Bobur Elmurod. She’rlar & Husan Maqsud. Iqrorlar yoxud butunlik istagi

bobur25 ноябр — Шоир Бобур Элмурод таваллуд топган кун. Қутлаймиз!

   Ёзганларингизда кўзга ташланиб турадиган бирламчи жиҳат – бу фалсафий мушоҳада юритишга уриниш. Деярли ҳар бир шеърингиз шундай мушоҳадалар замирига қурилган.  Ҳолат тасвирини чизишда ҳам оригиналликка интилишингизни таъкидлаш керак…

Ҳусан МАҚСУД
ИҚРОРЛАР ЁХУД БУТУНЛИК ИСТАГИ
09

08Ассалому алайкум, Бобур! Омонмисиз? Рўзғорни ғор дейдилар, шу ғорнинг кенг йўлларида саломат одимлаяпсизми?

Яқинда борганимиз – ўша шеърхонлик кечасида “Фотоаппарат ва мен” деган шеърингизни ўқидингиз. Бундан беш-олти йил аввал сизни айнан шу шеър орқали ғойибдан таниганман. Кейин китобингиз чиқди, анча ютуқларга эришдингиз. Лекин барибир сизни яқиндан билмасдим – шеърларингизни кўп бор ўзингиздан эшитган эсам-да, уларни тўлалигича ўқиб чиқмагандим. Шу боис, ҳозиргача ёзилган барча машқларингизни ўқиш истаги туғилди…

Сизга бир сирни айтсам: табиатан камгапман. Баъзи ҳолларда айтилиши керак бўлган гапни айтишга нимадир халақит бергандай ўзимни ғалати ҳис қиламан. Буни ўзимча андишага йўяман. Баъзан Сўз, Адабиёт, хусусан, тенгдошлар ижоди ҳақида нималарнидир айтгим келади-ю, андиша қурғур тағин шаштни қайтаради (ҳатто, булар бора-бора англаб бўлмас оғриқларга эврилди. Ёзганларингиз ҳақида гапириб, ора-сирада оғриқларимдан-да сўз очсам, айбга буюрманг). Шундай бўлса-да, баъзи мулоҳазаларни айтишга жазм этдим. Шу боис, айтажакларимни фақатгина оддий китобхон ва ижодингизни доимий кузатиб борувчи дўстингизнинг фикрлари, деб қабул қилгайсиз.

…Китобингизга кирган аввалги ҳамда сўнгги бир-икки йил ичида интернет сайтлари ва газета-журналларда эълон қилинган шеърларингизни диққат билан ўқидим. Беш йил аввал “Биринчи китобим” лойиҳасида нашр қилинган “Кўзларимдаги дунё” номли тўпламингиздаги шеърлар билан кейинги ёзилган машқларингизни таққослаб кўрдим: хўш, шоир ўсибдими? Шеърдан-шеърга ўсганингиз яққол сезилмаса-да, лекин сўз танлаш, ифода усулингизда яхшигина сайқалланиш бор. Ўзингизни қийнамасдан ёзасиз, ақл ва туйғунинг омухталиги сезилиб туради.

Ёзганларингизда кўзга ташланиб турадиган бирламчи жиҳат – бу фалсафий мушоҳада юритишга уриниш. Деярли ҳар бир шеърингиз шундай мушоҳадалар замирига қурилган. Ҳақиқатан, айрим шеърларингизда тасвирланаётган воқеликдан яхшигина фалсафий хулосалар чиқарасиз. Ҳолат тасвирини чизишда ҳам оригиналликка интилишингизни таъкидлаш керак. Туйғулари ҳарорати кўнгилга илиқлик олиб кирадиган “Олапар”, “Фотоаппарат ва мен”, “Юборилмаган суратлар” каби қуйма сатрли шеърларингиз борлигини-да кўпчилик яхши билади.

“Бир кўнгил ўстирсанг ичингда…”, “Бир кун йиғламаса аҳли болалар…” деб бошланадиган шеърларингиз ўзининг пафоси билан бошқа битикларингиздан ажралиб туради. Бир қарашда уларда ўйчанлик ва ҳазинлик бордай туюлса-да, лекин моҳиятан лирик қаҳрамоннинг эртанги кунга, ёруғ келажакка ишончу эьтимоди сезилади. “Бир кун йиғламаса аҳли болалар…” деб бошланувчи шеърда мақсад-муддао ҳар бандда такрорланиб келадиган “Бир кун” бирикмаси замирига қурилган: бир кун бўлса ҳам ўқ отилмаса, болалар уйи бўшаб қолса, қанийди мотам бўлмаса, кўнгли борлар бир-бирига етишса, дунё ўзини сал кенгроқ сезса, деб ёруғ кунлар келишига умид қилинади. Бу ишонч ҳар банд охирида такрорланган “Ўша кун келарми, ўша кун борми?” риторик сўроғида янада реаллашади.

Лирик қаҳрамонингиз ўтмишни мушоҳада қиларкан, келажакка умид билан қарайди. У эътиқодда (кенг маънода) собит, замондошларини маънан комил ИНСОН сифатида кўришни орзу қилади. Асосийси, у фикрлашдан, ўз қалбини ўрташдан тўхтамайдиган шахс.

…Биласиз, дурустгина шеърлари билан уч-тўрт марта матбуотда кўриниб, устозлар назарига тушган тенгқурлар орасидаги бир-икки йилни ҳисобга олмасак, салкам ўттизга яқинлашиб қолдик. Айримлари икки-уч тўплам эълон қилишга улгурди. Аммо… ҳали ҳеч биримиз ўз йўлимизни тополмаяпмиз – ижод қолиб, ҳиссиётларимизни сўлдирадиган, кўнглимизни хиралаштирадиган майда юмушларга ўралашиб юрибмиз. Буни баъзан тан олгимиз келади-ю, лекин қайсидир важлар сабаб ўзимизни оқлашга уринамиз: тирикчилик, яшаш ҳам керак-да, деб қўямиз… Таассуфки, шоир айтганидек, бизни майда ташвишлар енгаяпти. Энди айтинг: буюк орзулар, улуғ ниятлар қўлимизга қалам тутқазмаганмиди!?

Эсингизда бўлса (беш-олти йил аввал), ўзига хос оҳанг ва руҳ билан шеърлар ёза оладиган бир нечта тенгдош йигит-қизлар адабий тўгаракларда қизғин мушоира қилишарди. Кўпчилигимиз уларнинг гўзал шеърларига мухлис эдик. Баъзилари устозлар меҳрини қозониб улгурган эди. Лекин… Гоҳида ўзимга савол бераман: ёниқ шеърлари билан катта умид уйғотган ўша ёшлар ҳозир қаерда? Ўша пайтда ўзлари куйлаган Сўз ва Адабиётга содиқлик туйғулари муваққатмиди?..

Саволлар исканжасидан қутулиб, ўзимча жавоб излайман: наздимда, уларнинг кўпчилиги ўз истеъдодларини асрашга ожизлик қилишди. Баъзилари устоз шоирларнинг мақтовидан талтайишди, бора-бора ўзларидан бошқани тан олмай қўйишди. Рауф Парфи айтганидай, уларни мақтов – ширин оғу ширин ўлдирди. Айримлари минбар шоири бўлиш ҳадисини яхши ўзлаштиришди: ватан ҳақида баландпарвоз шеърлар айтишни урфга айлантирдилар. Кимнингдир бир неча минг нусхада китоби чиққач, қалам ҳақининг суруридан ҳаволаниб юрди, яна кимдир турли танловларда ғолиб бўлиб, диплому ёрлиқлар олгач, уларнинг орқасидан келадиган имтиёзларга учиб, турли мақомларга йўрғалаб кетди.

