Dilmurod Nazar. Uch hikoya: Olis ufq & Yirtqich & Sukunat manzili

Ashampoo_Snap_2018.03.14_15h17m33s_002_.pngБундан аввалроқ ёзувчи Орзиқул Эргаш тавсияси билан сўхлик ёш ижодкор Дилмурод Назарнинг уч ҳикоясини тақдим этган эдик. Бугун унинг яна уч ҳикоясини сизга ҳавола этиш навбати етди.

Дилмурод НАЗАР
УЧ ҲИКОЯ
07

3.jpgДилмурод Назаров 1984 йилда Фарғона вилоятининг Сўх туманида туғилган. 2007- йилда ФарДУнинг Ўзбек филологияси факультетини битирган. Ҳозирда Сўх академик лицейида дарс беради. . Илк ҳикояси «Олис уфқ»ни 2011- йилда ёзган. Бизга йўллаган хатида ёш ёзувчи ҳозиргача 100 га яқин ҳикоя ёзгани ва уларнинг бирқанчаси Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон, Қозоқбой Йўлдош кабиларга ёққани​ни маълум қилади. Шу пайтгача матбуотда эълон қилинган ҳикоялари: «Ёшлик»да «Сукунат манзили»; «Шарқ зиёси»да «Олис уфқ», «Бўрон қутурган кеча», «Инқилоб».

07

ОЛИС УФҚ
Навоийга эргашиб

1411246715_12.jpg1. Олис уфқ. Қоронғи. Борлиқ сукутда. Фақат тун. Олис уфққа боққучининг юраги эзилади. Узоқ боқиб нигоҳин ўргатган кўз уфқ манзарасин кўра бошлар. Бироқ кўрган бирла англамоқ бормикин?

… Олис уфқ. Тун бағридаги текислик. Уфқ узра ястанган инсон хаёли кенглиги ичра қалб ҳислари чўзилиб кетар. Инсон хаёл сурар, қалби ненидир ҳис этар, онги туйганидин тасаввур яратишга уринар. Шу тариқа бемаъно олам муҳитидан одам олам яратмоқчи бўлур.

… Олис уфқ. Уфқ юзида бехос пайдо бўлиб, мақсадсиз ва бетартиб кезина бошлаган қора нуқта ёзги булут каби тарқоқ инсон хаёлини ўзига жамлатди. У нима? Қуш. Қандай қуш? Нотаниш. Нега тунда учади? Номаълум. Шу билан тамом. Қуш ҳақида бошқа хаёл суришнинг иложи, ҳожати қолмади. Хаёл бошқа хаёлга ҳам уланмади, қуш фикри янги фикрни ҳам юзага чиқартмади. Ҳозир кўнгил мавҳум хаёл, мавҳум лаззат, мавҳум дард истар, кўз кўнгил муродин қонеъ этмоқ учун олис уфқ манзарасидан ненидир излар.

Уфқ. Не уфқ, бутун борлиқ тун бағрида. Ғам шомидир бу тун. Инсон не истарин билмас, бироқ кўнгил ғам тилар. Қадаҳга ғаму дард майидин қуйиб, тўйгунча ичмоқлик ҳам бор. Зеро, сукунат ила ҳамоҳанг, шом бирла якранг бўлмоқ уфқ манзили сари якка кўз тутиб тургувчи бўлмоқдин авлороқ.

Висол топмаган қалбнинг, зулм кўрган дилнинг, яро бўлган бағирнинг ёлғуз тилаги – ғам суйи ичмоқлик. Тилак эса муқаддас. Кўнгил учун они бажо айламоқ – мавжудлигининг муроди.

2. Олис уфқ. Сендин бир тилагим бор…

Кутамен. Келурму? Келмаслиги наҳот мумкун эрса? Қаранг, қоронғулиқ бағрида недир милт этди. Онинг шарпаси… йўқ… қадам товши эрмасмикин?..

„Ғойиб бўлди“ дейсизми? Ҳа… Бироқ у келади.

… Олис уфқ. Кўзларимни ўзи сари чорлаган бепоёнлик. Борлиғимни йўлига қаратган, нигоҳимни силлиқ юзи аро денгизда сузиб кетаётган кемадай кезинтирган дилбар, кўнгил оҳанрабоси.

Шитирлади недир. Ортимда. Оҳ, наҳот У олис уфқ бағридан эмас, ортимдан келур.
Ўгирилайму? Мана… Ахир, бу хазон-ку. Қайдин бино бўлди бу хазон? Қай бечора дарахт они бемаҳал йўқотиб, ҳажрига мубтало бўлғон экин? Бу яқин атрофда дарахт зоти кўринмайди-ку? Наҳот бул ҳам олислардан учиб келган – худди мен каби. Демак, бул хазон-да ғариб…

Кел, хазоним, сени кафтларим тахтиравонида юксалтурай, бармоқларим беланчагида овезон айлай. Оҳ, нечун танингда дармон, рангингда ранг йўқ? Вужудингдан қайси золим қонингни суриб олди? Ёки биравнинг ҳижронида сен ҳам ранги зард ғарибмусен?..

Олис уфқ! Хазоннинг зардлигида, ҳижроннинг адоқсизлигида не ҳикмат бор? Наҳот, ҳаёт гули ҳажр суйи бирла суғорилса танҳо? Барча кўркамликнинг сўнг тақдири хазон киби сарғариб, адо бўлмоқ ила ниҳояланса? Бул сўроғима жавобинг борму, эй Чарх!..

Сукунат. Олис уфқнинг қулоғимга минг йиллик таниш манзараси… Ул ҳолда мен-да хазон бўлгум. Ахир, қисматимдир хазонлиқ… Ортиқ кутишнинг, кўз тутишнинг маъниси қолмади. Кел, хазоним, биртанлашайлиқ. Битта эдинг, икав бўлурмиз…

Олис уфқ. Сомеъадан маҳрум уфқнинг бепоён сукунати бағрида икки шитир-шитир заиф сас кезинур…

2011 – 2017

ЙИРТҚИЧ

Тағин уйғониб кетди. Бу сафар товуш анча олисдан келган бўлса-да, аянчли эди. Бошини ёстиқдан кўтариб атрофига аланглади, кўзлари безовта эди. Чуқур-чуқур нафас олди. Пешонасига кўпчиган терни кир енги билан артди. Ўзини ухлашга мажбурламаса бўлмаслигини билиб қайта чўзилди, кўзларини юмди. Бир маҳал шовуллаган товушни эшитиб хаёли ўзига келди. Олдида бепоён ўрмон ястаниб ётар, эсаётган шабада дарахтлар учини сокин ўйнарди. Бошини баланд кўтарди, осмонда рангин камалакни кўрди. Кўнгли ёришди. Лабида жилмайиш акс этди. Ўрмонга қараб юрди. Йўқ узоқ экан, анча ҳолдан тойди. Бир харсангга ўтириб нафас ростлади. Йўлнинг ярмини энди босиб ўтибди. Қуёш эса тиккага келган, қиздиргандан қиздирмоқда. Роса чанқаганини ҳис этди. Сув умидида нигоҳини ҳар ёққа юборди. Аксига олиб сув йўқ, ҳеч қаерда жимир этган шуъла кўзга ташланмади. Бу кетишда беҳоллик унга сиртлондай ташланишини англаб, ўрнидан турди. Оёқлари увушиб қолибди, йўл босиши осон кечмади. Ерда ётган қоқ бир таёқни қўлга олди. Ернинг ҳам қуп-қуруқлигига эътибор қилди. Атрофда ўт-ўлан қуриб-қовжираб ётар, сарғиш-кулранг тус бутун кенгликка чўзилиб кетганди. Бу ер саҳро эди. Таёққа таянганча йўл боса-боса офтобнинг оғишига яқин ўрмонга етиб келди. Ўрмон дегани узоқдан текис, бенуқсон, қўл чўзса етадиган кўрингани билан уни саҳродан катта, чуқур жарлик ажратиб турар экан. Нима қилиш керак? Жар оралаб ўтсинми? Бунга кучи-дармони етадими? Хайр, таваккал. Жарликка эна бошлади. Бир маҳал тани жунжикаётганини сезди-да, юраётган йўлига шубҳали нигоҳ ташлади. Шамол чанг-тўзонни тўзғитар, ҳар хуруж қилганида қишнинг заҳрини бетга олиб келиб урар эди. Беихтиёр эгнидаги куйлагига биқинди. Бироз юриб осмонда қор тўзони айланаётганини кўрди. Таваккал қилганига пушаймон еди, лекин энди пастга тушишдан бошқа чораси йўқ эди. Жарлик тубига етганда оёғи тойиб кетди. Ҳаммаёқ қотиб қолган қор ва муз билан қопланган. Биринчи қадамини кутиб тургандек лайлак-лайлак бўлиб қор ҳам бошлаб юборди. Бадани совуқдан дир-дир титрай бошлади, тиши тишига тарақлаганча урилар, кўзлари совуқ ва ғазабдан қаттиқ қисилар, босаётган қадами борган сари оғирлашиб борар эди. Итнинг ўлим азобида жарнинг нариги ёғига етди. Энди олдида жар устига – жангалзорга чиқиш машаққати турганди. Бу ёғи кўнгил истаган таваккал эди. Қияликка қараб оёқ босди: бир, икки, уч… Оёғи тойиб йиқилди, сирғанганча чиққан жойига бориб тушди. Йўл излаб тепага боқди. Боқди-ю, даҳшатдан дами ичига тушиб кетди. Жарликнинг юқори адоғига нигоҳ етиб боролмас эди. Борлиғини ваҳима қоплаб олди. Бошини қай ерга уришини билмай қолди. У ёндан бу ёнга зир югурди. Шунда кўзи жарликдан осилиб турган арғамчига тушди. Хурсанд бўлиш-бўлмаслигини ҳам билмай қолди. Қанчайин вақт қотиб тургач, бориб арқонга осилди. Шунда ажойиб ҳол юз берди: арқон ўз-ўзидан юқорига тортила бошлади. Ҳайратдан қотиб қолди. Арқон тортила-тортила жарнинг устига чиқиб ҳам олди. Ўрмон ичидан юзига баҳор нафаси урилди. Қулоқлари қушларнинг сайроғига тўлиб кетди. Бирпас нафас ростлади, сўнг ўрнидан туриб ичкарилади. Нигоҳи бояги арқоннинг ўрмон ичкарисигача чўзилиб кетганини илғади. Шу арқоннинг адоғини кўзлаб кетди. Арқон бориб кичик бир уйчага туташди. Уйча ичидан тиқ этган товуш чиқмас, эшиги берк эди. Нима қилсин: кирсинми-кирмасинми? Таваккал, эшик тутқичига қўл юборди. Ўзига томон тортди, бироқ эшик очилмади. Бор кучини ишга солди. Шунда уйча даҳшатли бир ўкирикдан зириллаб кетди… Нафаси ичига тиқилганча ўрнидан туриб кетди. Ҳали тонг ёришмаган, ётган уйи тушидаги уйчанинг ичидек қоп-қоронғи эди. Кўнглини қоплаган ваҳима васвасаси тағин қанча вақт давом этди. Алаҳсираб, хаёлланиб, гоҳи ваҳималаниб, яна ўз-ўзидан ғазабланиб, бошини қайга уришини билмай, баъзан ўз ҳолидан қиқирлаганча кулиб тунни адо қилди. Қуёш чиққанда нонушта учун ўтирди. Кўзига чойдаги акси чалиниб қўққисдан йўлидан бегона чиқиб қолгандек чўчиб тушди. Кўзгуга югурди. Кўзларининг қизаргани, қовоқларининг шишгани, рангининг синиқлиги ичида хавотир шамолини эсдириб юборди. Томоғидан бирор нима ўтмагач, кўчага чиқди. Танида ким биландир дардлашишга, ҳасратлашишга эҳтиёж сезди. Аксига олиб кўчада ҳеч ким йўқ. Бировни учратиб қолиш хаёлида катта йўлга қараб юрди. Катта йўл ҳам бўм-бўш. Неча соат тентираб юрди. На бир ғизиллаб ўтган машина, на пиёда дуч келди. Дили сиёҳ бўлди. Назарида офтоб ботиш учун шошаётгандай, ҳадемай шом чўкадигандек эди. Қабристон ёнидан ўтаркан, девори орқасида нимадир тарақлади, сўнг дупур-дупур югурган товуш чиқди. Шошганича девор оша мўралади. Ҳеч зоғ йўқ. Дарвозадан кирди, қабр оралаб анча юрди. Ҳатто саёқ ит ҳам учратмай ҳафсаласи буткул пир бўлди. Эски сағана ёнидан ўтаркан, қандайдир фавқулодда даҳшатли товуш оёқларини юриб турган йўлига михлаб ташлади. Товуш жуда ҳам ваҳимали бўлиб, қандайдир йиртқичнинг ўкиригига ўхшаб кетарди. Лекин қанақа йиртқичлигини аниқлаб олиб бўлмасди. Дастлаб овоз сағананинг ичкарисидан чиқяпти деб гумонлади, бироз кейин орқасидан келган деган ўйда тинчиди. Сағана орқасига ўтди, йиртқичдан асар ҳам йўқ эди. Уйига кўнгли хуфтон бўлиб қайтди. Хаёллари сепини йиғиб ололмасидан деразасидан шом мўралади. Тамаки тутатди. Асабийликдан қаттиқ тортиб юборди, томоғига тиқилган тутун аччиқ йўтал қўзғади. Роса йўталди, босилиши қийин кечди. Охири, йўталишдан тўхтади, бироқ ҳали ҳам томоғида қичишиш сезиларди. Зарда билан қаттиқ йўталганди, ўз товушини ўзи танимади. Товуши бояги йиртқич ўкиригига ўхшаб кетганди. Бу сафар унчалик қўрқмади, диққат билан эшитаётгандай бироз сокин қотди, сўнг яна бир бор атайин йўталди. Бу сафарги йўтал аввалгисига ўхшамади. Ўрнига ўтирди. Миясида ҳалиги қабристондаги бўкирикнинг асорати қўзғалди. Қутулиш учун анча ҳаракат қилди. Кўзи илина бошлади. Бирдан қаердандир яқиндан йиртқич ўкириб юборди, ўрнидан сакраб туриб кетди. Нима қиларини билмай яна ўтирди. Бошини қайга ҳам урарди – кўрпанинг ичига тиқишдан бошқа. Кўрпасига гўё ваҳму қўрқувдан қутқарадигандек танини буткул кўмиб юборди. Тун қуюқлашди. Асаблар – таранг, ғинг этган шовқинга ҳам бардош етмайди. Чарчоқ ҳаддан ошиб кетди: турганнинг оёғига осилади, ўтирганнинг елкасида вазн ташлайди. Чалқанча ётганча шифтдаги қоронғуликка боқишдан ўзга чора йўқ. Шу алфозда яна қанча фурсат ўтди. Ҳаммаёғи толди, фақат кўзлари юмилишни ҳамон рад этарди. Охири, истак устун келди, кўзга куч ишлатилди, бир-бирини суймаган қовоқлар ноилож жипслашдилар. Тахайюл ойнасидаги қора доғларнинг чоки сўкилди, яна хаёлда нур оз-оздан жилва қила бошлади, нигоҳ тағин озодлик умид қилиб ташқарига учиб чиқмоқ бўлди. Доғлар аста-аста сидириб ташланди, беғуборлик нашида қилди. Кўм-кўк осмон. Осмонда оппоқ булут оҳиста сузади. Булут суза-суза тоғ бошига етди. Чўққидаги оппоқ қор – сутдай, кўзни қувнатади. Нигоҳ тоғдан тушаётиб ўша ўрмон дарахтларининг учига келиб қўнди. Шабада ҳамон дарахтлар билан ўйнашарди. Кўнгил ёришиб кетди. Ўрмон сари югурди. Бу сафар ўрмонга кўз-очиб юмгунча етиб борди. Ҳатто ҳалиги жарлик-у ундаги қор йўлини тўсиб чиқмади. Ўрмонда уйча гўё ичига муҳим бир сирни яширгандек ҳамон қаққайиб турарди. Кулба эшигини очгани анча вақт қўли бормади. Шунда эшикнинг ўзи очилди. Қўрқа-писа эшик ёнига борди, ичкарига нигоҳ юборди. Уйча қоп-қоронғи эди. У ерда ҳеч нима йўқлигига ишонч ҳосил қилгандек ичкарига оёқ босди. Қоронғига ўргангунча тик ҳолда тек қотди. Кулбадаги ашёларга кўзи ўта бошлаши ҳамоно қиридишга тушди, лекин йиртқични пайдо қилолмади. Адашдимикан? Қани энди шундай бўлса, қанийди, йиртқич деган ҳайвон бу оламда бўлмаса? Кўнгли жойига тушиб дам олгани ўтирди. Ўтирган кўйи мизғиб қолибди. Бир маҳал ташқарида оёқ товуши эшитилди. Сапчиб ўрнидан туриб кетди. Юраги дук-дук урганча бўлажак қандайдир фалокатдан хабар бера бошлади. Ташқарига чиқиб қочиш хаёлига борди. Шу пайт эшик ёнига қандайдир соя оқиб келди-да, зум ўтмай қуюқлашди. Ҳатто ҳансираган нафас саси ҳам эшитилди. Юраги така-пука бўлиб кетди. Бу – аниқ, йиртқич! Ихтиёр қуши учиб кетди-ю, овозининг борича бақириб юборди. Ўз уйчасида бехос акс-садо берган бақириқ ташқаридаги йиртқични ҳам қўрқитиб юборди шекилли, бўкириб берди. Замину замон ларзага келди. Уйчадагининг кўзига еру осмон бир бўлди, ҳушдан кетмоқ учун қулади… Сувга чўмган кишидай кўрпани шалаббо қилиб юборган, ҳансираб нафас олар эди. Сочиқ олиб танини артиб чиқди. Ташқарилади. Ҳаво – салқин. Шабада эсади. Иситмали танни шўх шабада яйратиб юборди. Хаёл қуши қайтиб бошга қўнди. Ўзига нима бўлганлигини обдон ўйламоқ учун тўнгакнинг устига ўтирди. Хаёли нигоҳини яна осмонга томон тортқилай бошлади. Қаради. Осмонда тушдаги булут сузар, фақат тоғ, тагидаги ўрмон кўринмас эди. Негадир кўнгли ўша томонларга чопди, тушда кўрган манзиллари сари жуда кетгиси келди. Ўрнидан турди. Уйига охирги бор қайрилиб қаради. Сўнг йўлга тушди… Биёбонмисан биёбон жойлар бу ерлар. Йўли шу ердан ўтар, аниқроғи, номаълум манзил сари олиб борувчи дунёдаги ягона йўл гўё шу эди. Қуёш қиздиргандан қиздирмоқда. Ташналик азоб бера бошлади. Бундай саҳрода сув қайда? Айни туш пайти йўл узра узоқда қаққайган бир дарахт кўзга чалинди. Кўзига ишонмади, туш кўряпманми дея гумон қилди, бироқ дарахт сари шитоб айлади. Ахир, тушда ё рўёда ҳам бахт қучмоқ мумкин-ку. Дарахт туш ҳам, рўё ҳам эмас экан, остига шукроналик ҳисси билан чўкди. Дарахт танасига суянганча куявериб жизиллаб кетган танини бироз яйратди. Шу чоқ қулоққа шалдираган сас чалинаётгани англашилди. Ё Раб, ғойибдан келган марҳаматми бу? Сув. Қандай ҳаётбахш сўз. Бу сўз ўлимга ҳам чора бўла олади баъзан. Айниқса, силлани қуритувчи ана шундайин жазирама саҳро қўйнида. Сувдан мириқиб ичди. Жисму жони ором топди. Бояги жойига чўзилди. Кўзи кетди. Салқин туша бошлади. Бошини кўтарганида бояги жазирама саҳро гулларга бурканганини кўрди. Ё тавба! Ўрнидан туриб гулзор оралаб юрди, баҳри дили очилди, капалаклар орқасидан қувлашиб ўйнай бошлади. Бир капалак ниҳоятда гўзал экан, жуда ёқиб қолди. Бироқ сира тутолмади. “Э бор-е!” дегиси келмади, ортидан қувиб дарахт ёнидан хийла узоқлашиб кетди. Бир маҳал ҳалиги ўрмон ичида юрганлигини англаб қолди-ю, бояги хурсандчилигидан асар ҳам қолмади. Ортига қайтмоқчи бўлиб бурилганди, кўзи тиниб кетди. Не кўз билан кўрсинки, оёғи тагида тубсиз жар ётарди. Жар остидаги қорни, шамолни эслаб эти жунжикди. Ўрмон оралаб кетди. Ҳалиги уйча жойида турар, эшиги очиқ эди. Қандайдир куч уни уй сари тортиб бораётганини ҳис қилар, қочиб кетгани ихтиёри йўқ эди. Бирдан ҳилпираганча ҳалиги капалак пайдо бўлди ва теварак-атрофида айланишга тушди. Капалакни кўриб ваҳимаси бироз чекинди. Капалак у ёқ-бу ёқ борди-да, шартта кулбанинг ичига кирди-ю кетди. Капалак ортидан уйчага оёқ босди. Бироқ уйча ичида капалакни йўқотиб қўйди. Уй хийла кенг экан, ҳатто нариги ёғига етиб бориш учун бир кун етмайдиган кўринди. Бунинг устига қоронғи. Бундай қоронғуликда наинки капалак, ҳатто бургутни ҳам йўқотиб қўйиш ҳеч гап эмас. Хуллас, уй ичра узоқ тентиради. Бир маҳал анчадан бери хаёлидан кўтарилгани бўкирик янграб қолди-ёв. Оёғини қўлига олиб югурди, бироқ эшикни ҳеч тополмасди. Бўкирик такрорланди, бу сафар момоқалдироқдай оламни зир титратди. Жони кўзига кўринган чорасизга таваккалдан яхши йўл бўлмас. Ҳар ёққа ўзини урди, тинмай йўл излади, ваҳимадан ўзини қаерга олиб қочишни билмай сарсон бўлди. Қоронғилик бағрида капалак пайдо бўлди-да, йўл бошлади. Ортидан юрганди, эшик остонасига келиб етди. Ташқарилади. Шом чўкканди. Таскин топмоқ бўлган кўнглида қандайиндир залвор сезди. Ички бир сезги билан кулба томон ўгирилди-ю, жон-пони чиқиб кетди. Кулба ичра бир жуфт йирик-йирик кўзлар унга боқиб турар, бу кўзлар ўлжасига ташланмоқчи бўлган йиртқичникидай хавфли, қондан бино бўлган каби қип-қизил эди. Тиззаси букилмай ва ерга гурсиллаганча йиқилмасдан туриб ҳушдан кетди… Бу ҳол қанчайин вақт давом этди, билолмади; кўзида яна нур жилваланди, хаёли ўзига қайтди. Оғир-оғир қадам босиб нари кетди. Хаёлан капалакни излади. Капалак эса кулба яқинида париллар, ҳарқанча учмасин, нари кетолмас, бўйнидан занжир ўтказилганди. Бу ҳолдан кўнгли алланечук бўлди, дили уйча ичидек қоронғилашиб кетди, кўзига ёш келди. Капалакка яқинлашганди, жонивор ғойиб бўлди. Дилида вақтинча тинган ваҳима бўрони қайта авжига чиқди… Юраркан, оёқлари қалтирар, гўё шу қалтироқ баданидаги бор мадорини ерга сочиб юбораётгандай йўлини давом эттиргани ўзини ожиз сезди. Тиззалари букилди, ерга гурсиллаб йиқилди… Кўзини очганида шом чўкканди. Дарахт остида ухлаб қолганини билди-да, танини созлаб, ўзини қўлга олмоқ учун керишди. Қўл-оёқлари ўлардай увишиб кетибди. Туриб юргани ўзини қодир сезмади. Орқаси билан дарахт танига суянди. Шунда барг устига қўниб турган капалакни кўрди. Ё алҳазар! Бу – ўша, тушда ўрмондаги йиртқичга банди бўлган капалакнинг худди ўзгинаси. Капалакни кўриб кўзига ёш келди.

