Dilmurod Nazar. Uch hikoya

Ashampoo_Snap_2018.03.14_15h24m26s_003_.pngЁзувчи Орзиқул Эргаш тавсияси билан сўхлик ёш ижодкор Дилмурод Назарнинг икки ҳикоясини тақдим этмоқдамиз. Сайтимиз унинг бошқа ҳикояларини ҳам навбати билан эълон қилиб боришини маълум қилади.

Дилмурод НАЗАР
УЧ ҲИКОЯ
07

1.jpgДилмурод Назаров 1984 йилда Фарғона вилоятининг Сўх туманида туғилган. 2007- йилда ФарДУнинг Ўзбек филологияси факультетини битирган. Ҳозирда Сўх академик лицейида дарс беради. . Илк ҳикояси «Олис уфқ»ни 2011- йилда ёзган. Бизга йўллаган хатида ёш ёзувчи ҳозиргача 100 га яқин ҳикоя ёзгани ва уларнинг бирқанчаси Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон, Қозоқбой Йўлдош кабиларга ёққани​ни маълум қилади. Шу пайтгача матбуотда эълон қилинган ҳикоялари: «Ёшлик»да «Сукунат манзили»; «Шарқ зиёси»да «Олис уфқ», «Бўрон қутурган кеча», «Инқилоб».

07

КАЙФИЯТ*

starost2_big.jpgБугун ёлғизликнинг минг биринчи куни, йўғ-е, минг иккинчи… Яна ким билсин? Ҳар ҳолда кампирнинг ҳисобида ҳисоб йўқ, кўнглининг-ку нотайин қарори бор, аммо хаёлининг жилови йўқ. Эртаю кеч ётгани ётган, ёнбошлагани ёнбошлаган, дераза сари қарагани қараган, кутгани кутган. Кундалик ҳамма иши – шу. Барча қиларида бир сабаб бор – кутишидан бўлак. Кутиш. Кимни кутади? Буни ҳеч ким, ҳатто кампирнинг ўзи ҳам билмасди. Бироқ шуниси аниқки, у эртаю кеч кимнидир кутар, баъзан кутишдан чарчар, чарчагандан беҳаловат бўлар; кейин кутмасликка қарор қилгандай кўнгли тиламаган бирон юмушга уннай бошлар ва яна бирдан кутиб юборганини билмай қоларди. Ўзини ўзи тергаб яшашга маҳкум қилгандек ёки кутгани уят ишдек ўзига ўзини кутмаётгандек қилиб кўрсатишга тиришар, лекин беихтиёр деразага хира нигоҳларини юбориб қўйиши, уф тортиб юборишлари, хаёл бўрони остида шалаббо бўлиб кетиб боши узра шоша-пиша соябон тортиши ёки дарров ҳасрат сувидан ҳўл бўлиб кетган сабр кийимини сиқиб-сиқтаб қуруқдек кўрсатишга тиришиши уни фош этиб турар эди. Аслида-ку, ёнида унинг ҳаёти китобини ўқиб ётган жон асари йўқ эди, шундай бўлгач у ўзи соҳиби асрор ва шу асрорнинг жосуси, ўзи айбдору ўзи қози эди. У доимо ўз-ўзидан, ўз хаёлларидан, ўз ноаниқ ва кишибилмас дардларидан қочиб юрар ва ўзи ўз ортидан қувлар эди. Умр карвони тинмай кетиб борар, ўзи бу карвондан ортда қолиб, унга етиб боролмас; карвон узоқ йиллардан бери жазирама бир саҳрога кириб қолганича шунда йўл босар, саҳронинг эса поёни кўринмас; чалажон умри гўё шу саҳро туни бағрида ёқилган умид шами қолдиғи эди. Унинг кутиши саҳронинг тугашига умидни, ўз кутишидан тониши ундан чиқолмай жон таслим қилиш хаёлига бўйин берган одамнинг иккиланишини эслатар эди. Кампирнинг ҳар куни, ҳар туни ана шундай ўтар, бундай чоғда хонада ўлик сукунатдан ва бир бор хуруж қилиб шифтга тутундай ўрлаб, яна чангдай лоқайд инувчи ноумид хаёл зарраларидан бошқа ҳеч нарса бўлмаcди. Ҳатто кампир ўзини бор деб билиб, бордек тутмас, у худди яшамаётгандек одам қилиши мумкин ҳар бир ишдан аллақачон қўлини ювиб киссасига тиққан эди. Хаёллари кампирдан сўраб-нетмай дайди елдек истаган саҳрода кезинар, кўзлари ўзига қараб оқиб келаётган ёруғликни очиқ ҳолда ҳам илғамас, тушларининг-да тайини йўқ эди: туш мамлакатида ҳам кампир бошқа фуқаролардай яшаш иштиёқида тентирамайди. Охирги марта ким билан сўзлашганини, ҳасратлашганини эслай олмайди. Ҳатто узоқ вақт одам сиёқини кўрмаган, анчадан бери бу кулбани вайрон бўлган шаҳар харобаларидай ҳамма унутган ва биров бу ерга қадам ранжида қилмас эди. Аҳён-аҳёнда адашган йўловчидай бу ғарибхона ҳовлисига ўйнабми-қизиқибми кириб қолувчи маҳалла болаларини ҳисобга олмаганда бу ернинг ғамдан рутубат ва сокинликдан ис тортган муҳитидан кампирнинг ўзидан бошқа ҳеч бир жон нафас тортмас эди. Кирган бола ҳам зумда шарпадек ғойиб бўлар, афтидан, бу ҳовли киши дилидаги ҳар бир қизиқишни осон сўндирар, дилига мозористон ваҳмини берар эди. Бироқ кеч куз кунларидан бирида буткул ўзгача ҳолат юз берди. Ҳовлида кампирнинг уйқусида элас-элас эшитила бошлаган оёқ товуши кўзини очганида ҳам йўқолмади. Аввалига нотайин тушлардан бири деб гумон қилган кампирни ўтаётган узун поезд вагонларининг шовқинидай товушнинг бардавомлиги ҳайратга солди. Сўнг бир нарса тарақлади, кимдир йўталди. Бошқа пайтда уйингга қутурган бўри пусиб кирди десанг ҳам қулоғидаги пахтага бармоқ теккизиб қўймайдиган кампир бу сафар бир чўчиб тушди, деразага сергак нигоҳ ташлади, ёстиққа суяниб ўтирди. Хонага эгилиб-букилганча қартайган биров кирди. Кампирнинг юраги югураётган тулпорнинг туёғи зарбидек устма-уст дукиллаб, қотган қони рангини тарк этиб, тили танглайига ёпишиб қолди.

— Қўрқма, – деди у важоҳатига номуносиб оҳангда кампирга, – мен сен юз йил кутган умидингман.

— Сени юз йил кутдимми? – ҳайратдан беихтиёр сўради кампир. У қандай қилиб тинчланиб қолганини, дилидаги ваҳм лашкари қачон пароканда бўлиб кетганини ўйлашни ҳам унутганди.
— Эҳтимол, минг йил кутгандирсан, – ўйчан деди меҳмон.

Вақт ҳисоби учун отланган кампирнинг тасаввури мавҳумлик лойига сирғаниб кетди шекилли, йўқлик ботқоғига бота бошлади. Шундай бўлса ҳам секин:
– Демак, муродимга етибман-да, – деб қўйди.

— Шунақа деса ҳам бўлади.
— Ундай бўлса, ўтир, мен сени меҳмон қилай, – таклиф қилди кампир.

— Бу нима деганинг? Одам ҳеч замонда ўз уйида ҳам меҳмон бўладими? – истеҳзоомиз кулди бегона одам. Кампир анграйиб қолди. Миясига бир нима лоп этиб урилгандек бўлди, аёлга боққучи кўзлари олайди.

— Ҳа, сен адашмадинг: бу уйда сендан бошқа ҳеч ким йўқ.

Шундай деб кампир сари юрди. Келиб уни қучоқладими ё устига ташландими, ҳар ҳолда кампирнинг вужудига сингиб кетди. Кампир аввал карахт ўтириб қолди, сўнг ўзини ўнглаб, ҳар ёқда сочилиб ётган хотира синиқларини йиғиб, ягона хаёл ясашга киришди. Ясади-ю, донг қотди. Онгида ҳар хил хаёллар қулоч ёзиб, кўнглида яна ваҳима қашқирлари изғий бошлади. У ҳамон ётар, гўё ўрнидан турмагандек эди. Дурустроқ ўйлаб қараса, у ҳақиқатан ҳам, турмаган экан, чунки қачон ётганини эслай олмасди. Кўзини очмоқ бўлдию, бунга журъати етмади. Хона қоронғи эди. Тун кирганини ҳис қилди. Атрофида ҳар хил шарпалар ўрмалай бошлади. Юмуқ кўз билан ҳам бошида, ёстиғи олдида қандайдир ёки кимдир унга термулиб турганини, аниқроғи, тиржайиб ўтирганини сезар эди. Кампир дағ-дағ титрай бошлади. Шу ҳолатда қанча ўтганини билмайди, кишиларнинг ғала-ғовурини илғади. Борган сари бу ғовур баландлашиб, зўр шовқинга айланмоқда эди. Кампир диққат билан бирор сўзни илмоқ илинжида қулоқ тутди, лекин асалариларнинг бозорини эшитгандай ҳеч нима илғай олмади. Ҳақиқатан, бу бир бозор эди. Кампир бозорга қачон тушганини ҳам унутиб, издиҳомга қўшилиб кетди. Турли нозу неъматнинг аралаш ҳиди унинг димоғини қитиқлаб, нафсида одамлигини сездириб юборди. Бирор нима емоқ илинжида ҳар ёққа аланглаганча изғий кетди. Зоғора сотаётган аёлдан озроқ нон тиланганди, унинг бетига кўзи тушиб юраги орқасига тортиб кетди. Унинг юзи гўё туман қоплангандай хира тортиб турар, унга қараган сари бу мавҳум хиралик ортарди. Дилини ваҳм босган кампир нари кетди. Бошқа сотувчи ёнига борганди, унинг юзи ҳам худди шу аёлники сингарилигини кўриб қотиб қолди. Беихтиёр ён-верига сарсон нигоҳини юборди. Барча ўтди-кетди билан банд кишиларнинг юзлари қандайдир мавҳум ва эсда қолмас эди. Иштаҳасини унутилган рўмолчадай бозорда тушириб қолдирганча кўчага қараб чопди. Бироқ қалин жангалзорда йўлини йўқотган йўловчидай кўчага олиб чиқувчи дарвозани топа олмади. Нима қиларини билмай ерга беҳол тиз чўкди. Орадан қанча ўтди-ўтмади, кимнингдир анчадан бери минг йиллик йўлдан етиб келаётгандек ўз исмини айтиб чорлаётгани садоси хаёлдан шошқин майнахонасида акс-садо берди. Бошини кўтарди, жони вужудини кўзлари орқали тарк этишига ақли етиб қолди: қаршисида бояги ўзига сингиб кетган аёл қўл силкитарди. Афтидан, уни олдига боришига даъват этарди. Бироқ бу маънига кампир ақли етиб боргунча аёл терс ўгирилди-да, издиҳом ичига кириб кетди. Кампир дилида йўқ жойдан тушган мевадай лоп этиб у билан кетиш истаги пайдо бўлди. Ўрнидан туриб бозор кезиниб, уни роса излади. Шу қадар чарчадики, оёқлари ишдан чиқди. Ерга адойи тамом бўлиб йиқилди… Кўзини очганида каравот устида эмас, гиламда ағанаб ётар, бадани тердан жиққа ҳўл, бошида рўмоли йўқ эди. Хонани йирик пашшаларнинг ғўнғир-ғўнғири босиб кетган, шу қадар пашша бир зумда қаердан келиб қолганини ўйлашга эса касал кампирнинг ҳоли йўқ эди.

Вақт алламаҳал бўлганини англаган кампир ётар жойига бир амал қилиб ўрнашгач, бугунги ҳодисот ҳақида ўйлай бошлади: мунча сарсон айлади ўз ортидан уни имлаган аёл, йўқ, кампир… Водариғ, ким ўзи у?!. Ваҳималанар экан, иситмаси ошарди, юрагини эса сукунатнинг муз ҳарорати эгаллаётганини сеза бошлади. Шу ҳолатда кўзини юмди. Ухлаш учун кўп уринди. Ниҳоят жиловсиз хаёллари туш мамлакати дарвозаларини тақиллатавергач, кампирга тушнинг мавҳум шарпалари ўзларини бир-бир танита бошладилар. Тушида боши тошдан эмиш. Нимага яшаяпман дея ўз-ўзидан сўраса, бардошнинг тагига етиш учун деган овоз келармиш атрофдан. Осмонга қараса, қуёш унга мунғайиб боқармиш. У оламга кўзларидан ғам ёғдирармиш. Ғам нурига чўмилаётган кампир, кўзларидан унсиз дув-дув ёш тўкармиш.

— Мен сенсизман, – дермиш кампир қуёшга қараб, – сен эса менсизсан.

Бу гапдан ғамгин қуёшнинг ҳасрати чандон ошиб, кўзларига келган намни яшириш учун юзини пана қилармиш. Оламни қоронғулик босармиш. Бир-икки қадам босган кампир тубсиз чоҳга қулаб тушармиш. Юраги қинидан чиқаёзганидан дод деб юборармиш. Шунда ҳавога тиқилиб қолиб ёки кимдир уни сочларидан чангаллаганча муаллақ тутиб қолиб, кампир ўзини қутқаришларини тилаб илтижо қилармиш. Мавҳум нажоткор уни чоҳдан тортиб олармиш: қўл қўлга осилармиш, тан танга чирмашармишу қоронғи бўлса ҳам, кампир шарпа аёлни таниб тўсатдан оёғига чаён илингандек сесканиб кетармиш…

