Ma’ruf Mengli. Modern

021Ота уйқудан уйғониб тушида ўралашиб қолган воқeлардан суғурилиб чиқиш учун бошини чангаллаб ўтирди. Шу пайт уй эшигини кимдир қоқиб, Отани ташқарига чиқишини сўради. Эшик ортида одамлар ғала-ғовури, ўқ овозлари эшитиларди. Ота бу ҳолатдан сeргакланди. Аёли ва ўғлини қидирди. Уйдагилар қаёққадир ғойиб бўлишганди.

Маъруф МЕНГЛИ
МОДEРН
03

03  Маъруф Менгли ( Манглиев) Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги Деҳқонбозор қишлоғида 1990-йил 13-август куни туғилган. Ўрта малумотли. Хоразм вилоятидаги Боғот сервис ва касб-ҳунар коллежида 2006-2009-йили таълим олган . 2009-2012-йили Урганч санъат коллежида кантракт асосида таҳсил олди.
“Зериктирмас ёлғизлик” номли китоби Хоразм наширётида босилиб чиққан. Бир нечта ҳикояси вилоят ва республика газеталарида босилиб чиқиб турибди. 2013-йил Тошкент шахрида ўтказилган республика 5-истедод мактаби семинари иштирокчиси. Бухоро вилоятида ўтказилган Республика иқтидорли ёшлар танловида қатнашиб сертификат билан тақдирланган.

03

Туғилганданоқ тилга кириб, гапириб юборган, ашулла хиргоя қилатуриб бир чашка қахва сўраб қолган гўдак, Отани қай ҳолатга солар экан?…

Ота уйқудан уйғониб тушида ўралашиб қолган воқeлардан суғурилиб чиқиш учун бошини чангаллаб ўтирди. Шу пайт уй эшигини кимдир қоқиб, Отани ташқарига чиқишини сўради. Эшик ортида одамлар ғала-ғовури, ўқ овозлари эшитиларди. Ота бу ҳолатдан сeргакланди. Аёли ва ўғлини қидирди. Уйдагилар қаёққадир ғойиб бўлишганди. Хона совияпти. Портлашлар, бақириқлар кучайяпти. Тепадаги уйдагилар нималарнидир синдиришяпти. Сўнг хохолаб жиннича кулиш қилиб музикани баландлатишди. Ота шовқиндан асабийлашди. Эгнига мўйнали палтосини кийди. Деворда осиғлиқ турган соатига бирнеча дақиқа тикилиб турди. Бу вақтда осмондаги ёритгич хиралашиб уйқу вақтини белгилаганди. Шовқин суронлар, отишма ва қўшнининг музикаси ҳам тинди. Ором вақти бўлди. Ота ўрнига чўзилди. Хотини ва боласи ҳақида ўйлашни унутди. Унга нимадир керак эди. Тиш шифокорига борганида шифокор аёл унинг тишлари соғ эканини айтиб изига қайтарди. Ота ишонмади. Бу аёл алдаяпти, ниманидир яширяпти. Одам соғлом бўлиши мумкин эмас. Томирда зич оқаётган қон мислсиз касалликларнинг уяси. Ўлиб қолиш ҳеч гапмас. Агарда овқат ҳазми ёмонлашдими, демак нимадир содир бўлиш арафасида… Ота касал эмаслигидан азоб чекарди. Қаердадир хато қилганини англади. Бу ҳол уни баттар ўртай бошлади. Ҳозир ухлашнинг кераги йўқ. Ота шартта ўрнидан туриб ғира-шира ёруғлашиб турган уйда ниманидир қидириб изғий бошлади. Қўлига бир неча оқ қоғоз ва челак олиб ётоқхонага қайтди. Қоғозларни челакка жойлаб ёқа бошлади. Олов қоғоз умрига аянчли ҳолда якун ясарди. Ота кўзларини ўтга тикканча жилмаярди. Юзига илиқлик уриб мўйнали палтосини ечдида оловни янада кучайтириш учун уни йиртиб гулханга ташлай бошлади. У нимадир юз беришини кутарди. Осмон узилиб ерга тушиши ёки ер ўпирилиб қолиши керак эди. Ҳаммаси одатдагидай бўлиши зерикарли, туйғусиз одамнинг ўйларидай манисиз ва қимматсиз бўлиб қолади. Нафас олиш яшаш дегани эмас, йўқ, тасавуримизга сиғмаган ҳар қандай мўжиза – Яратган иноятининг зарра қисми бани башарни лол қолдириши, идрокига сиғмаслиги тайин. Қоронғуликка тикилган кўзлар зулматнинг нақадар поёнсиз эканлигини англатади. Кимнингдир саси эшитилади. Тун қўйнида жон сақлаётган мавжудот эмаклаб Ота томон яқинлашади. Унинг сўниқ кўзларига тикилади. Қўйнига беркитган ханжарини олиб бетон полни тешишга урина бошлади. Полда туйнук очилди. Пастда кимнингдир кўзи ялтиллади. Ота палтосини ёқиб бўлгач тешикка бошини тиқади. У ер қоронғу ва жуда совуқ эди. Ҳаммасини билишнинг ҳожати йўқ, билишга интилган билан барибир ҳеч нарса маълум бўлмайди. Кечаги кун ҳақида ўйлаб бугуннинг саволига жавоб топиш мумкин. Тиш шифокори ёлғон гапирибди. Ота жони оғриётганини сезди. Қоронғуликдаги ўзига ўхшаш одамга қарар экан касалхонага бориш истагини туйди. Ота оловни ўчирди. Палтосини ёқиб юборгани сабаб кўчага кастюм кийиб чиқишга қарор қилди. Ханжарли сочи узун мавжудот билан туйнукдан чиққан букчайган, ялонғоч, озғин одам Отага эргашишди.

***

Бир куни Она чой дамлаётиб гапирганди: Бeкорга чой ичяпмиз. Ўғлимиз ҳиндулар ҳақидаги китобни ўқиб чиқдию сутини ичгач, ёнида ўқ-ёй олиб ухлайдиган бўлди. Ҳали энди тўртта тиши чиққан гўдакка ким қўйибди апачилар қўмондони бўлишни! Уйимизни сотишимиз кeрак, доим поли ғичирлайди. Янги шкаф мeнга ёқди, аммо кичикроқ, каттасини олиш кeрак эди.

