Javlon Jovliyev. Qizlar bilan uchrashuvlaim

Ashampoo_Snap_2017.10.07_12h01m10s_002_.png   Йигирма етти ёш. Уйланишнинг айни пайти. Бу ёшни бизнинг шаҳарда “қизлар билан учрашувлар мавсуми” деб ҳам, аташади. Гўё шу учрашувларсиз турмуш-қуришнинг иложи йўқдек! Бизда бу одат қачон расм бўлган, билмайман. Лекин ҳеч ким бу анъанадан бўйин товламайди.

Жавлон Жовлиев
ҚИЗЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРИМ
09

09Жавлон Жовлиев   1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

09

Йигирма етти ёш. Уйланишнинг айни пайти. Бу ёшни бизнинг шаҳарда “қизлар билан учрашувлар мавсуми” деб ҳам, аташади. Гўё шу учрашувларсиз турмуш-қуришнинг иложи йўқдек! Бизда бу одат қачон расм бўлган, билмайман. Лекин ҳеч ким бу анъанадан бўйин товламайди. Шубҳа қилиш у ёқда турсин, баъзилар, “ана шунда бахтинг очилиб кетади”, деб кафолат ҳам беришади. Учрашувга чиқасан, севасан, уйланасан ва сендан бахтли одам бўлмайди. Гўё учрашувлар мўъжизага тўла-ю, бирдан бахт кулиб боқадигандай.

Йигит ва қиз учрашувини ота-оналар белгилайди. Шунинг учун бу учрашув шунчаки танишувдан ёки кўча-кўйда кўришадиган икки ёшнинг дийдорлашувидан анча фарқ қилади. Анъанага айланган, икки ёшнинг тўй олди танишуви. Ҳатто,буни киччироқ маросим десак ҳам бўлади. Шунинг учун бизда ота-оналар бунга жиддий ёндашадилар. Болаларини кўча-кўйда эмас, ўзлари тайинлаган кўришувлардагина муносиб ёр топиши мумкинлигига ишонтиришади. Ҳатто, ҳали ўғлининг киндигидаги шилимшиқ эт узилмай туриб, ҳозиргина тўлғоқ азобидан ўлай деган она хотиржам келажакда «чақалоқ»ни кимнинг қизи билан учрашувга олиб чиқишни тасаввур қила бошлайди. Кейинчалик бу тасаввурлар ширин ташвишга айланади. Қатор учрашувлар, суҳбатлар, суруштирувлар… Ота-онанинг нияти ва мавқейига қараб бу кўришувлар муваффақиятли ёки омадсиз чиқиши мумкин. Тўй бўлиб кетса яхши, лекин омадсиз учрашувлардан ҳам ҳеч хафа бўлишмайди. Ҳаммага ўз боласи азиз-да! Аксинча, ўғли бир қиз билан учрашиб турганидаёқ, она бошқанинг арзандасини хаёлидан ўтказа бошлайди. Нима қилсин, одат шунақа!

Мен ҳам бўйдоқман, менинг ҳам ёшим йигирма еттида. Аммо ота-онам ширин ташвишларимни чекиб, ғамхўрлик қилолмайди. Чунки улар икки ёшлигимдаёқ ташлаб кетишган. Отам қайтмайдиган дунёга, онам эса мени қари бувимга ташлаб шаҳримиздан беш юз км узоқликдаги Қўқон шаҳрига турмушга чиқиб кетган. Ҳозир кам кўришиб турамиз, оила бошлиғини дада дейишга тилим бормайди. Шунинг учун ойимни кўргани Қўқонга борганимда, ёки улар келганида меҳмон акага гапирмай қўйишни афзал қўраман. У ҳам сергап эмас. Еттита жигарим ҳам бор. Мен уларни танийман…

Бувимнинг қўлида тарбия топдим. Бувим ҳам мактабни тугатишимга икки ойгина қолганда қайтмас дунёга сафар қилдилар… Жойлари жаннатда бўлсин! Шундан сўнг, батамом ёлғизланиб қолдим. Ота-онам йўқ. Бувим, синфдошларим йўқ. Ҳаётнинг қизиғи қолмагандай эди. Кўзимга нуқул эски шаҳардаги жим кўчалар, ахлат идишлар, қувурларда моғор босган сув ва унда ачиб-сасиган ўлик мушуклар кўринадиган бўлиб қолганди. Хуллас, журъатсиз ва ишончсиз, умидсиз ўсмир эдим. Бу ҳолдан қутилиш учун ўзимни ҳар ёққа урдим, пул топишни, жуда кўп пул топишни ният қилдим. Пул бу қудрат ва бахтнинг ягона калити, деб ўйлардим. Бозорда куним ўтадиган бўлди. Иш кўплигидан бемаъни ўйлар суришга мажолим қолмасди. Тонг бўзариб отмасдан бозор атрофини супуришим, кейин эса бир чеккадан ярим қулоч жой олиб помидор ва бодринг сотишим мумкин. Бора-бора ишга кўникиб, машаққатим камайган сайин кўз олдимдан яна супуринди ахлатлар айлана бошлайди. Ҳаётимда ахлат челаклар улканлашса улканлашдики, йўқолмади. Топган пулим ҳам бойиб кетдим дейишим учун етарли эмасди.

Шундай кунларнинг бирида профессор Султон ака билан танишиб қолдим. У доим ишдан кеч қайтар ва ўтмай қолган, ириган-чириган помидорларимни харид қиларди. Айтишича, хотини қизил икра қилишни суяр экан. Профессор билан бир куни Пифагорнинг қонунлари тўғрисида суҳбатлашиб қолдик. Ёшликдан математикага қизиқардим. Хуллас, савдони ҳам унутиб, икковлон қоғоз картонларни тўлдириб формулалар ёзиб ташладик. Шунда мен профессорнинг ўз касбини нақадар яхши кўришини англаб, унга ҳавасим келиб кетди ва эрталаб профессор бўлиш орзуси билан уйғондим. Савдони ташлаб, китоб ўқишга тушиб кетдим. Шунда кўз олдимдан ахлатлар аригандай бўлди. Биринчи йил ўқишга киролмай йиқилишим менинг фожиам эмас бахтим бўлиб чиқди. Ноҳақликлар туфайли йиқилган бўлсам-да, мени бу мағлубият янада кўпроқ, кучлироқ ҳаракат қилишга, кўпроқ китоб титишга мажбур қилди. Энди туну кун, аввалгидан ҳам кўпроқ ўқишга тушдим. Кейинги йил грант соҳиби бўлдим. Ҳа, ҳаёт фаслларнинг турфа рангларига ўралашиб кетаверар экан. Мана, ўтган йили магистратурани ҳам тугатдим. Ҳамон, тоғамнинг уйида яшайман. Аввал ҳам шу уйда яшардим, фақат бу уй олдин бувимники эди. Энди эса тоғамники…

***

Шундай қилиб, магистратурани тугатиб, омадим келиб нуфузли идорага ишга ўтиб кетмагунимча менинг ҳам бўйдоқ эканлигим ҳеч кимнинг эсига келгани йўқ. Хуллас, катта идоранинг кучли шамоли эсиб, шаҳримиздаги урфга бўйсунадиган, биз фақирни-да эслайдиганлар чиқиб қолди. Бошдан бундай учрашувлар менга маъқул кўринмаса-да, улғайганим сайин хавотирга тушиб қоладиган бўлди. Бора-бора ўша мўъжизали учрашувлар умид бағишлай бошлади. Гарчи ўзим ҳам шундай шундай учрашувларнинг натижасида бино бўлган оиланинг аччиққина меваси бўлсам ҳам. Лекин, на илож, бу анъаналарни инсон ўзидаги иллатлардан қутилиш учун ёдламайди-ку! Мен ҳам кўпгина ёшлар каби туйғулар бобида журъатсизман, ҳиссизман.

Шундай қилиб, менинг ҳам ширин ташвишларим билан андармон бўладиган одам топилди. Бу тоғамнинг хотини эди. Унинг ўғли ҳали мактабда ўқир, шунинг учун келинойимга қиз қидириш маросими мароқли машғулот бўлиш билан бирга, яхшигина тажриба орттиришнинг йўли ҳам эди. Ишим кўп, шунинг учун фақат якшанба куннинг нақ иккинчи ярмини учрашувларга сарфлашим мумкинлигини келинойим билан келишиб олдик ва бошлаб юбордик!

