Rahimjon Qudratov. Shirin yolg’on

09   Мирзоҳид Музаффарнинг тавсияси билан бугунги саҳифамизда адабиётимиз майдонига кириб келаётган янги авлод вакилларидан бири — 1999 йил Навоий вилотининг Нурота туманида туғилган, айни пайтда Навоий Давлат Педагогика Университетининг Чет тиллари факультети талабаси бўлган Раҳимжон Қудратовнинг ҳикоясини тақдим этмоқдамиз.

Раҳимжон Қудратов
ШИРИН ЁЛҒОН
03

Кўзимни очдим. Иккита қарама-қарши стуллар ўртасида стол жойлаштирилган катта ва қоп-қоронғу хона атрофида турли тўсиқлар қалашиб ётибди. Стулларда мен ва кимдир ўтирибмиз. Хонадан зах ҳиди билан қўшилиб кетмиш атиргул ифорини туйдим. На тўйиб ҳидлашни, на бурнини жийиришни билади одам. Қўлларимга назар солдим, улар қип-қизил атиргуллар билан занжирлаб ташланган, бу нафис занжирда эркинлик сезмаяпман, лекин негадир уни узишга-да хоҳишим йўқ. Гўзаллик томирига болта уришдан ҳам ортиқ разолат борми, ахир?!
Биз инсонларга кишанлар доим ёққан. Кишан бўлганда ҳам чиройли безатилган кишанлар…
Зил-замбил оёқларим эса ерга михлангандек. Наздимда, қимирлатишга-да мажолсиз. Аммо шундайин нотавон ҳолда ҳам югура олишга етадиган ички бир кучни ҳис қиляпман. Бор йўғи хоҳиш керак.
Қаршимдаги одам менга анча-мунча яқин-ку аммо, унинг юзини-да кўришга имкон йўқ. Ҳар тугул, унинг қоп-қора соқоли борлигини, сезгандек бўлдим. Қасам ичиб айтишим мумкин-ки, буни қандай қилиб сезганимни мен билмайман. Янаям ростини айтсам, сизга тушунтириб беролмайман.
Қалиндан-қалин деворлари табиий тўқ қизил ва қора рангларда бўялган улуғвор ва ҳайбатли хонада ўтирган бўлсак-да, негадир тепада очиқ осмон ва юлдузларнинг ғира-шира нури кўзга ташланяпти. Ҳаммаси шунчалар ажиб. Бунда энг ғаройиб нарса шу-ки, нима бўлаётганини, қаерда эканлигимни тушунмаётган бўлсам-да, бу ажойиботлардан на заррача ҳаяжонландим, на қўрқувга тушдим. Беъманилик.
Шу он у баланд ва жарангдор овозда савол берди:
— Ҳаёт нима?
— Даҳшатли туш! -жавоб бердим беихтиёр унинг шовқинига яраша овозимни кўтариб. — Мен эса сира уйғона олмаяпман!
— Одам нима?
— Ҳайвонот дунёсидаги энг ваҳший ва бир пайтда ўзида энг ожиз йиртқич, — дедим ички нафратга қоришиқ ачиниш ила.
— Ваҳшийлик ва ожизлик каби бир-бирига қарама-қарши сифатларни ўзида жамлай олган ғайриоддий хилқат дегин…
— Албатта. Ҳарчанд уринманг, ҳайвонлар ичра одамдек ёвуз мавжудот топа олмайсиз. Чунки фақат угина яхшилик мавжудлигига ва ўзининг яхшиликка мойил жонзот эканлигига ишонади. Бу эса унга чексиз ваҳшийликлар қилишга имкон яратади.
Ожизлиги эса — унинг тафаккур салоҳиятида намоён. Инсонда бутун олам ва ундаги ўз ўрнини англашга интилиш қобилияти уни бутун ҳаёт йўли давомида ўзини забардаст куч олдида дийдираб турган нимжондек туйиб яшашга мажбур қилиб қўяди… — деб озгина тин олдим-у, тағин фалсафа сўқишда давом этдим. — Унинг заифлиги кўп нарсаларда намоён. Энг юқори нуқта эса — ўлимни англаб етиш. Ҳар қандай жонивор ўлимга маҳкум, улар орасида инсонгина айни ўлим чоғининг ўзидан кўра кўпроқ ажал ташриф буюришидан олдин кечадиган лаҳзаларни фикрий уқубат ва ваҳимада ўтказиши мумкин…
— Хўш, ўлим нима?
— Қора туйнук, — жавоб бердим ўз соҳамдан келиб чиқиб, аслида бу ҳам соҳаларимдан бири, холос.
— Нима? Қандай қилиб?
— У ҳақида кўп маълумот йўқ. Маълуми эсам ундан ҳеч ким ва ҳеч нарса қочиб кета олмаслиги…
Сўнг юзимда хавотир нуқси унганча:
— Ундан нариги томонда нима содир бўлиши эса барчамизга бирдек қоронғу… — деб гапимга нуқта қўйдим.
У бошини чайқаб қўйди. Бу менга қўшилмаслигини билдириш учунмиди ёки “билмасам“ деган маънодамиди, англолмадим.
— Севги нима? — тўхтовсиз саволларини давом этарди у.
Юрагим зирқираб кетди. Руҳим ичимга сиғмай кетаётгандек. Бутун танам узра енгил қалтираш ҳис қиляпман, у эса буни сезиб турарди. Ўзимни тутиб олдим-да, эркин ҳолда сўзлай бошладим:
— Севги бу вақти-вақти билан қабул қилиниб туриши лозим бўлмиш — сома, лаззат…
Шунда у бирдан гапимни бўлиб:
— O, brave new world! — жўшқин ва шўх овозда хитоб қилди.
Мен эса у тушунмайди деган ўйда анчайин бемалол, бехижолат гапираётган эдим… Энди эса ич-ичимдан сезяпман-ки, у мен ўқиган барча китобларни аллақачонлар мутолаа қилиб улгурган. Шундай бўлса-да, сир бой бермасликка қарор қилдим ва бехосдан зарбага йўлиққан жангчи ўзини ҳеч нарсани сезмагандек тутишга сохта урингани каби ўзимни тетик тутиб гапимда давом этдим:
— Ҳа, бу лаззат. Биз севги номламиш бу лаззат инсон учун ҳаётдаги энг катта маъно бўлиб хизмат қилади ёки маъно қидиришга ҳожат қолмаслигига асос сабабчи бўлади. Севган ёри қучоғида ўтирган қайси инсон ҳаёт ҳақида ўйларга берилади дейсан! Инсонга маъно эмас, оромбахш ҳисларнинг жумбушга келгандаги туйиладиган лаззат керак! Сомадан фарқли равишда севги баъзан акс-таъсир кўрсатиши ҳам мумкин…
— Атиргул каби… — гапимни давом эттирган бўлди у.
— Атиргул?
— Ё роҳатланиб ҳидлайсан ё беихтиёр қўлингга ботган тикандан уқубат чекасан.
— Аксари ҳолларда, иккови бирдек кечади… Баъзан эса тиконларни қучишдан ҳам роҳатланасан… Ҳаёт шунчалар ажойиб-ки биз бахтдан ҳам, бахтсизликдан ҳам бирдек роҳатланиш имконига эгамиз… — пастроқ оҳангда гапимни тугатдим.
Бир муддат бутун борлиқ сассизлик қарига чўмди. У савол беришни тўхтатиб «эндиги сўз навбати сенга» деган маънога ишора қилгандек ҳазин сукут сақлаб ўтирарди.
Шу он миямда на адоғи на жавоби бор саволлар чувалаб кета бошлади. Ким бу? Нега мени саволга тутяпти ўзи? Ундан ҳам муҳимроғи — мен нега жавоб беряпман? Бунга ўзим ҳам тушунмасдим аммо, бу менинг мажбуриятим ёки табиий эҳтиёжимдек туюларди…
Мен индамай туриб унинг сабрини синамоқчи, тўғрироғи бардошининг чегара нуқталаригача етмоқчи бўлдим. У эса ўзини одамда таҳлика уйғотадиган босиқликда тутиб турарди. Босиқлик ва жиддийлик каби ҳолатлар одатда ўзнинг беъмани туюлган ички хоҳишларини чеклаб туриш натижасида содир бўлади. Бундай одамларга раҳмим келади. Чунки улар ўзлари эмаслар…
Лекин барибир кўпга тўзим бера олмади. Мендан садо чиқмаслигига ишончи комил бўлди шекилли, кўзларимга тикилганча:
— Сен билан савол-жавоб ўйнашимдан маъно нима? — дея қитмирона оҳангда сўради.
— Маъно йўқ… — тўнғиллаб қўйдим мен.
— Унда нега бу ишни қиляпмиз деб ўйлайсан?
— Ўйламайман! — тутоқиб кетдим мен. Ўзи савол бериб ўтирса-ю, тағин қонимни қайнатиб айтаётган гапини қаранг буни. — Мулоҳаза юритишни хоҳламайман! Бу мен учун эмас, аслида. Ўйлаш — ёқимсиз ҳис, — сўзларимга якун ясадим.
— Ҳа-ҳа! Сен учун эмас, — заҳарханда қилган бўлди у. — Ахир тафаккур сен учун эмас-ку! Жавобни эса ўзим бераман. Умримиз давомидаги барча амалларни не сабабдан қилсак, бу савол-жавобимиз ҳам шул важдан, — буёғини ўзинг ўйлаб топ дегандек гапини бирданига кесди-қўйди.
— Яъни? — талмовсираганча сўрадим мен.
— Яъни, сабабсиз! Шунчаки беҳудага соврилиб кетишга маҳкум этилган вақтни нима биландир машғул бўлиб ўтказишимиз, ўзни овутиб яшамоғимиз керак бўлганлиги учун. Барча амаллар каби…
— Гарчи бунда маъно йўқ бўлсада… — тушкунликка берилган бўлдим мен.
— Ҳеч нарсада мазмун-моҳият йўқ. Маъносизликда ҳам, маъносизлик ичра маъно қидиришда ҳам! Шунингдек, маъносизлик унча ёмон эмас, маъно қидириш ҳақида эса бундай деёлмайман…Пул қидирмаган одам моддий етишмовчиликдан азоб чекмайди.
— Чанқоқ нималигини билмаган сув қидирмайди…
Қисқа муддат жавоб қидирган бўлиб бошини сарак-сарак этди. Кейин эса айни суҳбатда боши берк кўчага кириб қолгани туфайлими билмадим, асабийлаша бошлади.
Ниҳоят муддаога ўтмоқчи бўлгандек, мавзуни ўзгартирди.
— Сизларга тушунмайман, — шаҳд билан салмоқланиб сўзлай бошлади. — Сиз севишганларнинг чайналавериб чўзилиб кетган иборангиз бор: “мени боримча қабул қилинг“. Ҳаҳ!
Мен бамайлихотир ўтирсам-да, ичимда овози танишдек туюла бошлагани ҳақида бош қотирардим.
Сал ўтмай ҳовуридан тушди.
— Энди тахминан бир ваъзиятга эътибор қаратайлик, — деди-да, сўнгра вазминлик ила давом этди. — Йигит қизни ўз йўриғида юришини, чегара чегарасизликда тугамаслигини хоҳлайди.
Мен айни дамда мулоҳаза юритардим: Эркак зоти шундайин худбин мавжудот-ки, у ўз эркинлиги орқалигина тўла бахтни ҳис қила олмайди. Бундай бахтга етишиш учун у ўзганинг эркинлигига даҳл эта олиши керак. Балки аёллар ҳам шундайдир. Лекин кейинроқ бу фикрларимдан қайтдим, менимча. Яна билмадим…
У эса давом этарди:
— Қиз эса ўз эркинлигини йўқотишни хоҳламайди, ёки йигит белгилаган эркинлик чегараси тор доирада бўлиб кўрингани учун ички майл қизни сарҳадлардан ошишга қистайди.
Бир-бирига қарама-қарши хислатларга эга икки инсон бир пайтни ўзида қандай қилиб бир-бирини борича қабул қилиши мумкин?!
Оғиз очмоқчи бўлган эдим, қўлини баландга силтаб мени тўхтатиб қолди ва ўзини мўжиза кўрсатаётган сеҳргардек сирли ва мағрур тутиб:
— Платон ҳам адашади, — деди.
Тўғриси, билинтирмасликка уринсам-да оз-моз анграйиб қолдим. Платон ҳақида гапирмоқчи бўлганимни қандай сездийкан?! Кейинчалик ҳам суҳбат давомида бир неча маротаба фикрларимни олдиндан ўқиётганини тушуниб қолдим. Худди-ки, у мени дастурлаштириб қўйган-у, нима дейишимни олдиндан билиб, бемалол жавоб қайтаряпти…
— Нафақат Платон, балки ҳамма адашади, мен ҳам, — ҳар бир сўзига алоҳида оҳанг бериб жарангдор талаффуз қилди у. — Платон айтганидек бир-бирининг яхши-ёмонини тўлдириш севишганларнинг эмас, аксинча турмуш қурганлар вазифасидир! Турмушнинг эса севгига ҳеч ҳам алоқаси йўқ. Шунингдек…
Шунда унинг сўзларини бўлишга жазм этдим ва:
— Аммо қиз ва йигит бир-бирини қаттиқ севсачи? — дея қизиқсиниб сўрадим.
— Албатта, икковидан бири ўз характерини ўзгартириши керак, — ўйчан алфозда гапирарди у. Аммо унда масала сен ўйлагандан кўра чигалроқ.
— Бундай пайтда кўпроқ қизлар ён босади…
— Аммо, ўзини ўзгартира олмайдиганлар, ёки ўзгартиришни хоҳламайдиганлар ҳам талайгина. Ўзи мослашган характеридан воз кечиб, ўзига ноқулайлик туғдирадиган ҳолатда бўлиш кимга ҳам ёқарди? — энди унинг сўзлари бутун тана ҳаракатлари билан ҳамоҳанглик туғдира бошлади. — Натижада севги икки томонга ҳам азобдан бошқасини бера олмайди. Бу совуқлик ва ҳиссизликни, булар эса орадаги узундан-узоқ масофани келтириб чиқаради.
— Аммо нима қилсин? Севгини кўзи кўр, қулоғи кар…
— Бурни эса битган! Хех!
— Барибир севади.
— Барибир қийналади. Мана, “севги изтироблари“ туркум қўшиқлари қаердан келиб чиқади! Бу беъмани сафсатабозлик минг йиллардан бери давом этиб келди. Модомики инсоният минг йилдан сўнг мавжуд бўлса, ўшанда ҳам тўхтамаган бўлади, — дея гапларини тугатди-ю, ақлли кўриниш-ла тиржайди.
Ғалат, юзи кўринмаяпти, аммо боядан бери унинг юз ифодаларини билиб, ҳис қилиб турибман.
“Нима демоқчисиз“ деган маънода менга кўринмаётган чеҳрага томон мавҳум қараб ўтирдим. У эса севги масаласида руҳий муаммоларим борлигини билишини кўрсатиб қўйгани учун истеҳзоли жилмайиб турарди. Мен бундан сира ҳам ажабланмадим. Умуман олганда, бу ҳаётда мени чин маънода ҳайратлантира оладиган нарса қолдимикан?
Орадан қанча ўтганини билмайман, оз муҳлат зеҳн-ла тикилиб тургач тағин оғиз жуфтлади:
— Сенда икки йўл бор.
— Уйланиш ёки ўзимни ўлдириш, — негадир янгилик кашф этган олимдек қувониб сўз қотдим.
Албатта учинчиси — шунчаки яшаш танлови ҳам мавжуд эди, аммо буни йўл деб аташ мумкинмикан? Бу танлов эмас, мажбурият. Мавжудликка маҳкум этилиш бу — ё бизга берилган неъмат ёки лаънат. Тириклик бу — йўл эмас, балки, йўлсизликдир. Мана мен нечун бор-йўғи иккитагина чорани айтишга мажбур бўлдим.
— Аслида иккови ҳам ўзингни ўлдириш. Қандай ўлдириш ўзингга ҳавола, бир лаҳзадами ёки аста-секинлик биланми? — совуқ тиржайган-ча киноя қилган бўлди у.
— Ҳар ҳолда ўзимни севги можаролари туфайли ўлдирадиган одамлар қаторига кирмайман, мен ўзимни умуман бошқа сабаб билан(яъни шунчаки, сабабсиз) ўлдиришим мумкин — дедим ва ичимда ёш болага хос завқли фахр туйғусини туйдим. Шунда энг кўп суиқасдлар сабаби севги экани ёдимга тушиб, «одамлар нақадар ахмоқ-а» деган ўй хаёлимдан кечди. Аммо фикрим қатъий эмасди. Доимий икки томонлама ўзгариб турадиган фикрларим кўп… Бу ҳам энди эси патстликдан, албатта.
