Elyor Mirzo. Jontemir shoir(mi)?

07 Адабиёт-ҳеч қачон бизни ортидан эргаштирувчи восита эмас!  Ҳар ким адабиётдан ўзига йўл танлайди. Биз адабиётга савол бера олмаймиз,адабиёт- бизга савол қўяди!!!

Элёр Мирзо
ЖОНТЕМИР ШОИР(МИ)?*


04Халқимиз орасида, ёш ижодкорларимиз орасида ЖОНТЕМИР номи анчайин таниш бўлиб қолди. Хўш, бу номни эшитган инсон шоирни қандай тасаввур этмоқда. Одамларнинг Жонтемир номини қулоққа эшиттириброқ айтишига аслида, нима сабабчи?  Ўзи учун бир тутамгина,ўзгалар наздида бир қоп хазина эгаси бўлган инсон.Биласизми,одамларнинг ҳаммаси ҳам шеър нима эканлигини тушунади деб ўйламайман. Ёки шаклдагина ҳис этиши мумкин. Бунинг эса бир қанча сабаблари бор.Шу сабабдан қарашларни сал узоқроқдан бошламоқчиман.

Адабиёт-ҳеч қачон бизни ортидан эргаштирувчи восита эмас!  Ҳар ким адабиётдан ўзига йўл танлайди.  Биз адабиётга савол бера олмаймиз,адабиёт- бизга савол қўяди!!!

Асрлар тарихи инсоният тарихида шунчалик турфа хил рол ўйнадики,буни тафаккурсиз идрок этиш мушкул. Адабиёт тарихида  реализм, модернизм, авангардизм каби йўналишлар  ўз босқичини босиб ўтди ва босиб ўтмоқда.  Бу эса ўз навбатида инсон руҳияти билан боғлиқ равишда ўзгариб борди.Руҳият нимадан озиқланади,нимадан ўзгаради?! Ўз даврида шу каби туйғуларни қоғозга туширган ижодкорлар кам эмас. Яқин тарихимизда содир бўлган воқеалардан таъсирланган бир гуруҳ ижодкорлар, хусусан, Абдулла Орипов,Еркин Воҳидов,Омон Матжон каби устоз шоирлар ижодида нималар кўзга ташланади ва 70-80 йиллар оралиғида ёзилган шеърлари бизга нимадан далолар бераётгани шундоққина аъён бўлиб турибди. Чинакам шоирлар ўз вақтида ҳақиқатни баралла айтгиси келади . Бир нарсага эътибор қаратсак, совет даврини олиб қараганимизда, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир ва кўпгина ёзувчи шоирларимиз ижоди халққа кўрсатилмай келинган. Ёинки улар ўзининг ёлғон, тўқима исмлари(тахаллус) билангина эълон қилишга мажбур бўлишган.  Устоз адабиётшуносларимиз шуни таъкидлашадики,” Биз университетни тамомламагунча Усмон Носир ҳақида ҳатто эшитмаганмиз. Хира-шира, узуқ-юлуқ эшитган бўлсак-да уларнинг шоир ёки ёзувчи эканлиги ҳақида умуман билмас эдик”.  Инсонлар дарди нима-ю,кўнгил иши – нима?!

Ўз даврида ўз халқи тарихи ўқитилмасдан,ўзининг адабиёти ўқитилмасдан ўзга халқ тарихини ўрганишдек оғир бир танглик ҳукмрон паллада,”е-биз ҳам халқ эканмиз,биз ҳам инсонмиз,биз ҳам бу дунёда одам эканмиз! Бахтли яшашга бизнинг ҳам ҳаққимиз бор,тилимиз бор,ўз адабиётимиз бор экан”дея инсон туйғуларини куйлай бошлаган,куртакнинг кўнгилдан бошланишини баралла айта олган Абдулла Орипов эмасмиди?!  Эркин Воҳидов ,Омон Матжон эмасмиди?!. Шундай оғир бир даврда кун кечирган шоир бежизга:”Мени чорлаётир олий бир жамол”демаган эди.Бу сатрларни олим Қозоқбой Йўлдошев :“Аллоҳ жамолига етишишни истагандир, балки шеъриятнинг улуғ чўққиларини забт этишни куйлагандир”- дея тахмин қилади.”Бошқа бир шеърида эса “Бир кун камолинг ҳам кўрарман,халқим!”-хитоби келтирилади.Шундай қилиб бу давр адабиёти мустақиллик яқинлашгани сари очила борди.Ниҳоят ,Мустақиллик дея аталган сўз барчамизга аён бўлди. Буни қарангки, Жадид адабиёти намоёндалари,маърифатчиларимиз ҳақидаги барча маълумотлар, ҳали олдинда ўрганилиши лозим бўлган асарлар туриб уларнинг ёзган асарлари ҳам юзага келиб қолди. Бир сўз билан ифодалаганда мустақиллик ёшлари олдида бир вақтнинг ўзида бир неча давр адабиётини,бир неча давр қарашларини бирданига ўзида синтез қилишга тўғри келди. Йўқотилган асарлар топилиши, қайтарилиши каби воқеалар ёш авлод қалбида турлича фикрлаш ва буларга ўз хулосасини бериш каби вазифаларни юклай бошлади.Мустақиллик ёшлари қаршисида совет адабиёти, жадид адабиёти, маърифатчилик адабиёти,замонавий адабиёт тушунчалари пайдо бўлди.  Ҳали эски анъаналар изга тушмасиданоқ,модернизм,постмодернизм атамаларининг кириб келиши ижодкорга айниқса халқнинг тушуниб етиш,англаш маҳоратини янада ошириш зарурати туғдирмоқда. Энди ШОИРЛАР ШЕЪРНИ ХАЛҚНИНГ ОНГ ДАРАЖАСИГА МОСЛАБ ЭМАС, ХАЛҚ ШОИРЛАРНИНГ ОНГ ДАРАЖАСИГА ЕТИШИ ,УЛАРНИНГ ИЖОДИНИ ТУШУНИШГА ЕТИБ БОРИШИДЕК вазифа қўйилмода

Шундай инсонлар дунёга келади, уларни унутишнинг иложи йўқ! Орамизда яшайди. Қаршимизда қувончини ,ғамларини бизга баён этса ,кўпроқ уларнинг келажаги хусусида хаёл сураверамиз. Унинг номи қай йўсинда кутиб олинишини ўйлаб қоласан киши. Инсон танасига бўйсунмайдиган, жисмни иккиламчи руҳнинг воситаси сифатида кўрадиган ижодкорларимиз саноқли. Айни вақтда инсон характери ва табиат характери ўртасидаги ботиний чизгиларни кўра олиш ҳар кимга насиб этмаса керак.

