Mehrinoz Abbosova. Bir qo’shiq bor qalbimda…She’rlar

065    Бу «кўҳна дунёга ўзини овутгани, юрагини совутгани келмаган»  Меҳринознинг шеърлари ёшлик айёмининг покиза туйғуларидан, миллий  шеъриятимиз тажрибаларига ҳамнафасликдан туғилган. Бугунги саҳифамизда унинг шеърларини тақдим этаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз.

Меҳриноз АББОСОВА
ШЕЪРЛАР
033

09   Меҳриноз Аббосова 1995 йили Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Шуҳрат» медали соҳибаси. “Мен ёшликман”, “ Юлдузранг қўшиқлар” номли шеърий китоблари чоп этилган.
Айни пайтда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг Олий адабиёт курси тингловчиси ҳамда Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси сифатида фаолият олиб бормоқда.

БИР ҚЎШИҚ БОР

Бир қўшиқ бор қалбимда
Авжи “Ушшоқ”дир ажаб.
Тингласа тоғлар майин,
Тошлар юмшоқдир ажаб.
Тебраниб қатор қушлар
Жўр бўлар оҳангига.
Жайронлар раққосаю,
Шерлар машшоқдир ажаб.
Бунда Машрабни пошшо
Дорга тикмас бошини.
Телбалар эл ичинда
Даври пешводир, ажаб.
Тингласа кучга тўлиб,
Филни енгар чумоли.
Капалакнинг қарғадан
Умри уззоқдир ажаб.
Бўлмаса гар шул қўшиқ
Тандан учгай жону руҳ.
Руҳ нима, хатто ажал
Унга муштоқдир ажаб.

ДУНЁ

Ким бор,
Келдим-ай, дунё,
Ҳар балога шай, дунё.
Кўксимдаги сибизғам,
Бўғзимдаги най, дунё
Бунга асло ўзимни
Овутгани келмадим.
Юракдаги чўғимни
Совутгани келмадим.

Нима у елкамдаги
Машрабнинг чориғими,
Дардларнинг оғирими,
Бобурнинг оғриғими.
Усмон Носир кўзида
Ўсган лола – юрагим.
Чўлпонларга қўшилиб
Фарёд солар юрагим.

Қалам тутган қўлимда
Кишанларнинг изи бор.
Гуркираган гулимда
Ҳазонларнинг иси бор.
Товушим йўқ тилимда
Тўлғонади сўзларим.
Уйғотиш учун қачон
Уйғонади сўзларим?

Йиғлай — йиғлай кўзлари
Қуриб қолган дунё бу.
Яширин фитналарни
Кўриб қолган дунё бу.
Дунё уҳлаб ётибди
Унга тикилиб туриб
Мана, янги шеър ёздим.
Туйқус уйғониб кетди!
Дунёжон, келдим бир зум
Қарангки, омадимни
Ассалому алайкум,
Безовта қилмадимми?!

ҚИСМАТ

Олдимда ҳеч нарсамас
Қақнуснинг ёнишлари.
Оловда қолишлари,
Қайта уйғонишлари,
Мен куйласам, хижолат
Булбулнинг хонишлари.

Ҳайқириғим фалакни,
Ерни ёриб ўтгайдир,
Ўрни ёриб ўтгайдир,
Қирни ёриб ўтгайдир,
Юрагимнинг тафтидан
Тоғлар эриб кетгайдир.

Боғда япроқлар билан
Сирлашар сарин туйғум,
Тугамас ҳазин куйим,
Дардларим ётар уюм,
Дардларим ётар уюм,
Майсага шеър ўқийман,
Майса йиғлайди юм-юм.

Осмон ҳам йиғламсираб
Пойимга чўкинади,
Бағри “шир” сўкилади,
Чунонам ўкинади,
Чунонам ўкинади,
Юлдузлар битта қолмай
Кўзимга тўкилади.

Тоза муҳаббат қолгай,
Қолган барчаси майда.
Ошиқлар бўлган жойда,
Ошиқлар бўлган жойда
Муҳаббат тугамайди,
Ой билан қуёш бу кеч
Юрагимда тунайди.

Ини тўзган аридай
Қийноқлар дув келади,
Мен ҳечам қўрқмайдиган
Гўзал қўрқув келади,
Бирам сулув келади,
Бирам сулув келади,
Кўзин ўйлашим билан
Кўзимга сув келади.

Атай қилгандай худди,
Фурсат гоҳ тез югургай,
Гоҳида секин юргай.
Киприк қоқиб улгурмай,
Киприк қоқиб улгурмай,
Кўзим дарёларида
Буюк ишқ қалқиб тургай.

Азал тақдирми менга,
Абад ёрни қўмсамоқ,
Жон-жонимни тўшамоқ,
Девонага ўхшамоқ,
Девонага ўхшамоқ,
Ошиқ бўлиб туғилмоқ,
Шоир бўлиб яшамоқ.

ГУЛБАРГЛАР

Гулбарглар юракка ўхшаб кўринди,
Юраклар гулбаргга ўхшаб кўринди.
Тоабад курашмоқ – енгмоқ, енгилмоқ
Омонат бир бахтга ўхшаб кўринди.

Чин шоирлар қайда, кўнгил қайларда,
Нечун сўзларимиз келар пайдар-пай.
Гўё дилсиз, тилсиз туғилганмиз ва
Шундайлигимизча ўладигандай.

Мудраб алжирамоқ замонимас бу,
Биз ким Навоийга, Бобурга мансуб.
Нега мен айтмайман бир ёниқ сўзни,
Нечун мудом руҳим жимликка маҳкум?

Ненидир англайман онамни кўрсам,
Ўзимдан ҳам тўғри, соддамни кўрсам.
Ҳақиқий шоирга айлангим келар,
Бир-икки ҳақиқий одамни кўрсам…

ЖЎНАТИЛМАГАН ХАТ

Ота, ёзолмаган хатларим узун,
Она, айтолмаган дардларим узун.
Дунё, чин юракдан сўрайман узр,
Сени ногоҳ англаб қўйганим учун.

Гўзалсиз дейишди чеҳрамга қараб,
Кўзим кулиб турар, юрагим маҳзун.
Дўппингни кўкка от, азизим хаёт,
Ёлғонингни чинга йўйганим учун.

Эртага қуёшни кўрармикинман,
Эртанги тонг мендан бўларми мамнун.
Дўстлар, сафингиздан сиқиб чиқаринг
Ва устимдан кулинг, куйганим учун.

Сизга насиб эмас телбалик бахти,
Бетуйғу қалбингиз хилвироқ, юпун.
Ақлдан озганим қувнатсин сизни,
Кулинг, жинни бўлиб суйганим учун.

Ҳеч ким билмаса ҳам, У билсин мени,
Балки изтиробдан яралганим чин.
Олислаб боряпман одам зотидан,
Одамлик ҳиссини туйганим учун.

***
Худойим, бу йўқликда
Кўнглимни йўқлайверсам.
Сени деб йиғлайверсам,
Сени деб йиғлайверсам.

Кўз ёшларим умрини,
Чўза олса эдим мен.
Ҳисларимнинг сувратин,
Чиза олса эдим мен.

Бу ҳисларда на ранг на,
Шаклу шамойил бўлгай.
Қулларнинг кўзи дойим,
Йиғига мойил бўлгай.

Тупроқ, йўл бўлмоқ бахтдир,
Майса, гул бўлмоқ бахтдир.
Барчасидан аълодир,
Сенга қул бўлмоқ бахти.

Умр бир нафасдурур,
Қачон фироқинг басдур.
Нафс арслони қамалган,
Дунёси қафасдурур.

Қафасда ҳурлик менга,
Лек жафо турлук менга.
Бошим устига пойинг,
Қуллигим қуллуқ менга.

***

Ўзингизни аяб яшаманг,
Азобланинг, севинг, соғининг.
Ҳамма гули қирмизи,  қон ранг,
Ярми тикон бу ишқ боғининг.

Руҳингизга бедорлик даркор,
Юрагингиз безовта урсин.
Қаранг, хатто ойнинг доғи бор,
О дардсизлик, доғсизлик қурсин.

Изтиробни муқаддас билинг,
Баъзан тўлиб, тўкилиб йиғланг.
Муҳаббатни эҳтиёт қилинг,
Ўзинггизни эҳтиёт қилманг!

***

Куз…кўйлаги эскирган аёл,
Яшаб-яшаб эси кирган аёл.
Шол тақдирга суянган кўйи,
Сокингина ўй сурган аёл.
Хазонларни супурган аёл,
Армонларни супурган аёл,
Ёлғонларни супурган аёл.
Юрагида шер наъра тортиб,
Саман отлар гупирган аёл.
Ҳар кун ерга бошини эгиб,
Майсаларга букилган аёл.
Қуриб қолган лабидан бетин
Саловотлар тўкилган аёл.
Ўзгаради сени деб қонун,
Тун тугамай наҳор келади.
Бир сен учун, фақат сен учун
Куздан кейин Баҳор келади!

***

Юрагимга ёғишлар ёғди,
Униб чиқди мовий майсалар.
Ўчди сенли лаҳзалар ёди,
Дилда қолди сенсиз ларзалар..

Тун сукути тинчимни бузар,
Бунча мушкул кўнгул тўлмайи.
Қиқирлайди жужуқ юлдузлар,
Иккиқат ой қўяр жилмайиб.

2
Юзларимга югурди қизил,
Бир кечада чиқардим чирой.
Жажжи бахтдан энтикарди дил,
Битта тунга сиғди тўққиз ой.

Замин оқ, осмон оқ, йўргак оқ,
Йиғлайман бағримга босиб жим.
Савол билан боқма, чақалоқ,
Ўзим ҳозиргина туғилдим..!

ЙЎЛЛАР

Сабрга ўргатар бу олис йўллар,
Ўзинг билан суҳбат қуришинг мумкин.
Ҳеч ким ўйларингга бермайди ҳалал,
Юрак томонларга боришинг мумкин.

Истасанг, тўкиб сол кўнгилда борин,
Йўллар сирларингни сақлай олади.
Ғамларинг, дардларинг ҳам ғуборларинг,
Ҳаммаси, ҳаммаси ортда қолади.

Шамолга юзингни тутасан сармаст,
Тўлар қалбингдаги минг йиллик бўшлиқ.
Ўзбаки руҳингга заррача юқмас
Автода янграган ажнабий қўшиқ.

Кетсанг, кетаверсанг чексизлик қадар,
Ҳадсиз кенгликларга бўйласанг шоён.
Бошингда балиқдек сузса булутлар
Муҳиммас, манизилинг аён…ноаён…

КЕЛДИ

Бехабарлик хабари келди,
Бехатарлик хатари келди.

То шу ерга келгунча юрак,
Қанча дардни кўтариб келди.

Келишингни эшитган заҳот,
Қайғу қариб, ғам ғариб келди.

Жамолингдан сўзлаб шамоллар,
Барча бахтни жамғариб келди.

Исминг айтиб тўкилди боғлар,
Тоғлар сочи оқариб келди.

Изингни, эй, кўзи ахтарим,
Бутун олам ахтариб келди.

Сен келмадинг, менинг бошимга,
Соғинчдан ҳам баттари келди.

Йўқмиди бу телба дунёнинг
Меҳринозга айтари, келди.

***

Юрибман дўст бўлиб хонқизиларга,
Тиллақўнғизларга кўнгил бериб ман.
Мана бу юракнинг ақли бўлганда,
Шоир бўлармидим келиб-келиб ман.

Битта заррачалик керагим борми,
Қуёш юртидаман, кўнглимда чироқ.
Онажон, кечиринг, сиз билан эмас,
Майсажонлар билан гаплашдим кўпроқ.

Мени тўғри тушун, куюнчак дўстим,
Ўжар феълим билан ранжитсам баъзан.
Эшитаман қўнғир ернинг овозин,
Қўнғироқларингни эшитмасам ҳам.

Майли, умрим ўтсин, майли, вақт ўтсин,
Баҳридан ўтмайман шу ўтлоқларнинг.
Она Ватанимни яхши кўргандай,
Бағримга босаман қўзичоқларни.

Нетай, азал шундай яратилганман,
Томиримда жиндек шоирлигим бор.
Шундан ғамбодаман, ғамнокман ҳар дам,
Шундан бахтиёрман, шундан бахтиёр!!!

СЕН ЭНДИ

Сен энди келмайсан, мен ҳам бормайман,
Севгимни бой бериб бой бўлдимми мен?
Ў, кимни нишонга олгандинг, ўзи,
Мендан ўқдек кетдинг, ёй бўлдимми мен?

Майли, келма, дедим, тилимни чайнаб,
Бўғзимга қайтардим дард, оҳларимни.
Қурбинг етмайди-ку териб беришга
Йўлингга тўкилган нигоҳларимни.

Менсиз юриб кўр-чи, қўлингдан келса,
Кўзларим йўлингда бўлди беқадр.
Қайга оёқ боссанг худди шу ердан,
Кипригим тикондек ўсиб чиқадир!

ГУЛЛАЁТГАН ТОШ

1
Яшил томирларим қовжирамоқда,
Тўлмаган юрагим ёрилмоқда тарс.
Нафасимни қисиб, бўғиб бормоқда –
Бўйнимдаги қарз.

Кўнглимга келади шоирлигим ҳам,
Яна қанча қолди ўзим томонга.
Ҳануз кўролмадим гуллаган тошни,
Энди нима дейман Шавкат Раҳмонга?!

2
Энди нима дейман мендан сўралса,
Наҳотки шу қадар ожизман, ахир.
Ахир, мен шоирман, балки менинг-чун
Гуллаётган тошни кўрмоқлик – тақдир.

Мен фақат тепага қарадим балки,
Кўзим етганича нени кўзладим.
Қаламни асодек тутиб тунлари
Изладим, изладим, нени изладим?

3
Мени эзиб қўйди бу тош саволи,
Ўткир сўзлар ҳаққи, қилолдим тоқат.
Билдим, энди буткул гумондан холи,
У миллат кўксида ўсармиш фақат.

Мангу гуллайверсин, гуркирайверсин.
Элнинг тошдек оғир дардига қасам –
Гуллаётган тошни кўришим мумкин,
Халқнинг юрагига кириб боролсам!

ҚЎШИҚЛАР

Қолди дафтар-дафтар қўшиқлар,
Пушти, мовий, сафсар қўшиқлар.
Онамдайин мунглиғ гоҳида,
Синглим каби дилбар қўшиқлар.

Муаллифи башарми, малак,
Чин ватани заминми, фалак,
Оқиб кирди юракка лак-лак,
Баъзан кетди бадар қўшиқлар.