— Наҳот сен қутулиб келдинг! – дерди у капалакка қараб пиқиллар экан. Капалак бир бор ҳавога учди-да, айланиб-айланиб яна жойига келиб қўнди. Тушдаги гулзор хаёлга тушди, атрофга аланглади. Гулзор қаёқда дейсиз? Саҳро. Қум. Барханлар. Бироқ ёлғиз дарахт ҳам. Қолаверса, сув. Ҳатто капалак! Оҳ… Буни ҳис қилиш азоби!.. Бирдан бўкирик садоси оламни тутди. Шамол баргларини тўкиб юборган дарахтдайин тағин ўзини ожизу нотавон кўрди бу бўкирик қаршисида. Қўрқув ҳукмронлиги остида гарчи оламни унутса-да, капалакни унутмади, зарар етиши андишасида жониворни кўтариб турган шохга нигоҳ ташлашга ўзида куч топди. Не мўъжизаки, капалак жойида қотиб турар, қочиб қолишни хаёлига ҳам келтирмас эди. Не ажибки, шу арзимаган капалак даҳшатли бир йиртқичдан қўрқмаса. Ўзи бўлса… Бу ўй дилидаги аллақандай ҳисни уйғотиб юборди, қўрқуви бироз чекиниб, ичида уят ишнинг асоратидек қандайдир хижиллик ҳосил бўлди. Ўрнидан туриб капалакка яқинлашди, қўнган шохига аста энгашди. Пайти келиб кўришни хаёлига келтирмагани бир манзарага йўлиқди: капалакнинг кўзлари қон тўлгандек қип-қизил эди. Бу худди уйчадаги ўша… Ҳушдан кетиб йиқилди… Ўзига келганида бошқа ўзини топмай қолди. Энди телбага айланганди. Дод солганча у ёқдан-бу ёққа зир югурар, “Йиртқич мени занжирбанд қилмоқчи!” дея бор овози билан бўкирар, баъзан тўхтаб тин олар, кўзларини косахонасидан чиқар даражада катта-катта очганча атрофга аланглар, “Ана у! Ана у!” деб қичқирганча қочиб қоларди. Ҳар ерда ухлаб қолиши, йиқилиб ҳушини йўқотиши одат тусини олганига кўп замонлар бўлганди. Бироқ ҳали ҳам ўзи учун ўзи ноаниқ борлиқ бўлган мисол тушлари, хаёллари, рўёлари сирли қўрғонлигича қолаётган эди. Шундай кунларнинг бирида руҳи тағин саҳро қўйнида кезиниб қолди. Бу сафар руҳи одатдагидек тандан узоқларда эмас, сокин эди. Ўз-ўзи билан ниманидир гаплашар, ўзини ўзи қандайдир яқин келажакда ҳаётида юз берувчи ўзгаришдан огоҳ этарди. Шу юриши ва кўриниши билан умри ўчишига бир баҳя қолган шамни, ҳаёти ўқиб бўлинаётган-у сўнги саҳифаси очилаётган китобни эслатарди.

… Яна бояги дарахт олдида турар, фақат бу сафар хушҳол эди.

— Мен топдим, – ҳайқирди. – “Нимани?” дейсизми? Излаганимни-да…

Қаттиқ ҳаяжонланди шекилли, овозида титроқ кўринди.

— Яна айтайми? – хитоб қилди ўзига. – Йиртқич, бу – рўё…

Тинкаси қуриди. Ерга тиз чўкди. Бошини эгганча ҳансираб-ҳансираб нафас олди.

— Тағин билишни истайсизми? – Йиртқич, бу – туш…

Шу ерда ранги бироз ўзгарди. Сўнг бирдан хандон отиб кулиб юборди. Ҳатто кулги учун-да катта куч сарфлаётгани билиниб турарди. Бироқ ўзини босди, бор кучини йиғди ва хаёлий ҳамроҳига тик қаради. Бошини оҳиста букик тиззасига қўяр экан, пичирлаб:
— Йиртқич, бу – хаёл, – деди.

Сўнг ерга узала тушиб ётди. Кўзини йириб очиб осмонга қаради. Хаёлга толгандай боққан кўйи жимиб қолди. Бирдан ётган жойида дағ-дағ титрай, илондай тўлғана бошлади.

— Йиртқич, бу – ёлғон! – деб бақирди овозининг борича. – Ҳа, ёлғон!!!

“Ёлғон!!!” деган хитоби узоқ-узоқларда акс-садо берди…

Дунёни зулмат босиб келган, милт-милт этган юлдузлар осмонга сочила бошлаган чоғ. Юлдузлар пастдаги лоқайд кўзларни очмоқ учун нур ипларини мижжалар устига илмоқ этиб туширдилар. Кўзлар очилди. Сўнаёзган нигоҳ юлдузларга қовушди. Дилда ловуллаб ўт ёнди. Лабда табассум порлади.

— Мен Сенга етишдим, – деди лаблар аста пичирлаб. Сўнг… Сўнг тан буралиб-буралиб кетди, ўқчий, ниманидир жон олиб-жон берганча қайт қила бошлади. Оғиздан қон равон бўлди, кўзлар уйчадаги йиртқичникидай чўғга айланди, қўл-оёқлар карахт бўлиб қотди. Тунги юлдузлар жамийки нурларини шаршара қилиб азобларда жон бераётган тан узра сочишга ўтдилар. Шу ҳолида нурга чўмган бир илоҳ ётар эди қоронғи саҳро қўйнида… Ниҳоят, оғиздан оқаётган қон тўхтади, ҳуш бошга қайтиб келди, кўзлар ярим очилди. Ердаги қон эса оқа борди-да, бир жойда тўпланди. Иккига ажралиб бир жуфт кўзни ҳосил қилди. Бу ўша чўғдай қип-қизил йиртқичнинг кўзлари эди. Бу ҳолни кўраётган юлдузларнинг бир нечаси ҳар ёққа учдилар. Бирдан портлаган даҳшатли бўкирик ер узра ёйилиб кетди, осмон тоқига етиб юлдузларни безовта этди. Юлдузлар ёшли кўзлардай милтирадилар. Гўё бўкирикни босиб кетмоқчи бўлгандек оламда шамол қўпди, саҳродаги ётган тандан бўлак ҳамма нарсани остин-устун қилиб юборди. Қум барханлари бутун ҳавони қоплаб фалакка бўй чўздилар, ҳар хил шаклларда ёввойи йиртқичлардай бир-бирлари устига ҳужум уюштирдилар. Сўнг яна ҳамма нарса ўз ўрнига қайтди. Нурга чўмиб ётгувчи дунёни қўпган қиёматнинг бирор асарини ўзида акс эттирмас, юлдузларга боққанча бу ҳаёти билан видолашмоқда эди. …Осмон ёришди. Қуёш жилва қилди. Узоқда тоғ кўринди. Ётувчи ўрнидан туриб тоғ сари югурмоқ истади, лекин… Тоғнинг ўзи у сари йўлга тушди. Жангалзордаги қоронғи уйча ёришган, жарликдаги қор тиниб у ёқда ҳам баҳор бошланган, капалак занжирни узиб озодликка чиққан эмиш… Тоғ етиб келди-да, бемор бўлиб ётганга қўл чўзди. Афсуски, дўстона узатилган қўлга қўл берилмади. Тоғ елкалар бирла бўйлашмоқчи эди, елкалар эса қумга абадий чўкмоқ тадоригини кўриб бўлган. Танда зарра ихтиёр қолмаган, энг охирги ихтиёрсиз лаҳзаларини яшамоқда эди. Энди юраккина урар: дук, дук, дук… Булар сўнгги саноқлар. Бироқ бу ҳар саноқ одатдаги саноқ эмас. Ҳар бирида асрларда ҳам эришиб бўлмайдиган қандайдир фавқулодда, олам учун, одам учун танқис, ноёб бир сир мужассам. Юрак охирги маррага яқинлашиб бормоқда… Жон беришдан муқаддас бир масрурлик туйди. Бу саҳро осмони ҳали қўйнида жон берганлар орасида ғаму дард тортмаганларини, нолаю афғон чекмаганларини кўрган эмасди… Тоғ тан устига энгашди, бошини силади. Тан бўйлаб юздагина тириклик нишон берди, кўздагина нимарсагадир интиқлик зоҳир бўлди… Юлдузлар нур ипларига ниманидир илиб ерга узатдилар. Узатилган нарса ичидан ҳарир бир капалак учиб чиқди-да, юрак етиб келиши кутилган маррага келиб қўнди. Ниҳоят, марра чизиғи қуйиси томон от елдириб келаётган юрак кўринди. Юлдузлар ҳам, тоғ ҳам қаттиқ ҳаяжонда ўзларини қайга қўйишни билмай қолдилар… Марра деворига ўзини урган юрак чил-чил бўлиб кетди. Ичидан жон отилиб чиқди. Капалакка қовушди. Капалак самога қараб парвоз қилди, нур бўйлаб заминдан узоқлашиб кетди. Ноумид тоғ юзига булутдан қора рўмолча тутди, ўзидаги жавҳаридан – руҳидан абадий жудо бўлган жисм ёнидан ўз жойига силжиди. Юлдузларнинг нур иплари йиғила бориб ердан узоқлашиши ҳамоно улар билан замин орасини қора булут – мотам булутлари тўсиб олди. Замин узра шаррос ёмғир қўйила бошлади. Бу – мотам ёшлари эди…

Туни билан ёққан ёмғирдан шалаббо бўлган саҳро устида тонгда тағин қуёш кўринди. Қуёшни кутиб тургандек қаердандир бояги капалак пайдо бўлди. Кеча жон жисмдан ажралган жойга келиб ҳилпираганча айлана бошлади…

02.01.2017

СУКУНАТ МАНЗИЛИ

Бир умр гапирдилар, ғалва кўтардилар, шовқин солдилар. Ҳар дам шовқинлари билан наинки қулоқни қоматга келтирадилар, гўё дунёни ҳадикда ушламоқчи бўлгандек товуш ёрдамида уйлар деворини қимирлатадилар, дарахтларни силкитадилар, ҳатто бақир-чақирлари орқали шамол эстирадилар.