Катта ва бутун адабиётни катта ва бутун авлод яратади. Буни адабиётга ўтган асрнинг етмишинчи йиллари авлоди мисолида кўришимиз мумкин. Энди савол: биз бутун авлод бўлишга интиляпмизми? Афсуски, йўқ! Чунки юқорида айтганимдай кўпчилигимиз ўзимиздан бошқани тан олишни истамай қўйдик. Қақшатқич зарбага учраб, сочилиб кетган мағлуб лашкарнинг аскарларидай тарқоқ ҳолда фойдасиз тизмалар тизиш билан бандмиз. Ижтимоий ҳаётга, адабий жараёнга шахдам қадам билан кирмаймиз, ўзимизни шоир санаймиз-у, аммо миллат, халқ, ватан олдида наинки шоир, оддий бир юрт фарзанди сифатида арзирли иш қилганимиз йўқ. Ижтимоий тармоқларда бизни кимдир мақтаб қўйса, шу билан ўзимизни катта шоир ҳисоблаб, тағин юксакларга кўтариламиз. Биров айтмайдики, ў, биродар, ҳақиқий ижод ердагиларга керак, пастга тушиб ёз, деб… Биринчи навбатда, ўзимиз шахс сифатида бутун бўлишга интилмоғимиз керак, деб ўйлайман. Шундан сўнг ўзимизни миллат тақдирига дахлдор сезган ҳолда, бир мақсад йўлида бирлашмоғимиз лозим. Бутун авлод бўлмасак, жафокаш миллатни, ўксик адабиётни ёруғ келажак сари қандай етаклаймиз!?

Узр, мавзудан бироз чиқиб кетдим. Тағин ижодингизга қайтсам. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган “Муддао” номли бадиангизни ўқигандим. Ундан иқтибос келтираман: “Яхши шеър қачон эсда қолади? Менимча, унда ярқ этган воқеа бўлсагина. Ўша воқелик ўз навбатида чуқур маъно ташимоғи ҳам лозим. Баланд теракнинг илдизини қурт-қумурсқалар еб битирса-ю, у “қарс” этиб ерга қуласа – бизга нима, деймиз. Бироқ ўша терак бир инсон сиймоси бўлса-ю, ўз хатолари туфайли енгилиб, ҳаммамизга ибрат бўлолса – бу бошқа гап. Аслида шеър биргина мисра бўлиб дунёга келади. Қолган сатрлар ўша мисранинг кучайишига, мавзу моҳиятини чуқурроқ очиб беришга хизмат қилиши керак”. Фикрларингизга қўшиламан. Буларни кўп бор давраларда ҳам айтганингизни эшитганман. Бу мулоҳазалар ўз ижодингизга-да тўла мос келади: ёзганларингизни ўқиган киши шеърларингиз ҳақиқатан битта мисра замирига қурилгани сезади (ҳатто “Кураш” номли шеърингизда юқорида таъкидлаганингиздек, инсоннинг жисман ва маънан йиқилишини дарахтнинг қулашига менгзагансиз).

Тўғри, илҳом ёлқинлари билан аланга олган оний ҳиссиёт – англаб бўлмас ажиб бир туйғу (фикр) шоир хаёли (кўнгли)дан нур тезлигида “йилт” этиб ўтади. Шоир ўша кечинмани қоғозга туширмагунича тинчимайди. Дарҳақиқат, шеърда поэтик мақсад-муддао ўша бир фикр атрофида бирлашиб, унинг моҳияти қолган мисралар кўмагида янада тиниқлашади. “Кураш”, “Кимёгар дўстимнинг ўйлари”, “Танга”, “Битта чолни кўрдим саҳрода…” каби шеърларингизда фикрлар банддан бандга кучайиб боради. Кўринадики, уларни бир нафасда, кўнгил кечинмаларини ақл чиғириғидан ўтказиб қоғозга туширгансиз. Ҳеч қандай ясамалик, зўриқиш йўқ.

Битикларингизни синчковлик билан ўқиб амин бўлдимки, шеърларингиздаги лирик қаҳрамон шахсиятингиздан узоқ бўлмаган одам. У ҳам худди сиздай ўйчан ва оғир-босиқ инсон; мулоҳазакор, ҳар бир воқеликдан фалсафий хулоса чиқара оладиган тийрак назарли шахс. Бу сизнинг ютуғингиз. Аслида, шоирлик ҳам шу-да: ижодида шахсияти, шахсиятида ижоди кўриниб турган қалам аҳлигина асрлар оша халқ қалбида саодатли яшайди. Тарихга боқинг: ҳазрат Румий, ҳазрат Навоий, Пушкин, Қодирий, Толстой, Ойбек, Шавкат Раҳмон…

Юқорида таъкидлаганим – ўша бадиангизда шундай фикрлар ҳам бор эди: “Шеър яхлит бир асар сифатида таассурот қолдирмас, унинг ғояси аввало инсон қалбида акс-садо бермас экан, бундай тўқималарнинг бир сатри ҳам яшашга лойиқ эмас, деб ўйлайсан киши”. Сиз ҳақсиз. Эркин Воҳидовнинг “Мажнунтол”, “Севги”, “Юрак ва ақл”, Абдулла Ориповнинг “Муножотни тинглаб”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси…”, “Баҳор”, Рауф Парфининг “Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар…”, “Уйғон, эй малагим…”, “Она Туркистон” каби шеърларидаги мисралар шундай қуйма ва табиийки, улардаги бирор сўзни бошқасига ўзгартирсангиз бутун бошли шеърнинг поэтик оҳорига путур етади. Демак, уларда мақсад асосий гапни битта мисрада айтиб олиш эмас, балки кўнгилдан кечган дарду ҳасратларни ҳар бир мисра қатига сингдиришга уриниш бор (тасодифни қарангки, устоз шоирлар ушбу гўзал шеърларни айни бизнинг ёшимизда ёзишган. Қайси биримизда шундай битиклар бор?!).

Сизнинг “Фил фалсафаси”, “Каркидон”, “Юк” каби шеърларингиз кишида охирги банддаги фикрни айтиш учунгина ёзилгандай тасаввур уйғотади. Уларда кўпроқ оддий баёнчилик бўй кўрсатади: фақат воқеани тасвирлаш бирламчи бўлиб қолган. Мазкур шеърларни ўқий бошлаган киши якунда бошқачароқ хулоса кутади (шахсан менда шундай бўлган). Таассуфки, сўнгги банддаги хулосавий фикрга чалғиб, бироз сусткашликка йўл қўйгансиз.

Айрим шеърларингиз баландроқ битикларингиз соясида қолиб кетади: мазмуни бўш. Масалан, “Тақа” номли шеърда теракдан дарвоза ясалгани айтилиб, уни кимдир тепиб ўтгани, яна кимдир таёғи билан туртгани (?), бошқа биров эса тилиб (?) кўргани ҳақида гап боради-да, охири:

У энг гўзал дарвоза эди,
Эндигина ясалган дамлар.
Тақа уни чиндан асради,
Асролмади фақат одамлар, –

деган сатрлар билан тугайди. Мисралар оддий гаплигича қолган, уларда поэтик оҳор, бадиий-эстетик юқумлилик йўқ ҳисоб. Тўғри тушунасиз деган умид билан айтаманки, мазкур шеър билан бирга тўпламингиздаги “Жалолиддин Мангуберди монологи” ва “Қўллар” каби шеърларни ҳам жиддий таҳрир қилиш, қайта ишлаш зарур.

Эсингизда бўлса, бир танқидчи акамиз шеърларингизни эшитгач, улардаги воқеабандликни пайқади чоғи, сиз ҳақда “келажакда насрга ўтиб кетиши мумкин”, деган “башорат” қилди. Танқидчи домланинг бундай фикрга келишига сабаб бор эди: ҳақиқатан деярли барча шеърларингиз сюжет асосига қурилади. Сизда ҳолатдан кўра кўпроқ ҳаракатни тасвирлашга уриниш бор. Буни нуқсонга йўймоқчи эмасман, бундай усул адабиётимиз тарихида кўп учрайди. Лекин шеърда фақат воқеабозликка интилиш шеърхонни зериктириши мумкин. Шу ўринда, барча соҳада бўлганидек, бадиий ижоднинг ҳам олтин қоидасини эслатгим келди: нима бўлганини эмас, қандай бўлгани тасвирлаш муҳим-ку!