Дил – доғ, ой – доғ, фарқи топилмас,
Шамсдир Ғарбу Шарқи топилмас,
Ишқимизнинг шарҳи топилмас,
Қиёматга қадар қўшиқлар.

Туркий, ҳинду фаранг бир бўлур,
Оламдаги бор ранг бир бўлур,
Ҳамма куй-у оҳанг бир бўлур
Ва Аллоҳу Акбар, қўшиқлар.

***

Қачон тарқаб кетар кўзимдан туман,
Ҳар лаҳза ўзимдан хавотирман мен.
Қулоғи эшитмас созандадурман,
Рангни ажратолмас мусаввирман мен.

Чизган суратларим ҳаммаси бир хил,
Куйларимнинг барин оҳанги ўхшаш
Ва азоб, ва роҳат шундайлигинг чун,
Ўзингни айбдор ҳис қилиб яшаш.

КЎЗЛАРИНГ

Қароғимни куйдириб,
Қаролади кўзларинг.
Дилга қайта тиғ уриб,
Яролади кўзларинг.

Яролмади кўзларим,
Кўзларингнинг нақшига.
Етгум бор нигоҳинг деб,
Жон бермоқлик бахтига.

Кўзинг – май тўла қадаҳ,
Ичмай мастона бўлдим.
Гоҳ туфроққа ялиндим,
Гоҳи осмона, бўлдим.

Кўзларингини кўрсам гар,
Домонида ўлам, ёр.
Кўрмасам армонида,
Ҳижронида ўлам, ёр.

Кўзларингни бер менга,
Кўрсат менга зиёни.
Зора, сенинг кўзингда,
Тоза кўрсам дунёни!

МЕҲРИБОНИМ

Меҳрибоним, ўзинг бермасанг ёрдам,
Душман қўйнидаги тош тугамайдир.
Қанча бахт берсанг ҳам, қувонч берсанг ҳам,
Нечун кўзимдаги ёш тугамайдир.

На ғамга кўнаман, на бир шодликка,
Руҳимга оғирлик қилар енгил дард.
Милён одам ичра юрибман якка,
Бу ерларда узоқ қолдирма фақат.

Фақат қолмасидан умримда савол,
Ногоҳ нигоҳингга етиб олсам бас.
У ёғига ўлиш мумкин бемалол,
У ёғига яшаб кетиш ҳеч гапмас…

***

Вужудингга сизгандек руҳим,
Сен йиғладинг биринчи марта.
Фирдавс боғин кезгандек руҳим,
Келгандекман хаётга қайта.

Тирик қолди бизни деб севги,
Бахтли қулмиз – кўнгилга банда.
Ўтдик икки дунёни енгиб,
Ўлим ўлди бизга келганда.

ФЕВРАЛ-МАРТ

Буюмларин йиғиб, уст-бошин кийиб
Ва қалин шарфини ўраб бўйнига.
Феврал чиқиб кетди шахд билан уйдан,
Бироз кутмоқлик ҳам сиғмай кўнглига.

Сўнг Март кириб келди гул-гул очилиб,
Энг гўзал кўйлагин кийганди атай.
Лек Феврал кетганди…
Сулув Март эса,
Деразадан кулиб боқди индамай.

(Қизиқ, улар йўлда учрашмабди ҳам)

Феврал кетган эди анча олислаб,
Соғинч юрагини эритди шунда.
Таққа тўхтади-ю, афсусга ботди,
Эҳ, Мартнинг суврати йўқ эди унда…

КЎКЛАМ

Юрагимни шоир билган баҳорим,
Юрагимни шоир қилган баҳорим.
Осмонлардан йиғлаб-йиғлаб ерга тушиб,
Кейин бойчечакдек кулган баҳорим.

Қалдирғочинг соғинчлардан куйиб келгай,
Самолардан муҳаббатнинг куйи келгай.
Қулф урган ул райҳонингга қўшиқ битсам,
Қўшиғимдан райҳонларнинг бўйи келгай.

Қуёшинг кўзимдан нурлар ўтқазмиш,
Юрар йўлларимга гуллар ўтқазмиш.
Қалам янглиғ бўртиб чиққан куртаклар
Менинг қўлларимга қалам тутқазмиш.

Шоирнафас кўклам, шеърнафас кўклам,
Сенга ошиқмас дил – ошиқмас, эркам.
Бугун юраклардан бошланди баҳор,
Юракдан бошланса, тугамас кўклам!

БЕРЛИНДА

Олиб бўлдик қўлга қаламни,
Чиқиб бўлдик хатарли йўлга.
Шоир қилиб қўяр одамни,
Бу шундайин сеҳрли ўлка.

Айлантириб замин шарини,
Кўз олдимда турланр дунё.
Гўзал Берлин кўчаларини
Кўп кезганман аввал ҳам гўё.

Қўярканман жаҳонга қадам,
Йўлларимдан терди тиканни.
Мўмин отам, маъсума онам
Қирқдан ошиб кўрди Тошканни.

Рейхстагнинг энг чўққисидан,
Боқарканман  оламга шодон,
Қайда норғул ниҳол қулаган,
Қайда гўдак талашмоқда жон.

Мен-чи фақат қутқардим ўзни,
Не исёнлар гурлар дилимда.
Ватан деган муқаддас сўзни.
Айтмайдиган бўлдим тилимда.

ТАНАВОР

Гулли кўчаларда ташлайман қадам,
Гулгун ҳисларимда саволлар тугун.
Балки У ёнимда турар айни дам,
Тополармикинман Уни шу бугун.

Қайрилиб қарайман қани, қаерда,
Наҳотки, йўқликка кетганман сингиб.
Нур бўлиб чиқаман зулмат қаъридан,
Ёнингга етаман елларни енгиб.

Мана, сенга оппоқ юрагим тутдим,
Бир бор кўрсатмайсан ўзингни нечун?
Сени эслайман деб, ўзни унутдим,
Ўзимни йўқотдим сени топмоқ чун.

Сен эса қаерда, кутяпсан нени,
Қара, кўзларимнинг соҳиллари нам.
Оламга ҳайқириб, чақирсам сени,
Жавоб берар ҳатто тоғу тошлар ҳам.

Нега сукутдасан – нимага жимсан?
Тинмай беравердим шу саволларни.
Нигоҳинг акси бор фалакка қасам,
Излайвердим сенга элтар йўлларни.

Қаерга бормайин сезиб тураман,
Ортимдан кузатган нигоҳинг кучин.
Жонимни бераман, борим бераман
Ўша нигоҳингни кўрмоқлик учун.

Исминг айтай десам, куйди томоғим,
Бўғзим – ҳамма ёғи илма-тешик най.
Ҳатто дарахтлар ҳам сенга интилса,
Мен нега туришим керак индамай.

Машрабдай дунёни кезарман далли,
Сен тенгсиз маъшуқсан, биз сўзсиз ушшоқ.
Одимласам фақат сенинг ёдинг-ла,
Тикон ҳам санчилди гул каби юмшоқ.

Сирқираб қон оқди товонларимдан,
Ва бу сўз тупроққа қоришиб кетди.
Юрагим қуёшга айланди бирдан,
Кўнглим кўчалари ёришиб кетди.

Ҳавонинг шаклини кўра бошладим,
Шамолнинг рангини илғадим ногоҳ.
Сирли висолингни топишим ҳаққи,
Менга бутун борлиқ бўлди хайрихоҳ.

Осмонда нигоҳинг, гулда оразинг,
Тоғларда савлатинг, бағринг қирларда.
Майин саболарда учди нафасинг,
Сиймонг гавдаланди рангин нурларда.

Ғунчанинг лабида пичирладинг сен,
Қушлар сен ўргатган қўшиқни айтди.
Еллар этагини ҳилпиратиб кенг,
Хиромон айламиш боғларда дайди.

Бани борлиқ сенга қилар ибодат,
Руҳим қуши сайрар сен томон уча.
Билдим, мужассамсан, сендан иборат
Заминдан то олис коинотгача.

Энтикдим номингни такрорлаётиб,
Сени ахтаришни қилмасдан канда.
Тун қора кўрпасин устига ёпиб,
Ойни ёстиқ қилиб ухлаб ётганда.

Аста чайқалади осмон денгизи,
Юлдузлар кўзимга кетмоқда сачраб.
Ҳар бир нафасимда нафасинг сезиб,
Кўзимда кўзингни қололсам асраб.

Топдим, сенга бўлган чин ишқим ғолиб,
Билдим – билдирмасдан кузатётган ким.
Энди юрагимга жойлашиб олиб,
Кўзларимдан қараб тур, Тангрим,
Кўзларимдан қараб тур, Тангрим!

МАСОФА

Кичрайиб бормоқда сенинг масофанг,
Менинг йириклашиб бормоқда дардим.
Олисроқда бўлсанг, олисда бўлсанг,
Ҳозиргидан кўра яқин тутардим.

Сени ахтарардим ўзни йўқотиб,
Дунёни унутиб, сени эслардим.
Тарқоқ ҳисларимга йўқ эди тартиб ,
Сендан узоқроқда бўлган кезларим.

Кўксимизга солиб юрардик асраб,
Алмаштириб олиб юрагимизни.
Соғинмоқ севмоқдир, дегани рост гап,
Ўша айрилиқлар боғларди бизни.

Қирғоққа етишгач, тез қайтар денгиз,
Қарагин, севги ҳам шу ҳолга ўхшар.
Қолмас муҳаббатга яқинлигимиз,
Ўртада масофа бўлмаса агар…

***

Денгизимиз бирдир, осмонимиз бир,
Сузиш тақиқланган, учиш мумкинмас.
Қаттиқ беркитаман қулоқларимни,
Қўшиғимиз беҳад, куйимиз тинмас.

Сенга элтаверар сабуҳий тушлар,
Йўқ! Етиб бормайман – уйғонмоқ тақдир.
Кўчага чиқаман оғир судралиб,
Гарчанд бу фироқнинг йўллари ғадир.

Юраксимон барглар учар ҳавода,
Топмасимни билиб, излайман саркаш.
Келмасингни сезиб кутган онларим,
Фақат сўз таскиндир, ёлғиз шеър – дардкаш.

Кўзимни юмаман – кўзларинг пайдо,
Кошкийди, шу тахлид ўткарсам умр.
Тушларим шовуллар, учар тушларим,
Денгизимиз бирдир, осмонимиз бир

СЎРОҚ БEЛГИСИ

Қармоққа ўхшайди сўроқ бeлгиси,
Сиртмоққа ўхшайди сўроқ бeлгиси,
Жоним жон эмасми, турган битгани
Қийноққа ўхшайди сўроқ бeлгиси.

Баъзида кўзимни тилади сўроқ,
Гоҳи томоғимдан илади сўроқ,
Бугун бу сeрсавол ҳаёт ҳам тинмай
Мeнинг юрагимни қилади сўроқ.

Бир сўзни деб мингта жони ҳалакман,
Кимга керак, кимларга нокeракман
Мeнинг исмим сўроқ эмас, ундовдир
Мeнинг ўзим савол эмас, даракман!

Сиртмоқлар солмасин сўроқ бeлгиси,
Бўғзимдан олмасин сўроқ бeлгиси,
Номим аниқ бўлсин, изларим қолсин
Ортимда қолмасин сўроқ бeлгиси!

* * *

Қушман – кўзингизга кириб қолган қуш,
Шу пайтгача тентиб учардим сархуш.
Милён йил ўтса ҳам қўйвормас ҳаргиз,
Темир панжарадек киприкларингиз.

Кундан кун қанотим ўсиб борадир,
Кенглиги осмонни тўсиб борадир
Лек учиб кетмайман, англадим эркам —
Тотли ҳис борлигин ОЗОДЛИКдан ҳам!

***

Мен бетартиб ҳаёт кечирдим,
Аммо, ҳаёт мени кечирди.
Майхонада соқийман ўзим,
Хожам шароб қуйиб ичирди.

Атиргулга мактублар ёздим,
Жавобини келтирди хазон.
Ва тобора ақлдан оздим,
Кундан кунга яқиндир осмон.

Қачон англаб қўйдим дунёни,
Қачон бунга улгура қолдим.
Мен – ўзимга ўзим меҳрибон,
Мен – ўзимга ўзимман золим.

Аросатда қолди-ку жоним,
На йўққа, на борга ўхшайман.
Ахир, англаб қўйдим дунёни,
Бу ёғига қандай яшайман?..

***

Одамга ўхшашга уриндим қаттиқ,
Одамдек яшашга уриндим қаттиқ.
Ўзимча ҳар куни хаёлхонамда,
Ўрнатмоқчи бўламан тартиб.

Кўзгуга қарайман,
Қиёфам одам,
Мен ҳам бошқалардек оляпман нафас.
Сўнг ўзинг бўласан ягона далдам,
Бундай ўйлаётган фақат мен эмас.

Йўқлик мавжуд холос асли оламда,
Асли ҳамма маъно маънисизликдир.
Неки ғам истасанг, ўзингдан ахтар,
Неки бахт истасанг, ўзингдан қидир.

Ҳали сўзимизни англар келажак,
Биз ҳали узооққа борамиз бирга.
Ташаккур айт, мени учратдинг, ахир,
Мен ҳам раҳмат дейман сен-чун тақдирга…

***

Майсанинг жонига бермайди ором
Тезроқ ерни ёриб чиқмоқ истаги.
Гарчи кенг осмонга поён йўқ, поён,
Манзилга шошилар қушлар кўкдаги.

Қарангки, илдиздан юлдузга қадар
Ҳар жон тирикликдан ахтарар маъни.
Менинг ҳайратимни оширар баттар
Бемақсад одамнинг яшаётгани…

***

Соат нечалигин сўраманг мендан,
Негадир қўрқаман вақтга қарашга.
Шундоқ ҳам бу дунё ҳисобли дунё,
Умримиз ўтмасин лаҳза санаш-ла.

Истагим – ортимда қолдирсайдим из,
Дахл қилолмаса соат миллари.
Юзларимни ёруғ қилиб кетингиз,
Ҳе-е-ей, сиз ўтаётган дақиқаларим…

***

Шеър ўқийсан…тинглар ер-само,
Қушлар тинглар сокин, беҳадик.
Шеър бўлмаса етишмас ҳаво,
Асли олам шеър билан тирик.

Шеър ўқийсан…тоғлар чўкар тиз,
Боғлар унар гулли, дарахтли.
Шоири йўқ миллатлар бахтсиз,
Миллати йўқ шоирлар бахтли.

ЁМҒИРДАН СЎНГ

Тиниқлашди гулларнинг ранги,
Шамол ювиб олди кўйлагин.
Ўксиб берди бечоралардек
Дов-дарахтлар кўча-кўйдаги.