Туғилганимдан бери уларни эшитиб, уларга қулоқ бериб, улардан безиб, қайга қочиб қутулмоқни уддалолмай келаман.

Одам умид билан тирик. Мен ҳам умид қилдим. Товушлардан, шовқинлардан холи онлар қачондир келишига синиқ ишончим орқали кўз тутдим. Айтишдики, одамсиз жойларда мақсад ҳосил ўлур. Мен тоққа қараб йўл олдим. Тоғки инсонлардан етти минг чақирим олисликда. Чўққига етгач, “Оҳ!” деб юбордим. Ниҳоят, одамларсиз ҳаётни, уларнинг шовқинидан холи гўшани ҳам илк бора яқиндан кўрадиган бўлдим.

Тоғ ям-яшил эди. Баҳор эмасми? Баҳор эса кўркли ва файзли бўлур. Нигоҳим қувнади, кўнглим шу тоғдайин яшнаб кетди. Бир қават эт олдим, шовқинлардан, унинг озорларидан қақшаб кетган суякларим бўшашди. Бошимни баланд кўтардим, яйраганимни ифодаламоққа қўшиқ истаб кўнглимга боқдим. Баҳорда қотқин муз эриб жилға ҳосил бўлганидек қотиб қолган ҳиссиётим ҳам сувдайин суюлиб дил жомига қуюлиб кела бошлади. Тилим овоз жўрлигида сўзларга бағрин очди. Сўзлар хиром айлаб оҳиста юрган гўзаллардай тилим кўприги устидан бир-бир ўта бошладилар. Куйлашни бошладим, лекин… Зум ўтмай ипдайин узилдим. Мен одамлар ҳақида, шовқинларининг дастидан ютган зардобларимдан куйиниб куйламоқда эдим. Ахир, уларни унутмоқ учун, улардан буткул халос бўлмоқ умидида тоғга йўл солмаганмидим?

Ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилдим. Ўз овозимни ҳам буткул ўчирдим. Гўё товушимдан кечган каби энди бир умр сўзламасликка ҳам рози эдим.

Тоғнинг бошига етдим. Баландликки, нақ еттинчи осмон бағрида. Пастга боқдим. Бошим айланиб кетди, бироқ ўзимни сархуш сездим. Мастлардек ҳамма нарсанинг баҳридан ўтдим-да, тоғ бўйлаб аланглай бошладим. Кўм-кўк ўтлоқ, ҳар ер-ҳар ерда арчалар. Улар бутун тоғга кўрк берарди. Дилим лим қадаҳ каби шодликка тўлди-да, ўтлоқ устида ёш боладай югуриб кетдим, арчалардан бирининг тагига етдим. Димоғимни арча иси тўлдирди. Ҳавасим келиб шохига қўл чўздим. Нимадир пирр этиб учди-да, чуғурлаб юборди. Нарироқдаги арча шохидан яна бир қуш худди шундай товушда жавоб қилди. Атроф-жавонибдаги арчалар орасидан бирин-кетин учиб чиққан қушлар чуғурлаша кетдилар. Зумда дунёни чуғур-чуғур босди. Бу қўрқувга қараганда кўпроқ исён, ҳайдаш ва шикоят садосига ўхшаб кетарди. Бу садо менда аллақандай мавҳум, лекин ёмон таассурот қолдирди. Гарчи булар қушлар эканлигига ақлим етса-да, гўё инсон боласи ҳайдаб солаётгандек ранжидим. Нари кетдим. Ялангроқ бир жойга етганимда шом ҳам тушиб келмоқда эди. Катта тошнинг ғорсимон панасига жойлашдим-да, тун ўткармак учун чўзилдим. Дилимда тоғда ҳам том маънодаги кўнгил истаган сокинлик топа олмасам керак деган ўй пайдо бўлган эди. Бир маҳал уйқу босиб келди. Уйғонгунимча ҳам ҳалиги қушларнинг мендан норози бўлиб, ҳадеб у ён-бу ён учишини кўриб чиқдим. Қушлар чуғурлашаётгандай кўринса-да, садоси чиқмасди. “Нега бундай?” дея ҳайрон эдим. Бир маҳал англаб қолдимки, қулоғим том битган. Зўр бериб қулоқларимни очмоққа уринмоқдамишман. Бир маҳал қулоғим очилиб қолди-ю, кутганимдек қушларнинг чуғурини эмас, ўрнига қаттиқ шовуллашни эшитдим. Дарров англадим: шамол. Шамол зўрайиб, қушларни улар қўнган арчалар билан бирга тоғдан улоқтириб ташлади. Кўм-кўк майсалар оламни қўпган чанг-тўзон орасида кўринмай кетди. Мен даҳшатланиб ўрнимдан туриб кетдим. Қарасам, юлдузим нақ бошимда милтирайди. Англадимки, туннинг иккинчи ярми бошланмоқда. Ҳақиқатан, борлиқ узра шовуллаган шамол кезинади. Кўнглимда қандайдир мавҳум ваҳима уйғонди. Шамолнинг шовурида аллақандай мунгни, дардни, нолани ҳис қилгандай бўлдим. Ичимдан зил кетдим. Одамлардан узоқда, уларсиз танҳо яшаш осон эмаслиги шу топда жуда билинди.

— Йўқ, – дедим ўзимга ўзим. – Менга шовқинсиз ҳаёт керак. Модомики, шу мақсад йўлида кураш бошладимми, энди ортга қайтиш йўқ.

Зум ўтмай ўз сўзларим дардимга малҳам бўлаётганини сеза бошладим. Кўнглим тонгдан аввалроқ ёришди. Яна сўзлай бошлаганим парвойимга ҳам келмай, яхши кайфият ҳузури ичра кўзим кетиб қолибди.

Уйғонганимда кўзим билан бирга кўнглим ҳам буткул чарақларди. Тоғ бошида тонгни қарши олиш бошқача завқ беради одамга. Тоғда кун олдинроқ оқаради. Қишлоқда ёруғликнинг ўзини кўрасан, тоғда эса қуёшнинг осмон фонида илк пайдо бўлишига ҳам гувоҳ бўларкансан.

Арчанинг қуриб қолган шохидан кесиб ўзимга йўл ҳасса ясадим. Сўнг йўл юрдим, бироқ мўл юриш насиб этмади. Гулхандан қолмиш кулга дуч келганимда одамлардан узоқлашиб кетолмаганимни, бунинг иложи йўқлигини англаб қолдим. “Улар нима мақсадда келган?” деган саволни ҳали олдимга қўйишга улгурмасимдан, бунинг жавоби бироз юргач оёғим остидан чиқиб қолди: шундоқ йўлим устида каклик пати сочилиб ётарди. Мен шу патлар инсон қўли билан юлинганини тасаввур қилдим. Эҳ, одамлар! Шу ергача келдингизми? Шу тоғ ҳам, бундаги дов-дарахт, ўт-ўлан, ҳатто қуш-ҳайвонлар ҳам Сизнинг шовқинингиздан зир титрадими? Худди мен каби…

Тушга яқин дам олиб, хаёл суриб ўтирарканман, яқинимга бир нечта каклик келиб қўнди, сўнг у ёқ-бу ёқ юра бошлади. Бўйнимни чўзиб харсанг тош бўйлаб улар томон назар ташладим. Мени сезиши ҳамоно какликлар йиртқичдан қочгандай париллаганча учиб кетди. Уларнинг бу иши худди мендан ҳазар қилгандай туюлди-да, дилим оғриди. Мулзам ҳолда ўтирган еримда узоқ қолиб кетдим. Кун оға борди-да, менинг дилимда бирдан тушуниш булоғи очилди, фурсат ўтмай эса унда ҳамдардлик суви мавж ура бошлади.

— Тушунишинг керак, – дедим ўзимга ўзим. – Ахир, уларнинг бирқанчаси одамлар томонидан қурбон қилинди. Сени ҳам ваҳшийлардан бири дея гумон қилишгани эса уларнинг айби эмас…

Мен одамларнинг какликларни отиб қулатгандаги қийқириқларини, омон қолган бечора қушларнинг дилини босган ваҳмни тасаввур қилиб бу ҳол гўё кўз ўнгимда содир бўлаётгандек сесканиб кетдим. Шом тушди. Ўрнимдан туриб йўл юришда давом этдим. Ўзимга бир кечалик бошпана топишим лозим эди. Шу ниятда – ғорми, панароқ бўшлиқми топиш илинжида қоялар орасида кезинардим. Бир маҳал унгурсимон жой топгандай бўлиб ўша ёққа тирмашдим. Бирдан олдимдан нимадир, қандайдир ҳайвон, отилиб чиқди. Беихтиёр ортимга тисландим. Оёғим тойиб кетди. Ёнимда ўсган бутага осилиб қолганим пастга сирғаниб тушиб кетишдан асради. Қаттиқ қўрққан бўлсам ҳам, дарров илғадим: кийик. Мен кийикдан қанчалар қўрққан бўлсам, кийик ҳам мендан шунчалар, балки бундан ҳам зиёда чўчиганди. Мен буни унинг катта қора кўзларида ялт этган шуъладан, бир ёнга жон ҳолатда сакраганидан билдим. Бечора! Шунчалар қўрқдингми? Мен келгунча ким сенга шу қўрқувдан сабоқ берган экин? Албатта, одамлар. Улар сени отмоқчи бўлиб қийқиришган. Ана… Шу қийқириқ, шовқин юрагингда бир умрга ботирлик чироғини сўндирган ва у ерда ҳадик зулматини қуюқлаштирган. Энди сен умринг охиригача қўрқиб яшайсан, бу азоб сени бирор лаҳза бўлсин тинч қўймайди. Тўхта, нега сен бир ўзинг? Ахир, кийиклар жуфт-жуфт бўлиб ҳаёт кечирмайдими? Ҳа, ҳаммаси маълум: улар сени жуфтингдан айириб, умрбод тоққа айлантириб кетишган. Йўқса, кўзларингда бунчалар ҳадик акс этарми эди? Қорачиқларинг шунчалар қорайиб кўринармиди?..

Кийик маконида қолгани кўнглим бўлмади. Бошим оққан тарафга равона бўлдим. Тун ҳам чопони барини йиғиштириб тоғ устига буткул чўкди. Ерга узала тушиб ётдим. Уйқум келмас, кўзларимни осмондаги ғуж-ғуж юлдузларга тикдим. Назаримда, сомон йўли бўйлаб нималардир ғимир-ғимир этаётгандек эди. Нима экин? Бутун диққатим кўзларимга йиғилди. Кўз нуримнинг борини тўксам ҳам, у ерда бўлаётганларни илғагани қудратим етмади. Шунда кўзларим билан сомон йўли ўртасидаги масофани қирқиб ташладим. Энди бўлаётган ҳодисотни яқиндан кўриш имконига эга эдим. Сап-сариқ ер ястаниб кетган. Саҳро. Қумлик. Қумлик аро карвон тебранади, юради. Туялар устида одамлар. Ҳар хил қиёфа, ҳар турли кийим. Бироқ бир хил кайфият. Барчанинг чеҳрасида хушчақчақлик, хуррамлик ҳукмрон. Афтидан, бугун карвон ҳаётида қандайдир муҳим янгилик бўлган. Балки, муждалар олингандир. Кимдир қўшиқ бошлаб юборди. Бир дам ҳамма жимиди. Қўшиқ мунги саҳрони босиб кетди. Қўшиқ тугаши билан гулдурос қарсаклар ҳозиргина мунг селида ивиган саҳрони зир титратиб юборди. Карвон давра қуриб базм қилмоқ учун тўхтади. Туялардан тушилди. Чодирлар тикилди. Беш-олти киши ўртага гулхан ёқиб жиз-бизни бошлаб юборишди. Зумда сихга тортилган гўшт ҳиди барчани гулхан ёнига бошлаб келди. Одамларнинг кўзларида томоқ васвасаси ўйнар, ҳаракатларида иштаҳа бергучи завққа етиш орзуси зуҳурлана бошлади. Ниҳоят, дастурхон тузалиб, ўртага таомлар тортилди. Патнис ва баркашларга терилган сихлар ўртага келтириб қўйилди. Ҳамма дастурхон атрофидан ўрин олди. Одамлар иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетишди. Ҳаммаёқни чўлпиллаган, фаш-фуш қилган товушлар босди. Ниҳоят, иштаҳа ҳарорати бироз пасайиб, нафс дами кесилгач, одамлар оз-оздан суҳбатлашишга ҳам майл кўргуздилар. Ғувур-ғувур орасидан қулоғимга “кийик” деган калом чалинди. Не кўз билан кўрайки, одамлар луқмасига айланган нарса кийик гўшти эди. Баркашлар устида, одамлар чангалида, ҳатто оғизларда кийик асл ҳолига қайта бошлади. Кийикнинг кесилган бошидаги мунгли кўзлари баркаш устидан менга қарар, гўё “Бу оч офатлардан мени қутқар” дегандай нуқул жавдирар эди. Мен ҳам ҳайрон ҳолда унга боқардим. Шунда бир эркак қўлидаги санчқини кийикнинг бир кўзига санчди-да, уни бош косасидан суғуриб олди. Сўнг оғзига солиб чайнай бошлади. Бечора кўз то оғиз ичига кириб ғойиб бўлгунича менга жавдираб боқишини қўймади. Ҳатто эркакнинг оғзи чайнаш асноси ҳар очилганда тишлар орасидан ҳамон жавдираб қоларди. Эркак гўё кўзнинг тириклигини кўрмаётгандай тинмай уни чайнар, кўз эса қонга беланарди. Ниҳоят, эркак кўзни ютди ва у абадий йўқлик чоҳига ботиб кетди. Мен “Иккинчи кўз нима қиляптийкин?” дегандек баркашга қарадим. Иккинчи кўз қонталаш ҳолатда менга боқарди. Жуфтликдан тоқликка маҳкумланган кўзнинг мунги дилимга дарров юқди. Унга қарарканман, бағрим хун бўлиб кетди, юрагим эзилди, кўзларимдан ёшим сел бўлиб қуйила бошлади. Ҳалиги эркак дастурхонда ётган санчқисини қайта қўлига олди-да, баркаш устига энгашиб келди. Қўлидаги санчқи кийикнинг омон қолган иккинчи кўзига қаратилган эди. Буни мен эркакнинг нигоҳидан илғаб олдим. Унинг нигоҳи кийикнинг ўша омон қолган қонталаш кўзига қадалган, қадалар экан, қорачиқлари қонга тўлган эди. Гўё ваҳшату ғазабдан қутурган бўри қўрқувдан умиди синган қўзичоққа ҳамла қилмоқда эди. Мен беихтиёр:
— Йўқ! – деб юбордим.

