yil qor erta tushdimi? – deb o‘smoqchilab gap boshladi.

– Ha, qishdi qahri qattiq bo‘ladiganday, – dedi Qobil aka ma’noli qilib.

– Shu-shu… Bu sovuqda xolam… mazasi yo‘q edi, – dedi u Maryam momoni o‘ylab.

– Yaratgandi karami keng! Yaxshilarga yo‘liqsin, iloyim!

Qobil aka bu so‘zlar bilan, aslida, o‘ziga ham tasalli bermoqda edi. U ham qondoshlari haqida qayg‘urib, yuragi siqilib, ortiq bu haqida so‘zlagisi kelmadi. Tag‘in kechadan buyon rejalashtirgan ishlarini davom ettirish uchun Shodiyorga yuzlandi:

– Sen tez uylaringga bor-da, akangga ayt, Termizga – Tangriqul tog‘amdi izlab yo‘lga chiqsin. Bor gapdi tushuntirib aytsin. Biz borsak, ishimizdi misi chig‘adi. Seni Toshqul tergov qilsa, shu kechani o‘zida uyga qaytib keganman, hech narsa bilmayman, deb turaber. Meni so‘rasa, bilmayman, bir o‘zim qaytdim, degin.

– Unday desam, sizdi… – dedi Shodiyor chin dildan hamrohini o‘ylab.

O‘zicha reja pishitgan Qobil aka:

– Shunday deb aytaber, qoganini o‘zim boplayman, – dedi. Keyin bunday ishlarga Shodiyorning bardoshi yetishiga ishonmay:

– Tilingdan chayonga chaqtirsayam, o‘tirik gapdan qaytma, – dedi. Shodiyor rostdan ham kishi bilmas azobga duchor bo‘ladiganday ranggi quv uchdi. Ammo qo‘rquvni bildirmaslik uchun hiringlab kuldi va:

– Tilimdi kesib tashlasayam aldayberaman, – dedi.

Ular kelgusi rejalarini kelishib olgach, ikki tomonga qarab ketdi. Shodiyor betartib o‘sgan pattazor yoqalab uylari tomon, Qobil aka esa boshqalarda daryoga ters tomondan kelayotganday taassurot qoldirish uchun qishloq tepasiga qarab yo‘l tortdi. Qobil aka ovul uylarni aylanib, tepaliklar tomondan uyiga qarab kelar ekan, o‘zidan sal narida kecha O‘ktamni chaqirib kelgan Shoberdini ko‘rdi. U behuda yurmaganini, bil’aks Toshqul sho‘roning topshirig‘i bilan poyloqchilik qilishga chiqqanini angladi. Qobil aka Shoberdiga qorasini ko‘rsatmay shu yerdan burilib, uyiga narigi tomondan ketmoqchi bo‘ldiyu ulgurmadi. Qobil aka noiloj yo‘lida davom etib Shoberdining yoniga bordi.

– Tong saharlab buyoqlarda adashib yuribsan? – dedi Qobil aka uning ko‘ziga tik qarab.

– Qor bemavrid tushdi, qushlar ko‘payib qolgan bo‘lsa kerak, deb ovga chiqibedim, – dedi u qo‘lidagi palaxmonni ko‘rsatib.

– Menam ov dardida huv qirgacha borib keldim, – dedi Qobil aka. – Bittayam qush yo‘q. Bunday paytda kaklik, chil degani serob bo‘lardi.

– Chin aytasiz. Hech balo yo‘q.

Qobil aka yo‘lida davom etib uyi tomon ketdi. Shoberdi esa sir bergisi kelmay qishloqdan olisladi. U Qobil akani Boysun yo‘lida ko‘rganini aytib sho‘rodan suyunchi olish uchun shoshilardi. Ayni damda Toshqul sho‘ro Tang­riqul boboni va kecha qochib ketgan O‘ktamni ushlash uchun Sho‘rchiga boradigan yo‘lga poyloqchi qo‘ygan edi. O‘zi esa kechagi askarlardan ikkovini ergashtirib, Sho‘rchiga – Tangriqul boboni qo‘lga olish uchun ketib borardi.

* * *

– Haliyam bo‘lsa kechmas, Tangriqul bobo bolalari bilan qayerga ketganini aytsangiz, o‘zingizga oson bo‘ladi, – dedi Toshqul sho‘ro qo‘li bog‘liq turgan Qobil akaga tik qarab.

– O‘zbekchalab aytdim, Toshqulboy, bilmayman. Tog‘a meniki, lokin ixtiyori o‘zida. Qayerga ketganini nima bilaman.

Toshqul sho‘ro alam bilan tufladi. G‘azabnok nigoh ila Qobil akaga tik boqdi. Qobil aka ham kiprik qoqmay sho‘roga qarab turaverdi. Toshqul o‘zini qo‘yarga joy topolmas, Tangriqul boboni qo‘ldan chiqarib, shu bilan birga Oydinning ham izsiz yo‘qolgani unga alam qilayotgandi. Nima bo‘lgan taqdirda ham sho‘ro Oydinni yo‘qotib qo‘yaman deb o‘ylamagan edi. Bu uning barcha rejasini chippakka chiqargandi. Xolbuki, Toshqul sho‘ro avval boboni, undan so‘ng O‘ktamni qo‘lga olib, bu oilaning erkaklarini tag-tubi bilan yo‘qotib, alaloqibat Oydindan qasd olish va… yuragining tub-tubida yashirinib yotgan hayvoniy hissiyotini qondirishni istardi. Sho‘ro agar Oydin o‘g‘li va qaynonasi bilan yolg‘iz qolsa, istalgan payt uyiga kirib, u bilan o‘ynashib yuraman, deb o‘ylardi. Endi Oydin izsiz g‘oyib bo‘lgani uchun sho‘roning ko‘ksiga in qurgan shaytoniy hirs uni tobora vahshiy qilib yuborayotgan edi. Sho‘ro qonga tashna yirtqichday Qobil akaga qaradi va:

– Oxirgi marta so‘rayappan, ular qayerga ketdi? – dedi og‘zidan tufuk otilib. Qobil akaning ham joni halqumiga keldi. Bir tomondan taqdiri hal bo‘lganiga aqli yetib, endi rost so‘zlasa ham omon qolmasligini tushungan edi. Qobil aka Shodiyorga buyog‘ini o‘zim boplayman, deganida ish bunchalik chigal bo‘lib ketishini bilmagandi. U o‘shanda Toshqul sho‘roga, biz bilmaymiz, shu kecha uyga qaytgandik, degan gap kifoya qiladi, u ming yomon bo‘lgani bilan odam bolasi-ku, deb o‘ylagandi. Hozir sho‘roning g‘azabiga uchrab, nafsning nuqsi urgan ko‘ziga tik boqar ekan, qattiq adashganini his etdi. Qobil aka Mengziyoning izidan qamoqqa ketishiga shubhasi qolmadi. Taqdirga tan berdi. Ayni chog‘da bundan xo‘rligi keldi. Dunyo faqat va faqat razolatdan iboratdek ko‘rindi. Mana shu voqealar boshlanganidan buyon sho‘roni sizlab, unga mulozamat qilib yurgani alam qildi. Haq bo‘la turib Toshqulning gaplarini ma’qullab, uning qarshisida qo‘l qovushtirib turish Qobil aka uchun o‘lim bilan barobar edi. Oxiri bunga ortiq bardoshi yetmay, bor alam va g‘azabini jamlab, sho‘roning yuziga tufurib yubordi.

* * *

Mengziyoning surgun bo‘lgani haqida bilib qishloqqa qaytayotgan Tangriqul boboga oilasining ahvoli haqida xabar kelgach titrab ketdi. U ancha vaqtgacha o‘zini yo‘qotib qo‘ydi. Xabar bermish mo‘ysafidning ahvoliga qarab ancha joygacha hamroh bo‘lib keldi. So‘ng ular daryoning ikki sohili bo‘ylab yo‘llarida davom etishdi.