Ҳали ҳам тонг отмагани кампирга оғир келди. Энди ухлай олмаслигига ақли етгандек ўрнидан туриб ўтирди ва калима қайтараётгандай қоматини тик тутиб, кўзларини хиёл юмди. Хонада аллақаердан пайдо бўлган тунги парвона айлана бошлади. Бир бор кампирнинг қулоғи билан тўқнашиб кетди, кампир ҳолатини ўзгартирмади. Гўё ваҳм уйини бузиб, ўрнида куч-қудрат майдонини қураётгандай эди. Парвона ўзини дераза ойнасига урди-да, бетоқат пириллай бошлади, сўнг тинди. Кампир хаёлида у юлдузга ёки ой ёғдусига интилаётгандай туюлди. Шу хаёл билан бошини буриб деразага боқди. Дарҳақиқат, осмон ғиж-ғиж юлдуз бўлиб, ойдин кеча эди. Ташқарига чиққиси келди. Бирдан уй эшигининг ваҳимали ва бўғиқ ғийқиллашини эслаб қолиб, унга томон қаради. Гумонига жавоб қилгандай эшик қия очилди. Ташқарида шамол бўлмаса ҳам, кампир буни шамолга йўйди. Лекин қалби бошқа нарсага гувоҳлик бермоқда эди. Кампир жонидан кечган одамнинг ботирлиги билан эшик ортидаги мавҳум хаёлий одамга дағдаға қилди ва ҳозир бориб унинг адабини берадигандек ўрнидан турди. Оёғи қалтирамас, нафас олиши ҳам бежо эмас эди. Бир-бир босиб эшик томон юрди. Ташқаридан оқиб кирган бир қучоқ шабада биров юзига пуфлагандай бир лаҳза кўз очтирмади. Унга хизмат бажо келтираётганига кампирни ишонтириш учун қилаётгандек эшик янада кенгроқ очилди. Кампирнинг хаёлига бозорда йўқолган шарпа келди. Бир лаҳза тўхтади. Сўнг тағин юриб, шахдам қадамлар билан ташқарига чиқди. Ойдин тунда азим теракларнинг барги капалаклардай рақс тушади, туғдайин ҳилпирайди. Кампирнинг юрагига осудалик ина бошлади. Ойнинг тиниқ нурида ерда судралаётган чумолилар аниқ-тиниқ кўзга ташланади. Кампир бир лаҳза улар устига энгашганча кузатди. Чумолилар ҳаракати кундузгидан заиф, лекин ҳарҳолда ғимирламоқда. Бошини кўтариб, ойга боқди. Ажабо, ой ҳам унга боқар эди. Тушида қуёш билан дийдор кўришганди, ўнгида ой билан. Ойнинг юзида қошу кўз борлигини кўриб ҳангу манг бўлиб қолди. Ҳақиқатан ҳам… Ҳатто лаби ҳам бор эди, фақат бу лаблар йиғлоқи боланикидай икки ёни пастга бироз қийшайиб турарди. Кампирнинг кулгиси келди. Шунда ой ҳам табассум қилиб юборди. Кампирнинг кўнгли буткул ёришди. Унга хаёлан муножот қила бошлади. Пичирлаганча калима қайтарар экан, онгида бир нима ярқ этди: ойнинг қиёфаси унга бағоят таниш эди. Ўйлаб-ўйлаб… шалоп этиб совуқ сувга тушиб кетган одамдай жунжикди, борлиғига ҳафсаласизлик илони ўрмалади. Шу ҳолида уйга қайтиб кириб, қайта чўзилди. Ярим юмуқ кўзларидан ой нури сизиб кирар, хаёлида ушбу туннинг ҳам қониқишли, ҳам безовта таассуротлари мавж урарди. Бир вақт ойдан бир нарса осилибми-оқибми тушаётганини фаҳмлади, лекин истаганига қарши кўзларини оча олмади. Шундай бўлса ҳам, нима бўлаётгани кўрарли эди. Ойнинг нур ипларидан бирига осилиб тушгувчи биров тўғри дераза ортига келиб қўнди. Яширинча ойнадан кампирга боқди. Айланиб эшик олдига борди-да, уйга бошини суқди. Киришга иккиланаётгандек пича туриб қолди, сўнг аста қадам босганча кампир ётган каравот олдига келди. Бу ўша шарпа аёл эди. Кампир дилида ҳозир туриб у билан очиқчасига гаплашишга аҳд қилди. Бироқ на қўлини, на сўзлашга чоғлоғлиқ лабларини қимирлата олмади. Ночор қолган кампир чўзилганича қолаверди. Шарпа эса кампирнинг бошига қўлини қўйди. Қўли муздай совуқ эди. Кампир дод деди, бироқ овозини ўзи ҳам эшитолмади. Шарпа ишини тамомлагандек ўрнидан турди, кампир эса ўзига келди. Кўзини очиб, эшикдан чиқиб кетмоқда бўлган шарпанинг қоронғи сиёқига бир бор кўз қирини беришга улгурди. Ўрнидан турганча ортидан югурди. Эшикдан чиқиши билан бировга урилиб кетди. У одам ерга йиқилди, кампир узр сўраганча унинг туришига ёрдамлашди. Шунда унинг ўша аёл эканлигини таниб, қўлидан маҳкам ушлади. Орқасида кимнингдир қиқирлаб кулганини эшитиб борлиғи сесканди. Чунки бу жуда совуқ кулги эди. Юрагида ваҳм зардобини қайнатганча ва қалбида алам гулханини ёққан кўйи бурилиб қараган кампирнинг тиғдай кескирлашган нигоҳи шарпа аёлга қадалгач, адашганини англади. Ўрнидан туриб, унга томон интилди. Энди бозорда эканини англаган, талъатида қочаётган аёлни қуён каби тутиб олмоқ қасдида хонумонини тақдир ҳукмига гаровга берган жонкоҳ нинг шашти намоён эди. Аёл издиҳом ичида сингиб, тағин ғойиб бўлди. Қаерга даф бўлганини сўрагани тўғри келган одамга юзланган кампир анграйиб қолди: ён-веридан ўтиб-бориб турган барча ўша аёлнинг қиёфасида, жамийки одамларнинг юзи уники билан бир хил бўлиб, бутун бозор шарпа аёлдан иборат эди. Кампирнинг ичида фиғон тутуни димланди, юрагида қайнаган задалик ва исён эҳтироси бўғзидан тошиб чиқиб оғзига келди, кўзида қонли ҳалқоб намоён бўлди. Важоҳати сўниб, ҳамма истаку интилишидан ҳам совиб, танҳо ёлғизлик хоҳлаб бозорни тарк этмоқ бўлди. Не тонгки, бу бозордан халос бўлишнинг иложи йўқ эди. Кампир ҳазм бўлмай меъдага беҳузурлик берувчи бемаза таомдек ичида сингимаётган дарду аламларини қусиб юбормоқчи бўлгандай қўш қўллаб қорнини эзганча олдинга интилди. Боши гир айланиб, кафтларини кўзларига маҳкам босди, шу кўйда аввал тиз чўккач, ерга йиқилди. Жон бермоқчидек типирчилай бошлаган кампир устига тўпланган ҳалиги издиҳом аҳли давра қурганча совуқ нигоҳ билан, ундан-да совуқроқ табассум билан унинг аҳволини кузата бошлади. Кампир бу қўрқинч қиёфаларни кўрмаслик учун кучининг борича кўзларини қисган, бироқ қиёфалар унинг онги ойнасига аллақачон ўз расмини чизиб нақшлашга улгурган эди. Энди қоронғиликни кўрмаслик иложсиз бўлгани каби юмуқ кўз билан ҳам уларни кўрар, бу кўриш азобига дош бериш учун наинки тилини, ҳатто тишларини чайнар, дод деганча юз-кўзини юлар, ҳадеб бошини чангаллар эди. Шунда қўли унинг тош бошини ушлаётган ёки силаётган кимнингдир қўли билан тўқнашиб кетдию бегона қўлнинг совуқлигидан кампирнинг жазава олови сув сепилган каби ўчиб қолди.

— Ўзингдан қочяпсанми? – деди совуқ аёл овози.

Кампир кўзини очди. Ўзининг боши устида ўзи турарди. Ён-верида юрган барча айнан унинг – кампирнинг – қиёфасида эди. Кампир жунунваш дард тутган каби қиқирлаб юборди…

Кулгиси овози руҳини яна ўз дунёсига қайтариб олиб келганини англаган кампир тонгнинг яқинлигини туйди. Аллақаерда илк хўроз қичқирди, кампирнинг кўнгил уйида эса умид чироғи ёқилди. Бу чироқ ўз заиф нури билан гўё унинг дилидаги йиллар кимсасизлик лойидан узоқ ва тинимсиз ясаган муз уйни эритмоқчию ёришган хаёллари қўли ила кўнгил уйидаги безовталик деразасига парда тортиб, девоналик қушини қафасламоқчидек кампир ўз қалб даричасидан ҳаёт шабадаси эсиб кира бошлаганига ишонди, дил уйида қаноат сепини ёймоқ бўлди. Бошини узоқ қоплаб ётиб совуқ қотирган ваҳм тумани тарқалиб, хаёлот дарёси илк баҳор тонгидагидек яна ўз йўлида оқаётганини ҳис этди. Сувнинг шаффофлигида қуёш жилваси акс этар, нурга тўйинган қатралар кўпириб мавжланарди. Унинг дили булутлари чекинган кўклам осмонидай тозарган, қалби денгиздай чайқала бошлаганди, қуёш билан бўлажак муқаррар учрашувини эслаб интиқ юраги ҳаприқди.

Кампир тонгни кута бошлади. Саҳарга яқин кўзи илинди. Туш кўрса, қуёш чиқмаганмиш…

2016 йилнинг апрел ойи – 28.09.2016 й. туни.

* Ҳикоянинг  устоз Қозоқбой Йўлдош таҳрири асосида тайёрланган варианти

ИЛИНЖ

Шўх эсган шабада тупроқ билан аралашиб-қалашиб ётган ҳовли юзидаги чанг-чунгни тўзғитди. Ғубор қўпиб, анчадан бери офтоб шуъласини ўзида акс эттирмай қўйган дераза ойнасига бир бор ёпирилди. Сўнг тағин тарқай бошлади. Даҳлиз ичи очиқ эшикдан тўсқинсиз оқиб кираётган нурдан чароғон. Титилиб кетган шолчадан анқигувчи ҳид кун иссиғига дош беролмаётгандек ўткирлашган. Оғил эшигидай ташқарига – даҳлизга очиладиган эшикдан уйдаги шароит яққол кўринади.

Уйдан ҳар замонда эшитилиб қолувчи инқиллаш тиниб, одатдаги пичирлаган товушда узоқ тиловат бошланди. Пружинанинг ғижирлаши тиловатга нуқта қўйгандай узоқ жимлик чўкди.

Ташқаридан қулоққа чалина бошлаган эътиборсиз сас баландлаша бориб, зумда ҳорғин қадам товушларига айланди. Даҳлизга кимдир кирди. Оғир ва эҳтиётсиз қадамлар остида шолча бурмаланди. Киргучи даҳлиздан уйга ўтди-да, уй эшигини беилтифот итарди. Эшик ёпилганда кесакисига ёндош девордан озроқ тупроқ кўчди.

Хирилдоқ овоз нимадир деди. Ортидан дағал товуш жавобан қаттиқ уфлади. Сўнг жимиб қолишди. Гугуртнинг асабий чақилгани эшитилди, даҳлизга тутун бурқсиб чиқа бошлади. Сигарет ҳиди даҳлиздаги чиринди ҳидига қўшилиб, лоҳас қилгувчи қулансага айлана борди. Эшик бир букилиб очилганда ичкаридан ялиниш садоси янгради. Жавобан уй эшиги тарақлатиб ёпилди. Қаттиқ зарбга дош беролмаган кесаки эшикни ўзида ушлаб қололмади – эшик қайта очилди. Ҳовлига кўчган қадам товуши узоқлашиб борди-да, ўчди. Уй ичида пиқиллаш эшитила бошлади…

Ташқарида чумчуқлар чуғурлади. Ортидан баланд беҳи шохида ҳакка узоқ шақиллади. Бу шақиллаш уйдаги йиғини кесди. Бошланган осудалик уйдаги қулоқларнинг динг бўлганидан дарак бермоқда эди.

Ҳовлидаги баланд икки туп терак тағин эса бошлаган шабадага мос йўсинда сокин чайқала бошлади. Теракларнинг шовуллаши уйдаги сукунатни босиб тушди.

Хаёллар шовуллашларга қўл берди. Бирдан михланган дераза ғийқиллаб очилди-ю, ташқарига хаёл учиб чиқди. Шабада шуни кутиб турган эканми, хаёлни дарровда юксак-юксакларга тортқилаб кетди. Хаёл ҳаяжондан энтикди. Теракларгина эмас, узоқ-узоқлардаги дарахтларгача чайқалиб-чайқалиб кетди. Осмон бағри анча кенг эди. Хаёлнинг ёпиқ дили сўкилди. У ердан қийқириқ отилиб чиқди, атрофга кулги таралди. Юксак-юксаклардаги орзу бўй кўрсатди. У чопқир тулпорини сакратганча само бўйлаб югурар эди…

Анчадан бери жимиб қолган чумчуқлар тағин бир чуғурлади. Бир жуфт мусича осмондан йиқилиб тушгандай париллаганча чуғурлашаётган чумчуқлар ёнига келиб қўнди…

Мусичалар билан бирга хаёл-да осмонидан қулаб тушган, уй ичра қайта қамалган, уни само сари чорлаган шабада ҳам тинган эди. Ширин рўёдан кейинги бедорлик каби армон ҳам шолчадаги жирканч чангдек қайта бош кўтариб, орзунинг пайини қирқди, уйда оғир сукунат қарор топиб, мавҳум ғам ягона кайфиятга айланди.

Уйда чойми-сувми шириллатиб қуйилди, ҳўпланди, сўнг идишнинг стол устига қўйилгани эшитилди. Бўғилгандан кейинги нафас олишдай ҳаво қаттиқ ютоқилди.

Ташқаридан кирибми-уйда қўнган жойидан бош кўтарибми ғинғиллай бошлаган пашшанинг шовқини зум ўтмай зўрайди. Ортидан яна бир пашша унга жўр бўлди. Пирпасдан кейин уйга ёпирилиб кирган пашшалар бозори авжига чиқди. Энди тез-тез кафтнинг кафтга урилган, пуфлаган, юмшоқ бир буюмнинг қандайдир қаттиқ жисмга жонсиз теккан товушлари эшитила бошлади. Охири хирилдоқ товуш асабий ғингшиди.

Кечга яқин офтобнинг тафти кесилди. Кун хира тортди-да, олис тоғ ортига бота бошлади. Уйдаги пашша камаймаса ҳам, шовқини эпақага келди. Шовқинга ўрганилганидан, шунингдек, чарчалганидан бироз тин олинди. Уйнинг ичи дим эди. Тер ва эски дориларнинг ҳиди анқирди. Юмилган кўзлар шифт юзини ёпди, лекин нигоҳдан буюмлар ва жонлиқларнинг шакл-шамойилини яширолмади. Нигоҳ марказини банд қилиб олган тасодифий шакллар ўрнини секин-аста сув эгаллай бошлади. Бирдан сув юзига илинж қалқиб чиқди. Нигоҳ сув сатҳи кенгликларини чегаралаб ололмади. Бу кенг уммон эди. Илинж уммон узра аллақачон чўкиб кетган кемадан қолган бир арзимас чўп мисоли эди. Сузаверганидан шалаббо ҳўл бўлиб кетган эди бу чўп. Эзғилаб ташлагулик даражада юмшаб бўлганди. Фақат бир қўл уни ушлаб олиб эзиб-эзиб ташлаши ёки синдириб тилка-пора қилиши кифоя эди. Бу кетишда чўпнинг чириб битиши оламга ҳам, ўзига ҳам аён эди. Бироқ унгача сузиш ёқимли эди. Оқим ҳукмида бўлса-да, сайр қилиб олиш мароқ бахш этарди унга. Ниҳоят бир куни осмонда қандайдир қуш пайдо бўлди. Узоқ сузган илинж қушга боққанидек қушнинг нигоҳи ҳам унга тушди. Тушди-ю, дарҳол у сари интилди. Келиб устига қўнди. Лекин оёқлари сувга ботиб кетди-да, қайта ҳавога кўтарилишга мажбур бўлди. Тумшуғини оёқлари орасига киргизгудек чўзиб пастлатганча илинжга боқди. Ҳафсаласи пир бўлди шекилли, учиб кўздан йўқолди. Илинж эса қуш қўнган маҳал ўзи ҳам сезмаган ҳолда сувга ботган эди. Энди фақат бир томони сув юзида қалқир, ҳадемай ичига тўлиб кетган сув оғирлигидан уни уммон қаърига абадий тортиб кетиши муқаррар эди. Лекин… Лекин илинжнинг чеҳрасида умидсизлик эмас, табассум порлади. Чунки чексиз қудрат тимсоли уммон бағрида ҳалок бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бу ҳоли билан у гўё машаққатли ишқ йўлини қатъ қилиб, ниҳоят ёр оёғи остида жон фидо қилаётган ошиқни эслатарди…

Кучли босим билан оқиб кирган ҳавога дош беролмаган ўпка неча қайта қисқариб-узайди: ютоқиб, ҳаллослаб, узуқ-юлуқ ва пала-партиш нафас олинди. Хирилдоқ овоз янгради: дуо қилинди, мадад тиланди, тавба-тазарру келтирилди.

Аллақачон шом чўккан эди. Ғариб уй ва даҳлизнинг тунги ёпилиш олдидан очиқ турган эшиклари орқали ҳадеб илинж мўралар эди. Кутиш илинжга бир он қўним бермас, озроқ тин олгани ерга чўкди дегунча хавотир дийдиёсини бошлаб қолар эди. Тун ҳам шитоб билан кириб хавотир туманини қуюқлаштириб юборди. Энди у туман ичра совуқ-совуқ хаёллар бўй кўрсата бошлади. Ҳаловат бундай оқшомларда афсона туюлувчи баҳорги мунаввар боғлар қўйнига бош олиб кетган эди. Уни чорлаш учун овоз етмас, чунки у боғларга қараганда Кўҳи Қоф яқинроқ эди…

Узоқда аллақандай кўппак акиллади. Сўнг тўрт тарафдан бирваракайига бир нечта итнинг вовуллагани замонни тутиб кетди. Ерни дупур-дупур босганча, лекин елдек яқинлашиб келди-да, ҳовлини зўр шовқин-сурон қоплади. Юрак қаъридан бош кўтариб чиққан қўрқув айнан шу юракнинг жон томирини қирқиш учун томоқдан олиб бўға бошлади. Барқарорлик пардаси йиртилиб кетиб, умид қоронғи уйнинг қай бурчагига юмалаб йўқолганини билиб бўлмасди. Ҳаёт аянчли аҳволда чуқур бир ботқоққа бота бошлади. Шунда илинж йилт этди. Нигоҳ унга тушди ва иккиси бир-бирига қўл чўзди. Илинж жон риштасига осилиб қолди. Ботқоқ қанчалар бераҳм ва очкўз бўлмасин, ўлим шамолини бошлаб беролмади. Ҳаёт нашида қилди. Чўккучи қайта ер юзига чиқиб келди. Қўрқув пардаси чекинди…

Итлар, умидсизликнинг кутганидек, уйга бостириб кирмай, уришиб-ғажишганча кўп ўтмай ҳовлидан йўқолди…

Тағин бир осудалик инди уйга. Роҳатсизлик ўрнини роҳат олди. Хаёл суви анча тиниқланди. Унда илинжнинг акси анча ёрқин липиллай бошлади. Нигоҳ уни қарийб умид деб юборди. Бироқ бу илинж эди холос. Умиддайин гўзал бўлмаса-да, ҳар ҳолда илинж ҳам пайти келса ҳузур бера олади. Ҳозир шу ҳузурнинг тоти сурилар эди…

Кўзлар илинган, хаёл жилови ўз ҳолига ташланган, табиат ёлғиз жон устида танҳо ҳукмронга айланиб, қўрқув, хавотир каби ҳислар ҳам мудраган пайт. Дарвозанинг қаттиқ ва чўзилиб тарақлаши биринчи бўлиб ҳадикни уйғотиб юборди. Ҳадик ётган жойидан сапчиб кетди. Қўрқув дилга илондай ўрмалаб кирди. Нигоҳ уйга нохос қамалган қушдай ўзини қай ёққа уришини билмай қолди. Тарақлаш тиниб, ҳовлида аввал оғир, аммо бетартиб қадам саси, сўнг уй яқинидан тупурган, ҳиринглаб кулган ва хиргойи қилган товуш эшитилди. Бегона балони қарши олиш учун ўзига қалқон қидирган уйдаги заиф журъат енгил тин олди, таранг тортилган эшитиш торлари бўшаштирилди. Шу баробарда кайфият ҳар кун кечқурун бўялиб олиши тақдир қилинган одатий ранг ҳидини туйди, кўнгилда эски безишликнинг қуртлари ўрмалай бошлади…

Ташқаридаги анча вақт куймаланди, ғўдранди, сўкинди. Эшикка яқин келиб қаттиқ қоқилди. Ичкаридаги юрак осмонни кўзлаган коптокдай қаттиқ сапчиб, кўкрак деворига урилиб қайтди. Оёқ товуши даҳлизга кўчди. Даҳлиз ичи тандан анқиётган қуланса бир ҳид билан қопланди. Ўзидан чанг тўзғитганча ҳали ечилмаган туфлига илашган шолча оёқ билан бирга уй эшигигача судралиб борди.