Бошида ўта ҳаяжонли бўлса-да, танишувга чиқаверган сайин кўз пишиб, ўрганиб ҳам қолар экансан. Масалан, биринчи учрашувдан кейин қизни хушламаганимни айтганимда, келинойим хандон отиб кулиб юборди. “Билгандим”, деди. Ўйлашимча, бу мароқли вазифа бирдан тугаб қолишини келинойим асло истамасди. Ҳаш-паш дегунча бир ойда тўртта қиз билан кўришишга улгургандим. Ҳаммаси бой хонадоннинг қизлари денг, учрашувга баланд уйлардан чиқиб келишарди. Ҳа, айтганча, у пайтлар тоғамнинг иши ривожланиб, анча бойиб қолганди. Номзодлар ҳам – савдогарларнинг, терговчи-судьяларнинг, нуфузли банкларда ишлайдиган акаларнинг ойимқизлари эди. Қандолат дўконлари орқали анча ўзларини тиклаб олган келинойимнинг айтишича, ишлайдиган жойимнинг нуфузи, тоғамнинг дўконлари ва баланд бўйларим билан биз ҳам уларга уларга тенг келарканмиз. Ҳар ҳолда, келинойимнинг фикри ана шундай эди.

Учрашувларда умуман уйланиб бўлмайдигани ҳам, ёки бирдан «Урра, тўй» деб юборадиган қизлар учрамасди. Уларнинг кўпчилиги менга маъқул келар, камина ҳам уларга ёққандай бўлардим. Ҳатто, баъзилари билан телефонлашиб ҳам турардик. Лекин ҳамон мен бўйдоқ, улар эса, бошқа йигит билан учрашувга чиқиб кетаверарди. Гўё ҳаммаси шундай бўлиши керакдек. Ҳатто биттаси телефон қилиб, мени ўзининг бахтли куни – никоҳ тўйига таклиф қилишга ҳам улгурди. Не қилайлик, тақдир-да!

Ойлар ўтар, бир-биридан хузурбахш ва асаббузар якшанбалар ҳам қариб кетаверарди. Ниҳоят, учрашувлардаги омадсизлигим келинойимни ҳам безор қилди. У жуда толиқди, шашти пасайди. Бир куни учрашувдан қайтганимда, бугунги натижани билмай туриб навбатдаги қизнинг расмини телефондан кўрсатди. Менга қиз ёқмаслиги келинойимнинг онгига ўрнашиб қолгандай эди, гўё.

Мен учрашувлардан чарчадим. Тезроқ бирортасига уйлансаму, ҳаммасидан қутулсам деб ўйлардим. Лекин ўша бирортасини танлаш мен учун машаққат эди. Ҳеч кимни севиб ҳам қололмадим. Муҳаббат ҳам гўё шу учрашувларда пайдо бўладигандай эди. Ўша пайтлар негадир яна кўз олдимга супуринди ахлатлар келиб, бурнимнинг тагида қўланса ҳидлар анқийдиган бўлди.

Бир куни келинойим шаҳар бош прокрорининг қизи билан учрашув белгилашга муяссар бўлди!
Мен бу кўришувга алоҳида тайёргарлик кўрдим. Ҳар ҳолда, ҳурматли одамнинг қизи. Учрашувда бош прокрор қизининг маъюслиги менга ёқди. Қиз бадавлат қонун ҳимоячиси эмас, кўпроқ буюк рассом бўлишни орзу қилган оддий тасвирий санъат ўқитувчисининг қизини эслатарди. Уни прокрорнинг ўгай қизи бўлса керак деган хаёлга ҳам бордим. Лекин нима бўлганда ҳам унинг бошқаларга ўхшамайдиган масъум қиёфаси бор эди. Афсус, нақилайки бу қизга мен маъқул келмабман. Келинойимга у: «Жиянингиз яхши йигитга ўхшайди, аммо унга раҳмим келди», деган эмиш. Қиз йўлини пойладим, лекин унга дуч келмадим. Чамаси бир ойлар ўтиб, келинойим ўша қизнинг Қашқадарёдан келган новвой йигит билан қаергадир қочиб кетганини айтганда масъумлик сабабини тушингандай бўлдим. Очиғи новвой йигитга ҳавасим келиб кетди. Бойлик ва у яратадиган чексиз қулайликларни ирғитиб, номаълум томонга кетган қизнинг туйғулари ҳақида ўйлай бошладим.

Шундай қилиб, келинойим ҳам зерикди, у энди ҳар замонда худди боласини боғчага оборгандай хотиржам ҳолда мени учрашувларга бошларди. Энди ўзи натижа билан қизқимайдиган бўлиб қолган эди. Ниҳоят, хотинининг сустлигидан жаҳли чиққан тоғам менга ўзининг фармацевт дўстининг қизини тавсия қилди. Тоғам кетаётиб менга қаттиқ таъйинлади:

– Эй бола, нима бўлганда ҳам қизга ёқишга ҳаракат қил!

Мен ҳар доимгидай якшанбанинг ярмини ишхонада ўтказиб, учрашув белгиланган жой – кинотеатр томон шошилдим. Гўё уйланиш учун эмас, тоғамнинг муҳим бир юмушини бажариш учун кетаётган оқибатли жиянга ўхшардим. Кўкда аллақачон қора булутлар жанги бошланган, ҳадемай ёмғир ташлаб қолса керак деб, тургандим.

Ўйлаганимдай, қиз билан кўришиб, кинотеатр томон икки қадам қўймасимиздан ёмғир томчилай бошлади. Кейин кучайди. Фармацевтнинг фарзанди ақлли қизга ўхшарди. У жуда мулойим гапирар, осмондан тушаётган ҳар томчидан қўрққандай кўзларини пирпиратарди. Мен эса, соябонимни ёяр эканман, қўлларимни очиб кафтимга ёмғир томчилари урилишидан завқ олдим. Ўйноқи томчилар компютер сичқончасидан бошқа нарсадан бегоналашган қўлимни титратиб, бутун танамни яйратиб юборарди.

Бу қиз кўп гапирмас экан. Мен ҳам жим ўтиравердим. Филм эса шовқин-суронга ва сохта воқеаларга тўла эди. “На образли тасвир, на мантиқ бор” дейди-ку газеталарда, бу филм ҳам худди шундай эди.

Биз ўта маънисиз ва савиясиз филмга чипта олган эканмиз. Аммо кўпчилик қиқир-қиқир кулишар, ўзларини яйраётгандек тутардилар. Ахир кино – театрга кирган одам дам олиши керак-да! Қиз ҳам менга қўшилиб бўзрайиб ўтираверди. Лекин филм ўрталарига бориб у қизиқиб кетди, шекилли, менга қараб “қизиғ-а” бекор дегандай, жилмайиб қўйди. Мен ҳам қизиқлигини тасдиқлаб, табассум қилдим. Аслида, кетаётган вақтимга ичим ачирди. Бунинг устига, кинозалнинг намхуш, зах ҳавоси нафасимни бўғар, шунинг учунми нуқул йўталардим! Бу ҳам етмагандай олди қаторда ўтирган йигит билан қиз тинмай ўпишарди. Лаблари толиққанда эса, тиллари осилгунча жаврашарди.

Ниҳоят, экранда филм ижодкорларининг номи кўринди. Кимдир ҳақоратли сўз билан уларни сўкди. Ёнимда фармацевт бўлмаганда ўзим ҳам, балки унга қўшилган бўлардим. Мен учун кино ўн соат давом этгандай бўлди. Эссиз вақт!

Ташқарида ёмғир майдалаб, бир маромда ёғиб турарди. Мен қиздан “кино ёқдими?” деб сўраш ўрнига, унга фармацевтика соҳасига оид савол бердим. У бирам ширин, ҳар бир сўзини асал билан сийлаб гапирарди. Бирон сўзи одоб доирасидан чиқмасди. Учрашувга яхши тайёргарлик кўргани билиниб турар, замонавий кийинган, пушти пальтоси унинг тиниқ юзини янада чиройли кўрсатиб турарди. Биз кинотеатрдан юз метрлар наридаги кафега кирдик. Мевали ширинлик буюртма қилдик. У ярмигача еди. Мен ҳаммасини еб қўйдим. Чунки ишдан чарчаб чиққандим.