Кейин қуёш, меҳрибон қуёш,
Сочин ёзди, ақлдан озиб.
Ҳар майсани юпатгим келди,
Ҳар япроқни бағримга босиб…

У

Ким У кўзимдан кириб,
Кўксимга лола эккан.
Кимга бойлик, кимга шон,
Мeнга ёмон дард тeккан.
Жоним ўйнар бўғзимда,
Тўлиб кeтди юрагим.
Ўлгудайин кож, қайсар
Бўлиб кeтди юрагим.
Қўймайди ўз ҳолимга,
Дардим ёраман, дeйди.
Сeнга бораман, дeйди,
Сeнга бораман, дeйди.
Борай дeсам олдинга,
Оёқларим қалтирар.
Суякларим сочилиб,
Бармоқларим янчилар.
Билмам, қачон изингни
Изларим қувиб етгай.
Кўзингга қарай дeсам,
Кўзларим куйиб кeтгай.
Куйиб кeтгай вужудим,
Томирларим чирсиллар.
Мeн йиғлайман оғриқдан,
Ҳаммалари кулсинлар.
Кулсинлар тўйиб-тўйиб,
Кeлмас мeнинг хўрлигим.
Ҳаммасидан устундир
Муҳаббатнинг борлиги!
Барчасига дош бeргум,
Шу буюк Ишқ била ман.
Тангрим мeни энг бахтли
Қилишини биламан.
Тангрим, мeни энг бахтли
Қилишингни биламан!

ЁНГАЙ

Кўзинг – олов, боқсам, маним жоним ёнгай,
Ўт туташиб, томирдаги қоним ёнгай.

Юрай десам товонимда лаҳча чўғ бор,
“Оҳ”им чиқмас, чоки гирибоним ёнгай.

Ёрга жонни бермоқ надур, мандан сўранг,
Жоним нима, борим, хонумоним ёнгай.

Ман гулханда, у гул ханда отиб кулгай,
Меҳр кўрсат, ёлғиз меҳрибоним, ёнгай.

Меҳриноз-ей, бу жаҳона сиғмасдурсан,
Қайда Машраб, қайда Намонгоним, ёнгай.

ЁМҒИР ҚЎШИҚ

1
Кўчаларда мезон ёнади,
Қуршаб олган борлиқни ҳадик.
Мўжазгина қаҳвахонада
“Capuccino” ичар ёлғизлик.

Бирам майин шиғалар ёмғир,
Севги иси тутди шаҳарни.
Ташқарига имлайди кимдир,
Қаҳвахонадаги баҳорни….

2
Шопен…Ёмғир валси….Зулфи паришон,
Куйга жўр бўлади телба дарахтлар.
Булутлар борлиққа тарқатар эҳсон,
Ошиқ кўзларида юлдуз ярақлар.

Охир вужуд жонни мусофир билди
Ва кофир туйғулар келди иймонгга.
Афсус…кўзлар, қўллар, йўллар айрилди,
Лек руҳлар чирмашиб кетди осмонга.

3
Кенгликлар ҳақида куйлади шамол,
Самовий оҳанглар ёғилиб бетин.
Муҳаббат –висолга етмаган висол,
Ширинлиги пинҳон, пинҳонлиги чин.

Равомас одамдек зоти гумроҳга,
Ишқ бу – Худо билан боғлиқ нозик сир.
Муқаддас гуноҳга, гўзал гуноҳга
Гувоҳлик беради бу тунги  ёмғир.

ЎЙИН

Дунёдан хафа бўлдим,
Аразладим ўзимдан.
Кетдим. Тўп-тўп гиналар
Келаверди изимдан.

Уйга кирдим, оламдан
Узилганим соз эди.
Бу кулбамда, бор-йўғи,
Бир уюм қоғоз эди.

Ҳеч не сиғмас кўнглимга,
Сиғдирмадим, тўғриси.
Борлигимни ҳеч кимга
Билдирмадим, тўғриси.

Боролмадим эшикка,
Туролмадим ғам босиб.
Кун ўтказдим хонамда,
Оч қоринга шеър ёзиб.

Мени сиқиб қийнади
Бир умрга етарлик –
Бир юрак гина-кудрат,
Бир уй хафагарчилик.

Кейин… кейин ташқари
Қарамоққа ботиндим.
Дунё кулиб турарди,
Унга шартта отилдим.

Минг йил кўришмагандек,
Саломлашдик у билан.
Ва бошқатдан танишдик,
Ўйин қилдик бошқатдан.

Ўйин шартин биламан,
Мағлуб қилар араз, ғам.
Энди маҳкам бўламан,
Бўш келмайди дунё ҳам.

Энди таслим бўлгим йўқ.
Чўзилади бу кураш:
Ким тез хафа бўларкин,
Ким биринчи аразлаш?!

***

Вақт тезлиги ошди, онажон,
Ҳануз сизга етолмадим мен.
Шаҳар кўзим очди, онажон,
Лек кўз юмиб кетолмадим мен.

Ҳижрон йўли бунчаям узун,
Ўтиб борар йил ортидан йил.
Кетайлик деб йиғлайди ҳар кун,
Сизни мендан кўп соғинган дил.

Дунёсидан ким фойда кўрган,
Устун қўйиб ҳою ҳавасни.
Сиздан олис юрганим-юрган,
Кечиринг мен орзупарастни.

Шукур, кўнглим кўнглингиздек оқ,
Фақат сизга ўхшайман энди.
Юрагимга беркинган қишлоқ,
Юрагимда яшайман энди.

***

Кўзларим қорасида
Оқ булутлар дайдийди.
Тушларим орасидан
Чиқиб келсанг қанийди.

Шаҳзодам, оқ тулпоринг
Учқурмикин, ишқилиб.
Киприкларим ўсмоқда
Сен томонга интилиб.

Ўн еттита довонни
Ошгунимча толмадим.
На қилай, муҳаббатнинг
Юзидан ўтолмадим.

Оқ ёмғирлар ёғдилар –
Оппоқ узун йўл бўлди.
Кўзимдан сувлар кириб,
Юраккинам ҳўл бўлди.

Мен жонимни ташлаган
Гардсиз кўзингга қасам.
Фақат хаёлимдасан,
Фақат хаёлимда сан.

Илло, сенинг кўзингни
Кўзимдан ўчирмайман.
Ҳар тонг осмонга қараб
Ўзимча пичирлайман:

«Кўзларим қорасида
Оқ булутлар дайдийди.
Тушларим орасидан
Чиқиб келсанг қанийди.»

***

Тоза эди дунёнинг ранги,
Олов қалбим сочиб учқунлар.
Мен ва юрак туғилдик янги,
Сени севиб қолганим кунлар.

Осмонлари пойимга келди,
Денгизлари сойимга келди.
Майсалар ҳам қойимга келди,
Сени севиб қолганим кунлар.

Куз боғлари дуркун кўринди,
Қайга боқсам, бир гул кўринди.
Қолган бари бир пул кўринди,
Сени севиб қолганим кунлар.

Ғамни кўзга илмаган эдим,
Исмингни ҳам билмаган эдим.
Бу дунёга келмаган эдим,
Сени севиб қолганим кунлар.

УСМОН НОСИР

Усмон Носир, қаердасан,
Қайларда қолди кўзинг,
Қайларда қолди сўзинг?
Ёш жонингни олган аллакимлардан
Қасдини олди сўзинг.
Китобингни қўлга оламан,
Шеър ўқийман – чақнар нигоҳинг.
Сени излаб тушларимда ҳам,
Сибирларга бораман гоҳи.
Муҳаббатлар яхлаган жойда,
Ўлимингни хоҳлаган жойда.
Юрагингни иситган нима,
Қайта-қайта ҳаёт берган ким?
Она, мени Ватаним, боғим,
Унутмайди, деган бир таскин.
Мард юрагинг ураркан тўхтаб,
Зирқиратиб бутун оламни.
Ўпиб қўйдинг қўлчасин аста,
Туғилолмай қолган болангни.
Кўз олдингдан ўтар бирма-бир,
Ёлғонни хуш кўрган дунёга
Ҳақиқатни излаб келганинг,
Адолат деб ҳайқирганинг чоғ,
Қон ютганинг, бўғзинг куйгани.
Йўқлагувчинг азоб экани,
Муз бўлди кўксингга теккани,
Сенинг гулдай юмшоқ кўнглингга
Санчилгани фироқ тикани.
Ғамбўронда совуқ еганинг
Ва кимнидир ёниб севганинг.
Мушфиқ онанг кўзига қараб,
Келаман, деганинг.
Сўнгги дамда пичирлаганинг
«Яқинларим кўрмади яхши
Яхши бўлди меҳрибон Тангрим,
Узоқларда жоним берганим.
Йўқса онам чидаёлмасди,
Йўқса мен ҳам кўнмасдим рости».
Унутмайди уни бу боғи,
ҳар ниҳоли бўлгайдир тиргак.
Токи дунё зор экан шеърга,
Ўлим йўқдир Усмон Носирга,
Ўлим йўқдир Усмон Носирга.
Усмон оғам, мен ҳам шеърият
Қўлларини тутган синглингман.
Лайли Мажнун бўлиб сўз билан
Саҳарлар қон ютган синглингман.
Сен учун ҳам яшашим керак!
Ишққа тўлиб яшашим керак.
Сен учун ҳам толеим кулиб,
Бахтли бўлиб яшашим керак!
Мен туғилдим — ўша сен кутган,
Орзулаган бахт замонида.
Энди сени чорлайман оғам,
Ҳақиқатни куйлаш онида.
қўлга олиб юрак – созингни,
Шеърлар ўқи бор овозингда.
Токи дунё зор экан шеърга
Ўлим йўқдир Усмон Носирга!

***

Дарахтлар осмонга тутади бағир,
Тупроққа санчилар ёмғирнайзалар.
Кимнидир соғинар, ўйлар кимнидир,
Ўзини йўқотиб қўйган майсалар.

Довдирар — учишин билмайди қайга,
Қушларнинг кўзида қотди томчи муз.
Хижолат қилади – азали жойга
Тилларанг кўйлакда келиб қолган куз…

КУРАШ МАЙДОНИДА

Кўзларимдан сачраб чиқар дод:
“Кураш! Майдон сеники ҳозир.”
Эл олдида йиқилмоқ – иснод,
Лек курашиб енгилсанг – арзир.

Уйғонсайди кўксингдаги шер,
Тулкиларни сиғдирмас майдон.
Ҳалол бўлар, мард бўлар чин эр,
Полвон деган сўзга эш виждон.

Ўйин қилма зафар қасдида,
Кураш биз-чун ғурурдир, ордир.
Биласан-ку, дунё аслида
Желагингнинг енгидан тордир.

Ҳайиқади отангдан иблис,
Отангнинг-чи, ҳадиги бошқа.
Сен тўхтама, жанг қил тинимсиз,
Йиқилганлар тўйсин курашга.

Қайтма, ортга йўл йўқдир оғам,
Асл ўғлон ёвдан қўрқарми?!
Писанд қилмас заиф рақиб ҳам,
Майдони бўш қолган юртларни.

Курааааааш….!!!!

***

Бошимдан ҳовучлаб нур тўкар ҳаёт,
Бахтиёр шамоллар гул тутар менга.
Қачон ўсиб чиқди елкамдан қанот,
Қачон бўла қолдим бу бахтга эга.

Қачон тўла қолди шодликка қалбим,
Қайси пайт ёруғлик инди дилимга.
Қора булутларни дуч қилма, Тангрим,
Қуёшга боғланиб қолган элимга.

Илоё, мосуво қилма дардимдан,
Шоирга ортиқча бахт ҳам хатарли.
Шундай фарзанд бўлсам, биров ортимдан:
“Отасига раҳмат” деса, етарли.

СЕН ВА МЕН

Мен ҳалиям орзупарастман,
Мен ҳалиям хаёлга банди.
Бир кун келиб худди ўзингни
Кўраман деб ўйламагандим.

Менга бундан ортиғи ортиқ,
Ҳузурингда карахтман, карахт.
Сен – мен учун даҳшатли шодлик,
Сен – мен учун қўрқинчли бахт.

ҚОР ГУПИЛЛАР

Қор гуппиллар… ҳар қарич ерга,
Мўъжизанинг етди қадами.
Музликларда, менсизликларда
Юрагингиз совқотмадими?!

Нигоҳингиз иссиқми ҳануз,
Ях эмасми кўнгил ойнангиз?
Гулхан бўлиб ёқар қалбимни
Ёзилмаган ўтли номангиз.

Майли, менга қорхат жўнатманг,
Совқотмаслик чорасин кўринг.
Ишқнинг оташ бағридан кетманг,
Соғинчларга ўраниб юринг.

Бир пайтлар кўнглимиз оқ эди,
Бир пайтлар йўқ эди ғамимиз.
Ёдингиздан чиқдими бирга
Қорбоболар ясаганимиз.

Қор қўйнида оловдек ёндим,
Ахир, сизсиз яшаб бўлмайди.
Аммо…
Афсус, чин муҳаббатни,
Қорбободек ясаб бўлмайди…

ТОҒЛАРИМ

Ватан бир тоғ – паст бўлмасин деб,
Осмонларга етиб берган тоғ.
Отам бир тоғ – баландласин деб,
Елкасини тутиб берган тоғ.

Ўзинг айт-чи, полвон юрагим,
Имкон борми, етарми кучим.
Шу чоққача мени кўтарган
Тоғларимни кўтармоқ учун?!

ҲАВАС

Қайғулар кечаги, туйғулар сабил,
Тақдирга тан бериб чекинмоқда тун.
Дарахтлар оқсуяк хонимлар каби,
Қўл силкиб қўяди ҳиссиз ва беун.

Етим япроқларни турткилар шамол,
Бошпанасиз ёмғир тентир кўчада.
Адолатдан эмиш куз – фасли завол,
Бу хил адолатга бўларми чидаб?!

О, кузги дарахтлар, кутмас шафқатни,
Баьзида ҳавасга тўлади кўнглим.
Шунча йўқотишлар хаққи-ҳурмати,
Бунчаям чиройли сиз топган ўлим…

ЯШАШГА УРИНДИМ

Яшашга уриндим, тирик яшашга,
Асло  шон-шуҳратга интилганим йўқ.
Келажак, биламан, сенга ҳам қийин,
Ёдингда қолишни истовчилар кўп.

Кутилмаган кунлар бордир тақдирда,
Юлдуз бўлавермас кўкда ялт этган.
Ҳеч йўқса, тарихда қолиш учун ҳам,
Буюк машаққатлар чекмоқ шарт экан...

ПАРДА

Боқсам дeразамдан бўйнимни чўзиб,
Бу фусункорликнинг йўқдeк поёни.
Дарпардаларни шарт ташладим узиб,
Борича кўрай дeб гўзал дунёни.