08Қаламини чархлаб неча-неча буюк шоирларимиз ўтишди. Бугунги шеъриятимиз вакили Жонтемир ҳам бундан мустасно эмас.Бу ижодкорга эса чархланган қалам шундоқ туҳфа этилгандек. Чархлашга ҳам имкон бўлмагандек туйилаверади. Боиси, унинг нияти на кўксига сиғади , на бўшлиққа.Шу сабабдан бўлса керак унинг “Дарвеш қўшиғи” шеърий тўпламидан жой олган шеърларнинг “Эрк”дан бошланиб “Ният”да тугашида ҳам ҳикмат бордек. Саҳифалар варақланар экан “Дайди” шеърига кўзимиз тушади:

Талаб қилиб Ҳақ карамини,
Яшамайман тишимни қайраб.
Ўйламайман қорин ғамини,
Тирикманми?Ҳар куним байрам!

Шукроналик тушунчаси ҳар бир инсонда бўлиши керак. Бор кунига шукр айтмоқ жоиздир. Шоир ушбу қарашларида тирикликнинг ўзи бир байрам деяётганини яхши биласиз.Аммо кейинги сатрлар замири очила борган сари моҳият анча ойдинлашади.

На ёрим бор, на тайин манзил
Бор бисотим эскирган мато.
Ота-онам…майли…беҳазил,
Исмимни ҳам билмайман ҳатто.

Силлиқ ўқилишига қарамай , силлиқ ҳаёт акс этмаётгани равшанлашади. Теранликдан айро тушунчалар куйланган. Соддалик етакчилик қилади. Исталган ўқирман қаршисида бир савол туғилади: ”Шоир нега ўз исмини билмайди?” . Ҳаётда бўлгани каби ҳақиқатнинг аччиқ изтироблари “исм”га юкланган. Жисм кўтара олмаслиги табиий тушунча. Руҳият айро тушунча эканлиги билан бу оғир юкни ўз зиммасига олади. Турмуш қийинчиликлари-ю, манзилсиз тентирашлар, ёлғизлик – барчаси гувоҳ. Фақат “ёлғизлик” исмсиз юриши мумкин. Далил сифатида:

Борлигимни пайқамас биров,
На қаторда борман, на сонда.

сатрлари ўз-ўзидан вужудни титратаверади. Инсоний фазилат эгалари , бир пайтлар буюклар тилларида “Ҳазрати инсон” дея улуғланган одамларнинг “меваси”сабаб яна бир бақувват “чинор” тилга кирса-ю , у танҳо бўлса! Ҳамроҳни “ой” деб кўриш ажабланарли эмас.

Буюклар ҳам табиатнинг олдида ожиз эканлигини ўзлари сезган ҳолда унга тиғ уришга оғриниб ботинишган ёки ботина олишмаган. Шоирлари гоҳида арзимас бир сўз устида соатлаб бош қотиришган.  Балки ўша “ҳақиқат”ларига ўзлари ҳам ишонишган гўё.

Оёқлади яна битта қиш,
Ҳулво бўйин қўмсайди димоғ.
Юртдан олис бахт ҳақда ёзиш —
Таҳоратсиз намоз ўқимоқ.

Сўнгги икки сатрга эътибор берсак, шоир нимани айтмоқчи бўлгани аниқ. Лекин бир-бирига мантиқан тўғри келишига гумон қиламиз.Гумонимиз ўринли,менимча. Бу сатрлар айнан маълум бир қисқа вазиятдаги мулоқот орасидаги маълум кишилар учун восита бўлиб хизмат қилиши мумкин. Лекин юқорида жуда гўзал ўхшатишлар билан давом этиб келаётган мисраларнинг шакл эмас, маъно моҳиятига жиддий зарар еткизмоқда.

Истеъдод исботи билан вожиб. Ёки “Тушунтириш” шеърининг ибтидосида ўзининг буюк Темур зотларидан эканлигини келтириб ўтади:

Мен шаробнинг шайдосимасман,
Асли,барлос,темурий зотим.

Унинг биринчи мисрасида ҳеч қанақа маъжозий маъно келтирилмаган.Оддийгина қилиб майга ружу қўймаганлигини айтиб ўтади-ю ,қарама қаршилик (терслашиш)ҳодисаси кейинги икки мисра орасида намоён бўлиб қолади.

Оҳ,негадир сени эсласам,
Ичгим келар ўзни йўқотиб.

Ўзни йўқотиб(ҳушсиз аҳволга келиш,ўзини билмас даражада) маст бўлиш ва юқоридаги фахр туйғуси мантиқий бузилган. Тасаввуфий маъно касб этмаганлигини қандай англай оламиз, фактлар ўзи билан тасаввуфий маъно ташиши камдан кам.Бир шеърида шундай дейди:

Ҳа,бутунлай кетдим қишлоқдан
Дала-туздан қўлимни ювиб
Бир гўзалнинг кўнглида мотам,
Йиғлаб қолди изиллаб бувим

Шоир бутунлай қишлоқни, ўша ғам-андуҳларни, ўша гўзал синглисини-ю қадрдон бувисини қолдириб йўлга тушишга қарор қилади. Улғайган сари уни ўзгаларга нотаниш бўлган бир муҳаббат боши оққан тарафга етаклайди. Аслида унинг тарки юртфуришлик эмас. Бу ўринда мақсад, ниятни ҳисобга олсак ўринлидир. Ботинида катта куч бор. Буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг мисралари бунинг  ёрқин далили бўла олади.