Шунда вақт тўхтади. Эркакнинг санчқи ушлаган қўли ҳавода муаллақ қотди. Қонталаш тоқ кўз менга мунгли боққан кўйи ўз орзуларидан афсона сўйлади. Нигоҳим кўз сари учиб борди-да, унга ботиб кетди. Кўз ойнасида кийикнинг олдинги ҳаёти тасвири жонланди. Икки кийик тошдан тошга сакраганча шамолдан тез чопар, ортидан шодон қувган ел уларга етолмай шовуллар, кийиклар эса бундан руҳ олиб қуёшга интилгандай осмонга уча-уча югурар эди. Туёқларни қанчадан-қанча қўнғир тошлар ўпар, яшил майсалар силаб қолар эди. Кийикларнинг йўллари эса сира адо бўлмас, улар қандайин манзил сари интилганлари интилган эди. Югурар экан, ул сирли манзилда уларни бахту ҳаловатлари кутаётганига шубҳа йўқ эди. Негаки, жониворлар бетиним интилаётган тараф осмонида қуёшдан ҳам ёрқин оппоқ нур жилваланарди. Менинг нигоҳим-да шамол етовида кийиклар ортидан олдинга қараб елиб борар, олдинда уфқ ястаниб ётар, у кийиклар етиб бориши ҳамоно ортга сурилиб, йўл бўйлаб ўзининг янги этагини ёярди… Бир пайт кийикларни қандайдир кўланка босиб кела бошлади. Осмонга боқдим. Қора бургут. Панжалари кийикларнинг гарданини кўзлаган. Кўзлари ваҳший боқади. Бургутнинг ваҳшатидан сукунатнинг бағри сўкилди. Мен даҳшат ичра ҳозир бургут пастлайди-да, кийиклардан бирига чанг солади дея ўйладим. Бироқ бургут осмон бўйлаб ёйилиб кетди. Самони қора булут қоплай бошлади. Булут тобора қуюқлашиб бориб, аввал қуёш нурини назардан буткул ниҳон этди-да, кейин кийикларни ютмоқчидек улар устига узалди. Кийиклар қўрқувдан юраклари бўғизларига тиқилган кўйи жон ваҳмида ҳамон югурар эди. Тун киргандай борлиқ қорайиб кетди. Орқа-олдларини қора туман бутунлай қоплаб олган кийиклар ёруғлик балқиб турган тарафга етиб қутулар дегандим, бироқ улар жон ҳолатда интилиб бораётган томондан ҳам энди зулмат бош кўтармоқда эди. Бошқа тоқат қилиб туролмадим. Дод солиб юбордим. Кийиклар хаёлоти ойнасидаги тасвир буткул қорайиб кетди. Ойна ўрнида оддий қонталаш тоқ кўз қолди. Кўз ўлим ваҳмида менга жавдиради. Ҳавода муаллақ қотган санчқили қўл қайта жон олиб, кўз томон яқинлашиб кела бошлади. Бехос қоқиб юборган кипригим тегиб кетдими, юлдузлар ҳар ён сочилиб сомон йўли бузилди, нигоҳим остида бир зум замину осмон, юлдузу сайёра айқаш-уйқаш бўлиб кетди… Устимдан булутлар сузиб ўтар, булутлар оқими шу қадар тез эдики, мен гўё тоғ устида ётмас, балки уфқни кўзлаб кийиклардай чопар эдим. Бошимни кўтардим. Бошим зилдай оғир эди. Тонг ёришмаганига қарамай атроф кўрарли эди. Кўнглим бошимдан ҳам вазнин эди. Гарчи тиқ этган товуш бўлмаса-да, ичим ғалаёну шовқинга тўла эди. Бундай ички шовқин билан энди сира ёта олмаслигим аён эди… Хаёлимдан яқинда шоҳид бўлганим воқеалар таассуроти кетмаган, миям ғувиллар эди. Қора туман ичра ғарқ бўлган кийикларни эслаб дилим тилина, жоним ачиша бошлади. Шунда ёнимдан кимдир сассиз ўтиб кетгандай бўлиб сапчиб тушдим. Қарасам, кечаги кийик. У яқиндаги қояга чиқди-да, менга қайрилиб қаради. Қоронғи бўлишига қарамай, тундай қаро кўзларидаги нурни илғадим, ажабо, кўнглимга қандайиндир илиғлик оқиб киргандай бўлди. Кийикка меҳрим жўш уриб кетди. Хаёлан дилимни шарҳ этгали унга муножот бошладим. У эса менга қотиб боқиб турар, қимир этмасди. Ниҳоят, айтар сўзимни айтиб бўлдим, оққан ёшимни артдим-да, тағин унга разм солдим. Кўзимга ғариб кўриниб кетди. Уни ёридан айирганлари эсимга тушди. Ёрини саҳродаги одамларнинг еганлари хаёлимга урилди. Менга жавдираб боққан кўзлар… Кийикнинг кўзларига қарадим. Кийик эса гўё кўзларини мендан яширмоқчидек терс ўгирилди. Сўнг ўзимни ўнглаб ололмасимдан ғойиб бўлди. Дилимни зилдай армон босиб келди. Кийик олдида қандайдир ўзимни гуноҳкор сеза бошладим. Сўзламаган бўлсам-да, қора хаёлларим ундан пинҳон қолмади. У мендан сукут истаб наздимга келган эди, мен бўлсам… Аламдан бошимни харсанг тошга бир неча қайта урдим…

Бутун кун давомида бошим оққан тарафга қараб юрдим. Йўлимда хаёлимни бўладиган ҳеч зоғ учрамаган эса-да, мен сукунатни ҳамон тополмасдим. Аксинча, кейинги кунларда рўй берган воқеалар мени сукунат манзилидан чалғитгандек ёки сукунат диёридан олисга олиб кетгандек эди. Мен ўз хаёлларимдан, қўрқувларимдан қутулолмасдим, қочган билан халос бўлиш йўқ эди. Орзую армонларим руҳимга кишан эди. Васвасаларим – ички дунёйимни чексиз шовқинга тўлдириб ташлаганди. Мен афсусу надомат юкидан эзилганча, гоҳо-гоҳо унсиз ёшлар тўкиб тоғма-тоғ сарсон кезинмоқда эдим.

Бир кечаси тоғда қаттиқ шамол эса бошлади. Нажот истаб кундузи топиб қўйганим бир ғорга кирдим. Ниманингдир чириқлаганини сезиб, разм солсам, ғорнинг бурчида уя турибди. Уянинг ичида қайсидир қушнинг полапонлари бор эди. Уларнинг сукутини бузиб қўйганимни билиб, шамол шовқин солиб турган эса-да, ташқарига чиқдим. Қулоқларим битай деб турганига қарамай қилган ишим туфайли бироз ҳаловат топдим. Шунда сукунат ҳақидаги қарашларим мукаммал бўлмаганлигини англаб қолдим. Ухларканман, қоқ тунда устимда қимирлаган нарсадан уйғониб кетдим. Кўзимни очмасимдан:
— Йўқ, – деди қандайдир овоз, – қарамоқчи бўлсанг, фақат кўзсиз қара.

Мен кўзимни юмганча қарай бошладим. Қандайдир нурдан бино бўлган қиз рўпарамда турарди. Нуридан дилим юмшаб, бутун чарчоқларим тарқаб борарди. Ўзим ётган бўлсам ҳам, гўё узоқ юриб ҳолдан тойган-у юмшоқ ёстиққа чўзилгандек танам бор юкини ерга энди бера бошлади. Ажиб бир ҳаловат етди вужудимга. Қиз келгандаги мақсадини рўёб этиб бўлган каби бурилди-да, нари кетди. Қарасам, тоғ бошидан пастлаш ўрнига тўғрига – ҳавога – қадам қўйди, сўнг юришда давом этди. У уфққа қараб юриб борар, орқасидан узун нурли йўл ҳосил бўлаётганди. Қиз юра-юра охири осмон бағрига сингиб кетди. Мен кўзимни очдим. Тонг оқариб келмоқда эди. Қиз юриб кетган тарафга боқдим. Демак, манзилим ниҳоят аён бўлди: у сингиган жой – сукунат юрти. Қиз каминани манзилдан воқиф этгали ва ўша ёққа чорлаш учун келган.

Ғордан иккита каклик учиб чиқди-да, атрофимда доира ясаб айлана бошлади. Қўлимни узатгандим, кафтимга келиб қўнди. Уларнинг ҳар бирини меҳр билан ўпдим-да, ҳавога қўйиб юбордим. Улар ғорга кириб кетди-да, у ердан бешта ёш, ҳали анча кичик болалари билан қайтиб чиқди. Қушлар атрофимда гир-гир айланишга тушди. Мен какликларнинг сукутида, ҳаракатида улуғ маъно ўқир эдим. Ниҳоят, манзуримга етмоғим учун фурсат келганига ишорат ҳам эди бу. Ўрнимдан турдим. Какликлар нур қизи юрган йўл устидан олға интилди. Мен сўз қотмай уларга эргашдим. Тоғ тугайдиган жойга келганда улар яна ҳавода айлана бошлади. Афтидан, қандай йўл тутишим улар учун муҳим эди. Мен қоя лабига келиб пастга боқдим. Ғира-шира тонгда замин кўзга ноаниқ кўринарди. Шунга қарамай ўзимни нақ осмону фалакда тургандай ҳис этдим. Кўнглимда сўз бош кўтариб келди.

— Қадам қўёлмайсан, – деди у, – акс ҳолда ўласан.

Мен тоғдан қулаб чил-чил синишимни тасаввур этдим. Устимда ноумид қолган какликларимнинг гир-гир айланганча ёш тўкишлари дилимни ларзага солди.

— Йўқ, – дедим мен сўзга, – мен какликларимни ташлаб қўёлмайман.

— Шунинг учун ортингга қайт, – деди яна сўз. – Сен сукунатга етолмайсан. Чунки сен мен билан тириксан.

— Тўғри, лекин сенда ҳам сукунат бор-ку?

— Оҳ, қандай қилиб билдинг? – ҳаяжон жизиллатиб ташлади сўз бағрини. – Наҳотки одам боласи менинг сиримни англаб етди?

— Мен сенингсиз шовқинни ҳам биламан…

Шундан кейин сўз оловга айланиб ёна бошлади.

— Мен сеникидурман, – деди у куя-куя. – Энди мени сукунат юртига олиб кет, ўтинаман…
Какликларим ҳали ҳам сабр билан муаллақ қанот қоққанча менинг қароримни кутишмоқда эди. Мен кўзларимни юмдим. Қиз юриб кетган йўлни чамаладим. Сўнг у сингиб кетган манзилни кўзладим-да, қадам олдим…

Биз юриб кетмоқда эдик. Ортимиздан майин шамол эса бошлади. Шамол дилимга завқ берди-да, чопа кетдим. Қушларим энди анча илдам учишар, биз тобора илгарилаб бормоқда эдик. Шамол биздан ҳам ўтиб кетгиси келди, чоғимда, бор кучи билан эсди. Ич-ичимдан тошиб келган ҳаяжон асар қилибми бутун қувватим билан чопдим. Бироқ манзил олис эди… Олис манзилга борган сари яқинлашиб борардик, аммо… Мен чарчадим. Чопишга ҳолим қолмади. Ичимдан заифликдан туғилган ҳадик бош кўтариб келди. Гўё “Кўрдингми топа олармикинсан сукунатни?” деб тургандай бўлди. Титраб кетдим, ўчаётган гулхандай дамим кесилди. Дилимни юриб турган йўлим еттинчи осмондан қулаб кетиш хавфи босиб келди. Қушлар эса атрофимда доира ясаб гир-гир айланишар, бу билан мени ўз-ўзимга ишонишга, кўнглимдаги ғалаён оловини ўчириб, сукунатни қайта қарор топтиришга ундашар эди. Уларнинг бу истаги менга юқиши билан билқиллаган ботқоққа ботаётган буюмнинг сўнгги силкиниши каби чайқалаётган танамни қайта тасарруф эта олдим, кўнглимдаги оловга хаёл қўли билан сув сепдим, бошимдан қарийб учиб кетган орзу қушига ирода кафтларида дон тутдим. Кўзларимни юмдим. Борлиғимда фақат бир сўз қолди: сукунат…

Биз парвоз этмоқда эдик. Мен на қанот қоқар, на оёғимни қимирлатар, танҳо сукунат оғушида борар эдим. Кўнглим ҳаловати кўзларимни қайта очишимга кафил бўлди. Қарасам, биз нур мамлакати сари елдек учиб бормоқдамиз. Негадир кийикларим олдидан босиб келган зулматни эсладим, бироқ кўз ўнгимда оппоқ диёр бўй кўргузмоқда эди. Ортимизда эса кийикларимни қувган қаро туман ўрнига оқ кўнгилли шамол елар эди… Теграмда етти каклигим, остимда ўша мен билан сукунат тилида сўзлашган маҳбубим – кийигим… Кўзимга ёш қалқди. Дил чашмасининг қаноат сувидан оқиб келаётган ушбу ашклар сукунат рангида жилваланар эди.

Биз тобора яқинлашиб бораётган сукунат диёри минг йиллик йўл ниҳоясида оламнинг давоми бўйлаб ястаниб кетган эди.

15.02.2017. Сўх.

103166.jpgBundan avvalroq yozuvchi Orziqul Ergash tavsiyasi bilan so‘xlik yosh ijodkor Dilmurod Nazarning uch hikoyasini taqdim etgan edik. Bugun uning yana uch hikoyasini sizga havola etish navbati yetdi.

Dilmurod NAZAR
UCH HIKOYA
07

2.jpgDilmurod Nazarov 1984-yilda Farg‘ona viloyatining So‘x tumanida tug‘ilgan. 2007- yilda FarDUning O‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan. Hozirda So‘x akademik litseyida dars beradi. . Ilk hikoyasi “Olis ufq”ni 2011- yilda yozgan. Bizga yo‘llagan xatida yosh yozuvchi hozirgacha 100 ga yaqin hikoya yozgani va ularning birqanchasi Xurshid Do‘stmuhammad, Isajon Sulton, Qozoqboy Yo‘ldosh kabilarga yoqqanini ma’lum qiladi. Shu paytgacha matbuotda e’lon qilingan hikoyalari: “Yoshlik”da “Sukunat manzili”; “Sharq ziyosi”da “Olis ufq”, “Bo‘ron quturgan kecha”, “Inqilob”.

07

OLIS UFQ
Navoiyga ergashib

x_521867ec.jpg1. Olis ufq. Qorong‘i. Borliq sukutda. Faqat tun. Olis ufqqa boqquchining yuragi eziladi. Uzoq boqib nigohin o‘rgatgan ko‘z ufq manzarasin ko‘ra boshlar. Biroq ko‘rgan birla anglamoq bormikin?