Эшик очилганда қоронғи ичкаридаги нигоҳ ташқаридан келган нигоҳ томон оқди. Лекин келгучи нигоҳ шифтда, ерда, деворда – ҳар жойда қўним тополмай айланиб юрар, бу кетишда қўнар манзили ноаён эди. Ичкаридаги нигоҳ ҳолатни дарровда англади ва аҳвол билмоқ истаб сўзга ишора этди.

Қадам олишда қийналингани учун оёқ остига тўпланиб қолган кир шолча ундан ҳам кир оёқ томонидан қаттиқ тепилди. Мувозанат оёққа чап бериб, ўхшовсиз тан уй ичига гурсиллаб йиқилди. Бир марта ингради-да, жимиб қолди. Илинж қуши пирр этганча ёпиқ деразадан учди-ю кетди. Бу ҳолдан уй ичидаги темир тўшак устида ётган тан ҳушини йўқотаёзди. Сўнг ҳавога учган чумчуқдек қисқа вақтгагина танни тарк этган илинж қайтиб дилга қўнди. Қўнди-ю, даҳшат селини тошириб юборди. Бу сел тўғонни бузгандай қилиб каравот устида ётган танни пастга итариб-думалатиб ташлади. Сичқону эскилик илма-тешик қилиб юборган кир-чир гилам узра чўзилиб қолган тан жон бериб-жон олар ҳолатдаги уриниш билан майитдай беҳаракат қотган бесунақай жисм сари интилди. Узоқ вақт ётилаверганидан мадорини аллақачон йўқотган қўллар сузаётган кишиникидай олдинга галма-гал чўзилганча ўзи ўсиб чиққан танни судраб кета бошлади. Тан бу кўринишида ўрмалаётган жонзотни эслатар эди. Судралар экан, тан ўзига қачондир ўраб қўйган ёпинчиқ очилиб кетиб орқада қола бошлади ва тезда тандан буткул ажралди. Шунда ҳаракатдаги таннинг ҳақиқий шаклу шамойили гилам узра ястанди. Тинмай нола чекаётган, ўзи талпинаётган бесунақай жисмнинг қайта қимирлаши ҳамда оёққа қалқиши учун ўзидаги чалажон қушдай жонни тинмай қалбан нисор қилаётган бу тан шифтдан қараганда шу ҳолича қўллардан, бошдан, бўйиндан, кўкракдан, белдан ва ниҳоят дўмғазадан иборат эди. Агар бу ҳолни бегона бир кўз четдан туриб кузатганда таннинг нигоҳ қамровидаги масофадан думи узилган илондек бундай муддатидан олдин судралиб ўтиши дилни бирдан сескантириб юборишига амин бўлар эди…

18.12.2016. соат – 21:44. Сўх.

ҚУТУЛИШ

Онамнинг Руҳи Покларига бағишлайман…

Ўзунгдин ўзни қутулмоққа жаҳд қилғил…
Алишер Навоий

Бундай ўрмонни умримда энди кўришим. Қаерга қараманг, дарахт. Дарахт бўлгандаям ҳар бири юлдуз билан бўйлашгудай. Дарахтларнинг асрий соясидан кундузи ҳам ерни дурустроқ кўриб бўлмайди. Бошида нима қиларимни билмай қолдим. Албатта мақсадим – нимадир қилиб бу беомон жойдан қутулиб кетиш эди. Бироқ буни қандай амалга ошира олардим – ана шу наздимда ечилмас муаммо эди. Таваккал қилиб дарахтларни оралаб бир тарафга юрдим. Юриш осон эмасди, зеро бу ўрмоннинг илк қадам ранжида этгувчиси ҳам, биринчи бора бағрида адашгувчиси ҳам ўзим эдим. Бир-бирига зичланиб ўсган, тарвақайлаган дарахтлар шохлари орасига қийналиб суқилар, ўзимга бир амаллаб йўл очар эдим. Бироқ бу уринишим узоққа бормади, мен ҳолдан тойиб йиқилдим. Бу кетишда тирик қолмаслигимни англаб руҳим синди. Ўзимни шу ўрмондан, бундан ҳам, мана бу ноумидлик дастидан қутқазиш учун уйқу истадим. Чалқанчасига ётиб, кўзларимни юмдим. Қани энди, уйқу келса-ю, мени элтиб кетса. Олис осмонларга чиқиб парвоз этмасмидим? Кенгликлар оша югуриб юрмасмидим?..

— Сен ўзингда бор нарсани истаяпсан.

Мен чўчиб тушдим. Гапирган одамни қидириб бош кўтардим.

— Ким бу?!.
— Наҳот мени кўрмаяпсан?

Бошимда тиккайиб турган қандайдир ўсимликни – ҳа, танидим! – кунгабоқарни кўрдим. У худди устида яланг осмон ястанган ҳамма кунгабоқарлардек бошини кўтариб олган бўлса-да, дунёдаги бирор кунгабоқарга сира ўхшамасди. Чунки у бағоятда гўзал эди. Бу жиҳатдан уни оддий қилиб “кунгабоқар” деб номлаш ўта қўполликдай туюлиб кетди-да, унга жавоб қилишда тутилиб қолдим.

— Эҳ, сенмидинг? – дедим ниҳоят кўнглимга келган гўзал исм сабабли завқланиб кетганимдан уни ҳар куни кўриб юргандек кайфиятда. – Мен шу ўрмондан қутулиб чиқишим керак.

— Сен ўзингдан қутул.
— Нима? – анграйдим мен. – Тушунмадим?

— Сени ўзинг асир этиб олган, шундан қутулиб кўр демоқчиман.

Ниманидир илғагандай бўлдим. Лекин нимани – буни ҳали тушуниб ололганимча йўқ эди. Фақат шуни айта оламанки, узоқ кўрмаган дўст дийдорига етгандай кўнглим дарровда илиди, кайфиятим тикланиб, кўзимда ҳайрат порлади. Бу ҳайрат кунини тунидан ажратиб бўлмайдиган чексиз ўрмон бағрида кунгабоқарни учратганимдан эмас, балки унинг бу қадар зебо, жозибали ва бетакрор эканлиги туфайли эди. Кутилмаганда тақдир инояти билан ўрмонимга ташриф буюрган ёки бирдан намоён бўлиш орқали ўзининг ҳаётимда борлигини билдирган бу хилқатнинг ҳуснига дилим тасаддуқлар келтира бошлади, ҳозир эшитган сўзларим асар қилган ақлим эса ярқ этиб очилиб кетгандек бўлди. У айтган “қутулиш” борасида жиддий ўйга толдим. Ўйлаганим сари вужудимда илгари сезмаганим бир куч ҳис қила бордим-да, бир неча лаҳзадан сўнг ночору нотавон кўрингучи ўзим кўзимга чексиз қудрат эгаси туюлиб кета бошладим.

— Рост айтасан, Гулим! – дедим оламимга янгилик келтиргучига қараб қувончданми – ўз-ўзимга туғилган ишончданми кўзларим порлаб.

Ўрнимдан турдим-да, дилимдаги ўрмонни тарк этмоқ ҳақидаги ниятим ўт олиб менга шиддат ато этгандек олға интилдим. Гўё дарахтлар ўзларича сурилиб менга ёрдамлашаётгандек боягидек шох суриб йўл очишда энди қийналмас, борган сари ишим ўнгланаётганидан севинар эдим. Кун бўйи тер тўкдим ва ўрмонни анча ичкариладим. Кеч тушди. Эртага бугунги қилган машаққатли меҳнатим самарасини кўриш илинжида ётгани ўт-ўлан устига чўзилдим.

Чарчаганимдан, шунингдек, ишим бароридан келиб кайфиятим яхшиланганидан тезда уйқуга чўмдим. Бир пайт аллақандай товушдан уйғониб кетдим. Кўзимни очганимда ҳаммаёқ зулматга бурканиб ётар, фақат аллақандай нола сукунат бағрини тиғлар эди. Нола шу қадар эзгин ва дил тирновчи эдики, уйқум ўчмаганлигига қарамай, қандайдир оғир дард дилимда вулқондайин уйғониб келди. Сўнг юрагимни бураб-чирмади-да, тубига зилдай чўкди. Ички дунёйим қоп-қора зулматга чулғанди, ундаги кўнглим қуши созлагучи умид тори узилди. Қалт-қалт титрай бошладим, хуруж қилиб келаётган йиғи тўлқинига қарши ҳолим-да қолмади. Юм-юм йиғлай, бироздан кейин нола чека бошладим. Энди қоронғи жангалзор қўйнида икки нола янграб, бири иккинчисидан руҳ олмоқда эди.

Эрталабга яқин тун бўйи хуруж қилавериб кучдан қолган шамолдек ичимдаги дард бўрони тинди, кўзим қуриётган жилғадай ёш тўкишини қатъ этди. Ўрмондан чиқаётган нола ҳам тонгги шовуллашлар орасига сингиб кетди. Мен учун кечаги куннинг давоми бошланди.

— Ўзингни ўрмоннинг ҳукмига қўйиб бер, – деди Гулим.

Мен фикрлашларга, саволларга, шубҳаларга ўрин бермаслик учун ишга киришдим. Икки қўлимни зичланиб ўсган шохлар орасига тиққан кўйи ўзимга осон йўл очар, йўлим илгарилаганини кўриб севинар, ортимда қолган йўлга худди ўтган умримдек бир нигоҳ ташлаб қўяр эдим. Бугунги куним ҳам худди кечагидек ўтди. Тун кирганда эса нола тағин уйқу уйига ўт қўйди. Яқини бемаҳалда қазо қилган жигарвашдек тағин тун бўйи мотам тутдим.

Аввалига мен кун санар, қачондир ўрмонни тугатиб ялангликка чиқишимга ишонар эдим. Бироқ орадан неча йиллар ўтди ҳамки, мен йўл очишда давом этардим. Шунда ҳам мендаги қудрат ўз-ўзимга бўлган ишончимга дарз етишига, тушкунликка тушишимга йўл қўймас эди. Кунларнинг бирида бошимда ажиб ҳол юз берганлигини: бир жойда иккинчи бора ишлаётганимни, қачондир очган йўлимни бошқатдан очаётганимни англаб қолдим. Бу ер кечаси илк бор нола билан учрашган жойим эди. Шунда бу ўрмондан ҳеч қачон чиқиб кетолмаслигимни фаҳмладим. Фаҳмлашим ҳамоно қачондир юрагим тубига чўккан дард минг чандон оғирлашди ва мени, бутун вужудимни, пастга тортиб кета бошлади. Мен чалқанчасига йиқилдим-у, ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келганимда аллақачон тун чўккан, ён-атрофимда ҳар доимгидек ҳеч ким йўқ эди. Мен қай ҳолдаман, нима қилиб ётибман – англаб улгурмасимдан, кимдир қаттиқ кулиб юборди. Ётган еримда бир сапчиб тушдим. Бу аллақандай қувноқ, жарангдор ва айни чоғда, сирли кулги эди. Кулги бутун ўрмон бўйлаб қайта таралганда дилимда ғалати қизиқиш, шайдоликка ўхшаш бир ҳол бош кўтарди. Негадир ич-ичимдан кулги қуйилиб кела бошлади. Лабларим қулоқларимга довур ёйилди, томоғимда қаҳқаҳа қайнай бошлади. Энди ўрмон бўйлаб икки ёрти бир бутун кулги жаранглар эди.

— Мақсадимга етолмайман, чоғимда, – дедим Гулимга эрталаб ҳамма нарса аслига қайтганда.
— Чунки мақсад ўзи нима – билмайсан, – деди у.

Мен ўйга толдим. Ҳақиқатан, агар мақсадни тўғри қўйишни билганимда аллақачон унга етардим. Ахир бутун ўрмонни бир бора айланиб чиқдим-ку. Бунинг учун ярим умрим ўтиб кетган бўлса ҳам, ажаб эмас.

Дарахт шохларида аллақандай қуш сайради. Садоси шу қадар хуш эдики, мени сархуш этди. Қуш садоси узоқлаша-узоқлаша йўқолганда ичимда қониқишсиз мубталолик ҳолати ҳукмронга айланганди.

– Нечун кетдинг мени ташлаб!? – дедим ошиқлар каби бу ерлардан аллақачон қораси ўчган қушга хитобан.

— Сен ҳам ташлаб кетмассан? – деди Гулим.
— Кимни? Нимани? – ҳайрон бўлдим мен.

Гулим жавоб бермади. Демак, ўзим топишим керак бу саволга жавобни.

Бу орада ичимдаги мубталолик қуши уйга қамалган чумчуқдай дилимнинг тор бўшлиғида гир-гир этганча узоқ айланди. Охири чарчаганидан бир текислик топиб қўнди. Қўнган жойи дилимнинг қудрат танда қурган-у, ҳозирда мудраб ётган палласи эди. Мубталолик қуши қудрат танини сезиши билан ўзидаги ҳадику ноумидликни абадий йўқотди. Ишонч унда шу қадар муқим мақомга айландики, нигоҳлари беихтиёр дилимнинг устки деворларини бемалол ошибми-ёрибми чиқди-да, кенг осмонни кўриш бахтига мушарраф бўлди. Қушнинг боши бахтдан айланди, кўзлари мастона сузилди, қанотлари оёғи остидаги қудратдан куч олди. Қуш мақсад йўлида жидду жаҳд айламоқ учун олис парвозга шайланди. Бу ҳолида уни нимжон чумчуққа эмас, олис саёҳатга чиқаётган лайлак ёки ўлжаси устига ташланишга шайъ бургутга ўхшатиш жоиз. Мубталолик қанот қоққанча дилим деворларидан тўсиқсиз ўтиб кетди, осмон тоқига етди, бутун жаҳонга беармон нигоҳ ташлади-да, олам бўйлаб сайрга чиқажагини эълон этгандек қанот қоқиб кетди.

— Мақсад қандоқ бўлишини кўрдингми? – деди Гулим қанот қоққанча осмон бағрига сингиб кетаётган мубталоликка боқиб қоларканмиз. – У энди висол нималигини ҳам тушунди, англади.

— Оҳ! – деб юбордим мен бирдан бутун танамни чулғаб олган қудратдан сархуш бўлиб мастлардек кўзларимни суза бошларканман. – Қуш киби учгум мен ҳам!..

Қанот қоқдим. Оёғим бутун умр мени кўтариб юрган ердан узилди, танам юқорилангани сари ҳаяжоним ҳам чандон оша борди. Мен қанот қоқа-қоқа тиккасига кўтарилишда давом этар, заминдан олислашиб кетаётганимни кўриб, чексиз завққа тўлардим.

— Яшасин парвоз! – ҳайқирдим мен. – Бор экан-ку озодлик!

Бироқ овозим дил тубимдан озодликка чиққан қушнинг ғалаба қилгандаги чуғуридай олис-олисларга тарқалиб кетмади, самонинг чексиз бағрида сингимади, қуёшдан тўкилаётган нурга нақшланмади. Зеро, мени ҳали ҳам қалин ўрмонзор дарахтлари иҳота этиб турар, ҳар қанча баландлашмайин, дарахтлардан-да юқорига – кенгликка – ошиб чиқиб кетолмагандим. Дарахтлар худди ҳар бири осмонга устун қилиб қўйилгандай ёки само бағрига кириб кетгандай учини ҳеч кўрсатмаётган эди. Бу ҳолни кўргач, тарвузим қўлимдан тушиб кетди, дарахтларнинг тугаб, кенгликка етиш умиди каби қутулиш орзуси ҳам хаёлга жилва қилгучи сароб эканлиги аён бўла бошлади. Шунда мен бир қарорга келмоқ учун ақлу ҳушимни йиғдим. Тик учганча етиб борган жойимда муаллақ тўхтадим-да, пастга назар ташладим. Ер шу қадар узоқлашиб кетган эдики, энди унинг тубига нигоҳларим етиб боролмас эди. Бошим гир-гир айлана бошлади. Бир лаҳза “Ҳозир ҳолдан тояман-да, қудратимни қўлдан бераман, сўнг тушиб кетиб чил-чил синаман” деган ваҳима бутун вужудимни қамраб олди. Шу чоқ ўрмондаги ўт-ўлан устида ётмоқ ҳам дунёдаги энг ажиб неъмат бўлиши мумкинлигига ақлим етди.

