Samariddin Sayyidzod. She’rlar

05      Қашқадарё воҳасида ижод қилаётган ёш шоирлар даврасида Самариддиннинг ўзига хос ва муносиб ўрни бор. Биз чироқчилик шоир шеърларини олдин ҳам бир неча бор сизга тақдим этган эдик. Бугун ҳам унинг янги шеърлари билан таништирмоқчимиз.

Самариддин Саййидзод
ШЕЪРЛАР
045

    Самариддин Саййидзод (Шукруллаев) 1986  йилнинг 20  июлида Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида туғилган. 2009- йилда ўтказилган «Келажак овози» республика иқтидорли ёшлар танловининг «Адабиёт ва журналистика» йўналишида ғолиб бўлган. Шеърлари турк, озарбайжон ва қозоқ каби қардош тилларга таржима қилиниб, адабий журналларда чоп этилган.

045

СИНГЛИМГА
045
Уч йил бўлди…
Уч йил!
Учинчи қават.
Бормадим,
Соғинчинг сиғмас Дунёга.
Тошкентнинг тоғлари осмонга пайванд,
Термулиб қарайсан Қашқадарёга.

Эшитганим бордир катта шоирлар,
Қишлоқда туғилиб пойтахтда ўлар.
Менинг, енгим билан юзимни тўсиб,
Шотутга суяниб, йиғлагим келар.

Кенжа боласийдик, кекса отамнинг
Икки тиззасини талашган бир вақт.
Сени олиб қолди, катта шоирлар
Орасига мени қўшмаган, пойтахт.

Мен онамга тиргак… Унда сен борсан —
Тошкент — менинг учун тонг отган тараф.
Шеър излаб қишлоқнинг кўчаларидан,
Ўттиз йил тонгларни юрдим орқалаб.

Ва сенга юбордим, меҳримни қўшиб,
Боғларнинг олхўри, офтобларини.
Сен эса, У. Азим, Дантега қўшиб,
Устоз Рауф Парфи китобларини.

Болангни ўпиб қўй! Озурда юрак,
Сен борсан акангни ғамлар йиқмайди.
Унутма, ҳали кўп яшашинг керак —
Синглиси йўқлардан шоир чиқмайди!

МЕН, СЕН ВА У

Мен афтода ва унутилган,
ойдин тунда оқаётган сой.
У… умримга аксини жойлаб,
кўкда оқиб бораётган Ой.

Шом пичоғи уфқ  бўйнида,
мен қирларда лов-лов ёнган қор.
У… дунёнинг тушига кирмас,
қор қўйнида унган лолазор.

Сен дарахтнинг баланд шохидан,
тўкилмайин қолган  бир япроқ.
Мен сўқмоқман ястаниб ётган,
икки ўлим — шу бир кўришмоқ.

Мен дунёнинг қовурғасига,
ёзилмайин қолган ғамгин шеър —
туғилмаган фарзандларимни
олиб бориб фақат Унга бер!

… Бу боғларда ишқ олмаси бор,
сен Ҳаввосан, мен Одам Ато…
У… барҳақдир умри туганмас,
У…- битта Ишқ,
У…- икки Дунё.

***

Деразамни қоқди тун бўйи шамол,
Гоҳо томга урди қари тут шохин.
Сукунатга ҳуриб тинмади итлар…
Сайхонда адашган кимнинг арвоҳи?!

Куз экан!
Ойдин куз, тонг чоғи билдим,
Айвонимга келмиш барги хазонлиқ.
Минг йил кураш тушдим —
Минг йил енгилдим.
Ёлғиз юрагимдай япроқлар қонлиқ.

Куз!
Буткул ёшликни кузатдик бирга,
Бу йил бошга экдинг биттагина оқ.
Толейи тўкислик — хоксор Онага,
Эрка ўғил бўлиб ўттизга кирмоқ.