Tangriqul bobo otni o‘z ixtiyoriga qo‘yib xayoloti bo‘lib qolganday ketib borarkan, ko‘z o‘ngida Mengziyo zanjirband holida do‘mbira chalib, Toshqulga tik qarab qo‘shiq aytayotgani gavdalandi:

“Sirting odam bolasi
Iching – jayra yo ilon,
Sensan odam olasi
Nima tirik sen bilan.
Keng dunyoni sen betak,
Yaxshilarga tor qilding,
Odamzot bolasini,
Ne sababdan xor qilding?!
O‘ylab tursam sotibsan
Ham elingni, yurtingni,
Po‘lat bilan tildirsa,
Kamlik qilar urtingni…” 1

Tangriqul bobo shu kabi xayol bilan Xo‘jamulkiga yetib kelganida qor allaqachon erib bitgandi. Bu orada osmonni qora bulut qoplab, yomg‘ir yog‘ib o‘tdi. Endi havo ancha yumshab qolgan bo‘lsa-da, kechqurun va ertalab qish nafasi sezilib turardi. Havoning bunday tez o‘zgarishidan qordan omon chiqqan va uncha-muncha sovuq ta’sir qilmaydigan gulu giyohlarning ham tusi o‘zgargan edi. Tabiatning bu taxlit turlanishi Tangriqul boboning vujudida ham ro‘y bergan, yo‘l davomida ancha toliqib, yuzi sovuq urgan yashillik yanglig‘ so‘lg‘in tortgandi. Ayniqsa, Shodiyorning katta akasi uyidan xabar yetkazib, qo‘shni qishloqqa borishni aytganidan so‘ng ahvoli yanada ayanchli tus oldi. U aytilgan manzilga yaqinlashgani sari ko‘ngli qishlog‘ini qo‘msay boshladi. Shu bois ham daryodan bir-ikki chaqirim naridagi qishloqqa qarab emas, sohil tomon yo‘l oldi.

U daryoning bu sohili bo‘ylab qishloq ro‘parasiga kelar ekan, uyi tomonga uzoq termilib qoldi. Tangriqul bobo qanchalik istamasin, tug‘ilib o‘sgan qadrdon go‘shasiga qayta borolmasligi va, ayniqsa, ota-onasi qabrini yana bir bor ziyorat qilish imkoni yo‘qligi unga shu qadar og‘ir iztirob berardiki, bundan mo‘ysafidning eng so‘nggi umidi ham so‘nib borardi. Tangriqul bobo qishlog‘iga qarab turarkan, uyiga bir qadam bo‘lsa ham yaqin bo‘lishni istab, daryo labi tomon ot jilovini burdi va sohildagi keksa tol daraxti yoniga borib to‘xtadi. Tolning tarvaqaylab o‘sgan shoxlari osmonga qo‘l yoyib turar, ammo quchoqqa sig‘mas tanasiga qurt tushib yemirilgan va daryoga tomon engashib o‘sganidan hozir yiqilib ketadiganday taassurot uyg‘otardi. Uning yonida ot ustida egarga suyanib o‘tirgan Tangriqul boboning hozirgi ahvoli keksa tolga nihoyatda uyg‘unligidan ikkalasini bir-biridan ayri tasavvur etib bo‘lmasdi. Uzoq vaqt bir joyda turib qolganidan toliqqan jiyron qattiq pishqirib yer depsindi. Bu tovushdan tolga qo‘ngan ilgir qush cho‘chib qanotlarini keng yoyib, havoga ko‘tarildi. Ro‘parada uchib kelayotgan chumchuqlar galasi uni ko‘rishi bilan to‘zg‘ib ketdi. Ammo ilgir ularga parvo ham qilmay, ohista qanot qoqib, boshqa daraxtga borib qo‘ndi. Xayoli chalg‘igan Tangriqul bobo sergak tortib, otga dam berish uchun egardan tushdi. Lekin oyog‘i uvishib qolganidan tushgan joyida turib qoldi. Mo‘ysafid qamchining sopi bilan etik qo‘njiga urdi. Shu payt tinimsiz u yoqdan bu-yoqqa urilayotgan kichik zarrachalar butun tanasi bo‘ylab tarqaldi va bunga bardoshi yetmay o‘tirib qoldi.

Tangriqul bobo qishloqqa qarab o‘y surib chakmonining ichki cho‘ntagidan xaltachaga tugilgan bir siqim tuproqni qo‘lga oldi. Mo‘ysafid tuproqni mahkam siqarkan, ko‘zidan yosh sizdi va pichirlab: “Bu dunyoda tirik ayrilgan yomon-a”2, dedi.

Kech tushib, qishloq odamlarining oyog‘i tiyilmaguncha yaqin atrofda tentirab yurgan Tangriqul bobo tun qorong‘isida Xo‘jamulkining narigi burchida yashaydigan Omon polvonning uyiga bordi. Polvon katta xonani Tang­riqul boboning oilasiga bo‘shatib bergandi. Ularning bu yerdaligini uy egalaridan boshqa birov bilmasdi. Mehmonlar uzoq vaqt xonaga qamalib, ovozsiz o‘tirishdan joni halqumiga kelgan, ayniqsa, Elmurodning bardoshi butkul tugab bitgan va tez-tez xarxasha qilayotgan edi. Momosi bilan onasi uni imkoni boricha bosiqlik ila yupatishga urinar va Tangriqul boboning tezroq yetib kelishini intiq kutardi. Go‘yo oila boshi kelsa, barcha dard-sitamlar tugaydiganday edi. Ammo mo‘ysafid Mengziyoning surgun qilingani haqida shumxabar olib keldi. Ularning dunyosi yanada qorong‘ilashib ketdi. Maryam momo ham, kelini Oydin ham baralla yig‘lab yubordi. O‘ktam esa ko‘z yoshini yashirib, burchakda bosh egib o‘tirardi. Elmurod allaqanday musibat ro‘y berganini fahmlasa-da, hali uning go‘dak qalbi bu kunlarning dahshatini butkul anglab yetmagandi.

– Bo‘ldi-da endi. Bir-eki yil o‘tmay qogan joyi yo‘q! Ha, deb ko‘z yosh qilmay, eson-omon kesin, deb duo qilinglar, – dedi Tangriqul bobo.

Uning so‘zlaridan so‘ng kelin-qaynona ko‘z yoshlarini artdi. Maryam momo endi Tangriqul boboning holidan qayg‘urib:

– Jurt kezib kelishdi o‘zi bo‘lama?! Bir moydongina dam oling, – dedi.

– Ay, – deya qo‘l siltadi Tangriqul bobo. – O‘zimizga qora joy topayik, so‘ng qogani bir gap bo‘lar.

– Biz-ku qayerda bo‘lsak ko‘nib ketaberamiz, bu go‘daklar nima qiladi, bobosi?! Kunning shu sovug‘ida uy tiklashdi o‘zi bo‘ladima?

– Qiziq gaplardi gapirasan, kampir. Xudoyim bir uloqdi, to‘rt shuvoq3di yaratgan. Bu yerda qolsak, polvonga aziyat berib qo‘yamiz. Ertaroq yo‘lga chiqqanimiz ma’qul.

– O‘ktamjon, – dedi Maryam momo o‘g‘liga yuzlanib, – polvon akangga ayt, biz qaytamiz.

O‘ktam Omon polvonni chaqirib kelish uchun tashqariga chiqdi.

– Kelin, siz tugunlardi tayyorlang, – dedi Tangriqul bobo Oydinga yuzlanib.

– Hamma narsa-ku tayyor turibdi, – deb gap boshladi Maryam momo. – Polvondan qora uyini so‘rasak bermasmikin?! Borib bizdi o‘tovdi olib kelaberardi. Joyiga-joy desak-da!

– Bo‘maydi, – dedi Tangriqul bobo. – Uni olib ketishdi o‘yla.

– Esa, sovuqda qayerda jon saqlaymiz, bobosi?!

– Bobotovga yetsak, g‘orda bo‘lsayam yashayberamiz.

Shu payt eshik ochilib, avval O‘ktam, so‘ng Omon polvon kirib keldi. Polvon baland bo‘yli, bug‘doyrang va jiddiy boquvchi nigohi odamni sergak torttiradigan kishi edi. U mo‘ysafidga:

– Nimaga darrov qaytaman, deb qoldingiz?! Yo bizdan biror kamchillik o‘tdima? – dedi.

– Sira unday demang, polvon!

– Unday bo‘lsa, bemahalda qayerga borasiz?

– Endi, polvon, sizgayam, bizgayam shunisi ma’qul. Tulki qirq hunarim bor, yaxshisi, ko‘rinmaslik, degan ekan. Siz bergan non-tuzingizga rozi bo‘ling! Nasib qilsa, yaxshi kunlarda xizmat qilayik.