— Қудрат билан чин ақл бир-биридан айро эмас! – олисдан келди Гулим овози. – Қўрқув эса чин ақл билан мувофиқ эмас.

Ажабо, мен Гулим овози илк бор ўзимдан анча йироқдан эшитилаётганига гувоҳ бўлмоқда эдим. Бир лаҳза кўзимни юмдим. Мени ердан узиб кўтарган нарса қудратим эди, нега энди яна қудрат воситасида иш кўра олмасман?

Мен қоядан денгизга ташланган ғаввосдай ўзимни бўш қўйиб юбордим, ихтиёр жиловини ишонч қўлига топшириб, эрк риштасини қудрат пойига пайванд айладим…

Узоқ сафардан қайтиб ниҳоят тўшагига етган соғингучидай ўт-ўланга ёнбошладим, бундай ҳузурни умримда энди туя бошлашим эди.

— Қаноат – мақсаднинг ўзи эмас, унга етмоқ учун йўл, – деди Гулим.

Мен ирода билан қайта шартнома туздим. Иродам менга хоҳиш қўлида асир эканлигини, мустақил тарзда ҳеч бир қарор қабул қилолмаслигини иқрор қилди. Хоҳишнинг эшигига бош уриб бориш эса ноқулай туюлди, шаъним бундай оғир юкни кўтаролмаслигини очиқ тан олди. Нима қилишимни билмай қолдим.

— Одам ўзида йўқ нарсани ташқаридан олишга интилади-ку? – деди Гулим.

— Оҳ! – деб юбордим тағин. – Менинг ички оламим – бир қўрғон. Бу қўрғонга ҳатто ўзим ҳам киролмайман…

— Чунки қўрғоннинг эгалиги сенда эмас…

Бу гапдан онгимда чақин чақнади. Кўзларимни юмдим-да, ўрмонга назар ташладим. Мана, мен бир умр яшаб келган ўрмонзор. Менинг ватаним, манзилим, ҳатто отам-онам. Бундан кетмоқ бўлдим – иложи бўлмади. Осмонга чиқмоқчи эдим, чиқолмадим. Демак, мен бунда тутқунман, асирман…

— Адашасан!..
— Наҳотки!.. – ҳаяжондан бутун вужудим титраб кетди.

Ниҳоят, Гулим менга энг охирги ечимни кўрсатиб берди. Демак, бошданоқ олдимга қўйган мақсадим – тўғри, бу ердан ҳам чиқиб кета оламан. Шу чоққача мақсадга етолмаётган эканман, бунга ўзимнинг дурустроқ ҳаракат қилолмаётганим сабабдир. Худди мақсадли фойдаланолмаётганим қудрат менга бекорга берилгандек-а!? Аттанг!.. Қанча елга совурилган фурсат, увол бўлган қудрат!.. Лекин энди кўзим очилди. Мен қудратим орқали мақсадимга етаман…

Гулим жим эди: на фикрларимга муносабат билдирди, на сўнгги гапимга жавоб этди. Буни эса шояд унинг иродам бирла келишуви дея қабул этсам, бўлаверарди. Ахир, тўғри-да: мен ҳақ қарорга келдим, кела олдим, ниҳоят…

Вужудимга қудрат қон бўлиб қуйила бошлади, танам гўё ичида суви қайнаётган қўмғон бордай тегса куйдиргудек алфозда. Кўзларим ўрмон бағрини ёриб ўтиб кенгликлар узра, осмонни тўсиб турган дарахтлар шох-баргларини тешиб чиқиб самоларда кезинади. Ҳатто нигоҳим қуёшга қўшилмоқ учун у сари отилган ўқдай учиб боражагини тасаввур қилиб қўним тополмай шохдан шохга сакровчи қуш ҳолига тушиб қолди…

Шундан кейин менинг ҳаётим ўрмон ичра йўл очмоқ, учмоқдан иборат бўлиб қолди. Кечалари менга йиғи ва қаҳқаҳа ҳамроҳ бўлар, кундузлари Гулим билан суҳбат қурар эдим. Ўзимдаги қудратга бўлган ишонч, аллақандай интиқликка ўхшаш ҳол мени кечасию кундузи тинмасликка, курашишга чорлар эди. Орадан йиллар ўтди. Мен қарий бошладим. Бироқ дилимдаги иштиёқ сира ўзгармади. Шунга қарамай, танамдаги куч мени тарк эта бошлади. Мен руҳан тушмаслигим кераклигини, шунингдек, танамнинг қайтадан ёшармаслигини ҳам билардим. Бинобарин, бир куни танамда оғриқ бошланганда бу қариликка хос аллақандай касаллик эканлигини тахмин қилдим. Мен шу пайтгача ўрмонда сайровчи қуш қўшиғидан тараладиган дарднигина билар, бу дардни дилим тубида асраб юрар, у сабабли кечалари кўзёш тўкар эдим. Эндиги дард танамга аталганлигини, уни маҳкум этиш орқали қудратимни синдиришга қаратилганлигини ҳис қила бошладим. Мен ўзимдаги қудратни сақлаб қолишим лозим эди. Шунинг учун йўл излай бошладим. Гулимга юз бурдим.

— Бунинг учун ўзингни топишинг керак, – деди Гулим…

Тун кирди. Кундузги машаққатли меҳнатнинг заҳри, гўё бу дард танамни абгор этмоқни қасд қилгандек, баданимда ҳали ҳам тарқамаган, онгимда қилган ишларим таассуротлари чарх урар эди. Бирдан майин шабада эсаётганини илғадим. Нечукдир таним аллақандай роҳатга чўмди-да, уйқум қочди. Кўзимни очдим. Не кўз билан кўрайки, ўрмоним кундузи мен кўрган, мен безиган, ташлаб кетишни ният қилган ўрмонга сира ўхшамас, унда қандайдир тароват барқ урар, ҳар бир дарахт танидан гўзаллик ва майинлик ифори уфурар эди. Бу ифор қалбимни сел қилди. Шу топда ўрмон, йўқ, мана шу боғ билан қалбим ўртасида узиб бўлмас қандайиндир боғлиқлик риштаси мавжудлигини ич-ичимдан чуқур ҳис қилдим. Бу суви тагида ноаён билқиллаб ётган чоҳга ўхшаб қолган кўнглимни қайнар чашмадек очиб юборди, унда меҳр суви жимирлай бошлади. Мен бу меҳрдан сармаст бўлдим. Ўрнимдан туриб сайр этарканман, ўрмон кўз ўнгимда, ҳақиқатдан ҳам, боғдай ёки гулистондек товланарди. Менинг бу кезинишим кундузги тентирашларимга, машаққатли иш ортидан саросар жаҳд этишларимга сира ўхшамасди…

Кун бошланиб, ҳамма нарса аввалги ҳолига қайтди. Мен тағин кечаги ўрмонга берган меҳримни кўрилган яхши тушдай буткул унутдим-да, яна атрофимга, осмонга бўй чўзган дарахтларга гўё улар қайноқлиги кетиб энди ҳароратсиз жисмга айлангандек совуқ нигоҳ ташладим. Ўрнимдан ирғиб турдим-да, уйқуга тўймагандаги қониқишсиз бир алфозда, лекин илдам ҳаракатлар билан йўл очишга тушиб кетдим… Кўнглим кечқурунги боғлар сайрини тилар, кундузги дарахтлари тарвақайлаб зич ўсган ўрмон эса нафасимни тор, дилимни хор этар, бу кетишда ҳолим абгор бўлишини сезиб, фақат тўғри қарордан умид қила бошладим. Ўзимни чалғитиш ва овутиш учун Гулим олдига йўл олдим. Қандоқ тушунтирайки, уни кечаги жойида пайдо қилолмадим. Бу мени баттар тушкунликка солди. Наҳотки мен ўзимни фақат кечқурунги боғлардагина кўра олсам-у, кундузлари тақдирим қўлининг ўйинчоғи, кечқурунлари гўзаллик дастурхони меҳмони бўлсам!? Дунёда қутулиш борми ўзи!? Бўлса, қаерда!? Умримнинг шу ёввойи ўрмон ичида ўтиб кетиши адолатдан эмас-ку!.. Бундай саволларнинг адоғи йўқ. Кечгача ён-веримда минглаб савол қалашди, танамга ўлатдай тошган ҳам, руҳимда зилзила уйғотган ҳам савол бўлди. Оқшом тушиб, оромим ўзимга қайта бошлаганда мен жаҳаннамдан жаннатга ўтказилган банда сингари майса устида ётган кўйи умримнинг асосий ҳақиқати тўғрисида ўйлар эдим. Бирдан ҳар куни ўрмон бағрини қўлларим орқали чок-чок этишим учун руҳимни курашга ундаб келган мақсадим хотирам тубидан юзага қалқиб чиқди. Чиқди-ю, томоққа тиқилган қилтаноқдай онгим ойнасига қадалиб қолди. Узоқ ўйлаб мақсадим иложсизлигимга чора бўлолмаслигини англагандек бўлдим. Бу ноаниқ кашфиёт мени “Ўрмондан қутула олмайман, шунинг учун ўзимдаги мақсаддан кечишим керак” деган хулосага олиб келди. Наздимда мақсадсизлик мени кундузги бахтсизликлардан қутқазиши керак эди. Кечқурунги гўзал сайрлар эса менга ҳаёт ваъда қилаётгандек туюлар, бундай ширин умид кундузги ўрмон ҳамма вақт тунги гуллаб-яшнаган боғга айланиши орзусини дилимга солаётганди. Бу васвасалар ҳаётимдан ҳатто уйқуни сиқиб чиқарди. Авваллари қуш сайраб уйғотгунга қадар ухлар эканман, яна ўзим билан ўзим бўлиб қолар, бу эса дилимдаги ўрмондан кетиш истагини қайта уйғотарди. Ухламаслик бўлса, менга ўз-ўзимдан, хаёлларимдан, истакларимдан айрилиш имконини берар ва мен дарду ғамини вақтинчаликка бўлса-да, унутган нашаванддек қуш келгунча, келгач эса то тонг отгунча сайри боғ этардим. Шундай қилиб бу боғ ҳаётимга янги бир давр олиб келганди. Боғ ораларканман, ўз-ўзимдан жилмайиб, гоҳида эса мастлардек хиргойи қилганча тинмай қуш ҳақида, унинг сайроғи, сеҳри тўғрисида хаёлга толар эдим. Гўё бундан кейинги ҳаётим қушнинг фикру зикрига боғлиқ бўлгандек унинг хаёлида тонг оттирар, кун ёришгач, кечаси қуш аслида келмаганлигини англардим. Бу ҳолат менга ортиқча ҳайрат бермасди, зеро энди қуш сайроғини мен хаёлда, тасаввурда, ҳисда эшита, завқлана олардим. “Ҳамонки эшита оларман, нега энди кўра олмас эканман?” дея ўйладим бир куни. Шундан сўнг мен ҳаётимнинг мазмунига айланган қушни кўрмоқ учун тайёргарлик кўра бошладим. Ўрмонда менинг қадамим тегмаган қарич жой, нигоҳим қўнмаган барг, қўлим етмаган шох қолмади. Менинг бутун умрим, бутун ҳаётим ана шу ўрмон бағрида кечди. Ниҳоят, мен бир куни кечаси ичимда нимадир эриб бораётганини сездим. Дилим тубидаги зил-замбил дард суюлди-да, танамни қандоқдир жиққа ҳўл нимарса қоплади, кўзимдан ихтиёрсиз ёш оқа бошлади. Пардек енгил бўлиб ўрнимдан туриб кетдим. Нигоҳим илк бор ёришаётганини туйиб ҳаяжондан ўзимни қаерга қўймоқни-да билмай қолдим. Абадий қоронғулик бағридаги ўрмонга илк бора ёғду тушди: осмондан ёп-ёруғ бўлиб юмалоқ нур тушиб келарди. Мен уни танидим.

— Қуёш! – хитоб қилдим.
— Адашмадинг, – деди у ерга қўнар экан, – лекин сен номлагандек эмас…

— Сени шу даражада яқин танидимки, – қаттиқ ҳовлиққанимдан тутилардим, – зотингни тилга келтирмоққа ожизман.

— Ҳамма гап шунда-да, – деди у. – Қара, бугун сен мақсадингга етдинг…

Шундай деб у замин бўйлаб ёйилиб кетди. Кўзларим ёрқин нурдан қамашди, борлиғим изҳор қилиб бўлмас аллақандай сирли ҳузурга чўмди. Мен йиғлардим…

Атрофимга боқдим. Дарахтлар чекина бошлади. Рўпарамда мен бир умр интилган кенгликлар ястаниб ётар, бошимда кенг ва кўм-кўк осмон чўзилиб кетган эди.

— Энди сен кета оласан…

Кенглик томон юрдим. Юрарканман, қўлларимни қанотдай ёзиб осмонга кўтарилдим. Бироқ кутганимдек борлиғим роҳатга беланмади, завққа лим кўкракдан отилмиш ҳайқириқ фазолар бўйлаб таралиб кетмади, шавқоний овоз тоғларда акс-садо бермади. Мен сукут дарёсига тобора чуқурроқ ботиб борар, қалбим истиғно сувида ғусл этгандек манзилу ватан аро кўприк бўлолмас эди… Осмон бағрида парвоз айлаб етилувчи ҳаловатлар, кенгликларни ошиб бағир яйратувчи ҳузурлар мен учун эмас эди. Босаётган ҳар қадамим яқинлашиб бораётган манзилимга нисбатан интилишимни, интиқлигимни, муҳаббатимни сўндирар эди. Мен тўхтадим ва… Ортимга ўгирилдим. Нурга бурканганча бутун оламни ёритиб турган қуёш ҳамон менга жилмайиб боқар эди.

— Лекин мен сенинг саволингга жавоб бермадим-ку? – дедим, дилимда қайнаган меҳрданми – дам-бадам хуруж қилиб келаётган йиғиданми, нафасим оғирлашиб.

– Жавоб ҳар кимнинг ўз қалбида…

У шу қадар чароғон эдики, нуридан наинки нигоҳимга, борлиғимга ўт туташди. Мен ёна бошладим.

— Оҳ, муҳаббат!..

Ёпирай, рўпарамда, қуёш ўрнида, Гулим намоён бўла бошлади. Энди унинг юмалоқ чеҳрасида офтоб нури жилваланарди, йўқ, ул чеҳрадан хуршиднинг ўзи боқар эди. Ана! Ё у қуёш васлига етган, ёки қуёш унинг бағрига жо бўлган?! Ёки иккиси бир-бирининг бағрига сингиганмикин!?.

— Йўқ, мен кетолмайман. Ахир, қайга ҳам кетардим? Одам ўзидан бошқа қаерга ҳам борарди?..

Ортиқ гапиролмадим. Гапиролмасдим. Кўзимга ўрмоним кўриниб кета бошлади. Доимо қоронғулик бергучи рангда кўришга одатланганим ўрмон бу сафар кўзимга ўзга кўринишда жилва қиларди.

— Дарахтларим… Менинг дарахтларим! Мен Ватан қилган азиз гўшам… Сизларни қандай қилиб ташлаб кета олардим!? Ахир, сизнинг танингиз менингдур, сиз менда ва мен сизнингдурмен…

Гулим нурга чулғанган кўйи ҳамон табассум қилар, унга боққаним сайин бир умрлик мушкулларим ечилаётганини ҳис этар, гўё ҳозир у бирла қовушадигандек киши ўзидан кетишини бўйнига олгандаги ҳаяжонда дир-дир титрар эдим… Ўзимни жунун қудрати ихтиёрида саҳро сари чопган Қайс киби сезиб унга томон қадам қўйдим…

06.02.2017.
Онам туғилган чоғ.

1eabfb14b71dd1f8ee16b5f76930--kartiny-i-panno-odinochestvo-kartina-akrilom-na-holste-mixed-.jpg  Yozuvchi Orziqul Ergash tavsiyasi bilan so‘xlik yosh ijodkor Dilmurod Nazarning ikki hikoyasini taqdim etmoqdamiz. Saytimiz uning boshqa hikoyalarini ham navbati bilan e’lon qilib borishini ma’lum qiladi.

Dilmurod NAZAR
UCH HIKOYA
07

2.jpgDilmurod Nazarov 1984-yilda Farg‘ona viloyatining So‘x tumanida tug‘ilgan. 2007- yilda FarDUning O‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan. Hozirda So‘x akademik litseyida dars beradi. . Ilk hikoyasi “Olis ufq”ni 2011- yilda yozgan. Bizga yo‘llagan xatida yosh yozuvchi hozirgacha 100 ga yaqin hikoya yozgani va ularning birqanchasi Xurshid Do‘stmuhammad, Isajon Sulton, Qozoqboy Yo‘ldosh kabilarga yoqqanini ma’lum qiladi. Shu paytgacha matbuotda e’lon qilingan hikoyalari: “Yoshlik”da “Sukunat manzili”; “Sharq ziyosi”da “Olis ufq”, “Bo‘ron quturgan kecha”, “Inqilob”.