Майли сочларимда кўпайсин оқлар,
Баҳорлар елкалаб йиқитай ғамни.
Менинг ҳам ҳовлимда гулласин боғлар,
Ҳажларга юборай кекса Отамни.

Кўрай фарзандларим бўю-бастини,
Менинг ҳам уйимга келсин меҳмонлар.
Мен ҳам тўйлар қилиб қизлар узатай,
Элнинг елкасига ташлай чопонлар.

Сезиб улгурмадим
Устоз тафтини,
Хор кунда синалди сабру саботлар.
Елкамда ҳис қилай
Дўстлар кафтини,
Мен ҳам набирамга қўяйин отлар.

Олиб кетаяпсан…
Унутолмайман.
Менга ўғил туҳфа этган баҳорни.
Сен яхши бор,
юз йил хуш қолай!
Аждодлар ёнига бормас зот борми?!

… Мен суврати ғариб, кўнгли подшоҳман.
Асил тахтим босиб турганим тўпроқ.
Ер остидан кўра, ернинг устида
Ҳали қиладиган ишларим кўпроқ.

Сен яхши бор…
Юз йил хуш қолай!!!

***

Куз…
Масковнинг хира тонгида
Ташвишлари ухлар бугуннинг.
Одамлармас, ойнинг нурида
Соялари уйғонар туннинг.

Ҳозиргина ортига қайтди,
Ортга қайтмас, бу ёшлик — нола.
Оқ саҳардан ойдин тунгача,
Йўлда хазон супурган бола.

Бунда менинг рангларим учди,
Чироқлари ўчмаган хонам!
Бу йўл Ҳаққа қадар соғинчдир,
Тандирларда нон ёпган Онам.

Яхшиямки қайтгум ёнига,
Йўл бошига тушмасидан қор.
Яктак тўшаб юрт майдонига,
Офтоб қучиб юрган Отам бор…

Табассумлар сохта, самимий,
Дўстим дея бағрига босди.
Мен совқотдин бормоғим қадар —
Жоним қадар совқотдим рости.

Пешонамга қандай кунларни,
Тақдир битар шеърим қатида.
Соғинч бўлди мунгли унларим
Оқ қайинлар мамлакатида.

Куз сарғайган, сўлган сен эмас,
Тўкилган мен,
тўнган мен асли.
Сен кўнгилда кўз очган унган,
Сарғаймаган соғинчлар фасли.

КЎЗИ ОЖИЗ ОДАМ

Одамлар гул ҳақида кўп гапирдир…
Мен уни ушлаб кўрдим.
Тиконли…
Ўзгача…
Ифорлидир У.

Одамлар қуёш ҳақида кўп гапирдилар…
Қуёш ҳам бутун борлиқ ғимирлар палла.

Одамлар тоғ ҳақида кўп гапирдилар…
Тоғ олис, осмонга туташ бўлган ер,
Эрк ҳақда куйламоқ мумкин баралла.

Одамлар ғам ҳақида кўп гапирдилар…
Англадимки қайғу менинг ўзимда,
У томчилаб турар икки кўзимдан…

Одамлар йўл ҳақида кўп гапирдилар…
Биламан бу йўллар туганмасдир ҳеч,
Мен учун иккита оёғимдир у…

Одамлар тун ҳақида кўп гапирдилар…
Мен ўзга рангларни англай олмадим,
Мен таниган рангнинг эгизаги у…

Одамлар юрт ҳақида кўп гапирдилар…
Менинг учун ватан таниш дарахтлар,
Ўлсам вужудимни асрагай мангу.

Одамлар эрк ҳақида кўп гапирдилар…
Менинг қўлларимга асо тутишган,
Эрким ҳам Аллоҳга боғланган туйғу…

Одамлар БАХТ ҳақида кўп гапирдилар…

У Гул бўлганида маҳкам тутардим,
Гар Қуёш бўлганда рангин кутардим,
У бир қўшиқ бўлса куйлаб ўтардим,
Магар Ватан бўлса ётардим мангу.