Воқеани келтириб, охирида фалсафий фикр айтиладиган шеърларда туйғуларга эрк бермасдан, ақлга таянилади. Бундай шеър эса фақат интеллектнинг маҳсули бўлиб қолиши мумкин. В. Белинскийнинг “М. Лермонтов шеърлари” номли мақоласида поэзия ҳақида фикр юритар экан, ижоднинг асоси илҳомдир, ақл ва ҳисоб-китобнинг аралашуви эса ижодга душмандир, дейди. Олим соф кўнгил кечинмаларининг ақл дахл қилмай туриб қоғозга тушишини илҳом деётган бўлса ажабмас. Дарҳақиқат, чин маънодаги шеър, аввало, руҳият тасвири, ҳис-туйғу манзараси билан тўйинган бўлиши керак. Шоир шеърда ақлнинг эмас, кўнгилнинг равишига бўйсунмоғи лозим, назаримда…

Бобур, сиз ҳақда яна бир муҳим гапни алоҳида таъкидламоқчиман. Одатга кўра, ижодкорнинг даражаси унинг ёзганлари, аниқроғи, қаламга олган мавзусининг бадиий салмоғига қараб белгиланади. Лекин, аксар ҳолларда, шоирнинг позициясини, Сўзга, Адабиётга, қолаверса, башарият учун муқаддас ва азиз бўлган олий туйғуларга бўлган эътиқоди ҳамда ихлосини қайсидир мавзуда ёзмаганлиги (аслида, бунга ўзини маънавий ҳақдор деб билмаслиги) билан ҳам англаш мумкиндай гўё.

Айтмоқчиманки, сизнинг Ватан ҳақидаги “жўшиб” ёзилган “жимжимадор” шеърингиз йўқ. Нуқул ўксиниб, оғриниб, нималардандир безган кўйи онангизни саволларга тутадиган “нолишнома”ларингизни ҳам кўрмаганман. Хатни олмагани учун ўзини ҳақоратлангандай сезиб, қиздан арзу дод қилгувчи ошиқ дардлари акс этган мисраларингизни-да билмайман. Шу фазилатингиз билан ҳам бошқа тенгдошлардан ажралиб турасиз, десам муболаға бўлмас. Демак, сиз бу мавзуларга мос ўз жозиб сўзингизни ҳали топа олмаганингизни англагансиз. Шунинг учун “киндик қоним тўкилган замин”, “жаннатмакон юрт”, “сени юксакларга кўтараман” деган сийқа мисраларни айтишдан ўзингизни тийяпсиз. Она ҳақида ҳам томоқ йиртиб, ҳар бандда “она”, деб ясама соғинч билан шеър ёзишни ҳам эп кўрмаяпсиз (демак, она ҳақда энг гўзал шеърларингиз энди яралади). Севгини қарама-қарши жинс вакилларининг бир-бирига бўлган табиий майли, деб тушунмаслигингизни “Танга”, “Овозимни ёзиб олди бир киши…” каби гўзал шеърларингиз исботлаб турибди.

Яхши эслайман: 2012 йили “Ёшлик” журналида марҳум шоиримиз устоз Абдулла Орипов сизга оқ йўл тилаб, ишонч билдирган эди. Таскин шуки, сиз шу ишончни оқлаш йўлида илдамлаяпсиз.

Қалбингизни асранг. Ёруғ шеърлар яралишида Яратган мададкор бўлсин.

2016 йил, ноябрь, Тошкент.

Бобур ЭЛМУРОД
ШЕЪРЛАР
09

Фотоаппарат ва мен

Сен боққан чоғ нега одамлар09
Хушсуратдир, кулгидан тўйган.
Мен термулсам – сарғайган ўтлар
Ва дарахтлар гулламай қўйган.

Сен кўз солсанг онам кўп дилбар,
Отам бардам қад кериб турар.
Мен боққан чоғ – онам муштипар,
Отам эса ҳассада юрар.

Нигоҳингда дўстим улуғвор,
Бекаму кўст турар мулойим.
Мен қарасам у бечораҳол,
Оқсоқланиб юради доим.

Вақт ялмоғиз – учар хотиржам,
Кўрганларим ўхшамас чинга.
Бахтли бўлиб кўринай мен ҳам,
Бир зумгина кўз ташла менга.

***

Бир кўнгил ўстирсанг, ичингда
Яшаса энг буюк зотларинг.
Ичкарига кира олмаса
Ёмонотлиқ, ёмон отларинг…
Ағанаса туйғуларингни
Босиб ётган минг-минглаб харсанг.
Алдамаса қулоқларинг ҳеч,
Кўзларингга буткул ишонсанг.
Бир кўнгил ўстирсанг ичингда,
Ичингда бир кўнгил йўқласанг.
Кўз юмсанг…
қоронғу бўлмаса
Ёп-ёруғ кундузда ухласанг…

***

Бир кун йиғламаса аҳли болалар,
Бир кун оч қолмаса уларнинг қорни.
Бир кун узилмаса алвон лолалар,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?

Бир кун отилмаса ҳеч кимсага ўқ,
Жаллод ҳам қурмаса ўша кун дорни.
Бир кун мотам тугаб, кийилмаса кўк,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?

Бир кун тирик қайтса уйига оҳу,
Ниш урган майсалар кўрса баҳорни.
Бир кун илон зоти сочмаса оғу,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?

Болалар уйлари бўш қолса бир кун,
Дарди қийнамаса бир кун беморни.
Бир кун кенглигини ҳис қилса очун,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?

Бир кун кўнгли борлар қуришса турмуш,
Бир кун кўнгли йўқлар чалмаса торни.
Балки ўнгда бўлар, ё бўлмаса туш,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?

Азизим, нима ҳам бердик дунёга,
Бир кунлик тотгани фақат озорми?
Қачон ишонаркан ҳамма Худога,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?

***

Битта чолни кўрдим саҳрода,
Пешонаси ялтирар тердан.
Қум титкилаб, иссиқ ҳавода
Тангасини ахтарар ердан.

Қуёш нури сўнгунича то,
Кўринмади йилт этган нарса.
Чол зорланди: «Топиб бер, Худо,
Шу тангамни, иложи бўлса.

Наҳот шундай чорасиз қолсам,
Мўъжиза қил, тангамни топай.
Шубҳа уйғотмагин ушбу дам,
Борлигингга буткул ишонай».

Бир чеккада йиғлайман тинмай,
Кўз олдимдан кетмайди бу ҳол.
Наҳот ҳозир тангасин топмай
Яратгандан юз ўгирса чол.

Қўрқиб кетдим, ахир кекса жон,
Юрагимдан ўтди бир туйғу.
Битта танга отдим чол томон,
Сени йўқ деб ўйламасин у.

Кимёгар дўстимнинг ўйлари…

Сунъий гул ясаб тонгда
Бироз хаёлга толдим.
Унда бол излаб келган
Арини кўриб қолдим.
Буни узоқ ўйладим,
Тажрибам тугагунча.
Шеърда икки оғиз гап
Илмда кенг тушунча.
Ўйладим, моддаларнинг
Бирлашуви бир чақа.
Қандай бирлашган экан
Тошлар билан тошбақа.
Ишонмадим муҳаббат
Кўнгилда яшар деса.
Билмадим, севиб қолиш
Фанда қандай ҳодиса?
Бағритош деди бир қиз,
Ошиб кетгандим ҳаддан.
Туни билан ўйладим
Кўнглим қайси моддадан?
Билмас эдим не учун
Кўзимга ёш тўлишин.
Бир томчи ёш қуримай
Қаерлардан келишин?
Менинг гуноҳим қайда,
Қайда менинг савобим.
Гул ясамайман бошқа
Шудир менинг жавобим.
Сунъий гулга термулиб
Йиғлаб, ўй суриб қолдим.
Ахир унда жон берган
Арини кўриб қолдим.

Танга

Ойни-да танга қилдик,
Шарт боғлаган замони.
Менга қоронғу тараф,
Сенга ёруғ томони.

Шундай бўлишавердик,
Ҳазил қилибми бошда.
Кўнглимиз бир эди-ю,
Кўргилигимиз бошқа.

Баҳорни кутиб узоқ,
Етиб қолибмиз кузга.
Учиб кетардик, аммо
Қанот етмади бизга.