У эса “бу бошқа масала“ — дея чўрт кесди ва “икки танловдан бирини амалга оширишга мажбур эмассан, шундай бўлсада қай бирини танламоқчисан?“ — дея ўсмоқчилаб сўради.
Нафақат миямда балки бутун танам узра фикр ўрмаларди. Танлов имконияти. Танлов иллузияси.
Аслида, иккови ҳам осонгина амалга ошадиган эмас.
У эса аллақачон фикрларимни ўқиган ва менга қараб “хўш“ дея ўйчан ва совуқ нигоҳини қадаб турарди.
Жавобдан қоча олмаслигимни тушуниб етдим.
— Унга уйлана олмаслигимнинг кўплаб сабаблари бор, умумий қилиб буни шароитлар тақозо қилмаслиги деб атаймиз, — дедим-у озгина таннафус қилдим. — Лекин бу энг ёмон нарса эмас. Даҳшатлиси шундаки…
Шу ерда тутилиб қолдим. Тилим буёғига айланмас, бошқа бир оғиз ҳам сўзлай олмасдим. Қўлимдан келса-ю, бу забонни ҳозироқ узиб ташласам!
— Энг ёмони — имконият туғилганида ҳам унга уйланмас эдинг, буни ўзинг хоҳламас эдинг! — мен тўхтаб қолан нуқтадан давом этди у.
— Тўхтанг… Йўқ… Майл… Ундай эмас… Аммо… — қайси сўзни айтишни билмай дудуқланардим мен.
Нимадир дейишим керак, аммо нима дейишни билмас эдим. Умримда биринча маротаба на тасдиқлаш, на инкор этиш мумкин бўлган гапга дуч келиб турибман.
— Тушунмайман, — пичирладим. Билганим шу-ки, айни дамда уни ўзимдан-да кўпроқ яхши кўраман…
— Уни яхши кўрасан, шу сабабли уни ёмон кўрасан. Севмаганингда ёмон ҳам кўрмаган бўлардинг. Унда бу оддийлик касб этарди. Ҳеч ким бўлиш яхшими ёки нафратланилган инсон бўлиш?! Айниқса, бу севги туфайли келиб чиққан бўлса… — деди ва худди мен айбдор одам бўлганимдек кўрсаткич бармоғини менга нуқтади. — Бу энг ёмон сабаб ва оқибат боғланишларидан бири. Севги — сабаб, нафрат — оқибат…
Индмаганимдан сўнг ҳорғин овозда давом этди:
— Одамларни қанчалик яқиндан билаверганинг сари, улардан шунчалик узоқлашиб кетаверасан. Уларга жисман яқинлашаверганинг сайин ўзаро руҳий боғлиқлик камаяверади. Шу сабаб ҳам ҳам орада сирлар ва мавҳумликлар кўпроқ қолгани тўғридир, балки… Чунки сен мен уни севаман деб ўйлаётганингда аслида уни эмас балки хаёлингдаги «у»ни севаётган бўласан. Бу эзгуликка йўғрилган сохта тасаввур. Одамга яқинлашаверганинг сари хаёлот ва ҳақиқат ўртасидага фарқ яққол намоён бўла бошлайди.
Одамзоднинг чин кўринишини билсанг, уни севишга арзимас эканлигини тушуниб етасан. Шу сабаб ҳам биз одатда инсонни севдим деб ўйласак-да, ўзимиз ясаб олган ниқобларни севган бўламиз… Биласанми ўзи уни нима учун севасан?
Жавоб беришга энди тайёрланиб эдим, мендан олдин ўзи:
— Чунки, бунга ўзинг ҳам ишонасан, — дея гапирилмай ҳавода қолиб кетган сўзларимнинг ўрнини тўлдирди.
Мен индамадим… Индолмадим, жин урсин…
Ичимда эса Мафтуна(ўзимни Мафтунам!) ҳақида ўйлардим. У менга шунчалар яқин-ки, унга етиш учун қўл чўзишимга ҳам ҳожат йўқ. У менда, менинг ўзимда. У шунчалар узоқ-ки, қўл чўзиш у ёқда турсин, югуриб ҳам етолмайман.
Келажагимни белгилайдиган танловлар олдимда турибди. Кичик танлов катта кучга эга эканлиги, у эргаштириб келувчи воқеалар занжири аҳамияти ҳақида фикр юритсам, миямда қисқа туташувлар содир бўладигандек…
Қизиқ жиҳати шунда-ки, танловим ҳеч бир аҳамият касб этмаслиги ёки менда ҳеч қандай танловнинг ўзи бўлмаслиги ҳам мумкин. Катта эҳтимол билан шундай.
Оҳиста сўзладим:
— Менда ихтиёр эркинлиги борлигига иймоним комил эмас. Шунингдек, мен ўзимда сира ҳам оқилона танлов кўрмайман…
— Бу балки кўпроқ интиҳога эътибор қаратганинг учундир? — куймаланиб сўради у.
— Шунга нима бўлибди? — энсамни қотирган бўлдим.
-Чунки танлов нимаики бўлмасин, интиҳо доим ёвузлик, умидсизлик ва зулмат ичра тугайди, — деди ўзини худди махфий хабардан дарак бераётган арвоҳлар элчисидек тутиб.
— Балки, менда умуман танлов йўқдир ва тақдиримда содир бўлиши керак бўлган воқеани кутаётгандирман… — безовталанардим мен.
— Тақдир бу — ожизларнинг оқимга қарши сузишга тўғри келганида, ўз заифлигини беркитиш учун кийиб оладиган сохта ниқоблари, холос.
— Ёки мағрурларнинг ўз ҳаддини билиши кераклигини эслатувчи чегара…
— Бунга ўзинг ҳам ишонмайсан!
— Нима бўлганида ҳам, тақдир масаласида ҳеч қачон бир тўхтамга келиб бўлмайди…
— Икки ҳолат мавжуд. Ҳар икки ҳолатда ҳам тақдирни мавжуд дея аташимиз мумкин. У мавжуд бўлса, унинг измидасан. Тескариси бўлса, амалларимизни ўзимиз, ўз қўлларимиз билан пешонамизга ёзиб боряпмиз. Яъниким, унинг мавжудлиги ўзимизда, эркимизда намоён.
— Қайси бири эканлигини билолмаслигимиз ачинарли…
— Унчалик эмас. Қай бири эканлигини билганимизда ҳам ўзгартира олмаймиз-ку. Билиш эркинликка йўналтирмаса, ундан наф кўриш мушкул.
У озгина жимликдан сўнг уҳ тортди. Менинг қатъиятсизлигимни кўриб менга ачинаётгани маълум эди.
— Олдингда копток турган бўлса-ю, уни тепмасдан туриб, голни кутиш ахмоқлик. Аммо тепсам гол бўлади деб ишониш ҳам ярамайди, — маслаҳат берган бўлди у.
Мен бошимни қимирлатиб тасдиқлагандек бўлдим.
— Аммо, унга етишиш нима учун ҳам керак? — бу сафар овозини бир парда юқорига қўйиб савол берди.
— У — истисно.
У биринча марта менга тушунмай анграйиб қолди.
— Айтмоқчиман-ки, уйланиш ёки фарзандли бўлиш ақл жиҳатдан унчалик ҳам тўғри танлов эмас — вазмин оҳангда сўзлади.
Айтган гапимни қайтаришимга тўғри келди, аммо бу гал муфассал тарзда:
— У — қалб томонидан ақл йўриғига қарши қўйилган истисно!
У тушунди ва бир оздан сўнг тантанавор нутқини бошлади:
— Ақл ва қалб. Инсон учун қарор чиқаришда ақл доимо устун бўлиб келган. Ақлий танловлар шарофати билан шунча ривожландик, энди бизда шунчалар кўп имкониятлар мавжуд-ки, юз йил олдин ҳаёт кечирган аждодларимиз бу тараққиётни тушида кўришга-да қодир эмас…
— Аммо, ҳали ҳамон миллионлар оч-наҳор…- гап қўшдим уни тўхташини кутиб туролмай.
— Бу қарор чиқаришда ақлнинг қанчалик устунлигини, қалб эса бундай вазифага ярамай қолганилигининг исботи эмасми?
— Йўқ. Бу — ақл танлови доим ҳам тўғри бўлмаслигига далил.
— Лекин унутма. Ақл — тафаккурнинг отаси. Тафаккур эса жуда кучга эга.
— Албатта, шу тафаккур орқали, биз таффакурнинг ўзи арзимаслигини, унинг зарарли эканлигини кашф этдик, ахир! — юзимни бужмайтирганча истеҳзо қилдим.
Атрофни қайтадан жимлик чулғади. Яна у сўз бошлашини кутиб турардим. У бу сафар қисқа сукунатдан сўнг анча босиқ ва ҳорғин овозда сўз бошлади:
— Сенга раҳмим келади…
— Нега? — ажабсиниб сўрадим.
— Биласанми, сенинг севимли машғулотинг нима?
— У…
— Йўқ, севимли машғулотинг — азоб. Тушунгин, бўш қолди дегунча у ҳақида ўйлай бошлашинг ва сиқилишинг, умуман олганда оғриқ инсон учун ҳобби бўла олмайди.
— Сен буни ҳал қилмайсан… Азобдан туйиладиган роҳатни-да тушунишга қодир эмассан…
— Аслида сендаги муаммолар нега ва нимадан келиб чиқяпти дейсан? — қизиққонлик билан сўради у.
— Муаммоми? Уни одамларга боғлагим йўқ. Мен эҳҳе аллақачонлардан бери инсонлардан айб қидирмай қўйганман. Ахир ҳамма ҳам тақдирнинг таҳқирли ўйинларига илиниб қолган қўғирчоқлар эканлигини ҳис қилиб тураман-ку. Аммо ўзимдан доимо истисно ясаб келганман. Мен, мана мен айбдорман барига! Менинг оламимдаги барча муаммо марказида ўзим тураман.
Масалан, мен мураккабликка бардош беролмайман. Мафтунам эса оддий, ахир бу оддийлик комил мукаммаллик намунаси эмасми?! Чамамда, бунга дош бериш бўйнимдаги гуноҳларимни ўзим билан абадул-абад кўтариб юришдан-да оғирроқ маъсулият талаб этади…
Мен ундаги нафосатдан қўрқаман. Гўзаллик мудом қабоҳат билан ҳамоҳанг тарзда, баъзан эса уни униб-ўсишига туртки бўлишини билсангиз керак?!
Мен билмайман, унинг муз саройини эритишга, ҳечда қайноқ тафтни ҳис қилишга кўмаклашишга булоқдек жўшқин қалбимнинг қурби етармикин?
Янаям тушунмаганим — у — унинг ўзи! Негаям «мен» эмас-а?! У мен, мен эсам у бўлганимда, бари кўнгил хоҳишларига монанд бўлганида, ҳаётдан мамнун бўлармидим балки!
— Аксинча ҳаддан зиёд мутаносиблик мувозанат бузилганлигидан далолат, — бепарво оҳангда бир текис сўзларди у.
Унинг лоқайд бўлиб ўтирганини кўргач, масалага бошқа томондан ёндашиб давом этишимга тўғри келди:
— Буларнинг бари муаммо эмас, аслида. Муаммо — мен ундан воз кечолмайман. Тушуняпсизми? — хирқироқ овозда сўрадим.
У тасдиқ маъносида бошини ирғади.
Қайсарлиги тутган самандек бўйнимни зумда бурдим ва:
— Йўқ, тушунмаяпсиз, — деб жаҳл қилдим. — Тушунмаяпсиз, чунки мен ундан ҳозирнинг ўзида воз кечишим мумкин. Аммо у кетадими? Унинг тизгинсиз аммо бечораҳол руҳи қалбимдан чиқиб кетармикин? Ахир, унинг ватанидан ўзга тунаб қолишга макони борми?!
Сиз билмайсиз, мен аллақачон соямдан воз кечганман. У менга керак эмас. Аммо, ўзингиз қарангчи, у мени ташлаб кетдимикин?
— Қоронғуда соя кўринмайди — ҳозиржавоблик қилди у.
— Мана, — ҳайқирдим, — масала ҳам шунда. У сизга кўринмаяпти, аммо олдимда турибдику. Турибди, ахир. Офтоб нурлари ҳаётимиз қайта кириб келмаслигига ишонсамгина соямнинг йўқлигига кўниккан бўлардим. Аммо, мен биламан(ҳа, ҳа, биламан! Чунки ишонаман! ) ҳали қуёш чиқади. Бундай кунлар олдимда аскарлардек тартиб ила саф тортиб туришибди. Мен ҳеч қачон ўзимни мавжудлигимни қуёш чиққан вақтдагидек кучли ҳис қилмайман…
Қадрдон соям менинг мавжудлигим инъикоси бўлса, Мафтунам менинг ярадор қуш каби беҳол ва пажмурда, аммо ҳаракатдан тўхтамас исёнкор қалбимнинг инъикоси!
— Унчалик ҳам тушунмадим аммо ҳеч қиси йўқ. Фарқимиз ҳам шунда, мен бундай оҳангни туйишга мослашмаганман, билсанг. Аммо не қилганида ҳам сенга раҳмим келади, — меҳрибон овозда сўзлади у. — Баъзида уни деб шунчалар қийналасан-ки, ҳатто унинг ўзи ҳам дардингга даво бўла олмайди.
Чуқур уҳ тортдим. Жуда чуқур.
— Ҳаётнинг энг катта шафқатсизлиги бу — сени икки оғриқли танлов ўртасидаги аросатда қолдириши ёхуд сени танлов имкониятидан маҳрум этиб, тақдир ва тасодиф қўйнига улоқтириши… — пичирлаб гапирардим мен. — Ҳаёт нега адолатсиз экан-а?
— Ундай эмас. Ҳаёт қай маънода бир сенга эмас, барчага бирдек адолатсиз. Демак, шуни ўзи адолат!
У мендан кутган ҳайратни кўрсатмаган бўлсам-да, “бинго“ деб қўйдим.
— Унда бундай «адолатли» ҳаётдан мазмун қидиришга ҳам ҳожат йўқ экан, — носамимий овоз чиқардим.
— Сенга ўхшаганларга қолса, севги ҳаёт маъноси бўлиши керак! Ҳа-ҳа! — беўхшов кулиб сўзлади.
— Албатта. Севги шу қадар кучли-ки, у ҳаётга маъно қўша олиши ҳам мумкин эди. Аммо ҳаёт абсурд ва ҳеч қандай қийматга эга эмас экан, бундай оғир дардга ҳам севги даво бўла олади!
— Ҳаётни маъноси севги бўлиши мумкин эди? Кулгимни қистатмасангчи!
— Албатта, сен билан мен айтаётган севги эмас, балки чормихланган Исо чор атрофга тарқатган севги-муҳаббат нури ҳамма инсонни қалбида бирдек бўлганида ҳаёт ма’нолироқ бўларди, балки… Тўғрироғи, ундан маъно қидиришга ҳам ҳожат қолмасмиди… Ахир, қониқарли ҳаёт маъно талаб қилмайди.
— Яхшироқ тушунтир-чи бундоқ! — ўзиям биринчи марта гапларимга қизиқсиниб қолгандек савол берди у.
— Ҳаёт мазмуни — узлуксиз роҳатга етишиш, аниқроғи — унга бўлган тўхтовсиз ҳаракатдир. Бундай роҳат эса фақат эзгу қалбда яшаши мумкин. Ечим — шунчалар оддий. Унга етиш — шунчалар мураккаб…
— Доим яхшилик қилиб яшаш мумкин эмас-ку!
— Нега экан?
— Чунки яхшилик мавжуд эмас.
У ёйилиб илжайди.
— Йўқ, яхшилик мавжуд… — ҳимояга кучи етмайдиган нотавондек ожиз ҳолда гапирардим.
— Билмайсанки, ҳар бир яхшилик ички ва ташқи роҳат туфайли содир этилади. Булар худбинликдан келиб чиқиши, худбинликни эса яхшилик сифатида кўрмаслигимни ҳисобга олсак, яхшилик мавжуд эмас деб биламан.
Бу ерда ақлли битта у эмаслигини исботлаш учун гап қўшишимга тўғри келди:
— Бировга нимадир тиласанг яхшилик, ўзингга тиласанг худбинлик сифатида кўрилади. Аслида иккови ҳам маълум бир шахсга, инсонга қаратилган хайрли ишлар. Демак — худбинлик бу яхшилик. Аммо кўплаб одамлар наздида худбинлик ёмонлик сифатида қаралади.
У ичимда ўзимни ақлли деб кўрсатмоқни ният қилганимни тушунгани учун устимдан кулди. Уялдим. Қизардим.