– Ajab gaplaringiz bor-da! Sho‘nday paytda kuningizga yaramasak, qachon poydamiz teyadi. Rozi bo‘ling, deb uyaltirmang-ey! Otam rahmatli bo‘lganlarida shu gapingiz uchun xapa bo‘lardi.

– Ha, jo‘ramiz ko‘p yaxshi odam edi. Umri qisqa ekan-da, – deb do‘sti – Omon polvonning otasini xotirladi Tangriqul bobo. – Oriyatli, izzat-nafsni biladigan shermard edi rahmatli.

– Chin aytasiz, – dedi polvon otasini ko‘z oldiga keltirib. – Otamga o‘xshashga bizdi kuchimiz jetmadi… Ha-yey, bosh omon bo‘lsa, do‘ppi topilar, deb bekor aytishmagan. O‘ktamboy ham boshqalarga esh bo‘lib, qo‘ltig‘ingizdan kirib qanotingizdi ko‘tarib tursa, bu kunlaram o‘tadi, – deb gap ravishini o‘zgartirib yubordi u.

– Bori umidim shulardan. Bo‘masa, jonim shirinlik qib eldan bosh olib ketayotganim yo‘q. Bolalardi ertasini o‘ylab, – dedi mo‘ysafid. So‘ng mezbondan izn so‘radi. – Bizga duo bering, polvon!

– Duo sizdan.

Tangriqul bobo qo‘lini keng yoyib duo o‘qidi. So‘ng barchasi baravar o‘rnidan turib, tashqariladi. Omon polvon butun oilasi bilan ularni kuzatib qo‘ydi. Tangriqul bobo oilasi bilan tun yarmidan o‘tganida Bobotog‘ni mo‘ljal olib jo‘nadi. Mo‘ysafid ot bilan oldinda borar, uning izidan Maryam momo bilan kelini o‘zlarining uzunquloq jonivorida, O‘ktam va Elmurod esa Omon polvon in’om etgan hangida hammadan orqada borardi. Zimiston kechada notanish yo‘ldan yurish qiyinligi bois jonivorlar imillar va kattaroq kesak yoki toshdan hurkib, arzimas chuqurdan ham sakramasdan aylanib o‘tardi. Bu yurishdan, ayniqsa, Elmurodning sillasi qurib uyqusizlik quvvatini so‘rib olgandi. Uni endi uyqu eltganida eshakning qaltis harakatidan uyg‘onib g‘ingshir, shamol urayotgan yuzini akasining ko‘ksiga bosib yana uxlashga urinardi. Har bir tepalik avval kunlarga, so‘ng yillarga ulanib borayotganday, vaqt imillab o‘tardi. Ular shu tariqa tong yorishmaguncha qirma-qir, soyma-soy o‘tib bordi. Nihoyat, Tangriqul bobo ot jilovini tortdi. Ular jar ichidan – shamolpanadan joy hozirlashdi. O‘ktam otasi bilan yuklarni tushirib, o‘tin qarab ketdi. Maryam momo esa kelini bilan ko‘rpa-to‘shak yoydi. Ko‘p o‘tmay ota-bola qurib qolgan yontoq sudrab keldi. O‘ktam:

– Bu yerda o‘tin yo‘g‘akan, – dedi.

– Cho‘l bo‘gandan so‘ng shu-da, – dedi onasi qumg‘onga suv quyar ekan.

– Suvdi tejash kerak. Yo‘l uzoq. Cho‘lda buloq bo‘maydi. O‘ktam, o‘tni o‘zing yoq, chechang qiynalib ketdi, – dedi Tangriqul bobo.

O‘ktam olov yoqdi. Oydin yemak uchun narsalarni hozirlab, dasturxon yozdi. Elmurod olov taftida lanj bo‘lib qo‘lida bir tuyur non bilan uxlab qoldi. Boshqalar deyarli gap-so‘zsiz tamaddi qilishardi. Bir zamon:

– Shu joylardayam odam yashaydima? – dedi Maryam momo huvillab yotgan yaydoq cho‘lga ishora qilib.

– Bobotovdi etagida odam bor. Buloqdi girdida. Undan bermog‘on bahorgi jurt, – dedi mo‘ysafid.

– Tovgacha boramizma? – dedi O‘ktam olisda cho‘qqisi yaltirab turgan Bobotoqqa qarab.

– Nari borsa, eki kunlik yo‘l, – dedi Tang­riqul bobo yo‘lni nazarga ilmaganday xotirjamlik bilan.

– U yaqda sho‘ro yo‘qma? – deb so‘radi Maryam momo soddalik bilan.

– Ay, sho‘roni bormagan joyi borma? Lokin bizdi birov tanimasa bo‘ldi. Tinch yashayberamiz, – deb Tangriqul bobo Termizga borayotganda uyidan joy bergan To‘ra akani esladi. Shundagina u bilan taqdirlari bir-biriga o‘xshash ekanini payqadi va:

– Xo‘roz bari joyda birday qichqiradi, – dedi.

Bu gapdan so‘ng ular borayotgan manzilning siri yo‘qolib, Bobotog‘ ham mung‘ayib turganday ko‘rina boshladi.

Shu payt Tangriqul bobo jar tepasidan enib kelayotgan tulkiga ko‘zi tushdi. Boshqalar ham o‘girilib unga termildi. Tulki ularni endi ko‘rdi, shekilli, joyida toshday qotdi. So‘ng xavfni tekshirish uchun oldinga ikki qadam tashladi. Shu payt O‘ktam aksa urib yubordi. Tulki qo‘rqqanidan ortiga qaytib yugurdi. Ammo sal nariga borib to‘xtadi. Bir muddat o‘tib o‘sha yerda cho‘nqayib o‘tirdi-da, odamlarni kuzata boshladi. Tulki qo‘rqib uzoqqa ketmagani uchun Tangriqul bobo nimanidir sezib atrofga alangladi. Keyin o‘tirgan joyidan o‘n qadamcha naridagi chuqurdan tulki bolasi tumshuq chiqarib turganini ko‘rdi.

– Ey, bolasi borakan-da! Biz tinchini buzib qo‘yippiz. Aytdim, bu nimaga qo‘rqmay turibdi, deb. Uyini, bolasini qo‘rigan jonzot qo‘rquvdi esdan chig‘aradi-da!.. Ha, esa omin, – deb qo‘lini duoga ochdi mo‘ysafid. – Gertak dam oldik. Endi yo‘lga tushsagam bo‘laberadi. Elmurodni uyg‘otinglar. Elmurod, otajon! Qarang, tulki keldi…

Elmurod istamaygina uyquli ko‘zini ochdi. Ammo oromi buzilganidan g‘ingshib, xarxasha qila boshladi. Bobosi uni zo‘rg‘a yupatib, otga mingashtirib oldi. Ular tag‘in ulovning tebranishiga mos holda chayqalib, adoqsiz cho‘l bag‘rida chumoliday o‘rmalab borardi. Ular shu ketgancha tushgacha tinim bilmadi. Tushdan so‘ng qulay joy topib kechga dovur dam olishdi va yana tuni bilan yo‘l yurilgach, ertasi kuni peshinga yaqin tog‘ etagidagi qishloq tepasidan chiqishdi. Bungacha ular bo‘laricha bo‘lgandi. Jonivorlar esa yo‘lda duch kelgan ko‘lmak suvdan qoniqib ichib-ichmay sillasi qurib, oyoqda zo‘rg‘a turardi. Shu bois o‘n-o‘n besh chog‘li uydan iborat qishloqni ko‘rishganida sevinib ketishdi.

Qishloq etakdagi tekislikda quyuq joylashgandi. Chor tarafi tekis toshloq bo‘lgani bois uylar supada o‘tirgan chollarday taassurot uyg‘otardi. Tog‘ bag‘rida daraxtlar ko‘kka bo‘y cho‘zgan, aftidan, u yerda buloq bo‘lib suv qishloqqacha yetib kelmagandi. Tangriqul bobo oilasi bilan turgan tepalikdan esa yolg‘izoyoq yo‘l ilon izi hosil qilib o‘rtadagi soydan o‘tib, so‘ng qishloqqa chiqib borardi. Ularga ayni damda mana shu masofa ham juda olis bo‘lib ko‘rinmoq edi.