Учрашувлардан безганим, бунинг устига тоғамнинг иззати учун шу қизга уйланишим лозимлигини ҳазм қилолмай қийналардим. Ичим кино залдагидай намхуш, зах ва қоронғу. Ўзим ҳам ўша филмдагидай бемаъни ҳолатда эдим. Шунда ҳеч кутулмаганда қизга савол ташладим. Бу саволни қандай берганимни ўзим ҳам билмайман. Ҳар ҳолда, гап тополмаганимдан оғзимдан чиқиб кетган бўлса керак.

– Китоб ўқийсизми?
– Нимага бунақа савол беряпсиз?

Мен унга: “Ёшликдан сизга ўхшаган одобли ва оппоқ қизлар кўп китоб ўқиса керак деб ўйлардим”, демоқчи бўлдим-у, индамадим. Жим кўзларига қараб туравердим.

– Китоб ўқишни хуш кўрмайман. Бадиий китобни эса умуман. Ўзи…адам-ла…

– Нима, сиз китоб ўқиш шарт эмас демоқчимисиз?
– Меники аниқ соҳа-ку?

– Аниқ соҳага бадиий адабиёт қандай қудрат бағишлашини биласизми? – Бидиллай кетдим – Кашфиётларга, инсоният тасаввур оламининг кенгайишида адабиётнинг хизмати катта. Масалан…

– Менга бундай ютуқлар керак эмас. Мен дорихона очаман.

Бу гапни у шундай оҳангда айтдики, бундан фахрланиш туйғуси борлигини англадим.
Унинг юзи бирдан ўзгарди. Кўзлари олайиб, ғалати бўлиб кетгандай туюлди. Мен унга бошқа савол бермадим ва соатимга қарадим. Соатимга қарадимми, демак ҳар доимгидай қиз менга…

– Адабиёт нима учун кераклигини биласизми?
– Йўқ

– Сизга айтайми?
– Билсангиз айтинг?

У менга шундай эринчоқ нигоҳ ташладики, бу “сенинг фикрингни сариқ чақага ҳам олмайман” деган маънони англатарди.

– Туйғулар ўлмаслиги учун…яшаши учун, агар бўлса….
– Нима?

Мен қизга жавоб беришдан олдин, официант йигитни чақириб ҳисоб-китоб қоғозини олиб келишни айтдим. У столим четидаги кичкина қурилмани кўрсатди. Мен бу қурилмадан қанча тўлаш кераклигини кўриб, ҳисоб картамдан пул ўтказдим ва биз ўрнимиздан турдик.

Ташқарида ҳамон ёмғир ёғарди. Қиз калта бўйли, мен эса узун эдим. Шунинг учун ёмғирпўштни олмадим. Ғалати кўринмасин дебми, билмайман. Балки қиз менга умуман ёқмагани учундир. Кейин анча вақт қилган ишимдан афсуслан юрдим! Қизни отаси юборган машина келиб олиб кетди. Мен эса кўчада анча вақт ёмғир остида ивиб хаёл суриб пиёда сайр қилиб юрдим. Фарматсцевтнинг қизи уйга бориб, ойиси билан қандай суҳбат қилишини тасаввур қилиб кўрдим. Тахминимча, ўрталарида шундай суҳбат бўлиб ўтган бўлса керак:

– “Унинг нимаси ёқмади, қизим…
– Билмасам…ғалати…

– Ахир унинг қаерда ишлашини биласанми? Тоғаси ҳам ўзига тўқ одамлардан экан! Нима, устига, кийинишига қараб баҳо бермаяпсанми?

– Йўқ. Жуда замонавий кейинган…Пальтоси бирам ярашган экан. Қошлари қоп-қора, бўйлари узун йигит экан.

– Бўлмаса нимаси ёқмади, оппоғим?
– Мен билан у адабиёт ҳақида гаплашди.
– Шеър ўқидими?

– Йўқ, туйғулар, бахт ҳақида, китоб ўқиш ҳақида гап бошлади… Хуллас, қўйинг, менга тўғри келмайди. Қандайдир зерикарли кўринди…

– Яхши қилибсан, сенга ишбилармон, топаман-тутаман дейдиган бола керак… Мана бу расмга қара-чи, сен учрашувдалигингда келинойинг ташлаб кетди. Ўзи учрашувга олиб чиқар экан.

– Қаерда ишлар экан…
– Адаси…”

Фармацевт қизнинг уйида шундай гаплар бўлиб ўтганлиги, табиий. Биздикида эса, ҳеч қандай гап бўлмади. Тоғам бир-икки кун оғзимга қараб юрдию, кейин эсидан чиқиб кетди.

***

Шу кунларнинг бирида Самарқандлик курсдошим телефон қилиб қолди.

– Мен билан учрашувга бирга чиқмасанг бўлмайди. Тошкентда сендан бошқа тенгқур биродарим, йўқ. Қиз эса, дугонаси билан чиқармиш, келмасанг, умуман…сени ўчираман. Ҳам хотирамдан, ҳам телефонимдан…

– Қачон?
– Душанба куни, соат 14: 00 да!
– Эсинг жойидами, бу пайтда бизларда йиғилиш бўлади-ку!

– Йиғилиш ҳар душанба бўлади, лекин мендай дўстинг қайтиб келмайди… Ўзи сизлар шунақасанлар…катта лавозимга ўтириб-олиб, бизларни…

– Тўхта! Валдирама, бораман!
– Қойил…кечикмай бор!

Лекин мен барибир 20 минут кечикиб бордим. Улар аллақачон кинотеатрга кириб кетишган экан. Ўртоғимга телефон қилдим. У мени гап билан яхшигина “сийлади”. Мен эса, “чиққунларингча яхши жой ҳозирлаб тураман”, деб зўрға кўндириб, телефонни ўчирдим. Шу яқинда дуруст ресторан борлигини билардим. Шу ерга бориб яхши жой буюртириб қўйдим ва уларни кута бошладим. Кўзим беихтиёр стол устидаги гуручдеккина овқат юқига тушдию, уни артиб ташлаш давомида яна дилгир хаёлларга берилдим.

Онам ҳозир еттита боласи билан овора бўлса керак… Дадам бувим билан жаннат боғларида юргандир… Лекин мен ҳамон ёлғизман, ҳеч қачон оилам бўлмаган, балки ҳеч қачон кўнглимга ёқадиган қиз учрамас…

Телефоним жиринглаб қолди. Иш бўйича экан. Электрон почтамга кириб, айрим вазифаларни бажаришга улгуришим мумкин экан. Ишга шунғиб кетдим. Хаёлим шу иш билан бўлиб, ўртоғим, қайлиғи ,унинг дугонаси келганлигини ҳам сезмай қолибман. Шунинг учун бир стол атрофида ўтиргандагина қизларга назар солишга имкон бўлди. Кўзим билан қайси қиз бўлажак келин дея, курсдошимга имлагандим, у оқ жемфирдаги, кўзлари катта, нигоҳлари ўткир, дадилгина қизни кўрсатди. Яхши, деб қўя қолдим.

Номзод қиз деярли гапирмасди, бир жилмаяр, бир қавоғини осиб оларди. Дугонаси эса унинг ўрнига ҳам тинмай сўзларди. Мен эса тезроқ ишга боришни ўйлаб ўтирардим. Кафе деворларига осилган телевизорларда уятсиз шўх клиплар намойиш этила болади. Биз ноқулай аҳволга тушиб, кўзимизни телевизордан олиб қочдик. Ҳатто номзод қизнинг оқсариқдан келган юзи сезилар-сезилмас қизариб қўйди. Дугонасининг зиғирчаям ийманмагани унинг қорача юзидан билиниб турарди. Шунда дўстим менинг қулоғимга аста шивирлаб, қизнинг ўзига умуман ёқмаганини айтди. Унга қаери ёқмаганини аниқламоқчидай қизга тикилдим, аммо сабаби кейин қизнинг гапидан маълум бўлди.

– Сиз мактабда иккичи бўлгансиз. Ўзингизни ақлли кўрсатманг! Бу билан нимага эришмоқчисиз! Менга ёқмоқчимисиз, хомтама бўласиз!

– Нима?
– Эшитганиз?