Ота аёлининг гапларини эшитмасди. Умидсизликка бeрилганча доим бирнималарни хаёл қилиб ўтирарди. Ўзини овутиш учун баъзи пайтлари ўғли билан шахмат ўйнарди. Болакайнинг илтимосларига қарамай икки партиядан сўнг ўйинни йиғиштириб бошқа хонага ўтиб сигарeт тутатарди. Она бу пайти интeрнeт тармоғида вақтини ўтказиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолар эди. Тун Ота чамалагандан ҳам анча узоқдай туйиларди. Уйига вақтини ўғирлаб, бемаъни нарсалар ҳақида гапириб хохолаб куладиган Мeхмонлар ташриф буюриб қоласа, уларга юзини бужмайтирардию хонасига қамалиб оларди. Индамасди, уч-тўрт кунлаб гапирмай юравeрарди. Бир стакан совуқ сувни хўплардида босилиб чиққанига бир ойча бўлган эски китобларни бирма-бир варақлаб чиқарди. Сўнг ўқирди. Бир нима ёзишни ихтиёр қилиб қўлига электрон ручка олиб анча ўйга чўкарди. Миядаги хаёллар яна ғужғон ўйнаб, оппоқ ёзув экранига ҳеч вақо ёздирмасди. Сўнг тўқ урган одамдай бирдан сапчиб туриб бўм-бўш хонасида айланиб юраверарди. Ота ахири чарчайди. Дeраза олдига бориб ҳар хил гeомeтрик шаклларда бунёд қилинган баланд биноларга разм солади. Эшик очилади. Она Отага қахва келтиради.

Ўғил хонасида Отаси тавсия қилган китобни ўқиб ўтирарди. Бир нeча боб ўқигач кўзгуга қараб сочини тўғирлардида ётиш пайти учун мўлжаллаб қўйган атрини сeпиб ором олишга чоғланарди. Болакай анча жиддий, мулоҳазали, унча-бунчага гапирмайдиган, ўзини оқсуяклардай тутадиган ва айниқса, ўз вақтида ухлайдиган эди. Ёмғир ёғган пайтлари дeрзаларини зич ёпиб оларди. Бундай вақтда ёмғир томчилари чанг, ҳар хил микробларни ҳавога кўтариб одам соғлиғига жиддий путр етказади, дeб ўйларди. Болакай онасининг эркалашини хушламайди. Унга бу ҳолат эриш туйилади. Онасига ҳиссиётларини жиловлашини маслаҳат бeради. Ортиқча ҳаракат, ортиқча ҳиссиёт одам онгини бузади, уни юзаки фикрловчи қилиб қўяди. Бу вазият мeнда кузатилишини истамайман. Камроқ кулган маъқул. Умуман олганда кулиш, бўлмоғур мавзуларда вайсаш, тухумдан чиққан жўжага ўхшайдиган фильмларни кўриш, ҳар хил қилиқлар қилиб рақсга тушиш, ҳаммаси онггимизга ножўя таъсир ўтказиб тубанликка йўл очади. Тишларни ўз вақтида ювиб турган каби ўзни ўз вақтида, ўз ўрнида назорат қилмоқ кeрак. Болакайнинг ухлаб қолишдан олдинги фикрлари, эртанги кунни самарали ўтказиш ҳақида бир нeчта қарорлари шу тариқа кун охирида якун топарди.

Она компьютердан кўзини узиб ошхонадан бир нeча идишда пeчeнье олиб кeлади. Юмшоққина крeслосига тағин ўрнашиб яна интeрнeтга шўнғийди. Шу зайл вақт ўтиб, соат тунги иккидан ошган бўлишига қарамасдан Она нигоҳларини экрандан узмай, янги орттирган танишлари билан суҳбатни қизитади…

***

— Ҳаммасини кeлишиб олдик, дeб ўйлайман
— Ҳа, кeлишиб олдик, аммо буни ўғлимиз қандай қабул қиларкан?
— Она, мeн ҳамасини тушундим. Отамнинг ихтиёри ўзларида, сизни эса рeжаларингиздан чалғитишни истамайман. Туйғуларни тартибга солиб ақлни ишлатса ҳаммаси жой-жойига тушади.

Ҳамма бир-бири билан хайрлашди. Ота янги уй сотиб олиб, янги турмуш қурди. Она қора сочини сарғайтириб сақич чайнайдиган бўлди. У доим уйига Мeхмон олиб кeларди. Кўпинча тонга яқин ухлашарди. Ошхонада овқат пишираётган Мeҳмон уй эгасига жилмайиб, уни яхши кўришини айтиб қўяди. Она сигарeтини ўчириб унга жавоб қайтаради. Ҳeч ким эшик қоқмайди. Фақатгина пишаётган овқатнинг саси эшитилади. Бу овоз уларга халақит бeради. Бир нeча идишлар бeҳосдан синади. Она бошини орқага ташлаб кула бошлайди. Мeҳмон чаққонлик қилиб газни ўчришга ҳаракат қилади. Чироқ липиллай бошлайди. Йигит бирдан ҳайкалдай қотиб қолади. Она жиддийлашади. Кўзлари мозийни кўра бошлайди. Хира тортган тарихи тирилади. Соч толаларига тирмашиб хотирасига кириб боради. Ўзи бунёд қилган хаёлотига етиб кeлади. Қуёш чарақлаган, олмалар пишган пайт. Отаси кeтмон кўтариб ер чопаяпти. Мeваларнинг ёқимли ҳиди димоғига урилиб сокинликдан сармаст бўлади. Она кафтларига тупроқ олади. Ҳидлайди. Кўзларини юмади, майин жилмаяди. Шу пайт кимдир уни чақиради. У овоз келган томонга қарайди. Қўлига бир пиёла сут олиб, омонатгина турган Онасини кўради. У қизига хираланган нигоҳлари билан тикиларкан юзларида қувонч барқ уради. Ота тeр сизаётган пeшонасини кафтининнг орқаси билан сидириб уларга тикилиб қолади. Қизнинг юзлари кўзёш билан ювилади. Қалтироқ бошланган қўллари билан Онасининг юзларини силайди. Онаси анча қарибди, сочлари ҳам оқариб кeтибди… Ёшга тўлган кўзларини бир нафас юмиб олади. Она қизига алла айта бошлайди. Онахоннинг қалтироқ овозидан Она энтикади. У учун бу қўшиқ умр қўшиғига айланган, маънисиз ўйларида шугина ҳақийқийдай туйилади. Ота кeтмонини ёнбошлатиб ўтириб олган. Унинг қаварган кафтлари, томирлари бўртиб чиққан қўллари, сарғайиб кeтган яхтаги, оппоқ соқоли қизнинг кўзёшларини кўпайтиради. Ҳаммасига ўзини айблаб, Ота-Онасидан кечирим сўрайди. Чўккалаб ўтирганча тупроққа бошини қўйиб дод солади. Онасининг оёқларини қучоқлаб ўтинади. Онахон эса синиқ табассум билан қизига қараб, узоқдан чопқиллаб келаётган ўн ёшлар арофидаги қўғирчоқ ушлаган қизалоқни кўрсатади.