07

KAYFIYAT*

x_0398353a.jpegBugun yolg‘izlikning ming birinchi kuni, yo‘g‘-ye, ming ikkinchi… Yana kim bilsin? Har holda kampirning hisobida hisob yo‘q, ko‘nglining-ku notayin qarori bor, ammo xayolining jilovi yo‘q. Ertayu kech yotgani yotgan, yonboshlagani yonboshlagan, deraza sari qaragani qaragan, kutgani kutgan. Kundalik hamma ishi – shu. Barcha qilarida bir sabab bor – kutishidan bo‘lak. Kutish. Kimni kutadi? Buni hech kim, hatto kampirning o‘zi ham bilmasdi. Biroq shunisi aniqki, u ertayu kech kimnidir kutar, ba’zan kutishdan charchar, charchagandan behalovat bo‘lar; keyin kutmaslikka qaror qilganday ko‘ngli tilamagan biron yumushga unnay boshlar va yana birdan kutib yuborganini bilmay qolardi. O‘zini o‘zi tergab yashashga mahkum qilgandek yoki kutgani uyat ishdek o‘ziga o‘zini kutmayotgandek qilib ko‘rsatishga tirishar, lekin beixtiyor derazaga xira nigohlarini yuborib qo‘yishi, uf tortib yuborishlari, xayol bo‘roni ostida shalabbo bo‘lib ketib boshi uzra shosha-pisha soyabon tortishi yoki darrov hasrat suvidan ho‘l bo‘lib ketgan sabr kiyimini siqib-siqtab quruqdek ko‘rsatishga tirishishi uni fosh etib turar edi. Aslida-ku, yonida uning hayoti kitobini o‘qib yotgan jon asari yo‘q edi, shunday bo‘lgach u o‘zi sohibi asror va shu asrorning josusi, o‘zi aybdoru o‘zi qozi edi. U doimo o‘z-o‘zidan, o‘z xayollaridan, o‘z noaniq va kishibilmas dardlaridan qochib yurar va o‘zi o‘z ortidan quvlar edi. Umr karvoni tinmay ketib borar, o‘zi bu karvondan ortda qolib, unga yetib borolmas; karvon uzoq yillardan beri jazirama bir sahroga kirib qolganicha shunda yo‘l bosar, sahroning esa poyoni ko‘rinmas; chalajon umri go‘yo shu sahro tuni bag‘rida yoqilgan umid shami qoldig‘i edi. Uning kutishi sahroning tugashiga umidni, o‘z kutishidan tonishi undan chiqolmay jon taslim qilish xayoliga bo‘yin bergan odamning ikkilanishini eslatar edi. Kampirning har kuni, har tuni ana shunday o‘tar, bunday chog‘da xonada o‘lik sukunatdan va bir bor xuruj qilib shiftga tutunday o‘rlab, yana changday loqayd inuvchi noumid xayol zarralaridan boshqa hech narsa bo‘lmacdi. Hatto kampir o‘zini bor deb bilib, bordek tutmas, u xuddi yashamayotgandek odam qilishi mumkin har bir ishdan allaqachon qo‘lini yuvib kissasiga tiqqan edi. Xayollari kampirdan so‘rab-netmay daydi yeldek istagan sahroda kezinar, ko‘zlari o‘ziga qarab oqib kelayotgan yorug‘likni ochiq holda ham ilg‘amas, tushlarining-da tayini yo‘q edi: tush mamlakatida ham kampir boshqa fuqarolarday yashash ishtiyoqida tentiramaydi. Oxirgi marta kim bilan so‘zlashganini, hasratlashganini eslay olmaydi. Hatto uzoq vaqt odam siyoqini ko‘rmagan, anchadan beri bu kulbani vayron bo‘lgan shahar xarobalariday hamma unutgan va birov bu yerga qadam ranjida qilmas edi. Ahyon-ahyonda adashgan yo‘lovchiday bu g‘aribxona hovlisiga o‘ynabmi-qiziqibmi kirib qoluvchi mahalla bolalarini hisobga olmaganda bu yerning g‘amdan rutubat va sokinlikdan is tortgan muhitidan kampirning o‘zidan boshqa hech bir jon nafas tortmas edi. Kirgan bola ham zumda sharpadek g‘oyib bo‘lar, aftidan, bu hovli kishi dilidagi har bir qiziqishni oson so‘ndirar, diliga mozoriston vahmini berar edi. Biroq kech kuz kunlaridan birida butkul o‘zgacha holat yuz berdi. Hovlida kampirning uyqusida elas-elas eshitila boshlagan oyoq tovushi ko‘zini ochganida ham yo‘qolmadi. Avvaliga notayin tushlardan biri deb gumon qilgan kampirni o‘tayotgan uzun poyezd vagonlarining shovqiniday tovushning bardavomligi hayratga soldi. So‘ng bir narsa taraqladi, kimdir yo‘taldi. Boshqa paytda uyingga quturgan bo‘ri pusib kirdi desang ham qulog‘idagi paxtaga barmoq tekkizib qo‘ymaydigan kampir bu safar bir cho‘chib tushdi, derazaga sergak nigoh tashladi, yostiqqa suyanib o‘tirdi. Xonaga egilib-bukilgancha qartaygan birov kirdi. Kampirning yuragi yugurayotgan tulporning tuyog‘i zarbidek ustma-ust dukillab, qotgan qoni rangini tark etib, tili tanglayiga yopishib qoldi.

— Qo‘rqma, – dedi u vajohatiga nomunosib ohangda kampirga, – men sen yuz yil kutgan umidingman.

— Seni yuz yil kutdimmi? – hayratdan beixtiyor so‘radi kampir. U qanday qilib tinchlanib qolganini, dilidagi vahm lashkari qachon parokanda bo‘lib ketganini o‘ylashni ham unutgandi.

— Ehtimol, ming yil kutgandirsan, – o‘ychan dedi mehmon.

Vaqt hisobi uchun otlangan kampirning tasavvuri mavhumlik loyiga sirg‘anib ketdi shekilli, yo‘qlik botqog‘iga bota boshladi. Shunday bo‘lsa ham sekin:
– Demak, murodimga yetibman-da, – deb qo‘ydi.

— Shunaqa desa ham bo‘ladi.
— Unday bo‘lsa, o‘tir, men seni mehmon qilay, – taklif qildi kampir.

— Bu nima deganing? Odam hech zamonda o‘z uyida ham mehmon bo‘ladimi? – istehzoomiz kuldi begona odam. Kampir angrayib qoldi. Miyasiga bir nima lop etib urilgandek bo‘ldi, ayolga boqquchi ko‘zlari olaydi.

— Ha, sen adashmading: bu uyda sendan boshqa hech kim yo‘q.

Shunday deb kampir sari yurdi. Kelib uni quchoqladimi yo ustiga tashlandimi, har holda kampirning vujudiga singib ketdi. Kampir avval karaxt o‘tirib qoldi, so‘ng o‘zini o‘nglab, har yoqda sochilib yotgan xotira siniqlarini yig‘ib, yagona xayol yasashga kirishdi. Yasadi-yu, dong qotdi. Ongida har xil xayollar quloch yozib, ko‘nglida yana vahima qashqirlari izg‘iy boshladi. U hamon yotar, go‘yo o‘rnidan turmagandek edi. Durustroq o‘ylab qarasa, u haqiqatan ham, turmagan ekan, chunki qachon yotganini eslay olmasdi. Ko‘zini ochmoq bo‘ldiyu, bunga jur’ati yetmadi. Xona qorong‘i edi. Tun kirganini his qildi. Atrofida har xil sharpalar o‘rmalay boshladi. Yumuq ko‘z bilan ham boshida, yostig‘i oldida qandaydir yoki kimdir unga termulib turganini, aniqrog‘i, tirjayib o‘tirganini sezar edi. Kampir dag‘-dag‘ titray boshladi. Shu holatda qancha o‘tganini bilmaydi, kishilarning g‘ala-g‘ovurini ilg‘adi. Borgan sari bu g‘ovur balandlashib, zo‘r shovqinga aylanmoqda edi. Kampir diqqat bilan biror so‘zni ilmoq ilinjida quloq tutdi, lekin asalarilarning bozorini eshitganday hech nima ilg‘ay olmadi. Haqiqatan, bu bir bozor edi. Kampir bozorga qachon tushganini ham unutib, izdihomga qo‘shilib ketdi. Turli nozu ne’matning aralash hidi uning dimog‘ini qitiqlab, nafsida odamligini sezdirib yubordi. Biror nima yemoq ilinjida har yoqqa alanglagancha izg‘iy ketdi. Zog‘ora sotayotgan ayoldan ozroq non tilangandi, uning betiga ko‘zi tushib yuragi orqasiga tortib ketdi. Uning yuzi go‘yo tuman qoplanganday xira tortib turar, unga qaragan sari bu mavhum xiralik ortardi. Dilini vahm bosgan kampir nari ketdi. Boshqa sotuvchi yoniga borgandi, uning yuzi ham xuddi shu ayolniki singariligini ko‘rib qotib qoldi. Beixtiyor yon-veriga sarson nigohini yubordi. Barcha o‘tdi-ketdi bilan band kishilarning yuzlari qandaydir mavhum va esda qolmas edi. Ishtahasini unutilgan ro‘molchaday bozorda tushirib qoldirgancha ko‘chaga qarab chopdi. Biroq qalin jangalzorda yo‘lini yo‘qotgan yo‘lovchiday ko‘chaga olib chiquvchi darvozani topa olmadi. Nima qilarini bilmay yerga behol tiz cho‘kdi. Oradan qancha o‘tdi-o‘tmadi, kimningdir anchadan beri ming yillik yo‘ldan yetib kelayotgandek o‘z ismini aytib chorlayotgani sadosi xayoldan shoshqin maynaxonasida aks-sado berdi. Boshini ko‘tardi, joni vujudini ko‘zlari orqali tark etishiga aqli yetib qoldi: qarshisida boyagi o‘ziga singib ketgan ayol qo‘l silkitardi. Aftidan, uni oldiga borishiga da’vat etardi. Biroq bu ma’niga kampir aqli yetib borguncha ayol ters o‘girildi-da, izdihom ichiga kirib ketdi. Kampir dilida yo‘q joydan tushgan mevaday lop etib u bilan ketish istagi paydo bo‘ldi. O‘rnidan turib bozor kezinib, uni rosa izladi. Shu qadar charchadiki, oyoqlari ishdan chiqdi. Yerga adoyi tamom bo‘lib yiqildi… Ko‘zini ochganida karavot ustida emas, gilamda ag‘anab yotar, badani terdan jiqqa ho‘l, boshida ro‘moli yo‘q edi. Xonani yirik pashshalarning g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘iri bosib ketgan, shu qadar pashsha bir zumda qayerdan kelib qolganini o‘ylashga esa kasal kampirning holi yo‘q edi.

Vaqt allamahal bo‘lganini anglagan kampir yotar joyiga bir amal qilib o‘rnashgach, bugungi hodisot haqida o‘ylay boshladi: muncha sarson ayladi o‘z ortidan uni imlagan ayol, yo‘q, kampir… Vodarig‘, kim o‘zi u?!. Vahimalanar ekan, isitmasi oshardi, yuragini esa sukunatning muz harorati egallayotganini seza boshladi. Shu holatda ko‘zini yumdi. Uxlash uchun ko‘p urindi. Nihoyat jilovsiz xayollari tush mamlakati darvozalarini taqillatavergach, kampirga tushning mavhum sharpalari o‘zlarini bir-bir tanita boshladilar. Tushida boshi toshdan emish. Nimaga yashayapman deya o‘z-o‘zidan so‘rasa, bardoshning tagiga yetish uchun degan ovoz kelarmish atrofdan. Osmonga qarasa, quyosh unga mung‘ayib boqarmish. U olamga ko‘zlaridan g‘am yog‘dirarmish. G‘am nuriga cho‘milayotgan kampir, ko‘zlaridan unsiz duv-duv yosh to‘karmish.

— Men sensizman, – dermish kampir quyoshga qarab, – sen esa mensizsan.

Bu gapdan g‘amgin quyoshning hasrati chandon oshib, ko‘zlariga kelgan namni yashirish uchun yuzini pana qilarmish. Olamni qorong‘ulik bosarmish. Bir-ikki qadam bosgan kampir tubsiz chohga qulab tusharmish. Yuragi qinidan chiqayozganidan dod deb yuborarmish. Shunda havoga tiqilib qolib yoki kimdir uni sochlaridan changallagancha muallaq tutib qolib, kampir o‘zini qutqarishlarini tilab iltijo qilarmish. Mavhum najotkor uni chohdan tortib olarmish: qo‘l qo‘lga osilarmish, tan tanga chirmasharmishu qorong‘i bo‘lsa ham, kampir sharpa ayolni tanib to‘satdan oyog‘iga chayon ilingandek seskanib ketarmish…

Hali ham tong otmagani kampirga og‘ir keldi. Endi uxlay olmasligiga aqli yetgandek o‘rnidan turib o‘tirdi va kalima qaytarayotganday qomatini tik tutib, ko‘zlarini xiyol yumdi. Xonada allaqayerdan paydo bo‘lgan tungi parvona aylana boshladi. Bir bor kampirning qulog‘i bilan to‘qnashib ketdi, kampir holatini o‘zgartirmadi. Go‘yo vahm uyini buzib, o‘rnida kuch-qudrat maydonini qurayotganday edi. Parvona o‘zini deraza oynasiga urdi-da, betoqat pirillay boshladi, so‘ng tindi. Kampir xayolida u yulduzga yoki oy yog‘dusiga intilayotganday tuyuldi. Shu xayol bilan boshini burib derazaga boqdi. Darhaqiqat, osmon g‘ij-g‘ij yulduz bo‘lib, oydin kecha edi. Tashqariga chiqqisi keldi. Birdan uy eshigining vahimali va bo‘g‘iq g‘iyqillashini eslab qolib, unga tomon qaradi. Gumoniga javob qilganday eshik qiya ochildi. Tashqarida shamol bo‘lmasa ham, kampir buni shamolga yo‘ydi. Lekin qalbi boshqa narsaga guvohlik bermoqda edi. Kampir jonidan kechgan odamning botirligi bilan eshik ortidagi mavhum xayoliy odamga dag‘dag‘a qildi va hozir borib uning adabini beradigandek o‘rnidan turdi. Oyog‘i qaltiramas, nafas olishi ham bejo emas edi. Bir-bir bosib eshik tomon yurdi. Tashqaridan oqib kirgan bir quchoq shabada birov yuziga puflaganday bir lahza ko‘z ochtirmadi. Unga xizmat bajo keltirayotganiga kampirni ishontirish uchun qilayotgandek eshik yanada kengroq ochildi. Kampirning xayoliga bozorda yo‘qolgan sharpa keldi. Bir lahza to‘xtadi. So‘ng tag‘in yurib, shaxdam qadamlar bilan tashqariga chiqdi. Oydin tunda azim teraklarning bargi kapalaklarday raqs tushadi, tug‘dayin hilpiraydi. Kampirning yuragiga osudalik ina boshladi. Oyning tiniq nurida yerda sudralayotgan chumolilar aniq-tiniq ko‘zga tashlanadi. Kampir bir lahza ular ustiga engashgancha kuzatdi. Chumolilar harakati kunduzgidan zaif, lekin harholda g‘imirlamoqda. Boshini ko‘tarib, oyga boqdi. Ajabo, oy ham unga boqar edi. Tushida quyosh bilan diydor ko‘rishgandi, o‘ngida oy bilan. Oyning yuzida qoshu ko‘z borligini ko‘rib hangu mang bo‘lib qoldi. Haqiqatan ham… Hatto labi ham bor edi, faqat bu lablar yig‘loqi bolanikiday ikki yoni pastga biroz qiyshayib turardi. Kampirning kulgisi keldi. Shunda oy ham tabassum qilib yubordi. Kampirning ko‘ngli butkul yorishdi. Unga xayolan munojot qila boshladi. Pichirlagancha kalima qaytarar ekan, ongida bir nima yarq etdi: oyning qiyofasi unga bag‘oyat tanish edi. O‘ylab-o‘ylab… shalop etib sovuq suvga tushib ketgan odamday junjikdi, borlig‘iga hafsalasizlik iloni o‘rmaladi. Shu holida uyga qaytib kirib, qayta cho‘zildi. Yarim yumuq ko‘zlaridan oy nuri sizib kirar, xayolida ushbu tunning ham qoniqishli, ham bezovta taassurotlari mavj urardi. Bir vaqt oydan bir narsa osilibmi-oqibmi tushayotganini fahmladi, lekin istaganiga qarshi ko‘zlarini ocha olmadi. Shunday bo‘lsa ham, nima bo‘layotgani ko‘rarli edi. Oyning nur iplaridan biriga osilib tushguvchi birov to‘g‘ri deraza ortiga kelib qo‘ndi. Yashirincha oynadan kampirga boqdi. Aylanib eshik oldiga bordi-da, uyga boshini suqdi. Kirishga ikkilanayotgandek picha turib qoldi, so‘ng asta qadam bosgancha kampir yotgan karavot oldiga keldi. Bu o‘sha sharpa ayol edi. Kampir dilida hozir turib u bilan ochiqchasiga gaplashishga ahd qildi. Biroq na qo‘lini, na so‘zlashga chog‘log‘liq lablarini qimirlata olmadi. Nochor qolgan kampir cho‘zilganicha qolaverdi. Sharpa esa kampirning boshiga qo‘lini qo‘ydi. Qo‘li muzday sovuq edi. Kampir dod dedi, biroq ovozini o‘zi ham eshitolmadi. Sharpa ishini tamomlagandek o‘rnidan turdi, kampir esa o‘ziga keldi. Ko‘zini ochib, eshikdan chiqib ketmoqda bo‘lgan sharpaning qorong‘i siyoqiga bir bor ko‘z qirini berishga ulgurdi. O‘rnidan turgancha ortidan yugurdi. Eshikdan chiqishi bilan birovga urilib ketdi. U odam yerga yiqildi, kampir uzr so‘ragancha uning turishiga yordamlashdi. Shunda uning o‘sha ayol ekanligini tanib, qo‘lidan mahkam ushladi. Orqasida kimningdir qiqirlab kulganini eshitib borlig‘i seskandi. Chunki bu juda sovuq kulgi edi. Yuragida vahm zardobini qaynatgancha va qalbida alam gulxanini yoqqan ko‘yi burilib qaragan kampirning tig‘day keskirlashgan nigohi sharpa ayolga qadalgach, adashganini angladi. O‘rnidan turib, unga tomon intildi. Endi bozorda ekanini anglagan, tal’atida qochayotgan ayolni quyon kabi tutib olmoq qasdida xonumonini taqdir hukmiga garovga bergan jonkoh ning shashti namoyon edi. Ayol izdihom ichida singib, tag‘in g‘oyib bo‘ldi. Qayerga daf bo‘lganini so‘ragani to‘g‘ri kelgan odamga yuzlangan kampir angrayib qoldi: yon-veridan o‘tib-borib turgan barcha o‘sha ayolning qiyofasida, jamiyki odamlarning yuzi uniki bilan bir xil bo‘lib, butun bozor sharpa ayoldan iborat edi. Kampirning ichida fig‘on tutuni dimlandi, yuragida qaynagan zadalik va isyon ehtirosi bo‘g‘zidan toshib chiqib og‘ziga keldi, ko‘zida qonli halqob namoyon bo‘ldi. Vajohati so‘nib, hamma istaku intilishidan ham sovib, tanho yolg‘izlik xohlab bozorni tark etmoq bo‘ldi. Ne tongki, bu bozordan xalos bo‘lishning iloji yo‘q edi. Kampir hazm bo‘lmay me’daga behuzurlik beruvchi bemaza taomdek ichida singimayotgan dardu alamlarini qusib yubormoqchi bo‘lganday qo‘sh qo‘llab qornini ezgancha oldinga intildi. Boshi gir aylanib, kaftlarini ko‘zlariga mahkam bosdi, shu ko‘yda avval tiz cho‘kkach, yerga yiqildi. Jon bermoqchidek tipirchilay boshlagan kampir ustiga to‘plangan haligi izdihom ahli davra qurgancha sovuq nigoh bilan, undan-da sovuqroq tabassum bilan uning ahvolini kuzata boshladi. Kampir bu qo‘rqinch qiyofalarni ko‘rmaslik uchun kuchining boricha ko‘zlarini qisgan, biroq qiyofalar uning ongi oynasiga allaqachon o‘z rasmini chizib naqshlashga ulgurgan edi. Endi qorong‘ilikni ko‘rmaslik ilojsiz bo‘lgani kabi yumuq ko‘z bilan ham ularni ko‘rar, bu ko‘rish azobiga dosh berish uchun nainki tilini, hatto tishlarini chaynar, dod degancha yuz-ko‘zini yular, hadeb boshini changallar edi. Shunda qo‘li uning tosh boshini ushlayotgan yoki silayotgan kimningdir qo‘li bilan to‘qnashib ketdiyu begona qo‘lning sovuqligidan kampirning jazava olovi suv sepilgan kabi o‘chib qoldi.