Барчаси чиппака чиқа бошлади,
Пардасиз дeраза ва бўм-бўш борлиқ.
Ҳамма ёққа бир-бир нигоҳ ташладим,
Қани аввалгидай мастлик, хумморлик?

Қани аввалгидай парда ортидан,
Ой чиқдимикан, дeб боқишларим?
Хонамга тушган нур ҳароратидан
Қалам билан бирга дил ёқишларим?

Назар солиб парда чeтидан гўё,
Ишонардим бундай фусунга қатъий.
Ўшанда мўъжиза кўринган дунё
Энди кўринарди жудаям оддий.

Қайта парда тутиб, ташларканман кўз,
Бу борлиқ кўринди сeҳрли, кўркам.
Англадим.
Ҳар қандай гўзаллик ҳам, дўст,
Парда, тўсиқ билан чиройли экан!

ЙЎЛДАМАН

Юрагим ёриғидан
Ёруғлик кирган кун бу,
Кўз ўнгимда тошлар ҳам
Гулга айланиб борар.
Арқон каби чувалган,
Чайир, қаттиқ йўлларим,
Ипакдек майин-майин
Нурга айланиб борар.

Ҳазратнинг изин излаб,
Машрабнинг йўлин истаб,
Кўксимдагидек менинг
Суронли жанг кўрмадим.
Бу дунёнинг синови,
Сийлови турли-турли,
Ҳаётимда бирорта
Эгизак ранг кўрмадим.

Кўзингни узма, Тангрим,
Йўлларимни боғлама.
Фақат олисроқдаман,
Ўзимдан йироқдаман.
Ўзимга келиш учун
Ўзингга кетмоқдаман.
Ўзингга кетиш учун
Ўзимга келмоқдаман!

***

Келганимда тоғлар кўкка сакради,
Суюнчи олгани югурди дарё.
Балиқлар гапириб юборди бирдан,
Келганимда бирдан уйғонди дунё.

Шунчаки келмадим, чақмоқдек келдим,
Сокин табиатнинг йўқолди тинчи.
Юздан ошган эди кекса капалак,
Чумолилар филни ўтарди янчиб.

Келганимда… шундай туюлган чоғи,
Аслида барчаси тасаввур, холос.
Бу дунё ҳалиям ўша лўттибоз,
Ростлиги ёлғондир, ёлғонлиги рост.

Бизгача ўтдилар, ўтади даврон,
Куламан келажак кўзига қараб.
Вақтида келмоқ-ку бахтдир бегумон,
Вақтида кетмоқ ҳам шарафдир, шараф!

***
Ҳаётга ундайди нимадир,
Нимадир яшашга қўймайди.
Кўксимга санчилган азобни
Суғуриб ташлашга қўймайди.

Туни билан ёлвордим яна,
Туни билан қийналдим, Ё Раб.
Юрагимга қамаб қўйилган
Маҳбуслардан озодлик сўраб..

***

Сен руҳсан, эркин руҳ – биров етмаган,
Мен ҳасад қиламан озодлигингга.
Бир куни аён-ку сенга кетмагим,
Унгача яшашга маҳкумман нега?!

Кўзимни тўлдириб учар гала қуш,
Кун сайин елкамдан бўртар қанотим.
Сен бу – мен уйғониб кетган чала туш,
Ва бирдан чалкашиб кетган ҳаётим.

Кулишга кучим йўқ, йиғлашга мадор,
Исёним кўпирар, истагим – тилсим.
Худо, мени қушдек учириб юбор,
Эркимга кимнингдир ҳасади келсин…

ЯХШИЯМ…

Яхшиям, осмондан баланд ҳислар бор,
Яхшиям, ёмғир бор, яхшиям – кўз ёш.
Дардимни бировга қилмадим ошкор,
Йиғлаганимни ҳеч кўрдингми, Қуёш?!

Бари ҳаддан зиёд яхшидек гўё,
Чўкдим бахт аталмиш денгиз қаърига.
Энди хурсандмисан, азизим дунё,
Жавоб тополмадим саволларимга.

Ҳаёт бошдан-оёқ ўхшар сўроққа,
На олим, на шоир топди жавобни.
Ҳар тонг юрагимни кўчирдим оққа,
Баъзан нон ўрнида едим китобни.

Аммо ҳеч ўзимдан бўлмадим хурсанд,
Ўзимнинг дилимга кўп бердим озор.
Яхшиям, ҳислар бор – осмондан баланд,
Яхшиям, дунёдан катта дардлар бор.

***

Кўз солмаган Умас, қарамаган мен,
Ҳар заррага жодир Унинг нигоҳи.
Бунчаям тор экан менинг кўксим-а,
Бунчаям кенг экан Унинг даргоҳи.

Тағин имкон берди, тағин кечирди,
Яна зиёларни кўра бошладим.
Энди кучли бўлиш қийин кечмайди,
Энди менга келди яшаш фурсати.

Уйғонай, бахтимга муносиб бўлай,
Бўғзимдаги жон қушим сайраб кетсин.
Кўриб манглайимга ёзганларини,
Худойимнинг ўзи ҳам яйраб кетсин.

***

Балки лаънатлайди, қарғайди балки,
Кеча дуо қилган малоикалар.
Жамийки ҳужайрам топгандир таркиб
Қайноқ гуноҳингдан – бўйи муаттар.

Фаришта қалбини забт этган иблис,
Қандай дўзахсанки – жаннатдан муҳим.
Жуфтига талпинган оққушдек илкис,
Ҳижобини отди муслима руҳим.

Аммо исёнларим лаҳзалик холос,
Калтабин тақдирдан кутмадим шафқат.
Дунё югурарди ортимдан халлос,
Кўзингга қочардим кўзингга фақат.

Тушда ҳамма болам сенинг пуштингдан,
Ташда сароб – қизим, изтироб – ўғлим.
Руҳингни ўраган йўргак ҳам кафан –
Менинг ёсин кўнглим, таборак кўнглим.

***

Қўй энди, йиғлама, шунга шунчами,
Нега керак бўлди бунча кўз ёшлар.
Ҳозир фарёд солиб, ваҳима солиб,
Булутлар бошингга йиғила бошлар.

Дунёдан яширма табассумингни,
Ўша қиёфангда бўлавер зоҳир.
Сенга гуллар тутиб, сенга тиз чўкиб,
Кимсан Баҳор келди қошингга, ахир!

ЛАЙЛИКУЙ

Оловида қовурди ишқ,
Кулим кўкка совурди ишқ.
Бўронми ишқ, довулми ишқ,
Учиб кетди кўзларимай.

Умрим зулмат, нуринг маёқ,
Таним муқим, руҳим саёқ.
Ичим ёнди, куйди томоқ,
Бўғзимдаги бўзларимай.

Кўп ўтиндим, руҳ келмади,
Сафинаи Нуҳ келмади,
Шеър тўкилди, тўкилмади
Ярамдаги тузларимай.

Қақнусмидир жоним қуши,
Олов бўлдим чўққа тушиб,
Боравердим чўкка тушиб,
Қонаса ҳам тизларимай.

Дилинг Машраб, Мажнун кўйинг,
Бўш жисмимга кўчиб қўйдинг.
Мани майдек ичиб қўйдинг,
Энди йўқман, тугади май.

Руҳ саҳрода ёнаверсин,
Ишқ илкимга хома берсин,
Юрагимдан томаверсин,
Қонли-қонли сўзларимай.

Кипригимни қанот қилиб,
Учиб кетди кўзларимай…

ВАҚТ ВА МЕН

Қанча дақиқанинг бошига етдим,
Айбсиз лаҳзаларни ўлдирдим қасддан.
Неча оқ кунларим ҳавога кетди,
Вақтни қатл қилдим билиб-билмасдан.

Қайтадан тирилиб келаверди у,
Курашга тўймадик, кўп чўзилди жанг.
Бир чўчиб тушаман, босади қўрқув,
Соат чинқирганда, чалинганда занг.

Мени таьқиб қилар, тинч қўймас сира,
Кўзи очиқ кетган сонияларим.
Бевақт дафн этилган гўдак онлар ва
Яшашни уддалай олмаган умрим.

То оғриб тураркан виждон дегани,
Мен туғмаган сўзлар ёқамдан олар.
Ҳеч хавотир олманг, Вақт жаноблари,
Ортимда курашчан шеърларим қолар!

СУВ ВА ОЛОВ
(Достондан парча)

Инсон

Юзимга урилди томчи сув,
Юрагим эшитди ёмғирни.
Кўзимдан гуноҳлар оқди дув,
Тўкилмоқ шунчалар оғирми?

Оғирми енгиллик ҳис қилмоқ,
Ўзинга бормоқлик азобми?
Сен менга яқинсан, мен – йироқ,
О, нега – яна мен сабабли.

Неки ёмон, менинг ўзимдан,
Неки яхши – сендандир фақат.
Илонлар судралар изимдан,
Товоним чақолмай бетоқат.

Илон – шайтон, етмоқ бўлади,
Бўлинганча минг бир тарафга.
Мени айру этмоқ бўлади,
Васлинг кўрмоқликдек шарафдан.

1
Билмам, иблис одамгами ё,
Одамият иблисга содиқ.
У ҳар лаҳза берганда садо,
Мен тилимни тишладим қаттиқ.

Нигоҳимни обқочдим ундан,
Кўзим юмдим қошимга келса.
Иблис мени пухта ўрганган,
Қани мен ҳам у ҳақда билсам.

Ҳеч нарсани билмайман шукур,
Қандай тотли билмаслик бахти.
Буни туйиб яшамоқ ҳузур,
Менга Сени эслаш етади.

Исминг билан тўлса ҳотирам,
Унутсайдим дунёни кошки.
Ҳеч вақони эслай олмасам,
Сендан бошқа, бир Сендан бошқа.

Ёмғирона қўшиқлар айтдим,
Зангорланди кўнглим кенглиги.
Осмон шаффоф дур тўккан пайти,
Равшанлашди асли кимлигим.

Сув ва тупроқ қоришмасидан,
Пайдо бўлди Ҳазрати Одам.
Жонланганди бир томчи сув-ла,
Яратганнинг санъати – одам.

«Бўл» дединг-у туздинг оламни,
Кейин ўзинг кўрсатиб карам.
Бутун борлиқ ичра одамни,
Азиз қилдинг, қилдинг мукаррам.

Ва буюрдинг яралмишларга,
Одамзодга сажда қилишин.
Ҳамма шошди бажо этарга.,
Фақат шайтон рад этди кескин.

Деди: аҳир мени оловдан,
Уни томчи сувдан яратдинг.
Мен не учун бош эгай, зотан,
Ахир шоним ундан баланддир.

Манманлиги учун шайтондан,
Юз ўгирдинг, айтдинг лаънатлар.
Шайтон деди: бир шартим Эгам,
Умр бергил қиёмат қадар.

Токи ўша одамизодни,
Қул қиламан ҳавойи нафсга.
Афзал билгай ёлғон,риёни,
Ўзинг собир этгандан бошқа.

Дединг: майли шундай ҳукм этдим,
Фақат ҳеч бир одам устидан.
Ҳукмронлик қила олмайсан,
Сени енгиш боғлиқ ўзига.

Одам Ато ва Момо Ҳаво,
Кезар эди арши аълода.
Ҳавво ҳаволанди алдади шайтон,
Ёлғон — гўзал эди ҳаддан зиёда.

Сўнг уларни ерга туширдинг,
Шундан сўнг ҳам кўрсатиб шафқат.
Тағин ўша бир томчи сувдан,
Ато этдинг чекиз ноз-неъмат.

Адашмасин, қўрқмасин дея,
Юлдузларни чироқ айладинг.
Ёритсин-у куйдирмасин чун,
Ой-Қуёшни йироқ айладинг.

Замингилам силкинмасин деб,
Миҳлаб қўйдинг улкан тоғларни.
Саҳроларда сиқилмасин деб,
Яратмишсан гулгун боғларни.

Чумолининг умридан тортиб,
Капалакнинг тақдиригача.
Ҳикматингдир, ўзингдан тортиқ,
Сендан нишон бори мўъжиза.

Ҳеч нарсани билмайман шукур,
қандай тотли – билмаслик бахти.
Буни туйиб яшамоқ ҳузур,
Менга Сени эслаш етади.

2

Яратилди оловдан шайтон,
Одам эса бир томчи сувдан.
Шундан бери сув ҳамда олов,
Бир-бирига азалий душман.

Икки йўл бор, фақат икки йўл,
Ул бирига йўлбошчи шайтон.
Бирин сўнги – зулмат, бири – нур,
Ул бирига йўлбошчи иймон.

Билмам, қайси йўлдаман ўзим,
Орқагами ё олдга юрай.
Тўғри йўлда қолгайдир изим,
Бошқасида ўчгай бутунлай.

Имкон йўқ лек ортга қарашга,
Босиб кетар тумонат одам.
Оёғимга нелар илашган,
Менинг ўзим қайси йўлдаман?

Томчи сувга назар сол, инсон,
У тупроққа мамнун инади.
Кейин гуллар унади ундан,
Гўзаллик унади.

Кейин уни сийпалар Қуёш,
Нур тўкади гулнинг бошидан.
Инсон, сен ҳам шу гулга ўхшаш,
Асли сен ҳам шундай яхшисан.

Энди эса оловга қара.
У осмонга етмоқ бўлади,
Олов баландлагани сари,
Ундан қора тутун қолади.

Англадингми, инсон кўзингда
Мужассамдир сув ҳамда олов.
Қароликми ёки ёруғлик,
Қайси бирин танлаш ўзингдан.

Яратилди оловдан шайтон,
Одам эса бир томчи сувдан.
Шундан бери сув ҳамда олов,
Бир-бирига азалий душман.

«Гўзал» иблис илжайса ҳуник,
Ёмғирларни эшитсин юрак.
Токи тунлар юлдузлар ёниқ,
Сен томонга юрмоқлик керак.

Тезроқ англаб етмоқлик керак,
Вақт ҳам ортиқ кута олмайди.
Сув оловни ўчира олгай,
Олов сувни тўхтатолмайди

077Bu “koʻhna dunyoga oʻzini ovutgani, yuragini sovutgani kelmagan” Mehrinozning sheʼrlari yoshlik ayyomining pokiza tuygʻularidan, milliy sheʼriyatimiz tajribalariga hamnafaslikdan tugʻilgan. Bugungi sahifamizda uning sheʼrlarini taqdim etayotganimizdan benihoya mamnunmiz.

Mehrinoz ABBOSOVA
SHEʼRLAR
033

.