— Демак, кўпчилик ҳисоблашадиган мантиқ бўйича азобгина, тўғрироғи, ўзни азоблашгина яхшилик экан-да?!
Ич-ичидан вазни оғирлашиб кетаётган танамнинг вазминлигига бардош беролмай қолдим, қанча ўйласам, ўзим шунча торайиб ичимдаги фикрлар эса кенгайиб кетяпти. Фикрларга эрк беришим, уларни тизгинсиз қўйиб юборишимга тўғри келаётганди. Бу эса мени тамоман ҳолсизлик домига ташлаб қўйди.
— Тушунмайман, — ниҳоят мендан ҳам садо чиқди. — Аслида, бирон нарса яхши ёки ёмон эканлигини ҳеч қачон билолмайсан киши…
— Энг ёмони, яхшилик ва ёмонлик умуман мавжуд бўлмаслиги ҳам мумкин, — фикрга берилди у.
— “Энг ёмони“ дейди-я! Шу гапни ўзида унинг қай ҳолда мавжудлиги намоён, — ўзимча уни мот қилган бўлдим.
Кейин эса мен ўзим ҳақимда ўйлай бошладим. Бу нарсани жуда кўп маротаба ўйлаб кўрганман. Мен яхшиманми ёки ёмон? Ҳам характер ҳам кайфият жиҳатдан бу саволга ҳеч қачон жавоб беролмаганман. Мени қийнайдигани — буларни ҳеч қачон била олмаслигимни билиш. Ҳаммаси қай томондан қарашга боғлиқ бўлган нисбий тушунчалар экан, мен ҳар доим ўзимни яхши ҳис қилаётган бўлишим, ёки ҳар доим яхши инсон бўлиб келган бўлишим ҳам мумкин экан-да?!
Овоз чиқардим:
— Лекин нисбий нарсаларни ҳам ўлчайдиган тарози керак-ку, барибир!
— Не сабабдан?
— Билмадим. Аммо булар ҳақида ўйласам ичим ағдар-тўнтар бўляпти, бошим қаттиқ оғрияпти. Гўё бутун ер шаридан оғирроқ нарсани елкамда кўтариб турибман, — деб икки қўлимни юзимга босдим. — Ҳамма оғир саволларга енгил жавоб бериш орқали баридан осонгина қутулиш мумкин. Балки, нариги дунёдаги тарози нисбий нарсаларни аниқ ўлчаш учун ишлатилар…
— Ўз-ўзини билиб туриб алдаш… Севги ҳам шу-ку аслида. Ёки алкогол.
— Буларда нотўғри нарса кўрмаймиз. Шундай экан, менинг бу фикримда ҳам ҳеч қандай ғалатилик йўқ.
— Лекин яхшилик ва ёмонликни ажратишда қийналар эканмиз, уларни бир дея атасак бўлмасмикин?
— Буёғи мантиқсиз бўлиб кетди-ку! — дедим ва ҳавода қўл силтаб қўйдим. Қўлим ҳавода муаллақ қолиб кетгандек бўлди.
— Қарагин! — жўшиб нутқ ирод қила бошлади у. — Физик олимлар барча физикавий қонунларни бир ўзанга солувчи назария қидириб юрган бир пайтда мен ҳаёт фалсафасини бир ўзанга солувчи назария ўйлаб топдим.
Бу — “худбинлик“ назарияси.
Бу яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам асоси.
Яхшилик аввало ўз-ўзингизни хурсанд қилиш учун. Оддий мисол сен кимгадир ёрдам қўлини чўзганингда ҳам, яхшироқ эътибор қаратилса бу ўз ичингда ўзингни алқаш ва шундан роҳат ҳиссини туйиш, ўзингдаги эгони қондириш учун қилингани маълум бўлади. Деярли ҳар бир яхшилик илдизи — ўз-ўзингни қониқтириш.
Ёмонлик содир бўлиши ҳам худди шундай ҳолатда кечади. Ўзингдаги эгони қондириш ва роҳат туйиш учун нималарга қўл урмайсан, киши! Бу худбинлик бўлмай нима?!
Одамлардаги ички қониқишга олиб келувчи лаззатларнинг йиғиндисини хубдинлик деб атасак, бу энг тўғри таъриф бўларди. Шундай экан, одамлар қараши бўйича бировнинг «худбинлиги»(буни улар худбинлик деб аташмаса-да!) бошқанинг «худбинлигини» қондирса бу — яхшилик(икки инсон ҳам бирдек руҳий ёхуд жисмоний лаззат тотиши), зарар етказмаса бу — ҳеч нарса, аммо зиёни тегса бу — ёмонлик.
Мана одамлар яхшилик ва ёмонлик атамиш тушунчаларнинг аниқ ва ҳақиқий изоҳи. Барчасини бирлаштириб турувчи нуқта эса худбинлик — деди-ю бироз муддат тин олмоқчи, миясига дам бермоқчи бўлгандек бошини чангаллаб туриб қолди.
Мен бўлсам атайин индамай ўтирардим. Энди сўз навбати севги худбинликдан келиб чиқиши ҳақидаги фикрларга келганлигини ич-ичимдан тушуниб турарсам-да, унинг сўзларини бўлмасликка қарор қабул қилдим. Менимча, у шугинани исботлаш учун эмас, балки фикрлари қайнаган қозондан биқирлаб чиқаётган таом каби тўхтамай, ўз йўлида келаётгани учун ҳам илҳомланиб, ўз шавқ-у завқидан масрурланиб сўзлаяпти.
У эса чўғ ўчиб қолишини истамай оловга ўтин қалаб тургувчи инсон каби нутқига андак зарда қўшиб туриб сўзларди:
— Худбинлик ҳамма нарсани тушунтириб бера олади. Биологиядаги табиий танланишни, ҳиссиётдаги севгини, тарихда ва ҳозирдаги инсоният ривожланишини(мабодо келажакда инсоният таназзулга юз тутса, ўша танназзулни ҳам!), дин ва ундаги Худо, фалсафадаги ҳаёт мазмуни ҳақидаги қарашлар… Барчасини худбинлик орқали тушунтириш мумкин. Ҳозирда инсоният қўлида турган ва онгида мавжуд бўлмиш нарсаларнинг бари — худбинлик аталмиш илдиздан ўсиб чиққан дарахтнинг турли мевалари!
— Демак, шу худбинликдан келиб чиққан севги мени ўз худбинлигим учун жазолаётган эканда… — ниманидир тушунгандек сўз қотдим.
У истеҳзо-ла қараб “сендайлар кам деб ўйлайсанми?“ — дея сўради.
— Ҳар ким индувидиал тарзда ўз танасини ҳис қилади. Ўзига хослик мавжуд. Шунингдек, мен уни бошқалар яхши кўрадиган йўлда эмас, айни ўз йўлимда севаман, — оз-оздан тин олиб гапиришда давом этардим. — Бошқалар кимнидир тана сифатида яхши кўради. Улар ўша танага уйланишни ва у билан бирга бахтли ҳаёт тарзини кечиришни мақсад қилишади. Ўзларига ёрдамчи-ҳамроҳ керак бўлганидек. Менда эса ундай эмас. Мен у билан бирга бўла олмаслигимни билсамда, севавераман. Бу умуман бошқа нарса. Мен уни тана эмас руҳ сифатида яхши кўраман. Ҳис қилганларимни сизга тушунтиришда қийналяпман. Бошқача таърифлаб бера олмаяпман ҳам…
У эса гапларимдан зерикканини билдириш учун хомуза тортди.
— “Яхши кўраман, севаман, яхши кўраман, севаман…“ Жонга тегдинг-ку! Севги ҳозир йўқ, кейин ҳам бўлмайди. Чунки у олдин ҳам бўлмаган! Уни фақат хаёлларда мавжуд бўлганлигини англаган заҳотинг руҳинг бирдан енгиллашади ва тақдир олдида хўрланишни ҳис қиласан — танбеҳ оҳангида тушунтирган бўлди.
Чурқ этмаганимни кўриб жаҳли чиқди ва “нега тушунмайсан-а, севги мавжуд эмас!“ деди-да, жавоб кутаётганини билдириш учун қимирлаб қўйди.
— Биламан…
— Ие? Буёғини неча пулдан тушди?
— Унинг мавжудлиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Аҳамиятлиси — у бера оладиган нарса! Дейлик, Худо ҳам мавжуд эмас аммо бу ҳамма хоҳлаганини қилиши мумкин дегани эмас-ку?! Одамзодга Худо керак. Севги ҳам. Уларнинг ўзи эмас, балки уларнинг ҳаётимиздаги ўрни, бизга бера оладиган ёрдам ёки зарари аҳамиятли.
У мен кутмаган ҳолда илкис шапалоқ тортиб юборди. Юзим ловуллаб кетди. Аммо бу аҳамиятсиз. Шунда ҳам мен пайтдан фойдаланиб, унинг чеҳрасини кўриб олмоқчи бўлдим, аммо илғай олмадим.
— Худони қўшма! — баланд овозда шошилганча сўзларди. — Унинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ҳеч ким, ҳеч қачон била олмайди!
— Шунчаки мисол тариқасида келтирдим, — юрак ҳовучлаб гапирдим, қайта тушириб қолмасин дедим-да.
— Лекин, бундай қаралса, олам мўъжизаларга тўла! — ҳаяжонга берилди у.
— Бу мўъжизаларга атиги битта Худо етишмайди.
— Сенга бир гап айтайми?! — озгина ўйга берилгач қувноқ оҳангда гап қотди у. — Агар йўлимдан сеҳрли чироқ топиб олсам-у, жин чиқиб келиб менга “икки имкон бераман, ё тилак тила, бажо келтираман ё бир савол бер, жавоб бераман“ деса, мен “худо борми“ дея савол берадиган даражада ахмоқман.
— Калитсиз қулфларга бунчалар диққат бўлманг. Ҳеч қачон ҳаётимизни беъмани фикрлар заҳарлашига йўл қўйиб бермаслигимиз лозим. Меёрни сақлаш кераклиги бу эскитдан қолиб кетган бўлса-да, аҳамиятни ҳалигача йўқотмаган олтин қоидадир! — маслаҳат оҳангида тушунтирган бўлдим. — Масалан, ўйлагин-а, Худо бор. Энди эса уни мавжуд эмаслигини ўйлаб кўр. Хўш? Кўрдингми, ҳеч нарса бўлмади. Сен эса ҳалиям яшаяпсан.
— Балки… Майли, чалғимайлик… Демак, сенингча севгининг ўзи эмас, у келтириб чиқарадиган мазмун( хоҳ оғриқли, хоҳ лаззатли бўлсин) аҳамиятли экан-да.