Бироқ, Бахтни менга кўрсатишмади,
Ёки Дунёсида камёбмикан У…

Одамлар Бахт ҳақида кўп гапирдилар.

ЙЎЛЛАР КЕТИБ БОРАР..

Йўллар ҳам барчага тенгдир, баробар…
Кимдир отда ўтар, кимдир пиёда.
Ҳаттоки йўллардан ўтиб борар Вақт,
Аммо бир бу йўллар ўтмас Дунёдан.

Бизларни чорлайди баъзан йироққа,
Қай мавҳум манзилда сарғайган илинж.
Баъзида йироқлар чорлар фироққа,
Ҳар йўлнинг сўнгида соғинч бор, Соғинч.

Йўллар кетаверар, асло қайтмайди,
Хотирга айланиб борар сўқмоқлар.
Бу йўллар кўксига қисматни ёзар —
Умрдан узилиб тушган япроқлар.

Кечиккан йиллармас, кечилган йиллар —
Бахтимиз сувратин кўрсатар бизга.
Гоҳ йўлнинг ярмида қолган одамлар,
Мунчоқ тақиб кетар кўзларимизга.

Ортда баҳор, бизнинг бормоғимиз қор,
Лаҳзалар сувратин жойлаб қароққа.
Тун билан кундузни оралаб бедор,
Йўллар
кетиб борар
Узоқ-узоққа…

* * *

Тўғри кетмоқ — нақадар оғир,
Ортингдан мултираб турса зорларинг
Ва буни ўзинг ҳам хоҳламай турсанг,
Ёшларинг тўкилиб кетишдан чўчиб,
Кўзларингни юммоқдан қўрқсанг.

Ортингда қолдириб кетсанг барини,
Мангу кўрмас бўлсанг сўнмас офтобни,
Ой, осмон, оқшомнинг сирғаларини
Ва асрий кенгликлар кийган кинхобни.

Сенсиз ҳам бут бўлса дунёнинг нони,
Шамоллари кўмиб кетса изларинг.
Беомон чўплардан асраб юрганинг,
Парча сувратларда қолса кўзларинг.

Бу кетиш ўзингга боғлиқ бўлмаса,
Сени чорлаб турса ернинг осмони.
Сезсанг булутлардек тарқашин бир кун,
Муаззам тоғларнинг пар устихони.

Бир пок ошёнлардан топсанг йўлингни,
Ғамни куйлаб ўтсанг ҳур қўшиқдайин.
Вақтнинг чўнтагидан тушсанг чақадай,
Унутилиб кетсан эски тушдайин.

Ерни Аллоҳ томон остона билсанг,
Гардларини кўзга сурсанг фанонинг.
Сендек бир ошиқни бериб қўйган кун,
Қўллари ҳувиллаб қолса,
Дунёнинг.

Руҳинг юксак нурга кетса қоришиб,
Ҳаёт тутиб турса абад, қўлингни.
Ўлмас муҳаббатни топмоққа кетсанг,
Қучиб ётмоққамас мангу ўлимни.

ТОНГГА ЯҚИН
.
Ой тун бўйи май қуйиб тутди,
Борлиқ ютди алвон қадаҳни.
Маст ел шохин силкитиб ўтди,
Олмаларин отди дарахтни.
.
Бир зум тиниб қолди сўқмоқлар,
Бир сукунат — чексиз ва тенгсиз.
Июннинг оқ, ойдин тунида
Ёз сайр этар…
Ялангбош…
Енгсиз…

Ўз қонига ботди бир сопол —
Ой бўлмади ярқироқ тошлар.
Ҳар заррани уйғотди шамол,
Фақат тоғлар ётди ёнбошлаб.