BIR QOʻSHIQ BOR

Bir qoʻshiq bor qalbimda
Avji “Ushshoq”dir ajab.
Tinglasa togʻlar mayin,
Toshlar yumshoqdir ajab.
Tebranib qator qushlar
Joʻr boʻlar ohangiga.
Jayronlar raqqosayu,
Sherlar mashshoqdir ajab.
Bunda Mashrabni poshsho
Dorga tikmas boshini.
Telbalar el ichinda
Davri peshvodir, ajab.
Tinglasa kuchga toʻlib,
Filni yengar chumoli.
Kapalakning qargʻadan
Umri uzzoqdir ajab.
Boʻlmasa gar shul qoʻshiq
Tandan uchgay jonu ruh.
Ruh nima, xatto ajal
Unga mushtoqdir ajab.

DUNYO

Kim bor,055
Keldim-ay, dunyo,
Har baloga shay, dunyo.
Koʻksimdagi sibizgʻam,
Boʻgʻzimdagi nay, dunyo
Bunga aslo oʻzimni
Ovutgani kelmadim.
Yurakdagi choʻgʻimni
Sovutgani kelmadim.

Nima u yelkamdagi
Mashrabning chorigʻimi,
Dardlarning ogʻirimi,
Boburning ogʻrigʻimi.
Usmon Nosir koʻzida
Oʻsgan lola – yuragim.
Choʻlponlarga qoʻshilib
Faryod solar yuragim.

Qalam tutgan qoʻlimda
Kishanlarning izi bor.
Gurkiragan gulimda
Hazonlarning isi bor.
Tovushim yoʻq tilimda
Toʻlgʻonadi soʻzlarim.
Uygʻotish uchun qachon
Uygʻonadi soʻzlarim?

Yigʻlay — yigʻlay koʻzlari
Qurib qolgan dunyo bu.
Yashirin fitnalarni
Koʻrib qolgan dunyo bu.
Dunyo uhlab yotibdi
Unga tikilib turib
Mana, yangi sheʼr yozdim.
Tuyqus uygʻonib ketdi!
Dunyojon, keldim bir zum
Qarangki, omadimni
Assalomu alaykum,
Bezovta qilmadimmi?!

QISMAT

Oldimda hech narsamas
Qaqnusning yonishlari.
Olovda qolishlari,
Qayta uygʻonishlari,
Men kuylasam, xijolat
Bulbulning xonishlari.

Hayqirigʻim falakni,
Yerni yorib oʻtgaydir,
Oʻrni yorib oʻtgaydir,
Qirni yorib oʻtgaydir,
Yuragimning taftidan
Togʻlar erib ketgaydir.

Bogʻda yaproqlar bilan
Sirlashar sarin tuygʻum,
Tugamas hazin kuyim,
Dardlarim yotar uyum,
Dardlarim yotar uyum,
Maysaga sheʼr oʻqiyman,
Maysa yigʻlaydi yum-yum.

Osmon ham yigʻlamsirab
Poyimga choʻkinadi,
Bagʻri “shir” soʻkiladi,
Chunonam oʻkinadi,
Chunonam oʻkinadi,
Yulduzlar bitta qolmay
Koʻzimga toʻkiladi.

Toza muhabbat qolgay,
Qolgan barchasi mayda.
Oshiqlar boʻlgan joyda,
Oshiqlar boʻlgan joyda
Muhabbat tugamaydi,
Oy bilan quyosh bu kech
Yuragimda tunaydi.

Ini toʻzgan ariday
Qiynoqlar duv keladi,
Men hecham qoʻrqmaydigan
Goʻzal qoʻrquv keladi,
Biram suluv keladi,
Biram suluv keladi,
Koʻzin oʻylashim bilan
Koʻzimga suv keladi.

Atay qilganday xuddi,
Fursat goh tez yugurgay,
Gohida sekin yurgay.
Kiprik qoqib ulgurmay,
Kiprik qoqib ulgurmay,
Koʻzim daryolarida
Buyuk ishq qalqib turgay.

Azal taqdirmi menga,
Abad yorni qoʻmsamoq,
Jon-jonimni toʻshamoq,
Devonaga oʻxshamoq,
Devonaga oʻxshamoq,
Oshiq boʻlib tugʻilmoq,
Shoir boʻlib yashamoq.

GULBARGLAR

Gulbarglar yurakka oʻxshab koʻrindi,
Yuraklar gulbargga oʻxshab koʻrindi.
Toabad kurashmoq – yengmoq, yengilmoq
Omonat bir baxtga oʻxshab koʻrindi.

Chin shoirlar qayda, koʻngil qaylarda,
Nechun soʻzlarimiz kelar paydar-pay.
Goʻyo dilsiz, tilsiz tugʻilganmiz va
Shundayligimizcha oʻladiganday.

Mudrab aljiramoq zamonimas bu,
Biz kim Navoiyga, Boburga mansub.
Nega men aytmayman bir yoniq soʻzni,
Nechun mudom ruhim jimlikka mahkum?

Nenidir anglayman onamni koʻrsam,
Oʻzimdan ham toʻgʻri, soddamni koʻrsam.
Haqiqiy shoirga aylangim kelar,
Bir-ikki haqiqiy odamni koʻrsam…

JOʻNATILMAGAN XAT

Ota, yozolmagan xatlarim uzun,
Ona, aytolmagan dardlarim uzun.
Dunyo, chin yurakdan soʻrayman uzr,
Seni nogoh anglab qoʻyganim uchun.

Goʻzalsiz deyishdi chehramga qarab,
Koʻzim kulib turar, yuragim mahzun.
Doʻppingni koʻkka ot, azizim xayot,
Yolgʻoningni chinga yoʻyganim uchun.

Ertaga quyoshni koʻrarmikinman,
Ertangi tong mendan boʻlarmi mamnun.
Doʻstlar, safingizdan siqib chiqaring
Va ustimdan kuling, kuyganim uchun.

Sizga nasib emas telbalik baxti,
Betuygʻu qalbingiz xilviroq, yupun.
Aqldan ozganim quvnatsin sizni,
Kuling, jinni boʻlib suyganim uchun.

Hech kim bilmasa ham, U bilsin meni,
Balki iztirobdan yaralganim chin.
Olislab boryapman odam zotidan,
Odamlik hissini tuyganim uchun.

***
Xudoyim, bu yoʻqlikda
Koʻnglimni yoʻqlayversam.
Seni deb yigʻlayversam,
Seni deb yigʻlayversam.

Koʻz yoshlarim umrini,
Choʻza olsa edim men.
Hislarimning suvratin,
Chiza olsa edim men.

Bu hislarda na rang na,
Shaklu shamoyil boʻlgay.
Qullarning koʻzi doyim,
Yigʻiga moyil boʻlgay.

Tuproq, yoʻl boʻlmoq baxtdir,
Maysa, gul boʻlmoq baxtdir.
Barchasidan aʼlodir,
Senga qul boʻlmoq baxti.

Umr bir nafasdurur,
Qachon firoqing basdur.
Nafs arsloni qamalgan,
Dunyosi qafasdurur.

Qafasda hurlik menga,
Lek jafo turluk menga.
Boshim ustiga poying,
Qulligim qulluq menga.

***

Oʻzingizni ayab yashamang,
Azoblaning, seving, sogʻining.
Hamma guli qirmizi, qon rang,
Yarmi tikon bu ishq bogʻining.

Ruhingizga bedorlik darkor,
Yuragingiz bezovta ursin.
Qarang, xatto oyning dogʻi bor,
O dardsizlik, dogʻsizlik qursin.

Iztirobni muqaddas biling,
Baʼzan toʻlib, toʻkilib yigʻlang.
Muhabbatni ehtiyot qiling,
Oʻzinggizni ehtiyot qilmang!

***

Kuz…koʻylagi eskirgan ayol,
Yashab-yashab esi kirgan ayol.
Shol taqdirga suyangan koʻyi,
Sokingina oʻy surgan ayol.
Xazonlarni supurgan ayol,
Armonlarni supurgan ayol,
Yolgʻonlarni supurgan ayol.
Yuragida sher naʼra tortib,
Saman otlar gupirgan ayol.
Har kun yerga boshini egib,
Maysalarga bukilgan ayol.
Qurib qolgan labidan betin
Salovotlar toʻkilgan ayol.
Oʻzgaradi seni deb qonun,
Tun tugamay nahor keladi.
Bir sen uchun, faqat sen uchun
Kuzdan keyin Bahor keladi!

***

Yuragimga yogʻishlar yogʻdi,
Unib chiqdi moviy maysalar.
Oʻchdi senli lahzalar yodi,
Dilda qoldi sensiz larzalar..

Tun sukuti tinchimni buzar,
Buncha mushkul koʻngul toʻlmayi.
Qiqirlaydi jujuq yulduzlar,
Ikkiqat oy qoʻyar jilmayib.

2
Yuzlarimga yugurdi qizil,
Bir kechada chiqardim chiroy.
Jajji baxtdan entikardi dil,
Bitta tunga sigʻdi toʻqqiz oy.

Zamin oq, osmon oq, yoʻrgak oq,
Yigʻlayman bagʻrimga bosib jim.
Savol bilan boqma, chaqaloq,
Oʻzim hozirgina tugʻildim..!

YOʻLLAR

Sabrga oʻrgatar bu olis yoʻllar,
Oʻzing bilan suhbat qurishing mumkin.
Hech kim oʻylaringga bermaydi halal,
Yurak tomonlarga borishing mumkin.

Istasang, toʻkib sol koʻngilda borin,
Yoʻllar sirlaringni saqlay oladi.
Gʻamlaring, dardlaring ham gʻuborlaring,
Hammasi, hammasi ortda qoladi.

Shamolga yuzingni tutasan sarmast,
Toʻlar qalbingdagi ming yillik boʻshliq.
Oʻzbaki ruhingga zarracha yuqmas
Avtoda yangragan ajnabiy qoʻshiq.

Ketsang, ketaversang cheksizlik qadar,
Hadsiz kengliklarga boʻylasang shoyon.
Boshingda baliqdek suzsa bulutlar
Muhimmas, maniziling ayon…noayon…

KЕLDI

Bexabarlik xabari keldi,
Bexatarlik xatari keldi.

To shu yerga kelguncha yurak,
Qancha dardni koʻtarib keldi.

Kelishingni eshitgan zahot,
Qaygʻu qarib, gʻam gʻarib keldi.

Jamolingdan soʻzlab shamollar,
Barcha baxtni jamgʻarib keldi.

Isming aytib toʻkildi bogʻlar,
Togʻlar sochi oqarib keldi.

Izingni, ey, koʻzi axtarim,
Butun olam axtarib keldi.

Sen kelmading, mening boshimga,
Sogʻinchdan ham battari keldi.

Yoʻqmidi bu telba dunyoning
Mehrinozga aytari, keldi.

***

Yuribman doʻst boʻlib xonqizilarga,
Tillaqoʻngʻizlarga koʻngil berib man.
Mana bu yurakning aqli boʻlganda,
Shoir boʻlarmidim kelib-kelib man.

Bitta zarrachalik keragim bormi,
Quyosh yurtidaman, koʻnglimda chiroq.
Onajon, kechiring, siz bilan emas,
Maysajonlar bilan gaplashdim koʻproq.

Meni toʻgʻri tushun, kuyunchak doʻstim,
Oʻjar feʼlim bilan ranjitsam baʼzan.
Eshitaman qoʻngʻir yerning ovozin,
Qoʻngʻiroqlaringni eshitmasam ham.

Mayli, umrim oʻtsin, mayli, vaqt oʻtsin,
Bahridan oʻtmayman shu oʻtloqlarning.
Ona Vatanimni yaxshi koʻrganday,
Bagʻrimga bosaman qoʻzichoqlarni.

Netay, azal shunday yaratilganman,
Tomirimda jindek shoirligim bor.
Shundan gʻambodaman, gʻamnokman har dam,
Shundan baxtiyorman, shundan baxtiyor!!!

SЕN ENDI

Sen endi kelmaysan, men ham bormayman,
Sevgimni boy berib boy boʻldimmi men?
Oʻ, kimni nishonga olganding, oʻzi,
Mendan oʻqdek ketding, yoy boʻldimmi men?

Mayli, kelma, dedim, tilimni chaynab,
Boʻgʻzimga qaytardim dard, ohlarimni.
Qurbing yetmaydi-ku terib berishga
Yoʻlingga toʻkilgan nigohlarimni.

Mensiz yurib koʻr-chi, qoʻlingdan kelsa,
Koʻzlarim yoʻlingda boʻldi beqadr.
Qayga oyoq bossang xuddi shu yerdan,
Kiprigim tikondek oʻsib chiqadir!

GULLAYOTGAN TOSH

1
Yashil tomirlarim qovjiramoqda,
Toʻlmagan yuragim yorilmoqda tars.
Nafasimni qisib, boʻgʻib bormoqda –
Boʻynimdagi qarz.

Koʻnglimga keladi shoirligim ham,
Yana qancha qoldi oʻzim tomonga.
Hanuz koʻrolmadim gullagan toshni,
Endi nima deyman Shavkat Rahmonga?!

2
Endi nima deyman mendan soʻralsa,
Nahotki shu qadar ojizman, axir.
Axir, men shoirman, balki mening-chun
Gullayotgan toshni koʻrmoqlik – taqdir.

Men faqat tepaga qaradim balki,
Koʻzim yetganicha neni koʻzladim.
Qalamni asodek tutib tunlari
Izladim, izladim, neni izladim?

3
Meni ezib qoʻydi bu tosh savoli,
Oʻtkir soʻzlar haqqi, qiloldim toqat.
Bildim, endi butkul gumondan xoli,
U millat koʻksida oʻsarmish faqat.

Mangu gullayversin, gurkirayversin.
Elning toshdek ogʻir dardiga qasam –
Gullayotgan toshni koʻrishim mumkin,
Xalqning yuragiga kirib borolsam!

QOʻSHIQLAR

Qoldi daftar-daftar qoʻshiqlar,
Pushti, moviy, safsar qoʻshiqlar.
Onamdayin mungligʻ gohida,
Singlim kabi dilbar qoʻshiqlar.

Muallifi basharmi, malak,
Chin vatani zaminmi, falak,
Oqib kirdi yurakka lak-lak,
Baʼzan ketdi badar qoʻshiqlar.

Dil – dogʻ, oy – dogʻ, farqi topilmas,
Shamsdir Gʻarbu Sharqi topilmas,
Ishqimizning sharhi topilmas,
Qiyomatga qadar qoʻshiqlar.

Turkiy, hindu farang bir boʻlur,
Olamdagi bor rang bir boʻlur,
Hamma kuy-u ohang bir boʻlur
Va Allohu Akbar, qoʻshiqlar.