— Шундай. Бахт бера оладиган ҳар нарса гўзал.
— Лекин, бахт билан бахтсизлик ораси жуда яқин. Бизни бахтли қилишини кутган инсонларимиз туфайли бахтсизликка дучор бўлиш — оғир. Биз бахтли бўламиз деб қилган машаққатли меҳнатларимиз бизни бахтсиз қилиб қўйиши — ачинарли. Бизни бахтли онларга етаклайдиган кайф-сафонинг оқибати бахтсизликка етаклаши — табиий. Бахт — сабаб, бахтсизлик — оқибат. Қандай даҳшат! Биз қайси бирига қараб чопмайлик, икковининг оралиғи жуда яқин бўлгани сабабли, гоҳ бахт, гоҳ бахтсизлик эшигига бош ураверамиз.
— Бахт фақат роҳатда эмас, балки изтироб ичра ҳам мавжуд. Ҳақиқий севги эса мудом бахтга етакласа керак…
— Ҳақиқий севгимиш-а! Сенинг севгинг чинмикин? Сен унинг айнан қайси хислатини кўпроқ ёқтирасан ўзи?!
— Энг хушлайдиган хислатим — унинг мени яхши кўриши. Айнан шунисини кўпроқ ёқтираман.
Шу заҳоти унинг «худбинлик назарияси»ни тасдиқлаб қўйганимни икковимиз ҳам бирда тушуниб етдик ва енгил кулишиб олдик.
— Сенингча, асл муҳаббат қандай ўзи? — мазхаромуз қизиқиш билан сўради у.
Ўйланиб қолдим. Албатта, романтик жавоб топишим керак эди.
— “Сени севаман“ деб айтган пайтинг ундан ҳам шу жавобни кутиш сохта, манфаат устига қурилган севги, — деб айтишга айтдим-у, ўзим ҳам қандайдир тушунарсиз ўйга берилиб қолдим. — Ҳақиқийсини эса ўзингиз ажратиб олаверинг.
— Демак, ҳақиқий севги йўқ экан-да.
— Балки. Чунки одамлар орасида биронта эзгу инсон қолмаган. Балки, мавжуд ҳам бўлмаган.
— Шундай. Мен ҳам одамларга бўлган ишончимни аллақачон йўқотиб қўйганман. Мен энди одамзоднинг ёвузлигига иймон келтирганман. Энди мен нигилистман. Киникман. Мизантропман. Фақат… Фақат, Достоевский ва Толстойни ўқиётган пайтимдагина одамларни севишим, эзгулик инсоннинг табиий майли эканлигига ишонишим мумкин…
— О, мана шу ерда биринча марта фикримиз бир жойдан чиқяпти, ўзиям!
— Мана шу ҳамоҳангликни доим топа олиш керак. Йўлда қоқилмаслик учун ҳам.
— Аммо, қоқилмаслик нимага ҳам керак?!
— Муваффақият бахт беради. Муваффақиятсизлик эса — дард. Мана шу учун!
— Қизиқ. Интиҳога етишиш лаҳзалари яқинлашганда қандай фикрга келар эканмиз? Балки, ибтидода бўлганидек ҳеч нарсани фарқига бормасмиз ёки ўзимиз барини фарқсиз ҳисоблаб қолармиз. Айтмоқчиман-ки, дард ва бахт бир хил тарзда аҳамиятсиз нарсалар эканлигини тушуниб қолишимиз ҳам эҳтимолдан йироқ эмас…
Бирданига ҳамма нарса тўхтади ва ҳеч қандай ҳодисот рўй бермай қолди, бари йўқлик қаърига сингди. Қанча вақт ўтиб кетди, билмайман. Балки бир дақиқа, бир соат, бир кун. Йил ёки ойлар ўтиб кетган бўлиши ҳам мумкин… Ёхуд вақт тамоман юрмай қўйдимикан. Сезги аъзоларим ишламаётганлигини тушундим. Ҳеч нарса сезмасдим. Бу роҳат. Кейин эса яна барча нарсани, вақтни ва маконни бирдай ҳис қила бошладим. Энди мен азобни ҳис қила оламан. У эса ҳануз олдимда ўтирибди. Унга диққат билан разм солмоқчи, ҳеч бўлмаганда нигоҳини яхшироқ илғаб олмоқчи бўлдим. Шунда он у юзини менга яқинлаштирди, зулумотдан чиқиб келган юзи тиниқлашиб, аниқ кўриниш олди. У ўзим эдим. Ҳа, ўзим! Соқоли ва нисбатан қаримсиқ юзигина бизни бир-биримиздан фарқлаб турарди. Аммо нима бўлганда ҳам, у мен эдим. Балки, у ҳам ичида шуни ўйлаётгандир. Мен унга қараганда анча ёшман ва қанча яшасам баттар ёшариб кетавераман, у эса яшаган сари икки баравар тезроқ қарийди. Нега бундай ўйлаганимни билмасам-да, аммо бунинг ростлигига амин эдим. Унга раҳмим келди. Йўқ. Ўзимга раҳмим келди. Ахир у ўзим эмасми?! Ёки бир қисмим? Балки, биз бир жисмнинг икки қисмларидирмиз?! Тушунмайман.
У шаҳд билан турди-да, орқага қараб югуриб кетди. Шундагина ҳеч қандай деворлар йўқлигини ҳис қилдим. Оёқларим ҳам музлаб қолмаган. Мен ўтирган жойда ҳеч қаерда ҳеч қандай чегара йўқ эди. Аслида ҳам чегаралар кўпинча ўзимиз бор деб ўйлаганимиз учунгина “мавжуд“. Демак, бояги тўсиқлар, деворлар, ҳаттоки ранглар ҳам фақат хаёлларимда бўлган. Онгимиздаги бундай “чегара“лардан эса халос бўлиш мумкин ва лозим!..
У югурар ва борган сари қоронғулик бағрига сингиб, кўздан йўқолиб борарди. Аммо, ҳансираши ҳали ҳам қулоғимга бирдек эшитиляпти. Мен тушуниб етдим. У ўз жонига қасд қилиш учун кетяпти. У менинг ҳаётимни ҳам тугатиши мумкинлиги ҳақидаги ўй юрагимга кучли даҳшатни олиб кирди. Қизиқ. Юрагим. Юрагим бормикан? Ўзим юрак эмасманми?! Англолмайман.
Нима бўлганда ҳам, уни қайтариш кераклигини ҳис қилдим, аммо мен у кетиб бормиш ёнга эмас, аксинча қарама-қарши томонга югура бошладим. Уни шу йўл орқали тўхтатиш мумкинлигини қандайдир ички куч пичирлаб айтиб турарди. У “умидсизлик, ўлим, мавҳумот, “ дея югурар, мен эса “ ҳаёт, севги, ҳаёт“ деб югуришда давом этардим. Шу онда сездим-ки, атиргуллардан қилинган занжир ҳали ҳам қўлимда, мен занжирни узмаган эдим. Ҳа, чегаралар баъзида ташқи эмас, ички бўлади. Қўлда занжир билан югуриб борар, ундан тезроқ чопа олаётганимга, ундан ўзиб кетаётганлигимга ва марра меники бўлишига чин дилимдан ишонар эдим. Ишонч нималарга қодир эмас. Ахир, у эмасми ҳаётимизни ҳозирдагидек кўринишга келиб қолганлигига энг бош сабабчи!
Кўзимни очдим. Ҳовлидаги краватда ётибман. Юзимга кимнингдир қўли тегиб турибди. “Мафтуна“ — шивирладим мен.
Мафтуна менга ним табассум ила тикилиб турарди. “Туш кўрибман“ — дедим. Ичимдан эса “балки, ҳозир туш кўраётгандирман ёки тушимнинг давоми содир бўлаётгандир“ деган ўй ўтди.
Бояги бир-биридан антиқа ҳодисаларга таажжубланмаганим сабаби энди маълум. Тушда доим шундай бўлади. Ўйланаман, ҳаёт ҳам туш каби бир нимарса экан, нега ҳаётдаги воқеларга ҳайрат кўзи ила боқишимиз лозим?!
Осмонга юзландим. Юлдузлар ярқ этиб кўзга ташланмаётган бўлса-да, синчков кўзлар учун уларнинг мавжудлиги кундай равшан. Демак, айни саҳар пайти.
Мафтуна қандай туш кўрганим ҳақида сўзлаб беришимни кутди. Аммо мендан садо чиқмагач, сўрашга жазм этди:
— Яхшимисиз? Нимани туш кўрибсиз?
— Ўтмишни. Йиллар олдин…
— Ёмон тушми? Қандай воқеа бўлди?
— Ҳеч қандай…
— Ҳеч қандай?
— Ҳа, ҳамма воқеаларни туш кўрса, мен фикрларни тушимда кўрдим.
— Фикрлар?
— Фикрлар зидлиги. Менинг “мен“имдаги зиддиятлар. Йиллар олдин олдимда турган муаммолар. Улар ҳозир ечимини топган. Ўшанда бари иложсиз эди. Ахир бу мўъжиза эмасми?!
Мафтуна тушунмади.
Мен эса ёнгинамда ётган кичкина Қудратнинг қўлчасидан маҳкам ушлаб, унинг ҳали заиф аммо катта бир кучни ўзида жам қилмиш бутун бошли танасига мароқ ила кўз югуртириб чиқарканман, миямдан турли ўйлар ўтарди.
Тақдир, танлов, тасодиф. Булар ҳаётимизни, келажагимизни белгилайди. Асосийси, булар орасидаги ҳамоҳангликни топа олишмиз. Қалб ва ақл ўртасидаги мувозанатни сақлаган каби… Керак пайтида қайсига қулоқ солишни билмоқ керак. Мен ўшанда билган эдим. Ҳозир эса яна ўзгара бошлаганим учун ҳам бу тушни кўрдим. Демак, емирилаётган ҳамоҳангликни қайта тиклаш лозим.
Кўп нарса ўйлай олмасдим. Бошим ғувиллаб кетди. Буларнинг барини ўйлагим ҳам келмасди. Мен ўйлаш учун туғилмаганман. Ёки баъзилар каби ўқиш ва ишлаш учун ҳам туғилмаганман. Мен бахт учун туғилганман. Унга эришгунча бўлган даврларнинг бари ўтиб кетди. Мен ўлимга эмас ҳаётга етишган эдим! Ҳаётга! Бахтга эришгач, уни фақат қўлда ушлаб, сақлаб туриш эмас, балки ундан фойдаланиш, роҳатланиш керак деб ўйладимда, кўзларимни юмиб, Мафтунанинг пешонасига лабимни босганча ҳаловат бағрига чўмдим…
Энди кўзимни очмайман. Бу ҳам туш бўлиб чиқишини, кўзимни очганимда асл воқеликка қайтишим мумкинлигини ўйлар эканман, қатъий қарор қилдим: энди кўзимни очмайман! Очолмайман!..