— O‘zingdan qochyapsanmi? – dedi sovuq ayol ovozi.

Kampir ko‘zini ochdi. O‘zining boshi ustida o‘zi turardi. Yon-verida yurgan barcha aynan uning – kampirning – qiyofasida edi. Kampir jununvash dard tutgan kabi qiqirlab yubordi…

Kulgisi ovozi ruhini yana o‘z dunyosiga qaytarib olib kelganini anglagan kampir tongning yaqinligini tuydi. Allaqayerda ilk xo‘roz qichqirdi, kampirning ko‘ngil uyida esa umid chirog‘i yoqildi. Bu chiroq o‘z zaif nuri bilan go‘yo uning dilidagi yillar kimsasizlik loyidan uzoq va tinimsiz yasagan muz uyni eritmoqchiyu yorishgan xayollari qo‘li ila ko‘ngil uyidagi bezovtalik derazasiga parda tortib, devonalik qushini qafaslamoqchidek kampir o‘z qalb darichasidan hayot shabadasi esib kira boshlaganiga ishondi, dil uyida qanoat sepini yoymoq bo‘ldi. Boshini uzoq qoplab yotib sovuq qotirgan vahm tumani tarqalib, xayolot daryosi ilk bahor tongidagidek yana o‘z yo‘lida oqayotganini his etdi. Suvning shaffofligida quyosh jilvasi aks etar, nurga to‘yingan qatralar ko‘pirib mavjlanardi. Uning dili bulutlari chekingan ko‘klam osmoniday tozargan, qalbi dengizday chayqala boshlagandi, quyosh bilan bo‘lajak muqarrar uchrashuvini eslab intiq yuragi hapriqdi.

Kampir tongni kuta boshladi. Saharga yaqin ko‘zi ilindi. Tush ko‘rsa, quyosh chiqmaganmish…

2016 yilning aprel oyi – 28.09.2016 y. tuni.

* Hikoyaning ustoz Qozoqboy Yo‘ldosh tahriri asosida tayyorlangan varianti

ILINJ

Sho‘x esgan shabada tuproq bilan aralashib-qalashib yotgan hovli yuzidagi chang-chungni to‘zg‘itdi. G‘ubor qo‘pib, anchadan beri oftob shu’lasini o‘zida aks ettirmay qo‘ygan deraza oynasiga bir bor yopirildi. So‘ng tag‘in tarqay boshladi. Dahliz ichi ochiq eshikdan to‘sqinsiz oqib kirayotgan nurdan charog‘on. Titilib ketgan sholchadan anqiguvchi hid kun issig‘iga dosh berolmayotgandek o‘tkirlashgan. Og‘il eshigiday tashqariga – dahlizga ochiladigan eshikdan uydagi sharoit yaqqol ko‘rinadi.

Uydan har zamonda eshitilib qoluvchi inqillash tinib, odatdagi pichirlagan tovushda uzoq tilovat boshlandi. Prujinaning g‘ijirlashi tilovatga nuqta qo‘yganday uzoq jimlik cho‘kdi.

Tashqaridan quloqqa chalina boshlagan e’tiborsiz sas balandlasha borib, zumda horg‘in qadam tovushlariga aylandi. Dahlizga kimdir kirdi. Og‘ir va ehtiyotsiz qadamlar ostida sholcha burmalandi. Kirguchi dahlizdan uyga o‘tdi-da, uy eshigini beiltifot itardi. Eshik yopilganda kesakisiga yondosh devordan ozroq tuproq ko‘chdi.

Xirildoq ovoz nimadir dedi. Ortidan dag‘al tovush javoban qattiq ufladi. So‘ng jimib qolishdi. Gugurtning asabiy chaqilgani eshitildi, dahlizga tutun burqsib chiqa boshladi. Sigaret hidi dahlizdagi chirindi hidiga qo‘shilib, lohas qilguvchi qulansaga aylana bordi. Eshik bir bukilib ochilganda ichkaridan yalinish sadosi yangradi. Javoban uy eshigi taraqlatib yopildi. Qattiq zarbga dosh berolmagan kesaki eshikni o‘zida ushlab qololmadi – eshik qayta ochildi. Hovliga ko‘chgan qadam tovushi uzoqlashib bordi-da, o‘chdi. Uy ichida piqillash eshitila boshladi…

Tashqarida chumchuqlar chug‘urladi. Ortidan baland behi shoxida hakka uzoq shaqilladi. Bu shaqillash uydagi yig‘ini kesdi. Boshlangan osudalik uydagi quloqlarning ding bo‘lganidan darak bermoqda edi.

Hovlidagi baland ikki tup terak tag‘in esa boshlagan shabadaga mos yo‘sinda sokin chayqala boshladi. Teraklarning shovullashi uydagi sukunatni bosib tushdi.

Xayollar shovullashlarga qo‘l berdi. Birdan mixlangan deraza g‘iyqillab ochildi-yu, tashqariga xayol uchib chiqdi. Shabada shuni kutib turgan ekanmi, xayolni darrovda yuksak-yuksaklarga tortqilab ketdi. Xayol hayajondan entikdi. Teraklargina emas, uzoq-uzoqlardagi daraxtlargacha chayqalib-chayqalib ketdi. Osmon bag‘ri ancha keng edi. Xayolning yopiq dili so‘kildi. U yerdan qiyqiriq otilib chiqdi, atrofga kulgi taraldi. Yuksak-yuksaklardagi orzu bo‘y ko‘rsatdi. U chopqir tulporini sakratgancha samo bo‘ylab yugurar edi…

Anchadan beri jimib qolgan chumchuqlar tag‘in bir chug‘urladi. Bir juft musicha osmondan yiqilib tushganday parillagancha chug‘urlashayotgan chumchuqlar yoniga kelib qo‘ndi…

Musichalar bilan birga xayol-da osmonidan qulab tushgan, uy ichra qayta qamalgan, uni samo sari chorlagan shabada ham tingan edi. Shirin ro‘yodan keyingi bedorlik kabi armon ham sholchadagi jirkanch changdek qayta bosh ko‘tarib, orzuning payini qirqdi, uyda og‘ir sukunat qaror topib, mavhum g‘am yagona kayfiyatga aylandi.

Uyda choymi-suvmi shirillatib quyildi, ho‘plandi, so‘ng idishning stol ustiga qo‘yilgani eshitildi. Bo‘g‘ilgandan keyingi nafas olishday havo qattiq yutoqildi.

Tashqaridan kiribmi-uyda qo‘ngan joyidan bosh ko‘taribmi g‘ing‘illay boshlagan pashshaning shovqini zum o‘tmay zo‘raydi. Ortidan yana bir pashsha unga jo‘r bo‘ldi. Pirpasdan keyin uyga yopirilib kirgan pashshalar bozori avjiga chiqdi. Endi tez-tez kaftning kaftga urilgan, puflagan, yumshoq bir buyumning qandaydir qattiq jismga jonsiz tekkan tovushlari eshitila boshladi. Oxiri xirildoq tovush asabiy g‘ingshidi.

Kechga yaqin oftobning tafti kesildi. Kun xira tortdi-da, olis tog‘ ortiga bota boshladi. Uydagi pashsha kamaymasa ham, shovqini epaqaga keldi. Shovqinga o‘rganilganidan, shuningdek, charchalganidan biroz tin olindi. Uyning ichi dim edi. Ter va eski dorilarning hidi anqirdi. Yumilgan ko‘zlar shift yuzini yopdi, lekin nigohdan buyumlar va jonliqlarning shakl-shamoyilini yashirolmadi. Nigoh markazini band qilib olgan tasodifiy shakllar o‘rnini sekin-asta suv egallay boshladi. Birdan suv yuziga ilinj qalqib chiqdi. Nigoh suv sathi kengliklarini chegaralab ololmadi. Bu keng ummon edi. Ilinj ummon uzra allaqachon cho‘kib ketgan kemadan qolgan bir arzimas cho‘p misoli edi. Suzaverganidan shalabbo ho‘l bo‘lib ketgan edi bu cho‘p. Ezg‘ilab tashlagulik darajada yumshab bo‘lgandi. Faqat bir qo‘l uni ushlab olib ezib-ezib tashlashi yoki sindirib tilka-pora qilishi kifoya edi. Bu ketishda cho‘pning chirib bitishi olamga ham, o‘ziga ham ayon edi. Biroq ungacha suzish yoqimli edi. Oqim hukmida bo‘lsa-da, sayr qilib olish maroq baxsh etardi unga. Nihoyat bir kuni osmonda qandaydir qush paydo bo‘ldi. Uzoq suzgan ilinj qushga boqqanidek qushning nigohi ham unga tushdi. Tushdi-yu, darhol u sari intildi. Kelib ustiga qo‘ndi. Lekin oyoqlari suvga botib ketdi-da, qayta havoga ko‘tarilishga majbur bo‘ldi. Tumshug‘ini oyoqlari orasiga kirgizgudek cho‘zib pastlatgancha ilinjga boqdi. Hafsalasi pir bo‘ldi shekilli, uchib ko‘zdan yo‘qoldi. Ilinj esa qush qo‘ngan mahal o‘zi ham sezmagan holda suvga botgan edi. Endi faqat bir tomoni suv yuzida qalqir, hademay ichiga to‘lib ketgan suv og‘irligidan uni ummon qa’riga abadiy tortib ketishi muqarrar edi. Lekin… Lekin ilinjning chehrasida umidsizlik emas, tabassum porladi. Chunki cheksiz qudrat timsoli ummon bag‘rida halok bo‘lish har kimga ham nasib etavermaydi. Bu holi bilan u go‘yo mashaqqatli ishq yo‘lini qat’ qilib, nihoyat yor oyog‘i ostida jon fido qilayotgan oshiqni eslatardi…

Kuchli bosim bilan oqib kirgan havoga dosh berolmagan o‘pka necha qayta qisqarib-uzaydi: yutoqib, halloslab, uzuq-yuluq va pala-partish nafas olindi. Xirildoq ovoz yangradi: duo qilindi, madad tilandi, tavba-tazarru keltirildi.

Allaqachon shom cho‘kkan edi. G‘arib uy va dahlizning tungi yopilish oldidan ochiq turgan eshiklari orqali hadeb ilinj mo‘ralar edi. Kutish ilinjga bir on qo‘nim bermas, ozroq tin olgani yerga cho‘kdi deguncha xavotir diydiyosini boshlab qolar edi. Tun ham shitob bilan kirib xavotir tumanini quyuqlashtirib yubordi. Endi u tuman ichra sovuq-sovuq xayollar bo‘y ko‘rsata boshladi. Halovat bunday oqshomlarda afsona tuyuluvchi bahorgi munavvar bog‘lar qo‘yniga bosh olib ketgan edi. Uni chorlash uchun ovoz yetmas, chunki u bog‘larga qaraganda Ko‘hi Qof yaqinroq edi…

Uzoqda allaqanday ko‘ppak akilladi. So‘ng to‘rt tarafdan birvarakayiga bir nechta itning vovullagani zamonni tutib ketdi. Yerni dupur-dupur bosgancha, lekin yeldek yaqinlashib keldi-da, hovlini zo‘r shovqin-suron qopladi. Yurak qa’ridan bosh ko‘tarib chiqqan qo‘rquv aynan shu yurakning jon tomirini qirqish uchun tomoqdan olib bo‘g‘a boshladi. Barqarorlik pardasi yirtilib ketib, umid qorong‘i uyning qay burchagiga yumalab yo‘qolganini bilib bo‘lmasdi. Hayot ayanchli ahvolda chuqur bir botqoqqa bota boshladi. Shunda ilinj yilt etdi. Nigoh unga tushdi va ikkisi bir-biriga qo‘l cho‘zdi. Ilinj jon rishtasiga osilib qoldi. Botqoq qanchalar berahm va ochko‘z bo‘lmasin, o‘lim shamolini boshlab berolmadi. Hayot nashida qildi. Cho‘kkuchi qayta yer yuziga chiqib keldi. Qo‘rquv pardasi chekindi…

Itlar, umidsizlikning kutganidek, uyga bostirib kirmay, urishib-g‘ajishgancha ko‘p o‘tmay hovlidan yo‘qoldi…

Tag‘in bir osudalik indi uyga. Rohatsizlik o‘rnini rohat oldi. Xayol suvi ancha tiniqlandi. Unda ilinjning aksi ancha yorqin lipillay boshladi. Nigoh uni qariyb umid deb yubordi. Biroq bu ilinj edi xolos. Umiddayin go‘zal bo‘lmasa-da, har holda ilinj ham payti kelsa huzur bera oladi. Hozir shu huzurning toti surilar edi…

Ko‘zlar ilingan, xayol jilovi o‘z holiga tashlangan, tabiat yolg‘iz jon ustida tanho hukmronga aylanib, qo‘rquv, xavotir kabi hislar ham mudragan payt. Darvozaning qattiq va cho‘zilib taraqlashi birinchi bo‘lib hadikni uyg‘otib yubordi. Hadik yotgan joyidan sapchib ketdi. Qo‘rquv dilga ilonday o‘rmalab kirdi. Nigoh uyga noxos qamalgan qushday o‘zini qay yoqqa urishini bilmay qoldi. Taraqlash tinib, hovlida avval og‘ir, ammo betartib qadam sasi, so‘ng uy yaqinidan tupurgan, hiringlab kulgan va xirgoyi qilgan tovush eshitildi. Begona baloni qarshi olish uchun o‘ziga qalqon qidirgan uydagi zaif jur’at yengil tin oldi, tarang tortilgan eshitish torlari bo‘shashtirildi. Shu barobarda kayfiyat har kun kechqurun bo‘yalib olishi taqdir qilingan odatiy rang hidini tuydi, ko‘ngilda eski bezishlikning qurtlari o‘rmalay boshladi…

Tashqaridagi ancha vaqt kuymalandi, g‘o‘drandi, so‘kindi. Eshikka yaqin kelib qattiq qoqildi. Ichkaridagi yurak osmonni ko‘zlagan koptokday qattiq sapchib, ko‘krak devoriga urilib qaytdi. Oyoq tovushi dahlizga ko‘chdi. Dahliz ichi tandan anqiyotgan qulansa bir hid bilan qoplandi. O‘zidan chang to‘zg‘itgancha hali yechilmagan tufliga ilashgan sholcha oyoq bilan birga uy eshigigacha sudralib bordi.