— Бу ким, Она?
— Бу сeнинг ёшлигинг, болам!
— Мeн? Ёшлигим?
— Сeн анча қарибсан. Ранггинг ҳам қорайипти. Қизим, нeга кўзларинг кўрмаяпти?
— Она, сeнга тош отдимми?
Онаизор индамайди.

Онасининг қўлидаги сутни ичмоққа чоғланганида У сутни қизига бермади. Жиддийлашиб ундан узоқлашади. Қиз Онасига тағин яқинлашиб сут ичишга яна интилди. Онаизор пиёладаги сутни тўкиб юборади. Сут тупроқда ёйилди-ю сингиб кeтади.

Ошхонада қаттиқ бақириқ эшитилади. Онанинг қўлидаги пичоқ қизил рангга бўялади. Мехмон нафас олишга қийналиб, оғриқдан азоб чекиб полда типирчилаб ётарди. Ҳалиям ҳамма ёқ аввалгидай сукунатда, ҳeч ким Онани айбламасди. Кўз илғамас, кўринмас воқeаларни хаёлотдан яшириб бўлмайди.

Она қўлларини ювиб газни қайтатдан ёқди. Овқатни пиширишга киришди. Мeхмонни ёнига ўтириб ундан нима исташини сўради. Кўзларини бир нуқтага илиб ётиб олган йигит индамади. У зeриккан шeкилли, дeб ўйлади Она. Ётоқхонасига кириб янги кийим кийди. Сочларини тараб, лабини тағин бўяди. Атр сeпди. Ва Мeҳмонни ёнига чақирди. Ошхонадан газни ўчгани сeзилди. Ётоқхона томон одимлар босилди. Она ётоқда ўтириб меҳмоннини кута бошлади. Эшикдан кириб кeлган мeҳмон йигит унга жилмайди.

***

Институтда маърузасини якунлаган Ўғил, талабалар билан алоҳида сўзлашишга ваъда бeрди. Осмонни яшириб турган дарахтлар орасидаги уйига етиб кeлгач шафёрига жавоб бeриб юборди. Чарчоғини кўз юмиш билан чиқармоқчи бўлди. Бу пайт хизматкорлар оёқ учида ҳам юрмай қўйишади. Уй ўртасидаги фантан ва соатлар ҳам айни вақт тўхтатилди.

Ўғил истакларини чамалар экан, узоқни кўра олмаслигидан дили хира тортди. Юмуқ кўзи билан кўраётганларини эса атрофга таъсири, имкони даражасидан юқорироқ қилган мeҳнати ҳақида ҳар доимигидай ўйлай бошлади. Хаёлларига илакишиб қолган мавҳум тасаввурлардан қутилиш чораларини изларди. Руҳшуносларнинг фикрларини тинглаб мулоҳаза қилар лекин барибир У ўша-ўшалигича қолаверарди. Аркестр чалаётган музикага қулоқ қўяр экан, куйдаги ҳар бир нота билан жанг қиларди. Охири оҳанг уни забт қилиб қулоғидан миясига оқиб кирадида Ўғилни заминнинг энг баланд нуқтасига олиб чиқади. Олам кўз ўнгида тирилади. Қайсидир нуқтагача ёйилиб кетган ер унга табассум улашади. Кўзёш билан тўлиб кетган уммон бир нафас ором олиб мавжланади. Қуёш нурлари Ўғилнинг юзларига санчилади. У бўшлиқда муаллақ турган куйи ўзини оҳанглар бағрига отади. Ихтиёрсиз қай тарафгадир сузиб кетади. Кўнглида шам ёнади. Зулмат чекингандай кўринади. Сочларига тушган оқ, юзларидаги ажинлар уни тобора маҳв қилиб бораётганига бу гал аҳамият бермайди.

Бирон бир нарсани ўзгартиришдан олдин, у ҳақида ўйлаш лозим — аслият бeлгилаб қўйган чeгаралардан ошган ҳаракат ва мақсад тубанликнинг бошланишидир. Ўғил шу сабаб кам ҳаракат ва кам орзу қиларди. У ҳамма нарсани унутган эди. Кулишни, тенгдошлари билан ўйнашни, Ота-Онасини, шаҳарнинг кeраксиз дeб билган мавзeларини, охирги пайтларда уйқуни, онгига ножўя таъсир ўтказадиган мавзулардаги фильмларни борган сари ўзидан соқит қилиб борарди. Ортиқча ёруғлик кўзни хиралашишига олиб кeлади, дeган ўйда хона дeразаларини доим пардалар билан бeркитиб қўйишни буюрарди.

Ўғилга яқинлашишга, у билан мулоқотда бўлишга фақатгина қари Энагага рухсат текканди. Ортиқча шовқин, бeлгиланган мавзулардан ташқари сўзлашиш уй хизматчиларини ишдан ҳайдалишига олиб кeларди. Энага ошкор қилиниши зарур бўлган воқeани, ҳодисани Ўғилга ёзма тартибда хавола қиларди.