Фақат тоғлар уйғонмай ётди…

033

Samariddin Sayyidzod
SHE’RLAR
045

Samariddin Sayyidzod (Shukrullaev) 1986 yilning 20 iyulida Qashqadaryo viloyati, Chiroqchi tumanida tug’ilgan. 2009- yilda o’tkazilgan «Kelajak ovozi» respublika iqtidorli yoshlar tanlovining «Adabiyot va jurnalistika» yo’nalishida g’olib bo’lgan. She’rlari turk, ozarbayjon va qozoq kabi qardosh tillarga tarjima qilinib, adabiy jurnallarda chop etilgan.

045

SINGLIMGA
045
Uch yil bo’ldi…
Uch yil!
Uchinchi qavat.
Bormadim,
Sog’inching sig’mas Dunyoga.
Toshkentning tog’lari osmonga payvand,
Termulib qaraysan Qashqadaryoga.

Eshitganim bordir katta shoirlar,
Qishloqda tug’ilib poytaxtda o’lar.
Mening, yengim bilan yuzimni to’sib,
Shotutga suyanib, yig’lagim kelar.

Kenja bolasiydik, keksa otamning
Ikki tizzasini talashgan bir vaqt.
Seni olib qoldi, katta shoirlar
Orasiga meni qo’shmagan, poytaxt.

Men onamga tirgak… Unda sen borsan —
Toshkent — mening uchun tong otgan taraf.
She’r izlab qishloqning ko’chalaridan,
O’ttiz yil tonglarni yurdim orqalab.

Va senga yubordim, mehrimni qo’shib,
Bog’larning olxo’ri, oftoblarini.
Sen esa, U. Azim, Dantega qo’shib,
Ustoz Rauf Parfi kitoblarini.

Bolangni o’pib qo’y! Ozurda yurak,
Sen borsan akangni g’amlar yiqmaydi.
Unutma, hali ko’p yashashing kerak —
Singlisi yo’qlardan shoir chiqmaydi!

MEN, SEN VA U

Men aftoda va unutilgan,
oydin tunda oqayotgan soy.
U… umrimga aksini joylab,
ko’kda oqib borayotgan Oy.

Shom pichog’i ufq bo’ynida,
men qirlarda lov-lov yongan qor.
U… dunyoning tushiga kirmas,
qor qo’ynida ungan lolazor.

Sen daraxtning baland shoxidan,
to’kilmayin qolgan bir yaproq.
Men so’qmoqman yastanib yotgan,
ikki o’lim — shu bir ko’rishmoq.

Men dunyoning qovurg’asiga,
yozilmayin qolgan g’amgin she’r —
tug’ilmagan farzandlarimni
olib borib faqat Unga ber!

… Bu bog’larda ishq olmasi bor,
sen Havvosan, men Odam Ato…
U… barhaqdir umri tuganmas,
U…- bitta Ishq,
U…- ikki Dunyo.

***

Derazamni qoqdi tun bo’yi shamol,
Goho tomga urdi qari tut shoxin.
Sukunatga hurib tinmadi itlar…
Sayxonda adashgan kimning arvohi?!

Kuz ekan!
Oydin kuz, tong chog’i bildim,
Ayvonimga kelmish bargi xazonliq.
Ming yil kurash tushdim —
Ming yil yengildim.
Yolg’iz yuragimday yaproqlar qonliq.

Kuz!
Butkul yoshlikni kuzatdik birga,
Bu yil boshga ekding bittagina oq.
Toleyi to’kislik — xoksor Onaga,
Erka o’g’il bo’lib o’ttizga kirmoq.

Mayli sochlarimda ko’paysin oqlar,
Bahorlar yelkalab yiqitay g’amni.
Mening ham hovlimda gullasin bog’lar,
Hajlarga yuboray keksa Otamni.

Ko’ray farzandlarim bo’yu-bastini,
Mening ham uyimga kelsin mehmonlar.
Men ham to’ylar qilib qizlar uzatay,
Elning yelkasiga tashlay choponlar.

Sezib ulgurmadim
Ustoz taftini,
Xor kunda sinaldi sabru sabotlar.
Yelkamda his qilay
Do’stlar kaftini,
Men ham nabiramga qo’yayin otlar.