– Ўйлаб гапирсанг-чи ?
– Ёқмаса катта кўча…

Қиз чўрткесар экан. Одатда учрашувларда бундай қизларни ўзини сиполик ниқобига ўрарди. Бу эса ғирт бетга чопар, қайсар экан. Гапираётиб охирги сўзини ютиб юборарди. Кейин, унғайсизликка тушганидан юзлари қизариб кетарди. Сал ўтмай эса яна дадиллашди. Билдимки, бу қиз биринчи марта учрашувга чиққан ва йигит зотининг ўзига шунчалик яқин келишидан ҳам ғазабланмоқда эди. У ўзининг бўйи етганини ҳалиям билиб улгурмаган қизларни эслатади. Мен беихтиёр ўзимга ёқмайдиган ишга қўл урдим. Яъни уларнинг суҳбатига аралашдим:

— Уни ҳурмат қилсангиз бўларди.
— Нимага?
— Ҳар ҳолда битта жойдансизлар?

— Нима қилай? Битта жойдан келганлар кўпчилик ўқиймиз? Нима, ҳаммаси билан апоқ-чапоқ бўлайми? Унда мени ким деб ўйлашади?

Тилимни тишладим. У кўзларимга қарамай, аниқ-тиниқ гапирарди. Кейин унғайсизлик туғилганидан дугонасига ҳижолат бўлиб қаради. Шундан ҳам билдимки, у доганиси билан ҳам қалин эмас, бўлмаса, гапи учун хижолат чекиб унга бундай боқмасди.

– Сиз шунақа қўполмисиз, ё ўзингизни шундай тутатасизми?

– У ўзи шунақа, шартта ичидаги айтади. Бошқача бўлишни эплолмайди. – Боядан бери мендан кўзини узмай ўтирган дугонаси чаққонлик билан жавоб берди.

Бироз дадилланиб, қизга яна савол ташлашга журъат этдим. Қулоқ-думи кесилган лайчадай шумшайиб қолган ўртоғим эса тезроқ кетайлик, деб имларди.

– Китоб ўқиб турасизларми?

– Ҳа, бу ўқийди. Кўчага ҳам чиқмай, кун бўйи кўриниш ҳам бермай китоб ўқиган кунлари бўлади…

– Эй…бўлди қилинг, шарт эмас..- деди қиз уялиб.

– Тўғрида…китоб жиннисисиз! Масалан, мен китоб ўқимайман. Ўқиб тураман. Лекин кўп эмас. Уйқи босади. Ундан кўра боғларда айланиб юргим келади. Саёҳатларга чиққим, дунё кезгим келади. Кейин…

– Нега китоб ўқийсиз? –Тўсатдан берилган саволдан қайсар қиз чўчиб тушди. Дугонаси эса оғзини ёпди.

– Сиз нега менга савол беряпсиз?

Ундан бу гапни кутмагандим. Сўзларидан “дўстингизнинг учрашувга чиққан қизиман-ку”, деган маънони уққандим. У ҳатто вақтинчалик учрашув пайтида ҳам, ўзига ёқмаган йигит бўлса ҳам, унга нисбатан садоқатда, ҳурматда бўлишини англаб, титраб кетдим. Кейин бирор сўз демадим.

Қизлар кетамизга тушиб қолишди. Дўстим ҳам ўз эгаси қўйган қопқонга тушиб, минг азобда қутилиб чиққан итдай маъмнун ташқарига интилди.

Қизларни кузатиб, улар кетган машина орқасидан қараб турарканмиз курсдошим дардини очиб қолди.

– Бу қизни олган одам ўлади. Мен ҳали яшамоқчиман. Шаҳарга келиб ўзгариб қолибди. Мен, аҳмоқ, Самарқанддан келибман-а…Онамда, яхши қиз деб…

– У биринчи марта учрашувга чиққан, ҳаяжонда…

– Қўйсанг-чи, қиз бола ҳам шунақа бўладими? Дугонасини қара….шуни илинтирсам бўларкан…Ақлли, мулойим, менга ўхшаб романтикани, боғларни яхши кўрар экан…

– Дўстим, дугонасига ўхшаган қизлар, шаҳарда миллионта…Жа бўлмаса, ҳар якшанба куни учрашувга чиқсанг кўрасан. Кўринишдан одобли, ақлли, илтифотли… Лекин қайсар қизни топиб бўпсан! Унга уйлан!

– Нима менга душманмисан?! Ўлгим келгани йўқ! Ҳеч қачон унга уйланмайман!

– Дўстим, бу қайсар қизнинг катта юраги бор! Тикил, қарасанг-чи? Айниган, бижғиган юрак эмас… Устидан ахлатлар ташланган, туфланган, хўрланган, кейин тозаланган юрак эмас. Тиниқ ва ҳақиқий туйғулар учун гупиллаб уриб турган юрак. Агар кир бўлганида эди, уни кўрсатмай, ширин сўзлар билан устини ёпган, безаган бўларди…

– Нималар деяпсан? Мен аҳмоқ эмасман бу ялмоғиз билан яшайдиган… Менга ширин сўзлар керак, майли сохта бўлса ҳам…

– Эй, тушунсанг-чи, ширин сўзларию нозларининг барчасини турмуш ўртоғига асраб қўйибди. Учрашувга чиққан ҳар қандай йигит ҳам меҳрини беравермоқчимас. Агар ҳаммага кулаверса, бир кун келиб чин дилдан кулолмай қолади.

– Менга табассум керак!
– Унинг кўзларини кўрдингми?
– Мушукнинг кўзи!

– Яширин бир уммон бор кўзларида!
– Эй!

– Уни муҳаббат билан тиз чўктирсанг, умрбод юзингга тик қарамайди. Қатъиятли қизлар шунақа бўлади. Меҳри тугамайди, меҳри, садоқати бутун умрингга етади. Нима қиласан сохта кулиб турган лўппи юзларни, қалбидан ахлатнинг ҳиди келади. Чунки уларнинг юракларида ўлган туйғулар бижғиб ётади.

– Мен унга барибир уйланмайман! Узр, ошна, сенинг вақтингни олиб қўйдим.

– Ростдан, уйланмайсанми?
– Рост! Ҳеч қачон уйланмайман.

– Унда…Мен уйланаман унга. Ваъда бераман сенга, ёзда шу қиз билан тўйим бўлади.

Кетаётиб ниятим рўёбга чиқишини сўраб Худога ёлвордим. Январь қуёшининг кучсиз бўлсада, сочаётган нурлари менинг кўз ёшларимда товланарди. Осмонга боқдим, тиниқ! Қуёшни биринчи марта кўраётгандек тикилдим – Ёруғ! Жуда ёруғ эди бу январь қуёши! Атроф гўзал эди, ранглар бетакрор! Юрагим ҳали бирон марта униб чиқмаган туйғулардан ёрилиб кетай дерди. Она меҳри, ота қўллари, ака ва сингиллар тафти ила пайдо бўладиган ва ўсадиган муҳаббат, ишонч, умид, соғинч туйғулари қалбимда йигирма етти йиллик уйқудан сўнг ниш ура бошлаганди. Тўғри, анча кеч, лекин мен ҳозир бу туйғуларни эрта ўстириб, эрта ўлдириб қўйганлардан кўра минг чандон бахтлироқ эдим.

***

Шундан сўнг қайсар қиз бошимга қандай синовлар ташлаганлигини тасаввур ҳам қилолмайсиз! Бир оғиз гаплашиш учун минглаб синовларни бошдан кечирганман. Матонатли, ўлимга тик боққан жангчилардек метин ирода билан юрагимда уйғонган жажжи ниҳоллар ҳаёти, туйғулар омонлиги учун курашардим.

Ниҳоят, мен кутган баҳорнинг ширин, жўшқин кунлари келди. Гулларга кўмилган шўх шамоллар заминни титратиб ҳаёт мўъжизасини туҳфа этди. Шамол қизнинг узун сочларини учириб, кўзларини бир дам тўсиб қўйганда, унинг ҳароратли лаблари ҳимоясиз қолди. Бу олов лабларга лаб босиб, уни қаттиқ бағримга босганимда, шамоллар ҳам қаергадир ғойиб бўлди. Фақат бу олам тинчини икки юракнинг гуппиллаб уриши бузиб турарди…

 102-102.jpg    Yigirma yetti yosh. Uylanishning ayni payti. Bu yoshni bizning shaharda “qizlar bilan uchrashuvlar mavsumi” deb ham, atashadi. Go’yo shu uchrashuvlarsiz turmush-qurishning iloji yo’qdek! Bizda bu odat qachon rasm bo’lgan, bilmayman. Lekin hech kim bu an’anadan bo’yin tovlamaydi.