Ўтар экан ҳамма нарса, йўқ экан турғун
Ҳатто севги неларгадир бўларкан таслим.
Бугун ҳаёт нималиги, севги йўриғи
Бари маълум, ҳаммасига етади ақлим.

Жонтемир инсоннинг инсонга бўлган, болаликдаги ишқни, эрта англаб етди ва унинг қанчалик ўткинчи эканлигини ҳис этмоқда. Унинг тасаввурида бу олий мавжудотлар ўртасидаги ишқ ҳақиқатдан онийдир. Фақатгина илоҳий ишқ абадийдир ва бу муҳаббат учун шоир ҳар нега қодирлигини сатрлари орқали исботламоқчидек. Бироз ноўрин қарашлар юз бермаяптими?! Ахир ,инсонлар ўртасида бошланган муҳаббат, одамларнинг одамга бўлган муҳаббати ҳам Аллоҳ берган ишқнинг бир бўлаги-ку! Қандай қилиб ҳазрати инсонни севмасдан, унинг муҳаббатини қозонмасдан туриб Аллоҳ муҳаббатига етишиш мумкин?!

Ушбу сатрларга эътибор қаратамиз:

Таъриф берманг:қалби гул , майин
Сал-пал билгум ҳатто Худони.
Шоир бўлсам ҳамки нетайин,
Томиримда жанжалкаш қони.

Ёш йигитнинг шўх, жиззаки, бироз қув бўлиши турган гап. Айниқса ўсмирликкача. Бу давр ўйинқароқликка кўмилган дамлар бўлади.Шоир улғайиб қолганини , камтаринлик билан баён этар экан, шоир бўлган киши доимо пок бўлиб туғиладими, шунчалар беғубор бўлиши мумкинми, дегандек унга терс тушунчани кўрсатиб бериш ниятида: Шоир бўлсам ҳам томиримда жанжалкашлик хусусияти  бор демоқда.Ёки бошқа бир сатрларига юзланар эканмиз, ҳайратдан ёқа ушлашимиз ҳеч гап эмас:

Япроғингни чертса бирор кас,
Ешит, дунё, дангал айтаман,
Худо ҳаққи, олмоқ учун қасд
Шу заҳоти ортга қайтаман!

Жадидчиларимиз ҳаракатини эсга солувчи бу сатрлар аслида ўша жадидлар характеридандир. Темур бободан қолган мерос шумикин…Бу ўринда туғилиб ўсган ери Шаҳрисабз ҳақида сўз боради.

Ў Шаҳрисабз, омон бўл иним!
Кўп севардим қулунларингни
Бири опам ,бириси синглим
Авайлагин сулувларингни.

Шунча шижоатни, юрагидаги шунча ўтни Темурдан ўзлаштирганлиги бежизга эмас. Кимдир ўз ташвиши, ғами учун қайғурса , кимдир миллат учун, Ватани учун қайғуради . Ҳазрати Алишер Навоий айтганидек:

Одами эрсанг ,демагил одами
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

Қашқадарё воҳаси ўзининг урф-одатлари, удумларини сақлаб қола олган масканлардан. Азалдан эпчил, бақувват, гапни шартта айтиб қўя қоладиган одатлари ҳали-ҳануз бор. Жонтемирда ҳам камтаринлик  суви билан суғорилган бундай жумлаларни кўплаб учратишимиз мумкин.

Гуноҳимдан ўт, қари кўппак
Бир гал сени ёмон тепгандим

ёки

Кел бағримга, хайрлашайлик
Қучоқлашиб тоғликларга хос!
*
Шаҳрисабз – отамерос ер
Кўзларингга қаролмайман тик.

Халқ оғзаки ижодига хос оҳанглар шундоққина сезилиб тургани, унинг нақадар қадим халқ ижодига бой юртда туғилиб ўсганлиги-ю камол топганлигидан далолат беради. Ғурур, ор деган тушунчалар ҳали ҳам бор эканлигини таъкидлаётгандек.

Ижод оламига кириб келишни ҳар ким турлича ифодалайди. Жонтемирнинг бу муҳитда пайдо бўлиб қолганини эса ҳеч ким!  Уни қайси ижод йўналишида қалам тебратишини ҳам англашга кўпчилик қийналади.   Унинг шеърларида халқ оғзаки ижоди кайфияти, модернизмнинг гўзал намуналари, анъанавийликнинг жозибадор хусусиятлари жамулжам бўлган. Устоз шоирлар орасида “шоир деган шеъриятга кириб келар экан унинг ўз “паспорти” бўлиши керак” деган гап юради.  Қизиқ , қандай қилиб! Ахир , инсон руҳиятидан ёққан дурларни, турли йўналишда ижод қилувчи ижодкорларни бир қолипга солиш мумкин.  Гарчи шундай бўлиши керак эканлиги маълум бўлса Жонтемир Тоштемировнинг қуйидагини шеърини ўз паспорти қилиб берган бўлар эдим:

Сўз излайман бардошдан улкан,
Сўз излайман тасаввурдан кенг.
Тегмайдиган бирор кўнгилга ,
Енг оғриқли, энг покиза , энг…

Қандай қилиб шунақангги силлиқ ўқиладиган, қисқа сатрларга бутун мақсадни , вужудида қайнаётган дард-у изтиробларни сиғдириш мумкин?! Абдулла Орипов ижодида давр шунақа қисқа сатрларда бекаму кўст ифодаланса, Жонтемир ижодида вужуддаги бор нарса шу йўсинда қоғозга тушмоқда. Осон ёзиш мумкин. ОЗ СОЗ ёзиш мушкул! “ДИСТАНCЕ CОНФИЛИCТ” нинг ниҳоятда гўзал ифодаланиши  кузатилади (Енг оғриқли ва энг покиза)”

Шаклнинг қолипга асосланиши йўналишга қараб ўзгара боради.