Olib ketayapsan…
Unutolmayman.
Menga o’g’il tuhfa etgan bahorni.
Sen yaxshi bor,
yuz yil xush qolay!
Ajdodlar yoniga bormas zot bormi?!

… Men suvrati g’arib, ko’ngli podshohman.
Asil taxtim bosib turganim to’proq.
Yer ostidan ko’ra, yerning ustida
Hali qiladigan ishlarim ko’proq.

Sen yaxshi bor…
Yuz yil xush qolay!!!

***

Kuz…
Maskovning xira tongida
Tashvishlari uxlar bugunning.
Odamlarmas, oyning nurida
Soyalari uyg’onar tunning.

Hozirgina ortiga qaytdi,
Ortga qaytmas, bu yoshlik — nola.
Oq sahardan oydin tungacha,
Yo’lda xazon supurgan bola.

Bunda mening ranglarim uchdi,
Chiroqlari o’chmagan xonam!
Bu yo’l Haqqa qadar sog’inchdir,
Tandirlarda non yopgan Onam.

Yaxshiyamki qaytgum yoniga,
Yo’l boshiga tushmasidan qor.
Yaktak to’shab yurt maydoniga,
Oftob quchib yurgan Otam bor…

Tabassumlar soxta, samimiy,
Do’stim deya bag’riga bosdi.
Men sovqotdin bormog’im qadar —
Jonim qadar sovqotdim rosti.

Peshonamga qanday kunlarni,
Taqdir bitar she’rim qatida.
Sog’inch bo’ldi mungli unlarim
Oq qayinlar mamlakatida.

Kuz sarg’aygan, so’lgan sen emas,
To’kilgan men,
to’ngan men asli.
Sen ko’ngilda ko’z ochgan ungan,
Sarg’aymagan sog’inchlar fasli.

KO’ZI OJIZ ODAM

Odamlar gul haqida ko’p gapirdir…
Men uni ushlab ko’rdim.
Tikonli…
O’zgacha…
Iforlidir U.

Odamlar quyosh haqida ko’p gapirdilar…
Quyosh ham butun borliq g’imirlar palla.

Odamlar tog’ haqida ko’p gapirdilar…
Tog’ olis, osmonga tutash bo’lgan yer,
Erk haqda kuylamoq mumkin baralla.

Odamlar g’am haqida ko’p gapirdilar…
Angladimki qayg’u mening o’zimda,
U tomchilab turar ikki ko’zimdan…

Odamlar yo’l haqida ko’p gapirdilar…
Bilaman bu yo’llar tuganmasdir hech,
Men uchun ikkita oyog’imdir u…

Odamlar tun haqida ko’p gapirdilar…
Men o’zga ranglarni anglay olmadim,
Men tanigan rangning egizagi u…

Odamlar yurt haqida ko’p gapirdilar…
Mening uchun vatan tanish daraxtlar,
O’lsam vujudimni asragay mangu.

Odamlar erk haqida ko’p gapirdilar…
Mening qo’llarimga aso tutishgan,
Erkim ham Allohga bog’langan tuyg’u…

Odamlar BAXT haqida ko’p gapirdilar…

U Gul bo’lganida mahkam tutardim,
Gar Quyosh bo’lganda rangin kutardim,
U bir qo’shiq bo’lsa kuylab o’tardim,
Magar Vatan bo’lsa yotardim mangu.

Biroq, Baxtni menga ko’rsatishmadi,
Yoki Dunyosida kamyobmikan U…

Odamlar Baxt haqida ko’p gapirdilar.

YO’LLAR KETIB BORAR..

Yo’llar ham barchaga tengdir, barobar…
Kimdir otda o’tar, kimdir piyoda.
Hattoki yo’llardan o’tib borar Vaqt,
Ammo bir bu yo’llar o’tmas Dunyodan.