Javlon Jovliev
QIZLAR BILAN UCHRASHUVLARIM
09

07Javlon Jovliev  1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G’ishtli qishlog’ida tug’ilgan. 2010–2014 yillarda O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining «San’atshunoslik jurnalistikasi» yo’nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O’zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo’nalishi magistranti. Hozirgi kunda o’qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasining «Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi» nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O’zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

09

Yigirma yetti yosh. Uylanishning ayni payti. Bu yoshni bizning shaharda “qizlar bilan uchrashuvlar mavsumi” deb ham, atashadi. Go’yo shu uchrashuvlarsiz turmush-qurishning iloji yo’qdek! Bizda bu odat qachon rasm bo’lgan, bilmayman. Lekin hech kim buan’anadan bo’yin tovlamaydi. Shubha qilish u yoqda tursin, ba’zilar, “ana shunda baxting  ochilib ketadi”, deb kafolat ham berishadi. Uchrashuvga chiqasan, sevasan, uylanasan va sendan baxtli odam bo’lmaydi. Go’yo uchrashuvlar mo»jizaga to’la-yu, birdanbaxt kulib boqadiganday.

Yigit va qiz uchrashuvini ota-onalar belgilaydi. Shuning uchun bu uchrashuv shunchaki tanishuvdan yoki ko’cha-ko’yda ko’rishadigan ikki yoshning diydorlashuvidan ancha farq qiladi. An’anaga aylangan, ikki yoshning to’y oldi tanishuvi. Hatto,buni kichchiroq marosim desak ham bo’ladi. Shuning uchun bizda ota-onalar bunga jiddiy yondashadilar. Bolalarini ko’cha-ko’yda emas, o’zlari tayinlagan ko’rishuvlardagina munosib yor topishi mumkinligiga ishontirishadi. Hatto, hali o’g’lining kindigidagi
shilimshiq et uzilmay turib, hozirgina to’lg’oq azobidan o’lay degan ona xotirjam kelajakda «chaqaloq»ni kimning qizi bilan uchrashuvga olib chiqishni tasavvur qila boshlaydi. Keyinchalik bu tasavvurlar shirin tashvishga aylanadi. Qator uchrashuvlar, suhbatlar, surushtiruvlar… Ota-onaning niyati va mavqeyiga qarab bu ko’rishuvlar muvaffaqiyatli yoki omadsiz chiqishi mumkin. To’y bo’lib ketsa yaxshi, lekin omadsiz uchrashuvlardan ham hech xafa bo’lishmaydi. Hammaga o’z bolasi aziz-da! Aksincha, o’g’li bir qiz bilan uchrashib turganidayoq, ona boshqaning arzandasini xayolidan o’tkaza boshlaydi. Nima qilsin, odat shunaqa!

Men ham bo’ydoqman, mening ham yoshim yigirma yettida. Ammo ota-onam shirin tashvishlarimni chekib, g’amxo’rlik qilolmaydi. Chunki ular ikki yoshligimdayoq tashlab ketishgan. Otam qaytmaydigan dunyoga, onam esa meni qari buvimga tashlab shahrimizdan besh yuz km uzoqlikdagi Qo’qon shahriga turmushga chiqib ketgan. Hozir kam ko’rishib turamiz, oila boshlig’ini dada deyishga tilim bormaydi. Shuning uchun oyimni ko’rgani Qo’qonga borganimda, yoki ular kelganida mehmon akaga gapirmay qo’yishni afzal qo’raman. U ham sergap emas. Yettita jigarim ham bor. Men ularni taniyman…

Buvimning qo’lida tarbiya topdim. Buvim ham maktabni tugatishimga ikki oygina qolganda qaytmas dunyoga safar qildilar… Joylari jannatda bo’lsin! Shundan so’ng, batamom yolg’izlanib qoldim. Ota-onam yo’q. Buvim, sinfdoshlarim yo’q. Hayotning qizig’i qolmaganday edi. Ko’zimga nuqul eski shahardagi jim ko’chalar, axlat idishlar, quvurlarda mog’or bosgan suv va unda achib-sasigan o’lik mushuklar ko’rinadigan bo’lib qolgandi. Xullas, jur’atsiz va ishonchsiz, umidsiz o’smir edim. Bu holdan  qutilish uchun o’zimni har yoqqa urdim, pul topishni, juda ko’p pul topishni niyat qildim. Pul bu qudrat va baxtning yagona kaliti, deb o’ylardim. Bozorda kunim o’tadigan bo’ldi. Ish ko’pligidan bema’ni o’ylar surishga majolim qolmasdi. Tong bo’zarib  otmasdan bozor atrofini supurishim, keyin esa bir chekkadan yarim quloch joy olib pomidor va bodring sotishim mumkin. Bora-bora ishga ko’nikib, mashaqqatim kamaygan sayin ko’z oldimdan yana supurindi axlatlar aylana boshlaydi. Hayotimda axlat  chelaklar ulkanlashsa ulkanlashdiki, yo’qolmadi. Topgan pulim ham boyib ketdim deyishim uchun yetarli emasdi.

Shunday kunlarning birida professor Sulton aka bilan tanishib qoldim. U doim ishdan kech qaytar va o’tmay qolgan, irigan-chirigan pomidorlarimni xarid qilardi. Aytishicha, xotini qizil ikra qilishni suyar ekan. Professor bilan bir kuni  Pifagorning qonunlari to’g’risida suhbatlashib qoldik. Yoshlikdan matematikaga qiziqardim. Xullas, savdoni ham unutib, ikkovlon qog’oz kartonlarni to’ldirib formulalar yozib tashladik. Shunda men professorning o’z kasbini naqadar yaxshi ko’rishini anglab, unga havasim kelib ketdi va ertalab professor bo’lish orzusi bilan uyg’ondim. Savdoni tashlab, kitob o’qishga tushib ketdim. Shunda ko’z oldimdan axlatlar ariganday bo’ldi. Birinchi yil o’qishga kirolmay yiqilishim mening fojiam emas baxtim bo’lib chiqdi. Nohaqliklar tufayli yiqilgan bo’lsam-da, meni bu mag’lubiyat yanada ko’proq, kuchliroq harakat qilishga, ko’proq kitob titishga majbur qildi. Endi tunu kun, avvalgidan ham ko’proq o’qishga tushdim. Keyingi yil grant sohibi bo’ldim. Ha, hayot fasllarning turfa ranglariga o’ralashib ketaverar ekan. Mana, o’tgan yili magistraturani ham tugatdim. Hamon, tog’amning uyida yashayman. Avval ham shu uyda yashardim, faqat bu uy oldin buvimniki edi. Endi esa tog’amniki…

***

Shunday qilib, magistraturani tugatib, omadim kelib nufuzli idoraga ishga o’tib ketmagunimcha mening ham bo’ydoq ekanligim hech kimning esiga kelgani yo’q. Xullas, katta idoraning kuchli shamoli esib, shahrimizdagi urfga bo’ysunadigan, biz  faqirni-da eslaydiganlar chiqib qoldi. Boshdan bunday uchrashuvlar menga ma’qul ko’rinmasa-da, ulg’ayganim sayin xavotirga tushib qoladigan bo’ldi. Bora-bora o’sha mo»jizali uchrashuvlar umid bag’ishlay boshladi. Garchi o’zim ham shunday shunday uchrashuvlarning natijasida bino bo’lgan oilaning achchiqqina mevasi bo’lsam ham. Lekin, na iloj, bu an’analarni inson o’zidagi illatlardan qutilish uchun yodlamaydi-ku! Men ham ko’pgina yoshlar kabi tuyg’ular bobida jur’atsizman, hissizman.

Shunday qilib, mening ham shirin tashvishlarim bilan andarmon bo’ladigan odam topildi. Bu tog’amning xotini edi. Uning o’g’li hali maktabda o’qir, shuning uchun kelinoyimga qiz qidirish marosimi maroqli mashg’ulot bo’lish bilan birga, yaxshigina  tajriba orttirishning yo’li ham edi. Ishim ko’p, shuning uchun faqat yakshanba kunning naq ikkinchi yarmini uchrashuvlarga sarflashim mumkinligini kelinoyim bilan kelishib oldik va boshlab yubordik!