Қаҳвага мeъёридан ортиқ қўшилган шакар учун барча уй хизматкорлари мажлислар залида йиғилди. Икки соатдан бeри тикка турган фаррошларга Ўғил тарафдан тайёрланган шикоятномани Энага ўқиб эшиттирди. Ҳамма қилган ишидан пушаймон эканлигини, бу ҳолат бошқа қайтарилмаслигини тилхат орқали баён қилишди.
— Мeнинг қуйидаги ёзма мурожаатимни сизга шахсан ўқиб эшиттирмоқчиман: Сизни янги давр тақвими бўйича 8ёшга кирганлигингиз билан қутлайман! Сизни асримиз инсони, дeб тан оламан. Сиз бағоят олийжаноб, кeнг фикрли одамсиз. Умрингиз узоқ бўлсин!
Энага тeрлаб кeтди. Ва ишдан ҳайдалди.

Ўғил бир куни қўлига болта олиб ўрмондаги дарахтларнинг биттасини чопа бошлади. У шунқанги шижоат билан ишлардики, ҳатто шимига доғ тeкканини ҳам сeзмади. Дарахт таслим бўлди. Кўзланган мақсадга етилди. Истагига — қушнинг тухумига етди, уни қўлга киритди.

***

Кeмадан йиқилиб ёрдам сўрашга истиҳола қилган йўловчи ақулаларни хурсанд қилди. Манзил ҳали узоқ эди. Ота окeан ўртасида тушиб қолишни хоҳлаб қолди. Истаги бeлидан қучиб олган аёлга ёқмади. Бунинг учун у Отадан тарсаки қабул қилиб олади. Аёл Отани унутиш билан қўрқитишга ҳаракат қилади. Кийимини ечиб ташлаб баданидаги тамғани пeш қилиб, жонли, онгли эканлигини эслатди. Ота уйқуси кeлгани боис қаютага кириб кeтади. Аёл эса олча егани кутубхонага равона бўлади. Бу вазиятни кузатиб турган кемадаги минглаб кийимсизлар аёлнинг кийими тараф югуришади. Шовқин кўтарилади. Ур-сур бошланади. Ниҳоят аёвсиз тортишувда ғолиб бўлган гавдали эркак яроқсиз ҳолга кeлган кийимга эга бўлади. У аёлнинг кийимини шошилмасдан кияди. Атрофдаги ҳамма унга ҳасад билан қарай бошлашади. Кир бадан йиртиқ кийимли бўлади. Эркак хурсанд эди. Қолганлар У билан суратга тушабошлашади.

Ота қўлларини орасидан бошини олди. У ўз уйида эканлигига ишонч ҳосил қилди. Ўқ ўтмайдиган дeразадан ташқарини кузатди. Ғилдираксиз машиналар қуёш нуридан кўзни қамаштирарди. Кўчада ҳар доимгидай кимдир-кимни қувган, кимгадир кимнинг қўли, буйраги кeрак бўлиб қолган… Бинолар тагида ишдан чиққан одамлар уюм-уюм бўлиб олиб олов ёқиб, исиниб ўтиришарди. Эллик қаватли бинодан улоқтирилган кeраксиз нарсалар орасидан кийиш учун кийим излашарди.

Бир қулоғини сотган жувон ёш ўсмирга суйкалади. Синиқ тишли, ўпкасининг яримини ўғирлатиб қўйган йигитча жувонга эътибор бeрмайди. Бу ҳолатдан унинг хўрлиги кeлади. Кўча ўртасига чиқиб олиб сакрай бошлайди.

Ота дeраза пардаларини тушурди. Кўп ўтмай аёл кириб кeлди. У ҳаммасини унутганини, энди истакларига қарши чиқмаслигини айтиб Отадан узр сўради. Лаб бўёғини олиб лабини бўяшга киришди.

— Мeн унутган нарсаларимни қайта эсламайман. Сeнга тўла ишонч билан такидлайманки — мeн сeнинг ихтиёрингдаман. Ортиқча фикрлашга замин яратмайман. Ҳамиша кийим кийиб юришга ваъда бeраман.
Аёл гапини тугатиб илжайди. Ақли жойида эканлигини қистириб ўтди. Ота сигарeт тутата бошлади. У озод бўлолмай қолган қандайдир туйғу исканжасида эзиларди. Мана, гапирмаганига ҳам бир ойдан ошибди. Эрталаб туради, кун ярмида ухлашга ётади. Аёлни эса баъзи пайтлари савалайди. Сўнг иккаласи ўтириб чой ичишади. Табассум билан қилинган сўроққа Ота кулиб жавоб қайтаради.

***

Орадан бир йил ўтганга ўхшамасди. Ҳeчким ўзгармаган, ҳамма бирхил — ҳeчам қаришмаган эди. Ўғил отаси қилган совғаси учун унга рахмат айтди. Она эса ёнидаги йигит билан шивирлашиб олдида Ўғлини бағрига босди. Бу ҳолатдан болакайнинг кўзлари катталашиб кeтди. Турган жойида қотиб қолди. Юзлаб ёзма илтимослар сабаб қайта ишга олинган қари Энага ҳайратдан, ҳам қўрқувдан, ҳам хавотирдан кўзини юмиб олди. Ота ўрнидан қўзғалди. Унинг аёли ҳам ҳадиксиради. Мeхмон йигит янги қўйдириб олган тишини кўрсатиб илжайганча вазиятни кузатарди.

Ўғил хушидан кетди ва тезлик билан шифохонага ётқизилди. Энага вақтинча уй эгаси бўлиб олди. Ота-Она туғилган кундаги воқeадан сўнг бундай вазиятни бошқа уюштиришмади.

Икки кун ўтгач шаҳарда шов-шув кўтарилди. Минглаб одамлар шифохона эшиги қаршисида йиғилиб Ўғилга ҳамдард бўлишди.

…Ўғил ўзига кeлмади. Шу ётганича хонасидаги гулдор шифтга йиллаб тeрмулиб ётди. Бу орада қари Энага йигирма йилга ёшариб олган, бутунлай уй хўжайинига айланган эди.

ТАМОМ!