Қалбимни
Ишқ дорига осди!
Ёриб юрак чипқонларини
Бадбўй нафсни ташладим сиқиб.

Кўпинча Ғафур Ғулом ,Усмон Носир ҳамда бугунги шоиримиз Фахриёр ижодида учрайдиган шаклсиз аммо ширали, енгил ўқиладиган сатрларни ҳазм қилиш қийин эмас. Шоир Жонтемир бу борада ҳам анча уддабурон кўринади! Биламизки дор доим баландликка қурилади. Бу ўринда баландликдаги дор ишқнинг дори. Унга етишмоқчи бўлган киши эса ўз нафсини енгиб ўтиши лозимлигини шоир яхши ҳис эта олган. Бугунги ёшлар Навоийни ўқишга анча қийналишаётганидан нолишади. Чунки унинг онгги ўсгани сайин тафаккури ўса бошлайди, ўқигани сари эса бу жараён анчайин тезлаша боради. Бугунги кун шоирлари ичида эса Жонтемиргина ишқни, илоҳий ишқни шу йўл билан ифодалашга жазм этди. Шоир инсон руҳига шунчалик тез, шиддат билан кириб бораверадики , унинг шеърлари руҳияти кенгайиб ,ундаги сўз-иборалар салмоғи , маъно-мазмуни ҳам мураккаблашиб боради. Илгари шоирлар шеърни оми халққа мослашга ҳаракат қилиб ёзган ўринлар бўлса, эндиги ёшлар шоир тасаввуридан туғилган шеърларнинг моҳиятини илғаб олишдек мураккаб жараёнга кириб боришмоқда.

“Йўқлов” шеъри тўпорича руҳда битилган, қишлоқнинг содда бир боласи тилидан қоғозга тушар экан. Унда акс этган образлар жонланади. Соғинч ва қувонч жипслашиб ўзгача туйғу акс этади.

Тош кўчалар, жонон кўчалар,
Маъзур тутинг темир пошнамни.
Қўмсаб келдим,
Соғиниб келдим
Ҳовлимизни…
Чўпон ошнамни…
О, қаранг-а, тикилиб қаранг,
Теракларда юзлаб яшил мушт.
Тортилганда тун ёйи таранг
Ойни ўпган ариқлар –кумуш.
Илк бўсамнинг гувоҳи, пастқам,
Рангги ўчган девор, бормисан?
Момом эккан анжир-маҳбубам,
Менга мендек интизормисан?

Тасвир жараёни , жисмлар кетма кетлиги ўз мувозанатини йўқотмаган. Тунда ариқ бўйига чиқмаган ёхуд рангги ўчган ўпичлар гувоҳи бўлган деворни, унга яқин бўлган тасвирларни ёзиш учун ўша воқеанинг асл гувоҳи бўлиш зарур. Тўқима эмаслиги кундай равшан. Шеърларида талмеҳ, таносуб,метафора, бўрттириш санъатларидан кенг фойдаланганлигини кўришимиз мумкин. Наҳот,бошдан оёқ метафора санъатига йуғрилган Жонтемир ижодини бошқа қиёфада тасаввур эта олмасак!

Ўхшатишларни ифодалашда шоир сўзга анча қизғанчиқ.Кўп ўринларда сигарета, қимор ўйини,жомнинг тасаввуфдан ташқари кўринишилари, мажоздан ташқари дунёни сўккан дарвешлар-у мажозда ёзилган хира хотиралар шарқ инсонига бегона бўлган тушунчаларнинг китобхон кўз олдида бўлиши бироз ачинарли ҳолат эканлиги ҳам бор гап. Аммо бу йўлга ундаш, унга йўналтириш каби ғоялар акс этмаганини кўришимиз мумкин. Балки бор ҳақиқатни рўй-рост айтишни, ўз ҳаётида бор нарсани шундайлигича тасвирлаш унинг ҳақиқати бўлгандир.

Жонтемир адабиёт учун қайғурадиган ижодкорлардан деб биламан.  Бир пайтлар Чўлпон ўз даври адабиётидан қониқмаётганлигини билдирган эди.  Шу сабабли ўзга юрт адабиётини ўқишга, таржима қилишга мажбур эканлигини таъкидлаб ўтган.  Ҳақиқатдан ҳам Чўлпон айтган руҳни покловчи нарса адабиётдир. Шоир Жонтемир ҳам худди мана шу жараёнга ўзимизнинг давримизда, бугунги давр адабиётида ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ.Ачиниш, ғазаб ҳисси алангаланади:

Шеърият, сен-да нимжонсан,
Нафис жисмингга қозиқ тишларин ботириб,
Она сутидек пок қонингни сўриб ётган
Лўттибоз, сўзсотар, қоринқулларни
Тўкиб юбориш учун
Портлаш зарур.
Меникидан минг карра даҳшатлироқ портлаш!

Соҳибқироннинг шижоатини, Абдулла Ориповнинг руҳиятини , Чўлпоннинг ғазабини, ўзининг эса камтаринлиг-у ҳақиқатгўйлигини  ўзида  намоён  қилган ижодкор Жонтемир бугунги кун шеъриятимизда  ўзингинг беминнат хизматлари билан, таклифлари билан аҳли сўз орасида яшаб келмоқда.

Манба: Элёр Ражабовнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди
* Мақола таҳрирсиз эълон қилинди.

«Хуршид Даврон кутубхонаси»да Жонтемир билан боғлиқ саҳифалар

08Adabiyot-hech qachon bizni ortidan ergashtiruvchi vosita emas!  Har kim adabiyotdan o‘ziga yo‘l tanlaydi.  Biz adabiyotga savol bera olmaymiz,adabiyot- bizga savol qo‘yadi!!!

Elyor Mirzo
JONTEMIR SHOIR(MI)?