2019

07 Mirzohid Muzaffarning tavsiyasi bilan bugungi sahifamizda adabiyotimiz maydoniga kirib kelayotgan yangi avlod vakillaridan biri — 1999 yil Navoiy vilotining Nurota tumanida tug’ilgan, ayni paytda Navoiy Davlat Pedagogika Universitetining Chet tillari fakulteti talabasi bo’lgan Rahimjon Qudratovning hikoyasini taqdim etmoqdamiz

Rahimjon Qudratov
SHIRIN YOLG’ON
03

Ko’zimni ochdim. Ikkita qarama-qarshi stullar o’rtasida stol joylashtirilgan katta va qop-qorong’u xona atrofida turli to’siqlar qalashib yotibdi. Stullarda men va kimdir o’tiribmiz. Xonadan zax hidi bilan qo’shilib ketmish atirgul iforini tuydim. Na to’yib hidlashni, na burnini jiyirishni biladi odam. Qo’llarimga nazar soldim, ular qip-qizil atirgullar bilan zanjirlab tashlangan, bu nafis zanjirda erkinlik sezmayapman, lekin negadir uni uzishga-da xohishim yo’q. Go’zallik tomiriga bolta urishdan ham ortiq razolat bormi, axir?!
Biz insonlarga kishanlar doim yoqqan. Kishan bo’lganda ham chiroyli bezatilgan kishanlar…
Zil-zambil oyoqlarim esa yerga mixlangandek. Nazdimda, qimirlatishga-da majolsiz. Ammo shundayin notavon holda ham yugura olishga yetadigan ichki bir kuchni his qilyapman. Bor yo’g’i xohish kerak.
Qarshimdagi odam menga ancha-muncha yaqin-ku ammo, uning yuzini-da ko’rishga imkon yo’q. Har tugul, uning qop-qora soqoli borligini, sezgandek bo’ldim. Qasam ichib aytishim mumkin-ki, buni qanday qilib sezganimni men bilmayman. Yanayam rostini aytsam, sizga tushuntirib berolmayman.
Qalindan-qalin devorlari tabiiy to’q qizil va qora ranglarda bo’yalgan ulug’vor va haybatli xonada o’tirgan bo’lsak-da, negadir tepada ochiq osmon va yulduzlarning g’ira-shira nuri ko’zga tashlanyapti. Hammasi shunchalar ajib. Bunda eng g’aroyib narsa shu-ki, nima bo’layotganini, qayerda ekanligimni tushunmayotgan bo’lsam-da, bu ajoyibotlardan na zarracha hayajonlandim, na qo’rquvga tushdim. Be’manilik.
Shu on u baland va jarangdor ovozda savol berdi:
— Hayot nima?
— Dahshatli tush! -javob berdim beixtiyor uning shovqiniga yarasha ovozimni ko’tarib. — Men esa sira uyg’ona olmayapman!
— Odam nima?
— Hayvonot dunyosidagi eng vahshiy va bir paytda o’zida eng ojiz yirtqich, — dedim ichki nafratga qorishiq achinish ila.
— Vahshiylik va ojizlik kabi bir-biriga qarama-qarshi sifatlarni o’zida jamlay olgan g’ayrioddiy xilqat degin…
— Albatta. Harchand urinmang, hayvonlar ichra odamdek yovuz mavjudot topa olmaysiz. Chunki faqat ugina yaxshilik mavjudligiga va o’zining yaxshilikka moyil jonzot ekanligiga ishonadi. Bu esa unga cheksiz vahshiyliklar qilishga imkon yaratadi.
Ojizligi esa — uning tafakkur salohiyatida namoyon. Insonda butun olam va undagi o’z o’rnini anglashga intilish qobiliyati uni butun hayot yo’li davomida o’zini zabardast kuch oldida diydirab turgan nimjondek tuyib yashashga majbur qilib qo’yadi… — deb ozgina tin oldim-u, tag’in falsafa so’qishda davom etdim. — Uning zaifligi ko’p narsalarda namoyon. Eng yuqori nuqta esa — o’limni anglab yetish. Har qanday jonivor o’limga mahkum, ular orasida insongina ayni o’lim chog’ining o’zidan ko’ra ko’proq ajal tashrif buyurishidan oldin kechadigan lahzalarni fikriy uqubat va vahimada o’tkazishi mumkin…
— Xo’sh, o’lim nima?
— Qora tuynuk, — javob berdim o’z sohamdan kelib chiqib, aslida bu ham sohalarimdan biri, xolos.
— Nima? Qanday qilib?
— U haqida ko’p ma’lumot yo’q. Ma’lumi esam undan hech kim va hech narsa qochib keta olmasligi…
So’ng yuzimda xavotir nuqsi ungancha:
— Undan narigi tomonda nima sodir bo’lishi esa barchamizga birdek qorong’u… — deb gapimga nuqta qo’ydim.
U boshini chayqab qo’ydi. Bu menga qo’shilmasligini bildirish uchunmidi yoki “bilmasam“ degan ma’nodamidi, anglolmadim.
— Sevgi nima? — to’xtovsiz savollarini davom etardi u.
Yuragim zirqirab ketdi. Ruhim ichimga sig’may ketayotgandek. Butun tanam uzra yengil qaltirash his qilyapman, u esa buni sezib turardi. O’zimni tutib oldim-da, erkin holda so’zlay boshladim:
— Sevgi bu vaqti-vaqti bilan qabul qilinib turishi lozim bo’lmish — soma, lazzat…
Shunda u birdan gapimni bo’lib:
— O, brave new world! — jo’shqin va sho’x ovozda xitob qildi.
Men esa u tushunmaydi degan o’yda anchayin bemalol, bexijolat gapirayotgan edim… Endi esa ich-ichimdan sezyapman-ki, u men o’qigan barcha kitoblarni allaqachonlar mutolaa qilib ulgurgan. Shunday bo’lsa-da, sir boy bermaslikka qaror qildim va bexosdan zarbaga yo’liqqan jangchi o’zini hech narsani sezmagandek tutishga soxta uringani kabi o’zimni tetik tutib gapimda davom etdim:
— Ha, bu lazzat. Biz sevgi nomlamish bu lazzat inson uchun hayotdagi eng katta ma’no bo’lib xizmat qiladi yoki ma’no qidirishga hojat qolmasligiga asos sababchi bo’ladi. Sevgan yori quchog’ida o’tirgan qaysi inson hayot haqida o’ylarga beriladi deysan! Insonga ma’no emas, orombaxsh hislarning jumbushga kelgandagi tuyiladigan lazzat kerak! Somadan farqli ravishda sevgi ba’zan aks-ta’sir ko’rsatishi ham mumkin…
— Atirgul kabi… — gapimni davom ettirgan bo’ldi u.
— Atirgul?
— Yo rohatlanib hidlaysan yo beixtiyor qo’lingga botgan tikandan uqubat chekasan.
— Aksari hollarda, ikkovi birdek kechadi… Ba’zan esa tikonlarni quchishdan ham rohatlanasan… Hayot shunchalar ajoyib-ki biz baxtdan ham, baxtsizlikdan ham birdek rohatlanish imkoniga egamiz… — pastroq ohangda gapimni tugatdim.
Bir muddat butun borliq sassizlik qariga cho’mdi. U savol berishni to’xtatib «endigi so’z navbati senga» degan ma’noga ishora qilgandek hazin sukut saqlab o’tirardi.
Shu on miyamda na adog’i na javobi bor savollar chuvalab keta boshladi. Kim bu? Nega meni savolga tutyapti o’zi? Undan ham muhimrog’i — men nega javob beryapman? Bunga o’zim ham tushunmasdim ammo, bu mening majburiyatim yoki tabiiy ehtiyojimdek tuyulardi…
Men indamay turib uning sabrini sinamoqchi, to’g’rirog’i bardoshining chegara nuqtalarigacha yetmoqchi bo’ldim. U esa o’zini odamda tahlika uyg’otadigan bosiqlikda tutib turardi. Bosiqlik va jiddiylik kabi holatlar odatda o’zning be’mani tuyulgan ichki xohishlarini cheklab turish natijasida sodir bo’ladi. Bunday odamlarga rahmim keladi. Chunki ular o’zlari emaslar…
Lekin baribir ko’pga to’zim bera olmadi. Mendan sado chiqmasligiga ishonchi komil bo’ldi shekilli, ko’zlarimga tikilgancha:
— Sen bilan savol-javob o’ynashimdan ma’no nima? — deya qitmirona ohangda so’radi.
— Ma’no yo’q… — to’ng’illab qo’ydim men.
— Unda nega bu ishni qilyapmiz deb o’ylaysan?
— O’ylamayman! — tutoqib ketdim men. O’zi savol berib o’tirsa-yu, tag’in qonimni qaynatib aytayotgan gapini qarang buni. — Mulohaza yuritishni xohlamayman! Bu men uchun emas, aslida. O’ylash — yoqimsiz his, — so’zlarimga yakun yasadim.
— Ha-ha! Sen uchun emas, — zaharxanda qilgan bo’ldi u. — Axir tafakkur sen uchun emas-ku! Javobni esa o’zim beraman. Umrimiz davomidagi barcha amallarni ne sababdan qilsak, bu savol-javobimiz ham shul vajdan, — buyog’ini o’zing o’ylab top degandek gapini birdaniga kesdi-qo’ydi.
— Ya’ni? — talmovsiragancha so’radim men.
— Ya’ni, sababsiz! Shunchaki behudaga sovrilib ketishga mahkum etilgan vaqtni nima bilandir mashg’ul bo’lib o’tkazishimiz, o’zni ovutib yashamog’imiz kerak bo’lganligi uchun. Barcha amallar kabi…
— Garchi bunda ma’no yo’q bo’lsada… — tushkunlikka berilgan bo’ldim men.
— Hech narsada mazmun-mohiyat yo’q. Ma’nosizlikda ham, ma’nosizlik ichra ma’no qidirishda ham! Shuningdek, ma’nosizlik uncha yomon emas, ma’no qidirish haqida esa bunday deyolmayman…Pul qidirmagan odam moddiy yetishmovchilikdan azob chekmaydi.
— Chanqoq nimaligini bilmagan suv qidirmaydi…
Qisqa muddat javob qidirgan bo’lib boshini sarak-sarak etdi. Keyin esa ayni suhbatda boshi berk ko’chaga kirib qolgani tufaylimi bilmadim, asabiylasha boshladi.
Nihoyat muddaoga o’tmoqchi bo’lgandek, mavzuni o’zgartirdi.
— Sizlarga tushunmayman, — shahd bilan salmoqlanib so’zlay boshladi. — Siz sevishganlarning chaynalaverib cho’zilib ketgan iborangiz bor: “meni borimcha qabul qiling“. Hah!
Men bamaylixotir o’tirsam-da, ichimda ovozi tanishdek tuyula boshlagani haqida bosh qotirardim.
Sal o’tmay hovuridan tushdi.
— Endi taxminan bir va’ziyatga e’tibor qarataylik, — dedi-da, so’ngra vazminlik ila davom etdi. — Yigit qizni o’z yo’rig’ida yurishini, chegara chegarasizlikda tugamasligini xohlaydi.
Men ayni damda mulohaza yuritardim: Erkak zoti shundayin xudbin mavjudot-ki, u o’z erkinligi orqaligina to’la baxtni his qila olmaydi. Bunday baxtga yetishish uchun u o’zganing erkinligiga dahl eta olishi kerak. Balki ayollar ham shundaydir. Lekin keyinroq bu fikrlarimdan qaytdim, menimcha. Yana bilmadim…
U esa davom etardi:
— Qiz esa o’z erkinligini yo’qotishni xohlamaydi, yoki yigit belgilagan erkinlik chegarasi tor doirada bo’lib ko’ringani uchun ichki mayl qizni sarhadlardan oshishga qistaydi.
Bir-biriga qarama-qarshi xislatlarga ega ikki inson bir paytni o’zida qanday qilib bir-birini boricha qabul qilishi mumkin?!
Og’iz ochmoqchi bo’lgan edim, qo’lini balandga siltab meni to’xtatib qoldi va o’zini mo’jiza ko’rsatayotgan sehrgardek sirli va mag’rur tutib:
— Platon ham adashadi, — dedi.
To’g’risi, bilintirmaslikka urinsam-da oz-moz angrayib qoldim. Platon haqida gapirmoqchi bo’lganimni qanday sezdiykan?! Keyinchalik ham suhbat davomida bir necha marotaba fikrlarimni oldindan o’qiyotganini tushunib qoldim. Xuddi-ki, u meni dasturlashtirib qo’ygan-u, nima deyishimni oldindan bilib, bemalol javob qaytaryapti…
— Nafaqat Platon, balki hamma adashadi, men ham, — har bir so’ziga alohida ohang berib jarangdor talaffuz qildi u. — Platon aytganidek bir-birining yaxshi-yomonini to’ldirish sevishganlarning emas, aksincha turmush qurganlar vazifasidir! Turmushning esa sevgiga hech ham aloqasi yo’q. Shuningdek…
Shunda uning so’zlarini bo’lishga jazm etdim va:
— Ammo qiz va yigit bir-birini qattiq sevsachi? — deya qiziqsinib so’radim.
— Albatta, ikkovidan biri o’z xarakterini o’zgartirishi kerak, — o’ychan alfozda gapirardi u. Ammo unda masala sen o’ylagandan ko’ra chigalroq.
— Bunday paytda ko’proq qizlar yon bosadi…
— Ammo, o’zini o’zgartira olmaydiganlar, yoki o’zgartirishni xohlamaydiganlar ham talaygina. O’zi moslashgan xarakteridan voz kechib, o’ziga noqulaylik tug’diradigan holatda bo’lish kimga ham yoqardi? — endi uning so’zlari butun tana harakatlari bilan hamohanglik tug’dira boshladi. — Natijada sevgi ikki tomonga ham azobdan boshqasini bera olmaydi. Bu sovuqlik va hissizlikni, bular esa oradagi uzundan-uzoq masofani keltirib chiqaradi.
— Ammo nima qilsin? Sevgini ko’zi ko’r, qulog’i kar…
— Burni esa bitgan! Xex!
— Baribir sevadi.
— Baribir qiynaladi. Mana, “sevgi iztiroblari“ turkum qo’shiqlari qayerdan kelib chiqadi! Bu be’mani safsatabozlik ming yillardan beri davom etib keldi. Modomiki insoniyat ming yildan so’ng mavjud bo’lsa, o’shanda ham to’xtamagan bo’ladi, — deya gaplarini tugatdi-yu, aqlli ko’rinish-la tirjaydi.
G’alat, yuzi ko’rinmayapti, ammo boyadan beri uning yuz ifodalarini bilib, his qilib turibman.
“Nima demoqchisiz“ degan ma’noda menga ko’rinmayotgan chehraga tomon mavhum qarab o’tirdim. U esa sevgi masalasida ruhiy muammolarim borligini bilishini ko’rsatib qo’ygani uchun istehzoli jilmayib turardi. Men bundan sira ham ajablanmadim. Umuman olganda, bu hayotda meni chin ma’noda hayratlantira oladigan narsa qoldimikan?
Oradan qancha o’tganini bilmayman, oz muhlat zehn-la tikilib turgach tag’in og’iz juftladi:
— Senda ikki yo’l bor.
— Uylanish yoki o’zimni o’ldirish, — negadir yangilik kashf etgan olimdek quvonib so’z qotdim.
Albatta uchinchisi — shunchaki yashash tanlovi ham mavjud edi, ammo buni yo’l deb atash mumkinmikan? Bu tanlov emas, majburiyat. Mavjudlikka mahkum etilish bu — yo bizga berilgan ne’mat yoki la’nat. Tiriklik bu — yo’l emas, balki, yo’lsizlikdir. Mana men nechun bor-yo’g’i ikkitagina chorani aytishga majbur bo’ldim.
— Aslida ikkovi ham o’zingni o’ldirish. Qanday o’ldirish o’zingga havola, bir lahzadami yoki asta-sekinlik bilanmi? — sovuq tirjaygan-cha kinoya qilgan bo’ldi u.
— Har holda o’zimni sevgi mojarolari tufayli o’ldiradigan odamlar qatoriga kirmayman, men o’zimni umuman boshqa sabab bilan(ya’ni shunchaki, sababsiz) o’ldirishim mumkin — dedim va ichimda yosh bolaga xos zavqli faxr tuyg’usini tuydim. Shunda eng ko’p suiqasdlar sababi sevgi ekani yodimga tushib, «odamlar naqadar axmoq-a» degan o’y xayolimdan kechdi. Ammo fikrim qat’iy emasdi. Doimiy ikki tomonlama o’zgarib turadigan fikrlarim ko’p… Bu ham endi esi patstlikdan, albatta.
U esa “bu boshqa masala“ — deya cho’rt kesdi va “ikki tanlovdan birini amalga oshirishga majbur emassan, shunday bo’lsada qay birini tanlamoqchisan?“ — deya o’smoqchilab so’radi.
Nafaqat miyamda balki butun tanam uzra fikr o’rmalardi. Tanlov imkoniyati. Tanlov illuziyasi.
Aslida, ikkovi ham osongina amalga oshadigan emas.
U esa allaqachon fikrlarimni o’qigan va menga qarab “xo’sh“ deya o’ychan va sovuq nigohini qadab turardi.
Javobdan qocha olmasligimni tushunib yetdim.
— Unga uylana olmasligimning ko’plab sabablari bor, umumiy qilib buni sharoitlar taqozo qilmasligi deb ataymiz, — dedim-u ozgina tannafus qildim. — Lekin bu eng yomon narsa emas. Dahshatlisi shundaki…
Shu yerda tutilib qoldim. Tilim buyog’iga aylanmas, boshqa bir og’iz ham so’zlay olmasdim. Qo’limdan kelsa-yu, bu zabonni hoziroq uzib tashlasam!
— Eng yomoni — imkoniyat tug’ilganida ham unga uylanmas eding, buni o’zing xohlamas eding! — men to’xtab qolan nuqtadan davom etdi u.
— To’xtang… Yo’q… Mayl… Unday emas… Ammo… — qaysi so’zni aytishni bilmay duduqlanardim men.
Nimadir deyishim kerak, ammo nima deyishni bilmas edim. Umrimda birincha marotaba na tasdiqlash, na inkor etish mumkin bo’lgan gapga duch kelib turibman.
— Tushunmayman, — pichirladim. Bilganim shu-ki, ayni damda uni o’zimdan-da ko’proq yaxshi ko’raman…
— Uni yaxshi ko’rasan, shu sababli uni yomon ko’rasan. Sevmaganingda yomon ham ko’rmagan bo’larding. Unda bu oddiylik kasb etardi. Hech kim bo’lish yaxshimi yoki nafratlanilgan inson bo’lish?! Ayniqsa, bu sevgi tufayli kelib chiqqan bo’lsa… — dedi va xuddi men aybdor odam bo’lganimdek ko’rsatkich barmog’ini menga nuqtadi. — Bu eng yomon sabab va oqibat bog’lanishlaridan biri. Sevgi — sabab, nafrat — oqibat…
Indmaganimdan so’ng horg’in ovozda davom etdi:
— Odamlarni qanchalik yaqindan bilaverganing sari, ulardan shunchalik uzoqlashib ketaverasan. Ularga jisman yaqinlashaverganing sayin o’zaro ruhiy bog’liqlik kamayaveradi. Shu sabab ham ham orada sirlar va mavhumliklar ko’proq qolgani to’g’ridir, balki… Chunki sen men uni sevaman deb o’ylayotganingda aslida uni emas balki xayolingdagi «u»ni sevayotgan bo’lasan. Bu ezgulikka yo’g’rilgan soxta tasavvur. Odamga yaqinlashaverganing sari xayolot va haqiqat o’rtasidaga farq yaqqol namoyon bo’la boshlaydi.
Odamzodning chin ko’rinishini bilsang, uni sevishga arzimas ekanligini tushunib yetasan. Shu sabab ham biz odatda insonni sevdim deb o’ylasak-da, o’zimiz yasab olgan niqoblarni sevgan bo’lamiz… Bilasanmi o’zi uni nima uchun sevasan?
Javob berishga endi tayyorlanib edim, mendan oldin o’zi:
— Chunki, bunga o’zing ham ishonasan, — deya gapirilmay havoda qolib ketgan so’zlarimning o’rnini to’ldirdi.
Men indamadim… Indolmadim, jin ursin…
Ichimda esa Maftuna(o’zimni Maftunam!) haqida o’ylardim. U menga shunchalar yaqin-ki, unga yetish uchun qo’l cho’zishimga ham hojat yo’q. U menda, mening o’zimda. U shunchalar uzoq-ki, qo’l cho’zish u yoqda tursin, yugurib ham yetolmayman.
Kelajagimni belgilaydigan tanlovlar oldimda turibdi. Kichik tanlov katta kuchga ega ekanligi, u ergashtirib keluvchi voqealar zanjiri ahamiyati haqida fikr yuritsam, miyamda qisqa tutashuvlar sodir bo’ladigandek…
Qiziq jihati shunda-ki, tanlovim hech bir ahamiyat kasb etmasligi yoki menda hech qanday tanlovning o’zi bo’lmasligi ham mumkin. Katta ehtimol bilan shunday.
Ohista so’zladim:
— Menda ixtiyor erkinligi borligiga iymonim komil emas. Shuningdek, men o’zimda sira ham oqilona tanlov ko’rmayman…
— Bu balki ko’proq intihoga e’tibor qaratganing uchundir? — kuymalanib so’radi u.
— Shunga nima bo’libdi? — ensamni qotirgan bo’ldim.
-Chunki tanlov nimaiki bo’lmasin, intiho doim yovuzlik, umidsizlik va zulmat ichra tugaydi, — dedi o’zini xuddi maxfiy xabardan darak berayotgan arvohlar elchisidek tutib.
— Balki, menda umuman tanlov yo’qdir va taqdirimda sodir bo’lishi kerak bo’lgan voqeani kutayotgandirman… — bezovtalanardim men.
— Taqdir bu — ojizlarning oqimga qarshi suzishga to’g’ri kelganida, o’z zaifligini berkitish uchun kiyib oladigan soxta niqoblari, xolos.
— Yoki mag’rurlarning o’z haddini bilishi kerakligini eslatuvchi chegara…
— Bunga o’zing ham ishonmaysan!
— Nima bo’lganida ham, taqdir masalasida hech qachon bir to’xtamga kelib bo’lmaydi…
— Ikki holat mavjud. Har ikki holatda ham taqdirni mavjud deya atashimiz mumkin. U mavjud bo’lsa, uning izmidasan. Teskarisi bo’lsa, amallarimizni o’zimiz, o’z qo’llarimiz bilan peshonamizga yozib boryapmiz. Ya’nikim, uning mavjudligi o’zimizda, erkimizda namoyon.
— Qaysi biri ekanligini bilolmasligimiz achinarli…
— Unchalik emas. Qay biri ekanligini bilganimizda ham o’zgartira olmaymiz-ku. Bilish erkinlikka yo’naltirmasa, undan naf ko’rish mushkul.
U ozgina jimlikdan so’ng uh tortdi. Mening qat’iyatsizligimni ko’rib menga achinayotgani ma’lum edi.
— Oldingda koptok turgan bo’lsa-yu, uni tepmasdan turib, golni kutish axmoqlik. Ammo tepsam gol bo’ladi deb ishonish ham yaramaydi, — maslahat bergan bo’ldi u.
Men boshimni qimirlatib tasdiqlagandek bo’ldim.
— Ammo, unga yetishish nima uchun ham kerak? — bu safar ovozini bir parda yuqoriga qo’yib savol berdi.
— U — istisno.
U birincha marta menga tushunmay angrayib qoldi.
— Aytmoqchiman-ki, uylanish yoki farzandli bo’lish aql jihatdan unchalik ham to’g’ri tanlov emas — vazmin ohangda so’zladi.
Aytgan gapimni qaytarishimga to’g’ri keldi, ammo bu gal mufassal tarzda:
— U — qalb tomonidan aql yo’rig’iga qarshi qo’yilgan istisno!
U tushundi va bir ozdan so’ng tantanavor nutqini boshladi:
— Aql va qalb. Inson uchun qaror chiqarishda aql doimo ustun bo’lib kelgan. Aqliy tanlovlar sharofati bilan shuncha rivojlandik, endi bizda shunchalar ko’p imkoniyatlar mavjud-ki, yuz yil oldin hayot kechirgan ajdodlarimiz bu taraqqiyotni tushida ko’rishga-da qodir emas…
— Ammo, hali hamon millionlar och-nahor…- gap qo’shdim uni to’xtashini kutib turolmay.
— Bu qaror chiqarishda aqlning qanchalik ustunligini, qalb esa bunday vazifaga yaramay qolganiligining isboti emasmi?
— Yo’q. Bu — aql tanlovi doim ham to’g’ri bo’lmasligiga dalil.
— Lekin unutma. Aql — tafakkurning otasi. Tafakkur esa juda kuchga ega.
— Albatta, shu tafakkur orqali, biz taffakurning o’zi arzimasligini, uning zararli ekanligini kashf etdik, axir! — yuzimni bujmaytirgancha istehzo qildim.
Atrofni qaytadan jimlik chulg’adi. Yana u so’z boshlashini kutib turardim. U bu safar qisqa sukunatdan so’ng ancha bosiq va horg’in ovozda so’z boshladi:
— Senga rahmim keladi…
— Nega? — ajabsinib so’radim.
— Bilasanmi, sening sevimli mashg’uloting nima?
— U…
— Yo’q, sevimli mashg’uloting — azob. Tushungin, bo’sh qoldi deguncha u haqida o’ylay boshlashing va siqilishing, umuman olganda og’riq inson uchun hobbi bo’la olmaydi.
— Sen buni hal qilmaysan… Azobdan tuyiladigan rohatni-da tushunishga qodir emassan…
— Aslida sendagi muammolar nega va nimadan kelib chiqyapti deysan? — qiziqqonlik bilan so’radi u.
— Muammomi? Uni odamlarga bog’lagim yo’q. Men ehhe allaqachonlardan beri insonlardan ayb qidirmay qo’yganman. Axir hamma ham taqdirning tahqirli o’yinlariga ilinib qolgan qo’g’irchoqlar ekanligini his qilib turaman-ku. Ammo o’zimdan doimo istisno yasab kelganman. Men, mana men aybdorman bariga! Mening olamimdagi barcha muammo markazida o’zim turaman.
Masalan, men murakkablikka bardosh berolmayman. Maftunam esa oddiy, axir bu oddiylik komil mukammallik namunasi emasmi?! Chamamda, bunga dosh berish bo’ynimdagi gunohlarimni o’zim bilan abadul-abad ko’tarib yurishdan-da og’irroq ma’suliyat talab etadi…
Men undagi nafosatdan qo’rqaman. Go’zallik mudom qabohat bilan hamohang tarzda, ba’zan esa uni unib-o’sishiga turtki bo’lishini bilsangiz kerak?!
Men bilmayman, uning muz saroyini eritishga, hechda qaynoq taftni his qilishga ko’maklashishga buloqdek jo’shqin qalbimning qurbi yetarmikin?
Yanayam tushunmaganim — u — uning o’zi! Negayam «men» emas-a?! U men, men esam u bo’lganimda, bari ko’ngil xohishlariga monand bo’lganida, hayotdan mamnun bo’larmidim balki!
— Aksincha haddan ziyod mutanosiblik muvozanat buzilganligidan dalolat, — beparvo ohangda bir tekis so’zlardi u.
Uning loqayd bo’lib o’tirganini ko’rgach, masalaga boshqa tomondan yondashib davom etishimga to’g’ri keldi:
— Bularning bari muammo emas, aslida. Muammo — men undan voz kecholmayman. Tushunyapsizmi? — xirqiroq ovozda so’radim.
U tasdiq ma’nosida boshini irg’adi.
Qaysarligi tutgan samandek bo’ynimni zumda burdim va:
— Yo’q, tushunmayapsiz, — deb jahl qildim. — Tushunmayapsiz, chunki men undan hozirning o’zida voz kechishim mumkin. Ammo u ketadimi? Uning tizginsiz ammo bechorahol ruhi qalbimdan chiqib ketarmikin? Axir, uning vatanidan o’zga tunab qolishga makoni bormi?!
Siz bilmaysiz, men allaqachon soyamdan voz kechganman. U menga kerak emas. Ammo, o’zingiz qarangchi, u meni tashlab ketdimikin?
— Qorong’uda soya ko’rinmaydi — hozirjavoblik qildi u.
— Mana, — hayqirdim, — masala ham shunda. U sizga ko’rinmayapti, ammo oldimda turibdiku. Turibdi, axir. Oftob nurlari hayotimiz qayta kirib kelmasligiga ishonsamgina soyamning yo’qligiga ko’nikkan bo’lardim. Ammo, men bilaman(ha, ha, bilaman! Chunki ishonaman! ) hali quyosh chiqadi. Bunday kunlar oldimda askarlardek tartib ila saf tortib turishibdi. Men hech qachon o’zimni mavjudligimni quyosh chiqqan vaqtdagidek kuchli his qilmayman…
Qadrdon soyam mening mavjudligim in’ikosi bo’lsa, Maftunam mening yarador qush kabi behol va pajmurda, ammo harakatdan to’xtamas isyonkor qalbimning in’ikosi!
— Unchalik ham tushunmadim ammo hech qisi yo’q. Farqimiz ham shunda, men bunday ohangni tuyishga moslashmaganman, bilsang. Ammo ne qilganida ham senga rahmim keladi, — mehribon ovozda so’zladi u. — Ba’zida uni deb shunchalar qiynalasan-ki, hatto uning o’zi ham dardingga davo bo’la olmaydi.
Chuqur uh tortdim. Juda chuqur.
— Hayotning eng katta shafqatsizligi bu — seni ikki og’riqli tanlov o’rtasidagi arosatda qoldirishi yoxud seni tanlov imkoniyatidan mahrum etib, taqdir va tasodif qo’yniga uloqtirishi… — pichirlab gapirardim men. — Hayot nega adolatsiz ekan-a?
— Unday emas. Hayot qay ma’noda bir senga emas, barchaga birdek adolatsiz. Demak, shuni o’zi adolat!
U mendan kutgan hayratni ko’rsatmagan bo’lsam-da, “bingo“ deb qo’ydim.
— Unda bunday «adolatli» hayotdan mazmun qidirishga ham hojat yo’q ekan, — nosamimiy ovoz chiqardim.
— Senga o’xshaganlarga qolsa, sevgi hayot ma’nosi bo’lishi kerak! Ha-ha! — beo’xshov kulib so’zladi.
— Albatta. Sevgi shu qadar kuchli-ki, u hayotga ma’no qo’sha olishi ham mumkin edi. Ammo hayot absurd va hech qanday qiymatga ega emas ekan, bunday og’ir dardga ham sevgi davo bo’la oladi!
— Hayotni ma’nosi sevgi bo’lishi mumkin edi? Kulgimni qistatmasangchi!
— Albatta, sen bilan men aytayotgan sevgi emas, balki chormixlangan Iso chor atrofga tarqatgan sevgi-muhabbat nuri hamma insonni qalbida birdek bo’lganida hayot ma’noliroq bo’lardi, balki… To’g’rirog’i, undan ma’no qidirishga ham hojat qolmasmidi… Axir, qoniqarli hayot ma’no talab qilmaydi.
— Yaxshiroq tushuntir-chi bundoq! — o’ziyam birinchi marta gaplarimga qiziqsinib qolgandek savol berdi u.
— Hayot mazmuni — uzluksiz rohatga yetishish, aniqrog’i — unga bo’lgan to’xtovsiz harakatdir. Bunday rohat esa faqat ezgu qalbda yashashi mumkin. Yechim — shunchalar oddiy. Unga yetish — shunchalar murakkab…
— Doim yaxshilik qilib yashash mumkin emas-ku!
— Nega ekan?
— Chunki yaxshilik mavjud emas.
U yoyilib iljaydi.
— Yo’q, yaxshilik mavjud… — himoyaga kuchi yetmaydigan notavondek ojiz holda gapirardim.
— Bilmaysanki, har bir yaxshilik ichki va tashqi rohat tufayli sodir etiladi. Bular xudbinlikdan kelib chiqishi, xudbinlikni esa yaxshilik sifatida ko’rmasligimni hisobga olsak, yaxshilik mavjud emas deb bilaman.
Bu yerda aqlli bitta u emasligini isbotlash uchun gap qo’shishimga to’g’ri keldi:
— Birovga nimadir tilasang yaxshilik, o’zingga tilasang xudbinlik sifatida ko’riladi. Aslida ikkovi ham ma’lum bir shaxsga, insonga qaratilgan xayrli ishlar. Demak — xudbinlik bu yaxshilik. Ammo ko’plab odamlar nazdida xudbinlik yomonlik sifatida qaraladi.
U ichimda o’zimni aqlli deb ko’rsatmoqni niyat qilganimni tushungani uchun ustimdan kuldi. Uyaldim. Qizardim.