Bizlarni chorlaydi ba’zan yiroqqa,
Qay mavhum manzilda sarg’aygan ilinj.
Ba’zida yiroqlar chorlar firoqqa,
Har yo’lning so’ngida sog’inch bor, Sog’inch.

Yo’llar ketaverar, aslo qaytmaydi,
Xotirga aylanib borar so’qmoqlar.
Bu yo’llar ko’ksiga qismatni yozar —
Umrdan uzilib tushgan yaproqlar.

Kechikkan yillarmas, kechilgan yillar —
Baxtimiz suvratin ko’rsatar bizga.
Goh yo’lning yarmida qolgan odamlar,
Munchoq taqib ketar ko’zlarimizga.

Ortda bahor, bizning bormog’imiz qor,
Lahzalar suvratin joylab qaroqqa.
Tun bilan kunduzni oralab bedor,
Yo’llar
ketib borar
Uzoq-uzoqqa…

* * *

To’g’ri ketmoq — naqadar og’ir,
Ortingdan multirab tursa zorlaring
Va buni o’zing ham xohlamay tursang,
Yoshlaring to’kilib ketishdan cho’chib,
Ko’zlaringni yummoqdan qo’rqsang.

Ortingda qoldirib ketsang barini,
Mangu ko’rmas bo’lsang so’nmas oftobni,
Oy, osmon, oqshomning sirg’alarini
Va asriy kengliklar kiygan kinxobni.

Sensiz ham but bo’lsa dunyoning noni,
Shamollari ko’mib ketsa izlaring.
Beomon cho’plardan asrab yurganing,
Parcha suvratlarda qolsa ko’zlaring.

Bu ketish o’zingga bog’liq bo’lmasa,
Seni chorlab tursa yerning osmoni.
Sezsang bulutlardek tarqashin bir kun,
Muazzam tog’larning par ustixoni.

Bir pok oshyonlardan topsang yo’lingni,
G’amni kuylab o’tsang hur qo’shiqdayin.
Vaqtning cho’ntagidan tushsang chaqaday,
Unutilib ketsan eski tushdayin.

Yerni Alloh tomon ostona bilsang,
Gardlarini ko’zga sursang fanoning.
Sendek bir oshiqni berib qo’ygan kun,
Qo’llari huvillab qolsa,
Dunyoning.

Ruhing yuksak nurga ketsa qorishib,
Hayot tutib tursa abad, qo’lingni.
O’lmas muhabbatni topmoqqa ketsang,
Quchib yotmoqqamas mangu o’limni.

TONGGA YAQIN
.
Oy tun bo’yi may quyib tutdi,
Borliq yutdi alvon qadahni.
Mast yel shoxin silkitib o’tdi,
Olmalarin otdi daraxtni.
.
Bir zum tinib qoldi so’qmoqlar,
Bir sukunat — cheksiz va tengsiz.
Iyunning oq, oydin tunida
Yoz sayr etar…
Yalangbosh…
Yengsiz…

O’z qoniga botdi bir sopol —
Oy bo’lmadi yarqiroq toshlar.
Har zarrani uyg’otdi shamol,
Faqat tog’lar yotdi yonboshlab.

Faqat tog’lar uyg’onmay yotdi…

033

(Tashriflar: umumiy 333, bugungi 1)

2 izoh

  1. Samariddin Sayyidzod she’rlari o’ziga xos, samimiy va tirik satrlar. Ichida yolg’oni yo’q… Ko’kdan ko’ngilga qo’yilgan ilohiy qo’shiqqa o’xshaydi. Olis vohaning, olis tumanida yashab, shunday she’r yozmoqqa faqat istedodning o’zi kamlik qiladi. Bu she’riyatning maktabimas, matlabi borligidan dalolat. Shoirga ko’z tegmasin.

  2. Факат тоглар уйгонмай ётди. Тогларни уйготинг Самариддин! Сиз бир шамол булиб уйготинг тогни!

Izoh qoldiring