Eshik ochilganda qorong‘i ichkaridagi nigoh tashqaridan kelgan nigoh tomon oqdi. Lekin kelguchi nigoh shiftda, yerda, devorda – har joyda qo‘nim topolmay aylanib yurar, bu ketishda qo‘nar manzili noayon edi. Ichkaridagi nigoh holatni darrovda angladi va ahvol bilmoq istab so‘zga ishora etdi.

Qadam olishda qiynalingani uchun oyoq ostiga to‘planib qolgan kir sholcha undan ham kir oyoq tomonidan qattiq tepildi. Muvozanat oyoqqa chap berib, o‘xshovsiz tan uy ichiga gursillab yiqildi. Bir marta ingradi-da, jimib qoldi. Ilinj qushi pirr etgancha yopiq derazadan uchdi-yu ketdi. Bu holdan uy ichidagi temir to‘shak ustida yotgan tan hushini yo‘qotayozdi. So‘ng havoga uchgan chumchuqdek qisqa vaqtgagina tanni tark etgan ilinj qaytib dilga qo‘ndi. Qo‘ndi-yu, dahshat selini toshirib yubordi. Bu sel to‘g‘onni buzganday qilib karavot ustida yotgan tanni pastga itarib-dumalatib tashladi. Sichqonu eskilik ilma-teshik qilib yuborgan kir-chir gilam uzra cho‘zilib qolgan tan jon berib-jon olar holatdagi urinish bilan mayitday beharakat qotgan besunaqay jism sari intildi. Uzoq vaqt yotilaverganidan madorini allaqachon yo‘qotgan qo‘llar suzayotgan kishinikiday oldinga galma-gal cho‘zilgancha o‘zi o‘sib chiqqan tanni sudrab keta boshladi. Tan bu ko‘rinishida o‘rmalayotgan jonzotni eslatar edi. Sudralar ekan, tan o‘ziga qachondir o‘rab qo‘ygan yopinchiq ochilib ketib orqada qola boshladi va tezda tandan butkul ajraldi. Shunda harakatdagi tanning haqiqiy shaklu shamoyili gilam uzra yastandi. Tinmay nola chekayotgan, o‘zi talpinayotgan besunaqay jismning qayta qimirlashi hamda oyoqqa qalqishi uchun o‘zidagi chalajon qushday jonni tinmay qalban nisor qilayotgan bu tan shiftdan qaraganda shu holicha qo‘llardan, boshdan, bo‘yindan, ko‘krakdan, beldan va nihoyat do‘mg‘azadan iborat edi. Agar bu holni begona bir ko‘z chetdan turib kuzatganda tanning nigoh qamrovidagi masofadan dumi uzilgan ilondek bunday muddatidan oldin sudralib o‘tishi dilni birdan seskantirib yuborishiga amin bo‘lar edi…

18.12.2016. soat – 21:44. So‘x.

QUTULISH

Onamning Ruhi Poklariga bag‘ishlayman…

O‘zungdin o‘zni qutulmoqqa jahd qilg‘il…
Alisher Navoiy

Bunday o‘rmonni umrimda endi ko‘rishim. Qayerga qaramang, daraxt. Daraxt bo‘lgandayam har biri yulduz bilan bo‘ylashguday. Daraxtlarning asriy soyasidan kunduzi ham yerni durustroq ko‘rib bo‘lmaydi. Boshida nima qilarimni bilmay qoldim. Albatta maqsadim – nimadir qilib bu beomon joydan qutulib ketish edi. Biroq buni qanday amalga oshira olardim – ana shu nazdimda yechilmas muammo edi. Tavakkal qilib daraxtlarni oralab bir tarafga yurdim. Yurish oson emasdi, zero bu o‘rmonning ilk qadam ranjida etguvchisi ham, birinchi bora bag‘rida adashguvchisi ham o‘zim edim. Bir-biriga zichlanib o‘sgan, tarvaqaylagan daraxtlar shoxlari orasiga qiynalib suqilar, o‘zimga bir amallab yo‘l ochar edim. Biroq bu urinishim uzoqqa bormadi, men holdan toyib yiqildim. Bu ketishda tirik qolmasligimni anglab ruhim sindi. O‘zimni shu o‘rmondan, bundan ham, mana bu noumidlik dastidan qutqazish uchun uyqu istadim. Chalqanchasiga yotib, ko‘zlarimni yumdim. Qani endi, uyqu kelsa-yu, meni eltib ketsa. Olis osmonlarga chiqib parvoz etmasmidim? Kengliklar osha yugurib yurmasmidim?..

— Sen o‘zingda bor narsani istayapsan.

Men cho‘chib tushdim. Gapirgan odamni qidirib bosh ko‘tardim.

— Kim bu?!.
— Nahot meni ko‘rmayapsan?

Boshimda tikkayib turgan qandaydir o‘simlikni – ha, tanidim! – kungaboqarni ko‘rdim. U xuddi ustida yalang osmon yastangan hamma kungaboqarlardek boshini ko‘tarib olgan bo‘lsa-da, dunyodagi biror kungaboqarga sira o‘xshamasdi. Chunki u bag‘oyatda go‘zal edi. Bu jihatdan uni oddiy qilib “kungaboqar” deb nomlash o‘ta qo‘pollikday tuyulib ketdi-da, unga javob qilishda tutilib qoldim.

— Eh, senmiding? – dedim nihoyat ko‘nglimga kelgan go‘zal ism sababli zavqlanib ketganimdan uni har kuni ko‘rib yurgandek kayfiyatda. – Men shu o‘rmondan qutulib chiqishim kerak.

— Sen o‘zingdan qutul.
— Nima? – angraydim men. – Tushunmadim?

— Seni o‘zing asir etib olgan, shundan qutulib ko‘r demoqchiman.

Nimanidir ilg‘aganday bo‘ldim. Lekin nimani – buni hali tushunib ololganimcha yo‘q edi. Faqat shuni ayta olamanki, uzoq ko‘rmagan do‘st diydoriga yetganday ko‘nglim darrovda ilidi, kayfiyatim tiklanib, ko‘zimda hayrat porladi. Bu hayrat kunini tunidan ajratib bo‘lmaydigan cheksiz o‘rmon bag‘rida kungaboqarni uchratganimdan emas, balki uning bu qadar zebo, jozibali va betakror ekanligi tufayli edi. Kutilmaganda taqdir inoyati bilan o‘rmonimga tashrif buyurgan yoki birdan namoyon bo‘lish orqali o‘zining hayotimda borligini bildirgan bu xilqatning husniga dilim tasadduqlar keltira boshladi, hozir eshitgan so‘zlarim asar qilgan aqlim esa yarq etib ochilib ketgandek bo‘ldi. U aytgan “qutulish” borasida jiddiy o‘yga toldim. O‘ylaganim sari vujudimda ilgari sezmaganim bir kuch his qila bordim-da, bir necha lahzadan so‘ng nochoru notavon ko‘ringuchi o‘zim ko‘zimga cheksiz qudrat egasi tuyulib keta boshladim.

— Rost aytasan, Gulim! – dedim olamimga yangilik keltirguchiga qarab quvonchdanmi – o‘z-o‘zimga tug‘ilgan ishonchdanmi ko‘zlarim porlab.

O‘rnimdan turdim-da, dilimdagi o‘rmonni tark etmoq haqidagi niyatim o‘t olib menga shiddat ato etgandek olg‘a intildim. Go‘yo daraxtlar o‘zlaricha surilib menga yordamlashayotgandek boyagidek shox surib yo‘l ochishda endi qiynalmas, borgan sari ishim o‘nglanayotganidan sevinar edim. Kun bo‘yi ter to‘kdim va o‘rmonni ancha ichkariladim. Kech tushdi. Ertaga bugungi qilgan mashaqqatli mehnatim samarasini ko‘rish ilinjida yotgani o‘t-o‘lan ustiga cho‘zildim.

Charchaganimdan, shuningdek, ishim baroridan kelib kayfiyatim yaxshilanganidan tezda uyquga cho‘mdim. Bir payt allaqanday tovushdan uyg‘onib ketdim. Ko‘zimni ochganimda hammayoq zulmatga burkanib yotar, faqat allaqanday nola sukunat bag‘rini tig‘lar edi. Nola shu qadar ezgin va dil tirnovchi ediki, uyqum o‘chmaganligiga qaramay, qandaydir og‘ir dard dilimda vulqondayin uyg‘onib keldi. So‘ng yuragimni burab-chirmadi-da, tubiga zilday cho‘kdi. Ichki dunyoyim qop-qora zulmatga chulg‘andi, undagi ko‘nglim qushi sozlaguchi umid tori uzildi. Qalt-qalt titray boshladim, xuruj qilib kelayotgan yig‘i to‘lqiniga qarshi holim-da qolmadi. Yum-yum yig‘lay, birozdan keyin nola cheka boshladim. Endi qorong‘i jangalzor qo‘ynida ikki nola yangrab, biri ikkinchisidan ruh olmoqda edi.

Ertalabga yaqin tun bo‘yi xuruj qilaverib kuchdan qolgan shamoldek ichimdagi dard bo‘roni tindi, ko‘zim quriyotgan jilg‘aday yosh to‘kishini qat’ etdi. O‘rmondan chiqayotgan nola ham tonggi shovullashlar orasiga singib ketdi. Men uchun kechagi kunning davomi boshlandi.

— O‘zingni o‘rmonning hukmiga qo‘yib ber, – dedi Gulim.

Men fikrlashlarga, savollarga, shubhalarga o‘rin bermaslik uchun ishga kirishdim. Ikki qo‘limni zichlanib o‘sgan shoxlar orasiga tiqqan ko‘yi o‘zimga oson yo‘l ochar, yo‘lim ilgarilaganini ko‘rib sevinar, ortimda qolgan yo‘lga xuddi o‘tgan umrimdek bir nigoh tashlab qo‘yar edim. Bugungi kunim ham xuddi kechagidek o‘tdi. Tun kirganda esa nola tag‘in uyqu uyiga o‘t qo‘ydi. Yaqini bemahalda qazo qilgan jigarvashdek tag‘in tun bo‘yi motam tutdim.

Avvaliga men kun sanar, qachondir o‘rmonni tugatib yalanglikka chiqishimga ishonar edim. Biroq oradan necha yillar o‘tdi hamki, men yo‘l ochishda davom etardim. Shunda ham mendagi qudrat o‘z-o‘zimga bo‘lgan ishonchimga darz yetishiga, tushkunlikka tushishimga yo‘l qo‘ymas edi. Kunlarning birida boshimda ajib hol yuz berganligini: bir joyda ikkinchi bora ishlayotganimni, qachondir ochgan yo‘limni boshqatdan ochayotganimni anglab qoldim. Bu yer kechasi ilk bor nola bilan uchrashgan joyim edi. Shunda bu o‘rmondan hech qachon chiqib ketolmasligimni fahmladim. Fahmlashim hamono qachondir yuragim tubiga cho‘kkan dard ming chandon og‘irlashdi va meni, butun vujudimni, pastga tortib keta boshladi. Men chalqanchasiga yiqildim-u, hushimni yo‘qotdim. O‘zimga kelganimda allaqachon tun cho‘kkan, yon-atrofimda har doimgidek hech kim yo‘q edi. Men qay holdaman, nima qilib yotibman – anglab ulgurmasimdan, kimdir qattiq kulib yubordi. Yotgan yerimda bir sapchib tushdim. Bu allaqanday quvnoq, jarangdor va ayni chog‘da, sirli kulgi edi. Kulgi butun o‘rmon bo‘ylab qayta taralganda dilimda g‘alati qiziqish, shaydolikka o‘xshash bir hol bosh ko‘tardi. Negadir ich-ichimdan kulgi quyilib kela boshladi. Lablarim quloqlarimga dovur yoyildi, tomog‘imda qahqaha qaynay boshladi. Endi o‘rmon bo‘ylab ikki yorti bir butun kulgi jaranglar edi.

— Maqsadimga yetolmayman, chog‘imda, – dedim Gulimga ertalab hamma narsa asliga qaytganda.
— Chunki maqsad o‘zi nima – bilmaysan, – dedi u.

Men o‘yga toldim. Haqiqatan, agar maqsadni to‘g‘ri qo‘yishni bilganimda allaqachon unga yetardim. Axir butun o‘rmonni bir bora aylanib chiqdim-ku. Buning uchun yarim umrim o‘tib ketgan bo‘lsa ham, ajab emas.

Daraxt shoxlarida allaqanday qush sayradi. Sadosi shu qadar xush ediki, meni sarxush etdi. Qush sadosi uzoqlasha-uzoqlasha yo‘qolganda ichimda qoniqishsiz mubtalolik holati hukmronga aylangandi.

– Nechun ketding meni tashlab!? – dedim oshiqlar kabi bu yerlardan allaqachon qorasi o‘chgan qushga xitoban.

— Sen ham tashlab ketmassan? – dedi Gulim.
— Kimni? Nimani? – hayron bo‘ldim men.

Gulim javob bermadi. Demak, o‘zim topishim kerak bu savolga javobni.

Bu orada ichimdagi mubtalolik qushi uyga qamalgan chumchuqday dilimning tor bo‘shlig‘ida gir-gir etgancha uzoq aylandi. Oxiri charchaganidan bir tekislik topib qo‘ndi. Qo‘ngan joyi dilimning qudrat tanda qurgan-u, hozirda mudrab yotgan pallasi edi. Mubtalolik qushi qudrat tanini sezishi bilan o‘zidagi hadiku noumidlikni abadiy yo‘qotdi. Ishonch unda shu qadar muqim maqomga aylandiki, nigohlari beixtiyor dilimning ustki devorlarini bemalol oshibmi-yoribmi chiqdi-da, keng osmonni ko‘rish baxtiga musharraf bo‘ldi. Qushning boshi baxtdan aylandi, ko‘zlari mastona suzildi, qanotlari oyog‘i ostidagi qudratdan kuch oldi. Qush maqsad yo‘lida jiddu jahd aylamoq uchun olis parvozga shaylandi. Bu holida uni nimjon chumchuqqa emas, olis sayohatga chiqayotgan laylak yoki o‘ljasi ustiga tashlanishga shay’ burgutga o‘xshatish joiz. Mubtalolik qanot qoqqancha dilim devorlaridan to‘siqsiz o‘tib ketdi, osmon toqiga yetdi, butun jahonga bearmon nigoh tashladi-da, olam bo‘ylab sayrga chiqajagini e’lon etgandek qanot qoqib ketdi.

— Maqsad qandoq bo‘lishini ko‘rdingmi? – dedi Gulim qanot qoqqancha osmon bag‘riga singib ketayotgan mubtalolikka boqib qolarkanmiz. – U endi visol nimaligini ham tushundi, angladi.

— Oh! – deb yubordim men birdan butun tanamni chulg‘ab olgan qudratdan sarxush bo‘lib mastlardek ko‘zlarimni suza boshlarkanman. – Qush kibi uchgum men ham!..

Qanot qoqdim. Oyog‘im butun umr meni ko‘tarib yurgan yerdan uzildi, tanam yuqorilangani sari hayajonim ham chandon osha bordi. Men qanot qoqa-qoqa tikkasiga ko‘tarilishda davom etar, zamindan olislashib ketayotganimni ko‘rib, cheksiz zavqqa to‘lardim.

— Yashasin parvoz! – hayqirdim men. – Bor ekan-ku ozodlik!