… Olis ufq. Tun bag‘ridagi tekislik. Ufq uzra yastangan inson xayoli kengligi ichra qalb hislari cho‘zilib ketar. Inson xayol surar, qalbi nenidir his etar, ongi tuyganidin tasavvur yaratishga urinar. Shu tariqa bema’no olam muhitidan odam olam yaratmoqchi bo‘lur.

… Olis ufq. Ufq yuzida bexos paydo bo‘lib, maqsadsiz va betartib kezina boshlagan qora nuqta yozgi bulut kabi tarqoq inson xayolini o‘ziga jamlatdi. U nima? Qush. Qanday qush? Notanish. Nega tunda uchadi? Noma’lum. Shu bilan tamom. Qush haqida boshqa xayol surishning iloji, hojati qolmadi. Xayol boshqa xayolga ham ulanmadi, qush fikri yangi fikrni ham yuzaga chiqartmadi. Hozir ko‘ngil mavhum xayol, mavhum lazzat, mavhum dard istar, ko‘z ko‘ngil murodin qone’ etmoq uchun olis ufq manzarasidan nenidir izlar.

Ufq. Ne ufq, butun borliq tun bag‘rida. G‘am shomidir bu tun. Inson ne istarin bilmas, biroq ko‘ngil g‘am tilar. Qadahga g‘amu dard mayidin quyib, to‘yguncha ichmoqlik ham bor. Zero, sukunat ila hamohang, shom birla yakrang bo‘lmoq ufq manzili sari yakka ko‘z tutib turguvchi bo‘lmoqdin avloroq.

Visol topmagan qalbning, zulm ko‘rgan dilning, yaro bo‘lgan bag‘irning yolg‘uz tilagi – g‘am suyi ichmoqlik. Tilak esa muqaddas. Ko‘ngil uchun oni bajo aylamoq – mavjudligining murodi.

2. Olis ufq. Sendin bir tilagim bor…

Kutamen. Kelurmu? Kelmasligi nahot mumkun ersa? Qarang, qorong‘uliq bag‘rida nedir milt etdi. Oning sharpasi… yo‘q… qadam tovshi ermasmikin?..

„G‘oyib bo‘ldi“ deysizmi? Ha… Biroq u keladi.

… Olis ufq. Ko‘zlarimni o‘zi sari chorlagan bepoyonlik. Borlig‘imni yo‘liga qaratgan, nigohimni silliq yuzi aro dengizda suzib ketayotgan kemaday kezintirgan dilbar, ko‘ngil ohanrabosi.

Shitirladi nedir. Ortimda. Oh, nahot U olis ufq bag‘ridan emas, ortimdan kelur.
O‘girilaymu? Mana… Axir, bu xazon-ku. Qaydin bino bo‘ldi bu xazon? Qay bechora daraxt oni bemahal yo‘qotib, hajriga mubtalo bo‘lg‘on ekin? Bu yaqin atrofda daraxt zoti ko‘rinmaydi-ku? Nahot bul ham olislardan uchib kelgan – xuddi men kabi. Demak, bul xazon-da g‘arib…

Kel, xazonim, seni kaftlarim taxtiravonida yuksalturay, barmoqlarim belanchagida ovezon aylay. Oh, nechun taningda darmon, rangingda rang yo‘q? Vujudingdan qaysi zolim qoningni surib oldi? Yoki biravning hijronida sen ham rangi zard g‘aribmusen?..

Olis ufq! Xazonning zardligida, hijronning adoqsizligida ne hikmat bor? Nahot, hayot guli hajr suyi birla sug‘orilsa tanho? Barcha ko‘rkamlikning so‘ng taqdiri xazon kibi sarg‘arib, ado bo‘lmoq ila nihoyalansa? Bul so‘rog‘ima javobing bormu, ey Charx!..

Sukunat. Olis ufqning qulog‘imga ming yillik tanish manzarasi… Ul holda men-da xazon bo‘lgum. Axir, qismatimdir xazonliq… Ortiq kutishning, ko‘z tutishning ma’nisi qolmadi. Kel, xazonim, birtanlashayliq. Bitta eding, ikav bo‘lurmiz…

Olis ufq. Some’adan mahrum ufqning bepoyon sukunati bag‘rida ikki shitir-shitir zaif sas kezinur…

2011 – 2017

YIRTQICH

Tag‘in uyg‘onib ketdi. Bu safar tovush ancha olisdan kelgan bo‘lsa-da, ayanchli edi. Boshini yostiqdan ko‘tarib atrofiga alangladi, ko‘zlari bezovta edi. Chuqur-chuqur nafas oldi. Peshonasiga ko‘pchigan terni kir yengi bilan artdi. O‘zini uxlashga majburlamasa bo‘lmasligini bilib qayta cho‘zildi, ko‘zlarini yumdi. Bir mahal shovullagan tovushni eshitib xayoli o‘ziga keldi. Oldida bepoyon o‘rmon yastanib yotar, esayotgan shabada daraxtlar uchini sokin o‘ynardi. Boshini baland ko‘tardi, osmonda rangin kamalakni ko‘rdi. Ko‘ngli yorishdi. Labida jilmayish aks etdi. O‘rmonga qarab yurdi. Yo‘q uzoq ekan, ancha holdan toydi. Bir xarsangga o‘tirib nafas rostladi. Yo‘lning yarmini endi bosib o‘tibdi. Quyosh esa tikkaga kelgan, qizdirgandan qizdirmoqda. Rosa chanqaganini his etdi. Suv umidida nigohini har yoqqa yubordi. Aksiga olib suv yo‘q, hech qayerda jimir etgan shu’la ko‘zga tashlanmadi. Bu ketishda behollik unga sirtlonday tashlanishini anglab, o‘rnidan turdi. Oyoqlari uvushib qolibdi, yo‘l bosishi oson kechmadi. Yerda yotgan qoq bir tayoqni qo‘lga oldi. Yerning ham qup-quruqligiga e’tibor qildi. Atrofda o‘t-o‘lan qurib-qovjirab yotar, sarg‘ish-kulrang tus butun kenglikka cho‘zilib ketgandi. Bu yer sahro edi. Tayoqqa tayangancha yo‘l bosa-bosa oftobning og‘ishiga yaqin o‘rmonga yetib keldi. O‘rmon degani uzoqdan tekis, benuqson, qo‘l cho‘zsa yetadigan ko‘ringani bilan uni sahrodan katta, chuqur jarlik ajratib turar ekan. Nima qilish kerak? Jar oralab o‘tsinmi? Bunga kuchi-darmoni yetadimi? Xayr, tavakkal. Jarlikka ena boshladi. Bir mahal tani junjikayotganini sezdi-da, yurayotgan yo‘liga shubhali nigoh tashladi. Shamol chang-to‘zonni to‘zg‘itar, har xuruj qilganida qishning zahrini betga olib kelib urar edi. Beixtiyor egnidagi kuylagiga biqindi. Biroz yurib osmonda qor to‘zoni aylanayotganini ko‘rdi. Tavakkal qilganiga pushaymon yedi, lekin endi pastga tushishdan boshqa chorasi yo‘q edi. Jarlik tubiga yetganda oyog‘i toyib ketdi. Hammayoq qotib qolgan qor va muz bilan qoplangan. Birinchi qadamini kutib turgandek laylak-laylak bo‘lib qor ham boshlab yubordi. Badani sovuqdan dir-dir titray boshladi, tishi tishiga taraqlagancha urilar, ko‘zlari sovuq va g‘azabdan qattiq qisilar, bosayotgan qadami borgan sari og‘irlashib borar edi. Itning o‘lim azobida jarning narigi yog‘iga yetdi. Endi oldida jar ustiga – jangalzorga chiqish mashaqqati turgandi. Bu yog‘i ko‘ngil istagan tavakkal edi. Qiyalikka qarab oyoq bosdi: bir, ikki, uch… Oyog‘i toyib yiqildi, sirg‘angancha chiqqan joyiga borib tushdi. Yo‘l izlab tepaga boqdi. Boqdi-yu, dahshatdan dami ichiga tushib ketdi. Jarlikning yuqori adog‘iga nigoh yetib borolmas edi. Borlig‘ini vahima qoplab oldi. Boshini qay yerga urishini bilmay qoldi. U yondan bu yonga zir yugurdi. Shunda ko‘zi jarlikdan osilib turgan arg‘amchiga tushdi. Xursand bo‘lish-bo‘lmasligini ham bilmay qoldi. Qanchayin vaqt qotib turgach, borib arqonga osildi. Shunda ajoyib hol yuz berdi: arqon o‘z-o‘zidan yuqoriga tortila boshladi. Hayratdan qotib qoldi. Arqon tortila-tortila jarning ustiga chiqib ham oldi. O‘rmon ichidan yuziga bahor nafasi urildi. Quloqlari qushlarning sayrog‘iga to‘lib ketdi. Birpas nafas rostladi, so‘ng o‘rnidan turib ichkariladi. Nigohi boyagi arqonning o‘rmon ichkarisigacha cho‘zilib ketganini ilg‘adi. Shu arqonning adog‘ini ko‘zlab ketdi. Arqon borib kichik bir uychaga tutashdi. Uycha ichidan tiq etgan tovush chiqmas, eshigi berk edi. Nima qilsin: kirsinmi-kirmasinmi? Tavakkal, eshik tutqichiga qo‘l yubordi. O‘ziga tomon tortdi, biroq eshik ochilmadi. Bor kuchini ishga soldi. Shunda uycha dahshatli bir o‘kirikdan zirillab ketdi… Nafasi ichiga tiqilgancha o‘rnidan turib ketdi. Hali tong yorishmagan, yotgan uyi tushidagi uychaning ichidek qop-qorong‘i edi. Ko‘nglini qoplagan vahima vasvasasi tag‘in qancha vaqt davom etdi. Alahsirab, xayollanib, gohi vahimalanib, yana o‘z-o‘zidan g‘azablanib, boshini qayga urishini bilmay, ba’zan o‘z holidan qiqirlagancha kulib tunni ado qildi. Quyosh chiqqanda nonushta uchun o‘tirdi. Ko‘ziga choydagi aksi chalinib qo‘qqisdan yo‘lidan begona chiqib qolgandek cho‘chib tushdi. Ko‘zguga yugurdi. Ko‘zlarining qizargani, qovoqlarining shishgani, rangining siniqligi ichida xavotir shamolini esdirib yubordi. Tomog‘idan biror nima o‘tmagach, ko‘chaga chiqdi. Tanida kim bilandir dardlashishga, hasratlashishga ehtiyoj sezdi. Aksiga olib ko‘chada hech kim yo‘q. Birovni uchratib qolish xayolida katta yo‘lga qarab yurdi. Katta yo‘l ham bo‘m-bo‘sh. Necha soat tentirab yurdi. Na bir g‘izillab o‘tgan mashina, na piyoda duch keldi. Dili siyoh bo‘ldi. Nazarida oftob botish uchun shoshayotganday, hademay shom cho‘kadigandek edi. Qabriston yonidan o‘tarkan, devori orqasida nimadir taraqladi, so‘ng dupur-dupur yugurgan tovush chiqdi. Shoshganicha devor osha mo‘raladi. Hech zog‘ yo‘q. Darvozadan kirdi, qabr oralab ancha yurdi. Hatto sayoq it ham uchratmay hafsalasi butkul pir bo‘ldi. Eski sag‘ana yonidan o‘tarkan, qandaydir favqulodda dahshatli tovush oyoqlarini yurib turgan yo‘liga mixlab tashladi. Tovush juda ham vahimali bo‘lib, qandaydir yirtqichning o‘kirigiga o‘xshab ketardi. Lekin qanaqa yirtqichligini aniqlab olib bo‘lmasdi. Dastlab ovoz sag‘ananing ichkarisidan chiqyapti deb gumonladi, biroz keyin orqasidan kelgan degan o‘yda tinchidi. Sag‘ana orqasiga o‘tdi, yirtqichdan asar ham yo‘q edi. Uyiga ko‘ngli xufton bo‘lib qaytdi. Xayollari sepini yig‘ib ololmasidan derazasidan shom mo‘raladi. Tamaki tutatdi. Asabiylikdan qattiq tortib yubordi, tomog‘iga tiqilgan tutun achchiq yo‘tal qo‘zg‘adi. Rosa yo‘taldi, bosilishi qiyin kechdi. Oxiri, yo‘talishdan to‘xtadi, biroq hali ham tomog‘ida qichishish sezilardi. Zarda bilan qattiq yo‘talgandi, o‘z tovushini o‘zi tanimadi. Tovushi boyagi yirtqich o‘kirigiga o‘xshab ketgandi. Bu safar unchalik qo‘rqmadi, diqqat bilan eshitayotganday biroz sokin qotdi, so‘ng yana bir bor atayin yo‘taldi. Bu safargi yo‘tal avvalgisiga o‘xshamadi. O‘rniga o‘tirdi. Miyasida haligi qabristondagi bo‘kirikning asorati qo‘zg‘aldi. Qutulish uchun ancha harakat qildi. Ko‘zi ilina boshladi. Birdan qayerdandir yaqindan yirtqich o‘kirib yubordi, o‘rnidan sakrab turib ketdi. Nima qilarini bilmay yana o‘tirdi. Boshini qayga ham urardi – ko‘rpaning ichiga tiqishdan boshqa. Ko‘rpasiga go‘yo vahmu qo‘rquvdan qutqaradigandek tanini butkul ko‘mib yubordi. Tun quyuqlashdi. Asablar – tarang, g‘ing etgan shovqinga ham bardosh yetmaydi. Charchoq haddan oshib ketdi: turganning oyog‘iga osiladi, o‘tirganning yelkasida vazn tashlaydi. Chalqancha yotgancha shiftdagi qorong‘ulikka boqishdan o‘zga chora yo‘q. Shu alfozda yana qancha fursat o‘tdi. Hammayog‘i toldi, faqat ko‘zlari yumilishni hamon rad etardi. Oxiri, istak ustun keldi, ko‘zga kuch ishlatildi, bir-birini suymagan qovoqlar noiloj jipslashdilar. Taxayyul oynasidagi qora dog‘larning choki so‘kildi, yana xayolda nur oz-ozdan jilva qila boshladi, nigoh tag‘in ozodlik umid qilib tashqariga uchib chiqmoq bo‘ldi. Dog‘lar asta-asta sidirib tashlandi, beg‘uborlik nashida qildi. Ko‘m-ko‘k osmon. Osmonda oppoq bulut ohista suzadi. Bulut suza-suza tog‘ boshiga yetdi. Cho‘qqidagi oppoq qor – sutday, ko‘zni quvnatadi. Nigoh tog‘dan tushayotib o‘sha o‘rmon daraxtlarining uchiga kelib qo‘ndi. Shabada hamon daraxtlar bilan o‘ynashardi. Ko‘ngil yorishib ketdi. O‘rmon sari yugurdi. Bu safar o‘rmonga ko‘z-ochib yumguncha yetib bordi. Hatto haligi jarlik-u undagi qor yo‘lini to‘sib chiqmadi. O‘rmonda uycha go‘yo ichiga muhim bir sirni yashirgandek hamon qaqqayib turardi. Kulba eshigini ochgani ancha vaqt qo‘li bormadi. Shunda eshikning o‘zi ochildi. Qo‘rqa-pisa eshik yoniga bordi, ichkariga nigoh yubordi. Uycha qop-qorong‘i edi. U yerda hech nima yo‘qligiga ishonch hosil qilgandek ichkariga oyoq bosdi. Qorong‘iga o‘rganguncha tik holda tek qotdi. Kulbadagi ashyolarga ko‘zi o‘ta boshlashi hamono qiridishga tushdi, lekin yirtqichni paydo qilolmadi. Adashdimikan? Qani endi shunday bo‘lsa, qaniydi, yirtqich degan hayvon bu olamda bo‘lmasa? Ko‘ngli joyiga tushib dam olgani o‘tirdi. O‘tirgan ko‘yi mizg‘ib qolibdi. Bir mahal tashqarida oyoq tovushi eshitildi. Sapchib o‘rnidan turib ketdi. Yuragi duk-duk urgancha bo‘lajak qandaydir falokatdan xabar bera boshladi. Tashqariga chiqib qochish xayoliga bordi. Shu payt eshik yoniga qandaydir soya oqib keldi-da, zum o‘tmay quyuqlashdi. Hatto hansiragan nafas sasi ham eshitildi. Yuragi taka-puka bo‘lib ketdi. Bu – aniq, yirtqich! Ixtiyor qushi uchib ketdi-yu, ovozining boricha baqirib yubordi. O‘z uychasida bexos aks-sado bergan baqiriq tashqaridagi yirtqichni ham qo‘rqitib yubordi shekilli, bo‘kirib berdi. Zaminu zamon larzaga keldi. Uychadagining ko‘ziga yeru osmon bir bo‘ldi, hushdan ketmoq uchun quladi… Suvga cho‘mgan kishiday ko‘rpani shalabbo qilib yuborgan, hansirab nafas olar edi. Sochiq olib tanini artib chiqdi. Tashqariladi. Havo – salqin. Shabada esadi. Isitmali tanni sho‘x shabada yayratib yubordi. Xayol qushi qaytib boshga qo‘ndi. O‘ziga nima bo‘lganligini obdon o‘ylamoq uchun to‘ngakning ustiga o‘tirdi. Xayoli nigohini yana osmonga tomon tortqilay boshladi. Qaradi. Osmonda tushdagi bulut suzar, faqat tog‘, tagidagi o‘rmon ko‘rinmas edi. Negadir ko‘ngli o‘sha tomonlarga chopdi, tushda ko‘rgan manzillari sari juda ketgisi keldi. O‘rnidan turdi. Uyiga oxirgi bor qayrilib qaradi. So‘ng yo‘lga tushdi… Biyobonmisan biyobon joylar bu yerlar. Yo‘li shu yerdan o‘tar, aniqrog‘i, noma’lum manzil sari olib boruvchi dunyodagi yagona yo‘l go‘yo shu edi. Quyosh qizdirgandan qizdirmoqda. Tashnalik azob bera boshladi. Bunday sahroda suv qayda? Ayni tush payti yo‘l uzra uzoqda qaqqaygan bir daraxt ko‘zga chalindi. Ko‘ziga ishonmadi, tush ko‘ryapmanmi deya gumon qildi, biroq daraxt sari shitob ayladi. Axir, tushda yo ro‘yoda ham baxt quchmoq mumkin-ku. Daraxt tush ham, ro‘yo ham emas ekan, ostiga shukronalik hissi bilan cho‘kdi. Daraxt tanasiga suyangancha kuyaverib jizillab ketgan tanini biroz yayratdi. Shu choq quloqqa shaldiragan sas chalinayotgani anglashildi. Yo Rab, g‘oyibdan kelgan marhamatmi bu? Suv. Qanday hayotbaxsh so‘z. Bu so‘z o‘limga ham chora bo‘la oladi ba’zan. Ayniqsa, sillani qurituvchi ana shundayin jazirama sahro qo‘ynida. Suvdan miriqib ichdi. Jismu joni orom topdi. Boyagi joyiga cho‘zildi. Ko‘zi ketdi. Salqin tusha boshladi. Boshini ko‘targanida boyagi jazirama sahro gullarga burkanganini ko‘rdi. Yo tavba! O‘rnidan turib gulzor oralab yurdi, bahri dili ochildi, kapalaklar orqasidan quvlashib o‘ynay boshladi. Bir kapalak nihoyatda go‘zal ekan, juda yoqib qoldi. Biroq sira tutolmadi. “E bor-ye!” degisi kelmadi, ortidan quvib daraxt yonidan xiyla uzoqlashib ketdi. Bir mahal haligi o‘rmon ichida yurganligini anglab qoldi-yu, boyagi xursandchiligidan asar ham qolmadi. Ortiga qaytmoqchi bo‘lib burilgandi, ko‘zi tinib ketdi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, oyog‘i tagida tubsiz jar yotardi. Jar ostidagi qorni, shamolni eslab eti junjikdi. O‘rmon oralab ketdi. Haligi uycha joyida turar, eshigi ochiq edi. Qandaydir kuch uni uy sari tortib borayotganini his qilar, qochib ketgani ixtiyori yo‘q edi. Birdan hilpiragancha haligi kapalak paydo bo‘ldi va tevarak-atrofida aylanishga tushdi. Kapalakni ko‘rib vahimasi biroz chekindi. Kapalak u yoq-bu yoq bordi-da, shartta kulbaning ichiga kirdi-yu ketdi. Kapalak ortidan uychaga oyoq bosdi. Biroq uycha ichida kapalakni yo‘qotib qo‘ydi. Uy xiyla keng ekan, hatto narigi yog‘iga yetib borish uchun bir kun yetmaydigan ko‘rindi. Buning ustiga qorong‘i. Bunday qorong‘ulikda nainki kapalak, hatto burgutni ham yo‘qotib qo‘yish hech gap emas. Xullas, uy ichra uzoq tentiradi. Bir mahal anchadan beri xayolidan ko‘tarilgani bo‘kirik yangrab qoldi-yov. Oyog‘ini qo‘liga olib yugurdi, biroq eshikni hech topolmasdi. Bo‘kirik takrorlandi, bu safar momoqaldiroqday olamni zir titratdi. Joni ko‘ziga ko‘ringan chorasizga tavakkaldan yaxshi yo‘l bo‘lmas. Har yoqqa o‘zini urdi, tinmay yo‘l izladi, vahimadan o‘zini qayerga olib qochishni bilmay sarson bo‘ldi. Qorong‘ilik bag‘rida kapalak paydo bo‘ldi-da, yo‘l boshladi. Ortidan yurgandi, eshik ostonasiga kelib yetdi. Tashqariladi. Shom cho‘kkandi. Taskin topmoq bo‘lgan ko‘nglida qandayindir zalvor sezdi. Ichki bir sezgi bilan kulba tomon o‘girildi-yu, jon-poni chiqib ketdi. Kulba ichra bir juft yirik-yirik ko‘zlar unga boqib turar, bu ko‘zlar o‘ljasiga tashlanmoqchi bo‘lgan yirtqichnikiday xavfli, qondan bino bo‘lgan kabi qip-qizil edi. Tizzasi bukilmay va yerga gursillagancha yiqilmasdan turib hushdan ketdi… Bu hol qanchayin vaqt davom etdi, bilolmadi; ko‘zida yana nur jilvalandi, xayoli o‘ziga qaytdi. Og‘ir-og‘ir qadam bosib nari ketdi. Xayolan kapalakni izladi. Kapalak esa kulba yaqinida parillar, harqancha uchmasin, nari ketolmas, bo‘ynidan zanjir o‘tkazilgandi. Bu holdan ko‘ngli allanechuk bo‘ldi, dili uycha ichidek qorong‘ilashib ketdi, ko‘ziga yosh keldi. Kapalakka yaqinlashgandi, jonivor g‘oyib bo‘ldi. Dilida vaqtincha tingan vahima bo‘roni qayta avjiga chiqdi… Yurarkan, oyoqlari qaltirar, go‘yo shu qaltiroq badanidagi bor madorini yerga sochib yuborayotganday yo‘lini davom ettirgani o‘zini ojiz sezdi. Tizzalari bukildi, yerga gursillab yiqildi… Ko‘zini ochganida shom cho‘kkandi. Daraxt ostida uxlab qolganini bildi-da, tanini sozlab, o‘zini qo‘lga olmoq uchun kerishdi. Qo‘l-oyoqlari o‘larday uvishib ketibdi. Turib yurgani o‘zini qodir sezmadi. Orqasi bilan daraxt taniga suyandi. Shunda barg ustiga qo‘nib turgan kapalakni ko‘rdi. Yo alhazar! Bu – o‘sha, tushda o‘rmondagi yirtqichga bandi bo‘lgan kapalakning xuddi o‘zginasi. Kapalakni ko‘rib ko‘ziga yosh keldi.