Ular soydan o‘tib, qishloqqa yaqinlashgach, bo‘ribosar ko‘ppaklar yo‘l to‘sdi. Itlar juda yaqin kelmagan bo‘lsa-da, ular o‘sha joyda to‘xtab qoldi. Bundan xabar topgan qishloq ahli mehmonlarga peshvoz chiqdi. Kelayotgan kishi tez yurib tayoq bilan itlarni quvib soldi. Tangriqul bobo mezbonning yetib kelishini kutib turish odobsizlik bo‘lmasin, deb otdan tushdi. Mo‘ysafid jiyronning jilovidan tutib odimladi. O‘ktam ham otasining izidan yurdi. Ularning orasida besh-olti qadam qolganda Tang­riqul bobo mezbonga salom berdi. Ular ko‘rishib, hol-ahvol so‘rashishdi va boyagi kishi mo‘ysafidni uyga taklif etib, yo‘l boshladi.

Qishloq ahlini Tangriqul bobo va uning oilasi qiziqtirib qo‘ygan edi. Zero, ularning yuzi ter va changdan sho‘rlab, uyqusiz ko‘zlari qizarib kirtaygan, ust-boshi ham yorilgan lablari yanglig‘ bir ahvolda edi. Boz ustiga yuz-ko‘zlarida so‘ngsiz iztirob zuhur bo‘lib kishida allaqanday achinish hissini uyg‘otar edi. Yo‘l azobi Tangriqul bobo va oilasini holdan toydirgandi.

Tog‘lik aholi ularning boshiga og‘ir musibat tushganini payqab turar va buning qandayin ko‘ngilsizlik ekanini bilishga oshiqardi. Illo, ularning ayrimlari umri bino bo‘lib shu tog‘-toshlardan nari chiqmagan, unda-bunda o‘tib qaytadigan yo‘lovchilarni hisobga olmaganda begona odamga duch kelishmagandi. Bozor uchun shaharga boradiganlar ham oyda bir uydan chiqardi. Shu bois yangilikka o‘ch qishloqdoshlar mehmondan ko‘z uzmasdi. Ularga tomoshagoh bo‘lib qolganidan o‘zini noqulay sezgan Tangriqul bobo toqatsizlanib kelini va Maryam momoni begona nigohlardan gavdasi bilan to‘sishga urinardi. Nihoyat, qishloq kayvonisi kelib, ayollarni nari olib ketdi. O‘zini biroz erkin his etgan mo‘ysafid mezbon bola olib kelgan choygumdagi iliq suvga yuz-qo‘lini chaydi. So‘ng ro‘paradagi xonadon ostonasidan hatladi. Uy to‘rida o‘zi tengi chol o‘tirardi. Uning moshguruch soqoli chiroyli kuzalgan, chehrasidan hamon yosh yigitlarday g‘ayratli bo‘lib ko‘rinardi. Chol – Toshboy bobo epchillik bilan o‘rnidan turib salom berib, Tangriqul boboga uy to‘ridan joy ko‘rsatdi. Ular baravariga chordona qurib o‘tirar ekan eshikdan O‘ktam ko‘rindi. Toshboy bobo o‘rnidan jilmay u bilan salomlashdi. Boya kutib olishga chiqqan mezbon O‘ktam bilan yonma-yon joylashdi. Mehmon va mezbonlar bir-birlari bilan so‘rashisharkan, eshik qiya ochilib, Elmurod ichkariga bosh suqib qaradi. Tangriqul bobo uni ko‘rishi bilan:

– Bor, Elmurodjon, momongga bor, – dedi.

Uning gapi tugamasdan Elmurodning ortidan boya qo‘lga suv quygan mezbon bola ko‘rinib:

– U yaqda jilayapti. Siz bilan o‘tirarkan, – dedi.

Bu gapdan so‘ng Toshboy bobo Elmurodga qarab:

– Ke! Kel-ey bu yaqqa. O‘t bobongdi oldiga. Ha, yasha! Polvon jigit ekan-da bu, – dedi.

Elmurod begona odamlardan uyalib, qimtinib, bobosining oldiga keldi. U Tangriqul boboning tizzasiga bosh qo‘ydi. Mezbonlar oldida o‘zini noqulay sezgan mo‘ysafid nabirasiga:

– Turib o‘tir, ulim. Uyat bo‘ladi, – dedi.

Bunga javoban Toshboy bobo:

– Qo‘ying, yosh bola yo‘lda charchagan… Yot, yotib damingdi ol. Eh-he, senga bir suruv oshna bor. Bir uxlab tur, keyin shular bilan o‘ynaysan, – dedi.

Elmurod g‘ujanak bo‘lib yotib oldi. Tangriqul bobo u kelishidan oldin chala qolgan gapini davom ettirdi:

– Bu kenja ulim O‘ktam. Bunisi nebara, – dedi Tangriqul bobo Elmurodni ko‘rsatib. – Katta ulimdi bolasi. O‘zi birovgina…

Tangriqul bobo shu tarzda butun oilasini tanishtirib chiqar ekan, qayerdan kelayotganiyu ne maqsadda tentirab yurganigacha ro‘y-rost aytib berdi. Toshboy bobo va o‘g‘illari bularni o‘tkinchi yo‘lovchi deb o‘ylagandi. Endi ularga muqim joy kerakligini bilgach, noqulay ahvolda qoldi. Chol buni sezdirib qo‘ymaslikka urinib, o‘zini va o‘g‘illarini tanishtira ketdi.

– Bu Panji, – dedi boya itlarni quvib solgan kishini ko‘rsatib. – Kenja ulim. Oldingizda o‘tirgan akasi Chori. Boshqalari haydovga ketgan. Ho‘kumatdi bir suruv qo‘y-echkisi, besh-olti qora moli bor. Shulardi aylantirib keladi…

Toshboy boboning aytar gapi tugab qolganidan so‘ng bir muddat o‘ylanib turdi-da:

– Sizlarga qora uy tikib bersak bo‘ladi, – dedi. – Lokin sovuqlik qiladi… Chori, uying loysuvoq bo‘ganma? – deya o‘g‘liga murojaat etdi chol nimadir yodiga tushib.

– Ha, suvaganmiz. Eshik-derazasi yo‘q, – dedi Chori.

– Unga kigiz tutib qo‘ysa bo‘ladi, – dedi Toshboy bobo va gapida davom etdi. – O‘zi sho‘nisi ma’qul, – u endi Tangriqul boboga yuzlanib so‘zlardi. – Qora uy torlik qiladi. Uyimizdan joy bersak, erkin yasholmaysiz. O‘zingizga bir uy bo‘sa, bemalol oyoqdi uzatib o‘tirasiz-da, to‘g‘rima? Ha, yashang! Choriga uy qurgandik. Troma4 erta kelib, tashvish ko‘payib, ko‘chib o‘tolmadi… Xo‘sh, gap bunday. O‘ktamboy bilan bular borib uydi ko‘rib, kamini to‘g‘irlasin. Bugundan qoldirmay. Ertaga ishonch borma?! Qor tushama, boshqa bo‘lama, bilmaymiz! Supur-sidiriga kelinlar borib qarashadi. Ha, jigitlarga omin, – deya Toshboy bobo qo‘lini duoga ochdi.

Mezbonlarga qo‘shilib O‘ktam ham tashqariga chiqdi. Tangriqul bobo esa tizzasiga bosh qo‘yib uxlab qolgan Elmurodni yerga yotqizib, choponi bilan ustini yopdi.

O‘ktam mezbonlarga ergashib borar ekan, Bobotoqqa sinchkov nazar tashladi. Yaqiniga kelib qaralganda yanada haybatli ko‘rinadigan toqqa mahliyo bo‘lib hamrohlarning gapini eshitib-eshitmay kelayotgan O‘ktam Bobotoqqa bir paytlar derazadan qarab o‘tirganini esladi. Uning hozir turgan yeri – cho‘qqi etagidan daryo sohilidagi uyi va hatto uning derazasi ko‘rinadiganday ortiga o‘girilib qaradi. Ammo havoning tundligidan uzoqni ko‘rib bo‘lmasdi. U bahor kelib, osmon tiniqlashsa, bu yerdan uyimizni bemalol tomosha qilsa bo‘ladi, deb o‘yladi va bu xayol unga oz bo‘lsa-da taskin berdi.