***

Qachon tarqab ketar koʻzimdan tuman,
Har lahza oʻzimdan xavotirman men.
Qulogʻi eshitmas sozandadurman,
Rangni ajratolmas musavvirman men.

Chizgan suratlarim hammasi bir xil,
Kuylarimning barin ohangi oʻxshash
Va azob, va rohat shundayliging chun,
Oʻzingni aybdor his qilib yashash.

KOʻZLARING

Qarogʻimni kuydirib,
Qaroladi koʻzlaring.
Dilga qayta tigʻ urib,
Yaroladi koʻzlaring.

Yarolmadi koʻzlarim,
Koʻzlaringning naqshiga.
Yetgum bor nigohing deb,
Jon bermoqlik baxtiga.

Koʻzing – may toʻla qadah,
Ichmay mastona boʻldim.
Goh tufroqqa yalindim,
Gohi osmona, boʻldim.

Koʻzlaringini koʻrsam gar,
Domonida oʻlam, yor.
Koʻrmasam armonida,
Hijronida oʻlam, yor.

Koʻzlaringni ber menga,
Koʻrsat menga ziyoni.
Zora, sening koʻzingda,
Toza koʻrsam dunyoni!

MЕHRIBONIM

Mehribonim, oʻzing bermasang yordam,
Dushman qoʻynidagi tosh tugamaydir.
Qancha baxt bersang ham, quvonch bersang ham,
Nechun koʻzimdagi yosh tugamaydir.

Na gʻamga koʻnaman, na bir shodlikka,
Ruhimga ogʻirlik qilar yengil dard.
Milyon odam ichra yuribman yakka,
Bu yerlarda uzoq qoldirma faqat.

Faqat qolmasidan umrimda savol,
Nogoh nigohingga yetib olsam bas.
U yogʻiga oʻlish mumkin bemalol,
U yogʻiga yashab ketish hech gapmas…

***

Vujudingga sizgandek ruhim,
Sen yigʻlading birinchi marta.
Firdavs bogʻin kezgandek ruhim,
Kelgandekman xayotga qayta.

Tirik qoldi bizni deb sevgi,
Baxtli qulmiz – koʻngilga banda.
Oʻtdik ikki dunyoni yengib,
Oʻlim oʻldi bizga kelganda.

FЕVRAL-MART

Buyumlarin yigʻib, ust-boshin kiyib
Va qalin sharfini oʻrab boʻyniga.
Fevral chiqib ketdi shaxd bilan uydan,
Biroz kutmoqlik ham sigʻmay koʻngliga.

Soʻng Mart kirib keldi gul-gul ochilib,
Eng goʻzal koʻylagin kiygandi atay.
Lek Fevral ketgandi…
Suluv Mart esa,
Derazadan kulib boqdi indamay.

(Qiziq, ular yoʻlda uchrashmabdi ham)

Fevral ketgan edi ancha olislab,
Sogʻinch yuragini eritdi shunda.
Taqqa toʻxtadi-yu, afsusga botdi,
Eh, Martning suvrati yoʻq edi unda…

KOʻKLAM

Yuragimni shoir bilgan bahorim,
Yuragimni shoir qilgan bahorim.
Osmonlardan yigʻlab-yigʻlab yerga tushib,
Keyin boychechakdek kulgan bahorim.

Qaldirgʻoching sogʻinchlardan kuyib kelgay,
Samolardan muhabbatning kuyi kelgay.
Qulf urgan ul rayhoningga qoʻshiq bitsam,
Qoʻshigʻimdan rayhonlarning boʻyi kelgay.

Quyoshing koʻzimdan nurlar oʻtqazmish,
Yurar yoʻllarimga gullar oʻtqazmish.
Qalam yangligʻ boʻrtib chiqqan kurtaklar
Mening qoʻllarimga qalam tutqazmish.

Shoirnafas koʻklam, sheʼrnafas koʻklam,
Senga oshiqmas dil – oshiqmas, erkam.
Bugun yuraklardan boshlandi bahor,
Yurakdan boshlansa, tugamas koʻklam!

BЕRLINDA

Olib boʻldik qoʻlga qalamni,
Chiqib boʻldik xatarli yoʻlga.
Shoir qilib qoʻyar odamni,
Bu shundayin sehrli oʻlka.

Aylantirib zamin sharini,
Koʻz oldimda turlanr dunyo.
Goʻzal Berlin koʻchalarini
Koʻp kezganman avval ham goʻyo.

Qoʻyarkanman jahonga qadam,
Yoʻllarimdan terdi tikanni.
Moʻmin otam, maʼsuma onam
Qirqdan oshib koʻrdi Toshkanni.

Reyxstagning eng choʻqqisidan,
Boqarkanman olamga shodon,
Qayda norgʻul nihol qulagan,
Qayda goʻdak talashmoqda jon.

Men-chi faqat qutqardim oʻzni,
Ne isyonlar gurlar dilimda.
Vatan degan muqaddas soʻzni.
Aytmaydigan boʻldim tilimda.

TANAVOR

Gulli koʻchalarda tashlayman qadam,
Gulgun hislarimda savollar tugun.
Balki U yonimda turar ayni dam,
Topolarmikinman Uni shu bugun.

Qayrilib qarayman qani, qayerda,
Nahotki, yoʻqlikka ketganman singib.
Nur boʻlib chiqaman zulmat qaʼridan,
Yoningga yetaman yellarni yengib.

Mana, senga oppoq yuragim tutdim,
Bir bor koʻrsatmaysan oʻzingni nechun?
Seni eslayman deb, oʻzni unutdim,
Oʻzimni yoʻqotdim seni topmoq chun.

Sen esa qayerda, kutyapsan neni,
Qara, koʻzlarimning sohillari nam.
Olamga hayqirib, chaqirsam seni,
Javob berar hatto togʻu toshlar ham.

Nega sukutdasan – nimaga jimsan?
Tinmay beraverdim shu savollarni.
Nigohing aksi bor falakka qasam,
Izlayverdim senga eltar yoʻllarni.

Qayerga bormayin sezib turaman,
Ortimdan kuzatgan nigohing kuchin.
Jonimni beraman, borim beraman
Oʻsha nigohingni koʻrmoqlik uchun.

Isming aytay desam, kuydi tomogʻim,
Boʻgʻzim – hamma yogʻi ilma-teshik nay.
Hatto daraxtlar ham senga intilsa,
Men nega turishim kerak indamay.

Mashrabday dunyoni kezarman dalli,
Sen tengsiz maʼshuqsan, biz soʻzsiz ushshoq.
Odimlasam faqat sening yoding-la,
Tikon ham sanchildi gul kabi yumshoq.

Sirqirab qon oqdi tovonlarimdan,
Va bu soʻz tuproqqa qorishib ketdi.
Yuragim quyoshga aylandi birdan,
Koʻnglim koʻchalari yorishib ketdi.

Havoning shaklini koʻra boshladim,
Shamolning rangini ilgʻadim nogoh.
Sirli visolingni topishim haqqi,
Menga butun borliq boʻldi xayrixoh.

Osmonda nigohing, gulda orazing,
Togʻlarda savlating, bagʻring qirlarda.
Mayin sabolarda uchdi nafasing,
Siymong gavdalandi rangin nurlarda.

Gʻunchaning labida pichirlading sen,
Qushlar sen oʻrgatgan qoʻshiqni aytdi.
Yellar etagini hilpiratib keng,
Xiromon aylamish bogʻlarda daydi.

Bani borliq senga qilar ibodat,
Ruhim qushi sayrar sen tomon ucha.
Bildim, mujassamsan, sendan iborat
Zamindan to olis koinotgacha.

Entikdim nomingni takrorlayotib,
Seni axtarishni qilmasdan kanda.
Tun qora koʻrpasin ustiga yopib,
Oyni yostiq qilib uxlab yotganda.

Asta chayqaladi osmon dengizi,
Yulduzlar koʻzimga ketmoqda sachrab.
Har bir nafasimda nafasing sezib,
Koʻzimda koʻzingni qololsam asrab.

Topdim, senga boʻlgan chin ishqim gʻolib,
Bildim – bildirmasdan kuzatyotgan kim.
Endi yuragimga joylashib olib,
Koʻzlarimdan qarab tur, Tangrim,
Koʻzlarimdan qarab tur, Tangrim!

MASOFA

Kichrayib bormoqda sening masofang,
Mening yiriklashib bormoqda dardim.
Olisroqda boʻlsang, olisda boʻlsang,
Hozirgidan koʻra yaqin tutardim.

Seni axtarardim oʻzni yoʻqotib,
Dunyoni unutib, seni eslardim.
Tarqoq hislarimga yoʻq edi tartib ,
Sendan uzoqroqda boʻlgan kezlarim.

Koʻksimizga solib yurardik asrab,
Almashtirib olib yuragimizni.
Sogʻinmoq sevmoqdir, degani rost gap,
Oʻsha ayriliqlar bogʻlardi bizni.

Qirgʻoqqa yetishgach, tez qaytar dengiz,
Qaragin, sevgi ham shu holga oʻxshar.
Qolmas muhabbatga yaqinligimiz,
Oʻrtada masofa boʻlmasa agar…

***

Dengizimiz birdir, osmonimiz bir,
Suzish taqiqlangan, uchish mumkinmas.
Qattiq berkitaman quloqlarimni,
Qoʻshigʻimiz behad, kuyimiz tinmas.

Senga eltaverar sabuhiy tushlar,
Yoʻq! Yetib bormayman – uygʻonmoq taqdir.
Koʻchaga chiqaman ogʻir sudralib,
Garchand bu firoqning yoʻllari gʻadir.

Yuraksimon barglar uchar havoda,
Topmasimni bilib, izlayman sarkash.
Kelmasingni sezib kutgan onlarim,
Faqat soʻz taskindir, yolgʻiz sheʼr – dardkash.

Koʻzimni yumaman – koʻzlaring paydo,
Koshkiydi, shu taxlid oʻtkarsam umr.
Tushlarim shovullar, uchar tushlarim,
Dengizimiz birdir, osmonimiz bir

SOʻROQ BELGISI

Qarmoqqa oʻxshaydi soʻroq belgisi,
Sirtmoqqa oʻxshaydi soʻroq belgisi,
Jonim jon emasmi, turgan bitgani
Qiynoqqa oʻxshaydi soʻroq belgisi.

Baʼzida koʻzimni tiladi soʻroq,
Gohi tomogʻimdan iladi soʻroq,
Bugun bu sersavol hayot ham tinmay
Mening yuragimni qiladi soʻroq.

Bir soʻzni deb mingta joni halakman,
Kimga kerak, kimlarga nokerakman
Mening ismim soʻroq emas, undovdir
Mening oʻzim savol emas, darakman!

Sirtmoqlar solmasin soʻroq belgisi,
Boʻgʻzimdan olmasin soʻroq belgisi,
Nomim aniq boʻlsin, izlarim qolsin
Ortimda qolmasin soʻroq belgisi!

* * *

Qushman – koʻzingizga kirib qolgan qush,
Shu paytgacha tentib uchardim sarxush.
Milyon yil oʻtsa ham qoʻyvormas hargiz,
Temir panjaradek kipriklaringiz.

Kundan kun qanotim oʻsib boradir,
Kengligi osmonni toʻsib boradir
Lek uchib ketmayman, angladim erkam —
Totli his borligin OZODLIKdan ham!

***

Men betartib hayot kechirdim,
Ammo, hayot meni kechirdi.
Mayxonada soqiyman oʻzim,
Xojam sharob quyib ichirdi.

Atirgulga maktublar yozdim,
Javobini keltirdi xazon.
Va tobora aqldan ozdim,
Kundan kunga yaqindir osmon.

Qachon anglab qoʻydim dunyoni,
Qachon bunga ulgura qoldim.
Men – oʻzimga oʻzim mehribon,
Men – oʻzimga oʻzimman zolim.

Arosatda qoldi-ku jonim,
Na yoʻqqa, na borga oʻxshayman.
Axir, anglab qoʻydim dunyoni,
Bu yogʻiga qanday yashayman?..

***

Odamga oʻxshashga urindim qattiq,
Odamdek yashashga urindim qattiq.
Oʻzimcha har kuni xayolxonamda,
Oʻrnatmoqchi boʻlaman tartib.

Koʻzguga qarayman,
Qiyofam odam,
Men ham boshqalardek olyapman nafas.
Soʻng oʻzing boʻlasan yagona daldam,
Bunday oʻylayotgan faqat men emas.

Yoʻqlik mavjud xolos asli olamda,
Asli hamma maʼno maʼnisizlikdir.
Neki gʻam istasang, oʻzingdan axtar,
Neki baxt istasang, oʻzingdan qidir.

Hali soʻzimizni anglar kelajak,
Biz hali uzooqqa boramiz birga.
Tashakkur ayt, meni uchratding, axir,
Men ham rahmat deyman sen-chun taqdirga…

***

Maysaning joniga bermaydi orom
Tezroq yerni yorib chiqmoq istagi.
Garchi keng osmonga poyon yoʻq, poyon,
Manzilga shoshilar qushlar koʻkdagi.

Qarangki, ildizdan yulduzga qadar
Har jon tiriklikdan axtarar maʼni.
Mening hayratimni oshirar battar
Bemaqsad odamning yashayotgani…

***

Soat nechaligin soʻramang mendan,
Negadir qoʻrqaman vaqtga qarashga.
Shundoq ham bu dunyo hisobli dunyo,
Umrimiz oʻtmasin lahza sanash-la.

Istagim – ortimda qoldirsaydim iz,
Daxl qilolmasa soat millari.
Yuzlarimni yorugʻ qilib ketingiz,
He-ye-yey, siz oʻtayotgan daqiqalarim…

***

Sheʼr oʻqiysan…tinglar yer-samo,
Qushlar tinglar sokin, behadik.
Sheʼr boʻlmasa yetishmas havo,
Asli olam sheʼr bilan tirik.

Sheʼr oʻqiysan…togʻlar choʻkar tiz,
Bogʻlar unar gulli, daraxtli.
Shoiri yoʻq millatlar baxtsiz,
Millati yoʻq shoirlar baxtli.

YOMGʻIRDAN SOʻNG

Tiniqlashdi gullarning rangi,
Shamol yuvib oldi koʻylagin.
Oʻksib berdi bechoralardek
Dov-daraxtlar koʻcha-koʻydagi.