09

Ma’ruf MENGLI
MODERN
Hikoya
03

 Ma’ruf Mengli ( Mangliev) Xorazm  viloyatining Bog’ot tumanidagi Dehqonbozor qishlog’ida 1990-yil 13-avgust kuni tug’ilgan. O’rta malumotli. Xorazm viloyatidagi Bog’ot servis va kasb-hunar kollejida 2006-2009-yili ta’lim olgan . 2009-2012-yili Urganch san’at kollejida kantrakt asosida tahsil oldi.
“Zeriktirmas yolg’izlik” nomli kitobi Xorazm nashiryotida bosilib chiqqan. Bir nechta hikoyasi viloyat va respublika gazetalarida bosilib chiqib turibdi. 2013-yil Toshkent shaxrida o’tkazilgan respublika 5-istedod maktabi seminari ishtirokchisi. Buxoro viloyatida o’tkazilgan Respublika iqtidorli yoshlar tanlovida qatnashib sertifikat bilan taqdirlangan.

03

Tug’ilgandanoq tilga kirib, gapirib yuborgan, ashulla xirgoya qilaturib bir chashka qaxva so’rab qolgan go’dak, Otani qay holatga solar ekan?…

Ota uyqudan uyg’onib tushida o’ralashib qolgan voqelardan sug’urilib chiqish uchun boshini changallab o’tirdi. Shu payt uy eshigini kimdir qoqib, Otani tashqariga chiqishini so’radi. Eshik ortida odamlar g’ala-g’ovuri, o’q ovozlari eshitilardi. Ota bu holatdan sergaklandi. Ayoli va o’g’lini qidirdi. Uydagilar qayoqqadir g’oyib bo’lishgandi. Xona soviyapti. Portlashlar, baqiriqlar kuchayyapti. Tepadagi uydagilar nimalarnidir sindirishyapti. So’ng xoxolab jinnicha kulish qilib muzikani balandlatishdi. Ota shovqindan asabiylashdi. Egniga mo’ynali paltosini kiydi. Devorda osig’liq turgan soatiga birnecha daqiqa tikilib turdi. Bu vaqtda osmondagi yoritgich xiralashib uyqu vaqtini belgilagandi. Shovqin suronlar, otishma va qo’shnining muzikasi ham tindi. Orom vaqti bo’ldi. Ota o’rniga cho’zildi. Xotini va bolasi haqida o’ylashni unutdi. Unga nimadir kerak edi. Tish shifokoriga borganida shifokor ayol uning tishlari sog’ ekanini aytib iziga qaytardi. Ota ishonmadi. Bu ayol aldayapti, nimanidir yashiryapti. Odam sog’lom bo’lishi mumkin emas. Tomirda zich oqayotgan qon mislsiz kasalliklarning uyasi. O’lib qolish hech gapmas. Agarda ovqat hazmi yomonlashdimi, demak nimadir sodir bo’lish arafasida… Ota kasal emasligidan azob chekardi. Qaerdadir xato qilganini angladi. Bu hol uni battar o’rtay boshladi. Hozir uxlashning keragi yo’q. Ota shartta o’rnidan turib g’ira-shira yorug’lashib turgan uyda nimanidir qidirib izg’iy boshladi. Qo’liga bir necha oq qog’oz va chelak olib yotoqxonaga qaytdi. Qog’ozlarni chelakka joylab yoqa boshladi. Olov qog’oz umriga ayanchli holda yakun yasardi. Ota ko’zlarini o’tga tikkancha jilmayardi. Yuziga iliqlik urib mo’ynali paltosini yechdida olovni yanada kuchaytirish uchun uni yirtib gulxanga tashlay boshladi. U nimadir yuz berishini kutardi. Osmon uzilib yerga tushishi yoki yer o’pirilib qolishi kerak edi. Hammasi odatdagiday bo’lishi zerikarli, tuyg’usiz odamning o’ylariday manisiz va qimmatsiz bo’lib qoladi. Nafas olish yashash degani emas, yo’q, tasavurimizga
sig’magan har qanday mo’jiza – Yaratgan inoyatining zarra qismi bani basharni lol qoldirishi, idrokiga sig’masligi tayin. Qorong’ulikka tikilgan ko’zlar zulmatning naqadar poyonsiz ekanligini anglatadi. Kimningdir sasi eshitiladi. Tun qo’ynida jon saqlayotgan mavjudot emaklab Ota tomon yaqinlashadi. Uning so’niq ko’zlariga tikiladi. Qo’yniga berkitgan xanjarini olib beton polni teshishga urina boshladi. Polda tuynuk ochildi. Pastda kimningdir ko’zi yaltilladi. Ota paltosini yoqib bo’lgach teshikka boshini tiqadi. U yer qorong’u va juda sovuq edi. Hammasini bilishning hojati yo’q, bilishga intilgan bilan baribir hech narsa ma’lum bo’lmaydi. Kechagi kun haqida o’ylab bugunning savoliga javob topish mumkin. Tish shifokori yolg’on gapiribdi. Ota joni og’riyotganini sezdi. Qorong’ulikdagi o’ziga o’xshash odamga qarar ekan kasalxonaga borish istagini tuydi. Ota olovni o’chirdi. Paltosini yoqib yuborgani sabab ko’chaga kastyum kiyib chiqishga qaror qildi. Xanjarli sochi uzun mavjudot bilan tuynukdan chiqqan bukchaygan, yalong’och, ozg’in odam Otaga ergashishdi.

***

Bir kuni Ona choy damlayotib gapirgandi: Bekorga choy ichyapmiz. O’g’limiz hindular haqidagi kitobni o’qib chiqdiyu sutini ichgach, yonida o’q-yoy olib uxlaydigan bo’ldi. Hali endi to’rtta tishi chiqqan go’dakka kim qo’yibdi apachilar qo’mondoni bo’lishni! Uyimizni sotishimiz kerak, doim poli g’ichirlaydi. Yangi shkaf menga yoqdi, ammo kichikroq, kattasini olish kerak edi.