Ular shu kuni kechgacha yangi qurilgan uyning atrofida kuymalanib, ikki xonali toshdevor boshpanani odam kirsa bo‘ladigan holga keltirishdi. Deraza va eshikka gulsiz qora kigiz tutib, ayniqsa, darichani ochib bo‘lmaydigan qilib mahkamlashdi. Uzun xonaning o‘rtasida sandal qilindi. Shundan so‘ng Panjining ayoli bilan Oydin kelib, xonaga ko‘rpa-to‘shak tashladi. Aka-uka mezbonlar o‘choq uchun qiy, chalma, sandalga olov qalashga archa o‘tinidan olib kelib, yondagi kichik xonaga joyladi. Yana o‘tinxonaga qarab ketgan Chori chelak ko‘tarib kelib:

– O‘ktamboy, bunda yer moyi5 bor, tutantiriqqa yaxshi. Agar yana zurur bo‘lsa, tumanda qora ko‘ldan olib kelaberasiz, – dedi.

Bu vaqtda bir tarafdan Maryam momo, narigi tomondan esa Tangriqul va Toshboy bobolar uyni ko‘rish uchun keldi. Ularning barchasi jam bo‘lib ichkariga kirdi. Oydin va tog‘lik kelin esa tashqaridagi o‘choqqa o‘tin qalab olov yoqdi. So‘ng lovullab turgan cho‘g‘ni yangi qazilgan sandalga soldi.

Toshboy bobo Tangriqul boboga yuzlanib:

– Qani torting! Jurt qulli bo‘lsin! – dedi. Tangriqul bobo rahmat aytib, yo‘l boshladi. Ular devorning nami ketmagan va odam tafti urmagan zax xonaga kirib, sandal atrofida chordona qurdi. Maryam momo esa xurjundagi narsalarni titkilab, qorachiroqni topib yoqdi. Shundan so‘ng eshik-derazasiga kigiz tutilgan qorong‘i xona biroz yorishdi.

Endi ular qadim qadrdonday suhbatlashib o‘tirishardi. Bir mahal Toshboy bobo o‘zining ikki o‘g‘li, kelini va Tangriqul boboning oila azolari jam bo‘lib o‘tirganidan foydalanib, ko‘nglidagi gapni to‘kib soldi.

– Endi, oshna, shu jurt sizga. Saraton kelib, havo toq bo‘sa, o‘zingizga uy tiklaysizma yo Choriboyga boshqadan qurib beramizma, kelishib ketaberamiz. Hali ungacha ko‘p gap bor. Lokin uyga begonasiramay, bovurdi bosib yashaybering. Xo‘-o‘sh, endi O‘ktamboyam, kelinam yosh. Uyda qamalib o‘tirib nima qiladi? To‘g‘rimi?! – uning gapidan Tangriqul bobo muddaosini bildi va diqqat bilan quloq tutdi. – Gapdi qisqa qisak, O‘ktamboy Panji oshnasi bilan kelishib mol haydovga borsa. Kelingayam ish ko‘p. Ana, sigir sog‘adi. Juda bekor bo‘lib qolsa, qo‘zilardi bog‘ishadi. Ishqilib qorong‘i xonada qamalib o‘tirishdan yaxshi-da!

– Bo‘masam-chi, – deya uning gapini ma’qulladi Tangriqul bobo. – Odam yashash uchun harakat qilish kerak.

– Ha, yashang! Siz zeriksangiz, – endi bevosita Tangriqul boboga xitob qildi chol, – yonimga gurungga borasiz. Ekovlashib zerikib qolsak, bolalardi ishidan xabar olamiz. Uni unday-buni bunday qi, deb turamiz-da. Xo‘p, qo‘lida ko‘p hunari bor odamga o‘xshaysiz. Bilmaganimizdi bizgayam o‘rgatasiz. Bolasi tushmagurlar o‘zimizga o‘xshab qo‘pol, desangiz. Tunov kuni Choriboydi katta akasi bir echkini urib o‘ldirib qo‘yibdi, – cho‘pon o‘z molini urib o‘ldirishiga yosh bola ham ishonmasa-da, Toshboy bobo nihoyatda nazokat va topqirlik ila Tangriqul boboga vazifa yuklamoqda edi. – Shularga urmay, so‘kmay suruvdi yo‘lga solishni o‘rgatib bersangiz, binoyi bo‘ladi… Ha, kelishib olgan bo‘sak, bizga ruxsat. Sizlar bemalol dam olingizlar. O‘ktamboy ertalab Panji bilan podaning izidan ketsa, charchab qolmasin. Qani, omin!

Toshboy bobo o‘g‘illari va kelini bilan chiqib ketdi. Tangriqul bobo oilasi ila yolg‘iz qoldi. Ular hujrani uyimiz deb bilishsa ham o‘zlarini cho‘lda duch kelgan joyda dam olayotganday his etardi. Bu xonaga yillar davomida uyida to‘shalib turgan ko‘rpa-to‘shak tashlangani bilan toshdevor ham, shiftda osilib turgan archa novdasi ham va hatto jonga ora kiryotgan sandal ham mutloq begona edi. Ular Xo‘jamulkida – Omon polvonning xonadonida yoki kimsasiz cho‘lda tin olgan paytda ham o‘zlarini bu qadar yolg‘iz his etishmagandi. Boz ustiga derazadan bir tola ham nur tushmasligi va moychiroqning ojiz yog‘dusi ularning ko‘ngliga tun zulmatidan-da dahshatli qo‘rquv solardi. Bu og‘ir sukutu zulmatni ilk bora Elmurodning titroq ovoz bilan bergan savoli yorib o‘tdi.

– Bobo, uyga qachon ketamiz?!

– …

* * *

Ikki kundan so‘ng toqqa qalin qor tushdi. Ba’zi joylarda qor tizzaga urar, bunday vaqtda mol boqishning o‘zi bo‘lmasdi. Cho‘ponlar qo‘y-echkini sovuq urmasin, deb tinimsiz yurgizib turar, ayollar esa mol ozuqa olishi uchun pichan g‘aramlarini sochib tashlardi. Bu yerda ham daryoning shamolidek izg‘irin sovuq jondan o‘tib ketar edi. Suruvga qarayotganlar qo‘y yog‘ini goh nonga bulab yer, goh issiq yog‘ni ichib sovuqqa biroz bo‘lsa-da bardosh berardi. Ammo ko‘p o‘tmay izg‘irin o‘z ishini ko‘rsatar, ularning madori qurib, uyda dam olayotganlarga navbat tegardi. Shu tariqa ular kun bo‘yi navbat almashib, ham o‘zlarining, ham mol-holning jonini saqlardi. Buni yaxshi bilgan Toshboy bobo avval boshdan Tangriqul boboga ham yumush borligiga ishora qilgan edi. Shu bois Tangriqul bobo O‘ktam bilan o‘rin almashib cho‘ponlarga ko‘mak berardi. Yumushlar mo‘ysafidga malol kelsa ham bundan sira o‘zini olib qochmasdi. Zero, uning va butun oilasining yemak-ichmagi Toshboy boboning zimmasida edi va ular hech narsadan zoriqmasdi. Faqat qor qoplagan zaminday o‘zgarmas kunlarning adog‘i ko‘rinmas, bundan Tangriqul bobo va oilasining diqqati oshardi. Qon-qarindosh va uy sog‘inchi ichki dard kabi sezdirmasdan ularning madorini so‘rib olmoqda edi. Hammadan ham ko‘proq Oydinning sillasi qurib borardi. Uni dard beayov ezar, shunga qaramasdan Oydin birovga bu haqda churq etib og‘iz ochmas, o‘tkinchi xastalikdir, deb jon boricha o‘zini ishga urardi. Oydin yumush bilan chalg‘ishga qancha urinmasin bari behuda edi. Boz ustiga Toshqul sho‘roning sovuq nigohi ko‘z oldidan ketmasdi. Sho‘ro Mengziyoni olib ketayotganda va Tangriqul boboni izlab kelgan paytda Oydinga yeb qo‘yguday tikilgani uning ko‘z o‘ngida qotib qolgandi. Bundan Oydinning dili xufton bo‘lib yoqimsiz narsa yeganday o‘zini lohas sezardi. Tag‘in ko‘lda cho‘milayotganda Toshqul uni poylagani esiga tushar va ko‘ngliga soya tashlab turgan bu voqea endi Oydinning butun hayotiga qora bo‘yoq chaplagandi. Oydin shular haqida o‘ylaganida el og‘zida doston bo‘lgan chehrasini balchiqqa bulashga yoki tig‘ bilan nimtalashga ham tayyor edi. Xolbuki, Oydin oilasining sarson-sargardon bo‘lib yurishida o‘zini aybdor sanardi. Ana shunday paytda sho‘roning nahs bosgan nigohidan qutula olmasligi uning dilini ayovsiz ezg‘ilab tashlagan edi.