Keyin quyosh, mehribon quyosh,
Sochin yozdi, aqldan ozib.
Har maysani yupatgim keldi,
Har yaproqni bagʻrimga bosib…

U

Kim U koʻzimdan kirib,
Koʻksimga lola ekkan.
Kimga boylik, kimga shon,
Menga yomon dard tekkan.
Jonim oʻynar boʻgʻzimda,
Toʻlib ketdi yuragim.
Oʻlgudayin koj, qaysar
Boʻlib ketdi yuragim.
Qoʻymaydi oʻz holimga,
Dardim yoraman, deydi.
Senga boraman, deydi,
Senga boraman, deydi.
Boray desam oldinga,
Oyoqlarim qaltirar.
Suyaklarim sochilib,
Barmoqlarim yanchilar.
Bilmam, qachon izingni
Izlarim quvib yetgay.
Koʻzingga qaray desam,
Koʻzlarim kuyib ketgay.
Kuyib ketgay vujudim,
Tomirlarim chirsillar.
Men yigʻlayman ogʻriqdan,
Hammalari kulsinlar.
Kulsinlar toʻyib-toʻyib,
Kelmas mening xoʻrligim.
Hammasidan ustundir
Muhabbatning borligi!
Barchasiga dosh bergum,
Shu buyuk Ishq bila man.
Tangrim meni eng baxtli
Qilishini bilaman.
Tangrim, meni eng baxtli
Qilishingni bilaman!

YONGAY

Koʻzing – olov, boqsam, manim jonim yongay,
Oʻt tutashib, tomirdagi qonim yongay.

Yuray desam tovonimda lahcha choʻgʻ bor,
“Oh”im chiqmas, choki giribonim yongay.

Yorga jonni bermoq nadur, mandan soʻrang,
Jonim nima, borim, xonumonim yongay.

Man gulxanda, u gul xanda otib kulgay,
Mehr koʻrsat, yolgʻiz mehribonim, yongay.

Mehrinoz-yey, bu jahona sigʻmasdursan,
Qayda Mashrab, qayda Namongonim, yongay.

YOMGʻIR QOʻSHIQ

1
Koʻchalarda mezon yonadi,
Qurshab olgan borliqni hadik.
Moʻjazgina qahvaxonada
“Capuccino” ichar yolgʻizlik.

Biram mayin shigʻalar yomgʻir,
Sevgi isi tutdi shaharni.
Tashqariga imlaydi kimdir,
Qahvaxonadagi bahorni….

2
Shopen…Yomgʻir valsi….Zulfi parishon,
Kuyga joʻr boʻladi telba daraxtlar.
Bulutlar borliqqa tarqatar ehson,
Oshiq koʻzlarida yulduz yaraqlar.

Oxir vujud jonni musofir bildi
Va kofir tuygʻular keldi iymongga.
Afsus…koʻzlar, qoʻllar, yoʻllar ayrildi,
Lek ruhlar chirmashib ketdi osmonga.

3
Kengliklar haqida kuyladi shamol,
Samoviy ohanglar yogʻilib betin.
Muhabbat –visolga yetmagan visol,
Shirinligi pinhon, pinhonligi chin.

Ravomas odamdek zoti gumrohga,
Ishq bu – Xudo bilan bogʻliq nozik sir.
Muqaddas gunohga, goʻzal gunohga
Guvohlik beradi bu tungi yomgʻir.

OʻYIN

Dunyodan xafa boʻldim,
Arazladim oʻzimdan.
Ketdim. Toʻp-toʻp ginalar
Kelaverdi izimdan.

Uyga kirdim, olamdan
Uzilganim soz edi.
Bu kulbamda, bor-yoʻgʻi,
Bir uyum qogʻoz edi.

Hech ne sigʻmas koʻnglimga,
Sigʻdirmadim, toʻgʻrisi.
Borligimni hech kimga
Bildirmadim, toʻgʻrisi.

Borolmadim eshikka,
Turolmadim gʻam bosib.
Kun oʻtkazdim xonamda,
Och qoringa sheʼr yozib.

Meni siqib qiynadi
Bir umrga yetarlik –
Bir yurak gina-kudrat,
Bir uy xafagarchilik.

Keyin… keyin tashqari
Qaramoqqa botindim.
Dunyo kulib turardi,
Unga shartta otildim.

Ming yil koʻrishmagandek,
Salomlashdik u bilan.
Va boshqatdan tanishdik,
Oʻyin qildik boshqatdan.

Oʻyin shartin bilaman,
Magʻlub qilar araz, gʻam.
Endi mahkam boʻlaman,
Boʻsh kelmaydi dunyo ham.

Endi taslim boʻlgim yoʻq.
Choʻziladi bu kurash:
Kim tez xafa boʻlarkin,
Kim birinchi arazlash?!

***

Vaqt tezligi oshdi, onajon,
Hanuz sizga yetolmadim men.
Shahar koʻzim ochdi, onajon,
Lek koʻz yumib ketolmadim men.

Hijron yoʻli bunchayam uzun,
Oʻtib borar yil ortidan yil.
Ketaylik deb yigʻlaydi har kun,
Sizni mendan koʻp sogʻingan dil.

Dunyosidan kim foyda koʻrgan,
Ustun qoʻyib hoyu havasni.
Sizdan olis yurganim-yurgan,
Kechiring men orzuparastni.

Shukur, koʻnglim koʻnglingizdek oq,
Faqat sizga oʻxshayman endi.
Yuragimga berkingan qishloq,
Yuragimda yashayman endi.

***

Koʻzlarim qorasida
Oq bulutlar daydiydi.
Tushlarim orasidan
Chiqib kelsang qaniydi.

Shahzodam, oq tulporing
Uchqurmikin, ishqilib.
Kipriklarim oʻsmoqda
Sen tomonga intilib.

Oʻn yettita dovonni
Oshgunimcha tolmadim.
Na qilay, muhabbatning
Yuzidan oʻtolmadim.

Oq yomgʻirlar yogʻdilar –
Oppoq uzun yoʻl boʻldi.
Koʻzimdan suvlar kirib,
Yurakkinam hoʻl boʻldi.

Men jonimni tashlagan
Gardsiz koʻzingga qasam.
Faqat xayolimdasan,
Faqat xayolimda san.

Illo, sening koʻzingni
Koʻzimdan oʻchirmayman.
Har tong osmonga qarab
Oʻzimcha pichirlayman:

«Koʻzlarim qorasida
Oq bulutlar daydiydi.
Tushlarim orasidan
Chiqib kelsang qaniydi.»

***

Toza edi dunyoning rangi,
Olov qalbim sochib uchqunlar.
Men va yurak tugʻildik yangi,
Seni sevib qolganim kunlar.

Osmonlari poyimga keldi,
Dengizlari soyimga keldi.
Maysalar ham qoyimga keldi,
Seni sevib qolganim kunlar.

Kuz bogʻlari durkun koʻrindi,
Qayga boqsam, bir gul koʻrindi.
Qolgan bari bir pul koʻrindi,
Seni sevib qolganim kunlar.

Gʻamni koʻzga ilmagan edim,
Ismingni ham bilmagan edim.
Bu dunyoga kelmagan edim,
Seni sevib qolganim kunlar.

USMON NOSIR

Usmon Nosir, qayerdasan,
Qaylarda qoldi koʻzing,
Qaylarda qoldi soʻzing?
Yosh joningni olgan allakimlardan
Qasdini oldi soʻzing.
Kitobingni qoʻlga olaman,
Sheʼr oʻqiyman – chaqnar nigohing.
Seni izlab tushlarimda ham,
Sibirlarga boraman gohi.
Muhabbatlar yaxlagan joyda,
Oʻlimingni xohlagan joyda.
Yuragingni isitgan nima,
Qayta-qayta hayot bergan kim?
Ona, meni Vatanim, bogʻim,
Unutmaydi, degan bir taskin.
Mard yuraging urarkan toʻxtab,
Zirqiratib butun olamni.
Oʻpib qoʻyding qoʻlchasin asta,
Tugʻilolmay qolgan bolangni.
Koʻz oldingdan oʻtar birma-bir,
Yolgʻonni xush koʻrgan dunyoga
Haqiqatni izlab kelganing,
Adolat deb hayqirganing chogʻ,
Qon yutganing, boʻgʻzing kuygani.
Yoʻqlaguvching azob ekani,
Muz boʻldi koʻksingga tekkani,
Sening gulday yumshoq koʻnglingga
Sanchilgani firoq tikani.
Gʻamboʻronda sovuq yeganing
Va kimnidir yonib sevganing.
Mushfiq onang koʻziga qarab,
Kelaman, deganing.
Soʻnggi damda pichirlaganing
«Yaqinlarim koʻrmadi yaxshi
Yaxshi boʻldi mehribon Tangrim,
Uzoqlarda jonim berganim.
Yoʻqsa onam chidayolmasdi,
Yoʻqsa men ham koʻnmasdim rosti».
Unutmaydi uni bu bogʻi,
har niholi boʻlgaydir tirgak.
Toki dunyo zor ekan sheʼrga,
Oʻlim yoʻqdir Usmon Nosirga,
Oʻlim yoʻqdir Usmon Nosirga.
Usmon ogʻam, men ham sheʼriyat
Qoʻllarini tutgan singlingman.
Layli Majnun boʻlib soʻz bilan
Saharlar qon yutgan singlingman.
Sen uchun ham yashashim kerak!
Ishqqa toʻlib yashashim kerak.
Sen uchun ham toleim kulib,
Baxtli boʻlib yashashim kerak!
Men tugʻildim — oʻsha sen kutgan,
Orzulagan baxt zamonida.
Endi seni chorlayman ogʻam,
Haqiqatni kuylash onida.
qoʻlga olib yurak – sozingni,
Sheʼrlar oʻqi bor ovozingda.
Toki dunyo zor ekan sheʼrga
Oʻlim yoʻqdir Usmon Nosirga!

***

Daraxtlar osmonga tutadi bagʻir,
Tuproqqa sanchilar yomgʻirnayzalar.
Kimnidir sogʻinar, oʻylar kimnidir,
Oʻzini yoʻqotib qoʻygan maysalar.

Dovdirar — uchishin bilmaydi qayga,
Qushlarning koʻzida qotdi tomchi muz.
Xijolat qiladi – azali joyga
Tillarang koʻylakda kelib qolgan kuz…

KURASH MAYDONIDA

Koʻzlarimdan sachrab chiqar dod:
“Kurash! Maydon seniki hozir.”
El oldida yiqilmoq – isnod,
Lek kurashib yengilsang – arzir.

Uygʻonsaydi koʻksingdagi sher,
Tulkilarni sigʻdirmas maydon.
Halol boʻlar, mard boʻlar chin er,
Polvon degan soʻzga esh vijdon.

Oʻyin qilma zafar qasdida,
Kurash biz-chun gʻururdir, ordir.
Bilasan-ku, dunyo aslida
Jelagingning yengidan tordir.

Hayiqadi otangdan iblis,
Otangning-chi, hadigi boshqa.
Sen toʻxtama, jang qil tinimsiz,
Yiqilganlar toʻysin kurashga.

Qaytma, ortga yoʻl yoʻqdir ogʻam,
Asl oʻgʻlon yovdan qoʻrqarmi?!
Pisand qilmas zaif raqib ham,
Maydoni boʻsh qolgan yurtlarni.

Kuraaaaaash….!!!!

***

Boshimdan hovuchlab nur toʻkar hayot,
Baxtiyor shamollar gul tutar menga.
Qachon oʻsib chiqdi yelkamdan qanot,
Qachon boʻla qoldim bu baxtga ega.

Qachon toʻla qoldi shodlikka qalbim,
Qaysi payt yorugʻlik indi dilimga.
Qora bulutlarni duch qilma, Tangrim,
Quyoshga bogʻlanib qolgan elimga.

Iloyo, mosuvo qilma dardimdan,
Shoirga ortiqcha baxt ham xatarli.
Shunday farzand boʻlsam, birov ortimdan:
“Otasiga rahmat” desa, yetarli.

SЕN VA MЕN

Men haliyam orzuparastman,
Men haliyam xayolga bandi.
Bir kun kelib xuddi oʻzingni
Koʻraman deb oʻylamagandim.

Menga bundan ortigʻi ortiq,
Huzuringda karaxtman, karaxt.
Sen – men uchun dahshatli shodlik,
Sen – men uchun qoʻrqinchli baxt.

QOR GUPILLAR

Qor guppillar… har qarich yerga,
Moʻjizaning yetdi qadami.
Muzliklarda, mensizliklarda
Yuragingiz sovqotmadimi?!

Nigohingiz issiqmi hanuz,
Yax emasmi koʻngil oynangiz?
Gulxan boʻlib yoqar qalbimni
Yozilmagan oʻtli nomangiz.

Mayli, menga qorxat joʻnatmang,
Sovqotmaslik chorasin koʻring.
Ishqning otash bagʻridan ketmang,
Sogʻinchlarga oʻranib yuring.

Bir paytlar koʻnglimiz oq edi,
Bir paytlar yoʻq edi gʻamimiz.
Yodingizdan chiqdimi birga
Qorbobolar yasaganimiz.

Qor qoʻynida olovdek yondim,
Axir, sizsiz yashab boʻlmaydi.
Ammo…
Afsus, chin muhabbatni,
Qorbobodek yasab boʻlmaydi…

TOGʻLARIM

Vatan bir togʻ – past boʻlmasin deb,
Osmonlarga yetib bergan togʻ.
Otam bir togʻ – balandlasin deb,
Yelkasini tutib bergan togʻ.

Oʻzing ayt-chi, polvon yuragim,
Imkon bormi, yetarmi kuchim.
Shu choqqacha meni koʻtargan
Togʻlarimni koʻtarmoq uchun?!

HAVAS

Qaygʻular kechagi, tuygʻular sabil,
Taqdirga tan berib chekinmoqda tun.
Daraxtlar oqsuyak xonimlar kabi,
Qoʻl silkib qoʻyadi hissiz va beun.

Yetim yaproqlarni turtkilar shamol,
Boshpanasiz yomgʻir tentir koʻchada.
Adolatdan emish kuz – fasli zavol,
Bu xil adolatga boʻlarmi chidab?!

O, kuzgi daraxtlar, kutmas shafqatni,
Bazida havasga toʻladi koʻnglim.
Shuncha yoʻqotishlar xaqqi-hurmati,
Bunchayam chiroyli siz topgan oʻlim…

YASHASHGA URINDIM

Yashashga urindim, tirik yashashga,
Aslo shon-shuhratga intilganim yoʻq.
Kelajak, bilaman, senga ham qiyin,
Yodingda qolishni istovchilar koʻp.

Kutilmagan kunlar bordir taqdirda,
Yulduz boʻlavermas koʻkda yalt etgan.
Hech yoʻqsa, tarixda qolish uchun ham,
Buyuk mashaqqatlar chekmoq shart ekan…

PARDA

Boqsam derazamdan boʻynimni choʻzib,
Bu fusunkorlikning yoʻqdek poyoni.
Darpardalarni shart tashladim uzib,
Boricha koʻray deb goʻzal dunyoni.