— Nahot sen qutulib kelding! – derdi u kapalakka qarab piqillar ekan. Kapalak bir bor havoga uchdi-da, aylanib-aylanib yana joyiga kelib qo‘ndi. Tushdagi gulzor xayolga tushdi, atrofga alangladi. Gulzor qayoqda deysiz? Sahro. Qum. Barxanlar. Biroq yolg‘iz daraxt ham. Qolaversa, suv. Hatto kapalak! Oh… Buni his qilish azobi!.. Birdan bo‘kirik sadosi olamni tutdi. Shamol barglarini to‘kib yuborgan daraxtdayin tag‘in o‘zini ojizu notavon ko‘rdi bu bo‘kirik qarshisida. Qo‘rquv hukmronligi ostida garchi olamni unutsa-da, kapalakni unutmadi, zarar yetishi andishasida jonivorni ko‘tarib turgan shoxga nigoh tashlashga o‘zida kuch topdi. Ne mo‘jizaki, kapalak joyida qotib turar, qochib qolishni xayoliga ham keltirmas edi. Ne ajibki, shu arzimagan kapalak dahshatli bir yirtqichdan qo‘rqmasa. O‘zi bo‘lsa… Bu o‘y dilidagi allaqanday hisni uyg‘otib yubordi, qo‘rquvi biroz chekinib, ichida uyat ishning asoratidek qandaydir xijillik hosil bo‘ldi. O‘rnidan turib kapalakka yaqinlashdi, qo‘ngan shoxiga asta engashdi. Payti kelib ko‘rishni xayoliga keltirmagani bir manzaraga yo‘liqdi: kapalakning ko‘zlari qon to‘lgandek qip-qizil edi. Bu xuddi uychadagi o‘sha… Hushdan ketib yiqildi… O‘ziga kelganida boshqa o‘zini topmay qoldi. Endi telbaga aylangandi. Dod solgancha u yoqdan-bu yoqqa zir yugurar, “Yirtqich meni zanjirband qilmoqchi!” deya bor ovozi bilan bo‘kirar, ba’zan to‘xtab tin olar, ko‘zlarini kosaxonasidan chiqar darajada katta-katta ochgancha atrofga alanglar, “Ana u! Ana u!” deb qichqirgancha qochib qolardi. Har yerda uxlab qolishi, yiqilib hushini yo‘qotishi odat tusini olganiga ko‘p zamonlar bo‘lgandi. Biroq hali ham o‘zi uchun o‘zi noaniq borliq bo‘lgan misol tushlari, xayollari, ro‘yolari sirli qo‘rg‘onligicha qolayotgan edi. Shunday kunlarning birida ruhi tag‘in sahro qo‘ynida kezinib qoldi. Bu safar ruhi odatdagidek tandan uzoqlarda emas, sokin edi. O‘z-o‘zi bilan nimanidir gaplashar, o‘zini o‘zi qandaydir yaqin kelajakda hayotida yuz beruvchi o‘zgarishdan ogoh etardi. Shu yurishi va ko‘rinishi bilan umri o‘chishiga bir bahya qolgan shamni, hayoti o‘qib bo‘linayotgan-u so‘ngi sahifasi ochilayotgan kitobni eslatardi.

… Yana boyagi daraxt oldida turar, faqat bu safar xushhol edi.

— Men topdim, – hayqirdi. – “Nimani?” deysizmi? Izlaganimni-da…

Qattiq hayajonlandi shekilli, ovozida titroq ko‘rindi.

— Yana aytaymi? – xitob qildi o‘ziga. – Yirtqich, bu – ro‘yo…

Tinkasi quridi. Yerga tiz cho‘kdi. Boshini eggancha hansirab-hansirab nafas oldi.

— Tag‘in bilishni istaysizmi? – Yirtqich, bu – tush…

Shu yerda rangi biroz o‘zgardi. So‘ng birdan xandon otib kulib yubordi. Hatto kulgi uchun-da katta kuch sarflayotgani bilinib turardi. Biroq o‘zini bosdi, bor kuchini yig‘di va xayoliy hamrohiga tik qaradi. Boshini ohista bukik tizzasiga qo‘yar ekan, pichirlab:
— Yirtqich, bu – xayol, – dedi.

So‘ng yerga uzala tushib yotdi. Ko‘zini yirib ochib osmonga qaradi. Xayolga tolganday boqqan ko‘yi jimib qoldi. Birdan yotgan joyida dag‘-dag‘ titray, ilonday to‘lg‘ana boshladi.

— Yirtqich, bu – yolg‘on! – deb baqirdi ovozining boricha. – Ha, yolg‘on!!!

“Yolg‘on!!!” degan xitobi uzoq-uzoqlarda aks-sado berdi…

Dunyoni zulmat bosib kelgan, milt-milt etgan yulduzlar osmonga sochila boshlagan chog‘. Yulduzlar pastdagi loqayd ko‘zlarni ochmoq uchun nur iplarini mijjalar ustiga ilmoq etib tushirdilar. Ko‘zlar ochildi. So‘nayozgan nigoh yulduzlarga qovushdi. Dilda lovullab o‘t yondi. Labda tabassum porladi.

— Men Senga yetishdim, – dedi lablar asta pichirlab. So‘ng… So‘ng tan buralib-buralib ketdi, o‘qchiy, nimanidir jon olib-jon bergancha qayt qila boshladi. Og‘izdan qon ravon bo‘ldi, ko‘zlar uychadagi yirtqichnikiday cho‘g‘ga aylandi, qo‘l-oyoqlar karaxt bo‘lib qotdi. Tungi yulduzlar jamiyki nurlarini sharshara qilib azoblarda jon berayotgan tan uzra sochishga o‘tdilar. Shu holida nurga cho‘mgan bir iloh yotar edi qorong‘i sahro qo‘ynida… Nihoyat, og‘izdan oqayotgan qon to‘xtadi, hush boshga qaytib keldi, ko‘zlar yarim ochildi. Yerdagi qon esa oqa bordi-da, bir joyda to‘plandi. Ikkiga ajralib bir juft ko‘zni hosil qildi. Bu o‘sha cho‘g‘day qip-qizil yirtqichning ko‘zlari edi. Bu holni ko‘rayotgan yulduzlarning bir nechasi har yoqqa uchdilar. Birdan portlagan dahshatli bo‘kirik yer uzra yoyilib ketdi, osmon toqiga yetib yulduzlarni bezovta etdi. Yulduzlar yoshli ko‘zlarday miltiradilar. Go‘yo bo‘kirikni bosib ketmoqchi bo‘lgandek olamda shamol qo‘pdi, sahrodagi yotgan tandan bo‘lak hamma narsani ostin-ustun qilib yubordi. Qum barxanlari butun havoni qoplab falakka bo‘y cho‘zdilar, har xil shakllarda yovvoyi yirtqichlarday bir-birlari ustiga hujum uyushtirdilar. So‘ng yana hamma narsa o‘z o‘rniga qaytdi. Nurga cho‘mib yotguvchi dunyoni qo‘pgan qiyomatning biror asarini o‘zida aks ettirmas, yulduzlarga boqqancha bu hayoti bilan vidolashmoqda edi. …Osmon yorishdi. Quyosh jilva qildi. Uzoqda tog‘ ko‘rindi. Yotuvchi o‘rnidan turib tog‘ sari yugurmoq istadi, lekin… Tog‘ning o‘zi u sari yo‘lga tushdi. Jangalzordagi qorong‘i uycha yorishgan, jarlikdagi qor tinib u yoqda ham bahor boshlangan, kapalak zanjirni uzib ozodlikka chiqqan emish… Tog‘ yetib keldi-da, bemor bo‘lib yotganga qo‘l cho‘zdi. Afsuski, do‘stona uzatilgan qo‘lga qo‘l berilmadi. Tog‘ yelkalar birla bo‘ylashmoqchi edi, yelkalar esa qumga abadiy cho‘kmoq tadorigini ko‘rib bo‘lgan. Tanda zarra ixtiyor qolmagan, eng oxirgi ixtiyorsiz lahzalarini yashamoqda edi. Endi yurakkina urar: duk, duk, duk… Bular so‘nggi sanoqlar. Biroq bu har sanoq odatdagi sanoq emas. Har birida asrlarda ham erishib bo‘lmaydigan qandaydir favqulodda, olam uchun, odam uchun tanqis, noyob bir sir mujassam. Yurak oxirgi marraga yaqinlashib bormoqda… Jon berishdan muqaddas bir masrurlik tuydi. Bu sahro osmoni hali qo‘ynida jon berganlar orasida g‘amu dard tortmaganlarini, nolayu afg‘on chekmaganlarini ko‘rgan emasdi… Tog‘ tan ustiga engashdi, boshini siladi. Tan bo‘ylab yuzdagina tiriklik nishon berdi, ko‘zdagina nimarsagadir intiqlik zohir bo‘ldi… Yulduzlar nur iplariga nimanidir ilib yerga uzatdilar. Uzatilgan narsa ichidan harir bir kapalak uchib chiqdi-da, yurak yetib kelishi kutilgan marraga kelib qo‘ndi. Nihoyat, marra chizig‘i quyisi tomon ot yeldirib kelayotgan yurak ko‘rindi. Yulduzlar ham, tog‘ ham qattiq hayajonda o‘zlarini qayga qo‘yishni bilmay qoldilar… Marra devoriga o‘zini urgan yurak chil-chil bo‘lib ketdi. Ichidan jon otilib chiqdi. Kapalakka qovushdi. Kapalak samoga qarab parvoz qildi, nur bo‘ylab zamindan uzoqlashib ketdi. Noumid tog‘ yuziga bulutdan qora ro‘molcha tutdi, o‘zidagi javharidan – ruhidan abadiy judo bo‘lgan jism yonidan o‘z joyiga siljidi. Yulduzlarning nur iplari yig‘ila borib yerdan uzoqlashishi hamono ular bilan zamin orasini qora bulut – motam bulutlari to‘sib oldi. Zamin uzra sharros yomg‘ir qo‘yila boshladi. Bu – motam yoshlari edi…

Tuni bilan yoqqan yomg‘irdan shalabbo bo‘lgan sahro ustida tongda tag‘in quyosh ko‘rindi. Quyoshni kutib turgandek qayerdandir boyagi kapalak paydo bo‘ldi. Kecha jon jismdan ajralgan joyga kelib hilpiragancha aylana boshladi…

02.01.2017

SUKUNAT MANZILI

Bir umr gapirdilar, g‘alva ko‘tardilar, shovqin soldilar. Har dam shovqinlari bilan nainki quloqni qomatga keltiradilar, go‘yo dunyoni hadikda ushlamoqchi bo‘lgandek tovush yordamida uylar devorini qimirlatadilar, daraxtlarni silkitadilar, hatto baqir-chaqirlari orqali shamol estiradilar.

Tug‘ilganimdan beri ularni eshitib, ularga quloq berib, ulardan bezib, qayga qochib qutulmoqni uddalolmay kelaman.

Odam umid bilan tirik. Men ham umid qildim. Tovushlardan, shovqinlardan xoli onlar qachondir kelishiga siniq ishonchim orqali ko‘z tutdim. Aytishdiki, odamsiz joylarda maqsad hosil o‘lur. Men toqqa qarab yo‘l oldim. Tog‘ki insonlardan yetti ming chaqirim olislikda. Cho‘qqiga yetgach, “Oh!” deb yubordim. Nihoyat, odamlarsiz hayotni, ularning shovqinidan xoli go‘shani ham ilk bora yaqindan ko‘radigan bo‘ldim.

Tog‘ yam-yashil edi. Bahor emasmi? Bahor esa ko‘rkli va fayzli bo‘lur. Nigohim quvnadi, ko‘nglim shu tog‘dayin yashnab ketdi. Bir qavat et oldim, shovqinlardan, uning ozorlaridan qaqshab ketgan suyaklarim bo‘shashdi. Boshimni baland ko‘tardim, yayraganimni ifodalamoqqa qo‘shiq istab ko‘nglimga boqdim. Bahorda qotqin muz erib jilg‘a hosil bo‘lganidek qotib qolgan hissiyotim ham suvdayin suyulib dil jomiga quyulib kela boshladi. Tilim ovoz jo‘rligida so‘zlarga bag‘rin ochdi. So‘zlar xirom aylab ohista yurgan go‘zallarday tilim ko‘prigi ustidan bir-bir o‘ta boshladilar. Kuylashni boshladim, lekin… Zum o‘tmay ipdayin uzildim. Men odamlar haqida, shovqinlarining dastidan yutgan zardoblarimdan kuyinib kuylamoqda edim. Axir, ularni unutmoq uchun, ulardan butkul xalos bo‘lmoq umidida tog‘ga yo‘l solmaganmidim?

Hammasini boshidan boshlashga qaror qildim. O‘z ovozimni ham butkul o‘chirdim. Go‘yo tovushimdan kechgan kabi endi bir umr so‘zlamaslikka ham rozi edim.

Tog‘ning boshiga yetdim. Balandlikki, naq yettinchi osmon bag‘rida. Pastga boqdim. Boshim aylanib ketdi, biroq o‘zimni sarxush sezdim. Mastlardek hamma narsaning bahridan o‘tdim-da, tog‘ bo‘ylab alanglay boshladim. Ko‘m-ko‘k o‘tloq, har yer-har yerda archalar. Ular butun tog‘ga ko‘rk berardi. Dilim lim qadah kabi shodlikka to‘ldi-da, o‘tloq ustida yosh boladay yugurib ketdim, archalardan birining tagiga yetdim. Dimog‘imni archa isi to‘ldirdi. Havasim kelib shoxiga qo‘l cho‘zdim. Nimadir pirr etib uchdi-da, chug‘urlab yubordi. Nariroqdagi archa shoxidan yana bir qush xuddi shunday tovushda javob qildi. Atrof-javonibdagi archalar orasidan birin-ketin uchib chiqqan qushlar chug‘urlasha ketdilar. Zumda dunyoni chug‘ur-chug‘ur bosdi. Bu qo‘rquvga qaraganda ko‘proq isyon, haydash va shikoyat sadosiga o‘xshab ketardi. Bu sado menda allaqanday mavhum, lekin yomon taassurot qoldirdi. Garchi bular qushlar ekanligiga aqlim yetsa-da, go‘yo inson bolasi haydab solayotgandek ranjidim. Nari ketdim. Yalangroq bir joyga yetganimda shom ham tushib kelmoqda edi. Katta toshning g‘orsimon panasiga joylashdim-da, tun o‘tkarmak uchun cho‘zildim. Dilimda tog‘da ham tom ma’nodagi ko‘ngil istagan sokinlik topa olmasam kerak degan o‘y paydo bo‘lgan edi. Bir mahal uyqu bosib keldi. Uyg‘ongunimcha ham haligi qushlarning mendan norozi bo‘lib, hadeb u yon-bu yon uchishini ko‘rib chiqdim. Qushlar chug‘urlashayotganday ko‘rinsa-da, sadosi chiqmasdi. “Nega bunday?” deya hayron edim. Bir mahal anglab qoldimki, qulog‘im tom bitgan. Zo‘r berib quloqlarimni ochmoqqa urinmoqdamishman. Bir mahal qulog‘im ochilib qoldi-yu, kutganimdek qushlarning chug‘urini emas, o‘rniga qattiq shovullashni eshitdim. Darrov angladim: shamol. Shamol zo‘rayib, qushlarni ular qo‘ngan archalar bilan birga tog‘dan uloqtirib tashladi. Ko‘m-ko‘k maysalar olamni qo‘pgan chang-to‘zon orasida ko‘rinmay ketdi. Men dahshatlanib o‘rnimdan turib ketdim. Qarasam, yulduzim naq boshimda miltiraydi. Angladimki, tunning ikkinchi yarmi boshlanmoqda. Haqiqatan, borliq uzra shovullagan shamol kezinadi. Ko‘nglimda qandaydir mavhum vahima uyg‘ondi. Shamolning shovurida allaqanday mungni, dardni, nolani his qilganday bo‘ldim. Ichimdan zil ketdim. Odamlardan uzoqda, ularsiz tanho yashash oson emasligi shu topda juda bilindi.

— Yo‘q, – dedim o‘zimga o‘zim. – Menga shovqinsiz hayot kerak. Modomiki, shu maqsad yo‘lida kurash boshladimmi, endi ortga qaytish yo‘q.

Zum o‘tmay o‘z so‘zlarim dardimga malham bo‘layotganini seza boshladim. Ko‘nglim tongdan avvalroq yorishdi. Yana so‘zlay boshlaganim parvoyimga ham kelmay, yaxshi kayfiyat huzuri ichra ko‘zim ketib qolibdi.

Uyg‘onganimda ko‘zim bilan birga ko‘nglim ham butkul charaqlardi. Tog‘ boshida tongni qarshi olish boshqacha zavq beradi odamga. Tog‘da kun oldinroq oqaradi. Qishloqda yorug‘likning o‘zini ko‘rasan, tog‘da esa quyoshning osmon fonida ilk paydo bo‘lishiga ham guvoh bo‘larkansan.

Archaning qurib qolgan shoxidan kesib o‘zimga yo‘l hassa yasadim. So‘ng yo‘l yurdim, biroq mo‘l yurish nasib etmadi. Gulxandan qolmish kulga duch kelganimda odamlardan uzoqlashib ketolmaganimni, buning iloji yo‘qligini anglab qoldim. “Ular nima maqsadda kelgan?” degan savolni hali oldimga qo‘yishga ulgurmasimdan, buning javobi biroz yurgach oyog‘im ostidan chiqib qoldi: shundoq yo‘lim ustida kaklik pati sochilib yotardi. Men shu patlar inson qo‘li bilan yulinganini tasavvur qildim. Eh, odamlar! Shu yergacha keldingizmi? Shu tog‘ ham, bundagi dov-daraxt, o‘t-o‘lan, hatto qush-hayvonlar ham Sizning shovqiningizdan zir titradimi? Xuddi men kabi…

Tushga yaqin dam olib, xayol surib o‘tirarkanman, yaqinimga bir nechta kaklik kelib qo‘ndi, so‘ng u yoq-bu yoq yura boshladi. Bo‘ynimni cho‘zib xarsang tosh bo‘ylab ular tomon nazar tashladim. Meni sezishi hamono kakliklar yirtqichdan qochganday parillagancha uchib ketdi. Ularning bu ishi xuddi mendan hazar qilganday tuyuldi-da, dilim og‘ridi. Mulzam holda o‘tirgan yerimda uzoq qolib ketdim. Kun og‘a bordi-da, mening dilimda birdan tushunish bulog‘i ochildi, fursat o‘tmay esa unda hamdardlik suvi mavj ura boshladi.

— Tushunishing kerak, – dedim o‘zimga o‘zim. – Axir, ularning birqanchasi odamlar tomonidan qurbon qilindi. Seni ham vahshiylardan biri deya gumon qilishgani esa ularning aybi emas…

Men odamlarning kakliklarni otib qulatgandagi qiyqiriqlarini, omon qolgan bechora qushlarning dilini bosgan vahmni tasavvur qilib bu hol go‘yo ko‘z o‘ngimda sodir bo‘layotgandek seskanib ketdim. Shom tushdi. O‘rnimdan turib yo‘l yurishda davom etdim. O‘zimga bir kechalik boshpana topishim lozim edi. Shu niyatda – g‘ormi, panaroq bo‘shliqmi topish ilinjida qoyalar orasida kezinardim. Bir mahal ungursimon joy topganday bo‘lib o‘sha yoqqa tirmashdim. Birdan oldimdan nimadir, qandaydir hayvon, otilib chiqdi. Beixtiyor ortimga tislandim. Oyog‘im toyib ketdi. Yonimda o‘sgan butaga osilib qolganim pastga sirg‘anib tushib ketishdan asradi. Qattiq qo‘rqqan bo‘lsam ham, darrov ilg‘adim: kiyik. Men kiyikdan qanchalar qo‘rqqan bo‘lsam, kiyik ham mendan shunchalar, balki bundan ham ziyoda cho‘chigandi. Men buni uning katta qora ko‘zlarida yalt etgan shu’ladan, bir yonga jon holatda sakraganidan bildim. Bechora! Shunchalar qo‘rqdingmi? Men kelguncha kim senga shu qo‘rquvdan saboq bergan ekin? Albatta, odamlar. Ular seni otmoqchi bo‘lib qiyqirishgan. Ana… Shu qiyqiriq, shovqin yuragingda bir umrga botirlik chirog‘ini so‘ndirgan va u yerda hadik zulmatini quyuqlashtirgan. Endi sen umring oxirigacha qo‘rqib yashaysan, bu azob seni biror lahza bo‘lsin tinch qo‘ymaydi. To‘xta, nega sen bir o‘zing? Axir, kiyiklar juft-juft bo‘lib hayot kechirmaydimi? Ha, hammasi ma’lum: ular seni juftingdan ayirib, umrbod toqqa aylantirib ketishgan. Yo‘qsa, ko‘zlaringda bunchalar hadik aks etarmi edi? Qorachiqlaring shunchalar qorayib ko‘rinarmidi?..

Kiyik makonida qolgani ko‘nglim bo‘lmadi. Boshim oqqan tarafga ravona bo‘ldim. Tun ham choponi barini yig‘ishtirib tog‘ ustiga butkul cho‘kdi. Yerga uzala tushib yotdim. Uyqum kelmas, ko‘zlarimni osmondagi g‘uj-g‘uj yulduzlarga tikdim. Nazarimda, somon yo‘li bo‘ylab nimalardir g‘imir-g‘imir etayotgandek edi. Nima ekin? Butun diqqatim ko‘zlarimga yig‘ildi. Ko‘z nurimning borini to‘ksam ham, u yerda bo‘layotganlarni ilg‘agani qudratim yetmadi. Shunda ko‘zlarim bilan somon yo‘li o‘rtasidagi masofani qirqib tashladim. Endi bo‘layotgan hodisotni yaqindan ko‘rish imkoniga ega edim. Sap-sariq yer yastanib ketgan. Sahro. Qumlik. Qumlik aro karvon tebranadi, yuradi. Tuyalar ustida odamlar. Har xil qiyofa, har turli kiyim. Biroq bir xil kayfiyat. Barchaning chehrasida xushchaqchaqlik, xurramlik hukmron. Aftidan, bugun karvon hayotida qandaydir muhim yangilik bo‘lgan. Balki, mujdalar olingandir. Kimdir qo‘shiq boshlab yubordi. Bir dam hamma jimidi. Qo‘shiq mungi sahroni bosib ketdi. Qo‘shiq tugashi bilan gulduros qarsaklar hozirgina mung selida ivigan sahroni zir titratib yubordi. Karvon davra qurib bazm qilmoq uchun to‘xtadi. Tuyalardan tushildi. Chodirlar tikildi. Besh-olti kishi o‘rtaga gulxan yoqib jiz-bizni boshlab yuborishdi. Zumda sixga tortilgan go‘sht hidi barchani gulxan yoniga boshlab keldi. Odamlarning ko‘zlarida tomoq vasvasasi o‘ynar, harakatlarida ishtaha berguchi zavqqa yetish orzusi zuhurlana boshladi. Nihoyat, dasturxon tuzalib, o‘rtaga taomlar tortildi. Patnis va barkashlarga terilgan sixlar o‘rtaga keltirib qo‘yildi. Hamma dasturxon atrofidan o‘rin oldi. Odamlar ishtaha bilan ovqatlanishga tushib ketishdi. Hammayoqni cho‘lpillagan, fash-fush qilgan tovushlar bosdi. Nihoyat, ishtaha harorati biroz pasayib, nafs dami kesilgach, odamlar oz-ozdan suhbatlashishga ham mayl ko‘rguzdilar. G‘uvur-g‘uvur orasidan qulog‘imga “kiyik” degan kalom chalindi. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, odamlar luqmasiga aylangan narsa kiyik go‘shti edi. Barkashlar ustida, odamlar changalida, hatto og‘izlarda kiyik asl holiga qayta boshladi. Kiyikning kesilgan boshidagi mungli ko‘zlari barkash ustidan menga qarar, go‘yo “Bu och ofatlardan meni qutqar” deganday nuqul javdirar edi. Men ham hayron holda unga boqardim. Shunda bir erkak qo‘lidagi sanchqini kiyikning bir ko‘ziga sanchdi-da, uni bosh kosasidan sug‘urib oldi. So‘ng og‘ziga solib chaynay boshladi. Bechora ko‘z to og‘iz ichiga kirib g‘oyib bo‘lgunicha menga javdirab boqishini qo‘ymadi. Hatto erkakning og‘zi chaynash asnosi har ochilganda tishlar orasidan hamon javdirab qolardi. Erkak go‘yo ko‘zning tirikligini ko‘rmayotganday tinmay uni chaynar, ko‘z esa qonga belanardi. Nihoyat, erkak ko‘zni yutdi va u abadiy yo‘qlik chohiga botib ketdi. Men “Ikkinchi ko‘z nima qilyaptiykin?” degandek barkashga qaradim. Ikkinchi ko‘z qontalash holatda menga boqardi. Juftlikdan toqlikka mahkumlangan ko‘zning mungi dilimga darrov yuqdi. Unga qararkanman, bag‘rim xun bo‘lib ketdi, yuragim ezildi, ko‘zlarimdan yoshim sel bo‘lib quyila boshladi. Haligi erkak dasturxonda yotgan sanchqisini qayta qo‘liga oldi-da, barkash ustiga engashib keldi. Qo‘lidagi sanchqi kiyikning omon qolgan ikkinchi ko‘ziga qaratilgan edi. Buni men erkakning nigohidan ilg‘ab oldim. Uning nigohi kiyikning o‘sha omon qolgan qontalash ko‘ziga qadalgan, qadalar ekan, qorachiqlari qonga to‘lgan edi. Go‘yo vahshatu g‘azabdan quturgan bo‘ri qo‘rquvdan umidi singan qo‘zichoqqa hamla qilmoqda edi. Men beixtiyor:
— Yo‘q! – deb yubordim.

Shunda vaqt to‘xtadi. Erkakning sanchqi ushlagan qo‘li havoda muallaq qotdi. Qontalash toq ko‘z menga mungli boqqan ko‘yi o‘z orzularidan afsona so‘yladi. Nigohim ko‘z sari uchib bordi-da, unga botib ketdi. Ko‘z oynasida kiyikning oldingi hayoti tasviri jonlandi. Ikki kiyik toshdan toshga sakragancha shamoldan tez chopar, ortidan shodon quvgan yel ularga yetolmay shovullar, kiyiklar esa bundan ruh olib quyoshga intilganday osmonga ucha-ucha yugurar edi. Tuyoqlarni qanchadan-qancha qo‘ng‘ir toshlar o‘par, yashil maysalar silab qolar edi. Kiyiklarning yo‘llari esa sira ado bo‘lmas, ular qandayin manzil sari intilganlari intilgan edi. Yugurar ekan, ul sirli manzilda ularni baxtu halovatlari kutayotganiga shubha yo‘q edi. Negaki, jonivorlar betinim intilayotgan taraf osmonida quyoshdan ham yorqin oppoq nur jilvalanardi. Mening nigohim-da shamol yetovida kiyiklar ortidan oldinga qarab yelib borar, oldinda ufq yastanib yotar, u kiyiklar yetib borishi hamono ortga surilib, yo‘l bo‘ylab o‘zining yangi etagini yoyardi… Bir payt kiyiklarni qandaydir ko‘lanka bosib kela boshladi. Osmonga boqdim. Qora burgut. Panjalari kiyiklarning gardanini ko‘zlagan. Ko‘zlari vahshiy boqadi. Burgutning vahshatidan sukunatning bag‘ri so‘kildi. Men dahshat ichra hozir burgut pastlaydi-da, kiyiklardan biriga chang soladi deya o‘yladim. Biroq burgut osmon bo‘ylab yoyilib ketdi. Samoni qora bulut qoplay boshladi. Bulut tobora quyuqlashib borib, avval quyosh nurini nazardan butkul nihon etdi-da, keyin kiyiklarni yutmoqchidek ular ustiga uzaldi. Kiyiklar qo‘rquvdan yuraklari bo‘g‘izlariga tiqilgan ko‘yi jon vahmida hamon yugurar edi. Tun kirganday borliq qorayib ketdi. Orqa-oldlarini qora tuman butunlay qoplab olgan kiyiklar yorug‘lik balqib turgan tarafga yetib qutular degandim, biroq ular jon holatda intilib borayotgan tomondan ham endi zulmat bosh ko‘tarmoqda edi. Boshqa toqat qilib turolmadim. Dod solib yubordim. Kiyiklar xayoloti oynasidagi tasvir butkul qorayib ketdi. Oyna o‘rnida oddiy qontalash toq ko‘z qoldi. Ko‘z o‘lim vahmida menga javdiradi. Havoda muallaq qotgan sanchqili qo‘l qayta jon olib, ko‘z tomon yaqinlashib kela boshladi. Bexos qoqib yuborgan kiprigim tegib ketdimi, yulduzlar har yon sochilib somon yo‘li buzildi, nigohim ostida bir zum zaminu osmon, yulduzu sayyora ayqash-uyqash bo‘lib ketdi… Ustimdan bulutlar suzib o‘tar, bulutlar oqimi shu qadar tez ediki, men go‘yo tog‘ ustida yotmas, balki ufqni ko‘zlab kiyiklarday chopar edim. Boshimni ko‘tardim. Boshim zilday og‘ir edi. Tong yorishmaganiga qaramay atrof ko‘rarli edi. Ko‘nglim boshimdan ham vaznin edi. Garchi tiq etgan tovush bo‘lmasa-da, ichim g‘alayonu shovqinga to‘la edi. Bunday ichki shovqin bilan endi sira yota olmasligim ayon edi… Xayolimdan yaqinda shohid bo‘lganim voqealar taassuroti ketmagan, miyam g‘uvillar edi. Qora tuman ichra g‘arq bo‘lgan kiyiklarni eslab dilim tilina, jonim achisha boshladi. Shunda yonimdan kimdir sassiz o‘tib ketganday bo‘lib sapchib tushdim. Qarasam, kechagi kiyik. U yaqindagi qoyaga chiqdi-da, menga qayrilib qaradi. Qorong‘i bo‘lishiga qaramay, tunday qaro ko‘zlaridagi nurni ilg‘adim, ajabo, ko‘nglimga qandayindir ilig‘lik oqib kirganday bo‘ldi. Kiyikka mehrim jo‘sh urib ketdi. Xayolan dilimni sharh etgali unga munojot boshladim. U esa menga qotib boqib turar, qimir etmasdi. Nihoyat, aytar so‘zimni aytib bo‘ldim, oqqan yoshimni artdim-da, tag‘in unga razm soldim. Ko‘zimga g‘arib ko‘rinib ketdi. Uni yoridan ayirganlari esimga tushdi. Yorini sahrodagi odamlarning yeganlari xayolimga urildi. Menga javdirab boqqan ko‘zlar… Kiyikning ko‘zlariga qaradim. Kiyik esa go‘yo ko‘zlarini mendan yashirmoqchidek ters o‘girildi. So‘ng o‘zimni o‘nglab ololmasimdan g‘oyib bo‘ldi. Dilimni zilday armon bosib keldi. Kiyik oldida qandaydir o‘zimni gunohkor seza boshladim. So‘zlamagan bo‘lsam-da, qora xayollarim undan pinhon qolmadi. U mendan sukut istab nazdimga kelgan edi, men bo‘lsam… Alamdan boshimni xarsang toshga bir necha qayta urdim…

Butun kun davomida boshim oqqan tarafga qarab yurdim. Yo‘limda xayolimni bo‘ladigan hech zog‘ uchramagan esa-da, men sukunatni hamon topolmasdim. Aksincha, keyingi kunlarda ro‘y bergan voqealar meni sukunat manzilidan chalg‘itgandek yoki sukunat diyoridan olisga olib ketgandek edi. Men o‘z xayollarimdan, qo‘rquvlarimdan qutulolmasdim, qochgan bilan xalos bo‘lish yo‘q edi. Orzuyu armonlarim ruhimga kishan edi. Vasvasalarim – ichki dunyoyimni cheksiz shovqinga to‘ldirib tashlagandi. Men afsusu nadomat yukidan ezilgancha, goho-goho unsiz yoshlar to‘kib tog‘ma-tog‘ sarson kezinmoqda edim.

Bir kechasi tog‘da qattiq shamol esa boshladi. Najot istab kunduzi topib qo‘yganim bir g‘orga kirdim. Nimaningdir chiriqlaganini sezib, razm solsam, g‘orning burchida uya turibdi. Uyaning ichida qaysidir qushning polaponlari bor edi. Ularning sukutini buzib qo‘yganimni bilib, shamol shovqin solib turgan esa-da, tashqariga chiqdim. Quloqlarim bitay deb turganiga qaramay qilgan ishim tufayli biroz halovat topdim. Shunda sukunat haqidagi qarashlarim mukammal bo‘lmaganligini anglab qoldim. Uxlarkanman, qoq tunda ustimda qimirlagan narsadan uyg‘onib ketdim. Ko‘zimni ochmasimdan:
— Yo‘q, – dedi qandaydir ovoz, – qaramoqchi bo‘lsang, faqat ko‘zsiz qara.

Men ko‘zimni yumgancha qaray boshladim. Qandaydir nurdan bino bo‘lgan qiz ro‘paramda turardi. Nuridan dilim yumshab, butun charchoqlarim tarqab borardi. O‘zim yotgan bo‘lsam ham, go‘yo uzoq yurib holdan toygan-u yumshoq yostiqqa cho‘zilgandek tanam bor yukini yerga endi bera boshladi. Ajib bir halovat yetdi vujudimga. Qiz kelgandagi maqsadini ro‘yob etib bo‘lgan kabi burildi-da, nari ketdi. Qarasam, tog‘ boshidan pastlash o‘rniga to‘g‘riga – havoga – qadam qo‘ydi, so‘ng yurishda davom etdi. U ufqqa qarab yurib borar, orqasidan uzun nurli yo‘l hosil bo‘layotgandi. Qiz yura-yura oxiri osmon bag‘riga singib ketdi. Men ko‘zimni ochdim. Tong oqarib kelmoqda edi. Qiz yurib ketgan tarafga boqdim. Demak, manzilim nihoyat ayon bo‘ldi: u singigan joy – sukunat yurti. Qiz kaminani manzildan voqif etgali va o‘sha yoqqa chorlash uchun kelgan.

G‘ordan ikkita kaklik uchib chiqdi-da, atrofimda doira yasab aylana boshladi. Qo‘limni uzatgandim, kaftimga kelib qo‘ndi. Ularning har birini mehr bilan o‘pdim-da, havoga qo‘yib yubordim. Ular g‘orga kirib ketdi-da, u yerdan beshta yosh, hali ancha kichik bolalari bilan qaytib chiqdi. Qushlar atrofimda gir-gir aylanishga tushdi. Men kakliklarning sukutida, harakatida ulug‘ ma’no o‘qir edim. Nihoyat, manzurimga yetmog‘im uchun fursat kelganiga ishorat ham edi bu. O‘rnimdan turdim. Kakliklar nur qizi yurgan yo‘l ustidan olg‘a intildi. Men so‘z qotmay ularga ergashdim. Tog‘ tugaydigan joyga kelganda ular yana havoda aylana boshladi. Aftidan, qanday yo‘l tutishim ular uchun muhim edi. Men qoya labiga kelib pastga boqdim. G‘ira-shira tongda zamin ko‘zga noaniq ko‘rinardi. Shunga qaramay o‘zimni naq osmonu falakda turganday his etdim. Ko‘nglimda so‘z bosh ko‘tarib keldi.

— Qadam qo‘yolmaysan, – dedi u, – aks holda o‘lasan.

Men tog‘dan qulab chil-chil sinishimni tasavvur etdim. Ustimda noumid qolgan kakliklarimning gir-gir aylangancha yosh to‘kishlari dilimni larzaga soldi.

— Yo‘q, – dedim men so‘zga, – men kakliklarimni tashlab qo‘yolmayman.

— Shuning uchun ortingga qayt, – dedi yana so‘z. – Sen sukunatga yetolmaysan. Chunki sen men bilan tiriksan.

— To‘g‘ri, lekin senda ham sukunat bor-ku?

— Oh, qanday qilib bilding? – hayajon jizillatib tashladi so‘z bag‘rini. – Nahotki odam bolasi mening sirimni anglab yetdi?

— Men seningsiz shovqinni ham bilaman…

Shundan keyin so‘z olovga aylanib yona boshladi.

— Men senikidurman, – dedi u kuya-kuya. – Endi meni sukunat yurtiga olib ket, o‘tinaman…
Kakliklarim hali ham sabr bilan muallaq qanot qoqqancha mening qarorimni kutishmoqda edi. Men ko‘zlarimni yumdim. Qiz yurib ketgan yo‘lni chamaladim. So‘ng u singib ketgan manzilni ko‘zladim-da, qadam oldim…

Biz yurib ketmoqda edik. Ortimizdan mayin shamol esa boshladi. Shamol dilimga zavq berdi-da, chopa ketdim. Qushlarim endi ancha ildam uchishar, biz tobora ilgarilab bormoqda edik. Shamol bizdan ham o‘tib ketgisi keldi, chog‘imda, bor kuchi bilan esdi. Ich-ichimdan toshib kelgan hayajon asar qilibmi butun quvvatim bilan chopdim. Biroq manzil olis edi… Olis manzilga borgan sari yaqinlashib borardik, ammo… Men charchadim. Chopishga holim qolmadi. Ichimdan zaiflikdan tug‘ilgan hadik bosh ko‘tarib keldi. Go‘yo “Ko‘rdingmi topa olarmikinsan sukunatni?” deb turganday bo‘ldi. Titrab ketdim, o‘chayotgan gulxanday damim kesildi. Dilimni yurib turgan yo‘lim yettinchi osmondan qulab ketish xavfi bosib keldi. Qushlar esa atrofimda doira yasab gir-gir aylanishar, bu bilan meni o‘z-o‘zimga ishonishga, ko‘nglimdagi g‘alayon olovini o‘chirib, sukunatni qayta qaror toptirishga undashar edi. Ularning bu istagi menga yuqishi bilan bilqillagan botqoqqa botayotgan buyumning so‘nggi silkinishi kabi chayqalayotgan tanamni qayta tasarruf eta oldim, ko‘nglimdagi olovga xayol qo‘li bilan suv sepdim, boshimdan qariyb uchib ketgan orzu qushiga iroda kaftlarida don tutdim. Ko‘zlarimni yumdim. Borlig‘imda faqat bir so‘z qoldi: sukunat…

Biz parvoz etmoqda edik. Men na qanot qoqar, na oyog‘imni qimirlatar, tanho sukunat og‘ushida borar edim. Ko‘nglim halovati ko‘zlarimni qayta ochishimga kafil bo‘ldi. Qarasam, biz nur mamlakati sari yeldek uchib bormoqdamiz. Negadir kiyiklarim oldidan bosib kelgan zulmatni esladim, biroq ko‘z o‘ngimda oppoq diyor bo‘y ko‘rguzmoqda edi. Ortimizda esa kiyiklarimni quvgan qaro tuman o‘rniga oq ko‘ngilli shamol yelar edi… Tegramda yetti kakligim, ostimda o‘sha men bilan sukunat tilida so‘zlashgan mahbubim – kiyigim… Ko‘zimga yosh qalqdi. Dil chashmasining qanoat suvidan oqib kelayotgan ushbu ashklar sukunat rangida jilvalanar edi.

Biz tobora yaqinlashib borayotgan sukunat diyori ming yillik yo‘l nihoyasida olamning davomi bo‘ylab yastanib ketgan edi.

15.02.2017. So‘x.

06

(Tashriflar: umumiy 215, bugungi 1)

Izoh qoldiring