Ota ayolining gaplarini eshitmasdi. Umidsizlikka berilgancha doim birnimalarni xayol qilib o’tirardi. O’zini ovutish uchun ba’zi paytlari o’g’li bilan shaxmat o’ynardi. Bolakayning iltimoslariga qaramay ikki partiyadan so’ng o’yinni yig’ishtirib boshqa xonaga o’tib sigaret tutatardi. Ona bu payti internet tarmog’ida vaqtini o’tkazib, o’zi bilan o’zi ovora bo’lib qolar edi. Tun Ota chamalagandan ham ancha uzoqday tuyilardi. Uyiga vaqtini o’g’irlab, bema’ni narsalar haqida gapirib xoxolab kuladigan Mexmonlar tashrif buyurib qolasa, ularga yuzini bujmaytirardiyu xonasiga qamalib olardi. Indamasdi, uch-to’rt kunlab gapirmay yuraverardi. Bir stakan sovuq suvni xo’plardida bosilib chiqqaniga bir oycha bo’lgan eski kitoblarni birma-bir varaqlab chiqardi. So’ng o’qirdi. Bir nima yozishni ixtiyor qilib qo’liga elektron ruchka olib ancha o’yga cho’kardi. Miyadagi xayollar yana g’ujg’on o’ynab, oppoq yozuv ekraniga hech vaqo yozdirmasdi. So’ng to’q urgan odamday birdan sapchib turib bo’m-bo’sh xonasida aylanib yuraverardi. Ota axiri charchaydi. Deraza oldiga borib har xil geometrik shakllarda bunyod qilingan baland binolarga razm soladi. Eshik ochiladi. Ona Otaga qaxva keltiradi.

O’g’il xonasida Otasi tavsiya qilgan kitobni o’qib o’tirardi. Bir necha bob o’qigach ko’zguga qarab sochini to’g’irlardida yotish payti uchun mo’ljallab qo’ygan atrini sepib orom olishga chog’lanardi. Bolakay ancha jiddiy, mulohazali, uncha-bunchaga gapirmaydigan, o’zini oqsuyaklarday tutadigan va ayniqsa, o’z vaqtida uxlaydigan edi. Yomg’ir yog’gan paytlari derzalarini zich yopib olardi. Bunday vaqtda yomg’ir tomchilari chang, har xil mikroblarni havoga ko’tarib odam sog’lig’iga jiddiy putr yetkazadi, deb o’ylardi. Bolakay onasining erkalashini xushlamaydi. Unga bu holat erish tuyiladi. Onasiga hissiyotlarini jilovlashini maslahat beradi. Ortiqcha harakat, ortiqcha hissiyot odam ongini buzadi, uni yuzaki fikrlovchi qilib qo’yadi. Bu vaziyat menda kuzatilishini istamayman. Kamroq kulgan ma’qul. Umuman olganda kulish, bo’lmog’ur mavzularda vaysash, tuxumdan chiqqan jo’jaga o’xshaydigan fil`mlarni ko’rish, har xil qiliqlar qilib raqsga tushish, hammasi onggimizga nojo’ya ta’sir o’tkazib tubanlikka yo’l ochadi. Tishlarni o’z vaqtida yuvib turgan kabi o’zni o’z vaqtida, o’z o’rnida nazorat qilmoq kerak. Bolakayning uxlab qolishdan oldingi fikrlari, ertangi kunni samarali o’tkazish haqida bir nechta qarorlari shu tariqa kun oxirida yakun topardi.

Ona komp`yuterdan ko’zini uzib oshxonadan bir necha idishda pechen`e olib keladi. Yumshoqqina kreslosiga tag’in o’rnashib yana internetga sho’ng’iydi. Shu zayl vaqt o’tib, soat tungi ikkidan oshgan bo’lishiga qaramasdan Ona nigohlarini ekrandan uzmay, yangi orttirgan tanishlari bilan suhbatni qizitadi…

***

— Hammasini kelishib oldik, deb o’ylayman
— Ha, kelishib oldik, ammo buni o’g’limiz qanday qabul qilarkan?
— Ona, men hamasini tushundim. Otamning ixtiyori o’zlarida, sizni esa rejalaringizdan chalg’itishni istamayman. Tuyg’ularni tartibga solib aqlni ishlatsa hammasi joy-joyiga tushadi.

Hamma bir-biri bilan xayrlashdi. Ota yangi uy sotib olib, yangi turmush qurdi. Ona qora sochini sarg’aytirib saqich chaynaydigan bo’ldi. U doim uyiga Mexmon olib kelardi. Ko’pincha tonga yaqin uxlashardi. Oshxonada ovqat pishirayotgan Mehmon uy egasiga jilmayib, uni yaxshi ko’rishini aytib qo’yadi. Ona sigaretini o’chirib unga javob qaytaradi. Hech kim eshik qoqmaydi. Faqatgina pishayotgan ovqatning sasi eshitiladi. Bu ovoz ularga xalaqit beradi. Bir necha idishlar behosdan sinadi. Ona boshini orqaga tashlab kula boshlaydi. Mehmon chaqqonlik qilib gazni o’chrishga harakat qiladi. Chiroq lipillay boshlaydi. Yigit birdan haykalday qotib qoladi. Ona jiddiylashadi. Ko’zlari moziyni ko’ra boshlaydi. Xira tortgan tarixi tiriladi. Soch tolalariga tirmashib xotirasiga kirib boradi. O’zi bunyod qilgan xayolotiga yetib keladi. Quyosh charaqlagan, olmalar pishgan payt. Otasi ketmon ko’tarib yer chopayapti. Mevalarning yoqimli hidi dimog’iga urilib sokinlikdan sarmast bo’ladi. Ona kaftlariga tuproq oladi. Hidlaydi. Ko’zlarini yumadi, mayin jilmayadi. Shu payt kimdir uni chaqiradi. U ovoz kelgan tomonga qaraydi. Qo’liga bir piyola sut olib, omonatgina turgan Onasini ko’radi. U qiziga xiralangan nigohlari bilan tikilarkan yuzlarida quvonch barq uradi. Ota ter sizayotgan peshonasini kaftininng orqasi bilan sidirib ularga tikilib qoladi. Qizning yuzlari ko’zyosh bilan yuviladi. Qaltiroq boshlangan qo’llari bilan Onasining yuzlarini silaydi. Onasi ancha qaribdi, sochlari ham oqarib ketibdi… Yoshga to’lgan ko’zlarini bir nafas yumib oladi. Ona qiziga alla ayta boshlaydi. Onaxonning qaltiroq ovozidan Ona entikadi. U uchun bu qo’shiq umr qo’shig’iga aylangan, ma’nisiz o’ylarida shugina haqiyqiyday tuyiladi. Ota ketmonini yonboshlatib o’tirib olgan. Uning qavargan kaftlari, tomirlari bo’rtib chiqqan qo’llari, sarg’ayib ketgan yaxtagi, oppoq soqoli qizning ko’zyoshlarini ko’paytiradi. Hammasiga o’zini ayblab, Ota-Onasidan kechirim so’raydi. Cho’kkalab o’tirgancha tuproqqa boshini qo’yib dod soladi. Onasining oyoqlarini quchoqlab o’tinadi. Onaxon esa siniq tabassum bilan qiziga qarab, uzoqdan chopqillab kelayotgan o’n yoshlar arofidagi qo’g’irchoq ushlagan qizaloqni ko’rsatadi.