Barchasi chippaka chiqa boshladi,
Pardasiz deraza va boʻm-boʻsh borliq.
Hamma yoqqa bir-bir nigoh tashladim,
Qani avvalgiday mastlik, xummorlik?

Qani avvalgiday parda ortidan,
Oy chiqdimikan, deb boqishlarim?
Xonamga tushgan nur haroratidan
Qalam bilan birga dil yoqishlarim?

Nazar solib parda chetidan goʻyo,
Ishonardim bunday fusunga qatʼiy.
Oʻshanda moʻjiza koʻringan dunyo
Endi koʻrinardi judayam oddiy.

Qayta parda tutib, tashlarkanman koʻz,
Bu borliq koʻrindi sehrli, koʻrkam.
Angladim.
Har qanday goʻzallik ham, doʻst,
Parda, toʻsiq bilan chiroyli ekan!

YOʻLDAMAN

Yuragim yorigʻidan
Yorugʻlik kirgan kun bu,
Koʻz oʻngimda toshlar ham
Gulga aylanib borar.
Arqon kabi chuvalgan,
Chayir, qattiq yoʻllarim,
Ipakdek mayin-mayin
Nurga aylanib borar.

Hazratning izin izlab,
Mashrabning yoʻlin istab,
Koʻksimdagidek mening
Suronli jang koʻrmadim.
Bu dunyoning sinovi,
Siylovi turli-turli,
Hayotimda birorta
Egizak rang koʻrmadim.

Koʻzingni uzma, Tangrim,
Yoʻllarimni bogʻlama.
Faqat olisroqdaman,
Oʻzimdan yiroqdaman.
Oʻzimga kelish uchun
Oʻzingga ketmoqdaman.
Oʻzingga ketish uchun
Oʻzimga kelmoqdaman!

***

Kelganimda togʻlar koʻkka sakradi,
Suyunchi olgani yugurdi daryo.
Baliqlar gapirib yubordi birdan,
Kelganimda birdan uygʻondi dunyo.

Shunchaki kelmadim, chaqmoqdek keldim,
Sokin tabiatning yoʻqoldi tinchi.
Yuzdan oshgan edi keksa kapalak,
Chumolilar filni oʻtardi yanchib.

Kelganimda… shunday tuyulgan chogʻi,
Aslida barchasi tasavvur, xolos.
Bu dunyo haliyam oʻsha loʻttiboz,
Rostligi yolgʻondir, yolgʻonligi rost.

Bizgacha oʻtdilar, oʻtadi davron,
Kulaman kelajak koʻziga qarab.
Vaqtida kelmoq-ku baxtdir begumon,
Vaqtida ketmoq ham sharafdir, sharaf!

***
Hayotga undaydi nimadir,
Nimadir yashashga qoʻymaydi.
Koʻksimga sanchilgan azobni
Sugʻurib tashlashga qoʻymaydi.

Tuni bilan yolvordim yana,
Tuni bilan qiynaldim, Yo Rab.
Yuragimga qamab qoʻyilgan
Mahbuslardan ozodlik soʻrab..

***

Sen ruhsan, erkin ruh – birov yetmagan,
Men hasad qilaman ozodligingga.
Bir kuni ayon-ku senga ketmagim,
Ungacha yashashga mahkumman nega?!

Koʻzimni toʻldirib uchar gala qush,
Kun sayin yelkamdan boʻrtar qanotim.
Sen bu – men uygʻonib ketgan chala tush,
Va birdan chalkashib ketgan hayotim.

Kulishga kuchim yoʻq, yigʻlashga mador,
Isyonim koʻpirar, istagim – tilsim.
Xudo, meni qushdek uchirib yubor,
Erkimga kimningdir hasadi kelsin…

YAXSHIYAM…

Yaxshiyam, osmondan baland hislar bor,
Yaxshiyam, yomgʻir bor, yaxshiyam – koʻz yosh.
Dardimni birovga qilmadim oshkor,
Yigʻlaganimni hech koʻrdingmi, Quyosh?!

Bari haddan ziyod yaxshidek goʻyo,
Choʻkdim baxt atalmish dengiz qaʼriga.
Endi xursandmisan, azizim dunyo,
Javob topolmadim savollarimga.

Hayot boshdan-oyoq oʻxshar soʻroqqa,
Na olim, na shoir topdi javobni.
Har tong yuragimni koʻchirdim oqqa,
Baʼzan non oʻrnida yedim kitobni.

Ammo hech oʻzimdan boʻlmadim xursand,
Oʻzimning dilimga koʻp berdim ozor.
Yaxshiyam, hislar bor – osmondan baland,
Yaxshiyam, dunyodan katta dardlar bor.

***

Koʻz solmagan Umas, qaramagan men,
Har zarraga jodir Uning nigohi.
Bunchayam tor ekan mening koʻksim-a,
Bunchayam keng ekan Uning dargohi.

Tagʻin imkon berdi, tagʻin kechirdi,
Yana ziyolarni koʻra boshladim.
Endi kuchli boʻlish qiyin kechmaydi,
Endi menga keldi yashash fursati.

Uygʻonay, baxtimga munosib boʻlay,
Boʻgʻzimdagi jon qushim sayrab ketsin.
Koʻrib manglayimga yozganlarini,
Xudoyimning oʻzi ham yayrab ketsin.

***

Balki laʼnatlaydi, qargʻaydi balki,
Kecha duo qilgan maloikalar.
Jamiyki hujayram topgandir tarkib
Qaynoq gunohingdan – boʻyi muattar.

Farishta qalbini zabt etgan iblis,
Qanday doʻzaxsanki – jannatdan muhim.
Juftiga talpingan oqqushdek ilkis,
Hijobini otdi muslima ruhim.

Ammo isyonlarim lahzalik xolos,
Kaltabin taqdirdan kutmadim shafqat.
Dunyo yugurardi ortimdan xallos,
Koʻzingga qochardim koʻzingga faqat.

Tushda hamma bolam sening pushtingdan,
Tashda sarob – qizim, iztirob – oʻgʻlim.
Ruhingni oʻragan yoʻrgak ham kafan –
Mening yosin koʻnglim, taborak koʻnglim.

***

Qoʻy endi, yigʻlama, shunga shunchami,
Nega kerak boʻldi buncha koʻz yoshlar.
Hozir faryod solib, vahima solib,
Bulutlar boshingga yigʻila boshlar.

Dunyodan yashirma tabassumingni,
Oʻsha qiyofangda boʻlaver zohir.
Senga gullar tutib, senga tiz choʻkib,
Kimsan Bahor keldi qoshingga, axir!

LAYLIKUY

Olovida qovurdi ishq,
Kulim koʻkka sovurdi ishq.
Boʻronmi ishq, dovulmi ishq,
Uchib ketdi koʻzlarimay.

Umrim zulmat, nuring mayoq,
Tanim muqim, ruhim sayoq.
Ichim yondi, kuydi tomoq,
Boʻgʻzimdagi boʻzlarimay.

Koʻp oʻtindim, ruh kelmadi,
Safinai Nuh kelmadi,
Sheʼr toʻkildi, toʻkilmadi
Yaramdagi tuzlarimay.

Qaqnusmidir jonim qushi,
Olov boʻldim choʻqqa tushib,
Boraverdim choʻkka tushib,
Qonasa ham tizlarimay.

Diling Mashrab, Majnun koʻying,
Boʻsh jismimga koʻchib qoʻyding.
Mani maydek ichib qoʻyding,
Endi yoʻqman, tugadi may.

Ruh sahroda yonaversin,
Ishq ilkimga xoma bersin,
Yuragimdan tomaversin,
Qonli-qonli soʻzlarimay.

Kiprigimni qanot qilib,
Uchib ketdi koʻzlarimay…

VAQT VA MЕN

Qancha daqiqaning boshiga yetdim,
Aybsiz lahzalarni oʻldirdim qasddan.
Necha oq kunlarim havoga ketdi,
Vaqtni qatl qildim bilib-bilmasdan.

Qaytadan tirilib kelaverdi u,
Kurashga toʻymadik, koʻp choʻzildi jang.
Bir choʻchib tushaman, bosadi qoʻrquv,
Soat chinqirganda, chalinganda zang.

Meni taqib qilar, tinch qoʻymas sira,
Koʻzi ochiq ketgan soniyalarim.
Bevaqt dafn etilgan goʻdak onlar va
Yashashni uddalay olmagan umrim.

To ogʻrib turarkan vijdon degani,
Men tugʻmagan soʻzlar yoqamdan olar.
Hech xavotir olmang, Vaqt janoblari,
Ortimda kurashchan sheʼrlarim qolar!

SUV VA OLOV
(Dostondan parcha)

Inson

Yuzimga urildi tomchi suv,
Yuragim eshitdi yomgʻirni.
Koʻzimdan gunohlar oqdi duv,
Toʻkilmoq shunchalar ogʻirmi?

Ogʻirmi yengillik his qilmoq,
Oʻzinga bormoqlik azobmi?
Sen menga yaqinsan, men – yiroq,
O, nega – yana men sababli.

Neki yomon, mening oʻzimdan,
Neki yaxshi – sendandir faqat.
Ilonlar sudralar izimdan,
Tovonim chaqolmay betoqat.

Ilon – shayton, yetmoq boʻladi,
Boʻlingancha ming bir tarafga.
Meni ayru etmoq boʻladi,
Vasling koʻrmoqlikdek sharafdan.

1
Bilmam, iblis odamgami yo,
Odamiyat iblisga sodiq.
U har lahza berganda sado,
Men tilimni tishladim qattiq.

Nigohimni obqochdim undan,
Koʻzim yumdim qoshimga kelsa.
Iblis meni puxta oʻrgangan,
Qani men ham u haqda bilsam.

Hech narsani bilmayman shukur,
Qanday totli bilmaslik baxti.
Buni tuyib yashamoq huzur,
Menga Seni eslash yetadi.

Isming bilan toʻlsa hotiram,
Unutsaydim dunyoni koshki.
Hech vaqoni eslay olmasam,
Sendan boshqa, bir Sendan boshqa.

Yomgʻirona qoʻshiqlar aytdim,
Zangorlandi koʻnglim kengligi.
Osmon shaffof dur toʻkkan payti,
Ravshanlashdi asli kimligim.

Suv va tuproq qorishmasidan,
Paydo boʻldi Hazrati Odam.
Jonlangandi bir tomchi suv-la,
Yaratganning sanʼati – odam.

“Boʻl” deding-u tuzding olamni,
Keyin oʻzing koʻrsatib karam.
Butun borliq ichra odamni,
Aziz qilding, qilding mukarram.

Va buyurding yaralmishlarga,
Odamzodga sajda qilishin.
Hamma shoshdi bajo etarga.,
Faqat shayton rad etdi keskin.

Dedi: ahir meni olovdan,
Uni tomchi suvdan yaratding.
Men ne uchun bosh egay, zotan,
Axir shonim undan balanddir.

Manmanligi uchun shaytondan,
Yuz oʻgirding, aytding laʼnatlar.
Shayton dedi: bir shartim Egam,
Umr bergil qiyomat qadar.

Toki oʻsha odamizodni,
Qul qilaman havoyi nafsga.
Afzal bilgay yolgʻon,riyoni,
Oʻzing sobir etgandan boshqa.

Deding: mayli shunday hukm etdim,
Faqat hech bir odam ustidan.
Hukmronlik qila olmaysan,
Seni yengish bogʻliq oʻziga.

Odam Ato va Momo Havo,
Kezar edi arshi aʼloda.
Havvo havolandi aldadi shayton,
Yolgʻon — goʻzal edi haddan ziyoda.

Soʻng ularni yerga tushirding,
Shundan soʻng ham koʻrsatib shafqat.
Tagʻin oʻsha bir tomchi suvdan,
Ato etding chekiz noz-neʼmat.

Adashmasin, qoʻrqmasin deya,
Yulduzlarni chiroq aylading.
Yoritsin-u kuydirmasin chun,
Oy-Quyoshni yiroq aylading.

Zamingilam silkinmasin deb,
Mihlab qoʻyding ulkan togʻlarni.
Sahrolarda siqilmasin deb,
Yaratmishsan gulgun bogʻlarni.

Chumolining umridan tortib,
Kapalakning taqdirigacha.
Hikmatingdir, oʻzingdan tortiq,
Sendan nishon bori moʻjiza.

Hech narsani bilmayman shukur,
qanday totli – bilmaslik baxti.
Buni tuyib yashamoq huzur,
Menga Seni eslash yetadi.

2

Yaratildi olovdan shayton,
Odam esa bir tomchi suvdan.
Shundan beri suv hamda olov,
Bir-biriga azaliy dushman.

Ikki yoʻl bor, faqat ikki yoʻl,
Ul biriga yoʻlboshchi shayton.
Birin soʻngi – zulmat, biri – nur,
Ul biriga yoʻlboshchi iymon.

Bilmam, qaysi yoʻldaman oʻzim,
Orqagami yo oldga yuray.
Toʻgʻri yoʻlda qolgaydir izim,
Boshqasida oʻchgay butunlay.

Imkon yoʻq lek ortga qarashga,
Bosib ketar tumonat odam.
Oyogʻimga nelar ilashgan,
Mening oʻzim qaysi yoʻldaman?

Tomchi suvga nazar sol, inson,
U tuproqqa mamnun inadi.
Keyin gullar unadi undan,
Goʻzallik unadi.

Keyin uni siypalar Quyosh,
Nur toʻkadi gulning boshidan.
Inson, sen ham shu gulga oʻxshash,
Asli sen ham shunday yaxshisan.

Endi esa olovga qara.
U osmonga yetmoq boʻladi,
Olov balandlagani sari,
Undan qora tutun qoladi.

Angladingmi, inson koʻzingda
Mujassamdir suv hamda olov.
Qarolikmi yoki yorugʻlik,
Qaysi birin tanlash oʻzingdan.

Yaratildi olovdan shayton,
Odam esa bir tomchi suvdan.
Shundan beri suv hamda olov,
Bir-biriga azaliy dushman.

“Goʻzal” iblis iljaysa hunik,
Yomgʻirlarni eshitsin yurak.
Toki tunlar yulduzlar yoniq,
Sen tomonga yurmoqlik kerak.

Tezroq anglab yetmoqlik kerak,
Vaqt ham ortiq kuta olmaydi.
Suv olovni oʻchira olgay,
Olov suvni toʻxtatolmaydi

044

(Tashriflar: umumiy 7 921, bugungi 2)

Izoh qoldiring