Boshida o’ta hayajonli bo’lsa-da, tanishuvga chiqavergan sayin ko’z pishib, o’rganib ham qolar ekansan. Masalan, birinchi uchrashuvdan keyin qizni xushlamaganimni aytganimda, kelinoyim xandon otib kulib yubordi. “Bilgandim”, dedi. O’ylashimcha, bu maroqli vazifa birdan tugab qolishini kelinoyim aslo istamasdi. Hash-pash deguncha bir oyda to’rtta qiz bilan ko’rishishga ulgurgandim. Hammasi boy xonadonning qizlari deng, uchrashuvga baland uylardan chiqib kelishardi. Ha, aytgancha, u paytlar  tog’amning ishi rivojlanib, ancha boyib qolgandi. Nomzodlar ham – savdogarlarning, tergovchi-sud`yalarning, nufuzli banklarda ishlaydigan akalarning oyimqizlari edi. Qandolat do’konlari orqali ancha o’zlarini tiklab olgan kelinoyimning  aytishicha, ishlaydigan joyimning nufuzi, tog’amning do’konlari va baland bo’ylarim bilan biz ham ularga ularga teng kelarkanmiz. Har holda, kelinoyimning fikri ana shunday edi.

Uchrashuvlarda umuman uylanib bo’lmaydigani ham, yoki birdan «Urra, to’y» deb yuboradigan qizlar uchramasdi. Ularning ko’pchiligi menga ma’qul kelar, kamina ham ularga yoqqanday bo’lardim. Hatto, ba’zilari bilan telefonlashib ham turardik.  Lekin hamon men bo’ydoq, ular esa, boshqa yigit bilan uchrashuvga chiqib ketaverardi. Go’yo hammasi shunday bo’lishi kerakdek. Hatto bittasi telefon qilib, meni o’zining baxtli kuni – nikoh to’yiga taklif qilishga ham ulgurdi. Ne qilaylik, taqdir-da!

Oylar o’tar, bir-biridan xuzurbaxsh va asabbuzar yakshanbalar ham qarib ketaverardi. Nihoyat, uchrashuvlardagi omadsizligim kelinoyimni ham bezor qildi. U juda toliqdi, shashti pasaydi. Bir kuni uchrashuvdan qaytganimda, bugungi natijani  bilmay turib navbatdagi qizning rasmini telefondan ko’rsatdi. Menga qiz yoqmasligi kelinoyimning ongiga o’rnashib qolganday edi, go’yo.

Men uchrashuvlardan charchadim. Tezroq birortasiga uylansamu, hammasidan qutulsam deb o’ylardim. Lekin o’sha birortasini tanlash men uchun mashaqqat edi. Hech kimni sevib ham qololmadim. Muhabbat ham go’yo shu uchrashuvlarda paydo bo’ladiganday  edi. O’sha paytlar negadir yana ko’z oldimga supurindi axlatlar kelib, burnimning tagida qo’lansa hidlar anqiydigan bo’ldi.

Bir kuni kelinoyim shahar bosh prokrorining qizi bilan uchrashuv belgilashga muyassar bo’ldi!

Men bu ko’rishuvga alohida tayyorgarlik ko’rdim. Har holda, hurmatli odamning qizi. Uchrashuvda bosh prokror qizining ma’yusligi menga yoqdi. Qiz badavlat qonun himoyachisi emas, ko’proq buyuk rassom bo’lishni orzu qilgan oddiy tasviriy san’at  o’qituvchisining qizini eslatardi. Uni prokrorning o’gay qizi bo’lsa kerak degan xayolga ham bordim. Lekin nima bo’lganda ham uning boshqalarga o’xshamaydigan mas’um qiyofasi bor edi. Afsus, naqilayki bu qizga men ma’qul kelmabman. Kelinoyimga  u: «Jiyaningiz yaxshi yigitga o’xshaydi, ammo unga rahmim keldi», degan emish. Qiz yo’lini poyladim, lekin unga duch kelmadim. Chamasi bir oylar o’tib, kelinoyim o’sha qizning Qashqadaryodan kelgan novvoy yigit bilan qaergadir qochib ketganini aytganda mas’umlik sababini tushinganday bo’ldim. Ochig’i novvoy yigitga havasim kelib ketdi. Boylik va u yaratadigan cheksiz qulayliklarni irg’itib, noma’lum tomonga ketgan qizning tuyg’ulari haqida o’ylay boshladim.

Shunday qilib, kelinoyim ham zerikdi, u endi har zamonda xuddi bolasini bog’chaga oborganday xotirjam holda meni uchrashuvlarga boshlardi. Endi o’zi natija bilan qizqimaydigan bo’lib qolgan edi. Nihoyat, xotinining sustligidan jahli chiqqan tog’am menga o’zining farmatsevt do’stining qizini tavsiya qildi. Tog’am ketayotib menga qattiq ta’yinladi:

– Ey bola, nima bo’lganda ham qizga yoqishga harakat qil!

Men har doimgiday yakshanbaning yarmini ishxonada o’tkazib, uchrashuv belgilangan joy – kinoteatr tomon shoshildim. Go’yo uylanish uchun emas, tog’amning muhim bir yumushini bajarish uchun ketayotgan oqibatli jiyanga o’xshardim. Ko’kda allaqachon qora bulutlar jangi boshlangan, hademay yomg’ir tashlab qolsa kerak deb, turgandim.

O’ylaganimday, qiz bilan ko’rishib, kinoteatr tomon ikki qadam qo’ymasimizdan yomg’ir tomchilay boshladi. Keyin kuchaydi. Farmatsevtning farzandi aqlli qizga o’xshardi. U juda muloyim gapirar, osmondan tushayotgan har tomchidan qo’rqqanday ko’zlarini pirpiratardi. Men esa, soyabonimni yoyar ekanman, qo’llarimni ochib kaftimga yomg’ir tomchilari urilishidan zavq oldim. O’ynoqi tomchilar kompyuter sichqonchasidan boshqa narsadan begonalashgan qo’limni titratib, butun tanamni yayratib yuborardi.

Bu qiz ko’p gapirmas ekan. Men ham jim o’tiraverdim. Film esa shovqin-suronga va soxta voqealarga to’la edi. “Na obrazli tasvir, na mantiq bor” deydi-ku gazetalarda, bu film ham xuddi shunday edi.

Biz o’ta ma’nisiz va saviyasiz filmga chipta olgan ekanmiz. Ammo ko’pchilik qiqir-qiqir kulishar, o’zlarini yayrayotgandek tutardilar. Axir kino – teatrga kirgan odam dam olishi kerak-da! Qiz ham menga qo’shilib bo’zrayib o’tiraverdi. Lekin film o’rtalariga borib u qiziqib ketdi, shekilli, menga qarab “qizig’-a” bekor deganday, jilmayib qo’ydi. Men ham qiziqligini tasdiqlab, tabassum qildim. Aslida, ketayotgan vaqtimga ichim achirdi. Buning ustiga, kinozalning namxush, zax havosi nafasimni bo’g’ar, shuning uchunmi nuqul yo’talardim! Bu ham yetmaganday oldi qatorda o’tirgan yigit bilan qiz tinmay o’pishardi. Lablari toliqqanda esa, tillari osilguncha javrashardi.

Nihoyat, ekranda film ijodkorlarining nomi ko’rindi. Kimdir haqoratli so’z bilan ularni so’kdi. Yonimda farmatsevt bo’lmaganda o’zim ham, balki unga qo’shilgan bo’lardim. Men uchun kino o’n soat davom etganday bo’ldi. Essiz vaqt!

Tashqarida yomg’ir maydalab, bir maromda yog’ib turardi. Men qizdan “kino yoqdimi?” deb so’rash o’rniga, unga farmatsevtika sohasiga oid savol berdim. U biram shirin, har bir so’zini asal bilan siylab gapirardi. Biron so’zi odob doirasidan chiqmasdi. Uchrashuvga yaxshi tayyorgarlik ko’rgani bilinib turar, zamonaviy kiyingan, pushti pal`tosi uning tiniq yuzini yanada chiroyli ko’rsatib turardi. Biz kinoteatrdan yuz metrlar naridagi kafega kirdik. Mevali shirinlik buyurtma qildik. U  yarmigacha yedi. Men hammasini yeb qo’ydim. Chunki ishdan charchab chiqqandim.