Охир ер танга бўлди,
Бўйинг етган замони.
Сенга қай тараф тушди?
Менга сен йўқ томони.

Кураш

Гавжум эди бу галги давра,
Ҳайқирарди тинмай оломон.
Ота кураш тушган шу палла,
Томошага келди ёш ўғлон.

Айёр чиқди рақиби пича,
Кураш дерлар бунинг отини.
Ота ногоҳ оломон ичра
Кўриб қолди зурриёдини.

Шунда ёдга олди ҳар доим,
Фарзандига ўрнак бўлганин.
Кўриб чидолмади ўғлининг,
Кўзи жиққа ёшга тўлганин.

Кўп чиранди, аммо ишонинг,
Етмас эди рақибга кучи.
Ўғил қараб турар — отанинг
Оғриқларга тўларди ичи.

Кўниколмай бу ҳолга сира,
Босолмасди бир дам ғазабин.
Ҳис қиларди ўғил олдида,
Йиқилмоқнинг оғир азобин.

Ахир, айтинг, енгилса, уни
Оқлармиди бир жуфт қора кўз.
Ерда ётган ота ҳолини
Изоҳлашга топиларми сўз.

Ёзгим келмас ҳеч қолганини,
Юрак санчар ўша жойида.
Ахир қулаётган дарахтни,
Кўриш оғир ниҳол пойида.

Юк

Биз томонга келар икки зот,
Олис тоғлар бағирларидан.
Бири ёйдек эгилиб борар
Тўрвасининг оғирлигидан.

Ҳамроҳининг қўли эса бўш,
На юки бор, на бир насаби.
Мунғаярди хомуш негадир
Юк кўтарган шериги каби.

Чиқар эди турфа хил нигоҳ,
Сайёҳларнинг ўнгу сўлидан.
Бари бир хил – ҳориган чолнинг
Тўрвасини олар қўлидан.

Ғамга ботар эди бундай пайт,
Йўлдошининг қорачиқлари.
Оғирлашиб борарди унинг
Чап кўксида турган юклари.

Ўтиб борар одамлар тўп-тўп,
Ортда қолар сарғайганча йўл.
Наҳот улар битта кўнгилни
Кўтаришга узатолмас қўл?!

Каркидон

Яшашнинг қизиғи қолмаган гўё,
Тумшуғидан сизиб оқаётир қон.
Шохидан айрилиб, оломон ичра
Кетиб бораётир битта каркидон.

Ҳеч нарса емайди, чиқармайди ун,
Кимсасиз тарафга кетар норози.
Ҳимоя қилгани йўқ бирор қонун,
Шикоят қилгани йўқ бирор қози.

У ёқда муштини кўксига уриб,
Овчи мақтанади ўлжадан сархуш.
Бу ёқда кўзёши қонга қўшилиб,
Каркидон ётади тумшуқлари бўш.

Чорласам, бу тупроқ бегона унга,
Қайдан бошқа манзил топайин шу дам.
Ахир шохи йўқ деб рад этиб турса,
«Ҳайвонот боғи»нинг хўжайини ҳам.

Фил фалсафаси

Қари филнинг танасида,
Яшар эди кўплаб жон.
Қора қарға, ола қарға
Ҳамда кулранг кўрсичқон.

Кўрмагандим — вазминликка
Бир кун ўлим йўлашини.
Кўрмагандим — улканликнинг
Баландликдан қулашини.

Қарға қанот қоқди-кетди,
Сичқон топди бошқа ин.
Ҳарқалай, бу синов эди,
Ярми ёлғон, ярми чин.

Оғир эди бундай ўйлар,
Оғирлашиб кетди бош.
Филнинг ўйчан кўзларига
Тўлиб кетди улкан ёш.

Йўл кўрсатиб тургувчи куч
Ҳайвонда ҳам юрак экан.
Ўзинг билан қолиш учун
Баъзан ўлиш керак экан.

***

Овозимни ёзиб олди бир киши,
Сураткаш суратга олди туришим.
Яхшиям кўриниб турмас уларга,
Сени ич-ичимдан яхши кўришим.
Ёмон шароитда унмайди уруғ,
Бу гап ўсимликлар илмига оид.
Мен сенинг ҳақингда ўйлашим учун,
Фақат ич-ичимда бордир шароит.
Бетоб эдим бир зум кўзимга боқиб
Шифокор текширди юрак уришим.
Ич-ичимни ёриб, билмади жарроҳ
Сени ич-ичимдан яхши кўришим.
Ҳали манзилингни айтмадинг дуруст,
Айтмадим ўзимнинг қайда туришим.
Ишқилиб Худога аён бўлсин-да,
Сени ич-ичимдан яхши кўришим.

Олапар

Тунда жала урди овулимизни,
Эзғин шовуллади оғилнинг тўри.
Шу кеча…шу кеча бор қўйимизни
Бўғизлаб кетибди, лаънати бўри.

Энди нима бўлар, ақлим етмайди,
Отам ҳолсизгина ҳассада юрди.
Сўнгра қари дўстим — Олапаримни,
Менинг кўз ўнгимда аямай урди.

Бечора, кимдан ҳам сўрарди ёрдам,
Чидади, айбдор сезди ўзини.
Балки тушгандирман унинг ёдига,
Фақат мен томонга тикди кўзини.

Мўлтираб қарайман кенг далаларга,
Намхуш бедаларнинг бўйи муаттар.
Барини унутдим, лекин… эсимда
Бедазор оралаб кетган Олапар.

Эслайман, Ботир-у Ёрилтошларни,
Улар ўша пайтлар муродга етган.
Менинг болалигим бедазорларда
Дўсти Олапарни қидириб кетган.

Юборилмаган суратлар

Кузги барглар тўкилар маҳал,
Хат оламан сендан одатда.
Унда суратимни сўрайсан,
Мени кулиб турган ҳолатда.

Гарчи сабаб керак шодликка,
Йиғламоққа етса-да имкон.
Юраги бор, шоир одамга
Кулиш жуда оғир, онажон.

Сиз билмайсиз, сабр косамнинг
Сабри қанчагача етишин.
Сиз билмайсиз, менинг қисматим
Гоҳ Оролга ўхшаб кетишин.

Мен ҳаётдан бироз орқада
Қолиб кетдим, хаёл дастидан.
Кулиш одат экан аслида,
Кулмаётган одам устидан.

Бас, санаманг кўз ёшларимни,
Умр қисқа, ғамлар ҳисобсиз.
Бу дунёда инсон ролини
Ўйнаб бўлмас экан ниқобсиз.

Мен билмадим шоирлик билан,
Балки шодон яшаса бўлар.
Она, ўғлингиздан саноқсиз
Ғамгин одам ясаса бўлар.

Қисмат экан, мен қай даврада,
Сиз ҳақ деган карвонда қолинг.
Мен доимо Сиз тарафдаман,
Сиз ҳақиқат томонда қолинг.

Кузги барглар тўкилар маҳал,
Хат оламан Сиздан одатда.
Унда суратимни сўрайсиз,
Мени кулиб турган ҳолатда.

3325 noyabr — Shoir Bobur Elmurod tavallud topgan kun. Qutlaymiz!

  Yozganlaringizda ko‘zga tashlanib turadigan birlamchi jihat – bu falsafiy mushohada yuritishga urinish. Deyarli har bir she’ringiz shunday mushohadalar zamiriga qurilgan. Haqiqatan, ayrim she’rlaringizda tasvirlanayotgan voqelikdan yaxshigina falsafiy xulosalar chiqarasiz. Holat tasvirini chizishda ham originallikka intilishingizni ta’kidlash kerak. Tuyg‘ulari harorati ko‘ngilga iliqlik olib kiradigan “Olapar”, “Fotoapparat va men”, “Yuborilmagan suratlar” kabi quyma satrli she’rlaringiz borligini-da ko‘pchilik yaxshi biladi.

Husan MAQSUD
IQRORLAR YOXUD BUTUNLIK ISTAGI
09

044Assalomu alaykum, Bobur! Omonmisiz? Ro‘zg‘orni g‘or deydilar, shu g‘orning keng yo‘llarida salomat odimlayapsizmi?

Yaqinda borganimiz – o‘sha she’rxonlik kechasida “Fotoapparat va men” degan she’ringizni o‘qidingiz. Bundan besh-olti yil avval sizni aynan shu she’r orqali g‘oyibdan taniganman. Keyin kitobingiz chiqdi, ancha yutuqlarga erishdingiz. Lekin baribir sizni yaqindan bilmasdim – she’rlaringizni ko‘p bor o‘zingizdan eshitgan esam-da, ularni to‘laligicha o‘qib chiqmagandim. Shu bois, hozirgacha yozilgan barcha mashqlaringizni o‘qish istagi tug‘ildi…

Sizga bir sirni aytsam: tabiatan kamgapman. Ba’zi hollarda aytilishi kerak bo‘lgan gapni aytishga nimadir xalaqit berganday o‘zimni g‘alati his qilaman. Buni o‘zimcha andishaga yo‘yaman. Ba’zan So‘z, Adabiyot, xususan, tengdoshlar ijodi haqida nimalarnidir aytgim keladi-yu, andisha qurg‘ur tag‘in shashtni qaytaradi (hatto, bular bora-bora anglab bo‘lmas og‘riqlarga evrildi. Yozganlaringiz haqida gapirib, ora-sirada og‘riqlarimdan-da so‘z ochsam, aybga buyurmang). Shunday bo‘lsa-da, ba’zi mulohazalarni aytishga jazm etdim. Shu bois, aytajaklarimni faqatgina oddiy kitobxon va ijodingizni doimiy kuzatib boruvchi do‘stingizning fikrlari, deb qabul qilgaysiz.

…Kitobingizga kirgan avvalgi hamda so‘nggi bir-ikki yil ichida internet saytlari va gazeta-jurnallarda e’lon qilingan she’rlaringizni diqqat bilan o‘qidim. Besh yil avval “Birinchi kitobim” loyihasida nashr qilingan “Ko‘zlarimdagi dunyo” nomli to‘plamingizdagi she’rlar bilan keyingi yozilgan mashqlaringizni taqqoslab ko‘rdim: xo‘sh, shoir o‘sibdimi? She’rdan-she’rga o‘sganingiz yaqqol sezilmasa-da, lekin so‘z tanlash, ifoda usulingizda yaxshigina sayqallanish bor. O‘zingizni qiynamasdan yozasiz, aql va tuyg‘uning omuxtaligi sezilib turadi.

Yozganlaringizda ko‘zga tashlanib turadigan birlamchi jihat – bu falsafiy mushohada yuritishga urinish. Deyarli har bir she’ringiz shunday mushohadalar zamiriga qurilgan. Haqiqatan, ayrim she’rlaringizda tasvirlanayotgan voqelikdan yaxshigina falsafiy xulosalar chiqarasiz. Holat tasvirini chizishda ham originallikka intilishingizni ta’kidlash kerak. Tuyg‘ulari harorati ko‘ngilga iliqlik olib kiradigan “Olapar”, “Fotoapparat va men”, “Yuborilmagan suratlar” kabi quyma satrli she’rlaringiz borligini-da ko‘pchilik yaxshi biladi.

“Bir ko‘ngil o‘stirsang ichingda…”, “Bir kun yig‘lamasa ahli bolalar…” deb boshlanadigan she’rlaringiz o‘zining pafosi bilan boshqa bitiklaringizdan ajralib turadi. Bir qarashda ularda o‘ychanlik va hazinlik borday tuyulsa-da, lekin mohiyatan lirik qahramonning ertangi kunga, yorug‘ kelajakka ishonchu etimodi seziladi. “Bir kun yig‘lamasa ahli bolalar…” deb boshlanuvchi she’rda maqsad-muddao har bandda takrorlanib keladigan “Bir kun” birikmasi zamiriga qurilgan: bir kun bo‘lsa ham o‘q otilmasa, bolalar uyi bo‘shab qolsa, qaniydi motam bo‘lmasa, ko‘ngli borlar bir-biriga yetishsa, dunyo o‘zini sal kengroq sezsa, deb yorug‘ kunlar kelishiga umid qilinadi. Bu ishonch har band oxirida takrorlangan “O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?” ritorik so‘rog‘ida yanada reallashadi.

Lirik qahramoningiz o‘tmishni mushohada qilarkan, kelajakka umid bilan qaraydi. U e’tiqodda (keng ma’noda) sobit, zamondoshlarini ma’nan komil INSON sifatida ko‘rishni orzu qiladi. Asosiysi, u fikrlashdan, o‘z qalbini o‘rtashdan to‘xtamaydigan shaxs.

…Bilasiz, durustgina she’rlari bilan uch-to‘rt marta matbuotda ko‘rinib, ustozlar nazariga tushgan tengqurlar orasidagi bir-ikki yilni hisobga olmasak, salkam o‘ttizga yaqinlashib qoldik. Ayrimlari ikki-uch to‘plam e’lon qilishga ulgurdi. Ammo… hali hech birimiz o‘z yo‘limizni topolmayapmiz – ijod qolib, hissiyotlarimizni so‘ldiradigan, ko‘nglimizni xiralashtiradigan mayda yumushlarga o‘ralashib yuribmiz. Buni ba’zan tan olgimiz keladi-yu, lekin qaysidir vajlar sabab o‘zimizni oqlashga urinamiz: tirikchilik, yashash ham kerak-da, deb qo‘yamiz… Taassufki, shoir aytganidek, bizni mayda tashvishlar yengayapti. Endi ayting: buyuk orzular, ulug‘ niyatlar qo‘limizga qalam tutqazmaganmidi!?

Esingizda bo‘lsa (besh-olti yil avval), o‘ziga xos ohang va ruh bilan she’rlar yoza oladigan bir nechta tengdosh yigit-qizlar adabiy to‘garaklarda qizg‘in mushoira qilishardi. Ko‘pchiligimiz ularning go‘zal she’rlariga muxlis edik. Ba’zilari ustozlar mehrini qozonib ulgurgan edi. Lekin… Gohida o‘zimga savol beraman: yoniq she’rlari bilan katta umid uyg‘otgan o‘sha yoshlar hozir qayerda? O‘sha paytda o‘zlari kuylagan So‘z va Adabiyotga sodiqlik tuyg‘ulari muvaqqatmidi?..

Savollar iskanjasidan qutulib, o‘zimcha javob izlayman: nazdimda, ularning ko‘pchiligi o‘z iste’dodlarini asrashga ojizlik qilishdi. Ba’zilari ustoz shoirlarning maqtovidan taltayishdi, bora-bora o‘zlaridan boshqani tan olmay qo‘yishdi. Rauf Parfi aytganiday, ularni maqtov – shirin og‘u shirin o‘ldirdi. Ayrimlari minbar shoiri bo‘lish hadisini yaxshi o‘zlashtirishdi: vatan haqida balandparvoz she’rlar aytishni urfga aylantirdilar. Kimningdir bir necha ming nusxada kitobi chiqqach, qalam haqining sururidan havolanib yurdi, yana kimdir turli tanlovlarda g‘olib bo‘lib, diplomu yorliqlar olgach, ularning orqasidan keladigan imtiyozlarga uchib, turli maqomlarga yo‘rg‘alab ketdi.

Katta va butun adabiyotni katta va butun avlod yaratadi. Buni adabiyotga o‘tgan asrning yetmishinchi yillari avlodi misolida ko‘rishimiz mumkin. Endi savol: biz butun avlod bo‘lishga intilyapmizmi? Afsuski, yo‘q! Chunki yuqorida aytganimday ko‘pchiligimiz o‘zimizdan boshqani tan olishni istamay qo‘ydik. Qaqshatqich zarbaga uchrab, sochilib ketgan mag‘lub lashkarning askarlariday tarqoq holda foydasiz tizmalar tizish bilan bandmiz. Ijtimoiy hayotga, adabiy jarayonga shaxdam qadam bilan kirmaymiz, o‘zimizni shoir sanaymiz-u, ammo millat, xalq, vatan oldida nainki shoir, oddiy bir yurt farzandi sifatida arzirli ish qilganimiz yo‘q. Ijtimoiy tarmoqlarda bizni kimdir maqtab qo‘ysa, shu bilan o‘zimizni katta shoir hisoblab, tag‘in yuksaklarga ko‘tarilamiz. Birov aytmaydiki, o‘, birodar, haqiqiy ijod yerdagilarga kerak, pastga tushib yoz, deb… Birinchi navbatda, o‘zimiz shaxs sifatida butun bo‘lishga intilmog‘imiz kerak, deb o‘ylayman. Shundan so‘ng o‘zimizni millat taqdiriga daxldor sezgan holda, bir maqsad yo‘lida birlashmog‘imiz lozim. Butun avlod bo‘lmasak, jafokash millatni, o‘ksik adabiyotni yorug‘ kelajak sari qanday yetaklaymiz!?

Uzr, mavzudan biroz chiqib ketdim. Tag‘in ijodingizga qaytsam. Ijtimoiy tarmoqda e’lon qilingan “Muddao” nomli badiangizni o‘qigandim. Undan iqtibos keltiraman: “Yaxshi she’r qachon esda qoladi? Menimcha, unda yarq etgan voqea bo‘lsagina. O‘sha voqelik o‘z navbatida chuqur ma’no tashimog‘i ham lozim. Baland terakning ildizini qurt-qumursqalar yeb bitirsa-yu, u “qars” etib yerga qulasa – bizga nima, deymiz. Biroq o‘sha terak bir inson siymosi bo‘lsa-yu, o‘z xatolari tufayli yengilib, hammamizga ibrat bo‘lolsa – bu boshqa gap. Aslida she’r birgina misra bo‘lib dunyoga keladi. Qolgan satrlar o‘sha misraning kuchayishiga, mavzu mohiyatini chuqurroq ochib berishga xizmat qilishi kerak”. Fikrlaringizga qo‘shilaman. Bularni ko‘p bor davralarda ham aytganingizni eshitganman. Bu mulohazalar o‘z ijodingizga-da to‘la mos keladi: yozganlaringizni o‘qigan kishi she’rlaringiz haqiqatan bitta misra zamiriga qurilgani sezadi (hatto “Kurash” nomli she’ringizda yuqorida ta’kidlaganingizdek, insonning jisman va ma’nan yiqilishini daraxtning qulashiga mengzagansiz).

To‘g‘ri, ilhom yolqinlari bilan alanga olgan oniy hissiyot – anglab bo‘lmas ajib bir tuyg‘u (fikr) shoir xayoli (ko‘ngli)dan nur tezligida “yilt” etib o‘tadi. Shoir o‘sha kechinmani qog‘ozga tushirmagunicha tinchimaydi. Darhaqiqat, she’rda poetik maqsad-muddao o‘sha bir fikr atrofida birlashib, uning mohiyati qolgan misralar ko‘magida yanada tiniqlashadi. “Kurash”, “Kimyogar do‘stimning o‘ylari”, “Tanga”, “Bitta cholni ko‘rdim sahroda…” kabi she’rlaringizda fikrlar banddan bandga kuchayib boradi. Ko‘rinadiki, ularni bir nafasda, ko‘ngil kechinmalarini aql chig‘irig‘idan o‘tkazib qog‘ozga tushirgansiz. Hech qanday yasamalik, zo‘riqish yo‘q.

Bitiklaringizni sinchkovlik bilan o‘qib amin bo‘ldimki, she’rlaringizdagi lirik qahramon shaxsiyatingizdan uzoq bo‘lmagan odam. U ham xuddi sizday o‘ychan va og‘ir-bosiq inson; mulohazakor, har bir voqelikdan falsafiy xulosa chiqara oladigan tiyrak nazarli shaxs. Bu sizning yutug‘ingiz. Aslida, shoirlik ham shu-da: ijodida shaxsiyati, shaxsiyatida ijodi ko‘rinib turgan qalam ahligina asrlar osha xalq qalbida saodatli yashaydi. Tarixga boqing: hazrat Rumiy, hazrat Navoiy, Pushkin, Qodiriy, Tolstoy, Oybek, Shavkat Rahmon…

Yuqorida ta’kidlaganim – o‘sha badiangizda shunday fikrlar ham bor edi: “She’r yaxlit bir asar sifatida taassurot qoldirmas, uning g‘oyasi avvalo inson qalbida aks-sado bermas ekan, bunday to‘qimalarning bir satri ham yashashga loyiq emas, deb o‘ylaysan kishi”. Siz haqsiz. Erkin Vohidovning “Majnuntol”, “Sevgi”, “Yurak va aql”, Abdulla Oripovning “Munojotni tinglab”, “Bahor kunlarida kuzning havosi…”, “Bahor”, Rauf Parfining “Yomg‘ir yog‘ar, shig‘alab yog‘ar…”, “Uyg‘on, ey malagim…”, “Ona Turkiston” kabi she’rlaridagi misralar shunday quyma va tabiiyki, ulardagi biror so‘zni boshqasiga o‘zgartirsangiz butun boshli she’rning poetik ohoriga putur yetadi. Demak, ularda maqsad asosiy gapni bitta misrada aytib olish emas, balki ko‘ngildan kechgan dardu hasratlarni har bir misra qatiga singdirishga urinish bor (tasodifni qarangki, ustoz shoirlar ushbu go‘zal she’rlarni ayni bizning yoshimizda yozishgan. Qaysi birimizda shunday bitiklar bor?!).

Sizning “Fil falsafasi”, “Karkidon”, “Yuk” kabi she’rlaringiz kishida oxirgi banddagi fikrni aytish uchungina yozilganday tasavvur uyg‘otadi. Ularda ko‘proq oddiy bayonchilik bo‘y ko‘rsatadi: faqat voqeani tasvirlash birlamchi bo‘lib qolgan. Mazkur she’rlarni o‘qiy boshlagan kishi yakunda boshqacharoq xulosa kutadi (shaxsan menda shunday bo‘lgan). Taassufki, so‘nggi banddagi xulosaviy fikrga chalg‘ib, biroz sustkashlikka yo‘l qo‘ygansiz.

Ayrim she’rlaringiz balandroq bitiklaringiz soyasida qolib ketadi: mazmuni bo‘sh. Masalan, “Taqa” nomli she’rda terakdan darvoza yasalgani aytilib, uni kimdir tepib o‘tgani, yana kimdir tayog‘i bilan turtgani (?), boshqa birov esa tilib (?) ko‘rgani haqida gap boradi-da, oxiri:

U eng go‘zal darvoza edi,
Endigina yasalgan damlar.
Taqa uni chindan asradi,
Asrolmadi faqat odamlar, –

degan satrlar bilan tugaydi. Misralar oddiy gapligicha qolgan, ularda poetik ohor, badiiy-estetik yuqumlilik yo‘q hisob. To‘g‘ri tushunasiz degan umid bilan aytamanki, mazkur she’r bilan birga to‘plamingizdagi “Jaloliddin Manguberdi monologi” va “Qo‘llar” kabi she’rlarni ham jiddiy tahrir qilish, qayta ishlash zarur.

Esingizda bo‘lsa, bir tanqidchi akamiz she’rlaringizni eshitgach, ulardagi voqeabandlikni payqadi chog‘i, siz haqda “kelajakda nasrga o‘tib ketishi mumkin”, degan “bashorat” qildi. Tanqidchi domlaning bunday fikrga kelishiga sabab bor edi: haqiqatan deyarli barcha she’rlaringiz syujet asosiga quriladi. Sizda holatdan ko‘ra ko‘proq harakatni tasvirlashga urinish bor. Buni nuqsonga yo‘ymoqchi emasman, bunday usul adabiyotimiz tarixida ko‘p uchraydi. Lekin she’rda faqat voqeabozlikka intilish she’rxonni zeriktirishi mumkin. Shu o‘rinda, barcha sohada bo‘lganidek, badiiy ijodning ham oltin qoidasini eslatgim keldi: nima bo‘lganini emas, qanday bo‘lgani tasvirlash muhim-ku!

Voqeani keltirib, oxirida falsafiy fikr aytiladigan she’rlarda tuyg‘ularga erk bermasdan, aqlga tayaniladi. Bunday she’r esa faqat intellektning mahsuli bo‘lib qolishi mumkin. V. Belinskiyning “M. Lermontov she’rlari” nomli maqolasida poeziya haqida fikr yuritar ekan, ijodning asosi ilhomdir, aql va hisob-kitobning aralashuvi esa ijodga dushmandir, deydi. Olim sof ko‘ngil kechinmalarining aql daxl qilmay turib qog‘ozga tushishini ilhom deyotgan bo‘lsa ajabmas. Darhaqiqat, chin ma’nodagi she’r, avvalo, ruhiyat tasviri, his-tuyg‘u manzarasi bilan to‘yingan bo‘lishi kerak. Shoir she’rda aqlning emas, ko‘ngilning ravishiga bo‘ysunmog‘i lozim, nazarimda…

Bobur, siz haqda yana bir muhim gapni alohida ta’kidlamoqchiman. Odatga ko‘ra, ijodkorning darajasi uning yozganlari, aniqrog‘i, qalamga olgan mavzusining badiiy salmog‘iga qarab belgilanadi. Lekin, aksar hollarda, shoirning pozitsiyasini, So‘zga, Adabiyotga, qolaversa, bashariyat uchun muqaddas va aziz bo‘lgan oliy tuyg‘ularga bo‘lgan e’tiqodi hamda ixlosini qaysidir mavzuda yozmaganligi (aslida, bunga o‘zini ma’naviy haqdor deb bilmasligi) bilan ham anglash mumkinday go‘yo.

Aytmoqchimanki, sizning Vatan haqidagi “jo‘shib” yozilgan “jimjimador” she’ringiz yo‘q. Nuqul o‘ksinib, og‘rinib, nimalardandir bezgan ko‘yi onangizni savollarga tutadigan “nolishnoma”laringizni ham ko‘rmaganman. Xatni olmagani uchun o‘zini haqoratlanganday sezib, qizdan arzu dod qilguvchi oshiq dardlari aks etgan misralaringizni-da bilmayman. Shu fazilatingiz bilan ham boshqa tengdoshlardan ajralib turasiz, desam mubolag‘a bo‘lmas. Demak, siz bu mavzularga mos o‘z jozib so‘zingizni hali topa olmaganingizni anglagansiz. Shuning uchun “kindik qonim to‘kilgan zamin”, “jannatmakon yurt”, “seni yuksaklarga ko‘taraman” degan siyqa misralarni aytishdan o‘zingizni tiyyapsiz. Ona haqida ham tomoq yirtib, har bandda “ona”, deb yasama sog‘inch bilan she’r yozishni ham ep ko‘rmayapsiz (demak, ona haqda eng go‘zal she’rlaringiz endi yaraladi). Sevgini qarama-qarshi jins vakillarining bir-biriga bo‘lgan tabiiy mayli, deb tushunmasligingizni “Tanga”, “Ovozimni yozib oldi bir kishi…” kabi go‘zal she’rlaringiz isbotlab turibdi.

Yaxshi eslayman: 2012 yili “Yoshlik” jurnalida marhum shoirimiz ustoz Abdulla Oripov sizga oq yo‘l tilab, ishonch bildirgan edi. Taskin shuki, siz shu ishonchni oqlash yo‘lida ildamlayapsiz.

Qalbingizni asrang. Yorug‘ she’rlar yaralishida Yaratgan madadkor bo‘lsin.

2016 yil, noyabr, Toshkent.

Bobur ELMUROD
SHE’RLAR
09

Fotoapparat va men

Sen boqqan chog‘ nega odamlar05
Xushsuratdir, kulgidan to‘ygan.
Men termulsam – sarg‘aygan o‘tlar
Va daraxtlar gullamay qo‘ygan.

Sen ko‘z solsang onam ko‘p dilbar,
Otam bardam qad kerib turar.
Men boqqan chog‘ – onam mushtipar,
Otam esa hassada yurar.

Nigohingda do‘stim ulug‘vor,
Bekamu ko‘st turar muloyim.
Men qarasam u bechorahol,
Oqsoqlanib yuradi doim.

Vaqt yalmog‘iz – uchar xotirjam,
Ko‘rganlarim o‘xshamas chinga.
Baxtli bo‘lib ko‘rinay men ham,
Bir zumgina ko‘z tashla menga.

***

Bir ko‘ngil o‘stirsang, ichingda
Yashasa eng buyuk zotlaring.
Ichkariga kira olmasa
Yomonotliq, yomon otlaring…
Ag‘anasa tuyg‘ularingni
Bosib yotgan ming-minglab xarsang.
Aldamasa quloqlaring hech,
Ko‘zlaringga butkul ishonsang.
Bir ko‘ngil o‘stirsang ichingda,
Ichingda bir ko‘ngil yo‘qlasang.
Ko‘z yumsang…
qorong‘u bo‘lmasa
Yop-yorug‘ kunduzda uxlasang…

***

Bir kun yig‘lamasa ahli bolalar,
Bir kun och qolmasa ularning qorni.
Bir kun uzilmasa alvon lolalar,
O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?

Bir kun otilmasa hech kimsaga o‘q,
Jallod ham qurmasa o‘sha kun dorni.
Bir kun motam tugab, kiyilmasa ko‘k,
O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?

Bir kun tirik qaytsa uyiga ohu,
Nish urgan maysalar ko‘rsa bahorni.
Bir kun ilon zoti sochmasa og‘u,
O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?

Bolalar uylari bo‘sh qolsa bir kun,
Dardi qiynamasa bir kun bemorni.
Bir kun kengligini his qilsa ochun,
O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?

Bir kun ko‘ngli borlar qurishsa turmush,
Bir kun ko‘ngli yo‘qlar chalmasa torni.
Balki o‘ngda bo‘lar, yo bo‘lmasa tush,
O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?

Azizim, nima ham berdik dunyoga,
Bir kunlik totgani faqat ozormi?
Qachon ishonarkan hamma Xudoga,
O‘sha kun kelarmi, o‘sha kun bormi?

***

Bitta cholni ko‘rdim sahroda,
Peshonasi yaltirar terdan.
Qum titkilab, issiq havoda
Tangasini axtarar yerdan.

Quyosh nuri so‘ngunicha to,
Ko‘rinmadi yilt etgan narsa.
Chol zorlandi: «Topib ber, Xudo,
Shu tangamni, iloji bo‘lsa.

Nahot shunday chorasiz qolsam,
Mo‘jiza qil, tangamni topay.
Shubha uyg‘otmagin ushbu dam,
Borligingga butkul ishonay».

Bir chekkada yig‘layman tinmay,
Ko‘z oldimdan ketmaydi bu hol.
Nahot hozir tangasin topmay
Yaratgandan yuz o‘girsa chol.

Qo‘rqib ketdim, axir keksa jon,
Yuragimdan o‘tdi bir tuyg‘u.
Bitta tanga otdim chol tomon,
Seni yo‘q deb o‘ylamasin u.

Kimyogar do‘stimning o‘ylari…

Sun’iy gul yasab tongda
Biroz xayolga toldim.
Unda bol izlab kelgan
Arini ko‘rib qoldim.
Buni uzoq o‘yladim,
Tajribam tugaguncha.
She’rda ikki og‘iz gap
Ilmda keng tushuncha.
O‘yladim, moddalarning
Birlashuvi bir chaqa.
Qanday birlashgan ekan
Toshlar bilan toshbaqa.
Ishonmadim muhabbat
Ko‘ngilda yashar desa.
Bilmadim, sevib qolish
Fanda qanday hodisa?
Bag‘ritosh dedi bir qiz,
Oshib ketgandim haddan.
Tuni bilan o‘yladim
Ko‘nglim qaysi moddadan?
Bilmas edim ne uchun
Ko‘zimga yosh to‘lishin.
Bir tomchi yosh qurimay
Qayerlardan kelishin?
Mening gunohim qayda,
Qayda mening savobim.
Gul yasamayman boshqa
Shudir mening javobim.
Sun’iy gulga termulib
Yig‘lab, o‘y surib qoldim.
Axir unda jon bergan
Arini ko‘rib qoldim.

Tanga

Oyni-da tanga qildik,
Shart bog‘lagan zamoni.
Menga qorong‘u taraf,
Senga yorug‘ tomoni.

Shunday bo‘lishaverdik,
Hazil qilibmi boshda.
Ko‘nglimiz bir edi-yu,
Ko‘rgiligimiz boshqa.

Bahorni kutib uzoq,
Yetib qolibmiz kuzga.
Uchib ketardik, ammo
Qanot yetmadi bizga.

Oxir yer tanga bo‘ldi,
Bo‘ying yetgan zamoni.
Senga qay taraf tushdi?
Menga sen yo‘q tomoni.

Kurash

Gavjum edi bu galgi davra,
Hayqirardi tinmay olomon.
Ota kurash tushgan shu palla,
Tomoshaga keldi yosh o‘g‘lon.

Ayyor chiqdi raqibi picha,
Kurash derlar buning otini.
Ota nogoh olomon ichra
Ko‘rib qoldi zurriyodini.

Shunda yodga oldi har doim,
Farzandiga o‘rnak bo‘lganin.
Ko‘rib chidolmadi o‘g‘lining,
Ko‘zi jiqqa yoshga to‘lganin.

Ko‘p chirandi, ammo ishoning,
Yetmas edi raqibga kuchi.
O‘g‘il qarab turar — otaning
Og‘riqlarga to‘lardi ichi.

Ko‘nikolmay bu holga sira,
Bosolmasdi bir dam g‘azabin.
His qilardi o‘g‘il oldida,
Yiqilmoqning og‘ir azobin.

Axir, ayting, yengilsa, uni
Oqlarmidi bir juft qora ko‘z.
Yerda yotgan ota holini
Izohlashga topilarmi so‘z.

Yozgim kelmas hech qolganini,
Yurak sanchar o‘sha joyida.
Axir qulayotgan daraxtni,
Ko‘rish og‘ir nihol poyida.

Yuk

Biz tomonga kelar ikki zot,
Olis tog‘lar bag‘irlaridan.
Biri yoydek egilib borar
To‘rvasining og‘irligidan.

Hamrohining qo‘li esa bo‘sh,
Na yuki bor, na bir nasabi.
Mung‘ayardi xomush negadir
Yuk ko‘targan sherigi kabi.

Chiqar edi turfa xil nigoh,
Sayyohlarning o‘ngu so‘lidan.
Bari bir xil – horigan cholning
To‘rvasini olar qo‘lidan.

G‘amga botar edi bunday payt,
Yo‘ldoshining qorachiqlari.
Og‘irlashib borardi uning
Chap ko‘ksida turgan yuklari.

O‘tib borar odamlar to‘p-to‘p,
Ortda qolar sarg‘aygancha yo‘l.
Nahot ular bitta ko‘ngilni
Ko‘tarishga uzatolmas qo‘l?!

Karkidon

Yashashning qizig‘i qolmagan go‘yo,
Tumshug‘idan sizib oqayotir qon.
Shoxidan ayrilib, olomon ichra
Ketib borayotir bitta karkidon.

Hech narsa yemaydi, chiqarmaydi un,
Kimsasiz tarafga ketar norozi.
Himoya qilgani yo‘q biror qonun,
Shikoyat qilgani yo‘q biror qozi.

U yoqda mushtini ko‘ksiga urib,
Ovchi maqtanadi o‘ljadan sarxush.
Bu yoqda ko‘zyoshi qonga qo‘shilib,
Karkidon yotadi tumshuqlari bo‘sh.

Chorlasam, bu tuproq begona unga,
Qaydan boshqa manzil topayin shu dam.
Axir shoxi yo‘q deb rad etib tursa,
«Hayvonot bog‘i»ning xo‘jayini ham.

Fil falsafasi

Qari filning tanasida,
Yashar edi ko‘plab jon.
Qora qarg‘a, ola qarg‘a
Hamda kulrang ko‘rsichqon.

Ko‘rmagandim — vazminlikka
Bir kun o‘lim yo‘lashini.
Ko‘rmagandim — ulkanlikning
Balandlikdan qulashini.

Qarg‘a qanot qoqdi-ketdi,
Sichqon topdi boshqa in.
Harqalay, bu sinov edi,
Yarmi yolg‘on, yarmi chin.

Og‘ir edi bunday o‘ylar,
Og‘irlashib ketdi bosh.
Filning o‘ychan ko‘zlariga
To‘lib ketdi ulkan yosh.

Yo‘l ko‘rsatib turguvchi kuch
Hayvonda ham yurak ekan.
O‘zing bilan qolish uchun
Ba’zan o‘lish kerak ekan.

***

Ovozimni yozib oldi bir kishi,
Suratkash suratga oldi turishim.
Yaxshiyam ko‘rinib turmas ularga,
Seni ich-ichimdan yaxshi ko‘rishim.
Yomon sharoitda unmaydi urug‘,
Bu gap o‘simliklar ilmiga oid.
Men sening haqingda o‘ylashim uchun,
Faqat ich-ichimda bordir sharoit.
Betob edim bir zum ko‘zimga boqib
Shifokor tekshirdi yurak urishim.
Ich-ichimni yorib, bilmadi jarroh
Seni ich-ichimdan yaxshi ko‘rishim.
Hali manzilingni aytmading durust,
Aytmadim o‘zimning qayda turishim.
Ishqilib Xudoga ayon bo‘lsin-da,
Seni ich-ichimdan yaxshi ko‘rishim.

Olapar

Tunda jala urdi ovulimizni,
Ezg‘in shovulladi og‘ilning to‘ri.
Shu kecha…shu kecha bor qo‘yimizni
Bo‘g‘izlab ketibdi, la’nati bo‘ri.

Endi nima bo‘lar, aqlim yetmaydi,
Otam holsizgina hassada yurdi.
So‘ngra qari do‘stim — Olaparimni,
Mening ko‘z o‘ngimda ayamay urdi.

Bechora, kimdan ham so‘rardi yordam,
Chidadi, aybdor sezdi o‘zini.
Balki tushgandirman uning yodiga,
Faqat men tomonga tikdi ko‘zini.

Mo‘ltirab qarayman keng dalalarga,
Namxush bedalarning bo‘yi muattar.
Barini unutdim, lekin… esimda
Bedazor oralab ketgan Olapar.

Eslayman, Botir-u Yoriltoshlarni,
Ular o‘sha paytlar murodga yetgan.
Mening bolaligim bedazorlarda
Do‘sti Olaparni qidirib ketgan.

Yuborilmagan suratlar

Kuzgi barglar to‘kilar mahal,
Xat olaman sendan odatda.
Unda suratimni so‘raysan,
Meni kulib turgan holatda.

Garchi sabab kerak shodlikka,
Yig‘lamoqqa yetsa-da imkon.
Yuragi bor, shoir odamga
Kulish juda og‘ir, onajon.

Siz bilmaysiz, sabr kosamning
Sabri qanchagacha yetishin.
Siz bilmaysiz, mening qismatim
Goh Orolga o‘xshab ketishin.

Men hayotdan biroz orqada
Qolib ketdim, xayol dastidan.
Kulish odat ekan aslida,
Kulmayotgan odam ustidan.

Bas, sanamang ko‘z yoshlarimni,
Umr qisqa, g‘amlar hisobsiz.
Bu dunyoda inson rolini
O‘ynab bo‘lmas ekan niqobsiz.

Men bilmadim shoirlik bilan,
Balki shodon yashasa bo‘lar.
Ona, o‘g‘lingizdan sanoqsiz
G‘amgin odam yasasa bo‘lar.

Qismat ekan, men qay davrada,
Siz haq degan karvonda qoling.
Men doimo Siz tarafdaman,
Siz haqiqat tomonda qoling.

Kuzgi barglar to‘kilar mahal,
Xat olaman Sizdan odatda.
Unda suratimni so‘raysiz,
Meni kulib turgan holatda.

07

(Tashriflar: umumiy 1 078, bugungi 1)

Izoh qoldiring