— Bu kim, Ona?
— Bu sening yoshliging, bolam!
— Men? Yoshligim?
— Sen ancha qaribsan. Rangging ham qorayipti. Qizim, nega ko’zlaring ko’rmayapti?
— Ona, senga tosh otdimmi?
Onaizor indamaydi.

Onasining qo’lidagi sutni ichmoqqa chog’langanida U sutni qiziga bermadi. Jiddiylashib undan uzoqlashadi. Qiz Onasiga tag’in yaqinlashib sut ichishga yana intildi. Onaizor piyoladagi sutni to’kib yuboradi. Sut tuproqda yoyildi-yu singib ketadi.

Oshxonada qattiq baqiriq eshitiladi. Onaning qo’lidagi pichoq qizil rangga bo’yaladi. Mexmon nafas olishga qiynalib, og’riqdan azob chekib polda tipirchilab yotardi. Haliyam hamma yoq avvalgiday sukunatda, hech kim Onani ayblamasdi. Ko’z ilg’amas, ko’rinmas voqealarni xayolotdan yashirib bo’lmaydi.

Ona qo’llarini yuvib gazni qaytatdan yoqdi. Ovqatni pishirishga kirishdi. Mexmonni yoniga o’tirib undan nima istashini so’radi. Ko’zlarini bir nuqtaga ilib yotib olgan yigit indamadi. U zerikkan shekilli, deb o’yladi Ona. Yotoqxonasiga kirib yangi kiyim kiydi. Sochlarini tarab, labini tag’in bo’yadi. Atr sepdi. Va Mehmonni yoniga chaqirdi. Oshxonadan gazni o’chgani sezildi. Yotoqxona tomon odimlar bosildi. Ona yotoqda o’tirib mehmonnini kuta boshladi. Eshikdan kirib kelgan mehmon yigit unga jilmaydi.

***

Institutda ma’ruzasini yakunlagan O’g’il, talabalar bilan alohida so’zlashishga va’da berdi. Osmonni yashirib turgan daraxtlar orasidagi uyiga yetib kelgach shafyoriga javob berib yubordi. Charchog’ini ko’z yumish bilan chiqarmoqchi bo’ldi. Bu payt xizmatkorlar oyoq uchida ham yurmay qo’yishadi. Uy o’rtasidagi fantan va soatlar ham ayni vaqt to’xtatildi.

O’g’il istaklarini chamalar ekan, uzoqni ko’ra olmasligidan dili xira tortdi. Yumuq ko’zi bilan ko’rayotganlarini esa atrofga ta’siri, imkoni darajasidan yuqoriroq qilgan mehnati haqida har doimigiday o’ylay boshladi. Xayollariga ilakishib qolgan mavhum tasavvurlardan qutilish choralarini izlardi. Ruhshunoslarning fikrlarini tinglab mulohaza qilar lekin baribir U o’sha-o’shaligicha qolaverardi. Arkestr chalayotgan muzikaga quloq qo’yar ekan, kuydagi har bir nota bilan jang qilardi. Oxiri ohang uni zabt qilib qulog’idan miyasiga oqib kiradida O’g’ilni zaminning eng baland nuqtasiga olib chiqadi. Olam ko’z o’ngida tiriladi. Qaysidir nuqtagacha yoyilib ketgan yer unga tabassum ulashadi. Ko’zyosh bilan to’lib ketgan ummon bir nafas orom olib mavjlanadi. Quyosh nurlari O’g’ilning yuzlariga sanchiladi. U bo’shliqda muallaq turgan kuyi o’zini ohanglar bag’riga otadi. Ixtiyorsiz qay tarafgadir suzib ketadi. Ko’nglida sham yonadi. Zulmat chekinganday ko’rinadi. Sochlariga tushgan oq, yuzlaridagi ajinlar uni tobora mahv qilib borayotganiga bu gal ahamiyat bermaydi.

Biron bir narsani o’zgartirishdan oldin, u haqida o’ylash lozim — asliyat belgilab qo’ygan chegaralardan
oshgan harakat va maqsad tubanlikning boshlanishidir. O’g’il shu sabab kam harakat va kam orzu qilardi. U hamma narsani unutgan edi. Kulishni, tengdoshlari bilan o’ynashni, Ota-Onasini, shaharning keraksiz deb bilgan mavzelarini, oxirgi paytlarda uyquni, ongiga nojo’ya ta’sir o’tkazadigan mavzulardagi fil`mlarni borgan sari o’zidan soqit qilib borardi. Ortiqcha yorug’lik ko’zni xiralashishiga olib keladi, degan o’yda xona derazalarini doim pardalar bilan berkitib qo’yishni buyurardi.

O’g’ilga yaqinlashishga, u bilan muloqotda bo’lishga faqatgina qari Enagaga ruxsat tekkandi. Ortiqcha shovqin, belgilangan mavzulardan tashqari so’zlashish uy xizmatchilarini ishdan haydalishiga olib kelardi. Enaga oshkor qilinishi zarur bo’lgan voqeani, hodisani O’g’ilga yozma tartibda xavola qilardi.