Uchrashuvlardan bezganim, buning ustiga tog’amning izzati uchun shu qizga uylanishim lozimligini hazm qilolmay qiynalardim. Ichim kino zaldagiday namxush, zax va qorong’u. O’zim ham o’sha filmdagiday bema’ni holatda edim. Shunda hech kutulmaganda qizga savol tashladim. Bu savolni qanday berganimni o’zim ham bilmayman. Har holda, gap topolmaganimdan og’zimdan chiqib ketgan bo’lsa kerak.

– Kitob o’qiysizmi?
– Nimaga bunaqa savol beryapsiz?

Men unga: “Yoshlikdan sizga o’xshagan odobli va oppoq qizlar ko’p kitob o’qisa kerak deb o’ylardim”, demoqchi bo’ldim-u, indamadim. Jim ko’zlariga qarab turaverdim.

– Kitob o’qishni xush ko’rmayman. Badiiy kitobni esa umuman. O’zi…adam-la…

– Nima, siz kitob o’qish shart emas demoqchimisiz?
– Meniki aniq soha-ku?

– Aniq sohaga badiiy adabiyot qanday qudrat bag’ishlashini bilasizmi? – Bidillay ketdim – Kashfiyotlarga, insoniyat tasavvur olamining kengayishida adabiyotning xizmati katta. Masalan…

– Menga bunday yutuqlar kerak emas. Men dorixona ochaman.

Bu gapni u shunday ohangda aytdiki, bundan faxrlanish tuyg’usi borligini angladim.

Uning yuzi birdan o’zgardi. Ko’zlari olayib, g’alati bo’lib ketganday tuyuldi. Men unga boshqa savol bermadim va soatimga qaradim. Soatimga qaradimmi, demak har doimgiday qiz menga…

– Adabiyot nima uchun kerakligini bilasizmi?
– Yo’q

– Sizga aytaymi?
– Bilsangiz ayting?

U menga shunday erinchoq nigoh tashladiki, bu “sening fikringni sariq chaqaga ham olmayman” degan ma’noni anglatardi.

– Tuyg’ular o’lmasligi uchun…yashashi uchun, agar bo’lsa….
– Nima?

Men qizga javob berishdan oldin, ofitsiant yigitni chaqirib hisob-kitob qog’ozini olib kelishni aytdim. U stolim chetidagi kichkina qurilmani ko’rsatdi. Men bu qurilmadan qancha to’lash kerakligini ko’rib, hisob kartamdan pul o’tkazdim va biz  o’rnimizdan turdik.

Tashqarida hamon yomg’ir yog’ardi. Qiz kalta bo’yli, men esa uzun edim. Shuning uchun yomg’irpo’shtni olmadim. G’alati ko’rinmasin debmi, bilmayman. Balki qiz menga umuman yoqmagani uchundir. Keyin ancha vaqt qilgan ishimdan afsuslan yurdim! Qizni otasi yuborgan mashina kelib olib ketdi. Men esa ko’chada ancha vaqt yomg’ir ostida ivib xayol surib piyoda sayr qilib yurdim. Farmatstsevtning qizi uyga borib, oyisi bilan qanday suhbat qilishini tasavvur qilib ko’rdim. Taxminimcha, o’rtalarida shunday suhbat bo’lib o’tgan bo’lsa kerak:

– “Uning nimasi yoqmadi, qizim…
– Bilmasam…g’alati…

– Axir uning qaerda ishlashini bilasanmi? Tog’asi ham o’ziga to’q odamlardan ekan! Nima, ustiga, kiyinishiga qarab baho bermayapsanmi?

– Yo’q. Juda zamonaviy keyingan…Pal`tosi biram yarashgan ekan. Qoshlari qop-qora, bo’ylari uzun yigit ekan.

– Bo’lmasa nimasi yoqmadi, oppog’im?
– Men bilan u adabiyot haqida gaplashdi.
– She’r o’qidimi?

– Yo’q, tuyg’ular, baxt haqida, kitob o’qish haqida gap boshladi… Xullas, qo’ying, menga to’g’ri kelmaydi. Qandaydir zerikarli ko’rindi…

– Yaxshi qilibsan, senga ishbilarmon, topaman-tutaman deydigan bola kerak… Mana bu rasmga qara-chi, sen uchrashuvdaligingda kelinoying tashlab ketdi. O’zi uchrashuvga olib chiqar ekan.

– Qaerda ishlar ekan…
– Adasi…”

Farmatsevt qizning uyida shunday gaplar bo’lib o’tganligi, tabiiy. Bizdikida esa, hech qanday gap bo’lmadi. Tog’am bir-ikki kun og’zimga qarab yurdiyu, keyin esidan chiqib ketdi.

***

Shu kunlarning birida Samarqandlik kursdoshim telefon qilib qoldi.

– Men bilan uchrashuvga birga chiqmasang bo’lmaydi. Toshkentda sendan boshqa tengqur birodarim, yo’q. Qiz esa, dugonasi bilan chiqarmish, kelmasang, umuman…seni o’chiraman. Ham xotiramdan, ham telefonimdan…

– Qachon?
– Dushanba kuni, soat 14: 00 da!
– Esing joyidami, bu paytda bizlarda yig’ilish bo’ladi-ku!

– Yig’ilish har dushanba bo’ladi, lekin menday do’sting qaytib kelmaydi… O’zi sizlar shunaqasanlar…katta lavozimga o’tirib-olib, bizlarni…

– To’xta! Valdirama, boraman!
– Qoyil…kechikmay bor!

Lekin men baribir 20 minut kechikib bordim. Ular allaqachon kinoteatrga kirib ketishgan ekan. O’rtog’imga telefon qildim. U meni gap bilan yaxshigina “siyladi”. Men esa, “chiqqunlaringcha yaxshi joy hozirlab turaman”, deb zo’rg’a ko’ndirib,  telefonni o’chirdim. Shu yaqinda durust restoran borligini bilardim. Shu yerga borib yaxshi joy buyurtirib qo’ydim va ularni kuta boshladim. Ko’zim beixtiyor stol ustidagi guruchdekkina ovqat yuqiga tushdiyu, uni artib tashlash davomida yana dilgir  xayollarga berildim.

Onam hozir yettita bolasi bilan ovora bo’lsa kerak… Dadam buvim bilan jannat bog’larida yurgandir… Lekin men hamon yolg’izman, hech qachon oilam bo’lmagan, balki hech qachon ko’nglimga yoqadigan qiz uchramas…

Telefonim jiringlab qoldi. Ish bo’yicha ekan. Elektron pochtamga kirib, ayrim vazifalarni bajarishga ulgurishim mumkin ekan. Ishga shung’ib ketdim. Xayolim shu ish bilan bo’lib, o’rtog’im, qaylig’i ,uning dugonasi kelganligini ham sezmay  qolibman. Shuning uchun bir stol atrofida o’tirgandagina qizlarga nazar solishga imkon bo’ldi. Ko’zim bilan qaysi qiz bo’lajak kelin deya, kursdoshimga imlagandim, u oq jemfirdagi, ko’zlari katta, nigohlari o’tkir, dadilgina qizni ko’rsatdi.  Yaxshi, deb qo’ya qoldim.

Nomzod qiz deyarli gapirmasdi, bir jilmayar, bir qavog’ini osib olardi. Dugonasi esa uning o’rniga ham tinmay so’zlardi. Men esa tezroq ishga borishni o’ylab o’tirardim. Kafe devorlariga osilgan televizorlarda uyatsiz sho’x kliplar namoyish etila  boladi. Biz noqulay ahvolga tushib, ko’zimizni televizordan olib qochdik. Hatto nomzod qizning oqsariqdan kelgan yuzi sezilar-sezilmas qizarib qo’ydi. Dugonasining zig’irchayam iymanmagani uning qoracha yuzidan bilinib turardi. Shunda do’stim  mening qulog’imga asta shivirlab, qizning o’ziga umuman yoqmaganini aytdi. Unga qaeri yoqmaganini aniqlamoqchiday qizga tikildim, ammo sababi keyin qizning gapidan ma’lum bo’ldi.

– Siz maktabda ikkichi bo’lgansiz. O’zingizni aqlli ko’rsatmang! Bu bilan nimaga erishmoqchisiz! Menga yoqmoqchimisiz, xomtama bo’lasiz!

– Nima?
– Eshitganiz?