Yana tag‘in Oydin sevgidan sarxush bo‘lib yurgan chog‘ini eslar, o‘sha paytda ko‘nglini charog‘on aylagan tuyg‘u endi yuragiga burov solardi. U bu azobga bardosh berolmay goho:

– Yeryutsin seni, Toshqul! Ko‘zingdi qum to‘ldirsin!.. Seni qoshingda shaytonam uyaladi. Axir, har qanday pastkashlikdi chegarasi bor, lekin seni qilig‘ing… Xudoga soldim. O‘zi hisobingni qilsin! – desa, ba’zan:

– Agar shu qilig‘ing bo‘lmaganda yaxshi odam eding-ku! …Ko‘nglimni sendan sovitgan Xudoyimga ming shukurlar bo‘lsin! – der va bu gapni birov eshitib qolishidan cho‘chib tilini tishlardi. Keyin g‘o‘r va sodda yoshligiga la’natlar aytar, bu iztirobdan ozod bo‘lish uchun Elmurodni bag‘riga bosib, bolaning ko‘ziga uzoq termular edi. Zero, uni musibatdan faqatgina go‘dakning ma’sum va beg‘ubor nigohigina qutqara olardi. Mana shunday ichikishlar uni anchayin holdan toydirdi. Bir oy o‘tar-o‘tmas dard kuchaygandan kuchayib, Oydin to‘shakka mixlanib qoldi.

Oydin tuni bilan isitmaning zo‘ridan ingrab chiqar, tomog‘idan suv ham o‘tmasdi. Maryam momo uning boshida girgitdon bo‘lib yonidan bir qadam ham nari ketolmay qoldi. Tangriqul bobo ham, O‘ktam ham cho‘ponlarga qarashish uchun chiqsa-da, o‘y-xayoli uyda – Oydinning qayg‘usi bilan edi. Uning ahvoli jiddiy ekanini ko‘rgan Toshboy bobo bu havoda tog‘ so‘qmog‘idan yurish xavfli bo‘lsa-da, o‘g‘lini narigi qishloqdan tabib aytib kelishga yubordi.

Tabib Oydinning ahvolini ko‘rib dong qotdi. U qayta-qayta bemorning tomirini ushlab ko‘rib bosh chayqar, ammo yonidagilarga biron so‘z demay, hammaning diqqatini oshirardi. Nihoyat:

– Tushunmadim, – dedi tabib. – Dardi borga o‘xshamaydi. Ahvoli bo‘lsa… Biron irim-amal qilish kerakdir?

– Qilmagan amalimiz qolmadi. Endi bari umidimiz sizdan, – dedi Tangriqul bobo.

– Qo‘limdan kelsa, jon deb davolayman. Biz bir sababchi, – dedi tabib o‘ylanib.

Oydinga qanday davo qilishni bilmay tabibning boshi qotgan edi. So‘ng giyoh xaltasidan tugun chiqarib, dorivorlarni saralab:

– Bular quvvat dori. Bunisi shamollashdi yo‘qotib, issig‘ini tushiradi. Narigisi ishtahani ochadi. Bizdi bilganimiz shu. Davosini Ollo bersin! – dedi.

Tabib dorilarni qanday tayyorlab, qaysi mahal ichirish kerakligini tushuntirgach, ketishga izn so‘radi. Toshboy bobo uni kuzatib qo‘yish uchun tashqariga chiqar ekan:

– Rustamboy, – dedi tabibga qarab. – Kelindi ahvoli tangmi?!

– Ochig‘i, bilmayman. Boyagi gapim gap. Hech bir dardi yo‘q. Irim-amaldan bo‘lsa kerak.

– Siz bilmaydigan dard yo‘q edi-ku, Rustamboy. Qirq mamlakatdan kelib, sizdan davo topganlardi ko‘p eshitganmiz, – dedi Toshboy bobo uning gapiga ishonmay.

– Bizam bandamiz, bova. Bilganimizdan bilmaganimiz ko‘p… O‘zi bular kim, ilgari bu yerda yashashmasdi?

– Kim bo‘lardi, kun o‘targa mol boqib yurgan cho‘liq. Ilgari tovning narigi tomonida yasharkan. Arkarbilan sen-menga borib qolibdi. Uyam bo‘lsa qishdi kunida quvib solibdi, – dedi Toshboy bobo, Tangriqul bobo haqidagi xabar hukumat odamiga yetib borishini istamay. Tabib ha deganday bosh chayqadi-yu, yo‘liga ravona bo‘ldi. U qirdan oshib ketguncha Toshboy bobo tabibni kuzatib turdi. So‘ng Tangriqul boboning uyiga qarab yurdi. Eshik qarshisiga borib yo‘taldi-da:

– O‘ktam, – dedi.

Ichkaridan Tangriqul bobo ovoz berdi:

– Keling, kelabering!

Toshboy bobo ichkariga kirganida Elmurod onasining yoniga yotib olgan, Maryam momo kosada dori tayyorlayotgan edi. Tangriqul bobo uni xona to‘riga taklif etdi. Ular Oydin noqulay ahvolga tushmasin uchun unga orqa qilib o‘tirdi. Bu orada Maryam momo ishtaha ochadigan dorini tayyorlab keliniga ichirdi. Ammo Oydin dorini qaytarib tashladi va qaynotasining o‘tirganiga ham e’tibor bermay, og‘ir uh torta boshladi. Maryam momo uning boshida parvona bo‘lib aylanar ekan, Elmurodga:

– Tur, bolam, bobongdi oldiga o‘t, – dedi.

Elmurod erinchoqlik qilib o‘rnidan jilmadi. Borgan sari o‘zini yanada behol sezayotgan Oydin bazo‘r qo‘lini ko‘tarib, Elmurodning boshiga qo‘ydi va o‘g‘lining isitmasi borligini bilib qoldi. Oydin buni Maryam momoga aytdi. Kampir Elmurodning issig‘ini ko‘rib bo‘laricha bo‘ldi va ovozini baralla qo‘yib:

– Nima balo bo‘lyapti senlarga?! – dedi.

Momoning bu hayqirig‘idan so‘ng Tangriqul bobo o‘girilib qarab:

– Tinchlikma?! – dedi.

– Endi nebarangizdi issig‘i chig‘ibdi.

Bu gapdan so‘ng Tangriqul boboning hafsalasi pir bo‘lib:

– Bu nimasi bo‘ldi? – dedi.

Toshboy bobo bu savol o‘ziga qarata aytilganday:

– Avvaldan-oxir bizda bunday dard bo‘lmagan. Ana Rustamboy, hech bir kasali yo‘q, dedi. Esa, men sizlardan panalatib so‘rab ko‘rdim, – dedi.

Toshboy bobo bu mulohazalarni ajib bir mahzunlik bilan aytarkan, Maryam momo boshida yarq etgan fikrdan quvonib:

– Esayganda esimni jemay o‘layin, – dedi. – Bularingiz yer oyinlagan-ku, bobosi!

– Ay, ishlaring tushsin… Tuproq bormidi?!

Mariyam momoning avzoyi o‘zgarib, boyagi quvonchi yo‘qoldi va:

– Bilmayman! Shoshilganda esdan chiqqan bo‘lmasin-da, ishqilib, – dedi.

Chol-kampirning so‘zlarini tinglab o‘tirgan Toshboy bobo hayratlanib:

– Yer oyinlashi nimasi? Qanday tuproq kerak? – dedi.

– Buyam bir kasallik, – dedi Tangriqul bobo. – Odam tug‘ilib o‘sgan joyidan uzoqlashsa, havo o‘zgarib, shunday dardga jo‘lig‘adi. Odam o‘zi yashaydigan joydi bir siqim tuprog‘i bilan boshini yuvsa, dardi ariydi. Bo‘lmasa, ming dori-darmon qisin, poydasi yo‘q.

– Ey, sho‘nday demaysizma? Ilgari eshitganman. Pasdan olib kegan qo‘yimiz uch kun o‘tmay, hech narsa jemay qoldi. Shunda qancha yo‘l yurib tuproq olib kebedik.

– Ha, ana shu-da! Bu o‘zi odamdayam, moldayam bo‘ladi.

– Oydin, tuproq bormidi? – deb so‘radi ularning gapini bo‘lib Maryam momo.

Oydin yotgan joyida boshini bazo‘r ko‘tardi. Xayolini jamlab olayotganday atrofga javdirab boqib:

– Kenja bilmasa, – dedi.

Maryam momo uning javobini kutmasdan, uyni ag‘dar-to‘ntar qilib, buyumlar orasidan tugunga tugilgan tuproq izlay boshladi. U chor tarafga alanglab axtarinar ekan, o‘sha kuni o‘zining tobi yo‘qligi bois O‘ktamning ham, Oydinning ham yurt tuprog‘idan bir siqim olish xayolidan faromush bo‘lganini bilmasdi. Umuman olganda, ular o‘sha vaqtda o‘z jonlari bilan ovora edi. Ammo, shunga qaramasdan ular buni unutishi mumkin emasdi. Negaki, Maryam momo farzandlari uydan olisga, uzoq muddatga ketadigan bo‘lsa, bir siqim tuproqsiz jo‘natmasdi.

Maryam momo tuproq topishdan umidini uzib borgani sari nafas olishi og‘irlashib, o‘zini nihoyatda ojiz va notavon his qilmoqda edi. Bungacha Tangriqul bobo ham o‘rnidan turib, axtarina boshladi. Mo‘ysafid uyidan chiqishda bir siqm tuproq olib ketgani aniq edi. Ammo uni qayerga qo‘yganini eslay olmasdi. Bir payt Tangriqul bobo daryo sohilida o‘tirgani, cho‘ntagidan tuproqni olgani yodiga tushdi. U shosha-pisha chakmonining cho‘ntagini qaradi. Tuproqning yo‘qlini bilgach Tangriqul bobo uni sohilda qoldirib kelgani ayon bo‘ldi. Ammo chol-kampir umidini uzmay axtarinishda davom etardi.

Toshboy bobo noqulay ahvolga tushdi. U o‘tiraverishni ham, turib ketishni ham bilmay, aro yo‘lda qoldi. Bu orada O‘ktam ham sovuqdan qizarib ketgan qo‘llariga kuh-kuhlab kirib keldi. U ko‘rinishi bilan ota-onasi baravariga:

– Tuproq olganmiding? – dedi.

Gap nimada ekanini bilgan O‘ktam sovuq urgan qo‘lini bir-biriga ishqalab, uyidan jo‘nash oldida va undan so‘ng bo‘lib o‘tgan hodisalarni xotirasida tikladi. Derazadan qochib chiqqanini, tom ustida sovuq yeb yotganini, so‘ng Toshqul sho‘ro ketgach, tomdan tushib onasining tobi yo‘qligini ko‘rgani va sovuqda qaltirab daryo kechib o‘tganini. Bularning barchasi xuddi hozir sodir bo‘lganday ko‘z o‘ngidan bir-bir o‘tdi. Ammo tuproq olganini sira ham eslay olmadi. Ular hafsalasi pir bo‘lib, boshini egib, gardani bilan xonadagi og‘ir sukutni bazo‘r ko‘tarib turarkan, Toshboy bobo:

– Shu yerning tuprog‘i bo‘lmaydima? – dedi.

Unga javoban Tangriqul bobo og‘ir bosh chayqab, yo‘q, ishorasini qildi. O‘ktam esa:

– Qishloqqa borib, tuproq olib kelaman, – dedi.

– Bugun kech bo‘ldi. Qishloqqa borishdi ertaga o‘ylab ko‘ramiz, – dedi Toshboy bobo. Uning gapi boshqalarga ma’qul tushdi.

Oydin esa qishloq so‘zini eshitib, kelinlik uyini, Mengziyoni esladi. So‘ng daryodan kechib o‘tgach, orqaga burilib qishloqqa so‘nggi bor qaragani yodiga tushdi. O‘shanda qorga burkangan qishloq, sohildagi jangalzor ortida xokisor va g‘arib bo‘lib ko‘ringan edi. O‘shandan buyon uylari yodiga tushganida beixtiyor shu manzara ko‘z oldiga keladi. Qishloqni shunday manzarada eslash Oydinga sho‘roning sovuq nigohiday azob beradi va qaynonasining: “Orqaga qaramanglar”, degan gapini eslaydi.

Kechaning bir mahalida Oydin og‘ir uh tortdi. Barcha baravariga unga qaradi. Oydinning rangi sarg‘ishtob bo‘lib qolgan, yuz-ko‘zi yanada so‘lg‘in tortgandi. Oydinning og‘ir-og‘ir nafas olishini aytmasa, unda hayot alomati sezilmasdi. Uning ahvolini ko‘rib, shoshib qolgan Tangriqul bobo qiroat bilan oyat o‘qiy boshladi. Mayin va mahzun ohang bilan taralayotgan kalomni eshitgan Oydin alanglab atrofga qaray boshladi. So‘ng qaynonasiga ko‘zi tushib aybdordek nigohini olib qochdi. Tag‘in kaftini o‘g‘lining peshonasiga qo‘ymoqchi bo‘ldi. Ammo qo‘li havoda titrab, o‘q yegan qushday tapillab tushdi.

Oydin kalomni maroq bilan tinglab oroyish olarkan, yuz-ko‘zida hayot alomati sezilmay qoldi. Buni ko‘rgan Maryam momo: “Bola-am!” deb dodlab yubordi. Uning ovozidan Elmurod cho‘chib tushdi. Oydin esa ko‘zlari olayib atrofga alanglab qoldi. Tangriqul bobo chakki qilding, deganday bosh chayqadi.

Maryam momo nabirasini turg‘izib:

– Bolajonim, enangdi betidan o‘p, – dedi.

Elmurod go‘dakligiga borib norizo ohangda ingrandi. Lekin momosining qistovi ila onasining yuziga lab tekkizdi. Shu tobda Oydin bazo‘r ko‘zini ochib o‘g‘liga qaradi. Bu nigohda qishlog‘iga so‘nggi marta qaraganida ko‘nglida bosh ko‘targan tuyg‘ular jamlangan edi. Ayni damda ko‘z oldidan eng go‘zal va baxtli damlari birma-bir o‘tdi. U avval beg‘ubor yoshligini, daryo sohilida poda boqib yurgan o‘smirlik chog‘ini, Mengziyo bilan to‘ylarini va Elmurodning tug‘ilganini esladi. Oydin bularning barcha-barchasini bir lahzada ko‘z o‘ngidan o‘tkazib ma’yus jilmaydi va yuzida o‘zgacha oroyish zuhr bo‘ldi.

Oydinning joni uzilgach, Maryam momo va O‘ktam ovoz chiqarib yig‘lab yubordi. Bundan Elmurod qo‘rqib ketdi. Ular bolaning ahvolini ko‘rib, o‘zlarini biroz qo‘lga oldi. Shunda ham Maryam momo uni bag‘riga bosib, aytib-aytib yig‘lar edi. O‘ktam hamon ko‘z yoshi qilayotgan bo‘lsa-da, o‘zini qo‘lga olib, otasiga yuzlandi:

– Men borib Toshboy bobomga aytib kelay. Qish kuni qisqa, ertaroq urinaylik, – dedi ertangi dafn marosimini nazarda tutib.

Ammo Tangriqul bobo hech kutilmaganda qat’iyat bilan:

– Yo‘q! – dedi. – Hech narsa kerakmas!

Uning bu gapidan ajablanib ona-bola mo‘ysafidga qaradi. Tangriqul bobo:

– Ertaga hammamiz ketamiz, – dedi.

– Qayerga ketamiz, bobosi? – deb so‘radi Mariyam momo.

– Qayerga bo‘lardi, uyga-da!

– Qishdi shu sovug‘ida…

– Jonim shirinlik qilib uydi tashlab kemadim. Bolalardi ertasini o‘ylab el-xeshdan ayrilib chiqqanman… Bular, – deya Tangriqul bobo bolalariga ishora qilib gapida davom etdi. – qishloqdi bir siqim tuprog‘isiz yasholmaskan, bu yaqda tentirab nima qilaman?!