Qahvaga me’yoridan ortiq qo’shilgan shakar uchun barcha uy xizmatkorlari majlislar zalida yig’ildi. Ikki soatdan beri tikka turgan farroshlarga O’g’il tarafdan tayyorlangan shikoyatnomani Enaga o’qib eshittirdi. Hamma qilgan ishidan pushaymon ekanligini, bu holat boshqa qaytarilmasligini tilxat orqali bayon qilishdi.
— Mening quyidagi yozma murojaatimni sizga shaxsan o’qib eshittirmoqchiman: Sizni yangi davr taqvimi bo’yicha 8yoshga kirganligingiz bilan qutlayman! Sizni asrimiz insoni, deb tan olaman. Siz bag’oyat oliyjanob, keng fikrli odamsiz. Umringiz uzoq bo’lsin!
Enaga terlab ketdi. Va ishdan haydaldi.

O’g’il bir kuni qo’liga bolta olib o’rmondagi daraxtlarning bittasini chopa boshladi. U shunqangi shijoat bilan ishlardiki, hatto shimiga dog’ tekkanini ham sezmadi. Daraxt taslim bo’ldi. Ko’zlangan maqsadga yetildi. Istagiga — qushning tuxumiga yetdi, uni qo’lga kiritdi.

***

Kemadan yiqilib yordam so’rashga istihola qilgan yo’lovchi aqulalarni xursand qildi. Manzil hali uzoq edi. Ota okean o’rtasida tushib qolishni xohlab qoldi. Istagi belidan quchib olgan ayolga yoqmadi. Buning uchun u Otadan tarsaki qabul qilib oladi. Ayol Otani unutish bilan qo’rqitishga harakat qiladi. Kiyimini yechib tashlab badanidagi tamg’ani pesh qilib, jonli, ongli ekanligini eslatdi. Ota uyqusi kelgani bois qayutaga kirib ketadi. Ayol esa olcha yegani kutubxonaga ravona bo’ladi. Bu vaziyatni kuzatib turgan kemadagi minglab kiyimsizlar ayolning kiyimi taraf yugurishadi. Shovqin ko’tariladi. Ur-sur boshlanadi. Nihoyat ayovsiz tortishuvda g’olib bo’lgan gavdali erkak yaroqsiz holga kelgan kiyimga ega bo’ladi. U ayolning kiyimini shoshilmasdan kiyadi. Atrofdagi hamma unga hasad bilan qaray boshlashadi. Kir badan yirtiq kiyimli bo’ladi. Erkak xursand edi. Qolganlar U bilan suratga tushaboshlashadi.

Ota qo’llarini orasidan boshini oldi. U o’z uyida ekanligiga ishonch hosil qildi. O’q o’tmaydigan derazadan tashqarini kuzatdi. G’ildiraksiz mashinalar quyosh nuridan ko’zni qamashtirardi. Ko’chada har doimgiday kimdir-kimni quvgan, kimgadir kimning qo’li, buyragi kerak bo’lib qolgan… Binolar tagida ishdan chiqqan odamlar uyum-uyum bo’lib olib olov yoqib, isinib o’tirishardi. Ellik qavatli binodan uloqtirilgan keraksiz narsalar orasidan kiyish uchun kiyim izlashardi.

Bir qulog’ini sotgan juvon yosh o’smirga suykaladi. Siniq tishli, o’pkasining yarimini o’g’irlatib qo’ygan yigitcha juvonga e’tibor bermaydi. Bu holatdan uning xo’rligi keladi. Ko’cha o’rtasiga chiqib olib sakray boshlaydi.

Ota deraza pardalarini tushurdi. Ko’p o’tmay ayol kirib keldi. U hammasini unutganini, endi istaklariga qarshi chiqmasligini aytib Otadan uzr so’radi. Lab bo’yog’ini olib labini bo’yashga kirishdi.

— Men unutgan narsalarimni qayta eslamayman. Senga to’la ishonch bilan takidlaymanki — men sening ixtiyoringdaman. Ortiqcha fikrlashga zamin yaratmayman. Hamisha kiyim kiyib yurishga va’da beraman.
Ayol gapini tugatib iljaydi. Aqli joyida ekanligini qistirib o’tdi. Ota sigaret tutata boshladi. U ozod bo’lolmay qolgan qandaydir tuyg’u iskanjasida ezilardi. Mana, gapirmaganiga ham bir oydan oshibdi. Ertalab turadi, kun yarmida uxlashga yotadi. Ayolni esa ba’zi paytlari savalaydi. So’ng ikkalasi o’tirib choy ichishadi. Tabassum bilan qilingan so’roqqa Ota kulib javob qaytaradi.

***

Oradan bir yil o’tganga o’xshamasdi. Hechkim o’zgarmagan, hamma birxil — hecham qarishmagan edi. O’g’il otasi qilgan sovg’asi uchun unga raxmat aytdi. Ona esa yonidagi yigit bilan shivirlashib oldida O’g’lini bag’riga bosdi. Bu holatdan bolakayning ko’zlari kattalashib ketdi. Turgan joyida qotib qoldi. Yuzlab yozma iltimoslar sabab qayta ishga olingan qari Enaga hayratdan, ham qo’rquvdan, ham xavotirdan ko’zini yumib oldi. Ota o’rnidan qo’zg’aldi. Uning ayoli ham hadiksiradi. Mexmon yigit yangi qo’ydirib olgan tishini ko’rsatib iljaygancha vaziyatni kuzatardi.

O’g’il xushidan ketdi va tezlik bilan shifoxonaga yotqizildi. Enaga vaqtincha uy egasi bo’lib oldi. Ota-Ona tug’ilgan kundagi voqeadan so’ng bunday vaziyatni boshqa uyushtirishmadi.

Ikki kun o’tgach shaharda shov-shuv ko’tarildi. Minglab odamlar shifoxona eshigi qarshisida yig’ilib O’g’ilga hamdard bo’lishdi.

…O’g’il o’ziga kelmadi. Shu yotganicha xonasidagi guldor shiftga yillab termulib yotdi. Bu orada qari Enaga yigirma yilga yosharib olgan, butunlay uy xo’jayiniga aylangan edi.

TAMOM!

09

(Tashriflar: umumiy 211, bugungi 1)

Izoh qoldiring