— Demak, ko’pchilik hisoblashadigan mantiq bo’yicha azobgina, to’g’rirog’i, o’zni azoblashgina yaxshilik ekan-da?!
Ich-ichidan vazni og’irlashib ketayotgan tanamning vazminligiga bardosh berolmay qoldim, qancha o’ylasam, o’zim shuncha torayib ichimdagi fikrlar esa kengayib ketyapti. Fikrlarga erk berishim, ularni tizginsiz qo’yib yuborishimga to’g’ri kelayotgandi. Bu esa meni tamoman holsizlik domiga tashlab qo’ydi.
— Tushunmayman, — nihoyat mendan ham sado chiqdi. — Aslida, biron narsa yaxshi yoki yomon ekanligini hech qachon bilolmaysan kishi…
— Eng yomoni, yaxshilik va yomonlik umuman mavjud bo’lmasligi ham mumkin, — fikrga berildi u.
— “Eng yomoni“ deydi-ya! Shu gapni o’zida uning qay holda mavjudligi namoyon, — o’zimcha uni mot qilgan bo’ldim.
Keyin esa men o’zim haqimda o’ylay boshladim. Bu narsani juda ko’p marotaba o’ylab ko’rganman. Men yaxshimanmi yoki yomon? Ham xarakter ham kayfiyat jihatdan bu savolga hech qachon javob berolmaganman. Meni qiynaydigani — bularni hech qachon bila olmasligimni bilish. Hammasi qay tomondan qarashga bog’liq bo’lgan nisbiy tushunchalar ekan, men har doim o’zimni yaxshi his qilayotgan bo’lishim, yoki har doim yaxshi inson bo’lib kelgan bo’lishim ham mumkin ekan-da?!
Ovoz chiqardim:
— Lekin nisbiy narsalarni ham o’lchaydigan tarozi kerak-ku, baribir!
— Ne sababdan?
— Bilmadim. Ammo bular haqida o’ylasam ichim ag’dar-to’ntar bo’lyapti, boshim qattiq og’riyapti. Go’yo butun yer sharidan og’irroq narsani yelkamda ko’tarib turibman, — deb ikki qo’limni yuzimga bosdim. — Hamma og’ir savollarga yengil javob berish orqali baridan osongina qutulish mumkin. Balki, narigi dunyodagi tarozi nisbiy narsalarni aniq o’lchash uchun ishlatilar…
— O’z-o’zini bilib turib aldash… Sevgi ham shu-ku aslida. Yoki alkogol.
— Bularda noto’g’ri narsa ko’rmaymiz. Shunday ekan, mening bu fikrimda ham hech qanday g’alatilik yo’q.
— Lekin yaxshilik va yomonlikni ajratishda qiynalar ekanmiz, ularni bir deya atasak bo’lmasmikin?
— Buyog’i mantiqsiz bo’lib ketdi-ku! — dedim va havoda qo’l siltab qo’ydim. Qo’lim havoda muallaq qolib ketgandek bo’ldi.
— Qaragin! — jo’shib nutq irod qila boshladi u. — Fizik olimlar barcha fizikaviy qonunlarni bir o’zanga soluvchi nazariya qidirib yurgan bir paytda men hayot falsafasini bir o’zanga soluvchi nazariya o’ylab topdim.
Bu — “xudbinlik“ nazariyasi.
Bu yaxshilikning ham, yomonlikning ham asosi.
Yaxshilik avvalo o’z-o’zingizni xursand qilish uchun. Oddiy misol sen kimgadir yordam qo’lini cho’zganingda ham, yaxshiroq e’tibor qaratilsa bu o’z ichingda o’zingni alqash va shundan rohat hissini tuyish, o’zingdagi egoni qondirish uchun qilingani ma’lum bo’ladi. Deyarli har bir yaxshilik ildizi — o’z-o’zingni qoniqtirish.
Yomonlik sodir bo’lishi ham xuddi shunday holatda kechadi. O’zingdagi egoni qondirish va rohat tuyish uchun nimalarga qo’l urmaysan, kishi! Bu xudbinlik bo’lmay nima?!
Odamlardagi ichki qoniqishga olib keluvchi lazzatlarning yig’indisini xubdinlik deb atasak, bu eng to’g’ri ta’rif bo’lardi. Shunday ekan, odamlar qarashi bo’yicha birovning «xudbinligi»(buni ular xudbinlik deb atashmasa-da!) boshqaning «xudbinligini» qondirsa bu — yaxshilik(ikki inson ham birdek ruhiy yoxud jismoniy lazzat totishi), zarar yetkazmasa bu — hech narsa, ammo ziyoni tegsa bu — yomonlik.
Mana odamlar yaxshilik va yomonlik atamish tushunchalarning aniq va haqiqiy izohi. Barchasini birlashtirib turuvchi nuqta esa xudbinlik — dedi-yu biroz muddat tin olmoqchi, miyasiga dam bermoqchi bo’lgandek boshini changallab turib qoldi.
Men bo’lsam atayin indamay o’tirardim. Endi so’z navbati sevgi xudbinlikdan kelib chiqishi haqidagi fikrlarga kelganligini ich-ichimdan tushunib turarsam-da, uning so’zlarini bo’lmaslikka qaror qabul qildim. Menimcha, u shuginani isbotlash uchun emas, balki fikrlari qaynagan qozondan biqirlab chiqayotgan taom kabi to’xtamay, o’z yo’lida kelayotgani uchun ham ilhomlanib, o’z shavq-u zavqidan masrurlanib so’zlayapti.
U esa cho’g’ o’chib qolishini istamay olovga o’tin qalab turguvchi inson kabi nutqiga andak zarda qo’shib turib so’zlardi:
— Xudbinlik hamma narsani tushuntirib bera oladi. Biologiyadagi tabiiy tanlanishni, hissiyotdagi sevgini, tarixda va hozirdagi insoniyat rivojlanishini(mabodo kelajakda insoniyat tanazzulga yuz tutsa, o’sha tannazzulni ham!), din va undagi Xudo, falsafadagi hayot mazmuni haqidagi qarashlar… Barchasini xudbinlik orqali tushuntirish mumkin. Hozirda insoniyat qo’lida turgan va ongida mavjud bo’lmish narsalarning bari — xudbinlik atalmish ildizdan o’sib chiqqan daraxtning turli mevalari!
— Demak, shu xudbinlikdan kelib chiqqan sevgi meni o’z xudbinligim uchun jazolayotgan ekanda… — nimanidir tushungandek so’z qotdim.
U istehzo-la qarab “sendaylar kam deb o’ylaysanmi?“ — deya so’radi.
— Har kim induvidial tarzda o’z tanasini his qiladi. O’ziga xoslik mavjud. Shuningdek, men uni boshqalar yaxshi ko’radigan yo’lda emas, ayni o’z yo’limda sevaman, — oz-ozdan tin olib gapirishda davom etardim. — Boshqalar kimnidir tana sifatida yaxshi ko’radi. Ular o’sha tanaga uylanishni va u bilan birga baxtli hayot tarzini kechirishni maqsad qilishadi. O’zlariga yordamchi-hamroh kerak bo’lganidek. Menda esa unday emas. Men u bilan birga bo’la olmasligimni bilsamda, sevaveraman. Bu umuman boshqa narsa. Men uni tana emas ruh sifatida yaxshi ko’raman. His qilganlarimni sizga tushuntirishda qiynalyapman. Boshqacha ta’riflab bera olmayapman ham…
U esa gaplarimdan zerikkanini bildirish uchun xomuza tortdi.
— “Yaxshi ko’raman, sevaman, yaxshi ko’raman, sevaman…“ Jonga tegding-ku! Sevgi hozir yo’q, keyin ham bo’lmaydi. Chunki u oldin ham bo’lmagan! Uni faqat xayollarda mavjud bo’lganligini anglagan zahoting ruhing birdan yengillashadi va taqdir oldida xo’rlanishni his qilasan — tanbeh ohangida tushuntirgan bo’ldi.
Churq etmaganimni ko’rib jahli chiqdi va “nega tushunmaysan-a, sevgi mavjud emas!“ dedi-da, javob kutayotganini bildirish uchun qimirlab qo’ydi.
— Bilaman…
— Ie? Buyog’ini necha puldan tushdi?
— Uning mavjudligi hech qanday ahamiyatga ega emas. Ahamiyatlisi — u bera oladigan narsa! Deylik, Xudo ham mavjud emas ammo bu hamma xohlaganini qilishi mumkin degani emas-ku?! Odamzodga Xudo kerak. Sevgi ham. Ularning o’zi emas, balki ularning hayotimizdagi o’rni, bizga bera oladigan yordam yoki zarari ahamiyatli.
U men kutmagan holda ilkis shapaloq tortib yubordi. Yuzim lovullab ketdi. Ammo bu ahamiyatsiz. Shunda ham men paytdan foydalanib, uning chehrasini ko’rib olmoqchi bo’ldim, ammo ilg’ay olmadim.
— Xudoni qo’shma! — baland ovozda shoshilgancha so’zlardi. — Uning mavjud yoki mavjud emasligini hech kim, hech qachon bila olmaydi!
— Shunchaki misol tariqasida keltirdim, — yurak hovuchlab gapirdim, qayta tushirib qolmasin dedim-da.
— Lekin, bunday qaralsa, olam mo»jizalarga to’la! — hayajonga berildi u.
— Bu mo»jizalarga atigi bitta Xudo yetishmaydi.
— Senga bir gap aytaymi?! — ozgina o’yga berilgach quvnoq ohangda gap qotdi u. — Agar yo’limdan sehrli chiroq topib olsam-u, jin chiqib kelib menga “ikki imkon beraman, yo tilak tila, bajo keltiraman yo bir savol ber, javob beraman“ desa, men “xudo bormi“ deya savol beradigan darajada axmoqman.
— Kalitsiz qulflarga bunchalar diqqat bo’lmang. Hech qachon hayotimizni be’mani fikrlar zaharlashiga yo’l qo’yib bermasligimiz lozim. Meyorni saqlash kerakligi bu eskitdan qolib ketgan bo’lsa-da, ahamiyatni haligacha yo’qotmagan oltin qoidadir! — maslahat ohangida tushuntirgan bo’ldim. — Masalan, o’ylagin-a, Xudo bor. Endi esa uni mavjud emasligini o’ylab ko’r. Xo’sh? Ko’rdingmi, hech narsa bo’lmadi. Sen esa haliyam yashayapsan.
— Balki… Mayli, chalg’imaylik… Demak, seningcha sevgining o’zi emas, u keltirib chiqaradigan mazmun( xoh og’riqli, xoh lazzatli bo’lsin) ahamiyatli ekan-da.
— Shunday. Baxt bera oladigan har narsa go’zal.