Xalqimiz orasida, yosh ijodkorlarimiz orasida JONTEMIR nomi anchayin tanish bo’lib qoldi.Xo’sh, bu nomni eshitgan inson shoirni qanday tasavvur etmoqda. Odamlarning Jontemir nomini quloqqa eshittiribroq aytishiga aslida, nima sababchi?  O’zi uchun bir tutamgina,o’zgalar nazdida bir qop xazina egasi bo’lgan inson.Bilasizmi,odamlarning hammasi ham she’r nima ekanligini tushunadi deb o’ylamayman. Yoki shakldagina his etishi mumkin.  Buning esa bir qancha sabablari bor.Shu sababdan qarashlarni sal uzoqroqdan boshlamoqchiman.

Adabiyot-hech qachon bizni ortidan ergashtiruvchi vosita emas! Har kim adabiyotdan o’ziga yo’l tanlaydi. Biz adabiyotga savol bera olmaymiz,adabiyot- bizga savol qo’yadi!!!

Asrlar tarixi insoniyat tarixida shunchalik turfa xil rol o’ynadiki,buni tafakkursiz idrok etish mushkul.Adabiyot tarixida realizm,modernizm,avangardizm kabi yo’nalishlar o’z bosqichini bosib o’tdi va bosib o’tmoqda. Bu esa o’z navbatida inson ruhiyati bilan bog’liq ravishda o’zgarib bordi.Ruhiyat nimadan oziqlanadi, nimadan o’zgaradi?!  O’z davrida shu kabi tuyg’ularni qog’ozga tushirgan ijodkorlar kam emas.Yaqin tariximizda sodir bo’lgan voqealardan ta’sirlangan bir guruh ijodkorlar,xususan, Abdulla Oripov, Erkin Vohidov, Omon Matjon kabi ustoz shoirlar ijodida nimalar ko’zga tashlanadi va 70-80 yillar oralig’ida yozilgan she’rlari bizga nimadan dalolar berayotgani shundoqqina a’yon bo’lib turibdi. Chinakam shoirlar o’z vaqtida haqiqatni baralla aytgisi keladi .Bir narsaga e’tibor qaratsak, sovet davrini olib qaraganimizda, Abdulla Qodiriy, Cho’lpon, Usmon Nosir va ko’pgina yozuvchi shoirlarimiz ijodi xalqqa ko’rsatilmay kelingan.Yoinki ular o’zining yolg’on,to’qima ismlari(taxallus) bilangina e’lon qilishga majbur bo’lishgan. Ustoz adabiyotshunoslarimiz shuni ta’kidlashadiki,”Biz universitetni tamomlamaguncha Usmon Nosir haqida hatto eshitmaganmiz.Xira-shira,uzuq-yuluq eshitgan bo’lsak-da ularning shoir yoki yozuvchi ekanligi haqida umuman bilmas edik”. Insonlar dardi nima-yu,ko’ngil ishi – nima?!

O’z davrida o’z xalqi tarixi o’qitilmasdan,o’zining adabiyoti o’qitilmasdan o’zga xalq tarixini o’rganishdek og’ir bir tanglik hukmron pallada,”e-biz ham xalq ekanmiz,biz ham insonmiz,biz ham bu dunyoda odam ekanmiz! Baxtli yashashga bizning ham haqqimiz bor,tilimiz bor,o’z adabiyotimiz bor ekan”deya inson tuyg’ularini kuylay boshlagan,kurtakning ko’ngildan boshlanishini baralla ayta olgan Abdulla Oripov emasmidi?! Erkin Vohidov ,Omon Matjon emasmidi?!.Shunday og’ir bir davrda kun kechirgan shoir bejizga:”Meni chorlayotir oliy bir jamol”demagan edi.Bu satrlarni olim Qozoqboy Yo’ldoshev :“Alloh jamoliga yetishishni istagandir,balki she’riyatning ulug’ cho’qqilarini zabt etishni kuylagandir”- deya taxmin qiladi.”Boshqa bir she’rida esa “Bir kun kamoling ham ko’rarman,xalqim!”-xitobi keltiriladi.Shunday qilib bu davr adabiyoti mustaqillik yaqinlashgani sari ochila bordi.Nihoyat ,Mustaqillik deya atalgan so’z barchamizga ayon bo’ldi.Buni qarangki,Jadid adabiyoti namoyondalari,ma’rifatchilarimiz haqidagi barcha ma’lumotlar, hali oldinda o’rganilishi lozim bo’lgan asarlar turib ularning yozgan asarlari ham yuzaga kelib qoldi.Bir so’z bilan ifodalaganda mustaqillik yoshlari oldida bir vaqtning o’zida bir necha davr adabiyotini,bir necha davr qarashlarini birdaniga o’zida sintez qilishga to’g’ri keldi.Yo’qotilgan asarlar topilishi, qaytarilishi kabi voqealar yosh avlod qalbida turlicha fikrlash va bularga o’z xulosasini berish kabi vazifalarni yuklay boshladi.Mustaqillik yoshlari qarshisida sovet adabiyoti,jadid adabiyoti,ma’rifatchilik adabiyoti,zamonaviy adabiyot tushunchalari paydo bo’ldi. Hali eski an’analar izga tushmasidanoq,modernizm,postmodernizm atamalarining kirib kelishi ijodkorga ayniqsa xalqning tushunib yetish,anglash mahoratini yanada oshirish zarurati tug’dirmoqda. Endi ShOIRLAR ShEЪRNI XALQNING ONG DARAJASIGA MOSLAB EMAS, XALQ ShOIRLARNING ONG DARAJASIGA YeTIShI ,ULARNING IJODINI TUShUNIShGA YeTIB BORIShIDEK vazifa qo’yilmoda

Shunday insonlar dunyoga keladi, ularni unutishning iloji yo’q! Oramizda yashaydi. Qarshimizda quvonchini ,g’amlarini bizga bayon etsa ,ko’proq ularning kelajagi xususida xayol suraveramiz. Uning nomi qay yo’sinda kutib olinishini o’ylab qolasan kishi. Inson tanasiga bo’ysunmaydigan, jismni ikkilamchi ruhning vositasi sifatida ko’radigan ijodkorlarimiz sanoqli. Ayni vaqtda inson xarakteri va tabiat xarakteri o’rtasidagi botiniy chizgilarni ko’ra olish har kimga nasib etmasa kerak.