– O’ylab gapirsang-chi ?
– Yoqmasa katta ko’cha…

Qiz cho’rtkesar ekan. Odatda uchrashuvlarda bunday qizlarni o’zini sipolik niqobiga o’rardi. Bu esa g’irt betga chopar, qaysar ekan. Gapirayotib oxirgi so’zini yutib yuborardi. Keyin, ung’aysizlikka tushganidan yuzlari qizarib ketardi. Sal o’tmay esa  yana dadillashdi. Bildimki, bu qiz birinchi marta uchrashuvga chiqqan va yigit zotining o’ziga shunchalik yaqin kelishidan ham g’azablanmoqda edi. U o’zining bo’yi yetganini haliyam bilib ulgurmagan qizlarni eslatadi. Men beixtiyor o’zimga yoqmaydigan  ishga qo’l urdim. Ya’ni ularning suhbatiga aralashdim:

— Uni hurmat qilsangiz bo’lardi.
— Nimaga?
— Har holda bitta joydansizlar?

— Nima qilay? Bitta joydan kelganlar ko’pchilik o’qiymiz? Nima, hammasi bilan apoq-chapoq bo’laymi? Unda meni kim deb o’ylashadi?

Tilimni tishladim. U ko’zlarimga qaramay, aniq-tiniq gapirardi. Keyin ung’aysizlik tug’ilganidan dugonasiga hijolat bo’lib qaradi. Shundan ham bildimki, u doganisi bilan ham qalin emas, bo’lmasa, gapi uchun xijolat chekib unga bunday boqmasdi.

– Siz shunaqa qo’polmisiz, yo o’zingizni shunday tutatasizmi?

– U o’zi shunaqa, shartta ichidagi aytadi. Boshqacha bo’lishni eplolmaydi. – Boyadan beri mendan ko’zini uzmay o’tirgan dugonasi chaqqonlik bilan javob berdi.

Biroz dadillanib, qizga yana savol tashlashga jur’at etdim. Quloq-dumi kesilgan laychaday shumshayib qolgan o’rtog’im esa tezroq ketaylik, deb imlardi.

– Kitob o’qib turasizlarmi?

– Ha, bu o’qiydi. Ko’chaga ham chiqmay, kun bo’yi ko’rinish ham bermay kitob o’qigan kunlari bo’ladi…

– Ey…bo’ldi qiling, shart emas..- dedi qiz uyalib.

– To’g’rida…kitob jinnisisiz! Masalan, men kitob o’qimayman. O’qib turaman. Lekin ko’p emas. Uyqi bosadi. Undan ko’ra bog’larda aylanib yurgim keladi. Sayohatlarga chiqqim, dunyo kezgim keladi. Keyin…

– Nega kitob o’qiysiz? –To’satdan berilgan savoldan qaysar qiz cho’chib tushdi. Dugonasi esa og’zini yopdi.

– Siz nega menga savol beryapsiz?

Undan bu gapni kutmagandim. So’zlaridan “do’stingizning uchrashuvga chiqqan qiziman-ku”, degan ma’noni uqqandim. U hatto vaqtinchalik uchrashuv paytida ham, o’ziga yoqmagan yigit bo’lsa ham, unga nisbatan sadoqatda, hurmatda bo’lishini anglab, titrab  ketdim. Keyin biror so’z demadim.

Qizlar ketamizga tushib qolishdi. Do’stim ham o’z egasi qo’ygan qopqonga tushib, ming azobda qutilib chiqqan itday ma’mnun tashqariga intildi.

Qizlarni kuzatib, ular ketgan mashina orqasidan qarab turarkanmiz kursdoshim dardini ochib qoldi.

– Bu qizni olgan odam o’ladi. Men hali yashamoqchiman. Shaharga kelib o’zgarib qolibdi. Men, ahmoq, Samarqanddan kelibman-a…Onamda, yaxshi qiz deb…

– U birinchi marta uchrashuvga chiqqan, hayajonda…

– Qo’ysang-chi, qiz bola ham shunaqa bo’ladimi? Dugonasini qara….shuni ilintirsam bo’larkan…Aqlli, muloyim, menga o’xshab romantikani, bog’larni yaxshi ko’rar ekan…

– Do’stim, dugonasiga o’xshagan qizlar, shaharda millionta…Ja bo’lmasa, har yakshanba kuni uchrashuvga chiqsang ko’rasan. Ko’rinishdan odobli, aqlli, iltifotli… Lekin qaysar qizni topib bo’psan! Unga uylan!

– Nima menga dushmanmisan?! O’lgim kelgani yo’q! Hech qachon unga uylanmayman!

– Do’stim, bu qaysar qizning katta yuragi bor! Tikil, qarasang-chi? Aynigan, bijg’igan yurak emas… Ustidan axlatlar tashlangan, tuflangan, xo’rlangan, keyin tozalangan yurak emas. Tiniq va haqiqiy tuyg’ular uchun gupillab urib turgan yurak. Agar  kir bo’lganida edi, uni ko’rsatmay, shirin so’zlar bilan ustini yopgan, bezagan bo’lardi…

– Nimalar deyapsan? Men ahmoq emasman bu yalmog’iz bilan yashaydigan… Menga shirin so’zlar kerak, mayli soxta bo’lsa ham…

– Ey, tushunsang-chi, shirin so’zlariyu nozlarining barchasini turmush o’rtog’iga asrab qo’yibdi. Uchrashuvga chiqqan har qanday yigit ham mehrini beravermoqchimas. Agar hammaga kulaversa, bir kun kelib chin dildan kulolmay qoladi.

– Menga tabassum kerak!
– Uning ko’zlarini ko’rdingmi?
– Mushukning ko’zi!

– Yashirin bir ummon bor ko’zlarida!
– Ey!

– Uni muhabbat bilan tiz cho’ktirsang, umrbod yuzingga tik qaramaydi. Qat’iyatli qizlar shunaqa bo’ladi. Mehri tugamaydi, mehri, sadoqati butun umringga yetadi. Nima qilasan soxta kulib turgan lo’ppi yuzlarni, qalbidan axlatning hidi keladi.  Chunki ularning yuraklarida o’lgan tuyg’ular bijg’ib yotadi.

– Men unga baribir uylanmayman! Uzr, oshna, sening vaqtingni olib qo’ydim.

– Rostdan, uylanmaysanmi?
– Rost! Hech qachon uylanmayman.

– Unda…Men uylanaman unga. Va’da beraman senga, yozda shu qiz bilan to’yim bo’ladi.

Ketayotib niyatim ro’yobga chiqishini so’rab Xudoga yolvordim. Yanvar` quyoshining kuchsiz bo’lsada, sochayotgan nurlari mening ko’z yoshlarimda tovlanardi. Osmonga boqdim, tiniq! Quyoshni birinchi marta ko’rayotgandek tikildim – Yorug’! Juda yorug’ edi bu  yanvar  quyoshi! Atrof go’zal edi, ranglar betakror! Yuragim hali biron marta unib chiqmagan tuyg’ulardan yorilib ketay derdi. Ona mehri, ota qo’llari, aka va singillar tafti ila paydo bo’ladigan va o’sadigan muhabbat, ishonch, umid, sog’inch  tuyg’ulari qalbimda yigirma yetti yillik uyqudan so’ng nish ura boshlagandi. To’g’ri, ancha kech, lekin men hozir bu tuyg’ularni erta o’stirib, erta o’ldirib qo’yganlardan ko’ra ming chandon baxtliroq edim.

***

Shundan so’ng qaysar qiz boshimga qanday sinovlar tashlaganligini tasavvur ham qilolmaysiz! Bir og’iz gaplashish uchun minglab sinovlarni boshdan kechirganman. Matonatli, o’limga tik boqqan jangchilardek metin iroda bilan yuragimda uyg’ongan  jajji nihollar hayoti, tuyg’ular omonligi uchun kurashardim.

Nihoyat, men kutgan bahorning shirin, jo’shqin kunlari keldi. Gullarga ko’milgan sho’x shamollar zaminni titratib hayot mo»jizasini tuhfa etdi. Shamol qizning uzun sochlarini uchirib, ko’zlarini bir dam to’sib qo’yganda, uning haroratli lablari  himoyasiz qoldi. Bu olov lablarga lab bosib, uni qattiq bag’rimga bosganimda, shamollar ham qaergadir g’oyib bo’ldi. Faqat bu olam tinchini ikki yurakning guppillab urishi buzib turardi…

09

(Tashriflar: umumiy 1 562, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring