Mirzohid Muzaffar. Tajribalar

07   Икки ҳикоямни жўнатаяпман…рости уларни нима деб аташга ҳам ҳайронман. На сюжет, на бошқа нарса бор уларда. Мансура деб ҳам атолмадим…(Мирзоҳид Музаффарнинг мактубидан)

Мирзоҳид Музаффар
ТАЖРИБАЛАР
09

07Мирзоҳид Музаффар (Абдуллаев) 1999 йил 12 сентябрда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган.Шеърлари туман ва республика нашрларида эълон қилинган. Ўзбек шоирларининг шеърларини турк ва инглиз тилларига таржима қилган. Айни пайтда Чиноз Саноат касб-ҳунар коллежининг 3 босқичида таҳсил олган. Бугунги кунда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалида ишламоқда.

09

СОЯМНИНГ ЭГАСИ

…яна қулфга калитимни суқиб кўришга урунаман. Яна бўлмайди. Яна тушмайди калитим. Тавба, ахир эрталаб айни мана шу калит билан ёпган эдим-ку? Ё адашиб бошқа эшикка дуч келиб қолганмиканман. Йўқ, ўша — бир пайтлар локланган, энди эса менинг хотираларим каби рангсиз ва аллақандай номаълум тусга кирган эшик. Рақами ҳам олдингидек. Бундан чиқди, адашганим йўқ.

Тўхта, ҳозир уйга кириб нима қилдим? Ичкарининг ташқаридан нима фарқи бор? У ер ҳам қоронғу, совуқ ва заҳ. Камига тўрт девор тўрт томонингдан сиқиб келаётгандай. Тўрт девор? Нега айнан тўртта? Учта ё олтита эмас? Балки шаклсизлик шудир?

Ичкарида нима борлиги тобора мавҳумлашади. Зинадан аста пастлай бошлайман. Кўзларимга тун қоришиб кетади. Зулматни ғижимлайман: муштимнинг орасидан қонга ўхшаш нарса силқиб оқади. Нималигига қизиқаману қоронғу сабаб кўролмайман.

Яланғоч ойга ҳирс билан тикалган сувсиз ариқлар ёнидан ўтаман. Лаҳзаларим қовжирай бошлайди. Симёғоч. Томчи-томчи нур ва руҳимга сингиётган ваҳшатли сурур. Ташқарининг ичкарига дўнаётганини сезаман. Сесканиб кетаман. Босинқираяпманми, деб қўяман ўзимга. Йўқ, ҳаммаси жойидага ўхшайди-ку. Ҳаммаси жойида. Жойида? Жой нима ўзи, деб бақириб юбораман. Ҳавога сачраб кетган овозимнинг акс-садоси вужудимга келиб урилади ва унинг суяклари сочилиб кетади. Акс-садо суяклари…

Шу кўйи кўчада дайдиб юрарканман, еттинчи томондан келаётган намхуш сасларни титкилайман ва ундан ўз исмимни топиб оламан. Гарчи бу оддий ҳол бўлсада, ўзимни ҳайратлангандек тутишга ҳаракат қиламан.

Одам Атонинг Момо Ҳавводан илк бўса олганига неччи минг йил тўлган экана, деб ўйлай бошлаган онимнинг сарҳадларидан қайсидир бегона хаёл бир сакраб ўтади-да жисмимга оромбахш оғриқни ёйиб юборади.

Метрога тушаман. Қаерга боришим ҳали ноаён. Ўша пайтда бирдан соямнинг эгасини йўқотиб қўяман. Қидиришга мажолим йўқлиги эсимга тушиб метро поездининг юмшоқ ўриндиғига беун чўкаман.

Темир товуши.

Қовжироқ лаҳзаларимнинг ҳокини дўзах шамоллари совуриб юборади. Кимнидир эслайман. Элас-элас эслайман. Бир бошқача бўлиб эслайман. Ким эдия у? Сиз билмайсизми? Ўхшаш эканмиз, мен ҳам билмайман.

Эшигимга нима бўлди экан-а?

Кўкнинг сиёҳранг ҳижоби ичра қимтилган дудоқларидан зиё оҳангига ўралган сукут тўкилади. Юлдузларнинг мавжудлигига даҳл қилади менинг йўқлигим. Бўшлиқнинг нигоҳлари саккизинчи осмоннинг кўксига санчилади. Қон оқади.

Шафақнинг алвонлиги узра чарх ураётган қалдирғочларни кузатаман. Эсимда, уйимиз поезд йўлининг шундоқ ёқасида эди. Мен мол боққани ўша тарафга чиқардим ва уфққа ўзини ураётган қушларни кўриб менинг ҳам қачондир қуш бўлганим эсимга тушиб кетарди.

Хотира ичидаги хотирамни хотирлай туриб туш кўрибман. Уҳлаб ётган эканман. Уйқу аралаш узуқ-юлуқ туш кўрдим. Яшилликда жар тубидаги зулматдан асло қолишмайдиган тилларанг маъво эмиш. Кимдир менинг соямни мендан айириб олаётганмиш.

Кўзгуга қарайман. Орқамдаги шкафдан бошқасини кўрмайман. Мени кўрмадингизми?

Сархушланиб ўзимга келаман. Жимликнинг шовқинга тўлиб кетган дунёсидан бош олиб кетгим келади. Лекин олиб кетадиган бошимнинг эгасини тополмайман.

Телефонимнинг чирқиллашидан ўзимга келаман. Онам. Кўтармайман.

Олтинчи тарафнинг дарвозалари очилади. Ширин тушимнинг бир чеккасини қирсиллатиб синдириб оламану хаёлимнинг ширин беҳушлигига ботириб ея бошлайман. Исинаман.

***

Жин урсин, эшик очилиб кетди. Ёпиқ эшик ортида туриш нақадар мароқли эди. Айтгандай, калитим қани?

***

Вужудимнинг қайсидир кунжакларида ҳолатлар портлайди. Ниманидир сезаман. Нимагадир интиламан. Энтикаман.

Ярми кўрилган тушимни эски бозорга олиб чиқиб сотсаммикан? Ким олар экан уни? Ўйланиб қоламан.

Эшигимнинг тирқишидан ичкари (ташқари)га қарайман, жуда кўп нарсани кўраман: ҲЕЧ! Сесканаман ўзимдан ўзим.

Жирканаман ўзимдан ўзим ва кўнглимнинг манзилсизлигин сингдиради ўзига кўзим. Ҳулласи калом… мени яшириб қўйишди. Мени кўрмадингизми?

Соямнинг эгасини топганимда борми, ЎЗИМ билардим нима қилишни.

***

1

Эшикка тикиламан — кимнидир кутаман. Аммо кимни? Рўпарамдаги улкан ёғоч (эшик) тақиллайди. Очишга юрагим дов бермайди. Кимнидир кутяпман. Кимнидир…

2

Сўзларимнинг ичкин сукунатини ичиб қонмаган бўшлиққа тикилиб йўқлигим эсимга тушиб кетади. Аксига олиб эшигим ҳам очилмайди. Эшигим…

3

Жунжукиб кетаман. Ҳолатдан чиқаман ва иккинчи ҳолатга киришни хаёлимга ҳам келтирмайман. Ҳолатсизлик. Энди мен ҳолатсизлик дунёсининг фуқаросиман. Менга ИСМ беринг. Ахир дарбадарлик жонимга тегди. Исм…

4

Йўл — ўлим.
Тун — ўлим.

Соатнинг чиқ-чиқи бўғизланаётган Вақтнинг ҳирқ-ҳирқ этаётганига менгзайди. Қотиб қоламан. Чиқиб кетаман.

Чиқиб кетаманн.
Чиқиб…
Чиқ…
Чиқ…

***

Хонага кираман. Қоронғу. Кафтларим деворларни пайпаслайди — чироқёққич излайди. Тополмайди. Энди зулматга ёруғ деган номни бераман. Нима ўзгарди? Нималардир ўзгариши керакми ўзи? Ўзгариш…қийин масала.

***

Уйғониб кетаман.

***

Соямнинг эгасини қидирувга берсаммикан деб турибман.

***

Калитимни йўқотиб қўйдим. Йўлимни ҳам унутганман. Нега энди? Негалигини хаёлимга келтирганимда нуқул “интиқом жаранглари” деган сўз келаверади. Соямнинг эгасини топганимда нима қилардим? У менга нима бероларди? Ҳеч қурса эшигимни очиб бероладими? Қаёқда… у ўзини ҳам эплолмаса керак. Менинг зилдай эшигимни қандай очиб беради.
Бузиб кирсаммикан. Камига нечанчи қаватда туришимни ҳам билмайман. Қулфсоз устани чақирай, десам… манзилингиз, деган пайти забун бўлиб қоламан. Ё у ёқлик ё бу ёқлик бўлмаётган беморнинг алаҳлашига ўхшаб бир нималар дейману телефонимни ўчириб қўяман. Тўхта, буларни қаёқдан биляпман? Олдин қулфсоз чақирмагандим шекилли. Каловланаман.
Телефоним чирқиллайди. Онам. Олмайман.

***

Эшигим ҳамон очилгани йўқ.
Соямнинг эгаси эса ичкарида ўтирибди.

Май, 2018

ТАМАДДУН

Тиларменки — тиламагайсен.
Шайх Шиблий

майли гап бундай сен ва мен унутилишга маҳкумлар энди у бўлиб яшай бошлаймиз нима бўпти ҳозир бундайлар кўп-ку биз бўлмасак бўлди-да энди мен бўлишдан фойда йўқ тушунасан-ку узр тушунади-ку ҳозиргилар фақат унга ҳайрихоҳ мен яъни у шундай ўйлайди кел сенга ёзаётган мактубимни шу сўзлар билан бошлай қолай: азизим МЕН бизда ҳаммаси яхши гарчи атрофдагилардан ажралиб қолиб сени мен дейишга ҳаққим бўлмаса-да барибир шундай атагим келаяпти қара аввалги мактубларда сенга энг муҳим гапларимни айтдим деб ўйлабман бироқ энди ўйлаб кўрсам бутун бошли мактуб фақат ҳол-аҳвол сўраш билан бошланиб шу тариқа тугатилган экан

мендан чиқиб кетган иккинчи ўзимнинг аҳволига ёки сенга айланаётган у ва уни унутаётган бизнинг айни дамда нима қилаётгани билан менинг нима ишим бор шахсийлик ўз йўлига фақат бироқ агарлардан ҳам воз кечишга тўғри келади

мактубим сўнгида шуни айтмоқчиманки ўзингни авайлашни бас қил ўзингни унуиб қўя қол йўқса бу замонда яшолмайсан
жавоб хатингни кутишга тоқатим йўқ

ҳурмат билан…ким дейишга ҳам ҳайронман…

***

изтироб соясида нафас ростлаётган пайтим сенга йўлиқдим гарчи мен ва биздан бошқасини тан олмасам-да сенга ёнимдан жой бердим ўтирдинг

сукут

қорним оч эди сен нон беришни мен эса сўрашни хаёлимизга ҳам келтирмасдик ёғаётган ёмғирга кафтларимни тутдим бир зумда ҳовучларимга қум тўлди ва саҳрода ёлғиз эканимни англаб қолдим

уйғониб кетдим

деразамни чертаётган ёмғир (менимча у тушларимдан чиқиб келган) ҳам туш кўраяпти тушларида кимни кўриши менга номаълум

***

нима деб ўйлаймиз Худо бормикан сен албатта деб жавоб бердинг мен ўйланиб қолдим ўша пайтда шубҳаланаётганимни биз сенларнинг ниқобини кийиб ичимга кириб олди ва худо йўқ деб шивирлади ичимдаги дунёларнинг кўпчилиги бунга ишонди ва инқирозга юз тутди балки дунё чиндан ҳам инқирозга юз тутиш учун яратилгандир балки одамлар китобларда ёзилгандек муқаддас мавжудот эмас оддий жонзотдир онгимнинг қайсидир бурчагида туриб дунёга тикиларканман одам тўнғиздан тўралган бўлиши ҳам мумкин деган фикрга бораман нима Дарвиннинг одамзот маймундан тарқаган деган фикрига ишонгансан-ку тавба қилдим де дейсанми ахир мен ҳолатдан келиб чиқиб фикрлаяпман
жар ёқасидаги вақт парчаларига тикиларканман биз қибласизмиз деб ҳайқираман

***

у яна хат ёза бошлади хеч кимнинг кимлигини исботлашга уринган беҳудалик ўзидан ўзга барчага ишонганидек мен ҳам ҳаммага бирдек ишондим ва шундай қарорга келдим
сен кетасан
мен кетаман
у кетади
фақат биз қолади

***

йўл узунлашиб кетди

кетаётган одамнинг кетаётгани ёлғонлигини ҳамма билади фақат у билмайди шу сабабли ҳам йўлнинг узунлигига кўниккан

кўникиш

шундай хаёл баъзида онгимни уйнинг шифтидаги исдай чулғаб олади: нега кетаяпман ўзи нимани излаяпти у кимга керак бўлдинг сен йўқ бу савол эмас шунчаки хаёлдан ортиб қолган ҳақиқатга ўхшашиброқ кетадиган асосиз садолар холос

яна йўл ҳақида

лаҳзалик туш кўрибман сен гул тераётганмишсан у гулнинг атридан маст бўлиб ЙЎЛни унутиб қўйибди нега унутганимнинг сабабини билмасмишман

тушларимнинг намхуш шаббодасидан жунжукиб кўрпага ўралибман балки совуқ ҳам қотмагандирман хаёлий жунун илдизларидаги ҳаёт нафасига ўлим деб ном қўйишнинг сояси тушибди юзимга

кетаверибман
кет
кет

яна дудуқллана бошладими жин урсин ҳозир тутқаноғим тутиб қолмаганига ҳам шукр қилса бўлмайдими агар билсанг ўлгудай ношукр у ҳатто ўлимнинг ортидан ҳам нолийди ўлим ўзи биттагина бўлса қай бирига улгурсин

яна тутқаноғим тутадиганга ўхшайди

ҳали сўзга эврилмаган дардларнинг беқолип жунунини тутқаноқ деб атайман умуман олганда атамалар хеч қандай маънога эга ҳам эмас

сукут

кетавераман
йўқ тўхтаб қолдим

светофорнинг қизил чироғи ёнди тўхта сен ахир рульда эмассан-ку нега қўрқасан бу дунёдаги аравадагилар ва пиёдаларнинг ҳолидан кулган жисмсизларнинг манфур қиёфасини эслатгувчи овозим билан ҳавони ёраман

кетмай қўяқолайлиииииииииииииииииииик

хеч ким менга эътибор бермайди ҳаводаги меникига ўхшаш қизил
сариқ
яшил
кўк
оқ
қора

хатто рангсиз чинқириғу ҳайқириқлар ичра овозим эриб кетади

***

нега хато қилдим

нега кечирдинг гуноҳ ҳақидаги эшитган ривоятларим ичида битта энг зерикарлисини айтиб бермоқчиман (у ёлғонга жуда уста аслида бу чўпчакни ўзим тўқиганман)

бир одам бор эди одамлиги ҳам номаълум эди-ю лекин кўрганлар уни шундай ўйларди гап бу ҳақида кетмаяпти қисқаси у ўлмоқчи бўлибди (балки туғулишни ният қилгандир) ўлибди ҳам фаришталардан бирига айланиб барча гуноҳларини ер юзига сочиб юборибди бир қанотига фахш бирига ишқ деб ёзиб олибди-да осмонни булғатииб юраверибди

бор гап шу

яна нима керак нега тўлғонишлар ичра кезиб юрибман оҳ тортаяпман идрок танадан тана жондан жон руҳдан ажралаётганини сезаман гарчи бу яшаб туриб яшамаётган мен каби ОДДИЙ одамлар учун лаҳзалик одатий ҳодиса бўлса-да негадир иккиланаяпман энди тушундим ўлим баъзан ҳалоскорга айланади

тупроқ исига чўмган осмон қиёфасини тошга чиздирмоқчи бўлибди сўнгра борибди ибтидоий одамнинг олдига эй у қурғурга ҳам гап тушунтириш қийин экан оҳири чиздирмабди ва жавобан одам зотини бағрига сиғдирмайдиган бўлибди буҳам бир ривоят буни сен тўқигансан ва менинг муаллифлигимдаги бу ҳикояни унга тортиқ қилганмиз

кел

бўзрайиб туришини қаранг буни

кўзгу қаршисидаги одам

сен менинг яқиндаги олисимсан олисдаги яқинларимдан айрилиб бўлганман ва энди бу ҳол одатийлик касб этмоқда мен учун

зино ингроғига тўлган шаҳарни сайр қилиб юрарканман нега ва қаерга кетаётганимни эслаб қоламан ҳиёбонда кимнидир кутаётгандим шекилли гарчи аҳлоқ сўзи бизга эриш туюлади энди

ўҳ атрофни янгилик сарқитлари босиб маҳв этиб олди биз эса буни сезмаяпмиз ваҳоланки ҳаёт —мендан бошқасини тан олмаслигинг керак ва унинг менга айланганига кўникишдан воз кечамиз

2017

Ikki hikoyamni jo‘natayapman…rosti ularni nima deb atashga ham hayronman. Na syujet, na boshqa narsa bor ularda. Mansura deb ham atolmadim…(Mirzohid Muzaffarning maktubidan)

Mirzohid Muzaffar
TAJRIBALAR
09

Mirzohid Muzaffar (Abdullayev) 1999 yil 12 sentyabrda Toshkent viloyatining Chinoz tumanida tug‘ilgan.She’rlari tuman va respublika nashrlarida e’lon qilingan. O‘zbek shoirlarining she’rlarini turk va ingliz tillariga tarjima qilgan. Ayni paytda Chinoz Sanoat kasb-hunar kollejining 3 bosqichida tahsil olgan. Bugungi kunda O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi “Madaniyat va ma’rifat” telekanalida ishlamoqda.

09

SOYAMNING EGASI

…yana qulfga kalitimni suqib ko‘rishga urunaman. Yana bo‘lmaydi. Yana tushmaydi kalitim. Tavba, axir ertalab ayni mana shu kalit bilan yopgan edim-ku? Yo adashib boshqa eshikka duch kelib qolganmikanman. Yo‘q, o‘sha — bir paytlar loklangan, endi esa mening xotiralarim kabi rangsiz va allaqanday noma’lum tusga kirgan eshik. Raqami ham oldingidek. Bundan chiqdi, adashganim yo‘q.

To‘xta, hozir uyga kirib nima qildim? Ichkarining tashqaridan nima farqi bor? U yer ham qorong‘u, sovuq va zah. Kamiga to‘rt devor to‘rt tomoningdan siqib kelayotganday. To‘rt devor? Nega aynan to‘rtta? Uchta yo oltita emas? Balki shaklsizlik shudir?

Ichkarida nima borligi tobora mavhumlashadi. Zinadan asta pastlay boshlayman. Ko‘zlarimga tun qorishib ketadi. Zulmatni g‘ijimlayman: mushtimning orasidan qonga o‘xshash narsa silqib oqadi. Nimaligiga qiziqamanu qorong‘u sabab ko‘rolmayman.

Yalang‘och oyga hirs bilan tikalgan suvsiz ariqlar yonidan o‘taman. Lahzalarim qovjiray boshlaydi. Simyog‘och. Tomchi-tomchi nur va ruhimga singiyotgan vahshatli surur. Tashqarining ichkariga do‘nayotganini sezaman. Seskanib ketaman. Bosinqirayapmanmi, deb qo‘yaman o‘zimga. Yo‘q, hammasi joyidaga o‘xshaydi-ku. Hammasi joyida. Joyida? Joy nima o‘zi, deb baqirib yuboraman. Havoga sachrab ketgan ovozimning aks-sadosi vujudimga kelib uriladi va uning suyaklari sochilib ketadi. Aks-sado suyaklari…

Shu ko‘yi ko‘chada daydib yurarkanman, yettinchi tomondan kelayotgan namxush saslarni titkilayman va undan o‘z ismimni topib olaman. Garchi bu oddiy hol bo‘lsada, o‘zimni hayratlangandek tutishga harakat qilaman.

Odam Atoning Momo Havvodan ilk bo‘sa olganiga nechchi ming yil to‘lgan ekana, deb o‘ylay boshlagan onimning sarhadlaridan qaysidir begona xayol bir sakrab o‘tadi-da jismimga orombaxsh og‘riqni yoyib yuboradi.

Metroga tushaman. Qayerga borishim hali noayon. O‘sha paytda birdan soyamning egasini yo‘qotib qo‘yaman. Qidirishga majolim yo‘qligi esimga tushib metro poyezdining yumshoq o‘rindig‘iga beun cho‘kaman.

Temir tovushi.

Qovjiroq lahzalarimning hokini do‘zax shamollari sovurib yuboradi. Kimnidir eslayman. Elas-elas eslayman. Bir boshqacha bo‘lib eslayman. Kim ediya u? Siz bilmaysizmi? O‘xshash ekanmiz, men ham bilmayman.

Eshigimga nima bo‘ldi ekan-a?

Ko‘kning siyohrang hijobi ichra qimtilgan dudoqlaridan ziyo ohangiga o‘ralgan sukut to‘kiladi. Yulduzlarning mavjudligiga dahl qiladi mening yo‘qligim. Bo‘shliqning nigohlari sakkizinchi osmonning ko‘ksiga sanchiladi. Qon oqadi.

Shafaqning alvonligi uzra charx urayotgan qaldirg‘ochlarni kuzataman. Esimda, uyimiz poyezd yo‘lining shundoq yoqasida edi. Men mol boqqani o‘sha tarafga chiqardim va ufqqa o‘zini urayotgan qushlarni ko‘rib mening ham qachondir qush bo‘lganim esimga tushib ketardi.

Xotira ichidagi xotiramni xotirlay turib tush ko‘ribman. Uhlab yotgan ekanman. Uyqu aralash uzuq-yuluq tush ko‘rdim. Yashillikda jar tubidagi zulmatdan aslo qolishmaydigan tillarang ma’vo emish. Kimdir mening soyamni mendan ayirib olayotganmish.

Ko‘zguga qarayman. Orqamdagi shkafdan boshqasini ko‘rmayman. Meni ko‘rmadingizmi?

Sarxushlanib o‘zimga kelaman. Jimlikning shovqinga to‘lib ketgan dunyosidan bosh olib ketgim keladi. Lekin olib ketadigan boshimning egasini topolmayman.

Telefonimning chirqillashidan o‘zimga kelaman. Onam. Ko‘tarmayman.

Oltinchi tarafning darvozalari ochiladi. Shirin tushimning bir chekkasini qirsillatib sindirib olamanu xayolimning shirin behushligiga botirib yeya boshlayman. Isinaman.

***

Jin ursin, eshik ochilib ketdi. Yopiq eshik ortida turish naqadar maroqli edi. Aytganday, kalitim qani?

***

Vujudimning qaysidir kunjaklarida holatlar portlaydi. Nimanidir sezaman. Nimagadir intilaman. Entikaman.

Yarmi ko‘rilgan tushimni eski bozorga olib chiqib sotsammikan? Kim olar ekan uni? O‘ylanib qolaman.

Eshigimning tirqishidan ichkari (tashqari)ga qarayman, juda ko‘p narsani ko‘raman: HЕCh! Seskanaman o‘zimdan o‘zim.

Jirkanaman o‘zimdan o‘zim va ko‘nglimning manzilsizligin singdiradi o‘ziga ko‘zim. Hullasi kalom… meni yashirib qo‘yishdi. Meni ko‘rmadingizmi?

Soyamning egasini topganimda bormi, O‘ZIM bilardim nima qilishni.

***

1

Eshikka tikilaman — kimnidir kutaman. Ammo kimni? Ro‘paramdagi ulkan yog‘och (eshik) taqillaydi. Ochishga yuragim dov bermaydi. Kimnidir kutyapman. Kimnidir…

2

So‘zlarimning ichkin sukunatini ichib qonmagan bo‘shliqqa tikilib yo‘qligim esimga tushib ketadi. Aksiga olib eshigim ham ochilmaydi. Eshigim…

3

Junjukib ketaman. Holatdan chiqaman va ikkinchi holatga kirishni xayolimga ham keltirmayman. Holatsizlik. Endi men holatsizlik dunyosining fuqarosiman. Menga ISM bering. Axir darbadarlik jonimga tegdi. Ism…

4

Yo‘l — o‘lim.
Tun — o‘lim.

Soatning chiq-chiqi bo‘g‘izlanayotgan Vaqtning hirq-hirq etayotganiga mengzaydi. Qotib qolaman. Chiqib ketaman.

Chiqib ketamann.
Chiqib…
Chiq…
Chiq…

***

Xonaga kiraman. Qorong‘u. Kaftlarim devorlarni paypaslaydi — chiroqyoqqich izlaydi. Topolmaydi. Endi zulmatga yorug‘ degan nomni beraman. Nima o‘zgardi? Nimalardir o‘zgarishi kerakmi o‘zi? O‘zgarish…qiyin masala.

***

Uyg‘onib ketaman.

***

Soyamning egasini qidiruvga bersammikan deb turibman.

***

Kalitimni yo‘qotib qo‘ydim. Yo‘limni ham unutganman. Nega endi? Negaligini xayolimga keltirganimda nuqul “intiqom jaranglari” degan so‘z kelaveradi. Soyamning egasini topganimda nima qilardim? U menga nima berolardi? Hech qursa eshigimni ochib beroladimi? Qayoqda… u o‘zini ham eplolmasa kerak. Mening zilday eshigimni qanday ochib beradi.
Buzib kirsammikan. Kamiga nechanchi qavatda turishimni ham bilmayman. Qulfsoz ustani chaqiray, desam… manzilingiz, degan payti zabun bo‘lib qolaman. Yo u yoqlik yo bu yoqlik bo‘lmayotgan bemorning alahlashiga o‘xshab bir nimalar deymanu telefonimni o‘chirib qo‘yaman. To‘xta, bularni qayoqdan bilyapman? Oldin qulfsoz chaqirmagandim shekilli. Kalovlanaman.
Telefonim chirqillaydi. Onam. Olmayman.

***

Eshigim hamon ochilgani yo‘q.
Soyamning egasi esa ichkarida o‘tiribdi.

May, 2018

TAMADDUN

Tilarmenki — tilamagaysen.
Shayx Shibliy

mayli gap bunday sen va men unutilishga mahkumlar endi u bo‘lib yashay boshlaymiz nima bo‘pti hozir bundaylar ko‘p-ku biz bo‘lmasak bo‘ldi-da endi men bo‘lishdan foyda yo‘q tushunasan-ku uzr tushunadi-ku hozirgilar faqat unga hayrixoh men ya’ni u shunday o‘ylaydi kel senga yozayotgan maktubimni shu so‘zlar bilan boshlay qolay: azizim MЕN bizda hammasi yaxshi garchi atrofdagilardan ajralib qolib seni men deyishga haqqim bo‘lmasa-da baribir shunday atagim kelayapti qara avvalgi maktublarda senga eng muhim gaplarimni aytdim deb o‘ylabman biroq endi o‘ylab ko‘rsam butun boshli maktub faqat hol-ahvol so‘rash bilan boshlanib shu tariqa tugatilgan ekan

mendan chiqib ketgan ikkinchi o‘zimning ahvoliga yoki senga aylanayotgan u va uni unutayotgan bizning ayni damda nima qilayotgani bilan mening nima ishim bor shaxsiylik o‘z yo‘liga faqat biroq agarlardan ham voz kechishga to‘g‘ri keladi

maktubim so‘ngida shuni aytmoqchimanki o‘zingni avaylashni bas qil o‘zingni unuib qo‘ya qol yo‘qsa bu zamonda yasholmaysan
javob xatingni kutishga toqatim yo‘q

hurmat bilan…kim deyishga ham hayronman…

***

iztirob soyasida nafas rostlayotgan paytim senga yo‘liqdim garchi men va bizdan boshqasini tan olmasam-da senga yonimdan joy berdim o‘tirding

sukut

qornim och edi sen non berishni men esa so‘rashni xayolimizga ham keltirmasdik yog‘ayotgan yomg‘irga kaftlarimni tutdim bir zumda hovuchlarimga qum to‘ldi va sahroda yolg‘iz ekanimni anglab qoldim

uyg‘onib ketdim

derazamni chertayotgan yomg‘ir (menimcha u tushlarimdan chiqib kelgan) ham tush ko‘rayapti tushlarida kimni ko‘rishi menga noma’lum

***

nima deb o‘ylaymiz Xudo bormikan sen albatta deb javob berding men o‘ylanib qoldim o‘sha paytda shubhalanayotganimni biz senlarning niqobini kiyib ichimga kirib oldi va xudo yo‘q deb shivirladi ichimdagi dunyolarning ko‘pchiligi bunga ishondi va inqirozga yuz tutdi balki dunyo chindan ham inqirozga yuz tutish uchun yaratilgandir balki odamlar kitoblarda yozilgandek muqaddas mavjudot emas oddiy jonzotdir ongimning qaysidir burchagida turib dunyoga tikilarkanman odam to‘ng‘izdan to‘ralgan bo‘lishi ham mumkin degan fikrga boraman nima Darvinning odamzot maymundan tarqagan degan fikriga ishongansan-ku tavba qildim de deysanmi axir men holatdan kelib chiqib fikrlayapman
jar yoqasidagi vaqt parchalariga tikilarkanman biz qiblasizmiz deb hayqiraman

***

u yana xat yoza boshladi xech kimning kimligini isbotlashga uringan behudalik o‘zidan o‘zga barchaga ishonganidek men ham hammaga birdek ishondim va shunday qarorga keldim
sen ketasan
men ketaman
u ketadi
faqat biz qoladi

***

yo‘l uzunlashib ketdi

ketayotgan odamning ketayotgani yolg‘onligini hamma biladi faqat u bilmaydi shu sababli ham yo‘lning uzunligiga ko‘nikkan

ko‘nikish

shunday xayol ba’zida ongimni uyning shiftidagi isday chulg‘ab oladi: nega ketayapman o‘zi nimani izlayapti u kimga kerak bo‘lding sen yo‘q bu savol emas shunchaki xayoldan ortib qolgan haqiqatga o‘xshashibroq ketadigan asosiz sadolar xolos

yana yo‘l haqida

lahzalik tush ko‘ribman sen gul terayotganmishsan u gulning atridan mast bo‘lib YO‘Lni unutib qo‘yibdi nega unutganimning sababini bilmasmishman

tushlarimning namxush shabbodasidan junjukib ko‘rpaga o‘ralibman balki sovuq ham qotmagandirman xayoliy junun ildizlaridagi hayot nafasiga o‘lim deb nom qo‘yishning soyasi tushibdi yuzimga

ketaveribman
ket
ket

yana duduqllana boshladimi jin ursin hozir tutqanog‘im tutib qolmaganiga ham shukr qilsa bo‘lmaydimi agar bilsang o‘lguday noshukr u hatto o‘limning ortidan ham noliydi o‘lim o‘zi bittagina bo‘lsa qay biriga ulgursin

yana tutqanog‘im tutadiganga o‘xshaydi

hali so‘zga evrilmagan dardlarning beqolip jununini tutqanoq deb atayman umuman olganda atamalar xech qanday ma’noga ega ham emas

sukut

ketaveraman
yo‘q to‘xtab qoldim

svetoforning qizil chirog‘i yondi to‘xta sen axir rulda emassan-ku nega qo‘rqasan bu dunyodagi aravadagilar va piyodalarning holidan kulgan jismsizlarning manfur qiyofasini eslatguvchi ovozim bilan havoni yoraman

ketmay qo‘yaqolayliiiiiiiiiiiiiiiiiiiik

xech kim menga e’tibor bermaydi havodagi menikiga o‘xshash qizil
sariq
yashil
ko‘k
oq
qora

xatto rangsiz chinqirig‘u hayqiriqlar ichra ovozim erib ketadi

***

nega xato qildim

nega kechirding gunoh haqidagi eshitgan rivoyatlarim ichida bitta eng zerikarlisini aytib bermoqchiman (u yolg‘onga juda usta aslida bu cho‘pchakni o‘zim to‘qiganman)

bir odam bor edi odamligi ham noma’lum edi-yu lekin ko‘rganlar uni shunday o‘ylardi gap bu haqida ketmayapti qisqasi u o‘lmoqchi bo‘libdi (balki tug‘ulishni niyat qilgandir) o‘libdi ham farishtalardan biriga aylanib barcha gunohlarini yer yuziga sochib yuboribdi bir qanotiga faxsh biriga ishq deb yozib olibdi-da osmonni bulg‘atiib yuraveribdi

bor gap shu

yana nima kerak nega to‘lg‘onishlar ichra kezib yuribman oh tortayapman idrok tanadan tana jondan jon ruhdan ajralayotganini sezaman garchi bu yashab turib yashamayotgan men kabi ODDIY odamlar uchun lahzalik odatiy hodisa bo‘lsa-da negadir ikkilanayapman endi tushundim o‘lim ba’zan haloskorga aylanadi

tuproq isiga cho‘mgan osmon qiyofasini toshga chizdirmoqchi bo‘libdi so‘ngra boribdi ibtidoiy odamning oldiga ey u qurg‘urga ham gap tushuntirish qiyin ekan ohiri chizdirmabdi va javoban odam zotini bag‘riga sig‘dirmaydigan bo‘libdi buham bir rivoyat buni sen to‘qigansan va mening muallifligimdagi bu hikoyani unga tortiq qilganmiz

kel

bo‘zrayib turishini qarang buni

ko‘zgu qarshisidagi odam

sen mening yaqindagi olisimsan olisdagi yaqinlarimdan ayrilib bo‘lganman va endi bu hol odatiylik kasb etmoqda men uchun

zino ingrog‘iga to‘lgan shaharni sayr qilib yurarkanman nega va qayerga ketayotganimni eslab qolaman hiyobonda kimnidir kutayotgandim shekilli garchi ahloq so‘zi bizga erish tuyuladi endi

o‘h atrofni yangilik sarqitlari bosib mahv etib oldi biz esa buni sezmayapmiz vaholanki hayot —mendan boshqasini tan olmasliging kerak va uning menga aylanganiga ko‘nikishdan voz kechamiz

2017

11

(Tashriflar: umumiy 210, bugungi 1)

Izoh qoldiring