Qalamini charxlab necha-necha buyuk shoirlarimiz o’tishdi. Bugungi she’riyatimiz vakili Jontemir ham bundan mustasno emas.Bu ijodkorga esa charxlangan qalam shundoq tuhfa etilgandek.Charxlashga ham imkon bo’lmagandek tuyilaveradi. Boisi, uning niyati na ko’ksiga sig’adi , na bo’shliqqa.Shu sababdan bo’lsa kerak uning “Darvesh qo’shig’i” she’riy to’plamidan joy olgan she’rlarning “Erk”dan boshlanib “Niyat”da tugashida ham hikmat bordek. Sahifalar varaqlanar ekan “Daydi” she’riga ko’zimiz tushadi:

Talab qilib Haq karamini,
Yashamayman tishimni qayrab.
O’ylamayman qorin g’amini,
Tirikmanmi?Har kunim bayram!

Shukronalik tushunchasi har bir insonda bo’lishi kerak. Bor kuniga shukr aytmoq joizdir. Shoir ushbu qarashlarida tiriklikning o’zi bir bayram deyayotganini yaxshi bilasiz.Ammo keyingi satrlar zamiri ochila borgan sari mohiyat ancha oydinlashadi.

Na yorim bor, na tayin manzil
Bor bisotim eskirgan mato.
Ota-onam…mayli…behazil,
Ismimni ham bilmayman hatto.

Silliq o’qilishiga qaramay , silliq hayot aks etmayotgani ravshanlashadi. Teranlikdan ayro tushunchalar kuylangan. Soddalik yetakchilik qiladi. Istalgan o’qirman qarshisida bir savol tug’iladi:”Shoir nega o’z ismini bilmaydi?” . Hayotda bo’lgani kabi haqiqatning achchiq iztiroblari “ism”ga yuklangan. Jism ko’tara olmasligi tabiiy tushuncha. Ruhiyat ayro tushuncha ekanligi bilan bu og’ir yukni o’z zimmasiga oladi. Turmush qiyinchiliklari-yu, manzilsiz tentirashlar, yolg’izlik – barchasi guvoh. Faqat “yolg’izlik” ismsiz yurishi mumkin. Dalil sifatida:

Borligimni payqamas birov,
Na qatorda borman, na sonda.

satrlari o’z-o’zidan vujudni titrataveradi. Insoniy fazilat egalari , bir paytlar buyuklar tillarida “Hazrati inson” deya ulug’langan odamlarning “mevasi”sabab yana bir baquvvat “chinor” tilga kirsa-yu , u tanho bo’lsa! Hamrohni “oy” deb ko’rish ajablanarli emas.

Buyuklar ham tabiatning oldida ojiz ekanligini o’zlari sezgan holda unga tig’ urishga og’rinib botinishgan yoki botina olishmagan. Shoirlari gohida arzimas bir so’z ustida soatlab bosh qotirishgan. Balki o’sha “haqiqat”lariga o’zlari ham ishonishgan go’yo.

Oyoqladi yana bitta qish,
Hulvo bo’yin qo’msaydi dimog’.
Yurtdan olis baxt haqda yozish —
Tahoratsiz namoz o’qimoq.

So’nggi ikki satrga e’tibor bersak, shoir nimani aytmoqchi bo’lgani aniq. Lekin bir-biriga mantiqan to’g’ri kelishiga gumon qilamiz.Gumonimiz o’rinli,menimcha. Bu satrlar aynan ma’lum bir qisqa vaziyatdagi muloqot orasidagi ma’lum kishilar uchun vosita bo’lib xizmat qilishi mumkin. Lekin yuqorida juda go’zal o’xshatishlar bilan davom etib kelayotgan misralarning shakl emas, ma’no mohiyatiga jiddiy zarar yetkizmoqda.

Iste’dod isboti bilan vojib. Yoki “Tushuntirish” she’rining ibtidosida o’zining buyuk Temur zotlaridan ekanligini keltirib o’tadi:

Men sharobning shaydosimasman,
Asli,barlos,temuriy zotim.

Uning birinchi misrasida hech qanaqa ma’joziy ma’no keltirilmagan.Oddiygina qilib mayga ruju qo’ymaganligini aytib o’tadi-yu ,qarama qarshilik (terslashish)hodisasi keyingi ikki misra orasida namoyon bo’lib qoladi.

Oh,negadir seni eslasam,
Ichgim kelar o’zni yo’qotib.

O’zni yo’qotib(hushsiz ahvolga kelish,o’zini bilmas darajada) mast bo’lish va yuqoridagi faxr tuyg’usi mantiqiy buzilgan. Tasavvufiy ma’no kasb etmaganligini qanday anglay olamiz, faktlar o’zi bilan tasavvufiy ma’no tashishi kamdan kam.Bir she’rida shunday deydi:

Ha,butunlay ketdim qishloqdan
Dala-tuzdan qo’limni yuvib
Bir go’zalning ko’nglida motam,
Yig’lab qoldi izillab buvim

Shoir butunlay qishloqni, o’sha g’am-anduhlarni, o’sha go’zal singlisini-yu qadrdon buvisini qoldirib yo’lga tushishga qaror qiladi. Ulg’aygan sari uni o’zgalarga notanish bo’lgan bir muhabbat boshi oqqan tarafga yetaklaydi. Aslida uning tarki yurtfurishlik emas. Bu o’rinda maqsad, niyatni hisobga olsak o’rinlidir. Botinida katta kuch bor. Buyuk shoirimiz Abdulla Oripovning misralari buning yorqin dalili bo’la oladi.