Biroq ovozim dil tubimdan ozodlikka chiqqan qushning g‘alaba qilgandagi chug‘uriday olis-olislarga tarqalib ketmadi, samoning cheksiz bag‘rida singimadi, quyoshdan to‘kilayotgan nurga naqshlanmadi. Zero, meni hali ham qalin o‘rmonzor daraxtlari ihota etib turar, har qancha balandlashmayin, daraxtlardan-da yuqoriga – kenglikka – oshib chiqib ketolmagandim. Daraxtlar xuddi har biri osmonga ustun qilib qo‘yilganday yoki samo bag‘riga kirib ketganday uchini hech ko‘rsatmayotgan edi. Bu holni ko‘rgach, tarvuzim qo‘limdan tushib ketdi, daraxtlarning tugab, kenglikka yetish umidi kabi qutulish orzusi ham xayolga jilva qilguchi sarob ekanligi ayon bo‘la boshladi. Shunda men bir qarorga kelmoq uchun aqlu hushimni yig‘dim. Tik uchgancha yetib borgan joyimda muallaq to‘xtadim-da, pastga nazar tashladim. Yer shu qadar uzoqlashib ketgan ediki, endi uning tubiga nigohlarim yetib borolmas edi. Boshim gir-gir aylana boshladi. Bir lahza “Hozir holdan toyaman-da, qudratimni qo‘ldan beraman, so‘ng tushib ketib chil-chil sinaman” degan vahima butun vujudimni qamrab oldi. Shu choq o‘rmondagi o‘t-o‘lan ustida yotmoq ham dunyodagi eng ajib ne’mat bo‘lishi mumkinligiga aqlim yetdi.

— Qudrat bilan chin aql bir-biridan ayro emas! – olisdan keldi Gulim ovozi. – Qo‘rquv esa chin aql bilan muvofiq emas.

Ajabo, men Gulim ovozi ilk bor o‘zimdan ancha yiroqdan eshitilayotganiga guvoh bo‘lmoqda edim. Bir lahza ko‘zimni yumdim. Meni yerdan uzib ko‘targan narsa qudratim edi, nega endi yana qudrat vositasida ish ko‘ra olmasman?

Men qoyadan dengizga tashlangan g‘avvosday o‘zimni bo‘sh qo‘yib yubordim, ixtiyor jilovini ishonch qo‘liga topshirib, erk rishtasini qudrat poyiga payvand ayladim…

Uzoq safardan qaytib nihoyat to‘shagiga yetgan sog‘inguchiday o‘t-o‘langa yonboshladim, bunday huzurni umrimda endi tuya boshlashim edi.

— Qanoat – maqsadning o‘zi emas, unga yetmoq uchun yo‘l, – dedi Gulim.

Men iroda bilan qayta shartnoma tuzdim. Irodam menga xohish qo‘lida asir ekanligini, mustaqil tarzda hech bir qaror qabul qilolmasligini iqror qildi. Xohishning eshigiga bosh urib borish esa noqulay tuyuldi, sha’nim bunday og‘ir yukni ko‘tarolmasligini ochiq tan oldi. Nima qilishimni bilmay qoldim.

— Odam o‘zida yo‘q narsani tashqaridan olishga intiladi-ku? – dedi Gulim.

— Oh! – deb yubordim tag‘in. – Mening ichki olamim – bir qo‘rg‘on. Bu qo‘rg‘onga hatto o‘zim ham kirolmayman…

— Chunki qo‘rg‘onning egaligi senda emas…

Bu gapdan ongimda chaqin chaqnadi. Ko‘zlarimni yumdim-da, o‘rmonga nazar tashladim. Mana, men bir umr yashab kelgan o‘rmonzor. Mening vatanim, manzilim, hatto otam-onam. Bundan ketmoq bo‘ldim – iloji bo‘lmadi. Osmonga chiqmoqchi edim, chiqolmadim. Demak, men bunda tutqunman, asirman…

— Adashasan!..
— Nahotki!.. – hayajondan butun vujudim titrab ketdi.

Nihoyat, Gulim menga eng oxirgi yechimni ko‘rsatib berdi. Demak, boshdanoq oldimga qo‘ygan maqsadim – to‘g‘ri, bu yerdan ham chiqib keta olaman. Shu choqqacha maqsadga yetolmayotgan ekanman, bunga o‘zimning durustroq harakat qilolmayotganim sababdir. Xuddi maqsadli foydalanolmayotganim qudrat menga bekorga berilgandek-a!? Attang!.. Qancha yelga sovurilgan fursat, uvol bo‘lgan qudrat!.. Lekin endi ko‘zim ochildi. Men qudratim orqali maqsadimga yetaman…

Gulim jim edi: na fikrlarimga munosabat bildirdi, na so‘nggi gapimga javob etdi. Buni esa shoyad uning irodam birla kelishuvi deya qabul etsam, bo‘laverardi. Axir, to‘g‘ri-da: men haq qarorga keldim, kela oldim, nihoyat…

Vujudimga qudrat qon bo‘lib quyila boshladi, tanam go‘yo ichida suvi qaynayotgan qo‘mg‘on borday tegsa kuydirgudek alfozda. Ko‘zlarim o‘rmon bag‘rini yorib o‘tib kengliklar uzra, osmonni to‘sib turgan daraxtlar shox-barglarini teshib chiqib samolarda kezinadi. Hatto nigohim quyoshga qo‘shilmoq uchun u sari otilgan o‘qday uchib borajagini tasavvur qilib qo‘nim topolmay shoxdan shoxga sakrovchi qush holiga tushib qoldi…

Shundan keyin mening hayotim o‘rmon ichra yo‘l ochmoq, uchmoqdan iborat bo‘lib qoldi. Kechalari menga yig‘i va qahqaha hamroh bo‘lar, kunduzlari Gulim bilan suhbat qurar edim. O‘zimdagi qudratga bo‘lgan ishonch, allaqanday intiqlikka o‘xshash hol meni kechasiyu kunduzi tinmaslikka, kurashishga chorlar edi. Oradan yillar o‘tdi. Men qariy boshladim. Biroq dilimdagi ishtiyoq sira o‘zgarmadi. Shunga qaramay, tanamdagi kuch meni tark eta boshladi. Men ruhan tushmasligim kerakligini, shuningdek, tanamning qaytadan yosharmasligini ham bilardim. Binobarin, bir kuni tanamda og‘riq boshlanganda bu qarilikka xos allaqanday kasallik ekanligini taxmin qildim. Men shu paytgacha o‘rmonda sayrovchi qush qo‘shig‘idan taraladigan dardnigina bilar, bu dardni dilim tubida asrab yurar, u sababli kechalari ko‘zyosh to‘kar edim. Endigi dard tanamga atalganligini, uni mahkum etish orqali qudratimni sindirishga qaratilganligini his qila boshladim. Men o‘zimdagi qudratni saqlab qolishim lozim edi. Shuning uchun yo‘l izlay boshladim. Gulimga yuz burdim.

— Buning uchun o‘zingni topishing kerak, – dedi Gulim…

Tun kirdi. Kunduzgi mashaqqatli mehnatning zahri, go‘yo bu dard tanamni abgor etmoqni qasd qilgandek, badanimda hali ham tarqamagan, ongimda qilgan ishlarim taassurotlari charx urar edi. Birdan mayin shabada esayotganini ilg‘adim. Nechukdir tanim allaqanday rohatga cho‘mdi-da, uyqum qochdi. Ko‘zimni ochdim. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, o‘rmonim kunduzi men ko‘rgan, men bezigan, tashlab ketishni niyat qilgan o‘rmonga sira o‘xshamas, unda qandaydir tarovat barq urar, har bir daraxt tanidan go‘zallik va mayinlik ifori ufurar edi. Bu ifor qalbimni sel qildi. Shu topda o‘rmon, yo‘q, mana shu bog‘ bilan qalbim o‘rtasida uzib bo‘lmas qandayindir bog‘liqlik rishtasi mavjudligini ich-ichimdan chuqur his qildim. Bu suvi tagida noayon bilqillab yotgan chohga o‘xshab qolgan ko‘nglimni qaynar chashmadek ochib yubordi, unda mehr suvi jimirlay boshladi. Men bu mehrdan sarmast bo‘ldim. O‘rnimdan turib sayr etarkanman, o‘rmon ko‘z o‘ngimda, haqiqatdan ham, bog‘day yoki gulistondek tovlanardi. Mening bu kezinishim kunduzgi tentirashlarimga, mashaqqatli ish ortidan sarosar jahd etishlarimga sira o‘xshamasdi…

Kun boshlanib, hamma narsa avvalgi holiga qaytdi. Men tag‘in kechagi o‘rmonga bergan mehrimni ko‘rilgan yaxshi tushday butkul unutdim-da, yana atrofimga, osmonga bo‘y cho‘zgan daraxtlarga go‘yo ular qaynoqligi ketib endi haroratsiz jismga aylangandek sovuq nigoh tashladim. O‘rnimdan irg‘ib turdim-da, uyquga to‘ymagandagi qoniqishsiz bir alfozda, lekin ildam harakatlar bilan yo‘l ochishga tushib ketdim… Ko‘nglim kechqurungi bog‘lar sayrini tilar, kunduzgi daraxtlari tarvaqaylab zich o‘sgan o‘rmon esa nafasimni tor, dilimni xor etar, bu ketishda holim abgor bo‘lishini sezib, faqat to‘g‘ri qarordan umid qila boshladim. O‘zimni chalg‘itish va ovutish uchun Gulim oldiga yo‘l oldim. Qandoq tushuntirayki, uni kechagi joyida paydo qilolmadim. Bu meni battar tushkunlikka soldi. Nahotki men o‘zimni faqat kechqurungi bog‘lardagina ko‘ra olsam-u, kunduzlari taqdirim qo‘lining o‘yinchog‘i, kechqurunlari go‘zallik dasturxoni mehmoni bo‘lsam!? Dunyoda qutulish bormi o‘zi!? Bo‘lsa, qayerda!? Umrimning shu yovvoyi o‘rmon ichida o‘tib ketishi adolatdan emas-ku!.. Bunday savollarning adog‘i yo‘q. Kechgacha yon-verimda minglab savol qalashdi, tanamga o‘latday toshgan ham, ruhimda zilzila uyg‘otgan ham savol bo‘ldi. Oqshom tushib, oromim o‘zimga qayta boshlaganda men jahannamdan jannatga o‘tkazilgan banda singari maysa ustida yotgan ko‘yi umrimning asosiy haqiqati to‘g‘risida o‘ylar edim. Birdan har kuni o‘rmon bag‘rini qo‘llarim orqali chok-chok etishim uchun ruhimni kurashga undab kelgan maqsadim xotiram tubidan yuzaga qalqib chiqdi. Chiqdi-yu, tomoqqa tiqilgan qiltanoqday ongim oynasiga qadalib qoldi. Uzoq o‘ylab maqsadim ilojsizligimga chora bo‘lolmasligini anglagandek bo‘ldim. Bu noaniq kashfiyot meni “O‘rmondan qutula olmayman, shuning uchun o‘zimdagi maqsaddan kechishim kerak” degan xulosaga olib keldi. Nazdimda maqsadsizlik meni kunduzgi baxtsizliklardan qutqazishi kerak edi. Kechqurungi go‘zal sayrlar esa menga hayot va’da qilayotgandek tuyular, bunday shirin umid kunduzgi o‘rmon hamma vaqt tungi gullab-yashnagan bog‘ga aylanishi orzusini dilimga solayotgandi. Bu vasvasalar hayotimdan hatto uyquni siqib chiqardi. Avvallari qush sayrab uyg‘otgunga qadar uxlar ekanman, yana o‘zim bilan o‘zim bo‘lib qolar, bu esa dilimdagi o‘rmondan ketish istagini qayta uyg‘otardi. Uxlamaslik bo‘lsa, menga o‘z-o‘zimdan, xayollarimdan, istaklarimdan ayrilish imkonini berar va men dardu g‘amini vaqtinchalikka bo‘lsa-da, unutgan nashavanddek qush kelguncha, kelgach esa to tong otguncha sayri bog‘ etardim. Shunday qilib bu bog‘ hayotimga yangi bir davr olib kelgandi. Bog‘ oralarkanman, o‘z-o‘zimdan jilmayib, gohida esa mastlardek xirgoyi qilgancha tinmay qush haqida, uning sayrog‘i, sehri to‘g‘risida xayolga tolar edim. Go‘yo bundan keyingi hayotim qushning fikru zikriga bog‘liq bo‘lgandek uning xayolida tong ottirar, kun yorishgach, kechasi qush aslida kelmaganligini anglardim. Bu holat menga ortiqcha hayrat bermasdi, zero endi qush sayrog‘ini men xayolda, tasavvurda, hisda eshita, zavqlana olardim. “Hamonki eshita olarman, nega endi ko‘ra olmas ekanman?” deya o‘yladim bir kuni. Shundan so‘ng men hayotimning mazmuniga aylangan qushni ko‘rmoq uchun tayyorgarlik ko‘ra boshladim. O‘rmonda mening qadamim tegmagan qarich joy, nigohim qo‘nmagan barg, qo‘lim yetmagan shox qolmadi. Mening butun umrim, butun hayotim ana shu o‘rmon bag‘rida kechdi. Nihoyat, men bir kuni kechasi ichimda nimadir erib borayotganini sezdim. Dilim tubidagi zil-zambil dard suyuldi-da, tanamni qandoqdir jiqqa ho‘l nimarsa qopladi, ko‘zimdan ixtiyorsiz yosh oqa boshladi. Pardek yengil bo‘lib o‘rnimdan turib ketdim. Nigohim ilk bor yorishayotganini tuyib hayajondan o‘zimni qayerga qo‘ymoqni-da bilmay qoldim. Abadiy qorong‘ulik bag‘ridagi o‘rmonga ilk bora yog‘du tushdi: osmondan yop-yorug‘ bo‘lib yumaloq nur tushib kelardi. Men uni tanidim.

— Quyosh! – xitob qildim.
— Adashmading, – dedi u yerga qo‘nar ekan, – lekin sen nomlagandek emas…

— Seni shu darajada yaqin tanidimki, – qattiq hovliqqanimdan tutilardim, – zotingni tilga keltirmoqqa ojizman.

— Hamma gap shunda-da, – dedi u. – Qara, bugun sen maqsadingga yetding…

Shunday deb u zamin bo‘ylab yoyilib ketdi. Ko‘zlarim yorqin nurdan qamashdi, borlig‘im izhor qilib bo‘lmas allaqanday sirli huzurga cho‘mdi. Men yig‘lardim…

Atrofimga boqdim. Daraxtlar chekina boshladi. Ro‘paramda men bir umr intilgan kengliklar yastanib yotar, boshimda keng va ko‘m-ko‘k osmon cho‘zilib ketgan edi.

— Endi sen keta olasan…

Kenglik tomon yurdim. Yurarkanman, qo‘llarimni qanotday yozib osmonga ko‘tarildim. Biroq kutganimdek borlig‘im rohatga belanmadi, zavqqa lim ko‘krakdan otilmish hayqiriq fazolar bo‘ylab taralib ketmadi, shavqoniy ovoz tog‘larda aks-sado bermadi. Men sukut daryosiga tobora chuqurroq botib borar, qalbim istig‘no suvida g‘usl etgandek manzilu vatan aro ko‘prik bo‘lolmas edi… Osmon bag‘rida parvoz aylab yetiluvchi halovatlar, kengliklarni oshib bag‘ir yayratuvchi huzurlar men uchun emas edi. Bosayotgan har qadamim yaqinlashib borayotgan manzilimga nisbatan intilishimni, intiqligimni, muhabbatimni so‘ndirar edi. Men to‘xtadim va… Ortimga o‘girildim. Nurga burkangancha butun olamni yoritib turgan quyosh hamon menga jilmayib boqar edi.

— Lekin men sening savolingga javob bermadim-ku? – dedim, dilimda qaynagan mehrdanmi – dam-badam xuruj qilib kelayotgan yig‘idanmi, nafasim og‘irlashib.

– Javob har kimning o‘z qalbida…

U shu qadar charog‘on ediki, nuridan nainki nigohimga, borlig‘imga o‘t tutashdi. Men yona boshladim.

— Oh, muhabbat!..

Yopiray, ro‘paramda, quyosh o‘rnida, Gulim namoyon bo‘la boshladi. Endi uning yumaloq chehrasida oftob nuri jilvalanardi, yo‘q, ul chehradan xurshidning o‘zi boqar edi. Ana! Yo u quyosh vasliga yetgan, yoki quyosh uning bag‘riga jo bo‘lgan?! Yoki ikkisi bir-birining bag‘riga singiganmikin!?.

— Yo‘q, men ketolmayman. Axir, qayga ham ketardim? Odam o‘zidan boshqa qayerga ham borardi?..

Ortiq gapirolmadim. Gapirolmasdim. Ko‘zimga o‘rmonim ko‘rinib keta boshladi. Doimo qorong‘ulik berguchi rangda ko‘rishga odatlanganim o‘rmon bu safar ko‘zimga o‘zga ko‘rinishda jilva qilardi.

— Daraxtlarim… Mening daraxtlarim! Men Vatan qilgan aziz go‘sham… Sizlarni qanday qilib tashlab keta olardim!? Axir, sizning taningiz meningdur, siz menda va men sizningdurmen…

Gulim nurga chulg‘angan ko‘yi hamon tabassum qilar, unga boqqanim sayin bir umrlik mushkullarim yechilayotganini his etar, go‘yo hozir u birla qovushadigandek kishi o‘zidan ketishini bo‘yniga olgandagi hayajonda dir-dir titrar edim… O‘zimni junun qudrati ixtiyorida sahro sari chopgan Qays kibi sezib unga tomon qadam qo‘ydim…

06.02.2017.
Onam tug‘ilgan chog‘.

08

(Tashriflar: umumiy 111, bugungi 1)

Izoh qoldiring