Toshboy bobo va butun ovul ahli qancha urinmasin, Tangriqul boboni yo‘ldan qaytarolmadi. Axiri Toshboy bobo:

– Hammagayam tuvilib-o‘sgan joyi aziz. Kim bo‘masin, juragi uyga tortaberadi, – dedi. – Sizga duo beramiz… Panjiboy bilan Mavlon hamsoyamiz hamroh bo‘ladi.

Shu kuni ular mayitni olib yo‘lga chiqdi. Ular ancha yurib, tog‘ etagiga enib kelishgach, Maryam momo bepoyon dashtga qarab: “Dunyosi shuncha keng ekan, bandalari nimaga yer talashadi?” dedi. So‘ng Oydinning jasadiga ko‘zi tushib dardi yangilandi. Toshqul sho‘roning ismini tutib la’natlay ketdi. Shu payt Tang­riqul bobo:

– Jim! – dedi. – Birovdi bolasini bunchalik qarg‘ama. Toshqul nima qisin? U o‘zi Xudo urgan qorabovur7 banda bo‘lsa! O‘zi bilgichlardi gapi-gap: odam g‘ujurini jo‘g‘otsa, boridan ayrilishi chin ekan. Toshquldi nimasi qoldi? Na mardligi bor, na oriyati! Ana, kimlardi orqasidan ergashib, kimlardi poy-patagi bo‘lib yuribdi. Ey-yey, u sho‘rlikdi ko‘rgan kuni qursin!

Ular daryodan o‘tib qishloqqa kirib kelganida izg‘irin jon-jonidan o‘tib ketganidan na issiq-sovuqni va na og‘riqni sezmay qolishgan edi. Quloq-burunlari sovuqdan qizarib, ko‘kargan bo‘lsa ham, charchoq va madorsizlik sabab tanasida ter ko‘pchigandi. Tangriqul bobo shamol pana deb Elmurodni xurjunning bir ko‘ziga solib, uning boshqa pallasiga bola vazniga teng yuk joylagan edi. Elmurod uzoq yo‘l davomida po‘stakka o‘ranib xurjun ichida g‘ujanak bo‘lib o‘tirgani bois qo‘l-oyog‘i uvishib qoldi. U mitti joni bilan shuncha azobga bardosh beraman deb karaxt bo‘lib qolgan edi…

…Elmurodning keyingi umri deyarli shu holatda o‘tdi. Zero, u o‘zini jon saqlash uchun xurjun ichida po‘stakka o‘ranib o‘tirganday his etardi. Elmurod xurjundan bosh chiqarib, adog‘i ko‘rinmas qorli so‘qmoqqa termulgani kabi yo‘l qarab umr o‘tkazdi. Xolbuki, vaqt o‘tgani sari u onasining o‘limiga ko‘nikdi. Ammo sho‘ro olib ketgan otasi va bobosini, keyinchalik urushga ketib izsiz yo‘qolgan O‘ktam amakisini umr bo‘yi kutib yashadi. Shunday chog‘larda bobosi aytganiday Toshqulning sho‘rlik bandaligiga shubha bilan qarardi. Inchinun, sho‘roga yugurdaklik qilib yurgan Shoberdi O‘ktam bilan bir paytda urushga ketib, oyoqsiz bo‘lib qaytdi-yu, uzoq yashamadi. Ammo shu safda frontga jo‘nagan Toshqul sho‘ro jangu-jadal ichida yurib ham biror joyiga tig‘ tekkizmay omon qaytdi. Endi yana Toshqul sho‘ro qishloq ko‘chasida salmoqlanib qadam tashlar, o‘zini bepoyon dashtning va, hatto, asov daryoning ham hojasidek tutardi.

Vaqt o‘tib Tangriqul bobo va Mengziyo baxshi oqlangani haqida bir parcha qog‘oz qo‘liga tekkan Elmurodning dilida umid yolqinladi. U o‘zicha: “Otam va bobom begunoh ekanini hukumat bilibdimi, ularni aybdor deganlar to‘hmatchiligi uchun jazosiz qolmaydi”, deb o‘ylagandi. Ammo…

U doim oqlov qog‘ozini qo‘liga olganida otasini eslar va sovuq o‘lkaning shamoli yuziga urganday bo‘lar, ayni chog‘da dunyo nohaqlik va yovuzlikdan iborat deb iztirob chekardi.

Lekin uzoq yillar o‘tib, Elmurod tongda kunchiqarga qarab quyoshning bosh ko‘tarishini tomosha qilib, sho‘roning achchiq qismatini eslab, bobom Toshqulga hukm o‘qigan ekan, degan xayolga borishini hali tassavvur qila olmasdi. Zero, yillar Toshqulga gard yuqtirmay asrab-­avaylab kelgani bilan u keksayib, nafsning qora nuqsi urgan sovuq nigohi xira tortib, qabohatga to‘yingan vujudi shalvirab, mehrga mushtoq bo‘lgan chog‘ida qismatning achchiq qamchisi boshida o‘ynay boshlashini; Toshqulning qulog‘iga dod-fig‘on qilayotgan odamlarning dahshatli o‘kiriklari eshitilib, bu tovushlar borgan sari avj olib, chidab bo‘lmas darajada chinqiriqqa aylanishini; oxir-oqibat sho‘roning asabi butkul ishdan chiqib, savdoyi bo‘lib qolishini; aqldan ozgan sho‘roni bolalari uyga qamab, obro‘li oila sha’niga dog‘ tushirayotgan cholga yemak-ichmagini panjarali deraza ortidan berishini; soch-soqoli, tirnog‘i o‘sib, yovvoyi odamday bo‘lib qolgan sho‘ro kuni bilan deraza panjarasiga osilib dod solavergach, o‘g‘li otasiga qo‘l ko‘tarishgacha borishini; bundan battar jazavaga tushgan sho‘roning tomog‘i bug‘ilib, tobora holdan toyib borishini; buni ko‘rib-bilib turgan qishloqdoshlar sho‘roni qarg‘ish urganligini ovoz chiqarib aytolmasa ham o‘zlaricha shunday xulosa qilishini-da hali bilmasdi!..

Yillar shoshqin daryoday o‘tib ketdi…

Toshqul sho‘roning ayanchli qismati nihoya topgani haqida xabar tarqalgach, erta tongda uning janozasiga sanoqligina odam to‘plandi. Yig‘ilganlar mayit so‘nggi yo‘lga hozir bo‘lishini kutib turishardi. Eldan ajralib qolishni istamay, janozaga kelgan Elmurod bobo yovvoyi o‘t bosgan chog‘roq hovlining bir chetida qishloqdoshlar gapiga quloq tutib o‘tirardi. Odamlar televizorda aytilgan yangilikni muhokama qilar, kecha mustaqil bo‘lgan yurtning kelgusi taqdiri haqida so‘zlashardi. Bu gaplar orasida o‘tgan-qaytgan voqealar yodga olinib, gap daromadi Toshqul sho‘roga borib taqaldi. Ular o‘lgan odam haqida yomon so‘z aytib qo‘yishdan cho‘chishdi chog‘i, birdan jim bo‘lib qolishdi. Elmurod boboning ko‘z oldiga yana qorli dovon keldi. Keyin bu azobli xotiradan butkul qutulmoqchi bo‘lgandek do‘ppisini qo‘lga olib tizzasiga urib qoqdi. Shu payt bosh xotiralar duvillab to‘kilganday chor atrofini gard qopladi. Ammo zum o‘tmay gard havoga singib, g‘oyib bo‘ldi. Elmurod bobo tag‘in Toshqul sho‘roning so‘nggi yillardagi ayanchli taqdirini esladi. Keyin: “Bobom Toshqulga hukm o‘qigan ekan”, degan xayolga bordi. Ayni chog‘da qulog‘iga Tangriqul boboning gapi eshitildi: “Tulki iniga qarab ulisa, qo‘tir bo‘ladi!”

Tamom

Izohlar

1 “Oychinor” dostonidan
2 “Kuntug‘mish” dostonidan
3 Shuvoq – o‘simlik. Bu iborada har kim o‘z rizq-nasibasi bilan tug‘iladi, degan ma’no bor.
4 Troma – Kuz (shevada)
5 Yer moyi – neft’. U vaqtlarda neft’ yer yuziga qaynab chiqib ko‘lmak hosil qilgan.
6 Arkar – bosh cho‘pon
7 Ko‘ksi qora

07

(Tashriflar: umumiy 36, bugungi 1)

Izoh qoldiring