O’tar ekan hamma narsa, yo’q ekan turg’un
Hatto sevgi nelargadir bo’larkan taslim.
Bugun hayot nimaligi, sevgi yo’rig’i
Bari ma’lum, hammasiga yetadi aqlim.

Jontemir insonning insonga bo’lgan, bolalikdagi ishqni, erta anglab yetdi va uning qanchalik o’tkinchi ekanligini his etmoqda. Uning tasavvurida bu oliy mavjudotlar o’rtasidagi ishq haqiqatdan oniydir. Faqatgina ilohiy ishq abadiydir va bu muhabbat uchun shoir har nega qodirligini satrlari orqali isbotlamoqchidek. Biroz noo’rin qarashlar yuz bermayaptimi?! Axir ,insonlar o’rtasida boshlangan muhabbat, odamlarning odamga bo’lgan muhabbati ham Alloh bergan ishqning bir bo’lagi-ku! Qanday qilib hazrati insonni sevmasdan, uning muhabbatini qozonmasdan turib Alloh muhabbatiga yetishish mumkin?!

Ushbu satrlarga e’tibor qaratamiz:

Ta’rif bermang:qalbi gul , mayin
Sal-pal bilgum hatto Xudoni.
Shoir bo’lsam hamki netayin,
Tomirimda janjalkash qoni.

Yosh yigitning sho’x, jizzaki, biroz quv bo’lishi turgan gap. Ayniqsa o’smirlikkacha. Bu davr o’yinqaroqlikka ko’milgan damlar bo’ladi.Shoir ulg’ayib qolganini , kamtarinlik bilan bayon etar ekan, shoir bo’lgan kishi doimo pok bo’lib tug’iladimi, shunchalar beg’ubor bo’lishi mumkinmi, degandek unga ters tushunchani ko’rsatib berish niyatida: Shoir bo’lsam ham tomirimda janjalkashlik xususiyati bor demoqda.Yoki boshqa bir satrlariga yuzlanar ekanmiz, hayratdan yoqa ushlashimiz hech gap emas:

Yaprog’ingni chertsa biror kas,
Yeshit, dunyo, dangal aytaman,
Xudo haqqi, olmoq uchun qasd
Shu zahoti ortga qaytaman!

Jadidchilarimiz harakatini esga soluvchi bu satrlar aslida o’sha jadidlar xarakteridandir. Temur bobodan qolgan meros shumikin…Bu o’rinda tug’ilib o’sgan yeri Shahrisabz haqida so’z boradi.

O’ Shahrisabz, omon bo’l inim!
Ko’p sevardim qulunlaringni
Biri opam ,birisi singlim
Avaylagin suluvlaringni.

Shuncha shijoatni, yuragidagi shuncha o’tni Temurdan o’zlashtirganligi bejizga emas. Kimdir o’z tashvishi, g’ami uchun qayg’ursa , kimdir millat uchun, Vatani uchun qayg’uradi . Hazrati Alisher Navoiy aytganidek:

Odami ersang ,demagil odami
Oniki yo’q xalq g’amidin g’ami.

Qashqadaryo vohasi o’zining urf-odatlari, udumlarini saqlab qola olgan maskanlardan. Azaldan epchil, baquvvat, gapni shartta aytib qo’ya qoladigan odatlari hali-hanuz bor. Jontemirda ham kamtarinlik suvi bilan sug’orilgan bunday jumlalarni ko’plab uchratishimiz mumkin.

Gunohimdan o’t, qari ko’ppak
Bir gal seni yomon tepgandim

yoki

Kel bag’rimga, xayrlashaylik
Quchoqlashib tog’liklarga xos!
*
Shahrisabz – otameros yer
Ko’zlaringga qarolmayman tik.

Xalq og’zaki ijodiga xos ohanglar shundoqqina sezilib turgani, uning naqadar qadim xalq ijodiga boy yurtda tug’ilib o’sganligi-yu kamol topganligidan dalolat beradi. G’urur, or degan tushunchalar hali ham bor ekanligini ta’kidlayotgandek.

Ijod olamiga kirib kelishni har kim turlicha ifodalaydi. Jontemirning bu muhitda paydo bo’lib qolganini esa hech kim! Uni qaysi ijod yo’nalishida qalam tebratishini ham anglashga ko’pchilik qiynaladi. Uning she’rlarida xalq og’zaki ijodi kayfiyati, modernizmning go’zal namunalari, an’anaviylikning jozibador xususiyatlari jamuljam bo’lgan. Ustoz shoirlar orasida “shoir degan she’riyatga kirib kelar ekan uning o’z “pasporti” bo’lishi kerak” degan gap yuradi. Qiziq , qanday qilib! Axir , inson ruhiyatidan yoqqan durlarni, turli yo’nalishda ijod qiluvchi ijodkorlarni bir qolipga solish mumkin. Garchi shunday bo’lishi kerak ekanligi ma’lum bo’lsa Jontemir Toshtemirovning quyidagini she’rini o’z pasporti qilib bergan bo’lar edim:

So’z izlayman bardoshdan ulkan,
So’z izlayman tasavvurdan keng.
Tegmaydigan biror ko’ngilga ,
Yeng og’riqli, eng pokiza , eng…

Qanday qilib shunaqanggi silliq o’qiladigan, qisqa satrlarga butun maqsadni , vujudida qaynayotgan dard-u iztiroblarni sig’dirish mumkin?! Abdulla Oripov ijodida davr shunaqa qisqa satrlarda bekamu ko’st ifodalansa, Jontemir ijodida vujuddagi bor narsa shu yo’sinda qog’ozga tushmoqda. Oson yozish mumkin. OZ SOZ yozish mushkul! “DISTANCE CONFILICT” ning nihoyatda go’zal ifodalanishi kuzatiladi (Eng og’riqli va eng pokiza)”
Shaklning qolipga asoslanishi yo’nalishga qarab o’zgara boradi.