— Lekin, baxt bilan baxtsizlik orasi juda yaqin. Bizni baxtli qilishini kutgan insonlarimiz tufayli baxtsizlikka duchor bo’lish — og’ir. Biz baxtli bo’lamiz deb qilgan mashaqqatli mehnatlarimiz bizni baxtsiz qilib qo’yishi — achinarli. Bizni baxtli onlarga yetaklaydigan kayf-safoning oqibati baxtsizlikka yetaklashi — tabiiy. Baxt — sabab, baxtsizlik — oqibat. Qanday dahshat! Biz qaysi biriga qarab chopmaylik, ikkovining oralig’i juda yaqin bo’lgani sababli, goh baxt, goh baxtsizlik eshigiga bosh uraveramiz.
— Baxt faqat rohatda emas, balki iztirob ichra ham mavjud. Haqiqiy sevgi esa mudom baxtga yetaklasa kerak…
— Haqiqiy sevgimish-a! Sening sevging chinmikin? Sen uning aynan qaysi xislatini ko’proq yoqtirasan o’zi?!
— Eng xushlaydigan xislatim — uning meni yaxshi ko’rishi. Aynan shunisini ko’proq yoqtiraman.
Shu zahoti uning «xudbinlik nazariyasi»ni tasdiqlab qo’yganimni ikkovimiz ham birda tushunib yetdik va yengil kulishib oldik.
— Seningcha, asl muhabbat qanday o’zi? — mazxaromuz qiziqish bilan so’radi u.
O’ylanib qoldim. Albatta, romantik javob topishim kerak edi.
— “Seni sevaman“ deb aytgan payting undan ham shu javobni kutish soxta, manfaat ustiga qurilgan sevgi, — deb aytishga aytdim-u, o’zim ham qandaydir tushunarsiz o’yga berilib qoldim. — Haqiqiysini esa o’zingiz ajratib olavering.
— Demak, haqiqiy sevgi yo’q ekan-da.
— Balki. Chunki odamlar orasida bironta ezgu inson qolmagan. Balki, mavjud ham bo’lmagan.
— Shunday. Men ham odamlarga bo’lgan ishonchimni allaqachon yo’qotib qo’yganman. Men endi odamzodning yovuzligiga iymon keltirganman. Endi men nigilistman. Kinikman. Mizantropman. Faqat… Faqat, Dostoyevskiy va Tolstoyni o’qiyotgan paytimdagina odamlarni sevishim, ezgulik insonning tabiiy mayli ekanligiga ishonishim mumkin…
— O, mana shu yerda birincha marta fikrimiz bir joydan chiqyapti, o’ziyam!
— Mana shu hamohanglikni doim topa olish kerak. Yo’lda qoqilmaslik uchun ham.
— Ammo, qoqilmaslik nimaga ham kerak?!
— Muvaffaqiyat baxt beradi. Muvaffaqiyatsizlik esa — dard. Mana shu uchun!
— Qiziq. Intihoga yetishish lahzalari yaqinlashganda qanday fikrga kelar ekanmiz? Balki, ibtidoda bo’lganidek hech narsani farqiga bormasmiz yoki o’zimiz barini farqsiz hisoblab qolarmiz. Aytmoqchiman-ki, dard va baxt bir xil tarzda ahamiyatsiz narsalar ekanligini tushunib qolishimiz ham ehtimoldan yiroq emas…
Birdaniga hamma narsa to’xtadi va hech qanday hodisot ro’y bermay qoldi, bari yo’qlik qa’riga singdi. Qancha vaqt o’tib ketdi, bilmayman. Balki bir daqiqa, bir soat, bir kun. Yil yoki oylar o’tib ketgan bo’lishi ham mumkin… Yoxud vaqt tamoman yurmay qo’ydimikan. Sezgi a’zolarim ishlamayotganligini tushundim. Hech narsa sezmasdim. Bu rohat. Keyin esa yana barcha narsani, vaqtni va makonni birday his qila boshladim. Endi men azobni his qila olaman. U esa hanuz oldimda o’tiribdi. Unga diqqat bilan razm solmoqchi, hech bo’lmaganda nigohini yaxshiroq ilg’ab olmoqchi bo’ldim. Shunda on u yuzini menga yaqinlashtirdi, zulumotdan chiqib kelgan yuzi tiniqlashib, aniq ko’rinish oldi. U o’zim edim. Ha, o’zim! Soqoli va nisbatan qarimsiq yuzigina bizni bir-birimizdan farqlab turardi. Ammo nima bo’lganda ham, u men edim. Balki, u ham ichida shuni o’ylayotgandir. Men unga qaraganda ancha yoshman va qancha yashasam battar yosharib ketaveraman, u esa yashagan sari ikki baravar tezroq qariydi. Nega bunday o’ylaganimni bilmasam-da, ammo buning rostligiga amin edim. Unga rahmim keldi. Yo’q. O’zimga rahmim keldi. Axir u o’zim emasmi?! Yoki bir qismim? Balki, biz bir jismning ikki qismlaridirmiz?! Tushunmayman.
U shahd bilan turdi-da, orqaga qarab yugurib ketdi. Shundagina hech qanday devorlar yo’qligini his qildim. Oyoqlarim ham muzlab qolmagan. Men o’tirgan joyda hech qayerda hech qanday chegara yo’q edi. Aslida ham chegaralar ko’pincha o’zimiz bor deb o’ylaganimiz uchungina “mavjud“. Demak, boyagi to’siqlar, devorlar, hattoki ranglar ham faqat xayollarimda bo’lgan. Ongimizdagi bunday “chegara“lardan esa xalos bo’lish mumkin va lozim!..
U yugurar va borgan sari qorong’ulik bag’riga singib, ko’zdan yo’qolib borardi. Ammo, hansirashi hali ham qulog’imga birdek eshitilyapti. Men tushunib yetdim. U o’z joniga qasd qilish uchun ketyapti. U mening hayotimni ham tugatishi mumkinligi haqidagi o’y yuragimga kuchli dahshatni olib kirdi. Qiziq. Yuragim. Yuragim bormikan? O’zim yurak emasmanmi?! Anglolmayman.
Nima bo’lganda ham, uni qaytarish kerakligini his qildim, ammo men u ketib bormish yonga emas, aksincha qarama-qarshi tomonga yugura boshladim. Uni shu yo’l orqali to’xtatish mumkinligini qandaydir ichki kuch pichirlab aytib turardi. U “umidsizlik, o’lim, mavhumot, “ deya yugurar, men esa “ hayot, sevgi, hayot“ deb yugurishda davom etardim. Shu onda sezdim-ki, atirgullardan qilingan zanjir hali ham qo’limda, men zanjirni uzmagan edim. Ha, chegaralar ba’zida tashqi emas, ichki bo’ladi. Qo’lda zanjir bilan yugurib borar, undan tezroq chopa olayotganimga, undan o’zib ketayotganligimga va marra meniki bo’lishiga chin dilimdan ishonar edim. Ishonch nimalarga qodir emas. Axir, u emasmi hayotimizni hozirdagidek ko’rinishga kelib qolganligiga eng bosh sababchi!
Ko’zimni ochdim. Hovlidagi kravatda yotibman. Yuzimga kimningdir qo’li tegib turibdi. “Maftuna“ — shivirladim men.
Maftuna menga nim tabassum ila tikilib turardi. “Tush ko’ribman“ — dedim. Ichimdan esa “balki, hozir tush ko’rayotgandirman yoki tushimning davomi sodir bo’layotgandir“ degan o’y o’tdi.
Boyagi bir-biridan antiqa hodisalarga taajjublanmaganim sababi endi ma’lum. Tushda doim shunday bo’ladi. O’ylanaman, hayot ham tush kabi bir nimarsa ekan, nega hayotdagi voqelarga hayrat ko’zi ila boqishimiz lozim?!
Osmonga yuzlandim. Yulduzlar yarq etib ko’zga tashlanmayotgan bo’lsa-da, sinchkov ko’zlar uchun ularning mavjudligi kunday ravshan. Demak, ayni sahar payti.
Maftuna qanday tush ko’rganim haqida so’zlab berishimni kutdi. Ammo mendan sado chiqmagach, so’rashga jazm etdi:
— Yaxshimisiz? Nimani tush ko’ribsiz?
— O’tmishni. Yillar oldin…
— Yomon tushmi? Qanday voqea bo’ldi?
— Hech qanday…
— Hech qanday?
— Ha, hamma voqealarni tush ko’rsa, men fikrlarni tushimda ko’rdim.
— Fikrlar?
— Fikrlar zidligi. Mening “men“imdagi ziddiyatlar. Yillar oldin oldimda turgan muammolar. Ular hozir yechimini topgan. O’shanda bari ilojsiz edi. Axir bu mo»jiza emasmi?!
Maftuna tushunmadi.
Men esa yonginamda yotgan kichkina Qudratning qo’lchasidan mahkam ushlab, uning hali zaif ammo katta bir kuchni o’zida jam qilmish butun boshli tanasiga maroq ila ko’z yugurtirib chiqarkanman, miyamdan turli o’ylar o’tardi.
Taqdir, tanlov, tasodif. Bular hayotimizni, kelajagimizni belgilaydi. Asosiysi, bular orasidagi hamohanglikni topa olishmiz. Qalb va aql o’rtasidagi muvozanatni saqlagan kabi… Kerak paytida qaysiga quloq solishni bilmoq kerak. Men o’shanda bilgan edim. Hozir esa yana o’zgara boshlaganim uchun ham bu tushni ko’rdim. Demak, yemirilayotgan hamohanglikni qayta tiklash lozim.
Ko’p narsa o’ylay olmasdim. Boshim g’uvillab ketdi. Bularning barini o’ylagim ham kelmasdi. Men o’ylash uchun tug’ilmaganman. Yoki ba’zilar kabi o’qish va ishlash uchun ham tug’ilmaganman. Men baxt uchun tug’ilganman. Unga erishguncha bo’lgan davrlarning bari o’tib ketdi. Men o’limga emas hayotga yetishgan edim! Hayotga! Baxtga erishgach, uni faqat qo’lda ushlab, saqlab turish emas, balki undan foydalanish, rohatlanish kerak deb o’yladimda, ko’zlarimni yumib, Maftunaning peshonasiga labimni bosgancha halovat bag’riga cho’mdim…
Endi ko’zimni ochmayman. Bu ham tush bo’lib chiqishini, ko’zimni ochganimda asl voqelikka qaytishim mumkinligini o’ylar ekanman, qat’iy qaror qildim: endi ko’zimni ochmayman! Ocholmayman!..

2019

034

(Tashriflar: umumiy 447, bugungi 2)

1 izoh

  1. O’zgacha ruh va o’zgacha uslubda yozilgan asar. Yozuvchi o’z fikrlarini qo’rqmasdan ifoda etgan va bu uning eng katta yutuqlaridan biri

Izoh qoldiring