Qalbimni
Ishq doriga osdi!
Yorib yurak chipqonlarini
Badbo’y nafsni tashladim siqib.

Ko’pincha G’afur G’ulom ,Usmon Nosir hamda bugungi shoirimiz Faxriyor ijodida uchraydigan shaklsiz ammo shirali, yengil o’qiladigan satrlarni hazm qilish qiyin emas. Shoir Jontemir bu borada ham ancha uddaburon ko’rinadi! Bilamizki dor doim balandlikka quriladi. Bu o’rinda balandlikdagi dor ishqning dori. Unga yetishmoqchi bo’lgan kishi esa o’z nafsini yengib o’tishi lozimligini shoir yaxshi his eta olgan. Bugungi yoshlar Navoiyni o’qishga ancha qiynalishayotganidan nolishadi. Chunki uning onggi o’sgani sayin tafakkuri o’sa boshlaydi, o’qigani sari esa bu jarayon anchayin tezlasha boradi. Bugungi kun shoirlari ichida esa Jontemirgina ishqni, ilohiy ishqni shu yo’l bilan ifodalashga jazm etdi. Shoir inson ruhiga shunchalik tez, shiddat bilan kirib boraveradiki , uning she’rlari ruhiyati kengayib ,undagi so’z-iboralar salmog’i , ma’no-mazmuni ham murakkablashib boradi. Ilgari shoirlar she’rni omi xalqqa moslashga harakat qilib yozgan o’rinlar bo’lsa, endigi yoshlar shoir tasavvuridan tug’ilgan she’rlarning mohiyatini ilg’ab olishdek murakkab jarayonga kirib borishmoqda.

“Yo’qlov” she’ri to’poricha ruhda bitilgan, qishloqning sodda bir bolasi tilidan qog’ozga tushar ekan. Unda aks etgan obrazlar jonlanadi. Sog’inch va quvonch jipslashib o’zgacha tuyg’u aks etadi.

Tosh ko’chalar, jonon ko’chalar,
Ma’zur tuting temir poshnamni.
Qo’msab keldim,
Sog’inib keldim
Hovlimizni…
Cho’pon oshnamni…
O, qarang-a, tikilib qarang,
Teraklarda yuzlab yashil musht.
Tortilganda tun yoyi tarang
Oyni o’pgan ariqlar –kumush.
Ilk bo’samning guvohi, pastqam,
Ranggi o’chgan devor, bormisan?
Momom ekkan anjir-mahbubam,
Menga mendek intizormisan?

Tasvir jarayoni , jismlar ketma ketligi o’z muvozanatini yo’qotmagan. Tunda ariq bo’yiga chiqmagan yoxud ranggi o’chgan o’pichlar guvohi bo’lgan devorni, unga yaqin bo’lgan tasvirlarni yozish uchun o’sha voqeaning asl guvohi bo’lish zarur. To’qima emasligi kunday ravshan. She’rlarida talmeh, tanosub,metafora, bo’rttirish san’atlaridan keng foydalanganligini ko’rishimiz mumkin. Nahot,boshdan oyoq metafora san’atiga yug’rilgan Jontemir ijodini boshqa qiyofada tasavvur eta olmasak!

O’xshatishlarni ifodalashda shoir so’zga ancha qizg’anchiq.Ko’p o’rinlarda sigareta, qimor o’yini,jomning tasavvufdan tashqari ko’rinishilari, majozdan tashqari dunyoni so’kkan darveshlar-u majozda yozilgan xira xotiralar sharq insoniga begona bo’lgan tushunchalarning kitobxon ko’z oldida bo’lishi biroz achinarli holat ekanligi ham bor gap. Ammo bu yo’lga undash, unga yo’naltirish kabi g’oyalar aks etmaganini ko’rishimiz mumkin. Balki bor haqiqatni ro’y-rost aytishni, o’z hayotida bor narsani shundayligicha tasvirlash uning haqiqati bo’lgandir.

Jontemir adabiyot uchun qayg’uradigan ijodkorlardan deb bilaman. Bir paytlar Cho’lpon o’z davri adabiyotidan qoniqmayotganligini bildirgan edi. Shu sababli o’zga yurt adabiyotini o’qishga, tarjima qilishga majbur ekanligini ta’kidlab o’tgan. Haqiqatdan ham Cho’lpon aytgan ruhni poklovchi narsa adabiyotdir. Shoir Jontemir ham xuddi mana shu jarayonga o’zimizning davrimizda, bugungi davr adabiyotida ham qo’l qovushtirib turgani yo’q.Achinish, g’azab hissi alangalanadi:

She’riyat, sen-da nimjonsan,
Nafis jismingga qoziq tishlarin botirib,
Ona sutidek pok qoningni so’rib yotgan
Lo’ttiboz, so’zsotar, qorinqullarni
To’kib yuborish uchun
Portlash zarur.
Menikidan ming karra dahshatliroq portlash!

Sohibqironning shijoatini, Abdulla Oripovning ruhiyatini , Cho’lponning g’azabini, o’zining esa kamtarinlig-u haqiqatgo’yligini o’zida namoyon qilgan ijodkor Jontemir bugungi kun she’riyatimizda o’zinging beminnat xizmatlari bilan, takliflari bilan ahli so’z orasida yashab kelmoqda.

*Maqola tahrirsiz e’lon qilindi

«Xurshid Davron kutubxonasi»da Jontemir bilan bog’liq sahifalar

02

(Tashriflar: umumiy 395, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мақола сарлавҳаси ўринли қўйилмаган.Ҳаваскор шоир ҳақида ҳаваскор танқидчининг қарашлари… Ёш танқидчилар бир неча шоирларда учрайдиган бир хил ва яна бир хил мотивларни қачондир умумлаштиган ҳолда таҳлил қилишларини кутиб қоламиз.Ҳар қалай танқидий таҳлилларни кенгроқ ракурсда олган яхшироқ.

Izoh qoldiring